"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (тарихий роман)

V-Боб
Хоразмда


1966 йилда, эндигина ўрта мактабни битириб, Тошкентга ўқишга кетган Муҳаммад, Министрликнинг йўлланмаси  билан  1985 йилнинг бошларида,  салкам 20 йилдан кейин, Хоразмга мутахасис-олим бўлиб қайтиб келди. 
Муҳаммад туғилиб ўсган Боғот район (ҳокими) партия  комитетининг  биринчи котиби  Бобожон  Бободдинов,  шу район  Нариманов номли колхоз раиси, СССР ҳалқ депутати Абдулла Искадаров, Искандар Дўсов (аввалги Тошкент) номли колхоз  раиси Самандар Сапаев, Хоразм вилоят “Ухсельхозхимия” бирлашмаси  раиси Ислом  Дўсжонов, Урганч  МРПО раиси  Раззоқ Бобожоновлар Муҳаммадни бевосита, Хоразм област (ҳокими) партия комитети  биринчи котиби  Мадиёр Худайберганов  (сурат-1), обкомнинг  қишлоқ  хўжалик бўйича котиби  Ғайрат   Машарипов, Оближраком раиси Қ.Сапаевлар эса Муҳаммадни билвосита  танир  ва ҳурмат қилар эдилар.

Сурат-1. Олдинда Шароф Рашидов, ёнида Мадёр Худайберганов, орқада-Исмоил Жўрабеков, Ғайрат Машарипов, Қаландар Сапаев, ўнгда – Абдулла Искандаров

Муҳаммаднинг чет элда эришган муваффақиятларидан Ўзбекистон Партия ва Ҳукумат раҳбарлари яхши хабардор эдилар. Ўзбекистон раҳбари Ш.Рашидов Республика миқёсидаги катта бир анжуманда: -Хоразмликларга раҳмат, шундай олим ўстиришибди. У (Муҳаммад) ўз ишлари билан бутун бошли мамлакатга обрў келтираяпти. Нафақат Хоразмликлар, ҳаммамиз ҳам булардай олимларимиз билан фахрланишимиз керак - деган. 
Шундан кейин, Муҳаммаднинг ўзи Африкада бўлсада, Хоразмда унинг обрўйи ошиб кетади. Маҳаллий раҳбар(ҳоким)лар унинг ота-онасидан, қариндошларидан тез-тез хабар олиб, уларни қўллаб туришган. 
Бундан ташқари, Хоразм вилояти раҳбариятнинг уни яхши танишларининг яна бир сабаби, Муҳаммаднинг табий ўсимликларга ўғитлар қўллаш  борасидаги  тавсиялари  асосида  вилоятга ҳар йили  келаётган бир неча юз тонна минерал ўғит билан  ҳам боғлиқ эди.
1976  йилдан бошлаб,  Муҳаммаднинг тавсияси асосида республикамиз  тоғ олди (ярим чўл)  ва тоғли минтақалардаги  табиий  ўтлоқларни ўғитлаш учун, ҳар йили кўп минг тонналаб  ўғит ажратилиб,  бу ўғит АН-2  самолётида эрта баҳорда ўтлоқларга сепиларди.  Қайси  минтақага, қанча  ўғит ажратиш масаласини   домласи – Ўзбекистон Фанлар Академияси биринчи вице-президенти, академик С.Н.Рижов билан  бирга  ҳал қилар эдилар.  
1980 йилнинг бошларида,  домласи вафот этгандан кейин, бу масала билан асосан Муҳаммаднинг ўзи шуғилланабошлади. 1980 йил  табий ўсимликларни ўғитлаш учун ажратилган ўғитларнинг бир қисми чўл зонаси  ўтлоқларини эксперимент тариқасида ўғитлаш учун, Хоразм вилоятига  ажратди. Бу ўғит билан Боғот туманидаги Наримонов, И.Дўсов ва Ғалаба колхозлари  ҳудудидаги табиий ўтлоқлар ўғитланди.
Шу (1980) йилдан бошлаб Муҳаммад “Чўл минтақаси табиий  ўтлоқ(фитоценоз)лар  ҳосилдорлигига ўғитларнинг таъсири” мавзусида тадқиқот ишларини  ҳам олиб борди. Тадқиқотлар Боғот тумани И. Дўсов колхозининг жанубий қисмидаги чўл(қум)да олиб борилди. Тажрибалар  қўйиш ва унга тегишли ўғитлар солиш ишларида Ғалаба колхози агрономи Илхомбой Махмудов, колхоз раиси С.Сапаев, район прокурори Жусабеков, Урганч МРПО раиси Р. Бобожоновлар ҳам қатнашдилар. 
Бу тадқиқотлар асосида чўл минтақаси  табиий ўтлаоқларини ўғитлаш борасида  тавсия ишлаб чиқилди. Шундан кейин вилоятга ажратилган минерал ўғитлар миқдори бир неча минг тоннагача етди ва бу ҳол кўп йиллар давом қилди. Натижада Муҳаммадни нафақат Хоразм вилояти раҳбарлари ва шунингдек вилоятдаги олимлар ҳам танир эдилар.
Келажакда Муҳаммадни Боғот райкоми секретари (ҳокими) қилиш мақсадида, унга ишни Хоразм Обкомида инструктор сифатида бошлашни таклиф қилишди. Муҳаммад эса илмий-ишлаб чиқариш ташкилоти бўлмиш, вилоят зонал агрохимия лабороториясини танлади ва ишни агрохимкартограмма бўлими бошлиғи сифатида бошлади. 

5.1. Агрохимлабороторияда

Вилоят зонал агрохимия лабораториясида 4 та бўлим бўлиб, Муҳаммадни агрохимкартография бўлимига  бошлиқ  қилишди (сурат-2). Бу бўлимда Малика Тожиева, Илхом  Машарипов, Абдушарип  Иброхимов, Роза Собирова, Рохатжон Қутлимуратовага  ўхшаган ходимлар  ишлар экан.
 Бу бўлимнинг иш хоналари  анча эскириб  қолган, кўп йиллардан буён ремонт  қилинмаган экан. Ремонт қилишга эса идорада маблағ йўқ. Аввало бу хоналарни Муҳаммад шахсий маблағи ҳисобига яхшилаб ремонт қилдирди. Кейин тартиб-интизом масалаларини йўлга қўйди. Лабаратория мудири (директори) Шермат ака Иброҳимов Муҳаммаднинг бу ишидан кўп хурсанд бўлди.
Шермат Иброҳимов очиқ  кўнгил, табитан қувноқ, мелеорация соҳаси бўйича  яхши мутухассис,  қишлоқ хўжалик фанлари  номзоди эди. Муҳаммаднинг бўлими  асосан  вилоят ҳудудидаги  барча тупроқларнинг  макро ва микро элементлар  билан таминланиш  даражаси  бўйича  картасини  тузиш ва шу асосида  солинадиган ўғит нормасини  белгилаш билан  шуғулланарди.

