XV-Бобнинг давоми
15. 2. Саҳоватлар бобида
Нуржон бобо масжиди ҳақида. Муҳаммад Ўзбекистондаги энг катта хўжаликлардан бири бўлган Боғот совхозига директор бўлганидан кейин, совхозда ягона бўлган “Нуржон бобо” қабристони аҳволини кўриб фиғони осмонга чиқиб кетди. Гир атрофига шоли экилиши натижасида балчиқ бўлиб, тиконлар ўсиб кетганидан қабристоннинг ичига кириб бўлмасди. Маҳаллий одамларнинг айтишига қараганда, жасадни қабристонга кўтариб кираётган одамларнинг қоқилиб кетиб йиқилишлари натижасида неча марталаб, жасад тобутдан ағнаб тушган.
Кўп ўтмай (1989 йил июнда), Нуржон бобо қабристонида садақа (Худойи) берилди. Бунга совхоз директори – Муҳаммад ҳам таклиф қилинди. Бундай Исломий маъракаларга коммунистлар, айниқса раҳбарларнинг қатнашиши расмий равишда маън қилинган бўлсада, Муҳаммаднинг нафақат ўзи, ҳатто партком секретари Юсуфжон Матёқубовнида олиб борди.
Қабристонга борадиган йўл катта ариқ бўйлаб борилганлиги учун чанг тиззага келарди. Садақа қабристоннинг жанубий-ғарбий томонида, пастқам бир ташландиқ жойда, йиқилай деб турган 2 хонали кичкина уйчада берилаётган эди. Муҳаммад шу ердаги имомдан: -Намоз ўқийдиган масжидларингиз шуми? - деб сўради.
Имом бўлса уялганидан: -Ёшулли бизда масжид йўқ. Бу қабристоннинг челаги, белкурагига ўхшаган нарсаларни қўйиш учун қурилган каппа. Бошқа имкон бўлмаганлигидан онда-сонда бўладиган садақани шу ерда ўтказаяпмиз - деди.
Муҳаммад: -Мана, совхозда намоз ўқийдиган анча-мунча қариялар бор экан, нимага битта масжид қурмагансизлар? - деб сўради. -Масжид қуриш учун, ўзингиз биласиз, аввало рухсат масаласини ҳал қилиш қийин, кейин бўлса уни қуриш учунги маблағ масаласи ҳам осон эмас - дейишди қариялар.
-ИншаАллоҳ маблағ ҳам топамиз, масжид ҳам қурамиз - деганини билмай қолди Муҳаммад. Қариялар директорнинг бу сўзига қўл кўтариб дуо қилишди.
Садақа тугаган заҳоти, имомни ҳам олиб масжид қуриладиган ерни танлашди. Муҳаммад рацияда бош инженерга зудлик билан булдозер ва экскаваторни, автогараж мудири Хударган Абдуллаевга эса юк машиналарини ўзлари турган жойга келтиришни тайинлади.
Ярим соатга ҳам етмай, айтилган барча механизмлар етиб келди. 3 соат ичида масжид қуриладиган ернинг таги тайёр бўлди. Бунгача фундамент қуриш учун аплавка, тош, цемент, қум ҳам келтириб улгурдилар. Соат 17 дан 30 минут ўтганида масжид фундаментини қуйиш учун барча нарсалар тайёр эди, фақат масжидни қибла(Каъба)га тўғирлаб бичиб, қозиғини қоқиш қолган эди.
Партком секретари Муҳаммад(директор)га яқин келиб паст овозда: -Ёшулли, биз энди бу ердан кетайлик, акс ҳолда бизни бу ишимиз учун партиядан ўчириб юборишади - деди. У ҳақ эди, шундай бўлсада Муҳаммад ҳазил аралаш унга: -Эшон бува (партком секретари эшонлар авлодидан эди) ҳалқ учун, Ислом учун партиядан ўчсак ёмонми - деди-да қозиқни унга ушлатиб ўзи қоқди. Кун ботгунча масжид фундаментининг ярмига яқини қуйиб бўлинди.
Масжидга уста қилиб гараждаги темирчи устани тайинлади. Эшик ва деразаларининг ҳам устини пишган ғиштдан чархлатиб ўришларини Хивадан уста Мухтор бошлиқ бир гуруҳ усталарга топширилди. Бу пайтда ноябрь ойлари бўлиб, аёзли кунлар бошланганди. Хивалик усталарнинг кайфиятини кўтариш учун Муҳаммад шу ерда, усталар билан овқатланар, айрим пайтлар эса усталар билан шу ерда тунаб қоларди. Муҳаммад масжид қурилиши билан боғлиқ барча харажатларни Аллоҳ йўлига эҳсон сифатида шахсий маблағи (“Москвич” машинасини сотган пули) ҳисобига қоплади.
Сурат-14. Муҳаммад (ўртада) Нуржон бобо масжидида. Боғот совхози, 1997.
Масжид қурилиши билан бирга, Нуржон бобо қабристонини ободонлаштириш бўйича ҳам иш тўхтамади. Биринчи навбатда қабристон атрофидан заҳкаш қазилди ва шу билан қабристонга зах ўтиш муаммоси ҳал қилинди. Ичларини бегона ўтдан тозалаб, пастқам ерлари тупроқ тўкиб кўтарилди. Йўлакларга тош ташлаб асфалтланди. Қабристон ичига турли хил ҳайвонлар кириб юрмаслиги учун атрофига девор айлантирилди. Масжид ва қабристонга борадиган йўллар ҳам асфалт қилинди.
Шуни таъкидлаш керакки, Нуржон бобо масжидининг қурилиши катта тўсиқларга дуч келди. Урганчлик муттаҳам Комил Нуржоновнинг чақуви асосида (К.Нуржонов Л.Нетяганинг каллабосари - сутенёри эди) Обкомнинг 2-чи секретари Леонид Нетяганинг буйруғи билан масжид қурилиши тўхтатиб ташланди. Бироқ масжид қурилиши Хивадан Муҳаммад олиб келган усталар ёрдамида кечаси (кечаси 11 дан 4 гача) чироқ ёқиб давом этдирилди.
Қабристон ободончилиги ва масжид қурилиши якунланган куни (1989 йил ноябрь ойининг учунчи Жума куни) масжиднинг очилиши муносабати билан Муҳаммаднинг шахсий маблағи ҳисобидан катта Худойи қилинди ва масжид ўз фаолиятини Жума намозини ўқиш билан бошлади.
Масжиднинг очилиш маросимида Вилоят диний ташкилот раҳбарлари, Боғот районидаги барча имому-хўжалар ва совхоз аҳли иштирогида бўлиб ўтди. Бу янги масжидга Муҳаммаднинг таклифи билан “Нуржон бобо масжиди” деб ном қўйилди. (Бироқ кўпчилик бу масжидни Муҳаммад Хоразмий масжиди ҳам деб аташади).
Эртагасиёқ, Обком секретари Л.Нетяганинг кўрсатмаси асосида райкомнинг навбатдан ташқари бюроси бўлиб унда, “Ленинская комната” қуриш ўрнига масжид қурган совхоз директори(Муҳаммад)нинг масаласи кўрилди. Аввало Худо, қолаверса Муҳаммаднинг ҳимоясига отланган совхоз ҳалқининг важоҳати ва кундан кунга обрўси ошаётган ва Ҳукуматга мухолиф бўлган “Бирлик” дан ҳайиққан компартия, нафақат Муҳаммадни қамата олмади, ҳатто ишдан ҳам бўшата олмади (Лекин бир неча ойдан кейин “Юқори лавозимга ўтказиш” баҳонасида бўшатишди Муҳаммадни).
Бу гап бутун вилоятга шов-шув бўлиб кетди. Чунки бундай ҳол вилоят тарихида биринчи марта содир бўлаётганди. Булар ҳақида китобларда ва турли хил нашрларда ҳамда «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» илмий-ишлаб чиқариш журналининг 1991 йил 6-сонида: «Боғот совхозининг дадил одимлари» сарлавҳаси остида берилган материалда ҳам ёритилди.
