X- БОБ
Cаргардонликда
10.1. Тошкентда иш излаб
1998 йилнинг кузида Муҳаммад иш излаб Тошкентга келди. Бошини урмаган жойи қолмади. Шундоғ ҳам иш қидириб юрганларнинг сон-саноғи йўқ эди. Ва ниҳоят, дўсти проф Тангриберган Дўсчановнинг кўмаги билан Ўзбекистон Давлат Тест марказига қарашли илмий педагогик кадрларни аттестация қилиш бошқармаси бошлиғи М. Зиёев, бўлим бошлиғи Х.Омоновлар Муҳаммаднинг ҳужжатлари билан танишиб ўзи билан суҳбатлашгач, Муҳаммадни бош эксперт қилиб ишга қабул қилишадиган бўлишди.
Ҳужжатларини эса марказ бош директори Мухитдиновга ўрганиб (танишиб) чиқиш учун қолдиришди ва буйруқ чиқишини кутиб ўтирмай (чунки буйруқ чиқишига шубҳа йўқ эди) ишга киришаверишини таклиф қилишди. Бахтга қарши, тест маркази бош директори вилоят ҳокими И.Юсуповга телефон қилиб Муҳаммад хақида гаплашишган ва буйруқ чиқмайдиган бўлди.
1999 йилнинг бошларига келиб яна шу Т.Досчанов иш сўраб, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири Ислом Бобожоновга унинг дўсти, Ибодулла Собиров орқали учрашишни тавсия қилди. Бундай тавсиянинг ўзига яраша сабаби бор эди:
1992 йилнинг бошларида, ҳокимликлар ташкил бўлганида, Муҳаммаднинг аспирантлик пайтларидан дўсти профессор Тангриберган Досчанов Хоразм вилояти ҳокимининг муовини бўлиб келди. Асли Туркманистоннинг Дошўғиз вилоятидан бўлмиш бу олимнинг Хоразмга ишга келишининг сабаби бор эди.
Т.Досчанов Хоразмга келгунича Тошкентдаги Эканомика илмий тадқиқот институтида президент И.Каримовнинг рафиқаси - Татьяна Каримова билан бирга илмий ходим бўлиб ишлаган. Т.Каримованинг синглиси Тамара, Ҳонқа район СЭСда оддий врач бўлиб ишловчи турмуш ўртоғи, Ибодулла Собиров билан Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманида ночор аҳволда яшар эди. Синглисидан хабар олиб туриш учун Т.Каримова Т.Досчановни айнан Хоразмга ҳоким муовини бўлиб келишини таъминлайди. Хоразм билан Дошўғиз (Т.Досчановнинг уйи) чегарадош эканлиги боис бу имконият Т.Досчановгада маъқул бўлади.
Кунда кунаро, кеч соат 6-7 лардан кейин Татьяна Каримова Т.Досчановга телефон қилиб синглисидан хабар олишни сўрайди. Бироқ Т.Досчанов Хоразмни билмаслиги боис ҳокимиятнинг агросаноат комплексида маъсул вазифада ишловчи дўсти Муҳаммад билан Ҳонқа район марказидан Тамаранинг уйини топиб боришади.
Вилоят ҳокимиятидан келган бу иккита мансабдорга дастурхон ёзиш учун И.Собиров ўша пайтда Ҳонқа пахта заводида технолог бўлиб ишловчи дўсти Ислом Бобожонов билан бирга кутиб олишади. Ўша куни Тамара Т.Досчанов ва Муҳаммадга иқтисодий томонидан қийналиб қолишганини, И.Бобожонов уларга озми-кўпми ёрдам қилаётганини айтиб: -Агар И.Бобожоновни заводга директор қилиб берсангиз бизнинг ҳам иқтисодимиз яхшиланар эди - деб илтимос қилади.
Кўп ўтмай И.Бобожонов Ҳонқа пахта заводига директор қилинади. Т.Досчанов ва Муҳаммад Татяна Каримованинг илтимосига биноан Тамаранинг ҳолидан хабар олиш учун ҳар кириб борганларида уларнинг қўлини ювдириш учун И.Бобожонов (сурат-1) бир қўлида слабча, иккинчи қўлида обдаста билан, И.Собиров эса елкасида сочиқ билан буларнинг қўлини ювдириб хизматида туришади.
Сурат-1. Ислом Бобожонов
Аввало Т.Досчанов ва Муҳаммаднинг ёрдами, кейинчалик президент И.Каримовнинг қўллови билан Ислом Бобожонов депутат, Ҳонқа тумани ҳокими, Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири, Хоразм вилояти ҳокими, Ўзбекистон қаҳрамони бўлиб кетади. И.Собиров бўлса Ҳонқа район СЭСига бошлиқ, кўп ўтмай вилоят СЭСига раҳбар, кейинчалик Республика СЭСи раҳбарининг биринчи ўринбосари мансабига кўтарилиб кетади.
Уларнинг оғир кунларида ёрдам берганлари учун, бизнинг ҳозиргидай оғир кунларимизда ёрдам беришар, деган умидда Т.Досчанов Муҳаммадга: -Вазир(И.Бобожонов)га унинг дўсти И.Собиров орқали чиққин - деган эди.
Муҳаммад И.Собировнинг идорасини Тошкентнинг Чилонзоридан топди. Эркак ходимлар спорт майдончасида волейбол ўйнаб юришган экан. Муҳаммад шулар ичида Ибодулла Собировни дарров топди ва истиқболимга чиқар деган умидда ўзидан анча ёш бўлсада: -Ибодулла ака ассалому алейкум - деди.
И.Собиров бир қарадиди-да, танимаганга ўхшаб ўйинни давом қилдираверди. Муҳаммад бундан жуда ноқулай аҳволга тушди. Орқасига қайрилиб кетай деди-ю, Т. Досчановга нима дейман, деган ҳаёлда ўйин тугашини кутиб турди.
Ўйин тугаганидан кейин ходимлар ўз иш хоналари томонга қараб кетишди. Муҳаммад И.Собировнинг орқасидан эргашди. У кабинетига кирганидан кейин секин эшикни тақиллатди. Ҳеч бир жавоб бўлмагач яна бир марта тақиллатди-да: -Мумкинми? - деб ичкарига кирди ва: -Ибодулла ака, ассалому алейкум - деди.
Саломга алик олиш ўрнига -Нима қилиб юрибсиз орқамдан пойлаб? - деди И.Собиров зардали оҳангда.
Муҳаммад: -Ҳойна-ҳой мени танимади шекилли, деган ҳаёлда: -Мен Хоразмдан Хоразмийман. Т.Досчанов билан уйингизда бирнеча марта меҳмон ҳам бўлгандик - деди.
-Таниб турибман Аматжон ака эканлигингизни. Қилган хизматларингизни эслатгани келдингизми? - деди гаплашгиси келмай.
Муҳаммаднинг ҳамма ёғидан тер чиқиб кетди ва синиқ бир овозда: -Йўқ, асло. Иш сўраб дўстингиз И.Бобожоновнинг олдига кирмоқчи эдим эртага. Ҳурмат юзасидан аввало сизнинг олдингиздан бир ўтишни тайинлади Т.Досчанов. Министр (И.Бобожонов) дўстингизга бир оғиз айтиб қўярмикансиз, деб илтимос қилмоқчи эдик - деди Муҳаммад.
-Мен сизни бор-йўғи 3-4 марта кўрган бўлсам, ким эканлигингизнида яхши билмай туриб нимага И.Бобожоновга тавсия қилишим керак экан сизни. Досчановгада айтиб қўйинг, кўчада учраганларни жўнатавермасин менинг олдимга - деди Ибодулла Собиров.
Муҳаммаднинг кўз олди қорнғилашиб кетди. –Узр, келиб хато қилибман - деди зўрға ва бошини қуйи солганича унинг кабинетидан чиқиб кетди.
Республика СЭСи идорасидан чиқиб Глав Почтпампга борди ва Т.Досчановга телефон қилиб бўлган воқеани айтиб берди.
-Камдан-кам ҳолатларда яхшиликка яхшилик қайтади. Бундан хафа бўлма. Эртага министр(И.Бобожонов)нинг олдига киравер, мен ҳам телефон қилиб қўяман. Кейинги нашр қилинган китобларингдан 2-3 тасини олиб бор, кирганингда И.Бобожоновга совға қиласан - деди Хоразм ҳокимининг муовини проф Т.Досчанов.
Муҳаммад эрталаб Ўзбекистон қишлоқ ва сув хўжалиги вазири(И.Бобожонов)нинг қабулхонасига борди. Қабулхонада вазирнинг олдига кирмоқчи бўлган 2 та одам бор экан. Муҳаммаддан кейин ҳам 5 та одам келди. Вазир ёрдамчиси қабулга кирмоқчи бўлиб ўтирганларнинг исми шарифини, қаерданлигини ёзиб, вазирнинг олдига кириб кетди ва чиқиб, 5 та одамга вазирнинг олдига киришини, 2 тасига эса тегишли ўринбосарларнинг олдига киришини айтди. Муҳаммадга қараб: -Вазир сизни қабул қила олмайди. Ҳозир Сирдарёга кетар экан - деди.
