Ахмад ҳожи Хоразмий
Қадрини топаолмаётган тавсия(ихтиро)нинг тарихи
Ихтиро ва кашфиётлар фан-техника ривожи ва инсоният цвилизацияси учун катта роль ўйнайди.
Кашфиёт (кашф қилинадиган нарса) – табиат ва жамиятда мавжуд бўлиб, у олимлар томонидан (кашф қилинади) очилади.
Ихтиро эса йўқдан яратилади. Ихтиро сўзи арабчадан олинган бўлиб, ўйлаб топиш, ижод қилиш маъносига эга. Ихтиро давлат томонидан тан олинадиган ва тегишли қонун билан муҳофаза қилинадиган янги техник ечим бўлиб, ҳар қандай янгилик (таклифлар, кашфиётлар, услуб ва қоидалар) ҳам ихтиро ҳисобланавермайди.
Ихтиро бўлиши учун у назарий ва амалий аҳамиятга эга бўлиб, ундан бирнеча марта фойдаланиш имконияти бўлиши керак. Қилинган ихтиронинг қиммати эса унинг амалиётда фойдаланиш ҳажми билан ўлчанади.
Диссертациялар ҳимоя қилган, катта-катта асар(китоб)лар ёзган, қатор кашфиётлар қилган йирик олимларнинг ҳам камдан камига ихтиро қилиш насиб этади.
Аллоҳга шукурки, 40 йилдан ошиғроқ иш фаолиятим даврида қатор катта-кичик ихтиро ва кашфиётлар қилиш насиб этган менга. Булар ҳақида, илмий ва даврий ОАВларида кенг ёритилган:
А Хоразмийнинг ихтироси (Ҳалқ сўзи, 25-05-1994), Хоразмий услуби (Хоразм ҳақиқати, 28-05-1995), Ўғит солишнинг янги усули (Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги, № 1, 1996), Тадқиқот ва кашфиёт ( Ўзбекистон Давлат патент Идорасининг Расмий ахборотномаси № 4, 2000), Буюк Британия фитоценозлари самарадорлиги оширишнинг янги услуби (Таълим технологиялари № 1, 2010) ва бошқалар шулар жумласидандир.
Уларга тегишли патентлар олинган ва улардан илм-фан ва ишлаб чиқаришда фойдаланилаяпти. Албатта, булардан муаллиф сифатида мен ҳам чексиз ҳузур оламан.
Мен қилган ихтиро (тавсия)лар ичида яна биттаси борки, мана, салкам 30 йилдирки, сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар сабаб ўз қадрини топаолмай (амалиётга жорий қилинмай) қолаяпти. Бундан эса қишлоқ хўжалик ишлаб чиқариши, айниқса, иқтисодиёт зарар кўрмоқда.
Бу ҳақда қуйида батафсил ҳикоя қилмоқчимиз. Шояд, бу мақоламиз қишлоқ хўжалиги соҳаси мутахасислари, айниқса, Ҳукуматдаги тегишли мутасаддиларнинг диққатини тортиб, Ватан иқтисодиёти ва ҳалқ фаравонлиги йўлида ўз қадрини топиб кетса.
"Пайғамбарлар тарихи”, "Нақшбандия тариқати”, "Ҳақиқий тиббиёт ёхуд йўқотилган шифо изидан” каби китобларнинг муаллифлари Солихлар бўлгани учун, Ўзбекистонликлар уларни китоб шаклида ўқий олишмаётгани каби, бу тавсиянинг муаллифи А.Хоразмий бўлгани учун у Ўзбекистонда тадбиқ қилинмаса, бу энди Каримовчиларнинг виждонига ҳавола.
1981 йил сентябр ойида Мозамбик(Африка)га бориб Пахтачилик илмий марказини ташкил қилиб, Мозамбикда пахтачиликни ривожлантириш бўйича ғайрат билан иш бошладик. Ўша йили, 12 ноябрда КПСС МК сиёсий бюроси аъзолигига номзод, Шароф Рашидов (сурат-2) бошлиқ СССР Ҳукумат делегацияси (делегация таркибида И.Жўрабеков ҳам бор эди) Мозамбикка келди ва бизнинг қилаётган ишларимиз билан ҳам танишиб, бундан кўнгиллари тўлди.
Сурат-3. Мозамбик(Африка)да
1983 йили МК секретари Е.Айтмуратов, 1984 йилда эса МК секретари Р.Абдуллаева бошлиқ Ҳукумат делегациялари Мозамбикка келган ва бизлар олиб бораётган ишларимиз билан бирма-бир танишиб чиқишган. Мозамбикда биз таёрлаётган шогирд(талаба)ларимиз (сурат-3) билан ҳам учрашишган. У талабалар кейинчалик Тошкент ва Москвада талим олишди.
