"Озодлик" дан олинди
Абдулла Искандар.
Комилжон Отаниëзовнинг 95 йиллик таввалуд куни нишонланмоқда Сурат-1. "Комилжон Отаниёзов куйлайди" филмидаги сурат.
Бирваркайига тўрт республиканинг халқ артисти Комилжон Отаниëзовнинг тавваллуд кунини шу кунларда Хоразм, Қозон ва Ашҳободдаги мухлислари тўй қилмоқда.
Ўзбек ашулачилигида Озарбайжон торини урф қилган ҳофиз Комилжон Отаниëзов тирик бўлганида 95 ëшга кирар эди.
1917 йилнинг 20 июлида Хоразмнинг Бўйрачи қишлоғида туғилган Комилжон Отаниëзов 1949 йили Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. 1964 йили эса ҳофизга Туркманистон халқ артисти унвони берилди.
Кейинчалик Комилжон Отаниëзов Қорақалпоғистон, Татаристон халқ артисти унвонларига ҳам лойиқ кўрилди.
Ўзбек ашулачилари ичидан илк бор чет элда концерт берган ҳофизлардан бири ҳам Комилжон Отаниëзов эди. У Совет Иттифоқи номидан Ҳиндистон, Хитой, Бирма, Афғонистон, Камбоджа ва Тайландда концертлар берди.
Отаниëзов Совет ҳукумати тарафидан кетма-кет 3 марта Ҳурмат белгиси ордени билан мукофотланган.
Комилжон Отаниëзов 1975 йили 5 ноябрда Тошкентда вафот қилди.
Времяни тўхтатган хофиз Ўтган асрнинг олтмишинчи йилларида Ўзбекистон телевидениеси ўз кўрсатувларини эфирга узатганида Марказий Телевидениенинг "Время” дастурини олиб кўрсатишга мажбур эди. "Время” дастури бошлангани онда барча ўзбек дастурлари тўхтатиши лозим бўлган.
Тошкентнинг Бошлиқ маҳалласидаги теледастурларни эфирга узатиш республика идорасининг 1967 йилги "ТВ-зона 4" деган дафтарида бир ЧП (Фавқуллода ҳодиса) қайд қилинган.
Бу дафтарда ëзилишича, ўша йилнинг ноябр ойи кунларидан бирида "Время” программаси эфирга узатилмасдан унинг ўрнига Комилжон Отаниëзов концерти берилган.
Телеузатиш марказидаги техник Комилжон Отаниëзовнинг мухлиси бўлгани боис Москвани улашни унутиб қўйган ва пировардида ҳайфсан олган.
Хозир Буюк Британияда истиқомат қилаётган олим Аҳмаджон ака Ҳоразмий ўша воқеани яхши эслайди:
- Москванинг Время деган программаси келган пайтда ҳамма нарса тақатақ тўхтаб Время берарди. Ўша пайтда Комилжон Отаниëзов ашула айтиб турган эди, концерти бор эди телевизорда. Бирдан Комилжон Отаниëзов ашуласини тугатмасдан Время бошлаворди. Икки минут ўтар ўтмас Времяни тўхтатдида, яна Комилжон ака ашула айтиб юборди. Тўрт минут ўтар ўтмас яна Время кўрсатиб юборди. Ундан кейин яна Комилжон ака ашула айтди. Телевизор тугагунча айтди ўзиям, дейди Аҳмаджон Ҳоразмий.
Суҳбатдошга кўра, Совет иттифоқининг энг асосий теледастурини тўхтатиш ўша пайтдаги мафкурага қарши бориш билан тенг бўлган.
Бу воқеадан сал ўтмай Муштум журналида Комилжон Отаниëзов танқид қилинган карикатура пайдо бўлди.
Карикатурада Отаниëзов хотинлар каби кокил соч қўйган тарзда гавдалантирилади. Расм изоҳида эса Отаниëзов ўзи эркак бўлиб хотинчалиш қўшиқлар айтди, деб ëзилган эди.
Ана шундан кейин ҳофиз республикани тарк қилиб, бир муддат Туркманистонда ижод қилишга мажбур бўлгани айтилади. Коммунист бўлишини рад қилган ҳофиз Комилжон Отаниëзов куйлайди деган грампластинкадан ҳофизнинг Коммунист партиясини ва Совет ҳукуматини улуғловчи қўшиқлари ўрин олган.
