IX-Бобнинг давоми
9.3. Хоразм пахтачилик тадқиқот масканида
1926 йилда Хоразм вилоятининг Хива туманида “Хоразм қишлоқ хўжалик тажриба станцияси” сифатида иш бошлаган Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институти (УзПИТИ – аввалги СоюзНИХИ)нинг Хоразм филиали вилоятдагина эмас, балки мамлакатимизда ҳам деҳқончилик (асосан пахтачилик) соҳасида энг кекса тадқиқот маскани ҳисобланади.
Бу даргоҳда П.Яхтенфельд, А.Дудко, П.Захаров, Х.Такташев, Х.Бурнашев, Т.Улянова, И.Ковалев, Ж.Йўлдошев, Ғ.Машарипов, А.Мадримов, Р.Исаев каби олимлар фаолият кўрсатганлар. Вилоятимиз қишлоқ хўжалик экинларининг деярли барча агротехникаси шу масканда ишлаб чиқилиб, ишлаб чиқаришга тавсия қилинган.
1985 йилдан буён, Муҳаммад қишлоқ хўжалик сохасидаги олим сифатида, қаерда ишлашидан қатъий назар, бу ташкилот билан ҳам доимий алоқада бўлиб келган. Шунинг учун ҳам 1996 йил апрель ойида ташкилотчилик ва ташаббускорликда танилган, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ягона фан доктори сифатида шу ташкилотга директор бўлишни Муҳаммадга таклиф қилишганда у иккиланмай бу таклифни рад қилди.
Чунки бу даргоҳ олимлари ичига меҳнат ва илмдан йироқ, фисқу-фасод билан шуғулланувчи айрим кимсаларнинг кириб қолиши натижасида 1980 йилларнинг ўрталарига келиб тажриба станцияси иши сусайиб кетди. Бу эса Ўзбекистон Компаритяси Хоразм облсть комитетининг 1985 йил 12-ноябрдаги бюросида “Хоразм пахтачилик тажриба станцияси партия ташкилотининг илмий тадқиқот самарадорлигини ошириш ва фан ютуқларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш борасидаги ишлари ҳақида”ги масаланинг кўрилишига сабаб бўлди. Бу борада йўл қўйилган камчиликлар қайд қилиниб уни бартараф қилиш борасида тадбирлар белгиланди.Шундан бир йил ўтар-ўтмас, тажриба станциясидан бир гуруҳ ғаламислар область партия комитетига станция раҳбари Рахим Эшчанов устидан шикоят хати йўллашган.
Ушбу шикоят хати ҳамда область партия комитети бюросининг 1985 йил 12-ноябрги қарорининг бажарилишини текшириб, тегишли малумотнома ёзиш учун, область партия комитетининг топшириғига асосан, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди, Боғот район партия комитети қишлоқ хўжалик бўлимининг мудирини (яъни Муҳаммадни) тажриба станцияга жўнатишган эди. 1986 йилдаги бу икки ҳафталик хизмат сафари давомида Муҳаммад бу тажриба станциясининг молия-хўжалик, илмий ишлаб чиқариш ва ташкилий-партиявий фаолиятини чуқур ўрганган.
1992 йилда бу ташкилотнинг директори Нуриддин Фаёзов (безор бўлганлигидан) бошқа ишга ўтиб кетгандан кейин, вилоят ҳокими бу ташкилотга раҳбар танлашни Муҳаммадга (бу пайтда Муҳаммад вилоят ҳокимлигида маъсул вазифада ишларди) топширди.
Кўп ўтмай эса вилоят ҳокими номига шу станцияанинг бир гуруҳ ходимларининг имзоси билан хат келди. Бунда кўп йиллардан буён бу ташкилотга директор қўйилишда бу жамоанинг фикрини писанд қилмай, нуқул четдан келтирилаётгани таъкидланиб, бу гал директорни фақат ўзларининг ичидан қўйиб беришларини талаб қилишган.
Сурат-4. ЎзПИТИ Хоразм филиалининг 1997 йилдаги кўриниши
Ҳоким топшириғига ассосан Вилоят ҳокимлиги маъсул ходими – Муҳаммад, филиал жамоаси фикрини ва ходимларини чуқур ўрганиб чиқди. Шу асосда шу ташкилотда директор ўринбосари бўлиб ишлаётган қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Полвон Собировни барча жамоани йиғиб станция директорлигига тавсия қилди.
Йиғилишда Б.Қурбонов туриб бу таклифга қарши эканлигини, П.Собировнинг илмий ва ташкилотчилик қобилиятининг паст эканлигини уқтирди. Ундан кейин Б.Перов сўзга чиқиб: -Бизнинг орамизда бу ўринга лойиқ ходимлар бор эди, П.Собировни эса илмий ташкилотга директор эмас, магазинга мудир қилганда тўғрироқ бўлар эди - деди. Б.Перовнинг бу таклифини Р.Оллаёров ҳам қувватлади. Лекин катта кўпчилик П.Собиров номзодини қўллаб қувватладилар.
Б.Қурбонов, Б.Перов каби ходимлар, кўп йиллардан буён бу ташкилот директорлигига даъвагор бўлиб юрган аламзадалардан эканликларини барча жамоа яхши тушиниб турардилар. Албатта, директорликка номзодларни ўрганганда уларнинг номзоди ҳам чуқур ўрганилган ва бу даъвогорларнинг биронтаси ҳам бу лавозимга лойиқ деб топилмади.
Ваҳоланки, кўп йиллардан буён директорликка бош даъвогор бўлмиш Б.Перов бу илмий ташкилотда йигирма йилдан ошиқ вақтдан бери ишлаётган бўлсада на биронта илмий даражаси, на бирон арзирли илмий мақоласи (мақолалар тўпламидаги бир-икиита информацион иши демасангиз), бу жамоада на эътибори бор эди. Лўнда қилиб айтганда директор бўлиш истагидан бошқа бу вазифага лойиқ хеч нарсаси йўқ.
1994 йилда бу ташкилотга директор қилиб, раҳбарлик ва ташкилотчиликда танилган олим, Шоназар Қиличев тайинланди. Ишнинг самараси бўлиши учун интизом ва талабчанликни асосий мезон қилиб белгилади. Турли томондан техника ва механизмлар ёрдамга келабошлади. Натижада тажриба стациясида қисқа вақт ичида ўзгаришлар кўзга ташлана бошлади.
“Ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” деганларидай шу эски ғаламислар бу директорнинг устидан ҳам турли бўхтонларни ёзабошладилар ва ниҳоят 1996 йилга келиб бу директор ҳам зўрға қочиб қутилди. Бу ташкилотдаги аҳволни Муҳаммад яхши билганидан ва анашу юқорида келтирилган фактлар боис, бу ташкилотга раҳбар бўлишни рад қилган эди.
Лекин кўп ўтмай вилоят ҳокими Искандар Юсупов Муҳаммадни ҳузуригга таклиф қилиб: -ЎзПИТИ Хоразм филиалига сиз бормасангиз бўлмайди. Чунки биз бу ташкилотнинг ҳамма бўлимлари-ю хоналарини бирма-бир кўриб чиқдик. Бир пайтлар довруғи бутун вилоятга кетган бу даргоҳ тўла маънода ботил бўлиб қолган. У ердаги оғир аҳволни тўғирлаш учун сиздан яхшироқ номзодни кўрмаяпмиз - деди.
Муҳаммад эса бу ташкилотни кўп йиллардан буён яхши билишини, бу ердаги тадқиқот ишларининг кўпчилиги хўжакўрсинга қилинаётгани, бинолар, боғлар, йўллар таъмир талаб бўлиб қолгани, бир гуруҳ “ёзувчилар” дастидан бу ерда на раҳбар ва на яхши кадрлар турмаётгани ва бошқа сабаблар боис бу таклифига рози бўлаолмаслигини айтиб, узр сўради.
Ҳоким: -У ердаги энди ёзадиган “ёзувчи”ларнинг қўлларини кесишни, у даргоҳни довруғини тиклаш учун ҳар қандай ёрдамни аямаслигини ва ниҳоят Хоразм дехқончилик фанининг ривожи учун бу таклифни қабул қилишини яна бир бор сўрагани учун ноилож рози бўлди. Ва ҳокимнинг тавсиясини олиб Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлари академияси президенти акад Усмоновнинг тасдиғидан ўтиб, Ўзбекистон пахтачилик институти буйруғини чиқартириш учун Тошкентга кетди.
1996 йил 30-апрель куни Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти бош директори, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлар академияси мухбир аъзоси, проф Саидакбар Раҳмонқулов, вилоят ҳокимлигининг агросаноат гуруҳи раҳбари А.Ибрагимов ва бошқа бир гуруҳ мутасадди ўртоқлар билан филиалга етиб келдилар.
