V-Боб
КАСАЛЛИКЛАР БИЛАН КУРАШИБ
5.1. Остемелит билан олишув
Онам раҳматликнинг: "Ёшлигингдан отанга ўхшаш полвонсифатсан”, деганидан тушиндимки, соғлом бўлиб туғилганман. Ёшлигимдан табий равишда соғлом ва бақувват бўлганлигим учун ва оила тирикчилиги заруратидан 1961 йил(13 ёшим)дан ярим колхозчи (мактабдаги ўқишдан кейин далага борадиганлар) сифатида, ўқиш кунлари тушдан кун ботгунича, бошқа кунлари тонг отганидан қоронғигача далада ишлай бошладим (Сурат-99).
Сурат-99. А.Хоразмийнинг меҳнат дафтарчасининг 1-бети
Ёшлигимдан курашга, спортга қизиқишим кучли бўлган. Айниқса 1962 йилда қишлоғимизга Тошкентлик полвон (кейинчалик полвонликдаги устозим) Тўланбой Қурбонов келиб полвонлик бўйича чиқишлар қилгандан кейин спортга бўлган иштиёқим янада кучайди. 1963 йилга (15 ёшимда) келиб 2 пудлик тошни бир қўлимда 3-4 мартагача кўтарадиган бўлдим.
1963 йил сентябрида далада ишлаётган пайтимда йиқилиб ўнг қўлим суяги чатнади ва шишабошлади. Бригадирнинг қистови асосида оғриқли қўлим билан яна 2 кун ишга бордим. Белкуракнинг сопини ўнг қўлимда ушлай олмаганимдан, уни қўлтиғимга қисиб ишлардим.
18-сентябрида қўлим шишганидан кўйлагимнинг енгига сиғмай қолди. Оғриқ натижасида ҳароратим 39,5 Со га чиққан ва далада йиқилиб қолдим. Кимнингдир эшакаравасида мени уйга оборишди ва онам 2 тухумни чақиб қўлимга боғлаб қўйди. Ахволим кун сайин оғирлашарди. 21-сентябрга келиб ҳароратим 41 Со дан ошган ва ўзимни билмай қолганимдан кейин эшакаравага ортиб Боғот туманидаги касалхонага оборишган.
Қатор укол ва дорилар таъсирида ҳароратим 39 Со гача пасайган бўлсада қўлимнинг шиши қайтмади. Районда ягона бўлган тез ёрдам машинасининг бузилиб қолганлиги сабаб, 24-сентябрида кўмир қатнаётган йўловчи юк машинасида вилоят касалхонасига оборишди ва "Остёмелит”, деб диагноз қўйишди. Эртасигаёқ қўлимни Махмудов ва Ренат Рамкуловлар операция қилишиб 2 литрдан кўпроқ иринг олиб ташлашган.
Ҳароратим аста-секин пасайиб 2 ҳафта деганда ўзимга келабошладим. 17-сентябрдан 1-октябргача овқат емай фақат вена томирига юборилган глюкоза ҳисобига яшаганман. Ҳатто мендан умидларини узиб қабристонда менга жой ҳам таёрлаб қўйишган.
1963-1966 йиллар мабойнида қўлимдаги остемелитни даволаш мақсадида вилоят касалхонасида травмотолог-ортопед врачлардан Махмудов, Рамкулов, Федоренко, Ли, вилоят бош хирурги т.ф.н. С.Рахимов ва охирги (6-чи)сини Ўзбекистон травмотология ва ортопедия институти директори доц. Файзуллаевлар операция қилишди. Лекин биронтасининг нафи тегмади, иринг оқишию, секвестр ажралиши тўхтамади.
Врачлар бу остемелитни даволаш қўлларидан келмасликларини, тиббиёт илми бунинг олдида ожиз эканлигини расман тан олишиб ҳар куни спирт билан артиб янги бинт билан боғлашни, нам текизмасликни ва шу қўлда 5 кг.дан ортиқ юк кўтармасликни тавсия қилишди. Акс ҳолда бу қўлингни ампутация қилиш керак бўлади дейишди ва мени 3-грух ногиронликка чиқаришди. Менинг эса тиббиётга, врачларга бўлган ишончим батамом йўқолган эди.
Уч йилда 6 марта операция қилинавериб врачларнинг ҳам менинг ҳам жонимга теккан бу қўлдан воз кечишга қарор қилган вақтларим ҳам бўлди. Иринг оқаётган қўлимни ойда 2-3 мартагина тўғри келган латта билан перевязка қилардим. Шу перевязкали қўлим билан иссиқ ҳаммомгами, совуқ кўлмакками, айниган балчиққами тушиб кетаверардим.
Ажраган секвестрни ювилмаган қўлим билан ёки занглаб ётган омбир билан олиб ташлардим. Иринг оқаётган яранинг оғзи тез-тез битиб қолиб қўлим шишиб кетарди. Яранинг оғзини эски мих биланми, ўроқ биланми тешиб очиб юборардим. Бу борада бирон марта врачга мурожат қилмаганман. Шу зайилда сал кам 30 йил остемелитни беҳурмат қилиб у билан бирга яшадим.
1992 йилда Хоразм вилояти ҳокимлигида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати бўлими маъсул ходими бўлиб ишлардим. Ўша кезларда т.ф.н. Қадам Йўлдошев ҳам шу ҳокимликда фан, маданият, соғлиқни сақлаш бўлимининг мудири бўлиб ишларди. 1992 йилнинг қишида иш хонамда қўлимдан ажралиб чиқаётган навбатдаги секвестр(суяк)ни олиб ташлаётган пайтимда Қ.Йўлдошев кириб ажабланганидан ёқа ушлаб қолди.
У кўп йиллар Ўзбекистон травмотология ва ортопедия институтида илмий ходим, бош врач бўлиб ишлаганини шу қўлимни операция қилиб даволашга изн беришимни сўради.
Мен турли хил малакадаги 6 та врач мени 6 марта операция қилишди, мана қўлимда кесилмаган, тешилмаган жойи қолмади (Сурат-100). Тиббиёт остемелит олдида ожиз эканлигини, бу борада врачлар рўй рост тан олишганини, остемелитни даволайман деган 6 та врачга ишониб жуда катта хато қилганимни, энди бу борада ҳеч бир врачга ишонмаслигимни айтдим.
