Аянчли кунлар тарихи, ёхуд, коррупцияга қарши кураш (давоми)
Боб-II
Ахмад ҳожи Хоразмий учун аянчли кунларнинг бошланиши
1961 йил июнда, Ахмад ҳожи Хасан ўғли Хоразмий 6-чи синфни битирган заҳоти, отаси уни олдига чақириб:
-Ўғлим, мана мен бу ойда 70 га тўлдим. Барча колхозчилар 60 ёшда нафақага чиқадилар. Сизлар жуда ёш бўлганларингиз учун, мен қариб қолган бўлсамда, оилани тебратиш учун ишлаб келаяпман. Энди оиламиз тўнғичи сенсан, 13 ёшга кирдинг, энди ёш ҳам эмассан, от ўрнини той босади дегандей, менинг ўрнимни босадиган вақтнинг келди, - дейди.
Хоразмийнинг колхозчи бўлиш ҳақидаги аризасини қабул қилаётиб бригадир, Хасан бобонинг бу колхозда раисликдан то ҳозиргача босиб ўтган меҳнат йўлини, бу хўжаликни ривожлантириш борасидаги энг қийин вақтларда кеча-кундуз қилган ҳалол меҳнатлари ва унинг эвазига ортдирган обрўси ҳақида батафсил гапирди.
Хоразмий ҳам бу борада отасига муносиб ўғил бўлиб, хўжалик, бригада учун ҳалол ҳизмат қиламан, деб ваъда берди. Бригада аъзолари ҳам буни мақуллаб иш жараёнида унга ёрдам ва фойдали маслаҳатлар беришларини билдирдилар.
Отаси ўзининг катта белкурагини ўғлига топшириб оқ фотиҳа берди, ҳаммалари “Омин” деб қўшилдилар. Олдинда бригадир, орқада колхозчилар, энг орқада 13 ёшли янги колхозчи, ўзидан каттароқ белкуракни кўтариб, дала томон борардилар.
Орқаларидан қараб қолган отасининг юрагидан, онаизорининг эса кўзларидан ёш селдай оқиб турарди. Бу кўз ёшлар тўнғич ўғлининг ота-онани, оилани боқиш учун қўйган биринчи расмий қадами учунги қувонч кўз ёшларими, ёки, 6-синфда ўқийдиган, ўз тенгқурарлари каби кўча чангитиб ўйнаб юриши керак бўлган норастанинг ўзидан катта белкурак кўтариб, 30-40 яшар колхозчи (эркаклар) билан тонг саҳардан кеч қоронғичага далада меҳнат килишга мажбур қилаётган оила тирикчилиги учунги аламли изтироб кўз ёшларими, буни фақат Парвардигор биларди. . .
Хоразмий 1962 йилнинг март ойида (Хоразмий 7-синф ўқувчиси эди), “Олошо” даласида, тушдан кейин ҳаммадан эртароқ келиб, ғайрат билан бошқа колхозчилар билан бирга ишлаётган эди. Рўзигул опа (“Қуллар” маҳалласидаги Олломберди ва Олланазарларнинг онаси) 10-15 минутларча кечикиб келиб, унинг ёнида ишлай бошлади.
Шу пайт бригадир Дурдиэшон келиб:
-Колхознинг иши сенга ўйинчоқми?- деди-да, Хоразмийнинг юзига шапалоқ тортиб юборди.
У эса ҳеч нарсага тушинмай: -Тўхтамасдан ишлаяпман-ку, - деди ҳайрон бўлиб.
Бригадир: -Нимага кеч келасан бўлмаса? - деб юзига яна бир шапалоқ туширди.
У калтак зарбидан қонаб кетган оғзидаги қонни артаётиб: -Мен ишга ҳаммадан эрта келдим-ку, - деди зорланиб.
Бу ҳолатга бу ердаги барча колхозчилар ҳайрон эди. Шу пайт, ёнида ишлаётган Рўзигул опа, бригадирга юзланиб:
-Уйда нон тамом бўлган экан, тушлик ҳам қилмасдан ишдан кейин ёпиш учун, хамр қилган эдим. Узр, бошқа кечикмайман - деди.
Бригадир унга эътибор ҳам қилмасдан Хоразмийга юзланиб:
-Шу узрингни аввалроқ айтсанг ўлармидинг, - деб унинг юзига яна бир мушт туширди. Оғиз-бурнидан оқаётган қон уст-бошини қип-қизил қилиб юборди ва Хоразмий йиғлаганича уйига кетди.
Ота-онасига бўлган воқеани айтиб берди. Онаси бечора кўзларида ёш билан:
-Сенинг бу ҳолатда ишлаб топаётган нонингни егандан кўра, ўлсак афзал эди, деганича Хоразмийнинг қонга беланган уст-бошини ечиб, ювишга шайланди.
Кийиб туришга бошқа кийими бўлмаганидан, кийимлари қуригунича, Хоразмий кўрпага бурканиб ўтирди. Чунки у даврларда (тўғрироғи камбағаллик сабаб) ўша битта кийим билан мактабгада борар, даладаги ишгада борилар, ётганда ҳам шу кийимда ётилар эди.
Калтак зарбидан юзлари шишиб кетиб 2 кун на мактабга, нада ишга бораолди. 3-чи куни бригадирнинг ўзи уйига келди ва:
-Нимага ишга бормаяпсан?, деб дағ-даға қилди. Отаси унга пешвоз чиқиб:
-Кеч қолган бошқа бўлса-ю нимага буни урасан?- деб сўради зарда билан.
-Буни уришдан мақсад, бошқаларни мендан қўрқитиш эди. Чунки кеч қолган аёл бегона (бошқа маҳалладан), уни урсам мени қаматиб юбориши турган гап.
Бу эса ўзимиз(шу маҳалла)ники, уни қанча урсамда мени қаматмайсизлар, тўғрими Ҳасан дойи. Ўзингиз ҳам шу колхозга раис бўлиб ишлаганда, шунга ўхшаган услубларни қўллагансиз-ку, - деди тиржайиб.
Бригадирнинг шумлигига тан берган отаси бошини чайқаганича ўғлига юзланиб: -Ишинга боравер ўғлим, ҳаёт шу экан-да, - деди.
* *
13 ёшли Хоразмий эрталаб патрак ёки зоғора билан бир пиёла чойни апил-тапил ичиб, 7-8 км узоқдаги “Янги қадам” мактабига ўқишга кетар, тушдан кейин, чарчаб ўқишдан келиб, иссиқ сувга қотган патракни чала-чулпа бўктириб еб, кетмон ёки белкуракни кўтарганча далага (ишга) чопарди.
30-40 ёшли колхозчилар қатори бериладиган нормани бажара олмагани учун, бригадирдан кунаро калтак ер, ҳатто айрим пайтлари калтак зарбидан оғзи-бурни қонаб, лаблари ёрилиб, тишлари синган байтлари ҳам бўлган. Тун қоронғусида уйга зўрға келиб, қаттиқ чарчаганидан буломоқ, ёки арик пиёва(шўрва)нида ичаолмай, очдан-оч ухлаб қолган пайтлари ҳам саноқсиз эди.
1962-63 йилларда бригадир Хоразмий(14-15 ёшли ўспирин)ни ғўза зараркурандаларига қарши ДДТ, Гексохлоран, Меркаптофос каби дунё бўйича ишлатиш қаттиқ тақиқланган, ўта заҳарли химикатларни, биронта ҳимоя чораларсиз, қўли билан септирарди.
Меркаптофосни иккинчи жаҳон урушида Гитлерчилар Совет аскарларини ўлдириш учун ишлатганини (уларнинг устига самолётда сепганини) ҳисобга олсангиз, унинг нақадар хафли химикат эканлигини кўз олдингизга келтирсангиз бўлади.
Ҳаво иссиқ пайтларида Хоразмий булардан заҳарланиб, қайд қилганча далада йиқилиб қолар, айрим пайтларда даладан тўғри касалхонага олиб кетишар, касалхонада бирнеча кун даволаниб, ҳали тўла тузалмасданоқ, яна далага чиқишга мажбур бўларди.
1963 йил сентябрда Хоразмий далада йиқилиб ўнг қўлининг суяги чатнайди ва шишабошлайди. Бригадирнинг қистови асосида оғриқли қўли билан яна 2 кун ишга боради. Белкуракнинг сопини ўнг қўлда ушлай олмаганидан қўлтиғига қисиб ишлайди.
