3.5. Яна талабаликда
Мен Стокпортга келган кунимданоқ Расулуллоҳнинг: "Бешикдан қабргача илм изла” дегани бўйича бирон тил ўрганиш бўйича ўқиш ҳаракатига тушдим. Бизга қарайдиган Stockport Assylum Team ҳам мени бирнеча курсларга ёздириб қўйди. Ҳамма ерларда ўқиш сентябрдан бошлангани боис бўш ўрин топиш қийин бўлди.
Ва ниҳоят 2006 йил январь ойининг ўрталарида мени Стокпорт коллежида ўқиш учун сухбатга таклиф қилишди. Сухбатга 4-5 та одам кирдик. Мен билан бирга кирганлар сухбат қилаётган ўқитувчилар билан бемалол гаплашишарди. Уларнинг биттасини 2-курсга, қолганларини биринчи курсга қабул қилишди.
Сурат-41. Стокпорт коллежи олдида- 2006
Навбат менга келганида ҳаммаларининг хафсаласи пир бўлди. Чунки мен инглизча улар билан гаплашиш у ёқда турсин исми шарифимдаги ҳарфларни ҳам тўғри талаффуз қилаолмадим. Отимни сўрашганида ўзимга ишора қилиб: "Наме Ахмад” дедим. Булар: "Ахмад исминг экан, лекин "Наме” деган сўз йўқ инглиз тилида”, деб жиғибийрон бўлишарди.
Мен эса ўзларингиз инглизчани яхши билмас экансизлар, мана "Наме” деган сўз, деб кўрсатдим уларга. Бу "Nаме” деб ёзилган билан "Неим” деб ўқилади, деганларича роса кулишди.
Қабул комиссияси ҳайъати менга бу коллеж олий маълумот – бакалавр даражасини берадиган ўқув юрти. Сиз аввал ҳарф ўргатишдан бошлайдиган ўқув марказларига бориб 1-2 йил ҳеч бўлмаса ўқиш-ёзишни ўрганинг, кейин бу ерга келинг, деб маслаҳат беришди.
Тўғрисини айтсам Португал, Испан, қатор славян тиллари ва барча туркий тилларда гаплаша оладиган, 3 та (рус, ўзбек, португал) тилда китоблар ёзган олим (мен) учун комиссиянинг бу аччиқ лекин тўғри таклифи менга жуда оғир ботди ва ич-ичимдан жаҳон тили ҳисобланган бу (инглиз) тилини ўрганмаганимга афсус қилдим.
Сурат-42 . Коллежнинг 2-курс талабалари дарсда
Шу пайт кутилмаганда ҳайъатда иштирок қилаётган, ёши 60 лар атрофидаги бир аёл (бу аёл бу ESOL бўлими бошлиғи Barbara Bingley экан) менинг олим эканлигимни ва инглиз тилидан бошқа 10 дан ортиқ тилларни билишимни ҳисобга олиб биринчи курсга исключения сифатида эксперимент учун қабул қилишни таклиф қилди. Ҳайъатда бу таклиф бўйича тортишувлар бошланди, бири олиб бири қўярди. Ва ниҳоят кўпчилик овоз билан мени 1-курсга қабул қилишди.
1-курс (Entry-1)да дарслар сентябрдан бошланган бўлиб бу курсда 10-12 та ҳар хил ёшдаги турли мамлакат ва миллат вакиллари бўлиб Хадича (Ливия), Сафина (Покистон), Халид (Миср), Чун-Сук (Тайланд), Осман (Курдистон), Саодат (Азарбейжон), Словак (Полша), кабилар бу ерда 5-7 йилдан буён яшаб кўплари Британия фуқоралигини олган, инглиз тилида бемалол гаплашишарди.
Фаҳима (Эрон), Шамрез (Покистон), Мўйнул (Бангладеш), Си-Мей (Китай), каби ёш курсдошларим ҳам бу ерда 2-3 йилдан буён яшаб тиллари инглиз тилига яхшигина келиб қолишган экан.
Сурат-44 .Стоспорт коллежи ESOL ,Level-1 курси талабалари 2008
Курсдошларимнинг урф-одатларию характерлари ҳам турлича эди. Кўриниши 50 ёшлар чамаси, ўзи 28 ёшда бўлган Сафина ҳар кун янги кийим кийиб келар, кийимини мақтасанг хуш ёқарди. Саодат эса эркак киши бўлатуриб қошларини, ҳатто қўлларидаги жунларни қириб, ёғ суриб ялтиратиб келарди.
Бу курсда ёши ва маълумоти бўйича энг каттаси, инглиз тили бўйича энг саводсизи мен эдим. Ўқитувчиларнинг дарс жараёнидаги оддий сўзларини ҳам инглиз тилидаги сўзларнинг талаффузи ва ёзилиши бир-биридан катта фарқ қилгани боис тушунмас эдим.
Бундан эса курсдошларим кулар, бу менга қанчалик оғир бўлмасин сўрайверишдан, ўрганишдан тўхтамасдим. Апрель ойига келиб Фаҳима, Шамрез, Си-Мей каби ўрта баҳога ўқийдиган курсдошларимга тенглашдим.
Июнь ойига келиб гапиришда тенглаша олмаган бўлсамда, тушинишда, ёзишда ва ўқишда аълочилар қаторига ўтдим. Бундан эса ўқитувчиларим Саражан Келлей (Sarajane Kelley) ва Барбара Бинглейлар хурсанд эдилар ва мен атига 5 ой ўқиган бўлсамда биринчи курсни битириш учунги гос. имтиҳонга қўйишди.
