Боб-VII
Боғот совхозида
6.1. Директорликка сайлов
1988 йилнинг декабрь ойи. Нафақат районда, ҳатто вилоятда ҳам илғор ва катта бўлган Боғот совхози директорлигига номзод излашарди. Чунки бу хўжаликда 1986-1988 йиллар директорлик қилган Ахмаджон Нурматов 1988 октаябрь ойида гепатит касллигидан вафот қилган эди.
Бу пайтлар Горбачёвнинг демократия ва ошкоралиги авжига чиққан пайт бўиб, барча хўжалик ёки корхонага раҳбар 2-3 ва ундан ҳам кўпроқ номзод қўйиб, ёпиқ яширин овоз билан сайланарди. Номзодлар эса райком бюросида кўриб чиқилиб, сайловчиларга тавсия қилинар эди. Ҳар бир номзодга бюро аъзолари томонидан қаттиқ талаб қўйилар эди.
Райком қишлоқ хўжалик бўлими мудири Муҳаммаднинг номзоди қўриб чиқилаётган пайтда айрим (А.Искандаров, Ш.Хўжаниёзова) бюро аъзолари:
-Муҳаммаджон ака кучли олим, яхши ташкилотчи, лекин хўжалик раҳбари бўла олармикан. Ҳар йили планларни бажариб турган хўжалик бирданига ўтириб қолса нима бўлади. Шунинг учун ҳам бошқа номзод танлаган маъқул бўлар - деган фикрлар ҳам билдирилди. Лекин катта кўпчилик бюро аъзоларининг таклифи билан Муҳаммадни ҳам бир номзод сифатида тавсия қиладиган бўлишди.
Муҳаммадни совхоз директорлигига номзод қилиш ташаббуси Р.Қутлимуратовники эди. Муҳаммаднинг ўзи эса совхоз директорлигига хуши йўқ эди. Чунки бир ой олдин унинг номзоди (ҳужжатлари) ЦК инструкторлигига кетган эди.
Яна битта номзод, Обкомда инструктор бўлиб ишлаётган Аҳмаджон Оллаёров эди. Унинг номзоди Обкомнинг кўрсатмаси билан ўтган эди. У шу совхозда туғилган. Барча қариндош уруғлари шу ерда ишлашарди. У иш фоалиятини шу совхоз гаражида, техника хафсизлиги инженери вазифасидан бошлаган. Кейинчалик райкомда бўлим бошлиғи, олий партия мактаби тингловчиси ва Обком инструктори бўлиб ишлаган.
1988 йил 23-декабрь куни, Боғот совхози клубида, директор сайлаш учун мингдан ортиқ ишчилар номидан, 325 киши вакил бўлиб қатнашаяпти. Нафақат клуб, ҳатто атрофлар ҳам лиқ тўла, совхоз маркази байрамона тус олган.
Ҳар бир номзод (ҳозирги президент сайловига ўхшаб): -Агар мен директор бўлсам ундай қиламан, бундай қиламан - деб ўз платформа(программа)си билан маъруза қиларди.
Иккала номзод ҳам совхоз партия ташкилоти секретари Юсуфжон Матёқубов хонасида кутиб ўтирдилар. Шу ерда Райком секретари (ҳокими) Р.Қутлимуротов А. Оллоёровдан: -Қани программангизни кўрайликчи - деб сўраб қолди. У бўлса: -Менинг программамни обком секретарлари кўришган - деди программасини кўрсатишни ҳоҳламай.
Р.Қутлимуротов бундан ноқулай аҳволга тушди, лекин сирни бой бермай:- Ҳа майли, бугунги бўладиган сайлов борасида фикрларингиз (имкониятингиз) қандай? - деб сўради.
-Мен шу ерда туғилиб ўсганман, шу ерда иш фаолиятимни бошлаганман. Барча қариндош уруғларим ҳам шу ерда. Улар ҳар куни одамларнинг фикрини ўрганишаяпти. Хозиргача менга маълум бўлган малумотлар бўйича 100 фоиз десам муболаға бўлару, 97-98 фоиз овоз олишим аниқ - деди А. Оллаёров.
-Албатта, сиз маҳаллий кадр бўлганингиз учун шундай бўлиши ҳам мумкун. Лекин сизнинг сепёрнигингиз ҳам унақа-бунақа эмас, олим киши. Унинг ташаббуси билан ташкил қилинган химизация нунктлари, у яратган “сеялка-ўғитлагич”лар вилоятнинг бошқа хўжаликларидаги каби бу ерда ҳам ишлаб турибди. Бу йилги шолининг ўрнига экилган пахтанинг ўсишдан тўхтаб қолгани билан боғлиқ маш-машалар унинг мутахасис сифатидаги обрўсини Тошкентгача машҳур қилди. Буларни бугунги овоз берадиган кўпчилик ишчи ва мутахасислар биладилар. Шундай бўлганидан кейин 97-98 фоиз овоз олабилишингизга ишониш қийин бўларов деди - Р.Қутлимуротив.
-Гапнинг сирасини айтганда, мен бу совхознинг ўзиникиман, у бўлса бу ер учун бегона. Ўзиники қолиб бегонанинг ўтган жойи борми тарихда. Шунинг ўзи менинг ютиғимга кафолат эмасми - деб гапни калта қилди А.Оллаёров.
Муҳаммадга келсак, шунча йилдан буён шу йўсинда раҳбар сайланётган бўлса, ҳали вилоятнинг бирон жойида четдан келган (бегона) сайловда ютмаганини Муҳаммад ҳам биларди. Шу боис, А.Оллоёровнинг ҳам директорликка номзоди болигини билган заҳоти райком бюросига ўз номзодини қайтиб олиши ҳақида ариза топширди. Лекин райком бюроси: -Демократиянинг талаби шу - деб унинг аризасини қабул қилмади.
Булар (директорликка номзодлар) кириб борганда клуб одамлар билан лиқ тўла, ҳатто йўлакчаларда ҳам ўтириб олишган. Республика, вилоят ва район оммавий ахборат воситалари, барчалари жамул-жам эди.
Райкомнинг бринчи секретари (ҳоким) Р. Қутлимуратов сайловчиларни сайлов услуби билан таништираётиб: -Агар бллютенга киритилган бу икала номзод ҳам сизларга ёқмаса, уларни чизиб, ўзингизга ёқадиган номзодни ёзишингиз мумкин - деди. Кейин сайловчиларга буларнинг таржимаи ҳолларини таништириб бўлгач, сайловчиларни ўзининг платформаси билан таништириш учун биринчи сўзни директорликка асосий номзод - А.Оллараёровга берди.
У 47 минут маруза қилди. А.Оллаёров ўз дўстурида совхоз маказида 250 ўринлик икки қаватли касалхона (совхозда бор-йўғи 200 дан сал кўпроқ ўлтиримли хонадан бўлишига қарамай) қуришга, чорва фермасини тўла газлаштиришга, ишлаб турган ҳаммомдан ташқари яна битта ҳаммом қуришга, ва шунга ўхшаш унча ҳам зарурати ва имконияти бўлмаган кўплаган нарсаларни ваъда қилиб, бир-икки саволларга жавоб бериб, қарсаклар остида жойига ўтирди.
