VIII - Боб
Турли вазифаларда
8.1. Профсоюзда
Муҳаммад Боғот совхозидан “ўз аризасига биноан” бўшатилганидан кейин, яхши ишлаганлиги учун “юқори” лавозимга – Боғот район профсоюз ташкилотининг раиси вазифасига ўтказишди. Муҳаммад бундан ўкинмади, аксинча, хурсанд бўлди. Чунки унга энди меҳнаткаш ҳалқнинг манфаатлари учун расман курашаолиш имкони бирилган эди.
Барча хўжалик ва ташкилотлар касаба уюшмаси раҳбарларини чақириб, бундан буён бюрократчасига эмас, ўртоқ ва дўстлар сифатида, оддий меҳнаткашларнинг манфатини кўзлаб, сидқидилдан ишлашга келишиб олишди.
Аввало ишни, ҳар бир касаба уюшма раҳбари, хўжалик ёки кархона раҳбарининг югурдаги эмас, ўз ишининг жонкуяри бўлишини таъминлашдан бошлади. Кейин эса эътиборни автотрактор гаражлари, чорва фермалари меҳнаткашлари иш шароитларини янада яхшилашга қаратди.
Район ҳудудидаги заҳарли химикатлар ташландиқларини йўқлаш билан экологияни яхшилашга эътиборни кучайтирди. Натижада Район профсоюз ташкилоти ва унинг раҳбари - Муҳаммаднинг район меҳнаткашлари орасида обрўйи кундан-кунга ошаборди.
Муҳаммад Боғот совхози директори бўлиб ишлаган кезларида, район раҳбарлари томонидан бирон марта жўяли танбеҳ эшитмаган. Умумий гаплар билан нотўғри танқид қилиш ҳаракатини қилганларга очиқчасига жавобини берган.
Шу боис, Муҳаммадга танбеҳ бераолмаган айрим раҳбарлар аламзада бўлиб юришарди. Шу сабаб Муҳаммадни профсоюзга ўтган биринчи куниданоқ райондаги қолоқ хўжаликларидан бири бўлган “Тошкент” колхозига вакил қилишди.
Деярли ҳар куни, райондаги мажлисда хўжалик ишларидаги камчилик учун раис қолиб вакил(Муҳаммад)ни койишарди. Иш қилиб Муҳаммадни уқувсизга чиқариш ниятида эканликлари яққол сезилиб турарди.
Сурат-1. Боғот район касаба уюшмалари комитети раиси Муҳаммад (ўнгдан иккинчи) ўз ходимлари билан. 1991
Лекин ўз соҳаси (касаба уюшма иши) бўйича қилаётган яхши ишлари тўғрисида чурқ этишмасди. Шу боис Муҳаммад қишлоқ хўжалиги(вакилчилик)да ҳам бирон янги иш қилиб мутахасисларнинг, айниқса, ёшуллиларнинг эътиборини қозониш ҳақида ўйлар эди.
1991 йил 12-май куни, Хоразм вилоятининг кўп туманларидаги каби Боғот туманига ҳам кучли жала ёғди. Натижада, энди 2-3 чинбарг чиқарган ғўза ниҳоллари қатқалоқ остида қолиб кетди. Барча техника ва ишчи кучи қатқалоқ билан курашга жалб қилинган бўлсада аҳвол кескин эди. Агар тез кунда бу муаммо бартараф қилинмаса, кўпчилик ғўза ниҳоллари қуриб, туп сонлари камайиб кетиши кўриниб турарди.
Қатқалоқни бартараф қилишнинг самарали йўлларидан бири эса, зудлик билан биринчи култивацияни қилиш эди. Бироқ хўжаликларда мавжуд бўлган култиваторларнинг барчаси тинимсиз ишласада, бугуннинг талабига жавоб бераолмасди.
Бугунги куннинг талаби эса, қатқалоқ билан курашишга жалб қилинган барча тадбирларнинг, айниқса биринчи култивациянинг иш унумини ошириш эди. Агар қатқалоқ бўлмаганида ҳам, биринчи култивацияни тезроқ ўтказиш агротехниканинг асосий талаби ҳисобланади.
Шунинг учун ҳам Муҳаммад биринчи култивациянинг иш унумини янада ошириш тўғрисида кўпроқ бошқотирарди. Муҳаммаднинг миясига: -Култивацияни кечаси ҳам ишлатсакчи - деган фикр келади. Ахир совхозда ишлаганида чигитни кечаси ҳам экиб яхшигина натижа олган эдику.
Бу ғояни колхоз раиси У.Бектурдиевга таклиф қилса у: -Ахир биринчи култивацияни моҳир тракторчилар кундузи зўрға қилишади-ю, кечасига йўл бўлсин - деб эътироз билдирди. Шундай бўлсада, Комилжон Хасановнинг бригадасида механизатор Бозор Худаков билан (ҳеч кимга айтмасдан) кечаси соат 10 - 11 лардан 12 – 1 гача тракторнинг чироғини ёқиб, биринчи култивацияни ўтказди.
Эртасига кундуз келиб култивация қилинган жойни диққат билан кўздан кечирдилар. Ҳечам кундуз култивация қилинган ердан ками йўқ. Энди худдий шу жараённи колхознинг уч ерида: -Паст томон(10-бр)да, ўрта(4-бр)да, юқори(1-бр)да синаб кўрди ва бош агроном ва раисни чақириб кўрсатди. Кейин эса хўжаликда бор барча култиватор тақилган тракторларга яна бир тракторчи (иккинчи смена) беркитиб, кечаси ҳам ишлатабошладилар.
Эртагасиёқ разборда ёшулли (ҳоким) Муҳаммадни ва раисни турғазиб: -Бу қанақа кўзбўямачилик, сизларнинг тракторларингиз бошқа колхозларникига қараганда сал кам икки баравар кўп майдонга ишлов бераяпти. Нима, сизларнинг тракторларингизга самолётнинг матори қўйилганми - деб койиб берди.
-Биз тракторларни икки сменада ишлатаяпмиз - десалар айрим мутахасис ва раислар Муҳаммаднинг устидан кулган бўлса, ёшуллининг: -Бу қанақа гап - деб жаҳли ҳам чиқди. Лекин мажлис(разбор)дан кейин кечасига култивация қилинаётганини ўз кўзи билан кўрган район раҳбарияти эртагаси кеч соат 12 да Муҳаммад вакилчилик қилаётган колхозга районнинг деҳқончилик бўйича барча мутахасису раҳбарларни, вакилларни пахтани кечаси култивация қилиш бўйича кўрик-семинарга таклиф қилишди.
Кўрик-семинар қатнашчилари (шулар ичида кеча буларнинг устидан кулганлар ҳам) Муҳаммаднинг бу таклифларини бир овоздан маъқуллашди ва бу ғоя районнинг барча хўжаликларига зудлик билан ёйилиб, қисқа вақт ичида биринчи култивация ҳам, қатқалоқ муаммоси ҳам ҳал қилинди.
Шуни таъкидлаш керакки, кундузи култивация қилинган, айниқса, совға ерларда ғўза ниҳолларининг қатқалоқ билан қўшилиб қўпорилган ҳоллари кузатилган бўлса, кечаси култивация қилинган ерларда ундай ҳол учрамади. Чунки кечаси ҳаво намлиги юқори бўлганлигидан қатқалоқ бўлган тупроқ нам тортиб анча бўшар экан.
Кечаси култивация қилиш бўйича кўрик-семинар Муҳаммад вакил бўлган Тошкент колхозининг 1-бригадасида, Урганч-Боғот йўлининг ёқасида ўтаётган эди. Ўша пайтда йўлдан ўтаётган Оближраком раиси Абдулла Искандаров бу тадбирдан хабар топиб, Боғот РАПО раиси, қ-х.ф.н. Юсупбой Худайбергановга:
-Кечаси култивация қилинган далаларни эртага эрталаб мутахасислар билан бирга текширасизлар. Агар бирон ғўза ниҳоли шикастланган бўлса бу кўрик-семинар (ғоя) ташкилотчисига жиноий жавобгарчиликкача бўлган чорани кўрамиз. Агар ҳаммаси яхши бўлса, катта мукофат (машина) берамиз, деган. Лекин мукофот уёқда турсин, Муҳаммаднинг бу иши учун ёшуллилар унга раҳмат ҳам демади.
Муҳаммадни совхоздан бўшатган ёшуллилар бугун ўпоқ, эртага сўпоқ деб бу ерда (Райком профсоюзда ва вакилчилигида) ҳам уни турткилай бошладилар. Муҳаммад тушиндики, у бу ер(район)дан ҳам тезроқ кетиши керак.