Муҳаммад бу масалада И.Собировнинг ҳам қўли бор эканлигини дарров фаҳмлади. Чиқиб яна Т.Досчановга телефон қилиб бўлган воқеани айтди ва: -Қўйинг, яхшиси шу номардларга ялинмайлик, барибир фойдаси йўқ - деди.
Досчанов: -Мен эрталаб И.Бобожоновга телефон қилиб Муҳаммад олдингизга боради, илтимос ёрдам қилинг, дедим. Келсин, қўйсин демади, шундаям бир амаллаб олдига кир, ҳар қалай юз иссиқ бўлади - деди.
Шу куни кеч соат 7-8 лардан кейин вазирнинг идорасига келишини билиб қабулхонасига борди. Вазирнинг эрталабки ёрдамчиси ишни тугатиб кетган экан. Қайси бир бўлимнинг бошлиғи Қорақолпоғистонлик йигит навбатчи экан. Муҳаммаднинг Хоразмлик эканлигини билгач, земляк экансиз, деб кофе қилиб берди.
-Вазир Бўкадан йўлга чиқибди, бир соатга етмай келади - деди. Муҳаммаднинг иш қидириб юрганини эшитиб қайси бўлим ва бошқармада қандай бўш ўринлар борлигини ёзиб берди.
-Сиздай катта олим ва ташкилотчи одамни жон деб қабул қиладилар. Бизгада маслаҳатчи бўлардингиз - деб қувонди вазирликнинг бўлим бошлиғи.
Қабулхонада Муҳаммаддан бошқа ҳеч ким йўқ эди. Кўп ўтмай И.Бобожонов келди. Муҳаммад ўрнидан туриб қўлини кўксига қўйиб салом берди. Вазир унга кўз қирини бир ташлади-да ҳеч нарса кўрмагандай ҳалиги навбатчини эргаштириб хонасига кириб кетди.
Навбатчи бир даста қоғозларни кўтариб чиқди-да Муҳаммадга совуқ бир юзланиб: -Вазир сиз билан гаплаша олмас экан, ишлари кўп экан - деди.
Муҳаммад навбатчига қараб: -Илтимос, 1-2 минутга кираман холос - деб ялинди. -Домла, ўзбекча айтдим-ку, сизни қабул қилмайди деб - деди зарда билан.
Муҳаммад китобларини қўлига қисганича кетишга шайланди. Нима қилиб бўлса ҳам вазирнинг олдига киргин дегандим-ку, деб Т.Досчанов дашном қилиши кўз олдига келиб, 180 градусга бурилди-да вазирнинг хонаси томон юрди.
Навбатчининг: -Кирманг деяпман - деганигада қарамай Муҳаммад вазирнинг олдига кирди ва қўлини кўксига қўйиб: -Ассалому алейкум ёшулли, узр, бир дақиқага кирдим – деди жовдираб. Унгача орқасидан навбатчи ҳам кирди ва: -Мен кирманг дегандим бу нахалга - деди ва вазирнинг имосидан кейин чиқиб кетди.
-Нима гап? - деди вазир, гаплашгиси келмаётганини яширмай.
-Кейинги нашрдан чиққан китобларимдан ҳам келтиргандим совға қилиб. Манабуниси яқинда ал-Хоразмий мукофотига сазавор бўлган - дея китобларини И.Бобожоновга узатди. Вазир унга эътибор ҳам қилмади. Муҳаммаднинг китобли қўли ҳавода муаллиқ қолди ва бир пастдан кейин китобларни вазирнинг столига қўйди.
-Хабарингиз бор, Хоразмда ишсиз қолдим, бирон иш топишга ёрдам қисангиз - деди Муҳаммад.
-Вазирликнинг ўзида ҳеч қанақа иш йўқ. Қишлоқ хўжалик илмий-ишлаб чиқариш Маркази (аввалги қишлоқ хўжалик Фанлар академияси) ҳам бизга қарайди, эртага Марказ директорига учрашинг, мен айтиб қўяман - деди вазир.
Муҳаммад бундан боши осмонга етди, эгилиб-эгилиб миннатдорчилик билдириб вазирнинг олдидан чиқди. Т.Досчановнинг, нима қилиб бўлсада, олдига кир, юз иссиқ бўлади, деган сўзининг нақадар ҳикмат эканлигини тушиниб қувонди. Эрталабгача ухламай режалар тузиб чиқди.
Эрталаб Марказ директори олдига борди, олдида Омонов бор экан.
–Э, қандай шамол учирди домла - деб Омонов Муҳаммадни қучоқлаб олди.
-Сизлар танишмисизлар? - деди Марказ директори. Шунда Омонов Муҳаммаднинг Хоразм Фан-техника Маркази директори сифатидаги фаолиятини, ўзига кўрсатган ёрдам ва мурувватни тўлиб-тошиб айтиб берди.
Асли Жиззахдан бўлган Омонов ғаллачилик соҳасида яқинда фан доктори бўлган эди. Буғдой етиштириш технологияси бўйича Хоразмда КНТП лойиҳаси бўйича иш қилганди. Муҳаммад бу боради унга катта ёрдам қилганди. Бу йигит кейинчалик Президент Маҳкамасига кўтарилиб кетди.
-Хуш келибсиз домла. Вазир ҳам айтган сиз ҳақингизда. Афсуски ҳозир бўш ўрин йўқ. Ўрин бўлган зоҳати сизни ўзимиз чақирамиз - деди Марказ директори кўзини Муҳаммаддан олиб қочиб.
Омонов Марказ директорининг бу гапига ажабланиб: -Э, нима деяпсиз. Битта бўлим бошлиғига ва 2 та бош мутахасисга одам қидириб юрибмиз-ку. Домлани бўлим бошлиғи қилиб олсак, 2-3 ойда сизга ўринбосар бўлади. Сиз бошқа жойга кўтарилиб кетсангиз ўрнингизга Марказ директори бўладиган одам шу-да. Балки вазир шуни режалаштириб юбораётгандир домлани Марказга - деди.
Марказ директори қийин бир аҳволда қолди ва Омоновга: -Сиз ишларингизни қилиб тураверинг - деб уни чиқариб юбормоқчи бўлди. Омонов эса кетишга шошилмасди. Марказ директори Омоновнинг қўлидан олиб кабинет орқасидаги чой ичадиган хонага бошлаб кирди.
5-7 минутлдардан кейин қайтиб чиқишди ва Омонов: -Майли домла, сизлар гаплашаверинглар - деб Марказ директорининг хонасидан чиқиб кетди.
Марказ директори: -У бўш жойларнинг биттасига одам олинганини, иккитаси эса сокрашения бўлганидан Омоновнинг хабари йўқ. Бошқа бир жой бўшаб қолса албатта сизни оламиз. Кунда-кунаро хабар олиб туринг - деб Муҳаммад билан хайрлашди.
Муҳаммад кунда-кунаро Марказга борар, кадрлар бўлими бошлиғи эса ҳали жой бўшамади дер, Омонов эса учрашиб қолмаслик учун Муҳаммаддан ўзини олиб қочарди. Шу тариқа икки ҳафтача ўтиб кетди.
Бир куни кадрлар бўлимида ишга кириш учун ҳужжатлар тўлдираётган, ҳозирда Ўзбекистон Пахтачилик институтида илмий ходим бўлиб ишлаётган бир танишини учратиб қолди.
-Мен кеча келганимда ҳам бўш ўрин йўқ эди, қаердан пайдо бўлди бу ўрин? - деб сўради Муҳаммад.
-Бу бўш ўринлар бирнеча ойлардан буён бор. 4 кун олдин ҳам битта одам олишган эди. Ҳозир ҳам битта бўш ўрин турибди - деди ҳалиги йигит, кадрлар бўлими бошлиғининг лабини тишлаб боши билан “Айтманг-айтманг” - деганига тушунмай.
Муҳаммад кадрлар бўлими бошлиғига: -Бу йигит тушунмади сизни, бироқ мен яхши тушундим, суф сизларга! Шу гапимни Марказ бош директоригада айтиб қўйинг - деди-да чиқиб кетди.
Бу пайтда Омонов ўз кабинетига энди кираётган экан. Муҳаммад Омоновнинг олдига кириб, бўлган воқеани айтиб: -Бу масалада Марказ бошлиғини тушунса бўлади, аммо сизни қандай тушунамиз? - деди.
-Омонов бўлса Муҳаммаднинг кўзига қарай олмай: -Домла, мени подводит қилмасангиз айтай. Бу бачкана қилиқлар землякингиз (И.Бобожонов) кўсатмаси билан бўлаяпти. Биз ноиложмиз, тўғри тушинишга ҳаракат қилинг бизни, илтимос - деди.
Кўп ўтмай Т.Досчанов бир мажлис баҳонасида Тошкентга келди. Муҳаммад барча тафсилотларни айтиб берди. Досчанов ёқасини ушлаб: -Министрнинг бу даражада пасткаш ва аферист бўлишини биринчи марта кўришим. Эгангни еган Ҳонқали – Ҳонқали-да. Уларнинг олдига бошқа борманг - деди.
