Ахмад ҳожи Хоразмий
"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)
(давоми-3)
2.5. Тошкент Агро-тижорат коллежида.
Москвадан қайтиб келиб маслахат ва ёрдам сўраб СНБга хат ёздим. Бу хатимга 20 та ҳужжату-китобларимни илова қилдим. Улардан жавоб бўлмагач иш қидира бошладим.
2005 йил майда Полвон Қаландаровни учратиб бирон иш топиш масаласида ёрдам сўрадим. У мени УрДУнинг собиқ проректори профессор Шермат Норимовнинг олдига малака ошириш институтига юборди. У бечора ҳам аттестациядан ўтаолмай хуноб бўлиб юрган экан.
Сурат-13. Тошкент Агро-тижорат коллежи Агрономия бўлими ходимлари Коллеж олдида, 2005
Бу ердан иш битмагач Полвон мени Тошкент шаҳар касб ҳунар таълими бошқармасида спорт бўлими бошлиғи Сапарбой билан таништирди ва у Тошкент Агро-тижорат касб ҳунар коллежи директори Муртозоев Бобониёз Чўлиевичга телефон қилиб, иш масаласида унга учрашишимни маслаҳат берди.
Коллеж директори 45 ёшларидаги, яқиндагина иқтисодиёт бўйича докторликни ҳимоя қилган Қашқадарёлик йигит экан, мени яхши кутиб олди. Ҳужжатларим ва фаолиятим билан қисқагина танишгач, бу даражадаги олимнинг коллежга келаётганидан бир томонидан хурсанд бўлаётган бўлса, иккинчи томонидан ҳайрон эканлигини айтди. Мен унга ТошДУга қатнаш узоқлик қилаётганини айтдим. Лекин асосий сабаб бўлмиш Ҳукумат билан чиқиша олмаётганим ҳақида гапирмадим.
Директор бу ерда биронта саводлироқ ходим йўқлигидан, шу боис барча ташкилий ва ўқув ишлари чала-чулпа эканлигидан нолиди ва менга катта умид билдираётганини айтди. 2 – майдан мени коллежнинг услубиётчиси лавозимига 0,5 ставкага ишга олди. Маошим 17,5 минг сўм эди. Шунинг топилганига ҳам шукур қилдим.
Сурат-14 . Декан – проф А. Хоразмий (ўртада) ўқитувчи ва талабалар билан
Бўлим ва кафедралар номи, структураси ва функциялари ҳам пала-партиш эди. Ҳар бир курсга битта бўлим (деканат) эди. Битта бўлимнинг номи "Агротехнология” деб номланиб унга рус тили ўқитувчиси Зиёда Исломова декан бўлган ва у "Агротехнология” сўзининг маъносинида билмас экан.
Инженер-технолог, доцент Асқар ака Мирзаев агротехника кафедрасига мудир бўлиб унга механизация, деҳқон-фермар хўжалиги, агрономия, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва стандартлаштириш, ер тузиш ва кадастр, чорвачилик, экология каби мутахасиссликлар кирар экан. Мирзаев ҳам агротехника сўзининг маъносини "Аграрная техника” деб тушинар экан.
Мен коллеж структурасини қайтадан ишлаб чиқдим. Бўлим(факултет)ни курс бўйича эмас, мутахасислик йўналиши бўйича туздим. Натижада коллежда 2 та бўлим (факултет): Агрономия ва Агроиқтисодиёт бўлим(факултет)ини тузиб уларга низом ҳам ёздим.
Коллежда жисмоний тарбия ва ЁЧТ, табий (физика, кимё, биология, математика ...)фанлар, тиллар ва миллий истиқлол ғояси каби умумтаълим фанлари кафедралари, ҳамда иқтисодиёт, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш ва стандартлаштириш, деҳқончилик каби мутахасислик кафедралари ташкил қилинди ва уларнинг низомини ҳам ёздим.
Сурат-15. Хоразмий рахбарлигидаги тажрибаларда
Мен ёзган низомлар ва коллежнинг мен таклиф қилган структураси катта илмий-педагогик кенгашда тасдиқланди ва шу кенгаш(август)да мени агрономия бўлимига декан этиб сайлашди. Катта бўлим бошлиғи (декани) ва ўқитувчи (профессор) бўлиб кунига 10-12 соат тиним билмай ишласамда ойлик маошим 54-56 минг сўм (25-30 доллар)дан ошмасди (Сурат-18).
Бизнинг (агрономия) бўлим 4-қаватда жойлашди (Сурат-14). Деканат учун 2-та хона ажратилди. Биттаси (406)да менинг муовиним Шухрат Шодмонқулов ва иккинчи каттаси(423)да мен ва секретарим (Шарофат Розиқова) жойлашдик.
Қ-Х маҳсулотлаини қайта ишлаш ва стандартлаштириш кафедраси (8 та ўқитувчи)га А.Мирзаевни, деҳқончилик кафедраси(10 та ўқитувчи)га Бекмурот Тожиевни кейин эса Дилфузани мудир қилдик.
Сурат-16 . Проф. А Хоразмий раислигидаги Илмий Кенгаш
Коллежнинг олдида боскедбол ва волейбол плошадкасининг чап томонида ташландиқ ҳолда ётган сал кам 0,5 гектар майдонни шахсан ўзим (ўз ёнимдан) обод қилиб, унга турли хил илмий дала тажрибаларини жойлаштириб, келажакда боғ қилиш режаи билан, директорга таклиф билан чиқдим. Директор бу таклифни қўллаб-қуватлади ва бу яратилажак боғни Хоразмий боғи деб аталишини эълон қилди.
Ўз ҳисобимдан булдозер келтириб 11-октябрда қуриган дарахтларни олиб ташладим, далани анча текисладим, ахлатлардан тозаладим. 17-октябрда 2 та трактор келтириб ҳайдатиб чизеллатдим. 21 октябрда сувғориладиган ва сувғолилмайдиган шароитда 2 хил кузги буғдой нави билан ҳар биттаси 4 та вариантда ва 4 қайтарилишда тажриба қўйдик (Сурат-15).
