"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (Тарихий роман)

                                                              IX- Боб
                                                Хоразм фани ривожи учун

9.1. Фан ва Техника Марказида

1994 йилнинг декабрь ойида, Мамлакат ҳукумати топшириғига асосан, вилоятларнинг илмий-техник салоҳиятларидан самарали фойдаланиш ва уни ҳар томонлама ривожлантириш мақсадида, Республика Фан ва Техника Давлат Комитети (1994 йил 23-декабрь, 32-сонли қарори) ва Хоразм вилояти ҳокимининг (1994 йил 1-декабр 213-сонли) қўшма қарорига асосан, вилоят ҳокимлиги хузурида, Фан ва Техника Маркази ташкил этилиб, унга Муҳаммадни 1994 йил 30-декабрь 222-қарор билан директор этиб тайинлашди.
Бу ташкилотнинг фақат директори (Муҳаммад) бор, лекин ўзи қоғоздагина мавжуд эди. Уни ташкил (амалда бор) этиш учун унинг уставини ишлаб чиқиш, штамп ва муҳрларни олиш, банкда ҳисоб рақамини очиш, илмий котиб, етакчи мутахасис, бухгалтер-иқтисодчи, каби кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш, бу ташкилот учун идора (бино) топиш ва уни зарур анжомлар билан жиҳозлаш ва шунга ўхшаш қатор муаммоларни ечиш учун кеча-кундуз югуришга тўғри келди.
1995 йил январь ойига келиб, Марказ устави ишлаб чиқилди, штамп ва муҳри тайёрланиб Ўзбекистон миллий банкининг Урганч филиалида ҳисоб рақами ҳам очилди. Вилоят ҳокимлиги административ биноси(аввалги Оближраком биноси)нинг бешинчи қаватида, икки хона ва телефон (6-36-07) олиниб, Марказ директори проф Муҳаммад Хоразмий, илмий котиб т.ф.н. Ўктам Муҳаммадиев, етакчи мутахасис           қ-х.ф.н. Илхом Машарипов, бухгалртер-иқтисодчи Султонбой Искандаров билан Марказ ўз фаолиятини бошлади.
Марказ ўз фаолиятида мамлакат конституциясига, президент фармони ва Ҳукумат қарорларига, Республика фан ва техника давлат қўмитаси ва вилоят ҳокими фармойишларига, ҳамда, ўз уставига амал қилади. 
Вилоятда фан ва техника сиёсатини амалга ошириш учун эксперт ва мувофиқлаштирувчи кенгашлар тузади, тегишли илмий-техник муаммоларни ҳал қилиш бўйича танловлар ўтказади. Марказ ишига вилоят, республика ва чет эл илмий ташкилот ва олий ўқув юртларининг етакчи олим ва мутахасисларини жалб этилади.
Марказ фаолиятига камида кварталда бир марта чақириладиган, вилоят ҳокими раҳбарлик қиладиган илмий-техник кенгаш раҳбарлик қилади. Бу кенгашга вилоят ҳокими муовини проф Т.Досчанов, УрДУ ректори проф А.Садуллаев, вилоят Фан ва Техника Маркази директори проф. М.Хоразмий, 1-ТошМИ Урганч филиали директори проф Р.Қурбонов, вилоят фармация идораси бошлиғи проф Р.Собиров каби (19 кишидан иборат) олимлар кирган.
Вилоятдаги илмий ва конструкторлик ташкилотлари, Олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, Марказ зиммасидаги вазифани бажаришда база ташкилотлари ҳисобланади. 
Марказ маблағлари маҳаллий бюджетдан ажратмалар, илмий-техник шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлардан келадиган даромадлар, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадалларидан ташкил топади.
Барча муаммоларни малакали, илмий асосда ечиш учун марказ ўз ишига республикадан, ҳатто хориждан йирик олимларни, мутахасисларни жалб қилиш имконияти ва ҳуқуқига эга. 
Шуларга асосланиб, Фан ва Техникв Маркази вилоят ҳалқ хўжалигининг барча соҳаларидаги ўз ечимининг кутаётган муаммоларни шартнома асосида ҳал қилиб беришга кафолат беради.
Хоразм вилояти Фан ва Техника Маркази ва унинг фаолияти ҳақида 1995 йил январда Хоразм телевидениясида, ҳамда “Хоразм ҳақиқати” газетасида “Фан-техника Маркази” сарлавҳаси остида катта материал берилди. Муҳаммад марказ ишини аввало вилоят ҳудудидаги  барча илмий-тадқиқот билан шуғулланувчи ташкилотлар, олимлар, уларнинг қилаётган ишлари ва уларни бир ерга йиғишдан, улар ишини мувофиқлаштириш ва ривожлантиришдан бошлади.
Фан Техника Маркази Хоразм вилояти бўйича икита долзарб муаммао: Хоразм воҳаси шароитида буғдойни интенсив технология асосида етиштириш ва Хоразмлик алломалар, аз-Замахшарий ва Нажмиддин Қуброларнинг ҳаёти ва илмий маърифати ҳақидаги муаммони ўрганиш  учун Ўзбекистон Фан ва Техника Давлат Комитети томонидан танлов (КНТП) эълон қилинишига эришди.