Сурат-2. Агрохимкартограмма бўлими бошлиғи – Муҳаммад (ўтирган) ходимлари билан янги картограмма таҳлилида -1985

 Муҳаммад  бу бўлимнинг вазифасига  яна бир масалани – хўжаликларда улар тавсия қилаётган ўғит тури ва нормасини  картограмма асосида  ишлатилишини  назорат қилишини киритди. Бу янгилик вилоят раҳбарияти томонидан ҳам қўллаб қувватланди.   Бу бўйича вилоят хўжаликларида  қатор тушунмовчиликлар ва хатоликларга йўл қўйилаётганлиги  маълум бўлди.  Бу борада эса “Хоразмская правда” газетанинг 1986 йил 24-апрель сонида “Острий сигнал” Рубрикаси  остида “Без учета картограмм” сарлавҳаси  билан катта материал босилди.  Кўп ўтмай Муҳаммад раҳбарлик қилаётган  бўлим шуҳрати  бутун вилоятга танила бошлади.
Ўзбекистон пахтачилик институти  (СоюзНИХИ) маълумотлари бўйича, ёзилаётган тавсияларда  пахтадан юқори  (35-40 ц) ҳосил олиш учун, азотли  ўғитларни гектарига  250-300 кг ва шунга  монанд фосфорли ва қалийли  ўғитларни ишлатиш кўрсатилган. Бу тавсия  мамлакатимизнинг бошқа ерларида олиб борилган  тадқиқотлар асосида  ёзилган, шунинг учун ҳам  бу тавсия Хоразмнинг  турли хил ва даражада шўрланган (айниқса  қумлоқ ва воп) тупроқларига  унча тўғри келмаслиги кўриниб турарди.
Муҳаммаднинг фандан  қанчалик кўнгли “қолган” бўлсада у(илм)сиз яшай олмаслигини  ҳис қила бошлади ва Хоразм воҳаси  шароити учун  минерал  ўғитларнинг  оптимал  нормасини аниқлаш  учун тадқиқотлар бошлаб  юборди.  Тадқиқот  натижалари  шуни кўрсатдики, Хоразм воҳаси шароитида,  пахтадан юқори  (35-40 ц)  хосил олиш учун солинадиган минерал ўғит нормасини  гектарига  350-400  кг қилиб  белгилаш керак экан.
Бундан ташқари, Хоразмнинг  ўтлоқ тупроқларида  пахтани озиқлантиришнинг қатор  назарий ва амалий  томонларини  ҳам очишга  муаваффақ бўлди. Булар ҳақда  эса  “Сельское хозяйства Узбекистана”  жуналнинг  1986 йил 11-сонидаги  “Минеральное питания хлопчатника на лугових почвах Хорезма” (Хоразм ўтлоқ тупроқларида ғўзанинг озиқланиши) сарлавҳаси  билан чоп қилинган  мақолада батафсил  баён қилинди.
Кўп  тажрибаларининг  кўрсатишича, пахта  (ва шунингдек  бошқа ўсимликлар) ҳосилдорлигини  оширишда ўғитларни солиш муддати  ва усули ҳам катта роль  ўйнайди. Бу борада илмий ташкилотлар берган тавсиялар  бир - биридан анча фарқ қилади. Бу тавсиялар Хоразм  воҳаси  тупрпоқларига  унчалик ҳам тўғри келавермаслиги  кўриниб турарди.  Шунинг учун ҳам Муҳаммад пахтани  ўғитлашнинг  муддати  ва усули   бўйича Хоразмнинг асосий  (уч хил) тупроқ шариотларида тажрибалар ўтказди. 
Тажрибалар  натижалари шуни кўрсатдики, пахтани ўғитлашнинг   усули ва муддати  бўйичаги ҳозиргача  қўлланилаётган  тавсиялар оптимал эмас экан. Муҳаммад ўтказган тажрибалар  асосидаги тавсиялар бўйича  ўғитлар  қўлланилганда пахтанинг  очилиши (тупроқ типлари бўйича) 24-29% га, ҳосилдорлиги эса  3 - 3,5 центнерга  ошди.
 Бу тавсиялар ишлаб чиқариш  шароитда  бирнеча йил (1987 – 1988 йилларда Боғот районининг Дмитров  ва Досов ҳамда, 1989-1990 йилларда Боғот  совхозида) синовдан ўтгач, 1993 йили, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик вазирлигининг коллегиясида  тасдиқланиб  “Ғўзани  ўғитлаш  муддати ва усули  бўйича тавсиялар” номи билан  чоп қилиниб,  республика  пахтачилигида  қўллаш учун, вазирликнинг  кўрсатмаси  билан пахтакор хўжаликларига тарқатилди.
 Хоразмда бу тавсияни  тарқатиш ва тўғри қўлланилишини  назорат қилиш билан  Облагропром  раисининг биринчи муовини Н.Фаязов ва пахтачилик  бўлими  бошлиғи, қ-х  фанлар номзоди  Иброхим Собировлар шуғилландилар.
Муҳаммад вилоят зонал агрохимлабороторияда иш бошлаганидан сал ўтмай, Обком бюроси қарори асосида, уни область партия кометити қишлоқ хўжалик бўйича секретари, Ғайрат Назарович  Машарипов  ҳузурига  таклиф қилиб,  вилоят деҳқончилигида қўлланилаётган агротехникани ва вилоят тупроқларини чуқур  ўрганиб, вилоят деҳқончилигини ислох қилиш бўйича ўзининг таклифларини беришни топширди.
 Ғ.Н.Машарипов  қишлоқ хўжалик   соҳаси бўйича вилоятда  энг кучли мутахасислардан бири  ҳисобланарди. У Москвада  Тимирязов  номидаги қишлоқ хўжалик  Академиясини тугатган. Хоразм   шароитида оқ жўхори ва  маккажўхори кўчати қалинлигининг улар ҳосилдoрлигига  таъсири борасида  тадқиқотлар олиб борган ва фан номзоди бўлган. 
Муҳаммад Хоразм воҳасида тарқалган асосий тупроқлар  типларини ва уларнинг агрофизик ва агрохимиявий хусусиятларини, бу тупроқларда олиб борилган агротехник тадбирларни ўрганди, ҳамда бу тупроқлар тарқалган ҳудудларни аниқлади. 
Хоразм воҳасида  тарқалган тупроқларни, морфологик  тузилишлари, агрохимиявий  ва агрофизик хусусиятлари асосида  қуйидаги уч  группага бирлаштирди:
    1. Қорақумнинг экологик  таъсирида  вужудга келган ( ёки қумдан  ўзлаштирилган) ва асосан  Хоразм  воҳасининг  Қорақум  билан  туташган  жанубий томонида  тарқалган ўтлоқ  саҳро  (қумлоқ)  тупроқлар.
    2. Амудариё ётқизиқлари  натижасида  вужудга  келган аллювиал ўтлоқ (воп) тупроқлар 
    3. Юқорида  келтирилган иккита  тупроқ  гуруҳлари  орасида  жойлашган,  эскидан  сувғорилиб келинаётган ўтлоқи воҳа (совға)  тупроқлар.
 Бу  тупроқлар  ўзларининг  морфологик тузилиш, агрофизик ва  агрохимиявий  хоссалари ҳамда унумдорлиги билан бир-биридан  кексин фарқ қилади.
 Маълумки, ёқилғи  мойлаш  материаллари, сув,  техника ва унинг  эхтиёт  қисмлари, минерал  ўғит, гербицид ва пестицидлар  каби  материалларининг тақсимоти  асосан  экиладиган экин тури ва  майдонига қараб  амалга  оширилади.
Муҳаммад эса ўз тадқиқотларига асосланиб, бу нарсаларининг тақсимотида нафақат экин тури ва майдони, шунингдек, тупроқнинг  механик состави, шўрланиш  даражаси, унумдорлиги каби омилларнида ҳисобга олиш ғояси билан чиқди.
  Бу янги ғоянинг моҳияти  шундаки, тақсимотнинг  ҳозириги ҳолати бўйича олсак  ёқилғи-мойлаш материаллари ва эҳтиёт қисимлар миқдорини  совға  тупроқларда  (воп ва  қумлоқ  тупроқларда  камайтириш ҳисобига) бирмунда ошириш керак. Чунки  совға  (оғир қумоқли) тупроқларни  тракторлар  билан  ҳайдаганда, унга ишлов  берганда  енгил  тупроқларга  қараганда (трактор двигателларининг нагрузкага тушиши боис) анча кўпроқ ёқилғи мойлай материаллари сарф бўлади. Техниканинг айрим  қисмлари тез ишдан чиқади.
Сувнинг  ҳажмини воп тупроқларда  камайтириш  ҳисобига, қумлоқ  тупроқларда ошириш керак. Минерал ўғит миқдорини  эса, совға тупроқларда камайтриш ҳисобига,  қумлоқ  ва воп тупроқларда  бирмунча ошириш  лозим. Чунки  совға тупроқлар  табиий  равишда  озиқ  элементларга  анча бой. Қумлоқ  тупроқларининг  эса унумдорлиги  ниҳоятда паст.
Муҳаммаднинг  узоқ вақт  мобайнида,  кеча-кундуз тинмай, вилоят  тупроқларини  ўрганиши натижасида  келган хулосалари ва тавсиялари (ғоялари)  Ғ.Н.Машариповга ёқиб тушди. Қишлоқ  хўжалик  соҳасидаги  вилоят раҳбарларини, кучли мутахасису олимларни, район раҳбарлари(райкомнинг 1-секретарлари)ни  чиқариб Муҳаммадни бу янги ғоя бўйича  маъруза қилдирди.

