Хасанмирот Абамирот ўғли (сурат-3), ўрта баланд бўйли, бир сўзли, дилкаш ва жисмоний бақувват одам бўлиб 1891 йилда Ҳозирги Боғот туманининг "Туркманлик” қишлоғи (маҳалласи)да туғилган. Ҳасанмирот ўзининг салкам бир асрлик ниҳоятда мураккаб ҳаёти ва фаолияти давомида: Хасанмирот (1981-1912), Хасан полвон (1912-1922), Хасан (ҳалоскор) босмачи (1922-1930), Хасан раис (1930-1940), Хасан туркман (1945-1988) каби лақаблар билан номланган.
Сурат-3 . Хасанмирот Абамирот ўғли
Хасанмирот ўз отаси Абамиротга ўхшаб, ёшлигидан кураш тушишга ишқибозлиги билан ажралиб туради. Тенгқурларидан биронтаси кураш тушганда унга тенг келаолмайди. Қўл жанги(таёқлашма)да эса унга тенг келадигани топилмаган.
Зайналэшон қишлоғидаги "Оқ ёллар” (Авазхўжа ва Саидмуротхонлар) қавми, "Эшонлар” (Арали эшон ва Мухаммаднур) қавми, "Оғабойлар” (Оғабой ҳожи) қавми каби ўбалар ер, сув ва кўл устида тез-тез жанжаллашиб (ёқалашиб) турадилар.
Оқёллар ҳам хўжалар авлодидан бўлгани боис "Эшонлар” деб аталадиган қавм билан зиддиятга бормай, тез келишиб кетадилар. Лекин улар "Оғобойлар” қавми билан тез-тез жанжаллашиб турадилар. Бироқ ҳар гал "Оғабойлар” қавми устун келади ва ер-сув масаласида кўпроқ имкониятга эга бўладилар.
1914 йилнинг баҳори, экин-тикинлар бошланиш арафаси. Ўз кучига ишонган "Оғабойлар” Ойиртом солмасидан "Эшонлар” қавмига бир қулоқ ҳам сув бермайдиган бўлишади. Бу ҳам етмаганидай "Эшонлар” қавмига тааллуқли бўлган ерларнинг Ойиртом солмага туташ бўлган ерларинида тортиб олишади.
"Эшонлар” ўбаси(қавм)нинг сардори Эсен (Хасан) эшон ўз қавмини йиғиб бу муаммони ўртага ташлайди. Айримлари: "Балоғатга етган ҳар бир эркак "Оғабойлар” билан муштлашув (таёқлашув)га чиқамиз. Биз озчилик ва заиф бўлсакда, адолат биз томонда, биз енгамиз иншаАллоҳ”, дейишади.
Айримлари эса: "Ҳа, биз озчилик ва заифмиз. Бироқ, ҳар сафар, адолат биз томонда, биз енгамиз, деб енгилаяпмиз. Неча-неча йигитларимиз таёқлашмада майиб бўлиб қолишди, айримлари оламдан ўтишди. Яхшиси тағдирга тан берганимиз маъқул”, таклиф қилишди.
Шунда Хасан (Эсен) эшон сўз олиб: "Ҳаммангиз биласиз, биз (Арали эшон авлодлари) Муҳаммаднур авлодлари билан қиз олиб, қиз бериб қон-қариндош бўлиб кетганмиз. Абамирот ва унинг ўғиллари Аманмирот ва Хасанмиротларни ҳам жамоимизга бирлаштирайлик. Шунда биз Оғабойлардан босилмаймиз”, деб таклиф қилади. Бу таклиф барчага маъқул келади.
Бироқ Абамиротнинг кенжа ўғли Хасанмирот бир кун олдин Дорғон отага, Абдукарим палах исмли бой ва бадавлат одамнинг тўйига кетган бўлади. Хоразм (Хива хонлиги)да эътиборли бойлардан бири бўлган Абдукарим палах тўнғич ўғлини суннат (хатна) қилиш муносабати билан катта тўй бераётган бўлади.
Бирнеча кун давом қиладиган тўйга Хоразмнинг эътиборли одамлари, кўзга кўринган полвонлари ҳам таклиф қилинган бўлади. Хасанмирот бирнеча йилдирки "Хасан полвон” сифатида бош байроққа бўлмасада, иккинчи байроққа даъвагор сифатида кураш тушади.
Полвонлар давраси биринчи байроққа даъвогор бош полвонларнинг чиқиши билан бошланади. Бу тўйда Хоразм (Хива хонлиги)да "Бола полвон” сифатида танилган, Хиванинг Саёт қишлоғида туғилган, ҳозир(ўша давр)да Янги ариқнинг "Ших боғи” қишлоғида истиқомат қилаётган Қаландар полвон (сурат-4) ҳам иштирок қилади ва биринчи байроқни қўлга киритади. Иккинчи байроқ Боғотнинг Зайналэшон қишлоғидан Хасан полвонга насиб қилади.
Полвонлар давраси тугар-тугамас, Хасан полвоннинг орқасидан хабар келади. Тўйда ютган байроғи (катта қўчқор)ни аравага ортиб, тўй эгаси(Абдукарим палах)нинг ижозати билан йўлга тушади.
"Оғабойлар” ва "Эшонлар” қавми (ўбаси) ўртасидаги муштлашув (таёқлашув) бозор куни тушдан кейинга белгиланади.
Ўша даврдаги элатлараро ёки қишлоқлараро муштлашув (таёқлашув) қатъий қоида (келишув) асосида амалга ошади:
-Муштлашув иккита одам ёки қавм ўртасида бўлиб, у ёки бу низо ёки муаммони тинч (келишув) йўл билан ҳал қилиш имконияти бўлмаганда амалга оширилади. Бунда муаммо ғалаба қилган одам ёки тараф фойдасига ҳал қилинади.
-Муштлашувда отадиган, кесадиган, кирадиган (темир) қурол ишлатилмайди. Фақат қўл, оёқ ва ҳар хил формадаги таёқлардан фойдаланиш мумкин.
-Муштлашув (таёқлашма) жараёнида майиб бўлган ёки ўлган одам одам учун қон ёки хун (талаб) даъво қилинмайди.
-Муштлашув фақат белгиланган жойда ва вақтда амалга оширилади.
-Муштлашувда иштирок қилган томонлар (ҳозирги замон ринг жанглари каби) бир-бирига расман душман бўлиб қолмайдилар. Мушлашувдан кейин ҳам улар бир-бирларининг тўй маъракаларига қатнашаверадилар.
-Иккита томоннинг таёқлашув жараёнида ҳалойиқ томошобин ва судья сифатида иштирок қилиши мумкин.
