XIII-Боб
Касалликлар билан курашиб
Аввалидан таъкидламоқчимизки, бу боб тўла ҳужжатлар ва маълумотлар асосида ёзилгани сабаб анча зерикарли экани билан бошқа боблардан бирмунча фарқ қилади ва бу бобни кўпроқ тарихий роман эмас, ҳужжатли асар деса ўз моҳиятига яқинроқ бўларди.
Бу бобдаги тафсилотлар бадийлаштирилмасдан, қандай бўлган бўлса шундайлигича келтирилди. Мақсад, асарда тилга олинган қаҳрамонлар ва ташкилотлар ўз хатоларини англаб уни тузатсинлар. Ўқувчи(айниқса тиббиёт ходимлари)лар бундан тегишли хулосалар чиқарсинлар.
14.1. Остеомелит билан олишув
Муҳаммад соғлом бўлиб туғилган бўлсада, ёшлигидан ҳозиргача турли хил касалликлар билан курашиб яшашига тўғри келди. Унинг онаси раҳматликнинг: “Ёшлигингдан отанга ўхшаш полвонсифатсан”, деганидан тушинарлики, Муҳаммад соғлом бўлиб туғилган.
Ёшлигидан табий равишда соғлом ва бақувват бўлганлиги учун ва оила тирикчилиги заруратидан 1961 йил(13 ёши)дан ярим колхозчи (мактабдаги ўқишдан кейин далага борадиганлар) сифатида, ўқиш кунлари тушдан кун ботгунича, бошқа кунлари тонг отганидан қоронғигача далада ишлай бошлади (сурат-1).
Сурат-1. М.Хоразмийнинг меҳнат дафтарчасининг 1-бети
Муҳаммаднинг ёшлигидан курашга, спортга қизиқиши кучли бўлган. Айниқса 1962 йилда қишлоғига Тошкентлик полвон (кейинчалик полвонликдаги устози) Тўланбой Қурбонов келиб полвонлик бўйича чиқишлар қилгандан кейин спортга бўлган иштиёқи янада кучайди. 1963 йилга (15 ёшида) келиб 2 пудлик тошни бир қўлида 3-4 мартагача кўтарадиган бўлди.
1963 йил сентябрда далада ишлаётган пайтида йиқилиб ўнг қўли суяги чатнади ва шишабошлади. Бригадирнинг қистови асосида оғриқли қўли билан яна 2 кун ишга борди. Белкуракнинг сопини ўнг қўлида ушлай олмаганидан, уни қўлтиғига қисиб ишларди.
18-сентябрида қўли шишганидан кўйлагининг енгига сиғмай қолди. Оғриқ натижасида ҳарорати 39,5 Со га чиқди ва далада йиқилиб қолди. Кимнингдир эшакаравасида Муҳаммадни уйга оборишди ва онаси 2 тухумни чақиб қўлига боғлаб қўйди. Аҳволи кун сайин оғирлашарди. 21-сентябрга келиб ҳарорати 41 Со дан ошди ва ўзини билмай қолганидан кейин эшакаравага ортиб Боғот туманидаги касалхонага оборишди.
Қатор укол ва дорилар таъсирида ҳарорати 39 Со гача пасайган бўлсада қўлининг шиши қайтмади. Районда ягона бўлган тез ёрдам машинасининг бузилиб қолганлиги сабаб, 24-сентябрида кўмир қатнаётган йўловчи юк машинасида вилоят касалхонасига оборишди ва “Остёмелит”, деб диагноз қўйишди. Эртасигаёқ қўлини Махмудов ва Ренат Рамкуловлар операция қилишиб 2 литрдан кўпроқ иринг олиб ташлашди.
Муҳаммаднинг ҳарорати аста-секин пасайиб 2 ҳафта деганда ўзига келабошлади. 17-сентябрдан 1-октябргача овқат емай фақат вена томирига юборилган глюкоза ҳисобига яшади. Ҳатто ундан умидларини узиб қабристонда Муҳаммадга жой ҳам таёрлаб қўйишди.
1963-1966 йиллар мабойнида қўлидаги остемелитни даволаш мақсадида, вилоят касалхонасида травмотолог-ортопед врачлардан Махмудов, Рамкулов, Федоренко, Ли, вилоят бош хирурги т.ф.н. С.Рахимов ва охирги (6-чи)сини Ўзбекистон травмотология ва ортопедия институти директори доц. Файзуллаевлар операция қилишди. Лекин биронтасининг нафи тегмади, йиринг оқишию, секвестр ажралиши тўхтамади.
Врачлар бу остемелитни даволаш қўлларидан келмасликларини, тиббиёт илми бунинг олдида ожиз эканлигини расман тан олишиб ҳар куни спирт билан артиб янги бинт билан боғлашни, нам текизмасликни ва шу қўлда 5 кг.дан ортиқ юк кўтармасликни тавсия қилишди. Акс ҳолда бу қўлингни ампутация қилиш (кесиб ташлаш) керак бўлади дейишди ва Муҳаммадни 3-гуруҳ ногиронликка чиқаришди. Унинг эса тиббиётга, врачларга бўлган ишончи батамом йўқолган эди.
Уч йилда 6 марта операция қилинавериб врачларнинг ҳам Муҳаммаднинг ҳам жонига теккан бу қўлдан воз кечишга қарор қилган вақтлари ҳам бўлди. Иринг оқаётган қўлини ойда 2-3 мартагина тўғри келган латта билан перевязка қиларди. Шу перевязкали қўли билан иссиқ ҳаммомгами, совуқ кўлмакками, айниган балчиққами тушиб кетаверарди.
Ажраган секвестр(суяк)ни ювилмаган қўли билан ёки занглаб ётган омбир билан олиб ташларди. Иринг оқаётган яранинг оғзи тез-тез битиб қолиб қўли шишиб кетарди. Яранинг оғзини эски мих биланми, ўроқ биланми тешиб очиб юборарди. Бу борада бирон марта врачга мурожат қилмади. Шу зайилда сал кам 30 йил, остемелитни беҳурмат қилиб у билан бирга яшади.
1992 йилда Хоразм вилояти ҳокимлигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўлими маъсул ходими бўлиб ишларди. Ўша кезларда м.ф.н. Қадам Йўлдошев ҳам шу ҳокимликда фан, маданият, соғлиқни сақлаш бўлимининг мудири бўлиб ишларди. 1992 йилнинг қишида иш хонада қўлидан ажралиб чиқаётган навбатдаги секвестр(суяк)ни олиб ташлаётган пайтида Қ.Йўлдошев кириб ажабланганидан ёқа ушлаб қолди.