К.Й.Йўлдошев қатъий оҳангда: «Шу қўлингизни операция қилишга менга рухсат қилинг. Агар шуни тузатаолмасам ўша кундан бошлаб врач, бунинг устига олим сифатида оқ халат кийишдан расман воз кечаман» деди.
Ва ниҳоят 1992 йилнинг қишида мени Қ.Йўлдошев битта ўзи иккита ҳамшира билан операция қилди. Перевязка қилиш, ярага дори қўйишу, линкомицин уришни шахсан ўзи қиларди. Ҳар сафар ярани эринмасдан муложа қилар, хирург заргардан ҳам юқори бўлиши керак деб такрорларди. Бир ойга ҳам етмасдан менга 30 йил ҳамрохлик қилган остемелит мени тарк қилди. Лекин мен шу қўлимда оғир ишлар қилишни бир кунга ҳам тўхтатмадим ва тўхтатмаяпман ҳам.
Сурат-100. 7 марта операция бўлавериб ногирон бўлган қўл.
1993 йилдан бошлаб мен остемелит олдида тиббиёт илми ожиз эмаслигига, шифокорларнинг ҳаммаси ҳам «тупой» эмаслигига, улар ичида ҳам ҳақиқий мутахасислар борлигига ишона бошладим. Қ.Йўлдошев каби ўзим ҳам тегишли соҳанинг олими эканлигим учунми, олимлик даражасига етишиш учун илм ва амалиётнинг шу соҳасида тан олинишнинг нима эканлигини билганим учунми айниқса олимларга ишончим ва эътиқодим баланд эди.
5.2. Бурцитнинг жафоси
1964 йилнинг ноябр ойида «Янги қадам» мактабида 10-синфда ўқиётган даврим эди. Мактабга янги парталар келди. Мактабимиз директори Нурмат Нуриллаев кўрсатмаси билан уларни синфларга киритабошладик. Парта кўтариб бораётиб мактаб эшигидаги зинапояга йиқилдим ва ўнг оёқ тиззамнинг пасти қаттиқ лат еди. Бир неча кун касалхонада ётиб чиқдим. Бироқ оёғимнинг лат еган жойидаги шиш бутунлай йўқолмади, лекин мени безовта ҳам қилмади.
Орадан деярли 40 йил ўтгач, 2003 йилнинг ноябрь ойида ТошДАУ агрокимё ва агротупроқшунослик факультетидаги кафедралар талабалари учун кеч соат 19-20 ларда янги столлар келиб қолди. Агрокимё кафедрасида фақат мен, Б.Ражабов, Б.Мусаев, асс. Х.Йўлдошевлар бор эдик. Бошқа кафедралардан кўпроқ стол олиб қолиш мақсадида ўзимиз бу столларни (4 қаватдаги) кафедрамизга қатнай бошладик. Кеч соат 22 ларга бориб кўтариб бораётган стол билан бирга зинапояга йиқилиб тушдим ва ўнг оёғимнинг худдий аввал ўша лат еган жойи яна қаттиқ лат еди.
Ўнг оёғимнинг тиззаси эрталабга бориб шишиб кетди. Эртасига ТошДАУ поликлиникаси бош врачи Шухрат Рахматуллаевга учрашдим. Унинг тавсияси билан поликленикада ярим ставка ишлаётган бош врач таъбири билан айтганда «профессордан кам бўлмаган тенги йўқ хирург» Ахмаджон исмли врачга учрашдим.
Бу поликленика университет ходимлари ва талабаларга бепул хизмат кўрсатади. Шундай бўлсада мен бу врачга оёғим тузалса «рози» қилишимни айтдим. Асли Бухоролик бўлган бу врач илмий иш ҳам олиб бораётган экан. Олимларга бўлган ихлосимнинг баландлиги боис бу бўлғуси олим – шифокорга ишончим чексиз эди. Шунинг учун ҳам унинг барча тавсияю кўрсатмаларини оғишмай бажарар эдим.
Оёғимга «Шлайтер касаллиги» деб диагноз қўйди. Ренген, физиотерепия, линкомицин уколлари ва бошқа даволарни олдим. Оёғимнинг оғриғи анча пасайди, лекин бир ой ўтар-ўтмас яна оғрий бошлади. Бу гал врач тавсияси бўйича физиотерапия билан гентамицин олдим, оғриқ яна бир ойча пасайди. Кейин шишиб оғриши тағин бошланди, бу гал тиззамнинг оғриётган жойига кенолог уколини қилди. Оғриқ 1,5-2 ой тўхтаб яна бошланди, яна кенолог олдим. Шундай қилиб кейинги 6 ойдан кўпроқ вақт ичида 5-6 дан кўпроқ кенолог олдим. Кейинчалик бу дорининг ҳам самараси кўпга бормайдиган бўлди.
Поликленикадаги бошқа бир хирург тавсияси бўйича Ўзбекистон травмотология ва ортопедия илмий-тадқиқот институтига консултацияга бордим. Бу ерда катта бўғимлар ортопедияси бўйича асосий мутахасис шу институт директори профессор Азизов экан. У оёғимни кўздан кечириб: операциянгиз енгил, бир хафтада тузалиб кетасиз, бироқ 223 минг сўмни аввал нақд ўзимга тўлайсиз» деди. Мен унинг олдидан пул топганимда келаман деб чиқиб кетдим.
Лекин бу айтилган пулнинг ярмини топиш имкониятини ҳам топаолмадим. Шунинг учун «кўрпамга қараб оёқ узатиш» ҳаракатига тушдим. Бўлган воқеани поликленикамиз бош шифокорига айтиб маслаҳат сўрадим. У ўз маҳалласида Орифхон исмли олим-шифокор бўлиб болалар травмотологияси институтида бўлим мудири бўлиб ишлашини, нафақат яхши мутахасис ва шунингдек яхши инсон ҳам эканлигини айтиб унинг адресини берди.
Ишдан кейин Орифхоннинг уйига бордим, рентген снимкаси ва оёғимни кўздан кечириб «бўғимни операция қилиб кўрмаганман. Яхшиси сиз менинг курсдош дўстим 2-ТошМИнинг докторанти Мурод Каримовга менинг номимдан учрашинг, у яхши мутахасис ва инсофли врач» деб маслаҳат берди.