* *
Иморат бобо масжиди ҳақида.1990 йилнинг май ойида, ҳар кундагидай, совхоз идорасидаги ўз кабинетида, Муҳаммад қабулга келганлар билан суҳбатлашиб ўтирган эди. Эшик очилганида қабулхонада Хўжалик қишлоғидаги Жумёз бригада ва Карим чўпонларнинг қабулига кириш учун навбат кутиб ўтирганларига кўзи тушиб, уларнинг олдига ўзи чиқди ва: -Келинглар, нима хизмат? - деди.
Қабулхонадаёқ Жумёз ака йиғлаб юборди, Муҳаммад уларни дарҳол кабинетига олиб кири. Муҳаммаднинг онаси бу пайтлар бетоб эди, ҳаёлига унга бир нарса бўлганга ўхшайди деган фикр келди, шукурки гап бошқа ёқда экан.
Барча ердаги каби Компартия (даҳрийлар) сиёсати туфайли Хўжалик қишлоғининг “Янги қадам” маҳалласида ҳам масжид йўқ эди. 1989 йилда Муҳаммаднинг Боғот совхозида масжид қуриши билан боғлиқ шов-шувлардан кейин Хоразмнинг кўпчилик ерларида, шу жумладан “Хўжалик” қишлоғининг “Янги қадам” маҳалла аҳли ҳам Содиқ хўжа, Абдурахим хўжалар бошчилигида масжид қуриш ҳаракатига тушадилар.
Маълумки, масжид (ҳарқандай иморат) қуриш, ер ости сувлари ер юзасига яқин бўлган Хоразмда аввало унинг тагини қум ва тупроқ билан кўтаришдан бошланади. Шу мақсадда Тошкент колхози ўз имконияти (ва истагидан ҳам) келиб чиқиб, Иморат бобо масжиди тагини қум ва тупроқ билан кўтариш учун, битта прицепли трактор ажратиб берган.
Трактор ҳам прицеп ҳам эскилигидан бир кун юрса, бир кун бузилиб қолар, қум олиб келинадиган жой узоқ бўлганидан кунига зўр келса икки марта, бўлмаса бир марта қатнар, натижада ҳафта ичида бор йўғи 12-13 т қум олиб келинган. Бу масалада бошқа ерларга ҳам бориб ёрдам сўрашган, лекин ундан наф бўлмаган ва ниҳоят шу ердаги обрўли хўжалар билан маслаҳатлашиб, бу борада ёрдам сўраб, шу маҳаллада истиқомат қилувчи ва ҳозирда Боғот совхози директори бўлиб ишлаётган Муҳаммадга мурожаат қилишни маъқул кўришган.
Муҳаммад уларга: -Сизлар бораверинглар, мен кечроқ тегишли механизмларни олиб бориб бу масалани ҳал қиламиз - деди ва уларни қайтариб юборди. Улар келиб масжид қуриладиган жойда кеч соат 7-8 гача кутишган ва энди бугун келаолмаса керак, деб тарқалиб кетишган.
Муҳаммад совхоздаги битта ДТ-74 бульдозерини, 2 та юклагич экскаваторни КАМАЗларга юклаб 144-ПМК даги 4 Кразни, Боғот автобазасидаги 2 та Мазни, ўзларидаги 4 та Камаз, 2 та Зил-555, 3 та ГАЗ-53 машиналарини олиб, бош инженер вазифасини бажарувчи Хударган Жуманиёзов, автогараж мудири Хударган Абдуллаев ва бошқа маъсул кишиларни ҳам олиб қуёш ботай деганда (кеч соат 9 га яқин) Иморат бобо масжиди қуриладиган жойга етиб келишди.
Масжид учун бўлгани сабаб тракторчилар, шофёрлар қуёш чиққунича астойдил тинмасдан ишладилар. Қумни ҳам тўкиб, унинг устига тупроғини ҳам бульдозер билан ёйиб бўлганда қуёш энди чиққан эди. Ташкилий равишда, Муҳаммад бошлиқ қандай келган бўлсалар, ишни битказиб шундай ташкилий равишда кетдилар.
Эртасига бу ерга келган Жумёз ака, Карим ака каби қариялар бир кечада бунчалик катта ҳажмда ишнинг бажарилганини кўриб кўзларига яна ёш олишган, бу галги кўз ёшлар қувонч ёшлари эди. Содиқ хўжа бошлиқ барча хўжалар ва шу қишлоқнинг қриялари Муҳаммаднинг хаққига Қуръон тиловат қилишиб дуо қилишди.
Сурат-15. Иморат бобо масжиди ташкилотчилари (чапдан ўнга): Абдурахим хўжа, Муҳаммад ҳожи Содиқ хўжа. Хоразм - 1990
Бироқ бу қарияларнинг қувончи узоққа бормади, масжид қурилиши билан боғлиқ нохуш муаммо чиқиб қолган. Хўжалик ариғини янги лойҳа бўйича қирғоқларга бетон ётқизиб келишаётган экан. Бу ариқ янги қурилаётган масжиднинг жанубий томонидан сал кам ярмини бузиб ўтиши керак бўлиб қолган.
Бечора қарияларнинг бошини урмаган ери қолмаган. Ҳамма ердан бир хил: -Бу ариқнинг лойиҳаси юқори Маҳкамаларда тасдиқланган ва давлат режаси асосида қилинаяпти, уни ўзгартиришнинг иложи йўқ – деган жавоб олишган ва ниҳоят бу муаммони ҳал қилиш масаласида Абдрим хўжа (Иморат бобо масжиди қурилишининг асосчиси) бошлиқ бир гуруҳ қариялар яна Муҳаммадга мурожаат қилишди.
Муҳаммад аввало райкомнинг биринчи котиби (ҳоким) Р.Қутлимуротовдан бу борада ёрдам қилишини илтимос қилди. У бўлса: -Масжид учун лойиҳани бузиб, ариқни буриб юбориш коммунист учун нима эканлигини тушунсанг керак. Майли, сен учун ёрдам қиламиз, яъни бу борада ҳеч нарсани кўрмадим ва эшитмадим, менинг ёрдамим шундан иборат. Худойназар (ариқни қураётган ПМКнинг бошлиғи) билан ўзнинг келиш, лекин бу иш учун жанжал чиқса ўзларингиз жавоб берасизлар - деди.
Муҳаммад бу ариқни қазаётган 144-ПМК ХСВС ташкилоти бошлиғи Худойназар билан учрашди. Худайназар унга вилоятдаги шу соҳа раҳбарлари билан келиша олсангиз лойиҳа бўйича тўғри келаётган ариқни жануб томонга қараб буриб ўтказиш мумкин эканлигини тушунтирди.
Муҳаммад шу куниёқ 10-12 қоп лазурный гуруч, 2 та қўчқор, 2 яшик коньяк ва бошқа харажатларни олиб, вилоятдаги тегишли раҳбарларга учрашиб Хўжалик ариғини буриб ўтказиш бўйича “оқ фотиҳасини” олиб қайтди. Эртасиёқ лойиҳага зарур ўзгартиришлар киритилиб, Хўжалик ариғи Иморат бобо масжидини четлаб ўтди.
Шундан кейин ҳам Муҳаммад бу масжид қурилиши ва ободончилиги учун қўлидан келган ёрдамини қилиб турди. Шарқ томонида каттагина боғ ташкил қилинди. Бунга экиш учун совхоздан 100 яқин яхши кўчатлар келтириб (Содиқ хўжа экди) экилди ва яхшигина боғ ҳосил қилинди.