СССРнинг "Мелодия” овоз ëзиш студиясининг олтин фондидан ўрин олган бу ëзувларда нафақат коммунизм мадҳиялари балки диний-мистик, ҳазил-фолклор ва сувора йўналишидаги қўшиқлар мавжуд.
"Мелодия” студиясида овоз ëздирган ҳофиз СССРда катта мавқега эга бўлган. Бундан ташқари Совет кино қўмитаси Комилжон Отаниëзов куйлайди деган филмни суратга олган.
Отаниëзовни яхши билган Аҳмад ҳожи Хоразмийга кўра, ҳофизга бир неча маротаба Коммунистик партияга кириш таклиф (ҳатто илтимос) қилинган.
Комилжон Отаниëзов турли сабаблар билан ўзини компартиядан олиб қочгани айтилади.
Аҳмажон акага кўра, ана шундан кейин Комилжон Отаниëзовга Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони бериш масаласи кун тартибидан олиб ташланган:
- Комилжон Отаниëзовга "Сиз партияга ўтинг. Шунда сизга "Социалистик меҳнат қаҳрамони” унивони берамиз тезда” деган пайтда партияга ўтмасдан унвондан воз кечган шу одам. 50 ëшга кирган пайтда унга "Социалистик меҳнат қаҳрамони”ни бермоқчи бўлишган. Диний эътиқод Kомилжон Отаниëзовни яхши билганлар унинг бутун умр беш вақт номозни канда қилмаганлигини айтишади.
Совет даврида бунга амал қилиш мушкул бўлган дея эслайди Комилжон Отаниëзовни яқиндан билган раққоса Гавҳар Матëқубова.
- Комилжон аканинг Муҳаббат деган қизи билан дўст эдим. Уйларига бориб турар эдим. Уй ичида Комилжон ака тақводор ҳаëт кечирар эди. Беш вақт номоз канда бўлмас эди.
Комилжон Отанëзовни яхши билган Аҳмаджон ака эса у концерт бераётганда ҳам ҳуфтон номозини ўқишга вақт топганини ëзади:
-Концерт залларида концерт бўлиб турган пайтда Хуфтон намози кирган пайтда бошқа биттасига номерни бериб ўзи бориб Хуфтон намозини ўқиб келарди. Ўша вақтларда беш вақт намоз ўқиганини мен шахсан биламан. Тўғри, «Хурсандман партиямдан...», «Ленин номи бўлсин бошимнинг тожи», каби қўшиқларни ҳам онда-сонда айтган. Бу билан уни Ленинпараст, ёки атеистга чиқариб бўлмайди. Боиси шуки, Ленин, партия калималарини айтмаган санъаткор саҳнага чиқа олмас эди у пайтлари. Комилжон ака тилида Ленин, партия, дегани билан унинг дилида доим Аллоҳ зикри бўлган. Ислом масаласида у отасининг васиятига доим содиқ қолган.
Сурат-2.
А.Хоразмий "Юртим Хоразм” ашуласини куйлаш жараёнида. 1974
Раҳматлик Комилжон Отаниёзов билан учрашиш ва ва унинг билан суҳбатлашиш бахтига Тошкентда, аспирантлик йилларим (1973-1975) муяссар бўлганман. Биринчи марта уни Дошховузлик иқтисодчи олим Абдулла Сафаевнинг дала ҳовлисида учратганман. Шу кундан бошлаб Комилжон ака иштирок қиладиган кўпчилик ерларда унинг қўлини ювдириш, чой, овқат қўйиш ишлари билан асосан мен шуғулланардим. Ёши катта ва мўътабар одамлар билан мулоқатда бўлиш, уларга хизмат қилиш одобини менга раҳматлик отам ўргатган эдилар.
1973 йили филолог олим Аҳмаджон Сафаевнинг ишчилар шаҳарчаси массивидаги ҳовлисидаги бир маъракада Комилжон ака ўтирган уйга хизмат қилиш учун бошқа бир йигитни қўйишган. Унинг хизматларидан, айниқса одобидан кўнгли тўлмаган ва мени топишларини буюрган. Бир куни, Комилжон ака мендан: "Ўғлим, бу одобни ким ўргатган сенга?” деб сўрадилар, мен отам ўргатганларини айтдим. У киши отам тўғрисида батафсил эшитганларидан кейин: "Ҳа эсимга тушди, мен ёш пайтларимда Боғотлик Абдулла қори билан бизникига тез-тез келиб (Абдулла қори ва К.Отаниёзовнинг отаси Оташ охун Хивадаги Полвон пир мадрасасида бирга ўқишган) отам билан гаплашиб ўтирар эдилар”, деб эслади. Ва: "Қайтар дунё, деб шуни айтадилар-да. Ўша даврларда мен отангизга хизмат қилган бўлсам, мана бугун сен бизга хизмат қилаяпсан”, деб кулдилар. Шундан кейин менга бўлган муносабати янада самиймийлашди. 1974 йилда А.Сафаев Ўзбекистон Фанлар Академияси мухбир аъзолигига ўз номзодини қўйиш муносабати билан, Фанлар Академияси президенти бошлиқ бирнеча академиклар(сурат-3)ни уйига (зиёфатга) таклиф қилди.
