"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (Тарихий роман)

VIII-Бобнинг давоми

1980 йилдан бошлаб докторлик диссертатсияси ва унинг ҳимояси билан боғлиқ бўлган бу кўз кўриб қулоқ эшитмаган қийинчилик ва саргардонликлардан хабари бўлган Бахтиёр Рўзметов, Тангриберган Досчанов каби дўстлари: -Агар шунча қийинчиликларни енгиб, фан доктори бўлсанг сенинг фамилиянгни Хоразмий қилиб ўзгартирамиз - деб ярим чин, ярим ҳазил аралаш гапириб юришарди. 
Докторлик иши тасдиқланган зохатиёқ Б.Рўзметов бошлиқ дўстлари Муҳаммаднинг фамилиясини Хоразмий қилиб ўзгартиришга қаттиқ киришдилар. 
Бир қараганда, бунинг ажабланадиган жойи йўқ эди. Чунки Хоразмда туғилиб ўсган, шул заминда яшаётган ҳар бир инсон Хоразмий яни хоразмлик. Лекин бу буюк заминнинг мўътабар номига ҳамма хоразмликлар ҳам муносиб бўлаолмаганлар. 
 Шунинг учун ҳам Муҳаммад бунга аввало қуйидаги сабабларга асосан рози бўлмади:
 Биринчидан, шу пайтгача (тўғрироғи 1850 йилгача) 400 дан ортиқ “Хоразмий” деб номланган инсонлар ўтган бўлса, шулардан биз биладиган Хоразмийларнинг деярли барчаси улуғ инсонлар (олимлар, уламолар, сўфилар, шоирлар, ёзувчилар) бўлишган, мен келажакда уларнинг мўътабар номини кўтариб юришга лойиқ инсон бўлармиканман.
Иккинчидан, мен илмий дунёга Хасанов Муҳаммад Абаевич деб танилганман. Шу фамилияда 40 га яқин илмий мақолалар, 3 та монография ёзганман. Янги фамилияда илмий дунё ва жамоатчилик эътиборига аввалгича кира олармиканман.
 Учинчидан, одамлар буни тўғри тушина олармиканлар ва шунига ўхшаш кўплаб сабаблар бор эдики, уларни чуқур ўйламасдан Муҳаммад рози бўлаолмас эди.
Ва ниҳоят, Муҳаммад бу таклифга рози бўлди. 1993 йил июль ойининг жума кунида ўзи хатм қилган Қуръони карим савоби самарасини ўтган барча буюк Хоразмийлар рухи покларига бахшида қилиб, улар ҳаққига дуо қилди. Бутун вужудидан бу Хоразмий номига лойиқ бўлиб илм, фан, Ҳақ ва ҳалқ учун хизмат қилишга ният қилди. Гўёки шу билан, буюк Хоразмийлар рухи покларидан оқ фотаҳа олди.
Ва расмий маҳкамаларга қуйидагича ариза ёзди: -Қарийб чорак асрлик вақт мобайнида жаҳоннинг турли ҳил шароитларида илмий тадқиқот ишларини олиб борганман. Буларнинг назарий ва амалий натижалари кўп мамлакатларда қўлланилмоқда. Энди эълон қилинадиган тадқиқотларим ва асарларимни бобокалоним Муҳаммад ал-Хоразмий каби она ватаним – буюк Хоразмнинг номи билан боғламоқчиман. Шу боис менинг исмим фамилиям ва отамнинг исмини Хасанов Муҳаммад Абаевичдан, Хоразмий Муҳаммад Хасан ўғли деб ўзгартиришларингизни сўрайман. Аризамга тегишли ҳужжатларимни илова қилаяпман. Июнь, 1993 йил, Хоразм.
Малум бўлишича Назарий, Юсупий, Эшонзода, Тўразода ва шунга ўхшаш одамлар ва насаб номи билан аталадиган ўзгаришларни қилишда ҳеч қандай қийинчилик бўлмас экан. Бироқ Хоразмий, Хеваки, Туркисионий каби бирон юрт ёки ўлка номи билан боғлиқ ўзгаришларни қилиш учун фақат истак(ариза)нинг ўзигина кифоя қилмас экан.
Муҳаммаднинг аввалги исми, фамилияси, отасининг исмини ва миллатини ёзишда ҳам аввалги мутасадди “саводхон”лар қўпол хатолар қилишган: Унинг исми - Муҳаммад, отасининг исми - Хасан, отасининг фамилияси - Абаев, миллати туркман, онасининг миллати ҳам туркман, буни катта-кичик ҳамма билади. Шундай бўлсада унга у “савохон”лар Хасанов Муҳаммад Абаевич, миллати ўзбек,  деб ҳужжат ёзишган (шу ҳужжат билан 45 йил яшади). Бир ота онадан туғилган укасини эса Абаев Шокир, миллати туркман деб ёзишган.
Ва ниҳоят, 1993 йил сентябрда Муҳаммаднинг аризаси қондирилди, барча ҳужжатлари ва фарзандларининг ҳам фамилияси Хоразмий бўлиб ўзгартирилди. 1997 йили ҳаж зиёрати(ибодати)ни бажариб келганидан кейин эса, Ўзбекистон Республикасининг 21-декабрь  1995 йилги “Давлат тили ҳақида”ги қонуннинг 15-моддасига асосан исмига Исломнинг фахрий унвони бўлган “Ҳожи” сўзини қўшиб янги ҳужжат (паспорт) беришди. 
400 дан ортиқ Хоразмийлар ичида Муҳаммад Хоразмий номлиси ўндан ортиқ экан. Лекин Муҳаммад ҳожи Хоразмий деб номлангани битта. Шунинг учун ҳам ҳаётимнинг ҳар бир дақиқасини Хоразмий номига, ҳожилик мақомига лойиқ бўлиб яшаш маъсулиятини доим хис қиламан, дейди Муҳаммад.

Сурат-5. Ўрта мактабда

Муҳаммад яшаган, ўқиган ва ишлаган жойлардаги аҳолининг катта кўпчилиги унинг қилган ишларини, ёзган асарларини нафақат эслашади, ҳатто улардан айрим намуналарни ёзиб ҳам қўйишган жойлари оз эмас. Ўзи ўқиган мактабда “улар билан фахрланамиз” деб номланган маънавият бурчагида кўпгина алломалар қаторида унинг ижод фаолияти ёзилган доска ҳам осиғлик турибди (сурат-6). Муҳаммаднинг:
                                Илм учун умринг бўйи чексанг машаққат,
                                Парвардигор ўзи қўллаб қилғай мурувват.
                                 Пайғамбарлар меросхўри бўлган олимлар,
                               Халқи учун умри бўйи чекар ситамлар.

деб ёзилган фалсафий тўртлиги унинг кўпгина китобларида эълон қилинган. Ва бундан ташқари бу тўртлик Боғот районидаги Феруз, Хазорап районидаги Э. Қодиров номли умумий ўрта, Хазорсп туман марказидаги 1-сон лицей каби кўпгина мактаб (сурат-5),  ва ўқув юртларида,                                                                                                                 Ўзбекистон пахтачилик институти Хоразм филиали каби илмий тадқиқот ташкилотларида кўпгина алломаларнинг ҳикматли сўзлари билан бирга осиғлиқ турибди (сурат-6). Ва шунингдек, бундай ёзувлар осилган   жойлар Тошкент шаҳрида ва бошқа вилоятларда ҳам бор экан. 

