"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (Тарихий роман)

                                                         XV–Боб  
                                       Ислом ва саҳоватлар бобида

Муҳаммаднинг  Исломга бўлган эътиқоди жуда ёш (3 ёш) пайтидан бошланган. Бунга ота – онасининг тақводор одамлар бўлганликлари ва асосан Абдулла қори (Махсим бобо)нинг таъсири сабаб бўлган. 
Аввал ўрта мактабда, кейин Университетда зохирий билимлар билан шуғулланиб, 1953 йилгача ёдлаган Қуръони карим оятларининг кўплари эсидан чиқиб улгурган бўлсада, унга бўлган интилиши сўнмади. 1971 йили Университетнинг бешинчи курсида ўқиб юрган пайтларида араб тилини ўрганишга астойдил киришди. Бир-икки ой ичида араб тилини равон ўқийдиган ва ёзадиган бўлди. Биринчи марта Қуръони каримни араб тилида ўқиб чиқди. Шундан кейин бу билан шуғулланишга бир неча йиллар мобайнида вақт ва имкон бўлмади.
Иккинчи марта араб тилини ўрганиш билан 1982 йил чет элда(Африк)да шуғулланди. Бу пайтда аввалги ўрганганларидан анчасини эсдан чиқарган экан. 1983 йилга келиб Қуръони каримни араб тилида ва португал тилида ўқиб чиқди. Таҳорат олиш, намоз ўқиш, рўза тутиш каби ислом шариатининг бошқа аҳкомларини янгидан ўрганди.
1983 йилнинг кузида катта ихлос ва эътиқод билан намоз ўқишга киришди. Бу пайтда Нампула шахаридаги 12 қаватли оқ уйнинг 12-қаватида тилмоч Эркин ва ер тузиш инжинери Виктор билан бирга яшарди. Тонг билан туриб таҳорат олиб, азон намозини паст овозда айтарди. Эшикни ичкарисидан қулфлаб қўйиб жуда катта хавотирда намоз ўқир эди.
 Чунки бу пайтларда исломга қарши қаттиқ кураш кетаётган бўлиши билан бирга бу ерда КГБ ходимлар очиқдан-очиқ фаолият кўрсатарди. Олим, КПСС аъзоси бўлатуриб намоз ўқиш, ўша пайтнинг тили билан айтиладиган бўлса, жуда катта мафкуравий жиноят эди. 1992 йилгача намозни яширинча ўқиб юришга тўғри келди. 

Сурат-1. Хоразмийлар ибодатда

Шуни таъкидлаш керакки, намоз ўқиш, Аллоҳ йўлида Ислом ибодатларини бажо келтириш Муҳаммаднинг ижодий ва жисмоний меҳнат фаолиятига ёрдам берарди десам хато қилмайман. Чунки Ислом бу – тозалик, тўғрилик, сабр-чидам, ҳалоллик, меҳнат, саҳоват каби яхшиликлар тарғиботчиси ва тарбиячиси эканлигини ҳар бир мусулмон юрагидан хис қилиб туради.

15. 1. Ҳаж машаққатлари

Исломнинг бешинчи фарзи бўлмиш Ҳаж зиёратини қилиш мақсади Муҳаммаднинг ёшлигидан орзуси эди. Ҳожилар тўғрисида эшитиб ёки ўқиб қолса юраги қалқиб кетарди. Ҳожи бўлишликни Аллоҳдан доим тилаб юрарди.
Қуръони карим Бақара сурасининг 196-оятида “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун комил суратда адо қилинг” дейилади. Ҳаж сурасининг 26-оятида Ҳажнинг асосий шарти Байтуллоҳ (Аллоҳнинг уйи)ни тавоф қилиш эканлиги  уқтирилади. 
Қуръони каримда кўрсатилишича Одам алайҳиссалом жаннатдан ерга тушганларида Аллоҳнинг амри билан, барпо қилган биринчи уй Байтуллох бўлган. Нух пайғамбар замонидаги тўфонда фаришталар уни еттинчи осмонга кўтариб кетганлар. 
Аллоҳнинг амри билан Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссаломлар томонидан Байтуллох қайтадан бунёд этилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад САВ замонига келиб Байтуллох капитал таъмирланади ва ҳозирги кунги кўринишга келади. Хожар Асфадни эса Пайғамбаримиз шахсан ўз қўллари билан ўрнатганлар.
Ҳаж ибодати Исломнинг бешинчи фарзи бўлиб, у Муҳаммад умматлари учун ҳижратнинг тўққизинчи йили фарз қилинган. Ҳаж - Каъбатуллоҳни тавоф қилмоқ, Сафо ва Марва тоғлари орасида югурмоқ, Қурбон ҳайитининг Арафа куни Арофат майдонида маълум вақт бўлмоқ, Мино, Муздалифа майдонларида тегишли амалларини бажариш ибодатидир.
Ҳаж Шоввал ойининг бошидан, Зулҳижжа ойининг ўнинчи кунигача давом қилади. Бундан бошқа вақтдаги зиёрат умра дейилади.
Ҳаж ибодатини бажаришнинг қуйидаги шартлари мавжуд:
1.    Ислом динида бўлишлик.
2.    Балоғатга етмоқлик.
3.    Ақли расо бўлмоқлик.
4.    Озод бўлмоқлик.
5.    Қодир (жисмоний ва молиявий) бўлмоқлик. Ҳажга бориб келишлик билан боғлиқ харажатларга кетадииган маблағ ҳалолдан бўлмоғи керак.
6.    Аёл киши эри ёки бирор марҳами билан боришлиги.

Ҳажнинг фарзи учтадир:
1.    Эҳром либосига кириб, лаббайка дуосини айтиш.
2.    Арафа куни Арофатда маълум вақт бўлиш.
3.    Байтуллоҳни етти марта айланиб (Ҳайит куни) тавоф қилиш.
Эҳромда юриш Ҳажнинг шарти бўлса, Арофатда бўлиш ва Байтуллоҳни тавоф қилиш рукунлардир.
Ҳажнинг вожиблари бештадир:
1.    Муздалифада бомдод намозидан кейин жамланиб маълум муддат тўхтаб турмоқ.
2.    Сафо ва Марфа тоғлари оралиғида етти марта югурмоқ.
3.    Ҳайит кунидан бошлаб, Минода 4 кун туриб, ташриқ кунлари учта шайтонга тош отмоқ.
4.    Каъбатуллоҳ билан биринчи кўришув тавофи қилмоқ.
5.    Эҳромдан чиққанда сочини олдирмоқ.