Афсуски шу ердаги хўжалардан кимнингдир ташаббуси ва колхоз раиси Умид Бектурдиевнинг кўнгилчанглиги сабаб, бу боғнинг кўпгина майдони бузилиб (эндигина мевага кираётган ниҳоллар чопиб ташланиб) ҳали вафот қилмаган одамлар учун иккита катта-катта қабр қурилди. Одамлар бундан норозилигини очиқ айтаолмаган бўлсаларда қаттиқ хафа бўлдилар. Балки шу ҳам сабаб, у одамлар вафот қилганларидан кейин бу қабрларда ором топиш насиб қилмади...
Шундай бўлсада Иморат бобо масжиди Хўжалик қишлоғидаги асосий (Жума намози ҳам ўқиладиган) жомеъ масжид бўлиб қолди.
* *
Ширвали бобо мақбараси ҳақида. Ширвали бобо ҳазратлари Хоразм вилояти, “Хўжалик” қишлоғи ҳозирги “Туркманлик” қишлоғида, ХIХ асрда (тахминан 1820-1890) яшаб ўтган. Ул киши ботинда ҳам илмли ва ниҳоятда тақводор бўлганлар. Ул ҳазрат Туркман миллатига мансуб бўлиб отлари Шир бўлиб, валилик мартабасига етгани учун ҳам унинг номига “Вали” сўзи қўшилиб “Ширвали” дейилган. Зоҳирда кароматлар кўрсатганлари ҳақидаги ривоятлар бизгача етиб келган. Ул ҳазрат ХIX асрнинг охирларида шу қабристонда ором топганлиги учун ҳам бу қабристон унинг номи билан аталади.
Унинг қабри ҳамманикига ўхшаб лойдан солинган ва қабр атрофи пасткина (50-60 см) лой пахса билан ўралган бўлган. Бу пахсанинг ўрни 50 йилларгача сақланиб кейин нураб қумга аралашиб кетган. Пахса йўқолгандан кейин қабрнинг ҳам нураб йўқолиши тезлашган. 60–йилларга келиб қабр ҳам нураб қумга аралашиб кетган. Кейинчалик қабр турган жойига турли хил ёғочлар кўмилиб, ҳар хил белгилар қўйилиб юрилди. Охирги йилларга келиб бу белгилар ҳам йўқолиб кета бошлади. Бунинг устига, қабрнинг қаерда жойлашганини биладиган қарияларнинг кўплари оламдан ўтди.1990 йилларга келиб Ширвали бобонинг қабри турган жойнинг йўқолиш хавфи туғилган эди.
Муҳаммад 1990 йилнинг баҳорида Туркманлик маҳалласининг фаолларини ва қарияларини йиғиб Ширвали бобо қабри устига мақбара кўтариш фикрини таклиф қилди. Бу фикрни барча қўллаб қувватлашди.
Бу қурилишга бошчилик қилишни маҳалла аҳли Муҳаммадга юклашди. Катта совхозда директор бўлганлиги учун вақти ниҳоятда тиғиз бўлсада бу таклифни бажону-дил қабул қилди.
Албатта, бу қурилишга катта маблағ керак эди. Маҳалла аҳлидан йиғилиб қабристоннинг ободонлиги учун ишлатилганидан қолган озроқ пул қабристон қоровули Йўлдош ака Жуматовда бор эди. Яна бир озроқ маҳалла аҳли ҳам ҳайрия сифатида йиғиб беришди. Албатта бу маблағ усталар иш ҳақига зўрға етарди.
Мақбара қурилиши учун Хивалик уста Мухтор бошлиқ бир группа усталарни келтириб Муҳаммаднинг лойиҳаси асосида мақбарани қуришга киришдилар. Усталарнинг истиқомат қиладиган жойи, уларнинг чойи ва овқатлари (маҳалладан йиғилган маблағ ҳисобига эди) учун маъсул қилиб қабристон қоровули Йўлдош акани тайинладилар.
Мақбара тагидаги қуйилган бетонни шу маҳаллада истиқомат қилаётган Қурбондурди Тўраев ПМК ХсВс дан олиб келди. Ғиштларини эса Шовот туманидан олиб келинди. Цементлари ҳам ўзларидан чиқди. Маҳалла аҳли қарашиб турди. Нақшдор эшигини, устидаги бронзадан ясалган туғини, ҳамда, Ширвали бобо қабри бош тарафидаги унинг номи, яшаб ўтган вақти ва Муҳаммаднинг:
“Илм учун умринг бўйи чексанг машаққат,
Парвардигор ўзи қўллаб қилғай мурувват”
Номли шеъри битилган мармар тошни Хивалик усталарга ясатдилар. Пештоқдаги “Ширвали бобо мақбараси” деб ёзилган мармар тошни эса Хива шаҳар имоми Рахматилла хўжа Абу Бакр ўғли совға қилди.
Сурат-16. М.Хоразмий ўтганлар рухига дуо қилиб. Орқада Ширвали бобо мақбараси.
Мақбара битгунча совхознинг 41-01 ХЗЛ номерли Камаз машинаси доимий беркитиб қўйилди. Қурилиш ишлари кеча кундуз давом қилди ва қисқа вақт ичида якунланди. Лекин устанинг оёғи лат еб қолганлиги учун пештоқнинг икки четида лойиҳа бўйича бўлиши керак гумбазчалар қурулмай кемтик бўлиб қолиб кетди. Бу гумбазчаларни 1994 йил июль ойида Янги-қадам маҳалласидаги иқтидорли уста Қадамбой Отажоновга қурдириб битиртирди.
Бу қабристонда яккаю ягона бўлган Ширвали бобо мақбараси (сурат-16) узоқ-узоқдан ҳам кўриниб, савлат тўкиб турибди. Бунга кўзи тушган ҳар қандай мусулмон у зот ва унинг атрофида ётган мўмин-мусулмонлар ҳаққига беихтиёр дуо қилиб ўтади.
* *
Арали эшон масжиди ҳақида. Арали эшон хазратлари бу ер(Хива хонлиги)га Хива хони Оллоқулихон таклифига асосан, Мари вилоятидан 14 ёшида 1800 йилларнинг бошларида келганлар. Ул ҳазрат тахминан 1785 – 1860 йилларда яшаганлар. Ул кишининг катта ўғли Хоразмнинг Туркманлик қишлоғида туғилган.
Кейин хоннинг илтимосига биноан Арали эшон оиласи билан Дошўғизнинг “Хон қалъаси” қишлоғига кўчиб кетади. У ерда яна 4 ўғил ва битта қиз кўради. Арали эшон ҳазратлари тахминан 75-80 йил умр кўрганлар ва Тошҳовуз вилоятида ором топганлар.
Хива хони унинг ҳохишига биноан (ҳозирги Хоразм вилояти Боғот туманидаги Хўжалик) Бешариқ қишлоғини ва Хон қалъасини (ҳозирги Тошҳовуз вилоятидаги) вақф қилиб берган. Ул киши бу ерларга кўплаб (ривоятларга қраганда 20 га яқин) масжидлар қурдирган. Шул масжиблардан биттаси (ривоятларга қараганда биринчиси ҳам) шул Бешариқ қишлоғи (ҳозирги Хўжалик қишлоғининг туркманлик маҳалласи ҳудуди)да бунёд этилган.
Бу масжиднинг бунёд этилиши, ҳазратининг зоҳирдаги кароматлари ҳақида ушбу китобимизнинг бошида баён қилинган эди. Бул масжид қум барханларининг устига яхши лойдан ўша давр технологияси (хазратнинг каромати) асосида қурилганлиги учун ҳам, жуда кўп йиллар (юз йилдан ортиқ) сақланган.
Муҳаммаднинг катта бобоси - Гурбон сўфи бу масжид қурилишининг фаол иштирокчиларидан бўлган. Бу масжиднинг эскириб яроқсиз ҳолга келиши сабаб 1961 йилда эски масжиддан 30-40 м жануб (қибла)роқда Тўра ака Ўдаков ташкилотчилигида янги масжид барпо қилинди. Бу қурилишнинг фаол иштирокчиси ва асосий лойкаши сифатида Муҳаммаднинг отаси раҳматлик Хасан бобо Абаев ҳам қатнашган.