Бу коллеж Кембридж университети тасарруфида бўлганлиги боис Давлат имтихонини Кембридж университети профессор-ўқитувчилари олдилар. 20-июнь эрталаб ёзиш бўйича, пешинда ўқиш ва эртасига гаплашиши ва эшитиш (тушиниш) бўйича давлат имтихонини топширдик. Бир ойдан кейин натижаси келди. Курсдаги ўртача ўқийдиганларнинг кўплари ўтаолмаган (курсда қолган), мен эса биринчи ўринни олибман. Шу муносабат билан коллеж рахбарияти мени пул ва катта русча-инглизча луғат (Сурат-43) билан тағдирлади.
Сурат-46. B. Bingley ва унинг номаси, 2008
Иккинчи курс(Entry-2)даги курсдошларим асосан 15-17 ёшли ўсмир(Teenager)лар эди. Набирам тенги болалар билан бир синфда ўқиш эриш туюлсада ўқитувчимиз Mr Jonatan (Сурат- 42) илмий коммунизм ва Сиёсий иқтисод назарияси (Капитал)нинг асосчиси - Карл Маркснинг набираси (набирасининг набираси) эканлиги менга катта қизиқиш ва гурур багишларди.
2007 йил январь ойида 2-курсннг биринчи ярми бўйича сессия бошланди. Сессияни юқори баҳоларга ёптим. Коллеж ва Кембридж университети раҳбариятига ўқишни 3-курсда давом қилдириш учун махсус комиссияга имтихон топширшга ариза билан мурожат қилдим. Ўқишдаги қўлга киритаётган муваффақиятларимни ҳисобга олишиб рухсат бершди.
Сурат-47. " Good bye Barbara Bingley” ашуласини куйлаш жараёнида
20 кундан кейин имтихон натижаси келди, имтихонлардан ўтибман. Ва 3-курсда ўқишни давом қилдиришга рухсат беришди. 19-24 июнда Ентри-3 бўйича гос экзамен топширдик. Бу имтихондан фақат 17% студент (шулар ичида мен ҳам) тўла ўтдик. 38% студент шартили (битта имтихондан йиқилган, уни навбатдаги сессияда топшириш шарти билан) равишда ўтган. Ярмига яқини (45%) ўтаолмай курсида қолди. Шундай қилиб 2 йилда 4-курс (Левел-1)га ўтдим. Бу эса Коллеждаги обрўйимни янада ошириб юборди.
Ўқиш билан бирга коллеж биринчилиги учун шахмат мусобоқаларида ҳам иштирок қилдим ва биринчи ўринни эгалладим. Кейин Стокпорт шаҳар биринчилигида қатнашиб шаҳар чемпиони бўлдим. Шаҳар ҳокимининг спорт ишлари бўйича ўринбосари ва коллеж директори Петер Робертс менга чемпион бўлганим учун тантанали равишда компутер беришди (Сурат- 45).
Сурат-48 . А.Хоразмийнинг 60 йиллик юбилейи (20.3.2008)да
Шу билан бирга Инглиз, рус, курд, форс, туркман, ўзбек, испан, португал, араб ва бошқа тилларда шеърлар ёзиб уларга гитарада куй басталаб, ашула қилиб айтардим ҳам. Шулар ичида "Гуд бай Барбара Бинглей” номли шеърим ва ашулам машҳур бўлиб кетди (Сурат-47).
Уни коллеж директори ва ўқитувчи-ходимлардан бошлаб талабаларгача ёзиб олиб эшитишар ва ҳиргойи ҳам қилиб юришарди. Бир сўз билан айтганда аълочи талаба, спортчи-чемпион, шоир ва хонанда сифатида коллежда юлдузга айланиб улгурган эдим. Турли хил ёшдаги ва миллатдаги қиз-жувонлар менга турли хил кўринишда муҳаббат ҳам изхор қилабошлашди.
Қизиғи шундаки ўқитувчимиз ва деканимиз, ёши 60 дан ошган оилалик, қатор фарзанд ва набиралик Барбара Бинглей эса мени ростдан ҳам севиб қолган ва бу тўғрида эса дарсда ва йиғинларда расмий равишда ҳеч тортинмасдан тан ҳам оларди (Сурат-46).
Сурат-49 . Компутер курси талабалари битрув кечасида
Унинг бу ҳаракати эса бошқа ошиқларнинг сонини кўпайтирар, рашкини кучайтирарди. Бу эса менга – кунига 10 вақт намоз ўқийдиган 60 ёшли ҳожи бобога эриш ҳам туюларди ва ҳар ибодатда Аллоҳдан бу шухратга келадиган ҳасад ва офатдан сақлашни сўраб дуо қилардим.
Шундай қилиб 2007 сентябрдан Левел-1 курсида ўқишни давом қилдирдим. Бироқ бу курс программаси анча мураккаб бўлиб кўп қунт ва шуғулланишни талаб қиларди. Бизнинг группада Аффан, Зишан, Антони, Кристоф каби ўсмирлар ҳам ўқирди. Булар ниҳоятда тартибсиз болалар бўлиб ўқитувчиларнинг танбеҳларига қулоқ солмас, дарсда ашула айтиб, хуштак чалиб, тўполон қилиб ўтиришарди. Натижада дарсни тинглашга имкон бўлмасди.
Сурат- 50 . Stopford Open Lerning Centre олдида
Бунинг устига Барбаранинг менга бўлган муносабати очиқчасига айланиб борарди. Бу ҳол нафақат курсимиздаги айниқса поляк қизларга ва шунингдек коллеж раҳбариятигада ёқмаётган эди.
60 ёшга тўлишим (20.3.2008) муносабати билан зиёфат ташкил қилинди. Зиёфат куни кечқурун Барбара ҳам келди. Машинада келган бўлсада анча ширакайф бўлди. Кетаётганида мени зўрлаб ўпаётганида бу ҳолатни Теренс ҳам кўрди. Зиёфатдаги суратларни (Сурат-48) коллежга обориб кўз-қилиши, коллеж раҳбариятининг: "Коллеждан у, ёки сен кетишинг керак”, деган қарорга келишига сабаб бўлган.
