ХI-Боб
Тошкентга ҳижрат
Муҳаммаднинг Хоразмда йиллаб ишсиз қолиб ҳеч ердан адолат топаолмаганидан ташқари, унинг ҳаёти ҳам хаф остида қолди. Ҳеч бўлмаса ҳаётини асраб қолиш учун Хоразмдан пропискадан ҳам чиқиб зудлик билан узоғроқ бирон жойга ҳижрат қилиши лозим бўлиб қолди.
Нексия машинасини кира қилиб, оиласини олиб, ҳужжатлари ва ёш болаларининг кийимларини жойлаб, бор-йўғи 2 та сумка (чамадон) билан Тошкентга ҳижрат қилди. Чунки жуда эски ва авария ҳолатида бўлсада Тошкентнинг “Олмазор” маҳалласида аввал яшаган уйи бор эди.
Таниқли журналист Рўзимбой Ҳасаннинг тавсияси билан унинг курсдош дўсти, таниқли ёзувчи Набижон Боқийга учрашдиган бўлди. Уни ёзувчилар боғидаги дала ҳовлисидан топди. У Муҳаммадни аввал кўрмаган бўлсада, дарров таниди. Чунки у Муҳаммаднинг ижод ва фаолияти тўғрисида 1995 йилда “Оила ва жамият” газетасида каттагина (Муҳаммаднинг сурати билан) мақола эълон қилган эди.
Набижон Боқий Муҳаммаднинг кейинги тағдири ҳақида ҳам (Рўзимбой орқали) анча хабардор экан. Иш масаласида унга ёрдам қилишини, нафақат ўзи, ҳатто катта-катта ёзувчи-ижодкорларни ҳам ишга солишини айтиб Муҳаммаднинг чўкиб қолган кўнглини анча кўтарди.
Бир ҳафта ҳам ўтмай Муҳаммадни “Тафаккур” журналининг бош муҳаррири, Олий Мажлис депутати, таниқли адиб Эркин Аъзам таклиф қилди. У Муҳаммад билан самимий суҳбатлашиб дўсти, Тошкент Давлат Аграр Университети ректори Хасан Бўриевга телефон қилиб Муҳаммадни ишга олишини илтимос қилди.
Июль ойининг ўрталарига келиб, Муҳаммадни ректор суҳбатга таклиф қилди. Муҳаммад Хоразм ёшуллилари билан чиқишмай қолиши сабаблари, президентга қилган мурожатлари ва унинг натижалари ҳақидаги тафсилотларни ҳеч яширмасдан барисини айтиб берди. Ректор диққат билан қулоқ солиб: -Ҳа, анча қалтис нарсалар ҳам ўтган экан, сиз бир ҳафтадан кейин келинг, мен юқоридагилар билан (Х.Бўриев аввал Президент девонида ишлаган) маслаҳатлашиб кўраман ва қароримни айтаман-, деди.
Муҳаммад бир ҳафтадан кейин ректорнинг олдига кирди. У Муҳаммад борасидаги ҳамма нарсани ўрганганини айтиб, уни университетга ишга олишини айтиб, қаерларда қайси фанлардан дарс ўтганларини сўради. Муҳаммад агрокимё, тупроқшунослик, айниқса деҳқончилик мутахасисликлари бўйича талабаларга турли хил олийгоҳларда қатор йиллар дарс ўтганини айтди.
Ректор бўлса: -Агрохимия кафедраси мудири Б.Мусаев профессор эмаслиги, раҳбар сифатида ҳам жуда бўш ва уқувсиз эканлиги, шу боис кафедранинг иши яхши эмаслигини айтиб, Муҳаммадни шу кафедрага мудир қилмоқчилигини айтди.
Муҳаммад жамоа билан мутлоқа таниш эмаслигини айтиб, ҳеч бўлмаса 1-2 йил шароит ва ходимлар билан танишгунча бу маъсулятни қабул қилаолмаслигини айтди. Ректор Муҳаммадни тўғри тушинди ва агрохимия кафедрасида профессор бўлиб ишлаб туришига рози бўлди ва уни қабул қилиш бўйича кадрлар бўлимига кўрсатма берди.
11.1. Тошкент Давлат Аграр Университетда
Кафедрага мудирлик қилаётган доцент Ботир Мусаев билан Муҳаммад таниш эмасди. Кадрлар бўлими бошлиғи Б.Мусаевга телефон қилиб, унинг кафедрасига профессор ишга келаётганини айтиб, энди агрохимия кафедрасига ҳам магистрлар олиш имкони туғилгани билан қутлади.
-Мусаев телефонда кадрлар бўлими бошлиғига кафедрада ўрин йўқлигини айтиб, Муҳаммадни бошқа кафедрага ўтказишни таклиф қилди. Кадрлар бўлими бошлиғи Ш.Юсупов қатъий оҳангда: -Хоразмий агрохимия кафедрасида профессор бўлиб ишлайди, ректорнинг буйруғи шу!- деб гапни кесди.
Сурат-1. Проф. М.Хоразмий ва С.Кожахметов ТошДАУ олдида.
Кафедра жамоаси билан ишлаш жараёнида кафедра аъзоларининг кўплари ўзига хос оғир характерга эга бўлиб, ташқаридан қараганда жуда иноқ бўлиб кўринишсада, яқиндан қаралса, унинг акси эканлиги билиниб турарди. Бу кафедрада эскидан ишлаб келаётган доцент Б.Ражабовнинг айтишича, Профессор Пирахуновдан кейин бу кафедрага профессор Х.Махсудов, Л.Ғофуровалар ҳам мудир бўлишган ва улар бу жамоадан зўрға қочиб қутилишган экан. Шу боис бўлса керак, Муҳаммад бу кафедрага раҳбарликни қабул қилмай тўғри қилганига ич-ичидан қувонарди.
Бу ергача турли хил жамоаларда ишлаб тажриба ортдирганиданми, улар билан тез чиқишиб кетиш Муҳаммад учун қийин бўлмади. Муҳаммад асосан магистрларга дарс ўтарди, уларнинг диссертацияларига раҳбарлик қилиш ишлари билан шуғулланарди.
Муҳаммад ўтаётган дарсларнинг ҳаммаси янги фанлар бўлиб, кеча-кундуз тинмай улар учун намунавий дастурлар, маъруза матнлари, ўқув қўлланмалар ёзиш ва далада тажрибалар ўтказишга тўғри келди (сурат- 2).
Шу боис бу ерда ишлаган 2 йилдан ортиғроқ вақт мабойнида отпуска (дам олиш) нима эканлигини билмай, кунига 12-14 соат ишлашга тўғри келган. Натижада фақат шу (2 йил) даврда 10 дан ортиқ илмий мақола, 2 та ўқув, 3 та ўқув-услубий қўлланма ва қатор янги намунавий дастурлар ёзди.
Муҳаммад турли вилоятлардан келган 4-5 та магистрга дарс ўтарди. Булар ичида Тохир Тошхўжаев деган магистр сергаплиги ва ўзини анча баланд тутиши билан ажралиб турарди. Кўп ўтмай бу магистр камгап бўлиб қолди ва Муҳаммаддан ҳадиксираётгани сезилабошлади.
