"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Аянчли кунлар тарихи

Ахмад ҳожи Хоразмий

Аянчли кунлар тарихи

Отам раҳматлик қизилларнинг мустамлакачилик сиёсатига қарши "босмачи” шаклида уларга қарши курашиб, ҳалқнинг талаби асосида "Майда миллат” колхозининг раиси вазифасида ишлаётган кезлари(1940)да "Троцкийчи” тамғаси билан 5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинади.

Сурат-1. Хоразм вилояти, Майда миллат (ҳозирга Тошкент) колхозининг биринчи раиси  Хасан Абаев. 1932

Отам судьяга: "Майли биз Троцкий тарафдори сифатида қамалаётган эканмиз, ҳеч бўлмаса Троцкийнинг ким эканлигини билайлик”, деган. Бечора судья уёқ-буёғига бир қараб: "Троцкийнинг кимлигини бизда билмаймиз. Лекин кўзойнак таққан, чўққи соқол одам деб эшитганмиз”, дейди.
Шундай қилиб отам бечора ниҳоятда оғир шароитда, узоқ шарқ (Хитой чегараси)да 5 йил ўтириб, 1945 йилда қайтиб келади. Келса уйида ҳеч вақо йўқ, ҳамма нарсалар, ҳатто томнинг ёғочларида  мусодара қилинган. Хотини ва ёш болалари "Троцкийчининг оиласи” сифатида Ўзбекистондан бадарға қилинади ва улар Туркманистоннинг чекка қишлоқларида жон сақлашади. Уларнинг тириклиги 1950 йилларга келиб маълум бўлади. 
Сталин даври қатоғонига учраб, беҳисоб азоб чеккан бўлсада отамнинг Сталинга эътиқоди ва ҳурмати бир умр беқиёс бўлди. "Жаҳон урушини енган, Европани (балки дунёни) фашизмдан қутқарган, ҳалқи оч-яланғоч ва ўзи харобага айланган давлатни ядро ва космос державасига кўтарган, ватани ва Совет ҳалқи учун нафақат ўз ҳаловатидан, ҳатто севимли ўғлидан ҳам кечаоладиган Сталиндай доҳий-раҳбар дунёга ҳар 1000 йилда бир келади (Сурат-2). Бизнинг жабр чекканимизга Сталин эмас, унинг ишончига кириб олган Берья, Ежов каби хоинлар сабаб бўлган. Сталиндан кейин раҳбар бўлган Хурушкал (Хрушчев) ва бошқалари Совет ҳалқининг Сталинга бўлган чексиз эътиқодига ҳасад қилганидан уни ёмон отлиқ қилишаяпти”, дер эди. 

Сурат-2. Генералисимус (Дохий) Иосиф Виссарионович Сталин (Жугашивили)
Шу ўринда 2008 йил ноябрда Россиянинг ижтимоий фикр институти ўтказган "Дунё бўйича ХХ-асрнинг энг буюк шахси (раҳбари)” танловида салкам 60 % овоз олиб, биринчи ўринни Иосиф Сталиннинг олгани раҳматлдик отамнинг унга эътиқоди бекор эмаслигидан далолат деса бўлади. 
Онам раҳматликнинг ҳам қисмати отамникидан енгил бўлмаган. Онамнинг отаси Абдукарим палах Дорғон отанинг бадавлат кишиси бўлганлиги боис уни Совет (Шўролар) тузумининг душмани сифатида учлик (тройка)нинг қарорига асосан отиб ташланади. Оиласи эса бадарға қилинади. Кўп ўтмай онамнинг онасида вафот этади ва балоғат ёшигада етмаган бу болалар ҳар қайси бир узоқ қариндошларига сочилиб кетади. Онам раҳматлик Боғот тумани, "Туркманлик”қишлоғидаги узоқ қариндоши Худойберди Авазов қўлига келиб қолади. Шундай қилиб 1945 йилда шўралар тузуми душманларининг фарзандлари бўлган – бизнинг ҳаётимизгада бу сиёсий тамға у ёки бу кўринишда яқингача таъсир қилиб турди.
Ҳатто 1993 йил шўролар тузуми қулаган бўлсада Ўзбекистон Олий Мажлиси депутатлигига менинг номзодимни: "Отаси Троцкийчи сифатида қамалган (лекин отам 1980 йилларга келиб оқланган), бунинг устига миллати ҳам туркман”, деб олиб ташланади.  

