"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Аянчли кунлар тарихи, ёхуд, коррупцияга қарши кураш (Сўзбоши, 1-Боб)

 

Ахмад ҳожи

Х о р а з м и ӣ

 

                                                      Танланган  асарлар                                                                                    17-том

 

Аянчли кунлар тарихи

ёхуд, коррупцияга қарши кураш

(Тарихий-ҳужжатли  роман)

 (Турли хил илмларга ва ижодга қанчалик чуқур кириб борганингиз сари, билимингиз шунчалик саёз эканини ҳис қилаборасиз (А.Хоразмий)

 


                           История печальных дней                             или сопротивление коррупции

(Документально-исторический роман)

(Чем глубже вникните в разные науки и креативность, тем сильнее почувствуете насколько ваши знания поверхностны (А.Хорезми)

 

 

                                 The history of sad days                                                                      or resistance to corruption

(Documentary-historical novel)

 

(The deepen you delve  the various sciences and creativity,   the more you feel your knowledge is superficial (A.Кhorazmiy)

 

 

 

 

Khorazmiy   Publishing

Л о н д о н – 2018

 

*     *     *

 

 

Профессор Ахмад ҳожи Хоразмийнинг «Аянчли кунлар тарихи, ёхуд, коррупцияга қарши кураш» номли ушбу тарихий-ҳужжатли романига                                                                         с ў з б о ш и

                                                     

                                                                   Аннакули Нурмаммедов
А.Хоразмийнинг ушбу тарихий-ҳужжатли романи, муаллифнинг икки китобдан иборат, умумий ҳажми минг бетдан ортиқ бўлган «Олимнинг қисмати» номли тарихий романининг давоми, ёки учинчи (томи) китоби десак-да, хато бўлмас.
А.Хоразмий асли адиб эмас, табий фанлар соҳаси олими. Адабиёт соҳасида ёзганларидан ҳам ҳужжат, исбот, аниқлик, аксиома, назария каби олимларга ва илмга хос нарсалар сезилиб туради. 
Ўз асарлари билан туркий ва жаҳон адабиётида чуқур из қолдирган Чингиз Туркий (Айтматов) ветеренар бўлганлигини, рус ва жаҳон адабиётида тан олинган асарлар муаллифи, адабиёт соҳасида Нобель мукофоти лауреати Александр Солженицин математик бўлганлигини назарда тутсангиз, асли тупроқшунос-агрохимик бўлган профессор А.Хоразмийнинг адабиётдаги ижоди нотабий ҳол эмас демоқчимиз.
Китобни диққат билан ўқисангиз, ундаги тафсилотлар, нафақат китобнинг номи ва ундаги сурат, ҳатто муаллиф томонидан унга ёзилган эпиграфнинг ҳам китоб мазмунини тўла ифодалаганлигига ишончингиз комил бўлади.
Коррупция танқид қилинган ва “Архепилаг ГУЛАГ”га қиёс этилган, “Вакил” номли илмий-сатирик рисоласи, ватан экологияси ва адолат учун кураши, Хоразмийни она ватани(Ўзбекистон)дан бадарға қилинишига асосий сабаб бўлди. 
Иккинчи ватани – Буюк Британияда ҳам коррупция билан муроса қилмади. Ўзбекистон ва Британиядаги коррупция танқид қилинган манашу “Аянчли кунлар тарихи, ёхуд, коррупцияга қарши кураш” деб номланадиган тарихий-ҳужжатли романи унга шарафдан кўпроқ, азият келтириш эҳтимоли юқори.  
Ахмад ҳожи Хоразмийнинг асарлари ва фаолияти билан яқиндан танишган айрим одамлар, унинг бу ҳаракатларини “Телбалик”, деб баҳолаётган бўлса, кўпчилик (шулар қатори биз ҳам) уни “Қаҳрамонлик!”, деб баҳолаяпти.
Романнинг VIII-бобини ўқиганингизда, Қуръони каримдаги Аллоҳнинг (Тоғабун сураси, 14-оят) “Жуфт(рафиқа)ларингиздан ва фарзандларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир, улардан эҳтиёт бўлинглар”  дегани, беихтиёр ёдингизга келади ва муаллиф томонидан ижод қилинган: “Ризо керак – тағдирига, Сабр керак - қийинчиликка” деган ўгитлар, айниқса, Хоразмийнинг ўзи учун аталган экан, деган ҳаёлга борасиз.
Ўз ҳаётини хаф остига қўйиб бўлсада, ватанларини ва ҳалқини коррупциядан ҳоли қилиш (ҳеч бўлмаса камайтириш) мақсадида, тўхтовсиз ва беаёв кураши, Ахмад ҳожи Хоразмийни  жасоратли ватансевар дейишга асос бўлади.