Булар ҳақида Мозамбик ва Ўзбекистон ОАВ (Оммавий Ахборот Воситалари)да: Совет олимларининг зафарлари (Noticias), Тадқиқот Марказидаги ютуқлар (Diario de Mocambique), Мозамбикда ғўзани ўғитлашнинг илмий ва амалий асослари (Agrikultura), Дўстлик маркази (Ёш ленинчи), Дўстона ёрдам (Совет Ўзбекистони) каби сарлавҳалар билан кенг ёритилган. Бунда мен олиб бораётган тадқиқотлар юқоридаги мақолаларнинг ўзагини ташкил қилган.
Ва шунингдек Мозамбикдаги тадқиқотлар асосида ёзилган монографиям Мозамбикда португал тилида (Мапуто-1984) ва Ўзбекистонда рус тилида (Тошкент-1991) ҳам нашр қилинган (сурат-4).
Шундай кунларнинг бирида Ўзбекистон раҳбари Ш.Рашидов Республика миқёсидаги катта бир анжуманда: "Хоразмликларга раҳмат, шундай олим ўстиришибди. У (А.Хоразмий) ўз ишлари билан бутун бошли мамлакатга обрў келтираяпти. Нафақат Хоразмликлар, ҳаммамиз ҳам булардай олимларимиз билан фахрланишимиз керак”, деган.
Шундан кейин, ўзим Африкада бўлсамда, Хоразмда менинг обрўйим ошиб кетган. Маҳаллий раҳбар(ҳоким)лар ота-онамдан, қариндошларимдан тез-тез хабар олиб уларни қўллаб туришган.
Мен Африкадан ватанга қайтган заҳотим, докторлик ишимни ниҳоясига етказишим керак, деб оёқ тирашимгада қарамай, Хоразм вилояти раҳбарияти, айниқса Обком секретари Ғайрат Машариповнинг сайъий ҳаракатлари бўйича, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги мени "Хоразмни илмий кадрлар билан мустаҳкамлаш учун” деган буйруқ билан мени Хоразмга ишга жўнатишди.
Ғайрат Назарович Машарипов (сурат-5) ҳақида қисқача айтадиган бўлсак, бу одам Ш.Рашидовнинг назарига тушган. Москва Тимерязов Академиясини тугатган, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном.
Ўзбекистон МК қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат саноати бўлими мудири (Т.Зинин)нинг ўринбосари, Гурлан райкоми секретари бўлиб ишлаган. Олимларни, кучли ва ташаббускор мутахасисларни қадрларди.
Келажакда Боғот райкоми секретари (ҳокими) қилиш мақсадида ишни Хоразм Обкомида инструктор сифатида бошлашни таклиф қилишди менга. Мен эса илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти бўлмиш вилоят зонал агрохимия лабороториясини танладим ва ишни агрохимкартограмма бўлими бошлиғи (сурат-6) сифатида бошладим.
Обком секретари Ғ.Машарипов мени ҳузурига таклиф қилиб, Хоразмда агрохимия хизматини тубдан ислох қилиш вазифасини қўйди олдимга. Ва бу вазифани бажариш учун зарур бўлган барча имкониятларни яратиб берди менга.
Мен ёнимга тегишли мутахасисларни ва шогирдларимни олиб, кеча-кундуз тиним билмай вилоятнинг ҳар бир даласидан тупроқ намуналарини олдик. Уларда ўтказиладиган агротехник тадбирларни эринмай ўрганиб чиқдим.
Тадқиқотларимиз натижалари даврий ва илмий матбуотда: "Агрохимкартограммадан тўғри фойдаланинг” (Хорезмская правдв 24.04.1986), "Хоразм воҳаси ўтлоқ тупроқларида ғўзани озиқлантиришнинг илмий асослари” (Сельское хозяйства Узбекистана № 11, 1986) сарлавҳалар билан кетма-кет нашр қилиниб турди.
Бизнинг олиб бораётган ишимиз Обкомнинг биринчи секретари, иқтисод фанлари номзоди Мадёр Худайберганов бошлиқ Обком бюросининг назоратида бўлди.
Тадқиқотларимиз асосида Хоразм воҳасида тарқалган асосий тупроқлар типларини ва уларнинг агрофизик ва агрохимиявий хусусиятларини, бу тупроқларда олиб борилган агротехник тадбирларни ўргандик, ҳамда бу тупроқлар тарқалган ҳудудларни аниқладик.