Шу тариқа ойлар кетидан ойлар ўтди. Тохир Муҳаммаддан ҳадиксирамай қўйди, аксинча, аста-секин унга яқинлашиб, у билан онда-сонда ҳазиллашадига ҳам бўлди. Шундай кунларнинг бирида Тохир: -Домла ёзган қизил китобингизни бизгада беринг, биз ҳам ўқиб кўрайлик - деб қолди.
Муҳаммаднинг 2001 йилда нашр қилинган қизғиш рангли “Илмга бахшида умр” номли меъмуарининг 1-томини кўпчилик “Қизил китоб”, ҳам дейишарди. Муҳаммад бунга ҳайрон бўлиб: -“Қизил китоб” ҳақида сен қаёқдан биласан?” - деди.
-У китоб ҳақида адам айтиб берганлар, у киши Апарат(Президент Маҳкамаси)да ишлайдилар – деди Тохир. Энди Муҳаммад ундан ҳадиксирай бошлади.
Масала бундай бўлган экан. Муҳаммаднинг 1-2 дарсига келган магистр уйида адасига: -Бизни Агрохимиядан профессор Хоразмий, дегани ўқитаяпти, кучли домла экан - деб қолибди. Бундан Президент Маҳкамасида, Хайриддин Султоновнинг муовини бўлиб ишлаётган адаси – таниқли журналист Ахмаджон Тошхўжаевнинг капалаги учиб кетган.
-Ундан эҳтиёт бўлинглар. Ўзининг қизил китобида Оқсоқол(Президент)ни обориб-обкелган. Салгина бир нарсани сезсангизлар дарров хабар қилинглар. Ёки уни Университетдан йўқлаймиз, ёки сени бошқа ёққа ўтказиб юборамиз - деган экан.
Тохир Тошхўжаев магистратурани битиргандан кейин кафедрада аспирантурага қоладиган бўлди. Юқоридан дарров аспирантурага жой ҳам қилиб беришди. Фақат илмий раҳбар масаласини ҳал қилиш қолганди.
Тохир Муҳаммаднинг олдига кириб дангалига кўчди.
-Домла, мен тезроқ номзод бўлишим керак. Ҳимоя қилган заҳотим адам Апаратга ишга жойлаштирмоқчи. Менга раҳбар бўлсангиз ва диссертацияни ёзиб берсангиз, деб илтимос қилмоқчи эдик. Хизмат ҳақингизни пул биланми, мансаб биланми, рози қиламиз - деб қолди.
-Муҳаммад ўзини зўрға босиб: -Аввало мен аспирант олаолмайман, чунки ишларим жуда кўп, буни ўзинг ҳам яхши биласан. Қолаверса, сен аспирантурада номигагина ўқиб, тадқиқотларингни мен қилиб, диссертациянгни мен ёзиб берадиган бўлсам, мен сенга расмий равишда илмий раҳбар бўлмайман. Чунки сен ҳам “Пирохуновнинг аспирантлари” типидаги олим бўласан ва раҳбаринга обрў эмас, иснод келтирасан – деб у билан хайрлашди.
Сурат-2.ТошДАУ, Агрохимия кафедраси аъзолари. 2004
Ўрни келганда “Пирохуновнинг аспирантлари типидаги олим”, тушинчасини очиқласак. Профессор Тешавой Пирохунов билан Муҳаммад бир устоз(академик С.Н.Рижов)нинг шогирдлари бўлишган. У киши Ўзбекистондаги энг кучли агрохимиклардан бири эди. Кейинги пайтлар Агрaр университетнинг Агрохимия кафедрасига мудирлик қилганди.
Шу кафедрада эскидан ишлаётган доцент Бобоқул Ражабовнинг таъкидлашича, Пирохунов 60 дан ортиқ аспирант чиқарган. Қалами ўткир, бироқ кўнгли бўш одам бўлган. Илмга салоҳияти борми-йўқми, деб ўтирмай ким тўғри келса, ёки ким илтимос қилса раҳбар бўлаверган.
Натижада катта кўпчилик аспирантларининг диссертациясини бошдан-оёқ ўзи ёзиб берган. Бу эса уларнинг қоғозда олим, амалда эса золим (чала олим) бўлиб қолишларига сабаб бўлган. Шу сабаб қайси доцент (домла) чаласаводроқ бўлса: “Ҳа, Пирохуновнинг аспиранларидан кўринасан”, деган иборанинг пайдо бўлишига олиб келган. Ҳатто бу иборани Университет ректори Шайхов ҳам ишлатар экан.
Бобоқул Ражабовнинг айтишича профессор Пирохунов қалами ўткир ва илми кучли бўлгани билан талабаларга маъруза ўқий олмас экан. 90 минутлик маърузаси 15 минутда тугаб қолар, бунинг устига яхши нотиқ бўлмагани боис, талабалар “тушинмадик”, деб хархаша қилшар экан. Шу боис унинг дарсларини Б.Ражабов ва бошқа доцентлар ўтар экан.
Ўзбекистондаги яна бир кучли олим ва ташкилотчи, профессор Тожиддин Зокиров ҳам маъруза ўқишдаги нотиқлик санътининг юқори эмаслиги учун университетни тарк қилиб Агрохимия ва Тупроқшунослик илмий-тадқиқот институтига ўтиб кетганди. Ва у ерда узоқ йиллар раҳбар бўлиб фундаментал ишларни амалга оширганди.
Айтмоқчиманки, маъруза ўқиш ҳам катта бир санъат ҳисобланади. Расулуллоҳ: “Кучли нотиқнинг нутқи (маърузаси)да сеҳр бўлади ва тингловчини сеҳрлаб (ўзига ром қилиб) қўяди”, деб бекорга айтмаганларига иймон келтирасан киши.
Муҳаммаднинг илмий раҳбар бўлишдан бош тортганини эшитган Тохирнинг отаси: -Ўзбекистондаги истаган бир катта олим сенга жон деб раҳбар бўлади - деб ўғлини юпатишга киришган.
-Эрка ўғил эса: -Сиз айтган катта олимларнинг кўпчилигида ўқиб кўрганман. Хоразмийдан бошқа раҳбар бўладигагн бўлса аспирантурани ўқимайман - деб туриб олган.
Орадан кўп ўтмай унивeрситет ректори Хасан Бўриев Муҳаммадни чақириб шу йигитга илмий раҳбар бўлишини илтимос қилди. Муҳаммад жуда бандлигини рўкач қилмоқчи бўлди. Ректор эса: -Керак бўлса дарсларингизни бошқалар ўтади. Сиз аспирант билан шуғулланасиз - деб гапни кесди.
Сурат-3 . Проф М.Хоразмий раҳбарлигидаги дала тажрибасидаги тадқиқотда. ТошДАУ, 2003
Муҳаммад тўғрисини айтишга мажбур бўлди: -Мен амалдор oтасининг орқасидан ўқийдиган эмас, том маънода олим бўлишни орзу қилган аспирантга раҳбарлик қилмоқчи эдим - дедим.
-Ректор эса: -Aспирант отаси билан олдингизга боради, шартларингизнинг барисига рози бўлсаларгина раҳбар бўлинг - деди.
Эртасига Президент Давлат маслаҳатчисининг ўринбосари, Ахмаджон Тошхўжаев ўз хизмат машинасида Муҳаммаднинг олдига келди. Президент Маҳкамасига қарашли машинанинг кутилмаганди университет ҳовлисида пайдо бўлиши университет раҳбарияти ва деканларнинг зир югириб қолишига сабаб бўлган.
