"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (тарихий роман)

X-Бобнинг давоми - 2

2000 йил февраль ойининг ўрталарига келиб, Қишлоқ ҳаёти рўзномасининг бош муҳаррири Ўткир Раҳматга хат ёзиб, газета саҳифасида босилган фелетондаги барча фактлар бўҳтон эканлигини кўрсатувчи далилларни ҳам юборди. Шундан бир ярим, икки ойлардан кейин Қишлоқ ҳаёти газетасининг маъсул ходими Х.Б.Каримов Муҳаммаднинг  уйига ташриф буюрди.
Бу ходим Облагропромга тушиб Муҳаммаднинг табий равишда нима билан шуғулланаётганини ўз кўзи билан кўриш мақсадида, Муҳаммадни огоҳлантирмасдан, мелеорация бўлимининг бошлиғи, Б.Файзуллаев билан кундуз соат 10 ларда Муҳаммаднинг ҳовлисига тўғри кириб келишди. Бу пайтда Муҳаммад ҳар доимгидай этик ва иш кийимларида боғда терлаб пишиб ер чопиб юрганди.
Муҳаммад салом бериб, уларга пешвоз чиқди ва ичкарига таклиф қилди. Уйга кираётиб газета ходими Б.Файзуллаевга паст овозда алланимлар (Хоразмийнинг уйи аниқ шумиди деб сўраган экан) деди. У бўлса кулиб: -Хоразмийнинг уйи ҳам, ўзи ҳам шу - деди. 
Бироқ газета ходими Х.Каримовнинг кўзидан унинг гапига (ҳазиллашаяпти деб ўйлаб) ишонмаётгани билиниб турарди. Чунки юзлари қорайиб, қўллари қадоқ бўлиб кетган, қаршисида “разнорабочий”га ўхшаб турган бу одамни профессор, лойдан пахса қилиб солинган бу уйни эса профессор яшаётган уй дейишини ҳаёлига сиғдира олмасди.
Муҳаммад бўлса: -Меҳмонлар кираверинглар, сизлар излаётган профессор Хоразмий ҳозир келади - деди кулиб. 
-Узоққа кетмадими, биз шошилинчроқ эдик - деди газета ходими. Унинг гапига Агропром ходими янада қаттиқроқ кулиб: -Э, Ҳосил ака-эй, хавотир олманг, Хоразмий шу ерда - деб кириб кўрпачага ўтиришди.
Муҳаммад чой олиб келгани чиққанида уйнинг тўридаги Муҳаммаднинг портретини кўриб, Хоразмий унинг ўзи эканлигини билиб Ҳ.Каримов роса ҳижолат тортган. Муҳаммад чойни кўтариб киргандан кейин Х.Каримов Муҳаммад билан бошқатдан кўришиб: -Қойилман сизга, сиз билан кечгача суҳбатлашамиз энди - деди. 
Аввало диққат билан Муҳаммаднинг “Озодлик” радиосидаги чиқишини (у Муҳаммадда магнитофон лентасига ёзилган эди) эшитди ва бошқа лентага кўчириб ҳам олди. Кейин Муҳаммад хақида оммавий ахборот воситаларида чиққан барча материаллар билан танишиб чиқиб: -Сиз минг бора ҳақ экансиз - деди.
Газета ходими Х.Каримов Урганчга қайтиб бориб, мақола муаллифи К.Нуржон билан учрашган. У ўзи мақолада ёзган фактларнинг биронтасига асос келтира олмаган, фақат у айтувди, бу гапирувди деган холос. Аввало мақола муаллифининг, кейин ўз газетасининг қилган хатосини тушинган Х.Каримов вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўтамовга кириб мақола бўйича кўрган эшитганларини батафсил гапирган ва Муҳаммадга иш бериш масаласини сўраган.
Кўп ўтмай Муҳаммадни Ж.Ўтамов топшириғи бўйича вилоят Агропроми раисининг муовии И.Собиров чақириб сабзовот уруғчилиги (сорт сем овош) вилоят акционерлик идорасига ишга таклиф қилди. Ва катта бир ишни бажарган одамдай:
-Мана сизга катта, яна ёғли иш. Тошкентдан сабзоват уруғларини келтириб сотиш билан шуғулланасиз. Кўп ўтмай чўнтагинигз пулга тўлиб кетади. Пул бўлгандан кейин ҳаётнинг лаззатига тушинасиз. Кейин илмнинг ҳам, бунақа (унинг Вакил деган китобига ишора қилиб) китобларнинг ҳам бу замонда кераги йўқлигини англайсиз - деди креслога ястаниб.
Бу таклифдан Муҳаммад жуда хафа бўлди ва: -Иброҳимжон, бутун вилоят (шу жумладан сиз ҳам) мени олим, мутахасис, ташкилотчи–раҳбар сифатида билади (у тўғри-тўғри деб боши билан тасдиқлаб ўтирди). Шундай экан, нимага менга мутахасислигимдан йироқ, бунинг устига олди-сотди билан боғлиқ ишни таклиф қилаяпсизлар? Нима, мени кўпчилик одамларга ўхшаб пулга ёки мансабга ҳаваскор деб ўйлайсизларми? Ноҳатки сизларнинг фаҳмингиз менинг қорним учун эмас, қадрим учун “йиғлаётганим”га етмаса - деди. 
У қилган таклифидан қаттаиқ уялиб: -Ҳожи бува, кечиринг бизни, ёшуллилар билан маслаҳатлашиб бу хатоимизни тўғирлаймиз - деб Муҳаммадни кузатиб қўйди.
2000 йил апрель ойининг охирларида Муҳаммад Тошкентга борди ва Қишлоқ ҳаёти газетаси таҳририятига кириб, шу газета ходими Х.Каримов билан рўзноманинг бош муҳаррири Ўткир Раҳматов хузурига киришди. Муҳаррир Муҳаммадни  жуда илиқ кутиб олди ва: -Биз ҳаммасини ўрганиб чиқдик, хато биздан ҳам ўтибди. “Озодлик”даги чиқишингизни чуқур ўргандик. Бундай чиқиш учун фелетон қилиниш эмас, ташаккур айтилиши керак эди. Қаёқдан билибмиз улар(К.Нуржон)нинг бундай ярамаслигини, тағдирга тан бериб бағрингизни кенг қилинг-да кечиримли бўлишга ҳаракат қилинг - деб Муҳаммадга диққат билан тикилиб қарарди. 
Муҳаммад бўлса уни дарров таниди. 1995 йил ноябрь ойида “Туркистон умимий уйимиз” номли халқаро форум бўлиб унинг ташкилотчиси (у пайтда Ў.Раҳмат Ўзбекистон республикаси президентининг давлат маслаҳатчиси бўлиб ишларди) худдий шу Ў. Рахмат бўлиб, форумда Муҳаммад билан ҳам суҳбатлашган эди. Кейин Ҳалқ сўзи газетасининг мухбирини чақириб Хоразм делегатцияси(Муҳаммадларни)ни суратга туширтирди ва бу сурат шу газетада босилиб чиқди. Булар унинг ҳам дарров эсига тушди, кейин буларнинг суҳбати янада қуюқлашди.
Муҳаммад унга бу можороларнинг бош сабабчиси иш сўраб ёзган аризасининг Президентга етиб бормаётганлиги, лекин бунинг орқасидан қолмаслигини, агар шу хатининг Президентга етиб боришига ёрдам қилса боши осмонга етажагини (Муҳаммад бу илтимосини унга ёзган хатида ҳам ёзган эди) айтди. 
Ўткир Раҳмат бўлса: -Бир йиллари Самарқандда кўкраги тўла орденли, уруш ва меҳнат фаҳрийси бўлган бир чолнинг Муҳаммадга ўхшаб юқорига ариза ёзавергани учун уйига кўкнор ташлаб қамаб юборишганини, уни ҳам ҳеч ким аяб ўтирмаслигини, чунки ҳозир замон у пайтдагидан ўн марта ёмон эканлигини тушинтириб, -Аризангизни Президентга етказиш кўлимдан келмасада, Президент маҳкамасида ишлаганман, танишларим кўп,  иш масалангизни ҳал қилиш ҳеч нарса эмас мен учун - деди.
-Бунинг учун аввал бизнинг газетага “Танқид мулоҳазага ундади” деган мактуб ёзиб берасиз. Менинг номимга ёзилган бу мактубда бизнинг газетада сизни фелетон қилганимиздан кейин танқиддан тўғри хулоса чиқриб, ундан кўп фойда кўрганингиз, бунинг учун газетадан миннатдор эканлигингиз, газетадаги бу танқидий материал ўзимдаги бошқа камчиликларни ҳам тузатишга туртки бўлди - деб ёзасиз. 
-Эсингизда бўлсин, мактубни машинкада эмас, ўз қўлингизда ёзиб имзолайсиз. Бу материал газетада чиққандан кейин мен сиз ёзган манабу китоблар-у ўзимизнинг газетани кўтариб юқорига чиқаман ва сизнинг иш масалангизни ижобий ҳал бўлиши кафолатланади - деб Муҳаммадни ишонтирди.
Муҳаммад бош муҳаррирнинг айтганидай қилиб ёзиб берди, бу материал Қишлоқ ҳаёти газетасининг 2000 йил 11-май сонида босилди. Шу куниёқ эрталабки газеталар шарҳида тележурналист Ислом Ҳамро шу газетанинг бугунги сонида таниқли олим Муҳаммад Хоразмийнинг мактуби босилганлигини, барчага уни ўқиш тавсия қилинишини эълон қилди. 
Газета ўқимайдиганлар ҳам шу газетани топиб ўқидилар шекилли, Муҳаммаднинг уйи одамларга, телефон қўнғироқларига тўлиб кетди. Кимлардир биз биладиган Муҳаммад Хоразмий бундай мактубни ёзмайди, юқорининг кўрсатмаси билан газетанинг ўзининг қилаётган иши бўлса керак дейишса, кимлардир ноҳатки Хоразмий қўрқоқлик қилган бўлса дейишар, аллакимлардир ҳожи ота ишонувчан, содда одам-да, шундан фойдаланишган, дейишарди.
Шундан ойлар ўтган бўлсада, Ўткир Раҳмат ваъда қилган ишдан дарак бўлмаганидан кейин Муҳаммад унга: “қани сиз ваъда қилган иш”, деб қўнғироқ қилабошлади. Кейин Ўткир Раҳмат унга: -Бизнинг газетага химиявий ўғитларни чеклаш борасидаги ихтиронгиз асосида катта, муаммоли мақола ёзиб беринг, биз уни босамиз. Буни тепадагилар ҳам ўқишади ва шундан кейин иш масалангиз ҳал бўлди деяверинг - деб Муҳаммадни яна бир  бор ишонтирди.