Сурат-6. Агрохимкартограмма бўлими бошлиғи ходимлари
билан
Хоразм воҳасида тарқалган тупроқларни, морфологик тузилишлари, агрохимиявий ва агрофизик хусусиятлари асосида қуйидаги уч группага бирлаштирдик:
1.Қорақумнинг экалогик таъсирида вужудга келган ( ёки қумдан ўзлаштирилган) ва асосан Хоразм воҳасининг Қорақум билан туташган жануб томонида тарқалган ўтлоқ саҳро (қумлоқ) тупроқлар.
2. Амудариё ётқизиқлари натижасида вужудга келган аллювиал ўтлоқ (воп) тупроқлар
3. Юқорида келтирилган иккита тупроқ гурухлари орасида жойлашган, эскидан суғорилиб келинаётган ўтлоқи воҳа (совға) тупроқлар.
Бу тупроқлар ўзларининг морфологик тузилиш, агрофизик ва агрохимиявий хоссалари ҳамда унумдорлиги билан бир-биридан кексин фарқ қилади.
Маълумки, ёқилғи мойлаш материаллари, сув, техника ва унинг эхтиёт қисмлари, минераль ўғит, гербицид ва пестицидлар каби материалларининг тақсимоти асосан экиладиган экин тури ва майдонига қараб амалга оширилади.
Мен эса тадқиқотларимизга асосланиб бу нарсаларининг тақсимотини тупроқнинг механик состивага, шўрланиш даражасига, унумдорлигига қараб ажратиш ғояси билан чиқдим.
Бу янги ғоянинг моҳияти шундаки, тақсимотнинг ҳозириги ҳолати бўйича олсак ёқилғи мойлаш материаллар ва эҳтиёт қисимлар миқдорини совға тупроқларда (воп ва қумлоқ тупроқларда камайтириш хисобига) бирмунда ошириш керак. Чунки совға ( оғир қумоқли) тупроқларни тракторлар билан ҳайдаганда, ишлов берганда енгил тупроқларга қараганда ( трактор двигателларининг нагрузкага тушиши боис) анча кўпроқ ёқилғи мойлай материаллари сарф бўлади. Техниканинг айрим қисмлари тез ишдан чиқади.
Сувнинг ҳажмини воп тупроқларда камайтириш хисобига қумлоқ тупроқларда ошириш керак. Минерал ўғит миқдорини эса совға тупроқларда камайтриш хисобига қумлоқ ва воп тупроқларда бирмунча ошириш лозим. Чунки совға тупроқлар табиий равишда озиқ элементларга анча бой. Қумлоқ тупроқларининг эса унумдорлиги нихоятда паст.
Сурат-7. Маркс Жуманиёзов
Менинг бир ярим йилдан ошиқроқ вақт мобайнида кеча кундуз тинмай вилоят тупроқларини ўрганишим натижасида келган хулосаларим ва тавсияларим (ғояларим) Г.Н.Машариповга ёқиб тушди. Қишлоқ хўжалик соҳасидаги вилоят рахбарларини, кучли мутахасису олимларни, район рахбарлари (райкомнинг 1-секретарлари)ни чиқариб мени маъзура қилдирди.
Мен вилоятнинг барча тупроқлари, уларнинг тузилиши ва хоссалари хақида гапириб, уларни асосан уч грухга бирлашириш ва сув, ўғит, эхтиёт кисмлар, ёқилғи-мойлаш метериаллари тақсимотини аввалгидек, фақат гектарига қараб эмас, балки, тупроқнинг хоссаларига қараб ҳам амалга ошириш ғоясини кўтариб чиқдим.
Бу ғоя қишлоқ хўжалик соҳасидаги вилоят рахбарлари ва мутахасисларига, шунингдек, Боғот райкоми секретари (ҳокими) Р.Қутлимууратовга, Хазарасп райком секретари Шариф Муродовга, Янгиариқ райкоми секретари Эгамберган Хакимовга, Қўшкупир райкоми секретари Хусаиновга жуда мақул тушди. Чунки бу район худудларида паст унумли қумлоқ тупроқлар ва унумдор лекин жуда оғир бўлган совға тупроқлар кенг тарқалган эди.
Бириоқ бу тавсия Гурлан райком секретари Шоназар Жобборов, Шовот райкоми секретари Райимбой Тойиров, Хонқа райкоми секретари Маркс Жуманиёзовларга унча ёқмади. Улар таъминотнинг аввалгича қолиши тарафдори бўлдилар.