Ҳажнинг суннатлари қуйидагилар
Каъбатуллоҳни тавоф қилаётганда ўнгдан бошламоқ, бунда Каъба чап ёнингизда туради. Хажар-ул Асвадни ўпмоқ.                                                                                              

 Минода кечаси тунамоқ.                                                                                              

 Эҳром ридосини ўнг қўлтиғининг остига қистириб ўнг қўлни елкаси билан очиб қўймоқ.        Арафа куни бир азон икки қомат билан пешин вақтида пешин билан асрни жамоат билан ўқимоқ.                                                                                                                    

 Шом билан хуфтонни хуфтон вақтида бир азон, бир қомат билан жамоат билан ўқимоқ. 
Арофат ибодатидан олдин ғусл қилиш , дуони чин дилдан қилиш Ҳажнинг одобларидандир.
Эҳромга кириш учун ҳаром туйларини, тирноқларини, сочини (қисқартириш ҳам мумкин) олади. Таҳорат (яхшиси гусл) қилади. Кейин бир изо (белдан пастки аъзони бектирувчи) бир ридо (белдан бошигача аъзоларни беркитувчи) боғлайди ва икки ракат нафл намози ўқилади. 
Намоз ўқишда шундай ният қилинади: Аллоҳумма инний уридул ҳажжа (умра) файассирҳу ли ва такабалҳу минний, яъни Илоҳо мен бу эҳром билан Ҳаж (умра) қилмоқни истайман. Ҳажни менга енгил қилгин ва мендан Ҳажни қабул қилгин. 
Шундан кейин ҳажни ният қилиб қуйидаги талбия айтилади: Лаббайка Аллоҳумма, лаббайк. Ла шарика лака, лаббайк. Иннал хамда, Ваннеъмата, лака-вал мулк, ла шарийка лака. Яъни Сенинг буюрган ҳажинга ҳозирман Аллоҳим ва Сенинг тоатинга ҳозирман. Сенинг ҳеч шеригинг йўқдир ва Сенинг амринга итоат қилиб ҳажга ҳозир бўлдим. Мақтовли бўлмоқ, ҳар неъмат ва ҳар мулк сеникидир. Ва мулкингда шеригинг йўқдир.
Эҳромга киргандан кейин қуйидаги амаллардан тийилмоқлик шарт:
1.    Гуноҳ ишларни қилишдан.
2.    Жанжаллашишдан, бировни хафа қилишдан.
3.    Жинсий ва ҳар қандай ҳирс ва алоқадан.
4.    Бош кийим, майка, турси, пайпоқ, тикилган кийим ва пойафзал (эркаклар учун) кийиш. Яъни изор ва ридодан ташқари хеч қандай кийим бўлмайди.
5.    Соч, соқол, тирноқ ёки бошқа бирон туйни олишдан.
6.    Ҳар қандай жониворга озор етказиш ёки ўлдириш (заҳарли илон, чаён, олқарға, сичқон, калхат, қутурган ит кабилардан ташқари).
7.    Хушбўй нарса баданга суртиш ва ҳаказо.
8.    Умуман Эрҳомга киргандан кейин оз бўлсада роҳат топадиган нарсалардан сақланиш зарур.
Улуғ Ҳаж ибодатини сидқидилдан бажариш учун ният қилган ҳар қандай мусулмон юқоридаги барча шартларни бекаму кўст бажаришни ўз бўйнига олиши керак.
                                                                *       *
Муҳаммадда Ҳаж зиёратига бориш фикри ва истаги 4-5 ёшларида раҳматлик Абдулла қори (Махсим бобо) таъсирида пайдо бўлган. 1997 йилгача (45 йил) шу истак ва тилак билан яшади. 1984 йилга келиб Ҳажга бориш учун Муҳаммадда ҳалол маблағдан молиявий имконият юзага келди. 
Яъни уч йил чет эл(Африка)да ишлаган пайтларида маошни АҚШ долларида оларди ва унинг бир қисми СССР Ташқи Иқтисод банкида 17194448 номерли шахсий счётиида йиғилиб борди. Уч йил ичида бу банкда 17 минг доллардан ортиқ пул йиғилган эди. Бу пулдан иморат солди, машина ва бошқа буйумлар олди. Лекин бир неча минг долларни Ҳаж учун ният қилиб шу банкда қолдирди. Уни ҳар қандай эхтиёж бўлганда ҳам олмади.
1995 йилга келиб, Ҳажга кетиш учун реал сиёсий имконият пайдо бўлди. Бу пайтда Муҳаммад Боғот районлараро “Узсельхозхимия” бирлашма раиси бўлиб ишларди. Кўпчилик қатори Муҳаммад ҳам Ҳажга бориш учун ариза берди. Бу йили ҳаж зиёрати учун 60 минг сўм топшириш керак эди. Тўғрисини айтганда бу миқдордаги маблағ бошқалар қатори Муҳаммадда ҳам бор эди.
Лекин Ҳаж шартларининг бешинчи бандига асосан, Ҳаж зиёратлари билан боғлиқ харажатлар пешона тери билан топилган ҳалол маблағ ҳисобига бўлиши кераклиги, ҳамда 1984 йилда Ҳаж учун ният қилиб қўйган Москвадаги пулини олиб Ҳажга ишлатиш учун бу долларни олиш ҳаракатига тушди. 
Москвадаги Внешэконом банкидаги Муҳаммаднинг 17194448 номерли счётидаги маблағни, Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки 07352094 номерли корреспандент счётига ўтказишларини сўраб ариза билан мурожат қилди. Внешэконом банк, шахсий счётлар бўлими бош иқтисодчиси Сафанова Л. имзоси билан ҳозирги пайтда Ўзбекистон ташқи иқтисодий алоқалар миллий банки билан операция тўхтатилганлиги муносабати билан маблағини Москвага келиб нақд олишини тавсия қилишлари ҳақида хат олди. Афсуски шундай қилиб бу галги Ҳаж сафаридан кеч қолди.
Кейинги марта 1996 йилнинг бошида Москвадаги доллар пулини олиб келиш учун қўшниси Илхомбой Отажоновга Нотариусдан тасдиқланган ишонч хати бериб юборди. Афсуски бу гал ҳам битмади. Ишонч хати фақат давлат нотариал идорасидан тасдиқланган бўлиши керак экан.