Муҳаммад бир ҳафта ўтириб 20 бетдан иборат илмий ва амалий асосларга эга бўлган “Агрохимикатлар ишлатишни чеклаш – экономика ва экологиянинг асосидир” номли муаммоли мақола ёзиб юборди. Ўткир Рахмат мақолани ўқиб: -Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қиладиган зўр мақола бўлибди. Буни эрта-индин босамиз. Мақола чиққан заҳоти ишга тушиш таёргарлигингизни кўраверинг - деди. 
Ойлар ўтсада мақола босилмади. Муҳаммад тинмай телефон қилабошлади Ўткир Раҳматга. Бир телефон қилганида котиба: -Ўткир акам хоналаридалар, телефонни қўймай туринг, хоналаридаги телефонни кўтарадилар - деди. 
Кейин Ўткир Раҳматнинг эшигини очиб: -Хоразмдан Муҳаммад деган киши мақолам қачон нашр қилинади деб сўраяптилар, телефонни кўтаринг - деди котиба. 
-Мени йўқ деб айтинг - деди Ўткир Раҳмат. 
-Котиба эса: -Мен сизни хоналарида деб айтганман - деди. 
-Шунда Ўткир Раҳмат зарда билан: -Чиқиб кетган эканлар, кўрмай қолибман, дегин. Ўша Хоразмликнинг овозини таниб қўй, қачон мени сўраса у ёққа кетди, бу ёққа кетди дейсан - деди. Буларнинг гапи кўтарилиб турган гўшакдан эшитилиб турарди. 
Муҳаммаднинг  бундан жуда жаҳли чиқди. Бу нима қилиқ, деб айтай деса Тошкент билан Хоразмнинг ораси 1200 км бўлса. Ҳамқишлоғи бўлган Жоббор Роззоқовга телефон қилиб бўлган воқеани айтиб, маслаҳат сўради. 
-Хабаримиз бор сизни алдаб “Танқид мулоҳазага ундади”, деб ёздириб олганидан. Энди бу борадаги додингиз ҳеч қаерга ўтмайди. Сизлар уни билмайсизлар, шунақа аферистлиги учун ҳайдалган у Президент девонидан. Ундан ёрдам ҳам сўрама, умид ҳам қилма, бариси бефойда, яхшиси ундан нари юргин, баттар куйга солмасин тағин сени - деди “Туркистон” газетаси муҳаррири.
Бу Муҳаммадга роса алам қилди. “Тўнғизга бир ўқ, тегсада палонимга, тегмасада палонимга” деган мақол бўйича яна телефон қилганида ҳар галгидай унинг котибаси: “Кимсиз?” деб сўради. 
-Муҳаммад номини айтганидан кейин телефон гўшагини стол устига қўйиб: -Яна ўша Муҳаммад деган киши мақоласи ҳақида сўраяпти - деди. 
Ў.Раҳмат бўлса: -Мени мажлисга кетганлар, бугун бўлмас эканлар дегин. Авал айтганман-ку, ўша одам сўраса мени йўқ деб айтишингни, на бунча ғалча бўлмасанг - деди зарда билан. Уларнинг гаплари кўтарилиб турган гўшак орқали аниқ эшитилиб турарди. Буни эшитган Муҳаммад котибанинг жавобинида кутмасдан телефон гўшагини қўйиб қўйди.
Бундан Муҳаммад роса асабийлашди ва 3-4 минутлар ўтганидан кейин яна телефон қилди. 
-Ким? - деди котиба. 
Муҳаммад овозини сал ўзгартириш мақсадида телефон микрофонига қўлини қўйиб: -Мен Сирдарёдан Муқумжон бўламан. Ўткир Рахматович айтган заказларни олиб келгандим - деди.
Ҳар галгидай котиба: -Бир дақиқа тўхтат туринг - деганича телефон гўшагини столининг устида қолдириб, Ўткир Раҳматнинг эшигини очди-да: -Сирдарёдан Муқумжон деган киши сўраяптилар. Айтган нарсаларингизни олиб келишган экан - деди котиба. 
Ўткир Раҳмат хонасидаги телефон гўшагини кўтариб, котибага: -Эшикнинг икки табақасинида ёпинг-да ишингизни қилаверинг. Мен телефонда гаплашиб бўлмагунимча олдимга ҳеч кимни қўйманг - деди. 
-Э Муқумжон соғ-саломатмисизлар ва ҳакозалар деб қуюқ ва узоқ сўрашди ва: -Жуда овора бўлибсиз-да, ҳа, майли энди, деб туриб: -Укахонлар ҳам кўп, бунинг устига иш кўплигидан эс қурғур ҳам кирди-чиқди бўлиб қолган. Сиз қайси Муқумжон эдингиз? -  деди.
-Мен Сирдарёлик Муқумжон эмас, Хоразмдан Муҳаммадман. Гўшакни қўя кўрманг, акс ҳолда олдингизга боришга мажбур бўламан. Агар Тошкентга борсам суҳбатимиз оғирроқ бўлиши мумкин. 
Ким эканлигингизни ҳамкасбларингиздан суриштириб билдим. Президент девонидан нимага ҳайдалганингизнида эшитдим. Менга иш топиб бераман деб алдаб “Танқид мулоҳазага ундади” деб ёздириб олиб, унинг ичига ўзингиздан йўқ нарсаларнида қўшиб, газетада ва телевиденияда зудлик билан эълон қилганингиздан мақсадингиз нима эканлигини-да билдим. Топиб бермоқчи бўлган ишингизни эса орқангизга тиқинг! 
Лекин менга алам қиладиган нарса шуки, бир ҳафта ўтириб сиз айтганингиздан-да яхшироқ қилиб, муаммоли мақола ёзиб бердим. Бу мақоланинг нашр қилиниши Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг ривожига салмоқли ҳисса қўшишини ўзингиз тан олгансиз. Бу мақола ойлаб нашр қилинмаганидан кейин сизга телефон қилсам котибангизга нима деганларингизни кўтариб қўйилган телефон гўшаги орқали эшитиб турдим. Нашр қилмайдиган бўлсангиз мақолани қайтариб юборинг. Акс ҳолда мен Тошкентга борсам бошқа тилда гаплашамиз сиз билан - деди Муҳаммад.
-Минг бора узр Муҳаммаджон. Мақолани бўлим бошлиғига топширгандим. У аблах мени подводит қилади, деб ўйламабман. Мақолани газетанинг навбатдаги сонида эълон қиламиз. Ўзим шахсан ишлайман мақола устида. Тошкентга келиб овора бўлиб юрманг - деди Ўткир Раҳмат.
Ўткир Раҳмат айтганидай газетанинг кейинги сонида Муҳаммад юборган 20 саҳифалик “Агрохимикатлар ишлатишни чеклаш – экономика ва экологиянинг асосидир” номли мақолани 2 саҳифалик қилиб “Ер малҳами” сарлавҳаси билан нашр қилишди. Бу мақолани шу даражада қисқартириб ва аҳмақона таҳрир қилишганки, бу мақолани ўқиган одам мақола муаллифига “Суф сендай фан докторига”, дейиши турган гап эди.
Шундан кейин Муҳаммад “Туркистон” газетаси редакторининг: -Яхшиси Ўткир Раҳматдан узоғроқ юргин, баттар куйга солмасин тағин сени - деганининг маъносига тушунди...
                                                               *      *
Муҳаммаднинг адолат тикланишига умид қилиб мамлакат президентига бир неча марта ариза билан, ҳатто ҳалқаро оммавий ахборот воситалари орқали мурожат қилиши нафақат бирон натижа бермади, аксинча зарари тегди. Шу боис Ҳукумат томонидан адолатнинг тикланишига умид қолмаган бўлсада: -Ҳеч бўлмас а ҳалқ билиб қўяр – деган мақсадда Муҳаммад мухбирнинг ва одамларнинг саволларига жавоб беришга розилик берди ва у қуйида айнан келтирилади:
Мухбир: -Муҳаммаджон ака «Озодлик» радиосидан чиқишингиздан кейин Сизнинг аризангиз юқоридаги раҳбарларга етиб бордими?
Хоразмий –Менинг «Озодлик радиосидан чиқишимни жуда кўп одамлар эшитишган. Шундан кўп ўтмай мени Хоразм вилояти ҳокимлигининг маъсул ходими Иброхим Собиров таклиф қилиб менга бир хафта ичида иш беражакларини айтди. Лекин кўп ўтмай 2001 йил 1-февралда «Қишлоқ ҳаёти» газетасида Хоразмлик ғаламис Комил Нуржон  имзоси билан менинг «Озодлик»да чиқишимни қаралаб, бўҳтондан иборат мақола эълон қилинди. Шу сабабли менга иш беришдан қўрқишди шекилли, иш беришмади.
Мухбир:   -Ҳожи бўлганингиздан кейин шариат ибодатларини ҳам қилсангиз керак. Намоз ўқишингиз иш фаолиятингизга ҳалақит беради деб иш беришмаётгандирлар?
Хоразмий –Мен номозни 1983 йилдан бошлаб  (авваллари очиқча эмас эди) ўқийман. Райком аппаратида, совхозда, вилоят ҳокимлигида ва бошқа бир қатор маъсул вазифаларда ишлаган пайтларимда ҳам намоз ўқирдим. У ерларда катта-катта муваффақиатларга эришганман. Ибодат қилиш менга ҳалақит эмас, ёрдам берган. 
Мухбир: -Сиз вилоятнинг аввалги раҳбарлари билан келишмабсиз, улар сизни ишсиз қуйишган. Лекин вилоятнинг янги (ҳозирги) раҳбарлари нимага сизга иш беришмаяпти. Ахир улар сизнинг кучли мутахассис, яхши ташкилотчи эканлигингизни билишадику!
Хоразмий –Менимча бунинг асосий сабаби мен ёзган «Вакил» деб номланадиган илмий-сатирик китоб билан боғлиқ бўлса керак. Мен ёзган бу китобда  айниқса Хорзм вилоятида аввалги даврда қишлоқ хўжалигида авж олган вакилчилик, оператив группа, «План-қонун!» асосидаги кўзбўямачиликлар танқид қилинади. Афсуски бу камчиликларнинг айрим кўринишларини ҳозир ҳам учратиш мумкин. Китобнинг мақсади уни бартараф қилиш эди. 
Мухбир: -Сиз ёзган бу китобингизнинг сизга зарари тегиши мумкинлигини билармидингиз?
Хоразмий –Ҳа, бу китобнинг маҳаллий раҳбарларга ёқмаслигини ва шу сабабли зарари тегиши мумкинлигини билардим. Бу тўғрида ўша «Вакил» номли китобимда: «Мен фош қилаётган бу камчиликлар учун жабр тортишим ҳам мумкин. Лекин Ҳақ, ҳалқ ва давлат манфаатлари йўлида жабр чекишнинг ўзи шараф эмасми?!» деб бежиз ёзмаганман. Лекин мен давлат ва юқоридаги раҳбарлар мени маҳаллий раҳбарлар тазийқидан ҳимоя қилишар деб умид қилгандим, афсуски янглишган эканман.
