А х м а д ҳ о ж и Х о р а з м и й
Олимнинг қисмати
(Тарихий роман)
IV-Боб |
Мусофирликда
Муҳаммад минган Қўнғирот-Тошкент поезди Тошкентга кечаси соат 11 ларда етиб келди. Катта шаҳар, биринчи келиши, ярим кечаси "Приямая” кўчасини қаердан топаман, деб қўрқа бошлади. Муҳаммад поездан тушса уни ҳамқишлоғи, Низомий пед. институти талабаси - Рамат Йўлдошев кутиб олади. Бунга Муҳаммад ҳайрон бўлади, бу ҳам Аминбой аканинг "иши” экан.
Рамат ака уни ўзи ижарада турадиган Чилонзордаги уйи(квартираси)га олиб борди. Уй эгаси тётя Поля Муҳаммадни яҳши қарши олиб, баҳоли қудрат меҳмон ҳам қилди.
Эрталаб Поля хола, бу ер икки кишига торлик қилишини айтиб, бошқа ердан жой (квартира) топишга маслаҳат берди. Рамат ака эрталаб ўқишга кетаётиб, Муҳаммадни ҳам ўзи билан олиб кетди ва прямая кўчасини кўрсатиб қўйди.
Амин аканинг запискасини қўлида ушлаб туриб ”Прямая” кўчасидаги 24-уйни ийманибгина тақиллатади. Ким керак, дея зарда билан эшикни очди уй эгаси Ҳури ая.
Муҳаммад салом бериб қўлидаги хатни қўрқа-писа узатди. Нима экан бу, дея хатни ўқиб, аянинг юзи ёришиб кетди.
Э, келинг ука, айтмайсизми Аминжон юборди деб. Албатта сизни жойлаштирамиз-да, деганича Муҳаммадни ҳовлининг тўридаги ҳожатхонанинг ёнгинасида жойлашган бир пастқам хонага бошлаб борди.
Бўйи - 3 метр, эни -2 метр, баландлиги 1,80 -1,90 см келадиган бу хона, аввал кўмир сақланадиган жой бўлган экан. Бу ерда Низомий номидаги педагогика институтининг таёрлов ва биринчи курсида ўқиётган Сурхондарёлик 3 та талаба яшаётган экан.
Торгина бу хонага зўрға сиғиб яшаётган бу йигитларга бегона бўлган, бунинг устига тўртинчи "квартирант”нинг келиши ёқмаган бўлса ҳам, аяга бирон эътироз билдиришга ботина олишмайди.
Бу пайтлар (1966 йил)да, Тошкентда квартира (ижарага туриш учун хона) топиш амри маҳол эди. Чунки апрелда бўлган зил-зилада кўпчилик уйлар бузилиб кетганди. Шунинг учун ҳам шароити оғир, жуда тор бўлсада, топилганига шукур қилинарди.
Мана болаларим, совуқ деб ўтирувдиларинг, сиқилиброқ ётсангизлар анча исиб ҳам қоласизлар. Сизлардан олдинги турган студентлардан қолган ва ҳозирда қўйхонанинг эшигига қоқилган кўрпани олиб беринглар, бу шеригингизга. Бошига оёқ кийимини қўйиб ётаверади.
Бунга (Муҳаммаджонга) ҳам тушинтириб қўйинглар, квартира пули(10сўм)ни олдиндан тўлаш лозимлигини. Кейин эса, уйга кириш - кун ботгунча, электрдан фойдаланиш - кечқурун соат 10 гача, ҳожатхонага кириш - икки мартагача (эрталаб ва кечқурун) ва бошқа бир қатор тартиб ва қоидаларни тушинтириб уйига кириб кетди Ҳури ая.
Бу Сурхондарёлик талабалар анча қўпол, жангари ва озодаликка кам эътибор эканликлари билиниб турарди. Улар кечқурун бир буханка нон олиб келишиб плиткада чой қайтатишиб ичишди-да кечқурунги тамаддини қилиб олишди. Улар Муҳаммадни таклиф ҳам қилишмади. Кечаси унга эшик ёни(остона)дан жой кўрсатишди.
Оч қоринга ва қўйларнинг ҳиди анқиб турган кир ва йиртиқ кўрпада тез уйқуга ҳам кетиб бўлмади. Улар эрталаб кечаги қолган нон билан учаласи ўтириб чой ичишди-да институтга кетишди.
Улар кетганларидан кейин Муҳаммад магазинга чиқиб, 2 буханка нон, 1 кг оқ қанд, 1 пачка чой ва бир бўлак совун олиб келди. Аввал чой ичиб олди, кейин кирлигидан ранги ўзгариб кетган дастурхон ва кўрпани ювди. Уйни, йўлакчаларни яҳшилаб супурди ва хонани анча-мунча саришта қилиб қўйди.
Бу ишлардан нафақат аянинг, Муҳаммаднинг шериклари бўлмиш бу Сурҳандарёлик талабаларнинг ҳам бошлари осмага етди. Бир сўз билан айтганда, булар учун кечагина бегона ҳисобланган тўртинчи квартирант (Муҳаммад) эътиборли ва суюкли бир киши бўлиб қолди.
* *
*
Муҳаммад 1966 йил, 12-декабрь эрталаб соат 9 да ТошДУнинг пуллик тайёрлов курсига хужжатларнинг топшириш учун кириб борди. Ҳужжат топшираётган ёшлар жуда кўп эди. Таёрлов курсидаги ўқиш кечқурун бўлиб, кундузи Тошкент шаҳрининг биронта (асосан қурилиш) ташкилотида ишлаш керак эди. Шунинг учун ҳам асосий ҳужжалардан биттаси, Тошкент шаҳрида ишлаётгани ҳақида малумотнома эди. Худдий шу малумотнома йўқлиги учун ҳам унинг хужжатларини қабул қилишмади.