Сурат-17. Коллеж тафсифномаси
Бу тажриба майдонининг ўнг томонига беда чап томонига ғўза ва бошқа донли-дуккаклилар, орқа томонига маккажўхори, оқ жўхори билан олиб бориладиган тажрибалар баҳорга режалаштирилди. Агрономия факултети турли хил ёзувлар "Бўлим фаолиятидан лавҳалар” каби стендлар билан безатилди. Булар билан боғлиқ барча харажатларга менинг бу ердаги олаётган ойлигим етмас шу боис байрам ва дам олиш кунлари мардикорлик қилиб топган маблағим ҳисобига қопланарди. Ўрни келганида айтсам ўзим декан бўлсамда вилоятдан келган талабалар билан ҳафтада 2-3 кун Ўрикзор бозорида кечаси 3 дан эрталаб 6 гача юк тушириб мардикорлик ҳам қилардим.
Бир сўз билан айтганда агрономия бўлимидаги ташкилий, маънавий, ўқув-педагогик ва илмий тадқиқот ишлари кун сайин ривожланиб борарди. Бу ишлар билан бир қаторда деярли кунаро коллежда (иш кабинетимда) ётиб қолиб ишлашим эвазига 40-50 босма табоқ ҳажмга эга бўладиган "Фермер деҳқончилиги” номли дарсликнинг 150 бетдан ошиқ қисмини ёзиб улгурган эдим. Британия элчихонасига тағдим қилинган ҳужжатлар ичида берилган тафсифномада ҳам менинг фаолиятимга тегишли баҳо берилган (Сурат-17).
Сурат-18 . Проф. А.Хоразмийнинг маоши ҳақида
Октябрь ойининг ўрталарига келиб директор мени ишдан бўшаётган Фарида Пирохунованинг ўрнига директорнинг фан ва амалиёт бўйича ўринбосари лавозимини эгаллашга рози қилди. Ваҳоланки мамлакат коллежларининг ҳеч бирида профессор бўлим декани ёки директор ўринбосари (методистликни айтмасак ҳам бўлади) лавозимига рози бўлмаган. Лекин бу ўринга кутилмаганда ҳеч қандай унвони бўлмаган, Фатхуллаева деган пенционер аёл келди.
Директор эса иложи борича мендан қочиб юришга ҳаракат қиларди. Мени яна қандайдир кўнгилсизликлар кутаётганини сезардим. Ва ниҳоят 2005 йил 31-октябрь, душанба куни мени коллеж директори проф. Б Муртозоев хонасига чақириб Лондонда бўладиган ҳалқаро илмий конференцияга оқ йўл тилаб хайрлашаётиб: "Домла хабарингиз бор, менинг прократурада, СНБда, ҳатто энг юқорида ҳам яқин танишларим бор. Сиз тўғрингизда жиддий, ҳатто совуқ кўрсатмалар бор. Шу боис иложи бўлса конференциядан кейин маълум муддат ўша ёқда қолсангиз бўларди. Мен айтган бу маълумотнинг ошкор бўлиши нафақат менинг ишдан кетишим, ҳатто ҳаётимни ҳам хаф остига қўйишини тушинишингизни истардим”, деди.
Сурат- 19. Лондонга хизмат сафари ҳужжатИ
Маълум бўлишича мени коллеж директори ўринбосари лавозимига Тошкент шаҳар лицей ва коллежлар бошқармаси жон деб рози бўлган ва буйруқ таёрлаган пайтида юқори (Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги)дан мени энг юқорининг кўрсатмаси бўйича нафақат бўлим деканлигидан, ҳатто коллеж оддий ўқитувчилигидан ҳам зудлик билан бўшатиш топширилган. Бу топшириқ тезда бажарилмаса бошқарма раҳбарияти қаттиқ жазоланиши, директор эса ишдан кетиши уқтирилган экан...
III - Боб
Буюк Британия(мухожирлик)даги ҳаёт
3.1 Лондондаги Ҳалқаро конференцияда.
Аввал Ўзбекистондаги СОРС фонди раҳбари бўлиб ишлаган, ҳозирда Очиқ жамиятлар институтининг Лондондаги ходими Алишер Илхомовдан 2005 йил 31-мартда О.Ариповга "Собшения для проф. Хоразмий” номи билан хат келиб тушади. Унда менинг агрохимикатларнинг биосфера (асосан тупроқ) экологиясини ёмонлаштираётгани ва уни бартараф қилиш йўллари борасидаги илмий адабиётларда ва айниқса кейинги вақтларда интернет сайтларидаги кескин чиқишларим уларга маълум бўлаётгани, ноябрда Лондон Университетида пахтачилик бўйича ҳақаро илмий конференция бўлиши ва унда маъруза билан қатнашишга мени ҳам таклиф қилишган.
Сурат- 20. Лондон конферецияси программаси
Лондон Университети таклифига биноан Ўзбекистондан мен – пахтичиликда ишлатилаётган агрохимикатларнинг экологик муаммолари мавзусида, Мавлюда Куликова – пахта экспортидаги ҳуқуқий масалалар, Тошпўлат Йўлдошев – Ўзбекистон пахта саноатидаги ахвол, Искандар Абдуллаев – пахтачиликдаги сув муаммолари бўйича, Санжар Жалолов – Ўзбекистон пахта саноатидаги ахвол, Аъло Хўжаев – меҳмон сифатида қатнашиш учун 2005 йил, 1-ноябрь, соат 5:30да Airways British компаниясининг самолётида (Ереван орқали) сал кам 9 соатда Лондондаги Хитроу аэропортига кун ботишдан сал олдинроқ келиб тушдик.
Бизни Лондон марказидаги "Тависток” (Hotel Tavistock, Tavistock Square, London, WC1H 9EU) меҳмонхонасига жойлаштиришди. Бу меҳмонхона Лондон Университетининг SOAS бўлими (конференция бўладиган жой) яқинида жойлашган экан. Конференция 3-4 ноябрда бўлиб ўтди (Сурат-20). Унда жахон пахтачилиги муаммоси бўйича кўплаган мамлакатлар (АҚШ, Марказий Осиё давлатлари, Бртания, Африка давлатлари, Италия, Германия, Франция, ва бошқалар) олим ва мутахасислари маъруза билан қатнашдилар. Маърузалар юзасидан кўплаган савол-жавоб ва кескин тортишувлар бўлиб ўтди.