2003 йил декабр ойининг охирларида Мурод Каримовни 2-ТошМИ, 1-корпуснинг 2-қаватида жойлашган йирик бўғим ва бармоқлар хирургияси марказидаги иш хонасидан топдим. У рентген снимкаси ва оёғимни обдан кўздан кечириб: «ўзим операция қиламан, эртасига юриб уйингизга кетасиз» деди (Сурат-101). Мен бўлсам яшанг доктор сизни рози қилиш биздан деганимни билмай қолдим.
Сурат-101. М.Каримов билан
Эртасига М.Каримовнинг кўрсатмаси асосида шу марказнинг раҳбари, травмотология ва ортопедия кафедрасининг мудири профессор Ш.Ш.Хамроевнинг консултациясига 1,5 минг сўм тўлаб кирдим. Профессор оёғимни кўздан кечириб «Диагноз-бурцит, операция қилиш йўли билан даволаш керак» деб тавсия ёзиб берди.
2004 йил 5 январ куни 2-ТошМИ, 1-корпус, 2-палатасига ётдим, ва операция учун зарур таёргарликни қилиб, анализларни топширдим. 6-январ соат 10 ларда мени операцияга киритишди ва М.Каримов: «бардам бўлинг, бу бор-йўғи 15 минутлик операция холос» деб далда берди.
Операцияни тибббиёт фанлари номзоди М.Каримов қилди, тиб.ф.н. Андижонлик Муҳаммаджон эса унга ассистент(ёрдачи)лик қилди. Лекин операция анча узоқ давом этди, чунки кутилмаган муаммоларга дуч келишга тўғри келган. Жаррохларнинг айтишича қисқа вақт ичида бўғимнинг бир жойига бир неча кенолог юборилиши натижасида организмга тарқалмасдан йиғилиб творогга ўхшаб қолган, натижада бўғимдан ўтувчи пайларга анча жарохат етказган. Шу боис операция анча узоққа чўзилган. Шунинг учун бўлса керак М.Каримов ТошДАУ поликленикаси бош врачининг мени даволаган врач тўғрисидаги «профессордан кам бўлмаган тенги йўқ хирург» деган иборасини кўп вақтлар, ўзи мени иккинчи марта операция қилгунча айтиб юрди.
Операциядан кейин 2-палатага ётқизишди. Бу палатадаги ҳарорат 10 С0 га ҳам етмасди. Шу боис қишги кийимларимни ҳам ечмасдан кўрпанинг тагида ётган бўлсамда қаттиқ шамоллаб қолдим. Натижада иссиғим 39 С0 гача кўтарилди, операциядан кейинги оғриқ билан эмас, грипп билан курашишга тўғри келди. Тўғрисини айтганда кунига 8,5 минг сўм тўлаб ётган бу палатамиз 1970 йилларда пахта теримига борганда ётадиган Сирдарёдаги баракларни эслатарди.
7-январ куни тушдан кейин оёғимга гипс қўйишди, қўлтиқтаёқ билан юришни тайинлаб кунда-кунаро перевязкага келиш ва тегишли укол (линкомицин) дориларни уйда олишни тайинлаб уйга юборишди.
Кечқурун мени ногиронлар аравачасида басавлат санитарка аёл таксигача кузатиб қўйядиган бўлди. Мен Каримовга хизмат ҳақи учун (бу ерда даволанаётган беморлар тавсияси бўйича) қоғозга ўралган пулни бермоқчи бўлдим. У санитарканинг олдида пулни чўнтагига солиб қўйишимга изн бермаган бўлсада, индинга перевязка қилаётган пайтида шу пулни унинг чўнтагига солиб қўйишимга қаршилик кўрсатмади. Эндиги перевязкага келганда у: «биринчидан пул бериш шарт эмас эди, иккинчидан арзимаган операцияга бунчалик катта пул беришга ҳожат йўқ эди» деди.
Шу зайил кунда кунаро ТошМИ га бориб келиш учун фақат йўлнинг ўзигагина 4-5 минг сўм кетарди. Бу эса фақат ойликка яшаётган бизга ўхшаган профессор учун «камбағални урма, сўкма, чопонини йирт» деганига ўхшарди. Ҳарқалай кунига 8,5 минг сўм тўлаб бараксифат палатада ётгандан кўра қатнаган яхшироқ эди.
Икки ҳафта ичида яхши қўйилмаган гипс оёғимни мўматолоқ қилиб юборди ва бунинг оғриғининг олдида операция жарохатидаги оғриқ холва эди. Менинг ўтиниб қилган илтимосимни ҳисобга олиб гипсни муддатидан бирнеча кун олдин олишди. Кейин ҳасса билан юриб ишга боришга мажбур бўлдим. Чунки қишги сессия келиб қолган эди.
Тиззамдаги олиб ташланган бурцит халтача ўрни бўш бўлган жойига суюқлик йиғилиб шиша бошлади ва бу оғриқ берабошлади. Суюқликнинг бир қисми тикилган жойидан чиқиб кетса ахволим анча яхшиланар эди. Суюқлик чиқадиган жой битиб чиқаолмай қолса оёғим шишиб кетиб оғриқ берарди. Доктор тавсияси бўйича, йиғилаётган суюқлик сўрилиб кетар деган умид билан димиксид ва бирнеча медикаментдан таёрланган дори билан шишган жойини боғлардик. Бу муолажа фақат оғриқни бирнеча соатга пасайтирарди холос.
Мен докторга тикилган жойининг пастидан йиғилаётган суюқлик чиқиб туриши учун тешикча қолдириш лозимлигини, йиғилаётган суюқликнинг сабаби фақатгина гипснинг бирнеча кун олдин олингани ва оёқнинг ҳасса билан босилгани бўлмай оёқдаги (бурцит халтача олинган жойдаги) бўш жойнинг нима биландир (чандиқ гўшт биланми, суюқлик биланми) тўлиши лозимлиги ҳам сабаб бўлиши мумкиндир деган фикр билдириб М.Каримовдан иззага қолдим: -Мен илм-фанда китоблар ёзиб кашфиётлар қилган бўлсамда бор йўғи агрохимик-тупроқшунос профессор, яъни қишлоқи олим эканлигимни, тиббиёт борасида ноль эканлигимни эслатди. Кунлар ва ойлар ўтиши ва касалликнинг бориш жараёни «тиббиёт борасидаги ноль» фақатгина менга тегишли эмаслигини тушиниб етди шекилли, кейинги таклифу-фикрларимга бундай муносабат билдирмади.