Адиб ва дипломат, адабиёт соҳасида                                                                         ҳалқора Махдумқули мукофати лауреати                                                              Аннақули Нурмаммедов

 

                                                               *     *     *


                                                            Кириш
                                                                          Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм


                 (Бу фоний дунё ва унинг озорларидан қутилиб, Аллоҳга етганим  учун,  менга ҳайрхох бўлганлар,                                                   вафот қилганимда хафа эмас, хурсанд бўлсинлар. А.Хоразмий)


Муҳтарам ўқувчи, Сизнинг ҳукмингизга ҳавола қилинаётган ушбу тарихий-ҳужжатли романда (агар уни шундай аташ жоиз бўлса албатта) асосан ҳаётимдаги  аянчи кунлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Албатта, ҳаётимнинг ҳаммаси ҳам фақат аянчли кунлардан иборат бўлган эмас, қувончли кунлар ҳам бўлган ҳаётимда. Агар бу китобнинг номини «Қувончли кунлар тарихи» деб қўйганимизда унинг ҳажми бирнеча саҳифадангина иборат бўларди холос.
«Вакил» номли илмий-сатирик рисоламни, «Илмга бахшида умр» номли меумаримни, ва ниҳоят, қўлингиздаги «Аянчли кунлар тарихи» номли тарихий-ҳужжатли романимни ёзаётганда билардим, булар учун шарафдан кўпроқ азият келишини. Лекин бу азият илм-фан, адолат, Ватан, ҳалқ ва Ҳақ йўлида экани учун, уни шараф деб қабул қиламан.
Она ватаним – Ўзбекистон равнақи учун, диктатор Каримов  қатоғонидан қўрқмасдан, коррупцияга қарши йиллар давомида курашдим, алал оқибат муҳожирга айландим. Иккинчи ватаним – Буюк Британиядаги коррупцияга қарши курашларим нитижасида, мафиадан курашларимни бас қилмасам, мени жиддий кўнгилсизликлар, ҳатто ўлим кутаётгани ҳақида таҳдидли хат олган бўлсамда, бу йўлимдан ҳам қайтмадим. Айримларининг айтаётгани каби, бу телбаликдир балки. 
Бу қиссани ёзишда, бировни ёмонлаш ёки яхшилашни мақсад қилмадим, асосан ҳужжат ва фактларга суяндим, нимани кўрган, эшитган ва ишонган бўлсам, шуларни ёздим.
Менинг адиб эмаслигимни ҳисобга олиб, асар қаҳрамонларининг ички кечинмалари, улар баён қилган тафсилотларда хато ёки ноаниқликлар бўлса, узр сўрайман.


                                                               *     *     *

 

 

                                                                  I-Боб
                                 Аянчли кунлар аждодлардан мерос

1917 йилдаги пролетар революцияси (ёки давлат тўнтариши) натижасида Николай-II тахтдан ағдарилиб, ҳокимият большевиклар қўлига ўтганидан кейин, Туркистон(ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон)да ҳам ўзгаришлар содир бўлабошлайди.
Михаил Фрунзе бошлиқ большевиклар Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларини бирин-кетин қўлга киритадилар. Бунда улар хонликлардаги ички ва ташқи зиддиятлардан унумли фойдаланадилар.
Тарихдан маълумки, большевиклар Марксизм-Ленинизм таълимотига асосланган, коммунизмни мақсад қилган ва коммунистлар деб аталмиш одамлар жамоасидир. Коммунизмнинг назарий асосчилари Карл Маркс ва Фридрих Энгелс бўлса, унинг амалий асосчилари Владимир Ленин ва Иосиф Сталинлар ҳисобланади ва улар жаҳон пролетариати (йўқсиллари) доҳилари сифатида кўрилади (сурат-1).