Бу танловга вилоятимиз ва мамлакатимизнинг кўпгина илмий-тадқиқот билан шуғулланувчи ташкилотлари ва олимлари ўз лойиҳалари билан қатнашдилар. Биринчи муаммо бўйича ЎзФА механика ва иншоатларининг сейсмобардошлиги илмий тадқиқот институтидан академик А.Д.Глушенко, Жиззах вилоятидаги Темур номли “Ғалла” агрофирмасидан проф О.Омонов, УрДУдан доц П.Камоловлар раҳбарлигидаги лойиҳалар, иккинчи муаммо бўйича эса УрДУдан проф Х.Абдуллаев раҳбарлигидаги лойиҳалар ғолиб деб топилди.
Иккинчи муаммони ечиш учун ажратилган маблағ (300 минг сўм) етарли бўлсада, биринчи муаммо учун Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Фан-Техника Давлат Комитетининг ҳиссадорлик асосида ажратган (60 минг сўм) маблағи етарли эмас эди. Муҳаммаднинг бу борада қилган қаттиқ саъи ҳаракати, ҳамда Ўзбекистон Фан ва Техника Давлат Комитети раҳбарияти билан бўлган яқин муносабати туфайли, бу маблағни 800 минг сўмгача кўпайтиришга муваффақ бўлди.
Иккинчи муаммо бўйича проф Х.Абдуллаев раҳбарлигида К-6-44 контракти асосида тадқиқотлар 1995-1996 йиллар мабойнида УрДУда олиб борилди ва натижада аз-Замахшарий ва Нажмиддин Қубро ҳақида китоблар чоп қилиниб ўқувчиларга етказилди.
К-23 контракти асосида Хоразм воҳаси шароитида буғдойни интенсив технология асосида етиштириш муаммоси бўйича тадқиқотлар 1995-1996 йиллар мобайнида Хоразм вилоятининг Янгибозор тумнида олиб борилди. Бунда академик А.Глушенко раҳбарлигидаги механика институти олимлари К-23-г шартнома асосида интенсив ривожланишнинг технологик моделини яратиш бўйича, доц П.Камолов бошлиқ УрДУ олимлари К-23-6 шартномаси асосида буғдойнинг агротехникаси бўйича тадқиқотлар олиб бордилар.
Тадқиқотлар натижасида Хоразм шароити учун буғдойнинг истиқболли навлари аниқланиб, улардан юқори ҳосил олишнинг технологик модели ва агротехникаси ишлаб чиқилди. Булар асосида Хоразмда буғдойнинг интенсив технологияси бўйича 1996 йилнинг июль ойида, Янгибозор районида, илмий-амалий семинар ўтказилди ва бу технология семинар иштирокчилари томонидан тўла маъқулланди. Натижада вилоятда буғдой ҳосилдорлиги йилдан-йилга кўтарилиб, ўртача ҳосилдорлик вилоят бўйича 50 центнердан ошди.
Шунингдек, 1997 йил “Хоразм вилоятининг шўрланган ва унумсиз тупроқларида буғдой етиштириш технологиясини ишлаб чиқиш” муаммоси бўйича эълон қилинган танловда Урганч Давлат университети экология лабороторияси олимларининг лойиҳалари ғолиб деб топилди. Бу борада олиб борилган тадқиқотлар натижасида Хоразмнинг ўрта ва кучли шўрланган тупроқларида буғдой етиштириш технологияси бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, ишлаб чиқаришга жорий қилинди.
Шу билан бирга, 1997 йил “Хоразм тупроқларининг бонитетини ишлаб чиқиш” ҳамда “Хоразм вилояти шароитида буғдой-пахта алмашлаб экиш агротехникасини яратиш” муаммолари бўйича ҳам танлов эълон қилинди. Бу танловда биринчи муаммо бўйича Ўзбекистон Фанлар Академияси тупроқшунослик ва агрохимия институти олимларининг лойиҳалари ва иккинчи “Хоразм вилояти шароитида буғдой-пахта алмашиб экиш агротехникасини яратиш” (Буғдойдан кейин ғўзани кўчат усулида экиш агротехникасини яратиш) муаммоси бўйича проф А.Хоразмий раҳбарлигидаги ЎзПИТИ Хоразм филиали олимларининг (К-7-35 контракти бўйича) лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Бу муаммолар бўйича 1997-1998 йиллар давомида тадқиқотлар олиб борилди. Натижада Хоразм вилояти ҳудудидаги барча асосий тупроқ типлари бўйича агро-иқтисодий бонитет ишлаб чиқилиб булар асосидаги тавсиялар амалда қўлланиш учун топширилди.
К-7-35 контракти бўйича олиб борилган тадқиқотлар асосида буғдой-пахта алмашиб экиш агротехникаси яратилди: Биринчи марта, буғдой ўриб олинганидан кейин (15 июнда) ўрнига пахта экиб (тўғрироғи пахтани кўчатдан ўтказиб) юқори ҳосил олиш мумкинлиги исбот қилинди. Юқоридаги илмий хулосалар ўз аксини топган, 42 бет ҳажмдан иборат рисола типидаги илмий-техник ҳисобот ёзилди.