Шундан кейин иш қидириб Т.Дўсчанов билан Республика сайлов комиссияси раисининг ўринбосари Отабой Дўсчанов ҳузурига йўл олдилар. У киши Муҳаммадни Хоразмда ишлаган пайтларидан яхши билар эди. Муҳаммадга қараганича ҳайрон бўлиб: -Сизни қамашмадими? - деб сўраб қолди.
Маълум бўлишича, И.Юсуповнинг Муҳаммадни жавобгар қилиш бўйича кўрсатма берганидан у ҳам хабардор (ўша пайтда у обл юстиция бошлиғи бўлиб ишлаган) экан. У Муҳаммадга иш топишга ёрдам бермоқчи бўлдию лекин янги паспортида Тошкент шаҳри пропискаси йўқлигидан иложини қилаолмади.
9.2. МЧС (ФВВ) соҳасида
Муҳаммаднинг асосий кўмакдошларидан бири бўлган Т.Досчанов 1999 йил март ойининг бошларида Тошкентга қисқа муддатли йиғилишга келганида ўзининг яқин танишларидан бири бўлган Ўзбекистон Республикасининг фавқулотда вазиятлар вазири, генерал Баҳодир Қосимовни йўл-йўлакай бир кўриб ўтиш учун унинг хузурига кириб кетди.
Суҳбат давомида вазир бир ташкилотчи олим излаб юрганини гапириб қолади. Бу эса Т.Досчановга қўл келиб: -Сиз излаётган ташкилотчи олимни олиб келганман, пастда ўтирибди - дейди. Муҳаммадни зудлик билан вазирнинг олдига олиб киришди. Вазир Муҳаммад билан суҳбатлашиб ҳужжатлари билан танишгач вазирликка қарашли фуқоралар муҳофазаси институтининг илмий тадқиқот бўлимига, шу ернинг ўзиданоқ бўлим бошлиғи вазифасига жўнатди.
Сурат-2. Муҳаммад (чапда) ҳамкасби – ҳарбий врач ва шоир билан
Бу вазирлик 1992 йилда янги ташкил қилинган бўлиб унинг вазифаси мамлакат аҳолиси ва ҳалқ хўжалик объектларини самарали ҳимоя қилиш системасини яратиш, техноген ва табий характердаги фавқулотда вазиятлардан уларни хабардор қилиш, ҳамда, бу вазиятларни бартараф қилиш ҳисобланади.
Сал кейинроқ вазирлик таркибидаги раҳбариятни фуқаролар ҳимояси бўйича тайёргарликдан ўтказувчи республика марказини Ўзбекистон Республикаси фуқаролар ҳимояси институти қилиб ўзгартирилди. Бу институт фавқулотда вазиятларда ҳаракат ва вазиятдан хабардор қилиш давлат системаси (ГСЧС) бўйича мутахасислар тайёрлаш ва бу соҳада илмий тадқиқот ишларини олиб бориш бўйича бош ўқув юрти ҳисобланади.
Муҳаммадни фавқулотда вазиятлар вазирлиги фуқаро муҳофазаси институтининг илмий-тадқиқот бўлимига икки ой ичида Тошкентга прописка масаласини ҳал қилиш шарти билан, бошлиқ қилиб тайинлашди. Ўқув ишлар (бошлиғи полковник Гурьянов) ва илмий-тадқиқот ишлар (бошлиғи полковник вазифасидаги проф Муҳаммад) бўлими институтнинг асосини ташкил қиларди.
Бу бўлимларга институт бошлиғининг биринчи ўринбосари, машҳур генерал-лейтенант Бурхон Сирожиддиновнинг ўғли, архитектура фанлари номзоди, полковник Али Бурхонович Сирожиддинов раҳбарлик қиларди. У киши ниҳоятда камтар ва маданиятли одам эди. Институт бошлиғи эса Марказкўмда административ бўлимнинг бошлиғи бўлиб ишлаган, кейинги йилларда ИИВ соҳасида ишлаган, яхши ташкилотчи полковник Тўйчиев эди.
Вазирнинг ташкилотчи олим керак деганининг жони бор эди. Имконият катта бўлган бу бўлимда бирон жўяли тадқиқот қилишмаган экан. Қачонки аҳоли ва ҳудудни техноген (химиявий, энергетик, ёнғин ва портлаш ҳафи бўлган, комунал, гидротехник обеъктлардаги авария ва катострофалар) табий (геологик ва гидрометеорологик ўзгаришлар, эпидемеологик, эпизотик, эпифитотик вазиялар) ва экологик (тупроқ, атмосфера, гидросфера состави ва хусусиятларининг ёмон томонга ўзгариши) ҳарактердаги фавқулотда вазиятлардан ҳимоя қилиш борасидаги кенг қамровли тадқиқот олиб бориш мумкин эди.
Муҳаммад раҳбарлик қилаётган илмий-тадқиқот бўлимининг саъий ҳаракатлари натижасида қисқа вақт ичида институт олимлари томонидан аҳолини техноген характердаги фавқулотда вазиятлардан хабардор ва ҳимоя қилишнинг программ математик асосларини яратиш борасида тадқиқотлар бошланиб кетди.
Химиявий қўшилмалар ишлатиш асосида бетон ва темир-бетон иншоат ва буюмларнинг маҳкамлигини ошириш борасидаги тадқиқотлар кучайтирилди. Қишлоқ хўжалигида пестицидларни узоқ вақт давомида меъёридан ошиқча ишлатилиши натижасида тупроқ таркиби ва хусусиятларининг (экологик характердаги) ёмонлашуви ва унинг олдини олиш борасидаги бошланган тадқиқотлар эса алоҳида аҳамият касб қилди.
Шунингдек, илмий-тадқиқот бўлимининг ташаббуси билан мамлакатимиз аҳолиси ва ҳалқ хўжалик обеъктларини техноген, табий ва экологик характердаги фавқулотда вазиятлардан ҳимоя қилишнинг долзарб муаммолари бўйича Республика илмий-амалий конференция ўтказилди.
Кўп ўтмай булар ҳақида “Правда востока” газетасининг 1999 йил 18-май сонида Муҳаммаднинг имзоси билан катта материал эълон қилинди. Газета чиққан куниёқ Президент маҳкамаси маъсул ходимлари Вазирга қўнғироқ қилиб, мақолани Оқсaқол (Президент)нинг ўқиганини ва Вазирликнинг ишидан Оқсақолнинг кўнгли тўлганини етказишади. Шу муносабат билан Вазирликнинг катта йиғилиши бўлиб ўтди ва Вазир Муҳаммадни ўртага чиқариб: -Шу темпда яна бир йил ишлаб беринг, сизга генераллик мансабини бераман - дегани ҳам бўлган гап.
Сурат-3. МЧС ходими Муҳаммад ҳарбий кийимда
Институт олдида гулзор ва боғ ташкил қилиш мақсадида пайшанба куни бутунлай, бошқа кунлари ҳам деярли ҳар куни (2-3 соат) шанбалик ўтказиларди. Бу шанбаликларда ҳар куни ўнлаб одамлар қатнашсада жуда кам ҳажмда фойдали иш бажариларди. Бунинг асосий сабаби, шанбалик иштирокчилари асосан бундай ишни кўрмаган шаҳарликлар ва ёши катта мансабдор (доц, проф, полковник, генерал) одамлар эди. Иш шу тариқа борадиган бўлса бу кўзланган ишни шу йил баҳорга эмас, қишгача қилиш ҳам гумон эди.
Пайшанба куни эрталаб шанбалик учунги йиғилишда Муҳаммад сўз олиб: -Институтнинг барча ходимларини шанбаликлардан озод қилиб шанбаликлардаги барча ишларни фақат менинг битта ўзимга топширинг - деб сўради. Бу таклифни раҳбариятдан бошқа барча чапак чалиб маъқуллади. Бу борадаги режаларини тушинтирганидан кейин раҳбарият ҳам рози бўлди.
Институт таркибида ҳарбий қисм бўлиб унда 30-40 та аскарлар хизмат қиларди. Шулар ичидан иккита қишлоқдан келган аскарни ёнига олиб ҳар куни (бир хафта давомида) кун чиққандан кун ботгунча ишлади. Булар ҳам унинг талаби ва иш услубига кўникиб қолишди. Шу бир ҳафтада асосий ишларнинг кўпчилигини қилиб улгурган эди. Раҳбарият ҳар томонлама ёрдам бериб турди. Кейинчалик бу аскарлар Муҳаммаднинг тавсияси ва назорати остида Муҳаммадсиз ҳам ишлайдиган бўлишди.
Кейинчалик бу аскарлардан бири гулчилик бўйича, иккинчиси боғдорчилик бўйича “мутахасис” бўлиб қолишди. Институтнинг олди қараса кўз қувонадиган гулзорга айланди. Ҳамма бу ерни “Хоразмий гулзори” деб атайдиган бўлди. Фуқоро мухофазаси институтидаги илмий-тадқиқот ва бошқа ишлар хақида Правда востока газетасининг 1999 йил 18-май сонида каттагина материал босилди. Унда юқорида биз тилга олган нарсалар ҳақида янада кенгроқ берилган эди.