Сурат-3. Л.Троцкий

1950 – 60 йиллар сиёсати бўйича далада ишлаётган колхозчи 60 ёшда пенцияга чиқиши учун ўрнига оиласининг биронта аъзосини ишга қўйиши керак эди. Биз ёш бўлганлигимиз боис отам раҳматлик 70 ёшигача нафақага чиқа олмади. 1961 йил мен 13 ёшга киргач, отам ўз ўрнига мени колхозчи қилиб ўзи 70 ёшида нафақага чиқди.
Эрталаб патрак (Патрак –кепакка пиёз қўшиб таёрланган, нон ўрнига ейилади) ёки зоғора (Зоғора-жўхори унидан таёрланган, ташқариси пишган, ичи хом, нон ўрнига ейилади) билан бир пиёла чойни апил-тапил ичиб, салкам 10 км узоқдаги "Янги қадам” мактабига ўқишга кетар, тушдан кейин, ҳориб-чарчаб ўқишдан келиб иссиқ сувга қотган патракни чала-чулпа бўктириб еб, кетмон ёки белкуракни кўтарганча далага (ишга) чопардим.
30-40 ёшли колхозчилар қатори бериладиган нормани бажара олмаганимиз учун, бригадирдан кунаро калтак ер, ҳатто айрим пайтлари калтак зарбидан оғзи-бурнимиз қонаб, лабларимиз ёрилиб, тишларимиз синган байтлари ҳам бўлган. Тун қоронғусида уйга зўрға келиб, қаттиқ чарчаганимиздан буломоқ, ёки арик пиёва (шўрва)нида ичаолмай, очдан-оч ухлаб қолган пайтларимиз ҳам саноқсиз эди.
1962-63 йилларда бригадир мен(14-15 ёшли ўспирин)ни ғўза зараркурандаларига қарши ДДТ, Гексохлоран, Меркаптофос каби дунё бўйича ишлатиш қаттиқ тақиқланган, ўта заҳарли химикатларни, биронта ҳимоя чораларсиз, қўлимиз билан септирарди. Меркаптофосни иккинчи жаҳон урушида Гитлерчилар  Совет аскарларини  ўлдириш учун ишлатганини (уларнинг устига самолётда сепганини) ҳисобга олсангиз, унинг нақадар хафли химикат эканлигини кўз олдингизга келтирсангиз бўлади.
Ҳаво иссиқ пайтларида булардан заҳарланиб, қайд қилганча далада йиқилиб қолар, айрим пайтларда даладан тўғри касалхонага олиб кетишар, касалхонада бирнеча кун даволаниб, ҳали тўла тузалмасданоқ яна далага чиқишга мажбур бўлардим.

Сурат-4. Ногиронга айланган қўл

1963 йил сентябрда далада йиқилиб ўнг қўлим суяги чатнади ва шишабошлади. Бригадирнинг қистови асосида оғриқли қўлим билан яна 2 куи ишга бордим. Белкуракнинг сопини ўнг қўлда ушлай олмаганимдан қўлтиғимга қисиб ишлардим. 
18-сентябрида қўлим шишганидан кўйлагимнинг енгига сиғмай қолди. Оғриқ натижасида ҳароратим 39,5 Со га чиққан ва далада йиқилиб қолдим. Кимнингдир эшакаравасида мени уйга оборишди ва онам 2 тухумни чақиб қўлимга боғлаб қўйди. Ахволим кун сайин оғирлашарди. 21-сентябрга келиб ҳароратим 41 Со дан ошган ва ўзимни билмай қолганимдан кейин эшакаравага ортиб Боғот туманидаги касалхонага оборишган.
Қатор укол ва дорилар таъсирида ҳароратим 39 Со гача пасайган бўлсада қўлимнинг шиши қайтмади. Районда ягона бўлган тез ёрдам машинасининг бузилиб қолганлиги сабаб, 24-сентябрида кўмир қатнаётган йўловчи юк машинасида вилоят касалхонасига оборишди ва "Остёмелит”, деб диагноз қўйишди. Эртасигаёқ қўлимни Махмудов ва Ренат Рамкуловлар операция қилишиб 2 литрдан кўпроқ иринг олиб ташлашган.
Ҳароратим аста-секин пасайиб 2 ҳафта деганда ўзимга келабошладим. 17-сентябрдан 1-октябргача овқат емай фақат вена томирига юборилган глюкоза ҳисобига яшаганман. Ҳатто мендан умидларини узиб қабристонда менга жой ҳам таёрлаб қўйишган.
Малакасиз врачларнинг даволаши туфайли ўнг қўлим 1963-66 йиллар мабойнида 6 марта операция қилинган бўлсада тузалмади. Қўлимнинг кесилмаган, тешилмаган жойи қолмади (Сурат-3). Мени 3-грух ногиронга чиқаришди. 30 йил (1993 йилгача) давомида қўлимдан суяк ажралиши ва иринг чиқиши давом қилди. Шундай ҳолатда ҳам оғир жисмоний меҳнат қилишдан тўхтамадим. 
1964 йили (9-синфда ўқирдим) мактабга келган парталарни ташиётиб, парта оғирлигидан бетон зинапояга йиқилдим ва ўнг оёқ тиззамнингсуяги  қаттиқ лат еб оёғим шишиб кетди. Бир ойча даволанган бўлсамда оёғим бутунлай тузалмади. 
2004 йили (Тошкент Давлат Аграр университетида профессор бўлиб ишлардим) кафедрага келган янги столларни 4-қаватга чиқараётиб бетон зинапояга йиқилдим. Бахтга қарши худдий ўша ўнг оёғимнинг аввал лат еган жойи яна қаттиқ лат еди ва оёғим шишиб кетиб касалхонага ётқизишди. 