 Бу йилги Ҳаж зиёрати харажатлари 80 минг сўмни ташкил қилган эди. Бу миқдордаги маблағ кўпчилик қатори Муҳаммадда ҳам бор эди. Лекин юқорида қайд қилинганидай Ҳаж шартларининг бешинчи бандига мутлақо тўғри келиши учун бу гал ҳам қолишга тўғри келди.
Учинчи (1997) йили Парвардигор йўлини очди. 02.02.1997 йил 7732 номерли ордер билан 17194448 номерли шахсий счётидаги 2151 доллар пулини олди. Уни 114 минг сўм пулга курс бўйича айлатириб Урганч шаҳридаги Имом Фахриддин Ар-Розий ислом мадрасасининг кассасига 10-март 1997 йил 16-чи номерли квитанчия бўйича топширди.
Лекин бу билан ҳам ҳаж зиёратига кетиш билан боғлиқ муаммолар ҳал бўлмаган эди. 1997 йили Хоразм вилоятидан 75 киши кетиши керак эди, лекин кетиш учун ариза топширганлар сони 350 дан ошиб кетган эди. Булар ичидан энг лойиқларини олиш мақсадида 12 кишидан иборат ҳайъат тузилиб, улар Ислом шариати ва Ҳаж ибодаатлари бўйича Ҳажга кетувчилардан имтиҳон олдилар. Юқоридаги раҳбарият кўрсатмасига биноан, биринчи навбатда қарияларни ўтказиш керак экан. Бундан ташқари ҳар бир имтиҳон олинадиган жойда бўлганидек таниш–билиш, қода-қойим деган нарсалар борлиги сезилиб турарди.
Муҳаммаднинг ёшлиги, таниш-билиш, қода–қойимини қилмаганлиги (чунки бунда Ҳаж шариатлари бузилади) учун ҳам имтиҳонга қаттиқ тайёргарлик кўрган эди.
Бу имтиҳондан Ислом ва шариатдан (балки эътиқоддан ҳам) хабари кам бўлган одамларнинг “муваффақит” билан ўтаётганини кўриб қанчалик хуноб бўлсангиз, Ислом мадрасаларини ўқиган, катта-катта жомеъ масжид имомларининг (айримлари имтиҳон олувчилардан билимлироқ ҳам эди) имтиҳондан ўта олмаётганини кўриб хафа бўлиб кетади киши. 
Гал Муҳаммадга келганида, айниқса вилоят ҳокими маъсул ходими А.Рўзметов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Хоразм вилояти (имоми) вакили А.Саидов, вилоят Ар-Розий мадрасаси раҳбари Атоуллолар янада сергаклашди. Чунки, Исломни ўрганишни 3 ёшидан бошлаган, 5 ёшига етганида Қуръони каримнинг ярмидан кўпроғини ёд олган, “Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, “Ҳадиси шариф ўгитлари” каби рисолалар ёзган, умр бўйи турли туман имтиҳон топширавериб ва имтиҳон олавериб бу борада профессионал бўлиб кетган профессорни йиқитиш осон кечмаслигини билишарди.
Муҳаммаднинг имтиҳон топширишии анчага чўзилди. Уни бирон жойда асосли тутиша олмади. Савол-жавоб Исломдаги 40 фарзга етиб келганида имтиҳон жанжалга айланиб кетди. Улар Муҳаммадга: -Исломнинг 40 фарзини айтиб беринг-чи? - деб сўрашди (очиғини айтганда, 40 фарзни тўлиқ ва тўғри айтишни ҳатто масжиддаги айрим имомлар ҳам уддалай олмайди). Сабри чидамаган имтиҳон топширувчи (Муҳаммад): -Ислом фарзларини қанчалик тўғри ва тўлиқ айтганимни баҳолаш учун, ўзларингиз тўлиқ биласизларми уни? - деди.
Муҳаммаднинг бу гапи (қарама-қарши саволи) имтиҳон комиссиясига хийла оғир ботди ва вилоят имоми Ахмаджон Саидов имтиҳон олувчиларга: -Майли, 40 фарзни айтиб беринглар, шу билан профессорнинг жавобини берамиз - деди жаҳл билан.
Имтиҳон олувчилар: -Ҳеч замонда мударрис (имтиҳон олувчи) ўз саволига ўзи жавоб берадими - деган маънода бир-бирига қараб, ўз ичларидаги фаолироғи ҳисобланган Ар-Розий мадрасаси раҳбари ва мударриси Отауллога: -Санаб беринг - деб имо қилишди. У бўлса гоҳ бошидан, гоҳ охиридан қилиб, айрим фарзларини 2 мартадан санаб, зўрға 38 та фарзни санаб берди. Тошкентдан келган юқори мартабали имтиҳон олувчи Отауллога: “Бопладинг!”, дегандай ўқирайиб бир қарадида, ўзи санашга киришди ва 36 та фарзни зўрға санади.
Имтиҳон комиссияси ўнғайсиз бир аҳволда қолди ва: “Нима қиламиз?”, дегандай вилоят имомига тикилишади. Бу тадбирнинг ташкилотчиси бўлмиш вилоят имоми (Ўзбекистон мусулмонлари идораси(вазирлиги)нинг Хоразмдаги вакили): -Тақсир, 40 та фарзни ўзингиз айтиб бермасангиз бўлмайди шекилли - деб қолишадими, деган хавотирда:  -Нимагадир менинг мазам қочаяпти - деганича имтиҳон бўлаётган хонани тарк қилди.
Муҳаммад  бу 40 фарзни бирма-бир санаб, уларнинг ҳар бирини шарҳлаб ҳам берди. Имтиҳон олишни давом қилдиришдан фойда йўқлигини тушинган домлалар: -Бораверинг ўтдингиз - деб унга рухсат қилишди. Юқоридаги айрим раҳбарлар бундан ҳижолатда қолиб Муҳаммадни имтиҳондан йиқитиш у ёқда турсин, ўзи йиқилиб юрган домлани эртасигаёқ домлаликдан (имтихон олишдан) четлатишган.
Шундан кейин ҳам айрим ёшуллилар Муҳаммадга Ҳаж зиёратига боришдан воз кечишни маслаҳат беришиб, акс ҳолда мансабингиздан айрилиб қолишингиз ҳеч гап эмас деб шаъма ҳам қилишди. Муҳаммад бўлса ҳар қандай мансабларнинг барчасини Ҳаж зиёратига алмаштирмаслигини расмий равишда, баралла айтганидан кейингина бундай шаъмалар тўхтади.
1997 йили 8-апрель куни Ҳаж зиёратини ният қилиб, Урганчдан Тошкентга (ўз пулларига) учиб бориб, “Россия” меҳмонхонасига жойлашдилар. Шу ердан изор ва ридо (ҳар бири 1,5-2 м келадиган сочиқ типидаги материал) сотиб олиб эртаси бомдод намозини ўқигандан кейин, таҳорат ва ғусл  қилиб, изор ва ридо ўраб, 2 ракат нафл намозини ўқиб, Эҳромга кирдилар ва Тошкент аэропортига чиқдилар. 