Пролетариат доҳийлари


Давлатчилик ва ҳокимиятчилик тарихига назар солсангиз, турли хил революционерлар, давлат тўнтарувчилар, сайловлар ва бошқалар, бир ховуч одам(доҳий)ларнинг ҳокимият(тахт)ни қўлга киритиш учун ҳалқ ва дин номидан қиладиган ҳаракатлари эканини тушиниш қийин эмас
Тарихдан маълумки, бадавлат, ўқимишли ва диёнатли одамлар доимо жамиятда озчиликни, пролетариат (йўқсиллар) эса кўпчиликни ташкил қилган. Юқоридаги доҳийлар ҳам: “Барча нарса (мулк ва ҳокимият) пролетариатники”, деб пролетариат ёрдамида ҳокимиятни қўлга киритганлар. Мулк ва ҳокимият ўша доҳийлар ва уларнинг яқинлариники бўлиб қолаверган ва пролетариат (камбағал) эса камбағаллигича қолаверган.
В.Ленин М.Фрунзени Туркистон(Ўрта Осиё)га йўллаётиб:                          -Бу ўлка ва унинг ҳалқи биз(рус)ларга ўхшаган эмас. Уларни:          -Худо йўқ, бойларнинг мулкини камбағалларга бўлиб берамиз, каби шиор ва ваъдалар билан мавх қилиб бўлмайди. Одамларни эргаштира оладиган бадавлат ва эътиборли одамларни ўз томонингиз оғдиринг. Бунинг имконияти бўлмаган жойларда, уларни йўқ қилинг. Йўлбошчисиз қолган ҳалқ оломондир, - деб йўл-йўриқ беради.
                                                                     *   *
Хива(Хоразм)нинг амалдаги хони - Жунаидхон, (
Ҳажибой ўғли Муҳаммад-Курбан Сердар 1857-1938) ўзига яқин одамлари билан дин ва юрт эркинлиги учун большевикларга қарши партизанлик курашига отланади. Большевиклар буларни “Босмачилар” деб, маҳаллий ҳалқ эса – “Ҳалоскорлар”, деб атайди ва уларни қўллаб қувватлайди.