Ўша пайтлари “Хоразм ҳақиқати” газетасида Хоразм Давлат педагогика институтининг ботаника-химия кафедрасига доцентлик лавозимига танлов эълон қилинди. Ҳечкимга (ёшуллиларга) билдирмасдан бу танловга Муҳаммад ҳам ҳужжат топширди. Бу танловда уч киши иштирок қилдилар. Улардан биттаси шу институтда домла бўлиб ишлар экан, иккитаси четдан келган.
Эртагасига илмий кенгашда илмий котиба кенгаш аъзоларини ҳар битта талабгорнинг таржимаи ҳоли, илмий-педагогик фаолияти билан таништираётиб: -Ҳурматли кенгаш аъзолари, сизларнинг ҳукмингизга ҳавола қилинаётган олим(талабгор)ларнинг барчаси тегишли илмий-педагоглик фаолиятга эга. Лекин илмий салоҳиятга келсак, барча (Муҳаммаджон акадан бошқа) танлов иштирокчиларининг илмий асарларини бирга қўшиб, уни яна иккига кўпайтирсангиз ҳам, бир Муҳаммаджон аканикига тенглашаолмас экан - деганида кенгаш аъзолари ”ў-ҳў” деб Муҳаммадга бир қараб қўйишди. Шундан кейин ёпиқ яширин овоз бериш бошланди ва Муҳаммад ғолиб бўлди.
Шу куниёқ, илмий кенгаш аъзоларидан бири танловдан Муҳаммаднинг ўтгани ҳақида Оближраком раисига етказган. У бўлса Боғот райкомига телефон қилиб: -Муҳаммадни нимага (рухсатсиз) бошқа ишга ўтишига йўл қўйдингизлар - деб койиган.
Бироқ, кўришсаки, Муҳаммад ҳардоимгидай вакил сифатида колхозда, мажлисларда бўлганини кўриб: -Бу гап нотўғри бўлса керак, Муҳаммад ҳардоимгидай вакил бўлиб юрибди - деган. Чунки бирнеча кун (буйруқ чиққунча) Муҳаммад Институтда доцент сифатида фаолият кўрсатсада, тушдан кейин ҳечнарса билмагандай Профсоюзда раислигини, колхозда вакилчиликни давом қилдираётган эди.
Институтга буйруқ чиққанидан кейин Муҳаммад Боғот райком секретари олдига кириб хайрлашаётиб: -Ёшулли орамизда нималар бўлиб ўтганини бир Худо ва икаламиз биламиз. Мен сиз тўғрингизда бир оғиз ёмон сўз гапирмайман ва сиздан ҳам шуни талаб қиламан - деб келишишди. Муҳаммад сўзини тутди, бироқ ёшулли сўзини тутмади...
8.2. Олийгоҳда
1991 йил 25-майдан Муҳаммад В.И.Ленин номидаги Хоразм Давлат педагогика институти, табиатшунослик факултетининг ботаника ва химия кафедрасида доцент бўлиб ишлайбошлади. Ишга келган куниданоқ 4-курс талабаларини дала практикасига олиб чиқди.
Муҳаммаднинг институтга ўтганини билган Оближраком раиси институт ректори Қ.Наврўзовни олдига чақириб: -Муҳаммадни нимага ишга олдингизлар - деб роса койиган. Ректор бўлса: -Муҳаммад конкурс асосида, ёпиқ яширин овоз билан ўтди, шу боис уни ишга олмасликнинг иложи бўлмади - деб қутилган.
Муҳаммад институт ҳаётига тез киришиб кетди, кўп ўтмай уни қабул комиссиясига аъзо қилишди ва биологиядан етакчи экзаменатор бўлиб абутурентларда кириш имтиҳонларни олишда қатнашди. Қабул имтиҳонлари тугашига яқин қолганида Муҳаммад предмет комиссияси раиси сифатида фаолият кўрсатабошлади.
Шуни очиқ айтиш керакки, бу даврларда қабул комиссияси аъзоларнинг ҳар бири ҳеч бўлмаса битта, ҳатто 2-3 та “илтимос”лари ўтарди. Муҳаммаднинг эса ҳеч қандай илтимоси йўқ эди. Бундан ажабланган қабул комиссияси раҳбарияти: -Сиз ҳам қабул комиссиясида кеча-кундуз меҳнат қилаяпсиз, битта-иккита “илтимос”ингиз бўлса тортинманг - дейишди ҳам.
Муҳаммад кафедра доценти бўлиш билан бирга, сентябрдан бошлаб табиатшунослик факултети декани(Бобо Содиқов)нинг ўринбосари бўлиб ҳам ишлай бошлади. Пахта териш бошланган захоти декан “касал” бўлиб қолди ва пахта тугаган заҳоти (декабрда) “тузалиб” ишга чиқди.
Сурат-2. Профессор Муҳаммад УрДУда аспиранти ва талабалар даврасида-1997
Факултетнинг барча ишлари Муҳаммаднинг фақат бир ўзига қолди. Бу талабалар билан (бу пайтда жисмоний тарбия кафедраси ҳам табиатшунослик факултети таркибига кирар эди) пахта терими компаниясини олиб чиқиш ниҳоятда оғир бўлди, лекин муваффақият билан якунланди.
Муҳаммад Ўсимликлар физиологияси, Агрохимия, Биотехника, Тупроқ химияси фанларидан маърузалар ўқир, амалий машғулотлар олиб борарди.
* *
Коррупция айниқса таълим системасида катта муаммо. Таълим системасидаги коррупция(талабалардан пора олиш)нинг илдизи узоқ йилларга бориб тақалади. Бироқ 40-50 йилларда бу иллат жуда кам бўлган. Сиртдан ўқийдиганлар ичида 1-2 та пора бериб ўқийдиганлар бўлган.
60-70 йиллар(Муҳаммад ўқиган даврлар)да пора оладиган домлалар саноқлигина бўларди ва уларнида узоқ ишлатишмас эди. 80-90 йилларга келиб бу “касал” анча ривожланди, сиртдан ўқийдиган талаба(заочник)лар учун 70-80 фоизга чиқди. Ва кундузи ўқийдиган талабалардан ҳам пора олиш удум бўлабошлади. 2000-2005 йилларга келиб пора оладиган домлалар салмоғи 90-95 фоизга етди, янглишмасам.
Авваллари (Муҳаммад ўқиган даврларда) пора оладиган домлалар жуда кам бўлганлиги боис, уларни “Белая ворона” (Оқ қарға), деб аташарди. Ҳозирга келиб бу (оқ қарға) термин пора олмайдиган домлаларга нисбатан қўлланиладиган бўлди. Ҳатто оқ қарға бўлмаслик, яъни кўп қатори бўлиш учун ҳам пора олиб турадиган домлалар бўларди.
Муҳаммад 1995 йилда Урганч Давлат университетида профессор бўлиб ишларди. 4-курс заочникларга биринчи дарсга кирган куни расмий равишда:
-Мен имтиҳон учун пора олмайман. Бировларни ўртага қўйиб баҳо оламан, деб ўйламанг ҳам. Дарсларга қатнашган ва сал ҳаракат қилган талабаларга баҳосини қўйиб бераман - деб эълон қилди.
Курс старостаси Муҳаммаднинг бу эълонини: -Домланинг бу гапи, мен пофессорман, поранинг озини олмайман, дегани - деб шарҳлаган. Шу боис дарсдаги давомат ва имтиҳонга таёргарлик “Эски тос, эски ҳаммом” бўлди.
Имтиҳонга бир кун қолганда староста Муҳаммаднинг олдига кириб: -Домла, бошқа имтиҳонлар учун 500-600 сўмдан йиғганмиз. Сизнинг имтиҳонингиз учун 1000 сўмдан йиғаяпмиз. Группадаги барча ўтиши керак - деди буйруқ оҳангда.
Муҳаммад ўзини зўрға босиб, дарс бошланишида имтиҳон учун пул олмаслиги ҳақидаги эълонини эслатди. Староста бўлса пинагинида бузмай: -Ҳамма домлалар ҳам бошида пул олмайман, дейишади. Ҳатто айримлари: “Порахўрлик шариатда – ҳаром, қонунда – жиноят. Ўлсамда пул олмайман, деб қасам ҳам ичишади ва айнан ўшалар ҳаммадан кўпроқ олади - деди истеҳзоли кулиб.
Муҳаммад унга: -Агар имтиҳон учун пул олиш ҳақида бир оғиз гапирсанг, бу университетда бошқа ўқимайсан. Тирговичинг ким бўлсада, онангни уч қўрғондан кўрсатаман сенинг - деди асабийлашиб.
-Тайёр пулни олмай эсингиз жойидами ўзи - деганича кабинетидан ўқдай отилиб чиқиб кетди староста. Ва талабаларга: -Домла имтиҳон учун пул олмайман, деб мени ҳайдаб чиқарди. Домла шизофреник (жиннироқ) кўринади - дебди.