Бу масжиднинг шу давр технологиясида (сифатсиз) қурилганлиги учун 30 йилга ҳам етмасдан 1990 йилларга келиб яроқсиз ҳолга келиб қолди.
Маҳалла оқсоқоллари ва кўпчилик фаоллари Муҳаммаддан шу масжид қурилишига бош-қош бўлишини сўрашди. Муҳаммад бажону дил рози бўлди. Ва шу заҳоти ишга киришди. Масжид қуриш учун жойни Вилоят имоми Раҳматилла хўжа билан бирга маслаҳатлашиб -“Масжид аввало мусулмонлар ибодат қитиши учун энг қулай ерда қурулмоғи керак”- деган шариат (фарзи) талаби асосида танланди.
Арали эшон масжиди қурилишини ва бу қурилиш билан боғлиқ барча ҳаражатларни Муҳаммад шахсан ўз бўйнига олди. Маҳалла аҳлининг кўпчилиги буни қўллаб қувватлади.
Маҳаллада яшовчи бир гурух одамлар, зимдан турли хил гаплар тарқатиб, масжид қурилишига тўсиқ бўла бошладилар. Асосий баҳона қилиб: “Янги масжид эскисининг ўрнида ёки бўлмаса унга нисбатан қиблароқда қурилиши яхшироқдир” – деган шариат суннатини олдинга сурдилар.
Бу суннат -“Масжид мусулмонлар ибодат қилиши учун энг қулай ерда қурилмоғи керак” -деган ислом талабини (фарзини) адо қилгандан кейингина амал қилиниши кераклигини вилоят имом хатиби Раҳматилла хўжанинг ҳарчанд тушунтириши ҳам уларга кор қилмади.
Ваҳоланки, Арали эшон даврида қурилган масжид аҳолининг энг гавжум яшаётган жойида бунёд этилган. Кейинги 20-30 йиллар ичида қишлоқда хуторларни тугатиш, посёлкалаштириш сиёсати муносабати билан аҳоли у ерлардан кўчиб кетган. Бу ер асосий аҳолий истиқомат қиладиган ердан бир неча км узоқда қолиб кетган. Унга борадиган йўл эса (Хўжалик ариғи бўйлаб) қишда лой, ёзда тиззагача чанг ҳолатда ётади.
Маҳалланинг имоми Йўлдош Жуматов, элатком Қоқожон ака Сопоровларнинг ҳам масжид қурилишига зимдан тўсқинлик қилаётган бир ҳовуч одамлар томонида эканлиги маълум бўлганидан кейин, Муҳаммад масжид қурилишига бош-қош бўлиш маъсулиятини ўзидан соқит қилиб: -Масжид қаерда, ким бошчилигида қуриладиган бўлсада, мен энди маҳалланинг бир фуқороси сифатида қатнашаман – деб эълон қилди.
Бу бир ҳовуч ўртоқлар эски масжидни бузиб ўрнига тезда янги масжид қуриш ҳаракатига тушдилар. Бир-бирини ҳам қўлламайдиган бу одамларнинг бу борадаги ҳаракати ҳар галгидай ора йўлда қолиб кетди.
Бу пайтлар Муҳаммад совхозда кенг кўламда ички йўлларни асфальтлаштириш ишларини қилаётган эди. Йўл қурилиши идораси бошлиғи Отабек Оллабергановни савоб учун, совхоз ҳисобидан Арали эшон масжидига борадиган йўлни тош ташлаб, асфальт қилиб беришига, минг хил йўлларини қилиб, рози қилди.
Бу хуш ҳабарни маҳалладошларига етказиш учун Муҳаммад маҳаллага етиб келди. Маҳалла аҳлининг кўпчилиги Ширвали бобо мақбараси қурилишида хашарда экан. Бу хабарни эшитиб, Барди Қосим (Худаков): - Аллоҳдан қайтсин сизга, савоб иш бўларди-да - деди. Лекин Шомурод ака Ўдаков туриб: -Барди ака бекор айтибди, қишда лойдан, ёзда чангдан қийналиб масжид(ибодат)га борилса савоби кўп бўлар экан (бировларнинг кўрсатмаси билан ҳам айтган бўлиши мумкин) , шунинг учун ҳам бизга ҳеч қанақа асфальт керак эмас, биз унга қаршимиз. Агар бирон машина тош ёки асфальт олиб келса, Ғойибнинг қўлидан отгандай, унинг балонидан отамиз – деди. Шу боис бу йўл шу ҳолича қолиб кетди...
Арали эшон масжиди қурилишини йўлга солиш борасидаги иккинчи уриниш 1992 йилда бўлди. Бу даврда Муҳаммад Вилоят ҳокимлигида маъсул вазифада ишларди. Вилоят ҳокимлигидаги дин ишларини назорат қилиш бўйича маъсул ҳодим Рустам Худайберганов билан хоналари ёнма-ён эди.
Вилоят ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Тангриберган Досчонов эса аспирантлик давридан яқин дўсти эди. Бунинг устига, бу пайтларда янги-янги масжидлар солишга кенг йўл очиб берилган эди. Бу имкониятлардан фойдаланиб, Арали эшон масжидини давлат режаси асосида қуриш имконияти туғилди. Афсуски маҳалла аҳли ичидаги айрим қарама-қаршиликлар боис бу ҳам амалга ошмади.
Арали эшон масжиди қурилиши тўхтаб қолишининг асосий сабабчиларидан бири ҳисобланмиш Йўлдош Жуматов нафақат маҳалладошлари норозилигига ва шунингдек туманда ҳам обрўли бўлмиш АбуБакр хўжа каби эшонлар таънасига ҳам қолган. Бундай надоматларга чидай олмаган Йўлдош Жуматов 1993 йилда маҳалладаги бир маъракада бу қилмиши учун Муҳаммаддан расман кечирим сўради. Кўп ўтмай бундай узрни масжид йўлининг асфалът бўлмай қолганига сабаб бўлган Шомурот Ўдаков ҳам сўради. Минг надоматлар бўлсинки бу узрларнинг фойдаси йўқ эди.
Маҳалладаги юқорида айтганимиздай бир гуруҳ одамлар “Эшакни мина олмас, ўтдан қўяр” деганларидай, масжид қурилишини ўзлари эплай олмай, эплайдиганларга эса йўл бермай, масжиднинг авария ҳолигача келишига сабаб бўлишди. Ва 1994 йилга келиб жуда эскирганлиги сабабли бу масжидда ибодат қилиш имконияти умуман қолмади.
Маҳалла аҳли ушбу масжиднинг қурилишини йўлга қўйишни ва унга бош-қош бўлишни Муҳаммаддан бир неча бор илтимос қилишди. Маҳалла аҳли ичидаги келишмовчиликлар давом қилаётганлиги учун Муҳаммад бу таклифни қабул қилмай келди.
1994 йил июнь ойида, Арали эшон масжидида катта бир маърака (садақа) бўлди. Бунда маҳалланинг барча фаоллари, оқсоқоллари, эшон-хўжалар, ҳамда Хошимжон Сетирза хўжа ўғли ҳам иштирок этаётган эдилар. У киши маҳалла оқсоқоллари ва ўз номидан Муҳаммадга шу масжид қурилишини йўлга қўйиб, унга бош-қош бўлишни илтимос қилдилар.
Сурат-17. Муҳаммад Арали эшон масжиди қурилишида лой отиб. Хоразм- 1994.
Муҳаммад эса катта вазифада (Районлараро – МРПО “Узсельхозхимия” бирлашмаси раиси бўлиб ишларди) ишлаётганини ҳамда, “Туркманлик” маҳалла маркази қурилишини ҳам олиб бораётгани, бунинг устига, маҳаллада масжид қурилишига тўсқинлик қилувчи турли хил одамлар мавжудлиги учун, бу маъсулиятни зиммасига олаолмаслигини айтди.
