"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (Тарихий роман)

 VII-Бобнинг давоми
6.4. Туркман (Хоразмий) посёлка(маҳалла)си ҳақида

Муҳаммад директорликка  сайланганидан кўп ўтмай, район ҳалқ конроли комитети раиси, райком бюро аъзоси Йўлдош Қурбонбоев ҳам қатнашаётган катта бир йиғилишда Муҳаммаднинг қурилиш ва маданий  ишлар бўйича ўринбосари Хажи ака Аллаберганов: 
-Ёшулли,  сайловолди  программангизда таморқа  ерларни  13 сотихга етказаман, деб бекор  ваъда  бердингиз. Чунки, биринчидан, ер тўғрисидаги қонунда совхоз ишчиларига сувғориладиган ерларда  7-8 сотихгача берилади деб кўрсатилган. Иккинчидан, биз аввалги директор Машариф Қувоқов билан бу масалани  ечиш  учун Ўзбекистон Минстирлар Советига ҳам бордик, ҳал бўлмади. Бу масалани сиз у ёқда туринг-у, сиздан каттароқлар ҳам ҳал қилаолмайди - деди кесатиқли виқор билан.
Муҳаммад ўрнидан сапчиб туриб: -Барчангиз   икки   қулоғингиз  билан эшитинглар!  Мени шу мансабга  на ҳукумат, нада партия қўйгани йўқ, мени ҳалқ сайлади. Шунинг учун шу ҳалқ манфати учун партия топшириғига, қонун кўрсатмасига  зид бўлсада таморқани 13 сотихгача  кўпайтираман. Сайловда берган ваъдамни тўла маънода  “Туркманннинг ваъдаси” деб  тушунинглар - деди. Йиғилиш қатнашчилари ўринларида туриб қарсак чалиб юбордилар.
 Икки ойдан кейин совхоз ишчиларидан  120 тасига 13 сотихдан жой ўрни  бериш учун ер ажратишни сўраб совхоз сўровномаси билан Ижраком раиси(Ш.Хўжаниёзова)га учрашди. У бўлса бу масалани кўриб чиқиб таклиф киритиш учун район ер тузиш инспекцияси  бошлиғи Матчон Ойтўғдиевга юборди. У бўлса: -Совхоз ишчиларига 13 сотихдан ер бериш мумкин эмас - деб ёзиб берган.
Муҳаммаднинг Ижраком раиси билан муносабатлари яхши эди. Аввал райкомда бирга ишлаган, совхоз директори бўлганидан кейин эса, бирон ёрдам (қода-қойим) керак бўлса асосан Муҳаммадга мурожат қиларди. Шунинг учун ҳам олдига дадил кириб нима билан битсада  битириб беринг, деб туриб олди. 
Ижраком раиси бўлса: -Майли, сиз Матчон германни (Ойтўғдиевнинг  лақаби) рози қилинг - кейин ёрдам қиламиз, деди. Муҳаммад Ойтўғдиевнинг олдига борди. Аввалига М.Ойтўғдиев: -Дод буни қилиб бўлмайди - деб туриб олди. Кейин ётиғи билан яхшилаб  “тушинтирган” эди, ҳужжатларни тўғирлаб берди.
Ойтўғдиевнинг таклифи асосида Ижраком раиси Муҳамадни “қарздор” қилиб қарор чиқариб берди. Қаловини топиб қор ёғдиргани (ишчилар манфати) учун бениҳоя хурсанд эди.
Афсуски, Муҳаммаднинг хурсандчилиги узоққа бормади. Бундан ҳабар топган район прокурори Комилжон Ражабов, бу ҳужжатлар ер тўғрисидаги қонунга зид бўлганлиги учун уни бекор қилган. Прокурор билан ҳам Муҳаммаднинг муносабати ёмон эмас  эди.
Муҳаммад бориб, нима билан битса ҳам “тўғирлаб”  беришини сўради. -Биринчидан, мен протест киритишдан олдин хабаримни олишингиз керак эди, иккинчидан, бу катталарнинг қулоғига етган, шунинг учун бу илтимосингиз энди мендан битмайди - деди прокурор.
 Бу борада, Муҳаммаднинг Тошкетгача бошини урмаган жойи қолмади, баттар бўлса бўлдики, лекин олдинга юрмади. Муҳаммаднинг  бу борадаги иши ҳақида катта кичик эшитганлар,  бир-биридан: -Туркманнинг ваъдаси  нима бўлаяпти? - деб сўрар, ҳатто айрим ҳазилкашак ҳамкасблари, дўстлари: -Туркман жўра, ваъда нима бўлаяпти? деб ҳам сўрашарди.
Якшанба куни кечқурунги йиғилишда Муҳаммад: -Эртага эрталаб жой ўрни сўраб ариза берганларнинг берчаси келсин, 13 сотихдан жой ўрни олади, - деб эълон қилди. Совхоз ер тузиш технига Эркин Ҳайитовга, барча қозиқларни, ўлчаш асбобларини олиб келишни, қурилиш ва маданият  ишлари бўйича ўринбосари Ҳажи Аллабергановга, жой ўрин олувчилар рўйхати ва қурилиш ходимлари билан белгиланган жойга келишини топширди.
 Ҳажи Аллаберганов ўрнидан туриб:  -Ёшулли сиз топширган нарсаларни  тайёрлаб айтган жойингизга келамизку-я, бироқ бунга рухсат нима бўлади, ҳатто Тошкентдан ҳам битираолмадингиз шекилли - деди кесатиб. 
-Ҳа, Тошкентдан битмаган бўлса, Мосвадан битирдим, сизлар айтилган топшириқни бажаришни билинглар - деди зарда билан Муҳаммад.
Эртасига жой ўрни бериладиган ерда  тумонат одам, ҳар ким ўзича қоғозга солинадиган  иморатининг чизмасини чизиб олган, ҳамма хурсанд эди. Бирданига  Муҳаммадни, ёшулли (райком секретари – ҳоким)  сўраяпти, деб телефонга чақириб қолишди. 
Ёшулли (ҳоким) телефонда сўрашмай ҳам: -Партиянинг, раҳбарларнинг, қонуннинг рухсатисиз жой ўрни беришга ким сизга изн берди? - деб қолди. Муҳаммад  ўзини тўхтата олмай: -Аллоҳ ижозат қилди - деб юборди. Ёшулли  бўлса -Ҳаммасига жавоб берасан! - деди-да  зарда билан телифонни  қўйиб қўйди.
Муҳаммаднинг кўз олди қоронғилашиб  кетди ва  бир пастдан кейин ўзига  келиб, ўзини  қўлга олди-да, жой ўринларни бўлиб, қозиқларни қоқишга  кўрсатма берди.
 Х.Аллаберганов: -Мен бу ноқонуний буйруқни бажараолмайман, деди-да машинасини миниб кетиб қолди. Ер тузиш технига Э.Ҳаитов бўлса: -Ёшулли менинг бола чақам бор, мен бу иш учун қамалиб кетсам уларга ким қарайди, шунинг учун ҳам жой ўрниларни  ўлчаб, қозиқ  қоқиб, бошим  икки эмас. Мана,  қозиқларингиз, деди-да - метрини чўнтагига  солиб, даладан  чиқиб кетди.  
Партком секретари билан деҳқончилик бўйича муовинига: -Қозиқни мен қоқаман, сизлар ипнинг бир учуни тутинглар, деди Муҳаммад. Улар: -Ёшулли бу ишнинг нонини еб юрган Ҳажи ака билан Эркин ака қилаолмаганида биз қилоалармидик - деб орқага тисирланишди. Юздан ортиқ жой ўрни олувчилар ҳаяжон ва ачиниш билан совхоз директори – Муҳаммадни кузатиб турардилар.
 Кутилмаганда: -Ёшулли ипнинг бир учини мен тутаман, деб қолди - бунга чидай   олмаган Муҳаммаднинг шофёри Комилжон  Рахимов.  Биринчи қозиқни Муҳаммаднинг ўзи қоқди ва биринчи жой  ўрнини  қадамлаб ўлчаб  Юсупбой Нурметовга берди. Иккинчи жой ўрнини бригадир Отажон акага берди. Барчасини  угловой қилиш ва ёнғин хафсизлиги мақсадида  ҳар икки жойнинг ўртасида 8 метирлик  йўл қўйди. Кўчанинг энини сал кам 20  метр қилиб  белгилади. Бу ишларнинг барчасини биронта  ўлчагич  асбобисиз, оёғи (қадамлаб) ва кўзи  ёрдамида  қилди.