Лекин ёшларни қурилиш билан боғлиқ бўлган ишларга таклиф қиладиган жуда кўп эълонлар осиғлиқ турарди. Бу эълонлар асосида бирнеча қурилиш ташкилотларига борди. Ҳамма ерда бир хил жавоб. -Ишга кириш учун Тошкент шаҳрида прописканг (рўйхатинг) бўлиши керак. Прописка қилиш учун эса Тошкентда биронта қариндошинг бўлиши керак, ё-да Тошкент шаҳрида (асосан қурилиш ташкилотида) ишлаяпти, деган маълумотнома керак.
Шу зайилда отганга бор, онанга бор, билан сал кам икки хафта ўтиб кетди. Ҳужжат топширишнинг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди.
Муҳаммад комсомол аъзоси эди, шуниннг учун ҳам Университет комсомол ташкилотининг котиби Шуҳрат Жалиловга мурожат қилиб ёрдам сўради. У бўлса: "Ука, қонунни Олий Совет чиқарган, уни фақат улар ўзгартира олади. Сиз уларга мурожат қилинг, улар бир энлик қоғоз беришсин, хужжатингизни дарров қабул қиламиз” деб осонгина қутилақолди.
Кўпни кўрган одамлар Олий Совет Президиуми раиси(Ёдгора Насриддинова)га киришни маслаҳат беришиб, раиснинг ўзига учрашмасангиз ишингиз тез битмайди, деб тушинтиришди.
Бироқ Қизил майдондаги раис қабулхонасида одам жуда кўп экан. Бир неча ҳафтада ҳам раис қабулига кириш имконияти йўқлиги аниқ эди. Ҳужжатларни олишнинг тугалланишига эса саноқли кун(3-4)лар қолган эди.
Вақт ҳам анча кеч (қоронғи) бўлиб қолганди. Қабулга келганларнинг ҳам кетиб бўлганига анча бўлган. Шамолнинг кучайганидан ердаги қорларни тўзғитар, совуқнинг кучи яна зўраярди. Бу пайтда Муҳаммаднинг кўзига дунё тор кўринар, Хоразмга қай юз билан боришни, отасининг, айниқса Тўра аканинг кўзига қандай қарашни ўйлаб, қабулхона эшиги олдидаги дарахтга суянганича кўзларидан дув-дув ёш оқарди.
Буни зимдан кузатиб турган шу бино қоровули келиб, ўғлим нимага йиғлаяпсан? Қани юрчи бу ёққа, деб қўлидан тутиб ичкарига (қоровулхонасига) олиб кирди ва бир пиёла чой ҳам қўйиб берди.
Масалани тушунган қоравул: "Мендан эшитганингни хеч ким билмасин, эрталаб барвақт келгин, асосий кириш эшигига яқин жойда турасан. Опа(раис)ниинг машинаси келиб тўхтаган заҳоти, югуриб олдига борасан-да, опа бир илтимосим бор эди, дейсан” деб тушинтирди.
Эртаси эрталаб, Қизил майдонда жойлашган Олий Совет Президиуми биноси олдига келиб қоравул тушинтрганидей, асосий кириш эшигидан нарироқда пойлаб турди. Иш вақти(9) бошланишидан деярли бир соат олдин қора машина келиб тўхтар-тўхтамас Муҳаммад машинага қараб югурди.
Ўша пайтда қаердандир битта милиционер пайдо бўлиб унга шитоб билан яқинлашаётиб: "Тўхта, қайт орқага” деб чақирди. Муҳаммад жон ҳолатда машинадан тушаётган опа(Ёдгора Насриддинова)га қараб югурди, милиционер эса унга қараб югурди.
Сурат-1.
Ёдгора Насриддинова (чапда) маккажўхоричиликни ривожлантириш бўйичаги анжуманда
Опа милиционерга "тегманг” дегандей ишора қилиб, "Ўғлим, тинчликми”, дея унга юзланди. Муҳаммаднинг эса қўрқувдан тили калимага келмасди ва ўзини тутаолмай йиғлаб юборди.
Опа уни қўлидан ушлаб хонасига бошлаб кирди ва, қани ўғлим тортинмасдан гапиринг барини, деди. Муҳаммад бир оғиз ҳам гапироалмай қўлидаги хужжатларни опанинг олдига қўйди. Ё.Насриддинова ҳужжатларига бир назар солиб: "Хўш, нима қилиш керак буларни” деди.
Муҳаммад бўлса ҳамон гапира олмасди. Опа: "Ёшгина йигит лол эканда” деган ҳаёлда унинг олдига бир варақ қоғоз билан қалам қўйиб, керак нарсангизни шу қоғозга ёзақолинг деди-да, ҳозиргина котиба олиб кирган қайноқ чойдан бир пиёла қуйиб унга узатди.
Ҳаяжондан қалтироғи ҳали босилмагани учун довдираб, чойнинг ҳаммасини бир хўплаб ичиб юборди. Оғзи ва ичи куйганидан икки кўзидан "гув” этиб ёш қуйилди ва ҳайрон бўлиб турган опага қараб: "иссиқ экан”, деди. Опа бўлса қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди ва: "Ўғлим, чойни пуфлаб ичади-да” деди ва унинг олдидаги коғоз билан қаламни бир четга олиб қўйди-да, гапирар экансизку, қани айтинг бир бошдан, деди.
Опа ҳаммасини эшитгач, сиз бораверинг мен ректорга қўнғироқ қилиб айтиб қўяман, деди. Муҳаммад эса, қоғозга ёзиб берилмаса улар қабул қилмайди, деб туриб олди. Опа кулдида, Олий Совет Президиуми бланкасига "Ўртоқ С.Х.Сирожиддиновга. Ҳужжатларни зудлик билан қабул қилинг” деб ёзди-да имзо чекиб, мана оборинг, деди.
Хоразмда бу гап: "Муҳаммадни пора бермагани учун кириш имтиҳонидан йиқитишмоқчи бўлганларида у имтихонни Ё.Насриддиновнинг олдида топшириб, ўқишга кирган эмиш” деганга ўхшаш турли-туман ривоятлар кўп йиллар оғиздан оғизга кўчиб юрди.