    Сурат-6. Илмий даргохда

-Мени таниган ва танимаган ҳалқимнинг менга, менинг ишларимга ва асарларимга бўлган бундай эътиқоди учун “Ҳалқим учун умр бўйи ситам чекиш”нинг ўзи катта шараф! - дейди профессор Муҳаммад Хоразмий.

7.4. МРПО Узсельхозхимияда

Хоразм вилояти ҳокимлиги қарори билан, Муҳаммад 1993 йил 21-май куни эрталаб, Боғот район ҳокимиятига кириб борди, район ҳокими уни кутиб ўтирган экан. Ҳоким Муҳаммадни ўзига хос бир шароитда (носамимий) кутиб олди. Ҳоким кўнглидан гўёки: -Ҳа, яна келдингизми - деяётгандай бўлса, Муҳаммад: -Ҳа, яна келаолдимми - деяётгандай эди.
Улар енгилгина сўрашдилар, кейин ҳоким қуйидагича нақл айтиб берди: -Ўтган замонларда бир деҳқон билан илон иноқ яшар экан. Илон деҳқоннинг тўплаган ғаллаларини ўғирлайдиган сичқонларни овлаб ғаллани ҳимоя қилар, деҳқон эса илонни сут бериб боқар экан.
 Илон билан деҳқон орасидаги дўстликдан бехабар бўлган деҳқоннинг ўғли келиб кўрсаки илон сут ичаяпти. Шу ерда турган кетмон билан унга ташланиб унинг думини чопиб ташлабди. Илон эса жон ҳолатда унинг оёоғидан чақиб инига кириб кетибди. Дехқоннинг ўғли бундан мажрух (чўлоқ) бўлиб қолибди, илон эса думсиз (мажрух) бўлиб қолибди.
Кўп вақтлар ўтгандан кейин деҳқон илонга: -Кел энди ўтган ишга саловат, яна аввалгидей дўст бўлайлик - деб такдиф қилибди. Илон эса: -Сен мени кўрсанг ўғлинг эсинга тушади, мен эса сени кўрсам думим эсимга тушади - деган экан. Бу қиссадан тегишли ҳисса чиқариб оларсиз - деб ўйлайман.
 Энди иш масаласига келсак: -Ҳозир замон жуда ўзгариб кетган. Сиз аввало хўжалик раҳбарлари (раислар) билан иш қиласиз. Биласизки, улар ўзларига қандай тобе қилишни биладиган, жуда пхини ёрган одамлар. Кадрни ишдан олишда аввагидай бюро аъзолари билан маслаҳатлашиб ўтирилмайди. Бу борада йиқилсанг (бўшасанг) аввалги ҳолатингда туриш қийин. 
Муҳаммад қарасаки, унинг бундай илмоқли гапларининг кети кўринмайди. Шунинг учун ҳам, одоб доирасидан чиқиб бўлсада, унинг гапини бўлишга жазм қилди:
-Ёшулли мен қиссангизни ҳам, шароитингизни ҳам тушундим. Аввало мен сиз айтган пхини ёрган раисларингизнинг энг зўридан илмда ҳам, тажрибада ҳам, баландроқдирман. Мен улардан ҳеч нарса олмайман ҳам, (аввалгидей) ҳеч кимга ҳеч нарса бермайман ҳам. 
Энди ишдан олиниш (йиқилиш) масаласида мен қўрқмайдиган бўлганман. Чунки бир йиқилдим (кетдим) лекин фан доктори бўлиб турдим (келдим). Ҳеч кимдан қўрқиб ишламайман, қанча ишлаш насиб этса шу район учун, Ҳақ ва ҳалқ учун бор кучимни бериб ишлайман.
Шу билан ораларидаги мулоқат тугади. Ҳоким кўнглидан: -Бу одам ҳали доцент пайтидан бировга эгилмаган, профессор бўлганида эгилармиди - деган сўзларни ўтказиб ўз муовини Илхом Қурбоновга Муҳаммадни МРПО “Узсельхозхимия” жамоасига янги раис сифатига қўйиб келишни топширди.
Булар МРПО “Узсельхозхимия”га келганда бутун жамоа кутиб ўтирган экан. Муҳаммаднинг уларга раҳбар этиб тайинланганлигига ҳеч ким эътироз билдирмади, аксинча қарсак чалиб кутиб олишди. Фақат шу корхона инженери Отахон Ибрагимов ҳоким муовинига юзланиб:- Аввалги раҳбар қаерга ишга қўйилди, у ҳам ёмон ишламасди - деди. 
Бу жамоадаги кўпчилик одамлар Муҳаммаднинг туман раҳбарлари билан “моши” пишмаслигини билишарди. Шулардан айрим Муҳаммадга яқинроқ бўлмоқчи бўлганлар унинг олдига кириб:
-Ёшулли бу ерда яхши (ўз эркли) ишлаб кетишингиз учун бу ердаги айрим кадрларни бўшатиш керак. Булар: Складчи Рустам – ҳокимнинг қариндоши, шунинг учун ҳам ёшуллиларни писанд қилмай, билганини қилади. Инженер Отахон – аввалги раиснинг ўртоғи, ўринбосарингиз Раззоқ ака, ҳоким муовини(Пўлат Бобожонов)нинг отаси, ишга фақат маош олгани ёки машинасига бензин солгани келади. Мехотpяд бошлиғи Йўлдош ака – банги-наркоман, бунинг устига ҳокимнинг агенти. Механик Сапoров – қип-қизил ёлғончи. Буларни бўшатмасангиз ташкилотнинг иши олдинга юрмайди ва ҳоказо деб маслаҳат беришди.
Муҳаммад уларнинг биронтасини ҳам бўшатмади, аксинча, уларга маъсулятини янада кўпроқ юклаб, улар фаолиятини назорат қилиб турди. Тармоқлар устидан назоратни кучайтирди. Натижада ташкилотдаги ишлар юришиб кетди.

