"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)
(давоми-1)

II - Боб. 
 Тошкент Давлат Аграр Унивеситетида

2.1. Агрохимия кафедраси профессори

          Таниқли журналист Рўзимбой Хасаннинг тавсияси билан иш излаб 2002 йил июль ойида оиламиз билан Тошкентга кўчиб келдик ва унинг курсдош дўсти, таниқли ёзувчи Набижон Боқийга учрашдим. Уни ёзувчилар боғидаги дала ҳовлисидан топдим. У мени дарров таниди. Чунки у менинг ижод ва фаолиятим тўғрисида 1995 йилда "Оила ва жамият” газетасида каттагина (суратим билан) мақола эълон қилган эди.

Сурат- 4 . Проф. А.Хоразмий ва С.Кожахметов ТошДАУ олдида. 

         Набижон Боқий менинг кейинги тағдирим ҳақида ҳам (Рўзимбой орқали) анча хабардор экан. Иш масаласида менга ёрдам қилишини, нафақат ўзи, ҳатто катта-катта ёзувчи-ижодкорларни ҳам ишга солишини айтиб кўнглимни анча кўтарди. Бир ҳафта ҳам ўтмай мени "Тафаккур” журналининг бош муҳаррири, Олий Мажлис депутати, таниқли адиб Эркин Аъзам таклиф қилди. У мен билан самимий сухбатлашиб дўсти, Тошкент Давлат Аграр Университети ректори Хасан Бўриевга телефон қилиб мени ишга олишини таклиф қилди. 
         Июль ойининг ўрталарига келиб мени ректор суҳбатга таклиф қилди. Мен Хоразм ёшуллилари билан чиқишмай қолишим сабаблари, президентга қилган мурожатларим ва унинг натижалари ҳақидаги тафсилотларни ҳеч яширмасдан барисини айтиб бердим. У диққат билан қулоқ солиб: ”Ҳа, анча қалтис нарсалар ҳам ўтган экан, сиз бир ҳафтадан кейин келинг, мен юқоридагилар билан (Х.Бўриев аввал Президент девонида ишлаган) маслаҳатлашиб кўраман ва қароримни айтаман”, деди. 

Сурат- 5 . Проф А.Хоразмий раҳбарлигидаги  дала тажрибасида. ТошДАУ, 2003

           Мен бир ҳафтадан кейин ректорнинг олдига кирдим. У мен борада ҳамма нарсани ўрганганини айтиб, мени университетга ишга олишини айтди. Мен агрокимё, тупроқшунослик, айниқса деҳқончилик мутахасисликлари бўйича талабаларга турли хил олийгохларда қатор йиллар дарс ўтганимни айтдим. Ректор бўлса агрохимия кафедраси мудири Б.Мусаев профессор эмаслиги, раҳбар сифатида ҳам жуда бўш ва уқувсиз эканлиги, шу боис кафедранинг иши яхши эмаслигини айтиб мени шу кафедрага мудир қилмоқчилигини айтди. 
           Мен ректорнинг бу таклифини, бирнчидан мен кўп йиллар турли хил мансабларда раҳбар бўлиб ишлайвериб, раҳбарликдан анча чарчаганимни, иккинчидан жамоа билан мутлоқа таниш эмаслигимни айтиб, ҳеч бўлмаса 1-2 йил шароит ва ходимлар билан танишгунча бу маъсулятни қабул қилаолмаслигимни айтдим. Ректор мени тушинди ва агрохимия кафедрасида профессор бўлиб ишлаб туришимга рози бўлди ва мени қабул қилиш бўйича кадрлар бўлимига кўрсатма берди.
           Кафедрага мудирлик қилаётган доцент Ботир Мусаев билан таниш эмасдик. Кадрлар бўлими бошлиғи унга телефон қилиб уни кафедрага профессор ишга келаётгани, энди агрохимия кафедрасига ҳам магистрлар олиш имкони туғилгани билан қутлади. Мусаев унга кафедрада ўрин йўқлигини айтиб мени бошқа кафедрага ўтказишни таклиф қилди. Кадрлар бўлими бошлиғи Ш.Юсупов қатъий оҳангда: "Хоразмий агрохимия кафедрасида профессор бўлиб ишлайди, ректорнинг буйруғи шу!”, деб гапни кесди.
           Кафедрада жамоа билан ишлаш жараёнида кафедра аъзоларининг кўплари ўзига хос оғир характерга эга бўлиб ташқаридан қараганда жуда иноқ бўлиб кўринишсада, яқиндан қаралса унинг акси эканлиги билиниб турарди. Профессор Пирахуновдан кейин бу кафедрага профессор Х.Махсудов, Л.Ғофуровалар ҳам мудир бўлишган ва улар бу жамоадан зўрға қочиб қутилишган экан. Шу боис бўлса керак бу кафедрага раҳбарликни қабул қилмай тўғри қилганимга ич-ичимдан қувонардим.
         Бу ергача турли хил жамоаларда ишлаб тажриба ортдирганимданми, улар билан тез чиқишиб кетиш мен учун қийин бўлмади. Мен асосан магистрларга дарс ўтардим, уларнинг диссертацияларига раҳбарлик қилиш ишлари билан шуғулланардим. Мен ўтаётган дарсларнинг ҳаммаси янги фанлар бўлиб, кеча-кундуз тинмай улар учун намунавий дастурлар, маъруза матнлари, ўқув қўлланмалар ёзиш ва далада тажрибалар ўтказишга тўғри келди (Сурат- 5). Шу боис бу ерда ишлаган 2 йилдан ортиғроқ вақт мабойнида отпуска (дам олиш) нима эканлигини билмай, кунига 12-14 соат ишлашга тўғри келган. Натижада фақат шу (2 йил) даврда 10 дан ортиқ илмий мақола, 2 та ўқув, 3 та ўқув-услубий қўлланма ва қатор янги намунавий дастурлар ёздим.
            Мақтанган бўлмасин-у, қисқа вақт ичида талабаларнинг (айниқса магистрларнинг) севимли ва ҳурматли домлаларидан бўлишга эришдим. Магистрлар диссертацияларига менинг раҳбар бўлишим учун навбатда ҳам туршган. Шундай магистрлардан бири бўлган Тохир Тошхўжаев агрохимия мутахасислиги бўйича аспирантурага кирган пайтида мени илмий раҳбар қилиш учун университет ректорини ўртага қўйгани ҳам бор гап. 
           Университет раҳбарларидан айримларининг менинг аттестация билан боғлиқ мураккаб аҳволдалигим учун бошқа одамни раҳбарликка танлаш лозимлигини айтишганда унинг (аспирантнинг) ҳар қандай ҳолатда фақат менинг раҳбарлигимда илм қилажагини айтганида айрим одамлар менга бир оз ҳасад ҳам қилишгани сир эмас.   