Сурат-3. Ўша зиёфатда иштирок қилган О.Содиқов бошлиқ бир гурух академиклар Уйнинг тўрида ҳар галгидай Комилжон ака ўтирар эдилар. У пайтлари у кишининг ўнг қўли ва оёғи касал бўлиб, яхши ишламас эди. Шунинг учун Ортиқ Отажонов кўпинча унинг ёнида тор чалиб ўтирарди. Таклиф қилинган меҳмонларнинг деярли барчаси етиб келганди. Фақат Академия президенти, СССР Фанлар Академияси академиги Обид Содиқов Марказқўмга (Ш.Рашидов олдига) чақирилгани учун кечикаётган эди. У келгунича озроқ ашула, озроқ суҳбат бўлиб турди. Мен ўшанда ҳатто академиклар ҳам Комилжон акани ниҳоятда ҳурмат қилишларининг гувоҳи бўлганман. О.Содиқов ҳали эшикдан кирмасданоқ Комилжон ака: "Туринг ҳаммангиз, илм подшоси келди!”, дея ўзи ҳам ўрнидан қўзғалди (лекин биров кўмаклашмаса ўзлари ўрнларидан туришга қийналар эдилар). Барчалари тикка туришди. Обид ака югура келиб: "Комилжон ака сиз турманг, илм подшоси ким бўлибди, санъат султонининг олдида”, дедида уни ўрнидан туришга қўймай, ўзи унинг ёнига ўтирди. Мен ўшанда улуғ инсонларнинг ҳазиллари ҳам улуғ бўлишини кўрганман. Шундан кейин ҳамманинг кайфияти янада кўтарилиб кетди, базм тонг саҳаргача давом этди. Ўша куни "Днепр” магнитофонига ёзилган Комилжон аканинг шулаларни А.Сафаевнинг ҳеч кимга (радиога ҳам) бермаслиги, бу энди бошқа мавзу... Комилжон ака ўз шогирдларига нисбатан қаттиққўл ва талабчан устоз эдилар. Шогирдларининг ҳар бир ҳаракати ва сўзларига эътибор берар эдилар. Улар устоз олдида ҳазиллашмас, одоб билан ўтириб одоб билан турар эдилар. Ортиқ Отажонов, Гавҳар Матёқубова каби шогирдлари унинг олдидан чиққанларида: "Устознинг салобати одамни босиб, эзиб юборай дейдия”, дейишарди. Лекин, шундай бир пайтда, Комилжон ака аксияга уста одам эдилар. Бир куни меҳмонлар келишидан олдинроқ менинг музикага бўлган қизиқишим тарихи, ҳозирги олиб бораётган илмий тадқиқотларим ҳақида сўраб ўтириб: "Ахмаджон, майли, номзодлик ишларингни ҳозирги олиб бораётган тадқиқотларинг асосида қилавергину, лекин пахта билан ҳам ишлагин. Чунки пахта Ўзбекистон ҳалқининг нони бу!”, деганлар. Таҳорат олишга чиқаанларида унинг торини олиб (унинг торини рухсатисиз олишга унақа бунақа одамнинг юраги дов бермасди) Комилжон ака ёзиб музикага солган "Юртим Хоразм” ашуласини завқ билан ҳиргойи қилиб турганимда ... Кечирасиз, сўзингизни бўлдим, ўша ашулани бир айтиб бермайсизми. (Ахмаджон ака қўлига торини олиб ўша даврда айтган ашуласидан бир куплет(сурат-4)ни Комилжон акага тақлид қилиб жўшиб айтадилар)
Сурат-4. К.Отаниёзов ашулаларини куйлаб...2012 Сўзимни давом қилсам, ўша пайтда Комилжон ака беҳосдан кириб келдиларда кулиб: "Анча-мунча пишиб қолибсан-ку”, дедилар. Мен унинг кайфияти яхшилигидан фойдаланиб: "Устоз, ундай бўлса менгада бир фатахо бериб юборинг”, дедим. Ўз қўлларини дуога очиб: "Кўтар, қўлларингни”, дедилар. Мен ва бу ердагиларнинг барчаси ўрнимиздан туриб қўлларимизни дуога очдик. "Илмингдан барака топ, омин, Аллоҳу