Сурат- 51.Марказнинг ESOL, Level-1 талабалари-2009
Мен унга сенинг бу хурмача қилиқларинг ва ўзинг ҳам менга ёқмайсан, деб очиқ айтдим. Ошиқ бир зумда душманга айланди-қўйди. Икки кун ҳам ўтмай Барбарадан менга тухматга тўла хат келди. Мен унга жавоб ёздим. Унинг рахбари (дугонаси) дан менга дағдағали хат келди. Бу ҳам етмаганидай мен топширган имтихон натижаларини сохталаштиришгача (мени имтихондан йиқилди қилишларигача) боришган ва мен коллежни тарк қилдим.
Стокпорт коллежини тарк қилганимдан кейин бир (2008) йил Компутер курсини ўқидим (Сурат- 49).
Сурат-52 . Марказнинг ESOL, Level-2 талабалари-2010
2009 йил қишдан Stopford Opening Learning Centre да ESOL программаси бўйича яна Level-1 дан ўқишни давом қилдирдим (Сурат-50). Ўқитувчимиз Малазиялик ҳинд бўлган Шанти Кришан.-Ҳеил эди.
2010 йилда Level-1 курсини тугатиб ҳужжатларинида олдим ва ESOL программаси бўйича Level-2 курсида давом қилдирдим (Сурат- 52) ва уни 2012 да битирдим (Сурат-55а).
2011 сентябрдан ESOL программаси тўхтатилиб, ўрнига анча мураккаб бўлган FSE (Funktional Skills English) Инглиз тили бўйича амалий малака (маҳорат) программаси жорий қилинди. Янги программа бўйича Level-2 курсида ўқишни давом қилдирдик (Сурат- 55) ва уни 2012 ёзида битирдик (Сурат-55б).
Сурат-55 . Марказнинг FSE, Level-2 курси талабалари 2012
Бизнинг (Level-1 ва Level-2) группаларда ёши энг каттаси мен эдим. Шунинг учун курсдошларим мени "Ҳожи бобо”, деб сийлашарди. Курсдошларимнинг ҳаммаси аёллар бўлиб эркак зотидан битта ўзим эдим. Шу боим курсдошларим мени "Группамизнинг хўрози” деб ҳазиллашарди. Ҳар сессия тугаганда коллежда ёки ресторанда зиёфат ҳам ташкил қилардик (Сурат- 53).
Сурат-55а. ESOLни битирганлик диплом(ҳужжат)и
Очигини айтганда Entry (1,2,3) курслари билан , Level (1,2) курслари программаси бир-биридан кескин фарқ қилади. Level курслари (айниқса Level-2) программаси жуда мураккаб ва қийин. Бу программа бўйича битирганлар Англия Университетларига киришга, агар мутахасис бўлса истаган жойда ишлашга ҳуқуқли.
Сурат-55б. FSE ни битирганлик диплом(ҳужжат)и
Бу программа бўйичаги имтихонлар (айниқса грамматик ёзиш ва ўқиб жавоб топиш)ни унақа-бунақа англичанлар ҳам эплай олмайди. Шу боис ҳар сессия ва курсдан курсга ўтганда курсдошларимнинг сони камайиб, таркиби ўзгариб турарди. Кўплари имтихондан ўта олмай курсида қолиб кетар, айримлари (икки марта ўта олмаганлар) коллеждан ҳайдалиб кетишарди.
Сурат-55в. Бизнинг тажрибамиз ўқув қўлланмасида
Бизнинг ўқиш тажрибамиз FSE (Funktional Skills English) Инглиз тили бўйича амалий малака (маҳорат) программаси қўлламасига киритилиб нашр қилинган (Сурат- 55в)
3.6. Хориждаги мардикорлик
Ҳафтасига 35 фунт олардим ва бу шохона яшашга етарди. Бироқ қишда уйни иситиш учун газга бериладиган пулни (бир кун ҳам газ ёқмай, совуқда яшаб), коллежга бориб келадиган (сал кам 20 км йўлни пиёда юриб) йўл пулини, овқатга бериладиган пулни (ҳафтасига 2 кун рўза тутиб, иссиқ овқатни кунора еб) тежаб катта ўғлим Ойбекнинг Тошкентда яшаши ва ўқиши (контракти) учун, Хоразмдаги оила (3 фарзанд, 3 набира), Тошкентдаги оиламни боқиш учун ҳар ойда ўртача 200 доллар атрофида пул юборардим.
Сурат- 56. Проф. А.Хоразмий жеркичлар остидаги пол ювишда ва юк ташишда
Бу ҳам етмаганидек Хоразмдаги фарзандларимнинг онаси(Ўғилжон)ни атайлаб (пул ундириш мақсқдида) қамоққа олишади. Бу ердаги Покистонлик тадбиркор Муҳаммад Манзурдан пул қарз олиб Ойбек орқали порахўр судьяларга юборишга мажбур бўлдим. Бу қарзни узиш учун арзимаган пул (кунига 5-7 фунт) эвазига уларнинг магазинида мардикорлик қилардим. Шанба ва якшанба кунлари эрталаб соат 5 да (қиш кунлари деярли ярим кеча, ёз кунлари саҳар пайти) бориб кечаси соат 11 ларгача турли хил оғир ва ифлос ишларни Quikly please (Иммилламасангчи) деб жеркичлар остида қилишга тўғри келарди (Сурат- 56).