Ғўзани кўчат қилиб экиш борасидаги тадқиқот натижалари ва бу борадаги амалий тавсиялар Ўзбекистон республикаси “Ватан” газетасининг 1995 йил 15-22 сентябрь сонида, “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналининг 1996 йил 1-сонида, ҳамда шу журналнинг 1998 йил 2-сонида босиб чиқарилди. Булар асосида мамлакатимизнинг кўпгина жойларида ғўзани кўчатлаб экиш амалга оширила бошланди.
Хусусан, Ўзбекистон Агентлигининг “Правда востока” газетасида “Хлопчатник в горшочках” сарлавҳали мақоласида хабар берилишича, Хўжаобод районида ғўзани кўчат қилиб экиш ишлари бошлаб юборилган. Хусусан Хўжаобод пахта тозалаш заводи ҳам туманнинг бир неча хўжаликларидан арендага ер олиб дон(буғдой)дан бўшаган (25 гектардан кўпроқ) ерларга идишларга экиб тайёрланган ғўза кўчатларини экишга киришган.
Хоразм вилояти ҳокимининг 22.09.1997 йил 128-ф фармойишида Ўзбекистон Республикаси ФТДК ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг илмий-техникавий танловлар дастури (КНТП) асосида тузилган ҳамкорлик шартномасига мувофиқ “Хоразм шароитида буғдой-пахта алмашлаб экиш агротехникасини яратиш” борасида олиб борилган тадқиқот натижалари вилоятимиз қишлоқ ва сув хўжалиги тизимида кенг жорий этилсин.
Вилоят оммавий ахборот воситалари юқорида номи зикр қилинган тадқиқотлар тўғрисида вилоят телевиденияси ва рўзномаларида кўргазмалар ва ахборотлар бериб борсинлар. Ушбу фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж. Ўтамов зиммасига юклатилсин деб, таъкидланади. 
Шуни таъкидлаш керакки, бу тадқиқот натижалари мана, салкам 20 йилдан кейин ҳам ишлаб чиқаришда қўлланилаётган бўлсада, айрим тўсиқларнида енгишига тўғри келаяпти. 
Хоразм вилояти фан ва техника маркази ташаббуси билан нафақат Хоразм вилояти учун, балки минерал ўғит қўллайдиган ҳар қандай регион учун долзарб ҳисобланган “Хоразм минтақасида пахтачилик(деҳқончилик)да ўғитлар қўллашнинг экологик ва иқтисодий услубларини яратиш ва жорий қилиш” муаммоси Республика ФТДК илмий-техникавий танловлар дастури(КНТП-98)га киритилди.
Танловда вилоятимиз ва мамлакатимизнинг кўпгина илмий тадқиқот ташкилотлари ва олимлари ўз лойиҳалари билан қатнашдилар. Лекин проф Муҳаммад Хоразмий раҳбарлигидаги Хоразм вилояти Фан ва Техника Маркази олимларининг (К-9-21 контракти бўйича) лойиҳаси ғолиб деб топилди.
Бу муаммо бўйича 1999-2000 йиллар давомида Хоразм вилоятининг Хазорасп ва Боғот туманлари худудида тадқиқотлар олиб борилди ва улар асосида 55 бетдан иборат илмий-техник ҳисобот ёзилди. Бу қилинган тадқиқотлар “Ғўза экилган тупроқни ўғитлаш усули” номи билан ихтиро деб тан олинди ва бу ихтиро асосида № IDP 04369 номерли патент берилди.
Вилоят фан ва техника маркази Хивада қайта тикланган Маъмун Академиясининг ташкилий тузилиши ва унинг шуғулланадиган илмий муаммоларини тайёрлашда ҳамда, вилоят миқёсида бўладиган барча тадбирларда иштирок этди. Марказ ўз фаолияти бўйича вилоятлар ичида Самарқанддан кейин иккинчи ўринни эгаллаб келди ва бунинг учун ФТДК (Т.Рисқиев) томонидан комьпютер билан тағдирланди.
Муҳаммаднинг Хоразм вилояти Фан ва Техника Маркази директори бўлиб ишлаган даврларида туркман миллатига мансуб бўлган вилоят даражасидаги раҳбар ва олим сифатида бир неча ҳалқаро учрашувларда қатнашишга тўғри келди.
1995 йил 28-сентябрда Хива шаҳрида Махтимқули ёдгорлигининг очилиши белгиланган бўлиб, бунда икки мамлакат Президентлари қатнашадиган эди. Туркман миллатига мансуб йирик олим сифатида Муҳаммад ҳам туркман тилида сўзга чиқиши керак эди. 
Маърузасининг текстини кўриб чиққан юқоридаги мутасаддиларга  у жуда ёқиб тушди. Чунки маърузанинг ичида қуйидаги жумлалар бор эди: Махтимқулини ўзбек ҳалқи Навоийни, Огоҳийни, Эркин Вохидовни, Абдулла Ориповни севгандай севадилар. Унинг ашулаларини айтмайдиган хофиз, насиҳатларини билмайдиган одам йўқ бизнинг юртимизда.
Вилоятимизнинг драматурглари томонидан бундай 30 йил аввал қўйилган “Махтимқули” пьессасида у шундай деб юзланган эди:
              Прағининг икки эли бор,
               Бири Етрек бўлса бири Хоразм.
              Прағининг икки кўзи бор,
               Бири туркман бўлса бири ўзбегим.