23-февралдан бошлаб оғриқ кучаяборди ва демиксид билан қилаётган муложамиз ҳам ёрдам бераолмай қолди. Шу кундан бошлаб врач тавсияси билан кунига 4 гр. миқдорда линкомицин уколини олабошладим. Кун сайин шиш катталашиб, оғриқ кучайиб борарди. 26-февралга келиб оғриқ бутун оёғимни қоплаб олди, танам ҳарорати 38.8 С0 га чиқди. Мен бу ахволим тўғрисида М.Каримовга телефон қилдим. У бу кунларда учрашишга вақти йўқлигини, шишган жойига спиртнинг 50%ли эритмасини суриб боғлашни, олаётган линкомицинни кучайтирилган миқдорда олишни, оғриқ кучайса оғриқни босувчи дорилар ва антибиотиклар ичиб туришни тайинлаб, учрашиш учун 1-мартда вақт топишга ҳаракат қилишини айтди.
Даволаш бошланишининг биринчи кунидаёқ М.Каримов оёғим тўла тузалиб кетмагунча даволавчи врач(яъни ўзининг)нинг назоратида бўлишини, бошқа врачга кўрсатиш ва маслаҳат олиш жоиз эмаслигини яхшилаб тушинтирган эди. Шу боис 1-мартни сабр ва бардош билан кутишдан бошқа илож йўқ эди.
Ва ниҳоят 1-мартда даволовчи врачимнинг иш жойида учрашдик. Оёғимнинг ахволини кўриб унинг капалаги учиб кетди ва "сизни йирингли хирургия бўлимига ўтказаман» деди, мен рози бўлмадим. Шундан кейин бу ахвол мен оёғимни эртароқ босиб юборганим билан боғлиқ бўлганини, бунга асосий айбдор ўзим эканлигимни уқтира бошлади. Мен эса ахволнинг бу даражага етишида қайси биримиз кўпроқ айбдор эканлигимиз яратганга аён, бунинг устига ҳозир айбдор қидирмасдан касаллик билан маъсулятни ҳис қилган ҳолда жиддий шуғулланиш кераклигини айтдим.
Оёғимдаги йиғилган суюқликни шприц билан олиб ташлади ва ичига кефзол юбориб боғлаб қўйди. Оғриқ кескин пасайди, ахволим яхшиланди. Эртасига ҳам юқориги мулоажа такрорланди, ахволим эса янада яхшиланди.
Сурат-102. Қўлтиқтаёқ билан-1994
2004 йил 3 март куни «3 хафтагача бўлган муддатга» деб ўнг оёғимга яна гипс қўйилди. Мен оёғимни мутлоқа босмасдан (босишга эҳтиёж ҳам, имконият ҳам йўқ эди), зарурат бўлгандагина иккита қўлтиқтаёқ билан ҳаракатланардим. Лекин оёғимнинг ўша жойига суюқлик йиғилиши давом қилиб яна оғришга бошлади.
Ва ниҳоят 7-март куни оёғимдаги гипсни олиб оёғимнинг бирданига иккита жойидан (ҳар биттаси сал кам 5 см. келадиган) операция қилди. Ҳар бир кесилган жойидан оёғимнинг ичига бир қаричдан кўпроқ келадиган тегишли дорилар билан эзилган бинтларни тиқиб гипсни кийдириб боғлаб қўйди.
Операция М.Каримовнинг иш жойидаги гипс қўядиган хонада бажарилди. Операция жараёнида қатнашган ҳамшираларга М.Каримовнинг: «бугун, айниқса бу хонада ўтган операциядан ҳеч ким, айниқса домла (проф.Хамроев) хабар топмасин» деб илтимос қилгани менга анча эриш туюлди. Шу кундан бошлаб врач тавсиясига кўра кучайтирилган режимда ортофен ва эритромицин дориларини кунига уч махалдан ича бошладим. Булар тугагандан кейин эса калций глюконат ича бошладим.
Эртасига, 8-март куни перевязкага ҳар доимгидай М.Каримовнинг иш жойига эмас, 2-ТошМИга қарашли қабул бўлимига бордик ва шу бўлим мудири Тохир аканинг рухсати билан йирингли яраларни боғлаш хонасида тегишли мулоажа ўтказди. Мулоажага деярли ҳар куни шу ерга қатнай бошладим. Операция қилинган жарохатлар аста-секин битаётган бўлсада суқликнинг тўпланиши ва операция қилинган жойлардан чиқишда давом қилиши даволаётган шифокорни ҳам, мени ҳам ташвишга соларди.
Ва ниҳоят М.Каримовга ҳазрати Навойнинг «сўраб ўрганган олим, (ўзи билмай бунинг устига) сўрамаган (айниқса беморга) золим» деган ҳикматли сўзини эслатиб бу борада ўзингиздан каттароқ ва тажрибалироқ ҳамкасбларингиз билан маслаҳатлашинг деб маслаҳат беришга журъат қилдим.
Маслаҳатим докторга унчалик ёқмади шекилли, «яранинг битмаётгани қонингиз таркибида қанд миқдори кўп бўлса керак» деб мени қабул бўлимининг 2-қаватидаги лаборант-врач аёлга бошлаб кирди. Гугурт қутидай келадиган аппаратда менинг қонимни бирнеча минутда текшириб мендаги қанднинг миқдори нормадан ҳам кам эканлигини айтди.
Шу зайилда кунда-кунаро қабул бўлимида бу зерикарли муложада учрашардик. Бу яра ҳа деб тузалавермагач нафақат мени, ҳатто шифокорни ҳам зада қилиб юборди шекилли, у келишилган вақтдан 1, 2 ҳатто 3 соат кеч келар, айрим кунлар умуман келмай қўяқоларди. Оёғим гипсда бўлиб иккита қўлтиқтаёқда аранг ҳаракатланадиган мен (Сурат-102) учун ўтириш ноқулай бўлган шароитда соатлаб кутиш азобини фақат бошига тушган билар экан.