18-сентябрда қўли шишганидан кўйлагининг енгига сиғмай қолади. Оғриқ натижасида ҳарорати 39,5 Со га чиқади ва далада йиқилиб қолади. Кимнингдир эшакаравасида Хоразмийни уйига оборишади ва онаси 2 та тухумни чақиб қўлига боғлаб қўяди. Аҳволи кун сайин оғирлашади. 21-сентябрга келиб ҳарорати 41 Со дан ошади ва ҳушидан кетиб қолганидан кейин эшакаравага ортиб Боғот туманидаги касалхонага оборишади.
Қатор укол ва дорилар таъсирида Хоразмийнинг ҳарорати 39 Со гача пасайган бўлсада, қўлининг шиши қайтмайди. Районда ягона бўлган тез ёрдам машинасининг бузилиб қолганлиги сабаб, 24-сентябрда кўмир қатнаётган йўловчи юк машинасида вилоят касалхонасига оборишади ва “Остёмелит”, деб диагноз қўйишади. Эртасигаёқ қўлини Махмудов ва Ренат Рамкуловлар операция қилишиб 2 литрга яқин иринг олиб ташлашади.
Икки ҳафтага яқин юқори ҳароратда, хушсиз ва оч ётган Хоразмийнинг қон босими пасайиб юрак уриши ҳам сустлашабошлайди. Врачлар Хоразмийнинг отасини чақириб:
-Операция қилишга-ку қилдик, бироқ унинг яшаб кетишига умид кам. Шу боис Худонинг ҳоҳлаганига рози бўлиб, унинг жойи(қабри)ни таёрлаб қўйинглар,- деб маслаҳат беришади.
Хасан бобо ҳозиргина операциядан чиққан хушсиз ўғлининг пешонасидан ўпиб, уни бағрига босганича:
-Ноҳатки, очиқ кўзингни кўриш, Қуръон тиловат қиладиган овозларингни эшитиш бошқа насиб қилмаса,- деганича узоқ вақт унсиз йиғлайди.
Эрининг кеч қолаётганидан -Ўғлимга бир нарса бўлмадимикан, деганича Хоразмийнинг онаси безовталанабошлайди ва овқатга қарашгада қўли бормай, йўлга чиқиб, эрини кутабошлайди.
Кун ботишга оз қолганида эри Айиртом ариғининг кўпригидан ўтиб, уйига қараб бурилади.
-Отаси, ўғлимиз тирикми иш қилиб,- деб қичқиради бечора онаизор. Томоғи тўлганидан овози қаттиқ чиқмагани учунми, ёки масофанинг узоқлигиданми, Хасан бобо хотинининг овозини эшитмайди ва бошини қуйи солганича келишда давом қилади.
Хоразмийнинг онаси бундан баттар хавотир олади ва эри жуда секин юриб келаётгандай, шу келишида ўғлининг хабарини билгунича ҳафталар, ойлар ўтиб кетадигандай туюлади ва эри томон югурабошлайди.
Хасан бобо ҳарчанд ҳаракат қилмасин, кўзидаги ёшни тўхтатаолмайди. Унга кўзи тушган ҳамона хотини Тозагул она, ўғлимиздан ажралибмиз-да, деган ҳаёлда: “Вох болам-а!”, деганича йўлга йиқилиб, хушидан кетиб қолади.
Хасан бобо хотинининг тупроққа беланган бошини тиззасига қўйганича:
-Ўғлимдан ажраганим каммиди, бало келса қўша келади, дегани шу эканда. Эй Худойим, бу юкингни кўтаришга куч-қувват, сабр-тоқат бергин энди,- деб нола қилади. Бировларни ёрдамга чақирай деса атрофда ҳеч ким кўринмайди. Энг яқин қўшнининг уйи эса бир чақиримдан кўпроқ.
Шу пайт хотини секин кўзини очиб ўзига келабошлайди. Онаси, бардам бўл. Ризо керак тағдирига дейилган, деганича суяб уни ўтқазади йўлнинг ўртасида. Болам ҳозир моргда қолдими, “Вооҳ”, деганича яна ўзидан кетиб қолади онаизор бечора.
Анча вақтлардан кейин хотини ўзига келгач: -Боламиз моргда эмас, мен қайтганимда ҳам хушсиз, зўрға нафас олаётган эди. Лекин докторлар умид йўқ, жойини таёрлаб қўйинглар, деган,- деганича уни суяб уйига олиб келади ва эр-хотин тонг отгунича йиғлаб чиқишади.
Хасан бобо эрталаб эшакаравага жой (қабр) солинадиган кесакларни ортганича Ширвали бобо (сурат-1) қабристонига йўл олади. Хасан бобонинг уста Саъдулла, мулла Рўзибой, Юсуф жонли, Собир Ёвбосар, Ўдак бобо каби тенгқур дўстлари ўғли оламдан ўтибди деган ҳаёлда:
-Дўстим, Худо қувват берсин,- деганларича Ширвали бобо қабристонининг шимолий томонида (устози – Абдулла қори қабри яқинида) Мухаммадга жой (қабр) солабошлайдилар.
Ширвали бобо қабристони
Гап асносида Ахмад ҳали тириклигидан хабар топган мулла Рўзибой бобо:
-Собир бобо, тўхтатинг Хоразмийнинг жойини. Ноумид шайтон дейдилар. Докторлар Худо эмас-ки унинг вафотига кафолат берсалар,- деб қабр қурилиши битмасдан тўхтатилади.
Хоразмийнинг ҳарорати аста-секин пасайиб 2 ҳафта деганда ўзига келабошлайди. 17-сентябрдан 1-октябргача овқат емай фақат вена томирига юборилган глюкоза ҳисобига яшайди. Бирнеча ой даволанганидан кейин қўли тузалиб бўлмай оила тирикчилиги сабаб касалхонадан чиқишга мажбур бўлади.
Малакасиз врачларнинг даволаши туфайли ўнг қўли 1963-66 йиллар мабойнида 6 марта операция қилинган бўлсада тузалмайди. Қўлининг кесилмаган, тешилмаган жойи қолмайди. Уни 3-гуруҳ ногиронга чиқаришади. 30 йил (1993 йилгача) давомида қўлидан суяк ажралиши ва иринг чиқиши давом қилади.
* *
1964 йил 27-август куни, Хоразмийнинг бирга мол боққан ўртоғи (кейинчалик ўқитувчиси) Аннақули Эшонов Самарқанддаги физкултура техникумага ўқишга кирганлиги муносабати билан Хоразмийни ҳам уйига зиёфатга таклиф қилади. Зиёфатда Эшонов билан Нариманов мактабида бирга ўқиган, Самарқанд қишлоқ хўжалик институтига ўқишга кирган Қўчмирот Худайберганов, ТошМИ га кирган Нурилла Бекчановлар ҳам бўлади.
Уларнинг химия, физика, биология каби фанларни чуқур билишлари Хоразмийни ҳайратга солади. Улар ўқиган “Нариманов” мактабида ўқигиси келади. Шу-шу улар ҳар сессиядан кейин уйларига келди дегунча, Хоразмий уларнинг ёнидан ажралмас, улардан ўқиш сирларини ўрганади.
Бу пайтларда шу қишлоқда яшовчи Юсупбой Омонов Хива қишлоқ хўжалик техникумини ветернария матахасислиги бўйича битказиб келиб колхозда ветернар-фельдшер бўлиб ишлай бошлайди. Тез орада: “Юсуп Омонов молларнинг Луқмони ҳакими эмиш”, деб ҳалҳ оғзига тушиб кетди.
Бир куни у Хоразмийнинг уйига, сигирларни кўришга кириб, касал сигирга аллақандай дорилар бериб, қайси ўтлар бермасликларини тушинтриб:
-Бу сигир бир хафтага тузалади,- дейди. Бўғоз сигирни кўриб эса: -Ўн кунга туғади,- дейди.
-Э, буни Парвардигор билади, у айтди кетди-да, - деб қўйди Хоразмийнинг отаси. Бу сигирларни Хоразмий боқарди, шунинг учун ҳам “Луқмони ҳаким” башоратига эътибор бериб юрди. Бир ҳафта деганда ҳалиги касал сигир тузалиб кетади, роппа-роса ўн кун деганда иккинчи сигир туғади.