Муҳаммад программаси бўйича бор-йўғи 15-16 минут гапириб: -Мен директор бўлиб сайлансам, асосий эътиборни дехқончиликни илмий асосга ўтказишга, совхоз ишчилари(хонадонлари)ни ичимлик (водопровод) суви билан таъминлашга, иморат солинадиган томорқа ерларини 7-8 сотихдан 12-13 сотиха кўтаришга, қабристонларни обод қилишга, пахта теришни тўла механизациялашга, аввалги раҳбарлар билан келиша олмай, бошқа ерларга кетиб ишлаётган қорақолпоқ миллатига мансуб маҳаллий йигитларни қайтариб келтиришга, оператив группа ва вакилчиликдан воз кечишга ваъда қилди ва қарсаклар остида жойига ўтирди.
Кейин ёпиқ яширин овоз бериш бўйича сайловлар бошланди. Мутлоқ кўпчиликнинг А.Оллоёровнинг ютганига шубҳаси йўқ эди. Саноқ комиссияси совхоз бош иқтисодчиси Ёқипбой Рўзметов раислигида 7 кишидан иборат бўлди.
Овоз бериш натижасида 325 кишидан 168 нафари (51,7%) Муҳаммадга, 144 нафари (44.3%) А. Оллаёровга, 5 нафари шу ерда директор ўринбосари бўлиб ишалаётган Қурёз Абдуллаевга, 6 нафари Боғот РАПОсининг иқтисод бўйича ўринбосари (шу ерда яшовчи) Қуронбой Қаландаровга, 2 та сайлов қоғози эса ҳақиқий эмас, деб топилди.
Саноқ комиссиясининг умумий мажлис тасдиқлаган протоколига асосон Муҳаммад Боғот совхози директори вазифасига сайланган ҳисобланди. Бу ҳақда 1988 йил 29-декабрь, “Ленин йўли” газетасида “Ишчилар ишончи“ сарлавҳали, 1989 йил 12-январь, “Хоразм ҳақиқати” газетасида, “Директор демократия асосида сайланди” сарлавхали ва 1989 йил 16-февраль “Қишлоқ хақиқти” газетасида “Эсавер, ошкоралик шамоли” сарлавҳали материаллар босилди.
Барча оммавий ахборат воситаларининг бу сайлов ҳақида бонг уришларининг асосий сабаби, бошқа ердан (бегона) келиб ёпиқ яширин сайловда шу ерда яшовчи номзод устидан ғалаба қозониши вилоятда биринчи ҳол эди. Бу эса Горбачёвнинг ошкоралик ва демократиясига яққол мисол бўлган эди. Шунинг учун ҳам барча партия органлари (райком, обком) учун ҳам бу катта ютуқ эди.
Директор бўлиб сайланганидан уч кун кейин, Муҳаммадни Обкомга чиқириб қолишди. Юқорида айтилганидей ҳали у район партия комитетида ишлаб юрган пайтлари(ноябрь)да, Марказий Комитетида инструктор бўлиб ишлаш учун унинг ҳам ҳужжатлари кетган эди.
Малум бўлишича, Ўз КП МК қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат саноати бўлимига инстурторлик вазифасига Муҳаммадни маъқул қўришган. Шу сабаб, уни зудлик билан Тошкентга юборишларини сўрашган. Муҳаммад эса бунга рози бўлади.
Лекин Обком секретари уни чақириб, Тошкентга кетмаслигини илтимос қилади. -Чунки директор бўлиб демократия асосида сайланганинга атига уч кун бўлди. Бунинг устига, бундай сайланиш вилоятда ягона. Хозир, очиғини айтганда, бу бизга ҳам обрў бўлиб турибди. Агар яна партия органларида ишлаш истагингиз бўлса бир-икки йилдан кейин ўзимиз тавсия қиламиз - деб Муҳаммадни Тошкентга кетмасликка рози қилди.
Бу ўринга эса, Қорақолпағистоннинг Тўрткўл районидан Ахмаджон Отажоновни юборишди. У Марказқўмда, Пезидент маҳкамасида 1994 йилгача ишлади. Кейин президент И.Каримовнинг кўрсатмаси асосида Абдумавлон Умрузоқовлар билан бирнеча йилга қамалиб кетишди.
6.2. Қаҳрамонликка таёргарлик
Муҳаммаднинг уйи совхозга сал кам 20 км эканлиги сабаб, директор бўлиб сайланган кунининг эртасиёқ совхозга кўчиб келди. Ишни совхозга кирадиган асосий дарвоза (34-соружениядан ўтган ер)га совхоз номи ёзилган иншоатни қуришдан бошлади.
Муҳаммад бу хўжаликни озми-кўпми биларди, бирнеча марта оператив группа составида келган. Бундан ташқари, бирнеча ой (баҳорда, кузда) бу ерда райком вакили бўлиб ҳам фаолият кўрсатган.
Лекин одамларни, далаларни билиш учун, бу мутлоқо етарли эмас. Шунинг учун ҳам оёғига (вакилчиликда юрган) этигини кийганича, пиёдалаб ҳар бир далани, ҳар бир ариғу зовурни, бир неча кунда, ҳам энига, хам бўйига кезиб чиқди. Ҳар бир пудратчи билан ўз даласида суҳбатлашиб танишди. Ҳар бир биригадир билан эса унинг дала шийпонида суҳбатлашди. Барча камчиликлигу муаммоларни ўз кўзи билан кўрди.
Шуни таъкидлиш керакки, қайси бригадага, чорвачилик фермасига, трактор гаражига ёки бошқа жойга борса Муҳаммадни бригадир, инжинер, зоотехник билан бирга уларга (аввалги директор пайтида) беркитилган вакил ҳам кутиб оларди.
Боғот совхози Хоразмнинг шимолий-шарқий қисмига жойлашган ва шимолий томонида Амудариё ва жанубий томонидан Туркманистон билан чегарадош бўлиб, 7000 гектардан ошиқ территорияга эга. Шундан: 2000 гектарга яқин шоли, 650 гектарига пахта, 270 гектарига ем-хашак, 50 гектар боғ, 45 гектар сабзоаот ва полиз, қолгани эса Қорақумдаги яйловдан иборат.
Иқлими - кексин континенталь бўлиб, йиллик ёғин миқдори - 75-100 мм атрофида. Тупроғи - асосан Амудариёнинг аллювиаль ётқизиқларидан пайдо бўлган аллювиаль ўтлоқ (воп) тупроқ бўлиб, 78% майдони кучсиз, 19% майдони ўртача, 3% майдони кучли шўрланган.
Тупроқдаги қуруқ қолдиқ миқдори 0,092-1,78% ни ташкил қилади. Шўрланиш типи –сульфатли ва хлорид-сулфатли. Агроирригацион қатлам - 40-50 см ни ташкил қилади. Ундан пастда кўк рангли қум ётади. Сизот сувлари ер юзига яқин жойлашган. Совға ва қумлоқ тупроқлар озгина майдонни ташкил қилади.
Совхознинг барча далаларини пиёда айланиб чиқиб, чорава фермаси, машина – трактор парки, мактаб, боғча ва шунингдек хўжалик мутахасислари фаолиятини ўрганиб чиққандан кейин, барча мутахасису, фоалларини йиғиб мажлис ўтказди. Бунда совхознинг кундалик ва ҳафталик фаолиятига ўзгартиришлар киритди: Ҳозиргача бўлаётган ҳар куни эрталаб кун чиқмасдан олдин ва кечаси соат 10 дан кейин директор хонасида ўтадиган (ишга фойда эмас зарар берадиган) мажлисларни бекор қилди.