Муҳаммад катта даргоҳда, полковник вазифасидаги мансабда ишлагани билан, етти минг сўм (10 доллар) атрофида маош оларди. Тошкент шаҳрида бу пул билан оила тебратиш у ёқда турсин, оладиган маоши фақат бир ўзининг тушлик овқатигада етмасди. Шу боис Муҳаммад учун оила боқишнинг ишончли йўли – мардикорликда бардавом бўлиш эди.
Мардикорлик фаолияти билан боғлик қуйидаги тафсилот 1999 йилнинг апрель ойида содир бўлган эди. Бу пайтда Муҳаммад фан доктори, профессор унвонларига эга бўлган таниқли олим бўлиб, Ўзбекистон фуқаро муҳофазаси институти илмий тадқиқот бўлими бошлиғи бўлиб ишларди.
Шу билан бирга ҳафтасига икки кун мардикор бозорига тушиб мардикорлик қиларди. Ер ва деҳқончилик ишлари, қурилиш ишларими, қилаверарди. Ишбай усулидаги битмай қолган ишларини ишдан кейин кечаси соат 12 – 1 гача ҳам қиларди. Иш қилиб, оиласини бир амаллаб тебратиб турарди. Апрель ойининг ўрталарига келиб Худо буни-да кўп кўрди…
1999 йил апрель ойининг ўрталарида Занги ота мажмуасида “Ҳазрати Юсуф Ҳамадоний ва тасаввуф” мавзуси бўйича катта кўрсатув тайёрланди. Бу кўрсатувда тасаввуф илмининг намаёндалари сифатида профессор Ориф Усмон, Муҳаммад, Тошкент вилояти имом-хотиби Рустам ҳожи ва бошқалар қатнашдилар. Бу кўрсатув 15-апрель 10 дан 25 минут ўтганда Ўзбекистон телевидениясининг биринчи программаси орқали “Жавоҳирлар хазинасидан” кўрсатувида намойиш қилинди. Бу пайтлари Муҳаммад Тошкентнинг Дўмбиробод маҳалласида мардикор сифатида, Боқи отанинг уйида ғиштдан ошхона қуриб юрганди.
Уй эгаси: -Уста ука, кеча телевизорда тасаввуф бўйича зўр кўрсатув берди. У кўрсатувда гапирган профессор Муҳаммад Хоразмий дегани (Муҳаммад мардикорликка борганда фамилиясини, ҳожилигини, олим эканлигини ва полковник мансабида ишлашини айтмас эди) сизга жуда ўхшаб кетар экан, ҳатто овозларингиз ҳам бир хил. Кўрсатувни оборган Муҳайё деган қиз укамга қўшни туради. Бугун тайинлаб қўйдим, эртага сиз келишингизга шу кўрсатув ёзилган видео касетани Муҳайёнинг ўзи олиб келади. Ўшанда ўзингиз ҳам ишонасиз, тасаввуф ҳақида гапирган олимнинг ўзингизга қанчалик ўхшашига - деди.
Боқи отанинг бу гапини эшитиб Муҳаммаднинг ҳамма ёғидан тер чиқиб кетди ва битай деб қолган ошхона ва унинг учун олиниши керак бўлган иш ҳақидан ҳам воз кечиб, бу ерга бошқа келмади…
Эътибор берсангиз, Муҳаммаднинг мардикорлик қилишига одамларнинг муносабати турлича бўлган. Кимлардир бунга ачиниш ва афсус билан муносабат билдирса, кимлардир бунга қойил қолиб, ҳавас билан қарашади.
Муҳаммаднинг мардикорлик қилишини биладиган айрим одамлар: -Муҳаммаджон ака қизиқ одам-да. Неча йиллардан буён катта ишларда ишлайди. Кўп йиллар “Боғот” совхозига, “Узсельхозхимия” бирлашмасига ўхшаган “ёғли” жойларда ишлаган бўлсада, деловой одамларга ўхшаб бирон нарса ғамлаб қўймаган экан. Мана Тожимов, Қодировга ўхшаганлар раисликдан бўшатишса эртасигаёқ, мана бўшатсанг, деб “Волга”, “Нексия” сотиб олиб гердайиб миниб юришибди. Бу бўлса профессор бўлсада: -Ҳалол меҳнатдан кун кўриш керак - деб мардикорлик қилгани-қилган. Бунинг учун унга биров раҳмат деса экан, аксинча устидан кулишади - деб ачинишади.
Ҳалол меҳнат билан пул топиб кун кўришнинг уятли жойи йўқ. Дунёнинг энг катта ва бой шаҳарларидан бири бўлмиш Лондон шаҳри ҳокими Борис Жонсон каби таниқли ва бадавлат одамлар ҳам Лондондаги Темза дарёси гавжум кўприкларида шапкасини ерга қўйиб ўзига хос мардикор(тиламчи)лик қилаётгани (сурат-3) ҳеч кимни ажаблантираётгани йўқ.
* *
Тошкентга прописка қилиш масаласи боши берк кўчага кириб қолгани боис, Муҳаммаднинг институтдаги энди бошлаган бу яхши ишларини давом қилдиришининг имконияти тугаётган эди. Сирасини айтганда Муҳаммадни Тошкентга прописка қилиш эмас, бор-йўғи бор пропискасини тиклаш керак эди холос. Шунга ҳам анча миқдорда доллар сўраганларидан кейин пропискадан ҳам умидини узди.
Муҳаммад оиласи билан 1985 йилнинг бошларигача Тошкент шаҳар, ҳозирги Шайхонтахур район, Қоратош кўча, Ширин-Қудуқ берк кўча, 24-ўзининг шахсий уйида истиқомат қилди. Вазирликнинг йўлланмаси асосида Тошкентдан пропискадан чиқмасдан Хоразм вилоятига ишга келди. Оиласи ва уйи Тошкентда қолди. Кейинроқ вақтинчалик муддатга (пропискадан чиқармай) оиласини ҳам кўчириб келди. Муҳаммад Тошкентдаги уйига тез-тез келиб, барча тўловларни тўлаб турди.
Хоразмда участка нозири(паспорт столи)нинг эътиборсизлиги боис Муҳаммадни Хоразм(қариндошлариники)га вақтинчалик прописка қилиш ўрнига, доимий прописка қилиб (штампни босиб) юборган. Шу асосда аввалги паспорти йўқолганлиги сабали Муҳаммад Хоразмдан фақат Хоразм пропискаси қўйилган янги паспорт олди. Бу паспортида эса табийки Тошкент пропискаси йўқ эди.
Бу муаммо бўйича 1998 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳар Шайхотаҳур тумани ҳокимлиги қошидаги тегишли комиссияга юқоридаги сабабларни тушинтириб, ўзини шахсий уйига прописка қилиб эмас (пропискаси шу уйнинг домовойида бор), прописка штампигини паспортига босиб беришларини сўраб мурожат қилди. Бу комиссия (бунда паспорт столи бошлиғи майор Р.Содиқов ҳам бор эди) унга уйнинг дафтари ва плани, хотинининг паспорти ва ЗАГС гувоҳномаси, шаҳар архитектурасидан тегишли маълумотнома, шаҳар бюролар адресидан Муҳаммаднинг шу уйдаги пропискаси ҳақидаги маълумотларни олиб, Шайхонтаҳур тумани ИИБ паспорт столига боришини у ерда гап-сўзсиз прописка қилишларини айтди.
Муҳаммад эртасигаёқ паспорт столи бошлиғи Р.Содиқовга учрашди. У ҳужжатларини кўздан кечиратуриб: -Домла прописка қилиш жуда оғир иш - деди.
-Кеча комиссияда гап сўзсиз прописка қилинади деган эдингиз-ку деди - Муҳаммад.
-Комиссияда унақа гаплар бўлаверади, майли эндиги ҳафта келинг, ўйлаб кўрамиз - деб қайтарди.
Сурат-4. Лондон хокими Борис Жонсон мардикорликда
Шунақа хафталардан 4-5 таси ўтгандан кейин кўпчиликнинг маслаҳати асосида: -Ука, битадаганини айтинг - деди Муҳаммад.
У бўлса: -Мана энди ўзингизга келдингиз. Асли бу иш кўкидан бешта қоғоз (500 АҚШ доллари) билан битади, майли сиз пропискадан ўчмаганингиз учун уч қоғоз берақолинг - деди. Ойига 10 доллар атрофида маош оладиган одам учун 300 доллар катта пул эди.
Муҳаммад унга: -Менинг бунчалик пулим йўқ, агар прописка қилмасангиз бошлиқларингизга устингиздан шикоят қиламан - деди.
-Р.Содиқов бўлса истеҳзоли кулиб: -Бошлиқларимга шикоят қилганда Алматовга ҳам ёзишга унутманг, акс ҳолда катта хўжайин хафа бўладилар-а - деди. Унинг бу гапидан Муҳаммад тушиндики, бу борада улар(ИИВ)дан ёрдам сўраш бефойда.
