"Янги дунё"дан олинди
Ахмад ҳожи Хоразмий
(«Хоразм хангомалари» туркумидан)
Намозхон Ниғмат
Тошкентдаги уйим ("Олмазор” маҳалласи, Қоратош кўча, Ширин-Қудуқ тупик -24)да яшаганимизда Шабдиевлар оиласи билан қўшни турардик. Очиғини айтганда қўшнимиз бўлган Шабдиевлар оиласининг барча аъзолари наслий ва туғма рухий томонидан сал касалвандироқ, бироқ беозор оила эди.
Бу оиладаги тўнғич ўғил ҳисобланмиш Ниғматни 1990 йилнинг ўрталарида ўзларига ўхшаган бир оиладан Дилбар исмли қизга уйлантиришади. Тўй базми тугаб тўйга келган меҳмонлар тарқалабошлайди. Келин бўлмиш Дилбар ҳам келинлик либосида меҳмонларга қўшилиб кетабошлаган.
Хонадон соҳиблари ҳайрон бўлиб бу ҳақда қўшниси, Қобил ҳожи аканинг рафиқасига етказишади. Келинни зўрға қувиб етишади ва: "Келинжон, қаёққа?”, деб сўрашса: "Тўй тугадику, ҳамма қатори мен ҳам уйга кетаяпман”, дейди келин. Энди сенинг уйинг манабу, деб келинни зўрға қайтариб келтиришади.
2005 йил октябрь (Рамазон) ойида ҳамма қатори мен ҳам маҳалладаги жомеъ масжидга ҳар куни кечқурун тарових намозига борардим. Ниғматнинг хотини уйга келиб: "Ҳожи бува, бугун Лайлатил қадр кечаси бўларкан. Илтимос, эрим Ниғматни ҳам бугун масжидга – тарових намозига оборинг. Шояд қадр кечасидаги савобдан бунгада тегса”, деб илтимос қилди.
Умрида намоз ўқиб кўрмаган Ниғматга аввало ит қора кунида таҳорат олишни ўргатдим. Кейин қиём, руку, сажда, каъдаи охирнинг қанақа бўлишларини ўргатдим. Менинг шом ва бошқа намозларни ўқиганимни кўриб, ўрганиб ҳам ўтирди. Масжидда атрофингдаги намозхонлар нима (қиём, руку, сажда) қилса сен ҳам шуни такрорлайсан, деб қаттиқ уқтирдим.
Ва ниҳоят биз қўшним Ниғмат билан Қадр кечасида тарових намозини ўқиш учун масжидга кетдик. Икки ракат "Таъятул масжид” намозини ўқиганда Ниғмат ёнимда эди. Менинг кўрсатмамга амал қилиб мен руку қилсам руку, қиём қилсам қиём, сажда қилсам у ҳам сажда қиларди. Бироқ сажда қилганда менинг саждадан турганимни кўра олмагани боис саждада ётаверарди. Ҳар гал мен туртгандан кейингина саждадан турарди.
Хуфтон ва тарових намози бошланиш арафасида имом менга: "Ҳожи ака, жойингиз (биринчи саф)га ўтинг”, деб таклиф қилди. Мен ноилож олдинги сафга ўтдим, Ниғмат бўлса ўртадаги сафларда қолди.
Хуфтон (Иша)нинг 4 ракат фарзи тугар-тугамас масжидда ғалати ғала-ғовур бошланди. Имом: "Нима гап”, дегандай одамларга юзланди. Ўрта сафдаги намозхонлар Ниғматга ишора қилиб: "Манабу ерда битта намозхон саждадан ҳеч турмаяпти”, дейишди.
Имом бўлса: "Саждада жон берган бўлса билингки, у жаннатга бесўроқ ўтадиганлардан. Демак бизнинг масжидимиз Аллоҳнинг назари тушиб фаришталар тўпланадиган жой экан”, деб тугатмасданоқ кимдир: "Тақсир, бу ҳуррак отаяпти”, деди.
Имомнинг жаҳли чиқди ва: "Масжид ухлайдиган жой эканми, уйғотинг бадбахтни”, деди. Намозхонлардан бири: "Тур-а, бадбахт!”, деганича унинг оч биқинига қаттиқ туртди.
Ширин уйқидаги намозхон Ниғмат оч биқинига теккан туртки зарбидан "Пўўрт”, қилиб ўсириб юборди ва тепасидаги одамларга қараб: "Масжидда ҳам намозхонни урадими?”, деди. Масжидда кулмаган одамнинг ўзи қолмади. Ниғмат бўлса кулаётганларга юзланиб: "Нимага кулаяпсизлар, менгада айтинглар, мен ҳам кулай”, деди.
Маълум бўлишича мен олдинги қаторга ўтиб кетгандан кейин Ниғматни саждадан туртиб турғизадиган одам бўлмаган. У саждада ётганича секин-аста уйқуга кетган.
Биринчи бўлиб имом ўзини қўлга олди ва: "Масжидимизни ҳаромлади бу бадбахт, ҳайданглар уни. Бу бадбахтни биринчи кўришим масжидда, ким олиб келди уни?”, деди. Мен қўрқиб кетдим, менида у билан қўшиб ҳайдашадими, деб. Ҳайриятки, ҳеч кимдан садо чиқмади. Ниғмат эса оёқ кийиминида қолдириб аллақачон қочган экан.
Бирнеча ўнлаб намозхонлар: "Анаву бадбахт масжидни харомлади, энди бу ерга Қадр кечаси келадиган фаришталар келмайди. Биз бошқа масжидга бориб ибодатни давом қиламиз”, деганларича масжидни тарк қилишди. Қолганлари эса: "Масжиднинг эшигу-деразаларини очиб шамоллатамиз ва масжиднинг ичида ўт айлантириб ҳалоллаймиз”, деб ишга киришишди.
Масжидни "ҳалоллаган”ларидан кейин тарових намозини ўқишди. Бироқ қадр кечаси ибодатини кимлардир ўз уйларида, кимлардир бошқа масжидда қилиш учун тарқалишди. "Намозхон” Ниғматнинг "шарофати”дан маҳалла аҳлининг кўпчилиги қадр кечасидаги ибодатни бу гал масжидда қила олмади.
Қадр кечаси ибодатчилари учун Миср элчихонаси томонидан таёрланган ош ҳам пишмай қолиб кетди.
|