Сурат-21. Конференциянинг Ўрта Осиё ва АҚШлик иштирокчилари
Мен конференциянинг охирги куни (4-ноябрь)да рус тилида (Влияния агрохимикатов на свойства лугови почв и эффективность удобрения хлопчатника) "Агрохимикатларрнинг ўтлоқ тупроқлар хоссаларига ва пахтани ўғитлаш самарадорлигига таъсири” мавзусида маъруза қилдим (Сурат-20).
Маърузадаги кўргазмали материаллар рус ва инглиз тилларида маърузанинг бориш тартиби бўйича намойиш қилиб борилди ва у қуйидагича ёртилди:
Киршда тадқиқот ва маърузанинг мақсади ва вазифаси баён қилиниб Ўзбекистонда етиштиралиётган қ/х маҳсулотларининг 70-90% гача бўлган миқдори агрохимикатлар қўллаш эвазига олиниши қайд қилинади.
Ҳосилдорлик ва рентабилликда бундан 80 йил один пахтадан агрохимикатларсиз гектарига ўртача 6-8 центнер ҳосил олинган бўлсада у деҳқонларга фойда келтирган. Ҳозир эса агрохимикатлар таъсирида ҳосилдорлик 5-6 баравар ошган бўлсада бу маҳсулотни етиштириш учун сарфланаётган харажатлар улар келтираётган даромаддан кўпинча кўп бўлаётгани учун фермерлар ва деҳқонлар қарздор бўлиб қолаётгани баён қилинади.
Ўзбекистонда қўлланилаётган асосий агрохимикатларда бу агрохимикатлар бутун жахонда қўлланилаётгани, лекин у кўп давлатларда оқилона (оз миқдорда) қўлланилаётгани, Ўзбекистонда эса унинг акси эканлигидан биосфера экологияси йилдан-йилга ёмонлашиб бораётгани кўрсатилади.
Ҳосилдорлик орқасидан қувиб бўлимида 1980 йилларга келиб Коммунистик Партиянинг: "Қишлоқ хўжалигида Америкадан ўзиб кетиш” сиёсати асосидаги "План-қонун, мажбурият – шарафдир!”, шиори остида агрохимикатларнинг бирнеча баравар кўп қўлланилиши ва 20-30% қўшиб ёзиш натижасида айрим даладаги пахта ҳосилдорлиги 60-65 центнерга, Хоразм бўйича эса 42 центнергача етган. Натижада биосфера экологияси ва статистик маълумотлар расво ахволга келганлиги кўрсатилади.
Пестицидлар бўлимида уларнинг энг хафли агрохимикат эканлиги кўрсатилиб улар Ўзбекистонда, айниқса Хоразмда катта миқдорда қўлланилгани қайд қилинади. Натижада Ўзбекистон тупроқларида пестицидлар миқдори ўртача 0,72 кг/га, Хоразм тупроқларида эса 1,36 кг/га ни ташкил қилиши кўрсатилади. 1965-70 йилларда Хоразмда пестицид сепган рус учувчиси билан бўлган эпизод ҳам келтирилади (Сурат-23). Натижада Хоразм воҳаси ҳалқи касаллик бўйича нафақат ўзбекистонда, СНГ (СССР)да ҳам биринчи ўринни эгаллаб тургани баён қилинади.
Агрохимикатларнинг асоссиз қўлланилиши бўлимида 8 йиллик тадқиқот маълумотлари асосида узоқ йиллар кўплаган миқдорда агрохимикатлар қўлланилган тупроқларда гумус миқдори 5,7 – 10,2% га камайиши, оғир металл ва пестицидлар миқдори 2-3 баравар ошиши, макро ва микро организмлар миқдори 2-3 баравар камайиши баён қилинади. Бундай тупоқларни деҳқонлар: "Наркоман” (Банги) тупоқлар деб атаётгани ва бу ҳалокатнинг бошланиши деб ҳисоблаш лозимлиги қайд қилинади.
Хулоса ва тавсияларда ривожланган давлатлар аллақачон агрохимикатлардан воз кечиб ҳосилдорликни оширишнинг биологик усулига ўтишаётгани, Ўзбекистонда эса бундай фикрдаги олимларни амалдор сиёсатчилар "Ҳалқ душманлари”га чиқаришаётгани далиллар билан кўрсатилади.
Сурат-22 . Конференциянинг Ўзбекистонлик иштирокчилари: А.Хоразмий, Т.Йўлдошев, А.Хўжаев. 2005-Лондон
Менинг кўп йиллик илмий-тадқиқот материаллари асосидаги бу маърузамга қарсаклар ҳам чалиниб турди. Савол-жавоб ва тортишувлар кескин бўлди. Конференция ташкилотчиси – Дениз Кондийоти ўзининг якунловчи сўзида менинг маърузамга жуда юқори баҳо бериб уни пропоганда қилишни таклиф қилди.
Конференция ташкилотчилари ва айниқса Хюман Райтс Вотчнинг Ўрта Осиё бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Америкалик Касандранинг таклифига биноан менинг маърузам ва фаолиятим бўйича хусусий телестудияда 5 ноябрь соат 12 дан 2 гача (Halliott) интервью олишди. Ва бу материалдан асосан Ўзбекистон аграр сиёсати ва пахтачилиги борасида таёрланаётган ҳужжатли филмда фойдаланишни таъкидлаб, бу интерьвю ББС, СНН телеканалларида кўрсатилди.
3.2. Сиёсий бошпана сўраб
Менинг конференциядаги бу докладимдан кейин конференция қатнашчиларининг кўпчилиги менинг Ўзбекистонга қайтишим хафли эканлигини қайд қилишиб маълум муддатга сиёсий бошпана сўрашни маслаҳат беришди.
Мен бу таклифни 3 кун тинимсиз, ҳар томонлама ўйладим. Айниқса кейинги салкам 10 йил давомида вилоят ва мамлакат раҳбариятидан кўрган хўрликларимни тахлил қилдим ва турли хил одамлар билан қайта-қайта фикрлашдим. Ва ниҳоят ҳукуматнинг мени ҳатто коллежда ҳам ишлагани қўймаётганини ҳисобга олиб, Ўзбекистондаги сиёсий ахвол яхши томонга ўзгаргунича (1-2 йил) Ватанга қайтмай туришни маъқул деб билдим ва Британия ҳукуматига сиёсий бошпана сўраб мурожат қилишга қарор қилдим.