Олти ойлик пуллик тайёрлов курсида машғулотлар бошланди, Муҳаммад эса унинг фаол тингловчиларидан бири эди. Университет комсомол комитетининг йўлланмаси билан "Олмазор” маҳалласида жойлашган, СУ-22 қурилиш ташкилотига "разнорабочий” бўлиб ишга ҳам кириб олди. Эрталаб соат 7 да туриб ишга кетар, кечқурун соат 7 дан 10 яримгача тайёрлов курсида дарсда бўлар, кечаси соат 12 дан 1 гача дарс тайёрлар эди.
4.1. Мардикорликда
Мардикорлик инсоният пайдо бўлгандан бошлаб мавжуд, десам-да хато бўлмас. Муҳаммадга узоқ йиллар (салкам ярим аср) турли хил мамлакатлар ва турли хил шароитларда мардикорлик қилишга тўғри келган. Мардикорлик асосан молиявий иложсизлик ва мажбурликдан қилинади.
Мардикор – ҳақ-ҳуқуқлари чекланган, иш берувчи (хўжайин)нинг маълум бир маънодаги қули, десада хато бўлмас.
Айрим пайтлари: "Нима берсангда (ҳатто қорин тўяригада) розиман”, деб ишлашга мажбур бўлинади. Бундай пайтда иш берувчи виждонсиз бўлса, Худонинг ургани.
Муҳаммад 60 ёшдан ошганда ҳам мардикорлик қилган: Бир магазинчи уни куни билан оғир ва ифлос ишларда, овқат ҳам бермай ишлатиб, иш ҳақига ўтмай қолган ва 87 тийин (сент) турадиган латта дўппи берган. Муҳаммад у қалпаоқни ҳалигачада асраб қўйибди.
Муҳаммад бунга дамини ҳам чиқараолмаган. Чунки ойлаб-йиллаб ишлаб, бир чақада олаолмай, ҳатто ўлиб келганлар ҳам оз эмас. Шундай бўлсада мардикорлик қилишга мажбурсиз... "Очлик нелар едирмас...” деган мақол бекорга айтилмаган.
Бечора онаси Муҳаммадни Тошкентга кузатаётиб: "Болам пулингни бошқа нарсага сарфлама, фақат овқатинга ишлат, оч юрмагин” деб тайинлаган эди. Лекин ойлик олишдан умидвор бўлиб, қолган пулига битта-иккита иш кийими (этик, комбинзон, қўлқоп) олган эди. Бу қурилиш ташкилоти уч ой ишлатганидан кейин "Тошкент шаҳрида пропискаси бўлмаганлиги учун буйруқ чиқарилмади” деган бахона билан маош ҳам бермади.
Бозор кунигача еб туриш учун бирга турадиган талабалардан 2 буханка нонга қарз олиб турди. Хонада бирга турадиган талабалар маслаҳати ва уларнинг биттаси билан бозор куни тонг саҳарлаб Чорсудаги мардикор бозорига борди. Чунки нафақат ўзининг ейиши учун, нон учун қарз олган пулини ҳам тезроқ қайтариши керак эди.
Кўлида биронти устачилик ҳунари бўлган мардикорларга яхшигина ҳақ беришар экан. Муҳаммадга ўхшаган "разнорабочийлар” бақувватлигига ва ишчанлигига қараб бир кунда 10-15 сўм ишласа бўлар экан.
Биринчи борган куни унга ўхшаган тўрттасини обориб сомонлой билан томни суватишди. Муҳаммадни жисмоний бақувват бўлганлиги учун томга челак билан лой тортиришди. Лекин ҳақ берганда ҳам бошқаларга нисбатан 5 сўм кўп беришди.
Шундай қилиб 1966 йилдан то ҳозиргача ҳам мардикорликни канда қилмади. Мардикорлик қилишдан эса ҳижолат бўлмасди, ҳалол меҳнат билан кун кўришининг уяти йўқлигини биларди.
1967 йили апрел ойининг охирларидаги бозор куни, ТошДУ таёрлов курси тингловчиси, яъни Муҳаммад, тонг саҳарлаб, мардикор бозорига тушди. Ҳар галгидай кўлида ҳунари бор мардикорлар бир тарафда, Муҳаммадга ўхшаш "разнорабочий” мардикорлар бошқа тарифда "заказчик”ни кутиб туришарди.
50-55 ёшларидаги басавлат бир киши келиб, сувоқ иши бор, борасизларми, деб сўради. Муҳаммад: "Сувашни яхши билмайман-у, лекин лой қориши биламан”, дейди. (Хоразмда бир-неча марта сомонлой таёрлаб кўрганди). Шу ерда турганлардан яна биттаси, сувашни мен биламан, деб қолди. Иккинчиси эса "Мен лой қатнайман” деб буларга қўшилади.
Бу уч мардикор биттаси (Хоразмлиги) лой тайёрлаб берадиган, яна биттаси (Самарҳардлиги) лой қатнайдиган ва учинчиси (Андижонлиги) сувайдиган бўлишиб, у кишининг ГАЗ-21 машинасида, Кўкчадаги "Оқлон” маҳалласига боришди. Уй эгаси сувоқ қилиниши керак бўлган ерни, олти қоп алебастерни кўрсатди ва ишда кийиш учун ўзининг эски кийимларни бериб, мен ишдан келгандан кейин ҳисоб–китоб қиламиз, деганича шошиб ишига кетди.
Удумга кўра, уй бекаси бу сувоқчи-мардикорларни нонуштага таклиф қилди. Хоразмлик мардикор (Муҳаммад) эса шерикларига, сизлар нонушта қилишни бошланглар, мен эса бу даврда лойни таёрлаб дамига қўяман. Сизлар лойни сувашга бошлаганларингизда мен нонушта қилиб оламан, шунда унумдорлик ҳам бўлади, нонушта ҳам битади, дейди.
Муҳаммаднинг бундай меҳнатсеварлигига шериклари: "Шундай шерик билан кунбай эмас, ишбай ишласанг-да” деб ўйлашаётган бўлса, уй бекаси: "Жуда деловой мардикор экан-а” деб қувонаётган эди.