Хоразмий ёқа ушлаб қолади ва Юсуп аканинг уйига чопади. Қандай қилса унга ўхшаш дўхтир (Луқмони ҳаким) бўлиш мумкинлиги борасида маслаҳат сўрайди.
У бўлса: -Сенинг бу билиминг билан мен ўқиган даргоҳга кира олмайсан. “Ҳамза” даги ўқишинг бўлса бошқа гап эди. Шунинг учун ўша тошларингдан ва кетмонингдан ажрамагин,- деб унинг устидан кулади.
Хоразмийга бу жуда қаттиқ тегади ва: -керак бўлса ветврачликка кираман, - деганини билмай қолади.
Юсуп ака бўлса: -Ҳўй-ҳўй пастроқ туш, - деб унинг устидан баттар кулади ва Хоразмийни қаерда кўрса:
-Йўл беринглар, бўлғуси дўхтир келаяпти, - деб уни калака қилади.
Ўша пайтда Самарҳанд қишлоқ ҳўжалик инстутида ўқиётган Қўчмирот Худойбергановдан бу институтга қайси предметлардан кириш имтиҳонлари эканини билиб, Хоразмий ўша предметларни ўқишга астойдил киришади. Нафақат дарсликларни чуқур ўрганади, ва шунингдек, ўзи танлаган фанларга доир кўплаган китобларни ҳам ўқиб чиқади.
Хоразмийнинг мактабдаги ўқишларида кескин ижобий ўзгаришлаар рўй бера бошлайди. 11-синфнинг ўрталарига келиб химия, физика, биология фанларидан унинг билимини шу фанлар ўқитувчилари:
-Ҳали мактаб тарихида бу даражада билимли ўқувчи бўлмаган, - деб тан оладилар.
Бироқ, математика фанидан Хоразмий 3 ортиқ баҳо олиб кўрмаган. Бунинг эса ўзига яраша сабаби бор эди. Хоразмий математика ўқитувчиси Самандар Саидниёзов билан “моши пишмасди”. Хоразмий унинг ўқувчи қизларга шилқимлик қилишини ёмон кўрар, буни сезган С.Саидниёзов ҳам Хоразмийни ёмон кўрар, дарсларда атайлаб паст баҳо қўярди.
Хоразмий битирадиган йили бу ўқитувчи завуч бўлиб ҳам ишлади. Математикадан паст билимли одам венеткада ҳам энг охирида туриши керак, деб Хоразмийни венетканинг охирига қўйдирган ҳам айнан С.Саидниёзов эди.
Шу тариқа “Шилқим Саидниёзовнинг фани” деб математика фанига Хоразмийнинг нафрати кучаяборади ва математика фанини ёмон кўриб қолади. Бу эса Хоразмийга Университет талабаси бўлганидан кейин ҳам панд берди. Университетнинг биринчи курсида “Олий математика”дан 3 олиб, Ленин степендиясини олишдан маҳрум бўлади.
*
1966 йил сентабрь ойида колхозга Тошкентдан далаларни агрохимкартограмма қиладиган экспедиция келади. Бу экспедицияга ёрдамлашиш учун колхоз томонидан 2-3 одам ажратилади, булар ичида Хоразмий ҳам бор эди.
Экспедиция таркибида Ўрата Осиё Давлат Университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университети) биология-тупроқшунослик факультети, тупроқшунос-агрохимик мутахасислиги бўйича бешинчи курс талабаси (дипломант) Қашқадарёлик Бойтўра Рахимов ҳам бўлган.
Бу тупроқшунос-агрохимиклар ҳар бир далада 1,5 - 2 метрлик чуқурчалар (разрез) қазиб, уларни қатламларга ажратишар, ҳар қатламдан анализ учун тупроқ намунасини олишарди.
Бу қазилган тупроққа қараб Б. Рахимов бу далада қачондан буён дехқончилик қилинишини, юз йиллар олдин бу ерларда кўл бўлганлигини, неча йилдан буён лойқа сув билан сувғоралиётганлигини бехато айтиб берарди.
Бу далага қандай экин экиш кераклигини ва унга қандай агротехника қўллаш кераклигини кўрсатарди. Унинг сўзларини бу ердаги агрономлар, бригадирлар, кекса дехқонлар тасдиқлашар ва тасаннолар айтишарди. Ҳамма уларга ҳавас билан қарашар, ўғлим мактабни битирса “тупроқшунос-агрохимик” қиламан, деб ният қилганлар ҳам оз эмасди.
Ҳар бир даладаги экин(пахта)ни кўриб, унинг қачон экилганини, қачон сув қуйилганини, қачон ва қандай нормада қанақа ўғит берилганини, пахтанинг тушиб кетган ҳосил элементларига қараб, унинг қачон сувсиз қолгани, бу даладаги экинлар ҳосилдорлигини аниқ айтиб берарди.
Бунга бу ердаги колхозчилар мутахасислар ва шу қаторда Хоразмий ҳам ҳайрон қоларди. Буларнинг бу “каромат”ларини кўрганлар уларни “Тошкетдан келган авлиёлар” деб аташадиган бўладилар.
Хоразмий энди уйига ҳам бормасдан, кечалари ҳам экспедиция ҳодимлари ёнида қоладиган бўлади. Уларни жон-ҳолига қўймай “каромат”ларини ўрганишга ҳаракат қилади. Энди Хоразмий ветврач бўлишдан воз кечиб, каромат кўрсатадиган аграхимик–тупроқшунос бўлиш ишқида ёнабошлайди.
Б.Рахимов унинг асосий фанлар (химия, физика, биология) бўйича билими яхши эканини кўриб:
-Бу билиминг институтга киришга етиб ортади. Бироқ университетга, бу ҳам етмаганидай, Ўрта Осиёдаги энг катта университет(САГУ)га киришга бу билиминг камлик қилиши мумкин. Шунинг учун университетнинг таёрлов бўлимига кириб ўқиб, ёзда имтиҳон топширинг. Ҳар қалай бу (САГУ) унақа-бунақа университетлардан эмас. Бу университет, Москвадаги МГУ, Ленинград(Сан-Петербург)даги ЛГУ лардан кейин турадиган даргох. Шу боис унинг талаби ҳам жуда юқори, - деб маслаҳат беради.
Хоразмийнинг университетга кириш ниятини эшитганларнинг кўпчилиги:
-Иниститутга кираолса ҳам зўр эди-ку, университетга бало борми,- дер эдилар. Математика ўқитувчиси Самандар Саидниёзов уни масхаралаб:
-Агар сен ўқишга, бу ҳам етмагандай, университетга кираолсанг, мен сенга қул бўламан,- дерди.
Уларнинг қишлоғида ўқимишли (тўлиқсиз олий маълумотли) ҳисобланган ягона одам – мактаб ўқитувчиси Иброҳим Ражабов катта бир йиғинда:
“Агар порасиз, бу ҳам етмагинидей, университетга кира олсанг шапкамни итнинг кўтига тиқаман”, деб масхара қилган Хоразмийни.
Шундан кўп замонлар ўтиб, И.Ражабов маҳалла оқсоқоли бўлиб ишлади ва катта бир мажлисда: “Маҳалламиз ўзининг Хоразмийдай шонли олим-депутати билан фахрланади”, дегани ҳам бор гап.
*
Хоразмий хужжатларини тўғирлаб, китобларини чамадонга жойлаб, Тошкетга жўнашга тайёргарлик кўрабошлайди. Онаси тухум сотиб йиғиб қўйган 43 сўмини беради. Ўзининг кейинги ойлиги - 40 сўмни олади, акаси Ўринбой Хасанов ҳам оиласи катта бўлишига қарамай, 33 сўм беради.
Энди фақат отасининг рухсати(оқ фотиҳаси)ни олиш керак эди. Отаси яна Тўра ака билан маслаҳатлашгани кетади. Тўра ака отасини зарда билан қарши олади:
-Бу ўғлингиз ўзи билан эмас, университетга кирмоқчи эмиш-а, кичигироғи(инстутга)га кираолсада жон дерди. Чўнтагида бир сўми йўғ-у, билими билан кирармиш. Ҳали биронта билими билан кирган одам борми ўзи?! Сизларнинг пенсия пулларингизни ҳам йўқлаб, икки қўлини бурнига тиқиб келади ва бутун қишлоқни уятга қўяди ўғлингиз,- деб жиғибийрон бўлади Тўра ака.