Аспирантнинг отаси Муҳаммад билан қуюқ сўрашиб бўлганидан кейин:
-Ўғлимга оталик (Устозлик) қилишингизни илтимос қилиб келдим. Ўғлимнинг профессор Хоразмийнинг шогирди бўлишлиги биз учун катта шараф. Агар эскичасига айтадиган бўлсак, шу кундан бошлаб ўғлимнинг суяги бизники, гўшти сизники - деди. Муҳаммад унга устоз бўлишликга розилик берди.
Бундан икки йил олдин ўғлига: -Қизил китобида Оқсоқол(Президент)га тил теккизган Хоразмийдан эҳтиёт бўлгин! - деган одамнинг ўзи ўша Хоразмийнинг олдига келиб, ўғлига маънавий ота (устоз) бўлишини илтимос қилиб туриши, бу ҳам Аллоҳ қудратининг бир кўриниши эди...
Икки оғиз Муштумзўр талабалар ҳақида. Таълим системасида, камдан-кам бўлсада домлани қўрқитиб баҳо олиш ҳолатлари ҳам учрайди. Шундай ҳолатга 2004 йили Муҳаммад ҳам учради.
Муҳаммад касб-ҳунар педагогикаси мутахасисликларига дарс ўтганида Миржалол исмли Тошкетлик бир олифта талаба, домла аудиторияга кирганда барча талабалар ўрнларидан туриб салом беришса у ўрнидан ҳам турмасди. Бунинг устига дарсга ҳоҳлаган пайтда кириб, ҳоҳлаган пайтида чиқиб кетарди.
Бу Муҳаммаднинг асабига тегабошлади ва Муҳаммад унга қараб: -Миржалол, сен дарсда ўзингни шундай тутишда давом қиладиган бўлсанг, яхшиси менинг дарсимга кирма - деди.
У бўлса: -Нима, бу аудиторияни сиз сотиб олганмисиз? - деди. Бунга барча талабалар кулиб юборишди. Муҳаммад у билан мулоқатни давом қилдириш бефойдалигини тушинди ва деканга кириб: -Бу талабангизни одам қилиб беринг, ё-да менинг дарсимга кирмасин. Акс ҳолда ректорга билдиришнома киритиб буларга дарс ўтмайман - деди. Шундан кейин бу талабани декан унинг дарсига киритмади.
Сессия бошланганидан кейин декан Муҳаммаднинг олдига келиб: -Домла, бу ота тарбиясини кўрмаган (отаси буларни ташлаб кетган экан) безорига баҳосини қўйиб қутилганингиз яхши. Унинг онаси аввал СНБ да ишлаган, ҳозирда МинВУЗнинг кадрлар бўлимида ишлайди. Ўзидан катта акаси безорилиги учун қамоқда ўтирибди. Сизга бирон хаф туғдиришдан ҳам қайтмайди улар - деди.
-Муҳаммад эса: -Хавотир олманг, бунақаларнинг кўпини кўрганман - деди.
Ўз билими билан, пул билан ёки таниш-билиш орқали имтиҳондан ўтишига кўзи етмаган Миржалол, Муҳаммадни қўрқитиб баҳо олиш куйига тушади. Муҳаммаднинг кабинети 4-қаватда эди. Иши кўплигидан ҳар куни 8-10 гача ўтирарди. Имтиҳоннинг эртасига, кеч соат 8 яримларда ўзининг бесўнақай иккита ўртоғи билан Муҳаммаднинг кабинетиига кириб келишди.
Учаласидан ҳам ароқнинг ҳиди анқиб турарди. Юзлари чандиқли, сигаретни тишлаб турган ўртоғи (Босс) Муҳаммадга бармоғини бигиз қилганича Миржалолга қараб: -Жалли, манашуми, сен айтган домла - деди.
Тўғрисини айтганда Муҳаммад бундай кутилмаган ҳолатдан анча довдираб қолганди. Ўзини булардан қўрқмаётгандай кўрсатишга ҳаракат қилиб, беписандлик билан: -Ўтиринглар йигитлар - деди. Улар ўтиришди.
Сурат-4. Профессор М. Хоразмий Аграр университет талабаларига Агрохимиядан маъруза ўқиш жараёнида.
-Сизларнинг режаларингиз хом ишланган. Менга бирон зиён етказиб, осонликча қутилаолмайсизлар. Бу ерга кирганингиздан пастдаги қоравулнинг ва комендантнинг ҳам хабари бор. Мастлигингизни сезишган бўлса милицияга хабар қилган бўлишлари ҳам мумкин – деди Муҳаммад.
Улар аввалги шаштидан анча тушишди.
-Сизга зиён етказишга эмас, сиз билан эркакчасига гаплашгани келдик - деди улар. Улар пасайган сари Муҳаммад кучга минабошлади.
-Эркакчасига кетадиган бўлсак, Миржалол кинг боксчасигами, боевой курашчасигами, олишиб кўрсин мен билан. Сизлар эса эркакчасига ҳакамлик қилинглар. Агар у ғолиб бўлса, айтган баҳосини қўйиб бераман - деди.
Муҳаммад ўқитган кўп талабалар унинг китобларидан Муҳаммаднинг спортчи-полвон бўлганини, айрим пайтлар тўполонни сотиб ҳам олганини билишарди. Бунинг устига, Миржалол Муҳаммаддан гавдалик ҳам эмасди. Шу сабаб бўлса керак ундан садо чиқмади.
-Жалли, чиқмайсанми, бирга-бир - деди босс ўртоғи. У ҳамон ер чизиб ўтираверди. Босс Миржалолга қараб: “Сўтак!” деди-да Муҳаммадга ўгирилиб: -Домла, сиз ҳам ўзимизга ўхшаган эркаклардан экансиз. Жалли бизнинг укалардан бўлади, биз эса Ғофур аканинг укаларидан бўламиз. Эркакчасига айтинг шартингизни, нима қилсак бунга баҳосини қўйиб берасиз? - дийишди.
-Менинг иккита шартим бор - деди Муҳаммад. -Биринчиси, домлаларга қиладиган бунақа олифтагарчилигини ташлайди. “Домла (Устоз) отангдай улуғ”, деб бекорга айтилмаган. Иккинчиси, яхшилаб ўқиб келади - деди.
-Майли, шартларингизни қилади, қачон келсин имтиҳон топширишга - деди босс. -Бугун, эртага яхшилаб ўқиб индинга келсин - деди Муҳаммад. Улар Муҳаммаддан узр сўраб хайрлашиб чиқиб кетишди.
Индинига Миржалол келди Муҳаммаднинг олдига. Аввалги олифтагарчилигидан асар ҳам йўқ эди.
-Ўқиб келдим, домла - деди ерга қараб. Муҳаммад унга 5 та савол ёзиб берди. 2 тасига озми-кўпми жавоб бергандай бўлди, қолган 3 тасига жавоб бераолмади. Ҳар қалай астойдил ўқигани сезилиб турарди.
-Бу жавобларинг ижобий баҳога етмайди. Яна кўпроқ ўқиб келган, имтиҳон ведомостини топширмай тураман - деди.
-Эртасига келиб: -Кечаси билан ухламай ўқидим, домла - деди Миржалол.