Сўзимнинг охирида барча туркманлар номидан шундай дегим келади:
Муҳтарам туркманбоши Сапармират оға, муҳтарам юртбошимиз Ислом оға! Туркманда ҳам, ўзбекда ҳам “меҳр кўздадир” деган мақол бор. Шунинг учун ҳам шугунгидай учрашиб, қўл тутишиб туришингиз ўзбек тупроғида ҳам, туркман диёрида ҳам тез-тез бўлиб турса, бу ўзбек ва туркман ҳалқларининг истаги ва орзусидир. Туркманбоши билан юртбошимизнинг раҳбарлигида туркман билан ўзбекнинг дўстлигининг янада мустаҳкамланишини Парвардигорнинг ўзи қўлласин!
Муҳаммад бу маърузани туркман тилида текстсиз (ёддан) гапирадиган даражагача кўп марталаб машқ қилди ва ниҳоят тайёр ҳолатга келди. Йиғилишга бир неча кун қолганда кутилмаганда томоғи қаттиқ шамоллаб қолди. Бу борадаги маъсул одамлар унинг ўрнига йиғилишда сўзга чиқадиган одам қидира бошлашди. Бундай одам Урганч Давлат университети кафедра мудири туркман миллатига мансуб проф Р.Сапарбаев бўлиб чиқди ва у Махтимқули ҳайкалининг очилиш маросимида сўзга чиқди.