Бугунги таёқлашувда, "Эшонлар” қавми тарафида Абамирот (Аба пишик) ҳам ўғиллари Аманмирот ва Хасанмиротлар билан майдонга тушади. Шу боис "Эшонлар” жамоасининг рухи ва ғалабага бўлган ишончи ҳар қачонгидан баланд.
Таёқлашув (муштлашув) майдонига тумонат одам йиғилган. Ойиртом солмаси бўйидаги тепаликда "Оғабойлар” жамоасининг сардори Оғобой ҳожи, Чиллатут ёнидаги тепаликда эса "Эшонлар”нинг сардори Хасан эшон ўз жамоасига охирги йўл-йўриқларни бермоқда.
Бироқ "Оғабойлар” жамоаси сон жиҳатдан "Эшонлар” жамоасидан анча кўп.
"Эшонлар” жамоасининг олдинги сафида Абамирот ўғиллари Хасан полвон ва Аманмирот билан қўлларида таёқ билан ҳамлага шай туришибди.
"Оғабойлар” эса бугунги курашда ҳам ҳар галгидай ютиб чиқишларига ишончлари комил. Шу боисдан Оғабой ҳожининг маҳобатли (кўп мулчарли) ва катта ҳовлисининг олдида, бўлғуси ғалабани нишонлаш учун, дошқозонлар осилган.
Шарқда Оғабой ҳожи, ғарбда Хасан эшон ўз жамоасига ғалаба тилаб дуо қилишганидан кейин ҳужумга ишора қилишади. Икки томон ҳам наъра тортганларича бир-бирларига ташланадилар. Таёқ ва муштлар зарбидан кимларнинг боши ёрилган, кимларнинг тишлари, кимларнинг елка-ю қўллари синган. Жанг майданидаги наъралардан, яраланганларнинг оҳ-воҳидан ва томошобинларнинг қий-чувидан осмон ларзага келади.
Бугунги таёқлашмада "Эшонлар”нинг қўли баланд келади. Бунда ҳал қилувчи ролни олдинги сафда жанг қилган Хасан полвон ўйнайди. Жанг майдони ярадорлар ва ўлганлар билан тўлиб кетади. "Оғобойлар” жамоаси қочабошлайди. "Эшонлар” жамоаси уларни қувиб Ойиртом солмадан ўтказиб юборишади.
"Эшонлар” жамоасидан 1 одам ўлади, 4 одам майиб бўлади ва 7 одам яраланади. "Оғабойлар” жамоасидан эса 2 одам ўлади, 9 одам майиб бўлади ва 13 таси яраланади.
Шу тариқа, Эшонлар Оғабойлар томонидан тортиб олинган ерларни ва Ойиртом солманинг кун ботарида, Хўжалик ариғининг кун чиқарида жойлашган Хўжакўлни тортиб оладилар. Ойиртом солманинг сувини тенг тақсимлайдиган бўлишади. Эрали эшон масжидидан кунчиқарда жойлашган Эшонкўлга ҳар доимгидай "Эшонлар” қавми эгалик қилади.
Хасанмиротларнинг уйидан жанубдаги киччи кўл (Хасан этаги), Боғотлик кўлларининг кун чиқар томонидан Оғобойлар, кунботар томонидан эса Эшонлар ва Оқёллар фойдаланган.
Абамирот ва унинг ўғилларининг, айниқса Хасан полвоннинг обрўси Зайналэшон қишлоғида ва эшонлар олдида янада ошади.
Таёқлашувдан бир хафта ўтар-ўтмас, Хива хонининг 2 та қуролли навкари келиб, Хасан полвоннинг қўл-оёқларини боғлаб, отаравага ортиб, Хивага олиб кетишади. Бу хоннинг буйруғи экани боис ҳеч ким улар(навкарлар)га қаршилик кўрсата олмайди.
Хасан полвонни Хивага обориб, зиндонбанд қилишиб, оёқ-қўлини кундага солишади. Хасан полвон оламдан ўтгуни(1988)ча, Хивага борганида ўзи ўтирган зиндонга борар (у зиндон музейга айлантирилган) ва ҳар гал узоқ вақт қўл-оёғига урилган кундага тикилиб турарди.
Маълум бўлишича Оғобой ҳожи хоннинг олдига бориб "Эшонлар” қавмининг "Оғабойлар” қавмидан иккита одамни ноҳақ ўлдирганликда айблайди ва хонга қон даъвоси борлигини маълум қилади.
Сурат-4 .Хоразм полвонлари. Ўнгда Қаландар полвон
Оғабой ҳожи қон олиш учун "Эшонлар” қавмидан айнан Хасан полвоннинг қатл қилинишини талаб қилади. Бунда Оғабой ҳожилар томонидан ўлган одамлар муштлашув (таёқлашма) жараёнида ўлгани ҳақида айтмайди. Бу борада қозини ҳам (пора бериб) қўлга олган бўлади.
Оғабой ҳожининг даъвоси асосида, қозининг патвоси билан, Хасан полвонни қатл қилиш ҳақида Хива хони ҳукм чиқаради ва ҳукм ижро қилинадиган кун ҳақида жарчи орқали эълон ҳам қилинади.
Бундан хабар топган Хасан эшон ва Хивадан Дорғон отагача бўлган туркманлар ноиби Гурт сариқ зудлик билан Дошўғизнинг Хон қалъасига етиб боришади ва у ердан Арали эшоннинг набираси Али эшонни ҳам олиб хоннинг олдига киришади.
Аввал айтганимиз, Арали эшон авлодларининг хон олдида обрўси баланд экани боис, хон Хасан полвонни қатл қилиш ҳукмини, хун тўлаш ҳукми билан алмаштиради. Шу тариқа Хон қалъасидаги ва Боғотдаги эшонлар Оғабойлар талаб қилган хунни тўлаб, Хасан полвонни қатлдан қутқариб олиб қайтишади.
Шу сабаб Хасан полвон оламдан ўтгунича, хўжа ва эшонларнинг арзандаси ва ҳимоячиси сифатида қолади. Хўжаликка раислик қилган (1930-1940) йилларида Усмон эшонни НКВДдан бирнеча марта яшириб қолганларини Боғотда ҳозир ҳам гапириб юришади.
* *
*
Муҳаммад Рахимхон икки (Феруз соний)дан кейин Хива (Хоразм) тахтини Исломхўжанинг куёви – Исфандиёрхон (сурат-5) эгаллайди. Бу даврда Хива хонлиги ҳудудидаги туркманлар (айниқса Йўмит туркаманлари)нинг обрўси ва фаоллиги ошиб боради.
Дошўғиздаги Йўмит туркманларининг сардори Жунайид ўзини Хива хонлиги ҳудудидаги барча туркманларнинг сардори, деб эълон қилади ва ўзига Дошўғизнинг "Тахта”, деб аталадиган қишлоғини пойтахт қилиб белгилайди.