Хошимжон бу борадаги илтимосини ерда қолдирмаслигини, масжид қурилишида ҳеч кимга қулоқ солмаслигини, шундай қилишса Арали эшон пир ҳазратларининг рухи поки шод бўлиб, бу йўлда иншАллох Муҳаммадни қўллашларини айтганларидан кейин Муҳаммад ноилож рози бўлди. Буни масжид қурилишининг бошланиши деб Қуръон тиловат қилиб оқ фотиҳа беришди.
Эртасигаёқ Муҳаммад раҳбарлигида эски масжид деворларини бузишга киришдилар. Юқорида айтилган тўсиқчиларнинг айрим намоёндалари очиқдан-очиқ дўқ-пўписа ҳам қилдилар. “Ит ҳурар, карвон ўтар” деганларидай, уларга эътибор ҳам бермай, ишни давом эттирдилар. Масжид қурилишидаги ташкилий ва хўжалик ишлари учун Оллом ака Сандниёзов, Машариф ака Бобоев ва Азиза опа Кенжаевларни маъсул қилиб танлади.
Масжид қурилиши учун тош, цемент масалалари, лой ўрнини, уни экскаватор билан ағдаришни, юк машиналарига ортишни ва масжид қурилаётган жойгача қатнашни, масжид қурилишиучун уста(Бозор Худаков)ни ва масжид қурилиши учун зарур бўлган барча муаммоларни Муҳаммад ҳал қилди.
Булардан ташқари Туркманлик маҳалласининг бир фуқораси сифатида, Муҳаммад масжиднинг ҳар пахсасида лой отиб (сурат-17) ҳам Арали эшон масжиди қурилишига ҳисса қўшиб турди.
Масжид қурилишининг молиявий таъминоти, озиқ-овқат масалалари ва ҳашар ишларида маҳалла аҳлининг катта кўпчилиги фаол қатнашдилар ва масжид тез кунда битиб бўлди. Арали Эшон номидаги янги масжид 1994 йилнинг кузидаёқ ўз ишини бошлади ва Жума намози ҳам ўқиладиган жомеъ масжид сифатида фаолият олиб бормоқда.
* *
ЎзПИТИ Хоразм филиали(Урганч)даги масжид ҳақида. Муҳаммад Ўзбекистон пахтачилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиалига директор бўлиб тайинланган куниданоқ бу маҳалла нарсаларини сақлайдиган бирон хона, на ибодат қилиш учун масжид йўқлигига эътибори тушди.
Айниқса Рамазон (рўза) ойларида, бу маҳаллада масжиднинг йўқлиги янада билинар экан. Бу маҳалла рўзадорлари қўшни маҳалла масжидига, тарових намозини ўқиш учун борганларида: -Икки маҳалла одамлари учун масжидимиз торлик қилади – деган баҳона билан уларни масжидга киритишмаган, айрим пайтларда эса масжиддан чиқариб юборган ҳолатлари ҳам кўп бўлган экан.
Филиалнинг Муҳаммаддан аввалги раҳбарларига маҳалла қариялари шу маҳаллада кичикроқ бир масжид қуришга кўмаклашишни сўрашган. Уларнинг илтимоси ҳар сафар шу даврдаги сиёсат ва у раҳбарларнинг бу масалага эътиборсизлиги туфайли беэътибор қолган.
Маҳалла оқсоқоли Солай бобо бошлиқ бу маҳалла қариялари масжид солишда уларга кўмаклашишини Муҳаммаддан ҳам илтимос қилишди. Муҳаммад бажону дил рози бўлди ва маҳалланинг қоқ ўртасидан масжид ва маҳалла кўмитаси биноси қурилиши учун жой ажратиб берди.
Кўп сабабларга кўра, маҳалла аҳли масжид қурилиши ҳаражатлари учун ҳеч қанча маблағ йиға олмадилар. Бу ташкилотнинг эса бундай қурилишларига на рухсати на имконияти бор эди. Шундай бўлсада Муҳаммад масжид қуриладиган жойнинг тагини бир амаллаб қум ва тупроқ билан кўтарди.
Масжидни эса қиблага тўғирлаб қозиғини Муҳаммаднинг ўзи қоқди (чунки бунгача бир неча масжид қурилишига бош бўлиб етарли тажрибаси бор эди). Лекин бу маҳалладаги айрим оқсоқол ва имомлар Муҳаммаднинг масжидни қиблага тўғри қаратгани ҳақида гумон қила бошладилар.
Ва ниҳоят кучли бир мўйсафид муллани олиб келдилар. У кишининг қўлида компаст, карта ва яна алланарсалар бўлиб, бир неча бор қайта-қайта ўлчади ва Муҳаммад қоққан қозиқни бир сантиметрга ҳам ўзгартира олмади. –Эътиқотингизга ва зеҳнингизга қойилмиз ўғлим. Ушбу масжид сизнинг шарофатингиз билан қурилиб, сизнинг номингиз билан аталса ҳам ажаб эмас - деб Қуръон тиловат қилиб, масжид қурилиши бошланишига оқ йўл тилаб фотиҳа бердилар ва масжид қурилишини бошлаб юбордилар.
Цемент ва тошнинг бир қисмини Муҳаммаднинг ўзи топди, бир қисмини топишга эса танишлари ёрдам қилди. Бетон блокларни ҳам у ердан–бу ердан топиб йиғди. Ғиштни эса гаражда қолиб кетган эски иккити бетон плитага алмаштириб олиб келди.
Шу тариқа, мустаҳкам бўлсин учун, ерни кавлаб бетон қўйиб чиқдилар. Устидан бетон блокларни жойлаштирди. Унинг устига эса қлинлиги 20-25 см келадиган бетондан сесмопояс қуйиб чиқдилар. Уларнинг ҳам устидан 4 қатор пишган ғиштдан ўриб деворни бошлашга тайёр қилди...
Муҳаммад бу вазифадан бўшаб кетганидан сўнг, бу қурилиш шу жойида тўхтаб қолди. Муҳаммаддан кейин бўлган раҳбарларга (Худойназар Назаровга, Илхом Машариповга) бу қурилишни давом қилдиришни бир неча бор илтимос қилди, фойдаси бўлмади.
Шу маҳалла оқсоқолларига учрашиб, шу масжид қурилиши учун кетадиган ҳаражатнинг асосий қисмини беришга тайёр эканлигини изҳор қилди. Афсуски, бунинг бошида турадиган биронта мард чиқмай масжид қурилиши шу ҳолича қолиб кетди.
* *
“Туркманлик” маҳалла маркази ҳақида. Боғот туманидаги Хўжалик қишлоғининг жанубий томони туркман миллатига мансуб одамларнинг кўпроқ яшайдиган жойи бўлиб, у ерда туркманлар жуда кўп (ривоятларга қараганда минг йиллар атрофида) йиллардан буён истиқомат қилганлар. Авваллари Арали эшон ҳазратларини ўзларига раҳнамо деб билганлар ва охирги (1940-1970) йилларда Тўра ака Удаковнинг ҳам гапига унча-мунча қулоқ солишган. Лекин расмий равишда маҳалла сифатида шакилланмаган. Шунинг учун ҳам бу ерда на ўзларининг оқсоқоли (маҳаллакоми), на ошпази ва на бошқа фаоллари бор эди. Шу боис ўзининг ташкилий-маданий жиҳатидан қишлоқдаги кўпчилик маҳаллалардан орқада эди.
1987 йил май ойида Муҳаммад (бу пайтда Муҳаммад район партия комитети(Ҳокимият)да маъсул вазифада ишларди) Тошкент колхози раиси Баҳодир Аллаберганов ва Боғот қишлоқ совети раиси Карим ака Рахимов билан маслаҳатлашиб, шу ерда “Туркманлик” маҳалласини ташкил қилди.