Сурат-3. Илмий-техник кенгаш жараёни

Муҳаммад вилоятнинг  барча тупроқлари, уларнинг тузилиши  ва  хоссалари  ҳақида гапириб, уларни асосан уч гурухга  бирлашириш ва сув, ўғит, эҳтиёт қисмлар, ёқилғи-мойлаш метериаллари тақсимотини  аввалгидек, фақат гектарига қараб  эмас, балки, тупроқнинг  хоссаларига  қараб ҳам амалга  ошириш  ғоясини кўтариб чиқди.
Бу ғоя  қишлоқ хўжалик  соҳасидаги  вилоят  раҳбарлари ва мутахасисларига, шунингдек, Боғот райкоми  секретари (ҳокими) Р.Қутлимуратовга, Хазорасп райком секретари Шариф Муродовга, Янгиариқ райкоми секретари Эгамберган Ҳакимовга,  Қўшкупир райкоми секретари Хусаиновга жуда мақул тушди.  Чунки бу районлар ҳудудларида паст унумли қумлоқ  тупроқлар ва унумдор, лекин  жуда оғир бўлган совға  тупроқлар кенг тарқалган эди. 
Бириоқ бу тавсия Гурлан райкоми секретари Шоназар Жобборов,  Шовот райкоми секретари Райимбой Тойиров, Хонқа райкоми секретари Маркс Жуманиёзовларга унча  ёқмади. Улар таъминотнинг аввалгича қолиши тарафдори бўлдилар. 
Чунки бу районлар ҳудудида воп тупроқлар кўпчилик майдонларни  ишғол  қилар эди. Лекин кейинги райком секретарларининг Обкомнинг биринчи секретари Мирахмат Мирқосимовга (у киши  мутахасислиги  бўйича  тоғ инженери эди) таъсир кучи  баландроқ эди. Шу боис ҳам бу ғоя (тавсия) кенг кўламда амалга ошмади.
М.Мирқосимов Тошкентга кетиб, Реймажон Худайберганова Хоразм вилоятига раҳбар бўлди. Унинг ёрдамчиси профессор Бахтиёр Рўзметов аспирантлик давридан Муҳаммаднинг яқин дўстларидан эди. Натижада Муҳаммаднинг бу ғоя(тавсия)сининг амалга ошишига реал имконият туғилди. Бу ғояни аввало Хоразмда қўллаб, кейинчалик бутун Ўзбекистонга жорий қилиш таклифи ҳам Р.Худайбергановадан чиққан эди.
Кўп ўтмай М.Горбочевнинг демократияси ва ошкоралиги сабаб, ит эгасини танимай қолди. Ҳар ким ўз жонини овлаш билан овора бўлиб, бундай ғояларни ҳаётга тадбиқ қилишга раҳбарларнинг қўли тегмади. 
1992 йилдан Совет даври бошқарув тизими бўлмиш Обком ва Облисполком тугаб Ҳокимлик ташкил қилинди. Маркс Жуманиёзов (сурат-4) Хоразм вилояти ҳокими этиб сайланди. Муҳаммад эса Ҳокимликда вилоят деҳқончилигини назорат қиладиган мулозим (1-чи даражали мутахасис) этиб тайинланди. 
Вилоят қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиб, уни илмий асосга ўтказиш борасида кеча-кундуз тинимсиз ишларди. “Омад келса қўша келади”, деганларидай, бундан 5-6 йил аввал ўзи кўтариб чиққан таклифни ҳаётга жорий қилиш ўзининг қўлида бўлиб қолди.
Бироқ замон ўзгариб, социализм қонунлари пасайиб, капитализм қонунлари кучаябошлаган даврлар бошланди. Колхоз ва совхозларнинг ўрнида ширкат ва фермер хўжаликлари ташкил қилиниб, қишлоқ хўжалигида ҳам янги сиёсий ва иқтисодий тизим шакилланабошлади.
Янги (яъни ҳозирги) иқтисодий тузум қонунлари бўйича сувдан бошқа таъминот – ёқилғи-мойлаш материаллари, техника ва эҳтиёт қисмлар, минерал ўғит ва зараркурандаларга қарши кураш воситаларини энди кимнинг пули бўлса ҳоҳлаганча олавериши мумкин эди. 
Шу боис, бу таклиф(ғоя)ни замон талабига жавоб берадиган, янги (яна бир) вариантини ишлаб чиқиш зарурати пайдо бўлди. Муҳаммад таклифининг бундай вариантини ишлаб чиқди ва у Ўзбекистон пахтачилик институти Хоразм филиали илмий-техник кенгашида (сурат-3), ҳамда  вилоят агросаноат комитетида маъқулланди ҳам. 
Бироқ, сув, ёқилғи-мойлаш материаллари, агрохимикатлар ишлаб чиқариш аввалгисига нисбатан кўпам ошмаганлиги сабаб, вилоят ҳокими, кейинчалик мамлакат қишлоқ ва сув хўжалиги вазири М.Жуманиёзов таклифнинг биринчи (аввалги) вариантини аввало вилоятда, кейин эса республикада жорий қилишга кўрсатма берди.