Мухбир:  -Сизга зарари тегадиган бундай китобни ёзиб нима қилардингиз?
Хоразмий  -Менинг бу китобимда кўрсатилган камчиликлардан келадиган оғирлик асосан оддий меҳнаткашларнинг, деҳқонларнинг гарданига тушаяпти. Мен шу меҳнаткаш ҳақнинг манфатини ўз манфатимдан юқори қўйганим учун ёздим.
Мухбир:   -Сиз бу «Вакил» номли китобни ёзишга, уни нашр қилдиришга шунча меҳнатингиз кетибди. Бунинг устига бу китоб учун шунча жабр тортаётган экансиз. Шунга яраша бу китоб ўз самарасини бераяптими?
Хоразмий  -Ҳа, бу китоб ўз самарасини бераяпти. Бунга мисол қилиб «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2000 йил, 5-сонида эълон қилинган  «Жасорат-ла битилган рисола…ёхуд иллат илдизига урилган болта» номли мақолани айтиш мумкин. Бу мақолада бу китобнинг чиқиши унда тилга олинган иллатларнинг камайишига сабаб бўлмоқда дейилади. Ҳар қалай бу китоб учун мен жабр чекаётган бўлсамда ундан ҳалқ фойда кўраётгани учун хурсандман. 
Мухбир: -Сиз айни ишлайдиган, фанга, ҳалқингизга фойдангиз тегадиган вақтингиз. Беш йилдан буён ишсиз ўтирган экансиз нафақат иқтисодий ва маънавий, шунингдек ижодий томонидан ҳам тўхтаб қолгандирсиз?
Хоразмий  -Тўғри, айни ишлайдиган, ижод қиладиган вақтим. Беш йилдан буён иқтисодий ва маънавий томонидан қийналаётган бўлсамда, ижодий томонидан аксинча кўп ишлар қилаяпман. Шу ишсиз ўтирган беш йилда қатор тадқиқотлар олиб бордим. Уларнинг айримлари кашфиёт (ихтиро) сифатида тан олинди, мана уларнинг гувоҳномаси!. 
Бундан ташқари 10 дан ортиқ илмий мақолалар эълон қилдим. Шу беш йил ичида турли хил йўналишларда олтита китоб ёздим: 1998 йилда талабалар учун «Агрохимия ва тупроқшунослик курси» номли ўқув қўлланмам нашр қилинди. 1999 йилда эл оғзига тушган «Вакил» номли илмий-сатирик китобим босмадан чиқди. 2000 йилда «Ўсимликларни ўғитлашнинг экологик ва иқтисодий асослари» номли илмий рисолам чоп қилинди. 2001 йилда «Илмга бағшида умр» номли илмий-адабий (мемуар) китобим босмадан чиқди. 2002 йилда эса манашу «Қисмат» номли тарихий-сатирик китобимни ҳамда «Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар» китобимни  ёздим. Мана эътибор қилган бўлсангиз ишсиз ўтирган пайтимда ишлаб юрган пайтимдагидан Ватанимга, ҳалқимга бир неча баравар кўп самара (фойда) берибман. Балки шунинг учун ҳам мени ишсиз қўйишгандир. 
Мухбир: -Ахмаджон ака, иқтисодий ва маънавий қийналаётган бир вақтингизда сатира, ҳазил қила олишингизга ҳайронман. Шунча пайтдан буён расман ишламасангиз катта оиланинг турмуши нима бўлаяпти, ҳозиргидай оғир шароитда қандай яшаяпсизлар?
Хоразмий  -Мен раҳбарлик қилаётган бир илмий лойиҳа Фан ва техника Давлат қўмитаси танловида ғолиб деб топлди, икки йилча шартнома асосида шундан озроқ маош олиб турдик. Асосан уйда мол боқамиз, деҳқончилик, заруратга қараб мардикорлик ҳам қиламиз. У-бу нарсаларимизни, айрим мулкларимизни ҳам сотдик. Иш қилиб нормал яшамаётган бўлсакда ҳозирча оч қолганимиз йўқ.
Мухбир: -Иқтисодий жиҳатдан бир амаллаб яшаётганингиз тушинарли. Лекин шундай бир йирик олим ҳалқ учун, давлат учун катта ишлар қилаётган бўлса-ю йиллаб ишсиз ўтирса, бунинг маънавий оғирлигига қандай чидай олаётганингизга ҳайронман!?
Хоразмий  -Бундай маънавий қийинчиликларга тариқат ибодатларини қилиш билан бардош бераяпман.
Мухбир: -Шариатдан ташқари тариқат бўйича ҳам ибодат қилар экансиз. У қанақа тариқат ва ибодат, тушинтириб бера олмайсизми?.
Хоразмий  -Мен «Нақшбандия» тариқатининг муриди сифатида унинг ибодатларини бажараман. Тариқат – бу руҳий камолатга, шу орқали Аллоҳга етиш йўлидир. У тўрт босқичда амалга ошади: Аввало шариат, кейин тариқат, кейин маърифат ва ниҳоят ҳақиқат. Тариқатга кирганларни сўфийлар дейдилар. Сўфийлик (ёки тасаввуф) ваҳдат ва тавҳид илми, яъни Аллоҳни севиш ва унга етишиш илми дейилади.
Мухбир: -Шариат билан тариқат орасида қандай фарқ бор?
Хоразмий  -Шариат мусулмончиликни камолга етказади, мақсади эса икки дунё саодати. Тариқатда эса руҳ тарбияланиб инсон комилликка эришади, мақсади Аллоҳга етиш, унинг дийдори.
Мухбир: -Қандай тариқатлар бор, Сиз нимага «Нақшбандия» тариқатини танладингиз?
Хоразмий -Тариқатлар кўп, фақат Ўрта Осиёнинг ўзида «Яссавия». «Кубровия», «Нақшбандия» каби тариқатлар бор. Менинг Нақшбандия тариқатини танлашимга асосий сабаб бу тариқатнинг «Дил ба ёру, даст ба кор!» яъни юрагинг (дилинг) Аллоҳда бўлсину, қўлинг ишда бўлсин деган шиори ҳисобланади.
Мухбир: -Муҳаммаджон ака, ҳар куни 5 марта шариат ибодати ва яна 5 марта тариқат ибодати билан машғул бўлсангиз меҳнат ва ижод қилишга вақтингиз кам қолмайдими?
Хоразмий -Шариат ва тариқат ибодатлари бир кунига 2 – 2,5 соатдан ошмайди. Лекин доимо таҳоратли, тоза юрасиз. Имонингиз мустаҳкам, иродангиз кучли бўлади. Ҳар қандай ёмон нарсадан узоқда юрасиз. Булар эса инсоннинг меҳнат қобилиятини оширади, ижод ва илҳомингиз кучаяди. Беш йилда шунча иш қилиш, турли хил жанрда олтита китоб ёзиш, булар осон нарса эмас. Бу ишларни қилишда менга тариқатим ибодатлари ёрдам бераяпти десам муболаға бўлмайди.
Мухбир: -Хоразм вилояти ҳокими ҳаж зиёратига борганингиз боис ишингиздан ноҳақ бўшатгани учун ёрдам сўраб мамлакат президентига бирнеча бор мурожат қилгансиз. Янглишмасам уларнинг барчаси яна айнан шу ҳокимнинг ўзига юборилган. Агар аризангиз президентга етиб борганида сизга ёрдами тегишига ишонасизми?
Хоразмий  -Ҳа, менинг аризам президентга етиб борганида менга ёрдами тегишига афсуски ишонганман. Бўлмаса бирнеча марта ёрдам сўраб мурожат қилармидим. Лекин аризани унга етказишнинг имконияти йўқ экан.
Мухбир: - Сиз кучли мутахасис, йирик олимсиз. Агар бошқа давлатларга катта миқдорда ҳақ тўлайдиган ишга таклиф қилишса борармидингиз? 
Хоразмий -Йўқ, бормасдим. Биринчидан мен Ўзбекистон фуқораси, Хоразм фарзандиман. Билим ва тажрибамни ҳалқимнинг фаравонлиги ва ватанимнинг равнақи учун сарфламоқчиман. Иккинчидан Нақшбандия тариқати ишонч ва сабрни ўргатади. Ҳақиқат тантана қилишига ишониб, қаноат ва сабр қилиб яшайман.
                                                                    *
Мухбир билан бўлиб ўтган бу мулоқатдан кўп нарсалар ойдинлашган бўлсада Муҳаммаднинг кўп йиллар ишсиз юришимга кўпчилик одамлар Хоразмийнинг ўзи сабаб деб ҳисоблашади ва қаерга бормасин уни қуйидагича саволлар билан кўмиб ташлашади. Муҳаммаднинг жавобларидан кўплари у ёки бу даражада қониқишса, айримлари қониқишмайди. Шу муносабат билан одамлар томонидан Муҳаммадга бериладиган асосий саволлар ва уларга унинг берадиган жавобларини баён қилишни лозим деб топдик: 
Савол –Ҳамма билади, ишсиз қолишингизнинг асосий сабабларидан бири ҳаж зиёратига борганингиз бўлди. Ҳажга бориш, намоз ўқиш каби ибодатларни пенсияга чиққандан кейин ҳам қилаверсангиз бўлмасмиди?
Жавоб –Ҳа ишсиз қолишимга асосий сабабларидан бири ҳаж зиёратига кетганим бўлди. Аввало мен ҳажга меҳнат отпускамга чиқиб, барча маҳкамаларнинг рухсати билан, ҳалол пулимга кетдим. Мен ҳажга тамошага эмас, эътиқод билан ибодат қилгани бордим. Каъбага бошимизни уриб Аллоҳдан гуноҳларимиздан фориғ қилишни, эл-юртга тинчлик, ватанимизга буюк келажак, раҳбарларимизга инсофу-адолат сўраб дуо қилдик. Мўътабар китобларда қайд қилинишича ҳожиларнинг дуоси ижобат бўлар экан. Шундай экан, эл-юртда ҳожилар кўпайса яхши эмасми.
Намозни мен кўп йиллардан буён ўқийман. Ҳаж, намоз, рўза булар ислом шариатининг талаблари ҳисобланади ва уларни 12 ёшдан (эркаклар учун) адо қилиш буюрилган. Ибодатингиз атрофингиздагиларга, ишингизга ҳалақит бермас экан, нимага пенсияга чиққунча (ҳеч кимга пенцияга чиққунча яшаш кафолати берилмаган) кутиш керак. Доима тоза, имонли бўлиб юриш яхшику.
Савол  -Бизда дин ўз йўлига, давлат ўз йўлига. Давлат хизматчиси бўлатуриб мақбара-ю, масжидлар қуриш нимангизга керак эди?