Тўра аканинг бундай маслаҳатидан кейин, Хоразмийнинг отаси тўнини тескари кийиб олади ва:
-Тўранинг ҳамма гаплари тўғри, ҳеч қаерга рухсат йўқ,- дейди.
Она – бола иккаласи зор йиғлашиб, бошларини қаёққа уришларини билмай қолишади. Чунки отасининг рухсати(оқ фотиҳаси)сиз кетиш, “Оқ” бўлиш билан тенг эди.
Отасининг Жуманазар боди деган бир ўртоғи бўлиб, у ниҳоятда шум, гап билан ҳар ҳандай одамни эритарди. Она-бола йиғлаб унинг олдига боришади. У икки кундан кейин келиб ўртоғи (отаси) билан ярим кечасигача гаплашиб ўтирадилар. Онаси бўлса турли-туман овқатлар пиширар, Хоразмий эса уларга тинмай чой қатнар, Жуманазар бодиниг эшагига ўт солар, сув тутарди.
Вақт ярим кечадан ошганда, Жуманазар ака отасини “рози” қилади. Бомдод номозидан кейин отаси Хоразмийга оқ фотаҳасини беради ва жуда жўшиб кетиб, кечаги олган пенцияси(12 сўм)ни ҳам беради.
Шундай қилиб, 1966 йил 2-декабрь куни, 128 сўм пул билан Хоразмий Тошкентга, ўқишга отланади. Кувончидан Ургенч темр йўл вокзалига қандай келганинида билмайди. Тошкентда на бир одамни ва бирон адресни билади. Вокзалда уни колхоз бухгалтериясида ишлайдиган Аминбой Жуманиёзов учратади ва Тошкентда ўзи турган “Прямая” кўчасидаги хонадон (квартира) адресини бериб, у хонадон эгасига икки энлик хат ҳам ёзиб беради.
* *
Хоразмий минган Қўнғирот-Тошкент поезди Тошкентга кечаси соат 11 ларда етиб келди. Амин аканинг запискасини қўлида ушлаб туриб ”Прямая” кўчасидаги 24-уйни ийманибгина тақиллатади.
-Ким керак?- дея зарда билан эшикни очди уй эгаси Ҳури ая.
Хоразмий салом бериб қўлидаги хатни қўрқа-писа узатди.
-Нима экан бу?,- дея хатни ўқиб, аянинг юзи ёришиб кетди.
-Э, келинг ука, айтмайсизми Аминжон юборди деб. Албатта сизни жойлаштирамиз-да, деганича Хоразмийни ҳовлининг тўридаги ҳожатхонанинг ёнгинасида жойлашган пастқам бир хонага бошлаб борди.
Бўйи - 3 метр, эни -2 метр, баландлиги 1,80 -1,90 см келадиган бу хона, аввал кўмир сақланадиган жой бўлган экан. Бу ерда Низомий номидаги педагогика институтининг таёрлов ва биринчи курсида ўқиётган Сурхондарёлик 3 та талаба яшаётган экан.
Торгина бу хонага зўрға сиғиб яшаётган бу йигитларга бегона бўлган, бунинг устига тўртинчи “квартирант”нинг келиши ёқмаган бўлсада, аяга бирон эътироз билдиришга ботина олишмади.
Бу пайтлар(1966 йил)да, Тошкентда квартира (ижарага туриш учун хона) топиш амри маҳол эди. Чунки апрелда бўлган зил-зилада кўпчилик уйлар бузилиб кетганди. Шунинг учун ҳам шароити оғир, жуда тор бўлсада, топилганига шукур қилинарди.
-Мана болаларим, совуқ деб ўтирувдиларинг, сиқилиброқ ётсангизлар анча исиб ҳам қоласизлар. Сизлардан олдинги турган студентлардан қолган ва ҳозирда қўйхонанинг эшигига қоқилган кўрпани олиб беринглар, бу шеригингизга. Бошига оёқ кийимини қўйиб ётаверади.
Бунга (Хоразмийга) ҳам тушинтириб қўйинглар, квартира пули(10сўм)ни олдиндан тўлаш лозимлигини. Кейин эса, уйга кириш - кун ботгунча, электрдан фойдаланиш - кечқурун соат 10 гача, ҳожатхонага кириш - икки мартагача (эрталаб ва кечқурун) ва бошқа бир қатор тартиб ва қоидаларни тушинтириб уйига кириб кетди Ҳури ая.
Бу Сурхондарёлик талабалар анча қўпол, жангари ва озодаликка кам эътибор эканликлари билиниб турарди. Улар кечқурун бир буханка нон олиб келишиб плиткада чой қайнатишиб ичишди-да, кечқурунги тамаддини қилиб олишди. Улар Хоразмийни таклиф ҳам қилишмади. Кечаси унга эшик ёни(остона)дан жой кўрсатишди.
Оч қоринга ва қўйларнинг ва теззакнинг ҳиди анқиб турган кир ва йиртиқ кўрпада тез уйқуга ҳам кетиб бўлмади. Улар эрталаб кечаги қолган нон билан учаласи ўтириб чой ичишди-да институтга кетишди.
Улар кетганларидан кейин Хоразмий магазинга чиқиб, 2 буханка нон, 1 кг оқ қанд, 1 пачка чой ва бир бўлак совун олиб келди. Аввал чой ичиб олди, кейин кирлигидан ранги ўзгариб кетган дастурхон ва кўрпани ювди. Уйни, йўлакчаларни яхшилаб супурди ва хонани анча-мунча саришта қилиб қўйди.
Бу ишлардан нафақат аянинг, Хоразмийнинг шериклари бўлмиш бу Сурхандарёлик талабаларнинг ҳам бошлари осмага етди. Бир сўз билан айтганда, булар учун кечагина бегона ҳисобланган тўртинчи квартирант (Хоразмий) эътиборли ва суюкли бир киши бўлиб қолди.
* *
Хоразмий 1966 йил, 12-декабрь эрталаб соат 9 да ТошДУнинг пуллик тайёрлов курсига ҳужжатларнинг топшириш учун кириб борди. Ҳужжат топшираётган ёшлар жуда кўп эди. Таёрлов курсидаги ўқиш кечқурун бўлиб, кундузи Тошкент шаҳрининг биронта (асосан қурилиш) ташкилотида ишлаш керак эди. Шунинг учун ҳам асосий ҳужжалардан биттаси, Тошкент шаҳрида ишлаётгани ҳақида малумотнома эди. Худдий шу малумотнома йўқлиги учун ҳам Хоразмийнинг хужжатларини қабул қилишмади.
Лекин ёшларни қурилиш билан боғлиқ бўлган ишларга таклиф қиладиган жуда кўп эълонлар осиғлиқ турарди. Бу эълонлар асосида бирнеча қурилиш ташкилотларига борди. Ҳамма ерда бир хил жавоб:
-Ишга кириш учун Тошкент шаҳрида прописканг (рўйхатинг) бўлиши керак. Прописка қилиш учун эса Тошкентда биронта қариндошинг бўлиши керак, ё-да Тошкент шаҳрида (асосан қурилиш ташкилотида) ишлаяпти, деган маълумотнома керак.
Шу зайилда отганга бор, онанга бор, билан сал кам икки хафта ўтиб кетди. Ҳужжат топширишнинг тугашига ҳам саноқли кунлар қолди.
Хоразмий комсомол аъзоси эди, шуниннг учун ҳам Университет комсомол ташкилотининг котиби Шухрат Жалиловга мурожат қилиб ёрдам сўради.
У бўлса: -Ука, қонунни Олий Совет чиқарган, уни фақат улар ўзгартира олади. Сиз уларга мурожат қилинг, улар бир энлик қоғоз беришсин, хужжатингизни дарров қабул қиламиз,- деб осонгина қутилақолди.
Кўпни кўрган одамлар Олий Совет Президиуми раиси(Ёдгора Насриддинова)га киришни маслаҳат беришиб, раиснинг ўзига учрашмасангиз ишингиз тез битмайди, деб тушинтиришди.
Бироқ Қизил майдондаги раис қабулхонасида одам жуда кўп экан. Бир неча ҳафтада ҳам раис қабулига кириш имконияти йўқлиги аниқ эди. Ҳужжатларни олишнинг тугалланишига эса саноқли кун(3-4)лар қолган эди.
Вақт ҳам анча кеч (қоронғи) бўлиб қолганди. Қабулга келганларнинг ҳам кетиб бўлганига анча бўлган. Шамолнинг кучайганидан ердаги қорларни тўзғитар, совуқнинг кучи яна зўраярди.