Сурат-6 . Проф А.Хоразмий бакалаврларга маъруза ўқимоқда. ТошДАУ, 2003

          Ўрни келганда шуни ҳам айтиш керакки, бундан 2 йил олдин (2002 йилда) Тохир ўқиётган магистрлар группасига дарс ўтганимда бир қанча вақт Тохир мен билан ҳадиксираб муомула қилиб юрди. Бирнеча ҳафта ўтганидан кейин ҳадиксирашга эҳтиёж йўқлигига ишонч ҳосил қилди шекилли, менга яқин келабошлади, ҳатто онда-сонда ҳазиллашишга ҳам журъат қиларди. Ва у бир кун: "Домла, президент танқид қилинган қизил китобингизни бир ўқиб кўрайлик”, деб қолди. Мен ҳайрон қолдим ва бу ҳақда сен қаердан биласан, деб сўрадим.
           Тохир адасининг Президент маҳкамасида давлат маслаҳатчиси Хайритдин Султоновнинг муовини бўлиб ишлашини, адаси ўғлидан мен (уни ўқитаётган домла) тўғримда эшитганида: "Хоразмий қизил китобида оқсоқол(президент)ни обориб-обкеган”, деб мендан эҳтиёт бўлишни тайинлаган экан. Бундан икки йил олдин мени хафли ҳисоблаган президент маҳкамасининг маъсул ходими Ахмадхўжа Тошхўжаевнинг шахсан ўзи менинг олдимга келиб, ўғли Тохирга менинг нафақат илмий раҳбар, ўғлининг маънавий отаси ҳам бўлишимни ўтиниб илтимос қилганлиги ҳам бўлган гап.

2.2. Тупроқ экологияси учун

             Агрохимикатларнинг тупроқ экологияси ва унумдорлигига салбий таъсири борасидаги кўп йиллик тадқиқотларим асосида оммавий ахборот воситалари (газета, журнал, китоб, радио, телевидения) орқали йиллаб чиқишларим самара бермади. Бу борадаги ҳозирги бир йиллик кечикиш келажакдаги ўн йиллик йўқотишга сабаб бўлишини билганим мени бу борада дадил ва кескин ҳаракатлар қилишга ундарди.
            2003 йил февраль ойида мамлакат президентига бу борада хат (таклиф) таёрладим. Уни аввал агрохимия кафедрасида Б.Мусаев, С.Кожахметов, Б.Ражабовлар иштирогида муҳокама қилдик. Булар асосан аудитория агрохимиклари бўлганликлари учун бўлса керак, кўтарилган муаммонинг моҳиятига ҳам тушинмадилар.
            Проф. Л.Ғофурова буни танловда қатнашадиган проектлар орқали ҳал қилишни таклиф қилди. Проф. Б.Зарипов бўлса бунга ўхшаган долзарб муаммоларга президент маҳкамасидагилар эътибор билдиришларига шубҳа билдирди ва шундай бўлсада бир ҳаракат қилиб кўрш кераклигини маслаҳат берди. 

Сурат-  7. Проф А.Хоразмий магистрлар билан. ТошДАУ, 2004

             Бу хатни Университет ректори Х.Бўриев ва менинг имзоим билан таёрлаб Бўриевга киритдим. Ректор унга: "Ҳожати йўқ. 17.02.2003” деб имзо қўйибди ва ёрдамчисига: "Бундай хатлардан тийилгани маъқул. Чунки бундай хат(таклиф)ларнинг  нафақат муаллифларга ҳатто университетга ҳам  зарари тегиши мумкин. Буни Хоразмийга секин айтиб қўйгин”, дебди.
            Мен бу хатни Х.Бўриев бошқа ишга ўтганидан кейин, ўз номимдан президентга юбордим ва у қуйида айнан келтрилади.