Булар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Миллий Хафсизлик Хизмати раисига 1999 йил 4-апрелда бу борадаги барча фактларни батафсил кўрсатиб, 9 бетдан иборат ариза билан ёрдам сўраб мурожат қилди. Жавобни бир ярим ойдан кўпроқ кутди. Бу давр ичида участка нозири кунаро келавериб: -Прописка қилинг, бўлмаса (ўз шахсий уйидан) чиқиб кетинг - деявериб зада қилиб юборди. Ишхонада эса кадрлар бўлими бошлиғи: -Келишилган икки ой ўтиб бўлди, у ёғлик ёки бу ёғлик қилинг - деб талаб қиларди.
Ва ниҳоят Муҳаммад Хоразмга қайтиб келди. Шундан бир ойлардан кейин Муҳаммаднинг аризаси бўйича Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси К. Р. Т. К. К. бошқарма вакили, Ҳалим Хасанов Тошкенидаги уйига ташриф бюрган. Уйда яшаётганлар Муҳаммаднинг бу масалани зориқиб кутавериб Хоразмга кетиб қолганини айтишиб, унга Муҳаммаднинг Хоразмдаги адресини беришиб: -Хабар қилсангиз хурсанд бўларди бечора – дейишса: “Кетганига шукур” дебди-ю қайтиб кетибди.
9.3. Адолат излаб
Муҳаммад ҳеч қаердан адолат топмагач, кўпчилик одамларнинг маслаҳати асосида ёрдам сўраб мамлакат Президентига мурожат қилишга жазм қилди. Ва ниҳоят, 1999 йил 5-март куни Ўзбекистон Президенти И.А.Каримовга ариза билан мурожат қилди. 8 бет ва 14 иловадан иборат бу аризасида ўзининг ижтимойи келиб чиқиши, унвону-асарлари, ишлаган жойлари ва у ерларда эришган ютуқлари, эл-юрт учун қилган бунёдкорлик ишлари ҳақида қисқа ва аниқ ёзиб, ҳар бир фактга далил қилиб газета, журнал ва бошқа оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган материалларни илова сифатида келтирди.
-Хоразм раҳбарияти (ҳокими) билан келишмай қолганимизга асосан икки расмий айбим (агар уни айб деб аташ мумкин бўлса) сабаб бўлди: Биринчиси - Ҳаж зиёратига борганим ва иккинчиси - охирги йилларда вилоят қишлоқ хўжалигида бўлаётган хатоликлар ва кўзбуямачиликларга (Вакил деб номланган илмий-сатирик китоб орқали) расман муросасиз бўлганим бўлди. Бу айбларимга иқрорман, ҳар қалай Ўзбекистон фуқорасиман, менга ҳам биронта иш беришингизни илтимос қиламан - деб тугатди аризасини.
Муҳаммадинг бу аризаси 10-март 1999 йилда Президент қанциллиярисига бориб тушган ва у ердан 12-мартда мутасадди одамга берилган. 10-апрелда эса Президент девонининг бош консултанти Ш.Қурбонов имзоси билан: -Сизнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти номига юборган 1999 йил 12-мартдаги Х–14110 сонли ёзма мурожатингизни кўриб чиқиш учун Хоразм вилояти ҳокимлигигиа юбориб натижасини сизга маълум қилишини сўрадик - деган билдиришнома олди.
Бу билдиришнома Муҳаммадни ҳайратга солди. Муҳаммад вилоят ҳокими устидан мамлакат Президентига шикоят қилиб, ундан ёрдам сўраса-ю, у ердан унинг аризасини кўриб чиқиб, унинг натижасини маълум қилиш учун Муҳаммаднинг аризаси шу ҳокимнинг ўзига юборилса?!
Кўп ўтмай (14.04.1999 да) Хоразм вилояти ҳокимлиги қабулхонаси маъсул ходимининг имзоси билан: -Хоразм вилояти ҳокимияти Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ёзилган сизнинг 24.03.1999, Х-292 хатингизни кўриб чиқиб, жавоб қайтариш учун вилоят ҳокимлиги ташкилий гуруҳ раҳбари(В.Костаков)га юборди - деган билдиришнома олди.
1999 йилнинг ёзига келиб, бу хат бўйича Муҳаммадни Хоразм вилояти ҳокимлигининг ташкилий ва кадрлар гуруҳи раҳбари В.Костаков таклиф қилди. “Онангни қози ... додингни кимга айтасан” деган мақолни Муҳаммадга бир эслатди-да, унинг аризасида келтирган барча фақтлар тўғри эканлиги тан олиб, ўзлари йўл қўйган хатони тўғирлаш мақсадида, унга албатта иш беришларини, лекин ҳозирги пайтда Муҳаммадга тўғри келадиган иш йўқлиги сабабли озроқ вақт (бир-икки ҳафта) кутишини таклиф қилди.
Ярим йилдан кўп вақт ўтган бўлсада ҳеч қандай хабар бўлмаганидан кейин Муҳаммад суриштирса, ҳокимнинг кўрсатмаси билан барча ҳужжатларини ўша захотиёқ архивга ташлаб юборган экан.
Муҳаммад 1999 йил, ноябрь ойида мамлакат президентига иккинчи бор ариза билан мурожат қилди. Бунда аввалги Хоразм вилояти ҳокими устидан Сизга ёзган шикояти Хоразм ҳокимининг ўзига юборилганлиги, улар эса унинг устидан кулишгани, бунинг учун эса ғоят хафа бўлганини, агар менинг ёзган аризам Сизнинг қўлингизга етганда бундай аҳвол бўлмаган бўлишини, агар бу ариза ҳам Сизга етиб бормай (яна ҳокимиятнинг ўзига қайтарилиш), аввалги ҳолат такрорланса, аризани сизга етириш учун нуфузли чет эл оммавий ахборот воситаларига мурожат қилишга мажбур бўлишини ёзди.
1999 йил декабрда худдий ўтган галгидей Хоразм вилояти қабулхонаси маъсул ходимининг имзоси билан: -Хоразм вилояти ҳокимияти Ўзбекистон Республикаси Президенти девонига ёзилган сизнинг 9.12.1999 йил, Х-292 хатингизни кўриб чиқиб, жавоб қайтариш учун вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари(Ж.Ўтамов)га юборди - деган билдиришнома олди.
Муҳаммаднинг биринчи аризаси Президент Маҳкамасидан вилоят ҳокимининг ўзига юборилди. Иккинчи (такрорий) аризаси эса ҳокимнинг муовинига юборилди. Агар учунчи марта ёзганида аризаси вилоят ҳокими қоравулигами, юборилишидан қўрқиб бошқа ариза ёзмади.
Бундай усул билан аризанинг Президентга етмаслигига ишончи комил бўлгач, Тошкентга бориб аризасини Президент (ҳеч бўлмаса маъсул ходимлари)га етказиш йўлларини қидирди. Бу борада марказий оммавий ахборот воситаларининг кўпига, ҳатто Россиянинг “Известия” газетаси Тошкентдаги бўлимигача мурожат қилди. Барчаси бир овоздан бу борада ёрдам беришдан ожиз эканликларини тан олишди ва бу ишни Би-би-си, Озодлик, Немис тўлқини каби радиостанциялар қилаолишларини айтишди.
Юқорида айтганидай, 1999 йил 15-апрелдаги Тошкент телевидеияси орқали намойиш қилинган “Жавоҳирлар хазинасидан” кўрсатувидаги чиқишларини кўрган “Озодлик” радиосининг Тошкентдаги мухбири Зикрилло Ишонч (сурат-4) Ориф Усмоновга: -Домла сиз билан телевидениядан чиққан олим Муҳаммад Хоразмийни тасаввуфшунос олимлар ичида эшитмаган эканман - деган.
Шунда Ориф ака: -Хоразмий агрохимик-тупроқшунос олим, лекин тасаввуфни ҳам ҳеч бир олимдан кам билмайди - деган. Шундан кейин бу мухбир Муҳаммаднинг тадқиқотлари, ижоди билан қизиқиб, булар борасида бир эшиттириш тайёрлаш нияти борлигини, вақти бўлганда бир учрашишини илтимос қилиб телефонларини берганди.
Муҳаммад Тошкентда “Озодлик” радиосининг мухбири З.Ишончга телефон қилиб у билан учрашди. У Муҳаммад ҳақида эшиттириш таёрлаётиб унинг таржимаи ҳоли ва фаолиятини чуқур ўргангач: -Домла, катта олим, жиддий шахс экансиз. Сиз тўғрингизда Ўзбекистон матбуоти кўп ва хўб ёзибди. Президент атрофидагиларнинг кўписи, балки унинг ўзи ҳам сизни таниса керак.
Шу боис, "Озодлик”да чиққан кунингиздан бошлаб сиз билан Ўзбекистон Миллий Хафсизлик Хизмати (МХХ) жиддий шуғулланишга киришади. Агар салгина (ҳатто ўтмишда ҳам) нозик томонларингиз бўлсада радиода чиқмаганингиз маъқул. МХХ ўша нозик жойингиздан тутиб сизни қамаб юбориши мумкин. Бизнинг тажрибамизда бунақалар кўп бўлган. Шу боис "Озодлик”да чиқишни яна бир бор ўйлаб кўринг - деди Зикрилло Ишонч. Муҳаммаднинг биронта нозик томони йўқлиги учун "Озодлик”да дадил чиқди.