Бу пайтда Хоразмийнинг кўзига дунё тор кўринар, Хоразмга қай юз билан боришни, отасининг, айниқса Тўра аканинг кўзига қандай қарашни ўйлаб, қабулхона эшиги олдидаги дарахтга суянганича кўзларидан дув-дув ёш оқарди.
Буни зимдан кузатиб турган шу бино қоровули келиб:
-Ўғлим нимага йиғлаяпсан? Қани юрчи бу ёққа,- деб қўлидан тутиб ичкарига (қоровулхонасига) олиб кирди ва бир пиёла чой ҳам қўйиб берди.
Масалани тушунган қоравул:
-Мендан эшитганингни хеч ким билмасин, эрталаб барвақт келгин, асосий кириш эшигига яқин жойда турасан. Опа(раис)ниинг машинаси келиб тўхтаган заҳоти, югуриб олдига борасан-да, -Опа бир илтимосим бор эди дейсан,- деб тушинтирди.
Хоразмий эртаси эрталаб, Қизил майдонда жойлашган Олий Совет Президиуми биноси олдига келиб, қоравул тушинтрганидей, асосий кириш эшигидан нарироқда пойлаб турди. Иш вақти (9) бошланишидан деярли бир соат олдин қора “Волга” ГАЗ-21 машина келиб тўхтар-тўхтамас, Хоразмий машинага қараб югурди.
Ўша пайтда қаердандир битта милиционер пайдо бўлиб, унга шитоб билан яқинлашаётиб:
-Тўхта, қайт орқага!- деб бақирди. Хоразмий жон ҳолатда, машинадан тушаётган опа(Ёдгора Насриддинова)га қараб югурди, милиционер эса унга қараб югурди.
Опа милиционерга “тегманг” дегандей ишора қилиб, -Ўғлим, тинчликми?- дея унга юзланди. Хоразмийнинг эса қўрқувдан тили калимага келмасди ва ўзини тутаолмай йиғлаб юборди.
Опа уни қўлидан ушлаб хонасига бошлаб кирди ва:
-Қани ўғлим, тортинмасдан гапиринг барини, - деди. Хоразмий бир оғиз ҳам гапироалмай қўлидаги хужжатларни опанинг олдига қўйди. Ё.Насриддинова ҳужжатларига бир назар солиб:
-Хўш, нима қилиш керак буларни? - деди.
Хоразмий бўлса ҳамон гапира олмасди. Опа: -Ёшгина йигит лол эканда,- деган ҳаёлда унинг олдига бир варақ қоғоз билан қалам қўйиб:
-Керак нарсангизни шу қоғозга ёзақолинг - деди-да, ҳозиргина котиба олиб кирган қайноқ чойдан бир пиёла қуйиб унга узатди.
Ҳаяжондан қалтироғи ҳали босилмагани учун довдираб, чойнинг ҳаммасини бир хўплаб ичиб юборди. Оғзи ва ичи куйганидан икки кўзидан “гув” этиб ёш қуйилди ва ҳайрон бўлиб турган опага қараб:
-Иссиқ экан,- деди. Опа бўлса қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди ва:
-Ўғлим, чойни пуфлаб ичади-да,- деди ва унинг олдидаги коғоз билан қаламни бир четга олиб қўйди-да:
-Гапирар экансиз-ку, қани айтинг бир бошдан, - деди.
Опа ҳаммасини эшитгач: -Сиз бораверинг, мен ректорга қўнғироқ қилиб айтиб қўяман, - деди. Хоразмий эса: -Қоғозга ёзиб берилмаса улар қабул қилмайди,- деб туриб олди. Опа кулди-да, Олий Совет Президиуми бланкасига “Ўртоқ С.Х.Сирожиддиновга. Ҳужжатларни зудлик билан қабул қилинг” деб ёзди-да имзо чекиб, мана оборинг, - деди.
Ёдгора Насриддинова (чапда), Никита Хрушчев (ўртада) Шароф Рашидов (ўнгда) маккажўхоричиликни ривожлантириш бўйичаги анжуманда
Хоразмда бу гап: -Хоразмийни пора бермагани учун кириш имтиҳонидан йиқитишмоқчи бўлганларида у имтиҳонни Ё.Насриддиновнинг олдида топшириб, ўқишга кирган эмиш, - деганга ўхшаш турли-туман ривоятлар кўп йиллар оғиздан оғизга кўчиб юрди.
* *
Олти ойлик пуллик тайёрлов курсида машғулотлар бошланди, Хоразмий эса унинг фаол тингловчиларидан бири эди. Университет комсомол комитетининг йўлланмаси билан “Олмазор” маҳалласида жойлашган, СУ-22 қурилиш ташкилотига “разнорабочий” бўлиб ишга ҳам кириб олди. Эрталаб соат 7 да туриб ишга кетар, кечқурун соат 7 дан 10 яримгача тайёрлов курсида дарсда бўлар, кечаси соат 12 дан 1 гача дарс тайёрлар эди.
Бечора онаси Хоразмийни Тошкентга кузатаётиб:
-Болам пулингни бошқа нарсага сарфлама, фақат овқатинга ишлат, оч юрмагин,- деб тайинлаган эди. Лекин ойлик олишдан умидвор бўлиб, қолган пулига битта-иккита иш кийими (этик, комбинзон, қўлқоп) олган эди.
Бу қурилиш ташкилоти уч ой ишлатганидан кейин: “Тошкент шаҳрида пропискаси бўлмаганлиги учун буйруқ чиқарилмади” деган баҳона билан, маош (пул) ҳам бермади Хоразмийга.
Бозор кунигача еб туриш учун, бирга турадиган талабалардан 2 буханка нонга қарз олиб турди. Хонада бирга турадиган талабалар маслаҳати ва уларнинг биттаси билан, бозор куни тонг саҳарлаб Чорсудаги мардикор бозорига борди. Чунки нафақат ўзининг ейиши учун, нон учун қарз олган пулини ҳам тезроқ қайтариши керак эди.
Мардикорлик инсоният пайдо бўлгандан бошлаб мавжуд, десак-да хато бўлмас.
Хоразмийга узоқ йиллар (салкам ярим аср) турли хил мамлакатлар ва турли хил шароитларда мардикорлик қилиш тўғри келган. Мардикорлик асосан молиявий иложсизлик ва мажбурликдан қилинади.
Мардикор – ҳақ-ҳуқуқлари чекланган, иш берувчи(хўжайин)нинг маълум бир маънодаги қули, десада хато бўлмас.
Айрим пайтлари: -Нима берсангда (ҳатто қорин тўяригада) розиман,- деб ишлашга мажбур бўлинади. Бундай пайтда иш берувчи виждонсиз бўлса, Худонинг ургани.
Хоразмий 60 ёшдан ошганда ҳам мардикорлик қилган: -Бир магазинчи уни куни билан оғир ва ифлос ишларда, овқат ҳам бермай ишлатиб, иш ҳақига куя тешгани учун ўтмай қолган ва 87 тийин (сент) турадиган латта дўппи берган. Хоразмий у қалпаоқни ҳалигачада асраб қўйибди.
Хоразмий бунга дамини ҳам чиқараолмаган. Чунки ойлаб-йиллаб мардикор сифатида ишлаб, бир чақада олаолмай, ҳатто ўлиб келганлар ҳам оз эмас. Шундай бўлсада мардикорлик қилишга мажбурсиз... “Очлик нелар едирмас...” деган мақол бекорга айтилмаган.
Шундай қилиб, Хоразмий 1966 йилдан то ҳозиргача ҳам мардикорликни канда қилмади. Мардикорлик қилишдан эса ҳижолат бўлмасди, ҳалол меҳнат билан кун кўришининг уяти йўқлигини биларди.
1967 йили апрел ойининг охирларидаги бозор куни. ТошДУ таёрлов курси тингловчиси, яъни - Хоразмий, тонг саҳарлаб, мардикор бозорига тушди. Ҳар галгидай қўлида ҳунари бор мардикорлар бир тарафда, Хоразмийга ўхшаш “разнорабочий” мардикорлар бошқа тарифда “заказчик”ни кутиб туришарди.