Барча жамоа жамул-жам, чунки навбатдаги директор ким бўлиши ҳаммага қизиқ эди. Биринчи сўзни ҳокимият вакили А.Иброхимов олиб: -Вилоят ҳокимлиги кўп номзодларни ўрганиб бир овоздан шу номзодга келишганини айтиб, агар ташаббускорлик, ташкилотчилик ва илмда бизнинг тавсия қилаётган номзодимиз(Муҳаммад)га тенг келадиган бошқа номзодларингиз бўлса марҳамат, уни тавсия қиламиз - деди.
Ҳеч ким чурқ этмади. Биронта эътироз ҳам бўлмади. Кейин сўзни бош директор С. Рахмонқулов олиб, Муҳаммаднинг номзодини Академия раҳбарияти, ҳамда институт илмий кенгаши аъзолари қўллаб қувватлаётганларини таъкидлаб, буйруқни ўқиб берди, ҳамма қарсак чалиб Муҳаммадни табриклашди.
Кейин сўзни Муҳаммадга беришди. Муҳаммад бу ишонч учун раҳбариётга ва жамоага миннатдорчилик билдириб, шу даргоҳнинг аввалги шуҳратини тиклашда, Хоразм деҳқончилик илмининг ривожи учун бор кучини аямасликка ваъда берди. Муҳаммад бу даргоҳни ва жамоани кўп йиллардан буён билишини, шундан келиб чиқиб, менга қанча ишлаш насиб этса, том маънода директор (қўғирчоқ эмас) бўлиб ишлашни, ходимларни фақат ҳалол меҳнатига қараб баҳолашини таъкидлади.
Кўп ўтмасдан, Муҳаммаднинг олдига шу ерда ишлаётган илмий ходимлардан Б.Перов, Р.Оллаёров, Б.Қурбонов, А.Жуманиёзовлар кириб, бош бухгалтер С.Искандаровни, дала бригадири А.Жуманиёзовни, местком раиси С.Абдримовни, боғча мудираси М.Солоевани, боғбон С.Жуманиёзовни, чорвачилик фермасининг мудирини зудлик билан ишдан четлатиш ва булар ўрнига улар тавсия қиладиган қадрларни қўйишни талаб қилишди.
Муҳаммад уларга ётиғи билан, бу ерга яқиндагина келгани сабабли ҳали ходимларни яхши билмаслиги, иш давомида уларни ўрганиши, агар улардан қайси бири шу ишлаётгган вазифасига лойиқ бўлмаса меҳнат ҳақидаги қонун асосида, албатта чора кўришини тушинтирди. Сизларнинг тавсия(талаб)ларингиз бўйича уларни, уларнинг талаби бўйича сизларни бўшатавериш на инсоф, на қонун доирасига сиғмаслигини айтганидан кейин улар ўз талабларини янада кескинлаштиришди.
-Агар талабимиз ҳозироқ бажарилмаса барчамиз ишдан бўшаш хақида ариза ёзамиз - дейишди.
-На қонунга, на инсофга сиғмайдиган бу талабларингизни бажара олмайман. Лекин қачон қандай ариза ёзишларингиз сизларнинг қонуний хуқуқингиз, бироқ аризани ўйлаб ёзишларингизни маслаҳат берардим деди - Муҳаммад
-Маслаҳатингизни бўшатмайдиганларингизга бераверинг - дейишиб зарда билан чиқиб кетишди Муҳаммаднинг олдидан.
Сал ўтмай, котиба ишдан бўшатиш ҳақидаги Р.Оллаёровнинг (улар ичида бир сўзлироғи ҳам шу эди) аризасини олиб кирди. Муҳаммад шу бугуноқ бўшатиш ҳақида имзо қўйиб котибадан чиқариб юборди. Бундан ҳабар топган бошқа ходимлардан биронтаси ҳам ариза ёзишга ботина олмади. Шундан кейин бирон марта ҳам бундай ноўрин талаб ва таклиф билан мурожат қилишмади “ёзувчилар”. Чунки биринчи кунда таъкидлаганидай Муҳаммаднинг том маънодаги директор эканлигига ишончлари комил бўлган эди.
* *
Янги директор – Муҳаммад филиалнинг барча хонаю бўлимларини, йўлу биноларини, боғчаю мактабларини, боғу далаларини, гаражу фермаларини, ўтказилаётган дала тажрибалари-ю уларда олиб борилаётган ўлчову ҳисобларини, кутубхонаю лабороторияларини, ахлатхонаю ҳожатхоналаригача, барча-барча жойларини эринмай кўриб чиқди.
Вилоят ҳокимининг: -Бу даргоҳ тўла маънода ботил бўлиб қолган - деган сўзига яна бир карра ишонди. Буларни эпақайга келтириш учун филиалнинг ички имконияти нарида турсин, юқори ташкилот (пахтачилик институти) ва ҳокимликнинг бериши мумкин бўлган ёрдами ҳам камлик қилишига ишончи комил бўлди.
Муҳаммад филиал кутибхонасини кўздан кечираётиб, 1927 йилда рус тилида чоп қилинган “Хоразм қишлоқ хўжалик станциясининг ахбороти” номли китобча диққатини тортди. Унда бу даргоҳ 1926 йилда ташкил топганлиги ҳақида ҳам маълумотлар бор эди. Бу йил 1996, демак бу ташкилот 70 ёшда, мана муаммонинг ечими! Агар филиалнинг юбилейини ўтказиш имкониятини топа олсак юқоридаги кўп муаммолар шу баҳона билан ечилиб кетарди.
1996 йил 9-августда Хоразм вилояти ҳокими Искандар Юсуповга ЎзПИТИ Хоразм филиалининг 70 йиллик юбилейини ўтказишга ёрдам сўраб хат билан мурожат қилди. Юбилей ўтказилиши анчагина ташкилий қийинчиликлар, молиявий харажатлар билан боғлиқлиги сабаб, жуда кўп тўсиқларга учрайвериб, бу масала ойлаб ҳал бўлмади. Ва ниҳоят октябрь ойининг бошида вилоят ҳокимининг хузурига Муҳаммаднинг ўзи кириб, ёрдам бериши ҳақидаги ваъдасини эслатди.
Эстасигаёқ филиалнинг 70 йиллик юбилейини нишонлаш ҳақидаги ҳокимнинг 1996 йил 3-октябрь, 123-ф қарори чиқди. Қарорда юбилей шу йилнинг декабрь ойида нишонланиши, юбилей ўтказиш бўйича ташкилий қўмита таркиби, тадбирлар, смета ҳаражатлари тегишли иловаларга мувофиқ тасдиқланиши, вилоят агросаноат уюшмаси, пахта сотиш, ёғ заводи каби ташкилотларининг ҳомийлик қилиб юбилей ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги таклифларининг мақулланиши, фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш ҳокимнинг биринчи ўринбосари Ж.Ўтамовга юклатилиши қайд қилинган эди.
Сурат-5. ЎзПИТИ Хоразм филиали илмий-техник кенгаши
Шу қарор асосида бош корпус ва олимлар уйининг капитал таъмирланишини - 167-Агрострой трестига, автотрактор гаражини - обсельхозтехникага, боғча, мактаб, ўқув ва мажлис залларининг жиҳозини - вилоят ҳалқ таълими бошқармасига, боғларни - Хонқа районига, турли хил сурат ва ёзувларни - вилоят рассомлар уюшмасига, далаларни, каналу зовурларни тузатиш - Урганч районига, кўча ва йўлларни таъмирлаш - вилоят йўл қурилиши бошқармасига, чорва фермаси - облагропромга, ҳожатхона ва ахлатхоналарни - облкомхозга ва бошқаларини ҳам тегишли ташкилотларга топширилди.
Бу ишларнинг бориши юқорида номи тилга олинган ташкилот раҳбарларининг иштирогида, Муҳаммаднинг кабинетида вилоят ҳокимининг биринчи муовини Ж.Ўтамов раҳбарлигида ҳар куни таҳлил бўлиб борди.
Филиал ҳудудига (Урганч—Хонқа йўлидаги) киришдаги минораю-ёзувлар, магазину-бозорчалар, филиал идорасига киришдаги фонтану-устинларни Хива ва Боғотдан усталарни келтириб (Муҳаммаднинг лойихаси бўйича) бунёд қилдирди. Бу бунёдкорлик ишларида усталар кеча-кундуз ишладилар. Муҳаммад ҳам бу ишлар битгунича филиал боғчасида усталар билан бирга яшади.
Барча режалаштирилган ишлар 1996 йил 28-декабрда тугади, филиал қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. Филиал юбилейини 29-декабрда ўтказиш эълон қилинди.
