"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)

Ахмад ҳожи Хоразмий

"Илмга бахшида умр" мемуар (иккинчи китоб)
(давоми-5)

V - Боб

Ватандаги фарзандлар ҳаёти ҳақида


5.2. Хоразмдаги фарзандларим ҳаётидан

        Хоразмда истиқомат қиладиган фарзандларимнинг ҳаёти том маънода аянчли эди. Улар онасининг оладиган қарилик пенцияси яшаш уёқда турсин, комунал тўловларгада етмасди. Бунинг устига 14-15 ёшли Насибанинг юраги туғма хаста (порог) ва грижаси ҳам бор (Сурат-80). Шу боис у доимий даволанишда бўлиши учун ҳам пул керак. 

Сурат-80. Насибанинг касалликлари ҳақидаги ҳужжат

       Катта ўғлим Ойбек 2003 йилдан ТошДАУда студент. Ҳар йили ўқиш учунги контрактига тўланадиган пулдан ташқари унинг Тошкентда яшаши учун ҳам анча-мунча пул зарур. 
        Ўртанчи қизим Нодиранинг ҳам 2 та ёш фарзанди бор (Сурат-81),ўзининг эса кўзи ногирон. Рафиқаси (Отабек) бўлса маъсулятсиз чиқди, доимо (такрор-такрор) турмада. Шу боис уларгада қўлдан келганча кўмаклашиш лозим.
         Катта қизим Нигора (Сурат-82) ёшлигида, биз чет эл хизмат сафарига кетганимиз боис қайин онам қўлида қолди. Ўша даврда ревматизм бўлиб, бу орқали юрагига касал (порог) ортдириб олган. Ҳар йили камида 2 марта касалхонада ётиб даволаниши керак. 

Сурат-81. Нодира фарзандлари билан

          Нигора икки фарзанди билан Туркманистон Республикаси(Мари)да яшасада турмуши кўнгилдагидай бўлмади. Бунинг устига рафиқаси рак касалидан вафот этди. Натижада унинг Туркманистондаги ҳаёти, айниқса саломатлиги оғирлашди. Шу боис унида Хоразм (Ўзбекистон)га келтириш ва даволатиш зарур бўлди. Бу иш икки давлат Ташқи ишлар вазиргили орқали битгани учун жуда қийин кечди ва узоқ давом этди. Табийки, Нигорани Ўзбекистонга келтириш ва даволатиш билан боғлиқ ташкилий ишлар ва харажатлар ҳам фақат менинг гарданимда бўлди. Ўзимнинг иқтисодий ахволим сал яхшироқ бўлганда ҳам бу қийинчиликлар бош устига эди.         
          Фарзанд дегани ўз жонингдан ҳам ширин бўлар экан. Ангиляда яшаш учун ҳар ҳафтада NАSS томонидан бериладиган 35 фунтнинг 20 футдан кўпроғини иқтисод қилардим. Бу миқдорда иқтисод қилиш учун эса оёғим ногирон бўлишига қарамай ҳар куни ўқишга пойи-пиёда (18-20 км) бориб келардим. Ҳафтасига 2 кун рўза тутардим, 2 мартагина иссиқ овқат ердим. 

Сурат- 82. Нигора

        Қиш кунлари ташқарида бир қарич қор бўлсада уйни иситиш учун газ ёқмасдим. Пальто ва телмакларим билан 2 та кўрпага бурканиб ухлардим. Айрим кунлари мен ётган хонадаги сув музлаган ҳам бўларди. Лекин бу пул ватандаги фарзандлар яшаши учун етмасди. Шу боис қўлим ва оёғим ногирон бўлишига, ёшим эса 60 дан ошганига қарамай, фарзандлар учун пул топиш илинжида, қонунга ғилоф бўлишига қарамай, (мардикорлик қилиш, рухсатсиз ишлаш, бу ерда қонун билан маън қилинган бўлиб бундай ҳаракатлар учун бирнеча йилга қамаб юборишади) қамалишгада рози бўлиб (бошимни этагимга солиб) мардикорлик қилишга киришдим.
      Мардикорлик тафсилотлари "Ангилядаги мардикорлик” бобида баён қилингани учун у ҳақда яна тўхтамасдан бу бобни ҳужжат (хат)лар асосида баён қилмоқчиман. "Шукур керак бул кунига”, деб бекорга айтилмаган экан. Хоразмдаги фарзандларим эски-туски кийиб, ҳафталаб гўштли овқат емай юрган ҳаёти ҳали холва экан. Бу ҳақда сал кейинроқ.

Сурат-83 . Рахим Искандаров (ўнгда) билан

             Мақтанган бўлмасину, мени нафақат ўз қишлоғим ёки районим (Боғот)да, балки Хоразм воҳасида ҳам кўпчилик билади ва (К.Нуржонга ўхшаган 3-4 ҳасадгўй ва ғаламислардан ташқари) ҳурмат қилади. Нафақат ўзимнинг, фарзандларимнинг, ҳатто қариндошларимнинг ҳам ҳеч қаердан сўзи қайтмаган. Шу боис мени Ҳукумат узоқ йиллар хўрлаган бўлсада, маҳаллий раҳбарлар ва ҳалқ доимо менга ва қарндошларимга нисбатан хайрхох ва ҳурматда бўлган.
        Мен Ангиляга келганимдан 2-3 ой кейин Рахим Искандаров, Сапарбой Бектурдиевга ўхшаган 3-4 яқин дўстларга, иқтисодий сабаб Ангиляда қисқа вақтга қолганимни ёзиб, мен боргунча фарзандларимдан онда-сонда хабар олиб туришларини сўраб хат ёзгандим. Катта ўғлим Ойбкка ҳам бирон маслаҳат керак бўлса юқоридаги каби менинг ҳам кўп хизматларим ўтган (миннат бўлмасин) дўстларимга учрашишини айтгандим. Чунки булар каби кўп дўстларим мен Ангиляга қайтганимдан кейин ҳам нафақат Хоразмдаги ва Тошкентдаги фарзандларимдан ҳам тез-тез хабар олиб туришган. 