Ҳар куни эрталаб ҳар бир раҳбару мутахасис, директорнинг хонасидаги мажлисда эмас, ўз иш жойида бўлишини таъминлади. Ҳар ҳафтанинг якшанба куни кечқурун, директор хонасида, ҳар бир раҳбар ва бош мутахасис ҳафта давомида қилган ишига ҳисоб бериб, кейинги хафтада режалаштираётган иши борасида ахборат берадиган қилди.
Барча турдаги вакилларидан қилган ишлари бўйича ҳисоб беришни талаб қилса бирон жўяли гап йўқ. Комсомол ташкилоти секретари чорва фермасида вакил экан. Ўзи чорвачиликни умуман тушунмайди. Ҳатто уйида бирон бир мол ёки қўйи ҳам йўқ. Эрталаб бориб чорвадорлардан ким ишга кеч келганлигини, молларга ўт ўз вақтида берилишини, соғилган сутнинг миқдорини назорат қилар экан. Ферма мудири ҳам худдий шу вазифаларини бажаради.
Қодир Аллаберганов бригадасига чорва бухгалтери Иброхим Суюнов вакил, лекин у дехқончиликдан ҳеч нарсани тушунмас, эртадан кечгача биргадир борса бориб, келса келиб юрар экан.
Шу кундан бошлаб, совхоз директори Муҳаммад, совхозда вакилчилик тугатилганлигини эълон қилди ва шу билан директор сайловида берилган битта ваъдани бажарди.
Хоразмда (балки бутун Ўзбекистонда) кўп йиилардан буён келаётган бир удум бор. У ҳам бўлса, ҳосилни йиғиштириб олгандан кейин, то яхоб суви (февраль) бошлангунча деҳқонлар, мутахасису биригадирлар бирнеча ой таътилда ёки дам олишда бўлишади.
Муҳаммад бу ҳолни ўзгартирди. Ҳосилни йиғиштиргандан кейин ҳар бир пудратчи, бригадир, механизатор, аввалгидей таътилда бирнеча ой эмас, бир ойгача бўлиб қолган вақтда далада бўлиб, асосан ерни текислаш, гўнг ғамлаш каби ишлар билан шуғилланадиган бўлишди.
Бунинг самараси эса, даланинг шўрини ювишда, вегетация сувини беришда кўринди. Яъни, дала текис бўлмаса шўр ювиш пайтида, баланд жойининг шўри яхши ювилмайди ва бунинг устига, баҳорги ҳайдаш пайтигача қуриб топдан чиқиб кетади.
Паст жойининг шўри ювиладию баҳорги суриш пайтида тобга келмай лой сурилади. Натижада шўри яхши ювилмай қуриб кетган ери чигитни тўлиқ кўкартирмайди, лой сурилган ери чигитни яхши кўрактиради-ю лекин, кейин ниҳоллар яхши ривожланмайди.
Вегетация давридаги сувғоришда эса даланинг бир неча жойидан ариқ ва чел олишга тўғри келади. Бу тадбир (ариқ ва чел олиш) эса ҳар кулътивация ва сувдан кейин такрорланиши кеак. Агар дала текис бўлса шўр текис ювилади, узун бўлмаган далаларда челсиз, даланинг у бошидаги ва бу бошидаги ариқдан юборилган сув етарли бўлади. Гўнг қанчалик кўп ғамланса нафақат тупроқ экологияси яхшиланади, маҳсулот таннархи камайиб, иқтисод ҳам яхшиланади .
100 гектар ерни текислаб карталаштириш учун “Хорезмводстрой” трести билан 205 минг сўмга шартнома қилинган экан. Бу шартномани шартта тўхтатиб, бу майдонни қисқа вақт ичида ўз (совхоз) кучи билан ўзлари текислади ва 205 минг сўмни ўзлари ўзлаштирди. Булар ҳақида Совет Ўзбекистони газетасининг 1989 йил, 13-январь сонида батафсил ёритилди.
Аввал айтганимиздай, Муҳаммаднинг тавсияси бўйича, 1987 йилдан буён барча район хўжаликлари каби совхозда ҳам, пахта ўғит бериш билан бирга экиларди. Бироқ иш (экиш) унуми районнинг бошқа хўжаликларидаги каби кунига ўртача 7-8 гектарни ташкил қиларди. Бунинг асосий сабаби механизатор ва сеялкачилар тушлик қилган пайтида, эрталаб (соат 9 даги) ва пешин(соат 5 даги)даги чой пайтида сеялка тўхтаб туради.
Даланинг у ва бу томонида, агар даланинг бўйи узун бўлса, ўртасида ҳам чигит солиш учун трактор прицепи боргунча ва чигитни солгунча кутиб туради. Ўғит солишга ҳам худдий шунчалик вақт кетказилади.
Муҳаммаднинг кўрсатмаси билан чигит экишда, бошқа хўжаликлардаги каби 4 қаторли эмас, ўзлари ясаган 8 қаторли сеялкалар ишлатилабошланди. Шундаям экишни ташкил қилишда йўл қўйилаётган юқоридаги камчиликлар боис иш унуми 10-12 гектардан ошмас эди.
Совхоз директори Муҳаммаднинг кўрсатмаси билан механизатор ва сеялкачилар овқатланганида резервдаги тракторчига ҳайдатдилар. Тегишли ўғит ва чигитни даланинг у ва бу бошида (зарур бўлса ўртасида ҳам) халталарга солиб тайёр қилиб қўйдилар. Улар(чигит ва ўғит)ни тракторнинг ҳаракати давомида солдилар. Натижада, трактор эрталабдан кечқурунгача тўхтамади. Ва экиш кунига 20 гектарга чиқди. Бунда механизаторнинг маҳорати, ишнинг тўғри ташкил қилиниши билан бир қаторда, ернинг текислиги ҳам катта роль ўйнади. Бунга айрим юқоридаги раҳбарлар ишонмай келиб ҳам кўришди.
1989 йил, 14-апрель куни Правда Востока газетасининг мухбири Цеканов келиб: -Мен кунига 20 гектар экиш мумкинлигига ишонмайман, ўз кўзим билан кўрмоқчиман - деди. 15-апрель куни эрталаб, Цеканов иштирогида механизатор Қаландар Хамроевни, Қодир Аллаберганов биригадасидаги катта далага экишга туширдилар. Мухбир куни билан шу тракторнинг экиш жараёнини кузатган. Кечқурун экилган майдонни ўлчаб кўришса 20 эмас, 24 гектар чиқди. Кейин бу мухбир “Экишдаги мўжиза” сарлавҳаси остида материал ёзгани ҳозир ҳам кўпчиликнинг эсида.
Агар эътибор қилсангиз, сеялкаларнинг етишмаслиги боис, айрим хўжаликларда суриш билан экиш орасида фарқ 200, ҳатто 300 гектарга етади. Бундай ҳолатда сеялка етиб боргунча бирнеча кун ўтиб кетиб, ернинг нами кочиб кетади ва чигит нотекас кўкаради.
Бу муамони ечиш учун Муҳаммаднинг кўрсатмаси билан чигит экишни икки сменада, яъни кечаси ҳам экишни ташкил қилдилар. Экилиш сифати бўйича кечаси экилган дала кундузгисидан ҳеч қолишмади. Нами тез қочиб кетадиган жойларда эса бу усул ҳатто фойдали ҳам бўлиб чиқди.