Бу тантанага Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлар академияси ва пахтачилик институти раҳбарияти, вилоят ҳокимлиги ва ХДП раҳбарияти, Облагропром ва унга кирувчи барча ташкилотлар, вилоятдаги олий ўқув юртлари, илмий-тадқиқот ташкилотлари раҳбарлари, барча туман ҳокимлари УзПИТИнинг барча вилоятлардаги филиаллар директорлари, барча турдаги оммавий ахборот воситалари, филиалнинг ветеранлари ва барча жамоаси ва бошқалар таклиф қилинган эди. Таклиф қилинганларнинг деярли барчаси етиб келдилар.
Юбилей дастури қуйидагича тасдиқланган эди: 1996 йил 28-декабрда узоқдан келувчи юбилей қатнашчиларини кутиб олиш ва жойлаштириш. 29-декабрь соат 9 да Хоразм филиали билан танишиш. Соат 10 да филиалнинг олимлар уйида йиғилиш. Соат 12 да юбилей қатнашчиларига тантанали равишда юбилей муносабати билан “Фан” нашриётида эндигина (1996 йил декабрда) чоп қилинган “Хоразм дехқончилигининг илмий асослари” китоби(сурат-6)ни ва бошқа қимматбаҳо совғалар топшириш. Соат 13 да тушлик ва концерт. Соат 14 да Хива шаҳрига саёҳат. 1996 йил 30-декабрда юбилей қатнашчиларини кузатиш.
Юбилей мажлисининг дастури эса қўйидагича эди: 1. Кириш сўзи. Хоразмда пахтачиликни ривожлантириш муаммолари ва истиқболлари. Маърузачи вилоят ҳокими И. Юсупов (ўрнига Ж. Ўтамов қилди). 2. Ўзбекистонда пахтачилик илмнинг ривожланиши ва унда Хоразм филиалининг ўрни. Маърузачи ЎзПИТИ бош директори проф С.Рахмонқулов. 3.Тажриба станциясидан институт филиалигача. Маърузачи ЎзПИТИ Хоразм филиали директори проф М.Хоразмий.
Сўзга чиқувчилар: 1. Ғ.Машарипов – Хоразм вилояти ХДП(Обком)нинг биринчи котиби, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган агроном. 2. Қ.Нуниёзов – Урганч тумани ҳокими, Олий мажлис депутати. 3. Г.Ортиқов – вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи. 4. А.Мадримов – Хива тумани агросаноат бирлашмаси раиси, Ўзбекистон қишлоқ хўжалик фанлар академиясининг фахрий академиги. 5. А.Султонов – Хонқа туманидаги “Дўстлик” жамоа хўжалиги раиси.
1996 йил 29-декабрь куни кечқурундаёқ Хоразм телевидениясидан ЎзПИТИ Хоразм филиалининг юбилей тантаналари, охирги ярим йилда қилинган бунёдкорлик ишлари, Хоразм деҳқончилигини ривожлантириш борасидаги қилинган ва қилинаётган ишлари, экинлар навларини танлаш, улар агротехникасида ҳамда Хоразм шароитида плёнка остида (Андижон услубида) экиш техникасида йўл қўйилган хатолар ва бу борада филиал олимларининг навбатдаги вазифалари хақидаги Муҳаммаднинг маърузаси ва бошқалар тўғрисида махсус эшитдириш берди (сурат-8).
Шунингдек, ЎзПИТИ Хоразм филиалида қилинган бунёдкорлик ишлар, олиб борилган тадқиқотлар ҳамда юбилей билан боғлиқ бўлган материаллар “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журналининг 1997 йил 1-сонида “Муборак сана” сарлавҳаси остида ҳам босилди.
Филиал юбилейида сўзга чиққан акад Ш.Иброҳимов проф С.Рахмонқулов, ЎзПИТИ Бухоро филиали директори Д.Ёдгоров, Урганч тумани ҳокими К.Нуниёзов ва бошқалар 1,5 – 2 ойда филиални шу даражада ўзгартириш, мўъжизадан бошқа нарса эмас, деб таъкидлаганларининг асоси бор эди.
Чунки 1996 йилнинг охирларига келиб ал-Хоразмий номидаги Урганч давлат университетининг агрохимия ва тупроқшунослик кафедрасининг филиали очилиб иш бошлади.
Тадқиқот ишларини тубдан яхшилаш мақсадида филиалга таниқли мутахасис ва олимлар жалб қилинди. Шоли ва пахтани кўчатлаб экиш, пахтани қўш қаторлаб ва плёнка остида экиш, ҳамда қанд лавлаги етиштириш агротехнологиясини яратиш, ўғитлар ва сувдан рационал фойдаланиш усулларини ишлаб чиқиш, пахта ва беданинг янги навларини яратиш каби вилоятимиз учун зарур муаммолар устида тадқиқот ишлари бошланиб кетди.
Филиалнинг бош биноси ва олимлар уйи капитал таъмирланди, чорва фермаси ва автотрактор гаражи тузатилди ва кўприклар таъмирланди, канал ва зовурлар қазилди, боғ ва далалар таъмирланди, мажлис ва ўқув хоналари жиҳозланди, ахлатхона ва ҳожатхоналар тозаланди.
* *
Бу ерда қилинган ишлардан ишчи-хизматчиларга жой ўрни берилиши ғоят қийин кечган бўлсада, алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Муаммад филиалга раҳбар бўлганидан кейин, ишчи хизматчиларининг турмуш шароитини ўрганиб чиқди. Темирчи уста Олимбойга ўхшаган ишчилар, Х.Мавлоновга ўхшаган докторлик ҳимоясини ёқлаш арафасидаги олимлар дала шийпонларида, болалар боғчасида, бировларнинг уйида ижарада яшаётган эдилар.
Бир хонадонда уч, ҳатто тўрт оила (келин) яшаётганлар сони ҳам анчагина экан. Ҳатто яшаш шароити билан боғлиқ келишмовчиликлар боис, бир неча оилалар бузилиб (ажралишиб) ҳам кетишган. Бу одамларнинг кўп йиллардан буён сўраб берган аризалари ҳам, жой ўрин бериш мумкин бўлган ер ҳам бўлсада бу масала ҳал бўлмаган.
Бунинг икки сабаби бўлган: Биринчиси жой ўрни учун бериладиган ер юқори маҳкамаларга боғлиқ бўлиб, уни ҳал қилиш ғоятда қийин. Иккинчидан бу ердаги бир гурух “ёзувчилар”нинг хурмача қилиқларидан қўрқишган.
Муҳаммад иккинчисидан қўрқмаслигини биринчи куниёқ эълон қилганди. Биринчисини ҳал қилиш учун берилиши мумкин бўлган ерларнинг ҳар бир қаричини чуқур ўрганиб чиқди. Бу ерларнинг айримларига уйи яқин хонадонлар тандир, қўйхона, товуқхона, ўтинхона қуришган.
Айрим ерларга жўхори экиб, айрим ерлардан эса яйлов сифатида фойдаланиб турилган. Бир сўз билан айтганда, шунча ер ташландиқ аҳволда ётибди, одамлар эса уйсиз ўтирибди. Буларнинг барчасини Муҳаммад Урганч тумани (филиал Урганч тумани ҳудудида жойлашган) ҳокими Қадамбой Нуниёзовга бирма-бир кўрсатди.
Шунда ҳоким: -Домла, ҳамма гапларингиз тўғри, ҳалқ учун бунча куйинаётганингизга ҳавасим келади. Лекин бу ердаги айрим “ёзувчи”лар сизни ҳам, бизни ҳам безор қилишлари турган гап - деб огохлантирди.
Муҳаммад бўлса: -Ҳар қалай, (“ёзувчи”лардан бошқа) кўпчиликнинг дуосини оламиз, жой ўрни учун ерни бераверинг - деди. Шундан кейингини бу ерларни уй-жой қуришга ажратиш тўғрисида ҳокимнинг қарори чиқди.
Шу қарор асосида, филиал директорининг хўжалик ишлари бўйича муовини Полвон Собиров бошлиқ 9 кишидан иборат комиссия тузилди. Бу комиссия жой ўрни сўраб берилган аризаларни кўриб чиқиб ўз таклифларини “Пахтакор” қишлоқ Советига тағдим қилди.
Қишлоқ Совети бўлса бу таклифларни чуқур ўрганиб чиқиб (зарур ҳолатда рўйхатга ўзгартиришлар киритиб) бу олимларга иморат солиш учун ўрин бериш ҳақида қарор чиқарди. Унинг қарорини туман ҳокими тасдиқлаб туман архитектура бўлимига бу жой ўринларни расмийлаштириб, қозиғини қоқиб беришга кўрсатма берди. Шу асосда филиал ишчи хизматчиларидан 146 кишига уй қуриш учун ўрин ажратиб берилди ва уларнинг кўплари қурилиш ишларини бошлаб юбордилар.
