"Мувозанат" дан олинди
Ахмад хожи Хоразмий.
Аспирантнинг ихтироси
("Хоразм ҳангомалари" туркумидан)
1972 йилда аспирантурада ўқирдим ва Тошкент шаҳрининг «Олмазор» маҳалласидаги эски уйларнинг иккинчи қаватида ҳамқишлоғим, Кибернетика Институти аспиранти Болтабой Отаниёзов билан ижарада бирга яшардик. Мени сентябрь ойининг ўрталарида Хоразмга чақириб қолишда ва кутилмаганда уйлантириб қўйишди. Тошкентда бирга яшайсизлар, деб келиннида менга қўшиб юборишди. Ҳамрохим Болтабой эса ўлганининг кунидан Академгородокдаги аспирантлар ётоқхонасига кўчди. Ўзига анча тўқ хонадонда тарбия кўрган келин Тошкентдаги менинг студенча яшашимга кўнгли тўлмагани аниқ эди. Чунки биз яшайдиган хонада битта эски шолча, иккита кўрпача, эски тахталардан ўзим ясаган қийшиқ хонтахта, битта учи синган чойнак, иккита стакан, битта кипитильник суқиб чой қайнатадиган темир чойгум, битта лаби синган товоқдан бошқа нарса йўқ эди. Бироқ институтга кетганда туфлини ёғлаб, гулдор галстук тақиш эсдан чиқмасди. Маданиятлироқ қилиб айтганда бизнинг бу ҳаёт «Ит ётиш, мирза туриш», деганга ўхшаб кетарди. Степендия ва мардикорлик қилиб топган пулимга нуқул китоб сотиб олардим. Китобларнинг кўплигидан хонада оёқ босишга жой йўқ эди. Бу китоблар заруратга қараб ёстиқ, ҳатто кўрпа вазифасинида ўтаб турарди. Шу боис бўлса керак янги келин ийманибгина: «Кутубхонада яшаймизми?», деганида бўлган гап. Эрталаб ишга кетаётиб оилани боқадиган эркак сифатида бир пачка музлаган чучварани келтириб: «Болани ёшлигидан, хотинни бошдан (қаттиқ тутиш керак)», деган мақол асосида: «Эринг ишдан келгунча овқат тайёр бўлиши лозимлигини унитма!», дедим овозимни балантлатиб. Ишдан келсам овқат-павқат йўқ, келин бўлса мен келтирган чучварага тикилганича ҳаёл суриб ўтирибди. Мен чучварани пиширмаганининг сабабини сўрадим, зарда билан. Минг гапирсанг бир гапирмайдиган бечора келин ниҳоят ёрилди: «Бу музлаган чучварани пиширишга на ўчоқ, на ўтин, на электр ёки газ плита, нада қозон бўлмаса, қандай пишираман, уни», деди жовдираб. Келин ҳақ эди, овқат пишириш учун ҳеч воқо йўқ эди. Лекин чучварани пиширишнинг мен (аспирант) ихтиро қилган услубини у ҳали билмас экан. Буюк бобомиз мир Алишер Навоий ҳазратлари: «Сўраб ўрганган олим, орланиб сўрамаган ўзига золим», деб бекорга айтмаган. Чучвара пиширишни билмас экансан, биздай олимлардан сўраб ўрганмайсанми. Мана, ўрган чучварани қандай пиширишни, деб ишга киришиб кетдим. Узун чойгумга сув тўлдириб унга сал кам ярим метр келадиган кипитильникнида тиқиб электрга улаб юбордим. Келин бўлса: «Чой қайнатишни ўзим ҳам биламан, менга манабу чучварани пиширишни кўрсатинг», деди. Чой қайнатаётганим йўқ, чучвара пишираяпман, қишлоқи, ўрганиб ўтир, дедим сал ўқрайиб. Чойгумдаги сув қайнаган захоти кипитильникнинг ёнбошидан музлаган чучварани солиб юбордим ва сал ўтмай чучваранинг кетидан бир қошиқ туз ҳам солдим. Беш дақиқа ҳам ўтмай чойгумда овқат тайёр бўлди. Чойгумдаги чучварани товоққа суздим, кипитильникга ёпишиб қолганларинида пичоқ билан товоққа туширдим ва: «Еб кўрчи, «Пельменная»да пишган чучварадан кам жойи бормикан?!», дедим комил ишонч билан... Академгородокдаги аспирантлар ётоқхонасига кўчган ҳамқишлоқ дўстим Болтабой 1972 йил 21-декабрь кечқурун, яримта кўтариб келиб қолди. Мен ихтиро қилган услубда чучвара пишириб унинг туғилган кунини нишонладик. Биз анчагача чақ-чақлашиб ўтирдик. Шахмат деса томдан ташлашимни билганиданми, Болтабой шахмат ўйнашни ва ким ютқазса 50 гр ичишни таклиф қилди. Ичмаслик учун минг баҳона қидириб ўтирган мен бунга жон, деб рози бўлдим. Менинг шахматни яхши ўйнаганимми, ёки унинг ичкиси келганиданми, Болтабой қаторасига ютқазавериб, олиб келган яримтасинида ўзи ичиб битирди ва «Пардон», деганича ўтирган жойида ухлаб қолди. Биргина хона уй, ундада Болтабой ухлаб ётибди. Ташқарида 15-18 градус совуқ. Бечора келин устига шубаларини кийиб совуқ коридордаги креслода ўтириб мизғийдиган бўлди. Ҳардоимгидей бугун ҳам будильник соат 7 да жиринглаб бизни уйғотди. Биз қўл-юзимизни ювиб келгунимизча келин бизга нонушта таёрлади. «Ерда қор, шу боис автобус секин юради, тезроқ кетинглар, акс ҳолда кеч қоласизлар», деб бизни шоширарди келин. Биз апил-тапил нонушта қилиб чиқиб кетдик. Маълумки қиш пайтида соат 7 да ҳали тонг отмаган бўлади. Шу боис ҳамма ёқ қоп-қоронғи эди. Бунинг устига, аксига олиб, бугун ҳаво булут ҳам эди. Нимагадир кўчада қимирлаган жон кўринмасди, анча кутсакда автобусдан дарак бўлмади. Ишга кеч қолишдан қўрққанимиздан машина кира қилиб ишга етиб бордик. Институтга борсак эшик қулфлоғлик, қоравул эса ухлаб ётибди. «Ҳў, нодон, шу пайтгача одам ухлайдими, соат 9 дан ошаяпти», деганча эшикни тепиб қоровулни уйғотдик. Бечора қоравул кўзларини ишқалаб: «Нима қилиб юрибсизлар тонг саҳарлаб, ҳали энди соат 7 бўлаяптику», деди, бир соатга, бир бизга қараб... Кейин маълум бўлишича бу, келин деган хумпарнинг иши экан. Совуқда ўтириб мизғий олмаганидан ярим кечаси секин биз ётган уйга кириб будильникни 2 соат олдинга суриб қўйган экан. Натижада биз «Камбағални урма-сўкма, чопонини йирт», деганидай машина кира қилиб 9 да бошланадиган ишга 7 да борибмиз.
Манчестер. Буюк Британия.
|