Савол-жавоблардан унинг астойдил меҳнат қилгани билиниб турарди. -Билиминга – 3, олифтагарчиликни ташлаганингада бир балл қўшаман, мана “4”, деди-да, зачеткасини олдига улоқтирди профессор.
Талаба ўзида йўқ шод эди. Қўлини кўксига қўйганича чиқиб кетаётиб: -Ҳа, айтгандай, ойим сизга салом айтдилар. Домланинг нима хизмати бўлса, бош устига, дедилар - деди.
Муҳаммад кўпича магистрларга дарс берарди. Булар ичида Университет проректори профессор Бакриддин Зариповнинг ҳам қариндоши бор эди. Б.Зарипов билан 1972-1975 йилларда Академгородокда, бир бинода (лекин ҳар хил Институтда) илмий ходим бўлиб ишларди. Пахта, сабзавот, мева теримига бирга чиқарди. Кейинчалик Б.Зарипов Узбекистон Миллий Университетда декан, проректор бўлиб ишлади. Ундан Президент Маҳкамасига кўтарилиб кетди ва Давлат маслаҳатчиси М.Умурзоқов билан қора рўйхатга тушди ва Москвага кетиб жон сақлаганди.
Билими анча паст бўлган бу магистр дарсларга кам келар, ўзини баланд тутар, айрим домлаларни писанд ҳам қилмасди. Имтиҳон пайтида Б.Зариповнинг ҳурмати учун Муҳаммад унга “4” қўйди. У бўлса: -Зачеткамни кўрмайсизми, ҳаммаси “5”, нимага паст баҳо қўйдингиз. Энди “5”ни уйимга бориб қўйиб берасиз, керак бўлса - деганича ўдағайлаб чиқиб кетди.
Кўп ўтмай магистратура декани қўнғироқ қилиб: -Домла, бу йигит юқорига тааллуқли. Мана, янги ведомостни бериб юбораяпман. Баҳосини зудлик билан ўзгартириб беринг, шунда ўзингизга яхши бўлади - деди. Магистрнинг ўдағайлаб кетгани, бунинг устига деканнинг бу гапи ўлганнинг устидан тепгандай бўлди.
“Ҳа, қўймас экансиз-а”, дегандай қилиб ведомостни “тўп” қилиб домла(профессор)нинг олдига қўйди магистр. Муҳаммад ўзини зўрға босиб: -Баҳони албатта ўзгартирамиз. Фақат билетни олиб саволларни ва ўз жавобларингни мана шу оқ қоғозларга ёзгин - деди.
Магистр билетни олди-да саволларини ўқиб кўриб, ёқмади шекилли, уни қўйиб бошқа билетни олди. Муҳаммад эса унга имтиҳон билетини ҳар алмаштирганида баҳоси бир баллга камайишини эслатди.
Билетдаги саволларни олдидаги қоғозга ёқмайгина ёзди. Кейин сумкасидан китобларни олиб жавобларини кўчиришга тутинди. Муҳаммад эса қатъий оҳангда: -Бу мумкин эмас! - деди ва олдидан ҳеч қаёққа жилмади.
Билетдаги саволларнинг биринчисига, бир тоғдан, бир боғдан қилиб 3-4 жумла бир нарсалар ёзган бўлди. Қолган саволларига ҳеч нарса ёзаолмади ва: -Буларни билмайман - деди.
-Муҳаммад эса: -Бунинг зарари йўқ. Расмият учун жавоб ёзиладиган жойига “Билмайман”, деб ёзгин-да имзо қўйиб қоғозларингни менга бер - деди. У шундай қилди.
Муҳаммад магистрнинг зачеткасига ва ведомостга: “Баҳоси -1”, деб ёзди-да имзо қўйди ва: -Манабулар (унинг жавоблари) имтиҳон топширганинг ҳақидаги ҳужжат, буларни сақлаб қўямиз. Билет бўйича жавобларинг қониқарсиз – яъни 2. Қайта билет олганинг учун бир балл қайтамиз. Ва шундай қилиб баҳонг -1. Манабулар (зачетка ва ведомост)ни деканинга топшир - деди-да магистр билан хайрлашди.
Магистрнинг олган баҳоси ҳақидаги тафсилот Университетга яшин тезлигида тарқалган. Айрим ҳамкасблари: -Домла буни чатоқ қилибсиз, энди сизга қийин бўлади – дейишса, айримлари: -Жуда боплабсиз, таслим бўлманг энди - дейишарди.
Муҳаммад деканатдан ёки ректоратдан чақириб қолади, деб кутиб юрди. Икки кун ўтсада жим-жимтлик, ҳеч ким йўқламади. Учунчи куни проректор Зарипов чақиртириб Муҳаммадни жуда хушмомуалик билан қарши олди.
-Университет қошида Республика қишлоқ хўжалик музейини ташкил қилаяпмиз. Шунга ташкилотчи ва принципал бир раҳбар керак. Сизнинг номзодингиз маъқул кўринди бизга - деди.
Муҳаммад бундай юксак ишонч учун миннатдорчилик билдириб чиқиб кетаётганида тўхтатиб: -Ҳа, айтгандай, анаву магистрни боплабсиз. Деканларми, ким илтимос қилсада баҳо қўйманг. Магистрнинг ўзи ўқиб топширсин, акс ҳолда ҳайдаймиз уни - деди қатъий оҳангда. Ва: -У ярамаснинг ота-онаси, қариндошлари (яъни ўзи) яхши одамлар. Яхшилаб ўқиб борса сал ёрдам қиларсиз балки - деди кўзларини Муҳаммаддан яшириб.
Магистр роса кечирим сўради, тер тўкиб ўқиди. Шундан кейин зўрға “3” олди. Ўша магистр: -Бу “3”, зачеткамдаги барча “5”лардан қимматлироқ мен учун - деб юрар экан.
Дарслар тугаб имтиҳон бошланишдан олдин тегишли факултет декани қўлингизга имтиҳон ведомостини бераётиб: -Манабулар юқорининг одамлари, имтиҳонга келмайди, лекин юқори баҳо қўйилиши керак. Манабулар имтиҳонга келишади, лекин йиқилмасликлари керак - деб ведомостга белгилаб беради. Белгиланганларнинг сони айрим пайтларда умумий имтиҳон топширувчиларнинг ярмига яқинлашиб қолади.
Деканлар бундай кўрсатмани катта кўпчилик домлаларга (пул оладиганларга) ҳукм сифатида, ҳатто ўдағайлаб айтади. Жуда кам сонли (пул олмайдиган) домлаларга эса илтимос сифатида, ҳатто ялиниб айтади. Бунда белгиланган(ўтадиган)лар сони ҳам жуда кам – 10-15 фоиздан ошмайди.
Сурат-5. Профессор Муҳаммад Хоразмий Аграр университет магистрларига дарс ўтиш жараёнида.
2004 йил ёзги семестрда касб-ҳунар педагогика факултети 2-курс талабаларига “Агрохимия” фанидан маърузалари тугагандан кейин декан имтиҳон ведомостини бераётиб: -Жон домла, илтимос, ҳеч бўлмаса манашуларни ўтказиб беринг, бариси жуда юқориники - деб бирнеча талабаларни белгилаб берди.