Сурат-6. Монография
Шундай кунларнинг бирида Урганч шаҳар ҳокими Рустам Султонов Муҳаммаднинг олдига бир нозик илтимос билан ташриф буюрди. Урганч шаҳар марказида, “Ғаллабанк” қурилиши керак бўлган жойдаги бирнеча хонадонни уларнинг шартларига рози бўлган ҳолда турли жойларга кўчирилган.
Лекин улуғ ватан уруши ногирони бўлган битта отахон: -ЎзПИТИ филиали ҳудудидан жой ўрни берсагина кўчишини шарт қилиб қўяди. У кишининг оиласида филиалда ишлайдиган ҳеч ким йўқлиги, бунинг устига, унинг уйи филиал ҳудудида жойлашмаганлиги сабабли унга филиал ҳудудидан жой ўрни беришнинг қонуний имкони йўқ эди.
Шу боис Р.Султонов: -Дўстим бир мардлик (туркманлик) қилиб, ўша одамга жой ўрни бериб, мени бу балодан қутқаргин. Мен ҳам сен айтган истаган битта одамга шаҳардан уй бераман - деб илтимос қилди.
Шаҳар ҳокимининг илтимоси учун Муҳаммад жой ўрни бериш комициясига шу одамга жой ўрни бериш, асосни эса директорнинг буйруғи, деб кўрсатинглар, деб топшириқ берди. Жойи ўрни бериш борасидаги шундай ноқонуний топшириқни филиалнинг собиқ ходимлари: Ж.Қўчқоров, Ш.Қиличев, И.Собировлар учун ҳам берганди.
Ўша пайтлари Муҳаммаднинг барча тўйу-тадбирларида қатнашадиган Ҳонқа туманида яшовчи хофиз, Қутлимурот Кўчаковнинг кейинги рафиқаси Гулбаҳор Бобожонова ўғли Ислом билан Қутлимуротнинг аввалги оиласидан бўлган фарзандлари билан гоҳ чиқишмай, гоҳ сиғишмай қийналаётган эдилар.
Муҳаммад шаҳар ҳокими Р.Султоновнинг олдига бориб Қутлимуротнинг кейинги рафиқаси ва фарзанди учун шаҳардан уй беришни илтимос қилади. Ҳоким аввало буни қилишнинг имкони йўқ, деб туриб олади. Лекин Муҳаммаднинг: -Сиз ҳам бизга ўхшаб бир мардлик қилинг энди - деганидан кейин ноилож уларга шаҳардан уй беради. Улар ҳозир ҳам шу уйда яшаб келаяптилар.
Мавзуга қайтиб айтадиган бўлсак, Урганч тумани ҳокими ҳақ бўлиб чиқди. Сал ўтмай “ёзувчилар” турли-туман маҳкамаларга жой ўрни берилишида қонунбузарликлар бўлгани ҳақида хатлар жўнатабошладилар, бир текширув тугамай иккинчиси келарди. Лекин бирон марта ҳам улар ёзган “фактлар” тасдиқланмади. Шундан кейин бу текширувчилар: -Ёзилган сўз ўз тасдиғини топмаса муаллифларни жавобгар қиламиз - дейишди. Шундан кейин “ёзувчилар” бошқача йўл тутабошладилар.
Иродаси пастроқ одамлардан топиб у билан тўйгунча ичишади, кейин ўзлари аввалдан тайёрлаб қўйган аризани унга ўз почерки билан кўчиртириб, тегишли маҳкамаларга жўнатиб юборар эканлар. Бунга далил шуки, филиал ишчиси С.Отажоновдан туман ҳокими номига 7 бетдан иборат П.Собиров устидан жой ўрниларни қонунсиз бераяпти, деб шикоят тушади. Шикоят текширилиб ўз тасдиғини топмагач аризагўй бу шикоятни ўз ҳохиши билан эмас, Б.Перов ва А.Жуманиёзовларнинг кўрсатмаси асосида ёзгани (кўчириб бергани) ҳақида 23-ХI-96 йилда тушунча ёзиб берган.
Филиал ҳудудида ошхона, сартарошхона, этикдўзлик, радио-телевизор тузатиш устахонаси, бичиш ва тикиш цехлари, гўшт сотадиган ва бошқа дўконлар қурилиб ишга туширилди. Шунингдек маҳалла уйи ва масжид қурулиши ҳам бошлаб юборилди. Филиалнинг ишчи-хизматчиларидан 150 га яқинига уй қуриш учун ер ажратиб берилди.
Филиалда вилоят ҳокимининг биринчи муовини Ж.Ўтамов раҳбарлигида вилоят қишлоқ хўжалиги ходимлари(фермер, бригадир, агроном, хўжалик раҳбарлари)нинг ўқиши ўз ишини бошлади.
Шунингдек, шунча ташкилий ишлар билан бирга Хоразм деқонлари учун қўлланма бўлган 10 босма табоқ хажмдаги “Хоразм дехқончилигининг илмий асослари” китобини шу икки ойда ёзиб нашр қилдириш ва буларнинг барчаси “мўжиза” дейишларига ҳақли равишда асос бўлиб хизмат қилган эди.
Бир сўз билан айтганда, вилоят аҳли ва раҳбарлари олдида филиал обрўси билан бир қаторда унинг раҳбари бўлган Муҳаммаднинг ҳам эътибори кундан-кунга ошиб борарди. Қишлоқ хўжалигига оид кўпчилик муаммоларни вилоят ҳокими Муҳаммад билан ҳам маслаҳатлашарди.
У ёки бу экинлар агротехникаси, дехқончилик бўйича қилинадиган тадбирлар ва бошқа нарсаларда, қишлоқ хўжалиги соҳасида вилоятдаги ягона профессор сифатида Муҳаммаднинг фикри ҳал қилувчи кучга эга эди.
Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги вилоятимизда кўзга кўринган раҳбарлар, олиму-мутахасислардан иборат вилоят ҳокимнинг оператив группаси раҳбари (бундай ҳайбаракаллачи тадбирларга қарши бўлсада “Ҳокимнинг амри вожиб” шариатидан келиб чиқиб) сифатида Янгиариқ, Қўшкўпир, Шовот каби районларда текширув ва тадбирлар ўтказган.
1996 йилнинг август ойида Шовот тумани ҳокими Йўлдош ака Ҳажиев Муҳаммаднинг кабинетига ҳукумат телефони(тройка)дан қўнғироқ қилиб, вилоят ҳокими Искандар Юсупов Муҳаммад ҳақида жуда яхши фикрда эканлиги, ҳатто Муҳаммадни Боғот районига ҳоким қилиш режаси борлиги хақида гапиргани, шунинг учун ҳам фаолиятини шу асосда давом қилдиришини маслаҳат берди.
Сурат-7. Турли даврлардаги пахтачилик соҳаси олимлари, мавзусида ишланган сурат. Чапдан ўнга: Академик С.Рижов, акад С.Канаш, акад Ж.Сатторов, проф. А.Хоразмий, акад М.Муҳаммаджонов, доц А.Мадримов, доц Ж.Юлдошев, акад А.Имомалиев, доц Ғ.Машарипов.
Масала бундай бўлган экан: Муҳаммад Шовот районида оператив группа якунини ўтказиб келганининг эртаси вилоят ҳокими И.Юсупов шу районда бўлган. Район ҳокими Й.Ҳажиев кечаги оператив группа иши, айниқса унинг якунидан кўнгли тўлганлигини, оператив группа раҳбари(яъни Муҳаммад)нинг билимига ва ташкилотчилигига тан берганини айтиб, вилоятга шундай кадрларни келтириб ўзига лойиқ жойга қўйгани учун И. Юсуповга ташаккур айтган.
Вилоят ҳокими бўлса Муҳаммаддан умиди катта эканлигини, оқсаб қолган Боғот районига ҳоким қилиш режаси борлигини гапирган. Бу эса ҳоким билан Муҳаммаднинг ораларидаги энг юқори нуқта эди.
* *
“Амир(ҳоким)ларнинг яхшиси олимларни, олимларнинг ёмони эса амирларни зиёрат қилади” деган ҳадисга кўпроқ амал қиладиган ҳам, натижада кўпроқ жабр чекадиган ҳам Муҳаммад бўлса керак. 1996 йил сентябрдан бошлаб вилоят ҳокими И. Юсупов билан Муҳаммаднинг ораларида келишмовчиликлар бошланиб кетди. Бу келишмовчиликлар ой сайин кучая бориб Муҳаммадни жинойи жавобгарликка тортиш тўғрисида хуқуқ тартибот органларига тегишли кўрсатма беришигача бориб етди.