Сурат-84. Ў.Эламанованинг алдов асосида тушинча ёзаётган жараёни. Хоразм-2006

          Мен Р.Искандаровга ёзган хат Боғот район почта идорасининг: "Хатни олувчи йўқ эканлиги боис хат ёзувчига қайтарилди”, деган ёзув билан ўзим(Ангиля)га қайтиб келди. Бироқ хат очилиб, скоч билан қайтадан ёпиштирилгани билиниб турарди. Рахимбой аканинг қандли диабед касали борлигидан "Оламдан ўтибдиларда, Аллоҳ раҳмат қилган бўлсин, жуда қалин дўст эдик”, деб жуда хафа бўлиб, кўзларимда ёш билан, ўзим хатм қилган Қуръони каримни у кишининг рухи покларига бахшида қилиб дуо қилдим.
        Ўғлим Ойбек онаси ноҳақ қамоққа олинган зоҳатиёқ Р.Искандаровга учраб менинг номимдан маслаҳат ва ёрдам сўраган. Менинг номимни эшитиши биланоқ дўстим Рахим Искандаровнинг ранги оқариб кетган ва: "Мен сени ҳам адангни ҳам танимайман. Мен билан гаплашганингни ҳам ҳеч ким эшитмасин. Бу ерга бошқа қадам босма ва мени кўчада кўриб қолсангда салом беракўрма. Акс ҳолда мол-мулкимизни давлат ҳисобига мусодара қилиб ҳаммамизни қамаб юборишади”, деб Ойбекни ҳайдаб солади.

Сурат-85. Насиба хизматкорликда

      Бошқа дўсту-қариндош (ҳатто ички ишлар вилоят бошқармасида маъсул мансабда ишлайдиган, жияним майор Шуҳрат Хасанов)лардан ҳам шунга ўхшаш муносабат бўлади. Бу ҳақда Ойбек менга дарҳол хабар берди.  Мен дўсту-қариндошларнинг бундай муносабатига ҳайрон қолдим. Айниқса яқин дўстим (Сурат-83) Рахим Искандаровнинг тирик эканлигига хурсанд бўлдим.
       Кейин билсам масала бундай бўлган экан:
     Мен фарзандларимни боқиш учун 5-6 сўм ишлаш мақсадида Лондондаги ҳалқаро илмий конференциядан кейин  Ангиляда қолганимдан кейин, ҳеч бир сиёсий фаолият юритмасамда, Ўзбекистон ҳукумати мени ўта хафли одам сифатида рўйхатга олган ва менинг ҳар бир қадамим ва ҳаракатим назоратда тутилган.
       Мен хат ёзган одамларни, мен Ангиляга кетганимдан кейин фарзандларимдан хабар олган дўстларни ва юқорироқ мансабда ишлайдиган қариндошларимни МХХ чақириб қаттиқ сиқувга олган. Менинг фарзандларимга ёрдам қилаган ва мен билан ҳар қандай шаклда алоқада бўлган одамнинг мол-мулки мусодара қилиниб, ўзлари қамалиши ҳақида қўрқитилиб, айримларидан тилхат ҳам олишган. 

Сурат-86. Улуғбек (орқада) мардикорликда, 2007

       Шундан кейин мен тушиндим, мен ёзган хатларга ва телефонларга нимага жавоб бўлмаганини. Фарзандларимнинг онаси нимага қамалгани, балоғат ёшига етмаган (10-13 ёшли) ногирон фарзандларим ота-онасиз, оч-яланғоч, хўру-зор кўчада қолганини, нафақат дўстлар, ҳатто қариндошлар ҳам уларга ёрдам беришга қўрққанларининг сабабини тушундим. Шунинг учун ҳам мен ҳеч кимдан хафа бўлмадим.
      Юқорида таъкидлаганимдай энди асосий мавзуга қайтсак.
        2006 йил 4 сентябр куни Хоразм вилояти, Боғот тумани "Хўжалик” қишлоғида яшовчи нафақахўр Ўғулжан Эламанованинг уйига Боғот район милицияси жиноят қидирув инспектори Фахриддин Абдуллаев ўзининг 2 та ҳамтовоғи билан ташриф буюради. Устингиздан: "Наркотик сотаяпти” деган имзосиз ариза тушди. Эрингизнинг Ангилиядан доллар юбораётганидан хабаримиз бор. Агар ҳозироқ 1000 доллар берсангиз "наркотик йўқ экан” деб қайтиб кетамиз, дейишади. 
         Хонадон соҳиби, менда наркотик бўлмаган, мана ҳамма ерни текширинг. Болларнинг адаси юбораётган озгина пулга зўрға яшаяпмиз, дейди. Булар бечора кампирни колхоз идорасига обориб ўзлари аввалдан таёрлаб қўйган 1,5 граммча наркотикни унга беришади ва: "Ҳозирда фаолият кўрсатаётган дорифуришларнинг кўплари катталарники, қолганлари эса тегишли ҳисоб китобини қилаяпти. Натижада районимиз дорифуришларни тутиш борасидаги планини бажара олмаяпти. Уйингизга бориб гувоҳлар олдида шуни бизга қайтариб берасиз ва бори шу эди деб тушунча ёзиб берасиз (Сурат-84).  Биз шунда сизга 1-2 минг сум жарима соламиз, жарима пулинида ўзимиз тўлаймиз, бошлиқларнинг топшириғи шу” деб содда кампирни ишонтиришади ва қамоққа олишади.

Сурат-87. Фарзандларнинг президентга ёзган аризаси

           Эртасига Ўғулжоннинг укалари қарз кўтариб 1000 долларни олиб боришади. Бироқ Ф.Абдуллаев уларга, кеча 1000 доллар сўраганда бермади, энди 2000 доллар берсангизлар чиқади, дейди. Бу микдордаги пулни топиб бера олмагач кампирнинг ишини судга ўтказиб юборишади.
    Судя эса булардан кўпроқ пул ундириш учун Ўғулжон Эламановани сал кам ярим йил судсиз судрайди ва соққасини олгач "берган пулингизга лойиқ” деб кампирни 5 йилга кесиб юборади  (Сурат- 92). Уйда эса 10 ва 14 ёшли иккита бола ота онасиз ва қаровсиз қолади. Уларнинг ҳаёти билан на суд нада Ҳукумат қизиқмайди. Қариндош-уруғлар ҳам бу ногирон болалар тарбияси билан шуғулланишга МХХдан қўрқишади. 
       Фарзандларимнинг онаси қамалганидан кейин, мен Англияда туриб барча эътиборимни шуларга қаратдим, ўзим емай-ичмай топганимни шуларга юбордим. Ҳали ёш бўлганлари учун тузугроқ овқат қилишни билишмас, нон ёпа олишмагани боис нонни бозордан сотиб олишарди. Кеч борганлари сабаб бозорда нон тугаб қолган пайтлари оч қолишган пайтлари ҳам кўп бўлган.