Сурат-5. Боғот совхозида 16 сотихдан берилган жой ўринлар ва шох кўча. 1990

 Жой ўрин олиш навбати 5-бригада  бошлиғи, СССР Давлат  мукофати лауреати, Ўзбекистон Олий Совети депутати, Қодир Аллабергановга  келганида у Х.Аллаберганов ва Э.Ҳаитовларнинг қочиб кетганларидан  қўрқди шекилли: -Ёшулли, жой  солишга  қурбим етмайди, мени  рўйхатдан  ўчирақолинг -  деб чайналди. 
Муҳаммад жой ўрнини  ўлчади-да: -Манабу жой ўрни сизники Қодир ака.  Шу жой ўрнини олиб, иморат солишга киришсангиз, 5-бригаданинг бригадирисиз, агар олмасангиз,  сиз билан ишламайман, сизга жавоб! Бекорга  сизни Қодир  қўрқоқ  дейишмас экан -  деди Муҳаммад. 
 Қ.Аллаберганов: -Мендай машҳур бригадирни юқоридаги ёшуллиларнинг розилигисиз бўшатиб кўрчи. Эртагаёқ ишинга боргин деб ўзинг илтимос қиласан - деган маънода, -Майли ишламаганим бўлсин - деганича даладан  чиқиб  кетди. 
Эртасига Қ.Аллаберганов юқоридаги ёшуллиларнинг олдига бориб, директор мени бўшатаяпти, деб “йиғлаган”. Ёшуллининг ёрдамчиси Муҳаммадга телефон қилиб: -Қодир акани бўшатмас экансиз - деди. Шунда Муҳаммад: -Майли, мен уни бўшатиш ҳақида буйруқ чиқарганимдан кейин ёшулли Райком бюроси қарори билан менинг буйруғимни бекор қилиб уни ўрнига тиклайверсин - деди.
Бу гап бир пастда шов-шув бўлиб кетди. Бундан жаҳли чиққан ёшулли: -1970 йилларда И.Досов ўзининг машҳур бош агрономи Қ.Худайбергановни бетгачопарлиги учун  бригадирликка тушириб  қўйганидай, Муҳаммадни бригадир қилиб, бригадирни эса директор қиламан, деб Обкомнинг розилигини сўраган. Чунки хўжалик раҳбарлари Обком номенклатурасида туриши боис уларни бўшатиш Обкомнинг розилиги билан амалга ошириларди.
Обком секретари ёшуллининг бу таклифига –Сталиннинг, мен аскар билан генерални алмашмайман, дегани эсингдами? Қ.Аллаберганов лаурет, депутат бўлсада у бригадир – яъни аскар. Муҳаммад эса директор – яъни генерал. Манашу нақлнинг маъносини чақиб иш тут - дебди.
-Шундан кейин ёшулли Қ.Аллабергановга - -Директорингиз билан ўзингиз келишинг - дебди. Қодир Аллаберганов совхоз директори Муҳаммаднинг олдига келиб: -Ёшулли тавба қилдим. Жой ўрнини олдим, иморат солишнида бошлайман, ишимга бораверайми? - деб ижозат сўради. Директор (Муҳаммад): –Бузоқнинг югургани сомонхонагача, деб бекорга айтилмаган, қанча унвондор бўлсангиз-да ўрнингизни билинг бундан кейин - деб  рухсат қилди. 
 Жой ўрни олган барчаларига  зудлик билан иморат солишни бошлашга  кўрсатма  берди.  Иморатларнинг  тагини кўтаришга  экскаватор, юк машиналарини  ёрдам сифатида (текинга) берди.  Кўпчилик одамлар иморат солишни бошлаб юбордилар. Совхоз  территориясида иморат солиш учун  яроқли  бўлган совға тупроқ кам учрайди. Шундай тупроқ беда (2-чи йили) экилиб турган ерда бор эди. Иморат солиш учун лойни 3 гектарга  яқин бедапояни бузиб берди. Чунчи лой олиш мумкин бўлган қатлам 50-60 см дан ошмас эди.
Боғот совхозида 13 сотихдан  томорқа берилган, деган шов-шув  бутун вилоятга  тарқалган. Ҳатто бошқа совхозлар раҳбарлари  ва ишчилари бунга ишонмай кўриб ҳам кетишган. Вилоят раҳбарлари токи бошқаларга ибрат бўлсин учун, Муҳаммадга бу иши учун зудлик билан чора  кўришни район раҳбарларига топширишган. Шундай қилиб, Муҳаммаднинг қаҳрамонлик каръерасига биринчи болта урилди.
Райкомнинг кенгайтирилган бюросида бу борада Муҳаммаднинг ҳисоботи  қўйилди. Бу масалани  ўрганган маъсул  ўртоқлар: -Директор ўзбошимчалик  билан 15 гектардан ортиқ аъло ерни 13 сотихдан жой ўрнига  тарқатиб  юборган. Унинг бундай  қилишидан  катта  миқдорда  моддий манфатдорлик  кўрган бўлиши  ҳам эхтимол. У нафақат  қонунни, шунингдек, партия  нормасини ҳам бузган ва ҳоказа - деб Муҳаммадни роса дўппослашди.  Совхоз директорининг бу ишлари учун директор(Муҳаммад)га ҳам қонуний, ҳам партиявий чора кўриш  борасида бюрога таклиф киритишди.
 Ва охирги сўз учун Муҳаммадни трибунага таклиф қилишди. Муҳаммад минбарга кўтарилди, ҳамма жим. Унинг илтимоси учун бу  борада  Муҳаммадга ёрдам берган ёшуллилар ҳам: “тарвуз тушириб юбормасин-да” деб қўрқиб ўтирардилар.
Муҳаммад, бюро аъзолари ва залга қараб: -Ҳурматли бюро аъзолари, муҳтарам коммунистлар. 15 гектардан ортиқ ерни жой ўрнига  бўлиб юборганим ҳам, унинг ер тўғрисидаги  қонунга зидлиги  ҳам, бу борада раҳбарларнинг (жой ўрни бермаслик тўғрисидаги) кўрсатмаларини бажармаганим ҳам тўғри, буларга  иқрорман.
 Аммо, жой ўрни беришдан моддий  манфатдорлик  кўриш масаласига  келсак, бу нотўғри, буни кўпчилик, шу жумладан, совхознинг барча меҳнаткашлари яхши билишади. Райондаги деярли барча хўжаликлар жой ўрнини текинга бермасликларини ҳамма, шулар қатори сизлар ҳам биласизлар. Такрор айтаман бизда бундай ҳолатлар йўқ.
Энди бошқа нарсага  эътиборингизни каратмоқчиман. Барча колхоз ва колхозчилар, сизга маълумки, пахта, шоли, мева узум ва бошқа нарсалар етиштириш билан шуғулланишади. Хўш, совхоз ишчиларичи, улар ҳам худдий шу нарсаларни етиштиришади-ку.
Райондаги (колхоздаги) колхозчилар  ўртача 1,5 - 2 гектар ерга қарайдилар  ва пахтадан кўпи билан 30 – 35 центнер, шолидан 25-30 центнер ҳосил олишади. Биз (совхоз)нинг  ишчиларимиз эса 5-7 гектар ерга қарайдилар  ва пахтадан 35-40, шолидан эса 50-55 центнер ҳосил оладилар.
 Ҳар бир колхоз ўртача  800-1000 гектар ерга деҳқончилик  қилади. Бизнинг совхозимиз  3000 гектардан ортиқ  ерга деҳқончилик  қилади, аҳолиси эса 2 минг кишидан сал кўпроқ. Шундай бир шароитда колхозчилар 13 сотих томорқа олишса-ю, совхоз ишчилари 7-8 сотих томорқа олишса,  инсофданми шу?!
Совхоз ишчиларининг ҳуқуқларини чеклайдиган  бундай қонунлар русларининг ҳаёт ва иш тарзи асосида  қабул  қилинган. Чунки Россияда  совхоз  ишчилари кунига 7-8 соатдан, ҳафтасига  6 кун ишлашади. Ахир бизда мутлақо бунинг аксику! Шунинг учун ҳам бу қонунлар, айниқса  бизнинг шароитимизга мутлоқо  тўғри келмайди, буни барчангиз яхши биласизлар. 