Сурат-10. Районлараро “Узсельхозхимия”бирлашмасида

Идорани капитал ремонт қилиб атрофини ободонлаштирди, енгил машина қўядиган навеслар қурди. Янги ўрик боғлар барпо қилди, эскисини таъмирлади. Кархонадаги машина ва механизмларнинг деярли ҳаммасини район ҳўжаликларида маҳаллий ўғит тайёрлашга жалб қилди. 
Раҳбар бўлиб келган биринчи куниданоқ идора дарвозасига ёзилган: “Химиявий ўғитлар ва заҳарли химикатлар миқдорини йилдан-йилга кўпайтирайлик!” шиорини ўзи ижод қилган:  “Заҳарли химикатлар ва минерал ўғитларни илмий асосда ишлатайлик”, “Химиявий моддалардан фойдаланишни йилдан-йилга камайтирабориш экология ва экономиканинг асосидир!” шиорлари билан алмаштирди.
Ҳар ойда тайёрланаётган маҳаллий ўғит миқдорини ўтган йилларга нисбатан 5-6 марта кўпайтирди. Район хўжаликларини минерал ўғит билан таминлашни янада яхшилаш учун тинмай Навоий, Самарқанд, Олмалиқ, Чирчиқ химия заводларига қатнарди. Бундан ташқари, кеча-кундуз оператив группа таркибида, вакилчиликда бўлиб, ҳафталаб уйига ҳам келиш имконияти бўлмасди.
Район хўжаликларини минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлашдан ташқари, уларнинг (илмий асосда) тўғри ишлатишини ҳам ташкил ва назорат қилиш ташаббуси билан чиқди. Бу бўйича эса мутахасис-агрохимиклар билан доим далада бўлди.
 Бир сўз билан айтганда, қисқа вақт ичида кархона кўзга кўрина бошлади. Лекин ташкилотнинг бу ютуқлари тўғрисида на район раҳбарияти на газетаси чурқ этмасди. Агар бирор кичкина камчилик учраб қолса ундан катта фожиа ясашарди. Яъни ҳар қадамда ёшуллининг айтиб берган қиссасидаги ҳисса сезилиб туради.
Профсоюзгами (раҳбар бўлиб эмас) ёки бошқа бирон жойгами ўтиб кетишга маслаҳат берадиган “дўстлар” ҳам кўпайишиб қолди.
Кўп ўтмай “Узселхозхимия” Республика илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси раиси (министри) Жаҳонгир Шарипов Хоразм вилоятига ташриф буюрди. Унинг билан Муҳаммад университетда бирга ўқиганди. Унинг атрофида вилоят раҳбарлари гирди-капалак. Уни меҳмонга таклиф қилиш у ёқда турсин ёнига ҳам йўлаб бўлмасди. Шундай бўлсада узоғроқдан: -Жаҳонгир кечқурун уйда кутаман - деди холос. 
-Бирга ўқиган дўстимиз, унинг ёнига бормасам бўлмайди - деб бошқаларнинг таклифини рад қилиб кечқурун Муҳамманикига келди. У билан бирга “Обсельхозхимия” бирлашмаси раиси Р.Қутлимуратов, Облагропром раиси Ш.Қурбанов каби вилоят раҳбарлари ҳам бирга келишди. Бугунги зиёфатга идора фаолларини ҳам таклиф қилганди.
Базм давом қиларди, Жаҳонгир Муҳаммадни бир четга тортиб: -Ўртоқ, менинг ҳозир имкониятим катта, мендан қандай ёрдам керак бўлса сўра - деди. 
Муҳаммад: -Заводлардан ўғит келтириш жараёнида завод ва хўжаликлар орасидаги “яқин муносабатлар” табиатига тўғри келмаётганини, оператив группа ва вакилчиликдан боши чиқмаётганини, илмий тадқиқот ва китоблар ёзишга вақти бўлмаётганини айтиб - шулар борасида ёрдам сўради.
Базминг сўнгида Жаҳонгир Шарипов жиддий қиёфада: -Энди дўстлар русларнинг “Дружба дружбой, служба службой” (дўстлик ўз йўлига, иш ўз йўлига) деган мақолига амал қилиб, қисқагина расмий йиғилиш қиламиз. Раззоқ ака Бобожоновни ҳам бу ерга (Раззоқ акалар бошқа хонада ўтиришарди) чақиринг деб қолди. Ҳамма сергак тортган, бир-бирларига қараб ҳайрон эдилар.
-“Узселхозхимия” районлараро идораларига камдан кам ҳолатларда фан номзодлари раҳбар бўлиб қоладилар. Бундай идорага фан докторининг раҳбар бўлиши нафақат бизнинг мамлакатимизда, хатто СНГ давлатлари учун ҳам ягона ҳолдир. Ўзбекистон фанида янги йўналишни асослаган, Хоразм воҳасидаги биринчи ва ягона (қишлоқ хўжалик соҳасида) фан докторининг шу ерга қўйилишининг ўзи, Хоразмда илм ва олимнинг қадрига етмасликнинг ёрқин мисоли бўлаолади.
 Шу муносабат билан, сиз Ш.Қурбонов Муҳаммадни оператив группа, вакилчиликка ўхшаган кераксиз машғулотлар билан банд қилишларига чек қўясиз. Сиз Р.Қутлимуротов, Боғот МРПОсининг хўжаликларини минерал ўғит ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан таъминлаш режасининг бажарилаши бўйича доимо вилоятда биринчи ўринда бўлишини таъминлайсиз.
Сиз эса Р.Бобожонов, химзаводларга бориш, хўжаликлар биланги муомулалар билан шуғулланасиз. Муҳаммад эса ҳужатларга қўл қўйиш, тадқиқотдар олиб бориш, китоблар ёзиш ва илмий–педагогик фаолият билан шуғулланади. Тадқиқот ва китоблар нашр қилиш билан боғлиқ барча молиявий масалаларини мен ҳал қиламан - деди.
Шундан кейин Муҳаммаднинг мавқеида ҳам, иш фаолиятида ҳам кескин ўзгариш рўй берди. Оператив группа, вакилчилик мутлоқа тугамаган бўлсада, кескин камайди. Идорадаги таъминот ва ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалаларни (минғиллаб, тўнғиллаб бўлсада) Роззоқ аканинг ўзи эпларди. Муҳаммад чин маънода китоблар ёзиш, тадқиқотлар ўтказиш, ва педогогик фаолиятга шўнғиб кетди.
Муҳаммадни Урганч Давлат университетининг Тупроқшунослик ва агрохимия кафедрасига ўриндошлик асосида (0,5 ставка) профессор қилиб ишга олишди, хафтасига икки кун Университетда бўларди. 
Пахтанинг қатқалоқ муаммолари бўйича ва Хоразм воҳасидаги ҳар хил тупроқларда истиқболли ғўза навларига ўғитлар қўллашнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш бўйича ҳам тадқиқот ишларини бошлаб юборди.
                                                                         *       *