Ўзбекистон Республикаси президенти академик И.А.Каримовга мурожат

              Ҳалқнинг фаравонлиги аввало мўл-кўл ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг етиштирлиши билан боғлиқ. Бундай маҳсулотларнинг асосий қисми ер(тупроқ)да ўсадиган ўсимликлардан олинади. Маълумки, ер юзининг кўпчилик мамлакатларидаги каби бизда ҳам экинлардан олинадиган ҳосилнинг асосий қисми кимёвий моддалар – минераль (кимёвий) ўғитлар ва пестицидлар қўллаш эвазига олинади.
             Бу кимёвий моддаларнинг  тирик организм ва биосфера экологияси учун ниҳоятда хафли эканлигини билсакда режа ва ҳосилдорлик асосий шиор бўлганлиги учун уларни олимлар тавсия қилган меъёрларга нисбатан ҳам бирнеча баравар кўп ишлатилгани кўпчилик қишлоқ аҳлига маълум. Натижада бу агрохимикатлар айниқса кўп ишлатилган (Хоразм воҳаси каби) минтақалар аҳолиси саломатлигининг ёмонлаша боргани ҳеч ким учун сир эмас.
            Кейинги йилларда бу жараёнда айрим ижобий ўзгаришлар бўлаяпти. Пестицидлар қўллаш анча камайди, ўсимлик зараркурандаларига қарши курашнинг нокимёвий (биологик) усулларига эътибор ошаяпти.
         Афсуски, тупроқ экологиясини бузаётган асосий кимёвий модда – минераль (кимёвий) ўғитлар тўғрисида бундай ижобий фикрни айтиб бўлмайди. Аксинча, деҳқонларимизнинг қишлоқ хўжалигига берилаётган минераль ўғитларнинг миқдорини янада оширишни таклиф қилишаётгани сир эмас.
        Бунинг сабаби бор албатта: Олинаётган ҳосилнинг (ва шунингдек даромаднинг ҳам) ярмидан кўпроғи айнан шу кимёвий (минераль) ўғитларни қўллаш эвазига олинаяпти. Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми шу кимёвий ўғитларни қўллашдан олинаётган ҳосил ҳисобига боқилаяпти. Она заминимиз (тупроқ) экологиясини бузаётган "минераль ўғит” деб аталмиш бу кимёвий моддаларни чеклаш у ёқда турсин, уларнинг миқдорини камайтириш имконияти  йўқлигининг сабаби ҳам шунда.
        Узоқ йиллар кимёвий ўғитлар қўлланилган тупроқларда берилаётган ўғитларнинг агрономик ва иқтисодий самараси йилдан-йилга камайиб бораётгани кузатлмоқда. Айниқса, кўп йиллар жуда юқори меъёрларда минераль ўғит солинган тупроқларда озроқ дозада берилган ўғитларнинг самара бермаётгани, деҳқонлар тили билан айтганда тупроқнинг "Банги” бўлиб қолганлигининг сабаби ҳам шу тупроқлар экологиясининг оғирлашганида. Ўғитлар самарасини ошириш учун қатор агротехник тадбирлар қўлланилаётган бўлсада бу муаммонинг кескинлиги камаймаяпти.
         Бу борада биз кўп йиллар тадқиқотлар олиб борганмиз ва улар асосида радио, телевидения, газета ва журналларда тегишли фикр ва таклифларимизни айтганмиз. Бироқ улар шундайлигича қолиб кетаяпти.
         Бу борада бизнинг фикрларимиз ва таклифларимиз аниқ: 
-Авваламбор биосфера экологиясини бузувчи ҳар қандай кимёвий моддалардан кечишни асосий мақсад деб билмоқ керак.
-Қишлоқ хўжалигида ҳукм сураётган "Юқори ҳосилдорлик ва режа учун!” шиоридан воз кечиб "Юқори иқтисодий ва экологик самара учун!” шиорига ўтиш лозим. Агрокимё фанидаги "Инсониятнинг буюк кашфиёти”, деб тан олинган кимёвий ўғитлардан холос бўлишни "Инсониятнинг буюк мақсади”га айлантириш керак.
          Бунинг учун олим ва мутахасисларимиз қишлоқ хўжалик ўсимликлари ҳосилини ошириш ва улар сифатини яхшилашнинг экологик хафсиз (нокимёвий) усулларини ишлаб чиқиш учун зудлик билан кенг кўламда тадқиқотлар бошламоқлари керак. 
         Ваҳоланки, мўътабар манбаларда мамлакат фуқоралари фаравонлиги учун шу юртнинг рахбари ва олимлари маъсул эканликлари бежиз таъкидланмаган.

Эҳтиром билан агрохимик-тупроқшунос,
 қишлоқ хўжалик фанлари доктори, 
 Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий 
мукофотларининг лауреати, профессор
Ахмад ҳожи Хоразмий.
8.01.2005 (Имзо).