Муҳаммаднинг тадқиқотлари, ижоди, кейинги иш фаолияти ва Президентга ёзган кейинги аризаси хусусидаги суҳбатини магнитофон лентасига ёзиб олди ва кўп ўтмай, бу суҳбат, 27-30 декабрь кунлари “Озодлик” радио тўлқинлари орқали берилди.
Сурат-5. “Озодлик” мухбири Зикрилло Ишонч
Муҳаммаднинг “Озодлик” радиосидаги бу чиқиши кўп шов-шувларга, бўхтону-ёлғонларга ҳам сабаб бўлди. Шунинг учун ҳам “Озодлик” радиосида берилган унинг Зикрилло Ишонч билан бўлган бу суҳбатини тўлалигича келтиришни мақсадга мувофиқ деб топдик:
- Бу “Озодлик” радиоси, Прагадан эшитаяапсиз. Азиз радиотингловчилар, ҳамкоримиз Зикрилло Ишонч тайёрлаган манабу лавҳа Ўзбекистонда олимлар ва маъмурлар ўртасидаги келишмовчилик хусусида. Шу борада ҳамкоримиз Зикрилло Ишончнинг агрохимик ва тупроқшунос олим билан ўтказган суҳбатини тингланг.
З.Ишонч: -Мавжуд тузумларда мафкуралар орасидаги дойимий курашлардан ташқари, сиёсат ва шахсиятлар, олим ва маъмурлар ўртасида ҳам келишмовчилик ҳолатлари учраб туради. Олимлар катта илмий хизматлари эвазига ўзи яшаб турган жамиятдан моддий, маънавий мукофат кўриши шарт. Сиёсат ва тузимларга зид борган олимларга бундай тағдирланиш насиб этмаслиги аниқ.
Аммо Ўзбекистонда ҳозирги сиёсатга қарши чиқмаган олимнинг сарсон-саргардонлигини қандай тушиниш мумкин. Агрохимик-тупроқшунос олим, суҳбатдошимиз ўз ҳақида қуйида батафсил гапириб беради. Испан, португал тилларида чет элларда дарс ўтган, камида 8 та илмий асар муаллифи, айни пайтда ўз соҳасида ихтиро яратган қаҳрамонимиз билан ўтказилган мусоҳабамизни ҳафсала билан эшитарсиз, деган умиддамиз.
М.Хоразмий: -Мен Муҳаммад Хоразмий, 1948 йилда Хоразм вилоятнининг Боғот қишлоғида таваллуд топдим. Мактабни битиргандан кейин Тошкент Давлат Университетига кириб уни Агрохимия ва тупроқшунослик мутахасислиги бўйича тамомладим ва ҳозирги кунда қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор илмий даража ва унвонларига эгаман, ҳамда, Ўзбекистон Фанлар академияси ва Ал-Хоразмий мукофотларининг лауреатиман. Ўнга яқин илмий асарларим чиққан, шулар ичида шеърим ва бадий китоб ҳам эълон қилганман. Ҳа, шу бугунларда ҳам Ўзбекистонимизни ривожлантириш бўйича илмий муаммолар устида иш олиб бормоқдаман.
З.Ишонч: -Сиз ёзган китоблар қандай проблемаларга бағишланган?
М.Хоразмий: -Мен ёзган китоблар асосан тупроқ–ўғит–ўсимлик ораларидаги муносабат билан боғлиқ бўлиб, у фақат бизнинг вилоят ёки мамлакатимиз учунгина эмас, жаҳоннинг ўғит қўллайдиган барча мамлакатлар проблемаларига бағишланади.
З.Ишонч: -Сиз агрохимик ва тупроқшунос олим сифатида бир неча асарлар муаллифи экансиз, сизни ўзбек ва жаҳон илмий жамоатчилиги тан олган экан, сизнинг қандай асарларингиз қайси тилларда нашр қилинган? Улар ичида мукофотга сазавор бўлганлари ҳам борми?
М.Хоразмий: -Менинг илмий монографияларим, ўқув қўлланмаларим рус, португал ва ўзбек тилларида нашр қилинган. Булар ичида мукофотларга сазавор бўлганлари ҳам оз эмас:
-“Фан” (Тошкент) нашриётида, рус тилида чоп қилинган “Ўзбекистон табий яйлов ва пичанзор(фитоценоз)ларини ўғитлашнинг илмий асослари” монографиям 1979-йилда Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофотига сазавор бўлган.
-Португал тилида (Мопутода) чоп қилинган “Мозамбик пахтачилигини ривожлантириш масалалари” китобим 1985 йилда Мозамбик (Африка) Ҳукумати мукофотига сазавор бўлган.
-“Фан” нашриётида (Тошкент) ўзбек тилида чоп қилинган “Ўғитлар самарадорлигини ошириш асослари” номли ўқув қўлланмам 1995 йилда ал-Хоразмий мукофотига сазавор бўлган.
З.Ишонч: -Кашфиёт ва ихтироларингиз ҳам борми? Агар бўлса улар ҳақида ҳам қисқача айтиб бермайсизми.
М.Хоразмий: -Ҳа, бирнеча кашфиётлар қилиш ва қатор ихтиролар яратиш насиб этган бизга:
- Ўсимликлар ривожининг иқлим факторлари комбинациясига боғлиқлигини кашф қилганмиз. Бу кашфиётимиз асосида жаҳоннинг турли хил тупроқ-иқлим шароитларида, чўлдан баланд тоғ зонасигача бўлган табий ем-хашак ўсимлик(фитоценоз)ларини ўғитлашнинг оптимал муддати ва технологиясини ишлаб чиққанмиз.
- Табий ўсимлик(фитоценоз)лар ботаник таркибининг иқлим таъсирида ўзгаришини кашф қилганмиз. Бу кашфиётимиз асосида иқлимнинг қандай келишидан қатъий назар, фитоценоздаги чорва озуқаси сифатида аҳамиятли бўлган ўсимликлар гуруҳи(дуккаклилар ва қиёқдошлар)ни керакли бўлган томонга тегишли ўғитларни қўллаб ўзгартириш усулини ҳам биз ихтиро қилганмиз.
-“Сеялка-ўғитлагич”, “Ғўзани ўғитлаш муддати ва усули”, “Сеялка-гўнгсепгич”, “Буғдойдан кейин (июнь ойида) пахтани кўчатдан экиш усули”, “Ғўза экилган тупроқни ўғитлаш усули”, “Ҳар бир кг солинган ўғитга олинадиган қўшимча ҳосилни (қопланишини) аниқлаш усули” каби ихтироларни ҳам қилганмиз ва буларга тегишли патентлар ҳам олинган.
З.Ишонч: -Камдан-кам бўлсада назарияси шов-шувларга сабаб бўлган олимлар ҳам бўлган жаҳонда. Сизнинг ҳам шов-шув ва тортишувларга сабаб бўлган назариянгиз борми? Агар бўлса шу ҳақда ҳам айтиб берсангиз, бу бизнинг радиотингловчиларимиз учун жуда қизиқарли.
М.Хоразмий: -Ҳа, шов-шув ва тортишувларга сабаб бўлаётган назариям бор менинг. Бу, қишлоқ хўжалигида агрохимикатлар ишлатишни йилдан-йилга камайтира бориб келажакда ундан воз кечиш назарияси. Чунки, айниқса химия саноати гуркираб ривожланаётган 21-асрда агрохимикатлар биосфера экологиясини ҳалокатга олиб келиши мумкин.
З.Ишонч: -Ҳар бир тортишувли назарияда бўлгани каби бу назариянгизнинг тарафдорлари ва қаршилари кимлар?
М.Хоразмий: -Бу назариянинг тарафдорлари экологлар, олимлар, ҳалқ оммаси. Қаршилар эса, асосан Ҳукумат мулозимлари. Унвон ва бойлик ортдириш учун кўпроқ ҳосил олиш учун курашаётганлар.
З.Ишонч: -Қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қатор эшитдиришлар таёрлаган журналист сифатида хабарим борки, қишлоқ хўжалигидан олинаётган ҳосилнинг кўпчилиги агрохимикатлар қўллаш ҳисобига олинаяпти экан. Шундай бўлганидан кейин, ҳалқнинг қорнини тўйдиришни ўйлаётган Ҳукуматнинг бу назариянгизга қаршилиги ижобий ҳолат эмасми?
М.Хоразмий: -Бир қараганда сиз ва Ҳукумат ҳақдай кўринасиз. Бироқ бизнинг узоқ йиллик тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, агрохимикатларни кўплаб қўллаш натижасида тупроқ экологияси йилдан-йилга ёмонлашаяпти. Шунга боғлиқ равишда ўсимликларни озиқлантириш учун тупроққа солинаётган химиявий ўғитларнинг самараси ҳам йилдан-йилга пасаяяпти.
Агрохимикатларни ишлатиш шу темпда борса, яна 30 йилдан кейин, узоғи билан 40-50 йилдан кейин тупроқ экологияси бутунлай издан чиқиб, тупроққа солинаётган ўғитлар самара бераолмай қолади. Бу дегани тупроғимизни Оролни қандай йўқотган бўлсак, худдий шундай бой беришимиз мумкин.