Натижада имтиҳондан староста бошлиқ 90 фоизга яқинроқ талаба ўтаолмади. Бу эса: -Домла жуда пхини ёрганлардан экан. Мана энди йиқилганлардан икки баравар қилиб олади пулни - деган миш-мишларни пайдо қилди. (Тўғрисини айтганда айрим домлалар шундай усулни қўллашарди).
Муҳаммаднинг ҳамкасблари ва бошқа илтимосчилар кўпайиб кетди, лекин биронтасининг илтимоси учун баҳо қўймади. Уларнинг айримлари аразлаб ҳам юришди.
Талабалар пул ва таниш-билиш билан ўтишларига кўзлари етмагач, астойдил ўқишга киришдилар. Сессия давомида, кайта-қайта топшириб бўлсада деярли барчаси имтиҳондан ўтди. Бу эса бутун вилоятда: -Заочниклар пул бермай имтиҳондан ўтишганмиш - деб ўзига яраша сенсация бўлганди.
Илтимосчилар ва “жигарлар” алоҳида шарҳга лойиқ. Имтиҳон бошланди, дегунча ҳамкасблар, танишлар ҳатто нотанишлар томонидан ҳам у ёки бу талабани ўтказиб бериш ҳақида илтимослар тушиши барчага аён.
Муҳаммад ҳамкасблари ва танишлари ўз қариндошларини ва танишларини илтимос қилишса ўтказиб берарди. Лекин “Жигарлари”ни (Жигар дегани – унинг пулини олиб, сиздан илтимос қилиб, баҳо қўйдирадигани) илтимос қилишса ғаши келарди.
1980-1981 йилларда Муҳаммад Ўзбекистон Фанлар Академиясида илмий ходим бўлиб ишларди ва Тошкент қишлоқ хўжалик институти (ҳозирги Тошкент Давлат аграр университети)да ярим ставка доцент бўлиб ҳам ишлаган.
Имтиҳонлар бошланди, дегунча шу институтда ассицент бўлиб ишловчи ҳамшаҳар(земляк)и 4-5 Хоразмлик ва 2-3 та Тошкентлик талабаларнинг рўйхатини олиб келди ва: -Манабу Хоразмликлар қариндош ва танишлар бўлади. Тошкентликлар эса келинингизнинг яқинлари. Илтимос, буларнинг ўтказиб беринг - деди. Муҳаммад уларни ўтказиб берди.
Кейин эса турли вилоятлардан келган яна 10-15 тасининг рўйхатини олиб келди ва: -Булар жигарлар, бўлади (бу пайтда Муҳаммад “жигар”нинг нималигини тушинмасди), буларни ўтказиб бермасангиз оч ва яланғоч қоламиз - деб ялина бошлади. Мендан нима кетди, деб буларнида ўтказиб берди. Эртасига билса Хоразмлиги-ю, Тошкентлиги барчаси унинг “жигарлари” экан.
Муҳаммад имтиҳон оладиган группаларнинг старосталарини чақириб: -Академиядан келган домла жуда қаттиққўл, ҳатто Шайхов(ректор)нинг ҳам айтганини қилмайди. Бироқ у бизнинг ҳамшаҳар – укахон. Шу боис пулни фақат мен орқали олади - деб жигарларидан, Муҳаммаднинг номимни сотиб пул ундирар экан.
Муҳаммад бундан роса ғазабланди ва: -Мен кафедрада бўламан, илтимослари бўлса тез кафедрага келсин - деб хабар юборди. Ўзи эса старосталар ва кафедра домлалари билан уни кутиб ўтирди. Кўп ўтмай тиржайганича илтимослар рўйхатини кўтариб кириб келди ўша илтимосчи таниши.
Муҳаммад унинг барча қилмишларини ҳамманинг олдида айтди, старосталар тасдиқлашди. У бўлса тиз чўкиб кечирим сўради. Муҳаммаднинг номини сотиб олган барча пулларини старосталарга, старосталар эса талабаларга қайтаришсаларгина кечиришини, акс ҳолда бу фрибгарни ҳам, старосталарни ҳам қаматиб юборишини айтди.
Улар талабалардан олган пулларини зудлик билан эгаларига қайтаришга киришишиди. “Итнинг оғзига кирган суяк бутун чиқмас”, деганларидай бу фрибгар Муҳаммаднинг номини сотиб олган пулларнинг ярмидан сал кўпроғини қайтарган холос. Қолганини эса: “Бугун-эрта”, деб охирини йўққа чиқаришибди.
Айрим домлалар (ва деканлар ҳам) янги кирган студентларнинг ота-онаси, яқин қариндошлари мансабдорми, бадавлатми, талаба кимнинг “жигари” эканлигини билишга ошиқадилар. Кўпроқ пул ундириш мақсадида ота-онаси мансабдор ёки бадавлат бўлган талабаларни атайлаб имтиҳондан йиқитадилар.
Муҳаммад 1991 йили Хоразм Пед.институтида бир муддат декан ўринбосари ҳам бўлиб ишлаган. Ўша даврда дўсти ва қўшниси, колхозининг раиси, Умид ака Бектурдиев уйига келиб, ўғли ботаникадан ўта олмаганини айтиб, ёрдам сўради. Эртасига Муҳаммад доцент Сўна Хўжаниёзовани деканатда учратиб шу талабага ёрдам қилишини сўради.
У бўлса ҳамманинг олдида: -Нима, барча ёғли “жигар”ларни декан ва зам декан бўлишиб олиб, бизга фақат суякларими? - деса бўладими. Шу-шу Муҳаммад ҳатто ўз фарзандларигада ёрдам сўраб илтимос қилмади.
Ҳатто Урганч Давлат университетида Педагогика ва психология мутахасислиги бўйича 3-курс сиртдан ўқийдиган ўзининг катта қизи Нигора, биргина имтиҳондан қарз бўлгани (аслида қарз бўлмаган) учун курсида қолдириб юборишганида ҳам, катта лавозим(Вилоят ҳокимлиги)да ишлаётган бўлсада ҳеч кимга илтимос қилмади.
Бу шундай бўлган эди. 1992 йилда Муҳаммадни Университет доцентлиги ва декан ўринбосарлигидан вилоят ҳокимлигига, маъсул вазифага ўтказишганди. Бу пайтлар катта қизи Нигора шу университетнинг 3-курс талабаси эди.
Ўзи билан бир кафедрада ишлайдиган Анажон Рахмонова исмли ўқитувчи Муҳаммаднинг қизи ўқийдиган группадан ҳам ёппасига (шу жумладан унинг қизидан ҳам) пул йиғган. Пул ҳар бир талабанинг зачеткасининг ичида бўлган. Домла (Анажон) қизининг зачеткасидаги пулни олган-у, зачеткага “4” қўйган. Ведомостга эса пул бермаганлар қаторида “2”, қўйган. Деканат эса ведомость асосида курсда қолдириш ҳақида буйруқ чиқариб юборган. Бундан Муҳаммад хабар топган бўлсада Хоразмдаги ягона бўлмиш университетни шарманда қилмаслик учун: -Қизим бир йил олдин бўлмаса, бир йил кейин битирар - деб индамай қўяқолганди.
Ярим йилдан кейин бундан вилоят ҳокими Маркс Жуманиёзов хабар топган ва ўша ўқитувчини қамаш, тайинланганига ҳали бир йил ҳам бўлмаган ректор - Азим Саъдуллаевни эса ҳайдаш ҳақида кўрсатма берган.
Университет обрўсини сақлаб қолиш учун Муҳаммаднинг ўзи ҳокимдан илтимос қилиб, бу шаштидан қайтарди уни. Ректор бир йилгача унинг юзига қарай олмай юрди. “Туяни шамол учирса эчкини осмонда кўр”, дегандай ҳамкасби Анажоннинг аҳволини сўраманг, энди.
Бир қараганда кафедра ўқитувчилари бир-бири билан иноқ кўринсада, кўпинча улар бир-бирини кўриша олмайди. Бир-бирининг “жигарлари”ни (ҳатто қариндошларини ҳам) атайлаб имтиҳондан йиқитишар, ҳатто отчисления қилидириб юборишарди ҳам. Шундай қилиб бечора бегуноҳ талаба иккита домла орасидаги зиддиятнинг қурбонига айланарди.
Муҳаммад Урганч Давлат университетида ишлаганида талабалар билан Янгибозор районида пахта теримида эди. Талабаларнинг ишини кўздан кечираётиб, тўй бўлаётган бир хонадонга тўғри келиб қолди. Хонадон соҳиблари буларни таниб: -Э, домлалар келиб қолибди-ку, чақиринг куёвни, домлаларини кутиб олсин - дейишди.
Ичкаридан башанг кийинган, 100 грамм ҳам отиб олган куёв чиқди-да: -Қадамингизга ҳасонат, домла! - деганича Муҳаммадни қучоқлаб даст кўтарди. Бироқ уни химиядан ўқитган доцентга қарамади ҳам.