         Шунингдек бу мурожат интернетнинг http\\www.CentrAsia.org сайтида 13.01.05 да рус тилида "Доктор Хоразмий пишет (обрашается) академику И.Каримову. Как накормить народ экологически чистими продуктами” сарлавҳаси билан эълон қилинди. 
         Шу сайтда интернет ўқувчиларидан: "Каримовга ҳалқнинг ахволини яхшилаш борасида эмас, чўнтагини валютага тўлдириш тўғрисида малаҳат берсанг кўпроқ ёқарди”, каби кўплаган муносабатлар ҳам билдирилган.
          Президентга юборган юқоридаги хатимни улар ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий ишлаб чиқариш марказига юборишибди. Марказ бош директори ўринбосари М.Тошболтаев менинг хатим бўйича тутуруқсиз гаплар билан жавоб ёзган. Мен ундан мутлоқа қониқмадим ва президентга айни муаммо бўйича қайта мурожат қилишга жазм қилдим, у қуйида айнан келтирилади.

Ўзбекистон Республикаси президенти, академик И.Каримовга
такрорий мурожат

          Мен Сизга  8.01.2005 да кимёвий ўғитларнинг тупроқ экологиясига ва унумдорлигига салбий таъсири ва уни бартараф қилиш учун тадқиқот ишларини бошлаш борасида таклиф (унинг нусхаси илова қилинади), билан мурожат қилган эдим.
         Бу мурожатимга жавоб тариқасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий ишлаб чиқариш маркази бош директорининг биринчи ўринбосари М.Тошболтаевнинг имзоси билан хат олдим (унинг нусхаси илова қилинади). Унда менинг тўғри фикр билдирганим, бу борада Президентимиз ҳам тегишли фикр билдирган,деб қайд қилинади. 
         Мен: "Лекин эндиги эътибор экинлар ҳосилини оширувчи бошқа (нокимёвий) факторлар самарадорлигини ошришга қаратилмоғи керак”, деганимда фақат алмашлаб экиш, ўғитлар самарадорлигини ошириш каби бирнеча юз йиллардан буён қўлланилаётган агротехник тадбирлар кўзда тутилмаган эди. Асосий мақсад аввалги хатимда ва юқорида баён қилинган бўлиб бу борада бир оғиз сўз ҳам айтилмаган.
             Бунинг сабаби, биринчидан М.Тошболтаевнинг мен кўтараётган муаммо борасида малакасиз (у инженер-механик) эканлиги бўлса, иккинчидан унинг бошқа бировлар томонидан таёрланган ҳар қандай материалга, унинг маъсулятини писанд ҳам қилмай имзо қўйиб юборишидир. Унинг бундай маъсулятсиз одатидан 2002 йилдан ҳатто ҳозиргача ҳам менинг кўп азият чекаётганимни кўплар қатори у ҳам яхши билади.
            Агрохимикатлар қўллаш натжасида тупроқ (биосфера) экологиясининг бузилиши жараёнига қарши кураш фикримизча икки йўналишда олиб борилмоғи лозим:
1. Кимёвий моддаларнинг тупроққа солиниши (тушиши)га чек қўйиш.
2. Агрохимикатлар таъсирида экологик жиҳатдан бузилган тупроқларнинг экологиясини яхшилаш орқали унунг унумдорлигини тиклаш.
         Албатта, ҳозирча кимёвий моддаларнинг тупроққа солинишини тўла чеклаш имконияти йўқ. Бунинг сабаби эса менинг аввалги хатимда баён қилинган. Лекин кимёвий ўғитлар бир қисмининг тупроққа солинишини чеклаш имкони борлиги бизнинг тадқиқотларимизда исботланган. Ва бу тадқиқот(тавсия)ларимиз "Ғўза экилган тупроқларни ўғитлаш услуби” номи билан ихтиро (№IDP 04369) сифатида тан олинган. Бундай тадқиқотларни  асосий экинлар билан барча тупроқ-иқлим шароитларда давом қилдриш лозим.
           Лекин бу катта муаммонинг асосий (иккинчи) томони агрохимикатлар таъсирида экологик жиҳатдан бузилган  тупроқларнинг  унумдорлигини тиклаш бўлиб, бу илмий, услубий ва ташкилий жиҳатдан мураккаб масаладир. Уни ҳал қилишнинг биринчи босқичида тупроқнинг табий экологик ҳолатини бузган кимёвий моддаларнинг сифат ва миқдорини аниқлаш ва бу моддаларни йўқотиш усулларини ишлаб чиқиш зарур. Иккинчи босқичда эса ишлаб чиқилган усуллар ёрдамида тупроқнинг табий- экологик  (унумдорлик) ҳолатини тиклаш йўллари яратилмоги лозим. 
          М.Тошболтаев ўз хатида: Кўтарилган мавзу (муаммо)нинг муҳим(долзарб) эканлигини қайд қилиб, уни ечиш учун Республика Фан ва Технологиялар маркази томонидан эълон қилинадиган танловларда ўз лойиҳаларимиз билан қатнашиб, бу борада тадқиқот олиб боришимизни таклиф қилган.
          Биринчидан бу кўтарилаётган муаммо Давлат аҳамиятига эга, шу боис уни Ҳукумат қарори асосида ечмоқ керак. Иккинчидан биз қатор йиллар давомида бундай танловларни ўтказувчи "Узагроилмдунё” ва Фан ва технологиялар маркази танловларида бу муаммонинг ечими учун ўз лойиҳамиз билан қатнашдик албатта. Лекин бу ташкилотлар танловида ғолиб бўлиш учун муаммонинг долзарблиги асосий роль ўйнамаслиги, уларга "йўл” топабилиш лозимлиги ҳеч ким учун сир эмас.
         Мухтарам Ислом Абдуғаниевич, Орол тўғрисидаги олимларнинг фикрига беписанд қараган Коммунистик партия раҳбарларининг айби билан ҳаммамизнинг кўз олдимизда оролимиз йўқолиш арафасига келиб қолди. Бирнеча ўн йиллардан кейин агрохимикатлар таъсирида тупрғимизни ҳам бой беришимиз ҳеч гап эмаслигни тадқиқотларимиз кўрсатмоқда. Шу боис биз кўтараётган бу муаммо нафақат илмий ва шунингдек Давлат аҳамиятига ҳам молик деб тушунамиз. 
             Давлат раҳбари (Президент) ва йирик олим (академик) сифатида айнан Сизга мурожат қилаётганимизнинг боиси ҳам шунда.