У кўп йиллар Ўзбекистон травмотология ва ортопедия институтида илмий ходим, бош врач бўлиб ишлаганини шу қўлини операция қилиб даволашга изн беришини сўради.
Муҳаммад бўлса: -Турли хил малакадаги 6 та врач мени 6 марта операция қилишди, мана қўлимда кесилмаган, тешилмаган жойи қолмади (сурат-2). Тиббиёт остемелит олдида ожиз эканлигини, бу борада врачлар рўй рост тан олишганини, остемелитни даволайман деган 6 та врачга ишониб жуда катта хато қилганини, энди бу борада ҳеч бир врачга ишонмаслигини - айтди.
Сурат-2. Кўп марта операция бўлавериб ногиронга айланган қўл
Қ.Йўлдошев қатъий оҳангда: -Шу қўлингизни операция қилишга менга рухсат қилинг. Агар шуни тузатаолмасам ўша кундан бошлаб врач, бунинг устига олим сифатида оқ халат кийишдан расман воз кечаман - деди.
Ва ниҳоят 1992 йилнинг қишида Муҳаммадни Қ.Йўлдошев битта ўзи иккита ҳамшира билан операция қилди. Перевязка қилиш, ярага дори қўйишу, линкомицин уришни шахсан ўзи қиларди. Ҳар сафар ярани эринмасдан муложа қилар, хирург заргардан ҳам юқори бўлиши керак, деб такрорларди. Бир ойга ҳам етмасдан унга 30 йил ҳамрохлик қилган остемелит Муҳаммадни тарк қилди. Лекин Муҳаммад шу қўлида оғир ишлар қилишни тағдир тақозаси билан бир кунга ҳам тўхтатмади.
1993 йилдан бошлаб Муҳаммад остемелит олдида тиббиёт илми ожиз эмаслигига, шифокорларнинг ҳаммаси ҳам «тупой» эмаслигига, улар ичида ҳам ҳақиқий мутахасислар борлигига ишона бошлади. Қ.Йўлдошев каби ўзи ҳам тегишли соҳанинг олими эканлиги учунми, олимлик даражасига етишиш учун илм ва амалиётнинг шу соҳасида тан олинишнинг нима эканлигини билгани учунми, айниқса олимларга ишончи ва эътиқоди баланд эди.
14.2. Бурцитнинг жафоси
1964 йилнинг ноябрь ойида Муҳаммаднинг «Янги қадам» мактабида 10-синфда ўқиётган даври эди. Мактабга янги парталар келди. Мактаб директори Нурмат Нуриллаев кўрсатмаси билан 10-синф ўқувчилари (шулар ичида Муҳаммад ҳам) уларни синфларга киритабошладилар. Муҳаммад парта кўтариб бораётиб мактаб эшигидаги зинапояга йиқилди ва ўнг оёқ тиззасининг пасти қаттиқ лат еди. Бир неча кун касалхонада ётиб чиқди. Бироқ оёғининг лат еган жойидаги шиш бутунлай йўқолмади, лекин уни безовта ҳам қилмади.
Орадан деярли 40 йил ўтгач, 2003 йилнинг ноябрь ойида ТошДАУ агрокимё ва агротупроқшунослик факультетидаги кафедралар талабалари учун кеч соат 19-20 ларда янги столлар келиб қолди. Агрокимё кафедрасида фақат Муҳаммад, Б.Ражабов, Б.Мусаев, асс. Х.Йўлдошевлар бор эдилар. Бошқа кафедралардан кўпроқ стол олиб қолиш мақсадида ўзлари бу столларни (4 қаватдаги) кафедрасига қатнай бошладилар. Кеч соат 22 ларга бориб, Муҳаммад кўтариб бораётган столи билан бирга зинапояга йиқилиб тушди ва ўнг оёғининг худдий аввал ўша лат еган жойи яна қаттиқ лат еди.
Ўнг оёғининг тиззаси эрталабга бориб шишиб кетди. Эртасига ТошДАУ поликлиникаси бош врачи Шухрат Рахматуллаевга учрашди. Унинг тавсияси билан поликленикада ярим ставка ишлаётган бош врач таъбири билан айтганда «профессордан кам бўлмаган тенги йўқ хирург» Ахмаджон исмли врачга учрашди.
Бу поликленика университет ходимлари ва талабаларга бепул хизмат кўрсатади. Шундай бўлсада Муҳаммад бу врачга оёғи тузалса «рози» қилишини айтди. Асли Бухоролик бўлган бу врач илмий иш ҳам олиб бораётган экан. Олимларга бўлган ихлосининг баландлиги боис бу бўлғуси олим – шифокорга ишончи чексиз эди. Шунинг учун ҳам унинг барча тавсияю кўрсатмаларини оғишмай бажарар эди.
Оёғига «Шлайтер касаллиги» деб диагноз қўйди. Ренген, физиотерепия, линкомицин уколлари ва бошқа даволарни олди. Оёғининг оғриғи анча пасайди, лекин бир ой ўтар-ўтмас яна оғрий бошлади. Бу гал врач тавсияси бўйича физиотерапия билан гентамицин олди, оғриқ яна бир ойча пасайди. Кейин шишиб оғриши тағин бошланди, бу гал тиззасининг оғриётган жойига кенолог уколини қилди. Оғриқ 1,5-2 ой тўхтаб яна бошланди, яна кенолог олди. Шундай қилиб кейинги 6 ойдан кўпроқ вақт ичида 5-6 дан кўпроқ кенолог олди. Кейинчалик бу дорининг ҳам самараси кўпга бормайдиган бўлди.
Поликленикадаги бошқа бир хирург тавсияси бўйича Ўзбекистон травмотология ва ортопедия илмий-тадқиқот институтига консултацияга борди. Бу ерда катта бўғимлар ортопедияси бўйича асосий мутахасис шу институт директори профессор Азизов экан. У оёғини кўздан кечириб: -Операциянгиз енгил, бир хафтада тузалиб кетасиз, бироқ 223 минг сўмни аввал нақд ўзимга тўлайсиз - деди. Муҳаммад унинг олдидан: -Пул топганимда келаман - деб чиқиб кетди.
Лекин бу айтилган пулнинг ярмини топиш имкониятини ҳам топаолмади. Шунинг учун «кўрпага қараб оёқ узатиш» ҳаракатига тушди. Бўлган воқеани поликленика бош шифокорига айтиб маслаҳат сўради. У ўз маҳалласида Орифхон исмли олим-шифокор бўлиб болалар травмотологияси институтида бўлим мудири бўлиб ишлашини, нафақат яхши мутахасис ва шунингдек яхши инсон ҳам эканлигини айтиб унинг адресини берди.