Аста-секин яра атрофлари қичишиб битиш аломатлари сезилабошланди. Лекин докторнинг терининг тагларию яранинг ичларини кунаро перекс водород билан кўп марталаб муложа қилиши қичиш (битиш) аломатларини тўхтатиб қўярди. Бунинг устига сал кам 3 ҳафтадан бери касал оёқни гипслаб қимирлатмасдан жуда авайлаб юрсакда биз қарши курашаётган асосий касаллик-суюқлик чиқиши камайиш ўрнига кўпаярди.
Энди мен М.Каримовдан суюқлик чиқиши борасида бошқа мутахасислар билан маслаҳатлашишни талаб қилабошладим. У бўлса мен узоқ йиллар (1992 йилгача) қўлим остемелит билан оғригани учун шу касаллик оёғимдан бошланган бўлиши мумкинлиги, айнан шунинг учун ҳам суюқлик тўхтамаётганини рўкач қилиб 2-ТошМИ, 8-корпус, 2-қаватда жойлашган остемелит маркази (бўлими) мудири т.ф.н. Бахтиёр билан учрашишни тавсия қилди.
Оёғимдаги ярани обдон кўздан кечирган Бахтиёр: «Ярангизда йиринг ва остемелит аломатлари йўқ. Лекин иккинчи операцияда бўғимнинг ноқулай жойидан кесилган, уни тикиб пастроғидан кесиш керак. Ҳа деб перекс водород билан муложа қилавериб битаётган тўқималарни ҳам куйдирган. Бунинг устига перевязкани жуда қисиб (давиший қилиб) боғланиши натижасида яра ва терида қон айланиши ёмонлашган, бу услублардан воз кечиш керак» деб маслаҳат берди.
2004 йил 22-март куни соат 11 яримларда М.Каримов билан остемелит марказининг перевязка хонасида учрашдик. Оёғимдан гипсни олиб ташлади ва ҳамкасби Бахтиёрнинг тавсияси бўйича оёғимни боғлаб, оёқнинг ахволи тўғрисида ҳар 3-4 кунда телефон қилиб туришимни тайинлаб оёғимдаги яралар битмаган, ундаги суюқлик чиқиши тўхтамаган бўлсада ишга чиқишга рухсат қилди. Гипс олиб ташланган бўлсада, сал кам бир ой гипсда тургани учун бўлса керак оғим букулмас, ерга ноқулай босилса операция қилинган жойлари оғирир эди. Шу боис оёғимда гипс бўлмасада иккита қўлтиқтаёқда юришга мажбур эдим.
Шундан кейин мен билан учрашишга бир марта ишхонасида вақт топди. Кейинги учрашувимизни 28 март (якшанба) кунига белгилади. Мен 27 мартда унга телефон қилиб кейинги пайтларда ярада нохуш оғриқлар пайдо бўлаётганини айтдим. У бўлса шамоллаб қолганини 31-мартда учрашишимиз мумкинлигини айтди. Қандайдир бир қариндошининг маъракасига кетдим деб 31 –март куни ҳам келмади. Ўз ўрнига мени кўриб оёғимни боғлаб қўйишни Самарқандлик талабага тайинлаган экан. Талаба демиксидни ярадан бошқа жойларига ҳам қўйгани сабаб яра атрофидаги териларни ҳам куйдириб юборди.
Ва ниҳоят 2 апрел кундуз соат 15 яримда қабул бўлимида учрашдик. Ўз бўлимида ишлайдиган Нурхон исмли врач билан 8-хона (боғловлар хонаси)да мени стулга ўтиртирган ҳолатда тиззамнинг юқорисидаги авввал (иккинчи бор) операция қилинган ва ҳозирда суқлик чиқиб турган жойини бирнеча шприц навокаин уриб (оғриқсизлантириб) яна (учунчи бор) операция қилди ва тикиб қўйди. Эртаси(3 апрел)га ва 5 апрелда соат 16 яримда шу хонада дорилар суриб боғлаб қўйди. Энди суюқлик оёғимнинг пастки тешигидан чиқиб турарди.
Мен Муродга бўғимнинг тагидаги суякнинг бошида нохуш оғриқ пайдо бўлганини айтдим. У оғриқ жойини ярадан бинтли пинсетни тиқиб кўриб ва қўли билан ушлаб кўриб озроқ ҳарорат борлигини, хавотирланишга ҳеч қандай асос йўқлигини айтди.
7-апрел соат 1630да Мурод билан яна қабул бўлимида учрашдик. Бу гал тиззамнинг пастроқ қисмидаги яранинг учдан икки қисмини бекитиш учун навокаин билан укол қилиб (4-чи марта) операция қилди ва тикиб қўйди. Бу галги операция жуда оғриқли ўтди. Мен ундан тикилган жойдан суюқлик чиқиб туриш учун тешик қолдиришни ва бу тешик битиб кетмаслиги учун унга бинтми, резинами тиқиб қўйиш кераклигини айтдим. У бўлса ҳеч нарса тиқиш шарт эмас, ўзи битмайди деб ҳеч нарса қўймади.
Тиззамдаги оғриқлар пасаймади, айниқса санчиб ва ачишиб кутилмаганда берадиган оғриғи безовта қиларди. Эртагача яна тиззамга сув йиғилиб қолди. 8-апрел соат 9 яримларда иш хонасида учрашдик ва унинг тавсияси билан 1,5 минг сўмга рентгенга тушдим. Рентген қоғозини олиб остемелит марказидаги бўлим мудири Бахтиёрнинг олдига кетдик. У мени коридорда қолдириб Бахтиёрнинг олдига ўзи кириб кетди.
Бахтиёр билан бирга чиқишди ва пастдаги боғловлар хонасида менинг оёғимни кўришди. Мен айтгандай тешиги битиб қолган экан. Уни тешиб ундаги қон аралаш сувни чиқариб ташлаб кейин резина тиқиб қўйишди. Тиззам (суяк)даги оғриқ яна кучайди, кечаси ухлай олмадим, темпалгин ва аналгин ичиб зўрға кўзим илинди. Бу оғриқ ўз хусусиятлари билан қўлимдаги остемелит бошлангандаги оғриқни эслатарди, худдий шундан Мурод ҳам хавотирда эди.
9-апрел куни унинг ишхонасида учрашдик. Оёғимдан суюқлик билан бирга 2 томчи келадиган иринг томчиси ҳам чиқди. Шу кундан бошлаб болдир суягимнинг юқори қисмга 2 гр.дан линкомицин урушни бошлади. Оғриқ анча пасаябошлади, суқлик чиқиши ҳам анча камайгандай бўлди.