Хиванинг амалдаги хони - Жунаидхон


Жунаидхон сардор  танлашда (ўзбекча айтганда қўрбоши танлашда) тарихда кўрилмаган услубни қўллаган. Унинг талаби бўйича сардор ҳалқ, ватан ва дин учун садоқатли, айниқса, фавқулотда бардошли одам бўлмоғи керак.
Тайинланадиган сардор(қўрбоши)нинг бардошини аниқлаш учун чой ичиб ўтирган номзоднинг оёғига саксаулнинг ёниб турган чўғи қўйилган. Бунда сардор додлаш уёқда турсин, пинагини бузмай чойини ичишда давом қилиши лозим бўлган. Ўзи барчанинг кўз олдида биринчи бўлиб, бу борада намуна кўрсатган.
Юсупбой Хасанов  бу тафсилот бўйича шундай эслайди: -Отам раҳматликнинг оёғи(сони)да қаттиқ куйганлик белгиси бор эди. Бу ҳақда сўраганимизда отам: “бу хон Жунаиднинг муҳри”- дерди.
Хасан полвон ҳам Жунайидхоннинг бу имтиҳонидан ўтганидан кейин,  Жунаидхон томонидан Боғот ва унинг атрофида фаолият олиб борадиган ҳалоскорлар (большевикчасига айтганда босмачилар) отряди бошлиғи (сардор ёки қўрбоши) этиб тайинланади. 
Унинг отрядида Хоразмда яхши танилган, ҳатто номининг ўзи большевикларни қўрқувга соладиган Эгам сақов, Саъдулла бола (бола сўзи ўша даврда ёш ва жасоратли босмачиларга нисбатан қўлланилган), Пинни қул каби одамлар ҳам бўлган.
Шу тариқа, Хасанмирот Абамирот ўғлининг номи “Хасан полвон”дан “Хасан ҳалоскор”(большевиклар тили билан айтганда “Хасан босмачи”)га ўзгаради ва шу ном билан Хуросоннинг кўп жойларида танилади. 
Инглизлар томонидан жўнатилган ва шахсан Жунаидхонга аталган қурол яроғ ортилган катта  карвон Қорақумда большевикларнинг қўлига тушади. Қурол-яроғ, ўқ-дорисиз большевиклар билан курашишнинг имконияти қолмагани сабаб, Жунаидхон ўз яқинлари билан Афғонистонга ўтиб кетади.
Жунаидхон Афғонистонга ўтиб кетганидан кейин, унинг Хоразмда қолган отрядларининг ҳам фаолияти бора-бора тўхтайди. Чунки отряддаги Эгам соқов, Садулла бола, Пинни қул каби отряднинг ўзагини ташкил қиладиган жангчилар большевикларнинг қўлига тушиб, отиб ташланади.
Шундан кейин, большевиклар ўзлари хон, кўланкалари султон бўлишиб, кўзга кўринган имом (мулла) ва бадавлат одамларни отабошлайдилар: 
Большевиклар бир куннинг ўзида Дорғон отанинг энг бадавлат ва обрўли одами – Абдукарим палах(палах унинг лақаби)ни, Ос (ҳозирги Хоразм вилояти Деҳқонбозар қишлоғи)да Гурт сариқни, Боғот(ҳозирги Хўжалик қишлоғи “Туркманлик” маҳалласи)да Оғабой ҳожини отиб, Хива томонга ўтиб кетишади. 
                                                                     *   *
Советлар ҳокимияти ўрнатилганидан кейин, Боғотнинг “Зайналиэшон” (ҳозирги “Туркманлик”) қишлоғида ҳам колхозлар тузилиб, унга раҳбар (раис) танланабошлайди.
Бу ҳудудда асосан туркманлар яшагани боис, большевиклар томонидан таклиф қилинган ва бошқа миллатга мансуб биронта номзод ҳалқ томонидан қабул қилинмайди. Большевиклар томонидан Боғотда ташкил қилинаётган биринчи колхоз инқироз ёқасига келиб қолади. Ва ниҳоят раисликка номзод танлашни большевиклар Зайналиэшон (кейинчалик “Майда миллат”) қишлоғи аҳлига қўйиб беришга мажбур бўлади. 
Большевикларнинг қаршилигига қарамай, (қишлоқ) колхоз аҳли бир овоздан “Хасан полвон”, “Хасан холоскор”, “Хасан босмачи” деб танилган Хасанмирот Абамирот ўғли(сурат-3)ни сайлашади. 

Хасан (босмачи) раис


“Майда миллат” колхози социал-иқтисодий жиҳатдан йилдан йилга ривожланиб боради. Унинг раиси – Хасанмирот Абамирот ўғлининг обрўси ва овозоси бутун Хоразмга ёйилади. Большевик раҳбарлар уни: “Босмачи раис”, деб аташадиган бўлади.   Нақшбандия пирларининг:    
    
                                           
Ҳилватда – меҳнат,
                                                Меҳнатдан – шуҳрат,
                                                Шуҳратга – ҳасад,
                                                Ҳасаддан – офат.

Деган ўгити асосида большевиклар унга ҳасад қилабошлайдилар. Чунки большевик (большевиклар номзоди бўлган) раислардан биронтаси ҳам унинг қучган зафарларига тенглаша олмайдилар.
1930 йилларнинг охирларига келиб ҳалқ ичида обрўси ошиб бораётган одамларни “Троцкийчи” (Леон Троцкий тарафдори) деган ном билан қамаш кампанияси бошланиб кетади. Шу муносабат билан 1940 йилда Боғотдан иккита одам – Хасан раис ва ҳозирги Навоий қишлоғи фаоли Жуманазар Қурбонлар   Троцкийчи сифатида қамоққа олинадилар. 
Суд жараёни Ҳонқа районида бўлиб ўтади. Судья Троцкийчиларнинг Совет ҳукумати ва ҳалқи учун хаф солувчи одамлар эканини қайд қилиб, уларга 5 йил қамоқ жазосини белгилайди. 
Ҳукм ўқиб бўлинганидан кейин Хасан раис секин судьяга юзланиб: -Майли, биз Троцкий учун 5 йил қамаладиган бўлдик. Ҳар қалай, билсак яхши бўларди, Троцкий дегани ким ўзи? - деб сўрайди. 
Судья у ёқ бу ёғига бир қараб: -Троцкий деган одамнинг маслаги нима эканини биз ҳам билмаймиз. Лекин кўзойнак тақадиган чўққи соқол одам, (сурат-4) деб эшитганмиз - дейди.