Сурат-2. Саудия Арабистони, Жидда шаҳри

Бу ерда Муҳаммад “Ахборот” программаси учун интервью берди. Буни 9.04.1997 йил кечки ва 10.04.1997 йил эрталабки рус тилидаги ахборотда кўрсатди. 1997 йил 9-апрель, соат ўндан қирқ дақиқа ўтганда, ИЛ-86 русумли самолётга ўтириб Жидда(сурат-2)га соат ўн еттидан қирқ дақиқа ўтганда келиб (йўлди бир ерда қўниб ўтди) тушдилар. Жиддага тахминан 300 км қолган пайтда, Мийком (Эҳромга кириб талбия бошланадиган ер) бошланди ва шу ерда “Лаббайка” талбиясини айтишга бошладилар.
Жидда аэропортида ҳужжатларни расмийлаштириб, кечаси автобусда Маккаи мукаррамага жўнадилар. У ерга 10-апрель куни тонгда, тўртдан ўттиз дақиқа ўтганда етиб келишди ва Ўзбекистон ҳожилари Амам Мавкиф ал-Басот майдонидаги Мажма Кудай ат-Тажарий вас-Сакан меҳмонхонаси(Муҳаммадлар ўн киши 114 хонаси)га жойлашдилар. Буларга кўрсатиладиган барча хизматларни Дорус-Салом ширкати ўз бўйнига олган эди.
Бир пас дам олиб, таҳоратни янгилаб, Байтуллоҳ жойлашган ер - Масжид ал-Ҳарамга йўл олишди.  Булар жойлашган меҳмонхонадан бу масжидгача 1,8-2 км бўлиб тоннелдан ўтиб борилади. Ҳожилар учун ажратилган махсус автобуслар доим юриб турарди. 
Талбия айтган ҳолда Масжид ал-Ҳарамга кириб борилади. Каъбатуллоҳ(сурат-3)га кўзлари тушган заҳоти, қаттиқ ҳаяжон-ла юраги урушидан бутун гавдаси ларзага келарди. Оллоҳу акбар, ла илаҳа иллаллоҳ,  деб такбир ва таҳлил айтгандан кейингина ўзларига кела бошладилар. Каъбанинг қоратош (Ҳажар ул-Асфад) ўрнатилган бурчагига қарши туриб унинг чизиғининг устида эзгу мақсадларининг ҳосил бўлишини сўраб дуо қилдилар.
Тавоф қилиш қоратош чизиғи устидан бошланади ва Каъба атрофидан етти марта айланилади. Ҳар бир айланган(тавоф қилган)да қоратош ўпилади. Унга етиш имконияти бўлмаса қўл ёки бошқа нарса текизилади. Бунинг ҳам иложи бўлмаса қоратош чизиғи устига келганда унга қўлингизни узатиб юзга сурилади. Бу ҳажнинг суннатларидан ҳисобланади. 

Сурат-3. Саудия, Маккаи мукаррама, Кабатуллоҳ

Тавофнинг олдинги учтаси елка очилган ҳолатда енгил югуриб адо этилади ва қолган тўрттаси елкалар тўла ёпилган ҳолатда секин-аста юриб тугатилади. Каъбани илк бор зиёрат қилиш Тавофи Қудм – кўришув тавофи дейилади ва у ҳажнинг вожибларидан ҳисобланади. 
Тавофи Қудм ниҳоясига етказилгач Иброҳим ҳалилуллоҳ мақоми (Каъбанинг шарқий томонидаги ёй шаклидаги 1 м баландликдаги пахса ичи)да икки ракат нафл намози ўқилади. Кейин пастга зам-зам хавзасига тушиб, сувдан тўйиб ичилади ва Ҳажнинг кейинги рукнларини бажаришга киришилади.
Ҳаж вожибларидан яна биттаси Сафо ва Марва тоғларига етти марта бориб келмоқ (саъй қилмоқ)лик ҳисобланади. 
Ривоят қилинишича Иброҳим алайҳиссаломнинг кейинги рафиқаси Ҳожар биби Исмоил алейҳиссаломни туғганидан кейин сув қидириб, бу икки тоғ оралиғида етти марта тўхтамасдан гоҳ югуриб, гоҳ юриб бориб келган. Чунки унга сароб сув бўлиб кўринган. Оллоҳнинг қудрати билан ҳали чақалоқ бўлган Исмоил алайҳиссалом оёқларининг тагидан ҳозирги зам-зам булоғи отилиб чиққан.
Шунинг учун ҳам саъй пайтида йўлнинг бир қисми югуриб, бир қисми юриб ўтилади. Агар чарчаб ёки бошқа сабаб билан саъй қилиш бир варакайига етти мартага етказилмаса, бу рукн бошидан бошланади. 
Бу рукнларни тугатгач, яна икки ракат шукрона (нафл) намозини ўқиш мақсадга мувофиқ. Шундан кейин эркаклар сочларининг ҳар томонидан, аёллар эса учидан қирқиб ташлайдилар ва Эҳромдан чиққан ҳисобланадилар. Бу Эҳромдан чиқиш ҳам ҳажнинг вожибларининг биттасидир. Шундан кейин Зулҳижжа ойининг саккизинчи куни (14 апрель) кечқурунгача тоат ибодат, Қуръон ўқиш ва Каъбатуллоҳни тавоф қилиш билан машғул бўлдилар.
14-апрель кечқурун яна Эҳромга кириб автобусда Маккадан 5-6 км узоқликдаги Мино тоғига бориб у ерда тунадилар. Эртасига 15-апрель, кундуз соат 8-9 ларда Муҳаммадлар  ўтирган ердан тахминан 1 км наридаги палаткада жойлашган медицина пунктидаги газ балон портлаб кетиши натижасида, ёнғин бошланиб кетди. 
Бахтга қарши шамол ҳам анча кучли эди. Бу ёнғин 50 гектарга яқин майдондаги минглаган палаткаларни ёндириб икки-уч соат ичида булар ўтирган ерга ҳам етиб келди. Мисли кўрилмаган саросималик бошланди. Ҳар ким ўз жонини қутқариш билан овора эди. 
Группа бошлиғи (А.Рўзметов) бир гуруҳ аёлларни олиб чиқиб кетди. Қолган барча аёллар ва қариялар билан Муҳаммад энг охирида қолди. Олов 6-7 м яқин келганди. Даҳшатли манзара бўлаётган эди. Бангладеш, Покистон ва бошқа ердан келган ҳожилар ичида қочаолмай қолган ногирон ва касалвандлари оловда тирик ёна бошладилар. Уларнинг дод фарёди осмону фалакка чиқарди. 
Орқасига қайрилиб, буларни изма-из қувиб келаётган оловни кўрган аёллар бирин-кетин йиқилиб тушар, уларни анча жойгача судраб боришга тўғри келарди. Шунинг учун ҳам Муҳаммад уларни иложи борича оловга ва унда ёниб фарёд қилаётганларга қаратмасликка ҳаракат қиларди. 
Бундай даҳшатдан кўпчилик ўзини йўқотиб қўйган эди. Ҳатто айрим одамлар ва аёллар ёниб келаётган оловдан қочиш ўрнига, унга қараб кетганлари ҳам кўп бўлди. Шундайларнинг бири, Шовотлик 71 ёшли бир аёл эди. Қолганларини кўп азоблар билан меҳмонхонага етказиб келдилар. Уларнинг кўпчилиги ўзига келаолмай гангиб юришди ва бир неча кунга меҳмонхонада қолиб кетишди. Муҳаммадлар кечга томон Минога қайтиб бориб (сурат-4), ёнмаган лекин эгалари қочиб кетган, палаткада тунадилар ва ибодатни давом қилдирдилар. 