Сурат-5. Қўлтиқтаёқли ҳаёт

Ўнг оёқ тиззамни салкам бир йил ичида 4 марта операция қилган бўлсада тўла тузалмади. Бир йилча қўлтиқтаёқда юрдим (Сурат-4). Бунинг сабаби фақат врачларнинг малакасизлиги эмас, уларга бериладиган пул(пора)нинг ҳам етарлича эмаслиги эди. 
1967 йили талаба бўлишга муяссар бўлган бўлсамда уни битиргунча яшаш учун бошим мардикорликдан чиқмади. Ўнг қўлим ногирон бўлсада ҳар бозор куни эрта саҳардан кеч қоронғигача мардикорлик қилардим. Айрим кунлари кечаси билан вагондан кўмир туширардим. 
Бундай оғир ишлар натижасида ногирон қўлим шишиб кетиб, айрим пайтлари касалхонага ётишга тўғри келарди. Мардикорлик қилиб топган 10-15 сўм пулимда дори-дармонга кетиб, ҳафталаб овқатсиз, фақат буханка нон ва чой билан тирикчилик қилишга мажбур бўлардим. 
1997 йили ҳаж зиёратига боришим, 1999 йилда ҳалқ ва давлат манфаати кўзланган "Вакил” номли илмий-сатирик китобимнинг нашр қилиниши, кейинчалик агрохимикатларнинг экологик муаммосига бағишланган қатор илмий мақолаларимнинг эълон қилиниши, сиёсатчи ёки мухолифатчи бўлмасамда мени Каримов режимининг мухолифи даражасига кўтарди. Натижада агрохимия соҳасидаги нафақа ёшига етмаган Ўзбекистондаги ягона профессор бўлсамда барча ишлардан бўшатишди ва салкам 10 йил ишсиз ўтирдим. 

Сурат-6. Профессор А.Хоразмий мардикорликда

        Оила тебратишнинг мен учун ягона йўли мардикорлик эди (Сурат-5). Кейинги йилларда Тошкентда мардикорлик қилиш ҳаммагада насиб қилаверадиган нарса бўлмай қолди. Вилоятлардан Тошкентга иш қидириб келган аёлу-эркаклар тўлиб-тошиб ётарди. 
Бечораларнинг кўпчилиги ҳатто қорнининг тўяри учун ҳам ҳар қандай ифлос ва оғир ишларнида қилишга жон деб рози эдилар. Шу боис оёғим операциядан кейин тўла тузалмаган, ҳали ҳассани бутунлай ташламаган бўлсамда мардикорлик қилиш учун қўшнилардан йўл кира учун пул қарз олиб Россияга кетишга жазм қилдим.
         2005 йил 8-апрель, жума куни барча иш кийиларимни сумкага жойлаб, № 5 Тошкент-Москва поездининг 15-(пласкарт) вагонига чиқиб ўз жойимни эгалладим. Пласкарт вагон арзонроқ (130 минг сўм) бўлганлиги учун бўлса керак вагонда бўш жой йўқ эди. Йўловчиларнинг деярли барчаси 17-50 орасида бўлган мардикорлар эди, 60 ёшли мардикор ягона мен эдим.
        Поезд Қозоғистон чегарасига яқинлашганда  шундоғ ҳам тўла бўлган вагонга билети бўлмаган яна 50 га яқин мардикорлар миниб олишди. Натижада вагонда юришгада  жой қолмади. Ҳақиқий тўс-тўполон Қозоғистон чегарасида бошланди. Қозоғистон чегара ва таможний ходимлари биз бечора Ўзбекистонлик йўловчи-мардикорларни арзимаган нарсаларни бахона қилиб ҳақоратлашар, пулларимизни тортиб олишар, бермаганлардан ҳатто уриб ҳам олишарди. 