Менинг узликсиз проф. Хамроев ва Шокировлардан маслаҳат сўраш борасидаги талабим асосида бу олимлар билан учрашган. Рентген снимкасини кўрган Шокиров остемелит йўқлигини айтган, Хамроев эса венадан калций глюконат уколини қилишни ва супрастин таблеткасини ейишни тавсия қилган. Думбадан эса витамин С урабошлади.
Муложа ва боғловларни 11-апрел (якшанба) кунидан бошлаб Муроднинг уйи (Чорсу бекатидаги 15-уй, 24-кв, 4-қават)да давом қилдирдик. Қўшниларим «шаҳарликларнинг уйига қуруқ бориб бўлмайди» дегани боис 12-15 кг келадиган яхши навли гуруч кўтариб бордим. Шу боисми билмадим мени жуда яхши қабул қилишди.
16-апрелга келиб 2 пачка линкомицинни суякка урган бўлсада суягимдаги оғриқ тўхтамади, суюқлик чиқиши яна аввалгидей миқдорда келиши давом қиларди. Оёғимни ҳар боғлаганда кўп миқдорда демиксид қуйиши натижасида оёғимнинг терилари куйиб лекарственный дермотит касаллиги бошланди. Менинг эътирозим сабаблигина демиксид билан муложа қилиш тўхтатилди ва бирнеча кунда оёғим дермотитдан қутила бошлади.
Бу олаётган дори ва уколларим касалимга заррача таъсир қилмади. Ва нихоят линкомицин урушни тўхтатди, 22-апрел куни яна Бахтиёрга учрашдик ва қилинаётган муложаю даволар ҳеч қандай наф бермаётгани, шунинг учун ярадан келаётган суюқликни микробиологик анализ қилиш режасини айтди. Бахтиёр ярани ва ундан чиқаётган суюқликни обдон (ичига темирлар тиқиб) кўздан кечириб: «Ҳеч қандай муложаю микробиологик анализ керак эмас, бунда иринг аломатлари йўқ, фақат оёқни гипслаб тинчликда қўйиш керак, икки хафтада суюқлик чиқиши тўхтайди» деб тавсия берди ва биз тарқалишдик.
Мен Муродни ярадан келаётган суюқликни текшириб кўришдан кечмасликни илтимос қилдим. Суюқликни 1,5 минг сўм тўлаб анализ қилдирдик Бу маълумотларни олган Каримов лабороториядан берилган бу ёзувни тушунмай сал кам икки хафта бу ёзувни ўқитиш учун Бахтиёрни излаб овора бўлган. Ва нихоят уни Бахтиёрга ўқитгандан кейин лаборотория анализлари Бахтиёр айтгандай бўлиб чиқмади шекилли (иринг ҳосил қилувчи инфекция тушган экан) Каримов зудлик билан кунига 2 марта думбага цефозалин уколини қилишни тавсия қилди.
Лаборотория маълумотлари оёғимдаги суқликни тўхтатиш учун қилинаётган уколлар самарасиз ёки кам самарали эканлигини кўрсатган. Шунинг учун бўлса керак бошқа барча дориларни тўхтатиб 9-май куни суякнинг юқори қисмига цефозолин уколини қилди ва ўз ишхонасида оёғимни Нурхон билан гипслаб қўйди.
Каримовнинг хонасига кириб кетаётган вр.Нурхонга Мурод билан бирнеча минутга учрашиб маслахатлашадиган гапим борлигини айтдим. Каримовнинг хонасидан қайтиб чиққан Нурхон Каримовнинг хонасида йўқлиги, у 30-40 минутдан кейин келишини айтганда мен хайрон қолдим. Чунки Каримов хонасида бўлмаса Нурхон у ерга қандай кирган (Каримов хонасида бир ўзи ўтиради ва қулфлаб юради) ва унинг 30-40 минутдан кейин келишини қаердан билган?! Бу Каримовнинг мен билан гаплашиш истаги йўқлигидан далолат эди.
9-май кунидан бошлаб уйда ҳаракатсиз (гипсда) ётдим ва кунига 2 марта укол олиб, 2 марта аскорбин кислотасини ейишда давом қилдим. Каримовнинг тавсияси бўйича гипснинг тешигидан ярани ўзим спирт ёрдамида перевязка қилабошладим. Муложани олиб ҳаракатсиз ётганимга ҳам 4-5 кун бўлган бўлсада суюқлик оқиши камаймади. Бу борада М.Каримовга телефонда айтсам у 10 кун цефозалин олганда ҳам суюқлик оқиши тўхтамаса кейин канамицин олишни бошланг деб жавоб қилди.
28-майгача тавсия қилинган канамицинни ҳам олиб бўлдим ва Каримов билан телефонда гаплашиб ҳолатни тушинтирдим. У бўлса гипсни олиб эртага (29 майда) соат 10 да Бахтиёрга учрашинг, чунки бу мулоажа унинг тавсияси билан бўлган деди.
Эртаси соат 10 яримда Бахтёрга учрашдим ва унинг тавсияси бўйича 20 кундан ортиқ гипсда ўтирганимни, бу даврда цефозалин, гентомицин каби кучли антибиотиклар олганим, лекин оёғимдан суюқлик чиқишида бирон ўзгариш бўлмагани – яъни бу гал ҳам қилинган барча давонинг самараси аввалгиларга ўхшаб «нол» болганини айтдим.
Бахтиёр ноқулай ахволга тушиб бироз қизариб кетди, кейин анча кескин оҳангда: «Аввалги лечениялар сифатсиз ўтказилган, бунга эса шахсан ўзингиз айбдорсиз, поезд кетиб бўлган, энди фойдаси йўқ!» деди. Фойдаси йўқ экан, нимага мени 3 хафта гипсда қўйиб минглаган сўм турадиган уколлар олишга мажбур қилапсизлар? дегим келдию, андиша қилдим. Кейиин оёғимни кўриб ичига яна темирни тиқиб кўриб бунда иринг ва остемелит йўқ. Энди буни (оёғимни) икки еридан тешиб (операция қилиб) яхшилаб ювиб кейин «давишший» боғлав қилиш йўли билан суюқлик чиқишини тўхтатамиз. Ҳозир намокаб билан ўзингиз боғлаб юраверинг деб маслаҳат берди.