Шундай бўлгандан  кейин, менинг совхоз  меҳнаткашлари манфати йўлида  қилган бу  ҳаракатларим  юқорида  айтилганидай, инсофга сиғмайдиган қонунларга тўғри келмасада, адолат, шариат, конунларига тўғри келар, деб ўйлайман - деб сўзини тугатди, Муҳаммад. 
Ҳеч ким бирон савол  бераолмади, Муҳаммад бориб жойига ўтирди. Райкомнинг биринчи секретари (ҳоким) бюро аъзоларига “Нима қиламиз?” дегандай  бир-бир қаради-да: -Кимда қандай  таклиф бор? - деди.  Ҳамма  жим бўлиб ерга  қараб ўтираверди. 
-Бюро бошланишдан  олдин сизлар билан келишган эдикку,  ҳар бирингиз  бу аввало  Обкомнинг талаби  эканлигини биласиз - деди райком секретари. Шундаям биронта  одам чурқ этмади. 
-Бўлмаса, лойиҳадаги қарор  билан келишамиз - деди ёшулли. 
Лойиҳада эса: -Ўзбошимчалик  қилиб жой  ўрни бергани учун Боғот совхози директори, коммунист  Муҳаммадга қаттиқ хайфсан берилсин. Ноқонуний берилган жой ўринлари қайтариб олинсин. 13 сотихдан жой ўрни бериб, ер  тўғрисидаги  қонунни  бузгани  учун жавобгарлик  масаласини кўриб чиқиш район  прокурори  К.Ражабовга топширилсин -  деб ёзилган эди. Бюро аъзоларидан ва ўтирганлардан  биронтаси “ҳа” ёки “йўқ” демади. 

 Шу куниёқ: -Директор  жой ўрни  бергани учун жавобгар қилинармиш, берилган жой ўринлари эса қайтариб олинармиш - деган шов–шувлар барча ерни тутиб кетди.  Иморат қураётган одамларнинг сабри  чидамади  шекилли,  кўпчилиги  келиб: -Ёшулли  биз учун жабр  тортадиган бўлибсиз, майли, жой ўринларимизни  олақолишсин, лекин сизга  тегишмасин. Агар сизга тегишса на райкомини на прокурорини  аямаймиз - дейишди. 
-Хавотир олманглар, партиядан ҳам, конундан  ҳам юқори  турадиган зот – Парвардигор бор. Сизларнинг дуоларингиз асосида Яратган бало–қазолардан   сақлар иншаАллоҳ. Шунинг учун ҳам, мени рози бўлсин десангизлар,  иморатларингизни  тезроқ  қуриб битиринглар. Мен эса  бу иморатлар учун тезда  табий газ ва  ичимлик  (водопровод) сувини ҳал қилишга киришаман - деди Муҳаммад.

Бу посёлкага тезроқ газ ўтказиш масаласини ҳал қилиш учун РайГАЗ бошлиғи Баҳодир  Сапаевга учрашди. Унинг билан Муҳаммаднинг муносабатлари жуда яхши эди. Унинг ҳам яқиндаги  бюродан ҳабари  бор эди. 

 Муҳаммаднинг мақсадини эшитган Б.Сапаев: -Муҳаммаджон ака, бу борада ўйламай  ҳам қўяқолинг, бу посёлка ҳақидаги шов-шув Олбгаз бошлиғи Дашковгача борган. Лекин сиз акамнинг шогирди (унинг акаси Шоназар Сапаев Муҳаммаднинг тарих фанидан ўқитувчиси эди) бўлганингиз учун йўлини айтай. Ўзларингиз турубаларини топинглар-да, хонадонларга ўтказаверинглар. Ҳаммаси тайёр бўлгандан кейин бир  куни ҳеч кимга билдирмасдан, улаб юборасиз, кейин вақти келганида расмийлаштирилаверилади - деди. 
-Ҳуддий  унинг айтганидей ҳам қилди, барча жой ўрин олганларга шундай кўрсатма берди - Муҳаммад.
 
 Бюродан кўп ўтмай Муҳаммадни район  прократурасига чақиришди. Ҳар доим  Муҳаммад билан кулиб гаплашадиган прокурор бу гал  жиддий эди. Саломига  алик ҳам олмасдан: -Ўтиринг ўша ерга, ана қоғоз  билан ручка,  тушунча ёзасиз. Кўра била туриб  ер  тўғрисидаги  қонунни бузган ҳолда ерларни  талон-тарож қилганингизнинг сабабини  ёзинг, ҳаммасини очиқ ойдин бўйнингизга олсангиз ўзингизга енгил бўлади, бу қонунда  кўрсатилган - деди прокурор. 
Муҳаммад Райком  бюросида нима деган бўлса деярли  барчасини  тушунчага  ёзди. -Масала бир ёқлик  бўлмагунча  район территориясидан чиқмаслиги тўғрисида  огоҳлантиришди Муҳаммадни. Муҳаммад бу  тўғрисида  ҳеч кимга  айтмади.

Бир неча кун ўтгандан кейин директор (Муҳаммад)нинг хонасига  жой ўрни олган  одамлардан 5-6 таси кириб: -Ёшулли  кўплаб одамлар (жой ўрни  олмаганлар ҳам) юқори  партия ташкилотларига бориб сизни ҳимоя қилмоқчимиз, жой ўрниси керак   бўлса  олақолишсин, одамларнинг  қарори  қатиъй, сизнинг олдингиздан  бир ўтайлик деб келдик - дедилар.
 -Буни мутлоқа  қилакўрманглар, бу билан менга (медвежи услугага ўхшаб) зарарингиз  тегиши мумкин. Чунки юқоридаги раҳбарлар буни мен атайлаб ташкил қилиб ўтирибди деб ўйлашлари мумкин - деб уларга тушинтириб юборди.
Район  прокурори  вилоят  прокуратурасидаги   ўзларининг бир мажлисида: -Совхоз директорига  чора кўраяпмиз - деб ўз ҳисоботида  кўрсатиб ўтган. Бу йиғилишда вилоят  прократурасида  ишловчи ва шу совхозда  яшовчи Рустам Содиқов  ҳам бўлган ва у уйида айтган. 
Бундан газабланган ўнлаб совхоз ишчилари тўғри прокуратурага бориб:  
-Директоримизга  тегмайсан, жой ўрнини олгин, мана бизни қамайқол - дейишган. Шундан кейин  Муҳаммадни прокуратурадан ҳеч ким безовта қилмади.
 Шундай қилиб, ниҳоятда  катта  қийинчилик  билан бўлсада, Муҳаммад томонидан берилган  яна бир  асосий ваъда – совхоз меҳнаткашларига 13 сотихдан жой ўрни бериш, шараф билан бажарилди.  