Сурат-4. Маркс Жуманиёзов

“Камбағални туянинг устида ҳам ит қопар”, деганидай аввало вилоятга қишлоқ хўжалигини ва илм-фанни тушинмайдиган (қурувчи), янгиликни хушламайдиган бир довдир (И.Юсупов)нинг ҳоким бўлиб келиши, қолаверса, Муҳаммаднинг қишлоқ хўжалигидаги коррупция ва кўзбўямачиликлар танқид қилинган “Вакил” (сурат-5) номли илмий-сатирик китобининг нашр қилиниши, бу ҳам етмаганидек, “Президентнинг плёнка остига пахта экиш сиёсатига қарши”, деб оғизга тушиб кетиши (аслида плёнка остига пахта экишга қарши бўлмаган), ва оқибатда, барча вазифалардан бўшатилиб, муҳожиротга юз тутиши сабаб, ватани (Ўзбекистон) ва ҳалқига фойдаси тегадиган, юқорида баён қилинган ғоя (ихтиро) ўз қадрини топаолмади.
                                          
5.2. Партия (ҳокимлик) ишида


Кўп ўтмай, Муҳаммадни  область  партия  комитети қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат  саноати бўлимига инструктор вазифасига таклиф қилишди. Лекин, кутилмаганда,  Боғот район  партия комитетига  ишга бориши кераклиги  маълум бўлди. Рустам Қурбонович Қутлимуратов  Боғот  райкомига  яқиндагина биринчи  секретарь (ҳоким) қилиб сайланган эди.  Ўзи агрохимик-тупроқшунос бўлганлиги, аввалига зонал  агрохимлабороториясида  тадқиқот ишлари билан ҳам  шуғулланганлиги учун, кучли мутахасисларни, олимларни яхши қадрлар эди. 
1986 йил сентябрь  ойининг  ўрталарида  Р.Қутлимуратовнинг яқин дўстлари -агрохимлабаратория бошлиғи  Шермамад  Иброхимов  ва Облагропром  раисининг биринчи муовини  Нуриддин  Фаязовлар унга Муҳаммад  тўғрисида гапириб: -Сизга, районга кўп фойдаси тегиши мумкин, лекин, қаттиқ турмасангиз Обкомдагилар уни сизга беришмайди - деб маслаҳат беришади. Р.Қутлимурaтов аввал, обкомнинг иккинчи секретари  Л.Нетяга билан бирга ишлагани боис, Муҳаммадни Боғотга  юборишларини қаттиқ талаб қилади ва  бунга эришади.
Шундай қилиб, Боғoт райком бюросининг 1986 йил 25-сентабрь қарорига ва Обком  бюросининг  1986 йил 17-октябрь тасдиғига асосан,  Муҳаммад Ўзбекистон Компартияси Боғот район кометити  қишлоқ хўжалик бўлимининг мудири этиб тасдиқланди. 
Бу даврда Боғот райкомида, Фарход Жобборов – агитация ва пропоганда бўлими мудири бўлиб, Эргаш Хўжақов – умумий бўлим мудири бўлиб, Қадамбой Рўзметов – парткомиссия раиси бўлиб, Юсуфжон Матёқубов – ташкилий бўлим мудири бўлиб ишларканлар.  
Муҳаммад ҳеч қачон партия апаратида ишлаб кўрмаганди. Муҳаммад ишга келган кунининг эртасига райком бюросининг йиғилиши бўлди. Бюро кун тартибидаги иккинчи масала – мажлис(район) аҳлига уни таништириш эди.
Президиумдаги стуллар бюро аъзолари сонига қараб қўйилган экан. Мажлислар залининг олдинги қаторида (бюро бошлангунича) бюро аъзолари, райком бўлим мудирлари (Муҳаммад ҳам) ўтиришарди.
Бюро ўз ишини бошлашдан олдин Райкомнинг биринчи секретари (Район ҳокими) Рустам Қутлимуратов: -Бюро аъзолари, президиумдан ўз жойини эгалласинлар - деб эълон қилди.
Бюро аъзолари бирин-кетин президиумдан ўз жойларини эгаллай бошлашди. Ташкилий бўлим мудири Ю.Матёқубов ва Парткомиссия раиси Қ.Рўзметовлар ҳам (бу иккита бўлим мудирлари номенклатура бўйинча бюро аъзолари бўлишар экан) президиумга йўл олишаётиб Муҳаммадга: 
-Домла, қани юринг, сиз ҳам - деб (булар ҳазиллашишган экан) қолишди. 
Муҳаммад: -Ҳа энди, райком бўлим мудирлари ҳам бюро аъзолари бўлишар экан-да - деган ҳаёл билан, президиумга чиқиб, бюро аъзолари қаторидан жой олди. 
 Атоқли раис, СССР ҳалқ депутати, Ўзбекистон КП МК аъзоси Абдулла Искандаров (Машҳур раис, меҳнат қахрамони, Искандар Досовнинг ўғли) ҳам бюро аъзоси экан. У ҳам президиумга чиқди-да ўтиришга жой топа олмай (унинг ўрнида Муҳаммад ўтирган эди), қайтиб пастга тушиб, одамларнинг ичида ўтирди.
 Бюро мажлиси раиси буни кўрмади ва бюро мажлисини бошлаб юборди. Бюро аъзолари-ю, залда ўтирганлар янги бюро аъзоси(Муҳаммад)нинг ким эканлигини билмай ҳайрон бўлсалар, Абдулла Искандаровнинг бюро аъзолигидан “туширилган”лигига: -Бечора бу ҳам Гдляннинг навбатдаги қурбонига айланибди-да - деб ачинишарди.
Абдулла Искандаровнинг соясига салом бериб юрадиган айрим иккиюзламачилар мажлисда бюро аъзолигидан “туширилган” Абдулла Искандаровни танқидлашга тушиб кетдилар. 
Ўз ўрнига даъвагор деб билгани учун, Абдулла Искандаровни ёқтирмайдиган райком секретари, танқидчиларни: -Мард коммунистнинг гапи, яшанг! - деб қўллаб-қувватлаб турарди.