-Муҳаммад уни кўрмади, шекилли деган фикрда: -Яна битта домланг келган мен билан - деди ёнидаги домлага ишора қилиб.
Собиқ талаба химик домлага бармоғини бигиз қилиб: -Бу домла (устоз) эмас, порахўр! Ўқиган-ўқимаганинга қарамай, дарс ҳам ўтмасдан нуқул пул оларди, бу аблах! - деганича домлага мушт тортиб юборишига сал қолди. Одамлар: “Қўй-ҳо-қўй” қилишиб куёвни судраб уйга киритиб кетишди.
Шу воқеадан кейин Муҳаммад: -Бу домла икки дунёда энди талабалардан пул олмаса керак - деб ўйлаганди. Афсуски унга ўша кунги шарманда бўлгани мактаб бўлмаган эди. Бу химик доцент ҳақидаги дастлабки маълумотлар А.Хоразмийнинг 1999 йилда нашр қилинган ва икки йил давомида “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналида ҳам босилган “Вакил” номли илмий-сатирик китобида келтирилган экан.
“Вакил” бадий адабиёт бўлганлиги боис юқоридаги порахўр доцент бу китобда Зўримбой Мешчонов, деб келтирилган. Бу китобда Обком оператив группаси аъзоси коммунист Зўримбой Мешчоновнинг Обком вакили сифатидаги фаолияти моҳирлик билан очиб берилган.
Унинг “олим” сифатидаги “қўлболо” илмий тажрибалари-ю, эришган “оламшумил” натижаларини ўқисангиз ҳайратдан ёқа ушлаб қоласиз ва ўзбек ёзувчиси Тойир Учқуннинг “Вакил”ни А.Солженициннинг Архипелаг ГУЛАГига тенглаштирганининг сабабини тушинасиз.
Зўримбой Мешчоновнинг Урганч Давлат Университетидаги Табиатшунослик факультети декани сифатидаги фаолиятига А.Хоразмийнинг: “Тадқиқотчи ҳали олим дегани эмас”, қиссасидаги қуйидаги тафсилотида етарлича баҳо берилган менимча:
-Аспирантнинг диссертацияси учун унинг илмий раҳбари(мен)нинг куйиб-пишиб юришидан хабардор бўлган табиатшунослик факултети декани Зўримбой Мешчоновнинг, диссертация учун раҳбари яхшигина пул (пора) олган, деган ҳаёлга борган ва аспирантни олдига чақириб домласи қатори уни ҳам “рози” қилиш зарурлигини, акс ҳолда ҳимояни тўхтатиб қўйишини айтган. Аспирант қўрққанидан бунга рози бўлган ва бу тафсилотни менга етказди.
Мен деканнинг олдига кириб дангал: -Биринчидан мен нафақат аспирант(шогирд)дан, ҳатто сиртқи ўқиётган талабалардан ҳам тамагирлик қилмаганман. Иккинчидан, аспирантнинг тадқиқот ва диссертациясидаги қайси хизматларингиз учун у сизни “рози” қилиши керак?!
Учинчидан, диссертация (экспертиза) кафедранинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилинади, факултет кенгашида эмас! Бунинг устига, ҳимоя тўғрисидаги эълон бирнеча кундан буён осиғлик турибди. Шу боис ҳам уни сизнинг тўхтатишга ҳаққингиз йўқ. Мен буни сизга нафақат диссертантнинг илмий раҳбари ва шу факултетдаги ягона профессор ва шунингдек, Вилоят Фан ва Техника Маркази директори сифатида ҳам айтаяпман - дедим.
Декан шарманда бўлганидан ерга кириб кетаёзди ва мендан “сидқидил”дан кечирим сўради-ю, лекин менга расман душман бўлиб қолди. Ва кейинчалик менинг нафақат кафедрадан, ҳатто университетдан ҳам кетишимга эришди”. (иқтибос тугади).
Қаллобликда ва порахўрликда эл оғзига тушган, бу “ютуғи” билан оммовий ахборот воситаларида “мадх” қилинган доцент Зўримбой Мешчоновнинг Хоразмдаги ягона саналмиш университетга ректор этиб тайинлангани Ўзбекистон таълим системасидаги коррупциянинг ва Президент кадрлар сиёсатининг башарасини кўрсатади, десак хато бўлмас.
* *
Шуни очиқ айтиш керакки, Муҳаммаднинг Институтга ўтишидан асосий мақсади тайёр бўлиб қолган докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш эди. Шу боис Муҳаммад кеча-кундуз тинмай, 20 йиллик тадқиқотларини бир қолипга солиш билан шуғулланарди.
Ва ниҳоят 1991 йилнинг охирига келиб рус тилида “Влияние удобрений на продуктивность кормовых угодьий и хлопчатника в разных почвенно-климатических и агротехнических условиях» (Турли хил тупроқ-иқлим ва агротехник шароитларда чорва озуқаси ва ғўза самарадорлигига ўғитлар таъсири) мавзусида 06.01.04 – «Агрохимия» мутахасислиги бўйича, илмий доклад формасида, икки босма табоқдан иборат докторлик диссертациясини таёрлади.
Бу пайтда СССР ВАКининг талабларига асосан ҳимоя қилинаётган мавзу бўйича илмий мақола ва китоблари чоп қилинган, илмий дунёда танилган олимлар докторлик диссертациясини икки босма табоқ ҳажмдаги илмий доклад (автореферат) формасида ёзиб ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эдилар. Бу пайтда Муҳаммаднинг ҳимоя қилинаётган мавзу бўйича амалий тавсиялари, 40 дан ортиқ илмий мақолалари, иккита монографияси эълон қилинган эди.
Муҳаммаднинг йигирма йиллик тадқиқотлари натижасида эълон қилинган илмий асарлари бўйича, илмий маъруза шаклида таёрланган ушбу диссертация, тегишли хулосалар олиш учун таниқли олим ва мутахасисларга юборилди.
Нафақат вилоятда, ҳатто мамлакатда ҳам таниқли бўлган олим, Хоразм вилоятининг иқтисод масалалари бўйича муовини, иқтисод фанлари доктори, профессор Т.Досчанов, ХДП Хоразм область комитети (Обком) биринчи секретари, қишлоқ хўжалик фанлар номзоди, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном Ғ.Машарипов, Фрунзе (кейинги Р.Мадаминов) номли колхоз раиси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги Фанлар Академияси Фахрий академиги А.Мадримов, Хоразм вилояти қишлоқ хўжалигини химизациялаш лойиха-қидирув станцияси (аввалги Облагрохимлаборотория) диретори, қ-х.ф.н. Ш.Ибрагимов, “Узгипрозем” институти Хоразм филиали директори И.Атажонов, Хоразм пахтачилик тажриба станцияси директори Н.Фаёзов, Хоразм Давлат педагогика институти табиатшунослик факултети декани, профессор Б.Содиқов, ботаника ва химия кафедраси мудири, доцент А.Матёқубов, тупроқшунос олим, доцент Б.Файзуллаев каби олим ва мутахасислардан тақризлар олинди.
Шунингдек, диссертациянинг икки нусхаси қизиқувчилар ўқиши учун кафедрада турди. Кафедра аъзоларининг катта кўпчилиги диссертация билан танишиб чиқдилар.
Улар ўз хулосаларида диссертатсияда Давлат аҳамиятига эга бўлган бу муаммонинг долзарблиги, катта назарий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги, диссертантнинг сал кам чорак асрлик изланишлари натижасида бу муаммо ўз ечимини топганлиги қайд қилинган. Шунингдек, бу олимлар диссертацянинг ОАК талабларига тўла жавоб бериши, диссертант эса таниқли олим сифатида бу юқори илмий даражага лойиқ эканлигини қайд қилишган.
Бу хулосалар асосида диссертацианинг таҳлили(биринчи экспертизаси)ни ўтказиш учун Хоразм Давлат педагогика институти ботаника-химия кафедраси ўзининг кенгайтирилган йиғилишини 21-февраль 1992 йилда ўтказишини бирнеча кун олдиндан эълон қилди. Бу йиғилишга вилоятдаги деярли барча илмий тадқиқот муассасаларининг олимлари, қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ бўлган ташкилотлар раҳбарлари ва мутахасислари таклиф қилинган эди.
Ҳимоя ҳақида эълон осилгандан бошлаб айрим кафедра аъзолараининг кайфияти ёмонлаша бошлади, бу ҳолат кундан кунга жиддийлаша борди. Обсужденияга бир кун қолганда кафедра мудири А. Матяқубов Муҳаммадни хонасига таклиф қилиб:
-Сизнинг диссертациянгизга ва унинг ҳимоясига кафедра аъзолари қарши, уни тўхтатиш керак, акс ҳолда мен мажлисга раислик қилмайман - деди.