Сурат-7 . Россиянинг Владимер губернаси, Aлександров шахри, ишчилар клуби олдида. 2005

Ҳеч ким уларга дакки бера олмас, тўла равишда анархия ва қонунсизлик ҳукм сурарди. Бунда айниқса билетсиз чиққанларнинг ахволи янада оғир бўлди. Бу жараёнларни кўрган одам қозоқ билан ўзбекни бир туркий ҳалқ, қўшни-биродар эмас, азалий душман деб ишониши турган гап эди. 
    Ўзбек йўловчи мардикорлар учун бундай аҳвол Россия чегарасида ҳам такрорланди. Бироқ бу чегара хизмати ходимлари (руслар) қозоқларчалик қўрс ва инсофсиз эмасликлари кўриниб турарди. Тошкентдан Москвага боргунча 3 сутка давомида поезддаги турли хил текширувчи-таъмагирлар бир соат ҳам тўхтамади.
         11-чи апрель соат 17 ларда поезд Москвадаги "Қозон” вокзалига бориб тўхтади. Ўзбекистонлик йўловчи-мардикорларни вокзалнинг милиция ва рэкетлари қатор қилиб қўйиб паспортларини (ҳатто пулларини ҳам) тортиб олишди. Бечоралардан биронтаси ҳам "ғиринг” дейиша олмасди. Қўлимизда халтаю турли хил сумкалар билан биз бечораларнинг туришимиз ГУТОП қилинаётган маҳбуслардан ҳеч ҳам фарқ қилмас эдик. Бизларни шу ҳолатда телекамераларга туширишди ва буни 13-апрель эрталаб Москванинг 1-чи каналидан "Доброе утро” кўрсатувида "Чужие” (Бегоналар) рубрикаси остида кўрсатишди.

Сурат-8. Проф. А.Хоразмий  жеркичлар остидаги пол ювишда ва юк ташишда

          Бу кўрсатувда Россиянинг турли хил жойларида ишлаётган ўзбек мардикорларининг оғир ва аянчли яшаш ва иш шароитлари, ниҳоятда оғир ва ифлос ишларнида арзимаган пулга қилишлари, уларни маҳаллий ҳалқ "Чурки” деб камситишу-ҳақоратларига чидашга мажбур эканликларини ўзига хос аянчу қониқиш билан намойиш қилишди. 
      Бу мардикорларнинг кўпчилиги ўзларининг оила тирикчилиги учун бу даражада хору-зор бўлиб юришларига президеит бошлиқ ҳукумат ва унинг сиёсати айбдор эканлигини очиқ-ойдин айтиб уларни қағашар, бугунию эртаси хору-зор, келажаги қоронғу бўлган ўзбек (Ўзбекистонлик) бўлганларидан кўзларига ёш олишиб афсусланишарди. 
      "Ўзбекистон ҳалқининг сабр косаси тўлган, бу эса бошқариб бўлмайдиган нохушликлар келтириб чиқариши муқаррар эканлигини Ўзбекистон ҳукумати ҳисобга олмаяпти” деди телебошловчи. Шу боис бир ойга ҳам етмасдан Андижонда содир бўлган қонли воқеалар кўпчилик учун кутилмаган ҳолат эмасди.
        Бир неча Тойтепалик мардикорлар билан Москвадан Владимир губернасининг Александров шаҳри(Сурат-6)га электричкада 2,5 соатда етиб бордик. Бу ерда уларнинг ҳамроҳлари ишлашар экан. Яшайдиган жойларимиз ташландиқ ва хароба уйнинг бир хонаси бўлиб, тагимиздаги тўшак ахлатга чиқариб ташланган латта-путтадан, ёстиқ эса оёқ кийимларимиз, кўрпамиз эса уст кийимимиздан иборат эди. 
       Ерда бир қарич қор бўлсада борган зоҳатиёқ ишга тушиб кетдик ва қаттиқ чарчаганимиздан ҳеч нарса емасдан ётиб қолдик. Бу ердаги магазинлар эрталаб соат 8 дан кейин очишлари боис эрталаб ҳам нонушта қилмасдан ишга кетишга тўғри келди. Ерда қор ва лой бўлсада очиқ шароитда бетон қуйиш, цемент билан суваш, лой ташиш юмушларини шу ишларнингда топилганига шукур қила-қила бажарардик.

Сурат-9. Take away (ошхона)да ювиш, артиш ва тозалаш ишларида

      Афсуски мардикорликдаги бу қувончим ҳам узоққа бормади. Зах ва совуқда кеча-кундуз оғир ишларни бажаришга операция бўлган оёғим бардош бера олмади, тиззам шишиб кетди. Бу ерда даволанишнинг на молиявий ва нада ташкилий имконияти бўлмагач зудлик билан поездга ўтириб, бир ҳафтача ишлаган иш ҳақимнида олаолмай Ўзбекистонга қайтишга мажбур бўлдим. Мақолдаги "Камбағални урма, сўкма, чопонини йирт” деганига ўхшаб мардикорликга кетиш учун қарз олган пулим ва унинг кун сайин ошиб бораётган пения(фоиз)си ич-ичимни кемирарди.
2005 йил ноябрда мени Лондон Университети "Жаҳон пахтачилиги муаммолари” ҳалқаро илмий конференциясига таклиф қилишди. Мен бу конференцияда "Пахтачиликда қўлланиладиган агрохимикатларнинг экологик муаммолари” мавзусида маъруза қилдим. 