“Ёв қочса, ботир кўпаяр”, деганларидай, “Ленин йўли” газетасининг редактори,  Р.Раззоқов каби айрим бюро аъзолари ҳам имконият бўлганида райком секретарига яхши кўриниб қолиш учун, Абдулла Искандаровни ҳақ-ноҳақ ёмонлай бошладилар.
Шундан кейин бюро аъзолигидан “туширилиб”, Гдлянга ем бўлганлигига Абдулла Искандаровнинг ўзи ҳам ишонди шекилли, ўтирган жойида юраги ёмон бўлиб қолди.
Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича мажлис аҳлига Муҳаммадни таништириш учун райком секретари пастдаги, олдинги қатордан кўзи билан Муҳаммадни қидириб топа олмаганидан кейин, бу масалани навбатдаги бюрога қолдириб, кун тартибидаги бошқа масалаларга ўтиб кетди.
 Ҳамма масалалар кўрилиб, бюро мажлиси тугай деб қолганида, бюро аъзолари қаторида Муҳаммадга кўзи тушган райком секретари орг отдел мудирига секингина: -Бу нима қилиб ўтирибди, бюро аъзоларининг ичида? - деб сўради. У бўлса: -Билмадим - дея елкасини қисиб қўяқолди. 
 Мажлис тугар-тугамас: -Нима қилиб ўтирибсиз, бюро аъзолари ичида? - дея ўшқирди, райком секретари Муҳаммадга. Муҳаммад эса, президиумга орготдел мудири ва парткомиссия раисининг таклифи билан чиққанини айтди.
Бу ЧП учун райком апарати партбюросида Муҳаммадга ҳайфсан, парткомиссия раисига учёт карточкасига ёзиш шарти билан қаттиқ ҳайфсан беришди. Орготдел мудирини бюро аъзолигидан ва мудирликдан бўшатишиб, узоқдаги хўжалик(Боғот совхози)га партком секретари қилиб жўнатишди.
Шундан озгина йил ўтиб, Абдулла Искандаров райком секретари, Облисполком раиси бўлиб кетди. Ўша бюрода уни танқид қилганларга сичқоннинг ини минг тилло бўлиб қолди. 
-Муҳаммадни бир кунлдик бюро аъзоси қилиб, менга ким дўсту-ким душманлигини билдирдингиз - деб ўша ЧП учун қаттиқ хайфсан олган Қ Рўзметовни райкомга 2-чи секретарь қилди. Райкомдан ҳайдаб юборилган Ю.Матёқубовни эса Райисполкомга раис қилди.
-Бюрода менинг ўрнимни олган - деб Муҳаммадни ёмон кўриб қолди ва ҳеч сабабсиз “Ўз аризасига биноан” совхоз директори вазифасидан бўшатиб юборди. Бу ҳақда юқорига арз қилиш фойдасиз эди. Чунки у даврларда Абдулла Искандаров Президентнинг И.Хушевдан кейин турадиган эркаларидан бири  эди. 
 Муҳаммад Солиҳнинг: “Режим вафо қилмагай”, деган башорати  асосида кўп ҳам ўтмай (1991 йилда), Ислом акаси яхшилаб ўрнашиб (Президент бўлиб) олган захоти Абдулла Искандаровнинг думини тугди. Ва унинг думини қандай (ечилмайдиган қилиб) туггани ҳақида Президент телевизорда бирнеча марта, тўлиб-тошиб гапирди ҳам. 