Муҳаммад ишдан кейин Орифхоннинг уйига борди, рентген снимкаси ва оёғини кўздан кечириб: -Бўғимни операция қилиб кўрмаганман. Яхшиси сиз менинг курсдош дўстим 2-ТошМИнинг докторанти, Мурод Каримовга менинг номимдан учрашинг, у яхши мутахасис ва инсофли врач - деб маслаҳат берди.
Сурат-3. М.Каримов билан
2003 йил декабр ойининг охирларида Мурод Каримовни 2-ТошМИ, 1-корпуснинг 2-қаватида жойлашган йирик бўғим ва бармоқлар хирургияси марказидаги иш хонасидан топди. У рентген снимкаси ва оёғини обдан кўздан кечириб (сурат- 3): -Ўзим операция қиламан, эртасига юриб уйингизга кетасиз – деди. Муҳаммад бўлса: -Яшанг доктор, сизни рози қилиш биздан - деганини билмай қолди.
Эртасига М.Каримовнинг кўрсатмаси асосида шу марказнинг раҳбари, травмотология ва ортопедия кафедрасининг мудири профессор Ш.Ш.Хамроевнинг консултациясига 1,5 минг сўм тўлаб кирди. Профессор оёғини кўздан кечириб: -Диагноз-бурцит, операция қилиш йўли билан даволаш керак - деб тавсия ёзиб берди.
Муҳаммад 2004 йил 5-январь куни 2-ТошМИ, 1-корпус, 2-палатасига ётди, ва операция учун зарур таёргарликни қилиб, анализларни топширди. 6-январ соат 10 ларда Муҳаммадни операцияга киритишди ва М.Каримов: -Бардам бўлинг, бу бор-йўғи 15 минутлик операция холос - деб далда берди.
Операцияни тибббиёт фанлари номзоди М.Каримов қилди, тиб.ф.н. Андижонлик Муҳаммаджон эса унга ассистент(ёрдачи)лик қилди. Лекин операция анча узоқ давом этди, чунки кутилмаган муаммоларга дуч келишга тўғри келган. Жаррохларнинг айтишича қисқа вақт ичида бўғимнинг бир жойига бир неча кенолог юборилиши натижасида кенолог организмга тарқалмасдан йиғилиб, творогга ўхшаб қолган, натижада бўғимдан ўтувчи пайларга анча жароҳат етказган. Шу боис операция анча узоққа чўзилган. Шунинг учун бўлса керак, М.Каримов ТошДАУ поликленикаси бош врачининг Муҳаммадни даволаган врач тўғрисидаги: «Профессордан кам бўлмаган тенги йўқ хирург» деган иборасини кўп вақтлар, ўзи Муҳаммадни иккинчи марта операция қилгунча айтиб юрди.
Операциядан кейин Муҳаммадни 2-палатага ётқизишди. Бу палатадаги ҳарорат 10 С0 га ҳам етмасди. Шу боис қишги кийимларини ҳам ечмасдан кўрпанинг тагида ётган бўлсада қаттиқ шамоллаб қолди. Натижада иссиғи 39 С0 гача кўтарилди, операциядан кейинги оғриқ билан эмас, грипп билан курашишга тўғри келди. Тўғрисини айтганда кунига 8,5 минг сўм тўлаб ётган бу палатаси 1970 йилларда пахта теримига борганда ётадиган Сирдарёдаги баракларни эслатарди.
7-январ куни тушдан кейин Муҳаммаднинг оёғига гипс қўйишди, қўлтиқтаёқ билан юришни тайинлаб кунда-кунаро перевязкага келиш ва тегишли укол (линкомицин) дориларни уйда олишни тайинлаб уйга юборишди.
Кечқурун уни ногиронлар аравачасида басавлат санитарка аёл таксигача кузатиб қўйядиган бўлди. Муҳаммад Каримовга хизмат ҳақи учун (бу ерда даволанаётган беморлар тавсияси бўйича) қоғозга ўралган пулни бермоқчи бўлди. У санитарканинг олдида пулни чўнтагига солиб қўйишига изн бермаган бўлсада, индинга перевязка қилаётган пайтида шу пулни унинг чўнтагига солиб қўйишига қаршилик кўрсатмади. Эндиги перевязкага келганда М.Каримов: -Биринчидан пул бериш шарт эмас эди, иккинчидан арзимаган операцияга бунчалик катта пул беришга ҳожат йўқ эди - деди.
Шу зайил кунда кунаро ТошМИ га бориб келиш учун фақат йўлнинг ўзигагина 4-5 минг сўм кетарди. Бу эса фақат ойликка яшаётган Муҳаммадга ўхшаган профессор учун «камбағални урма, сўкма, чопонини йирт» деганига ўхшарди. Ҳарқалай кунига 8,5 минг сўм тўлаб бараксифат палатада ётгандан кўра қатнаган яхшироқ эди.
Икки ҳафта ичида яхши қўйилмаган гипс Муҳаммаднинг оёғини мўматолоқ қилиб юборди ва бунинг оғриғининг олдида операция жароҳатидаги оғриқ холва эди. Муҳаммаднинг ўтиниб қилган илтимосини ҳисобга олиб, гипсни муддатидан бирнеча кун олдин олишди. Кейин ҳасса билан юриб ишга боришга мажбур бўлди. Чунки қишги сессия келиб қолган эди.
Тиззасидаги олиб ташланган бурцит халтача ўрни бўш бўлган жойига суюқлик йиғилиб шиша бошлади ва бу оғриқ берабошлади. Суюқликнинг бир қисми тикилган жойидан чиқиб кетса аҳволи анча яхшиланар эди. Суюқлик чиқадиган жой битиб чиқаолмай қолса оёғи шишиб кетиб оғриқ берарди. Доктор тавсияси бўйича, йиғилаётган суюқлик сўрилиб кетар деган умид билан димиксид ва бирнеча медикаментдан таёрланган дори билан шишган жойини боғларди. Бу муолажа фақат оғриқни бирнеча соатга пасайтирарди холос.