9.2. Туркистон умумий уйимиз

1995 йил ноябрда “Туркистон умумий уйимиз” номли ҳалқаро ташкилот тузилиши учун 5 та республиканинг ҳар биридан миллий делегация қатнашадиган бўлди. Бунга Туркманистон ўз делегациясини юбормайдиган бўлган. Шу боис Хоразм воҳаси (Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти, Қорақолпағистоннинг жанубий қисми, Туркманистоннинг Дошўғиз вилояти) туркманлари “Туркманлар делегацияси” сифатида қатнашадиган бўлди. 
Шу муносабат билан Хоразм, Қарақалпоғистон ва Дошўғиз вилоятларидан 20 га яқин таниқли туркманларни йиғишди. Булар ичида Олий Совет депутатлари, меҳнат қаҳрамонлари, юқори лавозимли раҳбарлар, дин пешволари, таниқли олим ва ижодкорлар бор эди ва бу делегацияга Муҳаммадни раҳбар этиб сайлашди.
Тошкентга кетишдан олдин, Урганчдаги меҳмонхонада эрталабки чойдан кейин Қуръон тиловат қилиб дуо қилинди. Қуръон тиловотини жуда қойил қилган Дошўғизлик Мамбат эшон “Омин” деганида барча “Омин” деб жўр бўлди. Бироқ муллага диққат билан разм солиб ўтирган Урганчдаги “Ғайву” хўжалиги раиси Давлатназар омин дейиш ўрнига “Разделим”, деб юборди. Бунга кўпчилик олазарак бўлган бўлса, Мамбат эшон ток урган одамдай серрайиб қолди…
Ўша даврларда (балки ҳозир ҳам) Ҳазрати Султон Увайс мажмуасида зиёратчиларга Қуръон ўқиб бериб пул ишлайдиган турли хил “Эшон” аталмиш муллалар бўларди. Уларнинг ҳар бири бир бурчакда ўтириб олиб Қуръон тиловат қилар, одамлар эса қайси эшон Қуръонни чиройли тиловат қилса ўшанга қўшилиб пулни унга ташлашарди. Ўшандай кунларнинг бирида, аниқроғи 1993 йил қишда, Давлатназар Ҳазрати Султон Увайс мажмуасида ўз қариндошлари билан бориб қўй сўйиб, Худойи (садақа) қилиб берган. 
Ўша куни ҳозирги делегация аъзоси ҳисобланмиш, асли Ҳонқали ўғри, Дошўғизга кўчиб борганидан кейин ўзини “Мамбат эшон” (Ҳонқада Мамат кал дейишаркан) деб эълон қилган Мамат ҳам бир бурчакда ўтириб Қуръон ўқиб пул ишлаб ўтирган.
Кўп ўтмай, асли Хазорасплик фрибгар, қамоқдан келгандан кейин Беруний районига кўчиб келиб, ўзини “Трумбат эшон” деб эълон қилган (Хазараспда уни Турмат жилли дейишар экан) Турмат ҳам келиб нариги бурчакда ўтириб Қуръон ўқий бошлаган.
Бироқ Трумбат эшон Қуръонни бир йиғлаб, бир кулиб, ҳар икки оятнинг бирида “Ҳазрати Ислом Карим алейҳиссалом” деб президентнинг ҳам исмларини қўшиб ўқиганидан бечора оми зиёратчилар: -Буниси истиқлол даврида нозил бўлган, янги Қуръонни ўқияпти шекилли - деб унинг атрофига тўпланишади.
 Бир пастдан кейин Мамбат эшоннинг олдида ҳеч ким қолмайди ва унинг ўзи ҳам Трумбат эшоннинг олдидан жой олади. Ўртада анчагина пул тўпланади ва Мамбат эшон бу пулларни тахлаш баҳонасида йирикларини ўғирлай бошлайди. Буни сезиб қолган Трумбат эшон Қуръон тиловати ичида Қуръони каримнинг “Ихлос” сурасига қуйидагича муҳаммас боғлаб (Астахфуриллоҳ): 
              Қул ҳуаллоҳу аҳад,  Йўқол блать,  Аллоҳу Самад,  Лам яълид, .......
русча жумлага алоҳида урғу бериб юборади. Бунга одамлар бир олазарак бўлиб олишади-ю, қолганини тўхтовсиз арабчада давом қилгани боис, унчада илғаб олиша олмайди. Бироқ, Мамбат эшон русча жумланинг хусусан ўзига айтилаётганини дарров фаҳмлайди ва пулларни ўғирлашдан тўхтайди.
  Ва ниҳоят, узундан-узоқ тиловат якунланиб эшон ўртадаги пулдан кўзини узмай “Омин” деб қўл кўтаради. Барча зиёратчилар “Омин” деб жўр бўлишади. Бироқ Мамбат эшон омин дейиш ўрнига: “Разделим”, дейди. Шунда ҳамкасбининг ўртадаги пулларни арра қилиш ниятини дарҳол тушинган Трумбат эшон: -Хуй разделиш, Оллаҳу акбар - деб тиловатни якунлайди.
Зиёратчиларнинг айримлари: -Қуръон оятлари ичида русчага ўхшаган сўзлар бўлмасди шекилли – деса, айримлари: -Ҳар икки оятнинг бирида президент ҳазратларинида зикир қиляпти, демак бу янги Қуръон бўлса керак - деб турганларида, учунчи бир зиёратчи унга (Трумбат эшонга) ишора қилиб: -Бу жуда катта эшон, Қуръони каримга  муҳаммас боғлаб ўқирмиш. Ҳатто мужтаҳидлар ҳам қилолмаганмиш бу ишни - дейди унга ҳавас билан қараб.
-Дуохонликда эса Азайимхон даражасидан ҳам ўтган эмиш. Ҳали шу пайтгача биронта мужтаҳид (ҳатто Имоми Аъзам ҳам) ёки дуохон, ароқнинг дуосини ижод қилиб, уни шариатда ҳалол қилаолмаган. Қуйидаги: 
Ароқ мин салаталлазийна,
Коньяк ал шоколаталлазийна,
Пива мин шўрданакаллазийна,
Винога ло закускаллазийна.

номли ароқнинг дуосини ҳам шу эшон ижод қилган экан. Шу дуони ўқиб ароқ ичса гунох бўлмас эмиш. Ўзи ҳам ичганда шу дуони ўқиб ичар экан - деб тарқалар-тарқалмас бу иккита “Эшон” пул устида ўрисча сўкиниб, кейин ёқалашакетади ва бир-бирининг уст бошини йиртиб масхара бўлишади. 
Мажмуа раҳбарияти бу икаласинида бу ердан ҳайдаб юборади. Бечора зиёратчилар шундан кейингина тушиниб етишади, куракда турмайдиган ўрисча сўзлар ёзилган янги Қуръону, унинг тиловатчи эшонларининг кимлигига.
                                                                       *        *
Чингиз Айтматовнинг саъй ҳаракатлари билан туркий ҳалқларнинг бошини бирлаштириш мақсадида 1995 йили Тошкентда “Туркистон умумий уйимиз” деб номланадиган нодавлат, носиёсий ҳалқаро ташкилот ўз ишини бошлади. 
Форум бошланиши олдидан ўша даврдаги ўзбекистон республикаси президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ҳозирда “Ҳалқ сўзи”, “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат Муҳаммадни Чингиз оға билан учраштириб: -Туркманистон раҳбариятининг қаршилигига қарамасдан Туркманлар делегациясини олиб келди - деб таништирди.