Шу тариқа, минглаган одамлар каби, булар ҳам нафақат маслагини, ҳатто ўзинида билмайдиган Троцкий учун узоқ шарқда (Хитой чегарасига яқин жойда) ниҳоятда оғир шароитда қамоқ муддатини ўтайбошлайдилар.
Хасан раис турмага кетганидан кейин унинг уй-жойи, мол-мулки мусодара қилиниб, оиласи (хотини 3 та ёш боласи билан) “Троцкийчининг оиласи” сифатида Ўзбекистондан бадарға қилинади. Улар Дошўғиз(Туркманистон)нинг чекка қишлоқларида яшириниб жон сақлашади. Уларнинг тириклиги ва қаердалиги Сталин ўлганидан кейингина маълум бўлади.
                                                         *      *
Дорғонотада большевиклар Абдукарим палахни отишга тутинганида, “Сапардурди большевик”, деб танилган Дорғон ота большевикларининг фаоли, Фрунзе томонидан юборилган большевиклар отряди бошлиғига:
 -Дорғон отадаги мендан бошлаб барча эшон-хўжа-ю, бойларни отсангизда шуни тирик қолдиринглар, ҳалқнинг илтимоси шу, - деб ялинади. 
Отряд бошлиғи: -Ўзинг маҳаллий большевиклар фаоли бўлсанг, большевикларнинг синфий душмани бўлган манабу бойни отишга қаршилигингнинг сабабини тушинтир - деб талаб қилади ундан.
Шунда  Сапардурди: -Абдукарим палахнинг момоси буюк энциклопедист олим ал-Хоразмийнинг авлодидан бўлади. Бизда буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Ҳозир сизлар ўлимга ҳукм қилаётган одам ал-Хоразмийнинг чевараларидан ҳисобланади. Ал-Хоразмийнинг ҳаққи ҳурмати, уни отманглар - дейди.
Шунда большевиклар отрядидаги татар миллатига мансуб (Мингул татар) большевик бошлиққа юзланиб: 
-Мен Қозон Университетида ўқиганимда ал-Хоразмий ҳақида эшитганман. У бундан 1000 йилдан кўпроқ олдин феоадализм даврида яшаган. Ҳатто доҳимиз В.И.Ленин ҳам: 
-Ҳали большевиклардан ал-Хоразмий каби буюк математик олимлар чиқади, деган, - деб ал-Хоразмийга, унинг авлодларига мойиллик билдиради.
Шунда отряд бошлиғи, татар большевикка рўйхатни зимдан кўрсатиб: 
-Унинг номи отиладиганлар рўйхатида турибди, - деб бармоғи билан ишора қилади ва баланд овозда: 
-Демак, бунинг авлоди нафақат капиталист, ҳатто феоадалист бўлган. Улар большевикларнинг,  революциянинг душманлари. Шу боис унга шафқат бўлмайди, - деб гапни кесади.
Большевиклар Дорғон отадаги энг бадавлат ва обрўли одам – Абдукарим палахни отганидан кейин, унинг мол-мулки мусодара қилиниб, оиласи Дорғон ота(Туркманистон)дан бадарға қилинади. Абдукарим палахнинг кенжа хотини Ойжамол,  қайин синглиси Анажон ва қизлари  - Тозагул (1922), ва Норжон (1924) билан Хоразмнинг Ос қишлоғи(ҳозирги Деҳқонобод қишлоғи)га келиб қолишади.
Ойжамол ўз кўзлари олдида отилган эри учун куявериб, охир оқибат дунёдан ўтади. Балоғат ёшига ҳам етмаган иккита қизининг биттаси (Тозагул) Хоразмга, яна биттаси (Норжон) Тўрткўлга, узоқ қариндошларининг қўлига келиб қолади. Лекин большевикларнинг қўлидаги ҳужжатда Тозагул ва Норжонлар бойнинг фарзанди эканлиги боис, уларнинг пешонаси(тағдири)га “Большевиклар душманининг фарзандлари”, деган тамға қўйилади.