Муҳаммад бунга ҳайрон бўлди, чунки диссертацияни кафедра аъзоларининг кўпчилиги кўриб чиққан, лекин биронтаси ёмон фикр айтишмаган эди. Доцент А. Матяқубовнинг ўзи, проф. Содиқов, доц. Файзуллаев каби кафедра аъзолари диссертацияга юқори баҳо бериб тақриз ҳам ёзишган.
Малум бўлишича, айрим кафедра аъзолари докторлик иши тўғрисидаги Муҳаммаднинг бу ҳаракатини Б.Ҳақбердиевникига ўхшаган бир гап (Хақбердиев ўн йилдан кўпроқ вақтдан буён ана ҳимоя қиламан, мана ҳимоя қиламан деб юрар экан) бўлса керак деб ўйлашган. Эълон осилгандан кейин эса С.Хўжаниёзова, А.Рахимов каби кафедра аьзолари: -Биз 20-30 йилдан буён ишлаяпмиз, унинг бу ерга келганига бир йил ҳам бўлмади - деб кафедра мудирининг олдига бориб ҳимояга қарши эканликларини, хеч бўлмаса уни маьлум (бир неча йил) муддатга тўхтатишни талаб қилишган.
Муҳаммад бундан ниҳоятда ранжиди, ва кафедра мудирига: -Обсужденияни энди қолдиришнинг имконияти йўқ, чунки бу ҳақда бутун вилоят хабардор. ВАК талаби бўйича эса сизнинг, яъни кафедра мудирининг, кафедра йиғилишига раислик қилишидан бош тортишга ҳаққингиз йўқ! Лекин сизларнинг кўзлаган мақсадларингизга етишларигизнинг бошқа йўли бор. У ҳам бўлса диссертацияни обсуждения қилаётганда камчиликларини кўрсатиб расмий ҳимояга тавсия қилиш ёки қилмаслик ҳақидаги ўз таклифларингизни билдирасизлар. Шу асосда йиғилиш қандай қарор қабул қилса сизларга ҳам, менга ҳам, ва ВАК га ҳам у қонун ҳисобланади - деди.
Кафедра мудири бир пас ўйлаб, Муҳаммад айтган таклифга рози бўлди.
Эртасига кафедранинг кенгайтирилган йиғилишига таклиф қилинганларнинг деярли барчаси (40 га яқин олиму-мутахасислар) етиб келдилар. Йиғилишга раислик қилувчи - кафедра мудири, кун тартибини эълон қилгандан кейин диссертациянинг асосий натижалари ва хулосаларини айтиш учун сўзни Муҳаммадга берди. Кутилганидей савол-жавоб режага нисбатан 3-4 баравар кўп бўлди.
Савол бераётган айрим олимларнинг саволиданоқ мақсади нима эканлигини сезиш қийин эмасди. Лекин уларнинг бераётган бу илмоқли саволлари Муҳаммад учун ҳеч нарса эмас эди. Чунки уларнинг биронтаси ҳам Муҳаммад ҳимоя қилаётган соҳалар бўйича кучли мутахасис эмас эдилар.
Тақризчиларнинг чиқишларидан кейинроқ диссертациянинг таҳлили бошланди. Таклифни кутмасданоқ кафедра аъзоси О.Раҳимов чиқиб диссертациянинг “камчиликларини” санай бошлади ва диссертация устида яна бир неча йил ишлаб табий ўтлоқларнинг сувғориш режимини ҳам ўрганиб, кейин уни ҳимояга қўйшни таклиф қилди.
Бу танқидчининг асоссиз гапларидан кўпчилик йиғилиш қатнашчиларининг энсаси қотабошлади. Рахимов жойига ўтирар ўтирмас кафедранинг яна бир аьзоси - А. Нуржонов чиқиб диссертацияни микробиологик тадқиқотлар ҳам ўтказиб уни янада бойитиш зарурлигини уқтириб, ўзидан олдинги маърузачининг таклифини қўллаб қувватлади.
Иккинчи танқидчининг чиқишидан кейин эса айрим олимлар ўзларини тўхтатаолмай ўзаро тортишиб кетишди. Институт проректори доц М.Маткаримов отилиб ўртага чиқди ва:
-Мени кечиринглар-у бу ердаги таклифлар ўрмондаги айиқполвон, тулкивой ва қуёнчаларнинг қайси емиш ширинроқ деган саволга (биттаси асал, иккинчиси товуқ ва учинчиси сабзи деб) берган жавобларига ўхшаб кетаяпти. Шунинг учун ҳам ҳар ким калласига келган нарсани таклиф қилавермай, диссертацияни мавзу ва мақсадига қараб, ОАК талабига мувофиқ обсуждения қилишни таклиф қиламан - деди.
Шундан кейин навбатдаги тайёрланиб турган кафедра аъзолари (танқидчиларнинг)нинг чиқишга юраги дов бермади.
Кейин доц. Р.Эгамбердиев, Ғ.Сотипов, фаҳрий академик А.Мадримов, вилоят “Узселхозхимия” бирлашмаси раиси Р.Қутлимуротов, ЎзПИТИ Хоразм филиали пахта агротехникаси бўлимининг мудири Б.Пиров, НПО САНИРИнинг Хоразм филиали бошлиғи т.ф.н. Т.Жалилова ва бошқалар сўзга чиқиб, қилинган тадқиқотларга юқори баҳо бердилар ва расмий ҳимояга тавсия қилдилар. Шу асосда кафедра йиғилиши бир овоздан диссертацияни расмий ҳимояга тавсия қилди.
Бу иш Хоразм Давлат пед институти илмий кенгаши йиғилишида ҳам (7-протокол) кўриб чиқилиб расмий ҳимоя учун Ўзбекистон тупроқшунослик ва агрохимия институти қошидаги махсус кенгашга 18-хат (йўлланма) билан жўнатилди.
Тупроқшунослик ва агрохимия институтидаги махсус кенгаш диссертация ва тегишли ҳужжатларни қабул килгандан кейин, уни кўриб чиқиб, тегишли хулоса бериш учун шу институтнинг агрохимия лабороториясига юборди. Уларнинг хулосаси асосида илмий-техник кенгашга қўйилди. Кенгашнинг тавсияси билан ҳимоя 1992 йил июнь ойига белгиланди...
8.3. Вилоят ҳокимлигида
Мамлакатимиз истиқлолга чиққандан кейин сиёсий ва бошқа соҳаларда ҳам катта ўзгаришлар содир бўла бошлади. 1992 йилга келиб область партия ва ижроия комитетлари тугатилиб уларнинг ўрнига вилоят ҳокимликлари ташкил бўлди ва унда ишлашга кадрлар танлана бошланди. Бу танловда аввалгидей биринчи навбатда коммунизмга ишонч ва партияга садоқат эмас, профессионал билим ва ташаббускорлик каби мезонлар асос қилиб олинди.
Вилоят ҳокими - Маркс Жуманиёзов (сурат-4), биринчи муовин - Рустам Самандаров эди. Ундан кейиги муовини Қаландар Сапаев бўлиб унга вилоятдаги агросаноат комплексига кирувчи барча кархона ва хўжаликларга раҳбарлик қилиш юклатилган эди. Қ.Сапаев ниҳоятда қаттиққўл, талабчан ва бир сўзли одам эди. У вилоят (Оближраком раиси) ва распублика миқёсида (сув ҳўжалиги ва мелеорация министри) раҳбарлик лавозмларида ишлаган принсипал ва обрўли раҳбарлардан ҳисобланарди. Ташкилотчилик ва раҳбарлик борасида Муҳаммад ундан кўп нарсани ўрганди.
Вилоят ҳокимлиги агросаноат комплексида маъсул вазифада ишлаш учун Муҳаммадни ҳам таклиф қилишди. Бунга икки сабаб бор эди: Биринчидан Муҳаммаднинг раҳбар бўлиб ишлаган довруғли даврларидаги (1988-1991) фаолиятини вилоятдаги кўпчилик раҳбарлар қатори Маркс Жуманиёзов (Вилоят с-х техника бошқарувчиси эди) ҳам, Қаландар Сапаев (Обл агропром раиси эди) ҳам яхши билар эдилар. Иккинчидан, қишлоқ хўжалик соҳасида вилоятда биринчи бўлиб докторлик диссертациянинг ҳимояси билан боғлиқ шов-шувларга сабаб бўлганига ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ эди.
Вилоят ҳокимлиги агросаноат гуруҳи ўз фаолиятини К.Сапаев раҳбарлигида тўртта маьсул ходим билан бошлади:
-Райимбой Хўжаев - агросаноат соҳасидаги қурилишлар бўйича. Отахон Исмоилов – қишлоқ хўжалик маҳсулотларини қайта ишлаш кархоналари бўйича. Қаландар Матчонов – чорвачилик бўйича, қолган барча соҳалар бўйича Муҳаммад маъсул эди.