Муҳаммад докторга тикилган жойининг пастидан йиғилаётган суюқлик чиқиб туриши учун тешикча қолдириш лозимлигини, йиғилаётган суюқликнинг сабаби фақатгина гипснинг бирнеча кун олдин олингани ва оёқнинг ҳасса билан босилгани бўлмай, оёқдаги (бурцит халтача олинган жойдаги) бўш жойнинг нима биландир (чандиқ гўшт биланми, суюқлик биланми) тўлиши лозимлиги ҳам сабаб бўлиши мумкиндир деган фикр билдириб М.Каримовдан иззага қолди:
-Муҳаммад илм-фанда китоблар ёзиб кашфиётлар қилган бўлсада бор йўғи агрохимик-тупроқшунос профессор, яъни қишлоқи олим эканлигини, тиббиёт борасида тушунчаси ноль эканлигини эслатди. Кунлар ва ойлар ўтиши ва касалликнинг бориш жараёни «тиббиёт борасидаги ноль» фақатгина Муҳаммадга тегишли эмаслигини тушиниб етди шекилли, кейинги таклифу-фикрларига бундай муносабат билдирмади.
23-февралдан бошлаб оғриқ кучаяборди ва демиксид билан қилаётган муложа ҳам ёрдам бераолмай қолди. Шу кундан бошлаб врач тавсияси билан кунига 4 гр. миқдорда линкомицин уколини олабошлади. Кун сайин шиш катталашиб, оғриқ кучайиб борарди. 26-февралга келиб оғриқ бутун оёғини қоплаб олди, танасининг ҳарорати 38.8 С0 га чиқди.
Муҳаммад бу аҳволи тўғрисида М.Каримовга телефон қилди. У бу кунларда учрашишга вақти йўқлигини, шишган жойига спиртнинг 50%ли эритмасини суриб боғлашни, олаётган линкомицинни кучайтирилган миқдорда олишни, оғриқ кучайса оғриқни босувчи дорилар ва антибиотиклар ичиб туришни тайинлаб, учрашиш учун 1-мартда вақт топишга ҳаракат қилишини айтди.
Даволаш бошланишининг биринчи кунидаёқ М.Каримов оёғи тўла тузалиб кетмагунча даволавчи врач(яъни ўзининг)нинг назоратида бўлишини, бошқа врачга кўрсатиш ва маслаҳат олиш жоиз эмаслигини яхшилаб тушинтирган эди. Шу боис 1-мартни сабр ва бардош билан кутишдан бошқа илож йўқ эди.
Ва ниҳоят 1-мартда даволовчи врачининг иш жойида учрашди. Оёғининг аҳволини кўриб унинг капалаги учиб кетди ва: -Сизни йирингли хирургия бўлимига ўтказаман - деди, Муҳаммад рози бўлмади. Шундан кейин бу аҳвол Муҳаммад оёғини эртароқ босиб юборгани билан боғлиқ бўлганини, бунга асосий айбдор Муҳаммаднинг ўзи эканлигини уқтира бошлади.
Муҳаммад эса аҳволнинг бу даражага етишида қайси биримиз кўпроқ айбдор эканлигимиз яратганга аён, бунинг устига ҳозир айбдор қидирмасдан касаллик билан маъсулятни ҳис қилган ҳолда жиддий шуғулланиш кераклигини айтди.
М.Каримов Муҳаммаднинг оёғидаги йиғилган суюқликни шприц билан олиб ташлади ва ичига кефзол юбориб боғлаб қўйди. Оғриқ кескин пасайди, аҳволи яхшиланди. Эртасига ҳам юқориги мулоажа такрорланди, Муҳаммаднинг аҳволи эса янада яхшиланди.
2004 йил 3-март куни «3 хафтагача бўлган муддатга» деб ўнг оёғига яна гипс қўйилди. Муҳаммад оёғини мутлоқа босмасдан (босишга эҳтиёж ҳам, имконият ҳам йўқ эди), зарурат бўлгандагина иккита қўлтиқтаёқ билан ҳаракатланарди. Лекин оёғининг ўша жойига суюқлик йиғилиши давом қилиб яна оғришга бошлади.
Ва ниҳоят 7-март куни оёғидаги гипсни олиб оёғининг бирданига иккита жойидан (ҳар биттаси сал кам 5 см. келадиган) операция қилди. Ҳар бир кесилган жойидан оёғининг ичига бир қаричдан кўпроқ келадиган тегишли дорилар билан эзилган бинтларни тиқиб гипсни кийдириб боғлаб қўйди.
Операция М.Каримовнинг иш жойидаги гипс қўядиган хонада бажарилди. Операция жараёнида қатнашган ҳамшираларга М.Каримовнинг: -Бугун, айниқса бу хонада ўтган операциядан ҳеч ким, айниқса домла (проф.Хамроев) хабар топмасин - деб илтимос қилгани Муҳаммадга анча эриш туюлди. Шу кундан бошлаб врач тавсиясига кўра кучайтирилган режимда ортофен ва эритромицин дориларини кунига уч маҳалдан ича бошлади. Булар тугагандан кейин эса калций глюконат ича бошлади.
Эртасига, 8-март куни перевязкага ҳар доимгидай М.Каримовнинг иш жойига эмас, 2-ТошМИга қарашли қабул бўлимига борди ва шу бўлим мудири Тохир аканинг рухсати билан йирингли яраларни боғлаш хонасида тегишли мулоажа ўтказди. Мулоажага деярли ҳар куни шу ерга қатнай бошлади. Операция қилинган жароҳатлар аста-секин битаётган бўлсада суқликнинг тўпланиши ва операция қилинган жойлардан чиқишда давом қилиши даволаётган шифокорни ҳам, Муҳаммадни ҳам ташвишга соларди.
Сурат-4. Қўлтиқтаёқли ҳаёт -2004
Ва ниҳоят М.Каримовга ҳазрати Навойнинг: «Сўраб ўрганган олим, (ўзи билмай бунинг устига) сўрамаган (айниқса беморга) золим» деган ҳикматли сўзини эслатиб: -Бу борада ўзингиздан каттароқ ва тажрибалироқ ҳамкасбларингиз билан маслаҳатлашинг - деб маслаҳат беришга журъат қилди.
Муҳаммаднинг маслаҳати докторга унчалик ёқмади шекилли, -Яранинг битмаётгани қонингиз таркибида қанд миқдори кўп бўлса керак - деб уни қабул бўлимининг 2-қаватидаги лаборант-врач аёлга бошлаб кирди. Гугурт қутидай келадиган аппаратда Муҳаммаднинг қонини бирнеча минутда текшириб ундаги қанднинг миқдори нормадан ҳам кам эканлигини айтди.
