"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)

Ахмад ҳожи Хоразмий

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)
(давоми-2)

2.3. Ходимлар аттестацияси аталмиш масхарабозлик ҳақида.

          Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил, 3-сентябрь, 415-қарори асосида октябрь ойида Тошкент Давлат Аграр Университетида ҳам аттестация жараёни бошланди. Аттестация комиссиясининг Давлат тест Маркази, Олий уқув юртлари, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирликларининг мансабдор ходимларидан иборат 12 та аъзосидан биронтаси ҳам агрономия соҳаси бўйича мутахасис эмас эди.
           Бунинг устига аттестация ўтказиш бўйича биронта дастур, меъёрий ҳужжат ёки йўриқнома йўқ эди. Бу эса комиссиянинг кўнгли тусаган нарсани қилиши, оғзига келган нарсани сўрашига имконият туғдирди. 2005 йил 7-февралда ТошДАУ ректорининг хонасидаги учрашувда Давлат тест маркази бош директори Б.Исмоилов ва аттестация комиссияси котиби Б.Ражабовларнинг очиқ-ойдин: "Аттестациянинг асосий мақсади юқорига маъқул бўлмаган, университет раҳбариятига ёқмаган ходимларни ўтказмаслик эди”, деган сўзлари комиссия мақсадининг мазмунини очиб берди.
      Энг чатоқ томони шу эдики, 2002 йилда менинг ноҳақ азият чекишимга сабаб бўлган, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази директорининг ўринбосари, мутахасислиги бўйича инженер-механик бўлган М.Тошболтаев ҳам шу комиссиянинг фаол аъзоларидан бири эди. Ва мен уларга 2002 йилда ёзган (юқорида баён қилинган) аччиқ жавоб хатим учун қасд олишга жуда катта имконият туғилган эди.
        Октябрь ойининг 20 ларига келиб Тошболтаев мени ўтказмаслик учун қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ўқув юртлари бошқармаси бошлиғи Х.Хамидов, тест маркази маъсул ходими Б.Ражабов каби аттестация комиссияси аъзоларини менга қарши қўйгани маълум бўлиб қолди. Бундан ташқари комиссия аъзолари бошқа миллат вакилларига (ТИИМСХ даги кучли олимни қозоқ бўлганлиги учун ўтказишмаган), исломга ҳайрхохларга унча хуш қарамасликлари ҳам билиниб қолди. Шу боис бўлса керак университет проректори Л.Ғовурова менинг анкетамга имзо қўяётиб: "Анкетангизга туркман, ҳожи каби сўзларни ёзмасангиз ҳам бўларди”, деганига ажабланмадим.

Сурат-10.ТошДАУ,Агрохимия кафедраси аъзолари. 2004

         Шундан кейин аттестацияга киришдан бирнеча кун олдин кафедра аъзоларига, университет раҳбариятига аттестациядан фақат мен ўтмаслигимни ва унинг асосий (сиёсий) сабабларини ҳам айтдим. Аттестацияга кирган ходимлар асосан 3-5 минут ичида чиқишарди. Мен эса роса 23 минутда чиқдим.
           Аттестациянинг суҳбат қисмидан кўзланган мақсад ходимларнинг профеционал билими ва салоҳиятини баҳолашдан иборат эди. Бу бўйича биронта ҳам савол бўлмади. Савол-жавоблардан фақат очиқ дарс ҳамда таълим босқичларидаги янгилик (кейинги йилларда жорий қилинган)лари ҳақидаги саволлар аттестация йўналишига мосроқ бўлди холос. Бундай саволларнинг бу суҳбатда берилиши ҳам унча тўғри эмас эди. Қачонки, суҳбатга киришдан олдин таълим стандартлари бўйича компутерда тест топширган эдик.
           Асосий савол-жавоблар фамилиямнинг нимага Хоразмий эканлиги, исломдаги эътиқодим (ҳажга борганим), Расулуллоҳнинг қачон ҳижрат қилгани, тасаввуф бўйича нима учун мақола ёзганим, адабиётга қизиқишим, нимага кўп жойларда ишлаганим, Ал-Хоразмийнинг қайси китобларни ёзгани, ароқннг ким томондан кашф қилинигани кабилар тўғрисида бўлди.
           Очиғини айтганда ректорнинг бирнеча марта: "Майли сизларники маъқул деб айтақол, бир марта гапдан қолсангизчи”, деганига ҳам қарамай асоссиз гапларига маъқул демадим. Чунки "Ҳар бир амал ниятга яраша бўлғусидир”, деган ҳадис бўйича уларнинг нияти менга маълум эди. 40 та профессордан фақат мени (200 босма табоққа яқин мақола-ю китоблар ёзган, қатор ихтиролар яратган, ҳали нафақа ёшига етмаган агрохимия соҳасидаги ягона профессор бўлсамда) аттестациядан ўтмади, деб эълон қилишди. Ва мен: "Бу қарор эдолатсиз ва сиёсий эканлиги учун унга рози эмасман”, ёзиб имзо қўйиб бердим. Улар бўлса менинг бу муносабатимни писанд ҳам қилишмади.
             Аттестация комицияси мен ҳақимда чиқарган қарорининг адолатсиз эканлигига тушиниб, ҳеч бўлмаса Худодан қўрқиб уни ўзгартирар, деб 2 ойча кутдим. Лекин улар инсофга келмади ва ниҳоят ёрдам сўраб 27-12.2004 да мамлакат президентига (ундан ёрдам бўлишига умидим бўлмасада) ариза билан мурожат қилишга мажбур бўлдим. Қуйида ўша ариза айнан келтирилади:

Ўзбекистон Республикаси президенти И.А.Каримовга
А р и з а
            Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3-сентябрь 415-қарорида мамлакатимиз аграр соҳасида таёрланаётган кадрлар сифатини яхшилаш ва шу мақсадда уларни таёрлаётган профессор-ўқитувчилар малакасини аниқлаш мақсад қилинган эди. Бу қарорни мамлакатимизнинг аграр соҳаси олий ўқув юртлари талабалари ва олим-педагоглари ҳам яхши кутиб олдилар. Шу қарор асосида 2004 йил октябрь-ноябрь ойларида Тошкент Давлат аграр Университети профессор-ўқитувчилари ҳам аттестациядан ўтказилди. Аттестация жараёни 3 босқичдан иборат бўлди: 
1. Ходимнинг илмий-педагогик салоҳиятини топширилган ҳужжатлар асосида баҳолаш.
2. Сиёсий жараён ва ДТС бўйича компутерда тест топшириш.
3. Ходимнинг профессионал билимини баҳолаш бўйича аттестация комиссияси аъзоларининг суҳбатидан ўтиш.
                  Асосий ва ҳал қилувчи жараён 3-босқичда бўлиб ўтди. Аттестация комиссияси аъзолари агрономия соҳаси бўйича мутахасис бўлмаганликлари ва бу борада малакасизликлари боис агроном-олимларни ароқнинг ким томонидан ихтиро қилингани, палонинчи қарорнинг қачон қабул қилингани, Ўзбекистондаги охирги хону-амирлар ким бўлганликлари, Ал-Хоразмий нечта китоб ёзгани, Расулуллоҳ қачон ҳижрат қилгани каби саволлар орқали аттестациядан ўтказишди.
            Натижада университетимизнинг кўплаб салоҳиятли профессор-ўқитувчилари аттестациядан ўтмади. Ўз соҳалари бўйича ҳатто мамлакатимизда таниқли бўлган Белолипов, Азимбоев каби профессорлар, 15 йилга яқин Унивеситет ўқув бўлимини бошқарган, 2003-2004 йилги энг яхши декан конкурсининг ғолиби Х.Ҳайитбоев каби раҳбар-олимлар чаласаводга чиқарилиб "зўрға шартли” ўтказилди.
          Аграр университетда икки йил давомида меҳнат отпускаси нима эканлигини билмай, кунига 12-14 соат ишлаб, 2 та дала тажрибаларини олиб бораётган бўлсам, 20 га яқин илмий мақола, бирнеча ўқув-услубий ва ўқув қўлланма ёзган бўлсамда аттестациядан ўтмаганим мен учун кутилмаган ҳолат бўлмади.
          Аттестация комиссияси фаол аъзоси М.Тошболтаевнинг менга нисбатан шахсий адовати, фамилиямнинг Хоразмий эканлиги, миллатимнинг туркманлиги, тасаввуф ва адабиётга ҳам қизиқишим, исломдаги эътиқодим, ҳожи эканлигим каби фазилиятларим аттестациядан ўтмаслигимга сабаб бўлди. Юқоридаги фазилиятларим авваллари ҳам менинг азият чекишимга сабаб бўлган бўлсада мен улар билан фахрланаман.
           Аттестациядан ўтмаслигим ва унинг сабаби ҳақида мен ишлаётган кафедра аъзолари ва университет рахбарияти хабардор эди. Шу боис ҳечким университетдаги 40 га яқин профессордан аттестациядан фақат мен ўтмаганимга ажабланишмади. Бу борада адолатнинг тикланишига ёрдам беришингизни илтимос қиламан.
                               Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич
            Юқорида таъкидланган фазилатларим сабабли мен 1997 йилда ҳам бундай адолатсизликка учраганман. Бу борада ёрдам сўраб қатор йиллар мабойнида сизга бирнеча бор ариза билан, ҳатто оммовий ахборот воситалари орқали ҳам мурожат қилганман. Афсуски, буларнинг бирортаси ҳам сизга етиб бормай сизнинг маҳкамангиздаги хат ва шикоятлар бўлими уларни айнан мен устидан шикоят қилаётган шахсларнинг ўзига юборган. Шу боис сиздан ёрдам сўраб қилган мурожатларимнинг барчаси натижасиз қолиб кетган эди. Бу аризам ҳам аввалгиларга ўхшаб натижасиз қолмас, деб умид қилгим келади.

Эҳтиром билан, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий

              Шунингдек бу ариза интернетнинг http\\www.Erkinyurt.org сайтида 03.01.2005 да эълон қилинди. Аризамда "Менинг аризамни сизнинг девонингиз айнан мен шикоят қилаётган раҳбарларнинг ўзига юбораяпти”, деб кўрсатган бўлсамда бу аризамни ҳам президент девонидан мен шикоят қилаётган одамларнинг айнан ўзларига юборишган.
           Бу хат бўйича 2005 15-январда Давлат тест марказига мени ва кадрлар бўлими бошлиғи Ш.Юсуповни чақиришди ва Марказ директори Б.Исмоилов, аттестация комиссияси котиби Б.Ражабовлар иштрогида менинг аризамни бир кўздан кечиришиб: "Аризани ўрганиб ўзимиз чақирамиз”, дейишди.
          Аризани ўрганишга салкам бир ой керак бўлганлигининг сабаби мен келтирган фактларни инкор қилувчи далиллар излашган. Савол-жавоб стенограммасининг кўп жойларини ўзлари ҳоҳлаган шаклга келтиришган. Ўзлари томонидан берилган ва ўзларига зарари тегадиган саволларни олиб ташлашган. Лекин шундай бўлсада мени ўтказмаслик мумкин бўлган даражага етказиша олмаган. Бунга эса 2005 7-февралдаги учрашувда ўзларининг иймонлари комил бўлди.
           Ариза бўйича 7-февраль, соат 16 да ТошДАУда учрашдик. Ректор Х.Кимсанбоев, прореторлар Л.Ғофурова, Х.Шералиев, ўқув бўлими бошлиғи М.Атабаев, илмий котиб Б.Мусаев, кадрлар бўлими бошлиғи Ш.Юсуповлар иштирогида учрашув ўтказдик. Учрашувда менинг Президентга ёзган аризам ўқиб эшитдирилди. Бу ерда иштирок қилаётганларнинг бирортаси ҳам мен келтирган фактларни инкор қилишмади. Бу эса Б.Исмоилов ва Б.Ражабовларни анча ноқулай ахволга солиб қўйди.
             Б.Исмоилов мени доцент бўлиб ишлашга таклиф қилди, мен рози бўлмадим. Шундан кейин комиссия тўғри қарор қабул қилган, деб турли хил асоссиз сабаблар билан мажлис ахлини ишонтирмоқчи бўлишдию, лекин унинг тескариси бўлиб ўзлари мулзам бўлиб қолишди. 
           Аризани текширувчиларга иккита саволим бор эди, дедим мен.  Ҳамма бир овоздан: "Марҳамат, сўранг саволингизни”, дейишди. Мен Б.Исмоиловга юзланиб: Биринчи саволим шуки, мен сиз(жабрлавчи)ларнинг устингиздан Президентга ариза билан мурожат қилган бўлсаму, Президент мен(жабрланувчи)нинг аризамни текшириб чора кўриш учун сиз(жабрлавчи)нинг ўзингизга берганини лўттивозлик дебми, майнавозлик дебми ёки масхаравозлик дебми, буни қандай атаса тўғрироқ бўлади?, дедим
         Менинг саволимга мажлис иштирокчиларинг кўпчилиги ўзларини тута олмай кулиб юборишди. Шундоғ ҳам ноқулай ахволда бўлган текширувчилар довдираб қолишди ва Б.Исмоилов аттестация комиссияси котибига: "Қандай атаса бўлади”, деган маънода тикилди. У бўлса "Билмадим”, деган маънода елкасини қисиб қўяқолди.
            Иккинчи саволим шуки, ўзингизнинг устингиздан ёзилган аризани ўзингиз текширишингиз учун Президент девони маъсул ходими(У.Тошкенбоев)га кўкидан қанча бердингиз?, деб сўрадим Б.Исмоиловдан. Текширувчилар қора терга ботган эди. Марказ директори аттестация котибига юзланиб: "Қанча берган эдик”, деганини ўзи ҳам билмай қолди. Уларнинг бу ҳолатига мажлис иштирокчилари хандон отиб кулиб юборишди. Барчани зир қақшатган бу аттестациячиларнинг ҳозирги аянчли ахволини тарифлашга сўз ожизлик қиларди. 
             Кутилмаганда: "Юқоридаги саволларга Президент девонидан жавоб олганимиздан кейин келамиз”, деганларича текширувчилар довдираганидан бири папкасини, бири хатлар ва кўзойнагини ҳам қолдириб қочиворишди. Улар хонадан чиқар-чиқмас, мажлис қатнашчиларинг кўпчилиги менинг қўлимни қисиб: "Уларни роса эздингиз, энди бўшашмай охирига етказинг”, деб мени табриклашди.
             Салкам 2 ой ўтган бўлсада бу хатимга президент девонидан жавоб бўлмагач 14.02.2005 да телеграмма орқали Президентга очиқ мурожат ёзишга мажбур бўлдим ва у қуйида айнан келтирилади:
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовга очиқ мурожат