Сурат-88. Фарзандларимнинг менга ёзган хати 

          Шундоғ ҳам таъминоти расво бўлган газ ва электрни "пулини ўз вақтида тўламадинглар”, деб ҳафталаб узиб қўйишар, натижада ёш болалар совуқда, қоронғида қолиб қўрққанларидан кечаси билан тик ўтириб йиғлаб чиқишади. 
          Шу боис қариндошларнинг, унинг-бунинг уйида хизматкорлик қилишади. Насиба бўлса куну-тун ювиш-артиш каби уй ишларини қилар, уй эгасининг фарзандларини қарар (Сурат-85), 11 ёшли Улуғбек тонг саҳардан кеч қороғигача уй эгасининг қўй ва молларини боққан. Уй эгалари МХХдан қўрққанидан уларни уйида 1-2 ҳафтадан кўп сақлай олмай чиқазиб юборишган.
          2007 декабрда муддатининг ярми ўтган маҳбусларни озод қилиш ҳақида президентнинг фармони чиқади ва бу фармон бўйича фарзандларимнинг онаси Ў. Эламанова ҳам чиқишига ишонади. Бироқ турма ходимлари фармон асосида чиқувчиларга "Фармон соққасини берадиганлар учун қўлланилишини” етказишади. Улар айтган соққасини бераолмаганларни эса турли баҳоналар билан чиқаришмайди. 2008 йил апрел ойига келиб муддати оз қолганлар уйида ишлаб турмага пул ўтказиш шарти билан уйларига юборила бошланади. "Шапкаси”ни бермаганларга бу ҳужжат ҳам қўлланилмайдиган бўлади.

Сурат-89. Менинг фарзандларимга ёзган хатим

          Ва ниҳоят мен ўзини "Маҳкам” деб таништирган турма маъмури билан телефонда гаплашдим. У бўлса "Домла, Ўзбекистонда тирикчилик оғирлашган, агар кўкидан 1000 юборсангиз болларингизнинг онаси эртагаёқ уйингизда бўлади” деди. Биз бу микдордаги пулни топа олмаганимиз учун фарзандларим ёрдам сураб президентга ариза билан мурожат қилишди (Сурат-87). Қуйида  ариза айнан келтирилади:

Ўзбекистон  Республикаси Президенти муҳтарам И.А.Каримовга
Хоразм вилояти, Боғот тумани, "Хўжалик қишлоғида истиқомат қилувчи
Насиба ва Улуғбек Хоразмийлардан
А р и з а
         2006 йил 4-сентябрда онамиз Ўғилжон Эламанова наркотик сотишда айбланиб қамоққа олинди ва декабрда суд ҳукми билан қамалди.
        Сизнинг амнистиянгиз бўйича онамиз 2007 йил декабрда чиқиши керак эди. Афсуски, бирнеча кунгина етмади, деган баҳона билан чиқаришмади.
       Онамиз 2007 йил декабрда Тошкентдан Қорақолпағистон Республикаси, Хўжайли туманидаги 64/80 аёллар қамақхонасига келтирилди. Муддатининг ярми ўтган маҳбусларни яшаш жойида ишлаб турмага пул тўлаш шарти билан уйларига юборилди. Бизнинг онамиз пенсиядалиги сабаб яна қамоқда қолди.
                                            Муҳтарам Президент Бобо!
      Биз балоғат ёшига етмаган фарзандлар (Насиба-14, Улуғбек-10 ёш) 2005 йилда отасиз ва 2006 йилдан онасиз қолдик. Бизнинг ҳаётимиз нақадар аянчли кечаётгани ҳечқандай исботга мухтож эмаслигини сезаётгандирсиз.
       Сиздан онамизни бизга тезроқ етказишга ёрдам қилишингизни ўтиниб илтимос қиламиз.
      Сизга ҳурмат ва умид билан: Насиба ва Улуғбек Хоразмийлар. (Имзолар) 17.04.2008 

Сурат-90. Насиба мардикорликда

           Қизиғи шундаки, фарзандлар ҳукук органлари адолатсизлигидан президентга мурожат қилишган. Президент маҳкамасидаги маъсуллар эса ариза бўйича чора кўриш учун  аризани ҳукук органларининг ўзларига юборишган. Ариза бўйича Боғот тумани прократура ходими Ғайрат шуғулланган. Мен унинг билан телефонда гаплашдим ва унга "Ғайратжон ука, ариза баҳонасида тирик етимларга ёрдам қилиб савоб қозониш имконияти туғилибди сизга. Балки бу Аллоҳнинг сизга берган имкониятидир, илтимос ёрдам қилинг” дедим. 
          У бўлса: "Домла қуруқ савобнинг таги тешик,” дейишади. Тирикчилигимиз шундан бўлгандан кейин сиз ҳам бизга "кўкидан ёрдам” қилинг, биз ҳам қилган ёрдамингизга лойиқ ёрдам қиламиз” деди. Унинг айтган "ёрдам”ини қилаолмадик, шу боис ариза бўйича биронта ёрдам бўлмади.
         Шу боис қаровсиз қолган фарзандларимни олдим(Англия)га келтириш учун ҳаракат бошладим. Кўп қийинчилик ва бюрократик тўсиқлар оша  фарзандларимни Ангилянинг Тошкентдаги элчихонасига борадиган қилдим. 

Сурат-91. Фарзандларнинг президентга ёзган такрорий аризаси

       Элчихона ходимларига ҳам Ўзбекистоннинг коррупция касаллигидан юқишгани боис уларни "рози” қилишмагунларича элчихона ҳам уларни киритмай овора қилган. Буни фарзандларимнинг 29.11.2007 да интернет орқали менга ёзган хатидан (Сурат-88) ҳам билиш мумкин. У хат қуйида айнан келтирилади:

  Ассалому алейкум Адажон!
1. Биз яқинда сизнинг олдингизга кетиш учун бировлардан қарз олиб қариндошимиз билан тошкентга Ангиля элчихонасига бордик. 10 кун тентираб юрдик, элчихона бизни қабул қилмади. 2008 йил 18-январда келишимизни айтди. 
2. Газга тўлашга пулимиз бўлмагани учун газнида ўчириб қўйишди. Биз совуқда қолиб касал бўлдик. Даволанишгада пулимиз йўқ. Бировлар қолган овқатини ёки қотган нонини берса еймиз, бўлмаса оч ўтирамиз. 
3. Адажон, биз ҳар куни йиғлаяпмиз, бизни тезроқ олиб кетмасангиз билмадик нима бўламиз.
Насиба Хоразмий ва Улугбек Хоразмий.