Шу зайилда кунда-кунаро қабул бўлимида бу зерикарли муложада учрашардилар. Бу яра ҳа деб тузалавермагач нафақат Муҳаммадни, ҳатто шифокорни ҳам зада қилиб юборди шекилли, у келишилган вақтдан 2 - 3 соат кеч келар, айрим кунлар умуман келмай қўяқоларди. Оёғи гипсда бўлиб иккита қўлтиқтаёқда аранг ҳаракатланадиган Муҳаммад (сурат- 4) учун ўтириш ноқулай бўлган шароитда соатлаб кутиш азобини фақат бошига тушган билар экан.
Аста-секин яра атрофлари қичишиб битиш аломатлари сезилабошланди. Лекин докторнинг терининг тагларию яранинг ичларини кунаро перекс водород билан кўп марталаб муложа қилиши қичиш (битиш) аломатларини тўхтатиб қўярди. Бунинг устига сал кам 3 ҳафтадан бери касал оёқни гипслаб қимирлатмасдан жуда авайлаб юрсада булар қарши курашаётган асосий касаллик - суюқлик чиқиши камайиш ўрнига кўпаярди.
Энди Муҳаммад М.Каримовдан суюқлик чиқиши борасида бошқа мутахасислар билан маслаҳатлашишни талаб қилабошлади. У бўлса :-Сиз узоқ йиллар (1993 йилгача) қўлиингиз остемелит билан оғригани учун шу касаллик оёғингизда ҳам бошланган бўлиши мумкин, айнан шунинг учун ҳам суюқлик тўхтамаяпти – деб Муҳаммадни 2-ТошМИ, 8-корпус, 2-қаватда жойлашган остемелит маркази (бўлими) мудири м.ф.н. Бахтиёр билан учрашишни тавсия қилди.
Оёғидаги ярани обдон кўздан кечирган Бахтиёр: -Ярангизда йиринг ва остемелит аломатлари йўқ. Лекин иккинчи операцияда бўғимнинг ноқулай жойидан кесилган, уни тикиб пастроғидан кесиш керак. Ҳа деб перекс водород билан муложа қилавериб битаётган тўқималарни ҳам куйдирган. Бунинг устига перевязкани жуда қисиб (давиший қилиб) боғланиши натижасида яра ва терида қон айланиши ёмонлашган, бу услублардан воз кечиш керак - деб маслаҳат берди.
Муҳаммад 2004 йил 22-март куни соат 11 яримларда М.Каримов билан остемелит марказининг перевязка хонасида учрашди. Оёғидан гипсни олиб ташлади ва ҳамкасби Бахтиёрнинг тавсияси бўйича оёғини боғлаб, оёқнинг аҳволи тўғрисида ҳар 3-4 кунда телефон қилиб туришини тайинлаб оёғидаги яралар битмаган, ундаги суюқлик чиқиши тўхтамаган бўлсада ишга чиқишга рухсат қилди.
Гипс олиб ташланган бўлсада, сал кам бир ой гипсда тургани учун бўлса керак оёғи букулмас, ерга ноқулай босилса операция қилинган жойлари оғирир эди. Шу боис оёғида гипс бўлмасада иккита қўлтиқтаёқда юришга мажбур эди.
Шундан кейин Муҳаммад билан учрашишга бир марта ишхонасида вақт топди. Кейинги учрашувни 28-март (якшанба) кунига белгилади. Муҳаммад 27-мартда унга телефон қилиб кейинги пайтларда ярада нохуш оғриқлар пайдо бўлаётганини айтди. У бўлса шамоллаб қолганини 31-мартда учрашиши мумкинлигини айтди. Қандайдир бир қариндошининг маъракасига кетди деб 31-март куни ҳам келмади. Ўз ўрнига Муҳаммадни кўриб оёғини боғлаб қўйишни Самарқандлик талабага тайинлаган экан. Талаба демиксидни ярадан бошқа жойларига ҳам қўйгани сабаб яра атрофидаги териларни ҳам куйдириб юборди.
Ва ниҳоят, 2-апрел кундуз соат 15 яримда қабул бўлимида учрашдилар. Ўз бўлимида ишлайдиган Нурхон исмли врач билан 8-хона(боғловлар хонаси)да Муҳаммадни стулга ўтиртирган ҳолатда тиззасининг юқорисидаги авввал (иккинчи бор) операция қилинган ва ҳозирда суқлик чиқиб турган жойини бирнеча шприц навокаин уриб (оғриқсизлантириб) яна (учунчи бор) операция қилди ва тикиб қўйди. Эртаси(3- апрел)га ва 5-апрелда соат 16 яримда шу хонада дорилар суриб боғлаб қўйди. Энди суюқлик оёғининг пастки тешигидан чиқиб турарди.
Муҳаммад Мурод Каримовга бўғимнинг тагидаги суякнинг бошида нохуш оғриқ пайдо бўлганини айтди. У оғриқ жойини ярадан бинтли пинсетни тиқиб кўриб ва қўли билан ушлаб кўриб озроқ ҳарорат борлигини, ҳавотирланишга ҳеч қандай асос йўқлигини айтди.
7-апрел соат 1630да Мурод билан яна қабул бўлимида учрашдилар. Бу гал Муҳаммаднинг тиззасининг пастроқ қисмидаги яранинг учдан икки қисмини бекитиш учун навокаин билан укол қилиб (4-чи марта) операция қилди ва тикиб қўйди. Бу галги операция жуда оғриқли ўтди.
Муҳаммад ундан тикилган жойдан суюқлик чиқиб туриш учун тешик қолдиришни ва бу тешик битиб кетмаслиги учун унга бинтми, резинами тиқиб қўйиш кераклигини айтди. У бўлса: -Ҳеч нарса тиқиш шарт эмас, ўзи битмайди - деб ҳеч нарса қўймади.
Тиззасидаги оғриқлар пасаймади, айниқса санчиб ва ачишиб кутилмаганда берадиган оғриғи безовта қиларди. Эртагача яна тиззасига сув йиғилиб қолди. 8-апрель соат 9 яримларда иш хонасида учрашди ва унинг тавсияси билан 1,5 минг сўмга рентгенга тушди. Рентген қоғозини олиб остемелит марказидаги бўлим мудири Бахтиёрнинг олдига бордилар. У Муҳаммадни коридорда қолдириб Бахтиёрнинг олдига ўзи кириб кетди.
Бахтиёр билан бирга чиқишди ва пастдаги боғловлар хонасида Муҳаммаднинг оёғини кўришди. Муҳаммад айтганидай, тешиги битиб қолган экан. Уни тешиб ундаги қон аралаш сувни чиқариб ташлаб кейин резина тиқиб қўйишди. Тиззаси(суяк)даги оғриқ яна кучайди, кечаси ухлай олмади, темпалгин ва аналгин ичиб зўрға кўзи илинди. Бу оғриқ ўз хусусиятлари билан қўлидаги остемелит бошлангандаги оғриқни эслатарди, худдий шундан Мурод ҳам хавотирда эди.