Бунга Муҳаммаднинг Хоразм вилояти шароитида чигитни плёнка остида экиш, ҳамда пахтанинг янги навларини вилоятга экиш агротехникаси борасидаги фикрлари, Ҳаж зиёратига бориши ва филиал ишчи хизматчиларига уй қуриш учун ер ажратилиши билан боғлиқ тафсилотлар сабаб бўлди.
1996 йил сентябрда вилоят ҳокимининг биринчи муовини Ж.Ўтамов, Облагропром раиси Ш.Қиличев, ЎзПИТИ Хоразм филиали директори Муҳаммад, битта раис, агроном, инженер биргаликда Андижон услубида чигит экишни ўрганиб, Хоразмда жорий қилиш мақсадида Андижонга бордилар. Буларни Андижон вилояти ҳокимининг биринчи муовини кутиб олди ва ҳамрохлик қилди.
Телевизорда бир неча марта намойиш қилинган, қорачадан келган, бўйи калтагина бригадрнинг даласига бориб тушдилар. Булар ҳали сўрашиб бўлар-бўлмас ҳалиги бригадир муруввати буралган магнитофон каби сайрай кетди:
-Плёнка остига чигит экиш усули Андижонда яратилган бўлиб, пахтачилик илмида оламшумул янгилик эканлиги, плёнка остига экилган чигитнинг афзалликлари, бундаги солинадиган ўғитнинг оптимал нормаси, сув режими, туп сонлари, чигитнинг плёнка остига экиладиган оптимал муддатлари, қўйингки, бу билан боғлиқ агротехник муаммоларнинг барчаси ҳал бўлганини бир тўхтамасдан айтиб берди.
Бу ерда шу хўжалик раиси, шу туман ҳокими, Андижон услуби бўйича туман ва вилоят даражасидаги мутахасислар ҳам тизилишиб туришарди. Андижон вилояти ҳокимининг биринчи муовини: -Қалай, қотирдими? - дегандай буларга қараб: -Тушинарлими? - деди.
Ўрганиш учун келганлардан ҳеч ким чурқ этмади. Муҳаммад: -Бир икки нарсаларни сўраб олмоқчи эдим, бу услубда пахтани бор-йўғи бир йилдан буён экаётган бўлсангиз, чигит экишнинг оптимл муддати, сув режими, туп сони ва ўғит нормасини аниқлашга қандай эришдингиз? Бунга бир неча йил керакку - деди.
Бригадир жим бўлиб қолди, ёрдам сўрагандай ўзининг бошлиқларига қараб турарди. Улар эса ер чизишиб турарди. Жимликни яна Муҳаммаднинг ўзи бузди: -Плёнка остига чигит экиб рахта етиштириш агротехникасини гўёки хеч бир олимдан кам билмайсиз-у, лекин мен берган оддий саволларга ҳам жавоб бераолмаётганингизни қандай тушиниш мумкин? - деб сўради Муҳаммад.
-Меҳмон, Худодан яширмаганни бандадан яшириб бўлмайди, тўғрисини айтсам менга ёзиб беришгани бўйича гапириш топширилган эди - деди ҳалиги бригадир.
Муҳаммад барчага юзланиб: -Бу ерда эшитган ва кўрган нарсаларга асосланиб плёнка остига чигит экиб пахта етиштириш агротехникасининг 80-85 %и ҳали ҳал қилинмаган десак хато бўлмас. Бунинг устига, чигитни плёнка остига экиш усули Андижонда яратилмаган, бу усул Андижонга Хитойдан кириб келди - деди.
Ҳечким биронта эътироз билдирмади. Лекин Андижонликлар бир-бирига анойи бир қараб қўйишди. Бу ерда бўлиб ўтган гап-сўзлар тўғрисида шу куниёқ Андижон ҳокимига оқизмай-томизмай етказишган. У бўлса Хоразм ҳокимига телефон қилиб: -Андижон услубини ўрганиш учун юборган одамларингиз ичида профессор Муҳаммад деганидан эҳтиёт бўлинг. У нафақат ўз бошига, ҳатто сизнинг бошингизга ҳам етиши мумкин - дебди.
Шу йили, ҳар бир вилоятда чигитни плёнка остига экишни камида 10 минг гектарга етказиш хақида Президентнинг фармони эълон қилинди. Шу билан бу масала Давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу муносабат билан кўп ўтмай вилоятда Андижон услубида пахта етказиш бўйича махсус кенгаш (йиғилиш) бўлиб ўтди.
Бу анжуманда сўзга чиққан нотиқларнинг биттаси плёнка остига чигитни фармонда кўрсатилганидан ошиғроқ – 20 минг гектарга экамиз деса, иккинчиси 30 минг гектарга экишни таклиф қилди. Ҳатто вилоятдаги етакчи бир сиёсий партия(ХДП)нинг бошлиғи чиқиб, вилоятда Андижон услубида 100 минг гектар экиш керак деганида, кўпчилик (асосан раҳбарлар) чапак чалиб юборди.
Ва ниҳоят, вилоят ҳокими И.Юсупов Андижон услубининг афзалликлари, бу борадаги президент фармонининг долзарблиги ҳақида гапириб: -Бу борада ҳал қилувчи фикрни айтиш учун сўз, вилоят деҳқончилик илмининг отаси, вилоят пахтачилик институти директори, профессор Муҳаммадга - деди. Бу йиғилишдаги Муҳаммаднинг маърузаси қуйида айнан келтирилади:
-Бугунги анжуманнинг муҳтарам қатнашчилари!
Пахта агротехникасидаги бу янги услубни Хоразмда жорий қилиш учун вилоятимиз раҳбарияти, қишлоқ хўжалиги соҳасининг мутахасис ва олимлари, фермер ва деҳқонлари йиғилишган бу ерга. Бизнинг Андижон услуби бўйича бугунги қабул қиладиган қароримиз деҳқонлар ва иқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис олинадиган қарор учун биз маъсул эканимизни эсдан чиқармаслигимиз керак.
Аввало чигитни плёнка остига экиш услуби Андижон услуби эмас, яъни бу усул Андижонда яратилмаган. Чигитни бу усулда Хитой Ҳалқ Республикасида 15 йилдан буён экилади. Лекин бу Хитой усули ҳам эмас, чунки бу технология Хитойга Ўзбекистондан кириб борди. Чигитни плёнка остига экиш бўйичаги тадқиқотлар 70-80 йилларда Ўзбекистон олимлари томонидан ўтказилган.
Янглишмасам, бундай тадқиқотлар проф Иброҳим Турапов томонидан 80 йилларда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳам ўтказилган ва бу асосда китоб ҳам чоп қилинган. Лекин ўша даврдаги сиёсат туфайли, бу услубда қўл меҳнати кўп, деган баҳона билан ишлаб чиқаришга жорий қилинмади.
Хитойда қўл кучи етарли бўлганлигидан улар бу усулдан фойдаланабошладилар ва уни анча такомиллаштирдилар ҳам. Шунинг учун ҳам чигитни плёнка остига экиб пахта етиштириш технологияси Андижон услуби ҳам, Хитой услуби ҳам эмас, уни Ўзбекистон услуби деса тўғрироқ бўлади.
Чигитни плёнка остига экишнинг бегона ўт, ягана каби нарсалардан халос бўлишга ўхшаш фойдалари кўп албатта. Бироқ бундан ғўза ниҳолларининг тез униб чиқиб, яхши ривожланиши учун асосан икки мақсад кўзда тутилади. Тупроқ ҳароратини ва намлигини кўтариш ва шу асосда юқори ҳосилли эрта очиладиган пахта етиштириш.
Тўғри, бунга чигит қаторлари устига тортилган плёнканинг ҳар куни очилган жойларини кўмиш, бундаги ҳар бир чигит экилган уяни доимий назорат қилиб, зарур бўлса уларга гўнг аралаш тупроқни қошиқ билан солиш, уядаги ниҳолларни плёнка тешигидан тўғри чиқиши учун қўл билан тўғирлаш каби қўл меҳнати кўп сарфланади. Шунинг учун ҳам бу технология қўл кучи кўпроқ бўлган Хитойда, Фарғона водийсида кўпроқ қўлланилган.
Хоразмда ҳам қўл кучи оз эмас, бу технологяни бу ерда ҳам қўллаш мумкин. Бунинг учун аввал бизнинг филиалимизда бу технологиянинг Хоразм тупроқ-иқлим шароити учун агротехник асосларини ишлаб чиқиш зарур. Чунки бу технологияда чигит экиладиган тупроқ жуда майдаланган бўлиши лозим.
Хоразм воҳасининг кўпчилик тупроқлари асосан совға ҳисобланади. Бу тупроқларни талаб даражасида майдалаш учун дискали бороналар керак, улар эса вилоятда жуда ҳам кам. Шу билан бирга шўрланган тупроқларда плёнка остида кечадиган жараёнларни биз ҳали яхши билмаймиз.