Бу ердаги барча маҳалла аҳлини йиғиб аввало маҳаллага Қоқожон ака Сапоровни оқсоқол (маҳаллаком) ва Қурбондурди Тўраев, Сапарбой Бектурдиевларни унга муовин (ёрдамчи) қилиб танлади. Йўлдош ака Жуматовни маҳалла имоми, Абдулла ака Ўдаковни ошпаз қилиб танлади. Маҳалла аҳли Муҳаммаднинг бу танлови(таклифи)ни қўллаб қувватладилар.
Арали эшон масжиди маҳалланинг масжиди эди. Маҳалланинг идиш-товоғи, стол-стули ва бошқа анжомлари учун маҳалладаги ҳар бир хўжаликдан 25 сўмдан пул йиғиб оқсоқол қўлига топширдилар. Шундай қилиб “Туркманлик” маҳалласи расман тан олиниб, тегишли идораларда рўйхатдан ўтказилиб, фаолият кўрсата бошлади.
Муҳаммад колхоз раисидан маҳалла учун ер ажратиб беришини илтимос қилди. У бўлса: - Колхоз устави бўйича масжид учун ер ажратиб бўлмайди. Лекин ўзингиз учун жой ўрин сифатида ажратиб бериш мумкин. Агар элда юриб турган қода қойимни қилсангиз (юриб турган қода қойими колхозда ўтиримли одам учун 500 сўм ёки 2 ёшли бузоқ) - деди.
Муҳаммад дарҳол қода қойимини қилиб жой ўрнини олди ва маҳалла маркази қуриладиган жойнинг ўрнини кўтартирди. Тошни фундамент қилиб, ғиштини ҳам ўрдирди. Маҳалла аҳли бўлса -Энди бу ёғини бизга қўйиб беринг – дейишди. Муҳаммад улар айтгандай қилди, уларнинг ўзларига қўйиб берди. Бунинг устига совхоздан бўшаб Урганчга ишга ўтиб кетганди.
Ҳар йили ёз келганида маҳалла фаоллари бу йил албатта маҳалла уйини солиб битирамиз дейишарди, амалда ҳеч нарса қилишмас эди. Бунинг асосий сабаби маҳалла аҳлининг, айниқса маҳалла фаолларининг ташкилотчилик қобилияти йўқлиги бўлди.
Шу аснода 7-8 йил ўтиб кетди. Бу вақт ичида фундамент устига ўриб қўйилган ғишт ҳам деярли бузилиб, кўплари йўқолди. Шу атрофдаги тракторчилар бўлса тракторларини маҳалла маркази қуриладиган жойга қўйишар, маҳалла итлари эса, суяк топса шу ерда ғажишар, маҳалла аҳли ҳатто ахлатларини ҳам шу ерга ташлай бошладилар. Бу ер пастқамроқ эканлиги сабаб ҳа деб сув йиқаверганидан ундаги ахлатлар айниб, маҳлладаги энг ташландиқ, кўримсиз ахлатхонага айланган эди...
1994 йил июнь ойида маҳалла аҳлини йиғиб, маҳалла уйини “қойилмақом” қилиб “битирганлари” учун Муҳаммад ўз “миннатдорчилигини” билдирди. Шу кундан бошлаб, маҳалла марказини қуриб битиришнинг ташкилий, моддий ва жисмоний томонларини фақат ўз бўйнига олишини эълон қилди.
1994 йил 21-июнь куни Муҳаммад ишни ахлатларни тозалашдан бошлади. Сапарвой Бектурдиев ва Ўктам Хасановлардан уста сифатида фойдаланди. Қурилиш ишларининг дастлабки кунларида маҳалла аҳлидан ҳам анча-мунча одам ҳашарга қатнашди.
Шуни тан олиш керакки, бу иморатнинг фақат маҳалла аҳли учун қурилаётганлигига қарамай айрим тўсқинликлар, кесатиқ гаплар ҳам бўлиб турди. Бу маҳалла марказининг шундоққина ёнида истиқомат қилувчи Бектурди Тўраевга: -Сен ҳам ҳашарга келиб, 1-2 капча лой отгин, бу ер барчаники каби сеники ҳам - дейишса, -Ахир қўлимга капча олиб сизларга ўхшаб лой отиш мен учун уятку. Сизлар ҳали менинг ким эканлигимни билмас экансизлар. Мен Бектурди Тўраевич бўламан! - деганида маҳалла аҳли ҳайрон қолишмаган бўлса ҳам, шу ерга ҳашарга келган Раззоқ ака Бобожонов ёқасини ушлаб: -Алапиз-эй, шунақа ҳам одам бўлар экан-а - деб кўп йиллар айтиб юрди.
Йўлдош ака Жуматов бўлса Хўжалик Фуқаролар йиғинининг раиси Саповой Қаландаровга бу ердаги бўлаётган ишларни тўхтатишни сўраб: -Маҳалланинг ахлат ташлайдиган ерини йўқотиб, маҳалла маркази қуришаяпти - деб шикоят ҳам қилган.
Маҳалла марказининг қурилиши кеча кундуз давом қиларди. Бунда айниқса “Янги-Қадам” маҳалласидан Қадамбой Отажонов бошлиқ қурувчилар катта жонбозлик кўрсатдилар. Бир ярим ой ичида маҳалла маркази биноси, ошҳона, ҳожатхона, мустафхона, қўйхона, товуқхона, боғ пахсалари – барчаси битиб бўлди.
Бу қурилиш билан боғлиқ барча моддий ҳаражатлар, қурувчи ва усталарнинг иш ҳақлари учун Муҳаммад 4 та сигир, 2 та ҳўкиз, 12 бош қўй ва кўп йиллик шахсий жамғармасини Аллох йўлига ишлатди.
1994 йил 17-август куни “Туркманлик” маҳалла марказининг очилиши муносабати билан, вилоят имом хотиби Рахматулло АбуБакр хўжа ўғли бошлиқ кўпчилик имомлар, эшон-хўжалар ташриф буюриб Қуръон тиловат қилдилар ва пешин намозини имом Рахматилло бошчилигида ўқиб, маҳаллага дуо қилдилар.
Сурат-18. Муҳаммад Хоразмий “Туркманлик” маҳалла марказида. Хоразм- 1994.
Кечқурун маҳалла уйининг очилиши муносабати билан шодиёна бўлиб элга ош тортилди. Бунда элга таниқли ва севимли Шермат Файзуллаев, Қутлимурод Кўчаков, Дармонжон Эшниёзовалар бошчилик катта хонандалар концерт қўйиб бердилар. Хоразмнинг машҳур Одил полвон, Бобохон Абдуллаев, Эркин Пирнафасов каби полвонлари кураш тушиб халқни хушнуд қилдилар. Шунингдек Рамат Омонов бошлиқ шу маҳалла ёшлари каратэ усулларини кўрсатиб маҳалладошлари олқишларига сазовор бўлдилар.
Кечанинг охирида Муҳаммад “Туркманлик” маҳалла марказининг рамзий калитини маҳалланинг ўша пайтдаги оқсоқоли Иброҳим ака Ражабовга топшираётиб, маҳалла аҳлига беминнат тортиқ қилинаётган ушбу масканни мамлакатимиз истиқлолининг уч йиллик тўйига совға қилаётганини эълон қилди. Маҳалла имоми Мирзажон Саидниёзов бошлиқ маҳалланинг барча оқсоқоллари қўл кўтариб дуо қилдилар.
“Туркманлик” маҳалла марказининг очилишига бағишланган тантанада Хоразм вилояти хокими муовинлари Тангриберган Дўсчонов, Яхшимурод Жуманиёзовлар иштирок этдилар ва бундай беминнат хайрия (саҳоват) нафақат вилоятимизда, шунингдек мамлакатимиз учун ҳам биринчи ва ягона ҳол эканлигини қайд қилдилар.