 Шу тариқа, Муҳаммаднинг атига биргина кун бюро аъзоси бўлгани анча-мунча одамларнинг ҳаётида ўчмас из қолдирди: Кимлардир (шулар қатори Муҳаммад ҳам) жазо олиб, ишдан бўшаб кетишди. Яна кимлардир катта-катта лавозимга эга бўлишди.
                                                                                     *      *
 Райкомдаги Муҳаммад раҳбарлик қиладиган бўлимнинг  асосий  вазифаси партия (КПСС) аграр сиётатининг Боғот районида бажарилишини назорат қилиш, аграр  соҳага  партиявий  раҳбарлик, аграр соҳадаги райком  номенклатурасига  кирувчи мутахасис ва раҳбарларни танлаш, тарбиялаш, жой-жойига қўйиш, райком  пленумлари ва бюроларини таёрлаш ва унга масалалар  киритиш, каби  ишлар эди. 
 Бу бўлимда Шоназар Дурдиев, Рустам  Бобониёзов, Худоёр Омонов каби инструкторлар  ҳам бор эди. Уларнинг  ҳар биттаси  агросаноат комплексининг бир тармоғи  бўйича  маъсул бўлиб Муҳаммаднинг  раҳбарларигида ишлар эдилар.
 Муҳаммад 1978-1980 йиллар мобайнида Тошкентда, Марксизм-Ленинизм университетининг иқтисодий бўлимида ўқиб, олий сиёсий  малумот олган эди. Шунинг учун ҳам сиёсий-партиявий ишда ишлаш  Муҳаммад учун қийин бўлмади. Лекин бу ишнинг  маълум (яъни ишга келиш ва кетиш) режими йўқ эди.
 Кўпинча, эрталаб  тонг отар отмас келиб, ярим кечадан кейин уйга  келинади. Бирон бир  хўжаликка вакил  қилиб беркитиб  қўйилади. Эрталаб соат 5 ярим, олтиларда  тегишли хўжаликда  бўлиб, ишларни  ташкил қилиб,  иш  вақти(9)га идорага келиб,  партиявий ишлар билан шуғилланиларди.
Райкомдаги  ишларни  шоша-пиша  бажариб,  яна ўша  хўжаллика  бориб,  ярим кечага  яқин яна идорага  келиб ҳужжатлар билан ишлаб  кейин уйга кетилади. Ёзда  деярли ҳар куни  оператив группада  бўлиб  (айрим пайтларда унга  раҳбарлик ҳам қилиб ) ҳар куни  бир хўжаликда,  эрталабдан кечгача бригадирни ёки раисни ишдан қўйиб, ярим кечагача  унинг  якуни  қилиб юрилди.
Бундай иш тартиби Муҳаммадга ёқмаган бўлсада, бу ҳақда ҳеч кимга айтиб бўлмасди. Акс ҳолда доно партиянинг доно сиёсатига қарши, деб партиядан ўчиб кетиш ҳам ҳеч гап эмас эди. 
Бир куни Муҳаммад ёшулли(1-секретарь)нинг олдига: -Мен агрохимик-олимман. Бўлимнинг ишларидан ташқари пайтда районда агрохимия хизматини илмий асосга ўтказиш масаласи билан ҳам шуғуллансам - деган таклиф билан кирди. Бу таклиф унга жуда маъқул тушди. 
Агрохимия хизматининг энг биринчи ва асосий бўғини бу – химизация пункти бўлиб, ундай пункт вилоятда биронта жойда нафақат ташкил қилинмаган, ҳатто бундай пункт тўғрисида кўпчилик мутахасисларнинг тасаввури ҳам йўқ эди.
Муҳаммад 1987 йилда, нафақат районда, ҳатто вилоятда ҳам энг қолоқ хўжалик ҳисобланган Дмитров (ҳозирги Хоразм) номли хўжаликда химизация пункти ташкил қилишга киришди. Бунда хўжалик раиси Рўзибой Болтаев (мутахасислиги бўйича инженер-механик бўлсада) жонбозлик кўрсатди. Бу пунктга мудир қилиб тажрибали агрохимик К.Рўзибоев тайинланди.
Колхоз ҳудудидаги барча органик ўғитлар, ҳамда, омбордаги барча тур минерал ўғитлар ва химикатлар,  ўғит берувчи ва ташувчи механизмлар, тегишли ишчи кучлари химизация пункти ихтиёрига ўтказилди.
Натижада ўғитлар агрохимкартограммалар асосида, агрохимикларнинг қаттиқ назорати остида ишлатилди. Бунинг афзалликлари ҳақида 1987 йил апрель ойининг охирларида “Ленин йўли” район газетасида  “Диққат янгилик” рубрикаси билан “Агрохимия хизматига - илмий асос” сарлавҳаси остида ёритилган эди.
 Шуни  тан олиш  керакки, олимлар  томонидан пахтани экиш билан бир вақтда ўғит солиш тавсия қилинган бўлсада, бунга Хоразмда (айниқса Боғотда) кўп  йиллардан баён эътибор қилишмас, натижада чигитни ўғит билан бирга экадиган мосламалар йўқ бўлиб кетган, бунинг устига, бу агротехник тадбир кўпчилик агрономларнинг эсидан ҳам чиқиб кетганди.
1987 йилнинг бошларида, Райком қишлоқ хўжалик бўлими раҳбари - Муҳаммаднинг ташаббуси билан, тумандаги  дехқончиликка  оид барча  раҳбару-мутахасислар билан, пахтага экиш билан бирга ўғит солишнинг афзалликлари ва усули бўйича семинар ўтказилди. 
1987 йилги экиш компаниясида эса чигитни ўғитсиз эккан хўжалик раҳбари ва агрономга партиявий  чора кўришга қарор қилинди. Оператив сводкага эса махсус “Ўғит билан экилган майдон” деган графа киритилди. Натижада, районда  чигитнинг катта кўпчилик қисми ўғит солиш билан экилди. Бунинг самарасини кўрган мутахасису деҳқонлар 1988 йилдан бошлаб ҳеч қандай семинар, ёки партиянинг кўрсатмаларисиз, деярли барча майдонларга пахтани ўғит  солиш билан экадиган бўлишди.
Чигитни ўғит билан  бирга экиш  кучайган сари  заводнинг  чиқарган ва кўп йиллардан буён  қўлланилаётган СУЗ  ўғитлагичиининг  жойланишида ва ишлашида қатор камчиликлар борлиги кўриниб қолди. 
 Завод томонидан ясалган ва ҳозиргача ишлатилаётган ўғитлагич агрегати  тракторининг  олдинги  томонида  жойлашган. Пахта экувчи агрегат (сеялка) эса орқада жойлашган.  Бу иккита агрегат орасидаги  масофа тўрт метр атрофида. Демак ўғит билан пахта экаётган трактор даланинг четига чиққанда, ўғит солинган тўрт метр жойни экмайди. Даланинг четидан иш бошлаган пайтида эса тўрт метр жойга ўғит солмай экади.
 Бунинг устига, СУЗнинг  челекларига ўғит солган пайтда  анча  қийинчилик  туғдиради.   Челаклардаги ўғит тупроққа тушаяптими ёки тиқилиб қолдими, буни трактор тўхтамагунча  ёки даланинг четига чиқмагунча билиш имконияти йўқ. Ўғит  тушадиган қатор билан, чигит тушадиган қаторни  аниқ жойлаштириш қийин.
Муҳаммад юқорида  қайд қилинган камчиликлардан  ҳоли бўлган  сеялка – ўғитлагич ясашга киришди.  Бунда Боғот район Киров (хозирги Дехқонобод) номли колхоз бош  инженери Мадамин Давлатов ва колхоз раиси Садулла Назаровлар  яқиндан  ёрдам  беришди.                                                                                                                                                      
                                                                                                                                                          Сурат-5. Рисола                                                                                                                                                                                                                                                                      Мутлоқа янги техник ёндашув асосида яратилган “сеялга-ўғитлагич”нинг  челеклари орқада,  сеялкада,  чигит  қутиларининг  ёнида жойлаштирилди.  Ҳаракатни  эса сеялка ғилдирагидан олинди. Ўғит солгич  (тукосочник) чигит  экадиган сочникдан 20 см олдинроққа,  4-5 см  ён томонга,  чигит экадиган сочникка маҳкамланди. Натижада  сеялкачи чигитининг ҳам,  ўғитнинг  ҳам тушишини тўла  назорат қиладиган бўлди. Чигит  экилган ҳамма жойга ўғит ҳам тушади.
 Бу ихтиро қилинган сеялка-ўғитлагични ҳар хил тупроқ шароитларида обдон синовдан ўтказгач, Обкомнинг биринчи секретари бошлиқ вилоятнинг барча мутасадди ташкилотларини, районлар раҳбарларини,  инженер-техник ходимларини  йиғиб, 1988 йилнинг 12-февраль куни, Боғот районидаги  Киров (ҳозирги Деҳқонобод) номли колхозда  кўрик семинар ўтди. 