2005 йил 8-ноябрь эрталаб соат 10 ларда мен ББС радиосининг мухбири, Наманганлик Пахлавон Содиқ (Сурат-24) ёрдамида Буюк Британия ички ишлар вазирлиги (Home Ofice)га келиб сиёсий бошпана сўраб мурожат қилдим.
Бу ерда бошпана сўраётган қочоқлар тўлиб-тошиб ётарди, лекин СНГ давлатларидан 3 кун ичида ББСда ишлаган Андижонлик Иродадан бўлак ҳечкмни учратмадим. Қочоқлар асосан курдлар ва Африкаликлардан иборат эди.
Сурат-25 . Буюк Британия ИИВ ( Home Office)
8 ноябрь куни паспортимни вақтинча олиб қўйишди ва "Скриннинг” деб номланадиган интервью олишди. Бунда Британияга қандай келганим ва шахсим тўғрисида соатлаб рус тилмочи ёрдамида, турли хил хона (окошка)ларда саво-жавоблар бўлиб ўтди.
Шу куни кечаси 40-50 тача қочоқни автобусда мамлакатнинг жанубидаги кемпингларнинг ҳар биттасига 10-12 тадан жойлаштиришди. Биз Довер шахридаги (Cliffe Court Hotel, Dover, CT16 1LW) Kлиф Коурт мехмонхонасига жойлашдик. Ҳар бир хонада 2 қаватли кароватда 4-6 кишидан жойлашдик. Транспорт, бошпана, овқатни текин берар экан. Эртасига "Migrant Helpline”га обориб рўйхатдан ўтказишди ва саво-жавоблар бўлди.
2-3 тамизни 10 ноябрь эрталаб соат 6 да автобус келиб Лондон (Home Ofice)га олиб кетди. Нарсаларимиз (сумка) Доверда қолди. Бу ерда 2 кун давомида турли хил савол-жавоблар, интервьюлар бўлиб ўтди. Бир хонада суратга туширишди ва бармоқ изларимни олишди ва 10 ноябрда IFB 05/051076/a номерли Aplication Registration Card (ARS) деб номланадиган ҳужжатни беришди.
Эртасига бошқа бир хонага кириб Home Office нинг 2 та аёл офицери тилмоч ёрдамида интервью олишди. Бундаги савол-жавоблар менинг шахсиятим ва асосан сиёсий бошпана сўрашим сабаблари тўғрисида бўлиб ўтди. Бу ярим соатлик интервьюни магнитофон лентасига ёзиб уни мен билан биргаликда имзолаб муҳрлашди. 11 ноябрь кеч соат 16 ларда бу 2 та офицер аёл тилмоч ёрдамида мени бошқа бир кичкина хонага киритиб мени нотўғри кўрсатма берганликда ва бунинг устига паспортим ҳам сохта эканликда айблашди (кейин маълум бўлишича қамаш учун асос топиша олмай ёлғон гапиришар экан) ва менинг қамоққа олинганимни эълон қилишди.
Мен эса улар ноҳақ қилишаётганини айтиб норозилик билдирдим, фойдаси бўлмади. Мени бирнеча эркак полициячилар оёқ кийиму, уст кийимларимни синчкилаб тинтишди, камарим ва галстугимни ечиб олишди, барча ҳужжатларимни олиб пакетга солиб муҳрлашди. Кейин битта камерага келтириб қамашди. Бир пастдан кейин шу камерага яна битта йигит 3 та аёлни ҳам олиб келишди. Булар ичида Андижонлик Ирода ва 2-3 кун бирга интервьюда қатнашган хитойлик Бо-бо исмли қиз ҳам бор эди. Ирода бўлса: "Жуда тарихий воқеа бўлди-да, профессор билан камерадош бўлдик”, деб куларди қизи тушмагур.
Шундай қилиб 11-ноябрь жума куни соат 6-7 ларда бизни бошқа, аёлларни бошқа машинада турмага олиб кетишди. Биз Хитроу аэропорти яқинидаги "Сентр перемишения” (Colnbrook Immigration Removal Centre, Colnbrook Bypass, Harmondsworth, West Drayton, Middlesex, UB7 0FX) деб номланадиган турмага келдик (Сурат-26). Бу ерда кийимларимизни ечиб олиб қора рангдаги кийимлар беришди ва битта кружка билан суратим туширилган 52158 номерли (бу менинг махбус сифатидаги номерим экан) визит карточкага ўхшаш ҳужжат ва гугурт қутисидай келадиган электрон датчик беришди. Бу датчик доимо ёнингда бўлиши керак. Чунки ётишинг, юриш-туришинг, қаёққа боришинг шу датчик орқали бошқарилар экан.
Бу ердаги савол-жавобларда роса қийналдим. Чунки мен бир оғиз ҳам инглизча билмасдим булар эса бошқа бирон тилни билмас экан. Вақт кеч соат 22 дан ошганлиги учун тилмочлар ҳам йўқ экан. Иш қилиб ёшгина офицер қизча билан соқовчасига гаплашиб ҳужжатларни тўлдирдик.
Мени DА деб аталадиган блокдаги 3 қаватдаги DА 302 номерли хонага киритишди. Бу хонада 24 ёшларидаги курд миллатига мансуб Туркиялик Хасан исмли йигит билан бирга яшадик.
У туркчани билганги учун бу ердаги шароитларнинг анчасини ундан сўраб ўргандим. Бу ердаги махбуслар асосан 20-40 ёшларидаги иш излаб қочиб келган ва қўлга тушиб қолган бомш ажнабийлар эди.
Тан олиб айтиш керакки, бу турмадаги шароит Ўзбекистоннинг курортларидан ҳам ортиғроқ эди. Ҳар бир хонада жаҳоннинг исталган жойи билан гаплашиш мумкин бўлган телефон, рангли телевизор ва видиомагнитофон муҳаё эди.