Пахтачиликдаги асосий муаммолардан бири - бу чигит экилгандан кейин қатқалоқ хафидир. Чунки экиш асосан баҳорда ўтказилганлиги учун кўпчилик ҳолларда чигит экилган далаларда ёмғир миқдорига, тупроқ таркиби ва механик составига қараб турли даражада қатқалоқ вужудга келади. Натижада энди униб чиқаётган ниҳоллар чиқа олмай нобуд бўлса, чиққанлари эса қатқалоқ қисишидан нобуд бўлади.
Бироқ пахтакорларимиз бундай ҳолларда кеча кундуз тинмай ҳаракат қилиб қўлда,  механизмлар ёрдамида қатқалоқ бўшатадилар. Бунга катта миқдорда ишчи кучи ва материал харажатлар сарф қилинади. Ҳар қанча ҳаракат қилинганда ҳам қатқалоқ туфайли ниҳоллар сийрак бўлиб қолади ва ривожланишда анча орқада қолиб кетади.
Ёмғир миқдори кўп бўлган йиллари айниқса оғир механик таркибли совға тупроқларда пахтани бузиб, қайта экиш талаб қилинади. Бундай ҳолларда биринчидан бузиб экиш билан боғлиқ катта миқдорда материал харажатлар чиқими бўлса, иккинчидан пахта 15-20 кун кечки бўлиб ҳосилдорлик анча пасаяди.
Мутахасислар томонидан қатқалоқларни бартараф қилиш мақсадида кўп уринишлар бўлган, бироқ улар дехқонларга манзур бўлмаган. Муҳаммад ҳам бу борада узоқ вақтлар изланишлар олиб борди. Натижада чигит экадиган сеялкага гўнг сепадиган мослама ясаб бу муаммони ҳал қилди. 
Бунда оддий пахта култиватор ўғитлагич челакларининг ҳажмини 2-3 марта, гўнг чиқадиган тешикчасини 1,5 - 2 марта каттайтириб, сеялканинг чигит турадиган челакларидан орқа томонга, яъни сеялканинг ўнг ва чап томонларига жойлаштирилади. Уларга ҳаракатни занжир орқали чигит турадиган челаклар ўқидан олиб берилди. 
Бунга яхши чириган гўнгни элаб солинади ва гўнг тукопровод орқали чигит экилган эгатнинг устига тушади. Гўнгнинг зарур миқдори челакнинг пастки қисмидан тузилади.
Тажрибалар ўтказилган йили (1994) чигит 25-апрелда экилди. Худдий буюртма қилгандай, 3-майда қаттиқ жала қуйди. Гўнг солинманган далаларнинг совға тупроқли майдонлари бузиб экилди. Енгил ва қумлоқ тупроқларда қатқалоқ юмшатилди. Экиш билан бирга пушталарга гўнг солинган майдонларда қатқалоқ бўлмади, чигит эса 2-3 кун олдин униб чиқди. Бунинг сабаби шуки, бу пушталарда гўнг солинмаган пуштага нисбатан тупроқ ҳарорати 2-3 градусга, намлиги эса 3-4% га юқори бўлар экан.
Бу кўрсаткичлар гўнгни солиш усулига боғлиқ равишда сезиларли даражада ўзгариб туради. Энг яхши самара гўнгни зағартошдан олдин солинган вариантда олинди. Чунки бу усулда гўнг чигитга жуда яқин масофага (0,5 – 2 см) тушади. Натижада бу гўнг тупроқни бўш тутиб чигит атрофидаги ҳароратни ва намликни кўпайтириш билан бирга озиқ бўлиб ҳам хизмат қилади.
Гўнг каток(зичлагич)дан кейин солинганда яхши натижа олинмайди. Чунки пуштага тўкилган гўнг қуриб қолгандан кейин шамол уни турли томонга сочиб юборар экан.
Солинган гўнгнинг нормаси ва уни солиш усулига қараб пахтанинг ҳосилдорлиги гектарига 1,5 – 3,5 центнер ошар экан ва шу билан бирга пахтанинг очилиш муддати ҳам тезлашар экан. Бу эса ўз навбатида териб олинадиган биринчи нав салмоғининг 10-18% ошишига олиб келади.
Энг яхши натижа гўнгни зағартошдан олдин солиш усулида олинди. Бунда ҳосилорлик бошқа усулга қараганда 1,5 – 2,8 центнерга, биринчи нав салмоғи 5 – 12% га ошиб, пахтанинг очилиш муддати ҳам 2-8 кунга тезлашади ва чигитнинг униб чиқиш куни 1-2 кунга қисқаради.
Шунингдек, яхши самарага гўнгнинг нормаси гектарига 500 кг бўлганда эришилди. Бунда ҳосилдорлик 200 кг нормага нисбатан 1-1,6 центнерга, биринчи навнинг салмоғи 7-9% га ошди. Солинадиган гўнгнинг нормасини икки баробарга (1000 кг) оширилганда асосий кўрсаткичлар 500 кг нормадагидан сезиларли ошмади.
1994 йил бундай усулда кўплаб пахта майдонлари экилди. Бу майдонларда (тўғрироғи пуштанинг устида) 3-майда кучли ёмғир ёғган бўлсада қатқалоқ бўлмади. Ниҳоллар текис униб чиқди ва 12-майда култивация ўтказилди.
Бундай усулда 1995 йилда ҳам кўп майдонлар экилди. Лекин бу йил баҳорда ёмғир ёғмади. Натижада бузиб экилган ёки қатқалоқ бўлган майдон ҳам бўлмади. Бироқ гўнг сепиб экилган майдоларда чигит 2-3 кун олдин униб чиқди ва ривожланиш ҳам гўнг сепилмаган майдонларга нисбатан анча олдинда борди.
Шундай қилиб, чигит экаётган пайтида пуштанинг устига гўнг сепиш қатқалоқдан қутилишнинг самарали усули бўлиб, бунда гўнгнинг нормасини 500 кг атрофда белгилаш ва уни зағартошдан олдин солиш мақсадга мувофиқ бўлиб чиқди. 
Бу тадқиқотларнинг асосий натижалари ва тегишли тавсиялар “Ўзбекистон қишлоқ ҳўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналининг 1996 йил 2-сонида “Қатқалоқнинг давоси” сарлавҳаси остида эълон қилинди. Бу ихтиро қилинган сеялка-гўнг сепкич ҳақида эса Ҳуррият рўзномасида (10.5.1994) ”Олимнинг хайрли ихтироси" сарлавҳаси билан Шавкат Болта катта материал эълон қилди. 
Боғот туманидаги Тошкент хўжалигининг 3-бригада бошлиғи Рустам Ражабов эса кўпчилик далаларни Муҳаммад ихтиро қилган сеялка–гўнг сепкич ёрдамида экканлигини (“Хоразм ҳақиқати” - 13.5.1994) ёзди. “Ҳалқ сўзи” рўзномасининг 1994 йил 25-май сонида “Хораймийнинг ихтироси” сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Бунда проф М.Хоразмий ва мухандис С.Саидовлар томонидан яратилган янги сеялка-гўнг сепгичнинг синовдан муваффақиятли ўтиб ишлаб чиқаришда кенг қўлланилаётгани ҳақида ёзилган.