          Мен  2004 йил декабрда мамлакатимиз (шу жумладан ТошДАУ) аграр олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларини аттестациядан ўтказиш жараёнида адолатнинг қўпол равишда бузилганлигини ва бу борада адолатни тиклаш учун сиздан ёрдам сўраб мурожат қилган эдим.
         Сизнинг девонингиз Ўзбекистон қонунларига зид равишда менинг мурожатимни жавобсиз ва натижасиз қолдираяпти. Сизнинг ва шунингдек жахон оммасининг, халқаро ташкилотларнинг, матбуотнинг эътиборини қаратиш мақсадида Президент девонини пикет қилишга қарор қилдим. 
Эхтиром билан профессор А.Х.Хоразмий.

           Бу мурожат интернетнинг http\\www.CentrAsia.org сайтида 15.02.2005 да рус тилида: "Профессор А.Хоразмий решил пикетировать здания аппарата Президента И.Каримова”, сарлавҳаси билан ҳам эълон қилинди. Ва шу сайт ўқувчилари томонидан бу мақолага қуйидагича муносабатлар ҳам билдирилган:

Маъсул ходим:  Ўзбекистон Ҳукумати аграр соҳадаги кадрлар сифатини яхшилаш мақсадида 415-қарорини қабул қилган. Шу қарор асосида эса кадрлар таёрлашда асосий ролни ўйнаётган етакчи олим-педагог(профессор)ларни ишдан бўшатган. Аттестациянинг мақсади сиёсий жиҳатдан ёқмайдиган ходимлардан қутилиш бўлган.

Туркман: Аризагўйнинг аттестациядан ўтмаганлигининг сабаби унинг миллати(туркманлиги)дир. Қачонки Ўзбекистондаги туркманлар сони юзминглаган (аслида эса миллионлаган)  бўлсада Ўзбекистон ҳукумати аъзоларидан, қуйи палата депутатлари ва сенаторлар орасида битта ҳам туркман йўқлиги бунга асос бўлади.

              25.02.2005 да Президентга ёзган аризамга президент девонидан эмас, Давлат тест маркази директори Б.Исмоиловдан хат олдим. Унинг мазмуни билан менинг президентга ёзга очиқ хатимда танишиш мумкин ва у қуйида айнан келтирилади:

            Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримовга такрорий очиқ мурожат

           Мен 27.12.2004 да Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 3-сентябрь, 415-қарори асосида ўтказилган аттестацияда қонун ва адолатнинг қўпол равишда бузилгани тўғрисида ёзиб, бу борада сиздан ёрдам сўраб мурожат қилган эдим.
          У хатимда қатор асарлар ёзиб ихтиролар яратган, агрохимия соҳасидаги нафақа ёшига етмаган  ягона (мақтанчоқликка йуйманг) фан доктори бўлсамда айнан ва фақат менинг аттестациядан ўтмаганим сабабини кўрсатган эдим. Ва ўша хатимда 1997 йилда ҳам бундай адолатсизликка учраганим, бу борада қатор йиллар сизга бирнеча бор ариза билан, ҳатто ҳалқаро оммовий ахборот воситалари орқали ҳам мурожат қилганим, аризаларимнинг барчасини сизнинг маҳкамангиз айнан мен шикоят қилаётган одамларнинг ўзларига: "Шикоятни ўрганиб аризагўйга жавоб ёзинг”, деб юборганлари боис уларнинг натижасиз қолгани, бу аризамни ҳам шу куйга солмасликларингизни сўраган эдим.
         Салкам 2 ой давомида ҳам бу хатимга жавоб бўлмагач 14.02.2005 телеграмма орқали сизга очиқ мурожат йўллаганман.
          Минг афсуски бу аризамни ҳам сизнинг бош  консултантингиз У Тошкенбоев: "Ўрганиб аризагўйга жавоб ёзиш учун” айнан мен шикоят қилаётган одамлар (Давлат тест маркази директори Б.Исмоилов ва аттестация комиссияси котибиБ.Ражабов)ларнинг ўзларига юборган. Албатта ўзларининг устидан ёзилган шикоятни ўзлари текширса бунинг қанчалик "Объектив” бўлиши мумкунлигига ноҳатки У. Тошкенбоевнинг ақли етмаса?!  
             Б.Исмоилов ҳеч уялмасдан: "А.Хоразмий очиқ лекция, педагогик технология, таълим турлари ... ва бошқа саволларнинг аксариятига аниқ жавоб бера олмаган”, деб ёзган. Аслида менга улар: "Очиқ лекция ўтганмисиз ва унда қандай янги педагогик технологиялар қўллагансиз?”, деган саволни беришди. Мен очиқ лекция эмас, очиқ муаммоли дарс ўтганман ва унда янги педагогик техналогия қўлланилмаган, деб жавоб бердим. Улар мендан таълим турларини эмас, таълим босқичларини сўрашган ва мен ундаги 7 босқични айтиб бердим. Бу суҳбатда бундай саволлар берилиши ўринсиз (ортиқча) эди, чунки таълим стандартлари бўйича тест синовларидан ўтган эдик.
          ".... ва бошқа саволлар”, деб ёзганида улар айнан қандай саволлар эканлигини ёзишга уялишган. "Бошқа саволлари” қуйидагилардан иборат эди: Фамилиямнинг нимага Хоразмий эканлиги, исломдаги эътиқодим (ҳажга борганим), Расулуллоҳнинг қачон ҳижрат қилгани, тасаввуф бўйича нима учун мақола ёзганим, адабиётга қизиқишим, нимага кўп жойларда ишлаганим, Ал-Хоразмийнинг қайси китобларни ёзгани, ароқннг ким томондан кашф қилинигани тўғрисида бўлди. Буларнинг барчаси магнитафон лентасига ёзилган. 
            Мен ўша куниёқ аттестация комиссияси хулосаси бланкасига "Аттестация комиссиясининг хулосаси адолатсиз эканлиги учун ундан норозиман”, деб ёзганман.
            Аттестациянинг сухбат босқичида биз мутахасислигимиз бўйича баҳоланишимиз керак эди. Аттестация комиссияси аъзоларидан биронтаси ҳам агрономия соҳаси бўйича элементар билимга ҳам эга бўлмаганликлари (мутахасис эмасликлари) боис биз(агроном олимлар)ни ароқнинг ким томонидан ихтиро қилингани, Пайғамбаримизнинг қачон ҳижрат қилгани, Ал-Хоразмийнинг қандай китоблар ёзгани, каби кулгули саволлар беришдан нарига ўта олмадилар. Ва шундай саволлар асосида агронм-олимларни саводсизга чиқаришди.
          7-февраль 2005 йил ТошДАУ ректорининг хонасидаги йиғилишда Давлат тест маркази директори Б.Исмоилов, аттестация комиссияси котиби Б.Ражабовларнинг очиқ-ойдин: ”Аттестациянинг асосий мақсадларидан бири раҳбарятга маъқул бўлмаганларни ўтказмаслик эди”, дегани президент имзо чеккан бу 415-қарорнинг бунчалик адолатсиз, ҳатто майнавозликка айлантирилишнинг сабабини очиб берди.
            Бирнеча йиллардан буён менинг рахбарият(сизлар)га маъқул эмаслигимни ва бунинг сабабини бутун мамлакат билади. 1999 йил "Вакил” номли илмий-сатирик китобим нашр қилинди. Бунда мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида бўлаётган нохуш ҳолатлар ва уларнинг олидини олиш йўллари кўрсатилган эди. Бу китоб долзарблиги учун "Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналининг 1999 йил №3 сонидан 2000 йил №5 сонигача бўлган нашрларда давомли босиб чиқарилди.  
              Бу китобим учун мен кўп азиятлар чекдим, аграр сиёсат душманига айландим ва қатор йиллар ишсиз ўтирдим. Бу китобда кўтарилган муаммоларга раҳбарият томонидан ўз вақтида эътибор берилганида И.Жўрабеков бугун жиноятчига айланмаган бўларди. 
             Мен тупроқшунос-агрохимик олим сифатида кўп йиллардан бери агрохимикатларнинг тупроқ экологиясини бузаётгани, буни бартараф қилиш учун тегишли илмий ва ташкилий тадбирлар ўтказиш зарурлиги борасида раҳбарият (сизлар) билан муросасиз кураш олиб бормоқдаман. Ва бу йўлдаги курашдан қайтиш ниятим ҳам йўқ. Токи бирнеча ўн йилдан кейин Оролга ўхшаб бой берилган она замин(тупроқ)имиз учун Жўрабековга ўхшаб жиноятчига айланиш яна кимларнингдир чекига тушмасин.
          Мен сиёсатчи эмас, олим бўлсамда мени ўзларига сиёсий мухолифат (душман) санаб аттестациядан ўтказмаётган рахбариятдан ёрдам сўраб мурожат қилганларимдан ўзим уялаяпман..