Исфандиёрхон ҳузур-халоватга, айниқса, аёлларга ўч одам бўлади. Натижада давлат ишлари орқага кетабошлайди. Айниқса меҳнаткаш ҳалқнинг аҳволи янада абгорла
Исфандиёр хон бўлди,
Бағримиз қора қон бўлди
Каби термалар эзилган ҳалқ томонидан ўша пайтда ижод қилинган.
Ҳалқ орасида Исфандиёрхоннинг обрўси тушган сари Жунайиднинг обрўси ошиб боради. Хоразмдаги нафақат туркманлар, бошқа миллат (ўзбек, қорақолпоқ, қозоқ)лар ҳам Жунайидни ўзларига раҳнамо, деб била бошлайдилар ва у ҳалқ ичида "Жунайидхон”, деб аталабошланади.
Жунайидхон қотмадан келган, узун бўйли, жасур ва мард, бир сўзли, фавқулотда ёдкаш, айниқса ожиз ҳалқнинг ҳомийси сифатида танилади. Ҳалққа нисбатан адолатсизлик қилган, айниқса пора оладиган амалдорларни ҳамманинг кўзи олдида жазолайди.
Ҳалқ бойларнинг, амалдорларнинг адолатсизлигидан Исфандиёрхонга эмас, Жунайидхонга арз қилабошлайдилар. Шу тариқа Хоразм(Хива хонлиги)да қўш ҳокимиятчилик вужудга келади.
Исфандиёрхон ҳузур-ҳаловатга шу даражада бериладики, давлат ишларини асосан қайнотаси Исломхўжа олиб боради. Хоннинг қўшмачилари унга чиройлироқ қизларни излаб қишлоқма-қишлоқ изғиб юришади.
Бечора ҳалқ балоғатга етган чиройлироқ қизларини кўчага чиқармай қўядилар. Зарурат бўлганида эса эски-туски кийимлар кийдириб, кўримсиз аҳволга келтириб чиқаришади. Шундай бўлсада, уларнинг қўлига айрим қизлар бехосдан тушиб қолиб Исфандиёрхонган тортиқ қилинадилар.
Исфандиёрхоннинг қўшмачилари Дошўғизнинг туркманлар яшайдиган қишлоғидан 15 ёшли туркман қизни ўғирлаб кетишади ва Исфандиёрхонга тортиқ қилишади. Ширакайф ҳолидаги Исфандиёрхон унинг кийимларини йиртиб номусига тегишга ҳозирланади. Бироқ шаддод қиз Исфандиёрхонга куч бермайди.
Сурат-5. Хива хони Исфандиёрхон
Хонада хон билан қиз юзма-юз қолади. Чорасиз қолган қиз Исфандиёрхоннинг юзига чанг солади. Юзи-кўзи қонга беланган хон ғазабга келади ва қизни бўғиб ўлдиради.
Бу воқеа шов-шув бўлиб кетади. Қизнинг отаси Жунайидхоннинг олдига бориб арз қилади. Жунайидхоннинг ғазабга келганидан хабар топган Исфандиёрхон армиясини жангавор ҳолатда тутади ва Хивага, айниқса ичон қалъага ташқаридан ҳеч кимни қўйдирмайди.
Жунайидхон катта ўғли Эшши(Эшмурот)ни қизнинг оғаси билан қўшиб, Исфандиёрхоннинг олдига хун эмас, фақат қон олиш (Исфандиёрхонни ёки унга яқин бўлган бир одамни ўлдириш) учун юборади.
Хивага кираверишдаги қўша дарвозада хоннинг навкарлари буларни қарши олади. Булар Жунайидхон топшириғи билан Исфандиёрхон билан қизнининг ўлими ҳақида музокора олиб боришга келишганини айтишади. Навкарлар буларни қуролсизлантириб Нуруллавойда дам олаётган Исфандиёрхоннинг олдига олиб боришади. Уларнинг отлари эса, Нуруллавойнинг олдида, соқчиларнинг қўлида қолади.
Булар катта гиламнинг ўртасида ўтирган Исфандиёрхонга Жунайидхоннинг саломини ва мақсадини етказишади. Хон ёнидаги қозига қараб: "Унинг (ўлган қизнинг) шаръий ҳукми нима?”, деб сўрайди. Қози бўлса атайлаб сал баланд овозда: "Ўлдирилганнинг шариатдаги ҳукми ўлдирганни, ёки унинг яқин одамини ўлдириб қонга-қон олиш, ёки ўлганнинг хунини (товон) тўлаш”, дейди.
Исфандиёрхон уларга юзланиб: "Аввало қўл остимдаги фуқораларимнинг қайсини ўлдириш, қайсини аф қилишни ўзим ҳал қиламан ва бу борада Худодан бошқа ҳеч кимнинг олдида ҳисоб бермайман”, деб қозига "тўғрими”, деган маънода қараб қўяди. Қози бўлса боши билан "тўғри”, дея тасдиқлаб туради.
Қолаверса бу борада сизлар билан музокара қилаётганимнинг
сабаби, Жунайидхонга бўлган ҳурматим учун эканлигини унутманг. Манашу белимдаги
ханжарни ҳам менга Жунайидхон совға қилган, деб ханжарига ишора қилади Исфандиёрхон.
Англия ва Германия каби мамлакатлар Жунаидхонни
қурол-яроғ билан таъминлаб туришган. Жунаидхоннинг буюртмасига биноан Германия
унга ўндан ортиқ махсус ханжар ясаб берган. Жунаидхон ва ўғлининг белидаги
ханжарлар (6-сурат) Германиядан келтирилган қимматбахо ханжар бўлиб, улар ноёб
қурол ҳисобланган.
Жунаидхон бу
ханжарлардан Хасанмирот Абамирот ўғли каби ишончли раҳбар(қўрбоши)лар
қаторида, Хива хони Исфандиёр ва унинг
қайнатаси Исломхўжага ҳам совға қилган. Жунаидхон совға қилган ханжар
Хасанмиротнинг уйида 1960 йилларгача сақланган. Кейин ундан ошпичоқ ясатилган
ва ундан 1990 йилларгача фойдаланилган.
Ва ниҳоят, (юз-кўзига ишора қилиб) ёвойи мушукка ўхшаган ўша туркман қизи учун, майли, ўша қиз оғирлигида хун бераман”, деб хазинабонга имо қилади.
Эшши ва унинг ҳамрохи эса: "Хон ҳазратлари, биласиз, биз туркманлар хун эмас, фақат қонга қон оламиз. Отамизнинг топшириғи ҳам шу” дейди.