                                                                         *     *
“Хасан полвон”, “Хасан босмачи”, “Хасан раис”, деб танилган Хасанмирот 1945 йилнинг бошларида “Троцкийчи” сифатидаги қамоқ муддатини ўтаб келади. На кўз билан кўрсинки, нафақат мол-мулки, ҳатто иморатнинг ҳам усти очилиб ёғочлари-ю, эшик-деразаларигача большевиклар томонидан мусодара қилинган. 
Хотини ва фарзандлари “Троцкийнинг оиласи” сифатида бадарға қилинган. Беш йил ичида  уларни кўрган ёки эшитган одам йўқ. Очликдан ўлган миллионлаган одамлар қатори улар ҳам узоқ бир жойларда очлик ёки касалликдан вафот қилиб кетишган, деб ишонишади ва улар ҳаққига дуо ҳам қилишади.
Қишлоқдошларининг кўмагида тўрт девор бўлиб қолган уйининг бир хонасини қийшиқ-мийшиқ тол, тераклар билан бостириб, 2 боғ қамишни эшик қилиб, ўзига хос бир бошпана ясаб олади. 
Хасанмирот раис бўлиб ишлаганида ундан яхшилик кўрган одамлар бири эски кигиз, бири эски кўрпа-тўшагини, бири чойгум, бири эски қозон-тавоқ беришади. 
Ўзи ташкил қилиб оёққа қўйган колхозда унга (яъни собиқ Троцкийчига) бирон яхшироқ иш беришга қўрқишади ва у оддий колхозчи сифатида ишлай бошлайди. У доимо НКВД, ЧК (КГБ) каби ташкилотларнинг доимий назоратида бўлади ва уларнинг кўрсатмаси билан колхозда ҳам оғир ишларга йўналтирилади. 
Қишлоқ фаоллари уни уйлантириш ҳаракатига тушишади. Беш йил турма азобини чеккан, ёши 50 дан ошган бўлсада кўркамлиги ва алп қомати билан унақа-бунақа аёлни ўзига ром қилиш имкониятига эга бўлган бу собиқ раисга, уруш сабаб бева қолган аёллардан биронтаси ҳам унинг Троцкийчилиги сабаб турмушга чиқишга розилик бераолмайди.
“Туркманлик” маҳалласининг бригадири Худайберди Авазов маҳалла фаоллари йиғилишида:                                                              
-Шу колхозни ташкил қилган, шу қишлоқ ривожига катта ҳисса қўшган одам “Троцкийчи” номи билан бадном қилинди. Бундай ноҳақ бадном қилинганлар оз эмас.
Большевиклар душмани сифатида отиб ташланган узоғроқ қариндошимиз Абдукарим палахнинг катта қизи ҳозир менинг тарбиямда. Насл-насабли, яхши тарбияли, шундай кўркам қизга, бойнинг қизи бўлгани учун, ҳеч ким совчи қўяолмаяпти.
 Большевиклар душмани деб танилган бу икаласининг бошини қўшсак, деган фикр бор менда - деб таклиф қилади. Бу таклиф ҳаммага маъқул келади ва Хасанмирот Абамирот ўғли билан Тозагул Абдукарим палах қизини бир-бирига никохлаб қўядилар.
                                                                  *     *
Большевиклар(И.Сталин)нинг синфий душмани сифатида кўриладиган Хасанмирот Абамирот ўғли (сурат-5) ва Тозагул Абдукарим қизи (сурат-7), доимо ҳадик билан яшашади. 