Мебелларнинг сифатю, ҳавосининг тoзалигидан дилинг яйрайди. Кунига 4 маҳал бериладиган овқат эса буюртмангиз бўйича берилади. Спорт, турли хил кўнгил очар тўгараклар, ўқиш хоналари ва масжидлар бу ердагилар ихтиёрида. Ёнингдаги пулинг билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Турманинг ичида турли хил магазинлар тўла. Кунига салкам бир фунт (майда харажатлар учун) пул ҳам беради. Турма ходимларининг муомуласи жуда яхши. Тутқунликда эканингни ҳисобга олмаса идеал бир шароит.
Айтишларига қараганда кўп йиллик муддатга қамаладиган турмаларда шароит бундан ҳам зўрроқ эмиш. Беихтиёр ўйлайди киши, агар шундай турма Ўзбекистонда бўлса энг обрўли, мансабдор ва бадавлвт одамлар катта миқдорда пора бериб қамалардилар.
14 ноябр, душанба куни асли Ҳиндистонлик, лекин Британия фуқороси бўлган 30 ёшларидаги қиз Варша Пател (Varsha Patel) агар рози бўлсам менга адвoкат бўлажагини айтди ва шартномага қўл қўйдим. Мен билан суҳбатлашиб қоғозларим билан танишди ва уларни олиб қолди.
Эртасига соат 14:40да асосий ва катта интервью Home Office офисери Mrs N Silverthone тилмоч М.Климачвили билан адвокат иштирогида бошланди. Интервью 4 соатдан кўпроқ давом қилган бўлсада тугамади ва эртасига – 16 ноябрда 10:15дан тушгача давом қилди.
Бунда сиёсий бошпана сўрашга сабаб бўлган барча икир-чикирлар 153 та саво-жавобда бўлиб ўтди. Саво-жавоб протоколи 26 бетни ташкил қилди. Суҳбат сўнгида Офисер адвокатга юзланиб: "Бу иш тезлаштирилган формада эмас, нормал формада кўриб чиқилишига розимиз”, деб тан олди. Бу эса мен берган жавоблардан қониқиш натижаси экан ва биз судга таёрланабошладик.
Cурат- 26 . Лондондаги тутқунларни сақлаш (турма) жойи
Мени бу ердан 17 ноябрь кеч соат 7 ларда чиқариб юборишди ва Хитро аэропорти 2-терминалдаги қисқа вақтга жойлаштириш бўйича бюросига юборишди. У ердан эса бир кеча тунаш учун Лондон четидаги кичкина бир хсусий мехмонхонага жўнатишди. Эрталаб бу ердан менга ўхшаган 4-5 тасини Манчестернинг Салфорд шаҳарчасига келтиришди.
Мен ва Али Амин Борхуда исмли 24 ёшларидаги курд йигитни 15-Irwell Avenue, Little Hulton, Lancashire, M36 9GB адресдаги 2 этажли ҳовлига жойлаштиришди. Бу уй Salford Assylim Team ташкилотига қарашли бўлиб унинг бошлиқлари Mr Clive ва Mss Candy лар эди. Улар ҳар ҳафтасига озиқ-овқат учун 35 фунт беришарди.
Мен ҳамроҳим билан 2 ҳафтача соқовчаига гапиришиб яшадик. Чунки мен на курдча, на форсча тушинмасдим, у эса на русча, на туркча тушинмасди. Шу алпозда мен бу ерда 30 ноябргача яшадим.
3.3.Стокпортда
2005 1-декабрь эрталаб мени Стокпорт шахрига олиб келишди ва шахар чеккасида жойлашган (45-Ехетеr Road, Brinnington, SK5 8BD Stockport) 3 қаватли уйнинг 2 қаватидаги бир хонали уйга жойлаштиришди. Бу уйда аввал Афғонистонлик Гоҳар Ҳабибий исмли 20 ёшларидаги касалванд (жиннироқ) бола яшаб уйни расво қилган экан. Уни тозалагунимча эсим кетди.
Сурат-27. Стокпорт шаҳар маркази 2005
Бу ерда ҳам NASS ташкилотининг ҳар ҳафтада берадиган 35 фунтига яшайбошладим. Норман (Norman)нинг саъий ҳаракатлари ва менинг тинмай ялинишим эвазига Доверда қолган сумкамни 2 ҳафтадан кейин олиб келиб беришди. Лекин ичидан айрим китобларим, кийимларим олинган экан. Қолганига ҳам шукур қилдим албатта.
Ҳар жума куни Стокпортдаги марказий Post Office дан ARS ҳужжатимни кўрсатиб 35 фунт олиб юрдим. Бу пул бир ҳафта шохона яшашга етиб ортади. Лекин Ойбекнинг ўқиши ва яшаши, Тошкентдаги оилам учун бу пулдан ҳар ҳафта 20 фунт иқтисод қилиб уларга жўнатардим.
Бу даражада иқтисод қилиш осон кечмасди. Қиш ойлари, ҳаво совуқ бўлишига қарамай уйни иситиш учун газ ёқмасдим, ухлашгада телпагим ва палтоларим билан ётардим. Ҳар куни ўқишга (10-12 км) оёғим оғрисада пиёда қатнардим. Ҳафтасига 2-3 мартагина иссиқ овқат ердим, бошқа пайтлари чой, нон, сут билан яшардим.
2005 йил декабрь ойнинг охирги жума куни эди. Бир кун олдин иқтисод қилинган пулларимни Тошкентга жўнатган эдим. Уйдаги барча озиқ-овқат ва пулим жума кунига келиб тугарди, жума куни пул олганимда газ-светга тўлаб уйгада харажат қилардим.
Тушдан кейин Post Office га бориб пулимни олиш учун ҳар доимгидай ҳужжатимни кўрсатдим. Кассир бирнималар сўради мендан. Мен "Тушунмадим”, деб елкамни қисдим. Кассир ҳужжатимни қайтариб берди ва навбатдаги одамни чақирди. Мен ҳужжатимни яна кассирга узатиб: "Пулимни беринг, очман”, дедим имо-ишора билан. Кассир яна бир нарсалар сўради мендан, тушунмадим. Ҳужжатимни қайтариб бериб: "Кет-кет”, деди зардали ишора билан. Унгача орқамда навбатда турганлар ҳам: "Кетасанми, йўқми?!” деб бақирабошлашди.