                        Афсусу надоматлар билан тупроқшунос-агрохимик,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
            профессор А.Х.Хоразмий. (имзо) 27.02.2005

              Бу очиқ хат ҳам 28.02.2005 да интернетнинг http\\www.Erkinyurt.org сайтида рус тилида: "Открытые письмо Президенту И.Каримову. Прошу отменить решения аттестационной комиссии по аграрным вузам Узбекистана как документ, дискредитирующий Постановление Кабмина №415. (Президент И.Каримовга очиқ хат. Вазирлар Маҳкамасининг 415-қарорини инкор қилувчи ҳужжат эканлиги учун ҳам Ўзбекистон аграр олийгохларини аттестация қилган комиссиянинг қарорини бекор қилишингизни сўрайман) сарлавҳаси билан ҳам эълон қилинди.
              Интернетнинг шу сайтида бу мақолага кўплаган муносабатлар билдирилган. Қуйида улардан айримлари келтирилади:
Президент девонининг собиқ ходими: Девон ходимлари ҳар бир шикоят хати келиб тушганда, аввало кимнинг устидан тушган бўлса ўша одам (жабрлавчи)  билан боғланиб "Бу ариза юқорига ўтиб кетса жуда қимматга тушасиз”, деб қўрқитишиб бахосини келишиб олишади ва  яхшигина пора олишиб текшириш учун айнан аризагўй шикоят қилган одам(жабрлавчи)ларнинг ўзига юборади. 
             Агар сизнинг муаммонгиз ўз ечимини топишини жуда истасангиз сиз (жабрланувчи) жабрлавчига қараганда кўпроқ беришингиз керак девон ходимларига. Нохатки профессор бўлатуриб шу оддий ҳақиқатнида тушунмайсиз, бу оддий бозор иқтисодику. Ҳуқуқ ҳимоячилари: Биз профессор Хоразмийнинг интернетдаги чиқишларини, мурожатларини кузатиб борамиз.
Бизнингча профессор Ўзбекистонда адолат курашчиларини қамоққа тиқишларини ҳали тушиниб етмаган шекилли.
Диндорлар: Хоразмий диний эътиқоди учун ишдан бўшатилганига хафа бўлиб юрибди. У ҳали рахмат десин, Аллоҳга эътиқоди учун "Хафли диний экстримист” сифатида қамаб юборишмаганига.
Мухолифатчилар: Сен Каримовга мухолиф бўлганинга кўп бўлибди. Чунки ким ҳалқ учун, адолат учун курашчи экан улар Каримовга мухолифат ҳисобланишади.
          Президентга юқориги хатимни ёзган кунимоқ (27.02.2005 да) Мамлакат бош прокурорига аттестация жараёнида йўл қўйилган адолатсизлигу-қонунсизликлар борасида ариза билан мурожат қилдим. Бунда мени сиёсий сабаб билан ноҳақ ишдан бўшатишгани ва бунга далил сифатида "Вакил” номли илмий-сатирик китобимни ҳам илова қилганман.
     Мен прокурорга Вазирлар Маҳкамасининг 415-қарори асосида тузилган аттестация комиссиясиишидан шикоят қилган бўлсамда менинг аризамни Республика прократураси, Тошкент вилоят прократурасига, у бўлса Кибрай тумани прократурасига юборган, булардан эса ҳеч бир садо чиқмади. 
        Булар натижа бермагач 9.03.2005 да барча оила аъзоларимиз билан шаҳар ҳокимияти олдида пикет қилишга чиқдик. Бунда биз эр-хотинлар: "Муҳтарам Президент. Арзимизни эшитиб адолат ўрнатинг!!” деган ёзувни кўтариб турдик. 3-4 ёшли фарзандларимиз бўлса: "Президент бобо. Адажонимизни нега ноҳақ ишдан бўшатдингиз?!” деган ёзувни кўтариб туришди (Сурат-11).

Сурат-11 . Хоразмийлар президентдан адолат сўраб пикетда. Тошкент-2005

           Бу ерда бизга ўхшаган турли хил ёзувлар кўтариб турган одамлар кўп экан. Барча йўловчилар бизни қизиқиш ва ачиниш билан кузатишар, мухбирлар интервьюлар олиб суратларга туширишар, ҳукумат маъсуллари пикетчилар ёзган талабларни ва уларнинг манзилларини ёзиб олишарди. Ҳукумат вакиллари (2 киши) кечаси уйга келиб яна плакат кўтариб пикетга чиқсак ҳаммамизни қамаб қўйишлари ҳақида огохлантиришди 
           Буларнинг ҳам самараси кўринмагач матбуот ташкилотларига, ҳалқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарига, чет давлатлар элчихоналарига қуйидаги мазмунда хат билан мурожат қилдим: 
         Мен, Хоразмий Ахмад ҳожи Хасанович, 1948 йилда Хоразм вилоятида туғилганман, миллатим туркман, Ўзбекистон фуқорасиман, оилаликман, 8 фарзандим бор. 
Ал-Хоразмий ва Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофотлари лауреатиман, қатор китоб ва ихтиролар муаллифи, агрохимия соҳаси бўйича мамлакатдаги нафақа ёшига етмаган ягона фан доктори бўлсамда сиёсий мотив бўйича мени аттестациядан ўтказмай ишдан бўшатишди. 
         Мамлакат Президенти И.А.Каримовга адолатни тиклашга ёрдам сўраб қилган қатор мурожатларим натижасиз қолди. Сизлардан адолатнинг тикланишида бизнинг Ҳукуматимизга таъсир ўтказишингизни сўрайман. Эҳтиром билан А.Х.Хоразмий. (Имзо ва манзилим)