Эҳтиром билан тупроқшунос-агрохимик,
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
профессор Ахмад ҳожи Хоразмий.

Бу мурожат интернетнинг http\\www.CentrAsia.org сайтида 23.02.05 да рус тилида "Почву Узбекистана ожидает судьбу Аралского моря! Откритие писмо профессора А.Хоразмий академику И.Каримову” сарлавҳаси остида эълон қилинди. 
Шу сайт интернет ўқувчилари томонидан: "Агар Тошболтаев чаласавод инженер-механик бўлса, бутун бошли мамлакатни расво қилган "иқтисодчи” Каримов бориб турган тўнка!!!” каби кўплаган муносабатлар билдирилган. 
Бу мурожатимизга бирнеча ойлар ўтган бўлсада Ҳукумат томонидан ҳеч қандай жавоб ёки муносабат бўлмагач "Прекрататить загрязнение экологии биосферы Агрохимикатами” (Биосфера экологиясини агрохимикатлар билан булгашга чек қўйилсин!) хамда "Дедушка Президент! Оставтье нам не разрушенная и не заргрезнённая земля!” (Президент бобо! Бизга бузилмаган ва булғанмаган замин қолдиринг) деб ёзилган плакатлар билан оилавий пикет қилдик (Сурат- 8).

Сурат-  8. Хоразмийлар пикетда, 

Шунингдек "Мухтарам президент. Она заминимизни ҳалоқатдан асраб қолайлик!” каби плакатлар билан аграр соханинг таниқли олимлари билан ҳам пикет ташкил қилдик (Сурат- 9).
Бу саъий ҳаракатларимизга ҳукумат томондан пўписадан иборат норасмий муносабат дарров бўлди: Ҳукумат вакиллари (2 киши) кечаси уйга келиб: "Яна плакат кўтариб пикетга чиқсангизлар ҳаммангизни қамаб қўямиз”, деб огохлантиришди.
        Шундан кейин интернет сайтларида (http\\www.Erkinyurt.org 25.03.2005) "Сиёсатнинг эмас, Ҳақ ва ҳалқнинг олими бўлайлик!” ва (http\\www.CentrAsia.org 30.03.2005) "Будим служить истине и народу, а не политике!” деган мавзуда  олимларга очиқ мурожат билан чиқдик ва бу мурожат айнан келтирилади:

Олимларга очиқ мурожат

Сиёсатнинг эмас, Ҳақ ва ҳалқнинг олими бўлайлик!