Муҳаммад каретага 6 қоп алебастернинг ҳаммасини, яна 4-5 қопча қумни ҳам солиб яхшилаб аралаштириб, водопроводдан сувни ҳам очиб, бор кучи билан лой қоришга киришади.
Уй эгаси келиб: "Ука, бунча лойни қотиб қолмасдан, суваб улгура олармикансизлар?” деб сўради. Тўрт томонидан тер оқизиб лой қораётган Муҳаммад: "Холажон, ҳали вақт ерта, кечгача суваб улгурамиз” дейди. Кечгача бу лой қотиб қолмайдими, деб сўрайди хола. Шунинг учун хам сал суюқрақ қилиб тайёрлаймизда лойни, дейди Хоразмлик мардикор. Уй бекаси ҳайрон бўлиб, елкасини қисганича уйига кириб кетди.
Муҳаммад каретани тўлдириб, ҳали айтганидай "суюқроқ” қилиб алебастерли лойни тайёрлаб, белкурак билан кетмонни ҳам каретада колдириб, лойни дамига қўйб, нонуштага киради. Шериклари бўлса, лой тайёр бўлса биз турайлик қотиб қолмасдан, деб қўзғалишди. Муҳаммад бўлса, йўқ бир пас ўтиринглар, лой дамини олиши керак, деб уларни ҳам ўтқазди.
Ўн беш минутлар ўтар-ўтмас уй бекаси қўшнисини чақириб чиқди ва алланарсалар деб каретанинг олдида сўкина бошладилар. Нима гап бўлди экан, деган ҳаёл билан булар (сувоқчи усталар) ҳам каретанинг олдига етиб келдилар. 40-45 ёшларидаги бу тепакал қўшни, лойни ким қилди, деб сўради.
Лойни мен қилдим, бироз дамини олсин деб қўйдим. Шунда сувоқни яхши тутади, деди Муҳаммад. Қани, лойдаги кетмонни олгинчи, деди, тепакал қўшни. На кетмон, на белкурак қимир этмасди . . .
Уй бекаси бориб учаласининг кийимларини қулфлаб келди-да қўшнисига, бу алебастерни ва қумни палон пулга, кўп машаққатдар билан топган эдик. Амакингизга телефон қилинг, зудлик билан келиб, топиб келган бу усталари билан ўзлари гаплашсинлар, деди-да уйига кириб кетди.
Уй эгасининг ишда кийиш учун берган эски-туски кийимларини кийиб олган бу мардикорлар ҳовлида гаранг бўлиб қолишди. Сукунатни Муҳаммад бузди: Дўстлар қочайлик, бўлмаса калтак ейишдан ташқари алебастер билан қумни ҳам тўлатишади, деди.
Андижонлик сувоқчи бўлса: "Биз нимага қочар эканмиз, биринчидан кийимларимиз қулфлоғлик бўлса, иккинчидан лойни биз қормадик-ку” деди. Лой ташувчи гапга аралашиб: "Агар бу Хоразмлик қочиб, биз қолсак, унинг тўлов улишини ҳам биз тўлаймиз, калтак улишини ҳам биз еймиз. Шунинг учун шу кийимларда бўлса ҳам ҳаммамиз қочмасак бўлмайди” деди. Ва учавлон қуённи суришади. Шу-шу бу уч мардикор бир ой чамаси мардикор бозорида қорасини кўрсатишмайди . . .
Шундан кейин Муҳаммад бошқа бир танишлари билан товарний станцияда вагондан кўмир туширишга борди. Бу ишда пулни кўпроқ беришар экану, лекин фақат кечаси ишланар экан. Бунинг устига бу иш асосан иш кунларига тўғри келар экан.
1970 йилда Муҳаммад Университетнинг 3-курс талабаси эди. Ҳар галгидек бозор куни тонг саҳарлаб мардикорлик қилиш учун Чорсудаги мардикор бозорига борди. 45-50 ёшларидаги бир рус киши келиб, иш берувчиларни кутиб турган мардикорларга қараб: "Осон иш, кечгача уйда қоравуллик қилинади, лекин 7 сўмдан кўп бермайман, ким боради?”, деди. Мардикорлар бу пулни оз кўриб ҳеч ким бормади. Муҳаммад, ҳа энди борига барака деб, 7 сўмга рози бўлди.
Эр-хотин – дядя Вовка билан тетя Зоя уни уйда қоравул қилиб ўзлари "Коворовец” мотоциклида Cирдарёга балиқ овига отланишди. Улар кетаётиб эшакдай келадиган овчаркасини ҳовлига бўшатиб юборишди ва: "Уйга сен, ҳовлига эса Жэк (ит) жавобгарсизлар”, деб қармоқлари ва "яримта”сини олишиб кетишди.
Ёз куни, ҳаво иссиқ эди. Тушга яқин ичишга совуғроқ нарса қидирабошлади. Холадилникни очса бир банка(0,5литр)да тўла пива бор экан. Чанқагани сабаб ҳалигидан 3-4 қултум ичди, 1-2 соатлардан кейин яна ичди, кейинроқ яна ичди. Ва шу тариқа бир банка пивани ичиб битирди. Чунки водопровод ҳовлида, итнинг ёнида эди.
Кўп ўтмай кичик ҳожатга чиққиси келди. Ҳожатхона эса ҳовлининг тўрида эди. Ҳовли (ҳожатхона)га чиқай деса ҳалиги овчарка "ейман”, дейди. Уй эгалари келгунча чидашнинг ҳеч имкони бўлмади ва пивадан бўшаган банкага сийиб, оғзини бекитиб, яширишга қулайроқ жой топа олмай, уни холодилникга қўйди. Уй эгалари келиб итни боғлаган заҳоти ҳожатхонага борганда, банкадаги ҳожатни ҳам тўкишни режалаштириб қўйди.
Уй эгалари кун ботай деганда келишди ва тётя Зоя итни боғлашга чоғланди. Дядя Вовка эса "Роса чанқадим”, дедида келасолиб холодилникдаги банкани бошига кўтарди. 3-4 қултум ичди-да хотинига қараб: "Кеча эски пива олиб келган кўринасан, бу роса айнибди-ку”, деди.