          Менинг бу мурожатим бўйича Франция, Германия каби мамлакатларнинг элчилари менга нисбатан қилинаётган адолатсизликларга  ачиниш билан ҳамдардлик билдиришиб бу борадаги адолатни тиклаш учун Ўзбекистон ҳукуматига тегишли тартибда (ички ишларига аралашмасдан) мурожат қилишларини билдиришган. Афсуски Ўзбекистон ҳукумати бу борадиги уларнинг мурожатларини ҳам жавобсиз ва натижасиз қолдирган.
          Аксинча "Олмазор” маҳалласи раҳбарияти ва қўшнилардан бизни суруштирувчи махсус одамлар кўпайди, мени кузатиб юришларини сезабошладим. Шу боис БМТ нинг инсон ҳуқуқлари бўйича комиссарига интернет орқали рус (http\\www.CentrAsia.org 31.03.2005 Зашитите от репрессий меня и мою семью! Обрашения Узбекистанского профессора А.Хоразмий комиссару ООН по правам человека) ва ингилиз (http\\www.ozodovoz.org 6.04.2005) тилларида мурожат қилдим қуйида у айнан келтирилади.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Луиз Арбурга
           Мен Ахмад ҳожи Хасанович Хоразмий, Ўзбекистон фуқорасиман, 1948 йилда Хоразм вилоятида туғилганман. Оилаликман, 8 та фарзандим бор. Миллатим туркман, мутахасислигим агрохимик-тупроқшунос.
           Қишлоқ хўжалик фанлари доктори илмий даражасига, Ўзбекистон Фанлар Академияси ҳамда Ал-Хоарзмий мукофотлари фахрий унвонларига эгаман. Қатор илмий рисолалар, ўқув қўлланмалар, илмий-адабий китоблар ва ихтиролар муаллифиман. Менинг фаолиятим ва китобларим маҳаллий ва хорижий матбуотда кенг тарғиб қилинган ва тан олинган.
           Меҳнат фаолиятимни 1961 йилда (13 ёшимда)  колхозчи (деҳқон) сифатида бошладим ва 1997 йилгача ЎзФА ва Мозамбикда илмий ходим, Райком (район ҳокимияти)да қишлоқ хўжалик бўлими мудири, йирик совхоз директори, Районлараро "Узсельхозхимия” бирлашмаси раиси, вилоят ҳокимяти (админстрацияси)да маъсул ходим, вилоят фан ва техника маркази директори, университет профессори, пахтачилик институти (СоюзНИХИ) Хоразм филиали директори вазифаларида ишладим.
         1986-2000 йиллар давомида ҳалқ депутатлари район ва вилоят совети депутати сифатида фаолият кўрсатдим.
         1997 йилда ҳажга бордим ва ҳукуматнинг қишлоқ хўжалигдаги нотўғри, ҳатто жиноий ишлари қаттиқ танқид қилинган "Вакил” номли илмий-сатирик китоб чоп қилдим. Буларнинг барчаси Ҳокимият учун мени сиёсий мотив бўйича ишдан бўшатилишимга сабаб бўлди. Бу борада Ўзбекистон президенти ва Омбуцманга, қўшни давлатларга ва БМТ раҳбариятига адолатни тиклашга ёрдам сўраб мурожат қилдим. Афсуски бу ҳаракатларимдан ҳеч наф чиқмади ва мен 5 йил ишсиз ўтирдим.
         2002 йил Тошкет шаҳрига кўчиб келдик ва Тошкент Давлат аграр университетига агрохимия бўйича профессор бўлиб ишга кирдим. Қатор китоблар ва ихтиролар муаллифи бўлсамда, агрохимия сохасида мамлакатда нафақа ёшига етмаган ягона профессор бўлсамда 2004 йилда сиёсий мотив асосида ишдан бўшатилдим. 
            Шундан кейин ўз ҳуқуқимни тиклаш учун мамлакат президентига, бош прокурорга, парламент депутати ва Омбуцманга, ҳалқаро ташкилотлар ваколатхоналарига, оммовий ахборот воситаларига, хорижий давлатлар элчиларига мурожат қилдим ва пикет қилдим. Бу тадбирлардан нафақат бирон наф чиқмади, аксинча мамлакат ҳукумати менга ва оиламга янада кўпроқ зуғум ўтказа бошлади. 
Сиздан адолатнинг ва ҳуқуқларимнинг тикланишида ёрдам кўрсатишингизни сўрайман. 
                            Эҳтиром билан профессор А.Х.Хоразмий.

        Бу мурожатим интернетда босилиб чиққанидан кейин, апрель ойининг бошларида "Озодлик” (ўзбекча) ва «Азатлык» (туркманча) радиолари мендан махсус интервьюлар олишди ва эшитдиришди.