Бу талабаларнинг кўпчилиги лоқал бирон марта ҳам дарсга келмаганлар бўлиб, старостанинг айтишича айримлари деканга ва Университет раҳбариятидагиларга тегишли экан. Имтиҳонга келмасада “5” қўйилиши кераклари Президент махкамасида ишлайдиганларнинг кимларидир экан.
Муҳаммад имтиҳондан буларнинг биронтасинида ўтказмади ва деканга ведомостни топшираётиб: -Имтиҳондан ўтмаганларнинг қандай даъвоси бўлса менга юбораверинг - деди.
-Декан эса астойдил куюнганича: -Э, домлажон-а, бу билан бирон нарсани ўзгартираолсангиз-ку яхши эди-я. Сиз имтиҳондан ўтказсангиз-да, ўтказмасангиз-да бу талабалар университетга келмай ўқиб, ҳатто қизил диплом ҳам олиб кетишади. Фақат ёмон кўринганингиз қолади, холос - деди.
Шундан 3 ой ўтар-ўтмас, Университет домлаларини аттестациядан ўтказиш бўйича Ҳукуматнинг 415-қарори чиқди. Муҳаммад Агрохимия ва тупроқшунослик бўйича қатор илмий монографиялар, ўқув-методик қўлланмалар, ихтиролар муаллифи бўлиши ва мамлакатда агрохимия соҳаси бўйича нафақага ёшига етмаган ягона профессор бўлсада, университетдаги 40 дан ортиқ профессордан биргина уни “Ўйнашмагин арбоб билан, урар арбоб ҳар боб билан” мақоли асосида: “Аттестациядан ўтмади”, деган баҳонада ишдан бўшатишди.
11.2. Тупроқ экологияси учун
Муҳаммаднинг агрохимикатларнинг тупроқ экологияси ва унумдорлигига салбий таъсири борасидаги кўп йиллик тадқиқотлари асосида оммавий ахборот воситалари (газета, журнал, китоб, радио, телевидения) орқали йиллаб чиқишлари самара бермади. Бу борадаги ҳозирги бир йиллик кечикиш, келажакдаги ўн йиллик йўқотишга сабаб бўлишини билгани, Муҳаммадни бу борада дадил ва кескин ҳаракатлар қилишга ундарди.
2003 йил февраль ойида мамлакат президентига бу борада хат (таклиф) таёрлади. Уни аввал агрохимия кафедрасида Б.Мусаев, С.Кожахметов, Б.Ражабовлар иштирогида муҳокама қилди. Булар асосан аудитория агрохимиклари бўлганликлари учун бўлса керак, кўтарилган муаммонинг моҳиятига ҳам тушинмадилар.
Проф. Л.Ғофурова буни танловда қатнашадиган проектлар орқали ҳал қилишни таклиф қилди. Проф. Б.Зарипов бўлса бунга ўхшаган долзарб муаммоларга президент маҳкамасидагилар эътибор билдиришларига шубҳа билдирди ва шундай бўлсада бир ҳаракат қилиб кўрш кераклигини маслаҳат берди.
Бу хатни Университет ректори Х.Бўриев ва Муҳаммаднинг имзолари билан таёрлаб Бўриевга киритди. Ректор унга: “Ҳожати йўқ. 17.02.2003” деб имзо қўйибди ва ёрдамчисига: -Бундай хатлардан тийилгани маъқул. Чунки бундай хат(таклиф)ларнинг нафақат муаллифларга ҳатто университетга ҳам зарари тегиши мумкин. Буни Хоразмийга секин айтиб қўйгин - дебди.
Муҳаммад бу хатни Х.Бўриев бошқа ишга ўтганидан кейин, ўз номидан президентга юборди ва у қуйида айнан келтрилади.
Ўзбекистон Республикаси президенти академик И.А.Каримовга мурожат
Ҳалқнинг фаравонлиги аввало мўл-кўл ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларининг етиштирлиши билан боғлиқ. Бундай маҳсулотларнинг асосий қисми ер(тупроқ)да ўсадиган ўсимликлардан олинади. Маълумки, ер юзининг кўпчилик мамлакатларидаги каби бизда ҳам экинлардан олинадиган ҳосилнинг асосий қисми кимёвий моддалар – минерал (кимёвий) ўғитлар ва пестицидлар қўллаш эвазига олинади.
Бу кимёвий моддаларнинг тирик организм ва биосфера экологияси учун ниҳоятда хафли эканлигини билсакда, режа ва ҳосилдорлик асосий шиор бўлганлиги учун уларни олимлар тавсия қилган меъёрларга нисбатан ҳам бирнеча баравар кўп ишлатилгани кўпчилик қишлоқ аҳлига маълум. Натижада бу агрохимикатлар айниқса кўп ишлатилган (Хоразм воҳаси каби) минтақалар аҳолиси саломатлигининг ёмонлаша боргани ҳеч ким учун сир эмас.
Кейинги йилларда бу жараёнда айрим ижобий ўзгаришлар бўлаяпти. Пестицидлар қўллаш анча камайди, ўсимлик зараркурандаларига қарши курашнинг нокимёвий (биологик) усулларига эътибор ошаяпти.
Афсуски, тупроқ экологиясини бузаётган асосий кимёвий модда – минерал (кимёвий) ўғитлар тўғрисида бундай ижобий фикрни айтиб бўлмайди. Аксинча, деҳқонларимизнинг қишлоқ хўжалигига берилаётган минерал ўғитларнинг миқдорини янада оширишни таклиф қилишаётгани сир эмас.
Бунинг сабаби бор албатта: Олинаётган ҳосилнинг (ва шунингдек даромаднинг ҳам) ярмидан кўпроғи айнан шу кимёвий (минерал) ўғитларни қўллаш эвазига олинаяпти. Мамлакатимиз аҳолисининг асосий қисми шу кимёвий ўғитларни қўллашдан олинаётган ҳосил ҳисобига боқилаяпти. Она заминимиз (тупроқ) экологиясини бузаётган “минерал ўғит” деб аталмиш бу кимёвий моддаларни чеклаш у ёқда турсин, уларнинг миқдорини камайтириш имконияти йўқлигининг сабаби ҳам шунда.
Узоқ йиллар кимёвий ўғитлар қўлланилган тупроқларда берилаётган ўғитларнинг агрономик ва иқтисодий самараси йилдан-йилга камайиб бораётгани кузатлмоқда. Айниқса, кўп йиллар жуда юқори меъёрларда минерал ўғит солинган тупроқларда озроқ дозада берилган ўғитларнинг самара бермаётгани, деҳқонлар тили билан айтганда тупроқнинг “Банги” бўлиб қолганлигининг сабаби ҳам шу тупроқлар экологиясининг оғирлашганида. Ўғитлар самарасини ошириш учун қатор агротехник тадбирлар қўлланилаётган бўлсада бу муаммонинг кескинлиги камаймаяпти.
Бу борада биз кўп йиллар тадқиқотлар олиб борганмиз ва улар асосида радио, телевидения, газета ва журналларда тегишли фикр ва таклифларимизни айтганмиз. Бироқ улар шундайлигича қолиб кетаяпти.
Бу борада бизнинг фикрларимиз ва таклифларимиз аниқ:
-Авваламбор биосфера экологиясини бузувчи ҳар қандай кимёвий моддалардан кечишни асосий мақсад деб билмоқ керак.