Хотини бўлса: "Бекорларни айтибсан, кеча свежисидан олиб келганман. Иссиқда қаттиқ чанқаганингдан сенга шунақа туюлгандир”, деди. Дядя Вовка яна 1-2 қултум ичдида: "Жуда айниган, мана ўзинг ичиб кўр”, деди-да банкани хотинига узатди. Тётя Зоя ҳам 2-3 қултум ичдида: "Тўғри, жуда айниб кетибди бу. Холодилникда турган свежий пиванинг бир кунда айниб қолишига ақл бовар қилмайди”, деб бир пивага бир унга қарайбошлашди.
Муҳаммад қўрққанидан: "Мен жуда шошиб тургандим, майли иш ҳақим(7сўм)нида бошқа пайтда оларман”, деб жуфтакни ростлади бу ердан...
1971 йил май ойининг ўрталари. ТошДУнинг биология–тупроқшунослик факультетининг 4-курс олий степендиёти – яъни Муҳаммад, Чорсудаги мардикор бозорининг "разнорабочий” тарафида турибди. Қўзлари ўйнаб турган, курсдошларидан кимгадир ўхшаб кетадиган, 45-50 ёшларидаги бақалоқ бир киши келиб, "қимматроқ бўлса ҳам 2-3 йигит керак, эски уйни бузамиз” деди.
Қимматроқ бўлса ҳам, деганини эшитибоқ Муҳаммад унга яқинлашди. У киши унинг билагидан тутиб силтаб кўрдида: "Кўринишидан унчалик гавдалик бўлмасада, роса баққуват экан”, деди-да битта баланд бўйли қозоқ ва ўрта бўйли русни олиб бу учаласини ўзининг Москвич-408 машинасига миндириб, Ҳастимомнинг "Лўли маҳалла”сига олиб борди. Боши берк кўчанинг 17- уй дарвозаси олдида машинанинг сигналини босди. Дарвоза очилиб машина ичкарига кирди.
Бу мардикорлар машинадан тушиб, нонушта қилиш учун ичгарига кираётганида ичкаридан Муҳаммаднинг курсдоши Муборак Тиллаббоева чиқиб, ие Муҳаммад, тонг саҳарлаб нима қилиб юрибсиз, қайси шамол учирди, кийимларинг ҳам алламбало, деди. Муҳаммад бечора нима дейишни ҳам билмай, Агрохимия китобингни сўраб келувдим, деди.
Нима деб довдираяпсан, агрохимияни қишдаги семестрда топширдик-ку деди, Муборак. Ҳа айтгандай, старостани излаб келгандим, деди Муҳаммад ҳовлиқиб. У бу ерда нима қилсин, студентлар шаҳарчасидаги ётоқхонасидадир, деди Муборак.
Унинг ётоқхонасига шу ердан борилармиди, деб қаршисида қўриниб турган эшик томон юрабошлади Муҳаммад. Ҳой, тўхта кўмирхонага кириб кетаяпсану, кўчанинг эшиги бу ёқда қолди, деб бақирди Муборак. Муҳаммад орқага қайтиб кўча эшигини очмоқчи бўлиб, эшикни зўр бериб тортабошлади.
Эшикнинг олдида турган Муборакнинг онаси: "Вой ўғлим, эшик итариб очилади” деди. У эшикни бор кучи билан итарган эди, эшик очилиб кетиб кўчага йиқилиб тушди.
"Боши гангиб қолдиёв широғимдинг, бу қизни кўриб” деди ҳалиги булар билан борган қозоқ. "Ну даёт, явно не пахмелился” деб хайрон қолиб турарди рус мардикор.
Буларни олиб келган бақалоқ киши бир қизи Муборакка, бир Муҳаммадга қараб ҳайрон бўлиб турарди. Муборак бўлса, бу биз билан бирга ўқийдиган курсдошим-ку, лекин мунақа ғалати одати йўқ эди, деган захоти гап қаерда эканлигини тушиниб етган барчаси бараварига кулиб юборишди.
Бу пайтда Муҳаммад ўрнидан туриб анча узоқлашган эди. Шу-шу бўлди, Муҳаммад мардикор бозорига тушса, қайси маҳаллага боришни сўраб, кейин борадиган бўлди.
4.2. Талабалик - олтин давр
Таёрлов курси тугаганидан кейин Муҳаммад Революция (ҳозирги Амир Темур) хиёбонида жойлашган (сурат-2) ТошДУнинг биология-тупроқшунослик факультетига, "Агрохимия ва тупроқшунослик” ихтисоси бўйича ҳужжат топширадиган бўлди.
Сурат-2. Ленин номли ТошДУ. 1967
Бироқ ҳужжатларини топшириш учун Университетнинг медкомиссиясидан ўтиши керак эди. Муҳаммаднинг тиббий комиссиядан ўтиш тафсилотлари аввалги 3-(Олимнинг спорт ва санъатдаги фаолияти) бобда баён қилинган.
Бу мутахасислик бўйича 50 талаба оларкан, лекин хужжат топширганлар сони 620 дан ортиқ, яъни бир ўринга 12 та дан ошиқ одам топширган. Демак конкурс ниҳоятда катта бўлади.
Биринчи имтихон химиядан эди, таёргарлиги жуда яхши, мақсад фақат беш олиш. Билетдаги саволларга таёрликсиз жавоб берди. Берилган қўшимча саволларнинг барчасига жавоб берганидан кейин: "Яшанг ука, тўрт қўяамиз” дейишди экзаменаторлар. Муҳаммад рози бўлмайди. Ука рози бўлаверинг, бугунгача топширган 600 га яқин абутурентдан 12-13 таси тўрт олган, иккинчидан беш баҳо имтихон комиссияси маъсул китобнинг рухсати билан ва шу предмент(фан) раиси иштирогида қўйилади халос, дейишди.