50-55 ёшларидаги басавлат бир киши келиб:
-Сувоқ иши бор, борасизларми? - деб сўради. Хоразмий:
-Сувашни яхши билмайман-у, лекин лой қоришни биламан, - деди. (Хоразмда бирнеча марта сомонлой таёрлаб кўрганди). Шу ерда турганлардан яна биттаси:
-Сувашни мен биламан, - деб қолди. Иккинчиси эса: -Мен лой қатнайман, - деб буларга қўшилди.
Бу уч мардикор - биттаси (Хоразмлиги) лой тайёрлаб берадиган, яна биттаси (Самарҳқандлиги) лой қатнайдиган ва учинчиси (Андижонлиги) сувайдиган бўлишиб, у кишининг ГАЗ-21 машинасида, Кўкчадаги “Оқлон” маҳалласига боришди.
Уй эгаси сувоқ қилиниши керак бўлган ерни, олти қоп алебастерни кўрсатди ва ишда кийиш учун ўзининг эски кийимларни бериб:
-Мен ишдан келгандан кейин ҳисоб–китоб қиламиз - деганича шошиб ишига кетди.
Удумга кўра, уй бекаси бу сувоқчи-мардикорларни нонуштага таклиф қилди. Хоразмлик мардикор (Хоразмий) эса шерикларига:
-Сизлар нонушта қилишни бошланглар, мен эса бу даврда лойни таёрлаб дамига қўяман. Сизлар лойни сувашга бошлаганларингизда мен нонушта қилиб оламан, шунда унумдорлик ҳам бўлади, нонушта ҳам битади, - деди.
Хоразмийнинг бундай меҳнатсеварлигига шериклари:
-Шундай шерик билан кунбай эмас, ишбай ишласанг-да - деб ўйлашаётган бўлса, уй бекаси:
-Жуда деловой мардикор экан-а, - деб қувонаётган эди.
Хоразмий каретага 6 қоп алебастернинг ҳаммасини, яна 3-4 қопча қумни ҳам солиб яхшилаб аралаштириб, водопроводдан сувни ҳам очиб, бор кучи билан лой қоришга киришди.
Уй эгаси келиб: -Ука, бунча лойни қотиб қолмасдан, суваб улгура олармикансизлар? - деб сўради.
Тўрт томонидан тер оқизиб лой қораётган Хоразмий:
-Холажон, ҳали вақт эрта, кечгача суваб улгурамиз, - деди.
-Кечгача бу лой қотиб қолмайдими? - деб сўради хола.
-Шунинг учун хам сал суюқроқ қилиб тайёрлаймизда лойни, - дейди Хоразмлик мардикор. Уй бекаси ҳайрон бўлиб, елкасини қисганича уйига кириб кетди.
Хоразмий каретани тўлдириб, ҳали айтганидай “суюқроқ” қилиб алебастерли лойни тайёрлаб, белкурак билан кетмонни ҳам каретада колдириб, лойни дамига қўйб, нонуштага кирди.
Шериклари бўлса: -Лой тайёр бўлса биз турайлик қотиб қолмасдан - деб қўзғалишди.
Хоразмий бўлса: -Йўқ бир пас ўтиринглар, лой дамини олиши керак - деб уларни ҳам ўтқазди.
Ўн беш минутлар ўтар-ўтмас, уй бекаси қўшнисини чақириб чиқди ва алланарсалар деб каретанинг олдида сўкина бошладилар.
-Нима гап бўлди экан, деган ҳаёл билан булар (сувоқчи усталар) ҳам каретанинг олдига етиб келдилар. 40-45 ёшларидаги бу тепакал қўшни:
-Лойни ким қилди? - деб сўради.
-Лойни мен қилдим, бироз дамини олсин деб қўйдим. Шунда сувоқни яхши тутади, - деди Хоразмий.
-Қани, лойдаги кетмонни олгинчи, - деди тепакал қўшни.
-На кетмон, на белкурак қимир этмасди . . .
Уй бекаси бориб, учаласининг кийимларини қулфлаб келди-да қўшнисига:
-Бу алебастерни ва қумни палон пулга, кўп машаққатдар билан топган эдик. Амакингизга телефон қилинг, зудлик билан келиб, топиб келган бу сувоқчи-усталари билан ўзлари гаплашсинлар, - деди-да уйига кириб кетди.
Уй эгасининг ишда кийиш учун берган эски-туски кийимларини кийиб олган бу мардикорлар ҳовлида гаранг бўлиб қолишди. Сукунатни Хоразмий бузди:
-Дўстлар қочайлик, бўлмаса калтак ейишдан ташқари алебастер билан қумни ҳам тўлатишади, - деди.
Андижонлик сувоқчи бўлса:
-Биз нимага қочар эканмиз, биринчидан кийимларимиз қулфлоғлик бўлса, иккинчидан лойни биз қормадик-ку, - деди. Лой ташувчи гапга аралашиб:
-Агар бу Хоразмлик қочиб, биз қолсак, унинг тўлов улишини ҳам биз тўлаймиз, калтак улишини ҳам биз еймиз. Шунинг учун шу кийимларда бўлса-да ҳаммамиз қочмасак бўлмайди, - деди. Ва учавлон қуённи суришади. Шу-шу бу уч мардикор бир ой чамаси мардикор бозорида қорасини кўрсатишмади.
* *
Таёрлов курси тугаганидан кейин, Хоразмий Революция (ҳозирги Амир Темур) хиёбонида жойлашган ТошДУнинг биология-тупроқшунослик факультетига, “Агрохимия ва тупроқшунослик” ихтисоси бўйича ҳужжат топширадиган бўлди.
Бироқ ҳужжатларини топшириш учун Университетнинг медкомиссиясидан ўтиши керак эди. Лекин Университет тиббиёт комиссияси унинг 6 марта операция қилинавериб дабдалага ўхшаб кетган ўнг қўлини кўрган захотиёқ “бу ногирон!” деб уни комиссиядан ўтказишмади.
Тиббиёт комиссияси қароридан норози бўлган Хоразмий, қабул комиссияси раиси, Университет ректори, академик Саъди Сирожиддиновга ариза билан мурожат қилади. Ректорнинг аризага кўзи тушибоқ, Ё.Насриддинова томонидан йўлланган «Ҳужжатларини зудлик билан қабул қилинг» деган хат эсига тушди.
Ректор Университет тиббий комиссиясига, Хоразмийни тиббий кўрикдан, қабул комиссияси маъсул котиби иштирогида қайтадан ўтказиш бўйича кўрсатма берди. Қабул комиссияси маъсул котибига эса:
-Эсингиздами, бу йигитчанининг таёрлов курсига ҳужжатларни қабул қилишни Ёдгора Насриддинованинг шахсан ўзи тайинлаганди - деб тиббий комиссияда диққатли бўлишни тайинлади.
Тиббий комиссия аъзоси, жаррох-травмотолог Галина Васильевна сўз олиб:
-Унинг танлаган мутахассислигида тупроқ билан боғлиқ дала ишлари бор. Унинг ногирон ўнг қўли ундай ишларни қилишга ярамайди, - деб унинг 6 марта операция қилинавериб тешилмаган ва кесилмаган жойи қолмаган ўнг қўлини ялонғачлаб барчага кўрсатади.
-Комиссия аъзолари бир овоздан: “Вой бўй!” деганларича врачни маъқуллашади.
Шундоғ ҳам умидсизланиб қолган Хоразмий сўз олиб:
-Мен доктор опанинг фикрига рози эмасман, бу қўлим ногирон эмас, аксинча, бу қўлим 3 пудлик тошнида кўтара олади, - деб ҳамманинг кинояли кулгисига қолади.
Ва: -Майли охирги илтимосим, доктор опа қўлини берсин, мен шу сизлар ногирон деган қўлим билан унинг қўлини қисай. Агар доктор менинг қисишимга чидаб берса, мен сизларнинг қарорингизга розиман - дейди.
Врач Галина Васильевна
Шунда Галина Васильевна беписандлик билан:
-Фуф, пожалуйста - деб қўлини берди. У докторнинг нозиккина қўлини «ногирон» қўлининг кафтига жойлаштириб, комиссия аъзоларига “қисаверайми,” деган ишора билан юзланади. Комиссия аъзолари “бошланг” деган ишорани беради ва барча нафасини ютганича бу иккита - қисадиган ва қисиладиган қўлларга тикилишди.