Бу маҳалла маркази маҳалла йиғилишлари, сайиллар, тадбирлар, маҳалла ёшларининг сопрт билан шуғулланадиган жойи, келин-куёвларнинг зиёрат қиладиган ва дуо оладиган ери, мусулмонларнинг беш вақт ва тарових намозларини ўқийдиган ери, Рамазон ойида ифторликлар қилинадиган жой, маҳалла аҳли учун минерал ўғит ва бошқа нарсалар сотиладиган жой, этикчилик, сартарошлик хоналар, одамлар дам оладиган сўлим жой сифатида маҳалла аҳлига хизмат қилмоқда.
Бу маҳалла маркази ва унинг фаолияти хақида Хоразм хақиқати газетасининг 1994 йил 31-август сонида, “Профессор Хоразмийнинг саҳовати” сарлавҳаси остида босилган мақолада, Ўзбекистон овози газетасининг 1999 йил 25–февраль сонида “Олимнинг саҳовати” сарлавҳаси остида босилган мақолаларда анча батафсил берилган.
Туркманлик маҳалласи тарихига тааллуқли бўлгани учун қуйида шу маҳалла фуқорасининг тўйдаги табрик сўзини айнан келтиришни мақсадга мувофиқ хисобладик:
Тўйдаги табрик сўзи
Диктор: Эндиги табрик сўзи “Туркманлнк” маҳалласининг асосчиси ва фахрий фуқороси, ҳозирда Лондон Университети профессори Ахмад ҳожи Хоразмийга берилади. Унинг ўзи етиб келаолмагани боис, унинг табрик сўзини ўқиб беришни қишлоғимиз оқсоқоли Сапорбой Бектурдиевга топширамиз.
Диктор: Сапорбой аканинг илтимосига биноан домла Хоразмийнинг табрик сўзини ўзим ўқиб бераман:
Ассалому алейкум Муҳтарам ватандошлар!
“Туркманлик” маҳалласидаги бугунги тўй Ангилияда, бизнинг хонадонимизда ҳам нишонланаяпти.
“Туркманлик” маҳалласи узоқ ва шонли тарихга эга. Бу маҳалланинг тамал тошини Махтимқули-Фироғийнинг авлодлари бўлмиш Худайбердихон, Мухаммаднур, Арали эшон каби улуғ инсонлар қўйган.
Маҳалланинг кейинги юз йиллик тарихида Махсим бобо, Ўдак бобо, Хасан бобо, Тўра ака каби мўътабар аждодларимиз катта рол ўйнаган.
“Туркманлик” маҳалласи расмий равишда 1987 йилда ташкил қилинди ва у ўз фаолиятини маҳалла қўмитаси раиси Қоқожон ака Сапоров, маҳалла қўмитаси раис муовинлари - Сапарбой Бектурдиев ва Қурбондурди Тўраев, маҳалла имоми - Йўлдош ака Жуматов, маҳалла ошпази - Абдулла ака Ўдаковлар раҳбарлигида бошлади.
Бугунги кунда “Туркманлик” маҳалласи қаромоғида 3 қаватли ҳашаматли мактаб, Жомеъ масжид, Маҳалла маркази ва қатор маиший ва савдо дўконлари фаолият кўрсатмоқда.
Шуни ғурур билан айтиш керакки, бутун бошли Марказий Осиёда “Туркманлик маҳалласи” деб номланадиган маҳалла фақат бизнинг маҳалламиздир.
Махсим бобо – биринчи қори-Қуръон, Хасан бобо Абаев – биринчи раис, Тўра ака Ўдаков – биринчи ҳисобчи, Иброхим ака Ражабов – биринчи ўқитувчи, Хайитбой ака Сопоров – биринчи инженер, Бактурди Тўраев – биринчи шифокор, Қўзивой Аминов (Фикрий) – биринчи шоир, Полковник Озод Ражабов – биринчи юрист сифатида маҳалламиз тарихига ёзилажак иншаАллоҳ.
Мактабни олтин медаль билан, Университетни қизил диплом билан битирган Бектурди Атаев, Ойбек Хоразмийлар, ҳамда Чори Хасанов, Рамат Омонов, Баходир Жуматов каба спортчи-полвонлар шу маҳалла фуқоролари эканлиги ғурурлидир.
Бригадир(раҳбар)лик соҳасида 20-30 йилдан кўпроқ фаолият кўрсатиб, ўзига хос рекорд ўрнатган Дурди ака Саидниёзов, Комилжон Хасановлар хам бизнинг маҳалладошларимиз.
Маҳалламизда Ширин опа, Мирзажон, Йўлдош ака каби ҳожиларнинг кўпаяётгани ҳам Аллоҳнинг инояти бу.
Бугунги қўшалоқ келин укам Ўктамбойга, Хасановлар сулоласига, “Туркманлик” маҳалласига қутлуғ қадам билан келган бўлсин.
Дуо қилинг халойиқ, келин-куёвлар бахтли бўлсин!
Ахмад ҳожи Хоразмий. Ангилия, Стокпорт шаҳри. 20-Март, 2011
* *
Бошқа саҳоватлар ҳақида. Ҳар бир мусулмон учун энг яхши фазилат саҳоватли бўлишдир – деб уқтирилади Қуръони каримда ва Ҳадиси шарифда. Масжидлар, маҳалла уйларини барпо қилиш, бузругларга мақбаралар тиклаш, қабристонларни обод қилиш албатта саҳоват. Шу билан бирга ташландиқ ерларни обод қилиш, йўллар қуриш, қудуқлар қазиш, сув келтириш каби ишлар хам жуда саҳоватли ишлар ҳисобланади.
Муҳаммад 1985 йилда Хоразмга кўчиб келганидан кейин Боғот тумани (ҳокими) партия комитети биринчи котиби Бобожон Бободдиновнинг тавсияси ва кўрсатмаси билан Хўжалик қишлоғидаги “Янги Қадам” маҳалласидан ўзига ва яқин қриндошларига жой ўрни олди. Буларга иморат қуриш учун кўрсатилан ернинг бир қисми кўлнинг ўрни, жанубий қисмида эски зовурнинг ўрни бўлиб, уни бу ерда яшаётган аҳоли ахлатхонага айлантириб юборишган экан. Торгина йўли ўнқир-чўнқир бўлиб ётарди. Бу ердан жой ўрни беришларидан яна бир мақсад бу ерларни тезроқ обод қилиш кўзда тутилган эди.
Бу ерга биринчи бўлиб 1985 йилда Муҳаммад иморат қурди. Эски зовурдаги ахлатларни тозалаб уни текислади. Ўрнидан сув олиб келиш учун ариқ қазди, унинг тегишли ерларига ўнга яқин азбест ва темир трубалар ташади. Кўчани (ўз ҳисобидан) асфальт қилди, столбаларга ёритувчи ускуналар қўйиб кечалари кўчаларни ёритиб қўйди. 1990 йилга келиб бу кўча шаҳар кўчаларига ўхшаб кўринарди. Бу кўча аҳли бундан жуда ҳурсанд эди.
Колхоз идораси атрофидаги гужумлар, сувнинг келмаганлиги, ўзлари ҳам баланд ерда жойлашгани учун кўп йиллардан буён сувғорилмас, айрим пайтлари катта раҳбарлар келадиган бўлсагина хўжа кўрсинга машинада сув келтириб сувғоришарди. Натижада бу гужумларнинг ўсиши ва ривожланиши ёмон эди.
Колхоз меҳмонхонаси атрофидаги ерларнинг аҳволи бундан ҳам баттар эди. Бу ерлар 20 йилдан буён ярим ташландиқ ҳолда ётарди. Самандар Сапаевдан кейинги ишлаган биронта раис бунга етарли эътибор бермади. Натижада унинг шимолий, шарқий томонлари бегона ўт босиб ётадиган ахлатхонага айланган эди.
Муҳаммад бу ҳудудга кўшни яшагани учун меҳмонхона олдига ташланадиган ахлатларни кўп йиллар ўзи тозалаб юрди. Бу ерларга эътибор қаратишларини колхоз раҳбарларига кўп марта айтди. Жавоб бир хил бўларди: “Бу ерларга сув олиб келишнинг имконияти йўқ, шунинг учун ҳам бу ерларни обод қилиб бўлмайди”.