акбар”, дедилар-да қўлларини юзларига тортдилар. Биз ҳам беихтиёр қўлларимизни юзимизга тортиб, ҳайрон бўлиб унга қарадик. У кулиб жойига ўтирди ва ҳозир тушинтираман, деди. -Яхши санъаткор, олим, мусаввир, ёзувчи, шоир, бастакор ва шу кабиларга истак ва меҳнат билангина эришиб бўлмайди. У нарсалар истидод дейилади ва камдан-кам одамларга бериладиган Аллоҳнинг инояти ҳисобланади. Сенга Парвардигор катта истидодни илм борасида берган кўринади, шуни маҳкам тут! Майли, бир ёнингда санъат, бир ёнингда адабиёт ҳам бўлсин, улар ҳеч қачон зарар қилмайди, дедилар. Мен устоз маслахати билан иш кўриб, илмни маҳкам тутдим. Санъат ва адабиёт ҳам ҳамроҳим бўлди. Аллақачон пайғамбар ёшдан ошган бўлсамда, устоз айтган ашулаларни айтиш менга завқ бағишлайди (сурат-4) . Илмий-адабий, илмий-сатирик китоблар ёздим. 3-4 та шеърлар ёзиб уларга куй ҳам басталадим ва улар таниқли хофизлар томонидан куйланаяпти ҳам. Булар Комилжон ака дуосининг шарофатидан бўлса не ажаб. 1997 йилда Комилжон Отаниёзовнинг 80 йиллик юбилейи кенг нишонланди. Унинг сиймоси акс этдирилган кўплаб портретлар ишланди. Булар ичида менинг меъморчилигим асосида, Боғотлик таниқли мусаввир Ибодулла Абдуллаев томонидан ишланган унинг мана сиз кўриб турган (сурат- 5), портрети энг яхшиси, деб тан олинди.
Сурат-5. К.Отаниёзов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан А.Хоразмий ва И.Абдуллаевлар томонидан
ишланган портрет Комилжон Отаниёзов вафотидан кўп йиллар ўтиб унга "Буюк хизматлари учун” ордени берилди. Бундан нафақат К.Отаниёзовнинг рухи поклари шод бўлди, шунингдек, унинг ўнлаб миллионлаган мухлислари ҳам шодон бўлдилар. (Сухбатдошимиз профессор Ахмад ҳожи Хоразмийнинг сўзи тугади).
Унутилиш Комилжон Отаниëзов оламдан ўтгган 1975 йилда унинг номини абадийлаштириш тўғрисида ҳукумат қарори чиқди. Бу қарорга кўра, у ўқиган мактаб ва Хоразм вилоят филармониясига Комилжон Отаниëзов номи берилди. Филармония олдида унинг тор ушлаб турган ҳайкали ўрнатилди.
Ўзбекистон мустақил бўлганидан кейин мактабларни атоқли одамлар номи билан юритишга барҳам берилди. Оқибатда ҳофиз ўқиган мактаб Комилжон Отаниëзов номидан мосуво бўлди. Филармониянинг вилоят бўлими "Ўзбекнаво" таркибига кирганидан кейин Комилжон Отаниëзов номидан воз кечди (тўғрироғи воз кечирилди).
Кейинги йилларда Урганч шаҳрини қайта қуриш амалиëти пайтида Отаниëзов ижод қилган филармониянинг тарихий биноси йиқитилди. Бино олдидаги ҳайкал ҳам синдириб ташланди.
Бир вақтлар Совет Иттифоқини чет элларда тамсил қилган ва «Ўзбекистон булбули» деб саналган буюк ҳофизнинг юбилейи афсуски, фақат вилоятдаги мухлислар доирасидагина ўтказилмоқда.
Абдулла Искандар – «Озодлик» радиоси бошловчиси, Прага.
(Радиода берилган барча материаллар қўшилиб, тўлдирилган вариант)
Қуйидаги версияда юқоридагиларни «Озодлик» радиосининг МР3 форматида тинглашингиз мумкин. http://realaudio.rferl.org/UZ/manual/2012/07/20/d496e9a7-1501-4d79-8732-1471998dcdfc.mp3
|