Магазин хўжайини бу ердаги кўпчилик одамлар каби Ўзбекистон ва ўзбекларни "Американинг ҳамтовоғи”, деб ёмон кўрарди. Шу боис магазинга харидорлар кўп келадиган пайтида атайлаб огир ва бесўнақай нарсаларни кўтартирар, магазиннинг полини ювдирар ва тепамда белини тутиб турганича: "Ўзбекистоннинг профессори шунақа ишдан бошқа нимага ҳам ярарди”, деб кулар, буни эшитганларнинг кўплари кулса айрим саводлироқлари: "Бечора профессор”, деб ачинарди ҳам.
Бирнеча марталаб операция бўлган ўнг оёғим ва қўлим 17-18 соатлик оғир ишга дош бераолмай кечаси билан оғириб чиқарди. Катта (бўйи 2,5 м) холодилникларни ташиш бу ердаги ишимнинг охири бўлди, белим жароҳатланиб оғирроқ ишларни қилаолмайдиган бўлиб қолдим. Оғирлиги салкам 200 кг келадиган холодилникнинг бир боши (енгил томони)ни 2 та бақувват йигит кўтарар, иккинчи (оғир томони)ни менга кўтартиришар эди.
Сурат-58. Moonlight Take away (ошхона) олдида
Менга бундай ёмон муносабатнинг бўлиши мусулмон (форсий ва араб)ларнинг Ўзбекистон(ўзбеклар)ни Американинг ҳамтовоғи, деб ёмон кўришлари эди. Улар Американинг Афғонистон ва Ироққа қилаётган агрессиясини Каримовнинг қўллаб қувватлаётганини, айниқса бу борада Каримовнинг телевидения орқали берган баёнатни менга тез-тез эслатишарди. Мен эса ўзбек бўлмасамда Ўзбекистонлик бўлганимга афсусланардим...
Бриннингтондаги Best One почта-магазинида, 2007 йил февралда қўлларида ғишт кўтариб олдган учта бесўнақай йигит тўсатдан менга ташланиб қолишди. Яхшиямки, бош кийимим бор эди. Бошимга, орқамга ва елкамга тушган ғиштлар зарбидан йиқилиб тушдим ва қўлимда ушлаб турган курткам ҳам тушиб кетди. Магазиндаги одамлар қий-чув кўтарган бўлишсада бошим ва қорнимга бирнеча бор тепишиб, курткамнида олганича ғойиб бўлишган.
Кўп ўтмай полиция (Жонсон РС 11119) ва тезёрдам етиб келди. Калтак (ғишт ва тепки) асорати 2 ҳафтача қийнади. Бу иш бўйича Ж1/1218/07 жиноий иши очилди ва безориларнинг Жон Суттон (Инглиз), Қодир Салим (Афғонистонлик), Холид Тикрий (Ироқлик) экани маълум бўлди.
Терговда улар мени Афғонистон ва Ироқ урушини қўллаб қувватлаган ўзбек бўлганим учун ўлдиришга қасд қилганликларини тан олишган. Менинг эса ўзбек эмаслигимни, аксинча, Ўзбекистон Ҳукуматининг ва сиёсатининг қурбони сифатида бу ерда бошпана сўраб юрганимни, Афғонистон ва Ироқ урушини ўзбек ҳалқи эмас, ўзбекистон ҳукумати, шахсан И.Каримов қўллаб қувватлаётганини билишиб мендан кечирим сўрашди, мен уларни кечирдим
Сурат-59. Take away (ошхона)да ювиш, артиш ва тозалаш ишларида
Октябрнинг охирларида асли Эронлик, ҳозирда Германия фуқораси, Мужтаба Kулуси (Cурат-57) билан Коллежда танишган эдик, борди-келди қилабошладик. Унинг тавсияси асосида Хусайн Сулаймон исмли покистонликнинг Take Away ларига ишга кирдим.
16-ноябрь кеч соат 6-ларда Bredburry ги "Pizza МАХ” Take Away га идиш товоқ ювадиган бўлиб ишга тушдим. Бу ерда Хусайиннинг акаси 46 ёшли Абдул Ҳамид ошпаз, Содиқ исмлик Эронлик йигит машинада буюртмаларни тарқатадиган бўлиб ишлашарди.
Икки кундан кейин Хусайнга қарашли Chidlle Hulm даги "Pizza Chicago” да Тэди исмли йигит билан ишладим. Бу ердаги ишлар соат 3-4 ларда лифлет тарқатиш билан бошланиб кечаси соат 2 да тугарди. Дастлабки кунлари бу ердаги 10 соатлаб тинимсиз ишларга юрагим дош бераолмай безовта қиларди. Шундай пайтлари: "Эй Худойим, жасадим шу ердан чиқмасин-да”, деб дуо ҳам қилардим.
28-ноябрдан Buxton Road 347 да жойлашган "China-China” пиззахона ремонти ва қурилишига ишга жалб қилишди. Бу ердаги иш эрталаб соат 9 дан 5 гача давом қилиб ғоят оғир ва ифлос шароитда эди. Ишни фундамент учун чуқурлиги салкам 2 м келадиган траншея ковлашдан бошладик. Бу траншеяга бошқа хонадонларнинг ҳожатхона чиқиндилари тинимсиз тушиши натижасида ишлаш янада оғирлашарди.
Бу ерда словакиялик уста Милан ва унинг қайнағаси, Майк, Муҳаммад исмли курд йигит, Виктор исмли рус (литвалик) йигитлар ҳам мардикорлик қилишарди. Лекин булар бўйинтириқнинг тагида дам оладиган туллаклар эди. Шу боис бўлса керак буларнинг ичидаги ёш жиҳатдан энг каттаси мен бўлсамда, барча оғир ва ифлос ишларга мени жалб қилишарди. Менинг битта ўзим буларнинг 2-3 тасининг ишини қилардим. Шу боис барчаси мени "Суперман”, деб аташарди.