Жавоб  -Бузругларга  мақбара қуриш, улуғларга ҳурмат кабилар ўзлигини англаш ҳисобланади, булар эса маънавият дегани. На давлатга, на одамларга зарарим тегмай, биронта моддий манфаат кўзламасдан масжидлар қура олган бўлсам бу яхши эмасми.
Савол  -Хоразмда пленка остига чигитни президентимиз 10 минг гектарга экишни топширган бўлсалар айрим ёшуллилар 20 минг, айримлари эса 30 минг гектарга экамиз деб 5 минг гектар ҳам экмаганлар ва улар ҳозир ҳам катта-катта ишларда ишлашаяпти. Сиз ҳам ўша пайтда  плёнка остига чигит экишга қарши чиқмасдан 50 минг гектарга экиш керак деганингизда бирон жойингиз камайиб қолармиди?
Жавоб  -Мен Хоразмда пленка остига чигит экишга қарши чиқмаганман. Фақат мен Хоразм шароитида чигитни пленка остига экишнинг илмий асоларини ишлаб чиқмай туриб бу технологияни кўп минг гектарларга қўллаш айрим оқибатларни, ташкилий ва иқтисодий қийинчиликлар келтириб чиқариши мумкин деганман. Шу фикрим айрим ёшуллиларга ёқмай қолган. Лекин худдий мен айтгандай бўлди ҳам, буни ҳамма билади.
Савол  -Ғўза навлари ва агротехникасида ҳал қилувчи ролни (мутахасис бўлмаган) раҳбарлар эмас, мутахассислар ўйнамоғи керак деган сўзларни телевиденияда айтиш шартмиди?
Жавоб -Ҳамма ерда, хусусан қишлоқ хўжалигида ҳам ҳар бир шахснинг ўрни ва вазифаси бўлмоғи керак. Раҳбардан кадрларни танлаш, ишни ташкил қилиш, тегишли қарорлар қабул қилиш каби ишлар талаб қилинади. Шунинг учун ҳам бирон ташкилот ёки хўжаликка раҳбар қўйишда аввала унинг мутахассислиги эмас, ташкилотчилик қобилияти асос қилиб олинади.
Мутахассис эса ўз соҳаси (агроном дехқончиликка, зоотехник чорвага ва ҳакозо)га маъсул бўлиб пахта навларини жойлаштириш ва улар агротехникасига жавобгар шахс ҳисобланади. Кўпчилик ҳолларда пахта бўйича мутахассис бўлмаган (қурувчи, иқтисодчи, ўқитувчи) айрим раҳбарлар(раис, ҳоким)нинг малакасиз кўрсатмаси билан пахта агротехникасида жиддий камчилик ва хатоликларга йўл қўйилади. Бу хатоликлардан келадиган (асосан иқтисодий ва экологик) жабр ҳалқнинг гарданига тушади ва ундай кўрсатма берган раҳбарлар қолиб соҳа мутахассислари(агроном)га жазо берилади. Бундай  нохуш хатоларнинг бўлмаслиги (ҳеч бўлмаганда уларни камайтириш) мақсадида  булар тўғрисида китобларимда ёзганим, телевиденияда гапирганим бор гап.
Савол –УзПИТИ Хоразм филиалида қаердаги «ёзувчи»-ғаламисларга жой ўрни бериб анча-мунча ташвишга қолишингиз шартмиди?                               
Жавоб -Мен ЎзПИТИ Хоразм филиалида директор бўлиб ишлаганимда филиал ишчи хизматчиларидан 150 тасига, шулар ичида 4-5 та «ёзувчи»-ғаламисларга ҳам (тош билан урганни ош билан ур деган нақл асосида) жой ўрни бердик ва балога ҳам қолдик. Лекин, биринчидан кўп одамлар бошпаналик бўлиб қолди. Иккинчидан кўримсиз, ташландиқ бўлиб ётган жойлар обод бўлиб Урганч шаҳри шарққа томон сал кам ярим километрга кенгайди.
Савол –«Вакил»ни ёзганингиз етмаганидей «Илмга бағшида умр» номли китоб ёзиб кўпчилик ёшуллиларга тил теккизганингиз нимаси. С.Жуманиёзовага ўхшаб «Ҳур момолар», «Дарғалар» каби китоблар ёзсангиз бўлмайдими?
Жавоб  -Менинг «Илмга бахшида умр» номли китобим автобиографик (мемуар) асар бўлиб ундаги барча нарса ва воқеалар ҳеч ўзгаришсиз ёзилган, бировларни (ёшуллиларни) танқидлаш мақсад қилинмаган.
Савол -Кейинги китобларингизда, ихтироларингизда тупроққа минерал (химиявий) ўғитларни солишни чеклаш керак деб кўтарибсиз. Бу гап кўпчилик одамларга, айниқса ёшуллиларга ёқмаслигини билмайсизми? 
Жавоб  -Мен турли хил ўғитлар ва уларни тупроққа солиш борасида чорак асрдан кўпроқ жаҳоннинг кўп жойларида тинимсиз тадқиқотлар олиб борганман. Тадқиқотлар натижалари тупроқлар экологиясининг унга солинадиган кимёвий (минерал) ўғитлар таъсирида ёмонлашувини кўрсатмоқда. Она заминимиз бўлган тупроққа бўлган муносабатимиз кескин ўзгармаса маълум вақтлардан кейин уни (Орлга ўхшаб) бой беришимиз мумкин. Биз олимлар бундан билатуриб кўз юмсак (айтмасак, ёзмасак) бизни нафақат Худо, келажак авлод ҳам кечирмайди. Энди айрим ёшуллиларга келсак, улар кўпроқ келажакни эмас, режаларни ошириб бажаришни ва шунга боғлиқ равишда эгаллаб турган мансабида кўпроқ вақт туришни ўйлашади. Шунинг учун ҳам у тойифа ёшуллилар бизга ўхшаган олимларни ёқтиришмайди.
Савол  -«Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 5-сонидаги «Шароит, меҳнат ва натижа» номли мақолангиз учун айниқса Тошкентдаги ёшуллилар бошингизни силайди деб ўйлайсизми?
Жавоб  -Мен кейинги сал кам 20 йил ичида нафақат Хоразмда яшадим ва ишладим, шунингдек тинимсиз кузатиш ва тадқиқот ҳам олиб бордим. Бу изланишларим асосида Хоразм воҳасининг оғир тупроқ-иқлим ва экологик шароити ва бу муҳитнинг Хоразм ҳалқи саломатлигига етказаётган жиддий зарари ҳақида илмий асосланган материаллар йиғганман. Буларни илмий таҳлил қилиб мамлакатимизнинг энг нуфузли илмий-ишлаб чиқариш нашри бўлмиш «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 5-сонида «Шароит, меҳнат ва натижа» номли катта мақола эълон қилганман.
Бу мақолани айримлари ўқиб, кўплари эса бир-биридан эшитиб маълум шов-шувга сабаб бўлгани тўғри. Шу боис мақоланинг хулоса ва тавсия қисмларини айнан келтиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисобладик. «…Хоразмликлар юқорида баён қилганимиздай тупроқ-иқлим ва экологик шароити мураккаб ва оғир бўлган ҳудудда яшаб, меҳнат қилмоқдалар, мамлакатимиз иқтисоди учун зарур бўлган пахта, дон ва бошқа махсулотларни етиштирмоқдалар. 
Хоразм вилояти қишлоқ меҳнаткашлари томонидан бошқа кўпчилик минтақаларга нисбатан ортиқча моддий харажатлар ва тинимсиз меҳнат эвазига етиштирилаётган пахта, дон каби маҳсулотларнинг давлат томонидан сотиб олиниш баҳоси тегишли даражада оширилса, шунингдек оғир тупроқ-иқлим ва экологик шароитда яшаб меҳнат қилаётган Хоразм ҳалқи маошлари ҳам бошқа минтақаларга нисбатан тегишли даражада кўтарилса (индексация қилинса) мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ушбу муаммо тезроқ ижобий ҳал қилинса Хоразм ҳақининг, президентимиз тан олганидек ҳар куни қахрамонликлардан иборат бўлаётган дехқону-чорвадорларининг меҳнатлари муносиб қадирлагнган бўлар эди».          
Эътибор қилган бўлсангиз муаммонинг асосли, очиқ ва жуда кескин қўйлгани демасангиз менинг бошимни «силайдиган» жойи йўқ чамамда. Очиғини айтганда Хоразм (Ватан) учун, унинг ҳалқи учун битта Хоразмийнинг боши силанмаса нима бўпти.
Савол  -Йиллаб ишсиз ўтиргандан кўра ёшуллиларнинг олдига бориб кечирим сўраб ялининг, танишларини ишга солинг, бошқаларга ўхшаб «шапкасини» беринг ва ҳакозалар.
Жавоб -Ҳалқимизда «ўз хатосини англаб узр сўраш мардликдир» деган мақол бор. Лекин мен қайси қилган хатоларим учун кечирим сўраб ялинай?! Тўғрисини айтсам шунча йиллардан буён ўндан ортиқ катта-кичик мансабларда ишлаган бўлсам бирон марта ҳам «шапка» бермаганман. Балки «шапка» беришни билмаганим учун ҳам каттароқ «ёғли» ишларда кўп ишлаш насиб этмагандир, бунга эса афсусда эмасман. 
Муҳаммаднинг юқоридаги жавобларига эътибор қилган китобхон ҳам кўчиликка ўхшаб ҳар қалай Муҳаммаднинг ҳақ эканлигига ишонган бўлса ажаб эмас.
                                                                        *
Аввал қайд қилганидек, Муҳаммаднинг 2001 йилда «Хоразм» нашриётида чоп қилинган 26 босма табоқдан иборат ҳажмга эга бўлган «Илмга бағшида умр» номли автобиографик (мемуар) асари (сурат-7) чиққанидан кўп ўтмай Комил Нуржон бошлиқ бир гуруҳ ғаламислар ташаббуси билан қаттиқ таъқибга дучор бўлди. Улар тўқиган уйдирма бўйича гўёки бу китобда барча олиму-ёзувчи, ҳокиму-вазир, ҳатто мамлакат президенти ҳам танқид қилинган эмиш. Буни ўқиган китобхоннинг таассуроти ва фикри хафли томога ўзгариши мумкинлиги учун бу китобларни зудлик билан йиғиб олиш, муаллифни ва китобнинг нашр қилиниши билан алақодор барча одамларни жавобгарликка тортиш лозим эмиш.