Бу маҳкамада иш кеча кундуз тинмасди. Чунки янги ташкилотда янгича талаб, катта маьсулят ва шунга яраша имконият ҳам бор эди. Вилоят қишлоқ хўжалигининг янги даврдаги ривожининг дастлабки босқичларига сезиларли ҳиссаси қўшилганлигига Муҳаммад мамнун эди. “Хорезмская правда” газетасининг 1992 йил март сонида “Ҳокимият: биринчи кадамлар” рубрикаси остида каттагина материал берилиб унда Муҳаммаднинг вилоят ҳокимлигидаги фаолияти кенгроқ ва чуқурроқ кўрсатилган эди.
Ҳокимнинг илм ва фойдали ихтироларга эътиборли эканлиги боис Амударё суви шўрланишини йўқотиш борасидаги ихтироси билан Боғот районидан Юсуп Саидов, Оролни сувга тўлдириш ихтироси билан Урганчдан Хударган Абдуллаев, Амударёнинг қуйи қисмидаги сувни лойқалатиш ихтироси билан Ўктам Мухаммадиев каби “ихтирочи-олимлар” ҳокимиятга кунаро бир папка турли хил қоғозларни кўтариб келиб эрталабдан кечгача бошни қотиришарди.
Бу ихтирочиларнинг кўплари ўзлари кўтараётган муаммо бўйича на бирон маълумотга нада малакага эга бўлмаган одамлар эди. Муҳаммад улардан қандай қутилишни билмай ҳалак эди. Бундан ҳокимнинг ҳам хабари бўлиб уларни “Эшондан қочган ихтирочилар” деб атар эди.
Ўша кезларда ҳоким Муҳаммадни ҳузурига чақириб қўлига битта хатни берди-да: -Бу хат Президент назоратида, бу билан жуда жиддий шуғулланинг, хат муаллифи ихтирочи-олим экан. Президентимиз мана шундай олим ва ихтирочиларга эътиборли бўлишни тайинлаганлар - деди. Муҳаммад вилоятдаги барча олимларни шахсан танирди. Бироқ хат муаллифини танимаганига ҳижолат ҳам бўлди.
Хат муаллифи физик олим эканлигини, кўп йиллар мактаб директори бўлганлигини ёзиб, пахта қатор ораларига ишлов беришда тупроқнинг зичланишини бартараф қилиш, Амударёдан оқиб ўтадиган сувнинг филтирацияси(ерга сингиши)ни тўхтатиш ва уйларнинг томида қадимда Вавилондаги осма боғлар каби боғ барпо қилиш усулларини ихтиро қилганлигини таъкидлаб, уни мамлакатда зудлик билан жорий қилишни сўраган.
Бу хат бўйича Боғот район ҳокимиятидан Бобожон Рахимовни, РАПОдан қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Бахтиёр Эгамовни олиб Атовдаги мактабга етиб бордилар. Хат муаллифига ўзларини таништириб, Президентга ёзган хати бўйича келганларини, қилган ихтироларини тушинтирса бутун Ўзбекистонга, биринчи галда эса Хоразмда жорий қилмоқчиликларини айтдилар.
Хат муаллифи жиддий оҳангда: -Сизлар ҳам олим бўлсангизлар айтингларчи , буғдой ўсган ерда боғ қилиб бўладими, йўқми? - деди. Муҳаммадлар бир овоздан “бўлади”, дейишди.
-Сув оқадиган ариқнинг тагига полэтилен пленка қопланса сув филтирация бўладими? - деб буларга юзланди хат муаллифи. Булар эса: -Филтирация (сингиш) бўлмайди - дейишди.
-Ана энди ихтироларимни эшитинглар - деди у жиддий ҳолатда.
-Биринчи ихтиро – барча молхона томларига мевали дарахт экиб боғ қилиш керак. Ана қаранглар-а, молхона томидаги буғдойлар сал кам бир метр келиб гуллаб турибди - деди нарироқдаги молхона томидаги 5-6 туп буғдойларга ишора қилиб.
-Иккинчи ихтиро – Туямўйин гидроузелидан сувни тўхтатиб, Орол денгизига боргунча, Амударёнинг тагини полэтилен плёнка билан ёпиб чиқиш керак.
-Учунчи ихтиро – пахта қатор ораларига ишлов берадиган агрегатларни трактордан олиб верталётга ўрнатиш керак. Анашунда тупроқ зичланмайди. Энди сизлардан талабим шуки, менинг ихтироларим зарур эканлиги ва унга тўланадиган пул ҳақида ҳужжат (тилхат) ёзиб берасизлар - деди ихтирочи.
Булар куларинида, куяринида билмай бир-бирларига қараганча серрайиб қолишди. Кейин билсалар, у киши рухий касалликлар диспансерида рўйхатда (учетда) турадиган шизофреник экан. Баҳорда касали қўзиганда турли-туман ихтиролар тўғрисида юқорига хат ёзар экан.
Хат муаллифи ва унинг ихтиролари ҳақида Муҳаммад ҳокимга батафсил айтиб берди. Шунда ҳоким: -Буниси анавилардан ҳам ўтирадиган ихтирочи экан - деди кулиб. Ва ишлар бошқармаси мудири полковник Отаназар акани чақириб: -Бу эшондан қочган ихтирочиларнинг биттасинида ҳокимиятга киритма - деб кўрсатма берди.
Президентнинг куч ишлатар тизимлари маоши ва ваколатини оширгани Хоразм вилояти ҳокими Маркс Жуманиёзовгада ёқмагани унинг: -Ёшулли (Президент) ҳам қизиқ-да, булар(милиция)нинг бариси ўғри, муттаҳам бўлса, бунинг устига шундоғ ҳам отнинг калласидай маош олади булар, кийими эса текин. Буларнинг маошини оширгандан кўра бечора ўқитувчиларникини, олимларникини, газетачи(журналист)ларникини оширмайдими - деганидан билиниб турарди.
Ҳокимиятда иш эрталабдан ярим кечагача давом қиларди. Вилоят қишлоқ хўжалигини илмий асосга ўтказиш дастурини ишлаб чиққанди Муҳаммад. Вилоят ҳокими М.Жуманиёзов билан шу дастурни ярим кечагача мухокама қилиб, уйга кетиш учун биринчи қаватга бирга тушдилар.
Эшик олдида ўтирадиган қоравул-милиционер хуррак отиб ухлаётган экан. Ҳоким уни тепиб уйғотди-да: -Президент сизларнинг ваколатингизни ва ойлигингизни постда ухлаш учун оширганми?! - деди.
Ва ундан маълумотини, кунига неча соат ишлашини, нима иш қилишини ва оладиган маошини сўради. Шунда милиционер 8-синф маълумотга эга эканлигини, кунига 8 соат ишлашини, қиладиган иши эса фақат ҳокимият эшигининг олдида ўтириш эканлигини ва палон (ҳозир эсда йўқ) сўм маош олишини айтди.
Шунда ҳоким: -Мен салкам 1,3 миллионли бутун бир вилоятга маъсулман. Бунинг ичида сен ва сенга ўхшаган иш вақтини ухлаб ўтказадиганлар ҳам бор. Мен кунига 18-20 соат, яъни сендан 2,5 – 3 марта кўп ишлайман, маълумотим эса – олий. Лекин сендан 2 марта кам маош оламан, шу адолатданми? - деди.
Милиция сержанти ҳали уйқудан очилмаган кўзларини уйқалаганича: -Ёшулли сиз ҳақсиз, бу адолатсизлик - деди.
-Адолатсизлик пойдеворида қурилган Давлатнинг келажаги буюк бўладими? - деди ҳоким.
-Йўқ бўлмайди, тушундим ёшулли - деди сержант қаршисидаги панога тикилиб. Муҳаммад ва ҳоким чиқиб кетишди.
Эрталаб ишга келсалар ҳокимиятга кираверишдаги Президентнинг сурати ясалган, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат. И.Каримов” деб ёзилган катта пано йўқ бўлиб қолган. Кейин билсалар, кечаги сержант уни улар кетган захоти девордан қўпориб олганда: -Ёшулли тўғри айтди, ундай давлатнинг келажаги бўлмайди, бу нотўғри ёзилган экан - деганича панони синдириб-синдириб ахлатга обориб ташлабди.
Муҳаммад югуриб ҳокимнинг олдига чиқди, олдида Олмахон Ҳайитова бор экан, воқеани айтиб берди. Ҳоким қаттиқ кулганидан оғзидаги нос фонтандай отилиб чиқиб олдида ўтирган Олмахон Ҳайитованинг юз-кўзи-ю, уст-бошини расво қилиб юборди. -Қизиталоқ сержант, кеча тушиндим ёшулли деганида “Нимани тушиндинг?” - деб сўрамабмиз-да. Бунинг ихтироси ҳаммасининикидан ҳам ўтиб тушибди. Зудлик билан бошқа пано ёзиб жойига осинглар. Полковник(Отаназар)га айт, сержантни гум қилсин - деди.