Ва ниҳоят 1998 йили савоб учун бу ерларни обод қилишни Муҳаммад ўз бўйнига олди. Аввало гужумларнинг тагидаги тупроқдан 30 см ча олиб уни пастроқ туширтирди. Кейин эса асфальтни кесиб сув ўтирди. Бечора гужумлар яшнаб кетди. Ҳатто уларнинг тагига экилган буғдой ҳам 40 ц дан ошиғроқ ҳосил берди.
Навбатдаги ҳужум меҳмонхона атрофларини обод қилиш эди. Бу ер кўп йиллар пионер лагери бўлиб, болалар ўйнайдиган майдонча бўлиб турди. Кейинчалик маккажўхори сўтасини қуритадиган майдон бўлиб хизмат қилди. Шунинг учун ҳам тошдай қотиб қолган эди.
Аввало бу ерга ҳам ариқ қазиб сув ўтказиб ерни бир неча марта қондириб (бечора ернинг 20 йил ичида биринчи марта тўйиб сув ичиши эди) сувғорди. Кейин ҳар 4 метрдан ариқча олиб четига олма, нашвоти, беҳи, ўрик, олхўри экди. Атрофларига эса узум, анор, анжир экди.
Буларни доимо сувғориб туриш учун пахсани тешиб ўз уйидан сув ўтказди. Буларнинг деярли барчаси биринчи йилиёқ кўкариб кетди. Бу боғнинг тўрида бир сотих (100м2) ерида иссиқхона қурди. Шу йилнинг ўзидаёқ бу ерда Хўжалик деҳқонлари эртаги сабзавот учун кўчат таёрлашга киришдилар. Бу боғни Хўжалик аъзолари: “Хоразмий боғи”, деб атай бошладилар.
* *
Бу маҳаллага водопровод ўтган бўлсада ундан сув оқиши йилдан-йилга камайиб ичимлик сув муаммоси ошиб борди. Бечора маҳалла аҳли челак кўтариб сув учун узоқ ерларга боришга мажбур бўлар, айримлари ўз ҳовлисига труба қоқтириб, 6-8 метр чуқурликдан сув чиқариб ичишга яроқсиз (шўр) бўлсада ундан фойдаланишга мажбур бўлишар эди.
Бу муаммони қандай ҳал қилиш учун Муҳаммад кўпдан бош қотирар эди. Лекин бундан 20-30 йил олдин шу атрофда тош қудуқ бўлганлиги эсида. Лекин янги-янги иморатлар қурилишлари, водопровод ўтказилиши, янги зовур ва ариқларнинг пайдо бўлиши натижасида бундай қудуқларга эҳтиёж бўлмади ва улар бузилиб, кўмилиб кетган эди.
1999 йилнинг бошларида бу қудуқнинг ўрнини шу ҳудуд бригадири Йўлдош Рўзметов билан биргаликда топишга муваффақ бўлди. Унинг юқориги 2-2.5 метр қисми мутлақо бузилиб кетган, ичи эса турли-туман темир-терсаклар билан тўлдирилиб, кўмиб ташланган экан. Уни тозалаш ва қайта тиклашда маҳалла аҳлидан фақат Тойир Худойберганов, Шокир Абоев ва Озод Саидовлар озми-кўпми иштирок қилдилар. Барча асосий ишларини И. Дўсов, колхозидан Бахтиёр Бобоев, Усмон Исоев, Қуромбой тагалак каби одамлар билан қилишга тўғри келди.
Бу қудуқни қайта тиклаш билан боғлиқ барча ташкилий ва молиявий харажатлар шахсан Муҳаммаднинг ўз зиммасида бўлди. 10 кун ичида ишлар тугаб, қудуқ сув бера бошлади. Ҳалқнинг бахтини қарангки, бу қудуқ ўзининг серсувлиги ва сувининг ширинлиги билан бутун қишлоқнинг эътиборига тушди.
Энди ичимлик суви билан нафақат маҳалла аҳли ва шунингдек, қўшни маҳаллалар ҳам тўла таъминландилар. Кун бўйи қудуқ бошига ҳар тарафдан турнақатор бўлиб сувга келувчиларни кўриб: -Ҳар қалай меҳнатларим зое кетмабди-ку - деб ич-ичидан қувонарди Муҳаммад.
Муҳаммаднинг бу ва бошқа саҳоват йўлида қилган айрим ишлари ҳақида “Ўзбекистон овози” газетасининг 1999 йил 25-февраль сонида “Олимнинг саҳовати” сарлавҳаси остидаги материалда, Хоразм ҳақиқати газетасининг 1999 йил 27-март сонида “Ҳожи отанинг саҳовати” сарлавҳали мақолада ва бошқа оммавий ахборот воситаларида анча батафсил ёзилган
15.3. Шарҳлар
4. Алижон ҳожи
Романнинг “Ҳаж зиёрати” ҳақидаги боби ҳажга кетувчилар учун яхши бир қўлланма бўлибди.
Қойил қолиш керак Муҳаммаднинг ҳажга кетиш билан боғлиқ амалларига. Ҳақиқий ҳожи бўлибди
2.. Сарвар Абдуллаев
Биз Боғот совхозида яшаймиз. Қабристонни обод қилган, масжидни ўз пулига солган Муҳаммад эмас, Аматжон Хасанов (ҳозир Хоразмий дейилади) бўлади.
Ҳа, у одам биз (совхоз аҳли) учун кўп иш қилди, жабр ҳам чекди. Одамлар ундан миннатдор.
3. Муяссар
Муҳаммаднинг икки дунёси обод иншаОллоҳ. Шунча масжид қуриш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Агар шу романдаги Муҳаммаднинг ўғли бўлса мен яккаю-ягона бўлган қизимни бериб қуда бўлардим
4.. Ёзувчи
Муҳаммаднинг Ислом ва саҳоватлар бобидаги фаолияти бизда ҳам ўчмас таъсурот қолдирди. Унинг бу фаолияти ҳаммамизга ибрат бўлар
Энди бир адиб сифатида А.Хоразмийнинг бу асарига баҳо берадиган бўлсак: -Ахмад ҳожи Хоразмийнинг “Олимнинг қисмати” тарихий романини ва унга ёзилган комментларни кўпчилик қатори мен ҳам ўқиб бордим. “Айрим боблари романдан кўра ҳужжатли қиссага кўпроқ ўхшайди”, “Бунақа реал фотосуратлар берилган романни кўрмагандик”, деганларига мен ҳам қўшиламан.
Бироқ, энциклопедияни очсангиз роман ҳақида: “Роман – асосан проза шаклидаги адабий жанр бўлиб, бош қаҳрамон (қаҳрамонлар) ностандарт характери ва ҳаётининг ўзига хос ривожланиши ҳақидаги муфассал тағдим қилинган ҳикоядир” - дейилган.
А.Хоразмийнинг “Олимнинг қисмати” номли бу романига сўзбоши ёзган таниқли адиб А.Нурмаммедов ҳам таъкидлаганидай, бу асар профессионал ёзувчилар романларига, айниқса бадий жиҳатдан тенг келаолмасада, романга қўйилган юқоридаги талабга тўла жавоб беради. Ўрни келганида эътибор берсангиз ушбу китобнинг 3-бобида ўзини Ҳайдаров Самандар деб номлаган комментчи А.Хоразмийнинг ушбу “Олимнинг қисмати” романини профессионал ёзувчи М.Маҳмудовнинг “Ойнинг нури” романидан устун қўйган. Балки С.Ҳайдаров кўпчилик муштарийларга ўхшаб, романни яхши тушинмас, бироқ кўпчиликни ташкил қиладиган оддий ўқувчиларнинг фикри ва истагини ҳам ҳисобга олиши лозим муҳтарам ёзувчиларимизнинг.
|