Сурат-10. Take away (ошхона)да нон ёриш жараёнида

Ватанимга қайтиш мен қилган маъруза ҳаётимга хаф туғдириши ва тадқиқотларимнинг буюк Британия олимларини қизиқтиргани каби омиллар маълум муддат Англияда қолишимга сабаб бўлди.  Давлатнинг менга берадиган нафақа пули менинг бу ерда яшашим учун етиб ортарди. Бироқ Ўзбекистонда қолган оилам тирикчилиги учун уни тежашга мажбур эдим. 
Қишда уйни иситиш учун газга бериладиган пулни (бир кун ҳам газ ёқмай, совуқда яшаб), коллежга бориб келадиган (салкам 20 км йўлни пиёда юриб) йўл пулини, овқатга бериладиган пулни (ҳафтасига 2 кун рўза тутиб, иссиқ овқатни кун аро  еб) тежаб ўғлим Ойбекнинг яшаши ва ўқиши (контракти) учун, Хоразмдаги оила (3 фарзанд, 2 набира) ва Тошкентдаги оилани боқиш учун ҳар ойда 200 доллар атрофида пул юборардим.
                  Бу ҳам етмаганидек Хоразмдаги фарзандларимнинг онаси(Ўғилжон)ни атайлаб (пул ундириш мақсадида) қамоққа олишади. Балоғат ёшига етмаган 10-12 ёшли фарзандларим ота-онасиз кўчада қолишди ва йиллаб унинг-бунинг эшигида юришди.
Бу ердаги Ироқ (Курдистон)лик   тадбиркор  Шемал Махмуддан пул қарз олиб Ойбек орқали порахўр судьяларга юборишга мажбур бўлдим. Бу қарзни узиш учун арзимаган пул (кунига 5-7 фунт) эвазига уларнинг магазинида мардикорлик қилардим. Шанба ва якшанба кунлари эрталаб соат 5 да (қиш кунлари деярли ярим кеча, ёз кунлари саҳар пайти) бориб кечаси соат 11 ларгача турли хил оғир ва ифлос ишларни Quikly please (Иммилламасангчи) деб жеркичлар остида қилишга тўғри келарди (Сурат-7). 
                Магазин хўжайини  бу ердаги кўпчилик одамлар каби Ўзбекистон ва ўзбекларни  "Американинг ҳамтовоғи”, деб ёмон кўрарди. Шу боис магазинга харидорлар кўп келадиган пайтида атайлаб оғир ва бесўнақай нарсаларни кўтартирар, магазиннинг полини ювдирар  ва тепамда белини тутиб турганича: "Ўзбекистоннинг профессори шунақа ишдан бошқа нимага ҳам ярарди”, деб кулар, буни кўрганларнинг кўплари кулса айрим саводлироқлари: "Бечора профессор”, деб ачинарди ҳам.

Сурат-11 . Муртад ва аферист Азиз  Аннаев (Alex Аnnan)

             Бирнеча марталаб операция бўлган ўнг оёғим ва қўлим 17-18 соатлик оғир ишга дош бераолмай кечаси билан оғириб чиқарди. Катта (бўйи 2,5 м) холодилникларни ташиш бу ердаги ишимнинг охири бўлди, белим жароҳатланиб оғирроқ ишларни қилаолмайдиган бўлиб қолдим. Оғирлиги салкам 200 кг келадиган холодилникнинг бир боши (енгил томони)ни 2 та бақувват йигит кўтарар, иккинчи (оғир томони)ни менга кўтартиришар эди.
             Менга бундай ёмон муносабатнинг бўлиши мусулмон (форсий ва араб)ларнинг Ўзбекистон(ўзбеклар)ни Американинг ҳамтовоғи, деб ёмон кўришлари эди. Улар Американинг Афғонистон ва Ироққа қилаётган агрессиясини Каримовнинг қўллаб қувватлаётганини, айниқса бу борада Каримовнинг телевидения орқали берган баёнатни менга тез-тез эслатишарди. Мен эса ўзбек бўлмасамда Ўзбекистонлик бўлганимга афсусланардим...
               Стокпортдаги Best One почта-магазинида, 2007 йил февралда қўлларида ғишт кўтариб олдган учта бесўнақай йигит тўсатдан менга ташланиб қолишди. Яхшиямки, бош кийимим бор эди. Бошимга, орқамга ва елкамга тушган ғиштлар зарбидан йиқилиб тушдим ва қўлимда ушлаб турган курткам ҳам тушиб кетди. Магазиндаги одамлар қий-чув кўтарган бўлишсада бошим ва қорнимга бирнеча бор тепишиб, курткамнида олганича ғойиб бўлишди.          