Ва ниҳоят химия бўйича предмент комиссияси раиси Қудрат Ахмедовни бошлаб келишди. У киши, даврий системадан иккита қўшимча савол берамиз, агар билсангиз беш, билмасангиз уч қўямиз дейди.
Агар бутун бошли даврий системани ёд билсамчи, деди Муҳаммад. Бу мумкин бўлмаган нарса, ўпкангизни босиб олсангиз бўларди йигитча. Қани, шундай бўлсада бир текшириб кўрайликчи, деб даврий система бўйича савол-жавоб бошланди.
Фақат даврий система бўйичаги савол-жавобларнинг ўзигагини 47 минут вақт кетди. Химия факултети декани - Қозоғистон Фанлар Академияси мухбир аъзоси, профессор Шукур Толипов бўлса: "Мана сизга, тирик Менделеев!”, деб Муҳаммадни зўр бериб химия факультетида ўқишга даъват этарди.
Ва ниҳоят, ҳаммаси бир овоздан беш қўйишди. Лекин бу имтихон узоқ вақт турли хил ривоятларга айланиб оғиздан оғизга кўчиб юрди. Кўп йиллар, Ш.Толипов ва ўша пайтда химиядан имтихон олган домлалар Муҳаммадни: "Биофакдаги Менделеев”, деб юришди.
Шундан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Муҳаммадни С.Рижовнинг олдида кўриб қолган Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти, 1967 йилдаги Университет ректори, академик С.Сирожиддинов: "Ие, Сергей Николаевич, манабу Менделеев сизнинг аспирантингизми ҳали?”, деган.
Сурат-3. Ўзбекистон Фанлар Академияси Президиумида Муҳаммад қилган саргузаштлар
ҳақида гаплашиб.1978
С.Сирожиддинов Муҳаммад билан 1967 йилда бўлиб ўтган имтихон (Менделеев) тафсилотларини ва медкомиссиядан ўтиш билан боғлиқ саргузаштларни Фанлар Академияси Президиуми йиғилишида айтиб бериб (сурат-3) Президиум аъзоларини (айниқса президент Обид Содиқовни), роса кулдирган.
Қолган (физика, адабиёт) фанлардан 4 - 4 олиб, 13 балл билан конкурсдан биринчилар қаторида ўтди. Дуниёда ундан бахтиёр одам йўқ эди гўё. Чунки Муҳаммад Марказий Осиёдаги энг катта ва нуфузли – Ленин номи билан аталадиган Университет(сурат-2)нинг талабаси!
Нафақат Муҳаммаднинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари, балки бутун Боғот қишлоғи бундан мамнун эди. Камбағал оиладан чиққан, ўз кучи (билими) билан олий ўқув юртига, яна ТошДУдай университетга кириш, бу Боғот қишлоғи учун гўёки биринчи ва ягона ҳол бўлиб, билим билан, хеч қандай ёрдам ва танишсиз ҳам олий ўқув юртига кириш мумкинлигининг амалий исботи эди.
Бир ой ҳам ўтар–ўтмас, ҳамма қатори Сирдариёга пахтага кетдишди. Ана шу ерда кимнинг ким эканлиги маълум бўлиб, ҳар ким ўзига мансуб дўст танлай бошладилар. Маълум бўлдики, бу гуруппада Хоразмдан - Муҳаммад, Бухородан - Муқумжон, Фарғонадан - Алижонга ўхшаш 3-4 талабалардан бошқа, деярли барчаси катталарга таалуқли ёки уларнинг фарзандлари эди.
Шунинг учун ҳам, ҳар ҳафта уларнинг изидан турли-туман (ҳатто "Чайка”) машиналарда ота-оналари, қариндош-уруғлари келиб туришарди. Ҳатто бу талабаларнинг айримлари бу ерда пишган овқатни емай (менсимай), уйидан келган овқатларни ер эди.
Уларни аристократ талабалар ҳам дейишарди. Уларни пахтани оз тергани учун койишмас, домлалар томонидан ҳам уларга эътибор ва иззат бошқача эди. Худдий шу талабалар камбағал оиладан чиққан талабаларни менсимас эдилар.
Ҳатто Эргаш Зиямухаммедовга ўхшаган ва азбарои буларнинг аҳволига ачинган домлалар томонидан: -Сизлар қишлоқ хўжалик институтига ўхшаган қишлоқбобироқ ўқув юртларида ўқиганларингиз мақул бўлармиди, деган таклиф ҳам бўлди. Яхшиямки, бундай ҳолат узоққа чўзилмади. Биринчи семестердаёқ ўз билимлари билан кирган талабаларнинг обрўси "аристократ” талабаларга нисбатан кескин ошди.
Муҳаммаднинг мақсади фақат "беш”га ўқиб, ўзидан 2 курс олдин ўқиётган земляги Карим Сафаровга ўхшаб, Ленин степендиёти бўлиш эди. Биринчи семестрда 6 та зачёт ва тўрта имтихон бор эди. Улар ичида унинг қўрқадигани фақат олий математика эди.
Тўғрисини айтганда, математикани мактабда ҳам хуш кўрмасди. Шунинг учун ҳам Минорскийниннг "Олий математикадан масала ва мисоллар тўплами” китобини (мохиятини унча яхши тушунмай) бошдан оёқ ёд олди.
Имтохонда экзаменаторлардан биттаси (ассистент), биология факултетида ўқиётган бу йигит (Муҳаммад)нинг матемтикадан билимини кўриб қойил қолди ва етакчи эгзаминатор(доцент)га юзланиб: -Бу йигит математика факультетида ўқиши керак экан. Китоб (Минорский)нинг қаеридан сўраманг, тутилмасдан жавоб бераяпти. Унга беш қўямиз, дейди.
Етакчи домла ассистентга, ноҳатки, дегандай бир қараб, Муҳаммадга битта қўшимча савол берган эди, у жавоб бера олмади. Ассистент ҳайрон қолиб, бошқа бир қийинроқ билетини олиб берган эди, Муҳаммад унга дарров жавоб берди.