Бундан ғазабланган хон уларнинг сўзини бўлиб: "Нима, менга ёки ўғлимга кўз тикаяпсизларми,! Сизларни ҳурмат қилсам ҳаддингиздан ошаяпсизлар шекилли”, деб шахсий соқчиларига қараб қўяди. Барзангидай қуролланган соқчилар хоннинг имосини кутиб сергаклашадилар.
"Йўқ, хон ҳазратлари. Фақат биргина томчи қонингизни сўраяпмиз холос”, дейди Эшшилар. "Буни қандай тушунмоқ керак”, дейди хон.
Сиз белингиздаги ханжарингизни чиқариб бизга берасиз. Биз эса бирон жойингизни салгина чизиб (кесиб) биргина томчи қонингизни олсак бас. Шунда қонимизга қон олган бўламиз, дейишади Жунайидхон юборган одамлар.
Хун учун бермоқчи бўлган катта миқдордаги тиллалар ёнига қолишидан хурсанд бўлган хон: "Катта муаммо эмас экану”, деб белидаги ханжари(6-сурат)ни чиқариб Эшшига узатади.
Эшшининг қўли ханжар сопини тутар-тутмас, Эшшининг хамрохи қоплон каби хоннинг қуролланган соқчисига ташланади ва уни соқчининг ўз қуроли билан бўғизлаб ташлайди. Эшши бўлса ханжарни Исфандиёрхоннинг юрагига санчади ва бир сакраб хоннинг иккинчи соқчисига ташланади.
Бирнеча сония ичида Нуриллавойдаги хоннинг қуролли соқчилари ўз қуроллари билан бўғизлаб ташланади. Қози ва хазинабон қўрққанларидан қотиб қолишади. Исфандиёрхон эса юрагига урилган ханжарни ушлаганича жон беради.
Сурат-6. Жунаидхон ўғли Эшмирод (Эшши)
билан
Иккита қуролсиз туркман, ҳеч нарса бўлмаганидай Нуриллавойдаги хон қабулхонасининг эшигини беркитиб ташқарига чиқишади. Буларнинг отларини ушлаб турган ва ичкаридаги бўлган ҳодисалардан бехабар хон навкарлари уларни отларига миндириб эҳтиром билан кузатиб қўйишади.
Улар ичон қалъадан чиққанларидан кейингина бўлиб ўтган воқеалардан хабар топишади. Бу қонли тафсилотнинг гувохи бўлган хазинабон қаттиқ қўрққанидан бир умр дудуқ бўлиб қолади. Қози то оламдан ўтгунича: "Йўмит дегани қашқирдан ҳам ёмон бўлар экан”, деб юради. Исфандиёрхоннинг қони оққан ўша гилам ва ханжар (6-сурат) Хива музейининг махфий буюмлари қаторида сақланмоқда.
Бу тафсилот бир зумда бутун Хоразмга ёйилади. Хон навкарлари "Туркман” сўзини эшитганидаёқ қўрқувга тушадиган бўлади. Бундан фойдаланган Жунайидхон Хоразм (Хива) тахтини осонгина эгаллайди.
Жунайидхоннинг Хоразм тахтида қилган биринчи иши Исфандиёрхон ташкил қилган қизларни овлайдиган тизимни таг-томири билан йўқ қилади. Қўшмачи ва қиз овлавчиларни қатл қилдиради ва уларнинг бу сохадаги топган мол-мулкларини мусодара қилиб, бу борадаги жабрланганларга бўлиб беради.
Ҳалқ ичида отнинг қашқасидай маълум бўлиб қолган, қизларни овлашда ишлатилган хашаматли араваларни ёқдириб юборади. Камбағаллардан хонлик ғазинасига олинадиган ўлпонларни бекор қилади. Амалдорларнинг фаолияти назорат остига олинади.
Кўпминг йиллик хонлик (шохлик) қоидасига амал қилиб Хоразм тахтига Исфандиёрхоннинг акаси – касалманд Саид Абдуллани хон қилиб қўяди. Лекин у номигагина (қўғирчоқ) хон бўлиб Жунайидхоннинг чизиғидан чиқаолмайди.
Жунайидхон ўз номидан пуллар зарб қилдиради. Ўзига пойтахт қилиб Дошўғиздаги "Тахта” қишлоғини белгилайди ва ўша ерда арз сўрайди. Хоразмда анархия ва коррупцияга бархам берилади.
Жунайидхон Хива тахтининг амалдаги эгаси бўлганидан кейин Хоразмдаги туркманларнинг мавқеи янада ошади. Хасан полвон каби бақувват ва жасур йигитлар Жунайидхоннинг алоҳида эътиборида бўлади.
1917 йилдаги пролетар революцияси (ёки давлат тўнтариши) натижасида Николай 2 тахтдан ағдарилиб ҳокимият большевиклар қўлига ўтганидан кейин Туркистон (ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, Қирғизистон, жанубий Қозоғистон)да ҳам ўзгаришлар содир бўлабошлайди.
Михаил Фрунзе бошлиқ большевиклар Бухоро, Қўқон ва Хива хонликларини бирин-кетин қўлга киритадилар. Бунда улар (большевиклар) хонликлардаги ички ва ташқи зиддиятлардан унумли фойдаланадилар.
Тарихдан маълумки, большевиклар Марксизм-Ленинизм таълимотига асосланган коммунизмни мақсад қилган ва коммунистлар деб аталмиш одамлар жамоасидир. Коммунизмнинг назарий асосчилари Карл Маркс ва Фридрих Энгелс бўлса унинг амалий асосчилари Владимир Ленин ва Иосиф Сталинлар ҳисобланади ва улар жаҳон пролетариати (йўқсиллари) доҳилари сифатида кўрилади (сурат-7).
Давлатчилик ва ҳокимиятчилик тарихига назар солсангиз, турли хил революционерлар, давлат тўнтарувчилар, сайловлар ва бошқалар бир ховуч одам (дохий)ларнинг ҳокимият(тахт)ни қўлга киритиш учун ҳалқ ва дин номидан қиладиган ҳаракатлари эканини тушиниш қийин эмас
Тарихдан маълумки, бадавлат, ўқимишли ва диёнатли одамлар доимо жамиятда озчиликни, пролетариат (йўқсиллар) эса кўпчиликни ташкил қилган. Юқоридаги доҳийлар ҳам: "Барча нарса (мулк ва ҳокимият) пролетариатники”, деб пролетариат ёрдамида ҳокимиятни қўлга киритганлар. Мулк ва ҳокимият ўша доҳийлар ва уларнинг яқинлариники бўлиб қолаверган. Пролетариат (камбағал) эса камбағаллигича қолаверган.