Мен уларнинг бу хатини ўқиб юрагим эзилиб кетди. Уларга пул юборай десам чўнтагимда
бир чақа ҳам йўқ. Озми-кўпми йиғганларимни тўплаб, озроқ қарз ҳам олиб 2 кун олдин Тошкент (Ойбек)га юборгандим. Ҳар ҳафтасига 50 фоиз пения тўлашга рози бўлиб  танишлардан 40 фунт қарз олдим ва Ойбек орқали Насиба ва Улуғбекка жўнатдим. Мен уларга ёзган қуйидаги хат (Сурат-89) асосан шу ҳақда бўлиб у қуйида айнан келтирилади:

Ўғлим Улуғбек, қизим Насиба.
            Менинг олдимга (Англияга) келиш учун Тошкентга бориб элчихонага кираолмаганларингизни, пулсиз қийиналаётганларингизни ва касалланганларингизни эшитиб хафа бўлдим. Начора чидашга ҳаракат қилинглар. 
         Зўрға қарзга 40 фунт топиб сизларга (Ойбек оғанг орқали) жўнатгандим. Мен юборган пулни олган олмаганлигингиз ҳақида шу пайтгача хабар қилмадингизлар, мен эса хавотир олаяпман.
          Ойинг турмадан хат ёзаяптими сизларга? Ахволи яхши эканми? Ойинг хат ёзганда мендан ҳам салом айтинглар. Янги – 2008 йил омад келтирсин Илохим!
          Сизларга сабр-тоқат ва Аллоҳнинг панохини тилаб 
             Адангиз А.Хоразмий.
Стокпорт, Буюк Британия. Январь-2008.

           Фарзандларим кўп қийинчилигу харажатлардан кейин Англия элчихонасига 18.01.2008 да киришади. Элчихонадан уларни ОВИР (Чет элга чиқишга Ўзбекистоннинг рухсати) олиб келганларидан кейингина виза бериш учун ҳужжатлари кўриб чиқишилини айтиб қайтариб юборишади. 

Сурат-92. Ўгулжон Эламанова (ўртада)ККР, Хўжайли аёллар қамоқхонасида фарзандлари билан учрашув жараёни . 23.5.2008

        Бир қарашда (порасини берганда) оддийгина бўлиб кўринган ОВИР олиш булар учун ҳақиқий азобга айланади. Хоразм вилояти ички ишлар бошқармаси ОВИР бўлимининг Шермат исмли маъсул ходими айтган барча ҳужжатларни етказдик, лекин иш битмади. Ва ниҳоят Шермат билан телефонда ўзим гаплашдим. Ота-онасиз тирик етимларнинг кўз ёшига рахмингиз келсин, ёрдам қилинг, дедим. У бўлса "Тошкентдаги хўжайинлар кўз ёшга эмас, кўкига қараб ёрдам қилишни айтишди. 2000 долларни юборинг, бир ҳафтада ОВИРни олишади” деди.
         Шермат айтган пулни топиш имконияти бўлмаганидан кейин   Хоразм вилояти ички ишлар бошқармасида маъсул мансабда ишлайдиган жияним Шухратга учрашиб бу масалада ёрдам сўрашган. У бўлса булардан қочабошлаган. Ва ниҳоят мен мажбур бўлдим Шухратга телефон қилиб ОВИР масаласида фарзандларимга ёрдам қил, деб илтимос қилишга. Телефон қилаётган мен эканимни билмай телефон гўшагини кўтарди ва мен эканимни билганидан кейин телефонини ўчириб қўйди ва кейинчалик телефон номерини ўзгартириб юборган. Мен бунинг сабабини тушундим албатта ва бошқа телефон қилмадим унга.
            Юқоридаги тафсилотлар президент номига сиз кўриб турган такрорий аризани ёзишга мажбур қилди фарзандларимни (Сурат-91). Қуйида суратдаги ариза айнан келтирлади:

Ўзбекистон  Республикаси Президенти муҳтарам И.А.Каримовга
Хоразм вилояти, Боғот тумани, "Хўжалик қишлоғида истиқомат қилувчи
Насиба ва Улуғбек Хоразмийлардан
Т а к р о р и й   а р и з а
          Адамизнинг маслаҳати асосида Сиздан ёрдам сўраб Сизга ариза билан мурожат қилган эдик (Нусхаси иловада). Бизнинг аризамиз бўйича қоғозбозликдан бўлак биронта амалий ёрдам бўлмади. "Шикоятчилар”, деб ёмон кўринганимиз қолди холос.
        Бирнеча йилдан буён адамиз Ангиляда,салкам 60 ёшли онамиз эса турмада (ҳужжатлар иловада), биз эса 10 ва 14 ёшдан сарсон-саргардонмиз.
        Адамизнинг олдига бориб яшаш учун 2 йилдан буён оворамиз. ОВИРнинг рухсатини олиш учун Хоразм ОВИР бўлимидагилар аввал адамиздан тегишли ҳужжатлар (Иловада) талаб қилишди. Кейин турмадаги онамиздан тегишли ҳужжатлар (Иловада) талаб қилишди. Ундан кейин эса Тошкентнида "Рози” қилиш кераклигини айтишди.
       Адамиз улар билан телефонда гаплашиб онамизнинг турмадан чиқиши учун турма ходимларини, адамизнинг олдига кетиш учун эса ОВИР ходимларини кўкидан бериб рози қилиш кераклигини айтди. 
      Муҳтарам Президент бобо, бу ОЧОФАТларингизни ўзингиз рози қилиб, бизни тезроқ адамизнинг олдига юборинг. Ёки бизнида онамизнинг олдига турмага қамай қолинг. Турмадан баттар бу адолатсиз ҳаётдан безор бўлдик.
          (Аризамизга 7 та ҳужжат илова қилинаяпти)
    Сиздан умид қилиб: Насиба ва Улуғбек Хоразмийлар (Имзолар) 30.05.2008

          Фарзандларнинг президентга ёзган бу такрорий аризасидан ҳам биронта наф чиқмаган, аксинча уларга "Ёзувчи (шикоятчи) муттаҳамлар” деб қарашган.