Бундан ташқари, чигитни плёнка остига экишнинг оптимал муддати, усули, ҳамда плёнка остига экилган ғўзаларнинг сув режими, туп сони, ўғит системасига ўхшаш қатор муаммоларни илмий асосда ҳал қилмай туриб, бу усулда кўплаб (ўн минглаб) майдонларни экиш, нафақат ташкилий ва шунингдек иқтисодий муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Хоразм шароитида чигитни плёнка остига экиш агротехникасининг илмий асосларини бизнинг институтимизда ишлаб чиқмай туриб, бу услубни кўпминг гектарларга тавсия қилиб бўлмайди.
Сурат-8. ЎзПИТИ Хоразм филиали директори Муҳаммад телевидения орқали чиқишида.
Муҳаммаднинг бу сўзларини олимлар, аграномлар, эски деҳқонлар бош ирғишиб маъқуллаб ўтирдилар. Бироқ унинг бу сўзлари айниқса, раҳбариятга унча ёқмагани сезилиб турарди. Шу кундан бошлаб кўпчилик раҳбарлар Муҳаммадни “Андижон услуби(президент сиёсати)га қаршилардан” деб унга ёмон назарда қарай бошлашди. Бу эса вилоят ҳокими билан Муҳаммаднинг орасидаги келишмовчиликнинг расман бошланиши эди.
1997 йилда вилоятда чигит ўн минг гектарга яқин майдонга Андижон услубида (фармоиш бўйича) экилди. Оддий деҳқонларнинг кўпчилиги бу технологияни яхши тушунмадилар. Бунинг устига экиш даврида “План - любой ценой!” қабилида иш тутилиб, агротехникада қўпол ҳатоларга йўл қўйилди.
Натижада, кўпчилик майдонлар бузиб қайтадан оддий усулда экилди, энг ёмони, дехқонларнинг бу прогрессив усулга ишончи ва қизиқиши пасайди. Ҳатто айрим шаллақироқ пудратчилар: -Плёнка остига эк, деганларнинг падарига минг лаънат! - дейишдан ҳам тоймади.
Бу эса вилоятда бу усулда чигит экишнинг йилдан-йилга камайишига ва одамлар томонидан: -Хоразмда чигитни плёнка остига экиш борасидаги Хоразмийнинг фикри ҳақ экан - деган сўзларнинг кўпайишига сабаб бўлди. Бундай сўзни барала айтган айрим хўжалик раислари ишдан ҳам олинишди.
1996 йил 29-декабрда ЎзПИТИ Хоразм филиалининг юбилейи муносабати билан Муҳаммад Хоразм телевидеиясига қуйидагича мазмунда интерьвю берди (сурат-8):
-Ўсимликлар(асосан ғўза)нинг агротехникасини белгилашда мутахасис бўлмаган одамлар(раҳбарлар)нинг аралашувига чек қўйилиши лозим. Янги навлар (Бухоро-6, Шароф-75 ва бршқалар) ва технология(чигитни плёнка остига экиш)ни шу воҳа шароитида агротехник асослари ишлаб чиқилмай туриб, катта майдонларга экиш мақсадга мувофиқ эмас.
Масалан, охирги 20 йил ичида яратилган ғўза навлари орасида энг серҳосили (лекин кечпишарроқ) ҳисобланган Бухоро-6 навига хос агротехника қўлланилмаганлиги сабабли Қорақолпоғистон ва Хоразм вилоятларида унинг кечки бўлиб қолгани ва бу вилоятлар шартнома режаларини бажараолмаганликларини, мутасадди ўртоқларнинг бу айбни Бухоро-6 навига тўнкаганликлари, булар асосида мамлакат президентининг: -Бундай (Бухоро-6 дай) навларни даладан чиқариб ҳайдаб юбориш керак! - дейишигача бориб етди. Аслида эса, айб Бухоро-6 навида эмас, унинг агротехникасини бузган мутахасис ва деҳқонларда эди - деб гапирди.
Муҳаммаднинг телевидения орқали бу чиқиши унинг вилоят ҳокими билан бўлган муносабатларини янада чигаллаштирибгина қолмай ҳокимнинг унга бўлган ҳасадинида кучайтирган.
-Бу профессорнинг парвози жуда баланд-ку, қишлоқ хўжалиги фаоллари йиғилишида унинг эсини киритиб қўяман - деган. Унинг ҳар бир бачкана қилиқлари-ю гапларига “пахта” қўйиб юрадиган лаганбардорлари унинг бу ғоясини: -Шундай қилинса нафақат Хоразмийнинг попуги пасаяди ва шунингдек профессорни мот қилган одам сифатида обрўйингиз ҳам ошади - деб “пахта” қўйишган.
Хоразм ҳокими И.Юсупов вилоят қишлоқ хўжалик ходимлари анжуманида Ўзбекистон пахтачилик институти Хоразм филиали директори М.Хоразмийни ўртага чиқариб, ҳе йўқ, бе йўқ сўка кетади: -Мен сени вилоятдаги ягона профессор деб филиалга директор қилсаму, мана 6-7 ой ўтган бўлсада ғўзанинг биронта янги навини яратмадинг (ўтирганларнинг кўпчилиги кулиб юборди). Мана кўрдингми, 6 ойда ҳам пахтанинг янги навини яратаолмаганинг учун одамлар сенинг устингдан кулишаяпти. Майли, сенга яна бир ой муҳлат, камида ғўзанинг 3 та янги навини яратиб бизга кўрсатасан - деди.
Энди йиғилиш қатнашчиларининг барчаси И.Юсуповнинг «буюк энциклопедик аллома» эканлигига тан беришиб, қах-қаха уриб кулиб юборишди. Чунки йиғилиш қатнашчиларининг аксарияти ғўзанинг янги (перспетив) навини яратиш учун ўнлаб йиллар кетишини яхши билишарди. Шундай бўлсада, бу йиғилиш ҳокимнинг кўрсатмаси билан Хоразм телевидениясида бирнеча бор намойиш этилди.
Ўрни келганида, СМИларда эълон қилинган: «Устоз кўрган шогирдлар» номли мақоланинг Хоразм ҳокими И.Юсупов тўғрисида тилга олинган айрим эпизодларни ҳам келтириш мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик:
Президентнинг яна бир «иқтидорли» шогирди, мутахасислиги қурувчи (тўғрироғи бузувчи) бўлган Исканқул Юсупов тўғрисидаги тафсилотлар ривоятларга айланиб улгурган. Ҳар галгидай Президент ўз устози И.Жўрабековнинг тавсияси асосида 1995 йил И.Юсуповни Хоразм вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Хоразм ҳокимлигига тавсия қилди ва сўзни И.Юсуповга берди. Протокол бўйича И.Юсупов Хоразм ҳалқ депутатларига ўзига билдирилган ишончлари учун миннатдорчилик билдириб, устози – И.Каримовга сажда қилиши керак эди.
Минбарда турган янги ҳоким анча вақт бир ўнга, бир чапга ва бир орқаси(Президент)га қараб турдида зал(депутатлар)га юзланиб: -Нима қилиб ўтирибсизлар молга келган балодай, боринг ҳамманг ишли-ишингизга! - деди.
Залда жуда бир ажиб ҳолат юзага келди, кимлардир туриб кетишга шайлана бошладилар. Шунда Президент югурасолиб минбарга чиқдида: -Ўтиринг ҳаммангиз, ҳоким сизларга ишончларингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчи эди-ю, буёғини ёшуллича қилиб юборди. Биз буни иш билгани учун ҳоким қилдик, ҳали иш давомида гапни ҳам ўрганиб олади - деди.
И.Юсупов ҳокими мутлоқ бўлганидан кейин вилоят ҳалқ хўжалигининг барча соҳалари бўйича таҳлиллар ўтказар ва ўзининг қатор «қимматли» маслаҳатлрини берар ва уларнинг бажарилиши устидан назорат ўрнатарди. Боғот туманидаги мактабларни кўздан кечираётиб:
«Илм учун умринг бўйи чексанг машаққат,
Парвардигор ўзи қўллаб қилғай мурувват» (А.Хоразмий)
деган ёзув(сурат-9)га кўзи тушди ва мактаб директори ва вилоят ҳалқ таълими бошқармаси бошлиғи Й. Бобожоновни сўка кетди:
-Мен бу ёзувни вилотнинг бошқа жойларида ҳам учратдим. Барчасида ёзув муаллифи А.Хоразмий деб хато ёзилган. Ахир гўдак ҳам биладику, Хоразмий рутбасидаги олим фақат битта бўлганини, у ҳам ал-Хоразмий эканлигини. Бир ҳафта муҳлат, барчаси ал-Хоразмий деб ўзгартирилсин! - деб кўрсатма берди.