Сурат-60. Take away (ошхона)да нон ёриш жараёнида
Кечаси уйга келгач овқатимни зўрға еб ётиб қолардим. Доимий зах жойдаги оғир ишлар натижасида қўлим, оёғим, белим оғирганидан дори ичиб зўрға ухлардим. Мен бу ерга ишга келганда ўзимни олим деб эмас, (акс ҳолда ишга олишмасди) колхозчи-чўпон, деб таништирганман. Шу боис ва мен Ўрта Осиёлик бўлганим учун мени Хусайиннинг жияни 24-ёшли Шафис: "Stuped and rubbish old man” (Бир чақага қиммат чол) деб атарди. Мен ноилож чидашга мажбур эдим бундай камситишларга.
Ва шундай шароитда 2 ҳафтадан кўпроқ ишлаганимдан кейин (одатда иш ҳақини ҳар ҳафтада беришади) Хусайнга: "Иш ҳақимни берсангиз, фарзандларимга жўнатардим, улар оч-ялонғоч ўтиришибди”, деб иззага қолдим. "Болаларинг агар очликдан ўлишса бир-иккита чиқинди камайса камйибдида” деганидан кейин чидаб тураолмадим ва: " Мен сиздан садақа сўраётганим йўқ. Оёқ-қўлларимдан қон оқизиб қилган меҳнатимнинг ҳаққини сўраяпман”, дедим жарохат натижасида қўлимдан оқаётган қонга ишора қилиб.
У менга арзимаган (245 фунт) пулни бердида: " Энди йўқол бу ердан. Биронта жойга шикоят қилишни ҳаёлинга келтирма, акс ҳолда "бирон нарсани ўғирлади, ёки безорилик қилди”, деб қаматиб юбораман”, деди. Бу пулнинг ярмига яқини бу ерда ишлаб олган тан жароҳатларимни даволаш учун дори-дармон олишга кетди, қолганини фарзандларимга жўнатдим.
Сурат-63. Оқ оролдаги бегона ўт юлиш ишида-2008
Ўзбекистондаги иқтисодий ахволнинг ёмонлашуви менинг бу ердаги ахволимни янада оғирлаштирарди. Хоразмдаги фарзандлар яшаши ва турли тўловлар, Маридаги қизим Нигоранинг бетоблиги боис унга пул юбориш, Насибанинг грижасини операция қилиш учун пул юбориш, фарзандларимнинг онасини турмадан чиқариш учунги харажатлар учун бу ердаги хаcис судхўрлардан анча-мунча қарз олишга мажбур бўлдим.
Бу фоизга олинган пулларни тезроқ узиш учун кеча-кундуз иш қидирардим. Ва ниҳоят покистонлик аферист танишим (укажон) Кристофер орқали Дилу исмли Бангладешлик йигитнинг Reddish даги "Moonlight” Take away ига ҳафтасига икки кун – жума ва шанба кеч соат 4 дан тонг соат 3 гача (11 соат) разнорабочий бўлиб ишга тушдим (Сурат-58).
Биз бу ерда асосан з та: мен ва иккита повар ишлардик. Дастлабки пайтларда асосан идиш-товоқ ювиш, пиёз ва бошқа нарсалар тозалаш каби ишларни қилардим (Сурат-59). Кейинчалик закускалар таёрлаш, чипс ва бошқа нарсалар пишириш, хамир қилиб нон ёпиш каби ишларнида қилабошладим (Сурат- 60).
Бир дақиқа тиним бўлмас, нафақат босс (Дилу)нинг ва шунингдек иккита ошпазнинг ҳам ўшқириқларига чидаб, кунига 11 соат ишлаб атига 15 фунт (соатига 1,3 – 1,4 фунт) олардим. Худо бунида кўп кўрди, таракан кўпайганлиги боис СЭСдан келиб шохонани бекитиб қўйишди...
Сурат- 66. Идиш-товоқ ювиш ишидан кейин чарчаб...
Ўзбекистондан 4-5 йил олдин келиб қолган Азиз Аннаев исмли Тошкентлик йигит билан Рой (Roy) орқали телефонда танишиб қолгандик. У 2008 йил июль ойининг охирларида телефон қилиб, 2-3 ҳафталик далада бегона ўтларни юлиш билан боғлиқ ишлар борлигини айтиб мени ишга таклиф қилди. Мен 5-августда етиб бордим. Мени Ангилянинг жанубида жойлашган "Оқ Орол” (Whight Isle)нинг кемалар тўхтайдиган портида кутиб олди (Сурат- 61).
Татарга ўхшаган, кўзлари ўйнаб турган бу париштасиз йигит (Сурат-62) менинг кўнглимга биринчи учрашувдаёқ ўтирмади. Яшайдиган ва ишлайдиган жойигачадаги машинадаги суҳбат асносида ўзини Алекс Аннан, (Alex Annan) деб аташи, атига 29 ёшига кирган бўлсада 45-50 ёшли одамга ўхшаб кетиши, отаси – туркман, онаси – ўзбек бўлсада ўзининг миллати татар эканлиги менинг таажжубимни янада оширди.
2002 йилда Ангиляга тил ўрганиш бўйича курсга келади ва бу ерда қолиб кетиш учун йўл ахтаради ва ўз дини – исломни тарк қилиб хрестианликни қабул қилади ва "Тангри шоҳидлари” диний оқимига аъзо бўлади. Шуни бахона қилиб сиёсий бошпана сўраб ариза беради. Ўзбекистонни ёмон кўришини, туркийлардан ҳазар қилишини ҳеч андиша қилмасдан гапирши унга ҳазар билан қарашимга сабаб бўлди.