Хасанмирод Амабирод ўғли


Чунки 1940 йилларгача давом қилган “ҳалқ душманлари”ни овлаш бутунлай йўқолмаган эди. Тракторга сўкди, самолётга сўкди, кабилар билан қишлоқдан анча-мунча одамларнинг қамалганига кўп бўлмаган эди.
Хасанмиротни оддий бир қора ишга зўрға олишади.  Тозагулни эса колхоз(большевик)нинг синфий душмани бўлган бойнинг қизи бўлгани учун колхозга  қора ишгада олишмайди. 
Булар НКВДнинг назоратида бўлганлари учун ибодат(намоз, рўза)нида яширин қилишади.
1948 йилнинг баҳорида Хасанмирот ва Тозагул ўғил кўришади ва унга катта умидлар билан, она томонидан узоқ бобоси – Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини қўйишни ният қилишади.
Лекин “Муҳаммад” деб ном қўйишга турли фикрлар билдирилади: 
Қишлоқ бригадири Худойберди Авазов, 2-жаҳон уруш ногирони, колхозда бош ҳисобчи бўлиб ишлаётган Тўра Ўдаковлар: 
-Муҳаммад диний ном сифатида аввало сизларга, кейинчалик ўзигада катта зиён келтириши мумкин. Яхшиси унга Маркс, Вилен (Владимир Ильич Ленин), Октябрь, Мэлс (Маркс, Эенгельс, Ленин, Сталин) Мир (тинчлик) каби номлар қўйинглар - деб маслаҳат беришади.

Олдинроққа кетиб айтиладиган бўлса, уларнинг гапида жон бор эди. Шундай ном билан аталган одамларга бундай номларнинг фойдаси теккан.  Масалан, Советлар даврида район ва вилоят даражасидаги раҳбар, истиқлол даврида Хоразм ҳокими ва мамлакат қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Маркс Жуманиёзов, 1990 йилда Москвадаги меҳмонхонада маст ҳолда, маиший муаммо чиқариб, КПСС МК секретарлари Горбачев ва Лигачевларнинг ғазабли  назарига тушган бўлсада,  номи Маркс бўлганлиги учун, унга партиявий чора кўрилмайди.
Қишлоқда “Махсим бобо”, деб танилган (сурат-6), Хоразмдаги таниқли уламолардан бири бўлган Абдулла қори: 

Абдулла қори (Махсим бобо)