2.4.     Ўзбек  мардикори   ҳаётидан

           Қатор китоблар ёзиб ихтиролар қилган ва Ўзбекистонда агрохимия соҳаси бўйича нафақа ёшига етмаган ягона профессор бўлишимга қарамай "Юқорининг топшириғи” деб мени аттестация баҳонасида ишдан бўшатишди. Адолат излаб бир неча ойлаб қилган ҳаракатларим "Онангни қози с....са додингни кимга айтасан” мақоли бўйича ҳеч қандай наф бермаганику кутилмаган ҳолат эмас эди, аммо ойлаб ишсиз юришим натижасида иқтисодий ахволимиз пасайиб катта оила тирикчилиги оғирлаша бошлади.
        Оила тебратишнинг мен учун ягона йўли мардикорлик эди. Кейинги йилларда Тошкентда мардикорлик қилиш ҳаммагада насиб қилаверадиган нарса бўлмай қолди. Вилоятлардан Тошкентга иш қидириб келган аёлу-эркаклар тўлиб-тошиб ётарди. Бечораларнинг кўпчилиги ҳатто қорнининг тўяри учун ҳам ҳар қандай ифлос ва оғир ишларнида қилишга жон деб рози эдилар. Шу боис оёғим операциядан кейин тўла тузалмаган, ҳали ҳассани бутунлай ташламаган бўлсамда мардикорлик қилиш учун қўшнилардан йўл кира учун пул қарз олиб Россияга кетишга жазм қилдим.
         2005 йил 8-апрель, жума куни барча иш кийиларимни сумкага жойлаб, № 5 Тошкент-Москва поездининг 15-(пласкарт) вагонига чиқиб ўз жойимни эгалладим. Пласкарт вагон арзонроқ (130 минг сўм) бўлганлиги учун бўлса керак вагонда бўш жой йўқ эди. Йўловчиларнинг деярли барчаси 17-50 орасида бўлган мардикорлар эди, 60 ёшли мардикор ягона мен эдим.
        Поезд Қозоғистон чегарасига яқинлашганда  шундоғ ҳам тўла бўлган вагонга билети бўлмаган яна 50 га яқин мардикорлар миниб олишди. Натижада вагонда юришгада  жой қолмади. Ҳақиқий тўс-тўполон Қозоғистон чегарасида бошланди. Қозоғистон чегара ва таможний ходимлари биз бечора Ўзбекистонлик йўловчи-мардикорларни арзимаган нарсаларни бахона қилиб ҳақоратлашар, пулларимизни тортиб олишар, бермаганлардан ҳатто уриб ҳам олишарди. Ҳеч ким уларга дакки бера олмас, тўла равишда анархия ва қонунсизлик ҳукм сурарди. Бунда айниқса билетсиз чиққанларнинг ахволи янада оғир бўлди. Бу жараёнларни кўрган одам қозоқ билан ўзбекни бир туркий ҳалқ, қўшни-биродар эмас, азалий душман деб ишониши турган гап эди. 
    Ўзбек йўловчи мардикорлар учун бундай аҳвол Россия чегарасида ҳам такрорланди. Бироқ бу чегара хизмати ходимлари (руслар) қозоқларчалик қўрс ва инсофсиз эмасликлари кўриниб турарди. Тошкентдан Москвага боргунча 3 сутка давомида поезддаги турли хил текширувчи-таъмагирлар бир соат ҳам тўхтамади.
         11-чи апрель соат 17 ларда поезд Москвадаги "Қозон” вокзалига бориб тўхтади. Ўзбекистонлик йўловчи-мардикорларни вокзалнинг милиция ва рэкетлари қатор қилиб қўйиб паспортларини (ҳатто пулларини ҳам) тортиб олишди. Бечоралардан биронтаси ҳам "ғиринг” дейиша олмасди. Қўлимизда халтаю турли хил сумкалар билан биз бечораларнинг туришимиз ГУТОП қилинаётган маҳбуслардан ҳеч ҳам фарқ қилмас эдик. Бизларни шу ҳолатда телекамераларга туширишди ва буни 13-апрель эрталаб Москванинг 1-чи каналидан "Доброе утро” кўрсатувида "Чужие” (Бегоналар) рубрикаси остида кўрсатишди.
          Бу кўрсатувда Россиянинг турли хил жойларида ишлаётган ўзбек мардикорларининг оғир ва аянчли яшаш ва иш шароитлари, ниҳоятда оғир ва ифлос ишларнида арзимаган пулга қилишлари, уларни маҳаллий ҳалқ "Чурки” деб камситишу-ҳақоратларига чидашга мажбур эканликларини ўзига хос аянчу қониқиш билан намойиш қилишди. 
      Бу мардикорларнинг кўпчилиги ўзларининг оила тирикчилиги учун бу даражада хору-зор бўлиб юришларига президеит бошлиқ ҳукумат ва унинг сиёсати айбдор эканлигини очиқ-ойдин айтиб уларни қарғашар, бугунию эртаси хору-зор, келажаги қоронғу бўлган ўзбек (Ўзбекистонлик) бўлганларидан кўзларига ёш олишиб афсусланишарди.
      "Ўзбекистон ҳалқининг сабр косаси тўлган, бу эса бошқариб бўлмайдиган нохушликлар келтириб чиқариши муқаррар эканлигини Ўзбекистон ҳукумати ҳисобга олмаяпти” деди телебошловчи. Шу боис бир ойга ҳам етмасдан Андижонда содир бўлган қонли воқеалар кўпчилик учун кутилмаган ҳолат эмасди.
        Бир неча Тойтепалик мардикорлар билан Москвадан Владимир губернасининг Александров шаҳрига электричкада 2,5 соатда етиб бордик. Бу ерда уларнинг ҳамроҳлари ишлашар экан. Яшайдиган жойларимиз ташландиқ ва хароба уйнинг бир хонаси бўлиб, тагимиздаги тўшак ахлатга чиқариб ташланган латта-путтадан, ёстиқ эса оёқ кийимларимиз, кўрпамиз эса уст кийимимиздан иборат эди. 

Сурат-12. Россия федерацияси, Владимер губернаси, Aлександров шахри ишчилар клуби олдида. 2005