З.Ишонч: -Домла, қизишаяпти деб хафа бўлмасангиз бир саволим бор. Камчиликни, муаммони кўрсатишга ҳаммамиз ҳам устамиз. Бунга олим бўлиш ҳам шарт эмас. Сиз дунё тан олган агрохимик-тупроқшунос олим экансиз, нимага шу муаммонинг ечими устида бош қотирмагансиз?
М.Хоразмий: -Ҳа, ростдан ҳам сал қизишдингиз шекилли. Айтингчи, қаердан билдингиз шу муаммонинг ечими борасида иш олиб бормаётганимизни?
3.Ишонч: -Узр домла. Илтимос, бу борадаги ишларингиз ҳақида гапириб берсангиз. Радиотингловчиларимиз учун ниҳоятда муҳим бу.
М.Хоразмий: -Мен ҳам ҳамма Совет агрохимиклари каби агрохимикатлар қўллашнинг яловбардорларидан эдим. Африкада ишлаганим(1981-1984)да Португалиялик, Америкалик, Буюк Британиялик олимлар таъсирида агрохимикатларнинг экологик муаммоларига ҳам эътибор қаратадиган бўлдим.
Совет замонида Компартиянинг “План – любой ценой!” шиори остида, айниқса Хоразм воҳасида узоқ йиллар юқори дозаларда агрохимикатлар қўлланилган. Натижада айрим далалардаги тупроқлар экологияси шу даражада оғирлашган-ки, озроқ нормада солинган ўғитлар самара бермай қўйган. Деҳқонлар бундай дала(тупроқ)ларни “Наркоман дала (тупроқ)” дейдиган бўлишган.
Агрохимикатлар таъсирида бузилган тупроқларни яхшилаш (даволаш), агрохимикатлар қўллашни камайтириш борасида, Хоразмнинг “Наркоман” дейиладиган тупроқларда узоқ йиллар чуқур тадқиқотлар олиб бордик. Натижада, олинаётган ҳосилни камайтирмай, ҳозирда берилаётган химиявий ўғит(агрохимикат) миқдорининг ярмини маҳаллий ўғит билан алмаштириш усулини ихтиро қилдик. Бу ихтиромиз “Ғўза экилган тупроқни ўғитлаш усули” деб номланди ва унга IDP 04369 номерли патент олинди.
Ҳозирда ишлатилаётган агрохимикатларнинг қолган қисминида чеклаш, агрохимикатлар таъсирида экологияси бузилган тупроқларни яхшилаш (даволаш) устида тинмай изланишлар олиб бораяпмиз.
З.Ишонч: -Яшанг, домла. Агрохимикатларнинг экологик муаммолари ҳақида мақолалар эълон қилганмисиз? Агар қилган бўлсангиз сизнинг бу борадаги тадқиқотларингиз ривожланган мамлакатларда қадрланадими?
М.Хоразмий: -Агрохимикатларнинг экологик муаммолари ҳақида, турли хил тилларда қатор мақола ва китобларимиз нашр қилинган.
Иккинчи саволингизга жавоб сифатида Америка Марказий Разведка Бошқармаси ҳисоботидаги айрим маълумотларни келтираман:
-Совет даврида, интенсив равишда “Оқ олтин” (пахта) ишлаб чиқариш учун агрохимикатларнинг ҳаддан ошиқ ишлатилиши натижасида Ўзбекистон ер(тупрооқ)лари заҳарланган... Минерал (химиявий) ўғитлар ва пестицидларнинг кўплаб ишлатилиши натижасида тупроқ ва биосфера экологияси бузилиб, одамларда турли хил касалликлар кўпайган...
Бу маълумотлар тўлалигича бизнинг тадқиқотларимизга асосланган. Ўрни келганида айтсам, Ҳукумат бизни ёқтирмаслигининг сабабларидан бири ҳам шу бўлса не ажаб...
З.Ишонч: -Муҳаммаджон ака, суҳбатимизнинг бошида адабий ижодда ҳам шеърингиз ва китобингиз борлиги ҳақида гапиргандингиз. Шулар тўғрисида айтиб бермайсизми?
М.Хоразмий: -Шоир ёки ёзувчиликка даъвоим йўқ. 1994 йилда “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё?” номли ўртамиёна шеър ижод қилгандим. Ўзим унга куй басталаб ҳиргойи қилиб юрдим. Санъат аҳлидан дўстларим кўп. Улар бу ашулани мен басталаган куй асосида тўй ва тадбирларда, радио ва телевиденияда айтабошладилар. Бу шеър “Комилжон соний” деб танилаётган хофиз Қутлимурот Кўчаковнинг эл орасида танилиб кетишига ҳам сабаб бўлди.
Ўрни келганида бу борадаги бир тафсилотни айтиб берай. Болтабой деган хонанда қўшним бор. Райондаги таниқли хонандалардан ҳисобланади. Битта бойваччанинг тўйида “тўйлар муборак” ашуласини айтиб тугатар тугатмас ҳалиги “крутой” бойвачча: -Қани хофиз, тўйни “Хоразм бўлмаса нетардинг дунё?!” ашуласи билан бошланг - деб қолибди.
Шунда хонанда: -Узр, аввало мен бу ашулани айтишни ўрганмаганман. Қолаверса, бу ашулани айтиш учун шеър муаллифининг рухсати керак - дебди. Шунда ҳалиги бойвачча: -Боринг, шу ашулани айтадиган бўлганингизда тўйга келасиз - деб хонандани даврадан чиқариб юборган. Болтабой ўша тўйдан тўғри менинг олдимга келди ва шу шеърга чўзиброқ айтиладиган куй басталаб ижро қилабошлади.
Шу (1999) йил баҳорда “Вакил” номли илмий-сатирик китобим жуда қатта қийинчиликлардан кейин, президент маҳкамаси рухсати асосида нашр қилинди. Унда вакилчилик, оператив группа, қўшиб ёзиш, коррупция каби иллатлар фош қилинади. Бу китоб қисқа вақт ичида шов-шувга айланди. Уни айрим “ишбилармон”лар, қонунга ғилоф равишда ксероксда кўпайтириб катта-катта пулларга сотишаяпти.
Бу китобни “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” илмий-ишлаб чиқариш журнали ҳам ҳар сонида босаяпти. Бу эса маҳаллий ҳокимият мулозимларининг пайтавасига қурт туширди. Менинг ишсиз қолишимнинг асосий сабабларидан бири ҳам шу “Вакил” номли китобимнинг нашр қилиниши.
З.Ишонч: - Энди ҳурматли Муҳаммаджон ака, қачондан буён ишсиз ўтирибсиз? Ишсиз қолишингизга нима сабаб бўлган?
М.Хоразмий: - 1997 йилдан бошлаб ишсизман, барча лавозимлардан “ўз аризамга биноан” кетгизишган. Ишсиз қолишимга аввало Ҳаж зиёратига борганим сабаб бўлди. Манабу “Вакил” номли китобимининг нашр қилиниб шов-шув бўлаётгани ўлганнинг устига тепгандай бўлаяпти.
З.Ишонч: -Маҳаллий раҳбарият билан килишаолмаётганингиз, уларнинг сизни ишдан бўшатганлари тушинарли. Бу борада Олий раҳбарият(Президент)га ёрдам сўраб мурожат қилмадингизми?
М.Хоразмий: -Мени сабабсиз ва ноҳақ ишдан бўшатган вилоят ҳокимининг устидан Малакат Президенти И.Каримовга ариза билан мурожат қилганман. Менинг аризамни кўриб чиқиш учун уни шу ҳокимнинг ўзига юборишган. Шу боис, аризам қондирилмади. Натижада Олий ҳокимиятга такрорий ариза билан мурожат қилдим.
З.Ишонч: - Ўзбекистонда шундай бир йирик олим ўз ўрнини йўқотади, раҳбарият эса бунга бефарқ, бу илм учун катта фожия-ку. Агар сир бўлмаса, бунинг тагида сиёсий сабаб йўқми?
М.Хоразмий: -Менинг фикримча, бунинг сабаби юқорида айтилган Ҳожи бўлганим ва китобимнинг шов-шув бўлаётгани бўлса керак. Бошқа сабабини кўрмаяпман.
З.Ишонч: - Сиз ўзингизни Каримов сиёсатидан норози бир мухофилат деб ҳисоблайсизми?
М.Хоразмий: -Йўқ. Мен сиёсатчи ёки сиёсий мухолифатчи эмасман, мен олимман, мен ҳалқнинг, давлатнинг қўйган муаммоларини ечиш билан шуғулланаман.
З.Ишонч: - Демак сизнинг сиёсий даъвонгиз йўқ.
М.Хоразмий: - Менинг хеч қандай сиёсий даъвом йўқ.
З.Ишонч: -Қишлоқ хўжалик фанлари доктори сифатида, Орол муаммосига ҳам назарингиз тушганми? Орол фожиасига нима сабаб бўляпти? Оролни қутқаришнинг имкони борми?
М.Хоразмий: -Орол муаммоси кўпчилик олимлар қатори мени ҳам қизиқтиради. Ўзим ҳам Орол минтақасида яшаётганим учун, уни менинг ҳам муаммом деб биламан.