Сурат-1. Муҳаммад (ўртадаги оқ телпакли) бошлиқ туркманлар делегацияси “Туркистон умумий уйимиз” форумида-1995

Шунда Чингиз оға Муҳаммаднинг қўлини қисатуриб: -Сиздайлар туркман, сиздайлар ҳалқ дейилади. Ман-ман ва диктаторлар узоқ яшамайди, миллат ва ҳалқ эса абадий қолади - деб ўз китобига: “Муҳаммад туркман Хоразмийга”, деб ёзиб унга совға қилди.
Муҳаммад ҳам 1994 йилда “Фан” нашриётида чоп қилинган ва яқиндагина ал-Хоразмий мукофатига сазавор бўлган ўқув қўлланма китобига: “Муҳтарам Чингиз оға Туркийга”, деб ёзиб унга совға қилди. У Муҳаммаднинг ёзганини ўқиб кулди-да: -Ўзим ҳам шундай (Чингиз Туркий) деб ҳисоблайман - деди-да Муҳаммаднинг елкасини  қоқиб қўйди.
Форум бир овоздан “Туркистон умумий уйимиз” ҳалқаро ташкилотига Чингиз оғани раҳбар этиб сайлади. Ташкилотнинг “Туркистон” деб номланадиган газетаси ҳам чиқабошлади. Бир сўз билан айтганда, бу ташкилот мисолида бутун бир туркий ҳалқларнинг бирлашиш ҳақидаги абадий орзуси ушалаётган эди. 
Бироқ ўша пайтдаги айрим республика раҳбарларининг “бетарафлик”ни рўкач қилиб бу ташкилотга бош қўшмагани, айрим раҳбарларнинг эса “Туркистон” деб номланадиган бу 5 республикани ўзида бирлаштирган ташкилотга ва келажакда бутун Марказий Осиё давлатларига хўжайин бўлиш истаги кабилар, Чингиз оғанинг на орзу умидлар билан ташкил қилган бу ташкилот фаолиятининг қисқа ва самарасиз бўлишига сабаб бўлди. 
Бу анжуманда мухбирлар ҳар бир делегация раҳбаридан интервьюлар олишар, улар билан суҳбат қуришарди. Шу анжумандаги Муҳаммаднинг мухбирлар билан бўлган суҳбатини айнан келтиришни лозим топдик. 
Мухбир: -Муҳаммаджон ака, сиз туркман миллатига мансуб экансиз, сизнинг ота-оналарингиз қачон келиб қолган Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига?
Муҳаммад: -Саволингизнинг ўзи сизнинг тарихни яхши билмаслигингизни кўрсатиб турибди. Биринчидан, бизнинг ота-оналаримиз Хоразмга “келиб қолган” эмас, улар шу ерда туғилганлар, авлодлари ҳам шу ерда яшаганлар. 
Отамнинг авлодлари ҳозирги Боғот районидаги Хўжалик қишлоғининг “Туркманлик” маҳалласида яшаганлар. Онамнинг авлодлари эса ҳозирги Хазорасп туманининг “Мухомон” қишлоғида яшаганлар. Раҳматлик отамнинг таъкидлашича Хива(Хоразм)да 1714-1726 йилларда хонлик қилган Шерғозихон ҳам бизнинг боболаримизнинг ёрдамида хон бўлган экан. Темурғозихон даври(1757-1762)да менинг бобом Худайбердихон, Хива хонининг ноиби бўлиб Янгиариқдан то Дарған отагача бўлган ҳудуднинг раҳбари (ҳокими) бўлган.
Тарихдан маълумки, ўзбек миллатига мансуб бўлган одамлар билан бир қаторда қозоқ, туркман миллатидан ҳам Хива(Хоразм)га хон бўлишган. Энг сўнги Хоразмшох Жалолиддин Мангуберди ҳам аслида Ануштегинларга мансуб. Ануштегинлар эса Селжуқийлардан ҳисобланади. Селжуқийлар эса туркманлардир. 
У даврларда нафақат ўзбек деган миллат, умуман ўзбек сўзининг ўзи бўлмаган. Ҳозирги Ўрта Осиё Туркистон деб номланган. Бу ердаги ҳалқларни эса туркийлар дейилган. 
Иккинчидан, шуни эсдан чиқарманг, Ўзбекистон ҳудудида яшовчи туркманларнинг, Туркманистонда яшовчи ўзбекларнинг асосий қисми минг йиллардан буён шу ерда яшаётган ерли ҳалқ ҳисобланади. Ўзбекистондаги туркманлар, Туркманистондаги ўзбеклар бўлиб қолишига, ҳатто бир қишлоқнинг иккига бўлиниб қолишига Советларнинг 1924 йилдаги сунъий чегара ўтказишлари сабаб бўлган. 
Авваллари барча туркий миллатлар (ўзбек, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз, қарақолпоқ) Туркистон деб аталмиш бир ўлкада яшаганлар. Шунинг учун ҳам туркий миллатнинг номаёндаси бўлган Ч.Айтматов раҳбарлигидаги бугунги ташкил бўлган “Туркистон умумий уйумиз” деб номланган ташкилот илм, фан маданият ва бошқа соҳаларда туркий миллатларни бирлаштиришга хизмат қилади. 
Шундан кейин мухбир Муҳаммадга бошқа савол бермади.
1995 йил 20 ноябрда Тошкентнинг “Туркистон” саройида ўтган “Туркистон умумий уйимиз” номидаги халқаро анжуман ҳақидаги янги таъсис қилинган “Туркистон” газетасида ҳамда бу анжумандаги Хоразм делегатсиясининг фаолияти ҳақида Халқ сўзи (сурат-1) газетасининг тотувлик кафолати ҳақида рубрикаси остида “Хоразм вилояти” сарлавҳаси билан берилган материалларда батафсилроқ ёзилган.
Кези келганида айтиш лозимки, Чингиз оға бошлаган бу хайрли иш 2007 йили “Марказий Осиё Давлатлари Иттифоқи” номи билан туркий ҳалқларнинг яна бир таниқли сиёсатчи намаёндаси - Нурсултон Назарбоев томонидан олдинга сурилди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кўпчилиги, туркий ҳалқларнинг эса барчаси буни қўллаб-қувватладилар ва бунга умид кўзларини тикиб ўтиришибди. Бироқ бу хайрли иш ҳам 1995 йилда Марказий Осиё (Туркистон) давлатлари устидан хўжайин бўлишни орзу қилган ва бугунга келиб, бу орзусининг ушалишига кўзи етмаган айрим республика раҳбарларининг “хизматлари” боис боши берк кўчага кириб қолди.