Унинг айтишича иш куни 8 дан 4 гача (8 соат). Менга кунига 40 фунтни ўз чўнтагидан беминнат – совға сифатида беради. Иш берувчилар билан менинг ҳар қандай алоқа қилишимини маън қилди. Ўша куни кечқурун Оқ оролдаги Hay Loft, Wroxallcross Farm, Manor Road, Wroxal Ventnor, PO38 3DF aдрессдаги квартирага жойлаштирди. Бу ер Майк Поланд (Maykl Poland) га қарашли бўлиб ишни иш бошқарувчи Вррий (Barry) олиб борарди. Бизнинг асосий ишимиз даладаги оддий Рагуа (Ragua common) бегона ўтини юлиш эди (Сурат-63).
Бизнинг иш вақтимиз кунига 8 эмас, камида 10-12, ҳатто 14 соат давом қилди. Тушликни ҳам далада, 10-12 дақиқада сув билан нон еб қилардим. Бўрон, ёки жала қуйсада тўхтовсиз ишлаш керак. Ўзи эса ёлғон баҳоналар билан соатлаб ишламас эди.
Маълум бўлишича иш берувчилар бизга, бажарилган ишга ва ишланган вақтга қараб ҳафтасига ўртача 1-2 минг фунт (икаламиз учун соатига уртача 20-25 фунт) тўлар экан. Лекин Алекс менга соатига 10-12 фунт ўрнига бор-йўғи 3,5 – 3,7 фунт бериб, қолганини ўзи олиб қолар экан. Шунга қарамай: "Бу пулни ўз чўнтагимдан беминнат-ёрдам сифатида бераяпман. Буни олийжаноб христеандан бўлак бошқа одам қилаолмайди”, деб тинмай миннат ҳам қиларди.
Сурат- 69. Reddish да лифлет тарқатиш жараёнида
Менга алам қиладиган шу эдики, мен унинг отасидан ҳам катта бўлсамда мени сенсираб "баран”, деб ҳақорат қиларди. Мен эса шу ишнинг топилганига шукур қилиб чидашга мажбур эдим...
Бирнеча юз доллар пора бериб 2008 июлида фарзандларимнинг онаси(Ўғилжон)ни Қорақолпағистоннинг Қўнғирот шаҳридаги турмадан уй (Хоразм)га келтирдик. Шундан бир ҳафта олдин Туркманистондаги касалванд қизим Нигорани ҳам қанча харажату-қийинчиликлар билан Хоразмга келтиргандим. Балоғат ёшига етмаган фарзандларим ота-онасиз, опа-акасиз ҳар кимларнинг уйида тентираб юришганди. Шу боис бу кунга етказганига Худога шукур қилардик.
Бироқ Хоразмдаги ва Тошкентдаги оиламни боқиш учун мардикорликни давом қилдиришим керак эди. Шу боис Бахтиёр ва Ихтиёрлар орқали таниш бўлиб қолган Нур (Сурат-64) исмли Бангладешлик йигитга илтимос қилиб қўйгандим бирон иш топишга. У Жакария исмли таниши орқали Варрингтон шаҳрида (106-Newton Road, Lowton, Warrington, Cheshire, WA3 1DG) Royal Saffron рестoранига (Сурат-65) идиш-тавоқ ювадиган қилиб жойлаштирди.
Лекин рестoран хўжайини 60 ёшдан ошганлигим учун жума куни (яъни мижозларнинг энг кўп келадиган куни) аввал мени ишлатиб кўриб кейин ишга олишадиган бўлди. Чунки бу ишга мендан олдин келган 25-30 ёшлилар ҳам бардош бера олишмай ташлаб кетишган экан. Реостран хўжайини мени 3-4 соатгада бардош бераолмайди, деб ўйлаган экан. Аслида бу ўринда 2 та одам ишлаган экан.
Сурат- 70 . Bramhall даги лифлет тарқатишда
2008 йил ноябрь ойининг охирги шанба куни барча синовлардан ўтиб ишга тушдим. Иш шу даражада тиғиз эдики, стакандаги сувни ичишгада (бирнечи секунд) вақт бўлмасди. Соат 17 дан кечаси соат 2 гача тинимсиз ишлашга тўғри келарди.
Ресторан хўжайини билан келишувда хўжайин менинг ғайратимга қойил қолганини тан олиб кунига 20 фунт берадиган бўлди. Бу пул қиладиган меҳнатимнинг учдан биригада тўғри келмасади рози бўлишдан бошқа чорам йўқ эди.
Бу реостранда ишлайдиганларнинг кўпчилиги шу ерда яшаб ишлашаркан. Ҳар хонада 4-6 киши ётардик. Уларнинг бариси чекар экан. Бунинг устига тонгача карта ўйнаб чиқишиб эртасига пешин соат 4 гача ухлашарди. Натижада буларнинг шовқинидан тонгача ухлай олмай ва сигарет тутунидан нафас олаолмай қийналиб чиқардим.
Бунинг устига 17-20 ёшли ҳамкасбларим мени кунига масхара қилишдан, ҳатто ҳақорат қилишдан ҳам тоймасди. Реостран хўжайини Бангладешлик бўлганлиги боис бу ерга асосан безори, наркоман, алкаш, ўғри, қамоқдан қочган землякларини йиғган эди. Яшайдиган шароитимиз турманикидан афзал эмасди (Сурат- 66). Икки ҳафта ишлаганимдан кейин келишилган 20 фунтни бермай кунига 15 фунт бериб, ҳоҳламасанг кет дейишди, мен кетдим...
Нур бўлса менга иш топиб бергани учун Латвия (хотининг юрти)дан бу ерда ишлатиш учун келтирган 28-30 ёшли (Элвис ва унинг ўртоғи) мардикор йигитларни ноқонуний бўлсада менинг уйимга жойлаштирди (Сурат- 67). Кейин билсам, Нур булардан яхшигина ижра ҳақи ҳам ундирган.