     2008 йил май ойининг ўрталарига келиб Хўжайлидаги турмадан Ў.Эламановадан бошқа деярли барча (албатта порасини берганлар) чиқиб бўлган.    Фарзандлар 23.05.2008 да Хўжайлидаги қамақхонага бориб онаси билан учрашишади (Сурат-92).  Катта ўғлим Ойбекни турма бошлиғи чақириб: "Университет битирган, оқ-қорани танийдиган йигит экансан. Ҳамма қатори "харажати” берилмаса оналарингизни чикариб бўлмайди. Чунки ҳар бир чиқадиган маҳбус учун мен ҳам юқорига "улуш” узатишим керак.  Кўрган бўлсанг онангиз касал, бу ерда яна 3-4 ой ётса унинг ўлигини олиб кетасизлар. Она керак бўлса ҳаракатингизни қилинглар”, деб тушинтиради. 
         Ойбек буни менга етказди. Мен салкам бир ой давомида жонимни жабборга бериб мардикорлик қилдим ва пенияга қарз ҳам олиб турма бошлиғи айтган пул (500 доллар)ни жўнатдим. Улар пулни олишганидан кейин бир ҳафта ичида фарзандларимнинг онасини турмадан чиқариб юборишади. Фарзандларимнинг қувончини эшитиб чарчоқларим чиқиб кетгандай бўлди.         Турмада турли касаллар ортдириб, ногирон ҳолда уйга келган Ўғилжонни даволатишга ҳам пул керак бўлди. Мен эса қарзга ботиб қолдим. Ойбекнинг бир ўзининг мардикорлик қилиб топган пули ҳеч нарсага етмаган ва укаси Улуғбекни ҳам мардикорликка жалб қилишга мажбур бўлган.                    
          Ойбекку майли, унинг анча суяги қотган. Бироқ 12-13 ёшли Улуғбекнинг мардикорлик қилаётганига юракларим эзилиб кетарди. Чунки мардикорликнинг нима эканлигини мен яхши биланман. Пул тўлайдиган одам уни ёш деб аяб ўтирармиди. Шу муносабат билан ўғлим Ойбекга интернет орқали 17.10.2008 да қуйидаги хатни ёзганман (Сурат-93). У хат қуйида айнан келтирилади:

Сурат-93. Интернетда Ойбекка ёзган хатим

Ўғлим Ойбек
1. Мана, бир ой давомида иқтисод қилиш учун озроқ еб-ичиб, қарз ҳам олиб топганим шу 65,07 доллар бўлди. Бунинг бир қисмига уканглар – Насиба ва Улуғбекларнинг даволаниши учун дори-дармон оберган. Қолганини иқтисод қилиб нон ва шакар олишга ишлатинглар.
2. Ҳалол меҳнат билан кун кўришнинг айби йўқ болам. Шу боис мардикорликнинг қанақа тури бўлсада уялиб ўтирмай қилаверинглар. Мардикорликка уканг (Улуғбек) билан борганингда уни эҳтиёт қил, унинг ҳали суяги қотмаган, майиб бўлиб қолиши мумкин.
3. Топган пулингизни гўштли гуручли овқатга ёки бирон кийим олишга сарфламанглар, акс ҳолда мардикорлик (иш) топилмай қолган кунлари оч қолиб кетишларингиз мумкин.
4. Сен уйда ота ўрнида эканинг боис оиланинг барча аъзолари, айниқса Насиба ва Улуғбекни рухий тушкинликка жуда ҳам тушиб кетишига йўл қўйма. Уларга доим эслатиб тур сабр қилиб ва яхши кунларга умид билан яшаш лозим эканлигини.
5. Умуман, атрофинга, қўшниларга эътибор қилсанг маънавий ва иқтисодий ночор фақат сизлар эмас, катта кўпчилик эканига ўзингда ишонасан. Қишлоқдошларингнинг кўпчилигининг ахволи жуда ҳам аянчли эканлиги бу кунингада шукур қилиш лозимлигини кўрсатмайдими?!
6. Исломда бекорга айтилмаган: "Мусулмоннинг бир қўлида сабр, бир қўлида шукур ва юрагида умид бўлмоғи керак”, деб.
                 Сизларга Аллохнинг панохини тилаб Аданг.
 Октябрь-2008. Стокпорт, Буюк Британия.


        Улуғбекнинг оғир ва ифлос ишларда мардикорлик қилаётгани тушларимга кириб ухлай олмай чиқардим. Шундай пайтларда ўзимнику қўятуринг, фарзандларимнинг ҳам бунчалик хўр ва зор бўлаётганига ҳалқ ва давлат манфатини кўзлаб ёзган "Вакил” номли китобим, тупроқ экологияси ва инсон саломатлиги йўлидаги биосфера экологияси учунги курашларим орқали ўзимни айбдор, ҳисоблардим. Бизнинг бу қийналаётганимиз Ватан ва ҳалқ манфатлари йўлида эканлиги менга таскин берарди.
        Юқоридаги хатни ёзганимдан бир ҳафта ҳам ўтмай интернет орқали фарзандларимдан қуйидаги (Сурат-94) хатни олдим. Қуйида ўша хат айнан келтирилади:

Сурат-94. Фарзандлардан интернет орқали 23.10.2008 да келган хат

                Ассалому алейкум Адажон!
1. Ойбек оғам орқали юборган 65 доллар пулингизни олиб жуда қувондик. Бу пулнинг бир қисмини касалланганимизда дори-дармон олиш учун олган қарзимизга бердик. Ун ва озроқ шакар ҳам олдик. Оғам билан мен (Улуғбек) тез-тез бировларникида мардикорлик қилаяпмиз. Айрим пайтлари жуда оғир ва ифлос ишларни қилдиришади. Кучим етмаганида: "Пул олганингдан кейин қилгин-да!”, деб калтаклашади ҳам. Калтак еган кунларим касалланиб қоламан. Кун бўйи тинимсиз ишлатишиб оз пул беришади. Лекин айрим пайтлари гўштли овқат ҳам бериб қолишади. 
2. Адажон, мен Насибаман. Мактабимиз ёпилиб ҳамма пахтага кетди. Мен туғма порог серца эканлигим ва грижам ҳам борлиги (Сурат-80) сабабли ногирон эканлигим учун мени мактабдан пахтага чиқаришмади. Лекин онам билан фермерларнинг пахтасини териб мардикорлик қилаяпмиз. Фермерлар овқат беришмайди, ўзимизнинг нонимизни сувга ивитиб еймиз.
3. Ҳукумат терган пахтамизнинг килосига 100 сўм берамиз деб айтган бўлсада фермерлар 50-60 сўм беришади ва: "Кам берганимизни бировга айтсанг ёки биз берган пулга рози бўлмасанг кет!” деб ҳайдашади. Бунинг устига терган пахтамизнинг ярмига яқинини "Ҳўли учун”, "Чўпи учун” ва ҳакозалар деб уриб қолишади. Бу ҳам етмаганидек: "Ҳокимиятдан юборилган ВАКИЛларнинг харажати учун”, деб ҳам пулимиздан олиб қолишади. 
4. Мен бир қоп пахтани кўтариб тарозига обораётганда грижам оғириб, бирнеча кун касалланиб қолдим. Қари ва касалванд бўлсада онамнинг бир ўзи пахтага бориб юрди. Терган пахтасини кўтариб тарозига обораётганида далада йиқилиб оёғини синдирди. Ҳозир гипсда, уйда ётибди. Шунинг учун грижам оғраётган бўлсада пахтага ўзим бораяпман.
5. Онамнинг пенцияси газ ва светгада етмайди. Шу боис: "Пулини ўз вақтида тўламаяпсизлар”, деб  тез-тез газ ва светни ўчириб кетишади, қорнғида овқатсиз қолиб кетамиз. "Ер солиғини зудлик билан тўламасангизлар уйингиздаги нарсаларингизни мусодара қиламиз”, деган хат ҳам келди.
6. Онам бугун ҳаммамизни йиғиб: "Адангиз қари ва ногирон бўлсада биз учун бошқа юртларда тентираб, мардикорлик қилиб юборган бу пулини тежаб ишлатинглар, гўштли ва гуручли овқат ейиш шарт эмас”, деб бизни уришди. Лекин: "Илохим адангизни ўз паноҳида асрасин”, деб биздан бекитиб йиғлаб ўтиради.
7. Адажон, майли бизга озроқ пул юборсангизда ўзингизни асранг, сизни жуда соғиндик. Ахир кетганингизгада бирнеча йиллар бўлди. Илтимос, бу хатни оғам ва онамга айтманг, бизни сўкишади. Чунки оғам ва онам: "Адангизга қийинчилик ва касаллик ҳақида ёзманглар, қисинади”, деб тайинлаганлар.
            Сизни соғиниб Улуғбек ва Насиба
  Октябрь-2008. Хоразм.

          Бу хатни ўқиб кўзларимдан ёш, юрагимдан қон оқарди, бирнеча кун ўзимга келаолмай юрдим. Менку майли, Ўзбекистон фуқоралари ва келажаги бўлмиш норасида фарзандлар айби нима экан? Бундай адолатсизлигу хорликларни бошидан кечираётган ёшлар улғайганда ҳозир кўкларга кўтарилаётган  Ўзбекистон президенти ва унинг сиёсати ҳақида қандай фикрда бўлар эканлар? Яқин-яқингача кўкларга кўтарилган коммунизм ва Сталин қатағонларига сал кам бир аср бўлган бўлсада уларнинг асл башараси ҳақида ҳамма биладику. Ноҳатки Каримов ва Каримовчилар шу оддий ва ўзлари кўриб турган реалликнида тушунмаса?!, деган ҳаёллар мени тарк қилмасди. 
          Бутун Ўзбекистон ҳалқи қатори Каримов ваъда қилган "Буюк келажак”ни кутиб 2009 йилнида қаршилади фарзандларим.  Наврўз яқинлашган бўлсада буюк келажакдан бирон нишон йўқ эди. Буни ўртанчи қизим Нодиранинг қуйида интернет орқали ёзган хатидан (Сурат-95) ҳам билиш қийин эмас. У хат қуйида айнан келтирилади:

Сурат-95.  19.03.2009да  ўртанчи қизим  Нодирадан келган хат

Ассалому алейкум Адажон
1. Мен Нодираман, Нигора опам касаллиги сабабли Урганчга келиб унинг эмаил адресидан сизга хат ёздим.
2. Ойбек тўғрисида ўтган йилдан бери нохуш муаммолар бўлаяпти. Сиз қисинмасин, деб сизга айтмасдан келаётган эдик. Ўтган йилнинг охирида Ойбекни сохта айб билан қамашганди, лекин бир ҳафтадан кейин (пора олишганидан кейин) чиқаришганди. 
3. Шундан кейин Ойбек Тошкентга мардикорлик қилишга кетганди. Яқинда Тошкентдаги танишлардан эшитсак, Ойбекни март ойининг бошида Тошкентда яна қамашибди. Бу гал унга оғирроқ сохта айб қўйиб узоқ муддатга қамашмоқчи эмиш. Ўзингиз биласиз, бу муаммоларнинг барчаси сизнинг фаолиятингиз учун бўлаяпти. 
4. Мен турмадан чиққандан кейин, ўтган йили Россияга мардикорликка кетгандим. Бу йили мардикорликка кета олмайман, чунки турма сабабли кўзим яхши кўрмайдиган бўлиб қолди.
5. Онда-сонда мардикорлик қилиб Ойбек озроқ пул топарди, ҳозир эса у қамоқда, мен ҳам мардикорлик қила олмайман. Чунки кўзим яхши кўрмайди. Оиламизда бошқа мардикорликка яроқли одам йўқ. Иқтисодий жиҳатдан жуда қийналиб қолдик. Илтимос, қарзга олиб бўлсада бизга озроқ пул юборинг.
     Сизга омонлик тилаб, Нодира Хасанова.

Нодиранинг: "Ўзингиз биласиз, бу муаммоларнинг барчаси сизнинг фаолиятингиз учун бўлаяпти”, деганида жон бор албатта. Лекин мен сиёсий мухолифатчиларга ўхшаб Каримовнинг тахтига кўз олайтирмадим.  Такрор бўлсада айтай, фарзандларимнинг ва қариндошу дўстларнинг доимо менинг юзимга соладиган "фаолиятим”  булар асосан ҳаж зиёратига борганим, "Вакил” номли илмий-сатирик китоб ёзганим ва биосфера экологиясини яхшилаш учунги тадқиқотларим ва курашларимдан иборат. 