                 

Сурат-12. Оқ оролдаги бегона ўт юлиш ишида-2008

         Кўп ўтмай полиция (Жонсон РС 11119) ва тезёрдам етиб келди. Калтак (ғишт ва тепки) асорати 2 ҳафтача қийнади. Бу иш бўйича Ж1/1218/07 жиноий иши очилди ва безориларнинг Жон Суттон (Инглиз), Қодир Салим (Афғонистонлик), Холид Тикрий (Ироқлик) экани маълум бўлди. 
            Терговда улар мени Афғонистон ва Ироқ урушини қўллаб қувватлаган ўзбек бўлганим учун ўлдиришга қасд қилганликларини тан олишган. Менинг эса ўзбек эмаслигимни, аксинча, Ўзбекистон Ҳукуматининг ва сиёсатининг қурбони сифатида бу ерда бошпана сўраб юрганимни, Афғонистон ва Ироқ урушини ўзбек ҳалқи эмас, ўзбекистон ҳукумати, шахсан И.Каримов Ж.Бушнинг дўсти сифатида қўллаб қувватлаётганини билишиб мендан кечирим сўрашди, мен уларни кечирдим. 

Сурат- 13.  Идиш-товоқ ювиш ишидан кейин чарчаб...

Шундан кейин Хусайн номли бир зиқна курдга қарашли ошхонада  ишлай бошладим. Бу ердаги ишлар соат 3-4 ларда лифлет тарқатиш билан бошланиб кечаси соат 2 да тугарди. Дастлабки кунлари бу ердаги 10 соатлаб тинимсиз ишларга юрагим дош бераолмай безовта қиларди. Шундай пайтлари: "Эй Худойим, жасадим шу ердан чиқмасин-да”, деб дуо ҳам қилардим
2 ҳафтадан кўпроқ ишлаганимдан кейин (одатда иш ҳақини ҳар ҳафтада беришади) Хусайнга: "Иш ҳақимни берсангиз, фарзандларимга жўнатардим, улар оч-ялонғоч ўтиришибди”, деб иззага қолдим. "Болаларинг агар очликдан ўлишса бир-иккита чиқинди камаяр эканда” деганидан кейин чидаб тураолмадим ва: " Мен сиздан садақа сўраётганим йўқ. Оёқ-қўлларимдан қон оқизиб қилган меҳнатимнинг ҳаққини сўраяпман”, дедим жарохат натижасида қўлимдан оқаётган қонга ишора қилиб. 
              У менга арзимаган пулни бердида: " Энди йўқол бу ердан. Биронта жойга шикоят қилишни ҳаёлинга келтирма, акс ҳолда "бирон нарсани ўғирлади, ёки безорилик қилди”, деб қаматиб юбораман”, деди. Бу пулнинг ярмига яқини бу ерда ишлаб олган тан жароҳатларимни даволаш учун дори-дармон олишга кетди, қолганини фарзандларимга жўнатдим.

Сурат- 14. Лифлет тарқатиш жараёнида

          Ўзбекистондаги иқтисодий ахволнинг ёмонлашуви менинг бу ердаги ахволимни янада оғирлаштирарди.  Хоразмдаги фарзандлар яшаши ва турли тўловлар, Маридаги қизим Нигоранинг бетоблиги боис унга пул юбориш, Насибанинг грижасини операция қилиш учун пул юбориш, фарзандларимнинг онасини турмадан чиқариш учунги харажатлар учун бу ердаги хаcис  судхўрлардан анча-мунча қарз олишга мажбур бўлгандим. 
Бу фоизга олинган пулларни тезроқ узиш учун кеча-кундуз иш қидирардим. Ва ниҳоят битта Бангладешликнинг ошхонасида иш топдим. Дастлабки пайтларда асосан идиш-товоқ ювиш, пиёз ва бошқа нарсалар тозалаш каби ишларни қилардим  (Сурат-8). Кейинчалик закускалар таёрлаш, чипс ва бошқа нарсалар пишириш, хамир қилиб нон ёпиш каби ишларнида қилабошладим (Сурат-9).
           Бир дақиқа тиним бўлмас, нафақат босс (Дилу)нинг ва шунингдек иккита ошпазнинг ҳам ўшқириқларига чидаб, кунига 11 соат ишлаб атига 15 фунт (соатига 1,3 – 1,4 фунт) олардим. Худо бунида кўп кўрди, таракан кўпайганлиги боис СЭСдан келиб шохонани бекитиб қўйишди... 