Сурат-6. Ўзбекистон Олий Совети Президиуми  раисининг мувоини  Боғот совхозида. 1990

 Шу ерда  яшовчилар истагига кўра ҳар икки жой ўртасида (ҳар бирини угловой  қилиш  мақсадида)  қўйилган 8 метрилик йўлни  тенг бўлишиб  олишган ва шу билан бу ердаги  жой ўринлар  13 сотих эмас, 16 сотих бўлиб қолди. Шу посёлкада яшовчи одамлар билан маслаҳатлашиб шу ерни совхоз шароитида “Янги қадам” деб айтайдиган бўлдилар. 

Лекин Муҳаммад бу совхоздан бошқа  ерга ишга ўтиб кетганидан кейин, нафақат  бу посёлкада яшовчилар ва шунингдек совхознинг барча меҳнаткашлари Муҳаммаднинг  бу жой ўрни бўйича қилган саъий  ҳаракатлари  ва чеккан  жабрларини  ҳисобга  олиб, катта  бир йиғилишда  Муҳаммаднинг “жой ўрнини 13 сотихга етказаман деб берган ваъдамни тўла маънода туркманинг ваъдаси  деб тушингинглар” деб айтгани учун,  бу посёлкани “Туркман посёлка” деб номлай  бошладилар.
 Бунинг (шу ном билан айтишгани) учун одамларга туман ва совхоз раҳбарияти  томонидан бир неча  бор дакки берилган бўлсада, ҳамон бу посёлкани туркман послка деб атайдилар, чунки ҳалқнинг ҳоҳиш иродаси шу!

                                                                    *       *
Совхоздаги  катта  соҳалардан яна бири чорвачилик  ҳисобланади. Совхоз  чорвачилиги 1989 йилгача асосан йирик шохли қорамолларга ва парранда(товуқ)чиликка  асосланган эди. Ёш бузоқ  ва паррандаларнинг нобуд бўлиши жуда катта бўлганлигидан чорва бош сони камайиб, давлатга тухум сотиш режаси 1988 йилда атига 71% га  бажарилган эди.
Муҳаммад совхозга директор бўлганидан кейин чорвага   алоҳида  эътибор қаратилди, натижада чорвачиликда ҳам аҳвол кескин яхшиланди. Қорамоллар фермасида эса туғуруқхона куриб ишга туширилди, натижада  ёш бузоқларнинг касалланиши  ва ўлиши кескин камайди.
 Ем-ҳашак ҳовлиси(кормодвор)нинг қурилиб ишга туширилиши, чорва   озуқасининг сақланишида ва рационал фойдаланишида катта роль ўйнади. 1989 йилдан бошлаб совхоз  чорвачилигига иккита  янги  тармоқ - қуйчилик  ва  асаларичиликни кўшди. Бир йилнинг ўзидёқ  улар  яхши  маҳсулот берабошлади. 
1991 йилдан эса яна бир тармоқ – балиқчиликни  йўлга  қўйиш режалаштирилди. Бунинг учун албатта  ҳавза керак. Совхоз марказининг шарқ  томонида  бу ердаги  иморатлар қурилишига  лой олиниши натижасида  катта ҳандак  бўлиб ётган  ер бор эди. У ҳандакка аҳолий  йиллаб  ахлат  ташлайвериб расво бир жойга   айлантирган  эдилар. 
Муҳаммад уни тегишли механизмлар билан яхшилаб  тозалатди. Кейин эса икки гектарига яқин келадиган қилиб  кенгайтириб,  булдозер ва экскаваторлар билан қаздирди. Қишда ҳам суви йуқолмаслиги учун землянасос билан қазиб ҳавза ўртасининг чуқурлигини 3-4 метрача  етказди.  Қазиш натижасида чиққан   қумларини қирғоқларига  ташланиши  натижасида  чўмилгандан кейин қуёшда тобланадиган яхшигина орамгоҳ бўлди.