Сурат-2. Ч.Айтматов номида ҳалқора мукофат таъсис қилиш ҳақидаги таклифли мақола Лондондаги “Хабар” газетасида.

2008 йил, 13-июнь, Жума куни Буюк Британиянинг Стокпорт шаҳридаги Марказий масжидда Муҳаммаднинг яқиндагина хатм қилиб тугатган “Хатми Қуръон” савоби самарасини Чингиз оғанинг руҳи покларига бахшида қилдилар ва унинг Туркий ҳалқларни бирлаштириш орзусининг тезроқ рўёбга чиқишини буюк Аллоҳдан сўраб дуо қилдилар. 
Ўшанда М.Хоразмий: -Ўз асарлари билан туркий ва жаҳон адабиётига катта ҳисса қўшган адибларга, туркий ҳалқларни бирлаштириш йўлида катта хизматлар қилган сиёсатчиларга бериладиган ҳалқаро Чингиз Айтматов (ёхуд Чингиз Туркий) мукофати таъсис қилинса, Чингиз оғанинг ҳам руҳи поклари шод бўларди - деган таклифни ўртага ташлади.
Унинг бу таклифи бирнеча мамлакатларда ва тилларда (сурат-2), турли нашрларда чоп қилинди ва бу борада амалий ишлар давом қилмоқда.
                                                                           *      *
Муҳаммад Хоразм вилояти Фан ва Техника Маркази директори бўлиб ишлаган даврларида анча-мунча китоблар ёзган. Лекин шулар ичидан 1996 йилда “Фан” нашпиётида чоп қилинган 610 саҳифалик (42,6 босма табоқ) ҳажмга, 1\8 формат (нормал китобдан икки марта катта) катталикка эга бўлган, рус тилида ёзилган “Научные основы подкормки кормовых растений в разных почвенно-климатических условиях земного шара” (Ер шарининг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида озуқа ўсимликларини озиқлантиришнинг  илмий асослари) номли китоби(сурат-3)нинг қизиқ тарихи бор.
1996 йил май ойининг охирида, Швециариянинг Женева шаҳрида жойлашган интелектуал мулк бўйича жаҳон ташкилоти(ВОИС)нинг бош директори Арпад Богш Ўзбекистонга ташриф буюрди ва Ўзбекистонда интелектуал мулк ривожланишидаги хизматлари учун Ўзбекистон президенти И.А.Каримовга ўз ташкилоти(ВОИС)нинг олтин медалини топширди. Эртаси(30-май)га жаноб Богш Ўзбекистон ФТДК раиси акад П.К.Ҳабибуллаев ҳамроҳлигида Хивани кўриш мақсадида, Хоразмга ташриф буюрди. Уларни вилоят ҳокими И.Юсупов, ҳоким муовини Т.Дўсчанов, вилоят Фан ва Техника Маркази директори сифатида Муҳаммад ва бошқалар кутиб олдилар.
Жаноб Богш ҳамма билан қўл беришиб кўришиб бўлгач, Муҳаммад билан қучоқлашиб кўришди. Бунга бошқалар қатори Муҳаммаднинг ўзи ҳам ҳайрон эди. Барча ерларда у Муҳаммадни ўзига энг яқин ҳамроқ қилиб олиб юрди. Хивадаги Ал-Хоразмий ҳайкали олдида Муҳаммад билан бирга суратга тушаётиб ҳазил аралаш: -Тағдирни қарангки, мен биринчи ва охир(кейин)ги Хоразмийлар билан биргаман - деганида бу ердагилар беихтиёр чапак чалиб юборишди. 