           Мўътабар китобларда мамлакат фуқораларининг тағдирига Давлат раҳбари ва олимлар маъсулдирлар, деб таъкидланган. Ҳалқ хўжалиги барча соҳаларининг йўналиши ва сиёсати кўп жиҳатдан тегишли соҳадаги олимларнинг иймони ва салоҳиятига боғлиқ. Ҳақиқий олим ва илм Ҳақ ва ҳалққа хизмат қилиши керак, сиёсатга эмас.
           Академик А.Сахаров ҳам: "Илм ҳалққа хизмат қилади, коммунизм сиёсатига эмас!”, дея олган ўз даврида. Ва бунинг учун кўп йиллар давр сиёсатидан азият чекди, орқага қайтмади ва тўғри қилганлигини ҳаёт тасдиқлади.
          Бизнинг назаримизда, айниқса Ўзбекистонда олимларни қуйидаги 3 хил тоифага ажратиш мумкин:
1. Ўз тадқиқотлари асосида қатъий фикрига ва илмий салоҳиятга эга бўлган ҳақиқий олимлар.
2. Тадқиқот натижаларини ва фикрини сиёсат кўрсатмалари асосида шакллантирувчи лаганбардор олимлар.
3. Илмий салоҳиятга эга бўлмаган олимсифатлар.
          Ҳамма замонларда ҳам биринчи тоифадаги олимлар озчиликни ташкил қилишган ва уларнинг номлари адабиятга муҳирланган. Бизнинг Ўзбекистонимиз аграр республика, аграр соҳадаги қўлга киритилган барча зафарлар айнан шу тоипа олимларининг номи билан боғлиқ.
           Мамлакатимизнинг аграр соҳадаги қатор сиёсатпараст олимлари пахта экиладиган тупроқларга кўп йиллар оптимал (юқори) меъёрларда минераль (кимёвий) ўғитларнинг солиниши тупроқ табий унумдорлиги (гумус)ни пасайтирмайди, аксинча йилдан-йилга ошиб боради, деб ёзганлари ва бу асосда тупроғимизга етган талофат қишлоқ аҳли ва деҳқонлар учун сир эмас.
          Тупроқдаги гумус ўсимлик ва тирик организмлар қолдиқларининг парчаланиши натижасида ҳосил бўлишини ҳатта 2-курс талабалари ҳам билади. Пахта даласига юқори меъёрларда тупроқ гумусининг парчаланишига сабаб бўлувчи азотли ўғитлар солинса, бунинг устига, ғўзанинг ҳатто томирларини ҳам қолдирмай корчевка қилиб олиб ташланса-ю, яна у ерда гумус кўпайса?!
           Бунинг сабаби аграр илми соҳасида  саводсиз бўлган В.И.Лениннинг: "Социализмда тупроқ унумдорлиги муттасил ошиб бораверади”, деган "доҳиона” сўзи, тўғрироғи сиёсати бўлди. Юқорида қайд қилинган 2-тоифадаги олимларнинг тадқиқотлари ва илмий хулосалари ҳақиқатга эмас, анашу сиёсатга асосланди.
         Социализмдан қутилиб истиқлолга эришганмизга 15 йил бўлаётган бўлсада кўпчилик олимларимиз мутахасис бўлмаган доҳийларнинг сиёсатидан чиқишаолмаяпти. Ва тупроқ шўрланиши, эррозияси, агрохимикатлар таъсиридаги экологиясининг бузилиши йилдан-йилга ошиб, алмашлаб экиш ва илмий деҳқончилик технологиялари бузилиши боис тупроқларимиз унумдорлиги пасайиб кетаётганлигига эътиборсиз қарашаётгани етмаётганидек, бу борада жон куйдириб бонг ураётган олимларни бақироқ, ҳовлиқма ва истиқлол сиёсатига қарши бораётганликда айблаётганларига нима дейсиз?! 

Сурат-9. Ўзбек олимлари (К.Розиков ва А.Хоразмий) Ҳукуматнинг аграр сиёсатига қарши пикетда-2005

           1978 йил 5-7 сентябрда, Тошкентда "Пахта” комплекс дастури бўйича ҳалқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтганди. Бу пайтлар Ленин сиёсатининг гуллаб яшнаётган даври бўлсада Федаренко, Рижов каби олимлар қўриқ ерларнинг асоссиз равишда кўплаб ўзлаштирилаётгани, бу ерларга сарфланаётган сув ва бошқа харажатлар миқдори 2 баравар кўп бўлсада, бу ерлардан атига 8-12 центнер ҳосил олинаётганини қайд қилишиб, натижада Оролга тушаётган сув миқдори йилдан-йилга камайиб, унинг қуриш хафи ошаётгани ва Ҳукумат бу борада тегишли қарор қабул қилиши лозимлиги ҳақида бонг урган эдилар.
         Афсуски, бу конференцияда ҳам Оролнинг қуруши борасида катта хаф йўқлиги, бу борадаги компартиянинг сиёсати тўғри эканлиги ҳақида маъруза қилган 2-тоифадаги олимлар кўпчиликни ташкил қилди ва уларнинг айримлари орамизда ҳозир ҳам бор. Улар, уларнинг издошлари ва ҳатто фарзандларининг Оролимизнинг қураётгани, шу билан боғлиқ равишда Орол минтақасидаги миллионлаган ватандошларимизнинг жабр чекаётганини кўриб иймонлари, виждонлари қанчалик қийналаётганликларини бир тасаввур қилинг-а?!
          Кўпчилик ҳамкасбларимиз, шогирдларимиз, ҳатто айрим устозларимиз бизнинг адолат учун кўп йиллаб ишсиз қолиб, сарсонликда юрганларимизни ачиниш билан қайд қилишиб, сиёсатга қарши бормасликни, бу йўлдан қайтишни таклиф қилшаётгани сир эмас.
          Муҳтарам ҳамкасблар, мамлакатимиз олимлари, келинг Ҳақ ва ҳалқ манфатлари йўлида, Ватанимиз ривожи учун бирлашайлик! 
 
Мурожат қилувчилар, сизларнинг ҳамкасбларнгиз:
 Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотларининг лауреати, 
қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий,
Қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Қурбон Розиқов

        Интернетнинг мақола нашр қилинган  сайтларида бу мақолага кўплаган муносабатлар билдирилган. Қуйида уларнинг айримлари айнан келтирилади:

Тупроқшунос олимлар: Тупроқларимиз унумдорлигининг пасайиб бораётгани ва бу жараённи яхшилаш борасидаги сизлар кўтараётган муаммога барчамиз қўшиламиз. Она заминимизнинг бугунги ахволига биз ҳам ачинаяпмиз, начора. Фикримизча сизлар айтаётган олимлар тоифасига яна битта тоифани – қўрқоқ олимлар тоифаси ҳам деб қўшиши керак.