-Қишлоқ хўжалигида ҳукм сураётган “Юқори ҳосилдорлик ва режа учун!” шиоридан воз кечиб “Юқори иқтисодий ва экологик самара учун!” шиорига ўтиш лозим. Агрокимё фанидаги “Инсониятнинг буюк кашфиёти”, деб тан олинган кимёвий ўғитлардан холос бўлишни “Инсониятнинг буюк мақсади”га айлантириш керак.
Бунинг учун олим ва мутахасисларимиз қишлоқ хўжалик ўсимликлари ҳосилини ошириш ва улар сифатини яхшилашнинг экологик хафсиз (нокимёвий) усулларини ишлаб чиқиш учун зудлик билан кенг кўламда тадқиқотлар бошламоқлари керак.
Ваҳоланки, мўътабар манбаларда мамлакат фуқоралари фаравонлиги учун шу юртнинг раҳбари ва олимлари маъсул эканликлари бежиз таъкидланмаган.
Эҳтиром билан агрохимик-тупроқшунос,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий
мукофотларининг лауреати, профессор
Муҳаммад Хоразмий.
8.01.2005 (Имзо).
Шунингдек бу мурожат интернетнинг http\\www.CentrAsia.org сайтида 13.01.05 да рус тилида “Доктор Хоразмий пишет (обрашается) академику И.Каримову. Как накормить народ экологически чистими продуктами” сарлавҳаси билан эълон қилинди.
Шу сайтда интернет ўқувчиларидан: “Каримовга ҳалқнинг ахволини яхшилаш борасида эмас, чўнтагини валютага тўлдириш тўғрисида малаҳат берсанг кўпроқ ёқарди”, каби кўплаган муносабатлар ҳам билдирилган.
Муҳаммаднинг Президентга юборган юқоридаги хатини улар Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий ишлаб чиқариш марказига юборишибди. Марказ бош директори ўринбосари М.Тошболтаев Муҳаммаднинг хати бўйича тутуруқсиз гаплар билан жавоб ёзган. Муҳаммад ундан мутлоқа қониқмади ва президентга айни муаммо бўйича қайта мурожат қилишга жазм қилди, у қуйида айнан келтирилади.
Ўзбекистон Республикаси президенти, академик И.Каримовга
Т а к р о р и й м у р о ж а т
Мен Сизга 8.01.2005 да кимёвий ўғитларнинг тупроқ экологиясига ва унумдорлигига салбий таъсири ва уни бартараф қилиш учун тадқиқот ишларини бошлаш борасида таклиф (унинг нусхаси илова қилинади), билан мурожат қилган эдим.
Бу мурожатимга жавоб тариқасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалик илмий ишлаб чиқариш маркази бош директорининг биринчи ўринбосари М.Тошболтаевнинг имзоси билан хат олдим (унинг нусхаси илова қилинади). Унда менинг тўғри фикр билдирганим, бу борада Президентимиз ҳам тегишли фикр билдирган,деб қайд қилинади.
Мен: “Лекин эндиги эътибор экинлар ҳосилини оширувчи бошқа (нокимёвий) факторлар самарадорлигини ошришга қаратилмоғи керак”, деганимда фақат алмашлаб экиш, ўғитлар самарадорлигини ошириш каби бирнеча юз йиллардан буён қўлланилаётган агротехник тадбирлар кўзда тутилмаган эди. Асосий мақсад аввалги хатимда ва юқорида баён қилинган бўлиб бу борада бир оғиз сўз ҳам айтилмаган.
Бунинг сабаби, биринчидан М.Тошболтаевнинг мен кўтараётган муаммо борасида малакасиз (у инженер-механик) эканлиги бўлса, иккинчидан унинг бошқа бировлар томонидан таёрланган ҳар қандай материалга, унинг маъсулятини писанд ҳам қилмай имзо қўйиб юборишидир. Унинг бундай маъсулятсиз одатидан 2002 йилдан ҳатто ҳозиргача ҳам менинг кўп азият чекаётганимни кўплар қатори у ҳам яхши билади.
Агрохимикатлар қўллаш натжасида тупроқ (биосфера) экологиясининг бузилиши жараёнига қарши кураш фикримизча икки йўналишда олиб борилмоғи лозим:
-Кимёвий моддаларнинг тупроққа солиниши(тушиши)га чек қўйиш.
-Агрохимикатлар таъсирида экологик жиҳатдан бузилган тупроқларнинг экологиясини яхшилаш орқали унунг унумдорлигини тиклаш.
Албатта, ҳозирча кимёвий моддаларнинг тупроққа солинишини тўла чеклаш имконияти йўқ. Бунинг сабаби эса менинг аввалги хатимда баён қилинган. Лекин кимёвий ўғитлар бир қисмининг тупроққа солинишини чеклаш имкони борлиги бизнинг тадқиқотларимизда исботланган. Ва бу тадқиқот(тавсия)ларимиз “Ғўза экилган тупроқларни ўғитлаш услуби” номи билан ихтиро (№IDP 04369) сифатида тан олинган. Бундай тадқиқотларни асосий экинлар билан барча тупроқ-иқлим шароитларда давом қилдриш лозим.
Лекин бу катта муаммонинг асосий (иккинчи) томони агрохимикатлар таъсирида экологик жиҳатдан бузилган тупроқларнинг унумдорлигини тиклаш бўлиб, бу илмий, услубий ва ташкилий жиҳатдан мураккаб масаладир. Уни ҳал қилишнинг биринчи босқичида тупроқнинг табий экологик ҳолатини бузган кимёвий моддаларнинг сифат ва миқдорини аниқлаш ва бу моддаларни йўқотиш усулларини ишлаб чиқиш зарур. Иккинчи босқичда эса ишлаб чиқилган усуллар ёрдамида тупроқнинг табий- экологик (унумдорлик) ҳолатини тиклаш йўллари яратилмоғи лозим.
М.Тошболтаев ўз хатида: Кўтарилган мавзу (муаммо)нинг муҳим(долзарб) эканлигини қайд қилиб, уни ечиш учун Республика Фан ва Технологиялар маркази томонидан эълон қилинадиган танловларда ўз лойиҳаларимиз билан қатнашиб, бу борада тадқиқот олиб боришимизни таклиф қилган.
Биринчидан, бу кўтарилаётган муаммо Давлат аҳамиятига эга, шу боис уни Ҳукумат қарори асосида ечмоқ керак. Иккинчидан биз қатор йиллар давомида бундай танловларни ўтказувчи “Узагроилмдунё” ва Фан ва технологиялар маркази танловларида бу муаммонинг ечими учун ўз лойиҳамиз билан қатнашдик албатта. Лекин бу ташкилотлар танловида ғолиб бўлиш учун муаммонинг долзарблиги асосий роль ўйнамаслиги, уларга “йўл” топабилиш лозимлиги ҳеч ким учун сир эмас.
Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич, Орол тўғрисидаги олимларнинг фикрига беписанд қараган Коммунистик партия раҳбарларининг айби билан ҳаммамизнинг кўз олдимизда Оролимиз йўқолиш арафасига келиб қолди. Бирнеча ўн йиллардан кейин агрохимикатлар таъсирида тупрғимизни ҳам бой беришимиз ҳеч гап эмаслигни тадқиқотларимиз кўрсатмоқда. Шу боис биз кўтараётган бу муаммо нафақат илмий ва шунингдек Давлат аҳамиятига ҳам молик деб тушунамиз.