Бечора мактаб директори: -Ёшулли бу ёзувнинг муаллифи ал-Хоразмий эмас, ўзимизнинг Ахмад хожи Хоразмий - деб балога қолди. Президент (устозим) мени тарбиялаб, камолатга етказиб, 1,5 миллионлик Хоразмликлар ичидаги энг ақиллиси деб, Хоразмга ҳоким қилиб қўйса-ю, сенми ҳали менга ақл ўргатадиган?! - деб шу ердаёқ уни ишдан бўшатиб, фаолиятини текшириб жинойи жавобгарликка тортиш ҳақида кўрсатма берди. Шундан кейин ҳеч ким унинг ҳар қандай аҳмақона гапинида икки қилишга журъат қилаолмади.
Ҳалқ таълимидаги мутассади мутахасислар Мухаммад ибн Мусо ал-Хоразмий(8аср)дан Ахмад ҳожи Хоразмий(20аср)гача 400 дан ортиқ Хоразмийлар ўтганини билишсада «Ҳокимнинг амри вожиб» мақоли асосида ва директорнинг куни бошимизга тушмасин деб вилоятдаги кўп жойларда бу ёзув муаллифини А.Хоразмийдан Ал-Хоразмийга ўзгартириб чиқишди. Ва буни Хоразм телевидениясида: «Ҳоким қарорлари ҳаётга!» кўрсатувида бир неча бор кўрсатишди.
1998 йил октябрь ойининг дастлабки жума куни, соат 12 ларда Шовот туманида Жума намозига бораётган 10-15 та қарияларни тўхтатиб: -Пахта (сезони) терими пайтида кундузи жума намозини ўқишни ким қўйибди сизларга?! Ҳозир эса пахта теринглар, акс холда Президент сиёсатига қарши «Ҳизбутчи»лар деб қаматиб юбораман - деб уларни далага тушириб юборади.
Эртасига вилоят фаолларини йиғиб мажлис ўтказади. Ва мажлисда у ёшлигида отаси жума намозини ҳатто кечқурун ўқиб келганини, отаси «Жума намози»дан келганидан кейин уйидаги катта-кичик, хеч ким шовқин қилмаганини мажлис аҳлига айтиб беради. (Аслида унинг отаси кўкнори банги (наркоман) бўлиб кўкнор ичиб келган куни «Жумадан келаяпман,ҳамма жим бўлиши керак» дер экан).
Пахта териш даврида Жума намозини кечасига ўқиш хақидаги ўзи чиқарган ҳоким фармонини ўқиб беради. Бу фармоннинг бажарилишини назорат қилинишини эса Ўзбекистон мусулмонлари Хоразм вилоти имоми (вакили) Ахмаджон Саидовга ва вилоят милицияси бошлиғи ва прокурорга юклатилади. Мажлис аҳли бу фармонни қах-қаха (ҳокимнинг аҳмоқлигидан кулишган) билан кутиб олишди. Мажлиснинг тўла тафсилоти ва ҳоким фармони вилоят газеталарида чоп қилинди ва Хоразм телевидениясида ҳам намойиш қилинди.
Шундан 2 кун ўтар-ўтмас Тошкентдан (Президент маҳкамасидан) бир гуруҳ одамлар келиб ҳокимни обориб-обкелишди. Ҳокимнинг мафкура бўйича ўринбосари (Т.Дўсчанов)га ҳокимнинг маъруза текстини назорат қилмагани учун ҳайфсан беришди. Жума намозини кечасига ўқиш ҳақидаги ҳоким фармони босилган газеталарни зудлик билан йўқ қилишди. Ҳоким ўтказадиган биронта мажлисни телевиденияда намойиш қилиш тақиқланди.
Бу «аллома» ҳоким даврида Хиванинг 2500 йиллиги муносабати билан Хивада рестоврация ва таъмирлаш ишлари кетаётганди. Ҳокимнинг шахсан кўрсатмаси асосида Хива хонлари пайтонининг излари тушган, минг йиллик тарихга эга тўртбурчак ғиштлардан тузатилган йўлакларнинг устидан замонавий ғиштлар тўшалди.
Гужумдан гулдор қилиб ясалган минг йиллик тарихга эга эшиклар полировка қилинган Европача замонавий эшиклар билан алмаштирилди. Қўша дорвазага: «Қадимий ва кўхна Хивани навқирон Хивага айлантирайлик! (И.Каримов)» деган катта шиорнида осиб қўйишди. Полвон пир (Паҳлавон Махмуд) мақбара-мажмуасидаги
«Қўхиқоп тоғини келида туймоқ,
Ёхуд палакка қонинг-ла бўёқ бермоқ,
Ё-да 40 йил зиндонбанд бўлмоқ,
Ахмоқ суҳбатидин кўра афзалроқ»
Паҳлавон Махмуд, 13-аср.
деб ёзилган ёзувдаги муаллиф(Паҳлавон Махмуд)ни Ислом Каримов деб алмаштиришди. Ва Президентга Хива юбилейга тайёр, деб рапорт беришди.
Таёргарлик даражасини кўришга И.Каримов Хивага ташриф буюрди ва бу ўзгаришларни кўрган Каримовнинг фиғони палакка чиқиб кетди. -Сени ҳоким қилганнинг онасини палон қилай. Ажнабий меҳмонларга қадимий Хива деб манабу замонавий ғиштлар-у, полировка қилинган Европача эшикларни кўрсатамизми?! - деди куюнди. Шунда ҳоким Қўша дорвозадаги шиорга ишора қилиб: -Устоз, ўзингиз айтгандай, Хивани навқирон (ёшартирдик) қилдик-да - деди жовдираб.
Шунда орқароқда турган ҳокимнинг муовини Р.Йўлдошев, «Хоразм йўл» бошлиғи В.Полвоновга: -Эшитдингми, Президент ҳокимга «Сени ҳоким қилганнинг онасини палон қилай» деди. Уни ўзи ҳоким қилгандику! – дейди.
«Деворнинг ҳам қулоғи бор» деганларидай уларнинг бу ўзаро суҳбати кейинчалик Президентнинг қулоғига етиб боради ва улар Ўзбекистон (тўғрироғи И.Каримов) конституциясининг «Оёғи ердан узилганлар» моддасига биноан узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинади.
Полвон пир мажмуасидаги ёзувни кўрган Президент ҳокимнинг кўтига тепиб юборади ва: -Онангизни эшшак палон қилсин санларнинг, пешонанга шох бекорга чиқмаган экан, сен хўкизнинг. 13-асрда айтилган шъерда И.Каримов нима қилиб юрибди? - демайдими кўрган одам. Хеч бўлмаса 13-аср деганини ўчириб қўйсаларингиз бўлмайдими - дейди тутоқиб.
Шунда Боғот райони ҳокими Ш.Хўжаниёзова ва И.Юсупов бир-бирига маъноли қараб қўйишди ва: -Боғот «Хлебопродукт» идораси ёнидаги 6-асрда Расулулох томонидан (Хадисда) айтилган «Ватанни севмоқ иймондандур» иборасига муаллиф И.Каримов деб ёзиб қўйганимизда хурсанд бўлиб бизга янги (юқори) мансаб ва унвонлар бергандингиз-ку - дейишмоқчи бўлишди-ю, лекин ботина олишмади.
Президентнинг шогирдлари томонидан қилинган бу «ихтиролар» ва бунинг учун уларни койигани ҳақида Президентнинг шахсан ўзи Ўзбекистон телевидениясида бир неча бор гапирди. Матбуот эса устознинг тажрибаси-ю, шогирдларнинг иқтидори ва камолати хақида тинмай ёзишди.
1997 йил апрель ойида, Муҳаммад навбатдаги таътилини олиб, барча маҳкамаларнинг рухсати асосида, кўп қатори у ҳам Саудия Арабистонига ҳаж зиёратига кетди. Макка ва Мадинада барча ибодатларни беками кўст бажариб ҳожи сифатида Байтуллохда ва Муҳаммад(САВ)нинг равзаи саодатларида ҳалққа, Ватанга тинчлик, раҳбаргалар (шу жумладан ҳокимга ҳам) инсофу куч-қувват, насибаларимизга баракот тилади.
Худдий шу кунларда (1997 йил 28-апрелда) вилоят ҳокими И.Юсупов ўз қўли остидаги мутасадди ўртоқларга: -Бизнинг сафимизга унақа (Д.Рўзметова ва М.Хоразмийдай) бегуноҳ ҳожиларнинг кераги йўқ, бўшаш ҳақидаги аризаларини олинг - деб кўрсатма берган.