Cовхоз директори Муҳаммад йиғилишда маъруза қилиб

Балиқ  ҳавза мақсадида бошланган бу ҳовуз энди нафақат балиқ  ҳавзаси, ва шунингдек меҳнаткашларнинг чўмилиб  ором оладиган  орамгоҳи  ҳам бўлиб қолди. Атрофларига  мажнунтол  ва гужумлар  экилди. Бу ҳовузга бир томондан тоза сув кирадиган ариқ ва иккинчи  томонидан зах сув чиқадиган  захкаш қазиб  ишга туширди. Натижада бу ҳовуздан хонадонларга ҳеч қандай (зах бўйича) зарар келмайдиган  бўлди. Бу ерга кечаси келган одам ўзини худдий Тошкентдаги комсомол қўлига келгандай  ҳис қиладиган бўлди.
Ҳар йили шолининг суви боғлангандан кейин, Муҳаммад ҳар бир шоли  бригадасига  шолипоялардан  гектарига  палон кг кичкина  балиқчаларни  тутиб  ховузга  ташлашга  кўрсатма  берди.  Шундай  қилиб  яна бир соҳа - балиқчиликка асос  солинди.
Совхоз  марказидаги  кўчалар  асфальт  бўлмагангидан қишда  лой, ёзда чанг бўлиб,  меҳнаткашлар учун  қулайсизликлар  туғдирарди. Район йўл  қурилиш идораларга  мурожат қилса  1-2 км  ички йўлга  ёрдам қила  олишларини  айтди. Бу борада  Облдор  бошлиғи Валерий Полвоновга учрашиб ёрдам  сўради.  У мардлик қилиб, қисқа вақт ичида 20 км га яқин  кўча ва ички йўлларни  асфальт қилиб берди. Совхоз  марказидаги барча кўчалар, хатто Нуржон бобо қабристонига борадиган  йўлларни  ҳам асфальт қилди.
 Айниқса, совхоз  шароитида сифатли  ичимлик суви катта  аҳамиятга эга эди. Совхоз иқтисоди яхшилангани сабаб, совхоз аҳолисини ичимлик (водопровод) суви билан таъминлаш учун катта миқдорда пул ўтказилди. Натижада барча водопровод суви билан  таъминланди. 190 ўринли  янги, замонавий   боғча қурилиб  ишга туширилди.
Нуржон  бобо қабристонини ўт ўланлар босиб, ёз пайтлари  зах чиқиб  кетганидан  унинг ичига  кириб бўлмасди. Қабристоннинг чор атрофидан захкаш  олиб  тош ҳам тўшади.
Қабристон яқинида  янги масжид барпо қилиб  унга “Нуржон бобо”  масжиди деб ном қўйди. Қабристон ва масжига борадиган  йўлни асфальт қилди.
 Муҳаммаддан олдин ишлаган раҳбарлар билан келиша олмай, қорақолпоқ  миллатига  мансуб бўлган бирқанча йигитлар  оиласидан  узоқда  ишлаётган (айримлари  ишсиз ҳам юрган) эканлар. Уларни  чақириб келиб иш билан таъминлади. Улардан кўплари  илғор ишчилар  сафидан жой олдилар. 
Юқоридаги масалада бир саргузашт ҳам бўлиб ўтди. Муҳаммад директор бўлиб сайланганидан кейин, унинг сайловдаги қорақолпоқларни қайтариб олиб келаман, деганидан хабар топган қорақолпоқлар қайтиб келабошладилар.
Шунда Муҳаммаднинг деҳқончилик бўйича биринчи ўринбосари Қурёз Абдуллаев: -Ёшулли буларни ишга олишда эҳтиёт бўлинг, уларнинг ҳаммаси ҳам иш берадиган йигитлар эмас. Айримлари, ишёқмас, айримлари ичкиликка ружу қўйган, айримлари безори эди, шунинг учун аввалги директорлар уларни ҳайдаган эди - деди.
Шундай кунларнинг бирида, кеч соат 11 ярим 12 ларда барзангидей иккита қорақолпоқ йигит директор(Муҳаммад)нинг олдига кирди. Уларнинг ичиб олганлиги сезилиб турарди.
-Хўш йигитлар, хизмат - деб Муҳаммад уларни хушмомуалилик билан қарши олди. -Биз қорақолпоқлармиз, иш сўраб келдик, оддий ишларда ишламаймиз, дейишди ўзларини катта тутишиб. -Майли, эртага келинглар, совхоз раҳбарияти билан маслаҳатлашиб ўзингизга яраша иш таклиф қиламиз - деди Муҳаммад.
-Эркакмисан ўзи, ишни ҳозир берасан - дейишди сансираб. 
-Муҳаммад ўзини зўрға босиб: -Ичиб келганларингиз шундоғ кўриниб турибди, ҳозир бориб дамингизни олинг ва эртага келинглар - деди.
-Ичган бўлсак сенинг пулинга ичдикми - деганича биттаси Муҳаммаднинг ёқасидан тортиб кўйлагини йиртиб юборди. Иккинчиси Муҳаммаднинг оғзига мушт тушириб юборди. Муҳаммаднинг лаблари ва бурни қонаб оқ кўйлагини қип-қизил қилиб юборди.
Муҳаммад ортиқ чидай олмади, бўлиб кетди ур-тўполон. Навбатчи-телефончи Иброҳим ака ва Муҳаммаднинг шофёри Ярашбой буларни ажратишга югуриб киришди.
Муҳаммад уларга: -Сизлар чиқиб туринглар, биз ўзимиз келишиб оламиз - деди. Иброҳим ака бўлса: -Ёшулли улар таниқли безори, ёнларида катта пичоқлари ҳам бор. Бунинг устига улар икки киши, сизнинг эса бир ўзингиз, сизни ўлдириб қўйиши мумкин бу аблаҳлар - деди ва чиқиб кетишди.
Улар эшикни ёпиши билан ур-тўполон давом қилди. Бунда Муҳаммаднинг ёшлигида спортчи-полвон бўлганлиги иш бериб, қисқа вақт ичида уларни уриб ерга қулатди. Кўп ўтмай участковой милиционер ва бирнеча одамлар ҳам келиб қолишди.
Қорақолпоқ безориларнинг қўлини орқасига боғлаб, қамоқ(КПЗ)га қамадилар. Тез ёрдамда доктор келиб Муҳаммаднинг жароҳатланган жойларига дори қўйдилар ва бу безориларни узоқ йилга қаматиб юбориш учун бирнеча кун касалхонада ётишга маслаҳат бердилар. Муҳаммад бу таклифни қабул қилмади ва кечаси соат 1 га яқин ҳамма тарқалди.
Ҳардоимгидай Муҳаммад чорва фермаси ва бирнеча далаларни айланиб, кун чиқмай идорага келса, идоранинг олдида тумонат одам. Эътибор берса, ҳаммаси қорақолпоқлар. Кечаги қорақолпоқ йигитларнинг  ёнини олиб тўполон қилмоқчими булар деса ҳаммасининг бўйни эгик.
Уларнинг 3-4 та йўлбошчилари: -Ёшулли, совхоздаги қорақолпоқлар номидан сизга бир илтимос билан келганмиз. Кечаги 2 та йигит ҳозир КПЗда экан, айтишларига қараганда узоқ (10-12) йилга қамалар экан.  Улар қилган жиноятлари учун қамалишлари керак. Илтимосимиз шуки, улар 5-6 йилга қамалсинлар, майли. Агар 10-12 йилга кетсалар уларнинг қариб қолган ота-онаси уларни кўраолмай оламдан ўтадилар - деди улар.   
Худдий шу пайт район прокурори, милиция бошлиғи ва бирнеча қуролли милиционерлар келиб қолишди. Навбатчи-телефончи Озод, ўнлаган қорақолпоқлар идорага келиб директор(Муҳаммад)ни сўраган заҳоти, директорга ҳужум қилишмоқчи деган фикрда милицияга телефон қилган экан.
Муҳаммаднинг туркманлиги тутиб: -Ҳеч ким қамалмайди. Мен ҳеч кимга шикоят билан мурожат қилмадим. Кечаги гапга келсак, йигитчиликда бўлиб турадиган ишлар улар. Милиция ва прокурорга айтамиз, уларни қамоқдан чиқариб юборади - деди. 
Шунда қарақолпоқлар севинганларидан қийқириб юборишди ва: -Шу дамдан бошлаб барча қорақолпоқлар сизнинг қулингиз энди - деганларича тарқалишдилар. Лекин прокурор ва милиция бошлиғи қовоқларини солганича: -Анаву иккита қорақолпоқ безоридан сиз даъвоингизни ўтганингиз билан, қонун кечмайди - деб туриб олишди. 
Муҳаммад ўзини урган безориларни қамоқдан чиқариб олиши учун милиция ва прократуранинг “оғизларини мойлаш”и керак бўлди. Шу тариқа Муҳаммаднинг эътибори, айниқса қорақолпоқлар олдида кўтарилиб кетди. Совхоз ишчилари учун 13 сотихдан жой ўрни бергани учун прократура Муҳаммаднинг устидан иш очганида, “Директоримиздан қўлингни торт!”, деб прократурага исён қилиб борган юзлаб одамларнинг олдинги сафида ўша қорақолпоқлар эди.
Шуниси диққатга  сазаворки, юқори ташкилотларга  совхоз раҳбарияти ва бир бирининг устидан  шикоятлар  ёзиш бўйича  виолятда олдинги ўринларда турадиган  бу хўжаликдан икки (1989-1990) йил мобойнида юқори партия, совет ва административ  идораларга  биронта  ҳам шикоят тушмаган. Ва шу  вақт  мабойнида  совхоз меҳнаткашларидан  ҳеч ким  жавобгарликка  тортилмади. Кичигроқ жиноят билан жавобгарликка тортилганларнида Муҳаммад “йўлини топиб” олиб қоларди.
 Совхоз нафақат  районда,  ва шунинингдек  вилоятда  ҳам энг сердаромад хўжаликка  айлантирилди. Даромад 1988 йилда 5,6 млн рубльни ташкил қилган бўлса, 1989 йилда 6,9 млн рубльга  етди ва  1990 йилда  7,4 млн рубльдан  ошди. Ҳар бир ишчининг ўртага ойлик  маоши 330-340 рубльга етди (ўша йиллардаги курс бўйича 1 АҚШ доллари 0,70 - 0,80 рубльга  тенг эди). Рентабиллик эса 1988 йилда 17,8% бўлган бўлса, 1989 йили 32,6% га етди ва 1990 йилда 45% дан ошди.
Ёзги кинотеатор, ғишт заводи, чорвадорлар уйи, чойхона кабиларнинг қурилиши бошланди. Истироҳат боғи, савдо маркази, янги мактаб, улуғ Ватан  уруши  қатнашчиларига ёдгорлик, меҳмонхона-ётақона, 500 тонналик  дон омборхонаси, СВА кабилар  лойиҳалаштириб бўлиш арафасида эди.
 Шундай  қилиб, Муҳаммад директор  сайловида  берган барча ваъдаларини ошиғи билан  бажарди. Булар (юқоридагилар) ҳақида эса “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги”  илмий-ишлаб чиқариш журналининг 1991 йил 6-сонида “Боғот совхозининг дадил одимлари” сарлавҳаси остида батафсил ёритилди.