Давлат раҳбари (Президент) ва йирик олим (академик) сифатида айнан Сизга мурожат қилаётганимизнинг боиси ҳам шунда.
Эҳтиром билан тупроқшунос-агрохимик,
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори,
профессор Муҳаммад Хоразмий.
Бу мурожат интернетнинг http\\www.CentrAsia.org сайтида 23.02.05 да рус тилида “Почву Узбекистана ожидает судьбу Аралского моря! Откритие писмо профессора А.Хоразмий академику И.Каримову” сарлавҳаси остида эълон қилинди.
Сурат-5. Хоразмийлар пикетда, 2005
Бу мурожатиизга бирнеча ойлар ўтган бўлсада Ҳукумат томонидан ҳеч қандай жавоб ёки муносабат бўлмагач Муҳаммад: “Прекрататить загрязнение экологии биосферы Агрохимикатами” (Биосфера экологиясини агрохимикатлар билан булғашга чек қўйилсин!) хамда “Дедушка Президент! Оставтье нам не разрушенная и не заргрезнённая земля!” (Президент бобо! Бизга бузилмаган ва булғанмаган замин қолдиринг) деб ёзилган плакатлар билан оилавий пикет қилди (сурат- 5).
Шунингдек ,“Мухтарам президент. Она заминимизни ҳалокатдан асраб қолайлик!” каби плакатлар билан аграр соҳанинг таниқли олимлари билан ҳам пикет ташкил қилди (сурат- 6).
Муҳаммаднинг бу саъий ҳаракатларига Ҳукумат томондан пўписадан иборат норасмий муносабат дарров бўлди: Ҳукумат вакиллари (2 киши) кечаси уйга келиб: “Яна плакат кўтариб пикетга чиқсангизлар ҳаммангизни қамаб қўямиз”, деб огохлантиришди.
Шундан кейин интернет сайтларида (http\\www.Erkinyurt.org 25.03.2005) “Сиёсатнинг эмас, Ҳақ ва ҳалқнинг олими бўлайлик!” ва (http\\www.CentrAsia.org 30.03.2005) “Будим служить истине и народу, а не политике!” деган мавзуда олимларга очиқ мурожат билан чиқдилар ва бу мурожат айнан келтирилади:
Олимларга очиқ мурожат
Сиёсатнинг эмас, Ҳақ ва ҳалқнинг олими бўлайлик!
Мўътабар китобларда мамлакат фуқораларининг тағдирига Давлат раҳбари ва олимлар маъсулдирлар, деб таъкидланган. Ҳалқ хўжалиги барча соҳаларининг йўналиши ва сиёсати кўп жиҳатдан тегишли соҳадаги олимларнинг иймони ва салоҳиятига боғлиқ. Ҳақиқий олим ва илм Ҳақ ва ҳалққа хизмат қилиши керак, сиёсатга эмас.
Академик А.Сахаров ҳам: “Илм ҳалққа хизмат қилади, коммунизм сиёсатига эмас!”, дея олган ўз даврида. Ва бунинг учун кўп йиллар давр сиёсатидан азият чекди, орқага қайтмади ва тўғри қилганлигини ҳаёт тасдиқлади.
Бизнинг назаримизда, айниқса Ўзбекистонда, олимларни қуйидаги 3 хил тоифага ажратиш мумкин:
1.Ўз тадқиқотлари асосида қатъий фикрига ва илмий салоҳиятга эга бўлган ҳақиқий олимлар.
2.Тадқиқот натижаларини ва фикрини сиёсат кўрсатмалари асосида шакллантирувчи лаганбардор олимлар.
3.Илмий салоҳиятга эга бўлмаган олимсифатлар.
Ҳамма замонларда ҳам биринчи тоифадаги олимлар озчиликни ташкил қилишган ва уларнинг номлари адабиятга муҳирланган. Бизнинг Ўзбекистонимиз аграр республика, аграр соҳадаги қўлга киритилган барча зафарлар айнан шу тоипа олимларининг номи билан боғлиқ.
Мамлакатимизнинг аграр соҳадаги қатор сиёсатпараст олимлари пахта экиладиган тупроқларга кўп йиллар оптимал (юқори) меъёрларда минерал (кимёвий) ўғитларнинг солиниши тупроқ табий унумдорлиги(гумус)ни пасайтирмайди, аксинча йилдан-йилга ошиб боради, деб ёзганлари ва бу асосда тупроғимизга етган талофат қишлоқ аҳли ва деҳқонлар учун сир эмас.
Тупроқдаги гумус ўсимлик ва тирик организмлар қолдиқларининг парчаланиши натижасида ҳосил бўлишини ҳатта 2-курс талабалари ҳам билади. Пахта даласига юқори меъёрларда тупроқ гумусининг парчаланишига сабаб бўлувчи азотли ўғитлар солинса, бунинг устига, ғўзанинг ҳатто томирларини ҳам қолдирмай корчевка қилиб олиб ташланса-ю, яна у ерда гумус кўпайса?!
Бунинг сабаби аграр илми соҳасида саводсиз бўлган В.И.Лениннинг: “Социализмда тупроқ унумдорлиги муттасил ошиб бораверади”, деган “доҳиона” сўзи, тўғрироғи сиёсати бўлди. Юқорида қайд қилинган 2-тоифадаги олимларнинг тадқиқотлари ва илмий хулосалари ҳақиқатга эмас, анашу сиёсатга асосланди.
Социализмдан қутилиб истиқлолга эришганмизга 15 йил бўлаётган бўлсада кўпчилик олимларимиз мутахасис бўлмаган доҳийларнинг сиёсатидан чиқишаолмаяпти. Ва тупроқ шўрланиши, эррозияси, агрохимикатлар таъсиридаги экологиясининг бузилиши йилдан-йилга ошиб, алмашлаб экиш ва илмий деҳқончилик технологиялари бузилиши боис тупроқларимиз унумдорлиги пасайиб кетаётганлигига эътиборсиз қарашаётгани етмаётганидек, бу борада жон куйдириб бонг ураётган олимларни бақироқ, ҳовлиқма ва истиқлол сиёсатига қарши бораётганликда айблаётганларига нима дейсиз?!
1978 йил 5-7 сентябрда, Тошкентда “Пахта” комплекс дастури бўйича ҳалқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтганди. Бу пайтлар Ленин сиёсатининг гуллаб яшнаётган даври бўлсада Федаренко, Рижов каби олимлар қўриқ ерларнинг асоссиз равишда кўплаб ўзлаштирилаётгани, бу ерларга сарфланаётган сув ва бошқа харажатлар миқдори 2 баравар кўп бўлсада, бу ерлардан атига 8-12 центнер ҳосил олинаётганини қайд қилишиб, натижада Оролга тушаётган сув миқдори йилдан-йилга камайиб, унинг қуриш хафи ошаётгани ва Ҳукумат бу борада тегишли қарор қабул қилиши лозимлиги ҳақида бонг урган эдилар.