Сурат-4. Муҳаммад ёнғиндан кейин Мино тоғида-1997

Ҳалиги Шовотлик аёлнинг жасадини уч кундан кейин касалхонадан топдилар. Кечаси соат ўн иккидан ўттиз дақиқа ўтганда, Ўзбекистоннинг Саудия Арабистондаги консули келиб Боғот тумани И.Дўсов хўжалигидан келган Болтабой ака Хўжаевни чақириб, ҳукумат номидан таъзия билдирганда бечора Болтабой аканинг капалаги учиб кетди. 
Бориб бир неча жасадлар ичидан қазо қилган умр йўлдошини таниб олиш кераклигини айтгандагина у анча ўзига келиб:  -Менинг умр йўлдошим ўтганига 14 йил бўлган эди -  деди. Шундагина бу аёлни Болтабой ака Хўжаевга маҳрам (эри) қилиб ёзиб юборишгани маълум бўлди. Бу аёлни Минодаги қабристонга дафн қилдилар.
Эртаси чин арафа(16 апрель) куни бомдод намозини ўқигач, Арофт майдонига (5-6 км) автобусларда жўнадилар. Бу ерда қуёш қиёмдан оғгандан сўнг бир азон ва икки такбир билан имом раҳбарлигида пешин ва аср намозларини қўшиб ўқидилар. Арафа куни Арофатда бўлиш ҳажнинг фарзларидан биридир. 
Арофат майдони шунчалик каттаки, унда бир варакайига бир неча миллион ҳожилар ўзларининг палаткалари ва машиналари билан сиғадилар. Бу майдоннинг ўртасида пастқамроқ кичкинагина бир тоғ жойлашган бўлиб уни Раҳмат чўққиси дейдилар. Бу чўққига чиқиб Каъба томонга юзланиб қилган гуноҳлари учун сидқидилдан тавба қилиб, Оллоҳга ёлвориб раҳмату мағрифат сўралади ва икки ракат намози ўқилади. Бу эса суннат амалларидан бири ҳисобланади. 

Сурат-5. Арафат тоғи ва Раҳмат чўққиси. Макка

Ривоят қилинишича, Одам ота  билан Ховва она жаннатдан туширилганларидан кейин бир неча юз йил бир-бирини излаб юришиб шу Арофат майдонида учрашишган. Улар шу раҳмат чўққисига чиқишиб Оллоҳдан тавбаларини қабул қилишини раҳмату мағрифат сўраб илтижо қилишган. Оллоҳ уларнинг тавбасини қабул қилиб раҳмат қилган. Ана шунинг учун ҳам бу Арофат майдони ва ундаги раҳмат чўққиси мўътабар жой бўлиб қолган ва ҳаж рукнларига киритилган бўлса ажаб эмас.
Шу (16-апрель) куни кечқурун автобусларда Муздалифа (Арофатдан 5-6 км) майдонига етиб келдилар. Бу ерда шом ва хуфтон намозларини бир азон ва икки такбир билан қўшиб ўқидилар. Бунда хуфтон намози (фарзи) каср қилиб, тўрт ракат ўрнига икки ракат ўқилади. Шундан кейин Муздалифа майдонида тунаб қолдилар. Тонг саҳарда туриб ҳар биттаси данакдай келадиган 70 та тош териб, белбоғга солиб қўйилади. Бомдод намозини ўқиб, қуёш чиқмасдан Минога қайтилади.
Ривоятларги қараганда Оллоҳ томонидан тавбаси қабул қилинган Одам алайҳиссалом ва Ховва она шод хуррам бўлиб, Муздалифага етиб келадилар. Бу даврда Муздалифа  сойлар оқиб турган, турли туман мевалар пишиб, гуллар очилиб, бубуллар сайраб турган жаннатмакон ер бўлган. Улар шу ерда кечаси биринчи марта эр-хотин сифатида қовушдилар. Балки шунинг учун ҳам Муздалифада кечаси тунаш ҳаж ибодатларига қўшилган бўлса ажаб эмас.

Сурат-6. Ўзбекистонлик ва Туркманистонлик ҳожилар Арофат тоғида - 1997

Минога 17-апрель эрталаб етиб келгандан кейин, белгиланган палаткаларга жойланиб, нонушта қилгандан сўнг, шайтонларнинг рамзи сифатида қўйилган бетонлар томонга борилади ва катта шайтонга қараб еттита тош отилади. Ҳар бир тошни отган пайтда, Оллоҳу акбар, дейилади ва отилган тошлар шайтон тимсолига тегиши шарт. 
Тош отаётган пайтда Каъбатуллоҳ чап томонингда, Мино ўнг томонингда бўлиши керак. Тош отиш муддати қуёш чиққандан пешин вақтигачадир. Шундан кейин (яъни соат 10-11 ларда) шайтонга тош отилган ерга қарама-қарши томонида иккита қоя(тоғ)дан кейинги далада аввалдан пуллари тўлаб қўйилган қўчқорларни ҳар бир ҳожининг исмини зикр қилиб қурбонлик (сўйилади) қилинади. 
Агар истаги бўлса ўз қурбонлигини ҳар бир ҳожининг ўзи сўйиши мумкин. Қурбонликлар сўйилиб бўлгандан кейин эркалар сочини олдириб (ёки қисқартириб) аёллар сочининг учидан қирқиб Эҳромдан чиқилади. Бу Эрҳомдан чиқишни кичик таҳлил дейилади.
Ривоят қилинишича, Иброҳим ҳалилуллоҳ ўғли Исмоил алайҳиссаломни Оллоҳ йўлида қурбонлик қилиш учун олиб бораётганда шайтон буларнинг олдидан чиқиб, Исмоилни отасининг ниятидан огоҳ қилиб, қочишга бир неча бор ундайди. Шунда Исмоил алайҳиссалом шайтоннинг бу қилиғидан дарғазаб бўлиб бир неча бор унинг кўзига, юзига тош отиб уни ҳайдайди. Ана шу ерларга шайтоннинг рамзи ўрнатилган. 