Бундай савол-жавоблар бир соатдан ошиқ давом қилди ва маълум бўлдики, Муҳаммаднинг ҳар қандай мураккаб саволга дарров жавоб бериши шу билан боғлиқ эдики, бундай масала ёки мисол унинг ёд олган китобида бор эди. Осонгина қўшимча савволларга жавоб бера олмаслиги эса, худдий шу нарса Минорскийнинг китобида йўқ эди.
Математик домлалар унинг каттагина бир китобни бошдан оёқ ёд олганига қойил қолган бўлсаларда, Муҳаммадга зўрға уч қўйишди. Ва дейишдики, бу талабанинг математика фанини билиши қониқарсиз, аммо шу фанни (кўр кўрона бўлсада) ёд олиши билан боғиқ маҳнати ва қобилияти ижобий баҳога лойиқ.
Шундай қилиб, унинг Ленин степендиясига ўқиш имконияти биргина уч билан йўққа чиқди. Энди унинг мақсади олий степендияга ўқиш бўлди.
4-чи курсдаёқ диплом темалари берила бошланди. Димплом ишларининг деярли барчаси пахта агрохимияси ва тупроқшунослик бўйича эди. Фақат иккитаси маккажўхори агрохимиясидан эди.
Барча талабалар тупроқшунослик ва пахтага доир темалар олишга ҳаракат қилишарди. Чунки пахта ва тупроқ бўйича қилинган диплом ишлар кўп бўлиб, диплом ёзиш жараёнида булардан кенг фойдаланиш мумкин эди. Маккажўхори бўйича эса биронта ҳам диплом иши қилинмаган. Шунин учун ҳам Муҳаммад диплом ишини макккажўхорига ўғитлар қўллаш борасидаги темани ишлашга қарор қилди.
Маккажўхорига азотли ўғитлар қўллаш бўйичаги иккинчи, яна бир мавзуни Хоразмлик курсдоши Ражаб Бойжоновга беришди.
Бу диплом иши бўйича тажрибалар 1970 йил ноябридан, яъни тажриба ўтказиладиган далани кузги шудгор қилишдан бошланди. Агротехник тадбирлар эса 1971 йилнинг апрелидан, тупроқ ва ўсимлик намуналарини агрохимиявий анализ қилиш ишлари 1972 йилнинг март-апрель ойларигача давом қилдди.
Шуни таъкидлаш керакки, нафақат диплом ишида ва шунингдек номзодлик ва докторлик ишларида ҳам биологик, агрофизик ва агрохимиявий анализларни, ҳатто улар учун таёрланадиган реактивларни ҳам унинг шахсан ўзи қиларди. Шу сабаб Муҳаммад ўз илмий маълумотларига қаттиқ ишонарди.
"Ўзбекистон оқ тишсимон навли маккажохорининг ўсиши, ривожланиши ва ҳосилдорлигига минераль ўғитларнинг таъсири” номли диплом иши бўйича тажрибалар 1970-1971 йиллар давомида Тошкент Давлат Университетининг ботаника боғи (Тошкент шахри)да олиб борилди. Бу ҳудуд тоғ олди (денгиз сатхидан 350-400 метр баландликда) зонаси бўлиб, ўртача йилликк ҳарорат плюс 13,3 градус, йиллик ёғин миқдори 300-400 мм.ни ташкил қилади. Тупроғи - оғир қумоқли типик бўз тупроқ.
Тўрт қайтарилишда қўйилган тажриба вариантлари қуйидагича эди: 1-назорат (ўғитсиз), 2-N100, 3-N100P70, 4-N150, 5-N200P150, 5-N100P150, 6-N200P150K70. Маккажохорининг ўсиши ва ривожланиш фазалари бўйича олинган тупроқ намуналаридан: Чиринди, N,P,K ҳамда NO3, NH3, P2O5, K2O аниқланди. Ўсимлик (маккажўхори) намуналаридан эса N,P,K ва оқсилдаги азот,клетчатка, ёғ, ЗОЛ элементлари аниқланди.
Диплом иши иккита бўлим, беш боб, хулосалар ва ишлаб чиқаришга тавсиялардан иборат (65 бет) бўлиб икки интервалда рус тилида ёзилди. Унинг кириш қисмида маккажўхорининг ҳалқ хўжалигидаги ахамияти, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари баён қилинган. Адабиётларга обзор (1-боб) бўлимида маккажўхорига ўғитлар қўллаш бўйича Иттифоқ ва Ўзбекистонда қилинган асосий тадқиқотлар тахлил қилинган ва шу асосда муамонинг ўрганиш даражасини аниқлаб, тадқиқотнинг қай йўналишда бориши белгиланган.
Иккинчи боб тадқиқот олиб борилан объектнинг тупроқ-иқлим шароитига бағишланган. Учинчи боб эса дала тажрибалари ва лаборотория анализларини ўтказиш методикасига бағишланган. Тўртинчи бобда ҳар хил нормадаги ўғитларнинг тупроқ ҳамда ўсимлик (маккажўхори) агрохимиявий составининг ўзгариш динамикаси баён қилинган. Бешинчи бобда эса минераль ўғитларнинг маккажўхорининг ўсиши ривожланиши, кўк массаси ва дони ҳосилдорлигига таъсири кўрсатилган.
Олиб борилган тадқиқотлар асосидаги хулосада ўғитлар таъсирида тупроқ ва ўсимлик таркибидаги асосий озиқ элементларнинг бирмунча ошиши, маккажўхори кўк массасининг гектарига 1000-1100, доннинг эса 63-64 центнергача кўтарилиши кўрсатилган. Ишлаб чиқариш учун эса энг самарали меъёр сифатида гектарида 150-200 кг. азот, 100-140 кг. фосфар ва 50-100 кг. калий солиш тавсия қилинган.
Бу диплом ишини таҳлил қилиб тақриз ёзган профессор Л.Турсунов уни маккажўхорига ўғитлар қўллашнинг айрим назарий ва кўпгина амалий муаммолари юқори илмий-методик даражада бажарилган. Буни нафақат диплом иши сифатида, ҳатто номзодлик иши сифатида ҳам ҳимояга тавсия қилса арзийди, деган хулосага келган.