-Сизлар айтган атеист(Худосиз)лар номини қўйманглар. Аввало атеистларнинг умри кўпга бормағай ин-ша-Аллоҳ. Қолаверса Пайғамбаримиз: -Номимни фарзандларингизга қўйинглар, бунда баракотлар бор, - деганлар. 
Кейинчалик зарурат бўлса уни “Ахмад” деб чақираверасизлар. “Ахмад”, “Муҳаммад” бир ўзакдан чиққан бўлиб, Аллоҳга кўп ва хўб ҳамду сано (зикр) айтгувчи, деган маънога эга. Пайғамбаримиз ҳам Муҳаммад, Ахмад, Амин, Тоха каби номлар билан аталган. 
Келинг, ота-онасининг муродини қилиб “Муҳаммад”, деб ном берайлик. Расулиллоҳнинг ва бобокалони Муҳаммад ал-Хоразмийнинг рухи поклари қўллар буни ин-ша-Аллоҳ - деб таклиф қилади, Махсим бобо.
Бу таклиф кўпчиликка маъқул бўлади ва Махсим бобо Ахмаднинг қулоғига азон айтади ва:
-Муҳаммад (САВ) алейҳиссалом унинг шафоатчиси бўлғай, бобокалони Муҳаммад ал-Хоразмийнинг рухи қўллағай - деб дуо қилади.
Ахмадга Махсим бобонинг меҳри -Бу бизнинг маънавий ўғлимиз,- деб айрича бўлади. Онаси бўлса уни доимо “Бобомжон” деб чақиради. 
Махсим бобо тавсияси асосида уни “Ахмад” деб чақирабошлашади ва кейинчалик ҳам унинг барча ҳужжатларида “Ахмад” деб ёзилади.
Ахмаднинг отаси Хасанмирот, эрта тонгдан кеч қоронғигача далада, энг оғир ишларда тер тўкиб меҳнат қилгани билан на пул, нада озиқ овқат учун ғалла олиб келади. Чунки  колхоз асаосан пахта етиштиради ва пахта хом ашёси тўлалигича давлатга топширилади. 
Урушдан кейинги очарчилик йилларининг охирги даврлари бўлган 1950 йилнинг бошларида, қишлоқ аҳли колхозда фақат “Меҳнат куни” деб аталмиш кўзга кўринмас, қўлга илинмас  нарса учун ишлайди.  
Бу даврда қишлоқ  аҳли ўз томорқасида етиштирган ғалла, тухум, ёғ, сабзавот ва мева кабилар ҳисобига кун кўради. Хасанмиротлар оиласи янги ва камбағал эканлиги боис буларда мол, товуқ, қўй каби маҳсулот берадиган ҳайвонлар бўлмаган.
Озгина томорқасида эса ғалла, сабзавот, полиз каби маҳсулотлар етиштиришади. Томорқа кичкина эканлиги боис, бу ерда етиштирилган нарсалар ҳам бирнеча ойга зўрға етади. 
Бу оиланинг бошқа пайтдаги асосий овқати пиёва (пиёз, сабзи, қуритилган ўрикдан таёрланган шўрва), буламоқ (кепак ва жўхори унининг сувда қайнатилгани), патрак (кепак ва пиёз аралашмасидан таёрланган ва нон ўрнида ейиладиган нарса), зоғора (жўхори унидан қилинган диаметри 7-10 см, қалинлиги 4-5 см, нон каби тандирга ёпиладиган нарса) кабилардан иборат.
Хоразмийнинг онаси бадавлат ва диндор одамнинг фарзанди эканлиги боис, уни колхозга олишмайди. Буниг устига, ўғли Ахмадни қарайдиган одам ҳам йўқ. Уйнинг ойна-эшиклари ночор эканлиги ва уйнинг захлиги сабаб Ахмад тез-тез шамоллар, томоғи оғриб иситмаси кўтариларди. Бундай пайтларда онаси Ахмадни узоғроқ қўшниси бўлмиш Абдулла қори(Махсим бобо)никига обориб унга дам солдириб келади.
Шу тариқа Ахмад 3 ёшидан бошлаб кўзи ожиз Абдулла қорининг ёнида ўтириб, унинг тинимсиз такрорлайдиган Қуръон оятлари-ю ибодатларини ёдлайди.
1950 йилларга келиб Исломга бўлган таъзийқ анча юмшайди. Бироқ Сталин қатағони сабаб Ислом бўйича саводли одамлар деярли қолмаган бўлади. Битта-яримта борлари ҳам большевиклардан қўрққанларидан бўй кўрсатишмайди.
Шу ҳам сабаб, ҳамда Ахмад ҳожи Хоразмий  жуда ёш эканлиги учун, коммунистлар уни жазога торта олмасликларини ҳисобга олиб, қишлоқ аҳлининг Исломга, айниқса намоз ўқишга бўлган талабини қондириш учун Абдулла қори ўз муриди – Ахмадни мударрис (муаллим) бўлишга даъват этади. 

Тозагул Абдукарим қизи


Шу тариқа, 4 ёшли Ахмад ҳафтасига 3-4 кун намоз ўқиш қоидалари, намозларда ўқиладиган сура, оят ва дуолар бўйича Анажон опа, Ойша опа,  Жумагул опа  каби 10-15 та “Туркманлик” қишлоғи аёлларига дарс ўта бошлайди.
Мударрис (устоз) сифатида уйнинг тўрида ўтирган, атига 4 ёшли, курта кийган болакай, онаси ва момоси тенги келадиган 40 – 50 ёшли аёл(мурид)ларга сабоқ бераётганини бир кўз олдингизга келтиринг!
Бу 40-50 ёшли мурид(аёл)лар биров сўрамасада ҳар дарсга келганида, қуруқ келишмас, айримлари 1-2 та тухум, айримлари 1-2 зоғора, айримлари эса 1-2 ховуч мош ёки гуруч кўтариб келишади.
Шу тариқа, оиланинг 3 та аъзоси ҳам:  отаси – колхозда, онаси – тегирмон тортиб, Ахмад – мударрис (ўқитувчи) сифатида оила тирикчилигига ўз ҳиссаларини қўшиб туришади. 
Бироқ 4 ёшли Ахмаднинг топгани отаси ва онасиникидан ҳам бирнеча баравар ошиқ бўлади. Шу боис отаси: 
-Менинг ўғлим, аввало Худо, қолаверса Махсим бобо шарофати билан  3-4 ёшлигидан оила боқишни бошлаган. Шу ўғлимдан умидимиз катта, - деб юради.


 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2018-03-30)
Просмотров: 965 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0