Бу дақиқаларда Хоразмийнинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётганидан бўлса керакки, унинг юрак уриши тезлашди, кўзлари хиёл каттайиб, чуқур нафас олаётиб: «Ё Полвон Пир!» (13-асрда Хоразмда яшаган афсонавий паҳлавон ва жувонмардия тариқати сўфийси) деганича докторнинг қўлини шундай қисадики, Галина Васильевна: “Ма-ма а а!!!” деб чинқириб юборади ва тик турганича оғриққа чидай олмай сийиб юборди.
Кўришсаки докторнинг кўрсаткич бармоғи жойидан чиқиб қийшайиб қолган, кичкина бармоғи эса икки жойидан синиб кетган. Бу ҳақда Университет газетасида “Майиб (ногирон) қўлнинг қудрати” сарлавҳаси остида каттагина мақола ҳам босилади. Шу тариқа Хоразмий тиббий комиссиядан муваффақиятли ўтди.
Биринчи имтиҳон химиядан эди, Хоразмийнинг таёргарлиги жуда яхши, мақсад фақат “5” олиш. Билетдаги саволларга таёрликсиз жавоб берди. Берилган қўшимча саволларнинг ҳам барчасига жавоб берганидан кейин: -Яшанг ука, тўрт қўяамиз - дейишди экзаменаторлар.
Хоразмий рози бўлмади.
-Ука рози бўлаверинг, бугунгача топширган 600 га яқин абутурентдан 12-13 таси тўрт олган, иккинчидан, беш баҳо имтихон комиссияси маъсул китобнинг рухсати билан ва шу предмент (фан) раиси иштирогида қўйилади халос, - дейишди.
Ва ниҳоят, химия бўйича предмент комиссияси раиси Қудрат Ахмедовни бошлаб келишди. У киши:
-Даврий системадан иккита қўшимча савол берамиз, агар билсангиз – “беш”, билмасангиз – “уч” қўямиз - деди.
-Агар бутун бошли даврий системани, унинг барча қонун қоидалари билан билан ёд билсамчи? - деди Хоразмий.
-Бу мумкин бўлмаган нарса, ўпкангизни босиб олсангиз бўларди йигитча. Қани, шундай бўлсада бир текшириб кўрайликчи, - деб даврий система бўйича савол-жавоблар бошланди.
Фақат даврий система бўйичаги савол-жавобларнинг ўзигагина 47 минут вақт кетди. Химия факултети декани - Қозоғистон Фанлар Академияси мухбир аъзоси, профессор Шукур Толипов бўлса:
-Мана сизга, тирик Менделеев! - деб Хоразмийни зўр бериб химия факультетида ўқишга даъват этарди.
Ва ниҳоят, ҳаммаси бир овоздан “беш” қўйишди. Лекин бу имтиҳон узоқ вақт, турли хил ривоятларга айланиб оғиздан оғизга кўчиб юрди. Кўп йиллар, Ш.Толипов ва ўша пайтда химиядан имтиҳон олган домлалар Хоразмийни: “Биофакдаги Менделеев”, деб юришди.
Шундан 10 йилдан кўпроқ вақт ўтиб, Хоразмийни академик С.Рижовнинг олдида кўриб қолган Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти, (1967 йилдаги Университет ректори) академик С.Сирожиддинов:
-Ие, Сергей Николаевич, манабу Менделеев сизнинг аспирантингизми ҳали? - деган.
Ўзбекистон Фанлар Академияси Президиумида Хоразмий қилган саргузаштлар ҳақида гаплашиб. 1978
С.Сирожиддинов Хоразмий билан 1967 йилда бўлиб ўтган имтиҳон (Менделеев) тафсилотларини ва медкомиссиядан ўтиш билан боғлиқ саргузаштларни Фанлар Академияси Президиуми йиғилишида айтиб бериб (сурат-3) Президиум аъзоларини (айниқса президент Обид Содиқовни), роса кулдирган.
* *
1979 йилнинг кузидаёк устози С.Н.Рижовнинг ташаббуси ва қистови билан “Ўзбекистонинг табий пичанзор ва яйловларини ўғитлашнинг илмий асослари” мавзуси бўйича Хоразмийнинг докторлик диссертацияси программаси тасдиқланди (Қишлоқ хақиқати.1.04.1994). Тасдиқланган программа бўйича ҳимоя 1981 йилга белгиланди.
Хоразмий бўлса кеча кундуз тинмай, катта иштиёқ ва кайфият билан ишларди. Программада белгиланган вазифаларни муддатидан илгари ҳам бажарди. Бечора домласи касалхонада, анча оғир аҳволда ётган бўлсада, диссертациянинг кўпчилик бобларини ўқиб ўз маслаҳатларини берди.
Минг афсуслари бўлсинки, кўп ўтмай устози С.Н.Рижов оламдан ўтди. Бу фақат Хоразмий учунгина эмас, бутун Иттифоқ (СССР) фани учун ҳам катта йўқотиш бўлди. Хоразмий эса диссертацияни ҳимояга тезроқ таёрлаб, устозининг рухини шод қилиш ҳаракати билан банд бўлди.
Ва ниҳоят докторлик диссертациясини ёзиб тегишли олим(мутахасисларга)ларга тақриз учун берди. Ана шундан бошлаб домла унга нафақат устоз, каттагина суянчиқ ҳам эканлиги ҳис қила бошлади.
Диссертацияни кўриб чиққан олим(такризчи)лар бирон-бир арзирли камчилик кўрсатаолмай:
-Янада кенгайтирилса, айрим нарсалар қўшимча ўрганилса яхши бўларди. Яна икки–уч йиллик қўшимча маълумотлар бўлса яна ҳам яхши бўларди - каби сўзлар билан пайсалга солабошладилар.
Хоразмий бўлса домласининг дўстлари ва сафдошлари олдига бориб, икки йил олдинги тасдиқланган программа бўйича барча нарсалар ошиғи билан бажарилганлиги, диссертация тайёр эканлигини айтиб ёрдам сўради.
Биронтаси йўқ дейишмади-ю, лекин ёрдамдан ҳам дарак бўлмади. Яъни “ўзи йўқнинг кўзи йўқ” деган мақолдагидей бўлди. Кўпчиликлари эса:
-Ука энди 33 ёшга кирибсан, бу ёшда ҳали номзодликни ҳам ёқлашаолмайди-ку, шошиб нима қиласан. Одамлар докторликни 50-60 ёшда зўрға ёқлашади-ю,- дейишарди.
Айрим ҳасадгўйироқлари эса, очиқдан-очиқ: -Суянадигани кетди (нариги дунёга), энди ёқлаб кўрсинчи,- дейишдан ҳам тойишмасди.
Монография
Шундай қилиб ғаразгўйлик, домласининг йўқлиги ва Хоразмийнинг ёшлиги сабаб бўлиб, тайёр диссертация ҳимоясиз қолди. Диссертацияни 10 босма табоқ ҳажмдаги рисола сифатида “Фан” нашириётида чоп қилишга муяссар бўлди холос (сурат-4).
* *
Ахмад ҳожи Хоразмий 1981-84 йиллар Мозамбик(Африка)да ишлади. 1985 йилдан эса ўз она юрти Хоразмда турли даражадаги раҳбар сифатида фаолиятини давом қилдирди.
1999 йилда унинг Каримов режимининг қишлоқ хўжалигидаги коррупцияси фош қилинган “Вакил” номли илмий-сатирик рисоласи нашр қилинди. Бу китоб Ўзбекистонда ўзига хос сенсацияга сабаб бўлди – китоб Архипелаг ГУЛАГ деб, китоб муаллифи эса Солженицин деб ном олди. Бу эса Хоразмийнинг Хоразмдан бадарға қилинишига сабаб бўлди.
Дўсти профессор Т.Досчанов иш сўраб, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ислом Бобожоновга унинг дўсти, Ибодулла Собиров орқали учрашишни тавсия қилди. Бундай тавсиянинг ўзига яраша сабаби бор эди:
1992 йилнинг бошларида, ҳокимликлар ташкил бўлганида, Хоразмийнинг аспирантлик пайтларидан дўсти профессор Тангриберган Досчанов Хоразм вилояти ҳокимининг муовини бўлиб келди. Асли Туркманистоннинг Дошўғиз вилоятидан бўлмиш бу олимнинг Хоразмга ишга келишининг сабаби бор эди.
Т.Досчанов Хоразмга келгунича Тошкентдаги Эканомика илмий тадқиқот институтида президент И.Каримовнинг рафиқаси - Татьяна Каримова билан бирга илмий ходим бўлиб ишлаган.
