Насиба Хоразмий
Фолбиннинг китоби
("Хоразм хангомалари" туркумидан)
2009 йил ёзида Зубайда опанинг кичик қизи Мардона билан уларнинг уйида тикувчилик қилиб ўтиргандик. Зубайда опанинг ён қўшниси Ўғилжон (фолбин) опа жаҳл билан келди-да: "Менинг қўйимни беринглар, сенинг наркоман ўғлинг Азиз ўғирлаган, ҳозиргина менинг илохий китобимга тушди”, деди.
Зубайда опа: "Менинг ўғлим бундан 3 кун олдин мардикорлик қилишга Россияга кетган-ку. Қандай қилиб бугун сизнинг қўйингизни ўғирлаши мумкин? Ўша "илохий” китобингизни яхшилаб қарангчи, қўйингизни бошқа ўғирлаган бўлмасин”, деб қайтариб юборди.
Кўп ҳам ўтмай фолбин ўдағайлаганича яна келди ва: "Ҳўй Зубби татар, менинг қўйимни сендан "дори” оладиган клиентларинг ўғирлаб сўйган ва оёқлашма қилиб бир бўлагини сенгада беришган. Мана, илохий китобимда кўриниб турибди. Тўла қўйимни, акс ҳолда милицияга шикоят қиламан”, деди.
Фолбин бу гал Зубайда опанинг "нозик” жойи (наркобизнеслиги)дан тутгани боис шаллақиликда фолбиндан қолишмайдиган Зубайда опанинг дами ичига тушиб кетди ва: "Барака топинг, секинроқ гапираверинг. Майли ўша қўйингизни тўлаймиз”, деб турганида нариги қўшниси – Арслоннинг хотини фолбиннинг "ўғирланган” қўйини етаклаб келиб қолди ва: "Бу ҳаром ўлгур кимнинг қўйи? Бизнинг боғга кириб барча ниҳолларни нобуд қилган. Эгаси ким бўлса менинг ниҳолларимни тўласин”, деб жанжал кўтарди.
Шундан кейин фолбин дарров босилди, лекин Зубайда опа ғазаб отига миниб: "Э, ичига палон қилай сен шаллақининг ўзинга ўхшаган тутриқсиз китобингнинг”, дея Ўғилжон опани уракетди. Бир пастда фолбиннинг сочи-ю уст-бошларини йиртиб ташлади. Қўшнилар ҳай-ҳайлашиб буларни зўрға ажратишди.
Насиба Хоразмий.
Сентябрь, 2010. Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.
|