В.Ленин М.Фрунзени Туркистон (Ўрта Осиё)га йўллаётиб: "Бу ўлка ва унинг ҳалқи биз(рус)ларга ўхшаган эмас. Уларни Худо йўқ, бойларнинг мулкини камбағалларга бўлиб берамиз, каби шиор ва ваъдалар билан мавх қилиб бўлмайди. Одамларни эргаштира оладиган бадавлат ва эътиборли одамларни ўз томонингиз оғдирнинг. Бунинг имконияти бўлмаган жойларда уларни йўқ қилинг. Йўлбошчисиз қолган ҳалқ оломондир”, деб йўл-йўриқ беради.
Сурат-7. Пролетариат (йўқсиллар) доҳийлари
Жунайидхон ўзига яқин одамлари билан дин ва юрт эркинлиги учун большевикларга қарши партизанлик курашига отланади. Большевиклар буларни "Босмачилар” деб, маҳаллий ҳалқ эса – "Ҳалоскорлар”, деб атайди ва уларни қўллаб қувватлайди.
Жунайидхоннинг тахти ва штаби Қорақумга кўчади. Большевиклар ва уларнинг гўмишталарига кутилмаган зарбалар бериш учун кичик-кичик отрядлар ташкил қилади ва отрядларга бошлиқ (қўрбоши) қилиб бирнеча хил синовлардан ўтган одамларни қўяди.
Отрад бошлиғи (қўрбоши) бўлиш учун динда эътиқодли, ҳалоскорлик (ҳалқ ва ватанни Худосиз большевиклардан халос қилиш) ғоя ва мақсадларига содиқ, ўзининг ташкилотчилиги, жасурлиги ва чидамлилиги билан танилган одамлар тайинланган.
Юқоридаги талабларга жавоб бергани учун Хасан полвон ҳам Жунайидхон томонидан Боғот ва унинг атрофида фаолият олиб борадиган ҳалоскорлар (большевикчасига айтганда босмачилар) отряди бошлиғи этиб тайинланади.
Унинг отрядида Хоразмда яхши танилган, ҳатто номининг ўзи большевикларни қўрқувга соладиган Эгам сақов, Саъдулла бола (Бола сўзи ўша даврда босмачиларга нисбатан қўлланилган), Пинни қул каби одамлар ҳам бўлган.
Шу тариқа, Ҳасанмирот Абамирот ўғлининг номи "Хасан полвон”дан "Хасан ҳалоскор” (большевиклар тили билан айтганда "Хасан босмачи”)га ўзгаради ва шу ном билан Хуросоннинг кўп жойларида танилади.
Абамирот балоғот ёшига аллақачон етган, полвон сифатида ҳам кўзга кўринган ўғли (Хасан полвон)ни тезроқ уйлантириш куйига тушади. Хасан эшон ва бошқаларнинг маслаҳати асосида уни ўтган йили эри вафот қилган, Холмирот исмли бир ўғли билан бева қолган ўзларининг қариндошига уйлатиришмоқчи бўлади.
Хасанмирот отасининг бу қарорига: "Аввало бу аёл бизнинг қариндошимизга келин бўлган. Қолаверса мен ўзим ёқтирган қиз болага уйланаман”, деб қаршилик кўрсатади.
Отаси уни жазо сифатида нарвонга бозлаб, юзини ерга қаратганча ва то рози бўлгунича молхонага ташлаб қўяди. Шу тариқа Хасанмирот бу аёлга уйланади (1920) ва ундан бир ўғил (Дурди-1921) ва бир қиз (Бахмал-1926) дунёга келади.
Бу даврда Хасан полвон халоскор сифатида фаолият олиб боради. 1929 йилнинг баҳорида, навбатдаги зиёфатда, кимнинг қай даражада ўз хотини устидан ҳоким эканлиги борасида тортишув кетади. Бу тортишувда Хасан полвон ўз хотини устидан мутлоқ ҳоким, деган хулосага келишади.
Шунда зиёфатдагилардан бири: "Мен Хасан полвоннинг хотинидан унинг бешотар милтиғини олиб келсам нима дейстзлар”, деб қолади. Хасан полвон эса: "Менинг рухсатимсиз хотиним ҳеч кимга, ҳатто Хонжунайидгада менинг милтиғимни бераолмайди”, деб зиёфатда гаров боғлашади.
Кўп ўтмай ҳалиги зиёфатдошларидан бири, Хасан полвон(ёки Хасан босмачи)нинг милтиғини ўқлари билан келтириб ўртага ташлайди. Хасан полвон унга: "Буни ўғирлаб ёки муғомбирлик ишлатиб олиб келган бўлмагин тағин”, деса хотининг бериб юборди, ўзидан сўрагин, дейди муғомбирлигини яширишга ҳаракат қилиб. Шу тариқа Хасан полвон бир зиёфат ютқазади.
Зиёфатдан кейин Хасан полвон уйига бориб хотинига: "Милтиғимни нега бериб юбординг?”, деса хотини: "Ҳа, сизнинг топшириғингиз бўйича бериб юбордим, милтиғингизни”, дейди. Шунда дарғазаб Хасан полвон: "Мен сенга шундай топшириқ берганмидим?!”, деганича хотинининг бошига зарб билан мушт туширади. Мушт зарбидан хотини тил тортмай жон беради. Ёшгина 3 бола етим қолади.
Аслида воқеа бундай бўлади.
Зиёфатда ҳалиги зиёфатдош одам Хасан полвоннинг ёнида чиқариб қўйган бўриги (туркманча дўппи)ни секин ўғирлаб чўнтагига солиб қўяди ва милтиқни олиб келиш ҳақида гаров боғлашади.
Хасан полвоннинг уйига бориб: "Янга, қўрбошимиз зудлик билан милтиғини олиб келишни топширди. Бу кечаси большевикларга қарши ҳужум уюштирмоқчи экан. Жунайидхондан шундай буйруқ келибди. Исбот сифатида мана, дўпписини бериб юборди”, деб дўппини Хасан полвоннинг хотинига беради. Эрининг дўпписини яхши биладиган хотини унга бешотар милтиғини ўқлари билан бериб юборади.
Кўп ўтмай, Хасан полвоннинг ўринбосари Садулла бола ҳалиги одамни ғирромлиги учун отиб ташлайди.
Хасан ҳалоскор (ёки Хасан босмачи) 3 та ёш фарзандни ўзи тарбиялай бошлайди. Жунайидхон буйруғи асосида бирнеча кунга большевикларга қарши урушга кетганида фарзандлари уйда қаровсиз, оч қолади. Шу боис Хонжунайид ва Хасан эшонларнинг маслаҳати асосида, фарзандлари тарбияси учун уйланишга қарор қилади.
Жунайидхон унга: "Сен шундай қизга уйланишинг керакки, сен большевикларга қарши ҳалқни, динни, ва ватанни ҳалос қилиш йўлида шаҳид бўлсанг, жанозанг ўқилиб бўлар-бўлмас, хотининг отингни миниб, қуролингни олиб, худдий ўзинг каби, большевикларга қарши курашга киришсин”, деб маслаҳат беради.