Муҳаммад жорий қилган яна битта янгилик шу бўлдики, Руминия сеялкасининг дискиларини (унга янги тешиклар тешиб) туксизлантирилган пахта чигити экишга мослаб, у билан 90х10-1 схемада гектарига 9-10 кг чигит сарфлаб пахта экилди. Табийки бу майдонлар ягона қилинмади. Пахтанинг ривожи ва ҳосили бошқа майдонлардан устунроқ бўлди.
Қайси далани, қайси механизатор эккан бўлса, шу механизатор куътивацияни ҳам, эгат олишни ҳам, теримни ҳам, ва ниҳоят корчевка қилишни ҳам ўзи бажаради. Бу услуб механизаторнинг маъсулиятни ошириб, ишнинг сифатини кўтаришга сабаб бўлди.
Шуни алоҳида қайд қилиш керакки, қишлоқ ҳўжалик экинлари ҳосилининг деярли ярмидан кўпроғи фақат ўғитларни қўллаш ҳисобига тўғри келади. Бироқ шуни таъкидлаш лозимки, академик К.Темирязов ва Д.Приянишниковлар сўзи билан айтганда, инсониятнинг буюк кашфиёти бўлган ўғит, нотўғри қўлланилса энг мудҳиш (экологик) оқибатга олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам ўғитдан фойдаланганда фан кўрсатмасига амал қилиш зарур. Шундагина тупроқ эколигиясининг бузилишини камайтириб, иқтисодни кўтариш мумкин.
Совхозда пахтани ўғитлаш агрохимик-тупроқшунос, доцент Муҳаммад 1986-1988 йилларда ишлаб чиққан тавсия (Пахтани ўғитлаш муддати ва усули бўйича тавсиялар) асосида амалга оширилди. Бу ҳақда эса Совет Ўзбекистони газетасида “Илмлининг иши илгари” сарлавҳаси билан Абдурауф Қоржавов ва А.Рахимбоевлар каттагина мақола элон қилган.
Шуни таъкидлаш керакки, пахтанинг у ёки бу навини жойлаштиришда, унинг ўз ватани(нав яратилган жой)даги агротехникаси бўйича ҳосилдорлиги ёки бошқа хусусиятлари ҳисобга олинади. Натижада у навлар бошқа минтақаларда ўз хусусиятларини тўла намаён қила олмайди. Бундан ташқари, шу навлар яратилган региондаги агротехникани, ёки бўлмаса шу ерда ававалдан экилаётган пахта агротехникасини қўллаш, нафақат кутилган натижани бермайди, ҳатто зарари тегиши ҳам мумкин.
Бунга мисол қилиб ўртапишар, лекин серҳосил Бухоро-6 навининг 1992 йилдан мамлакатимизнинг шимолий ҳудидларида (Хоразмда ва Қорақолпоғистонда) экилишини кўрсатиш мумкин. Ўша йили Бухоро-6 нави бу икки регионда нисбатан кеч - апрелнинг охири, майнинг бошларида экилди.
Вегетация сувини берганда, ҳар бир култивациядан кейин, 175-Ф навига ўхшатиб, икки марта сув берилди. Бунинг устига, июль ойининг охирларида ҳам азотли ўғитлар билан озиқлантирилди. Натижада воп ва совға тупроқларда у ғовлаб кетди ва кечки бўлиб қолди. Шунинг учун ҳам бу йили бу икки вилоятда пахта топшириш режаси бажарилмади.
Бу вилоят раҳбарлари эса режа бажарилмаганлигига “Бухаро-6” навини айбдор қилиб кўрсатишди. Уларнинг фикрини Ўзбекистоннинг “буюк бободеҳқони” И.Жўрабеков ҳам қўллади. Шу асосда мамлакат Президенти И.Каримов телевиденияда: -Бухоро-6 навини далага киритманг! - дейишгача борди.
Лекин ҳақиқат эгилсада синмади, Ўзбекистон пахтачилигида ғўзанинг 108-Ф навидан кейинги энг ҳосилдор нав бўлган Бухоро-6 нави даладан чиқиб кетмади. Айрим биригадирлар, ҳатто хўжаликлар, бир икки йил озроқ жойларга яширинча бўлсада экдилар. Чунки айб навда эмас, унинг агротехникаисни бузган мутахасис ва дехқонларда эди.
Қиссадан ҳисса шуки, пахта навларини жойлаштириш, минтақага хос агротехникани яратиш, айниқса, шоли-пахта алмашлаб экиш йўлга қўйилган Боғот совхозида катта аҳамият касб қилади. Шунинг учун ҳам Муҳаммад совхознинг агротехник шароити учун пахтанинг Қизилроворт, Бухоро-6, АН-Ўзбекистон-3, 108-Ф, 149-Ф, 175-Ф навларини экиб тадқиқот олиб борди. Тажрибалар натижаси шуни кўрсатдики, энг юқори ҳосил 108-Ф, Бухоро-6 навларида қайд қилинди. Уларнинг кечпишарлигига келсак, чигит эртароқ (апрелнинг бошларида) экилса бу навлар ўз вақтида пишиб етилади.
Муҳаммаднинг бу (ва бошқа) тажрибалари билан 1989 йил июль ойида танишган мамлакатнинг (Ўз АСХНИЛ президенти акад. Усмонов) ва вилоятнинг (обком секретари, к-х.ф.н. Ғ.Машарипов) олимлари томонидан: -108-Ф навини ўрганишдан маъно йўқ эдику, у вильтга чидамсизлиги учун ҳам республикамиз даларидан чиқиб кетган эди - деган дашномлар ҳам бўлди.
Тўғри, бу нав узоқ йиллардан буён тўхтовсиз пахта экилиб вилт касаллигининг замбурғлари тўлиб кетган тупроқ(дала)лардан чиқиб кетган. Лекин кўп йиллардан буён шоли экилиб, бирон марта ҳам пахта экилмаган минглаб гектар (Боғот совхозига ўхшаган) майдонларда ҳам вилтга чалинадими, деган саволга Муҳаммаднинг тадқиқотлари 108-Ф нави бундай майдонларда вилтга чалинмайди, деган аниқ хулосани берди.
Совхоз директори (Муҳаммад) эса шу асосда, йиғилишларда ва оммавий ахборат воситалари орқали, шоли-пахта алмашлаб экиш майдоналарида вильтга чидамсиз бўлсада юқори ҳосилли, ғўзанинг 108-Ф навига ўхшаган навларни экишни тавсия қилди.
Шуни таъкидлаш керакки, Боғот совхози директори, доцент Муҳаммад, республикада биринчи бўлиб, катта масштабда, пахта-шоли алмашлаб экишни йўлга қўйди. Ҳозирги(1990)ги кунга келиб, пахта майдони 750 гектарга етди. Ўша йили 200 гектар ерга кузги буғдой экилди. Шундан 100 гектари бу йилги пахта ва шолидан бўшаган ерларга экилди.
Ҳозирда буғдой пахтадан бўшаган, лекин келгуси йил алмашлаб экиш картаси бўйича шоли экиладиган ерларга экилди. Бунинг боиси шундаки, ҳозир экилган буғдой келгуси йил май ойининг охирлари, июнь ойининг бошларига келиб ўриб олинади.
Ўрнига шолининг эртапишар Нукус-2, Ўзбек-5 каби навлари экилади ёки аввалдан экиб қўйилган Авангард нави кўчат қилиб ўтқазилади. Шундай қилиб, ўзлари бошлаган “пахта-шоли” алмашлаб экишни энди, “Пахта-буғдой-шоли” алмашлаб экишга айлантирдилар. Бунда икки йилда (пахта иштирогида) учта ҳосил олиниб, озиқ овқат программасини бажаришда янги бир йўналиш очилди.