9-апрел куни М.Каримовнинг ишхонасида учрашдилар. Оёғидан суюқлик билан бирга 2 томчи келадиган иринг томчиси ҳам чиқди. Шу кундан бошлаб болдир суягининг юқори қисмга 2 гр.дан линкомицин урушни бошлади. Оғриқ анча пасаябошлади, суқлик чиқиши ҳам анча камайгандай бўлди.
Муҳаммаднинг узликсиз поф.Хамроев ва Шокировлардан маслаҳат сўраш борасидаги талаби асосида бу олимлар билан Мурод учрашган. Рентген снимкасини кўрган Шокиров остемелит йўқлигини айтган, Хамроев эса венадан калций глюконат уколини қилишни ва супрастин таблеткасини ейишни тавсия қилган. Думбадан эса витамин С урабошлади.
Муложа ва боғловларни 11-апрель (якшанба) кунидан бошлаб Муроднинг уйи (Чорсу бекатидаги 15-уй, 24-кв, 4-қават)да давом қилдирдилар. Қўшнилари «шаҳарликларнинг уйига қуруқ бориб бўлмайди» дегани боис 12-15 кг келадиган яхши навли гуруч кўтариб борди. Шу боисми Муҳаммадни жуда яхши қабул қилишди.
16-апрелга келиб 2 пачка линкомицинни суякка урган бўлсада суягидаги оғриқ тўхтамади, суюқлик чиқиши яна аввалгидей миқдорда келиши давом қиларди. Оёғини ҳар боғлаганда кўп миқдорда демиксид қуйиши натижасида оёғининг терилари куйиб лекарственный дермотит касаллиги бошланди. Муҳаммаднинг эътирози сабаблигина демиксид билан муложа қилиш тўхтатилди ва бирнеча кунда оёғи дермотитдан қутила бошлади.
Бу олаётган дори ва уколлари касалига заррача ҳам таъсир қилмади. Ва ниҳоят линкомицин урушни тўхтатди, 22-апрел куни яна Бахтиёрга учрашдилар ва қилинаётган муложа-ю даволар ҳеч қандай наф бермаётгани, шунинг учун ярадан келаётган суюқликни микробиологик анализ қилиш режасини айтди. Бахтиёр ярани ва ундан чиқаётган суюқликни обдон (ичига темирлар тиқиб) кўздан кечириб: -Ҳеч қандай муложа-ю микробиологик анализ керак эмас, бунда иринг аломатлари йўқ, фақат оёқни гипслаб тинчликда қўйиш керак, икки хафтада суюқлик чиқиши тўхтайди - деб тавсия берди ва булар тарқалишди.
Муҳаммад М.Каримовни ярадан келаётган суюқликни текшириб кўришдан кечмасликни илтимос қилди. Суюқликни 1,5 минг сўм тўлаб анализ қилдирди. Бу маълумотларни олган Каримов лабороториядан берилган бу ёзувни тушунмай сал кам икки хафта бу ёзувни ўқитиш учун Бахтиёрни излаб овора бўлган. Ва ниҳоят уни Бахтиёрга ўқитгандан кейин лаборотория анализлари Бахтиёр айтгандай бўлиб чиқмади шекилли (иринг ҳосил қилувчи инфекция тушган экан) Каримов зудлик билан кунига 2 марта думбага цефозалин уколини қилишни тавсия қилди.
Лаборотория маълумотлари Муҳаммаднинг оёғидаги суюқликни тўхтатиш учун қилинаётган уколлар самарасиз ёки кам самарали эканлигини кўрсатган. Шунинг учун бўлса керак бошқа барча дориларни тўхтатиб 9-май куни суякнинг юқори қисмига цефозолин уколини қилди ва ўз ишхонасида оёғини Нурхон билан гипслаб қўйди.
Муҳаммад Каримовнинг хонасига кириб кетаётган вр.Нурхонга: -Мурод билан бирнеча минутга учрашиб маслаҳатлашадиган гапим бор - деди. Каримовнинг хонасидан қайтиб чиққан Нурхон Каримовнинг хонасида йўқлиги, у 30-40 минутдан кейин келишини айтганда Муҳаммад ҳайрон қолди. Чунки Каримов хонасида бўлмаса Нурхон у ерга қандай кирган (Каримов хонасида бир ўзи ўтиради ва қулфлаб юради) ва унинг 30-40 минутдан кейин келишини қаердан билган?! Бу Каримовнинг Муҳаммад билан гаплашиш истаги йўқлигидан далолат эди.
9-май кунидан бошлаб Муҳаммад уйида ҳаракатсиз (гипсда) ётди ва кунига 2 марта укол олиб, 2 марта аскорбин кислотасини ичишда давом қилди. Каримовнинг тавсияси бўйича гипснинг тешигидан ярани ўзи спирт ёрдамида перевязка қилабошлади. Муложани олиб ҳаракатсиз ётганига ҳам 4-5 кун бўлган бўлсада суюқлик оқиши камаймади. Бу борада М.Каримовга телефонда айтса у: -10 кун цефозалин олганда ҳам суюқлик оқиши тўхтамаса кейин канамицин олишни бошланг - деб жавоб қилди.
28-майгача тавсия қилинган канамицинни ҳам олиб бўлди ва Каримов билан телефонда гаплашиб ҳолатни тушинтирди. У бўлса: -Гипсни олиб эртага (29-майда) соат 10 да Бахтиёрга учрашинг, чунки бу мулоажа унинг тавсияси билан бўлган - деди.
Эртаси соат 10 яримда Бахтёрга учрашди ва унинг тавсияси бўйича 20 кундан ортиқ гипсда ўтирганини, бу даврда цефозалин, гентомицин каби кучли антибиотиклар олгани, лекин оёғимдан суюқлик чиқишида бирон ўзгариш бўлмагани – яъни бу гал ҳам қилинган барча давонинг самараси аввалгиларга ўхшаб «нол» болганини айтди.
Бахтиёр ноқулай ахволга тушиб бироз қизариб кетди, кейин анча кескин оҳангда: -Аввалги лечениялар сифатсиз ўтказилган, бунга эса шахсан ўзингиз айбдорсиз, поезд кетиб бўлган, энди фойдаси йўқ! - деди.