Сурат-7. Илмга бахшида умр-2001
        Натижада вилоят ҳокимлигида комиссия тузилиб китобдаги ҳар бир боб, бўлим, ундаги факт, фикр ва мулоҳазалар чуқур текшира бошланди. Китоб нашри билан алоқодор бўлган ташкилоту-одамлар қаттиқ сиқувга олинди. 2001 йил феврал ойининг охирларида «Хоразм» нашриёти директори Ҳакимбой Нурметов уйига келиб: -Муҳаммаджон ака, бу китобнинг муаллифи сифатида аввало сиз, унинг нашр қилинишига алоқадор бўлган биз ҳам қамаладиган бўлаяпмиз. Агар сиз мардлик қилиб, «Нашриёт титули(рухсати)ни сохталаштириб (ёки ўғирлаб) олган эдим», деб тушунча ёзиб берсангиз сизга 1-2 йил қўшиб берилиб биз қамалмай қолар эканмиз”,  деган зоҳатиёқ Муҳаммад ҳеч иккиланмасдан шундай тушинчани ёзиб берди.
Бундан биринчи хабар топган ўғли Ойбек, турмуш ўртоғи Гулистонлар тинмай йиғлашар, Муҳаммад эса уларни тўхтата (юпата) олмай юраги қон бўлиб кетарди. Ва ниҳоят, аввало тепамизда буюк қудрат соҳиби бўлмиш Аллоҳнинг борлигини унутмаслик, ҳар бир нарса Унинг ҳоҳиш-иродаси билан бўлиши, агар менга хизматга-тухмат учун (ноҳақ) жабр кўриш қисмат қилинган бўлса унга рози бўлиб, яхши кунлар келишига умид қилиб яшаш лозимлигини тушинтиришга муваффақ бўлди. Ўзи келгаунича кимнинг нима билан шуғулланиши, нималарга кўпроқ эътибор бериш кераклигини ва асосан тушкинликка берилмасдан Аллоҳга дуо қилиб яхши кунларга умид ва сабр билан яшаш кераклигини таъкидлади ва ўзи ҳам сочларини олдириб тайёр турди…
Бу китобни ҳар томонлама ўрганиб чуқур таҳлил қилиб чиққан комиссия бир овоздан китобда келтирилган барча факт, фикр ва мулоҳазалар далил ва ҳужжатларга асосланганлиги, фақат улар бадийлаштирилмасдан жуда очиқ ва кескин ёзилганлигини қайд қилган.
Кўп ўтмай «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журналининг 2001 йил 2-сонида биология фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, профессор О.Х.Хасанов ва тасаввуфшунос олим профессор О.У.Усмоновнинг бу китобга расмий тақризи (сурат-8) эълон қилинди. Унда китоб М.Хоразмийнинг таржимаи ҳоли асосида юзага келган автобиографик (мемуар) асар бўлиб унинг кўп бўлимлари китобхон учун қўлланма бўлиб хизмат қилса, айримлари тарихга янги саҳифа бўлиб кирса ажаб эмас. Давр сиёсати, айрим раҳбарларнинг истаги ва фикрига қарши бориши, натижада жабр ҳам чекиши бир қараганда ибратли ҳол бўлиб туюлмасада, муаллифнинг бу ҳаракатлари Ҳақ ва ҳалқ манфаати йўлида қилингани учун жасоратли ибрат дейишга арзийди. Лекин афсуски, бу китоб жуда кам нусхада босилибди. Агар тегишли ташкилот (раҳбар)лар бу китобнинг кўп нусхада қайта нашр этилишини ташкил этсалар кенг меҳнаткашлар оммаси учун ҳам зарур ва фойдали иш қилинган бўлур эди,- деб таъкидланади. 