Журналистлар: Бизнинг фикримизча демократик давлатларникига ўхшаб илм-фан, ҳатто сиёсат борасида ҳам турли фикрларни сензура қилмасдан матбуотда, телевиденияда бериш керак. Қайси тўғри эканлигига ҳалқнинг ўзи баҳо беради. Ўшанда Розиқов, Хоразмийга ўхшаган олимлар плакат кўтариб кўчада юрмайдилар.

Оппонентлар: Биз Розиқов ва Хоразмийларнинг тадқиқотларини ва таклифларини кўп вақтдан буён биламиз. Очиғини айтганда "Подадан олдин чанг чиқаришаяпти”, деб ҳисоблаб, уларга хайрхох бўлмай келганимиз ҳам бор гап. Бироқ, нафақат ўзимизнинг кейинги вақтлардаги тадқиқотларимиз натижалари ва деҳқонларимиз фикри ва шунингдек тупроқларимизнинг бугунги ахволи ҳам уларнинг ҳақ эканлигини кўрсатмоқда. Шу боис уларнинг сафига қўшилишни тўғри йўл деб ҳисоблаймиз ва барча олимларни, агросаноат ходимларини бирлашишга чақирамиз.

Президент девони ходими: Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз, адолатли демократик, нафақат келажаги ва шу бугуни ҳам буюк ва фаравон давлатда яшаяпмиз. Кимнинг қандай таклифи бўлса тўғри президентимизга мурожат қилсин. Президентимиз катта иқтисодчи олим – академик! Кўрмаяпсизларми, Ўзбекистонимизнинг иқтисодини ўзларининг кашф қилган тамойиллари билан қай даражага кўтардилар. Истиқлолга эришгач маошларни 100 бараврга (СССР даврида 100 сўм олаётган одам бугун 10 000 олаяпти) оширдилар. Бу Ўзбекистон иқтисодидаги портлаш эмасми?!. Шу боис, айниқса олимларни ва уларнинг фикрларини қадрлайдилар. Турли хил бирлашувларга, чақирувларга қўшилмай президентимиз атрофига бирлашинг, у сизларни буюк келажак сари элтади.

Селекционер олимлар: Бундан бирнеча вақт олдин Жўрабеков ва Каримов далада туриб телевидениядан, айрим ҳокимларнинг чақуви асосида: "Селекционерлар яхши нав яратмаяптилар. Бухоро-6 га ўхшаган кечпишар, ярамас навларни даладан чиқариб ҳайданг!”, деганларида додимизни кимга айтишни билмай қон босимимиз кўтарилиб ётиб қолганмиз. Олим ва улар меҳнатини писанд қилмаётган бу "Азамат”лардан биттаси(Жўрабеков)нинг жиноятчи эканлигидан ер юзи хабар топди. Яқин вақтларда иккинчиси(Каримов)нинг ҳам ким эканлигидан хабар топсак ажабмас. Агар барча олимлар бирлашсак Каримовга ўхшаган "академик”лар ҳақиқий олимлар ва илм тўғрисида ҳар нарсаларни айта олмасди. Илм  ва олим бу даражада хор ҳам бўлмасди.

МХХ ходими: Олимларнинг бирлашишига йўл қўйиш жуда хафли, агар улар бирлашса "Эрк”, "Бирлик”, "Озод деҳқонлар” каби мухолифатчилар холва бўлиб қолади. Грузя, Украина, Қирғизистонларнинг куни бошимизга тушиши аниқ. Яхшиси Хоразмий, Розиқовга ўхшаганларни тезроқ гумдон қилиш керак.

Фермерлар: Биз деҳқонлар тупроқ унумдорлигини ошириш учун олимларнинг бирлашаётганидан жуда қувондик. Бироқ биздаги муаммо фақат тупроқ унумдорлиги эмас. Турли хил порахўр бошлиқлар, ҳуқуқ ходимлари, таъминот ташкилотлари кабилар ҳам катта муаммо. Булардан келаётган зулмлар борасида додимизни кимга айтамиз, онамизни ..... қозиларгами?! "Озод деҳқонлар” партиясидан умидимиз катта эди, у ҳам кўринмай қолди. Мухтарам олимлар, биз олим бўлмасакда, бизни ҳам ташлаб қўйманг, ўз сафингизга бирлаштиринг.

                Интернетда эълон қилинган олимларга очиқ мурожат нафақат олимлар орасида ва шунингдек мамлакатимиз аҳолисининг турли хил қатламлари орасида ҳам катта тортишув ва шов-шувларга сабаб бўлди. Буни мақолага коммент сифатида ёзилган юқоридаги муносабатларда ҳам кўриш мумкин. Ва шунингдек мамлакатимизнинг таниқли олимлари томонидан интернетда эълон қилинган мақолалар ҳам бунга далил бўлади. Қуйида шундай мақолалардан бири айнан келтирилади.

Илмий асосланган агротехнологияларнинг бузилиши – Ўзбекистон
қишлоқ хўжалигининг барбод бўлишининг бош сабабидир.