Каримовнинг тавсияси бўйича 14-июнь соат 11 яримда ТошМИ-2 да Каримовнинг иштирогида проф.Хамроевнинг консултациясида (боғлолар хонасида) бўлдим. У оёғимни кўздан кечириб биронта жўяли фикр ҳам айтмади, бирон тавсия ҳам бермади. Мен унга «айрим врачлар бунда остемелит бўлиши ҳам мумкин. Чиқаётган суюқликда иринг аломатлари унча билинмасада, бинтдаги сариқ доғлар шу суюқликда озроқ миқдорда иринг ҳам борлигидан далолат беради дейишаяпти» дедим. Профессор бўлса 180 градусга ўзгардида: «Бундан кўп йиллар олдин остемелит билан оғригансиз, шу сабаб у организмдаги яшириниб турган порох (бомба) кабидир. Шунинг учун у остемелит бўлиши ҳеч гап эмас» деди.
Мен унга: "Бундан 1-2 ой олдин сиз М.Каримовга у кўп йиллар остемелит билан оғриган, шу боис унинг организмида остемелитга қарши антителалар бор, шунинг учун ҳам унда (яъни менда) остемелит бўлиши мумкин эмас деганингизда бечора М.Каримов «оғзингизга шакар»деб юборганди. Энди эса умуман тескари фикр айтаяпсиз, қайси бирига ишониш керак?”, демоқчи эдиму, Муродни ноқулай ахволга солишдан андиша қилдим.
Кейинги кунларда оёғимдан суюқлик чиқиши сезиларли даражада камаябошлаган бўлсада нохуш оғриқлар камаймасди. М.Каримовнинг кўрсатмаси ва йўлланмасига биноан Боткин қабристони ёнида жойлашган МДС-сервисга бориб 9-июл куни 5000 сўмга рентгенга тушдим. Улар рентген снимкаси билан тегишли хулосаларни ҳам ёзиб беришди ва суякда фаол шамоллаш жараёни ёки остемелит белгилари йўқ дейишди.
Барча рентген снимкаларини 11-июлда Муроднинг уйига обориб бердим. У бўлса буларни 12-июлда домласи профессор Эдуард Шокировга кўрсатиб маслахатлашган. Рентген снимкаларию МДС хулосалорини кўриб чиққан Шокиров «остемелит» деган хулосага келган. Шу асосда Мурод зудлик билан Бахтиёр билан маслахатлашаман деган бўлсада унга учрашишга, лоқал қўнғироқ қилишга нимагадир вақт топмасди.
Рентгенга тушгандан кейин оёғимда кескин ўзгаришлар пайдо бўлабошлади. Оёғимдаги суюқликнинг чиқиши бирнеча баравар кўпайди, оғриқ бутун тиззамни қоплаб олди. Мен бу холатлар тўғрисида Каримовни хабардор қилдим. У бўлса: «Буни Бахтиёрга радикалний қилиб операция қилдирамиз, у тўқ отанинг ўғли, кўпларга ўхшаб беш қўлини оғзига тиқмайди, бироқ зарур дори дармонлар ва бошқа нарсаларни ўзингиз топасиз» деди. Лекин М.Каримов бундан 2-3 ой олдин: "Оостемелит марказида операция, дори-дармон ва барча нарсалар давлат томонидан қопланади, у ерда бизнинг марказимизга ўхшаб ҳаммаси пуллик эмас”, деганди.
Мен Каримовга мени улар операция қилишадиган бўлса (ҳеч бўлмаса кузатувчи сифатида) сиз ҳам қатнашсангиз яхши бўларди. Ҳар қалай остемелит маркази директори ва бўлим мудири билан яқиндан таниш экансиз. Бундан ташқари сиз бу оёқни 3-4 марта операция қилгансиз, уларга унча-мунча фойдангиз тегиб қолармиди дедим. У бўлса: «Мен аралашмайман, чунки мижози (касали) дан 1000 доллар олиб қўйган врачгина унинг орқасидан юради» деганидан кейингина менинг оддийгина бурцит касалим нима учун ойлаб тузалмаётганига тушинабошладим.
Травмотология ва ортопедия институтида 223 минг сўмни тўлаш имкониятим бўлмаганидан Орифхоннинг тавсияси бўйича инсофли, арзонроқ деб М.Каримовга мурожат қилгандим. Афсуски шу 6 ой давомида кийимларимизу, хотинимнинг тақинчоқларигача сотиб, даволаниш учун 223 минг сўмдан бир нечтасини сарфлашга мажбур бўлган бўлсакда нафақат оёғим тузалмади, аксинча бир неча баравар оғирлашди.
Менинг сабр косам тўлган эди. Мен Муродга телефон қилиб: «Оёқ тўғрисида конкрет гапингизни айтинг, шунга қараб ўзим бунинг чорасини кўриш ҳаракатига тушаман» дедим. У бўлса Бахтиёр отпускага чиқибди, 17-июлда иш хонасига келиб кетар экан, демак 17-июлда остемелит марказида учрашамиз деди.
Биз 17-июлда Бахтиёрнинг ишхонасида учрашдик. Бахтиёр ярим зарда билан: «Менда нима ишингиз бор, ҳозир отпускадаман, агар менинг операция қилишимни истасангизлар бир ойдан кейин ўйлаб кўрамиз. Умуман, касалингиз учун нимага Мурод акамни овора қилиб юрибсиз?!» деди. Мен ўзимни зўрға босиб: «Аввало сизда ишим йўқ, иккинчидан сизнинг операция қилишингиз керак эмас, учунчидан Муродни мен судраб юрганим йўқ, аксинча ярим йилдан буён у мени судраб юрибди. Мурод ўртадан чиқсин, мен дарров бошқа врач топаман» дедим.
Сурат-103. Операциядан кейин. 2-ТошМИ, 8-бино, 2-қават, 8-палата. Чапдан ўнга: Ҳамшира Дилором, Врач Қахрамон, кароватда ётган -Мен, хамшира Дилбар. Июль-2004.