Афсуски, бу конференцияда ҳам Оролнинг қуруши борасида катта хаф йўқлиги, бу борадаги компартиянинг сиёсати тўғри эканлиги ҳақида маъруза қилган 2-тоифадаги олимлар кўпчиликни ташкил қилди ва уларнинг айримлари орамизда ҳозир ҳам бор. Улар, уларнинг издошлари ва ҳатто фарзандларининг Оролимизнинг қураётгани, шу билан боғлиқ равишда Орол минтақасидаги миллионлаган ватандошларимизнинг жабр чекаётганини кўриб иймонлари, виждонлари қанчалик қийналаётганликларини бир тасаввур қилинг-а?!
Кўпчилик ҳамкасбларимиз, шогирдларимиз, ҳатто айрим устозларимиз бизнинг адолат учун кўп йиллаб ишсиз қолиб, сарсонликда юрганларимизни ачиниш билан қайд қилишиб, сиёсатга қарши бормасликни, бу йўлдан қайтишни таклиф қилшаётгани сир эмас.
Муҳтарам ҳамкасблар, мамлакатимиз олимлари, келинг Ҳақ ва ҳалқ манфатлари йўлида, Ватанимиз ривожи учун бирлашайлик!
Мурожат қилувчилар, сизларнинг ҳамкасбларнгиз:
Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотларининг лауреати,
қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий,
Қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Қурбон Розиқов
Сурат-6. Ўзбек олимлари (К.Розиқов ва А.Хоразмий) Ҳукуматнинг аграр сиёсатига қарши пикетда-2005
Интернетда эълон қилинган олимларга очиқ мурожат нафақат олимлар орасида ва шунингдек мамлакатимиз аҳолисининг турли хил қатламлари орасида ҳам катта тортишув ва шов-шувларга сабаб бўлди. Ва шунингдек мамлакатимизнинг таниқли олимлари томонидан интернетда эълон қилинган мақолалар ҳам бунга далил бўлади. Қуйида шундай мақолалардан бири айнан келтирилади.
Илмий асосланган агротехнологияларнинг бузилиши – Ўзбекистон
қишлоқ хўжалигининг барбод бўлишининг бош сабабидир.
(http\\www.CentrAsia.org 23.04.2005. Нарушение научно-обоснованной агротехнологии – главная причина развала сельское хозяйства Узбекистана)
Ўзбекистон қишлоқ аҳли ва меҳнаткашларининг бугунги иқтисодий ва социал аҳволи ниҳоятда ачинарли, деб баҳолаш айни ҳақиқат бўлади. Қишлоқ аҳли кеча-кундуз бутун оиласи билан тинимсиз ишласада оиласини боқа олмаяпти. Натижада қишлоқдаги меҳнатга лаёқадли эркакларнинг (ҳатто аёлларнинг ҳам) анчагина қисми оиласи ва ёш болаларини ташлаб меҳнат ва яшаш шароитининг ниҳоятда оғир бўлишига қарамай, арзимаган пулга иш қидириб қўшни мамлакатларда йиллаб тентираб юрибдилар.
Ҳеч кимга сир эмаски, 2004 йилга келиб Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги расво (развал) аҳволга келиб қолди. Бу ачинарли аҳволни тан олган Ҳукумат узоқ йиллар Ўзбекистон аграр соҳасига раҳбарлик қилган И.Жўрабековни Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини издан чиқарган жиноятчи, деб эълон қилиб уни жавобгарликка тортиш билан бу умуммиллий маъсулятдан қутилишмоқчи бўлишди. Модамики Ўзбекистон қишлоқ хўжалигининг издан чиқишига қуйидагилар асосий сабаб бўлди:
-Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришининг нотўғри ташкил қилиниши ва бошқарилиши.
Бу эса қуйидагиларни келтириб чиқарди: а)-Коррупцияни, б)-Қўшиб ёзишни, в)-Қишлоқ меҳнаткашлари иқтисодий қизиқишининг йўқолиши, г)-Қонунга беписандлик ва бошқалар.
-Илмий асосланган агротехниканинг бузилиши.
Бу эса қуйидагиларни келтириб чиқарди: а)-Тупроқ шўрланишининг интинсив ошиши, б)-Нотўғри дон сиёсати туфайли илмий асоланган алмашлаб экишнинг қўпол равишда бузилиши, в)-Агрохимикатларнинг асоссиз равишда катта миқдорда ишлатилиши боис тупроқ экологияси ва унумдорлигинг ёмонлашуви ва бошқалар.
Ўзбекистонда аграр соҳада қатор илмий-тадқиқот институтлари, ўнлаб таниқли олимлар бўлатуриб илмий асосланган деҳқончилик талабларининг бузилишига нима сабаб бўлди, деган саволга қуйидагича жавоб бериш мумкин:
Ўзбекистон аграр соҳаси олимларининг тавсиялари ҳар доим ҳам ишончли илмий маълумотларга асосланмаган. Кўпинча мансабдор ва паст малакали олимлар лаганбардорлик (угодничества) позицияда туриб ҳақиқатга эмас, сиёсатга хизмат қиладилар.
Мамлакатнинг сиёсий раҳбарлари тадқиқот натижалари сиёсатчилар кўрсатмаларига тўғри келмаган олимларга қулоқ солмайдилар, аксинча, бундай олимлар қувғин остига олинадилар. Шундайлардан айримлари пастда келтирилади:
Қурбон Розиқов – 1938 йилда туғилган, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди. 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон пахтачилик илмий тадқиқот институти (СоюзНИХИ)да ишлаган. Ўз тадқиқотлари асосида пахта ва дон режаларини сўзсиз бажариш бўйича партиянинг нотўғри сиёсати натижасида тупроқ унумдорлигининг пасайиш тенденциясини исбот қилган. Ўзининг тупроқ унумдорлигини ошириш борасидаги янги, илмий асосланган концепсиясини таклиф қилган ва бунинг учун ишдан бўшатилган ва 20 йилдирки ишсиз юрибди.
Ахмад ҳожи Хоразмий – 1948 йилда туғилган. Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Ал-Хоразмий ва Ўзбекистон Фанлар Академияси мукофатлари лауреати. 25 йилдан кўпроқ илмий-тадқиқот ва раҳбарлик ишларида ишлаган. Ўз тадқиқотлари асосида агрохимикатларнинг асоссиз равишда қўлланилиши тупроқ экологияси ва унумдорлигининг ёмонлашувига сабаб бўлишини ва “План – қонун!”, каби шиорлар орқасидан қувмаслик лозимлигини исбот қилган.
Қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида ва фандаги коррупция, кўзбўямачилик ва қўшиб ёзишлар илмий асосланган ҳолда кўрсатилган “Вакил” номли илмий-сатирик китобини чоп қилган. Бу китобда қишлоқ хўжалигидаги бундай негатив ҳолатларга йўл қўймаслик ва уни бартараф қилишнинг самарали йўлларини кўрсатувчи тегишли тавсиялар ҳам берилган. Шу боис бу китоб қишлоқ хўжалигида ўзига хос сенсация бўлди. Қишлоқ меҳнаткашларининг илтимосига биноан бу китоб бир ярим йил давомида “Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги” журналида бобма-боб эълон қилиниб борди. Буларнинг барчаси профессор Хоразмийнинг сиёсий мотив билан ишдан бўшатилишига ва мана 10 йилдирки ишсиз қолишига сабаб бўлди.
Бизнинг фикримизча юқорида зикр қилинган фикрли ва бошқа олимларнинг фикрига қулоқ солиш вақти аллақачон етди.
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, профессор А. Хасамов
(Давоми кейинги саҳифада)
|