Чунки бу районлар худудида воп тупроқлар кўпчилик майдонларни ишғол қилар эди. Лекин кейинги райком секретарларнинг обком биринчи секретари Мирахмат Мирқосимовга (у киши мутахасислиги бўйича тоғ инженер эди) таъсир кучи баландроқ эди. Шу боис ҳам бу ғоя (тавсия) кенг кўламда амалга ошмади.
Сурат-8. Илмий-техник кенгаш
жараёни
М.Мирқосимов Тошкентга кетиб, Реймажон Худайберганова Хоразм вилоятига раҳбар бўлди. Унинг ёрдамчиси профессор Бахтиёр Рўзметов аспирантлик давридан яқин дўстимиз эди. Натижада бизнинг бу ғоя (тавсия)мизнинг амалга ошишига реал имконият туғилди. Бу ғояни Хоразмда қўллаб, кейинчалик бутун Ўзбекистонга жорий қилиш таклифи ҳам Р.Худайбергановадан чиққан эди.
Кўп ўтмай М.Горбочевнинг демократияси ва ошкоралиги сабаб ит эгасини танимай қолди. Ҳар ким ўз жонини овлаш билан овора бўлиб, бундай ғояларни ҳаётга тадбиқ қилишга раҳбарларнинг қўли тегмади.
1992 йилдан Совет даври бошқарув тизими бўлмиш Обком ва Облисполком тугаб Ҳокимлик ташкил қилинди. Маркс Жуманиёзов (сурат-7 ) Хоразм вилояти ҳокими этиб сайланди. Мен эса Ҳокимликда вилоят деҳқончилигини назорат қиладиган мулозим (1-чи даражали мутахасис) этиб тайинландим.
Вилоят қишлоқ хўжалигини тубдан ислох қилиб, уни илмий асосга ўтказиш борасида кеча-кундуз тинимсиз ишлардик. "Омад келса қўша келади”, деганларидай, бундан 5-6 йил аввал ўзимиз кўтариб чиққан таклифни ҳаётга жорий қилиш ўзимизнинг қўлимизда бўлиб қолди.
Бироқ замон ўзгариб, социализм қонунлари пасайиб, капитализм қонунлари кучаябошлаган даврлар бошланди. Колхоз ва совхозларнинг ўрнида ширкат ва фермер хўжаликлари ташкил қилиниб, қишлоқ хўжалигида ҳам янги сиёсий ва иқтисодий тизим шакилланабошлади.
Янги (яъни ҳозирги) иқтисодий тузум қонунлари бўйича сувдан бошқа таъминот – ёқилғи-мойлаш материаллари, техника ва эҳтиёт қисмлар, минераль ўғит ва зараркурандаларга қарши кураш воситаларини энди кимнинг пули бўлса ҳоҳлаганча олавериши мумкин эди.
Шу боис, таклиф(ғоя)мизнинг замон талабига жавоб берадиган, янги (яна бир) вариантини ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди. Биз таклифимизнинг бундай вариантини ишлаб чиқдик ва у Ўзбекистон пахтачилик институти Хоразм филиали илмий-техник кенгашида (сурат-8), ҳамда вилоят агросаноат комитетида маъқулланди ҳам.
Бироқ, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари, агрохимикатлар ишлаб чиқариш аввалгисига нисбатан кўпам ошмаганлиги сабаб, вилоят ҳокими, кейинчалик мамлакат қишлоқ ва сув хўжалиги вазири М.Жуманиёзов таклифимизнинг биринчи (аввалги) вариантини аввало вилоятда, кейин эса республикада жорий қилишга кўрсатма берди.
"Камбағални туянинг устида ҳам ит қопар”, деганидай аввало вилоятга қишлоқ хўжалигини ва илм-фанни тушинмайдиган (қурувчи), янгиликни хушламайдиган бир довдир (И.Юсупов)нинг ҳоким бўлиб келиши, қолаверса, менинг қишлоқ хўжалигидаги коррупция танқид қилинган "Вакил” (сурат-9) номли илмий-сатирик китобимнинг нашр қилиниши, бу ҳам етмаганидек, "Президентнинг плёнка остига пахта экиш сиёсатига қарши”, деб оғизга тушиб кетишим (аслида пленка остига пахта экишга қарши бўлмаганман), ва оқибатда, барча вазифалардан бўшатилиб, муҳожиротга юз тутишим сабаб, ватаним (Ўзбекистон) ва ҳалқимга фойдаси тегадиган, юқорида баён қилинган ғоя (ихтиро) ўз қадрини топаолмаяпти, афсус.
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
Ал-Хоразмий ва Ўзбекистон Фанлар
Академияси мукофотлари лауреати,
профессор Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.