 Бу семинарда аввалдан ишлаб  турган СУЗли сеялка билан, Муҳаммад ясаган сеялка-ўғитлагич қиёсий  ўрганилди. Иккаласини бир хил шароитда ишлатиб  (синаб) кўрилди. Янги (Муҳаммадлар ясаган) сеялканининг барча  устунлик  томонлари  кўрик-синов  давомида  яққол  кўринди ва уни семинар қатнашчилари тўла маъқуллади.
Ўғит солувчи барча механизмлар сеялкага ўтиб, унинг оғирлиги салкам икки юз килограммга ошганлиги  муносабати билан  унинг ( сеялканинг) рамасининг бироз  кучайтириш тавсия қилинди халос.
Обкомнинг  биринчи секретари (вилоят ҳокими) М.Мирқосимов семинаридаги якунловчи  сўзида: -Биринчидан,  мутахасислиги  агроном бўлган ва партия  комитети апаратида  ишлаётган бу йигитнинг  техника соҳасида қилган бу  ихтиросига қойил қолиш керак ва  бундан вилоятнинг кўкрагига уриб  юрган инжинер–механиклари уялиши керак. Иккинчидан вилоятнинг ҳар бир пахта  экувчи хўжалигида  манашундай сеялка-ўғитлагичдан камида  иккитаси ясалиб  бу йилги экиш мавсумида  унумли ишлаши шарт. Буни Обком бюросининг қарори, деб  қабул қилишларингизни истардим - деди. 
Вилоятнинг  кўпгина хўжаликларида  бундай сеялка ўғитлагичлар  ясалиб ишга туширилди.  Ва кўп йиллар  (айрим жойларда  хозир ҳам) ишлатилди. Боғот районининг  хозирги Тошкент  колхозида Қурвонназар Фозилов,  Одомбой Суюнов каби  механизаторлар бу сеялка-ўғитлагичлар билан  яқингача экдилар.
Бу “Сеялка ўғитлагич” ихтиро сифатида тан  олингандан  кейин, Муҳаммадга ва уни ясашда  кўмаклашган  Мадамин Давлатовга ихтиро гувоҳномасини тантанали равишда  топширишди.
                                                                             *     *
1988 йил баҳорда, Хоразм вилояти Боғот районидаги шоличиликка ихтисослашган Боғот совхозининг 650 гектар ерига пахта экиладиган бўлди. 650 гектар шоли майдони эса, район хўжаликларига 60-70 гектардан, шунча майдондаги пахтани қисқартириш эвазига берилди.
Кўп йиллар пахта экилиб турган ерларда шоли юқори ҳосил берди, бу табий ҳол эди. Худдий шундай натижани шолининг ўрнига экилган пахтадан ҳам кутган эдилар. Лекин ҳеч ким кутмаган ҳолатлар содир бўлди.
Шолининг ўрнига экилган 650 гектар чигит бир текис униб чиқди. Лекин 3-4 чинбарг чиқарганидан кейин ривождан тақа-тақ тўхтади. Пахтачилик соҳасидаги вилоятдаги мутахасислар бунга жавоб топаолмадилар. Масала Ўзбекистон ҳукуматигача етиб борди. Р.Нишоновнинг кўрсатмаси бўйича Ўзбекистон қишлоқ хўжалик Фанлар Академияси президенти академик Абдували Имомалиев бошлиқ пахтачилик (СоюзНИХИ) ва шоличилик институти олимлари келдилар.
Олимлар ғўза ниҳоллари томир системаси ривожланишини текширдилар. Томир системасининг ривожланиши ер устки қисми ривожланиши билан мутаносиб эмас – бу ғўзалар томир системаси ер устига қараганда 2-3 марта кўпроқ ривожланган. Тошкентдан келган олимлар бир овоздан: -Кўп йил шоли  экилгани сабаб тупроқдаги озиқ элементлар ювилиб кетган. Шу боис ҳар култивацияда юқори нормада азотли ўғит солиш лозим”, дея тавсия бердилар.
Бу мажлисда Боғот Райкоми қишлоқ хўжалик бўлими мудири, агрохимия ва тупроқшунослик соҳаси олими Муҳаммад ҳам бор эди. Бу мажлис ташкилотчиси, Обкомнинг қишлоқ хўжалиги бўйича секретари Ғ.Машарипов кутилмаганда: -Бу ерда чет элда ишлаган, агрохимия (ўғитлар) бўйича мутахасис, доцент Муҳаммад ҳам бор. Бу борада унинг  фикрини ҳам билайлик-чи - деб қолди.
-Академик, профессорлардан ўтказиб нима ҳам дея оларди доцент - деган маънода Муҳаммадга унча эътибор ҳам беришмади. 
–Мен Тошкентдан келган муҳтарам олимларнинг тавсиясига қўшилмайман - деди Муҳаммад. 
-Э, манавуни қаранглар - дегандай ҳамма ялт этиб унга тикилишди.
 –Биринчидан тупроқ таркибини агрохимиявий анализ қилмасдан туриб, тупроқдаги озиқ элементлар ювилиб кетган, шу боис ғўза ниҳоллари ривожланишдан тўхтаб қолган, дейиш  илмий асосга эга эмас. Иккинчидан, озиқ элементлар етишмаганида ривожланишдан тўхтаган ғўзалар томир системаси бу даражада ривожланмаслиги керак эди.
Учунчидан, эътибор қилинглар-а, шоли экилган даврда қаердан чел олинган бўлса, ўша чел ўрнидаги ғўзалар ривожи яхши. 
-Бунинг боиси нимада, деб ўйлайсизлар? - деди Муҳаммад.
Ҳамманинг эътибори Муҳаммад кўрсатган фактга қаратилди. Бирнечалари бориб аввал чел ўтган жойдаги ривожланаётган ғўзалар томир системаси ривожини кўрдилар. Томир системаси ривожи ер устки системаси ривожига мутоносиб эди. Шундай бўлсада бири у деди, бири бу деди. Бироқ уларнинг сўзларидан А.Имомалиев ва Ғ.Машариповларнинг кўнгли тўлмади ва улар Муҳаммадга юзланиб: -Хўш, ўзингиз нима дейсиз?- дейишди.
-Бу ерларга бир умр шоли экилиб, бегона ўтларга қарши юқори нормаларда гербицид ишлатилган. Гербицид қолдиқлари ҳали ҳам тупроқда мавжуд. Улар бошқа оилага мансуб бўлган ғўзаларга таъсир қилаяпти менимча - деди Муҳаммад.
-Бўлса бордир, дегандай бир-бирларига қараб елка қисиб қўяқолдилар. Бироқ ҳар культивацияда оширилган нормада азотли ўғит солиш тавсиясини бекор қилишмади.
Шундай қилиб, Тошкентдан келган олимлар тавсияси асосида ҳар культивацияда азотли ўғит солабошладилар. Лекин ҳафталар ўтсада ғўзалар ривожида олдинга силжиш бўлмади. Бу майдонлар Райком ва Обком назоратида эканлиги боис кунда-кунаро мутахасис-олимлар бу ғўзаларни келиб кўришар, ҳамманинг боши қотган эди. Чунки ҳар бюрода Обком секретари М.Мирқосимов: -Шу пахталарга бирнарса бўлса ҳаммангни ҳайдайман - деб дағ-дага қиларди. 
Муҳаммад бу тупроқларни агрохимиявий анализ қилиб кўрса, тупроқ таркибидаги озиқ элементлар миқдори ҳам гербицид қолдиқлари миқдори ҳам юқори эди. Шу асосда Муҳаммаднинг, азотли ўғит солиш масаласини тўхтатиш лозим, аксинча ғўза ниҳолларининг чидамлилигини ошириш учун калийли ўғит ишлатиш керак, деган таклифини эътиборсиз қолдиришди.
Июнь ойининг ўрталарига келиб, бу ғўзалар ўсишида кескин ўзгариш содир бўлабошлади. Июль ойига келиб бу ғўзалар кунига 5-7 см ўсабошлади. Бундан мутахасислар шод бўлиб Тошкентгача суюнчилаб чиқишди. 
Вилоят миқёсидаги катта бир йиғилишда Обком биринчи секретари (вилоят ҳокими) М.Мирқосимов Тошкентлик олимларга, вилоят мутахасисларига бу борадаги ютуқлари учун Обком бюросининг ташаккурини билдирди. Бундан илҳомланган айрим олимлар Муҳаммадга теккизиб кесатиқ гап ҳам қилишди.
Обком секретари Ғ.Машариповнинг ташаббуси билан Муҳаммадга сўз беришди. –Бу ғўзаларнинг бу даражадиги ўсишидан хурсанд бўлиш эмас, хавотир билдириш керак - деди Муҳаммад. Мажлис аҳли: “ана холос”, деганларича пешонасини тириштирди. Бу пахталарни ўстираолмай Марказқўмгача чиқсагу, энди ўсабошлаганда ундан хавотир олайликми? - деди зарда билан М.Мирқосимов. 
-Ғ.Машарипов: –Майли, сабабини айтингчи - деди. 
–Ғўза ниҳоллари гербицид таъсиридан чиқиб, кескин ўсишга киришди. Бу ўсиш намни кўп сақлайдиган аллювиал (воп) тупроқ шароитида, ҳа деб солинаверган азотли ўғитлар таъсирида янада тезлашиб, вегетатив (ўсув) органлири билан генератив (ҳосил) органлари орасидаги мутонасибликни бузади. Натижада паха ғовлаб кетиб ҳосил кескин камаяди. Шунинг учун ғўзанининг ўсишини, унинг ён томирларини қирқиш йўли билан секинлаштириш лозим - деди Муҳаммад.
Айрим эски агрономларгина боши билан тўғри-тўғри деб мақуллади. Мажлис аҳлининг катта кўпчилигига маъқул келмади бу гап. Айримлари ҳатто, тезроқ сувғоришни бошлаш керак, шунда ўсиш бир тўхтаб олади, дея тавсия қилдилар.