Сурат-11. Ўзбекистонда ғўзани ўғитлаш бўйича тавсиялар 

1993 йилда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги тавсияси билан Муҳаммад томонидан “Ғўзани ўғитлаш муддати ва усули бўйича тавсиялар” ишлаб чиқилди ва мамлакатимизнинг (шу жумладан Хоразмнинг ҳам) барча хўжаликларига  амалда қўлланиш учун тарқатилди (сурат-11). 
 Муҳаммаднинг тадқиқотлари асосида 1994 йилда “Фан” нашриётида “Ўғитлар самарадорлигини оширишнинг илмий асослари” номли ўқув-методик қўлланма (китоб) чоп қилинди (сурат-12) ва бу китоб 1995 йилда Ал-Хоразмий мукофатига сазовор бўлди.
Муҳаммад Боғот туманлараро “Ухсельхозхимия“ бирлашмаси раиси бўлиб ишлаш даврида илмий тадқиқот ўтказиш, китоблар ёзиш, илмий-педогогик фаолиятлардан ташқари, Хўжалик қишлоғида “Туркманлик” маҳалла марказини бунёд қилиш, Арали эшон масжиди қурилишига бош-қош бўлиш каби савоб ишларнида қилишга ҳам вақт топа оларди.
                                                                              *       *
1994 йилнинг охирларида, Олий ва Маҳаллий кенгашлар депутатлигига номзодлар кўрсатиш бошланди. Янгиқадам сайлов округидан депутатликка Муҳаммаднинг ҳам номзоди бор эди. Муҳаммад номзодини олишга бир неча марта ҳаракат қилди, лекин рухсат қилишмади. Чунки ундан бошқаларга қўйилган алтернатив номзодлар пудратчи, бригадир ёки четдан бир одам бўлиб, Муҳаммад билан қўйилган алтернатив номзод эса шу округ ҳудудида яшовчи, шу хўжаликда партком секретари (раисдан кейинги раҳбар) бўлиб ишловчи, каттаа эътиборга эга бўлган С.Бобожонов эди.
Сайловчилар билан учрашув учун Тошкент колхози клубига бу сайлов округидан олтита номзод: Олий мажлисга туман ҳокими Ш. Хўжаниёзова ва бошқа хўжаликдаги мактаб директори Барчиной Машарипова (уни сайловдан кейин ҳоким ўзига муовин қилиб олди), вилоят советига ҳокимнинг муовини П. Бобожонов ва бир пудратчи, район советига Муҳаммад ва шу колхоз партком секретари С. Бобожоновлар қўйилган эди.
Номзодлар тартиб билан (аввал олий мажлис, кейин маҳаллий Советлар) ўз сайлов олди программалари билан чиқиш қилдилар, ҳаммаси рисоладагидей эди. Навбат Муҳаммадга келганда кутилмаган нарсалар содир бўлди: 
Янгиқадам сайлов округи комиссияси раиси ўз сайлов олди программасини айтиш учун сўз навбатини Муҳаммадга бериши билан (худдий ўргатиб қўйгандай), залдаги барча сайловчилар ўринларидан туриб, гулдирос қарсак чалиб юборишди. Иброҳим Ражабов, Бекчон Қутлимуратов каби элаткомлар сўзга чиқиб: -Биз Муҳаммаддай номзодимиз билан фахрланамиз! - дейишди. 
Муҳаммадга алтернатив номзод (Бобожонов) эса минбарга чиқиб, ўз сайлов олди программасини айтиш ўрнига, ўз номзодини Муҳаммаднинг фойдасига қайтиб олганини эълон қилиб, барчани Муҳаммадга овоз беришга чақирди.
Кутилмаганда район ҳокими Ш.Хўжаниёзова минбарга қайта кўтарилди. У сайловчиларнинг Муҳаммадга бўлган эҳтиросидан тўлқинланиб кетганини, пайғамбаримизнинг ҳам номлари Муҳаммад бўлгани, аслида Муҳаммад деган номининг ўзи Худога кўп ва хўп ҳамду сано айтувчи яъни, Худога яқин эканлиги, балки шунинг учун ҳам бизнинг номзодимиз профессор Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Яссавий, Аҳмад ал-Хевакий (Нажмиддин Қубро), Аҳмад Фарғоний каби олимларнинг издоши бўлаётгани ва шунга ўхшаш баланд парвоз сўзлар билан маъруза қилди. Унинг маърузаси тез-тез қарсаклар билан бўлиниб турди. Муҳаммад бўлса қуёш қайси томондан чиқаётганига ҳайрон эди. 
1995 йил 24-январда район Советининг биринчи сессияси бўлди. Бунга вилоят ҳокимлигининг (вилоят ҳокими муовини раҳбарлигидаги) вакиллари ҳам иштирок этдилар. Сессия кун тартиби районни социал иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида эди. Бу бўйича район ҳокими депутат Ш.Хўжаниёзова катта маъруза қилди. Бу маъруза бўйича: “Районни социал-иқтисодий ривожлантиришида Боғот МРПО “Узсельхозхимия” бирлашмасининг ўрни”, деган мавзуда маъруза билан депутат Муҳаммад ҳам чиқиш қилди. Қуйида Муҳаммаднинг сессияда қилган маърузасинг тўла текисти айнан келтирилади:
-Хурматли ҳалқ депутатлари, сессия иштирокчилари!
Бугун бизнинг эътиборимизга ҳавола қилинган маърузада туманимиз ҳокими Шакаржон Хўжаниёзова охирги икки йилда туманимизни социал-иқтисодий ривожлантириш бўйича олиб борилган ишлар, келажакда қилиниши керак бўлган ишлар ҳақида батафсил сўз юритди. Ҳалқ хўжалигининг ҳар бир соҳаси бўйича чуқур анализлар қилинди.
Шунингдек, ҳокимимизнинг маърузасида районимизнинг қишлоқ хўжалиги, асосан деҳқончилигида йўл қўйилган камчиликлар билан бирга, қўлга киритилган зафарлар тўғрисида ҳам айтиб ўтилди. Албатта, дехқончиликда қўлган киритилган бу муваффақиатлар деҳқонларимизнинг, мутахасис ва раҳбарларимизнинг кеча кундуз тинмай қилган меҳнатлари эвазига қўлга киритилди.
Бунда Боғот районлараро “Узсельхозхимия” бирлашмасининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Чунки, 1993-деҳқончилик йилида район хўжаликларини минерал ўғитлар билан  таъминлаш 180-200%га етди. Ваҳоланки, қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришда олинадиган маҳсулотнинг яримидан кўпроғи ўғитлар ҳисобига тўғри келади. Бунинг натижасида дехқончилик (асосан пахтачилик)да режалар 100% дан ошиб кетди.
1994 деҳқончилик йили учун ҳам зарур бўлган минерал ўғитни етказиб бериш бўйича  барча чораларни кўраяпмиз. Шу кунгача режадан ташқари 70 вагон(4000 тонна)дан кўпроқ аммикли селитра хўжаликларга етказиб берилди. Бу борадаги ишлар шундай давом қилдирилади.
Лекин ўтган деҳқончилик йилида ҳар тоннаси юз минглаб сўмларга келаётган минерал ўғитларни ишлатишда, очиғини айтганда, қўпол хатоларга йўл қўйилди. Кўп хўжаликлар экиш билан бирга ўғит бермадилар. Берганларининг ҳам айримлари агрономик тавсияларга зид бўлсада мочавина, аммиакли селитра каби фақат азотли ўғитлар бердилар. Айрим хўжаликлар шолига мочевина ўринга селитра солиш каби хатоларга йўл қўдилар.
Районимиз хўжаликларининг деярли барчаси ўғитлар ишлатишда экологик ва иқтисодий самарадорликка эътибор бермай, фақат агрономик самарадорликни критерия қилиб олиб, катта хатога йўл қўйдилар. Натижада, режалар ошириб бажарилган бўлсада, хўжаликлар иқтисодий зарар билан чиқдилар.
Албатта, хўжаликларимизнинг иқтисодий зарар билан чиқишларига асосий сабаб деҳқончилик маҳсулотларининг баҳоси билан у маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун кетган ўғит, ёқилғи мойлаш материаллари, эҳтиёт қисмлар кабилар баҳоси ўртасида катта диспропорция бўлса, иккинчи бир сабаби, улардан рационал фойдаланмаганлик ҳисобланади.