Сурат-72. Жарохатлар натижасида...
Буларнинг яшаши учун ҳар ҳафтасига электрга 10, сувга 10, газга 40-50 фунт тўлардим. Булар (айниқса Элвис)нинг оёғининг ҳидидан уйга кириб бўлмасди. Бунинг устига уйда чекишар, ва ғоят ифлос яшашга одатланишган экан.
Бошқа уйга кўчишлари муносабати билан 2 ҳафтадан кейин уйни бўшатиб беришди. Лекин уларнинг қўланса ҳиди эшик ва деразаларни очиб қўйсамда бир ҳафтагача кетмади. Бироқ уйдаги барча (80-90 фунтлик озиқ-овқатлар) нарсани еб битиришган, телевизорни бузишган, вешелкани синдиришган ва ҳакозо. Бир сўз билан айтганда Нурнинг менга топиб берган иши менга кунига бор-йўғи 7-8 фунтга тушди холос.
Бу даврларда Насиба ва Улуғбекни Ангиляга олдириш учун ҳаракат қилаётган эдим. Агар уларнинг келиши ҳал бўлиб қолса уларга йўл пули топиш масаласи ич-ичимни кемирарди. Бунинг устига катта ўғлим Ойбек 25 ёшга кириб уйланишга пул йўқлигидан ҳамон бўйдоқ. Унинг тенглари 2-3 фарзандли бўлишган. Шу боис қандай бўлсада бирон иш топиш ҳаракатида эдим.
Шунинг учун аввал ўзим ишлаган Moonlight га бордим. Бунинг аввалги эгаси (Дилу) бошқа ёққа кетиб ўрнига битта қариндоши (Акбар) келган экан. Эндигина 25-26 кирган ва паканадан келган бу йигит кеккайганлиги ва қўрслиги билан ажралиб турарди.
Соатига 1,5 фунт учун идиш-товоқ ювадиган бўлиб жойлашдим. Иш куним Ангиля ошхона ва реостранларида энг одам кўп бўладиган Жума ва шанба кунлари, иш вақтим эса энг банд соатлар – кечқурун 5 дан 9 гача эди. Иш ҳақингни ҳамма билан тенг оласан, деб 6 фунт пулимни кечасига соат 1-2 ларда (иш тугагандан кейин) берарди. Қолган 4 соатида ҳам уялганимдан бўш ўтираолмасдим, ювиш-артиш ишларидан бўшамасдим.
Шундай қилиб ўртача ҳар бир соатим 70-80 тийин (пений)га тушарди. Ҳар куни 8-10 соат оёқ устида туриб тинимсиз ишлаганимдан уйга келганимдан кейин шундоқ ҳам ногирон бўлган оёқ-қўлим зирқираб оғирганидан тонг саҳаргача ухлай олмай чиқардим.
Донар кабоби (Сурат-68)нинг темир ўқига ёпишган озгина қисми пишмай қолиши ва сифатсиз бўлиши сабаб у қисми ахлатга ташланади. Мен эса уни ахлатга ташламасдан уйга келтириб, яхшилаб қовуриб 3-4 кун ердим. Натижада овқатдан ҳам яхшигина иқтисод қилардим. Шу сабаб жисмоний қийналиб кам ҳақ олишгада чидардим.
Биз билан ишлайдиганлардан айримлари донор кабобининг ахлатга ташланадиган қисмини олиб кетаётганим ҳақида хўжайинга айтган. Хўжайин унга: "Жуда яхши, битта ахлат камаяр экан”, деган. Бироқ кўп ўтмай хўжайин мендан: "Ахлатга ташланадиган нарсаларни олиб кетаётган экансан, нима, уйингда итинг борми?” деб сўради мендан.
Мен эса: "Итим йўқ, уни яхшилаб қовуриб ўзим еяпман”, дедим. Хўжайин менга анойи бир қараб: "Майли олиб кетавер, лекин бир кунги иш ҳақинг (6 фунт)ни тутиб қоламан, уни овқат сифатида фойдаланаётганинг учун”, деди. Мен рози бўлмадим, шундан кейин хўжайин донор кабобининг ахлатга ташланадиган қисмини ҳамманинг олдида оёғи билан тепиб-тепиб ахлатга ўзи ташлайдиган бўлди...
Мижозлар камаябошлагани сабаб мени ошхона овқатлари реклама қилинган лифлетларни тарқатишга қўйди. Бу иш хўжайиннинг доимий бақириғи ва ҳақоратидан сал узоқлаштирган бўлсада ўзига яраша қийинчиликлари бор эди.
Орқамдаги рукзакка 1000га яқин (салкам 20 кг) лифлетларни солиб, кўчама-кўча юрганча лифлет тарқатабошладим (Сурат- 69). Эрталаб тил ўрганиш бўйича ўқишга кетардим. Тушдан кейин кечаси соат 8-10 гача (қиш кунлари ярим кечага яқин бўларди) ёмғир ва қор остида лифлет тарқатардим.
Айрим хонадонлар эшигида почта тешиги пастроқда жойлашган бўлади. Лифлетни эшикдаги почта тешигидан ичкарироққа бармоқларим билан итарган захотим уйнинг ичида пойлаб ўтирган мушук бармоқларимни ғажиб ташлади. Қўлимдан оқаётган қондан уст-бошим қип-қизил бўлиб кетди. Айрим уйлар эшигига: "Мушукдан эҳтиёт бўлинг!”, деган ёзувларнинг бекорга эмас эканлигини тушунганман ўшанда.