Сурат-7. Минодаги тош отиладиган Шайтон тимсоли

Ҳозирги қурбонликлар сўйиладиган ерларга келганда отаси Исмоилнинг қўл оёоқларини боғлаб бўғзига пичоқ тортади. Пичоқ унинг бўғзини кесмайди. Пичоқ ўтмас бўлиб қолган, деган  гумон билан пичоқни ёнидаги тошга уради, пичоқ бу тошни осонгина иккига бўлиб ташлайди. 
Кейин яна пичоқни Исмоилнинг бўғзига уради. Лекин пичоқ унинг бўғзини яна кесмайди. Шунда Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга: -Бу не синоат? - деб илтижо қилади. Парвардигор ўз ҳалилига: -Бу билан менга бўлган эътиқоду муҳаббатингни синаб кўрдим. Исмоилнинг ўрнига мана бу қўчқорни қупбонлик қилгин - деган. 
Минодаги масжиднинг қўчқор деб аталиши қурбон ҳайити куни бу ерда асосан қурбонлик учун қўчқор сўйилиши кабиларнинг боиси балки шу бўлса ажаб эмас.
Эҳромдан чиққандан кейин (16-апрель тушдан кейин) Маккага қайтиб келиб Каъбатуллоҳни етти марта айланиб тавоф қилинади. Бу тавофни “Тавофи ифода” яъни ҳаж тавофи дейилади ва у оҳиста юриб бажарилади. Бу эса ҳажнинг асосий фарзи ҳисобланади. 
Шундан кейин оби зам-замга келиб тўйиб сув ичилиб кейин юз қўллари ювилади. Каъба эшиги билан қоратош оралиғини мултазима деб аталади ва у ерда дуо, илтижолар қилинади. Бу макон дуолар мустажаб бўладиган жой ҳисобланади. Энди Эҳромдан тўлиқ чиққан ҳисобланади. 

Сурат-8. Муҳаммад (чапда) ва Абдушариф (ўнгда) ҳожилар Шайтонга тош отганларидан кейин.

Шундан кейин Минога қайтиб кетилади. Минода ҳайитнинг биринчи, иккинчи, учинчи (17, 18, 19 апрель) кунлари ташриқ кунлари дейилади ва шу кунларда ҳар кун пешин намоздан кейин кичик, ўрта ва катта шайтонларнинг ҳар бирига еттитадан тош отилади. Шундай қилиб Аллоҳнинг инояти билан 19-апрель аср намозигача Ҳаж намозининг фарзи, вожиби ва суннатларини тўкис бажариб “Ҳожи” бўлишга муяссар бўлдилар ва 20-апрель, бомдод намозидан кейин, автобусларда Маккага келиб ўз меҳмонхоналарига жойлашдилар. 
20-апрелдан 28-апрелгача Каъбатуллоҳни тавоф қилиш ва умра зиёрати билан шуғулландилар. Умра зиёрати қуйидагича амалга оширилади: Каъбадан 15-20 км ғарб томонда (Макка шаҳрининг ғарбий четида) Ойша (Оишаи Сиддиқ) онамизнинг масжидлари бўлиб (сурат-9), у масжид ал-Умро ҳам дейилади. Унга бориб ғусл қилиниб, Эҳромга кирилади ва икки ракат нафл намози ўқилади. Бу намознинг ниятида шул умра ҳажини ўзим, отам ёки бошқа бировлар учун ният қилдим дейилади ва намознинг охирида: -Эй Парвардигор унинг гуноҳларини кечиб ушбу умра ҳажини қабул қилгайсан - деб дуо қилинади. Кейин шаҳар автобусида Лаббайка дуосини айтган ҳолда Каъбага келинади.
Каъбани етти марта айланиб тавоф қилиш, Сафо ва Марва тоғлари орасида сайъ қилиб охирида шул умро ҳажни (. . . . . . .) учун қабул қилинишини Аллоҳдан илтижо қилиб икки ракат намоз ўқилади ва сочининг ҳар томонидан қирқилиб Эҳромдан чиқилади. Умра ҳажини неча марта бажарилса шунча марта юқоридаги амаллар бажарилади. 
Муҳаммад 20-28 апрель кунларида ўзи, отаси, онаси, Арали эшон бобо, Ширвали бобо, буюк Хоразмийлар, фарзандлари: Ойбек, Улуғбек ва рафиқаси учун (уларга ният қилиб) умра Ҳажини сидқидилдан бажарди. Айрим кунлари икки марта ( тушгача бири тушдан кейин иккинчиси) умра ҳажини адо қилган кунлари ҳам бўлди. 
Маккадаги кунлари беш вақт намознинг деярли барчасини Каъбатуллоҳнинг тагида ўқиди. Бир неча намозни Каъба эшигининг тагида, имомнинг шундоққина орқасида туриб ўқишга муяссар бўлди. Кўп марталаб Каъба эшигининг тагида марҳумларнинг жанозасини ўқишда иштироқ қилди.
28-апрель куни Каъбатуллоҳда пешин намозини ўқиб бўлгач видолашув тавофини (аввалги тавофлар каби) адо қилди. Кейин буюк эътиқод ва ҳурмат билан кўзларини Каъбатуллоҳдан узмаган ҳолда, орқа билан юриб, бу буюк маконни яна зиёрат қилиш имкониятини сўраб кўзларида ёш билан, Масжиди ал-Ҳарамдан чиқди. Лекин бутун вужуди ва рухи гўё шул Каъба олдида қолган эди, фақат жисмигина юриб борарди.
1997 йил 28-апрель соат 19 да автобусларга ўтириб, Мадинаи мунаввара томон кетдилар. Мадинага ярим кечадан кейин етиб келишди ва Муҳаммад алайҳиссалом масжидларига 2-2,5 км бўлган Қурбон Нозил кўчасидаги “Иморат ал-Вуқайс” меҳмонхонасига жойлашдилар. 
Эрталаб нонушта қилганларидан сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо(САВ)нинг равзаи саодатлари жойлашган масжид(сурат-10)га йўл олдилар. Масжидга ўнг оёқ билан кирилади ва Пайғамбаримиз минбарлари билан қабрлари (дафн қилинган жойлари) ўртасида туриб икки ракат “Таҳиййат-ул Масжид” намози ўқилади. 
Сўнг Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) алайҳиссалом қабрларига бориб бош тарафида қиблага қараган ҳолда Салом берилади. Шундан кейин ҳажга келаётганда Пайғамбаримизга салом айтишни илтимос қилган кишиларнинг саломини Пайғамбаримизга етказилади. Сўнгра Абу Бакр ас-Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб қабрларининг бош томонларига ўтиб салом берилади. Шундан сўнг Пайғамбаримиз қабрларининг бош томонларига қайтиб Қуръон тиловат қилиб, унинг ҳаққига дуои ҳайрлар қилинади ва масжид ичига кириб икки ракат намоз ўқилади.
Мадинада бўлинган кунлари 5 вақт намознинг барчасии улуғ масжидлардан бири ҳисобланмиш Пайғамбаримиз масжидида ўқиш мақсадга мувофиқ. Ривоят қилинишича Масжид ал-Харам(Каъба)да ўқилган ҳар ракат намоз (бошқа ерда ўқилган намозга қараганда) юз минг, Мадинадаги Муҳаммад алайҳиссалом мажиди ва Куддусдаги Ал-Ақсо масжидларида ўқилган намозларининг ҳар бир ракати 50 минг ракат ўрнига ўтар экан.