Мурод мен тўғримда менинг ренген снимкаларимни кўтариб марказ директори, профессор Абдувоҳид Ғаниевич Тошпўлатовнинг олдига кирадиган бўлди. Бахтиёр эса унга бу ишга ўзининг ҳам аралашганлигини айтмасликни тайинлади. Мен эса: «Гапни даволаниш учун зарур бўлган ҳар қандай «харажат»ни ошиғи билан ҳозироқ тўлашга тайёр эканлигимдан бошлашни» тайинладим. Тошпўлатов менинг операцияга ётишимга рухсат қилган ва мени 17-июль куни 6 кишилик 7-палатага жойлаштиришди.
Бу ердаги ётган беморларнинг айтишича марказ директори билан тегишли ҳисоб-китоб қилинмагунча операцияга киритилмас экан. Операция нархи эса операциянинг катта-кичиклигига қараб бирнеча юз долларгача борар экан, шу қаторда даволавчи врачни ҳам «рози» қилиш лозим бўлар экан.
Мен врачлар билан бу борада очиқ гаплашдим: «Сизники қийин операция эмас, шундай бўлсада шефга кўкидан ҳозироқ беринг, шунда операциянгиз ҳам тезлашади, сизга эътибор ҳам яхшиланади» деди. Мен кўкидан эртасигаёқ бердим, ҳақиқатан ҳам менга эътибор кескин ошди. Мени дарров 1 одамлик 8-палатага ўтказишди., дори-дармонлар белгиланди, ва 23 июлга операция ҳам белгиланди.
23-июль жума куни соат 10 яримда калинсол наркози остида операцияни Тошпўлатовнинг ўзи қилди, Қахрамон ва бошқа врачлар унга ассистентлик қилишган. Аввалги операцияларда Муроднинг тиккан сунъий ипларини ва айниган тўқималарни олиб ташлашиб, яхшилаб тозалашган. Суякда бирон салбий ўзгариш бўлмаганлиги учун унга тегишмаган.
Яъни №355-сонли ўнг тизза бўғими соҳаси оқма ярасини ревизия ва некроэктамия қилиш операцияси бажарилди. 26-июлда гипс қўйишди ва 2-августда ипини олиб, бир ой гипсда туриш ва калций глюконат, олигавит дориларини ичиш шарти билан 3-августда уйга юборишди. Аллоҳга беадад шукирки, операция қилинган жойда на суқлик на қон чиқиши бўлмади.
Барча намозларни аввал ётиб, кейин ўтириб ўқидим. Оёғим ой сайин яхшиланиб борарди.Тарових намозларини масжидда авваллари ўтириб, охирига (ноябрда) келиб эса тика туриб ўқий бошладим. Ҳар бир ибодатда Абдувоҳид Тошпўлатов ва Қахрамон Яхшимуратовлар ҳаққига дуо қилиш эсимдан чиқмасди.
Лекин оёғимнинг операция қилинган жойи ибодат ёки иқлим сабабли безовта қилса Ш.Хамроев, М.Каримов, Бахтиёр каби "олим-шифокор”ларнинг тавсия-ю самарасиз муложалари натижасида чекан озорларим беихтиёр эсимга тушиб юрагим орқамга тортиб кетади… На чора бу ҳам Аллоҳнинг қисматидир, бунга ҳам шукур, баттаридан Ўзи сақласин.
5.3. Англияда касалликнинг зўрайиши
Тағдир тақозаси билан 2005 йил ноябридан Англиянинг Стокпорт шаҳрида яшайбошладим. Бу ердаги доимий ёмғир ва нам иқлим кўплаб марта операция бўлган ўнг қўлим ва оёғимга салбий таъсир кўрсатабошлади. Натижада доимо шамоллаш ва оғриқ қолдирадиган дорилар ичиб юришимга тўғри келди.
Бу ҳам етмаганидек, чап оёғимнинг тиззасида шиш пайдо бўлди ва юришимни қийинлаштирабошлади. Буни обдон текширган врачлар чап оёғимни операцияга таёрлай бошладилар. Операция кунини йиллар кутишга тўғри келди. Шу боис доимо турли хил дорилар ичиб юришга маҳкум эдим.
Бу дорилар оёққа ёрдам бергани билан ошқоғонга салбий таъсир қилар, бунга қарши бошқа дорилар ичишга мажбур эдим. Шунинг учун ҳам уй турли хил дори-дармонларга тўлиб кетган, ташқаридан қараган одам аптекага кириб қолгандай бўларди.
Сурат-104. Ногиронлик ҳужжати
Қўл ва оёқларимнинг малакасиз врачлар қилган операцияси натижасида ишга яроқсиз ҳолга келгани учун Англия врачлари мени ногиронга чиқариб, ногиронлик нафақасини берабошлашди (Сурат-104).
Ногирон бўлишимга қарамай Ўзбекистондаги фарзандлар учун пул топиш мақсадида тинмай мардикорлик (жисмоний меҳнат) қилишга мажбур эдим. Шундай кунларнинг бирида тиззадан 4 марта операция бўлган оёғим қайрилиб кетиб қаттиқ йиқилиб тушдим ва оёғимнинг тўпиғидан пасти қаттиқ шикаст еди.
Ўнг оёғим ва ўнг қўлим қаттиқ шикастланганидан ўрнимдан тураолмай қолдим. Бу шовқинга уй эгаси (бефаришта бир кампир) чиқиб: "Ҳозироқ йўқол бу ердан, акс ҳолда полиция чақириб қаматиб юбораман сен исломчи террористни”, деб ўдағайлади.
Сурат-105. Йиқилиб шикастланган оёқ
Автобус бекатигача судралиб келдим. Мени кўрганлар бадмаст (алкаш) деган ҳаёлга боришиб менга жирканч билан қарашарди. Йўлдан ўтиб кетаётган полициячиларга мени кўрсатиб алланималардир дейишди. Полициячилар олдимга келиб: "Тураолмайдиган даражагача ичасанми, алкаш”, дейишди жирканч билан. "Mен умримда ичмаганман, қаттиқ йиқилиб тушдим”, дедим жовдираб.
Сурат-106. А.Хоразмий хасса билан
Улар ичмаганимга амин бўлишгач тез ёрдамга телефон қилишди ва мени касалхона (Stepping Hill)га олиб боришди. Оёғимнинг иккита бармоғининг ва ўкчамнинг суяги чатнаган экан (Сурат-105). Икки ҳафтача хассада юрдим (Сурат-106) нам ва совуқ кунлари шу оёғим оғриқ берарди.