Сурат-4. ТошДУ
3-курс талабаси ва комсомол
аъзоси Муҳаммад
Диплом ҳимояси пайтида сўзга чиққан айрим олимлар тақризчининг бу хулосасини қўллаб қувватладилар хам. Давлат имтиҳон комиссияси (ГЭК) раиси, академик Ж.К.Саидов якуний сўзида: "Ўғлим, сизга Парвардигор катта илмий талант берибди-ю, лекин замонангизни бермади-да. Агар ҳозир давлат раҳбари Л.И.Брежнев эмас, Н.С.Хрушев (2-сурат) бўлганида сизнинг бу ҳимоянгиз номзодликка қабул қилинарди”, дегани хозиргача ҳам ҳамманинг эсида.
Бу димлом иши асосида бирнеча илмий мақолалар эълон қилинди. Ва бу материаллар асосида монографиялар чоп қилинди.
* *
*
1972 йили Университетни "Агрохимия” мутахасислиги бўйича Хоразмдан фақат 2 киши – Муҳаммад ва Ражаб Бойжонов битиради. Муҳаммад аъло баҳоларга битиргани боис уни Фанлар Академиясига ишга юборишади. Ражабни зўрға (3 га) битиргани учун вилоят(Хоразм)га юборишади.
Ҳарқалай Хоразмдаги биринчи ва ягона агрохимик бўлгани боис уни Облсельхозтехниканинг "Сельхозхимия” бўлимига катта агрохимик қилиб ишга олишган.
Ўша даврларда Хоразм вилояти раҳбари (Обкомнинг 1-чи секретари) Мадиёр Худайберганв эди. Ўзбекистон раҳбари Ш.Рашидов унга янги яратилаётган ғўза уруғидан 10-12 тасини бериб: "Жуда истиқболли нав. Пахта даласидан ўзим териб олганман. Яхшилаб парвариш қилиб, уруғини кўпайтирасизлар Хоразмда”, деган экан. Мадиёр ака уни Облисполкомнинг боғига эктирган ва ҳар куни ўзи хабар олиб турар экан.
Бу янги ғўзалар 2-3 чин барг чиқарганида уни биринчи озиқлантириш лозимлигини айтишади. Бундай нозик ишни кимга топширишни билмай боши қотиб турганида кимдир, вилоятда ўсимликларни озиқлантириш (ўғитлаш) бўйича мутахасис бўлган битта йигит борлигини айтишади ва уни зудлик билан М.Худайбергановнинг олдига олиб келишади.
Агрохимик Ражаб Бойжонов бу ишни қоилмақом қилиб бажараолишини, диплом иши ҳам ўсимликлар(маккажўхори)ни азотли ўғитлар билан озиқлантириш бўйича бўлганини айтганида М.Худайберганов: "Майли, шу ишни қойиллатгин, кейин сени облсельхозхимияга раис қиламан", дейди.
Р.Бойжонов енг шимариб ишга киришади – бу ғўзаларга биринчи озиқлантириш учун азотли ўғит (селитра) солади ва эртадан бошлаб бу ғўзаларнинг ривожида кескин ўзгариш рўй беради, деб башорат ҳам қилади.
Кечқуринги вилоят қишлоқ хўжалик фаоллари йиғилишида вилоят раҳбари М.Худайберганов Р.Бойжоновни мажлис аҳлига, академик Д.Приянишниковдан кейинги салкам буюк агрохимик, деб таништиради.
Эртасига бориб қарашса 10-12 туп ғўзанинг бариси шалпайиб (қуриб) қолганмиш. М.Худайберганов буни фавқулотда ҳолат деб эълон қилади ва вилоятдаги барча кўзга кўринган олиму-мутахасисларни чақириб бунинг сабабини сўрайди. Олимлар буни обдон текширишгач бир овоздан: "Юқори дозада азотли ўғит берилган”, деган хулосага келишади.
Маълум бўлишича "буюк” агрохимик Р.Бойжонов маккажўхорига бериладиган дозани энди чин барг чиқарган ғўза ниҳолларига бериб юборган экан. Шунда М.Худайберганов: "Э, кўрсавод, ҳўкизнинг емини бузоққа берса нима бўлишини ахмоқ ҳам биладику! Бу қилган ишинг "Мусаввирнинг тасаввури”даги "буюк” мусаввирнинг эшакникини кўриб отникини чизганидан ҳам ўтиб тушибди”, деб уни агрохимик сифатидаги фаолиятини Хоразмда маън қилиб, Тупроққалага сургун қилиб юборади.
Шу тариқа Р.Бойжонов вилоят раҳбари ишдан бўшаганидан кейин(1985)гина Хоразмга қайтиб келади. Нафақага чиққунгача ҳам агрохимия соҳасида ишламайди, профсоюзда, унда-бунда ишлаб юради.
Омадни қарангки, Ш.Рашидов 1972 йилда М.Худайбергановга берган уруғдан бирнечтаси ўша даврда район раҳбари бўлган Маркс Жуманиёзовнинг қўлида ҳам қолиб кетган экан. М.Жуманиёзов вилоят ҳокими бўлиб ишлаган давр(1991-1995)да бу уруғларни Муҳаммадга бераётиб: "Курсдошинг (Р.Бойжонов) – вилоятдаги биринчи олий маълумотли агрохимик – ғўзани ўғитлаб, уларни қуртиб, вилоятдан сургун бўлганди. Сен вилоятдаги биринчи профессор – агрохимик бўлиб, манашу охирги уруғларнида қуритсанг, Ўзбекистондан сургун қилинасан”, дейди ҳазил аралаш.
Муҳаммад Пахтачилик Институти Хоразм филиалига директор бўлиб ишлаган кезлари(1996-1997)да буни истиқболли нав даражасига олиб чиқди ва унга "Шароф-75” номини беришди. Бу машинабоп нав Маркс Жуманиёзов Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлагани(1995-1998)да ва ўзи ҳам "Шароф-75” навининг ҳаммуаллифи сифатида уни бутун республикага истиқболли нав сифатида районлаштирди.