Жунайидхон айтганидай қизни топишга йиллар кетади ва бундай жасур қиз туркман миллатига мансуб – Тўхтажон бўлиб чиқади. 1930 йилларга келиб булар турмуш қуришади. Қишлоқ аҳли булар ҳақида: "Эр билан хотиннинг тупроғи бир ердан олинади, дегани рост экан. Хасан босмачининг хотини ҳам худдий ўзига ўхшаб босмачисифат”, деб юришади.
Шу боис бўлса керак, Тўхтажон опага босмачиларга қўлланиладиган "Бола” сўзи қўшилиб "Тўхта бола”, дейдиган бўлишади. Булардан Ўринбой (1932), Хурможон (1934) ва Қирмизи (1936) каби солих фарзандлар дунёга келади.
Жунайидхон ўқиш, ёзишни билмайдиган камсавод одам бўлган. Лекин унинг эсда сақлаш қобилияти фавқулотда кучли бўлган. Хазинабонга минглаган одамларга, неча дона ёки неча кг нима беришни айтиб ёздирар экан. Бу кўрсатмани хоннинг тегишли мулозимлари ҳам бирма-бир ёзиб олар экан. Бирнеча йилдан кейин хазинани ўзи тафтиш қилган пайтида минглаган нарсалардан бирон нарсанида унутмас экан.
Жунайидхон чўлни, айниқса Қорақумни беш бармоғидай аниқ билган. Ҳатто қоронғи (булутли) кечалари ҳам адашмас экан. Бир ҳафтача отдан тушмасдан (фақат ҳожат ва ибодат учунгина бирнеча дақиқага тушар) юра олар экан.
Ахалтека зотли учқур отлари уларни ҳар қандай душман таъқибидан осонгина қутқарган. Ёки ҳужум қилганида яшин тезлигида ҳаракат қилиб ўзларидан бирнеча баробар кўп душманини ҳам саросимага солиб енгилишга ёки қочишга мажбур қилишар экан. Шу боис уларни "Қорақум қашқирлари”, деб ҳам аташар экан.
Большевик лашкарбошилари – Фрунзе ва Шайдаковлар учун Жунайидхон қўлга тушмас ва енгилмас бир куч бўлиб, уларга доимо таҳдид солиб туради. Маҳаллий ҳалқ уларни қўллаб қувватлагани учун от, озиқ-овқат ва навкар масаласида улар учун муаммо бўлмайди.
Бироқ қурол-яроғ, ўқ-дори танқислиги кундан кунга оғирлашиб боради. Инглизлар томонидан Жунаидхонга аталган қурол яроғ артилган катта карвон Қорақумда большевикларнинг қўлига тушади. Қурол-яроғ, ўқ-дорисиз большевиклар билан курашишнинг имконияти қолмагани сабаб, Жунаидхон ўз яқинлари билан Афғонистонга ўтиб кетади.
Жунайидхон Афғонистонга ўтиб кетганидан кейин, унинг Хоразмда қолган отрядларининг ҳам фаолияти бора-бора тўхтайди. Чунки отряддаги Эгам соқов, Садулла бола каби отряднинг ўзагини ташкил қиладиган жангчилар большевикларнинг қўлига тушиб, отиб ташланади.
Шундан кейин большевиклар ўзлари хон, кўланкалари султон бўлишиб, кўзга кўринган имом (мулла) ва бадавлат одамларни отабошлайдилар:
Большевиклар бир куннинг ўзида Дорғон отанинг энг бадавлат ва обрўли одами – Абдукарим палах (палах унинг лақаби)ни, Ос (ҳозирги Хоразм вилояти Деҳқонбозар қишлоғи)да Гурт сариқни, Боғот(ҳозирги Хўжалик қишлоғи "Туркманлик” маҳалласи)да Оғабой ҳожини отиб, Хива томонга ўтиб кетишади.
* *
*
1930 йилларга келиб барча ер-сув ва мулклар большевикларнинг қўлига ўтади. Хоразмда ёппасига коллективлаштириш (колхозлаштириш) бошланади. Зайналэшон қишлоғи (ҳозирги Хоразм вилояти Хўжалик қишлоғининг жанубий қисми) асосида "Майда миллат" деб номланадиган колхоз ташкил қилинади. Колхоз шимолдан Хива – Хазарасп йўлидан, жанубдан Қалажиқ(сурат-8)қача ҳудудни ўз ичига олади. Колхоз раиси маҳаллий ҳалқ томонидан сайланадиган бўлади.
Сурат-8. Хоразмдаги қадимий "Қалажиқ” қалъаси
Бу ҳудудда асосан туркманлар яшагани боис большевиелар томонидан таклиф қилинган биронта номзод ҳалқ томонидан қабул қилинмайди. Большевиклар томонидан Боғотда ташкил қилинаётган биринчи колхоз инқироз ёқасига келиб қолади. Ва ниҳоят раисликка номзод танлашни большевиклар Зайналиэшон қишлоғи аҳлига қўйиб беришга мажбур бўлади.
Большевикларнинг қаршилигига қарамай, (қишлоқ) колхоз аҳли бир овоздан "Хасан полвон”, "Хасан холоскор”, "Хасан босмачи” деб танилган Хасанмирот Абамирот ўғли(сурат-3)ни сайлашади.
Қишлоқдаги камбағал одамлар ейишга нарсаси бўлмаганидан кунжара еб, шишиб ўлабошлайдилар. Хасан раис уйида бор-будини, ҳатто ўзи миниб юрган отини ҳам сўйиб одамларга едиради ва уларнинг умрини бир-икки ойга чўзади холос.
Қишлоқдаги ўзига тўқ одамлардан ҳисобланган Хасанмирот, раис бўлганидан кейин қишлоқдаги энг камбағал одамлардан бирига айланади. Бироқ қишлоқ аҳлининг ҳурматига ва эътиборига сазавор бўлади.
Колхоз буғдойининг пишишига ҳали анча бор, унгача одамларнинг кўписи очликдан ўлиб кетиши муқаррар. Ўзига тўқ ва ғалласи кўп одамлар эҳсон қилмаганику майли, колхоз раисининг, колхоз даласидаги ҳосил пишгунига қадар (камбағалларга бериш учун), пенияси билан қайтариб беришга ваъда қилиб, қанча ялинсада ғалласидан беришмайди.
Шунда раис ичидан: "Босмачилик давримда гапимни икки қилаолмасдиларинг. Большевиклар бекорга отмас экан сизларга ўхшаган зиқна бойларни”, деб ғижиниб қўяди.