6.5. Хайрлашув

Аввал айтганимиздай, Область партия комитети раҳбарияти Боғот совхози ва Муҳаммад ҳақида  қанчалик  кўп ижобий  сўзлар  айтса,  Оближраком  раҳбариятиининг  бундан пинхона  жаҳли чиқар, бунинг таъсири эса  кундан-кунга  яққол сезиларди. Шуни айтиш керакки, бу йилларда Горбачев сиёсатидаги анархистик  кайфият, ҳамда, Горбачев ва Ельциннинг  даҳанаки жанглари (сурат-7) туфайли  партиянинг обрўсига  жиддий зиён етаётган эди. Бунинг таъсири айниқса, қўшҳокимятчилик ҳукм сураётган Хоразм вилоятида янада кучли эди.

Сурат-7. СССРни қулатган М.Горбачев ва Б.Ельцин даҳанаки жангда. 1990

 Шуни айтиш керакки, 1990 йили об-ҳавонинг  шоли учун ноқулай  келганлигидан  бутун вилоят  бўйча шолининг ҳосили паст эди. Кўп  пудратчилар  шартномадаги шолини етиштираолмадилар. Шартномадаги шолини топширган пудратчиларга ҳам шартномадан ортиқ етиштирган  шолисини уйига олиб  кетишга (шартнома келишувини бузиб) рухсат берилмаган эди.
Кўп  хўжаликларида  бундай пудратчилар ўз шолисини ўғирлаб олиб кетар эдилар. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун, ҳуқуқ тартибот органларининг ходимлари  ҳам пудратчиларнинг даладаги шолисини назорат қилар  эдилар. Бундан  норози бўлган Ҳонқа тумани Ал-Хоразмий совхозининг бир неча  пудратчилари ўз шолиларини даланинг ўзида, раҳбарларнинг кўз  олдида ёқиб юбориш ҳолатлари ҳам бўлди.
1990 йил ноябрь ойининг бошларида, шанба куни, Облагропром раиси  Райимбой  Матрасулов, Боғот ижракоми  раиси Юсуфжон Матяқубов, РАПО раиси Комил Жуманиёзовлар совхозга  келиб, Давлатга  шоли топширишнинг аҳволи билан  танишдилар. 
Далада топширишга  тайёрлаб қўйилган  шоли  ғарамларини  бирма бир кўрдилар. Муҳаммад Матрасуловни кузатаётиб: -Вазият оғир бўлсада, шоли давлатга  топширилади, план тўлади. Бошқа ишларимиз  ҳам ёмон эмас. Аввалроқ барча  ишларимизни Обком ва Райком секретарларининг ўзлари кўриб, кўпнгиллари тўлганидан, олий унвон ва машина ҳам ваъда қилишди - деди. Р.Матрасулов Муҳаммадга бир ўқрайиб, машина  эшигини зарда билан ёпти-да,  хайрлашмай ҳам  кетиворди.
Шу куни  Обкомнинг биринчи   секретари  Р.Худайберганова Р.Матрасуловни чақириб вилоят  хўжаликларида  шоли топширишнинг  аҳволининг сўраган. У бўлса  7-8 одамнинг олдида: -Боғот совхозининг  директори бизни ҳайдагандай  қилди. Сизлар  бу ерга келиб  юрманглар, яқинда  Обком секретари  келиб ҳамма  нарсанинг ҳисоб китобини қилиб (оладиганини олиб деган маънода) кетди. Шунинг учун биз энди Боғот совхозига  бораолмаймиз - дебди.
 Бу билан Матрасулов икки  мақсадни кўзда тутган: -Биринчидан Обком билан  совхоз  орасидаги яхши муносабатни бузиш. Иккинчидан, бундай  гапни одамлар орасида  айтиб, Обком секретарининг обрўсини  тўкиш бўлган.
 Бундан жаҳли чиққан  Обком секретари (ҳоким) эртасигаёқ  (бозор куни бўлсада) Обкомнинг  навбатдан  ташқари бюросини чақиришни, бунда шоли экадиган айрим  хўжалик раҳбарлари, барча райком секретарларини таклиф қилишни буюрган. Кун тартибидаги  асосий масала эса Муҳаммад хақида бўлган. Обкомнинг тегишли бўлимлари кечаси соат 12 гача  эртаганги  Обком  бюроси  материалларини тайёрлаганлар. Бундан хабардор бўлган  Обком секретарининг ёрдамчиси  Б.Рўзметов  кечаси  соат 2 да Муҳаммаднинг уйига  келиб, ниҳоят кескин ва мураккаб бўлган бу вазият билан уни таништирди.
 Муҳаммад бундай ноҳакликдан қаттиқ азият чекиб  кечаси билан мижжа қоқмай чиқди. Кутилганидей соат 10 га обком бюросига бориш ҳақида эрталабданоқ  телефонаграмма келиб турган экан. Бюрога Муҳаммад, яна 2-3 хўжалик раислари ва райкомнинг биринчи секретари Шакаржон Хужаниёзова таклиф  қилинган эди.  Муҳаммад  Нариманов номли колхоз раиси  Юсупбой Қобулов билан бир машинада кетди. Боргунча Қобулов  унга босиқ бўлиш керак эканлигини, ёшуллилар нима деса ҳам “хўб” дейиш кераклигини тушинтириб борди.
Обком  бюросида аввало вилоятда  шоли топширишнинг бориши таҳлил қилинди. Шоли топширишнинг аҳволи паст деб Янгиариқ райкоми биринчи секретари (ҳокими) Шоназар Қилечевни  роса дўппослашди. Муҳаммад Ш.Хўжаниёзова  билан икаласи энг охирги столда ўтирардилар. Навбат Боғот районига келганида Обком секретари Хўжаниёзовага бир оғиз ҳам гапирмай, тўғри Муҳаммадни  турғазди ва ғазаб билан:
-Бу қандай гап, нималарнинг ҳисоб китобини қилдим мен. Ҳали бу маъсулятсиз  гапларингиз учун жавоб берасиз. Кимда қандай таклиф  бор - дея бюро аъзоларига қаради.
Оближраком раиси: -Буни Обком кўпроқ эркалатиб юборган эди, шунинг оқибати бу - деб луқма ташлади.  
-Наҳотки унинг (Матрасуловнинг)  ахборати рост бўлса -  деди паст овозда  Обкомнинг  мафукра  бўйича секретари  Э.Самандаров. 
-Рост дегандей бошини  ирғиб тасдиқлаб қўйди - Матрасулов. 
-Что он сам скажет (Муҳаммаднинг ўзи нима дейди), деди - Обкомнинг иккинчи секретари Л.Нетяга.
Бюрога  раислик қилувчи  Р.М.Худайберганова: -У нима  дея  оларди, унинг  деганининг кераги  ҳам йўқ, лойиҳа бўйича ҳеч кимда  эътироз  йўқми - деди.  Ҳеч ким бир оғиз индамади. Йўлда келаётиб  бюрода босиқ  бўлиб жим ўтириш борасидаги  Ю.Қобуловнинг маслаҳатлари  эсида бўлсада, Муҳаммад чидаб  тураолмади:
-Бу бўйича менга сўз беринглар, икки оғиз гапирай, деди. Кимдир: -Унинг гапирганининг кераги йўқ - деди. Муҳаммад буёғига ўзини тута олмади. Ш.Хўжаниёзованинг  костюмининг печидан тутиб тортганига ҳам қарамай  трибунага қараб юра бошлади ва: -Мен гапирай,  кейин нима  қилсангизлар  ҳам розиман - деб трибунага кўтарилди. 
Қаттиқ  асабийлашганидан  дағ-дағ титрар, лаблари эса қуриб қолганди. Трибуна билан Облагропром раиси Р.Матрасулов ўтирган жой икки метр ҳам чиқмасди.  Муҳаммад қўлини унга шиддат билан узатиб: -Бу одам нотўғри айтган, агар мен маъсулятсиз сўз айтган бўлсам ўша пайтда бирга  бўлган Райижраком  раиси ва  РАПО раиси эшитган  бўларди, уларни чақириб сўрангчи. Бундан ташқари,  сиз совхозга  ташриф буюрганда  Ш.Хўжаниёзова сизга  ҳамроҳлик  қилган, балки у эшитгандир, ана ўтирибди, сўраб кўрингларчи - деди. 
Барча бюро аъзолари ялт этиб, Хўжаниёзовага қарадилар. У бўлса  Муҳаммаднинг тўғри гапираётганини  боши билан  тасдиқлар эди. 