Сурат-12. Ўқув қўлланма

Экинлар ҳосилдорлигини оширишнинг асоси бўлган азотлар ўғитларни режага нисбатан Деҳқонобод, Туркистон каби хўжаликлар 130-140%, Хоразм хўжалиги 180% олган бўлсаларда улар пахта сотиш планини 140-180% га бажармадиларку! Демак бу хўжаликларда ўғитлардан фойдаланиш ёмон йўлга қўйилган. Бундан кўриниб турибдики, мутасадди мутахасислар бу соҳаларда етарлиича назорат қилмаганлар.
Мен бугун район ҳокимлигидан илтимос қилардим: Бизга район хўжаликларини зарур минерал ўғит ва заҳарли химикатлар билан таъминлаш вазифасидан ташқари, хўжаликлар томонидан ўғитларни тўғри ишлатишни назорат қилиш, агар зарур бўлса, бу тўғрида туман ҳокимлигига масала киритиш ваколатини берсангиз. Бизнинг бирлашмамизда бу вазифани бажаришга қодир бўлган мутахасислар етарлича бор.
Бизда ҳалигача қишлоқ хўжалигида ҳукм сураётган асосий кўрсаткич, центнер ва фоиз бўлиб келаяпти. Бу ишлар социализм даври колхоз ишлаб чиқариш шиори эди. Ерлар бўлиб берилиб ижарага ўтилаётган бу даврда, бу шиор энди иқтисод ва экология билан алмашиши лозим. Чунки ижарачи энди фоизга эмас, кўлига тегадиган нақдига эътибор беради. Фан, техника ривожланган капитализм мамлакатларида “центер” ва “фаоиз” кўрсаткичлари аллақачон (ярим асрдан буён) “иқтисод” ва “экология” билан алмашди.
Ҳар тоннаси (ҳозирги баҳода) сал кам 6000 сўмлик минерал ўғит ва ҳар тоннаси 150000 сўм турадиган заҳарли химикатларни ҳоҳлаганча ишлатаверсак пахта ҳосилдорлигини албатта 40 центнердан, режани эса 100% дан ошириш мумкин. Бундай ҳолатда олган даромамадимиз қилган харажатимизга ҳам етмайдику!
Агрономларимиз яхши билишади, минерал ўғитни маҳаллий ўғит билан бирга ишлатса, яъни экишдан олдин бериладиган минерал ўғитнинг ўрнига маҳаллий ўғит солиб, минерал ўғитни эса фақат (2 марта) озиқлантириш пайтида ишлатилса, ҳозирги олинаётган ҳосилни нормадаги минерал ўғитнинг ярми билан олиш имконияти бор.
Мана, ҳозир кўпгина хўжаликларда ерларга эски рош, кесак тўкилаяпти. Бу ахир шу кунларда бизга етишмаётган калий эмасми?! Ўзимизда ҳали шундай ички имкониятлар бўла туриб нимага чет элдан палон минг валютага ўғит олиб келиш керак. Энди ижарачилар худдий шулар тўғрисида ўйлашлари керак, ўйлайдилар ҳам.
3-4 марта зараркурандаларга қарши заҳарли химикатлар билан ишлов бериш ўрнига биометодга эътибор берилса иқтисоддан 100 марта, экологиядан эса 1000 марта ютамиз.
Энди ўртоқлар, кўп йиллар ҳар хил шароитда турли хил ўғитлар билан шуғулланган мутахасис сифатида, шу юртнинг бир фуқароси сифатида, шуни очиқ эътироф қилмоқчиманки, агар менга қолса минерал ўғит деб аталмиш бу химиявий моддаларнинг бир граммини ҳам она заминимиз бўлган тупроққа яқинлаштимаган бўлардим (барча бирданига сергак тортди). Чунки тупроққа солинган химиявий модда (ўғит)ларнинг 10-15% гина ўсимлик томонидан ўзлаштирилади холос. Қолган қисми эса тупроқни, ҳавони, сувни, умуман экологияни булғаш учун манба бўлиб хизмат қилади.
Лекин минг афсуски, қишлоқ хўжалигидан олинаётган маҳсулотнинг ярмидан кўпроғи шу минерал ўғит ҳисобига бўлганидан кейин, ҳозир биз ундан воз кеча олмаймиз. Лекин ҳосилдорликни оширишнинг нохимиявий факторларини ривожлантирабориб химиявий ўғитларни ишлаб чиқариш ва уларни ҳалқ хўжалигида ишлатишни йилдан-йилга камайтирабориб, приворд натижада, ундан воз кечиш керак  (раҳбарлар безовталана бошладилар). Бундан 150 йил олдиндан то ҳозиргача инсониятнинг буюк кашфиёти саналган химиявий ўғитдан тезроқ холос бўлиш, энди инсониятнинг буюк мақсади бўлмоғи керак!
Бу стратегик вазифани бажариш борасида бизнинг бирлашмамиз қизғин иш олиб бораяпти. Ҳосилдорликни оширишнинг нохимиявий методларидан асосийси ҳисобланмиш маҳаллий ўғит чиқаришни ўтган йилдагидан бир неча баравар кўпрайтириш чорасини кўраяпмиз.
Мана шу бир (январь) ойда тайёрлаган (чиқарган) маҳаллий ўғитимиз ўтган бир йилдагининг ярмига яқинлашади, яъни маҳаллий ўғит таёрлаш 5-6 марта ошди. Агар районимизнинг ҳар бир хўжалиги худдий шу йўлдан бориб, маҳаллий ўғит тайёрлашни кескин оширсалар, районимизнинг ҳам экологияси, ҳам экономикаси яхшиланади (кўпчилик тўғри-тўғри деб бош ирғашарди). 
Районимизни социал-иқтисодий ривожлантириш учун, юқорида қўйилган вазифаларни бажаришда Сиз ҳурматли ҳалқ депутатларига ва сиз орқали сизларнинг сайловчиларингиз бўлмиш районимизнинг барча меҳнаткашларига сиҳат-саломатлик тилайман - деб сўзини тугатди депутат Муҳаммад. 
Залда ўтирган (айниқса қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Ю.Худайберганов, район марказий шифохонаси бош врачи Р.Қурбоновга ўхшаган) депутатлар Муҳаммаднинг маърузасини қарсак чалиб олқишладилар. Сессия президиумида ўтирганларга унча ёқмади шекилли қарсак чалиш у ёқда турсин “ўтиринг жойингизга” деб қўяқолишди. Муҳаммаднинг бу маърузаси унинг Боғот районидаги охирги маърузаси бўлган экан. Шундан кейин,  катта-кичик биронта мажлисда Муҳаммадга сўз беришмади.
                                                                *       *
Муҳаммаднинг ўринбосари Роззоқ ака Бобожонов дилкаш ва сўкоғич одам эди. Булар икаласи химия заводларига айрим пайтларида бирга боришарди.  Бир куни Олмалиқ “Аммофос” заводидан машинада қайтиб келаётганларида Самарқанд вилояти ҳудудида буларни чойпули ундириш мақсадида ГАИ ходимлари тўхтатди ва пул олаолмагач ҳеч сабабсиз Раззоқ аканинг правасини олиб қўйишди. 
Бундан дарғазаб бўлиб келишда Бухорада буларни яна ГАИ ходимлари тўхтатишди ва: -Амаки права қани? - деб сўради. Шунда Раззоқ ака : -Самарқанда сенга ўхшаган бир палонинга палон қилай гадой олди - деди. Милиционернинг бундан жаҳли чиққан бўлсада ўзини тутиб ҳазил аралаш: -Шунда милиционер йўқ йўлдан юрмайсизми - деди. Раззоқ ака эса: -Милиционер дегани итнинг боласидан ҳам кўп бўлса, у гадойларнинг йўқ ери борми? - деди. Шунда милиционер Раззоқ аканинг важоҳатидан қўрқдими: -Мана ҳужжатларингиз, барака топинг, тезроқ кетинг йўлингизга - деб ундан зўрға қутилди. 
Ҳар галгидек эрталаб Муҳаммад(раис)нинг хонасида бажарилиши керак бўлган кундалик ишларни режалаштириб ўтиришганди. Қабулхонада эса турли районлардан келган экспедиторлар қабулга кириш учун навбат пойлаб ўтиришарди. 
Енги калта оқ кўйлак кийган, мўйловлик бир йигит салом-алейксиз ва рухсатсиз кириб келди раиснинг хонасига. Бундан Раззоқ аканинг жаҳли чиқди ва биронта экспедитор бўлса керак,  деган фикрда: -Палонингни учак(том)га чиқариб палон қилай бефаросат, кўрмаяпсанми ёшуллилар(биз)нинг бандлигини - деб сўкиб берди.
 Ҳалиги йигит чўнтагидан гувоҳномасини чиқариб: -Мен СНБ ходими Авазов бўламан, ёшулли(раис) билан гаплашадиган гап бор, сиз ҳозироқ чиқинг бу ердан - деди Раззоқ акага. Гдляндан кўзининг ўти олинган Раззоқ ака довдирагандан кабинетдан чиққунча 2 марта йиқилиб тушди ва чиқиб учраганга: -Хоразмий билан розилашиб қолинглар, уни СНБ босди -  деб элон қилибди.
Ўша кунларда Боғот хўжалиги ҳалқи: -Бизга раисимиз Машариф Қувоқовнинг кераги йўқ! - деб юзлаган одамлар имзо қўйишиб тўполон қилиб юрган кезлари эди. Район ва Вилоят раҳбарлари ва СНБ ходимлари ҳалқнинг фикрини ўрганиб кўрганда кўпчилик: -Аввалги директоримиз(яъни Муҳаммадни)ни келтириб берсангизлар маъқул бўларди - деган фикрни билдиришган.  
Бу эса ўша даврдаги Муҳаммадни ёқтирмайдиган район раҳбарининг ундан бутунлай қутилиш мақсадида вилоят ҳокими М.Жуманиёзовни: -Бу тўполоннинг раҳнамоси Муҳаммад, яна директор бўлгиси келиб қолган - деб ишонтиришга асос бўлган. Натижада вилоят ҳокими СНБга: -Текширинглар, бу тўполонда Муҳаммаднинг қўли бўлса уни қаманглар - деб топшириқ берган  ва СНБ ходими шу масалани ўрганиш учун келган экан.      
                                                                             *       *
Муҳаммаднинг шахси, олиб бораётган илмий тадқиқотлари, китоблари ва ундаги ғоялар ҳақида кўпчилик одамлар, айниқса журналистлар қизиқиб ўргана бошладилар. Натижада Хоразм ҳақиқати газетасининг 1994 йил январь сонида газетанинг салкам бир саҳифасини эгаллайдиган ҳажмда “Хоразмий изидан” сарлавҳали мақола босиб чиқарилди. 
Бунда Муҳаммаднинг докторлик диссертацияни ҳимоя қилгунча бўлган қийинчиликлар ва уларга бардош бериши натижасида қишлоқ хўжалик фанлари соҳасида Хоразм тарихида биринчи ва ягона фан доктори деб кўрсатилди. Фаннинг шу соҳаси бўйича эса давлатимиздаги энг ёш фан доктори деб таъкидланади. Мақола: “миллатнинг буюклигини, тараққиётини, ишбилармонлар, тижоратчилар, бой-бадавлат кишилар белгиламайди. Миллат фан ва адабиёти билан буюк!” деб якунланади.