(http\\www.CentrAsia.org 23.04.2005. Нарушение научно-обоснованной агротехнологии – главная причина развала сельское хозяйства Узбекистана)

           Ўзбекистон қишлоқ ахли ва меҳнаткашларининг бугунги иқтисодий ва социал ахволи ниҳоятда ачинарли, деб баҳолаш айни ҳақиқат бўлади. Қишлоқ аҳли кеча-кундуз бутун оиласи билан тинимсиз ишласада оиласини боқа олмаяпти. Натижада қишлоқдаги меҳнатга лаёқадли эркакларнинг (ҳатто аёлларнинг ҳам) анчагина қисми оиласи ва ёш болаларини ташлаб меҳнат ва яшаш шароитининг ниҳоятда оғир бўлишига қарамай, арзимаган пулга иш қидириб қўшни мамлакатларда йиллаб тентираб юрибдилар.
          Ҳеч кимга сир эмаски, 2004 йилга келиб Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги расво (развал) ахволга келиб қолди. Бу ачинарли ахволни тан олган Ҳукумат узоқ йиллар Ўзбекистон аграр соҳасига раҳбарлик қилган И.Жўрабековни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини издан чиқарган жиноятчи, деб эълон қилиб уни жавобгарликка тортиш билан бу умуммилий маъсулятдан қутилишмоқчи бўлишди. Модамики Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг издан чиқишига қуйидагилар асосий сабаб бўлди:
1. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг нотўғри ташкил қилиниши ва бошқарилиши. Бу эса қуйидагиларни келтириб чиқарди: а)-Коррупцияни, б)-Қўшиб ёзишни, в)-Қишлоқ меҳнаткашлари иқтисодий қизиқишининг йўқолиши, г)-Қонунга беписандлик ва бошқалар.
2. Илмий асосланган агротехниканинг бузилиши. Бу эса қуйидагиларни келтириб чиқарди: а)-Тупроқ шўрланишининг интинсив ошиши, б)-Нотўғри дон сиёсати туфайли илмий асоланган алмашлаб экишнинг қўпол равишда бузилиши, в)-агрохимикатларнинг асоссиз равишда катта миқдорда ишлатилиши боис тупроқ экологияси ва унумдорлигинг ёмонлашуви ва бошқалар.
         Ўзбекистонда аграр соҳада қатор илмий-тадқиқот институтлари, ўнлаб таниқли олимлар бўлатуриб илмий асосланган деҳқончилик талабларининг бузилишига нима сабаб бўлди, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
1. Ўзбекистон аграр сохаси олимларининг тавсиялари ҳар доим ҳам ишончли илмий маълумотларга асосланмаган. Кўпинча мансабдор ва паст малакали олимлар лаганбардорлик (угодничества) позицияда туриб ҳақиқатга эмас, сиёсатга хизмат қиладилар.
2. Мамлакатнинг сиёсий раҳбарлари тадқиқот натижалари сиёсатчилар кўрсатмаларига тўғри келмаган олимларга қулоқ солмайдилар, аксинча, бундай олимлар қувғин остига олинадилар. Шундайлардан айримлари пастда келтирилади:
           Қурбон Розиқов – 1938 йилда туғилган, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди. 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институти (СоюзНИХИ)да ишлаган. Ўз тадқиқотлари асосида пахта ва дон режаларини сўзсиз бажариш бўйича партиянинг нотўғри сиёсати натижасида тупроқ унумдорлигининг пасайиш тенденциясини исбот қилган. Ўзининг тупроқ унумдорлигини ошириш борасидаги янги, илмий асосланган концепсиясини таклиф қилган ва бунинг учун ишдан бўшатилган ва 20 йилдирки ишсиз юрибди. 
            Ахмад ҳожи Хоразмий – 1948 йилда туғилган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Ал-Хоразмий ва Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофатлари лауреати. 25 йилдан кўпроқ илмий-тадқиқот ва раҳбарлик ишларида ишлаган. Ўз тадқиқотлари асосида агрохимикатларнинг асоссиз равишда қўлланилиши тупроқ экологияси ва унумдорлигининг ёмонлашувига сабаб бўлишини ва "План – қонун!”, каби шиорлар орқасидан қувмаслик лозимлигини исбот қилган. Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида ва фандаги коррупция, кўзбўямачилик ва қўшиб ёзишлар илмий асосланган ҳолда кўрсатилган "Вакил” номли илмий-сатирик китобини чоп қилган. Бу китобда қишлоқ хўжалигидаги бундай негатив ҳолатларга йўл қўймаслик ва уни бартараф қилишнинг самарали йўлларини кўрсатувчи тегишли тавсиялар ҳам берилган. Шу боис бу китоб қишлоқ хўжалигида ўзига хос сенсация бўлди. Қишлоқ меҳнаткашларининг илтимосига биноан бу китоб бир ярим йил давомида "Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналида бобма-боб эълон қилиниб борди. Буларнинг барчаси профессор Хоразмийнинг сиёсий мотив билан ишдан бўшатилишига ва мана 10 йилдирки ишсиз қолишига сабаб бўлди.
         Бизнинг фикримизча юқорида зикр қилинган фикрли ва бошқа олимларнинг фикрига қулоқ солиш вақти аллақачон етди.

Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор А Хасамов

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2013-06-19)
Просмотров: 1622 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0