Татьяна Каримованинг синглиси Тамара, Ҳонқа район СЭСда оддий врач бўлиб ишловчи турмуш ўртоғи, Ибодулла Собиров билан Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманида ночор аҳволда яшар эди.
Синглисидан хабар олиб туриш учун Т.Каримова Т.Досчановни айнан Хоразмга ҳоким муовини бўлиб келишини таъминлайди. Хоразм билан Дошўғиз (Т.Досчановнинг уйи) чегарадош эканлиги боис бу имконият Т.Досчановгада маъқул бўлади.
Кунда кунаро, кеч соат 6-7 лардан кейин Татьяна Каримова Т.Досчановга телефон қилиб синглисидан хабар олишни сўрайди. Бироқ Т.Досчанов Хоразмни билмаслиги боис ҳокимиятнинг агросаноат комплексида маъсул вазифада ишловчи дўсти Ахмад ҳожи Хоразмий билан Ҳонқа район марказидан Тамаранинг уйини топиб боришади.
Вилоят ҳокимиятидан келган бу иккита мансабдорга дастурхон ёзиш учун И.Собиров ўша пайтда Ҳонқа пахта заводида технолог бўлиб ишловчи дўсти, Ислом Бобожонов билан бирга кутиб олишади. Ўша куни Тамара Т.Досчанов ва А.Хоразмийга иқтисодий томонидан қийналиб қолишганини, И.Бобожонов уларга озми-кўпми ёрдам қилаётганини айтиб:
-Агар И.Бобожоновни заводга директор қилиб берсангизлар бизнинг ҳам иқтисодимиз яхшиланар эди - деб илтимос қилади.
Кўп ўтмай И.Бобожонов Ҳонқа пахта заводига директор қилинади. Т.Досчанов ва А.Хоразмий Татяна Каримованинг илтимосига биноан Тамаранинг ҳолидан хабар олиш учун ҳар кириб борганларида уларнинг қўлини ювдириш учун И.Бобожонов (сурат-4) бир қўлида слабча, иккинчи қўлида обдаста билан, И.Собиров эса елкасида сочиқ билан буларнинг хизматида туришади.
Аввало Т.Досчанов ва А.Хоразмийнинг ёрдами, кейинчалик президент И.Каримовнинг қўллови билан Ислом Бобожонов депутат, Ҳонқа тумани ҳокими, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Хоразм вилояти ҳокими, Ўзбекистон қаҳрамони бўлиб кетади.
И.Собиров бўлса Ҳонқа район СЭСига бошлиқ, кўп ўтмай вилоят СЭСига раҳбар, кейинчалик Республика СЭСи раҳбарининг биринчи ўринбосари мансабига кўтарилиб кетади.
Уларнинг оғир кунларида ёрдам берганлари учун, бизнинг ҳозиргидай оғир кунларимизда ёрдам беришар, деган умидда Т.Досчанов А.Хоразмийга:
-Вазир(И.Бобожонов)га унинг дўсти И.Собиров орқали чиққин - деган эди.
Хоразмий И.Собировнинг идорасини Тошкентнинг Чилонзоридан топди. Эркак ходимлар спорт майдончасида волейбол ўйнаб юришган экан. Хоразмий шулар ичида Ибодулла Собировни дарров топди ва истиқболимга чиқар деган умидда ўзидан анча ёш бўлсада:
-Ибодулла ака ассалому алейкум - деди.
И.Собиров бир қарадиди-да, танимаганга ўхшаб ўйинни давом қилдираверди. Хоразмий бундан жуда ноқулай аҳволга тушди. Орқасига қайрилиб кетай деди-ю, Т.Досчановга нима дейман, деган ҳаёлда ўйин тугашини кутиб турди.
Ўйин тугаганидан кейин ходимлар ўз иш хоналари томонга қараб кетишди. Хоразмий И.Собировнинг орқасидан эргашди. У кабинетига кирганидан кейин секин эшикни тақиллатди. Ҳеч бир жавоб бўлмагач яна бир марта тақиллатди-да:
-Мумкинми? - деб ичкарига кирди ва: -Ибодулла ака, ассалому алейкум, - деди.
Саломга алик олиш ўрнига:
-Нима қилиб юрибсиз орқамдан пойлаб? - деди И.Собиров зардали оҳангда.
Хоразмий: -Ҳойна-ҳой мени танимади шекилли, деган ҳаёлда:
-Мен Хоразмдан Хоразмийман. Т.Досчанов билан уйингизда бирнеча марта меҳмон ҳам бўлгандик, - деди.
-Таниб турибман Аматжон ака эканлигингизни. Қилган хизматларингизни эслатгани келдингизми? - деди гаплашгиси келмай.
Хоразмийнинг ҳамма ёғидан тер чиқиб кетди ва синиқ бир овозда:
-Йўқ, асло. Иш сўраб дўстингиз И.Бобожоновнинг олдига кирмоқчи эдим эртага. Ҳурмат юзасидан аввало сизнинг олдингиздан бир ўтишни тайинлади Т.Досчанов. Министр (И.Бобожонов) дўстингизга бир оғиз айтиб қўярмикансиз, деб илтимос қилмоқчи эдик, - деди Хоразмий.
-Мен сизни бор-йўғи 3-4 марта кўрган бўлсам, ким эканлигингизнида яхши билмай туриб нимага И.Бобожоновга тавсия қилишим керак экан сизни. Досчановгада айтиб қўйинг, кўчада учраганларни жўнатавермасин менинг олдимга, - деди Ибодулла Собиров.
Хоразмийнинг кўз олди қорнғилашиб кетди.
–Узр, келиб хато қилибман, - деди зўрға ва бошини қуйи солганича унинг кабинетидан чиқиб кетди.
Республика СЭСи идорасидан чиқиб Глав Почтпампга борди ва Т.Досчановга телефон қилиб бўлган воқеани айтиб берди.
-Камдан-кам ҳолатларда яхшиликка яхшилик қайтади. Бундан хафа бўлма. Эртага министр(И.Бобожонов)нинг олдига киравер, мен ҳам телефон қилиб айтиб қўяман. Кейинги нашр қилинган китобларингдан 2-3 тасини олиб бор, кирганингда И.Бобожоновга совға қиласан, - деди Хоразм ҳокимининг муовини проф Т.Досчанов.
Хоразмий эрталаб Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири(И.Бобожонов)нинг қабулхонасига борди. Қабулхонада вазирнинг олдига кирмоқчи бўлган 2 та одам бор экан. Хоразмийдан кейин ҳам 5 та одам келди.
Вазир ёрдамчиси қабулга кирмоқчи бўлиб ўтирганларнинг исми шарифини, қаерданлигини ёзиб, вазирнинг олдига кириб кетди ва чиқиб, 5 та одамга вазирнинг олдига киришини, 2 тасига эса тегишли ўринбосарларнинг олдига киришини айтди. Хоразмийга қараб:
-Вазир сизни қабул қила олмайди. Ҳозир Сирдарёга кетар экан - деди.
Хоразмий бу масалада И.Собировнинг ҳам қўли бор эканлигини дарров фаҳмлади. Чиқиб яна Т.Досчановга телефон қилиб бўлган воқеани айтди ва:
-Қўйинг, яхшиси шу номардларга ялинмайлик, барибир фойдаси йўқ - деди.
Досчанов: -Мен эрталаб И.Бобожоновга телефон қилиб Хоразмий олдингизга боради, илтимос ёрдам қилинг, дедим. Келсин, қўйсин демади, шундаям бир амаллаб олдига кир, ҳар қалай юз иссиқ бўлади - деди.
Ислом Бобожонов
Шу куни кеч соат 7-8 лардан кейин вазирнинг идорасига келишини билиб қабулхонасига борди. Вазирнинг эрталабки ёрдамчиси ишни тугатиб кетган экан. Қайси бир бўлимнинг бошлиғи Қорақолпоғистонлик йигит навбатчи экан. Хоразмийнинг Хоразмлик эканлигини билгач, земляк экансиз, деб кофе қилиб берди.
-Вазир Бўкадан йўлга чиқибди, бир соатга етмай келади - деди. Хоразмийнинг иш қидириб юрганини эшитиб қайси бўлим ва бошқармада қандай бўш ўринлар борлигини ёзиб берди.
-Сиздай катта олим ва ташкилотчи одамни жон деб қабул қиладилар. Бизгада маслаҳатчи бўлардингиз - деб қувонди вазирликнинг бўлим бошлиғи.
|