Сурат-15. Йиқилиб шикастланган оёқ

Ўзбекистондан 4-5 йил олдин келиб қолган Азиз Аннаев исмли Тошкентлик йигит билан Рой (Roy) орқали телефонда танишиб қолгандик. У 2008 йил июль ойининг охирларида телефон қилиб, 2-3 ҳафталик далада бегона ўтларни юлиш (Сурат-11) билан боғлиқ ишлар борлигини айтиб мени ишга таклиф қилди. 
           Татарга ўхшаган, кўзлари ўйнаб турган бу париштасиз йигит (Сурат-10) менинг кўнглимга биринчи учрашувдаёқ ўтирмади. Суҳбат асносида ўзини Алекс Аннан, (Alex Annan) деб аташи, атига 29 ёшига кирган бўлсада 45-50 ёшли одамга ўхшаб кетиши, отаси – туркман, онаси – ўзбек бўлсада ўзининг миллати татар эканлиги менинг таажжубимни янада оширди. 
Менга алам қиладиган шу эдики, мен унинг отасидан ҳам катта бўлсамда мени сенсираб "баран”, деб ҳақорат қиларди. Мен эса шу ишнинг топилганига шукур қилиб чидашга мажбур эдим... 
               Бирнеча юз доллар пора бериб 2008 июлида фарзандларимнинг онаси(Ўғилжон)ни Қорақолпағистоннинг Қўнғирот  шаҳридаги турмадан уй (Хоразм)га келтирдик. Шундан бир ҳафта олдин Туркманистондаги касалванд қизим Нигорани ҳам қанча харажату-қийинчиликлар билан  Хоразмга келтиргандим. Балоғат ёшига етмаган фарзандларим ота-онасиз, опа-акасиз ҳар кимларнинг уйида тентираб юришганди. Шу боис бу кунга етказганига Худога шукур қилардик. Бироқ Хоразмдаги ва Тошкентдаги оиламни боқиш учун мардикорликни давом қилдиришим керак эди.

Сурат-16. Жарохатлар натижасида...