Сурат- 29 . Очлик нелар едирмас... 2005,
Мен нима қилишимни билмай уйга қайтдим. Уйда ейиш-ичишга ҳеч нарса йўқ, бошимни урадиган ягона идора – Стокпорт қочқинлар идораси (Stockport Assylum Team) душанба куни очади. Тил билмасам, бу ерда биронта одамни танимасам, энди нима қиламан, деган ҳаёллар билан уйга етиб келдим.
Уйда озроқ қуруқ чой, ярим пачка туз, 2-3 та сабзи, 2 чой қошиқчa яшикка тўкилган шакарнинг қолдиқлари ва бир сиқимча ноннинг урвоқлари бор экан. Жума куни кечасига юқоридагиларни еб уйқуга ётдим. Шанба куни бомдод намозини ўқиб, ҳеч бўлмаса иссиқ чой ичиш илинжида озроқ сув қайнатай десам электрнинг ҳам пули тамом бўлиб ўчиб қолган экан.
"Аввало очликдан бир ҳафтагача ўлмайди одам. Қолаверса рўза тутган бирон одам ўлмаган, бу ҳам бир рўза-да”, деб тасалли бердим ўзимга-ўзим ва китоб ўқишга тушиб кетдим. Тушга келиб очликдан қийналабошладим. Очликни ухлаш билан ўтказиб юбориш учун кўрпани бошимдан ошириб ётиб олдим. Оч қоринга уйқу ҳам келмас экан, анча вақтгача кўзим илинмади.
Турсам қуёш ботай деб қолибди. Хурсанд бўлиб кетдим, ҳа демай ифторлик вақти ҳам бўлади, деган ҳаёлда. Ифторлик вақти ҳам бўлди, шомни ҳам ўқидим, бироқ ейишга ҳеч нарса йўқ эди. Электр ҳам йўқлиги сабаб ҳаммаёқ қоп-қорнғи эди. Пайпаслаб қуруқ чойни топиб стаканга солдим. Совуқ сувда чой эримай сувнинг юзида сузиб юрарди. Бундан бир хўплаб қуруқ чойларни тишларим билан эздим, оғзимдаги сувдан чойнинг таъми келганидан хурсанд бўлдим. Очлигимни анча босгандай бўлди. Янги ёдлаган Қуръони карим сура ва оятларини такрорлаб вақтнида хуфтон қилдим. Хуфтонни одатдагига қараганда атайлаб анча узоқ ўқидим. Китоб ўқий десам чироқ йўқ. Оч қоринга уйқу келмасди, тонга яқин кўзим илинибди.
Сурат-30 . Exeter кўчасида , 2006
Эрталаб совуқ сувга қуруқ чой солиб кечаги алпозда ичиб олдим. Очлигимни эсдан чиқариш учун китоб ўқишга киришиб кетдим. Тушга қараб очликдан кўзим қоранғилай бошлади. Кутилмаганда миямга бир фикр келди.
Нонкўр англичанлар нонми, буттербродми еганидан қолганини тўғри келган жой (кўча)га ташлаб кетаверади. Мен буларни териб қушлар еб кетар деган умидда кўча четларидаги буталар устларига, пахсаларнинг устларига қўйиб юрардим. Бундай нарсалар айниқса магазин ва Take Away (кичкина ошхона) олдларида кўп бўлади. Уларни бу ердаги сон-саноқсиз каптарлар еб юради. Икки кундан буён шу нарса эсимга келмаганига ўзимни-ўзим сўкдим ҳам. Шундай нарсаларни териб келишга қўлимга тўрва олиб кўчага югурдим.
Take Away ва магазинлар олдигача кўчаларни қараб кетдим, бахтга қарши ҳеч нарса учрамади. Магазинлар олдида ётган нарсалар кўп бўларди. Бугун якшанба кунглиги учунми, ёки тозалаб кетишганми ҳеч нарса кўринмади.
Бу ердаги ахлат қутиларга секин разм солсам бир-иккита сигарет қолдиқларию морожное қоғозларидан бошқа нарса кўринмади. Шу пайт коляскада ўтирган 2-3 ёшларидаги бола қўлидаги еб келаётган булочкасини ерга тушириб юборди. Онаси уни сезмади шекилли, кетишда давом қилди. Мен югурабориб олдим булочкани ва тўрвамга солдим.
Сурат-32 . Мухожирлар учрашадиган жой
Борлакай бўлса нонимни олди, дегандай менга қўлини чўзиб йиғлай бошлади. Мен уялганимдан булочкани пуфлаб-артиб болага олиб бордим. Онаси бўлса буличкадан жирканганича: " Болага берманг уни, анаву ахлат яшикка ташланг” деганини тушиндим тахминан.
Мен булочкани ахлат яшикнинг ичига эмас қопқоғининг устига қўйдим ва 2-3 қадам узоқлашдим, кўриб турган одамлар сал нарироққа кетганлардан кейин уни қайта олиб тўрвамга солиш мақсадида. Уни олай деб қарасам бир гала каптарлар бир-биридан қизғаниб еб бўлаёзишибди. "Югурганники эмас, буюрганники (насиб қилганники) эканда”, деганимча уйга қайтдим.
Кун ҳам ботай деб қолганди. Ҳовлимизда шу уйларда яшовчилар учун катта-катта ахлат қутилар қўйилган бўлиб, мен ҳам ахлат ташлаганимда унга ташланган нон ва овқат қолдиқларига кўзим тушганди. Ҳовлига ўтиб ахлат яшикни очсам нон йўқ экану, бироқ олма ва карам қолдиқлари бор экан. Хурсанд бўлиб, улардан яхшироқларини териб тўрвамга солаётган эдим, юқориги қаватдаги болкондан бир қўшни: "Нима қилаяпсан, ахлатни титкилаб?!”, деди (мен тахминан шундай тушундим). Мен уялганимдан ерга кириб кетаёздим ва тўрвамни кўрсатиб: "Ахлат келтиргандим, ташлашга”, деганимча қўлимдаги тўрвани ҳам қолдириб, ахлат яшикнинг қопқоғини ёпиб уйга кириб кетдим. Қаттиқ уялганимдан очлик ҳам эсимдан чиқиб кетди.