Сурат-13. Марказий газетадаги мақола

Қишлоқ хақиқати газетасининг 1994 йил 1-апрель сонида “Хоразм фахри” сарлавҳаси билан жуда катта материал босилди (сурат-13). Бу мақолада журналист Муҳаммаднинг илм олишни Абдулла қори устозлигида Қуръони карим оятларини ёдлаш билан бошлагани, 4-5 ёшда эса Қуръон оятлари ва намоз ўқиш илми бўйича қўшни(аёл)ларга дарс ўтгани (ўргатгани), ҳали мактабга бормасданоқ, ўқиш ёзишни равон билганини ҳайрат билан ёзади. 
Муҳаммад охирги ўн йил ичида бир-бирига ўхшамаган мавзуда уч марта (шундан биттаси португал тилида) докторлик ишини ёзган. Балки бу ишни қилаолган ягона ўзбек олими унинг ўзидир деб таъкидлайди муаллиф.
Туркманистон республикаси “VATAN” (Ватан) газетасининг 1994 йил 9-апрель сонида “Узоқ элда туркман бор” рубрикаси остида “Ал-Хоразмийнинг изидан” сарлавҳаси билан, анча шов-шувга сабаб бўлган, катта мақола эълон қилинди (сурат-15). Бунда Муҳаммад томонидан олимлар ичида биринчи (ҳозиргача ягона) бўлиб минерал (химиявий) ўғитларнинг асосий қисми химиявий балластлардан иборат бўлиб, ўсимликлар ҳосилини ошириш билан бирга, она заминимиз (тупроғимиз) учун экологик жиҳатдан зарарли эканлиги қайд қилиниб, улардан аста-секин воз кечиш назарияси олдинга сурилгани тан олинган.
Ўзининг илмий ишлари билан Ўзбекистон фанида янги йўналиш очган, қишлоқ хўжалик соҳасидаги энг ёш фан доктори, докторлик ҳимояси бўйича турли бюрократик тўсиқларни уч марта енга олган пўлат иродали, 23 миллионли ҳалқининг ичидан чиққан ягона олим бор, у ҳам бўлса туркман йигити Муҳаммаддир, деб ёзган.