       Ерда бир қарич қор бўлсада борган зоҳатиёқ ишга тушиб кетдик ва қаттиқ чарчаганимиздан ҳеч нарса емасдан ётиб қолдик. Бу ердаги магазинлар эрталаб соат 8 дан кейин очишлари боис эрталаб ҳам нонушта қилмасдан ишга кетишга тўғри келди. Ерда қор ва лой бўлсада очиқ шароитда бетон қуйиш, цемент билан суваш, лой ташиш юмушларини шу ишларнингда топилганига шукур қила-қила бажарардик.
      Афсуски мардикорликдаги бу қувончим ҳам узоққа бормади. Зах ва совуқда кеча-кундуз оғир ишларни бажаришга операция бўлган оёғим бардош бера олмади, тиззам шишиб кетди. Бу ерда даволанишнинг на молиявий ва нада ташкилий имконияти бўлмагач зудлик билан поездга ўтириб, бир ҳафтача ишлаган иш ҳақимнида олаолмай Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдим. Мақолдаги "Камбағални урма, сўкма, чопонини йирт” деганига ўхшаб мардикорликга кетиш учун қарз олган пулим ва унинг кун сайин ошиб бораётган пения(фоиз)си ич-ичимни кемирарди. 
       Александров шаҳридан "Қозон” вокзалига кун ботганда етиб келдим. Кассаларда бугунга билет йўқ, аллақачон сотиб бўлинган экан. Поезднинг жўнашига 3 соатларча вақт қолган. Тиззамдаги шиш борган сари каттайиб оғриқ зўраярди. Нима қилишни билмай билетхонанинг бир чеккасида шом намозини ўқиб ҳам бўлгандим 25-26 ёшларидаги бир йигит келиб "Амаки намозхон кўринасиз, Тошкентга билет керак бўлса арзонроқ қилиб ёрдам берамиз” деб қолди. Талаффузидан Андижонлик эканини билиш қийин эмасди. 
      Паспортимни кўриб "Э, ҳали ҳожи ҳам экансиз, яхшиси сизни боссимиз – қори акамларга учратаман”, деб мени 30 ёшлардан ошган, кўзлари бежо, шпанасифат бир йигитнинг олдига олиб борди ва: "Амаки Тошкентга кетмоқчи эканлар, намозхон ва ҳожи ҳам эканлар. Соф исломга ўтиш бўйича балки сизнинг тарбиянгизгада мухтождирлар” дедида ўзи ғойиб бўлди. 
         Қори (Қуръони каримни ёд биладиган)ларнинг кўпчилиги Фарғона водийсидан эканлигини билганимдан,  турқи кўнглимга ёқмаган бўсада юрагимда бу йигитга ҳурмат уйғонди. 
        Сухбат асносида унинг Андижон ҳизбутчи(Вахобий)лари раҳбарларидан бири эканлиги, Лондондаги "Ҳизб-ут-таҳрир” ташкилоти билан доимий алоқада эканлиги, ҳизбутчилик фаолияти учун 2 марта қамалиб чиққанлиги, 3-чи марта узоқ муддатга қамалиш арафасида Москвага қочиб келгани, бу ерда ёшларни ва бошқа истак билдирганларни соф исломга (тўғрироғи ҳизбутчиликга) ўргатаётгани, исми Самаджон, яъни Аллоҳнинг "Самад” (Ҳожатбарор) сифати билан сифатланганлиги боис Аллоҳнинг ризоси йўлида ватандошларнинг ҳожатини чиқариб юргани кабилар маълум бўлди.
       Вахобий-хизбутчилар ҳақида кўп эшитганим, уларнинг Ўзбекистонда хафли ва долзарб муаммога айлангани, вахобийларни учратган бўлсамда, бирон марта ҳизбутчилар билан ҳамсуҳбат бўлмаганим боис бу йигитга қизиқишим янада ортди.
        Самаджон деб мурожат қилишим унга ёқмади ва: "Амаки, менга барча каттаю-кичик "Қори ака” деб мурожат қилади,сизгада шуни маслаҳат кўраман”, деди. Ўғлим тенги йигитга "ака” деб мурожат қилиш менга анча эриш туюлган бўлсада мен ҳам унга қори ака дейдиган бўлдим. Унинг билан мулоқат давомида Қуръондаги фақат 2-3 тагина кичик суралар ва 3-4 та оятларнигина ёд билиши, бироқ уларнингда маъносини билмаслиги бу "Қори” тўғрисидаги аввалги фикрларимни тўзғитиб юборди. 
     Менингда исломга ва Имом Бухорий, Ал-Хоразмий, Фироғий, Ал-Мотрудий,  Навоий, Ал-Фаробий, Ибн Сино, Аз-Замахшарий, Беруний, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби алломоларга эътиқодим бениҳоя эканлиги, Нақшбандия тариқати муриди сифатида ибодатлар қилишимни, "Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, "Ҳадиси шариф ўгитлари” каби рисолалар ёзганим, тасаввуф ва тариқат борасида ҳам қатор мақолалар эълон қилганимни айтиб балога қолдим. 
         Менинг шариату-тариқатдаги барча ибодату-риёзатларим соф ислом бўйича эмаслиги боис ботил эканлиги, чунки мен эътиқод қилган юқоридаги алломаларнинг барчаси тўғри  ислом (йўл)да   бўлмаганлиги, мен улуғ авлиёлар деб эътиқод қилган зотларнинг эса давомли ибодат ва риёзат таъсирида мияси айниганлар бўлгани, тўғри йўл(ислом)да фақат вахобий-ҳизбутчилар экани ва бу Расулилоҳнинг "Исломдаги 73 фирқадан фақат биттаси тўғри йўлда, қолгани ботилдир” дегани билан собитдир, деганидан кейин унинг Қуръон ва ҳадисни ўзича тафсир қилиб фатво чиқаришидан ва айнан шундай жоҳиллар террорист бўлиб исломга путур етказаётганини билганим боис юрагим орқамга тортиб кетди.
        "Энди ҳозирги лидерман деб юрганларни айтсак”, дея давом қилди Қори ака, Муҳаммад Солиҳ яхши шоир бўлгани билан диний томонидан камсавод. Акс ҳолда ҳақиқий ислом бизнинг йўлимиз эканлигини тушиниб бизга эргашган  бўларди. Абдураҳим Пўлатовни катта олим дейишади. Соқол қўйгани яхшикуя, бироқ қип-қизил даҳрий-коммунист. Қасамхўр Каримов дегани аферист ва ғирт кофир. Уни ўлдирган ғозий сифатида жаннатга бесўроқ киради. Шу боис биз бошчилигимизда бутун ислом аҳли унга қарши жиҳод эълон қилганмиз.
     Биласиз-а, Қуръон тиловат қилишда ёки Аллоҳдан бирон нарса сўраб дуо қилишда "Аузибиллаҳи минаш-Шайтонир-рожийим, Бисмилаҳир-Роҳманир-Роҳийим” деб бошланади. Биз ислом аҳли анча йиллардан буён Қуръон тиловати ёки дуо қилишда: "Аузибиллаҳи мина Ислом Карими-рожийим, Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийим” деб бошлаймиз. Шундай дуо қилиш лозимлигини бошқа ислом аҳлигада етказинг. Кўпнинг дуоси ижобат бўғусидир, дейилган. Қуръонда "Менга дуо қилинглар, сизларга ижобат қиламан” деган ваъдаси бор Аллоҳнинг. Шубҳасизки У ваъдасига вафо қигувчидар. 
       Қори аканинг бундай маъруза ва тавсияларидан кейин мен ундан ҳадиксираб қочишга бахона ва жой қидира бошладим. Яхшиямки шу пайтда Ўзбекистонга кетадиган поездга йўловчилар чиқариш бошланганини эълон қилиб қолди. У кичкина бир ишора қилганди, ёнига иккитаси югуриб келишди ва "Хизмат қори ака”, дейишди. Ўзбекистоннинг поездига билет қанча турар экан? деб сўради, ўзи билсада. Билет нархи палон сўм, харажати (шапкаси) билан палон сўмга тушади, дейишди улар.  
      Биз иймонли ва ҳожатбарор бўлганимиз учун, айниқса сиздай ҳожи ватандошлардан шапкасини олмаймиз. Фақат билетнинг пулини беринг, поездга ўтқазиб кузатиб қўямиз, деди. Мен хурсанд бўла-бўла айтган пулини бердим. Мени вагоннинг олдига олиб келди, проводник йигит "Хизмат қори ака” деб унга тавозе билан  пешвоз чиқди. Амаки Тошкентга борарканлар, ҳожи ҳам эканлар. Яхши купедан жой бериб, чой-сувига қараб боринглар, деб топширди ва биз хайирлашдик. 
       Проводник (номи эсимда йўқ) Наманганлик бўлиб анча хушфел кўринди. Сухбат асносида унга: "Жума Намангоний, Тохир Йўлдошлар юртидан экансизда” десам, амаки уларнинг номини таҳоратсиз тилга олиб бўлмайди, Сайфиллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) рутбасидаги зот улар, деб дакки ҳам эшитдим. 
        Нафақат ҳожи ва шунингдек қори акамизнинг меҳмони ҳам экансиз, шунинг учун сиздан шапкасинида олсак бўлмас, фақат билетнинг нархини беринг, кейинги станциядан билет сотиб оламиз, деди. Бундан менинг капалагим учиб кетди ва: "Қори акага берганман билетнинг пулини, Худо шоҳид”, дедим. У бўлса: "Бу давлатнинг поезди, биз эса давлат ишидамиз. Сизни билетсиз олиб кета олмайман, соат сайин текширишади. Шу боис поезд тўхтаган заҳоти тушингда қори акангиздан билетни олиб келинг”, деди жиддий оҳангда.  
        Мен ноилож билетнинг пулини бердим. Бир соат ҳам ўтмай ҳовлиқиб келдида: "Станцияда билет сотмади, билетсиз кетадиган бўлдингиз. Текшириб келишаяпти, уларнинг оғзини ёпиш учун 10-15 минг бермасангиз поезддан тушириб юборишади”, деб пул олиб кетди. Ва шу тариқа Тошкентга боргунча текширувчиларга бериш учун деявериб билет учун олганидан ҳам кўпроқ пулимни олди. 
         Чимкентдан ўтиб Ўзбекистоннинг чегарасига яқинлашганда "Тошкентда қаттиқ текшираяпти экан, шу ердан таксида кетасизлар. Бу ердагилар ҳам ўзимизнинг жамоадан, барчаси ҳожатбарор одамлар, сизларни кутишаяпти” деб барча билетсизларни поезддан туширишди. 
         Поезд жўнар-жўнамас бир гала "Ҳожатбарор” қозоқ полициячию-рэкетчилар ёпирилиб келиб: "Қани билетинг, билетинг бўлмаса визангни кўрсат, у ҳам бўлмаса жарима тўла, акс ҳола шешенгди кўресен” дейишиб ёнимиздаги бор-йўқ пулимизнида тортиб олишди. 
        Агар палакнинг гардиши тескари айланиб шу ("ҳожатбарор” вахобий-ҳизбутчи)лар қудратга келиб қолса, шундоғ ҳам жабрдийда Ўзбекистон ҳалқи онасини уч қўғондан кўриб нафақат Советлар, ҳатто ҳозирги даврнида қўмсашлари турган гап, деган ҳаёл билан мардикорликга кетиш учун пенияга қарз олган пулларнида сарфлаб, пати юлинган товуқдай шип-шийдон ҳолда кириб келдим уйга.
         Мардикорликга кетганлардан кўпларининг жасади келаётганидан хабардор оила аъзоларим ва яқинларим менинг тирик келганимдан бошлари осмонга етишди...