Сурат-8. Китобга ёзилган тақриз - 2001
Шунингдек бу китоб ҳақида «Қалб кўзи» (2001 феврал), «Даракчи» (18.10.2001), «Ўзбекистон овози» (5.97.2001), «Даракчи» (3.01.2002) каби мамлакатимизнинг қатор газета ва журналларда ҳам таниқли журналистлар томонидан ҳаяжонли ва илиқ сўзлар ёзилабошланди. Яқиндагина ғаламислар таъқибига учраган бу асар энди кўпчиликнинг севиб ўқийдиган китобига айланди.
                                                                              *
Муҳаммаднинг мамлакат президентига бирнеча марта ариза орқали, ҳатто ҳалқаро оммавий ахборот воситалари орқали ҳам мурожат қилиши наф бермади. Уларнинг биронтаси ҳам  президентга етиб бормай унинг маҳкамасидан жабрлавчи (кимнинг устидан шикоят қилинаётган бўлса унинг ўзи)га юборилар, улар бўлса «онангни қози урса додингни кимга айтасан» деб шикоятчиларнинг устидан кулишарди холос. Шундан кейин Муҳаммад бу борада ёрдам сўраб ҳеч кимга мурожат қилмасликка, фақат Аллоҳдан умид қилишга жазм қилди. 
Кўп йиллардан буён бу ҳодисалардан хабари бўлган қўшнилар, дўстлар, таниш-билишлар Муҳаммад учун юқори маҳкамаларга бориш ёки ёзма равишда мурожат қилиш учун кўп бор ҳаракат қилишган. Муҳаммад ҳар гал уларни: -Сизларнинг ҳаракатингиздан фойда эмас, зарар келиши мумкин - деб тўхтатарди. Ва ниҳоят улар Муҳаммадга ёрдам қилишни сўраб мамлакат президентига мурожат қилишган ва у қуйида айнан келтирилган.
Ўзбекистон республикаси президенти
ҳурматли И.А.Каримовга