Сурат- 33 . Стокпорт мухожирларидан бир гурухи 2005
Барибир очлик ўз кучини кўрсатабошлади. Уйимизнинг жануб томонида, йўлнинг бўйидаги яшил ўтлар ичида шўра ва отқулоққа ўхшаш ўтларни ҳам кўргандим. Ботаника институтида ишлаганимда шундай ўтларни қайнатиб ейиш мумкинлигини билардим.
Қоронғи тушиб одамлар камайганидан кейин секин тушиб ҳалиги ўтлардан икки чўнтагимни тўлдирдим. Уйга чиқиб уни қайнатай десам электр ва газнинг шанба кунги пулсиз ўчгани. Ўтларни яхшилаб ювдим ва еб кўрсам тахирроқдай кўринди. Кейин ўтларни тузга ботириб еб кўрдим, тахирлиги камайгандай сезилди (Сурат-29). Шу алпозда териб келган ўтларимнинг ярмидан кўпроғини тузга босиб иштаха билан едим. Ярим кечага бориб қорним оғрий бошлади...
Эрталаб турасолиб бизга қарайдиган идорага йўл олдим. Очликдан тинкам қуриган экан, ҳар 200-300 қадам юрганмда бошим айланиб кўзим олди қоронғилашарди, йўлнинг четида ўтириб ўзимга келганимдан кейин юришда давом қилардим.
Идорадаги Jo менга кўзи тушганидай: "Нима бўлди сенга:”, деб мени суяб креслога ўтқазди ва тилмочни чақирди. Мен жума куни пулимни олаолмай оч қолганимни айтдим. Ўзи ичиб ўтирган кофе билан печеньесини менга берди, мен анча ўзимга келдим.
Мени овқатлантириш учун шу яқин орадиги католик чўрчга олиб борди. Бу чўрчларда кимсасиз очлар ва бомшлар учун озгина лекин текин овқат берар экан. Чўрч ходимлари иймонли одамлар экан. Муслим бўлсанг бу овқатлар сенга тўғри келмайди, деб нон билан шакарли чой қилиб беришди. Кейин Jo мен билан Post Office га бориб пулимни олиб берди.
Қўшниларим асосан англичанлар эди. Фақат 51 хонада яшовчи Mss Ellen ва унинг ўғли Terence билан онда-сонда кирди-чиқди қилиб турардик (Сурат-28). Лекин 35 ёшларидаги аёлнинг нияти(истаги)даги нохушликлар сабаб бўлиб у билан ҳам кирди-чиқдини тўхтатишга тўғри келди.
Сурат-34 . Палов пишириш ҳам катта бир илм экан...
Мен асосан кундуз кунлари Стокпорт ва Бриннингтондаги марказий библеотекага бориб русча-инглизча луғат орқали тил ўрганиш билан овора эдим (Сурат-31). Бу ердаги афғонистонлик пуштун йигит Қосим билан магазинчи йигит менга озиқ-овқатнинг ҳалоли (Аллоҳнинг номи айтиб сўйилган ва шариат қоидаси бўйича таёрланган)ни қаердан олишни маслаҳат беришиб турари. Пиширадиган овқатларим тухум, товуқ шўрва бўларди. Лекин кунига 1 л сут ичишни канда қилмасдим.
Овқат пиширишни ўрганмаганимга умримда биринчи марта пушаймон қилдим. Чунки палов ейишни жуда соғинган эдим. Февраль ойига келиб, палов қилишни умримда кўрмаган бўлсамда палов қилишга жазм қилдим. Очиғини айтганда аввалги пиширган паловларимнинг башараси паловга ўхшаб кетсада, таъми ўхшамасди. Кейин аста-секин таъми ҳам паловга ўхшайбошлади. Бир марта пиширган паловимни бир хафта ер эдим.
Стокпортдаги турли мамлакатлардан келган қочқинлар авваллари ҳар сешанба куни 3:30 дан 6 гача кейинчалик ҳар шанба куни 12 дан 2 гача "Tiviot dale” чўрчида учрашиб чой ичиб овқат ердик. Биз келадиган кунлари бу ердаги барча нарса ҳалол бўларди (Сурат- 32-35).
Булар билан яқинроқдан танишгандан кейин маълум бўлдики мутлоқ кўпчилиги бу ерга келаётганида ҳужжатларини йиртиб ташлаб ўзига бошқа исм шариф қўйиб олар экан. Турли ёлғон баҳоналар кўрсатиб аслида яхши яшаш мақсадида келганлар экан. Бунақаларни "Дорнинг тагидан қочганлар”, дейишар экан ва катта кўпчилигини қайтариб юборишар экан.
Шунақалардан бири Афғонистонлик ўзбек Жамол Саодат (ҳақиқий исми шарифини Худо билади) бўлиб Ангиляга келиш учун катта пул эвазига аввал Покистонга ўтиб кейин кейин қўлларини тештириб бу ерга келган. Ёшини сўрасанг, акамдан 2 ёш кичикман дер. Акасининг ёшини сўрасанг, акамнинг ёшини отам биларди, отам эса ўлиб кетган, дерди. Ҳужжати бўйича ёши 65 да, кўриниши бўйича – 95 да, асли эса 55 ларда эди (Сурат- 33).
Сурат-35 . Стокпорт мухожирларининг бир пиёла чой атрофидаги учрашуви- 2011
Доимо қизил галстук тақиб "соҳиби мансабман”, деб юришни яхши кўрар, учраган аёлга: "Мен бўйдоқман, сенга хушим келди”, деб гап эшитишдан чарчамасди. Ҳамма уни ташқи кўринишига қараб: "Қизил галстук таққан кал қорбобо” деб кулишарди. Унинг Ангиляда қилган қилиқлари бир китоб бўларди.
Бизни: "Сизларнинг динингиз шўравий ислом”, деб писанд қилмас, ўзини эса сал кам шайх ҳисобларди. Бироқ намоз ўқишнида тузук билмас, намознинг фарзига кирмайди, деб мустаҳаб қилмас, Қуръонда: "Тулу офтоб, шамси қамар”, деган оят келган, бу дегани шом намозини қуёш ботишдан один ўқинг дегани, деб шом намозини қуёш ботишдан олдин ўқир эди.