Сурат-96. Улуғбек бозордаги мардикорликда-2009

         Агар Ҳақ ростини айтсам, мен ва фарзандларимнинг жабр чекаётганига сабаб бўлаётган юқоридаги  фаолиятларим Ҳақ, Ватан ва ҳалқ манфатлари учун қилинаётгани, ва бу манфатлар ўзимдан ва фарзандларимдан юқори тургани учун ундан воз кечиш ниятим йўқ. Буни тушунишларини истардим, тушунмасалар, начора... 
     Нодиранинг хатини ўқиб бундай қаралса Хоразмдаги фарзандларим яшаётган кўчанинг ўзида кимидир қамалмаган хонадан йўқ ҳисоби. Айрим оилалардан оила аъзоларининг ярмига яқини қамалиб чиққан. 3 ҳатто 4 марта қамалиб чиққанлар ҳам оз эмас. Бу борадаги кўрсаткич бўйича Каримов қатағони Сталин қатағонидан бирнеча баравар ошиб тушган. 

Сурат-97. Хитроу аэропортида-18.12.2009

        Демак "Поле чудес”ни олиб борувчи мўйловли еврейнинг "Поле чудес” да иштирок қилаётган дўппи кийган биттасидан: "Қаерликсиз?, деб сўраганда ҳалиги киши дўпписини қийшайтириброқ қўйиб виқор билан: "Ўзбекистонликман”, деганида бошловчи: "Ўзбекистонлик бўлсангиз неча марта қамалгансиз?”, деб сўраган.  Бундан  "Поле чудес” иштирокчилари хохолаб кулишган. Дўпписига ишора қилиб кеккайиб турган бечора ўзбек мулзам бўлиб қолган ва "Бир марта ҳам қамалмаганман”, деб жавоб берган. Шунда бошловчи: "Қамалмаган бўлсанг, демак Ўзбекистонлик эмассан, тожик-пожик бўлсанг керак”, деган. Бу тафсилот ҳозиргачада бутун бошли СНГ (СССР) ҳалқлари оғзидаги гап бўлиб қолди. 
         Мавзуга қайтиб айтадиган бўлсак, Ойбек Тошкентда қамалганидан кейин оила турмуши оғирлашади ва муштдай Улуғбек Боғот район бозорида юк ташувчи-мардикор (Сурат-96) бўлиб  ишлай бошлайди. Дастлабки пайтлар жуда оз пул топади ва топган пулига бозорнинг ўзида сомса-помса еб тугатиб қўяди. Кейинчалик эрталаб тонг саҳарда борабошлайди ва уйгада 3-4 сўм келтирабошлайди.
       Насиба ва Улуғбекни олдим(Ангиля)га келтириш учун 2 йилдан кўпроқ ҳаракат қилдим. Бу даврда қанчадан-қанча камситишу бюрократик тўсиқларни бошдан кечириш лозим бўлди.  Ангилянинг Тошкентдаги элчихонаси тамагирлик қилиб фарзандларимга виза бермади. Ангилянинг Ўзбекистондаги элчихонасини судга бердим ва ютиб чиқдим. Ниҳоят фарзандларимни Ангиляга олиб келдим (Сурат-97). Хурсандчилигимнинг чеги-чегараси йўқ эди. 

Сурат-98. Насибанинг ногиронлиги ҳақидаги ҳужжат

         Бу ердаги биринчи вазифам Насибани докторларга кўрсатиш бўлди. Докторлар уни текшириб биринчи группа ногиронлик мақомини беришди (Сурат-98) ва юрагини операцияга таёрлай бошладилар. 
     Улуғбекни мактабга, Насибани тил ўрганиш бўйича коллежга жойлаштирдим. Ҳаммамизнинг хаётимиз одамларникига ўхшаб давом қилди Худога беадад шукур.


4.1. Тошкентдаги фарзандларим ҳаёти ҳақида
     
      2002 – 2005 йилларда Тошкент шаҳри Ҳадра яқинидаги "Олмазор” маҳалласида (Сурат-74) яшаганда ТошДАУда профессор ҳамда ярим ставка Университетга қарашли қишлоқ хўжалик коллежда ўқитувчи (Сурат-75) бўлиб ишласамда оладиган ойлигим Хоразмдаги ва Тошкетдаги фарзандларимни боқишга етмасди. Шу боис ҳафтасига 1-2 кун мардикорлик ҳам қилишга тўғри келарди.

Сурат-74. Тошкентдаги уйнинг олдида

       Шу билан ҳафтасига биргина кун (айрим пайтлар 2 ҳафтада бир кун) гўштли овқат еб, фарзандларимизга қўшни (ақли заифроқ Нигмат Шабдиев)ларнинг эски кийимларини кийдириб зўрға яшардик.
   Мен Ангиляга қайтганимдан кейин уларнинг шундоғ ҳам яхши бўлмаган аҳволи янада абгорлашди. Рафиқам Гулистон ўзимнинг шогирдим (аспирантим) бўлгани учун химия ва биология бўйича олдинги (1-тоифали) ўқитувчилардан эди. 
       Фарзандларни боқиш учун 3-4 ёшли иккита қизни уйга қамаб, 1 ёшли кичик касалванд қизни қўшниси Дилбарга қолдириб 1,5 – 2 ставка ишга киришиб кетди. Шундай бўлсада оладиган ойлигининг анчагина қисми йўл харажатлари, комунал ва бошқа тўловларга кетиб яшашга етмай қийналарди. Мен Ангилядан юборадиган озроқ пул ва пенционер отасининг кўмаги билан, ўзи қийналсада,  фарзандларни жуда ҳам қийналтирмай эплаб юрди. 

Сурат-75. Қишлоқ хўжалик коллежидаги дарсда. 