Сурат-3. Ҳалқаро танловга тавсия қилинган монография

Кетишдан олдин Муҳаммадга  ўз шахсий совғаси – Швейцария соати ва бутун жаҳон интелектуал мулк ташилоти (ВОИС) ҳақидаги китобини ўз дастхатини қўйиб топширди ва Муҳаммаддан 1996 йил “Фан” нашриётида чоп қилинган, юқорида айтилган китобини совға қилишини сўради. Муҳаммад ҳам унга китобини дастхат қўйиб совға қилди. Шунда А. Богш: -Мен сизнинг бу китобингиз билан қисман танишаман. Уни халқаро мукофотлар танловига топширсангиз хато қилмайсиз - деб Швейциярадаги ўз ташкилотига расман таклиф қилиб хайрлашди. 
А.Богшнинг ёрдамчиси Ене Бобровскийнинг айтишича, масала бундай бўлган экан: Хоразмга келишдан олдин А.Богш акад П.Қ.Ҳабибуллаевнинг иш кабинети(ФТДК)да суҳбатлашиб ўтириб, китоб жавонидаги кўплаб китоблар ичидаги энг катта китоб (Муҳаммаднинг П.Қ.Ҳабибуллаевга ўз дастхати билан совға қилган китоби) унинг эътибоини тортган. 
Богш китобни қўлига олиб, унинг номига, айниқса китоб муаллифи(Муҳаммад)нинг исми шарифига қизиқиб қолган ва ёрдамчиси Е.Бобровский (у рус тилини яхши билар экан)нинг ёрдамида китобнинг мундарижасини, назарий ва амалий хулосалари, ҳамда бошқа бир неча бўлимлари билан танишган ва бу китобни ўзига совға қилишларини сўраган.
Академик П.К.Ҳабибуллаев уни: -Бу китобнинг муаллифи М.Хоразмий биз(ФТДК)нинг Хоразмдаги вакилимиз бўлади. Эртага у ҳам бизни кутиб олади, ўшанда унинг ўзи шу китобидан сизга совға қилади - деб уни тинчлантирган. Шунда А.Богш ўз ёрдамчиси Бобровскийга: -Жаноб Хоразмийга менинг шахсий совғамни тайёрланг - деб кўрсатма берган. Хивада Муҳаммадга қилинган совғалари шу экан.
Муҳаммад жаноб А.Богш унинг бу китобини ҳалқаро мукофотлар танловига тағдим қилиш борасидаги таклифларини узоқ ўйлаб кўриб кўпгина одамлар билан маслаҳатлашди ва ниҳоят унинг илмий салоҳиятини реал баҳолаш учун таниқли олим ва мутахасисларга тақриза берди.
Бу китобни кўриб чиққан Ўзбекистон Фанлар Академияси ва қишлоқ хўжалик фанлар академияси академиги С.Искандаров, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлар академиясининг фахрий академиги А.Мадримов, к-х.ф.н. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном Ғ.Машарипов, б.ф.н. Ал-Хоразмий мукофоти лауреати, доц Р. Эгамбердиев каби олимлар бир овоздан бу китобнинг катта назарий ва амалий аҳамиятини эътироф этиб, унга юқори баҳо бердилар.
Шунингдек бу китобда келтирилган материаллар асосида “Осиё ва Африка фитоценозлари ботаник составининг табий ва сунъий факторлар таъсирида ўзгариши” мавзусида 18-22-май 1998 йилда Тошкентда “Жанубий-ғарбий ва марказий Осиё ўсимликлари ҳаёти” номли V-халқаро симпозиумида инглиз тилида доклад қилди. Муҳаммаднинг бу доклад(материал)и симпозиум иштирокчи(олим)лари томонидан юқори баҳоланди. 
Шулар асосида, 1996 йилда “Фан” нашриётида (рус тилида) чоп қилинган “Ер шарининг турли хил тупрқ-иқлим шароитларида ем-ҳашак ўсимликларини озиқлантиришнинг илмий асослари” номли китобини Хоразм вилояти фан ва техника марказининг қарорига асосан, Туркманистон республикасининг Ашгабот шаҳрида 1993 йилда таъсис этилган ва ҳар икки (жуфт) йилда бир марта бериладиган ал-Хоразмий номли ҳалқаро мукофот танловига тағдим қилинди ва бу танловнинг бир неча поғонасидан муваффақиятли ўтди.
Хоразм вилояти фан ва техника марказининг фаолияти радио, телевидения, газета ва журналларда доимий ёритилиб борилди ва унинг Хоразм фани ва техникасини ривожлантиришдаги хизматлари раҳбарият, олимлар ва халқ томонидан юқори баҳоланиб келинди.
Лекин вилоят Фан ва Техника Марказининг директори ва вилоят ҳокими ўртасидаги муносабат ёмонлашгани боис, ҳокимнинг талаблари асосида, Марказ директори (Муҳаммад) “ўз аризасига биноан” ишдан озод этилди.

(Давоми кейинги саҳифада)

 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2014-07-26)
Просмотров: 1478 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0