Шуни эътироф қилиш керакки, пахта теримига киришилганига эндигина 2 ҳафта бўлиб, 22-сентабрда ғўзани пахтадан тозалаб, корчёвка қилиш ва ўрнига 100 гектар буғдой экиш кўпчилик (айниқса вилоят) раҳбарлар ва мутахасислар учун эришроқ бўлиб туюлди ва мўъжизага ўхшаб кўринди. Натижада, зудлик билан ёмон ниятда вилоят прократураси, ҳалқ контроли комитети ва телевидениядан келган мутасддилар, ҳамма нарсани ўз кўзлари билан кўриб, қойил ҳам қолиб, телевидения орқали совхознинг бу ишларини тарғиб қилишди.
Ҳа, бу иш ўша куннинг мўъжаси бўлса ажаб эмас, лекин бу мўъжиза тинимиз қилинган меҳнат билан бирга илмнинг ишлаб чиқариш билан оқилона ҳамкорлиги натижаси эди. Муҳаммад бошлиқ Боғот совхозининг бу ишлари Совет Ўзбекистони газетасининг “Омиркорликка таяниб” сарлавҳали мақоласида батафсил ёритилди.
Алмашлаб экиш ва қатор янги агротехник тадбирларнинг қўлланилиши ва ишнинг тўғри ташкил қилиниши натижасида эртаги ва юқори ҳосил кўтарилди. Бир кг ҳам пахта қўлда терилмади. Тохир Жобборов, Қаландир Ҳамроев, Сумбул Қозоқова, Кўпал Тангриберганов, Умида Сафарбоева, каби механизаторлар кунига 20-25 тоннадан, мавсумда эса 280-320 тонна (бу 1989-йил учун республикада энг юқори кўрсатгичлардан эди) пахта тердилар. Кундалик пахта топшириш совхоз бўйича (қўшиб ёзмасдан) 10 % гача етган кунлари бўлди. Бу ҳақда эса Ёш Ленинчи, (20-октабрь,) Қишлоқ ҳақақати, (12- октабрь,) Селксая Паравда, (15-октабрь) газеталарида ёритилди.
Агар 1989 йил 28-сентябрга бўлган маълумотга (Ленин йўли, 1989 йил 29-октябрь) қарасангиз кунлик пахта топшириш 7,5 фоизга яқин (бу пайтда бошқа хўжаликларда кунликт пахта топшириш 2-2,3%ни ташкил қилган) мавсум бошидан эса 67,5% пахта топширилиган. Ҳатто иккинчи ўринда бораяётган хўжаликда ҳам мавсум бўйича топширилган пахта 35,9%ни ташкил қилган.
Шуни қайд қилиш керакки, бошқа хўжаликлар пахта теришни 28-августда бошлаган бўлса, Боғот совхози пахта теримни 20-сентабрда бошлаган эди. Пахта сотиш давлат режасини 3-октябрда, мамлакатда биринчи бўлиб бажаришга эришилди. Бу ҳақда эса Совет Ўзбекистонни газетасида 1989 йил 4-октябрда Абдурауф Қоржавов имзоси билан “Республикада биринчи” сарлавҳали материал эълон қилинган.
Мамлакат ҳукумати (И.Каримов) топшириғига биноан, 1989 йил 4-октябрь куни Ўзбекистон Министрлар Совети Раисининг ўринбосари С.У.Султонова Хоразм вилоят раҳбарлари билан совхоз аҳлини зафар билан муборакбод қилишга келдилар (сурат-1). Тантана Қодир Аллабергановнинг дала шийпонида ўтди. С.Султонова пахта таёрлаш режасини республикада биринчи бўлиб бажарган хўжалик раҳбари - Муҳаммадга ВА3-06 “Жигули” машинасининг калитини қарсаклар остида топширди.
Муҳаммад эса бу совға учун Ҳукуматга миннатдорчилик билдириб, совхознинг пахта етиштиришда қўлга киритган бу муваффақиатида асосий ролни пудратчиллар, мехнанизаторлар ўйнаганини қайд қилиб, қўлидаги машина калитини совхозда (шунингдек республикада ҳам) биринчи бўлиб шартнома режфсини бажарган пудратчи(Солия аптекачи)га топширди.
Бу кутилмаган (режалаштирилмаган) ишга ҳамма, айниқса, республика ва вилоят раҳбарлари ҳайрон бўлишиб ҳеч ким чапак чалмади. Машина калитини олган пудратчи ҳам ўртада нима қиларини билмай туриб қолди. Пудратчини бу машина билан муборакборд қилиб Муҳаммад биринчи бўлиб қарсак чалди. Муҳаммаднинг қарсагига эса барча раҳбарлар ҳам қўшилдилар.
С.Султонова янгидан сўзга чиқиб, совхоз меҳнаткашларига юзланиб: -Нафақат пахта планини бажаргани, шунингдек, директорингизнинг ўзига берилган машинани сизларга ҳадия қилиб юбориши ҳам республикада биринчи ҳол бўлди - деди.
Муҳаммаднинг шундай қилишига икки сабаб бор эди: Биринчидан, оддий меҳнаткашларнинг раҳбарларга нисбатан муносабати (ишончи) яхшиланади. Иккинчидан, бу машинани олишга Муҳаммадда етарли пул ҳам йўқ эди. “Москвич” машинасини сотган пулини ҳам совхозда масжид қурилиши учун сарфлаган эди.
Ленин йўли газетасида: “Забт этилди дастлабки довон, зафарининг муборак Боғотлик деҳқон” сарлавҳаси остида бу зафарнинг асосий сабаблари кўрсатилган совхоз директори Муҳаммад ва совхоз парткоми секретари Ю.Матяқубовларнинг катта мақоласи эълон қилинди.
Шунингдек, бу газетада Боғотлик журналист-шоира Дилдора Отажоновнинг қутловидаги:
Боғот совхозидан келди хуш ҳабар,
Йигирма кунда бажарилди план!
Қодир Аллаберган, Аҳмад акалар,
Қайси олимдан кам пахта илмида.
Ғалабанг муборак, бобо деҳқоним,
Барчамиз айтамиз, зафар муборак!
Сатирлари ҳақли равишда Муҳаммад бошлиқ Боғот совхози меҳнаткашларига қаратилган эди.
Юқорида баён қилинганидай, ўтган (1988) йилнинг охирларида директорликка энди сайланган Муҳаммад совхознинг барча далаларини пиёда кезиб ариқ, зовур, челларни бирма бир кўриб чиққанидан кейин маълум бўлдики, оилавий пудрат яхши йўлга қўйилган, бу хўжаликда ҳам зовур, ариқ бўйлари, ички йўл ёқалари, чел устларидан фойдаланиш атига 18-20%ни ташкил қилар экан холос. Районнинг бошқа хўжаликларида бу кўрсаткич 10% ҳам етмайди.
Маълумки, ариқ ва зовурлар ҳам ҳар йили механизмлар ёрдамида қазиб тозаланади. Механизмлар уларнинг фақат бир томонидан юриши керак. Ариқ ва зовурларнинг механизм юрадиган томони ҳар йили қазиб бўлингач, булдозерлар билан текисланиб баҳорда чизел ўтказилади ва бу ерларга асосан бир йиллик сабзавот, полиз экинлари, маккажўхори, ловия, мош каби экинлар экилади. Механизм юрмайдиган иккинчи томонига мевали дарахтлар ҳам экиш мумкин.