Сурат-15. Туркманистон газетасидаги мақола

Туркманистон радиосининг Муҳаммад ҳақида, юқоридаги мақола асосида берилган эшитдиришларининг бирида мароқ билан: -Эски (аввалги) буюк Хоразм ҳудудидан чиққан алломалар ичидан фақат иккита олимгина “Хоразм фахри” деб тан олинган. Булардан бири имом Замахшарий – Туркманистондан чиққан (Замахшар қишлоғи Туркманистон давлатининг Дошўғиз вилоятида жойлашган) бўлса, иккинчиси – профессор Муҳаммад Хоразмийнинг ўзи туркман. Барча туркманлар булар билан ҳақли равишда “Туркманлар фахри” деб ҳам фахрланадилар - деган. 
Кўп ўтмай Муҳаммадни Туркманистон Президенти Сапармирот Туркманбоши (сурат-16) ўзининг яқин одамлари орқали суҳбатга (норасмий равишда) таклиф қилади. Туркман президентига яқинроқ одамлардан ҳисобланган, Дошўғиздаги С.Рўзметов номидаги Агробирлашма бош директори, уч марта қахрамон Садулла ака (унинг уйида Муҳаммад бирнеча бор маҳмон бўлган), Туркманистон йўллар ва транспорт вазири (асли Дорғон оталик бўлган ва Қоқожон исмли бу министр билан Муҳаммад ёшлигида бирга мол боқарди) ва Муҳаммад ҳақидаги мақоланинг Ватан газетасида нашр қилинишининг ташкилотчиси бўлган, Президент матбуот котибининг айтишига қараганда, Муҳаммадни Туркманистон Президенти Туркманистонда яшашга ва ишлашга таклиф қилмоқчи бўлган. 
Бу пайтда Муҳаммад бир вақтнинг ўзида Районлараро “Узсельхозхимия” бирлашмаси (МРПО) раиси, Вилоят фан ва техника маркази директори, Урганч Давлат университети профессори бўлиб ишларди. Шундай бўлсада, Муҳаммад Туркманистон президенти билан кўришишга отланди.
Вилоят ҳокимлигида ва Ўзбекистон президенти девонидаги юқори лавозимли танишлари унга телефон қилиб: -Ҳамма нарсадан (Ўзбекистон ва Туркманистон матбуотида Муҳаммад ҳақида ёзилган ва айтилган гаплардан) Президентнинг хабари бор. Туркманистонга боракўрманг. Бунинг жабрини нафақат қариндошларингиз, Ўзбекистондаги юзминглаган туркманлар ҳам тортиши мумкин - дейишди
Бу пайтлар Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари бир-бири билан чиқишмас эди. Булар орасидаги келишмовчиликнинг жабрини бегунох бу икки (ўзбек ва туркман) ҳалқ кўп марта чеккан.
СНГ ва Ўрта Осиё раҳбарлари йиғилишларида С.Туркманбоши И.Каримовни тез-тез жеркиб ташлар экан. Шундай бир йиғинда Н.Назарбоев С.Ниёзовга: -Бунча беҳурмат қилманг Каримовни. Ҳар қалай у биздан 2-3 ёш катта, оқсоқолимиз ахир - деганида Ниёзов: -Ўзбекми, тожикми, еврейми, ким эканлигининг маълуми йўқ одам оқсоқол бўларми - деган экан.
Мавзуга қайтиб айтадиган бўлсак, касалман ва ҳакозо, деб Муҳаммад Туркманистонга кетмади. Шундай бўлсада, кўп ўтмай, Муҳаммад ҳақида Ўзбекистон ва Туркманистон газеталаридан эълон қилинган мақолалар бўйича текширишлар бошланиб кетди. Газеталарда, радио ва телевиденияда ёзилган ва айтилган ҳар бир фактни обдон текширишди.
“А.Хоразмий 4 ёшида қишлоқ аёлларига Ислом бўйича дарс ўтган”, деган фактни текшириш учун 1952-53 йилларда Муҳаммаддан намоз ўрганган, ҳозир(1994)да оғир касал бўлиб касалхонанинг реанемация бўлимида ётган сал кам 90 яшар Ойша момони (врачларнинг қаршилигига қарамай) сўроқ қилишган. Текширув тугагунча мақола муаллифи (журналист) жонини ховучлаб ўтирган. 

Сурат-16. Туркманистон Президенти Самармирот Туркманбоши (Ниёзов)

Бу текширувларга сабаб бўлган, очиғироқ айтганда, Ўзбекистон ҳукуматига оғир ботган нарса, Туркманистон газетасидаги: “23 миллионлик ҳалқ ичидан чиққан бу ягона олим – туркман йигити Муҳаммаддир”, деган сўзлар бўлган экан.
“Камбағални туянинг устида ҳам ит қопар” деганларидай Ўзбекистон республикаси “Узсельхозхимия” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаи раиси Жаҳонгир Шариповни бошқа ишга – Янгийўл тумани ҳокими этиб ўтказишди. Шундан кейин Муҳаммаднинг мавқеида ҳам (суянчиғинг кетди-ку дегандай) салбий томонга ўзгаришлар бўлабошлади. 
1995 йилнинг ўрталарига келиб вилоятдаги бешта районлараро МРПО “Узселхозхимия” ташкилотлари (шу қатордан Муҳаммадники ҳам) қисқариб кетди. Муҳаммаддан бошқа барчасига (4 тасига ҳам) ўзига яраша иш беришди. Фақатгина Муҳаммадга(ёшуллининг қиссасидаги ҳисса бўйича)гина ҳеч қандай иш таклиф қилишмади. Ана шуни айтсалар керак: “Ўйнашмагин арбоб билан, урар арбоб ҳар боб билан” деб...


                                                                  8.5. Шарҳлар

6.     Қудрат 
25.01.2014 at 12:03
Бир қараганда ҳужжатли автобиографик асарга ўхшасада романга гап йўқ.                                 Ўша даврларда номенклатурага кирадиган раҳбарларни партия қаерга ҳохласа ўшаёққа жўнатаверган.            Асар қаҳромони Муҳаммад қаерда ишласада ҳалол ва самарали ишлаган экан. Бу ҳозирги раҳбарларгада ибрат бўлмоғи керак.

 Демократ
24.12.2013 at 14:02
Асар қаҳрамони – Муҳаммад энциклопедик қобилиятга эга экан романда келтирилишича. Профсоюзчи, Университетда домла, Ҳокимиятда маъсул, Сельхозхимияда раис. Ҳамма ерда ҳам қойил қилган.                                                        Буни ёзган Хоразмийгада раҳмат.

 Виктор
.23.12.2013 at 13:21
Ничего себя, вот это Мухаммад.                                                                                                        Он осталса в истории не взяв денги от студентов-заочников. Такого редко бывает.                             Не удивляйтес, я хорошо понимаю по узбекский. Я вырос в махалле.

7.     Жумёз Қурбондурдиев
.22.12.2013 at 07:10
Романдаги “Муҳаммад” ўзимизнинг Аматжон ака Хоразмий эканлигини дарров танидим. Аматжон акани танийдиган ҳар бир одам тушинади буни. Уни танимйдиган одамнинг ўзи йўқ.           Унинг кўп китоблари бизда бор. Манашу романини ҳам олсак яхши бўларди.              Туркманистон президенти (Туркманбоши) икки марта таклиф қиганини эшитганмиз. Ўшанда кетмай хато қилди Хоразмий. Мана, Каримов унинг қадрига етмади. Узоқ Европада яшаяпти ҳозир.                                                              

Домла Хоразмий ва унинг қахрамони Муҳаммадга омад тилаймиз. 

 

 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2014-07-26)
Просмотров: 1326 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0