Сурат-6. Олимлар азотли ўғит таъсирида ғовлаб кетган пахталар ичида-1988 

Мажлиснинг эргагасиёқ, бу даларда сувғориш ишлари бошланди. Сувғорилган далаларда ғўзаларнинг ўсиши 1-2 кунга бир тўхтаб олди. Бироқ, бир ҳафта ўтар-ўтмас, бу ғўзалар кунига 8-10 см ўсабошлади. Август ойининг ўрталарига келиб айрим далаларда пахталарнинг бўйи 2 - 2,5 метрга етди. Фақат пахтанинг учидагина 3-4 кўсак бор эди, ўз вақтида чора кўрилмаса булардан ҳам қуруқ қолиш мумкин эди.
Обком бюросида Мирқосимов:  -Академигингниям, профессорингниям..- деб роса сўкди мутахасисларни. Ва: -Зудлик билан Муҳаммаднинг айтганини (ён томирларини қирқиб) қилиб у қутурган пахталарни ўсишдан тўхтатинглар - деб кўрсатма берди.
Энди бўйи 2-3 метр келадиган пахтанинг ичига механизм киритиб бўлмасди. Дефоляция қилай деса ғўза барглари гуркираб ривожланишда, десикация қилиб (қуритиб) ташлай деса, ҳали кўсаклар етилмаган. Ҳамманинг боши қотиб қолган. Ва ниҳоят, далага мутлоқа сув киритмасдан зудлик билан чеканка қилишни тавсия қилди Муҳаммад. 
Бу ерда ҳам муаммо чиқди, 2-3 метр келадиган пахтани чеканка қилиш учун одамнинг бўйи ҳеч бўлмаганида 2,5 – 3,5 метр бўлиши керак. Шу боис чеканкани отнинг устига миниб қилишди ва энг юқоридаги 3-4 та кўсакни сақлаб қолишди. Шу тариқа бу йили совхоз пахта планини бажараолмади. Лекин Муҳаммаднинг мутахасис сифатидаги обрўси Хоразмда яна бир поғона ўсди.
1988 йил октабрь ойида М.Мирқосимов Тошкент обкомининг  биринчи котиби этиб  тасдиқланди.  Реймажон  Худайберганова  Хоразм обкомининг  биринчи секретари этиб сайланди.  Муҳаммаднинг кўп йиллардан буён  дўсти бўлган Бахтиёр Рўзметов эса унинг ёрдамчиси бўлиб ишлади.
Ноябрь ойида, Хоразм Обкомидан, Ўзбекистон  Компартияси МК қишлоқ хўжалиги  ва озиқ овқат  саноати бўлимига,  инструкторлик вазифасида ишлаш учун, район партия  комитетида маъсул ходим бўлиб ишлаётган фаол ходим сўрашган.
Худдий шундай  сўровнома  Қорақолпоғистон Обкомига ҳам келган. Хоразмдан Муҳаммаднинг, Қарақалпоғистондан Тўрткўл райкомининг маъсул  ходими  Ахмаджон Отажоновнинг ҳужжатларини  юборишган. Ўша пайтда  Ўзбекистон   КП МК  қишлоқ  хўжалиги  ва озиқ  овқат  саноати  бўлмининг  мудири   Алишер Тошкенбоев эди. У киши ҳам фан номзоди бўлганлиги  учун олимларни  кўпроқ қадирлар экан, бу эса Муҳаммаднинг  номзоди  ўтишига сабаб  бўлган бўлса ажаб эмас.


                                                                              5.3. Шарҳлар
1.     Садриддин Жумаев
31.12.2013 at 15:41
Мирқосимов, Аматжон Отожонов тафсилотларини ўқисангиз Хоразмийнинг бу китоби Исмат Хушевнинг Оқланмаган ишонч қиссасидаги тафсилотларни тасдиқлайдиган бир ҳужжат ҳам бўлганини кўрасиз.
Асардаги Муҳаммаднинг бюро аъзоси бўлгани ўқисангиз шох сатирик асармикан дейсиз. Қизиғи шундаки, бюродаги яъни бундан салкам 30 йил олдинги одамларнинг ҳаммаси ҳозир ҳам бор, уларнинг ўзлари ҳам ўқиб кулиб юришибди.
Совхоздаги қутурган пахталар ҳақидаги тавсиялари эса унинг кучли олим эканига далил бўлибди.
REPLY
2.     Қурёз Абдуллаев
31.12.2013 at 10:50
Китобнинг бу бобидаги Муҳаммад ўзимизнинг Хоразмли Аматжон аканинг ўзи менимча. Нимага уни Муҳаммад деб аташган, ҳайронмиз.Аматжон акани ҳамма танийди – у профессор.
Бугун ёшуллилар биз фермерлар билан мажлис қилиб маҳаллий ўғит (дарс) йиғнашни Аматжон ака (Хоразмий) кўрсатган услубда ташкил қилишни топширди.
Аматжон ака яратган “Пахта-буғдой-шоли” алмашлаб экиш системаси ерга ҳам, фермерларга ҳам кўп фойда бераяпти.
Аматжон ака яратган сеялкалар ҳалиям бор, кўп жойларда ишлаб турибди.

REPLY
3.     Demokrat
31.12.2013 at 05:48
Ahmad aka,
Bu ismizni o’zgaritib Muhammad bo’lib ketibsiz-ku! Endi familyangizni ham o’zgartirib Arabquli deb oling. Qachon bu arablarning ta’siridan qutulamiz? Javobi hech qachon bo’lsa kerak.
REPLY
4.     Рахимжон Ражабов
30.12.2013 at 19:04
Бу китобнинг давоми бир-икки ҳафта кўринмай қолганига хавотир олабошлагандик, бошқа нашр қилинмайдими, деб.
Бу китобнинг бизга ёқадигани шуки, ҳамма тафсилотлари ҳужжатли, бир куладиган ҳажвий нарсаларни ўқисангиз, бир жиддий тафсилотларга дуч келасиз.
Айрим жойлари илмий монография, айрим жойларида ишлаб чиқаришга тавсия ҳам бор.
Тарихий суратлари ҳам бор.
Равон ёзилган, осон тушинасиз. Энг асосийси – ўқиб зерикмайсиз

 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2014-07-24)
Просмотров: 2256 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0