           Ўзбекистон  Миллий Хафсизлик Хизмати(МХХ)га мурожат

        Россиядан қайтиб келганимдан кейин, айрим дўстларнинг: "Ўзбекистонда ҳамма нарсани ҳал қиладиган ягона ташкилот – бу МХХ, бошқалари бир чақа”, деб берган  маслаҳатлари асосида маслаҳат ва ёрдам сўраб мамлакат миллий хафсизлик хизматига ариза билан мурожат қилдим. Қуйида ўша ариза айнан келтирилади.

Ўзбекистон Республикаси Миллий Хафсизлик
Хизмати бошлиғи  муҳтарам Рустам Иноятовга
Ўзбекистон фуқороси А.Х.Хоразмийдан

А р и з а
         Ҳаётимннг кейинги ўн йили адолатсизликлар жабрини чекиш билан ўтаяпти. 2002 йилгача ҳаётим "Илмга бахшида умр” номли мемуар китобим(1-илова)да, Президент қабулхонасига ёзилган ариза(2-илова)да, ЎзҚХИИЧМга ёзган жавоб хатим (3-илова)да, "Қисмат” номли китобим(4-илова)да баён қилинган.
       2002-2005 йиллар давомида адолатни тиклаш учун қилган ҳаракатларим 5,6,7,8,9,10,11 – иловаларда баён қилинган. Булар наф бермагач бош прокурорга ариза билан мурожат қилдим ва плакат кўтариб шаҳар ҳокимияти олдига пикетга чиқдик (12-илова).
       14-март, кеч соат 9 ларда ўзларини ҳокимиятдан, деб таништирган (аслида сизнинг ходимларингиз бўлган) иккита йигит уйга келиб таҳдид қилди. Шундан кейин ёрдам сўраб БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссарига интернет орқали мурожат қилдим (13, 14-иловалар), ҳамда "Озодлик” радиоси орқали чиқиш қлдим. Ва шунингдек кўп йиллардан буён тупроғимиз экологияси ва унумдорлигини яхшилаш борасида тадқиқот ва кураш олиб бормоқдаман (18,19,20 –иловалар). 
         Буюк Британия тасарруфидаги IWPR  ташкилотининг Ўзбекистондаги вакили, таниқли Ўзбекистон журналисти  Г.Бухорбоева ташкил қилган конференция ва суҳбатларда иштирок қилдим. Сиёсатчи ёки мухолифатчи эмасман. Мени сиёсат эмас, илм-фан, ватаним ва ҳалқимнинг муаммоларини ечиш қизиқтиради. Бироқ менинг барча ҳаракатларим зое кетаяпти, ҳозирда ҳам ишсизман.
          Ҳеч нарсани яширмасдан, барча маълумотларни юбораяпман. Мақсадим буларни ўрганиб менга маслаҳат ва ёрдам берсангизлар. Бутун умримни  илм, фан, Ватаним ва ҳалқим манфатлари йўлига бахшида қилсаму, ҳеч ким менинг арзимни тингламаса. Менинг хатойим (ёки айбим) қаерда?! Яна кимга мурожат қилай, нима қилсам адолатни топа оламан?!

Иловалар рўйхати:
1- Илмга бахшида умр. Мемуар. Урганч-2001.
2- Президент қабулхонасига юборилган ариза.
3- ЎзҚХИИЧМ хатига ёзилган жавоб хати.
4- "Қимат” Китоб. Хоразм-2002.
5- Олий мажлис депутатига ёзилган хат.
6- Президентга ёзилган ариза.
7,8 – Президентга ёзилган очиқ хатлар.
9- Элчихоналарга ёзилган хат.
10,11 – Франция ва Германия элчиларидан келган хатлар.
12 – Пикетдаги суратлар.
13,14 – БМТ нинг олий комиссарига ёзилган хатлар.
15,16 – Тупрқ экологиясини яхшилаш бўйича Президентга қилинган мурожатлар.
17,18 – Олимларга очиқ мурожат.
19 – IWPR прес-конференцияси материаллари.
20 – "Вакил” номли китоб. Хоразм-1999.


Эхтиром ва охирги умид билан А.Х.Хоразмий
   29.04.2005  (имзо)

           Бу материаллар (ариза ва иловалар)ни ҳам аввалги турли ташкилотларга юборилган хатлар каби, махсус конвертда, Тошкент шахар бош Почтампидан "Заказной с уведомлением”  қилиб юбордим. 2005, 6-майда мен юборган бу ариза (материаллар) МХХга шахсан топширилган ҳақида уведомленияни олдим.
         Бу ариза бориб тушганидан кейин менга тегишли жавоб ёзиш ёки ёрдам бериш ўрнига МХХнинг махсус ходимлари бизни кузатишларини янада кучайтиришди, маҳалла комитетига ҳам келиб мени қаттиқ кузатиб назоратда тутишларини топширган. 
         Маҳалла кўмитаси раиси Нуриддин ака олим эканлиги ва мен билан аввалдан яхши муносабатда эканлиги (унинг маҳаллага раис бўлишида катта роль ўйнаганман) ва энг асосийси МХХдан кўп азият чеккани учун МХХни ёмон кўриши боис Ҳукумат ва МХХ томонидан менга қарши бўлаётган ҳамма нарсани (ҳатто Ангилияга кетганимдан кейин ҳам) менга етказиб турарди. 
         Алал оқибат маҳалладан олинган хабарларга қараганда, 2009 йил "Уксус ичиб ўз жонига қасд”, қилди деган бахонада таниқли олим ва жамоат фаоли  Нуриддин ака МХХ томонидан йўқ қилинади.

(давоми кейинги, 3-сонида)
                    
Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2013-06-20)
Просмотров: 1769 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0