3.4. Шикоят қилиб...
Сиёсий бошпана сўралган ҳужжатларни топширганимгада бир йилдан ошган бўлсада на Home Office нада адвокатдан бирон жавоб йўқ эди. Лекин мендан кейин ҳужжат топширганларга аллақачон турли хил жавоблар келган эди. Мен ҳали тилни яхши билмаганим боис адвокатга телефон қилиб гаплашаолмасдим. Шу боис (ойда бир, икки марта) адвoкатга қўнғироқ қилиб ишларимнинг бориши ҳақида билиб беришни Паҳлавон Содиқдан ялиниб сўрардим.
Адвoкатга телефон қилиш узоғи билан 2-3 минут вақтни олсада, менинг вақим йўқ, бир ойдан кейин телефон қиламан, деб телефон қилишни эсидан чиқариб юборарди. Ироданинг орқасида ВВС турибди, шундай бўлсада унга Home Office отказ қилди, зўрға бир йил деганда суд орқали ижобий жавоб олди. Менинг яқин дўстим 2-3 йилдан буён ҳали жавоб олаолмаяпти. Сизга йўл бўлсин, тушинмаган ғалча одам экансиз, деб мени жеркиб берарди.
Адвoкатга ва Home Office га ёзган хатларим кўпинча жавобсиз қоларди. Ва ниҳоят 27-октябрь 2006 йилда Стокпорт бўйича Парламент депутати (Сурат-36) МР Ann Coffey га ариза билан мурожат қилдим.
Сурат-36 . Буюк Британия Парламенти аъзоси (МР) Mss Ann Coffey
Менинг аризам асосида 14.11.2006 да менинг ҳужжатларимнинг ахволи (бориши) ҳақида маълумот сўраб Ann Coffey Home Office нинг Immigration and Nationality Directorate рахбарига мурожат қилган. Маълум бўлишича бу ерга адвoкат томонидан юборилган барча ҳужжатлар йўқолган экан. Шу боис У ердан А.Coffey га 7.12.2006 да менинг у ерда ҳеч қандай ҳужжатларим йўқлиги борасида Maynard Chitty имзоси билан жавоб келган.
Шундан кейин А. Coffey 14.12.2006 да Home Office министри, Парламент аъзоси Liam Burne га бу ҳақда ёзма равишда мурожат қилиб уларнинг ташкилоти (Home Office) чидаб бўлмас даражада ёмон ишлаётганини юзига солиб, тезда жавоб беришларини талаб қилган.
18.01.2007 да министрдан А Соffey номига менинг ҳужжатларимнинг нусхаси адвoкатдан олиниб иш бошлаганлари ёзилган хат келган. 22 июнь 2007 йилда 12 июль 2012 (5 йил) муддатга (Residence permit UK 1417440) Immigration Status Document беришди.
Шундай қилиб 2005 йил ноябрда топширилган ҳужжтлар бир йилдан ортиқ йўқолиб (ҳаракатсиз қолиб), депутатнинг ёрдамида қайта тикланиб 3-4 ой ичида ўз ечимини топди. Агар Полвон ва адвакатга қараб ўтирганида Худо билади, яна қанча йиллар кутиш керак бўларди...
Шу тариқа А.Coffey мен билан яқиндан таниш бўлиб қолган. 2008 йил 20-мартда менинг 60 йиллик юбилейим нишонланадиган бўлди. Бунга шаҳар ҳокимлиги вакиллари билан бирга Стокпорт бўйича узоқ йилдан бери Буюк Британия Парламенти аъзоси (депутати) Анн Кофей (Ann Coffey) ҳам келиш истагини билдирди. Ўша куни Парламент мажлиси бўлгани боис Анн келаолмаслигига узр сўраб табрик юборди Сурат- 38). Мен унинг сайловларида иштирок қилганман (Сурат- 37).
Сурат- 38 . Анн Кофейнинг Хоразмийга ёзган хати
Шундай қилиб бошпана изловчи мақомидан қочқин мақомига эга бўлдим ва менга SJ 222056 А миллий страхования номери берилди. Иш излашга киришдим ва 16.07.2007 дан бошлаб ҳафтасига 59,7 фунт иш изловчи пособиясини олабошладим.
Шу муносабат билан 45-Ехетер кўчадаги уйдан 21.07.2007 да чиқаришиб вақтинча Buxton Road Centre 164-168, Heavily SК2 6НА адресдаги эркаклар обшежития(15-хона)сига ҳафтасига яшаш учун 15 фунт тўлаб (ейиш, ичиш ўз ёнингдан) яшайдиган бинога жойлаштиришди (Сурат-39).
Бу ерда 21 яшовчи бўлиб деярли барчаси турмадан чиққан, алкаш ва банги бўлганлиги учун уйидан ажралган англичанлар эди. Шу боис айримлари 8 ой, ҳатто бир йиллаб ётоқхонада яшасаларда уй олабилишмасди. Мен бу ерда бир ой яшаганимдан кейин 40 баллга эга имконият билан биринчи сафардаёқ (Ҳар икки ҳафтада бир марта уй олишга қатнашиш учун конкурс эълон қилинади) уй олишга эришдим.
3-сентябрь 2007 дан бошлаб 5-Blackbrook Road, Heaton Chapel, SК4 5РD адресида 1 хонали уйга кўчиб ўтдим. Уйда бирон жихоз йўқ, деворлари ремонт талаб экан. Яшаш учун фақат чой қайнатадиган чойгум ва кружкадан бўлак ҳеч нарса йўқ эди. Ремонт учун 170 фунтлик керакли нарсаларни магазиндан сотиб олиб кеча-кундуз тинмай уйни яхшилаб ремонт қилдим (Сурат- 40).
Сурат-40 . Heaton Chapel даги уй ремонтида -2007
Уй бериш муносабати билан уй жихозларини сотиб олишга 500 фунтдан кўпроқ пул ҳам беришди. Бу пулнинг асосий қисмини Тошкентги оиламга ва Ойбекга қизил диплом олганлиги муносабати билан премиянинг "Додо”си учун ва Тошкентга укалари билан онасини кўриб келиш учун жўнатдим.