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич! Сизнинг телевидения ва матбуот орқали «Нафақат қахрамонона меҳнати ва шунингдек ўз ҳаётини ҳам Ватан, ҳалқ ва Ҳақ йўлида хафга қўяоладиган одамлар қахрамон дейилади. Шундай одамлар бизнинг орамизда ҳам бор, фақат уларни кўрсатиш керак» деган оташин сўзларингиз ҳамманинг эсида.
Ватан, ҳалқ ва Ҳақ йўлида қилган ишлари билан Сизнинг юқорида айтган талабингизга бизнинг ҳамюртимиз профессор Муҳаммад Хоразмий жавоб беради деб ўйлаймиз. Унинг «Илмга бағшида умр» номли автобиографик китобида (бу китобни Сизга илова сифатида юбораяпмиз) баён қилинган ишлари бу фикримизга исбот бўлаолади.
У қишлоқ хўжалигида йўл қўйилаётган айрим камчилик ва нуқсонларга рўй-рост қарши чиқиб уларни фош қилувчи «Вакил» номли илмий-сатирик китоб ёзди. Бу китоби учун у ўзининг жабр тортишини биларди, лекин ҳалқ манфаатини ўз манфаатидан устун қўябилди. Бу китоби жасорат деб тан олинди ва унга «Жасорат-ла битилган рисола,…ёхуд иллат илдизига урилган болта» номли тақриз («Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» №5, 2000й.) ҳам ёзилди. (Унинг 2001 йилда чиққан «Илмга бағшида умр» номли китобини ҳам жасорат-ла ёзилган деса хато бўлмас). Бу китоб маҳаллий раҳбарларга ёқмади …ва М.Хоразмий «ўз аризасига биноан» ишдан олиб ташланди. Лекин у ишсиз ўтирган даврида ҳам қишлоқ хўжалиги ва экология муаммолари борасида тинимсиз тадқиқотлар олиб борди, ихтиролар яратди, қатор илмий мақолалару китоблар ёзди. Саҳоват бобида ҳам ҳалқ учун катта ишлар қилди.
Муҳаммад Хоразмийни мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларию унинг китоблари орқалигина эмас, биз уни шахсан ҳам биламиз. Илм ва ҳалқ манфаатлари йўлидаги қахрамонона меҳнатлари ва  жасорати таҳсинга лойиқ бўлган бу йирик олим – ҳамюртимиз Муҳаммад Хоразмий мана 4 йилдирки ишсиз ўтирибди. Бу борадаги ҳақиқат қарор топишида ёрдам беришингизни Сиздан илтимос қиламиз.
Кўплаган Хоразмликлар номидан:
82 ёшли меҳнат фахрийси Олланазар ота Сапаев, «Янги қадам» маҳалласининг оқсоқоли Б.Қутлимуротов, Олий тойифали ўқитувчи Ўринбой Сапаев, Қурувчи-уста Қадамбой Отажонов,  ва бошқалар.