Менинг билишимча, Орол денгизининг қуришига 3 та омил сабаб бўлди. Биринчи ва асосийси – бу сувғориладиган ерларнинг кўпайиши ва сувни тежаб ишлатмаслик. Иккинчиси – бу тарихий омил. Беруний ва ундан олдинги олимлар асарларида айтилишича Орол авваллар ҳам қуриб яна сувга тўлган экан.
Учунчиси эса ҳозиргача сир тутилаётган техноген омил. Мендаги норасмий маълумотларга қараганда, Орол денгизидаги қайси бир оролда, 1960 йилларда, академик Д.Сахаров яратган водород бомбаси синаб кўрилган. Шундан кейин Оролнинг қуриши янада жадаллашган.
Охирги саволингизга келсак, назарий жиҳатдан (Оролга тушаётган Амударё ва Сирдарё суви миқдорини кескин ошириб) Оролни қутқариш мумкин. Амалий жиҳатдан эса Оролни сувга тўлдириб бўлмайди. Сабаби, илм-фаннинг ҳозирги имконияти билан сувғоришга ишлатилаётган сувни 2-3 марта камайтириб бўлмайди. Акс ҳолда, асосан ер ҳисобига кун кўраётган ўнлаб миллионлаган ҳалқни оч қолдириш мумкин.
З.Ишонч: -Орол минтақасида яшаётган миллионлаган ҳалқ: “Ризо керак тағдирига” деб, ўтираверадими оғзини очиб? Сиз таниқли олим ва бир ватанпарвар сифатида бу ҳалқ тағдирини ўйламайсизми?
М.Хоразмий: -Биз олимлар, Орол қуриши билан боғлиқ экологик фожиани камайтириш борасида аллақачон иш олиб бораяпмиз. Бу борада НПО “Ботаника” олимлари қилаётган ишлар самарали бўлаяпти.
З.Ишонч: -Яна биринчи масалага қайтармиз, Ўзбекистоннинг тупроқларини янада соғломлаштириш учун ишни нимада бошлаш керак?
М.Хоразмий: -Нафақат Ўзбекистон, балки агрохимикатлар айниқса юқори нормада ишлатиладиган барча тупроқларини соғломлаштиришнинг йўли юқорида айтганимдай, менинг назариям асосида яратилган ихтиро ва услубларда баён қилинган.
Ёки менинг назариямни бир шиор шаклида айтадиган бўлсак, ҳозиргача инсониятнинг буюк кашфиёти деб ҳисобланган агрохимикатлардан халос бўлишни инсониятнинг буюк мақсадига айлантириш керак.
З.Ишонч: -Сиёсат билан махсус шуғулланмасангизда ҳар ҳолда бир олим сифатида Ўзбекистондаги сиёсатни, демократияни қандай баҳолайсиз?
М.Хоразмий: -Бу саволингизга тўғри жавоб берсам бу кунимнида топаолмаслигим мумкин. Лаганбардорлик қилиш эса менинг табиатимга тўғри келмайди. Яхшиси бу саволингизнида менинг бу деганимнида ўчириб ташланг.
З.Ишонч: - Энди сиз давлатда ишламас экансиз, даромад келадиган бирон бизнесингиз йўқ, бола-чақангиз бор, катта оиланинг тирикчилиги нима бўлаяпти?
М.Хоразмий: - Энди уйда товуқ, молимиз, деҳқончилик, боғимиз ҳам бор, озроқ уларнинг ёрдами ҳам тегаяпти. Танловлар асосида менинг илмий лойиҳам ғолиб бўлди, шу бўйича шартнома асосида иш қилаяпмиз. Тез-тез мардикорлик қиламиз, асосан шулар ҳисобига яшаяпмиз.
З.Ишонч: -Сиз бир катта олим бўлсангизда сабабсиз иш жойингизни йўқотганингиз учун тушкинликка тушиб, Ватанни тарк этиб, бошқа бир мамлакатга бориб, илмий фаолиятингизни давом қилдириш фикри сизда туғилдими?
М.Хоразмий: -Йўқ албатта, бекорга Хоразмий эмасман. Ҳар қандай шароитда ҳам Ўзбекистон фуқароси, Хоразм фарзандиман мен. Мана деярли уч йилдан буён ойлик оладиган ишда расман ишламасамда, аксинча мен илм ва ижодда янада кўпроқ ишлаяпман.
Авваллари (ишдан бўшатилмаганимда) кунига 18 соатгача ишлаган бўлсам, ҳозирги пайтларда кунига 20 соатларгача ишлаяпман. Ишсиз ўтирган давримда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида амалий тавсиялар, 3 та китоб, 10 дан ортиқ илмий мақолалар ёздим. Буларнинг ватанимга, ҳалқимга фойдаси тегаяпти.
З.Ишонч: -Суҳбатимиз ҳам якунига етаяпти. Ўзбекистон раҳбариятига айтадиган гапингиз бўлса марҳамат.
М.Хоразмий: -Ўзбекистон раҳбариятига айтадиган гапим аввало шуки, ҳалқнинг арзига қулоқ тутинг. Қолаверса, бу имкониятдан фойдаланиб охирги ёзган аризамни ўқиб бермоқчиман:
-Мен 5-март 1999 йилда Сиз(Президент)га 8 бетдан ва 14 иловадан иборат ариза билан мурожат қилган эдим. Бунда менинг шахсим, илм-фан, эл-юрт ва Хоразм дехқончилигини ривожлантириш борасида қилган ишларим ва ниҳоят 1997 йилда ҳаж зиёратига борганим учун ишлаб турган иш (ЎзПИТИ Хоразм филиали директори) вазифамдан Хоразм вилояти ҳокими И. Юсупов талаби билан қўштирноқ ичидаги ўз аризамга биноан ноҳақ ишдан олинганлигим ҳақида ёзиб бу борада ёрдам сўраган эдим.
Менинг бу аризамни кўриб чиқиш ва натижасини менга маълум қилиш учун Хоразм вилояти ҳокимлигига юборилганлиги ҳақида Девонхона бош консултанти Ш. Курбонов имзоси билан билдиришнома олдим. Хоразм вилояти ҳокимлиги қабулхонаси маъсул ходимининг имзоси билан менинг аризамни кўриб чиқиб жавоб қайтариш учун ҳокимлик ташкилий гуруҳ раҳбари Виктор Костаковга юборганини маълум қилди.
В.Костаков эса мени хузурига таклиф қилиб, менинг аризамда келтирилган барча фактлар тўғри эканлигини тан олиб, ўзлари йўл қўйган хатони тўғирлаш мақсадида менга албатта иш беришларини, лекин ҳозирги пайтда менга тўғри келадиган иш йўқлиги сабабли менга озроқ вақт кутиб туришни таклиф қилди. Мана шундан буён ҳам сал кам бир йил ўтди...
Шуниси ачинарлики, мен Хоразм вилояти ҳокими устидан Президентга арз қилсаму, менинг аризамни кўриб чиқиб менга жавоб қайтариш учун аризам шу ҳокимнинг ўзига юборилса...
(“Озодлик” радиостанциядан) Қадрли тингловчилар сиз Ўзбекистонда олимлар ва маъмурлар ўртасидаги келишмовчиликка оид фикр ва мулоҳазалар билан танишдингиз.
Мана, эътибор берган бўлсангиз бу суҳбатда унинг “Ўзбекистонда олимлар ва маъмурлар орасидаги келишмовчиликлар хусусида” деб қўйилган сарлавҳадан бошқа бирон ноўрин ёки ортиқча сўз йўқ. Сарлавҳасига келсак, унга Муҳаммаднинг алоқаси йўқ, у радиостанция таҳририяти томонидан қўйилган.
“Озодлик” радиосини Муҳаммад ўйлаганидан кўпроқ одамлар эшитар экан. Зиёлию-хизматчи, мансабдору-оддий ишчи, ҳамма-ҳаммалари радиодаги Муҳаммаднинг бу чиқишини эшитиб уни табриклашди. Муҳаммаднинг аризаси энди тегишли жойга етишига ишонч билдиришди.
Энди бу эшитдиришни радиодан ўзлари эшитмай, бошқалардан узуқ–юлуқ, эшитганларнинг айримлари Муҳаммадга ҳадиксираб қарар, айримлари “Муҳаммадни бир нарсани баҳона қилиб олиб кетишади (қамашади)” деб юришган. Лекин Муҳаммад радио орқали бу чиқиши мутасадди раҳбарларниннг қулоғига етиб (мақсад ҳам шу эди) ёрдами тегишига ишонарди.
Кўп ўтмай Муҳаммадни Хоразм вилояти ҳокими агросаноат масалалари гуруҳи раҳбари Иброҳим Собиров хузурига таклиф қилиб: -Илтимос, “Озодлик”да бошқа чиқманг. Ҳоҳлаган ишингизни айтинг, бир ҳафта ичида ҳал бўлади, ёшулли(Ҳоким)нинг топшириғи шу - деганида Муҳаммаднинг қувонганидан кўзларидан ёш чиқиб кетди...
(Давоми кейинги саҳифада)
|