Обком секретари Р.Худайберганова Облагропром  раисига  юзланиб: -Қани,  директорнинг ўша куни нима деганини  сўзма-сўз айтгингчи, деди.  
Р.Матрасулов бўлса дудуқланиб: -Опа келиб ҳамма нарса – пахта, шоли ва бошқа  экинлар ҳосилдорлигининг ҳисоб китобини қилиб, зарур топшириқларни бериб кетди, сизлар ҳам келиб овора бўлиб юрмасангизлар ҳам бўларди, деганди деб  ғулдиради ( Худо сақлади, ахир аввалги  гапини  такрорлаши ҳам мумкин  эди-да).
Р.Худайберганова унга  юзланиб: -Сенинг отанг Исмоил калта ҳам умри сенга ўхшаб ўтган, бор-йўғи ота боласи бўлибсан - деди-да, энди нима қиламиз? - дегандай бюро аъзоларига қаради.
Обком секретари Эркин Самандаров Р.Матрасуловга қараб: -Одам ҳам шунақа бўладими - деди афсус билдириб. 
Ғ.Машарипов: -Вот понимайте - деб бошини чайқади. Кўпчилик бюро аъзолари Р.Матрасуловга таассуф билдирдилар.
Обком бюро аъзоларидан фақат Оближраком раиси, унинг биринчи муовини – В.Костаков, Обкомнинг ташкилий бўлими мудири – В. Демченко Р.Матрасуловга ҳайрихох қолишди холос.
-Хафа бўлманг, Муҳаммаджон, шунақаси ҳам бўлиб туради, ишингизга ғайрат қилаверинг - деди Обкомнинг биринчи секретари (ҳоким) Р.Худайберганова.
Муҳаммад бюро хонасидан чиқса, Обком секретарининг ёрдамчиси Б.Рўзметов сабрсизлик билан кутиб турган экан. –Ҳаммасини эшитиб турдим, бопладинг бачағарни - деди хурсанд бўлиб. 
-Шундай бўлдику-я, лекин энди улар билан бирга ишлаш қийин бўлса керак, бўшаш ҳақида ариза ёзаман шекилли - деди Муҳаммад. 
–Шошқолоқлик қилма, опа(Обком секретари)га ўзим тушинтириб қўяман. Бунинг устига сени унвонга тавсия қилиш масаласи ҳали кун тартибидан тушгани йўқ - деди Б.Рўзметов.
Ўша бюродан бир ҳафта ўтиб, Боғот районининг ҳосил байрами бўлди. Бунга Хоразм Обкоми бюро аъзолари ҳам ташриф буюришди. 
Қатор бўлиб тизилишиб турган хўжалик раҳбарлари билан бирма-бир саломлашиб келиб, навбат Муҳаммадга келганида: -Кўнглингизни бўлмасдан, ғайрат билан ишингизда бардавом бўлинг. Кадрлар масаласини фақат партия (Обком) ҳал қилади. Партия эса, сизга ўхшаган кадрларни доимо ҳимоя қилади - деди Обком секретари Р.Худайберганова. 
Шундан кейин район раҳбарияти олдида Муҳаммаднинг обрўйи янада ошди. Лекин Оближраком ва Облагропром томонидан совхозга ва унинг директори(Муҳаммад)га бўлган бевосита ва билвосита ҳужумлар кескинлашабошлади.
Райкомнинг биринчи секретари (ҳоким) Ш.Хўжаниёзова Муҳаммадни олдига чақириб: -Ариза ёзиб (ишдан бўшаб) бошқа ишга ўтганингиз маъқул бўлармиди, акс ҳолда, уларнинг сизга зарари тегиб қолиши ҳеч гап эмас. Мен бўлсам сизни ҳимоя қилишга ожизлик қиламан - деди.
Муҳаммадга бу таклиф маъқул келди ва аризани ёзиб берди. Бундан у қувончини яшираолмай беихтиёр: -Мана, уларнинг топшириғи ҳам битди - деганини билмай қолди. Кейин маълум бўлишича, Муҳаммадни бўшатиш учун ҳужум қилиб юрган команданинг бу ҳам бир аъзоси экан.
Муҳаммаднинг ариза берганидан хабар топган Обком секретарининг ёрдамчиси Б.Рўзметов бу хабарни зудлик билан Опага етгазган. У бўлса райком секретари (Ш.Хўжаниёзова)га телефон қилиб: -Директорнинг аризасини олишга қандай журъат қилдингиз? - деб койиган. 
-Аризасини олганим йўқ, йиртиб ташланг, деб ўзига қайтариб бердим, дебди ва Муҳаммадга телефон қилиб, агар Опа сўраб қолса шу гапни тасдиқланг - деб илтимос қилди.
Аҳвол энди кун сайин кескинлашиб борарди. Ҳатто улар: -Ўзи ариза бериб кетса қутилади, акс ҳолда, жавобгар бўлиб кетади - деб хабар ҳам юборишди. Шундан кейин Муҳаммад Обкомнинг қишлоқ хўжалик бўйича секретари Ғайрат Машарипов билан учрашиб вазиятни тушинтирди ва ариза ёзиб бўшашига рози қилди. 
Шу вазиятни Обком биринчи секретарининг ёрдамчиси Б.Рўзметовга ҳам тушинтириб, бўшашига Опани рози қилиб беришини илтимос қилди.
Муҳаммаднинг совхоз директорлигидан бўшаш ҳақида ариза бергани совхоз меҳнаткашларига етиб борган. Улар: -Барчамиз йиғилишиб раҳбарларнинг олдига борамиз. Шу тариқа прократурани ҳам тинчитган эдик, уларни ҳам тинчитамиз - деган қарор билан Муҳаммаднинг олдига келишади. 
Муҳаммад эса: -Йўқ, дўстларим. Менинг бундан кейин ишлаган ҳар бир куним, нафақат ўзим учун, совхоз учун ҳам, унинг меҳнаткашлари учун ҳам зарар бўлиши мумкин - деб тушинтирди. 
-Мен бу ердан кетгунимча, кимнинг менда нима гапи бўлса, агар мендан хафа бўлган жойи бўлса, менга учрашсин, шуни бошқаларга ҳам айтинглар - деб тайинлади.
1991 йил, январь ойининг охирларида совхоздаги барча фаолларни йиғиб, хайрлашув кечасини ўтказди. Кечанинг охирида Боғот совхози директори Муҳаммад сўз олиб: -Шу икки йилдан кўпроқ вақт ичида, кимнидир ноҳақ хафа қилган бўлсам, ёки бирон нарсада кўнглини олаолмаган бўлсам узримни қабул қилсинлар - деди. 
Шу ерда ҳозир бўлган фаолларга, улар орқали совхознинг барча меҳнаткашларига, шул қисқа вақт ичида совхозни социал-иқтисодий жиҳатдан вилоятда энг олдинги қаторга  чиқаришда ўзи билан қилган ҳалол меҳнатлари учун миннатдорчилик билдирди. Бундай хайрлашувдан нафақат Муҳаммаднинг ва уларнинг ҳам кўзлари жиққа ёш эди...
                                                                    *       *
Аввал шу совхозда директор бўлиб ишлаган, ҳозирда Облагропромда муовин бўлиб ишлаётган Машариф Қувоқов директор этиб тайинланиши керак эди. Тўғрисини айтганда раҳбариятнинг бу қароридан Муҳаммад ниҳоят хурсанд эди. 
Чунки М.Қувоқов ишчан ва тадбиркор одам. Муҳаммад бошлаган ишларнинг янада ривожланишига, бошлаб қўйган ва режалаштирган ишларининг давом қилишига ишончи комил (асосан шундай бўлди ҳам) эди. Бу ўринга бирон уқувсиз одам келганида Муҳаммаднинг (ундан олдинги раҳбарларнинг ҳам) қилган бунёдкорлик ишларини йўққа чиқариши ҳам ҳеч гап эмас эди.
Район раҳбарлари совхоз фаолларини йиғиб: -Ўз ҳоҳиши билан бошқа (юқори) ишга ўтган Муҳаммаднинг ўрнига М.Қувоқов тайинланганлигини (1991 йилдан Горбачев демократияси тугаб, эскича тайинлашга ўтилган эди), ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, партия ва раҳбарият таклиф қилаётган номзодни қўллаб-қувватлаш лозимлигини таъкидлашган.