        2006 йил май ойида автобус ҳайдовчисининг айби билан Гулистон бахтсиз йўл ҳодисасага учрайди. Ўнг қўлининг кафти йиртилиб тирсагидан икки жойи синиб кетади. Ўзини касалхонага ётқизишади, 5, 4 ва 1,5 ёшли қизчалар қаровсиз қолиб кетади. Бундан хабар топган Гулистоннинг қариндоши уларни ўз уйига олиб кетади. 
         Бу пайтлар менинг иқтисодий ахволим ниҳоятда оғир бўлишига қарамай бу ер (Англия) даги судхўрлардан пенияга қарз олиб Гулистонга пул юбордим. Бу пул Гулистоннинг даволанишига етса фарзандларга етмаган. Шу боис тўла даволанмаган ҳолда Гулистон ишга тушиб кетишга мажбур бўлади. Натижада ўнг қўли ногирон бўлиб қолади. 
        Фарзандлар тирикчилиги учун юқори нагрузкада (1,5 – 2 ставка) тинимсиз ишлаши натижасида Гулистон касб касаллиги бўлмиш овози чиқмай қоладиган касалга учрайди (Сурат-77). Шу боис иш соатини кескин камайтиришга мажбур бўлади ва натижада фарзандлар тирикчилиги янада оғирлашади.

Сурат-76. Гулистондан 24.10.2010да келган хат

       Гулистонннинг интернет орқали ёзган қуйидаги (Сурат-78) хатидан ҳам буни сезиш қийин эмас.У хат пастда айнан келтирилади:

Ассалому алейкум Адаси. 
1. Яқинда юборган пулингизни олдик, рахмат. Қизларингизга даволаниши учун дори-дармон, нон, шакар обердим. Уларга оёқ кийим олишга пул етмади, оёқ кийимлари йиртиқ.
2. Укаларим Россияга мардикорликка кетишган. Онам оламдан ўтган, отам эса 80 га яқинлашиб жуда қариб қолган. Ҳозирда бизга ёрдам берадиган ҳеч ким қолмади. Жуда қийналаяпмиз.
3. Сиз(сиёсатчи)нинг хотинингиз эканлигим учун, мени яхшироқ ишгада олишмайди. Яқинда тамоғим оғриб докторга борсам даволамади ҳам. 
4. Қизларингизни мактабларидаги мажлисларида: "Сиёсатчининг қизлари, мактабга келманглар”, деб ҳақорат қилишар экан. Қизларим мактабга бормаймиз деб ҳар куни йиғлашади. 
5. Бунинг устига қизларингиз сизни жуда согинишган. Мен эса уларни: "Адангизнинг олдига яқинда кетамиз”, деб овитишим ҳам фойда бермай қолаяпти. Илтимос, бизни ўз олдингиз(Ангиля)га тезроқ чақиринг.
   Сизни согиниб, Гулистон ва қизларингиз.

        Тўғрисини айтсам Гулистон менинг фаолиятим билан яхши таниш ва ўқимишли бўлатуриб мени "Сиёсатчи”, деб атаганига жаҳлим ҳам чиқди. Лекин бу ибора унинг ўзиники эмаслигини билиб уни ҳам тушундим.
           Иккинчидан сиёсатчи бўлиш, яъни сиёсат билан шуғулланиш Ўзбекистон конституциясида маън қилинмаган. Режим сиёсати Ўзбек ҳалқини шу даражага оборганки, сиёсатчи (И.Каримовдан бошқа албатта) деганда бечора ҳалқнинг мутлоқ кўпчилиги ҳалқ душманини тушунади.  
    Бир ҳафта ўтар ўтмас почта орқали ҳам Тошкентдан хат (Сурат-78) келди. Тўғрисини айтсам айниқса ширин-шакар қизларимнинг ўз қўллари билан ёзган хатларини ўқиб кўз ёшимни тияолмадим. Уларнинг хатидан жажжигина қўлларининг ҳиди келиб турарди. Қуйида ўша хат айнан келтирилади:

Сурат-78. Почта орқали келган 

Тошкентдан салом.
                    Ассалому алейкум Адаси, соғ-саломатмисиз. 
         Биз жуда қийналиб қолдик. Хабарингиз бор кўпдан буён касалман, яхшилаб даволанишга эса имкон йўқ. Саломатлигим кундан кунга яхши эмас. 
         Сўраганингиз учун суратга тушдик. Кулишга сабаб ва хохиш бўлмасада сиз хафа бўлмасин деб мажбуран кулиб тушдик. Суратни кўрган бўлсангиз озиб кетганман. 
       Етарлича овқат бўлмагани учун Нафосатнинг иммунитети паст, камқонли, шу боис касалванд. Назокатнинг эса эпилепцияси (тутқаноғи) бор.
       Қизлар ҳам сизни жуда соғинишган, адамнинг олдига кетамиз деб ҳар куни йиғлашади. Илтимос бизни чақиртириш масаласини тезлаштиринг.
                  Салом билан Гулистон Хоразмий.

   Ассалом Адажон, бу мен, Нафисаман. Қачон борамиз сизнинг олдингизга? Янги кийимимиз ҳам йўқ. Сизни соғиниб катта қизингиз Нафиса.

Адажон, ассалому алейкум. Мен Нафосат қизингизман. Гўштлик овқат кам еймиз, шунинг учун мен касал эканман. Мактабга боришга папкам йўқ. Яна тезроқ пул юборсангиз папка олардим. Нафосат.

Ада, мен Назокатман. Мен сизни кўргим келиб йиғлайман. Китобим йўқ, ручкам йўқолган. Ўйинчоқ,  олишга пулимиз йўқ. Хайр. Кенжа қизингиз Назокат. 

         Тошкентдаги фарзандларимни олдим(Англия)га келтириш учун иш бошладим. Давлат юристлари орқали барча уринишларим зое кетди. Кейин бирнеча минг фунтга  хсусий (Мажид Иқбол) юрист ёллашга мажбур бўлдим. Айрим пайтлари уйга бир келиб кетиши учун бу юристга бирнеча юз фунт тўлашга мажбур бўлардим. Бунча пул ўзимда бўлмагани учун бир қисмини дўстим Мартиндан қарз олишга тўғри келган. 

Сурат-79. Хитроу аэропортида, 2011

       Тошкентдаги фарзандларим 3.6.2011 да олдим(Ангиля)га етиб келишди (Сурат-79). Уларнинг келиши ва бу ерда яшаши билан боғлиқ ташкилий ва молиявий муаммолар бошимдан ошиб ётган бўлсада, фарзандларимнинг дийдоридан маст-аласт ва бахтиёр эдим.
                                                                                                                                                                                                                                                                                               
(Давоми кейинги - 6-бобда)

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2013-06-21)
Просмотров: 1592 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0