              Бир танишим орқали бошқа шаҳардаги Бангладешлик бировнинг реостранига идиш-товоқ ювадиган бўлиб бордим. Бу реостранда ишлайдиганларнинг кўпчилиги шу ерда яшаб ишлашаркан. Ҳар хонада 4-6 киши ётардик. Уларнинг бариси чекар экан. Бунинг устига тонгача карта ўйнаб чиқишиб эртасига пешин соат 4 гача ухлашарди. Натижада буларнинг шовқинидан тонгача ухлай олмай ва сигарет тутунидан нафас олаолмай қийналиб чиқардим. 
               Бунинг устига 17-20 ёшли ҳамкасбларим мени кунига масхара қилишдан, ҳатто ҳақорат қилишдан ҳам тоймасди. Реостран хўжайини Бангладешлик бўлганлиги боис  бу ерга асосан безори, наркоман, алкаш, ўғри, қамоқдан қочган землякларини йиғган эди. Яшайдиган шароитимиз турманикидан афзал эмасди (Сурат-12). Икки  ҳафта ишлаганимдан кейин келишилган 20 фунтни бермай кунига 15 фунт бериб, ҳоҳламасанг кет дейишди, мен кетдим...
            Бу даврларда қоровсиз қолган фарзандларим - Насиба ва Улуғбекни Ангиляга олдириш учун ҳаракат қилаётган эдим. Агар уларнинг келиши ҳал бўлиб қолса уларга йўл пули топиш масаласи ич-ичимни кемирарди. Бунинг устига катта ўғлим Ойбек 25 ёшга кириб уйланишга пул йўқлигидан ҳамон бўйдоқ. Унинг тенглари  2-3 фарзандли бўлишган. Шу боис қандай бўлсада бирон иш топиш ҳаракатида эдим.
             Соатига 1,5 фунт учун идиш-товоқ ювадиган бўлиб ошхонага жойлашдим. Иш куним Ангиля ошхона ва реостранларида энг одам кўп бўладиган Жума ва шанба кунлари, иш вақтим эса энг банд соатлар – кечқурун 5 дан 9 гача эди. Иш ҳақингни ҳамма билан тенг оласан, деб 6 фунт пулимни кечасига соат 1-2 ларда (иш тугагандан кейин) берарди. Қолган 4 соатида ҳам уялганимдан бўш ўтираолмасдим, ювиш-артиш ишларидан бўшамасдим. 
           Шундай қилиб ўртача ҳар бир соатим 70-80 тийин (пений)га тушарди. Ҳар куни 8-10 соат оёқ устида туриб тинимсиз ишлаганимдан уйга келганимдан кейин шундоқ ҳам ногирон бўлган оёқ-қўлим зирқираб оғирганидан тонг саҳаргача ухлай олмай чиқардим.
          Донар кабобининг темир ўқига ёпишган озгина қисми пишмай қолиши ва сифатсиз бўлиши сабаб у қисми ахлатга ташланади. Мен эса уни ахлатга ташламасдан уйга келтириб, яхшилаб қовуриб 3-4 кун ердим. Натижада овқатдан ҳам яхшигина иқтисод қилардим. Шу сабаб жисмоний қийналиб кам ҳақ олишгада чидардим.
           Биз билан ишлайдиганлардан айримлари донор кабобининг ахлатга ташланадиган қисмини олиб кетаётганим ҳақида хўжайинга айтган. Хўжайин унга: "Жуда яхши, битта ахлат камаяр экан”, деган.  Бироқ кўп ўтмай хўжайин мендан: "Ахлатга ташланадиган нарсаларни олиб кетаётган экансан, нима, уйингда итинг борми?” деб сўради мендан. 
       Мен эса: "Итим йўқ, уни яхшилаб қовуриб ўзим еяпман”, дедим. Хўжайин менга анойи бир қараб: "Майли олиб кетавер, лекин бир кунги иш ҳақинг (6 фунт)ни тутиб қоламан, уни овқат сифатида фойдаланаётганинг учун”, деди. Мен рози бўлмадим, шундан кейин хўжайин донор кабобининг ахлатга ташланадиган қисмини ҳамманинг олдида оёғи билан тепиб-тепиб ахлатга ўзи ташлайдиган бўлди... 
                 2010 сентябрда Тошкентда истиқомат қилаётган рафиқам ва қизларимни чақириш имконияти туғилди. Уларнинг ҳужжатларини тўғирлаш учун бу ердаги хсусий адвакатларга минглаган фунт пул тўлаш лозим эди. Бу миқдордаги пулни топиш илинжида мардикорлик қилиш учун иш излай бошладим.
 Орқамдаги рукзакка 1000га яқин (салкам 20 кг) лифлетларни солиб, кўчама-кўча юрганча лифлет тарқатабошладим (Сурат-13). Эрталаб тил ўрганиш бўйича ўқишга кетардим. Тушдан кейин кечаси соат 8-10 гача (қиш кунлари ярим кечага яқин бўларди) ёмғир ва қор остида лифлет тарқатардим. 
         Жума куни эрталабдан исломий оқ дўппимни кийиб Bramhall районининг нариги четида лифлет тарқатиб юргандим. Жума намози бошлангунича (соат 1 гача) лифлетларни тарқатиб бўлиш учун шошиб-пишиб ишлардим. Эшигига бирнеча бетон зинапоядан кўтарилиб борадиган битта уйга лифлетни ташладиму орқамга айланаётган пайтда оёғим қайрилиб қаттиқ йиқилиб тушдим.
            Сумкамдаги лифлетлар сочилиб кетди. Ўнг оёғим ва ўнг қўлим қаттиқ шикастланганидан ўрнимдан тураолмай қолдим. Бу шовқинга уй эгаси (бефаришта бир кампир) чиқиб: "Ҳозироқ йўқол бу ердан. Акс ҳолда полиция чақириб қаматиб юбораман сен исломчи террористни”, деб ўдағайлади. 
           Автобус бекатигача судралиб келдим. Мени кўрганлар бадмаст (алкаш) деган ҳаёлга боришиб менга жирканч билан қарашарди. Йўлдан ўтиб кетаётган полициячиларга мени кўрсатиб алланималардир дейишди. Полициячилар олдимга келиб: "Тураолмайдиган даражагача ичасанми, алкаш”, дейишди жирканч билан. "Mен умримда ичмаганман, қаттиқ йиқилиб тушдим”, дедим жовдираб. 
              Улар ичмаганимга амин бўлишгач тез ёрдамга телефон қилишди ва мени касалхона (Stepping Hill)га олиб боришди. Оёғимнинг иккита бармоғининг суяги чатнаган экан (Сурат-14). Икки ҳафтача хассада юрдим (Сурат-15) нам ва совуқ кунлари шу оёғим оғриқ берарди.
         Тошкентдаги фарзандларимни олдим(Англия)га келтириш учун иш бошладим. Давлат юристлари орқали барча уринишларим зое кетди. Кейин бирнеча минг фунтга  хсусий (Мажид Иқбол) юрист ёллашга мажбур бўлдим. Айрим пайтлари уйга бир келиб кетиши учун бу юристга бирнеча юз фунт тўлашга мажбур бўлардим. Бунча пул ўзимда бўлмагани учун бир қисмини дўстим Мартиндан қарз олишга тўғри келган. 

Сурат-17.  Хитроу аэропортида фарзандларимни кутиб олиш. 2011

       Тошкентдаги фарзандларим 3.6.2011 да олдим(Ангиля)га етиб келишди (Сурат-16). Уларнинг келиши ва бу ерда яшаши билан боғлиқ ташкилий ва молиявий муаммолар бошимдан ошиб ётган бўлсада, фарзандларимнинг дийдоридан маст-аласт ва бахтиёр эдим.
Пайғамбар (63) ёшдан ошгандан кейин бўлсада аянчли кунлар тугаб қувончли кунлар келганига ишонгим келмасди. "Сабр керак – қийинчиликка, Умид керак – яхши кунга”, деган ҳикмат рўёбга чиққан эди. Илохим шундай бўлган бўлсин, узоғидан қувонтирсин.

Ахмад ҳожи Хоразмий
Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2013-06-12)
Просмотров: 1429 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0