-Фойдаси йўқ экан, нимага мени 3 хафта гипсда қўйиб минглаган сўм турадиган уколлар олишга мажбур қилапсизлар?- дегиси келди-ю, андиша қилди. Кейиин оёғининг ичига яна темирни тиқиб кўриб: -Бунда иринг ва остемелит йўқ. Энди буни (оёғини) икки еридан тешиб (операция қилиб) яхшилаб ювиб кейин «давишший» боғлав қилиш йўли билан суюқлик чиқишини тўхтатамиз. Ҳозир намокаб билан ўзингиз боғлаб юраверинг - деб маслаҳат берди.
Каримовнинг тавсияси бўйича 14-июнь, соат 11 яримда ТошМИ-2 да Каримовнинг иштирогида проф.Хамроевнинг консултациясида (боғлолар хонасида) бўлди. У оёғини кўздан кечириб биронта жўяли фикр ҳам айтмади, бирон тавсия ҳам бермади. Муҳаммад унга: -Айрим врачлар бунда остемелит бўлиши ҳам мумкин. Чиқаётган суюқликда иринг аломатлари унча билинмасада, бинтдаги сариқ доғлар шу суюқликда озроқ миқдорда иринг ҳам борлигидан далолат беради дейишаяпти - деди.
Профессор бўлса 180 градусга ўзгардида: -Бундан кўп йиллар олдин остемелит билан оғригансиз, шу сабаб у организмдаги яшириниб турган порох (бомба) кабидир. Шунинг учун у остемелит бўлиши ҳеч гап эмас - деди.
Муҳаммад унга: -Бундан 1-2 ой олдин сиз М.Каримовга у кўп йиллар остемелит билан оғриган, шу боис унинг организмида остемелитга қарши антителалар бор, шунинг учун ҳам унда (яъни менда) остемелит бўлиши мумкин эмас деганингизда бечора М.Каримов «оғзингизга шакар»деб юборганди. Энди эса умуман тескари фикр айтаяпсиз, қайси бирига ишониш керак?”- демоқчи эди-ю, Муродни ноқулай аҳволга солишдан андиша қилди.
Кейинги кунларда оёғидан суюқлик чиқиши сезиларли даражада камаябошлаган бўлсада нохуш оғриқлар камаймасди. М.Каримовнинг кўрсатмаси ва йўлланмасига биноан Боткин қабристони ёнида жойлашган МДС-сервисга бориб 9-июл куни 5000 сўмга рентгенга тушди. Улар рентген снимкаси билан тегишли хулосаларни ҳам ёзиб беришди ва суякда фаол шамоллаш жараёни ёки остемелит белгилари йўқ, дейишди.
Барча рентген снимкаларини 11-июлда Муроднинг уйига обориб берди. У бўлса буларни 12-июлда домласи профессор Эдуард Шокировга кўрсатиб маслаҳатлашган. Рентген снимкаларию МДС хулосалорини кўриб чиққан Шокиров «остемелит» деган хулосага келган. Шу асосда Мурод зудлик билан Бахтиёр билан маслаҳатлашаман деган бўлсада унга учрашишга, лоқал қўнғироқ қилишга нимагадир вақт топмасди.
Рентгенга тушгандан кейин оёғида кескин ўзгаришлар пайдо бўлабошлади. Оёғидаги суюқликнинг чиқиши бирнеча баравар кўпайди, оғриқ бутун тиззасини қоплаб олди. Муҳаммад бу ҳолатлар тўғрисида Каримовни хабардор қилди. У бўлса: -Буни Бахтиёрга радикалний қилиб операция қилдирамиз, у тўқ отанинг ўғли, кўпларга ўхшаб беш қўлини оғзига тиқмайди, бироқ зарур дори дармонлар ва бошқа нарсаларни ўзингиз топасиз - деди. Лекин М.Каримов бундан 2-3 ой олдин: -Остемелит марказида операция, дори-дармон ва барча нарсалар давлат томонидан қопланади, у ерда бизнинг марказимизга ўхшаб ҳаммаси пуллик эмас - деганди.
Муҳаммад Каримовга: -Мени улар операция қилишадиган бўлса (ҳеч бўлмаса кузатувчи сифатида) сиз ҳам қатнашсангиз яхши бўларди. Ҳар қалай остемелит маркази директори ва бўлим мудири билан яқиндан таниш экансиз. Бундан ташқари сиз бу оёқни 3-4 марта операция қилгансиз, уларга унча-мунча фойдангиз тегиб қолармиди - деди.
У бўлса: -Мен аралашмайман, чунки мижози(касали)дан 1000 доллар олиб қўйган врачгина унинг орқасидан юради - деганидан кейингина ўзининг оддийгина бурцит касали нима учун ойлаб тузалмаётганига тушинабошлади.
Травмотология ва ортопедия институтида 223 минг сўмни тўлаш имконияти бўлмаганидан Орифхоннинг тавсияси бўйича инсофли, арзонроқ деб М.Каримовга мурожат қилганди. Афсуски шу 6 ой давомида кийимлари-ю, хотинининг тақинчоқларигача сотиб, даволаниш учун 223 минг сўмдан бир нечтасини сарфлашга мажбур бўлган бўлсада нафақат оёғи тузалмади, аксинча бир неча баравар оғирлашди.
Муҳаммаднинг сабр косаси тўлган эди. Муҳаммад Муродга телефон қилиб: -Оёқ тўғрисида конкрет гапингизни айтинг, шунга қараб ўзим бунинг чорасини кўриш ҳаракатига тушаман - деди. У бўлса: -Бахтиёр отпускага чиқибди, 17-июлда иш хонасига келиб кетар экан, демак 17-июлда остемелит марказида учрашамиз - деди.
Булар 17-июлда Бахтиёрнинг ишхонасида учрашдилар. Бахтиёр ярим зарда билан: -Менда нима ишингиз бор, ҳозир отпускадаман, агар менинг операция қилишимни истасангизлар бир ойдан кейин ўйлаб кўрамиз. Умуман, касалингиз учун нимага Мурод акамни овора қилиб юрибсиз?! - деди.
Муҳаммад ўзини зўрға босиб: -Аввало сизда ишим йўқ, иккинчидан сизнинг операция қилишингиз керак эмас, учунчидан Муродни мен судраб юрганим йўқ, аксинча ярим йилдан буён у мени судраб юрибди. Мурод ўртадан чиқсин, мен дарров бошқа врач топаман - деди.