Сурат-8. Боғот совхози директорлари: Муҳаммад ва М. Қувоқов. 1991

Демократик сайловга ўрганиб қолган совхоз фаоллари бўлса кутилмаганда: -Нимага директор Қувоқов бўлиши керак экан, ўзимизда ҳам директорликка лойиқ номзодлар кўп. Аввалгига ўхшаб сайловда Қувоқов ютиб чиқса марҳамат, директор бўлаверсин - дейишган. Қарашсаки, аҳвол жиддий. Масалани шу жойида қолдириб, бу борадаги суҳбатимизни кейинроқ давом қилдирамиз - деб қайтиб кетишган. 
Райком секретари (ҳоким) Муҳаммадни зудлик билан чақириб: -Муҳаммаджон ака иш чатоқ, М.Қувоқовни совхозда қабул қилишмаяпти. Бу бизга ҳам, сизга ҳам катта минус. 
Тўғрисини айтсам, буни юқоридаги айрим катта раҳбарлар сиздан кўриб ўтиришибди (бу гапни ўзидан қўшган экан). Мен уларга иковлашиб аҳволни тўғирлаймиз, деб ваъда бердим. Совхоз фаоллари: -Сиз (партия) Қувоқоани тавсия қилсангиз, биз (ҳалқ) ҳам ўз номзодимизни тавсия қиламиз. Аввалгига ўхшаб сайловда ким ютса ўша директор бўлади – дейишаяпти. Сайлов қилсак шарманда бўламиз. Гапнинг сираси, Қувоқовни биргалашиб қўймасак бўлмайди, чунки фаоллар сизнинг гапингизни ерда қолдирмайди - деди.
Совхозга бирга кетишди. Боргандан кейин: -Фаоллар билан ўзингиз гаплашиб кўринг-чи - деди ёшулли. Муҳаммаднинг кутилмаган ташрифидан фаоллар ҳайрон қолишди. Муҳаммаднинг мақсадини эшитганларидан кейин: 
-Ёшулли хафа бўлманг-у, бизнинг ичимиз(совхоз)да ҳам директорликка лойиқ одамлар бор. Улар сизга ўхшаб олим бўлмасаларда, маълумоти бўйича Қувоқовдан кам эмас. Бунинг устига, биз аввал ҳам ишлаганмиз у билан. Қувоқов жуда жимси, кибрли, ичимдагини топ, дейдиган одам. Сизга ўхшаб пудратчи билан ҳам, тракторчи билан ҳам сўрашаверадиган, далада бирга ўтириб чой ҳам ичаверадиган одам эмас. Майли, партия Қувоқовни тавсия қилаётган бўлса, биз ҳам ўз номзодимизни қўямиз, қайси кўп овоз олса ўша директор бўлсин, биз қарши эмасмиз - дейишди.
Муҳаммад: -Аввалги демократик сайлов замонлари ўтиб кетди, бунинг устига Қувоқов яхши иқтисодчи ва ташкилотчи одам. Бундан ташқари, сизларнинг бу ишингиз менга қимматга тушиши мумкин. Чунки, юқоридаги раҳбарлар, сизларнинг тутган бу йўлларингизни мендан кўришаётган экан - деди.
Улар бўлса: -Майли, икки йил биз учун қанча жабр чекмадингиз, биз розимиз - дейишди. Муҳаммад бундан хурсанд бўлиб кетди ва: -Сизлардан яна бир илтимосим бор, сизлар зудлик билан залдаги ўтирган ўз одамларингизга тушинтиринглар, биз кириб борганда қарсак чалиб кутиб олишсин - деди. Унга ҳам рози бўлишди ва қарсак чалиб кутиб ҳам олишди. Партия таклиф қилган номзод(Қувоқов)ни сайловсиз қабул қилишди.
Лекин кўп ўтмай, совхознинг маҳаллий ҳалқлари билан Қувоқов орасида турли хил низолар чиқабошлади. Бундай низолар кучаябориб, 1995 йилда совхознинг кўпчилик меҳнаткашлари имзо қўйиб: “Бизга Қувоқов керак эмас!”, деб тўполон қилишди. Бирнеча кун давом этган бу тўполонни ҳокимият ва ҳуқуқ тартибот органлари зўрға бостиришди. 
Ҳарқалай, М.Қувоқовнинг тинимсиз меҳнатлари ўз ўрнини топди. Президент И.Каримов 1998 йилда совхозга ташриф буюрди. Совхоз иқтисодини ривожлантиришдаги хизматлари учун 1999 йилда М.Қувоқов Ўзбекистон қаҳрамони унвонига сазавор бўлди.


                                                      7.6. Шарҳлар
3.    Матёқиб
22.01.2014 at 19:46
Худаёр жўра сен авторни ёлғончига чиқариб юрма, бу адбий асар. Муҳаммад шу Хасанов (Хоразмий)нинг ўзи. Муҳаммад қорақолпоқ безориларини кечириб, бу ҳам етмаганидай, мелисаларга пора бериб уларни қамоқдан чиқариб, ҳақиқий туркманлик (мардлик) қилган. Лекин улар ҳам прокурор Муҳаммадни жой ўрни учун қамайдиган бўлганида митинг қилишиб Муҳаммадни олиб қолишган. Жуда ибратли нарсалар экан. Ҳалқни қўлласанг, ҳалқ ҳам қўллайди сени.

2. Худаёр Абдуллаев
21.01.2014 at 09:36
Мен ушбу қиссада тилга олинган Боғот совхозида яшайман.
Совхозга ҳеч қачон Муҳаммад деган одам директор бўлмаган.
Суратдагилар эса Ахмад Хасанов (ҳозир Ахмад ҳожи Хоразмий дейишади) ва раҳматлик  Машариф Қувақов бўлади.
Ахмад Хасанов директор пайтида совхоз планларни мамлакатда биринчи бўлиб бажарган. Ўзига берилган машинани менинг онам(Соля)га совға қилган. Аввал совхозда мачит йўқ эди. А.Хасанов законний қилиб мачитни ўз пулига қуриб берган. Ҳозир ўша мачит “Нуржон бобо”(ёки Хасанов) масжиди” дейилади.

1. Зикирилло Салимов
21.01.2014 at 06:18
Муҳаммаднинг Боғот совхозидаги фаолияти бир мўъжиза бўлибди. Унчалик бўлишига ишониш қийин. Ишонмай десанг фактлар келтирилган. Унинг ўша 2 йиллик фаолияти қаҳрамонликка арзийди. Югурганники эмас, буюрганники дегандай қаҳрамонлик ҳам бошқага насиб қилибди.
Бироқ совхозда унинг қилган бунёдгорлик ишлари, бутун бошли маҳалланинг “туркман посёлка” деб унинг номи билан аталиши эса иккита қаҳрамонликка арзийди.

 

 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2014-07-26)
Просмотров: 1157 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0