Муҳаммад бу борада пудратчи Юсупбой ака Собировнинг тажрибасини оммалаштирди. Бу пудратчи 5 гектар ерга пахта экади. Даласининг бир томонидан ариқ, иккинчи томонидан зовур ўтган. Ариқнинг механизм юрмайдиган бир томонига 550 туп узум. 40 туп анжир. 150 туп анор экилган.
Механизм юриб қазадиган томонига эса, сабзавот экинлари экилган. Зовурнинг механизм юрмайдиган бир томонига эса: 400 туп жийда экилган, механизм юрадиган иккинчи томонидан эса ем-хашак ва полиз экинлари экиш учун фойдаланилди. Бу ернинг пудратчиси Ю.Собиров ҳар гектардан 40 центнер пахта олиш билан бирга, ариқ бўйларидан бир неча тонна сабзовот, 15 тоннадан ортиқ полиз махсулотлари, 5 тоннадан ортиқ жийда ва узум етиштирди.
Боғот хўжалигида 92 км дан ортиқ ички йўллар бор. Кўпчилик пудратчилар ўша йўллар ёқаларига ҳам сабзовот, полиз экнлари, дуккакли дон экинлари ҳамда маккажўхори экиб, яхшигина ҳосил олдилар.
Шуни айтиш керкакки, дала ичидаги челлар, ҳамда ички йўллар ёқаларига, зовур, ариқ бўйларига экин экиш, озиқ овқат программасининг бажарилишига муайян улуш қўшиши билан бирга, бу ерларда бегона ўтлар кўпаймаслигига, бу эса ўз навбатида, зарарли ҳашоратларнинг пайдо бўлишига ва кўпайиб кетмаслигига сабаб бўлади.
Муҳаммад совхозда пудратчилар ўртасида пудратга олинган ерлар атрофидаги ариқ, зовур бўйлари, дала ичидаги чел устлари, ҳамда йўл ёқаларидан оқилона ва унумли фойдаланш бўйича мусобақа ташкил қилди. Бунда Ю.Собиров, С.Рахимов каби пудратчилар мусобоқа ғолиблари бўлдилар ва уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.
Пудратга олинган ерлар атрофидан ёмон фойдаланаётган пудратчиларга эса, агар аҳвол шу зайилда давом қилса, биригада кенгаши ва меҳнат коллективи кенгаши қарори билан, пудрат еридан маҳрум этилажаклиги эслатилди.
Муҳаммаднинг бу ва бошқа (пахта-шоли, пахта-буғдой-шоли алмашлаб экиш каби) ишлари Обком бюроси томонидан қизғин маъқулланиб, вилоят аграсаноат комплекси мутахасис ва раҳбарлари, барча райком секретарлари (ҳокимлар) Ижраком ва РАПО раислари, барча хўжалик раҳбарлари, иштирогида кўрик семинар ўтказилди.
Обком бюроси қарори ва кўрик семинар тавсияси билан, Боғот совхозида қилинаётган ижобий ишларни ҳар бир райком секретари ўз раислари, ҳар бир ҳўжалик раиси эса, ўз бригадирлари ва илғор пудратчилари билан бирга келиб ўргандилар. Совхознинг бу ишлари нафақат вилоят ва республика, ҳатто Москванинг “Время” программаси орқали ҳам тарғиб қилинди. Шунингдек, булар ҳақида “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналининг 1990 йил 4-сонида “Ерлардан оқилона фойдаланайлик” сарлавҳаси остида катта матерал босилиб чиқди.
1990 йилда пахта экишни (қумлоқ ва енгил қумоқ ерларда) вилоятда биринчи бўлиб (март ойининг охирларида) бошлаб юборди. Бунинг учун кўпчилик ёшуллилардан: -Чигит ҳарорат етмаганидан чириб кетади, чириган чигитни ва экиш билан боғлиқ барча харажатларни эса, шахсан бу ўзбошимча ва “билимдон” директорнинг чўнтагидан ундириб олиш лозим - деган дашномлар ҳам бўлди.
Лекин у мутахасис бўлмаган ёшуллилар қумлоқ ва енгил қумоқ тупроқларда ҳарорат бошқа тупроқлардан 2-3 градус юқори бўлишини ва шунинг учун ҳам, чигитнинг чиримаслигини қайдан билишсин. Шунинг учун ҳам бундай дашном ва тавсияларга этибор ҳам бермай экишни давом қилдирдилар. Вилоятдаги кўпчилик хўжаликлар чигит экишни бошламай туриб, Бозот совхози апрелнинг ўрталарига келиб чигит (пахта) экишни якунлади.
1990 йил август ойида, Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи секретари И.А.Каримов Хоразмга ташриф буюрди. Унинг бориб кўрадиган жойлари рўйхатида, вилоятдаги энг яхши хўжалик сифатида Муҳаммаднинг (Боғот) совхози ҳам бор эди. Обком ва Райкомнинг режаси Боғот совхозидаги бунёдкорлик ишларини Каримовга кўрсатиб, совхоз директори – Мухаммадни социалистик меҳнат қахрамони унвонига тавсия қилишга розилик олиш эди.
Таёргарлик аъло даражада, вилоят агросаноат комплексига кирувчи барча раҳбарлар ҳам шу ерда эдилар. Боғот райкомининг биринчи секретари Ш.Хўжаниёзова ва Боғот совхози директори Муҳаммад совхоз чегераси – 34-соруженияда ўртоқ И.А Каримовни кутиб олишга шай турарди.
Обком секретарининг ёрдамчиси Б.Рўзметов кутилмаганда, рация орқали, Каримовнинг маршрут режаси ўзгариб қолганини ҳабар қилди. Урганч райкомининг биринчи секретари Маркс Жуманиёзовнинг “ташаббуси” билан улар Урганч районининг Охунбобоев номли хўжаликка бурилишган.
Аксига олиб, бу хўжаликда катта раҳбарнинг кайфияти бузилган. Чунки, унга барча зангори кемалар (пахта териш машиналари) теримга тўла шай, деб ахборат беришган. Назорат сифатида кўришганда, бахтга қарши биттаси юрмай қолган, бошқасининг эса шпинделлари ишламаган. Натижада, вилоятда техника тайёргарлиги яхши эмас, деб танбех эшитилди.
Ва ниҳоят, И.А.Каримовнинг совхозга ташрифи 1998 йилга келиб амалга ошди. Натижада, Ўзбекистон қаҳрамони унвони, “Югурганники эмас, буюрганники” мақоли асосида, совхознинг кейинги директори, Машариф Қувоқовга насиб қилди.
6.3. Деҳқончилик – илмий асосда
Чигитнинг эрта экилиши, илмга асосланган интенсив агротехнологиянинг қўлланилиши, пахтадан нафақат юқори ҳосил олишга ва шунингдек, жуда эртаги ҳосил етиштиришга ҳам олиб келди. Натижада пахтани дефоляция қилишни совхоз август ойида бошлаб юборди ва вилоятдаги айрим ёшуллиларнинг рухсатисиз дефоляция бошлагани учун Муҳаммад балога ҳам қолди.