Шундай бойлардан бири (Райим пўтагачи) ғалласининг устида ётар экан. Раис ярим кечадан кейин битта ўзи бориб ғалласининг устида ухлаётган бойни ўзи ётган кўрпа-тўшак ва пашшахонасига ўраб, устидан пашшахонаи иплари билан чандиб боғлайди.
Бу ишни қилгунича боғлақлик бойга суяниб нос ҳам чекиб олади. Бу пайтда ғалланинг эгаси буни босмачи бўлса керак деган ҳаёлда: "Ғалланинг ҳаммасини олинг, илтимос мени тирик қолдиринг, ҳеч кимга чурқ этмайман”, деб ялинади.
Хасан раис бир оғиз ҳам гапирмай, унга етарли ғаллани қолдириб, бошқасини аравага ортиб, колхоз идорасига олиб кетади ва очликдан қийналаётган одамларга бўлиб бериб, уларни ўлимдан сақлаб қолади.
Эртасига ғалласини олдирган бой, тирик қолдирсанг ҳеч кимга чурқ этмайман, деган бўлсада, Хасан раиснинг олдига бориб шикоят қилади.
Ғаллани олган босмачини боши аралаш, ётган кўрпасига ўрагани боис кўра олмаганини, ғаллани олган одам бир оғиз ҳам гапирмагани боис, овозини эшитмаганини айтиб, унинг тушириб қолдирган носқовоғини кўрсатиб, шу асосда ғаллани олган босқинчини топиб жазолашини сўрайди.
Ўз носқавоғини унинг қўлидан олаётиб раис унга: "Бу носқавоқни хечкимга кўрсатмаганинг яхши бўлибди (Чунки раиснинг ҳашаматли носқавоғини ҳамма танирди). Бу тўғрида ҳеч кимга гапирма ҳам. Акс ҳолда, унинг эгаси қочиб қолади. Уни (носқавоқ эгасини) ўзим топиб, ғаллангни қайтариб обераман, ўзини эса қаттиқ жазолайман”, деб уни хотиржам қилиб қайтариб юборади.
Унинг раислик даврида бунга ўхшаш кўплаб воқеалар содир бўлади. "Майда миллат” колхози социал-иқтисодий жиҳатдан йилдан йилга ривожланиб боради. Унинг раиси – Хасанмирот Абамирот ўғлининг обрўси ва овозоси бутун Хоразмга ёйилади. Большевик раҳбарлар уни: "Босмачи раис”, деб аташадиган бўлади.
Нақшбандия пирларининг: Меҳнатдан – шуҳрат,
Шуҳратга – ҳасад,
Ҳасаддан – офат.
Деган ўгити асосида большевиклар унга ҳасад қилабошлайдилар. Чунки большевик (большевиклар номзоди бўлган) раислардан биронтаси ҳам унинг қучган зафарларига тенглаша олмайдилар.
1930 йилларнинг охирларига келиб ҳалқ ичида обрўси ошиб бораётган одамларни "Троцкийчи” (Леон Троцкий тарафдори) деган ном билан қамаш кампанияси бошланиб кетади. Шу муносабат билан 1940 йилда Боғотдан иккита одам – Хасан раис ва ҳозирги Навоий қишлоғи фаоли Жуманазар Қурбонлар (унинг фарзандлари Матназар, Рустам, Илҳом Қурбоновлар 2000 йилларгача Хоразмда нуфузли жойларда ишладилар) Троцкийчи сифатида қамоққа олинадилар.
Суд жараёни Ҳонқа районида бўлиб ўтади. Судья Троцкийчиларнинг Совет ҳукумати ва ҳалқи учун хаф солувчи одамлар эканини қайд қилиб, уларга 5 йил қамоқ жазосини белгилайди.
Ҳукм ўқиб бўлинганидан кейин Хасан раис секин судьяга юзланиб: "Майли, биз Троцкий учун 5 йил қамаладиган бўлдик. Ҳар қалай, билсак яхши бўларди, Троцкий дегани ким ўзи?”, деб сўрайди. Судья у ёқ бу ёғига бир қараб: "Троцкий деган одамнинг маслаги нима эканини биз ҳам билмаймиз. Лекин кўзойнак тақадиган чўққи соқол одам, деб эшитганмиз”, дейди.
Шу тариқа, минглаган одамлар каби, булар ҳам нафақат маслагини, ҳатто ўзинида билмайдиган Троцкий учун узоқ шарқда (Хитой чегарасига яқин жойда) ниҳоятда оғир шароитда қамоқ муддатини ўтайбошлайдилар.
Турмада буларга ўхшаган сиёсий тутқунлардан бошқа ўғрилар, қотиллар, бандитлар ҳам бўлиб, улар ҳеч кимга кун бермас, ожизларнинг овқатини, кийимларини тортиб олишар, ғиринг деганни уриб майиб қилишар, ҳатто ўлдириб юборишади.
Зонага борган биринчи куниёқ, янги борган маҳбусларнинг кийимини турмада кўпдан ётган бандитлар, "ворзакон”лар тортиб олабашлайди. Хасан полвон кийимларини беришдан бош тортади ва уруш (муштлашув) боланади.
Хоразмдан у билан бирга қамалган Жуманазар Қурбон ва бошқалар унинг ёнини олишга қўрқадилар. Натижада Хасан полвоннинг бир ўзи бирнеча бандитлар билан аёвсиз олишади. Бу уруш(муштлашув)да унинг полвонлиги, босмачилик фаолияти давомида ортдирган чапдастлиги, жасурлиги ва ўлимга тик қарай олиши иш беради.
Ниҳоят бандит ва ворзаконлар унга тан беришади ва 5 йил давомида бандитлар томонидан унга бирон таҳдид бўлмайди. Хасан полвон ўзининг бу мавқеидан Хоразмдан борган барча одамларни турмадаги бандитлар ва турма нозирлари хафидан сақлашда фойдаланади. Жуманазар Қурбон то оламдан ўтгунича: "Аввало Худо, қолаверса Хасан полвон бўлмаганида биронтамиз ватанга тирик қайтмаган бўлардик”, деб юради.
Хасан раис турмага кетганидан кейин унинг уй-жойи, мол-мулки мусодара қилиниб, оиласи (хотини 3 та ёш боласи билан) "Троцкийчининг оиласи” сифатида Ўзбекистондан бадарға қилинади. Улар Дошўғиз (Туркманистон)нинг чекка қишлоқларида яшириниб жон сақлашади. Уларнинг тириклиги ва қаердалиги Сталин ўлганидан кейингина маълум бўлади.
* *
*
Дорғон отада большевиклар Абдукарим палахни отишга тутинганда, "Сапардурди большевик”, деб танилган Дорғон ота большевикларининг фаоли, Фрунзе томонидан юборилган большевиклар отряди бошлиғига: "Дорғон отадаги барча эшон-хўжаю, бойларни отсангизда шуни тирик қолдиринглар, ҳалқнинг илтимоси шу”, деб ялинади.