-Ва тепасида осиғлиқ турган Президентнинг портретига қараб: -Булар(милиция)нинг ваколати ва маошини янада ошир, шунда шиоринг тугул ўзингнида бир бало қилади булар - деди.
* *
Муҳаммад катта жойда, янги лавозимда иш бошлаган бўлсада, кеча-кундуз ҳимоя тўғрисидаги ўйлар ҳаёлидан кетмас эди. Афсуски, бу гал ҳам ҳимоя бўйича қувончи узоққа бормади: 1992 йил 31-март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси хузурида Олий Аттестация Комиссияси (ОАК) ташкил қилиш тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Унда СССР ВАКи талаблари асосида бўладиган диссертатсия ҳимояси билан боғлиқ бўлган барча фаолиятлар, янги низом чиқиб амал қилгунича тўхтатиб қўйилди.
ОАК фаолиятини ташкил этиш масалалари тўғрисида Вазирлар Махкамасининг 1992 йил 9-сентябрь 421-қарори чиққанидан кейингина ОАКнинг илмий даражалар бериш тартиби, ихтисослаштирилган кенгаш ҳақидаги низомлари чиқди. Шундан кейин аввал қабул қилинган кўпчилик ишлар янги низом асосида қайта ёзишга қайтарилди. Янги низом бўйича Муҳаммад диссертацияни кенгашга илмий маъруза формасида (2 босма табоқ) эмас, оддий қўл ёзма (350 бет) формасида топшириши керак бўлди.
Сурат-3. Монография
Шундай бўлсада жуда катта меҳнат эвазига тайёрланган илмий маъруза формасида тайёрланган диссертация зое кетмади. Унинг асосида “Проблемы провышения эффективности удобрений в разных континентах мира” (Дунёнинг ҳар хил қитъаларида ўғитлар самарадорлигини ошириш муаммолари) номли монография чоп қилинди (сурат-3).
Диссертация ёзиш учун деярли барча материаллар (ҳатто ошиғи билан ҳам) бор эди. Лекин кенгаш талабига кўра диссертация қўлёзмасини аввалгидан мутлоқа бошқа “Применение и эффективность удобрений природных кормовых угодий в разних почвенно-климатичеких условиях республики Узбекистан и Мозамбик” деган мавзу бўйича, яна бунинг устига, 1992 йилнинг охиригача (уч ой) бўлган муддатда ёзиб топшириш керак эди. Бу эса унча-мунча вақту куч ғайрат билан амалга ошмаслиги аниқ эди. Вилоят ҳокимлигидаги иш эса эрталабдан хуфтонгача тўхтамайди. Шанба, якшанба, дам олиш, байрам (ҳатто касал бўлиш) деган нарсалар бу ерда бўлмайди. Бунинг устига ниҳоятда талабчан бўлган Қ.Сапаев каби раҳбар билан ишлаш нима эканлигини кўпчилик яхши билади.
Бир қараганда назарий жиҳатдан диссертация билан шуғулланишга вақт йўқдай, лекин “излаган имкон топар” деганларидай бунга ҳам имкон топилди. Кеч соат 8-9 дан кейин эрталаб соат 8 гача шу иш кабинетида Муҳаммад диссертация билан шуғуллана бошлади. Ҳафтасига бир кун, фақат кечасигагина уйига келиб кетар эди.
Кўпинча вилоят ҳокими қабулхонасида (ҳатто бировларнинг ўрнига ҳам) кечасига навбатчи бўларди. Чунки у ерда бир пас ётишга шароит (диван) бор эди. Кечаси соат 2-3 гача ёзиб столга бошини қўйиб ухлаб қоларди. Тонг саҳар(5-6 лар)да ҳокимият хоналарини артиб супирадиган ҳизматчилар келиб уни уйғотишарди. Бомдод намозини ўқиб, эрталабки соат 8 гача унум билан ишларди. Муҳаммаднинг бу иш тартибини вилоят ҳокимлигидаги катта-кичик барча биларди ва унга куч-қувват ва омад тилашарди.
Салкам 500 бетлик диссертация қўлёзмасини икки ойда (фақат кечаси ўтириб) ёзиб тугатди. Бу даврда нафақат кеча кундузги тинимсиз меҳнат, шунингдек еган овқатининг ҳам тайини бўлмаганлиги учун Муҳаммад 10 кг дан кўпроқ оғирлигини (аввал ҳам тўла эмасди) йўқотди. Албатта, шу билан боғлиқ саломатлиги ҳам анча заифлашди.
Бир куни хотин қизлар бўлимида маъсул ходим бўлиб ишлайдиган Муҳаббат исмли қиз азбарои унга раҳми келганидан: -Муҳаммаджон ака, сиз фақат ҳимоя қилгунча яшасангиз бўлдими, аҳир оилангиз ва фарзандларингизга ҳам керакдирсиз, аҳволингизга бир қаранг! - дегани уни ҳар кўрганида Муҳаммаднинг эсига тушарди.
Диссертацияни кенгаш талаб қилган мавзу ва формада тайёрлаб 1992 йилнинг декабрида яна топширди. Кенгашнинг топшириғига асосан диссертация экспертиза учун ихтисослашган махсус кенгаш аъзоси, биология фанлари доктори Л.Толстовага берилди. Унинг хулосаси асосида илмий-техник кенгашга қўйилди. Илмий-техник кенгаш эса бу ишни қўшимча хулоса олиш учун Ўзбекистон Фанлар Академияси Ботаника институтига юборди. Ботаника институти бу ишнинг асосий қисми геоботаника лабороториясида бажарилганлиги учун уни шу лаборотория(бўлим)га юборди.
Бу ишнинг ҳимояси бўйича геоботаника лабороториясининг кегайтирилган йиғилиши 1993 йил 26-январ(2-протокол)да бўлиб ўтди. Бу йиғилишда нафақат ботаника институти, шунингдек, экспериментал биология, тупроқшунослик ва агрохимия интитути олимлари ҳам иштирок қилишди. Бир овоздан диссертациянинг долзарблиги, катта назарий ва амалий аҳамиятга эга эканлиги ҳисобга олиниб очиқ ҳимояга тавсия қилишди.
Шундан кейин илмий-техник кенгашда яна бир бор кўриб чиқилди ва кўп тортишувлардан кейин ҳимояга тавсия қилишди. Бу кенгашнинг тавсияси махсус кенгашда кўрилди ва кенгаш аъзоси профессор Қ.Мирзажоновнинг жуда қаттиқ туриб қилган таклифига асосан диссертация мавзуси яна ўзгартирилди ва биринчи расмий оппонент қилиб проф Т.Зокиров, иккинчи оппонент қилиб проф А.Қориев, учинчи оппонент қилиб проф О.Хасанов тасдиқланди.
Энди диссертацияни янги мавзудан келиб чиқиб, структурасини қайтадан кўриб чиқиб, айрим жойларини олиб ташлаб, айрим жойларини тўлдириш керак эди. Аммо Зокировнинг бириинчи оппонент бўлиши олдида бу ишлар холва эди. Чунки бу ишнинг раҳбари (илмий маслаҳатчиси) бўлмиш проф Ж.Сатторов билан Зокировларнинг муносабатлари жуда жиддий эди. Зокиров билан Хасановлар эса кўп йиллик қадирдон эдилар.
А.Қориев бўлса машҳур балерина Бернара Қориеванинг укаси бўлиб, ҳеч кимнинг сўзига қулоқ солмас экан. Етакчи ташкилот қилиб Тошкент Давлат Аграр университети (агрохимия кафедраси проф Т.Пирахунов) белгиланди. У ҳам принципиалликда юқоридаги оппонентлардан ўтса ўтади-ю, лекин қолишмас экан.
Тан олиш керакки, Муҳаммад бу оппонентлар тақризини сабрсизлик билан кутарди. Муҳаммад бу оппонентларнинг ишни танқидий таҳлил қилишларини, майда-чуйда хато ва камчиликларини ҳам кўздан қочирмасликларини тушинарди. Ўз ишига ишончи беқиёс бўлсада Худо сақласин, аксига олса ҳар нарса бўлиши мумкин-да.
Шунинг учун ҳам диссертацияни қайта-қайта синчиклаб яна бир бор кўздан кечирди. Ҳар бир рақам, ҳар бир илмий хулоса устида чуқур мушоҳада қилиб уларни танқидий таҳлил қилди. Агар қайси бир оппонент асоссиз танқид қиладиган бўлса ҳеч бир аяб ўтирмасликка қарор қилди.