Вилоятдаги катта йиғилишда, мутахасислиги инженер-механик бўлган Облагропром бошлиғи Р.Матрусулов: -Боғот совхози раҳбар-у мутахасислари, бизнинг рухсатимизсиз дефоляция бошлаганлиги учун, уларга ишдан олишгача бўлган чора кўриш керак, - деди. Унинг муовини бўлмиш Ш.Жобборов унинг таклифини қўллаб қуватлаш билан бирга, совхоз директорига бу ўзбошимчалиги учун партивий чора ҳам қўллаш лозимлигини тавсия қилди.
Оближраком раиси ўз сўзида: -Мамлакатимизнинг жанубий минтақалари - Сурхандариё ва Қашқадарё каби вилоятлари дефолицияни ҳали ўйлаб ҳам кўрганлари йўқ. Мамлакат пахтачилигининг шимолий қисмида бўлатуриб, август ойида пахтани дефоляция қилиш, пахтачилик илмига зид эканлигини тушунмаган бу олим - директорнинг чўнтагидан дефолация натижасида (ўз вақтидан эрта дефоляция қилиш ҳосилдорликни 5-7 центнергача камайтиради) келтирилган зарарни ундириб ҳам олиш керак - деб таъкидлади.
Муҳаммад айниқса охиргисига чидай олмади. Чунки Оближраком раиси Тошкент қишлоқ хўжалик институтида сиртдан ўқиган йилларда Муҳаммад ҳам шу институтининг ўсимликшунослик кафедрасида доцент бўлиб ишлаган. Кеча Муҳаммаддан дарс олган талаба (яхши ўқиган бўлса хам гўрга эди) юқори мансабга минганидан кейин, устозига илм ўргатса алам қилар экан.
Таклиф қилмасаларда Муҳаммад минбарга кўтарилди ва сўзни шундай бошлади: -Дефоляция ва бошқа ҳар қандай агротехник тадбир, партия ва совет органлари рухсати билан эмас, шу хўжалик шароатидан келиб чиқиб, хўжалик мутахасислари томонидан белгиланишини Облагропром раҳбарларига “яхшилаб” тушинтирди.
Оближраком раисига қараб: -Мен биладиган ва сизга ўргатган пахта илмида, дефоляция қилиш муддати август, сентябрь каби ойларга, у ёки бу вилоят, туман ёки хўжаликнинг дефоляция қилган қилмаганлигига қараб эмас, балки, ўртача бир туп ғўзадаги маълум миқдордаги кўсакларнинг очилиши ва юқоридаги кўсакларнинг етилишига қараб белгиланиши таъкидланган эди - деди. Ўтирганларнинг кўпчилиги беихтиер чапак чалиб юборишди. Шу кундан бошлаб Облисполком ва Облагропром раҳбарияти Муҳаммадга душман бўлиб қолишибди.
Обком секретари йиғилишларда Муҳаммаднинг ишлари, янгиликлари ҳақида кўпроқ гапирар, унинг ишларини тарғиб қилар, марказдан келадиган оммавий ахборат воситаларининг кўпчилигини Муҳаммад раҳбарлик қилаётган Боғот совхозига юборарди.
Бунга асосан иккита сабаб бор эди: Биринчи(асосий)си Муҳаммаднинг ишлари, меҳнатлари мақтовга лойиқ эди. Иккинчидан, Муҳаммадга Социалистик меҳнат қаҳрамони унвони беришга таёргарлик эди.
Муҳаммаднинг “бетга чопар”лиги учун унга душман бўлиб қолган Оближраком ва Облагропром раҳбарияти Обком секретари Р.Худайбергановга:
-Область партия комитети Боғот совхози директорини керагидан ортиқроқ эркалатиб юборди. Шунинг учун ҳам у хеч кимнинг гапига қулоқ солмайди, ўзбилармон, ҳатто бетга чопар ҳам. Натижаси мана, хеч ким қилмаган дефоляцини қилиб 5-7 центнер ҳосилни йўқотиб ўтирибди - деб дашном беришади.
Бундан жаҳли чиққан Р.Худайберганова бу “хатолик”ларни ўз кўзи билан кўриш учун эртасигаёқ Боғот совхозига ташриф буюрди. Муҳаммад обком секретари Р. Худайберганова ва райком секретари Ш.Хўжаниёзоваларни совхознинг шарқий чегарасида кутиб олди. Машинадан тушасолиб Обком секретари Муҳаммадни койи бошлади:
-Ахир ростдан ҳам август ойида пахтани дефоляция қиладими. Мана, сиздан кўриб бу (Коммуна) колхоз ҳам бирон кўсаги очилмаган бўлсада дефоляция қилиб юборибди.
-Шу пайт Ш.Хўжаниёзова: -Айтманг - деб ишора қилди Муҳаммадга. Чунки қўшни Коммуна колхозининг бу даласи қизилча (ўргимчаккана) туфайли кўп барглари тушиб, яқинда дефоляция қилинганга ўхшаб қизариб кетган эди.
Муҳаммад бир оғиз ҳам гапирмай уларни аввалроқ дефоляция қилинган далага бошлаб борди. Бу даладаги ғўзаларда деярли очлмаган кўсак қолмаган эди. Муҳаммад пахталарга ишора қилиб: -Бу далани қачон дефоляция қилишга маслаҳат берардингизлар? деди. Р.Худайберганова ноҳақ койиганига ўзи уялиб қолди ва: -Мен умримда иккинчи марта бировларнинг гапи билан бировни хафа қилишим, узр Муҳаммаджон - деди.
Муҳаммад уларга қандай қилиб юқори ҳосилли эртаги пахта етиштириш сирларини сўзлаб берди. Обком ва райком секретарлари (ҳокимлар) Муҳаммаднинг қилган ва қилаётган барча ижобий ишлари билан танишгач, кайфиятлари янада кўтарилди ва кўпчиликнинг олдида: -Яшанг Муҳаммаджон, шу йилнинг якунида сизни олий (қаҳрамонлик) унвонига тавсия қилиш билан бирга, сизга ГАЗ-24-10 “Волга” машинасининг калитини ўзим топшираман. Бироқ ўтган галгидей уни яна битта пудратчигами, механизаторгами тортиқ қилишни ҳаёлингизга ҳам келтирманг - деди Обком секретари. Афсуски, бу билан у Оближраком раҳбариятининг Муҳаммадга бўлган душманлигини янада кучайтиражагини ва натижада Волга нарида турсин, велосепед ҳам бердирмаслигини билмасди.
Боғот совхози сентябрь ойидаёқ вилоятда (шунигдек республикада ҳам) биринчи бўлиб, пахтани машина билан теришга тушди. Бу жараёнда қатнашиш учун Хоразм вилояти раҳбарлари билан бирга Республика Олий Совети Президиуми Раисининг ўринбосари бошлиқ бир группа ўртоқлар ҳам ташриф буюришди.
Улар барча етиштирилган ҳосилни машинада териб топширилишига, қўлда бир кг ҳам терилмаслигига ишонч ҳосил қилиб кетишди. Булар хақида эса “Сельская правда” “Қишлоқ хақиқати”, “Совет Ўзбекистони” ва “Правда Востока” (23-1Х-1990), “Хоразм хақиқати”, “Лекин йўли” газеталарида батафсил (сурат лавҳалар билан) ёритилди.
Боғот совхози шоличиликка ихтисослашган бўлиб, яқингача асосан шоли экарди. Шунинг учун ҳам бу хўжаликда шоли асосий ўринни эгаллайди. Аввалдан шолини экиш агротехникасида йўл қўйилган хатоликлар натижасида катта кўпчилик майдонларни бегона ўт босиб кетган.