Уларнинг бу аризаси ҳам худдий Муҳаммадникига ўхшаб президент маҳкамасидан ўша маҳаллий раҳбарларнинг ўзига юборилган. Улар эса аризагўйлар илтимосига эътибор ҳам қилишмаган. 
Шундан кейин, уларнинг айримлари президентнинг газета, журнал, радио ва телевидениядан адолат, инсон ҳуқуқлари ва ҳалқ манфаатлари борасидаги ёниб куйиб чиқишлари қуруқ гап экан дейишса, айримлари президент маҳкамасидаги айрим кимсалар ҳалқнинг норозилигини кучайтириш учун махсус қилишаяпти дер эдилар.

                                                                              *
           Кўпчилик дўстлари ва танишларининг: “Барча имкониятларни ишга солиб аризангизни президентга етказишга яна бир ҳаракат қилиб кўринг”, деган тавсияларидан кейин БМТ, Туркманистон, Россия раҳбарларига ва Ч.Айтматовлар номига хат ёзиб ўзининг икки энлик аризасини президентга етказишга ёрдам беришларини сўради. Буларнинг айримлари унинг аризасини Ўзбекистон президенти номига юборишган. Буларни ҳам хат ва шикоятлар бўлими Хоразм ҳокимлигига юборган....
             2002 йил февраль ойидан Олий Мажлиснинг “Омбуцман” кемитетига: -Президент номига ёзилган аризасининг президентга етмаётгани, бу борадаги ҳуқуқларининг поймол бўлаётганини ёзиб, бу борада ёрдам беришларини сўраб аввал ариза билан, кейин телеграмма орқали мурожат қилди. Буларга жавоб бўлмагач 2002 март ойида Омбуцманга ўзи келди ва афсуски ҳеч нарсага эришмади.
           2002 йил апрель ойида Президент девони ва Вазирлар Маҳкамаси фуқораларни қабул қилиш, хат ва шикоятларни кўриб чиқиш бўлимлариннг бошлиқларига ариза билан мурожат қилди. Аризасида мамлакат президентига бирнеча йиллардан буён ёзган қатор аризаларини айнан шу бўлим томонидан уни жабрлаган мансабдорларнинг ўзига юбориб одамларнинг истеҳзоли кулгусига сабаб бўлаётганларини ёзиб, ўзини президент қабулига киритишларини сўради. Улар навбатда турганлар кўп эканлигини айтиб бир ойдан кейин келишини айтишди.
           Май ойида Тошкентга келиб президент қабулхонасига учрашди. Қабулхонадаги хатни олиб қолувчи рус кишиси бўлганлиги учун унинг талаби асосида 3 бетдан иборат рус тилида ёзилган аризасини қолдирди.
           Кўп ўтмай Муҳаммаднинг аризасига президент девонидан эмас, нимагадир Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий-ишлаб чиқариш маркази(ЎзҚХИИЧМ)дан жавоб хати келди. Маълум бўлишича бу хат президент девони кўрсатмаси билан Филиалдаги бир грух “ёзувчи”-ғаламислар томонидан ижод қилинган экан. У хатда:
А.Хоразмий филиалга раҳбарлик қилганда якка ҳокимлик жорий қилинган.
Филиал худудидаги тажриба майдонлари ер участкаларига ажратилган.
Филиалнинг иқтисодий аҳволи ҳисобга олинмай унинг 70 йиллик юбилейи ўтказилган ва натижада филиал 1,75 млн сўм қарз бўлган.
А.Хоразмий ўз аризасига биноан ишдан озод қилинган.
А.Хоразмий ўз ҳақ-ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилсин, деб ёзилган эди.
Лекин аслини олганда (ёки жавоб ўрнида айтиладиган бўлса):
Муҳаммад филиалга раҳбарлик қилган даврида филиал илмий-техник кенгаши қарорига амал қилиб, анархияга йўл қўймади, тартиб ва интизомни талаб қилди. 
Филиал ҳудудидаги тажриба майдонларини эмас, кўп йиллардан буён ташландиқ ётган жойларни ер участкасига ажратиб беришларини сўраган ва бу ерлар ер назорати инспекцияси хулосаси асосида туман ҳокимининг қарори билан берилган..
 Ўша даврда филиални оёққа турғизиш мақсадида, унинг 70 йиллик юбилейини ўтказиш бўйича Вилоят ҳокими 1996 йил 3-октябрь қарорини қабул қилди. Қарор бўйича филиал ва унинг ҳудудини капитал таъмирлаш бўйича қилинадиган барча (сал кам 30 млн сўмлик) харажатлар хомий ташкилотлар зиммасига юклатилган эди. Муҳаммаддан кейинги директорларнинг уқувсизлиги боис филиал хомий ташкилот(вилоят йўл идораси)га 1,75 млн сўм тўлаган. 
. Ҳа, ҳаж зиёратига борганлари учунб вилоят ҳокими И.Юсуповнинг талаби асосида “Ўз аризаларига биноан” Муҳаммад - ЎзПИТИ Хоразм филиали директори ва вилоят ҳокими муовини Д.Рўзметова ишдан озод қилинган, буни барча билади. 
  Лекин ўз ҳуқуқларини деб уларни “Ўз аризаларига биноан” ишдан бўшатган вилоят ҳокими, бундай ноҳақликларга беписанд қараётган мамлакат президенти ва унинг маҳкамасини судга беришни Муҳаммад ўзига эп кўрмади. 

        Кулгили томони шундаки, ҳатто Муҳаммаднинг шу жавоб хатини ҳам президент девонининг маъсул (ва бефаросат)  ходимлари “Кўриб чиқиб жавоб ёзиш учун”, деб  Хоразм ҳокимлигига юборишибди. Хоразм ҳокимлиги ходимлари президент девонинг бу бефаросатлигидан кўп йиллар кулиб юришди. Шундан кейин адолатни тиклаш борасида бу бефораст бюрократларга мурожат қилишнинг фойдаси йўқлигини, фақат Яратгандан умид қилиш кераклигини тушиниб етди...

                                                                       10.5. Шарҳлар
1.      Мухлис
Романнинг бу боби трагедик бир асарга ўхшабди. Муҳаммаднинг ҳамшаҳарлари – Ибодулла ва Ислом ҳақиқий ноникўр эканлар. Шуни айтадилар ёмонга қилсанг яхшилик на айтади, на қайтади, деб.       Лекин Т.Досчанов деганига минг раҳмат.

2.     Сарвиноз Абдуллаева
Бу асрни йиғлаб-йиғлаб ўқидик. Комил Нуржон деганига ҳам Худонинг қўйган балоси бордир.  Асарда: «Бир жазманини кечасига меҳмон қилиш учун дачани сўради”. дейилган. Суратига қаранг, жазмани ҳам орқасида турибди, отанга лаънатнинг. Ёзган комментларига қаринг, эркакнинг шаллақисини биринчи кўришим.


3.     Мухбир
Ўткир Раҳматни танийман, лекин бунчалик аферистлигини билмагандим. Одам оласи ичида, деб шуни айтадилар-да. Лекин Муҳаммад ҳам роса боплаган экан уни, Муқумжонман, деб. Барибир газетани ва К.Нуржонни судга бериш керак эди. Катта миқдорда товон пули ундириш мумкин эди.

    Мухбирга
                            Ўтган кунлардаги Отабекка ўхшаб содда экансиз  оғайни. Буларни ташкиллаштириб ўтирган Ҳукумат(СНБ)нинг ўзи-ку. Судга берсин эди ҳеч нарсага эришмас эди. Аксига олса туҳмат қилди, деб ўзини қамашдан ҳам тоймас эди улар.

5. Rais
Ahmad domlaga bu sargardonligi ham kam. “Ozodlik”ka chiqishni kim quyibdi unga.Kimni qaramang uning uchun kuz yosh tukadi.

Анти Раис
                  Диққат! “Раис” номида Комил Нуржон чиқаяпти.   Эҳтиёт бўлмасангизлар шаллақилик қилишга тушади

 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2014-07-28)
Просмотров: 1143 | Комментарии: 2 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0