Сурат-10. Расулулоҳ (САВ) масжида ва қабрлари. 

Мадина четидаги “Ал-Вакил” қабристонида Ислом учун жон берган саҳобалар ётибди, шунинг учун у ерни зиёрат қилиш мустаҳаб амаллардан ҳисобланади. Бу қабристон девор билан ўраб олинган, шунинг учун ичига кирилмай ташқарисида туриб бу ерда ётган саҳобалар руҳига Қуръон тиловат қилиниб дуо қилинади. 
Шунингдек, Исломда машҳур жанг бўлган Уҳуд тоғига, Қиблайто, Қубо, Сабъо ва Ҳазрати Билол масжидларини ҳам зиёрат қилиб, уларда намоз ўқидилар. Қубо масжиди (сурат-11) икки қиблали масжид ҳам дейилади. 
Ҳижратнинг иккинчи йили Пайғамбаримиз намозини (ўша пайтларда қибла бўлган) Ал-Ақсога қараб ўқиб турганларида:  “Юзингизни масжид Ал-Харамга қараб буринг (2-сура, 144-оят), у шубҳасиз Парвардигорингиз буюрган ҳақ қибладир (2-сура 194-оят)” -  деган оятлар нозил бўлади ва улар юзини (180 градус орқага) Каъбатуллоҳга қаратиб буриб, намоз ўқишни давом қилдирадилар. Шундан бошлаб Маккада жойлашган Масжид ал-Харамдаги Каъбатуллоҳ барча мусулмонларнинг юзланиб намоз ўқийдиган Каъбаси бўлиб қолди. 
Манбаларда қайд қилинишича Пайғамбаримиз ўзлари вафот қилган ерларида (яъни ўзларининг масжидлари ичига) дафн қилинган. Кейинчалик бу жой устига мақбара (яшил гумбаз) бунёд этилган. Бу мақбара (гумбаз) ичида 4 та жой (ўрин) бўлиб, биринчисида Пайғамбаримиз дафн қилинган, устига ҳеч қандай қабр қурилмаган (теп текис). 
Иккинчиси бўш, ҳеч ким қўйилмаган, учинчисига Абу Бакр Ас-Саддиқ, тўртинчисига Умар ибн Ҳаттоб қўйилган бўлиб, иккиалаларининг ҳам устида қабри бор. Буларнинг барчаси панжарали дарвоза орқасида бўлиб, улар ётган жойлар қоронғу бўлганлигидан ғира-шира кўриниб турибди. 
Ривоят қилинишича, охир замон яқин қолганда Исо (Исус Христос) алайҳиссалом осмондан ерга тушиб, Ислом динига кириб, 40 йил ҳукмронлик қилиб, ер юзида Ислом ҳукумини юргизар эканлар (43-сура, 61-оят). Муҳаммаднинг уммати бўлиб вафот қилганларидан кейин, Муҳаммад алайҳиссалом ёнидаги бўш турган ерга дафн қилинар экан.
Шуни унутмаслик керакки, ҳаж зиёрати билан боғлиқ ибодат(рукнлар)нинг кўпчилиги катта қийинчилик (айрим пайтлари эса инсон ҳаёти) эвазига бажарилади. Шунинг учун ҳам ҳаж ибодатларини бажариш шартларининг бешинчи бандида “Қодир бўлмоқлик” (яъни ҳаж зиёратини бекаму кўст бажаришга жисмоний жиҳатдан қодир бўлмоқлик) деб бежиз айтилмаган. Лекин ногирон, камқувват кишиларнинг (ҳақини тўлаб) бошқаларнинг ёрдамида ҳаж рукнларини бажаришга ҳам изн берилган.
Ҳаво ҳарорати 50-60 градусгача етадиган шароитда бош ва оёқ яланг, ғоятда тиқилинч шароитда, Каъбани етти марта айланиш, Сафо ва Марва тоғлари орасини етти марта юриб ва югуриб ўтиш каби амалларни бажаришни ҳамма ҳам ундалай олмас экан. Бу рукнларни бажариш шароитида бош (айниқса тепа кал бўлса) ва елкалардан қуёш куйдириши натижасида терилари шилиниб кетиб, ҳатто қон оқа бошлайди.
 Айниқса Каъбани тавоф қилиб Ҳажар Асфадни ўпиш (ёки қўл узатиб тавоф қилиш) ғоят тиқилинчлиги сабаб жуда машаққатли кечади. Тўғрисини айтганда, Муҳаммад 49 ёшли, жисмоний бақувват йигит бўлсада Каъбани шунча марта тавоф қилиш давомида Ҳажар Асфадни тавоф (бир марта ўпиш, икки марта қўл уриш) қилиш, уч мартагина насиб этган холос. Ҳажар Асфадни тавоф қилиш учинги тиқлинчда ҳар куни ўнлаб одамлар қаттиқ лат еб майиб бўлар, айримлари эса оёоқ остига тушиб қолиб шу ернинг ўзида оламдан ўтадилар.
Минодаги катта шайтонга тош отиш рукнини адо этиш қанчалик машаққат эканлигини ҳажга келган кўпчилик одамдар яхши билишади. Эрталаб қуёш чиққанидан, тушгача бўлган ярим кун вақт ичида бир неча миллион зиёратчилар тош отиш учун бир неча км йўлни яёв босиб, жазирамада бир ерга оқиб келиши ва бир шайтонга етти марта тош отишни бажариш, жисмоний қувват ва чидамни ҳам талаб қилади. Тош отиш учун одамлар қуршовини ёриб кириш, айниқса  ундан ёриб чиқишда, анчагина одамлар суякларининг синиб кетиши, йиқилиб одамлар оёғи остига тушганлардан кўпларининг шу ернинг ўзида оламдан ўтиши оддий ҳол бўлиб қолган. Қари ва камқувват одамлар ва аёллар ўрнига уларнинг тошларини катта шайтонга отишни Муҳаммад ва бошқа жисмоний бақувват ҳожиларга топширганликларининг боиси ҳам шунда.
Муҳаммад ҳар доим шулардай оғир рукнларни бажаришда эътиқоди кучли, лекин жисмоний қуввати кам бўлган бир неча одамларни ўзи билан бирга (савоб учун) олиб юрарди ва бу оғир рукнларни бажаришда уларга кўмаклашарди. 
Катта шайтонга тош отиш пайтида Муҳаммаддан ушлаб юрган Хивалик Абдушариф ака Мадримов(сурат-8)ни одамлар тўлқини ундан юлиб олиб кетди. Ёши 60 дан ошган, бунинг устига юраги ҳам хаста бўлган бу олимнинг ҳаёти хавф остида қолди. Бечора бор овози билан: -Дод мени қутқаринг! - деб бақирарди. 
Унга ўхшаш минглаб одамларнинг дод фарёди ичидан унинг фарёдини илғаш ҳам осон эмас эди. Муҳаммад бор кучи билан унга етиб, одамлар тўлқинидан зўрға судраб чиқарди. Агар бир неча секунд кечикканида Худо биларди... Абдушариф ака бир неча соат ўзига келаолмай ўтирди ва Муҳаммад уни зўрға суяб палаткагача етказиб олиб борди. Врачларнинг бир неча кунги даволаши натижасида анча ўзига келди. 
Ватанга қайтиб келганларидан кейин Абдушариф ака уйига Хоразмдаги кўпчилик ҳожиларни йиғиб, бу бўлган воқеани эслаб: -Ҳаждан омон келишимга аввало Худо, қолаверса Муҳаммаджон сабаб бўлган - дея миннатдорчилик билдирган. Аллоҳга шукурки бу борадаги Муҳаммадга билдирилган бундай миннатдорчилик фақат шугина эмас эди.
Ҳаж рукнларини бажариш жараёнида меҳмонхона ва палаткаларда яшаш шароити талабалиик даври пахта теримидаги Сирдарё чўлларида дала шийпонлари(барак) даги ҳаётни эслатади. Ётиш ҳам овқатланиш ҳам бир хил: 1 суткада 100 грамм нон, 10 грамм мураббо, 10 грамм пишлоқ, 20 грамм пирожний, 200 грамм иссиқ овқат, 300 грамм ичимлик, 1 дона олма ёки апельсин, 4x3 лик хонада 6-7 киши жойлашади.
 Ҳамманинг кийими бир хил: Изор ва Ридодан иборат. Ким камбағалу, ким бой, ким (зохирий) олиму, ким жоҳил, ҳамма баб-баравар, Худонинг хузурига келган бандаларни эслатади ва улар фақат иймону эътиқоддангина фарқланадилар. Бу ҳол эса мўътабар китобларда тасвирланган охир замондаги Машҳар ерини эслатади.