Бундан осонгина қутилиш учун, кўплаб гербецидлар қўлланилган. Натижада шолининг ҳосили 7-8 центнерга камайиб, унинг экологик сифати ҳам ёмонлашган. Бунинг устига атроф муҳит экологиясининг ёмонлашувидан барча тирик мавжудотлар, шу жумладан, шолипоядаги балиқчалар ҳам нобуд бўларди.
Муҳаммад буларга чек қўйди, икки йилдирки, бир кг ҳам гербецид ишлатмади совхозда. Шоли экиш пайтида қўлланилган янги агротехник тадбир натижасида, деярли барча майдонларда, бегона ўт кескин камайди. Озроқ чиққан бегона ўтларни эса қийинроқ бўлсада механик усул билан қўлда йўқотилди.
Бу эса шолининг ўрнига пахта экканда, аввалгига ўхшаб, гербицид таъсирида пахта ривожи маълум муддат тўхтаб қолиш муаммосини бартараф қилиш билан бирга, юқори ҳосилли, экологик тоза маҳсулот (гуруч, пахта ёғи) етиштиришга замин яратди.
Совхоз ўз маҳсулотини валютага сотиш мақсадида, чет эллар билан иқтисодий алоқалар ўрнатиш учун, чет эллар билан иқтисодий ҳамкорлик қилувчи “Туркистон” жамиятига аъзо бўлди. Бу орқали 150 тонна экологик тоза Авангард навли шоли уруғини Венгерияга сотиб, совхоз счётига 43 мингдан ортиқ чет эл валютасини туширди. Булар ҳақида эса Ёш ленинчи (14-09-1989), Қишлоқ ҳақиқати, Совет Ўзбекистон (13-09-1989), Хоразм ҳақиқати, Ленин Йўли газеталарида батафсил ёритилди.
Яна бир хайирли иш, Хоразм полизларини қайта тиклаш бўлди. Ҳаммага маълумки, Хоразм полизи (айниқса қовунлари) илгари мамлакатда машҳур бўлган. Лекин мутахасис ва деҳқонларнинг эътиборсизлиги, сув ва тупроқ сифатининг ёмонлашуви натижасида Хоразм қовун, тарвуз, қовоқларининг қатор навлари жуда камайиб, айрим ҳолларда йўқолиб кетган.
Шуни тиклаш мақсадида, ва шунингдек, Хоразмнинг ҳозирги шароитида полизларнинг қайси тур, ёки нави сифатли ва юқори ҳосилли бўлишини аниқлаш учун, Хоразм, Қорақолпағистон, Чоржўй, Тошҳовуз вилоятларидан “Олахомма”, “Қорақатти”, “Жийдаяпроқ”, “Оқнавот”, “Сурхони”, “Кўкча”, “Қарриқиз”, “Қўйбоши”, “Хива бешаги”, “Гурвак” каби қовунларнинг 20 дан ортиқ навини, тарвузнинг “Ҳайтқора”, “Гулистон”, “Мраморний” каби ўнга яқин навларини, қовоқларнинг “Паловкади”, “Нонкади”, “Саллакади”, “Болкади” каби ўнга яқин навларини экиб тадқиқот олиб борди.
Шуни қайд қилиш керакки, олинган малумотлар Хоразм шаоиритида қовунинг “Олахомма”, “Сурхони”, “Жийдаяпроқ”, “Гурвак” каби навлари, тарвузнинг “Ҳайитқора”, “Мраморний” навлари, қовоқнинг “Паловкади”, “Нонкади” каби навлари ўзларининг чидамлилиги ва ҳосилдорлиги билан бошқа навларидан ажралиб турди.
Шундай қилиб Муҳаммад, совхоз деҳқончилигини илмий асосга ўтказиш борасидаги ваъдасини ҳам ошиғи билан бажарди.
Совхоз директори бўлиб ишлаётганига ҳали бир йил ҳам тўлмасдан, ўзининг дадил ва кескин фикрлари билан, айниқса, оммавий ахборат воситалари ходимларига ёқиб қолди шекилли, Муҳаммадни район газетасининг қишлоқ хўжалик бўлимининг мудири Шавкат Болтаев очиқ мулоқатга таклиф қилди.
Муҳаммад бу мулоқатда район раҳбарларининг иш (вакилчиликка, оператив группага ўхшаш) услубларини, айниқса, кунига ўтадиган мажлисбозлик(бюро)ни очиқдан очиқ танқид қилди. Район агросаноат уюшмаси (РАПО) бор йўғи бир бюрократик ташкилот сифатида фаолият кўрсатаётганлигини очиб бериб, уни умуман тугатиш таклифини кўтарди. Ўрнига эса мутахасислар бюросини ташкил қилиш лозимлиги, қайси хўжаликка қайси мутахасис ёки маслаҳат зарур бўлса, шу бюрога мурожат қилиш мумкинлиги ва шу билан кучли (агроном, инженер, зоотехник ва бошқа) мутахасислар обрўсини кўтариш ғоясини олдинга сурди.
Ҳар қандай раҳбар вилоят, район, хўжалик ёки ташкилотни ривожлантириш учун давлат режаларини бажариш билан бирга, ўз ишлаган жойида албатта яхши из қолдириши ҳам кераклигини таъкидлади. Бу мулоқат “Ленин йўли” район газетасининг 1989 йил сентябрь сонида “Раҳбар из қолдириши керак” сарлавҳаси билан эълон қилинди.
“Бўрини канчалик уйда боқсангда ўрмонни қўмсайди” деган мақол Муҳаммадга кўпроқ ўринли бўлса керак. Чунки бундай катта хўжаликда ишлаб чиқариш муамолари тўлиб тошиб турган бир пайтда, илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, илмий мақола ва китоблар ёзишга (истаган имкон, истамаган баҳона қидиради дегандай) ҳам вақт топарди.
Юқорида баён қилинган тадқиқотлардан ташқари, Амударё соҳилларидаги тўқайзорлар ичидаги табиий ўсимликларга ўғитларнинг таъсирини ўрганиш бўйича ҳам тадқиқотлар олиб борди. Тадқиқот олиб борилган жой Хоразм ўрмон хўжалиги тасаруфига кирадиган ҳудид эди. Суринкасига икки йил олиб борилган тадқиқотлар натижасида теккислик минтақасидаги тўқай фитоценозларига бериладиган ўғитларнинг тури ва комбинацияси, дозаси ва нисбатлари аниқланди.
Муҳаммад деярли ҳар куни идорада, кеч соат 11:30 - 12 лардан кейин 1,5 - 2 соат илмий-ижодий иш билан шуғулланарди. Бу пайтда бирнеча илмий мақолалар ёзди, ва португал тилида Мозамбикда чоп қилинган “Мозамбик пахтачилигини ривожлантириш масалалари” китобини рус тилига таржима қилиб “Меҳнат” нашриётида чоп қилдирди.
Шуни айтиш керакки, совхоз деҳқончилигини илмий асосга ўтказиш мақсадида ўнга яқин илмий-тадқиқот (САНИРИ, Агрохимия ва тупроқшунослик инстиути, Ботаника институти, Микробиология институти, Шоличилик институти ва бошқалар) институтлари ва олий ўқув (Новосибирск университети, Хоразм пед.институти) юртлари билан ҳамкорлик қилди.
|