Отряд бошлиғи: "Ўзинг маҳаллий большевиклар фаоли бўлсанг, большевикларнинг синфий душмани бўлган манабу бойни отишга қаршилигингнинг сабабини тушинтир”, деб талаб қилади ундан.
Шунда Сапардурди: "Абдукарим палахнинг момоси буюк энциклопедист олим Муҳаммад ал-Хоразмийнинг авлодидан бўлади. Бизда буни тасдиқловчи ҳужжатлар бор. Ҳозир сизлар ўлимга ҳукм қилаётган одам ал-Хоразмийнинг чевараларидан ҳисобланади. Ал-Хоразмийнинг ҳаққи ҳурмати, уни отманглар”, дейди.
Шунда большевиклар отрядидаги татар миллатига мансуб битта большевик бошлиққа юзланиб: "Мен Қозон Университетида ўқиганимда Ал-Хоразмий ҳақида эшитганман. У бундан 1000 йилдан кўпроқ олдин феоадализм даврида яшаган. Ҳатто В.И.Ленин ҳам: ҳали большевиклардан Ал-Хоразмий каби математиклар чиқади, деган”, деб Ал-Хоразмийга, унинг авлодларига мойиллик билдиради.
Шунда отряд бошлиғи, татар большевикка рўйхатни зимдан кўрсатиб: "Унинг номи отиладиганлар рўйхатида турибди”, деб бармоғи билан ишора қилади ва баланд овозда: "Демак, бунинг авлоди нафақат капиталист, ҳатто феоадалист бўлган. Улар большевикларнинг, революциянинг душманлари. Шу боис унга шафқат бўлмайди”, деб гапни кесади...
Большевиклар Дорғон отадаги энг бадавлат ва обрўли одам – Абдукарим палахни отганидан кейин унинг мол-мулки мусодара қилиниб, оиласи Дорғон ота (Туркманистон)дан бадарға қилинади. Абдукарим палахнинг кенжа хотини Ойжамол, қайин синглиси Анажон ва қизлари - Тозагул (1922), ва Норжон (1924) билан Хоразмнинг Ос қишлоғи(ҳозирги Деҳқонобод қишлоғи)га келиб қолишади.
Ойжамолнинг синглиси Анажон Оснинг обрўли одамларидан бўлган ва Хива хонининг охирги ноиби – Гурт сариқ (сариқ унинг лақаби)нинг қариндошига турмушга чиқади. Улардан Сайидмурот, Ўғилжон, Пошшажон каби фарзандлар дунёга келади.
Ойжамол ўз кўзлари олдида отилган эри учун куявериб, охир оқибат дунёдан ўтади. Балоғат ёшига ҳам етмаган иккита қизининг биттаси (Тозагул) Хоразмга, яна биттаси (Норжон) Тўрткўлга, узоқ қариндошларининг қўлига келиб қолади. Лекин большевикларнинг қўлидаги ҳужжатда Тозагул ва Норжонлар бойнинг фарзанди эканлиги боис, уларнинг пешонаси(тағдири)га "Большевиклар душманининг фарзандлари”, деган тамға қўйилади.
"Хасан полвон”, "Хасан босмачи”, "Хасан раис”, деб танилган Хасанмирот 1945 йилнинг бошларида "Троцкийчи” сифатидаги қамоқ муддатини ўтаб келади. На кўз билан кўрсинки, нафақат мол-мулки, ҳатто иморатнинг ҳам усти очилиб ёғочлари-ю, эшик-деразаларигача большевиклар томонидан мусодара қилинган.
Хотини ва фарзандлари "Троцкийнинг оиласи” сифатида бадарға қилинган. Беш йил ичида уларни кўрган ёки эшитган одам йўқ. Очликдан ўлган миллионлаган одамлар қатори улар ҳам узоқ бир жойларда очлик ёки касалликдан вафот қилиб кетишган, деб ишонишади ва улар ҳаққига дуо ҳам қилишади.
Қишлоқдошларининг кўмагида тўрт девор бўлиб қолган уйининг бир хонасини қийшиқ-мийшиқ тол, тераклар билан босириб, 2 боғ қамишни эшик қилиб, ўзига хос бир бошпана ясаб олади.
Хасанмирот раис бўлиб ишлаганида ундан яхшилик кўрган одамлар бири эски кигиз, бири эски кўрпа-тўшагини, бири чойгум, бири эски қозон-тавоқ беришади.
Ўзи ташкил қилиб оёққа қўйган колхозда унга (яъни собиқ Троцкийчига) бирон яхшироқ иш беришга қўрқишади ва у оддий колхозчи сифатида ишлай бошлайди. У доимо НКВД, ЧК (КГБ) каби ташкилотларнинг доимий назоратида бўлади ва уларнинг кўрсатмаси билан колхозда ҳам оғир ишларга йўналтирилади.
Қишлоқ фаоллари уни уйлантириш ҳаракатига тушишади. Беш йил турма азобини чеккан, ёши 50 дан ошган бўлсада кўркамлиги ва алп қомати билан унақа-бунақа аёлни ўзига ром қилиш имкониятига эга бўлган бу собиқ раисга, уруш сабаб бева қолган аёллардан биронтаси унинг Троцкийчилиги сабаб турмушга чиқишга розилик бераолмайди.
"Туркманлик” маҳалласининг бригадири Худайберди Авазов маҳалла фаоллари йиғилишида: "Шу колхозни ташкил қилган, шу қишлоқ ривожига катта ҳисса қўшган одам "Троцкийчи” номи билан бадном қилинди. Бундай ноҳақ бадном қилинганлар оз эмас.
Большевиклар душмасни сифатида отиб ташланган узоғроқ қариндошимиз Абдукарим палахнинг катта қизи ҳозир менинг тарбиямда. Насл-насабли, яхши тарбияли, шундай кўркам қизга, бойнинг қизи бўлгани учун, ҳеч ким совчи қўяолмаяпти. Большевиклар душмани деб танилган бу икаласининг бошини қўшсак, деган фикр бор менда, деб таклиф қилади. Бу таклиф ҳаммага маъқул келади ва Хасанмирот Абамирот ўғли билан Тозагул Абдукарим палах қизини бир-бирига никохлаб қўядилар.
Очиқроқ тўй қилишга аввало большевиклардан қўрқадилар, қолаверса, тўй қилишга куёвнинг бирон нарсаси ҳам бўлмайди. Қишлоқ аҳли бири гуруч, бири гўшт ва ёғ, яна бирлари сабзавот ва полиз келтиришиб қишлоқ аҳли кичкина тўйга ўхшаган нарса қилиб беришади ва уларга бахт-саодат тилашади.
(Давоми кейинги - 2-сонида)