Сурат-12. Макка. Ўнгда Сафо ва Марва тоғлари орасида юриладиган йўл.

Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг раиси муфтий Абдуллаевнинг илтимоси бўйича  Муҳаммад бир неча одамларнинг ҳаж ва умра рукнларини бажаришга кўмаклашган бўлса,  унинг фатвоси билан бир неча одамлар ўрнига ҳаж ибодатларини (шайтонларга тош отиш каби) бажариб берди. Дин идораси маъсул ходимлари зиёратчиларнинг ҳаж рукнларини қай даражада бажараётганларини назорат қилиб бордилар.
Мадинага жўнаш олдидан ўтказилган катта йиғинда Муфтий сўзга чиқиб: -Ҳажга келган одамларнинг айримлари жисмоний ожизлиги сабаб, айримлари ўз ҳузур ҳаловатини ўйлаб, айримлари тижорат илинжида юриб, ҳажнинг кўпчилик суннатларини, вожибларини, ҳатто айрим фарзларини ҳам бажармадилар. 
Лекин шу билан бирга, Фарғона водийсидан палон-палончилар, Тошкент, Бухоро, Самарқанддан палон-палончилар Хоразмдан Хошимжон, Муҳаммаджон каби ҳожилар нафақат ўзлари ҳажнинг барча  ибодатларини бекаму кўст бажариб ҳожи бўлдилар ва Ислом байроғи ранги бўлмиш яшил рангли салла кийиш ҳуқуқига ҳам эга бўлдилар. Улар ҳатто кўпчилик одамларнинг ҳожи бўлишига сабаб бўлиб, Аллоҳнинг ажри ва раҳматига дохил бўлдилар иншАллоҳ!” – деди. 
Шундай қилиб, Мадинадаги барча зиёрату ибодатларни бекаму кўст бажарганидан кейин Қуръони каримнинг Мулк (Таборак) сурасини тиловат қилиб унинг савобу самараларини Муҳаммад алайҳиссалом, 4 чориёр ва барча саҳобалар рухи покларига бахшида қилгандан кейин, биринчи май 1997 йилда, автобусларда Жиддага қайтишди. 
Жидда – Она демакдир. Чунки Ховва она шу ерга дафн қилингани учун бу шаҳарга Она-Жидда деб ном берилган. Жиддада ҳар бир ҳожига Саудия Арабистон ҳукумати номидан битта Қуръони карим китоби, битта Қуръон оятлари тиловат қилинган аудио  кассетаси ва 5 л Оби зам-зам суви совға қилинди. 2-май куни кечаси Ватанга учдилар ва 3-май соат 8 да Тошкентга келиб тушдилар.
1997 йил 4-май куни Урганч аэропортида Хоразмлик ҳожиларни тантанали равишда кутиб олишди. Муҳаммад  фақат 20 л Оби зам-зам суви, 5 дона Қуръони карим китоби, 5 та жой намоз сотиб олиб келди холос. 4-май куни Муҳаммад эсон-омон келганига шукур қилиб, элга садақа (Худойи) берди. 
Садақага келган барча одамларга 1 қултумдан зам-зам сувидан совға қилинди. Шу ернинг ўзида Иморат бобо, Арали эшон бобо, Нуржон бобо, Туркманлик маҳалла маркази, Урганчдаги қурилаётган (Хоразмий) масжидларининг ҳар бирига битта жой намоз, битта Қуръони карим китобини совға қилди. Бу совғалар юқорида айтилган ҳар бир масжид имомига  топширилди. Бу топширилган китоб ва жой намоз шу масжидлар намозхоналарининг сажда қилинадиган (қибла) томонига осиб қўйилган. Ҳар бир намозхон кўзининг уларга тушиб туриши улар учун ҳам Муҳаммад учун ҳам чексиз қувонч бўлаяпти.

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2014-07-31)
Просмотров: 2241 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0