Ҳимояга бир неча кун қолганда ниҳоят оппонентларнинг тақризлари кенгашга келиб тушди. Ҳар бирида қатор (уларнинг фикрича) камчилик ва таклифлар ёзилган бўлсада умуман диссертатсияга реал баҳо берилган. Шу орада Ўзбекистонлик академиклар:-М.Муҳаммаджонов, Ж.Саидов, Ш.Ибрагимов, А.Мадримов, С.Искандаров, Қозоғистонлик академик Р.Елишев, Туркманистонлик академик Нурбердиев, шунингдек профессор И.Момотов, Ў.Пратов, Т.Досчановга ўхшаган таниқли олимлардан, “Узселхозхимия” Республика илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси раиси Ж.Шарипов, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Ж.Қўчқаров каби Ҳукумат аъзоларидан ҳам ишга юқори баҳо берилган тақризлар келиб тушди.
Бу тақзизларда йигирма йилдан кўпроқ даврда олиб борилган тадқиқотлар натижасида икки давлатнинг ҳалқ хўжалиги аҳамиятига эга бўлган катта муаммо ҳал қилингани, бу тадқиқотларнинг Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофотига ҳамда Мозамбик Ҳукумати ёзма ташаккурномаси(фахрий ёрлиғи)га сазовор бўлганлиги эса унинг исботи эканлиги таъкидланади.
Олим биринчи марта вертикал зоналар бўйича ўғитларнинг табий ўсимликлар(фитоценоз)лар ҳосилдорлигига, ботаник составига, тупроқ ва ўсимлик озуқавий режимига, асосий озиқ элементларнинг тупроққа кириши ва чиқишига таъсирини ўрганган. Натижада табий ўсимликлар ҳосилдорлигининг иқлим шароитлари, тупроқдаги озиқ элементлар миқдори ва берилган ўғит дозаси билан корреляцион боғланишини кашф қилди, дейилади.
Табий ўсимлик(фитоценоз)ларга ўғитлар қўллаш Ўзбекистон ва Мозамбик фанида янги йўналиш эканлиги, мазкур докторлик иши эса бу йўналишдаги Марказий Осиё ва Марказий Африкада биринчи иш эканлиги қайд қилиниб диссертация муаллифи ҳақли равишда фаннинг бу йўналишидаги биринчи (пионер) олим эканлиги тан олинган.
Диссертациянинг тадқиқотлари асосида ёзилган амалий тавсиялар Ўзбекистон ва Мозамбикка ўхшаган давлатларнинг қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда кўп йиллардан буён кенг қўлланилиб келинмоқда, дейилади.
Музакорага чиққан кўпчилик олимлар табий ўсимликлар билан банд бўлган тупроқлар мамлакатимиз ва Мозамбик ҳудудининг ярмидан кўпроқ ерини ишғол қиладиган бўлсада, ҳали ҳеч ким уларни диссертантчалик чуқур тадқиқ қилмаган. Шу боис уни ҳақли равишда Мозамбик ва Ўзбекистон Докучаеви дейилса муболаға бўлмайди деб эътироф қилишди. Қисқа қилиб айтганда 1993 йил 30-мартда ўтган ҳимоя жуда қаттиқ ўтган бўлсада овоз бериш натижаси - 100% бўлди.
06.01.04.–“Агрохимия” мутахасислигидаги рус тилида ёзилган “Научние основы применение удобрений на природных кормовых угодьях в различных почвенно-климатических условиях” (Ҳар хил тупроқ-иқлим шароитлариди табий озуқа ўсимликларига ўғитлар қўллашнинг илмий асослари) деб номланган докторлик диссертацияси 467 бетдан, кириш, ўн боб, хулоса, ишлаб чиқаришга тавсия, адабиётлар ва қўшимчалардан иборат эди.
Муҳаммаднинг ҳимоя қилиши билан боғлиқ ҳаракатларига катта–кичик қизиқиш билан қарарди. Бу борадаги уриниши биринчи (ҳатто иккинчи ҳам) эмаслигини яхши билган кўпчилик “Илоҳо, ҳимоя қиладигани рос бўлсин-да” дейишарди.
Ҳимоя учун Тошкентга кетаётган куни диссертация авторефератини вилоят ҳокими М. Жуманиёзовга ҳам киритиб берди. Ҳоким авторефератни бир варақлаб чиқди-да: -Катта иш қилибсиз, раҳмат сизга - деди. Кейин орқасига айланиб чиқиб кетаётган эди, -Муҳаммаджон қайтинг - деб қолди, ва: -Ўтиринг - деб олдидан жой кўрсатди.
Муҳаммад ҳеч нарсани тушунмай хайрон бўлиб ўтирди. -Бундай улуғ ишга боришдан олдин оқ фотаҳа олинади - деб иш столида турган Қуръони каримга ишора қилди ҳоким. Кейин ўтирган жойида Қуръон оятларидан тиловат қилди-да, дуо қилиб энди бораверинг - деди. Муҳаммад шошқалоқлик қилганига ҳижолат бўлиб, миннатдорчилик билдириб чиқиб кетди.
Муҳаммад ҳимоя қилган куниёқ Хоразм телевиденияси орқали уни муборакбод қилишди. Эртасигаёқ Хоразм ҳақиқати газетасида Ғ.Машарипов, Т.Досчанов, А.Мадримов, Қ.Наврўзов, Й.Бобожонов, Б.Рўзметов ва бошқа кўпгина олим ва раҳбарлар имзоси билан “Хоразмда биринчи бўлиб қишлоқ хўжалик фанлари доктори илмий даражасини олганлигингиз билан самимий табриклаймиз!” деб сурати билан қутлов босиб чиқаришди.
Ундан кейин Қишлоқ ҳақиқати газетасида Р.Искандаров, Б.Отаниёзов, Б.Худоёров, Э.Зарипов, А.Боиров, К.Толипов каби олим ва дўстлар имзоси билан «Қишлоқ хўжалиги соҳасида Хоразмдан фан доктори чиққанлиги билан фахрланамиз...” деган сўзлар билан қутлов босиб чиқарилди (сурат-4).
Сурат-4. Марказий газетадаги қутлов
Муҳаммад ҳимоядан кейин бирнеча кун қутлов ва табриклар оғушида юрган бўлсада: -Эй Парвардигор, бунинг тасдиғини ҳам тезроқ насиб айла - деб илтижо қиларди. Чунки ОАК (Олий Аттестация Комиссияси) машҳур Б.О.Тошмуҳаммедов (Ойбекнинг ўғли) раҳбарлигида янги ташкил бўлган. Диссертациялар (айниқса докторлик) экспертизаси “Сон эмас сифат!” шиори остида шафқатсиз ўтаётган эди. Бунинг устига, бу маҳкамага унақа-бунақа одамнинг қўли етмайди, умиди фақат Аллоҳдан эди.
Муҳаммад 1993 йил 8-апрелда ҳимоя бўйича ҳужжатларини ОАКга юборди, 27-майда (9 протокол билан) эса тасдиқланди! Тегишли олимларнинг тасдиқлашича докторлик диссертациянинг 1,5 ойда экспертизадан ўтиб тасдиқланиши Ўзбекистон ОАКи (СССР ВАК ҳам) тарихида рекорд ҳисобланади.
Олимлар, журналистлар, Муҳаммад ва унинг илмий ишларига қизиқа бошлашди. Бунинг натижаси ўлароқ “Хорезмская правда” газетасида “Хорезмский Докучаев” (Хоразмнинг Докучаеви) сарлавҳаси билан техника фанлари номзоди, иқтисод фанлари доктори, проф Б.Рўзметов имзоси билан каттагина мақола эълон қилинди. Бунда муаллиф Муҳаммаднинг кўп йиллик илмий фаолиятини таҳлил қилиб, сарлавҳани танлашда кўпчилик илмий кенгаш аъзоларининг диссертант(Муҳаммад)ни “Мозамбик ва Ўзбекистон Докучаеви” дейишганини асос қилиб олган.
Муҳаммаднинг вилоят хокимлигидаги фаолияти юқори баҳоланди: Уни Ўзбекистон Олий Кенгаш Президиуми раиси Ғ.Йўлдошев имзоси қўйилган “Ўзбекистон муустақиллиги” нишони билан тағдирлашди.
1993 йил май ойида вилоят ҳокими Муҳаммадни Боғот районлараро “Узсельхозхимия” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси (МРПО) раиси вазифасига таклиф қилди.
Аввалдан ҳам Боғот райони раҳбарлари билан “моши” пишмаганлиги учун ҳам Муҳаммад аввало бу таклифга рози бўлмади. Вилоят раҳбарятининг: -Биринчидан бу районлараро ташкилот, район раҳбарларининг тасарруфига тўла кирмайди, иккинчидан сизнинг фаолиятингиз бизнинг назоратимизда бўлади, учинчидан сизнинг катта тажрибангиз, сельхозхимия бўйича чуқур илмингиздан ўз районингиз, ўз ҳалқингиз фойда кўрса ёмонми - деганларидан кейин ноилож рози бўлди.
* *
(Давоми кейинги саҳифада)
|