Булар ҳаж зиёратидан қайтиб келишибиланоқ ҳокимнинг кўрсатмаси асосида, вилоят ҳокимлиги ташкилий ва қадрлар бўлими бошлиғи В.Костаков вилоят ҳокимининг муовини Дуржон Рўзметовадан, агросаноат бўлими бошлиғи И.Собиров эса Муҳаммаддан “ўз ҳохишлари билан ёзган” аризаларини олишди. Шу тариқа вилоят ҳокими таъбири билан айтганда, Хоразм воҳасидаги қишлоқ хўжалиги бўйича ягона профессор, Хоразм деҳқончилик илмининг отаси - Муҳаммад ҳожи ишсиз қолди.
1997 йилнинг охирларига келиб, бир катта йиғилишда вилоят ҳокими И.Юсупов нотўғри маълумотлар асосида ўйламай-нетмай: -Проф Муҳаммад ЎзПИТИ Хоразм филиали ҳудудидаги кўп ерларни талон-тарож қилиб (жой ўрнига бериб), сотиб юборган - дейди.
Муҳаммад эса бундай ноҳақ туҳматга чидаб тураолмайди ва ҳокимга яқин бўлган кишилар олдида: -Бу ҳокимнинг ақли бўлганида ер филиал директори буйруғи асосида эмас, қишлоқ Совети ва туман ҳокими қарори асосида берилишини биларди - деб юборади.
Муҳаммаднинг бу сўзи оқизмай-томизмай ҳокимга етказилади. Натижада берилган жой ўринлар вилоят прократураси томонидан текширилабошланади, текширувлар ойлаб давом қилди. Туман ҳокимини бу ҳақдаги ўзининг чиқарган қарорини ўзи бекор қилишига мажбур қилишган.
Малум бўлишича, вилоят ҳокими берилган барча жой ўринларни қайтариб олиш, ҳамда нима қилиб бўлсада Муҳаммадни жавобгар қилиш тўғрисида ҳуқуқ органлари бошлиқлари(вилоят прокурори, ИИБ, юстиция бошқармаси)га кўрсатма берган. Шу асосда филиал ҳудудидаги ерлар ноқонуний равишда талон-тарож қилинган, деган баҳонада жинойи иш қўзғатилган.
Шу ҳудуддан жой ўрни олиш учунги барча хужжатларни, тавсия ҳам қарорларни текшириб чиққандан кейин жой ўрни олган барча одамларни бирма-бир терговга чақириб “кимга қанча берганини” аниқлашга ҳаракат қилишган. “Йўқдан бор бўлмайди” деганларидей берилгани йўқ бўлганидан кейин уни бор қилишнинг иложи ҳам, ҳужжатлар қонуний бўлганлиги учун берилган жой ўринларни қайтариб олишнинг ҳам иложини қилиша олмайди.
Шу билан бирга, юқорида айтилган 4 та одамга ноқонуний жой ўрни берилгани ҳам очилган. Лекин улардан бири (Ж.Қўчқоров) Қорақолпоғистон Вазирлар Маҳкамаси раисининг биринчи ўринбосари, яна бири (И.Собиров) Хоразм вилояти ҳокимиятида агросаноат бўлими бошлиғи, учунчичси (Ш.Қиличев) Вилоят агропроми раиси эканлиги учун прократуранинг уларга тиши ўтмаган.
Лекин Улуғ ватан уруши ногирони бўлган отахонни -Жой ўрни олиш учун директорга қанча пора бергансан? - деб роса уришган. У киши уст бошининг қони билан шаҳар ҳокими Р.Султоновнинг олдига борган ва: -Мен жой ўрни олишда филиал директори билан ҳатто бирон марта учрашмаган бўлсам, қандай қилиб унга пора беришим мумкин?! Жой ўрнини сиз обергансиз менга - деб ёрдам сўраган.
-Бу аблаҳликларнинг ташкилотчиси вилоят ҳокими бўлади, деб уни шу ҳолатда вилоят ҳокими И.Юсуповнинг олдига юборган. У отахон Юсуповнинг олдига бориб: -Жой ўрни учун ҳечкимга ҳеч нарса бермаганман. Бировга туҳмат қилиб Худога нима дейман. Сизнинг кўрсатмангиз билан филиал директорига жой ўрни учун пора бердим деб туҳмат қиласан, деб уришаяпти мени. Ҳозир Президентга бораман - деб тўполон қилган. Шундан кейин терговчилар одамларни уриб кўрсатма олишни тўхтатганлар.
Ва ниҳоят, ёшуллининг буйруғини тўла бажараолишмаган бўлсада, ҳеч бўлмаса қисман бажариш учун, филиал ишчи хизматчиларига жой ўрни берилсин деб қарор чиқарганларга эмас, шундай таклиф киритган комиссия раиси П.Собировга 28 минг сўм (10 доллар атрофида) жарима солиш билан бу иш якунланди.
Лекин Хоразм ҳокими И.Юсуповнинг прократуранинг бу ишидан кўнгли тўлмайди ва вилоят прокурорини, ИИБ бошлиғини ва юстиция бошқармаси бошлиғини чақириб: - Муҳаммадга жой ўрнилар тўғрисида бирон нарса ёпиштираолмаган бўлсангизлар чўнтагига наркотикми, пистолетнинг ўқиними, ёки ваҳобийларнинг варақаларидан ташлабми, қамаб берасизлар. Агар бу нарсаларнинг уддасидан чиқаолмасангизлар Худди разборнинг одамлари орқали йўқ қилинглар - деб кўрсатма беради.
Хоразмдаги кўпчилик раҳбарлар каби юқорида тилга олинган ҳуқуқ органлари раҳбарлари ҳам Муҳаммадни, мамлакат марказий газеталарида “Хоразм фахри” деб мадҳ қилинган ягона профессор деб ҳурмат қилар эдилар. Ҳатто вилоят прокурори Юсуфбой ака: -Муҳаммадни И.Юсуповга ўхшаган 10 та ҳокимга алмашиб бўлмайди - дегани ҳам бўлган гап.
Кўп ўтмай, вилоят прокурори Юсуфбой ака ва вилоят хокимининг муовини Т.Досчанов каби Муҳаммаднинг ҳаётига лоқайд бўлмаган одамлар (Хоразмда ишсиз қолгани етмагандай) кутилган ва кутилмаган бало-қазолардан узоқроқ бўлиш учун Муҳаммадга Хоразмдан тезроқ кўчиб кетишни маслаҳат беришди...
9.4. Шарҳлар
. Отахон
5.02.2014 at 16:32
4. Искандар Юсуповнинг қилган хурмача қилиқлари-ю теша тегмаган гапларини Хоразмликлар ҳозир ҳам эслашади. Ҳоким бўлган даврларида “Пахтакор” колхози раиси эшонбуванинг сени Урганч туманига ҳоким қиламан деб, отасидан қолган тиллаларни роса олган. Ҳозирги УрДУ ректори Р.Эшчановдан ҳам ректор қиламан деб тилла олганини эшитганмиз. И.Юсупов ҳоким бўлганидан кейин “Икки қўчқорнинг калласи бир қозонда қайнамайди”, деб Худди разборни Хоразмдан ҳайдаб юборган. Битта ўғли роса наркоман эди.
3. Ёқипбой
3.02.2014 at 15:16
Муҳаммад деган одам филиалга директор бўлмаган, манашу роман автори Аматжон ака Хоразмий директор бўлган. Аматжон ака эркак директор эди, “ёзувчилар”ни онасиникига киргизиб юборган.
Унинг шарофатидан ҳаммамиз уйли бўлдик. Аматжон акадан кейинги бўлган директорлар сийдиги ер тешмайдиган хотанак эди. Натижада Аматжон ака гуллатиб кетган опитний станциядан йимирта ҳам қолмади.
Ўмирбек Тоғаев
2.02.2014 at 14:42
“Туркистон умумий уйимиз” даги журналистни Муҳаммад қотирган экан. “Чингиз Туркий” деб зўр ном берган экан Чингиз Айтматовга. Чингиз Айтматов ҳам “Муҳаммад туркман Хоразмий” деб боплаган экан. Бу бобни ўқисангиз тарихий воқеалар бўлганининг гувохи бўласиз.
Арпад Богшнинг Муҳаммаднинг ёстиқдай китобига тан бергани бир тарихий воқеа бўлибди.
1. Мухлис
1.02.2014 at 18:40
Хоразмда Фан-Техника Марказини ташкил қилиб, Хоразмда Фан ривожига ҳисса қўшиб “Хоразмий” номини оқлабсиз. Сиз ташкил қилиб гуркираб ривожлантирган Марказдан ҳеч нарса қолмади ҳозир. Чунки фан фидойилари қолмади ҳисоб Хоразмда.
|