Ачинарли томони шундаки, иш жараёнида олган жарохатингиз учун докторга мурожат қилаолмайсиз. Чунки ноқонуний ишлаганинг учун нафақат ўзингни ва сенга иш берганларни ҳам қаттиқ жазога тортишади.
Лифлет тарқатиб бўлгандан кейин ҳар куни тарқатган кўчалар номи ва уйлар сони бўйича хўжайинга ёзма ҳисобот берилади. Шаҳар харитаси бўйича хўжайин ҳисоботни бирма-бир текшириб қабул қилади. Ит тишлаган хонадонлар (мингдан бир ёки иккита) га лифлет ташланмагани учун келишилган 8 фунтнинг 25-30 фоизи (2-3 фунт)ни жарима сифатида чегириб қоларди.
Ҳисобот топшириб иш ҳақингни олиш учун 2-3 фунт йўл кира тўлаб борганингда "Бугун савдо кам бўлди, ҳақингни эртага оласан”, деб қайтариб юборарди. Эртага борганда эса: "Сен лифлет тарқатган кўчалардан овқатга заказ кам келди”, деган ёлғон бахона билан иш хақингни бермайди. Шундай қилиб нафақат қор-ёмғир тагида ит-мушукка таланиб ишлаган пулинг (6-8 фунт)ни олаолмайсан, уни олиш умидида 4-6 фунт сарфлаганинг алам қилади. Бундай изтиробли ҳолатлар тез-тез такрорланиб турарди.
Шундай холатда пул топиб Насиба ва Улуғбекни келтриш билан боғлиқ харажатларга ва Ойбекни уйлантириш учунги харажатларга сарфласанг-у, унинг ҳам самараси кам бўлса ёки (Ойбекка сарфланганларга ўхшаб) йўққа чиқса бунинг изтиробини таърифлашга сўз топмайди киши...
2009 йилнинг охири(18.12.2009)да фарзандларим Улуғбек ва Насиба олдим (Ангиля)га келди (Сурат-73). Давлат уларга нафақа берабошлади. Иқтисодий ахволимиз анча яхшиланди. Деярли ҳар куни иссиқ овқат ердик.
Сурат- 73 . Heathrow аэропорти, 4-терминал, 18.12.2009
2010 сентябрда Тошкентда истиқомат қилаётган рафиқам ва қизларимни чақириш имконияти туғилди. Уларнинг ҳужжатларини тўғирлаш учун бу ердаги хсусий адвакатларга минглаган фунт пул тўлаш лозим эди. Бу миқдордаги пулни топиш илинжида мардикорлик қилиш учун иш излай бошладим.
Ва нихоят Ҳиндистонлик танишим Гурдит Сингх ўзи ишлайдиган Bramhall даги ошхона хўжайини, асли эронлик Резога учратди мени. Ёши 50 лар атрофида бўлган бу киши Moonlight хўжайинича қўрс бўлмасада инжиқликда ундан ўтиб тушарди.
1000 лифлет тарқатганинги 17 фунт бераман. Агар шунга рози бўлмасанг кетавер, деди. Бу нарх 2-3 баравар арзон эканлигини билсамда рози бўлишдан бошқа чорам йўқ эди. Битта ўзим кунига 500 дан сал кўпроқ лифлет тарқатардим, ундан ортиғига оёғим бардош бермасди.
Шанба ва якшанба кунлари (айрим кунлари мактабдан кейин ҳам) ўғлим Улуғбек билан бирга тарқатардик лифлетларни. Ёш йигитча эмасми, лифлет тарқатиб юрганини мактабдошлари (айниқса қизлар) кўриб қолса уялганидан бошини, юзларини беркитиб оларди ва: "Синфдошларим яшайдиган кўчаларга лифлет тарқатмайман”, деб хархаша қиларди. Мен эса унга ҳалол меҳнатдан кун кўришнинг уяти йўқ эканлигини, мен 60 дан ошган профессор бўлсамда бунданда баттар ишларни қилаётганимни кўраяпсанку, деганимдан кейин сал ўзига келарди.
Жума куни эрталабдан исломий оқ дўппимни кийиб Bramhall районининг нариги четида лифлет тарқатиб юргандим. Жума намози бошлангунича (соат 1 гача) лифлетларни тарқатиб бўлиш учун шошиб-пишиб ишлардим. Эшигига бирнеча бетон зинапоядан кўтарилиб борадиган битта уйга лифлетни ташладиму орқамга айланаётган пайтда оёғим қайрилиб қаттиқ йиқилиб тушдим.
Сумкамдаги лифлетлар сочилиб кетди. Ўнг оёғим ва ўнг қўлим қаттиқ шикастланганидан ўрнимдан тураолмай қолдим. Бу шовқинга уй эгаси (бефаришта бир кампир) чиқиб: "Ҳозироқ йўқол бу ердан. Акс ҳолда полиция чақириб қаматиб юбораман сен исломчи террористни”, деб ўдағайлади.
Автобус бекатигача судралиб келдим. Мени кўрганлар бадмаст (алкаш) деган ҳаёлга боришиб менга жирканч билан қарашарди. Йўлдан ўтиб кетаётган полициячиларга мени кўрсатиб алланималардир дейишди. Полициячилар олдимга келиб: "Тураолмайдиган даражагача ичасанми, алкаш”, дейишди жирканч билан. "Mен умримда ичмаганман, қаттиқ йиқилиб тушдим”, дедим жовдираб.
Улар ичмаганимга амин бўлишгач тез ёрдамга телефон қилишди ва мени касалхона (Stepping Hill)га олиб боришди. Оёғимнинг иккита бармоғининг суяги чатнаган экан (Сурат-71). Икки ҳафтача хассада юрдим (Сурат- 72) нам ва совуқ кунлари шу оёғим оғриқ берарди.
(давоми кейинги - 5-сонида)