Мурод Муҳаммад тўғрисида унинг ренген снимкаларини кўтариб марказ директори, профессор Абдувоҳид Ғаниевич Тошпўлатовнинг олдига кирадиган бўлди. Бахтиёр эса унга бу ишга ўзининг ҳам аралашганлигини айтмасликни тайинлади. Муҳаммад эса: -Гапни даволаниш учун зарур бўлган ҳар қандай «харажат»ни ошиғи билан ҳозироқ тўлашга тайёр эканлигидан бошлашни» тайинлади. Тошпўлатов Муҳаммаднинг операцияга ётишига рухсат қилган ва уни 17-июль куни 6 кишилик 7-палатага жойлаштиришди.
Бу ердаги ётган беморларнинг айтишича марказ директори билан тегишли ҳисоб-китоб қилинмагунча операцияга киритилмас экан. Операция нархи эса операциянинг катта-кичиклигига қараб бирнеча юз долларгача борар экан, шу қаторда даволавчи врачни ҳам «рози» қилиш лозим бўлар экан.
Муҳаммад врачлар билан бу борада очиқ гаплашди: -Сизники қийин операция эмас, шундай бўлсада шефга кўкидан ҳозироқ беринг, шунда операциянгиз ҳам тезлашади, сизга эътибор ҳам яхшиланади - деди. Муҳаммад кўкидан эртасигаёқ берди, ҳақиқатан ҳам унга эътибор кескин ошди. Муҳаммадни дарров 1 одамлик 8-палатага ўтказишди, дори-дармонлар белгиланди ва 23-июлга операция ҳам белгиланди.
23-июль, жума куни соат 10 яримда калинсол наркози остида операцияни Тошпўлатовнинг ўзи қилди, Қахрамон ва бошқа врачлар унга ассистентлик қилишди. Аввалги операцияларда Муроднинг тиккан сунъий ипларини ва айниган тўқималарни олиб ташлашиб, яхшилаб тозалашган. Суякда бирон салбий ўзгариш бўлмаганлиги учун унга тегишмаган.
Сурат-5. Операциядан кейин. 2-ТошМИ, 8-бино, 2-қават, 8-палата. Чапдан ўнга: Ҳамшира Дилором, Врач Қахрамон, кароватда ётган -Муҳаммад, хамшира Дилбар. Июль-2004.
Яъни №355-сонли ўнг тизза бўғими соҳаси оқма ярасини ревизия ва некроэктамия қилиш операцияси бажарилди. 26-июлда гипс қўйишди ва 2-августда ипини олиб, бир ой гипсда туриш ва калций глюконат, олигавит дориларини ичиш шарти билан 3-августда Муҳаммадни уйига юборишди. Аллоҳга беадад шукирки, операция қилинган жойда на суқлик на қон чиқиши бўлмади.
Муҳаммад барча намозларни аввал ётиб, кейин ўтириб ўқиди. Оёғи ой сайин яхшиланиб борарди.Тарових намозларини масжидда авваллари ўтириб, охирига (ноябрда) келиб эса тикка туриб ўқий бошлади. Ҳар бир ибодатда Абдувоҳид Тошпўлатов ва Қахрамон Яхшимуратовлар ҳаққига дуо қилиш эсидан чиқмасди.
Лекин оёғининг операция қилинган жойи ибодат ёки иқлим сабабли безовта қилса Ш.Хамроев, М.Каримов, Бахтиёр каби “олим-шифокор”ларнинг тавсия-ю самарасиз муложалари натижасида чекан озорлари беихтиёр эсига тушиб юраги орқага тортиб кетади… На чора бу ҳам Аллоҳнинг қисматидир, бунга ҳам шукур, баттаридан Ўзи сақласин.
* *
Тағдир тақозаси билан 2005 йил ноябридан Муҳаммад Англиянинг Стокпорт шаҳрида яшайбошлади. Бу ердаги доимий ёмғир ва нам иқлим кўплаб марта операция бўлган ўнг қўли ва оёғига салбий таъсир кўрсатабошлади. Натижада доимо шамоллаш ва оғриқ қолдирадиган дорилар ичиб юришига тўғри келди.
Бу ҳам етмаганидек, чап оёғининг тиззасида шиш пайдо бўлди ва юришини қийинлаштирабошлади. Буни обдон текширган врачлар чап оёғини операцияга таёрлай бошладилар. Операция кунини йиллар кутишга тўғри келди. Шу боис доимо турли хил дорилар ичиб юришга маҳкум эди.
Бу дорилар оёққа ёрдам бергани билан ошқоғонга салбий таъсир қилар, бунга қарши бошқа дорилар ичишга мажбур эди. Шунинг учун ҳам уйи турли хил дори-дармонларга тўлиб кетган, ташқаридан қараган одам аптекага кириб қолгандай бўларди.
Қўл ва оёқларининг малакасиз врачлар қилган операцияси натижасида ишга яроқсиз ҳолга келгани учун Англия врачлари Муҳаммадни ногиронга чиқариб, ногиронлик нафақасини берабошлашди (сурат-6).
Сурат-6. Ногиронлик ҳужжати
Ногирон бўлишига қарамай Ўзбекистондаги фарзандлари учун пул топиш мақсадида тинмай мардикорлик (жисмоний меҳнат) қилишга мажбур эди. Шундай кунларнинг бирида тиззадан 4 марта операция бўлган оёғи қайрилиб кетиб қаттиқ йиқилиб тушди ва оёғининг тўпиғидан пасти қаттиқ шикаст еди.
Ўнг оёғи ва ўнг қўли қаттиқ шикастланганидан ўрнидан тураолмай қолди. Бу шовқинга уй эгаси (бефаришта бир кампир) чиқиб: “Ҳозироқ йўқол бу ердан, акс ҳолда полиция чақириб қаматиб юбораман сен исломчи террористни”, деб ўдағайлади.
Муҳаммад автобус бекатигача судралиб келди. Уни кўрганлар бадмаст (алкаш) деган ҳаёлга боришиб Муҳаммадга жирканч билан қарашарди. Йўлдан ўтиб кетаётган полициячиларга уни кўрсатиб алланималардир дейишди. Полициячилар олдига келиб: -Тураолмайдиган даражагача ичасанми, алкаш - дейишди жирканч билан. -Mен умримда ичмаганман, қаттиқ йиқилиб тушдим – деди Муҳаммад жовдираб.
Сурат-7. Йиқилиб шикастланган оёқ
Улар ичмаганига амин бўлишгач тез ёрдамга телефон қилишди ва Муҳаммадни касалхона (Stepping Hill)га олиб боришди. Оёғининг иккита бармоғининг ва ўкчасининг суяги чатнаган экан (сурат-7). Икки ҳафтача хассада юрди нам ва совуқ кунлари шу оёғи оғриқ берарди.
(Давоми кейинги саҳифада)
|