6.1.2. Мен шахматчи эмасман, лекин...
Мен шахматчи эмасман, лекин ман-ман, деган шахматчиларни ютиб доғда қолдирганимга, ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди. Майли, бу ҳақда кейинроқ, ҳозир эса бир бошдан:
Ёшлигимда спортнинг кўп соҳаларига қизиққанман ва айрим пайтлар яхши натижаларгада эришганман. Ўрта мактабда ўқиган кезларимда 5,4 м узоқликка, 1,7 м баландликка сакраб рекорд қўйганман. Футболда "Темир дарвозобон”, курашда "Ахмад паҳловон” дейилардим.
Эсимда йўқ, кимнингдир таъсирида, 1960 йиллардан кейин, Хоразмда шашка ўйини ривожланиб кетди. 1965-1970 йилларда районимизда математика ўқитувчиси Фарход Жобборов, Тўра сартарош, синфдошим Отаназар Аминов, Азим сартарош каби, кучли шашкачилар пайдо бўлди. Мен шашка бўйича район чемпиони сифатида вилоят мусобоқаларида нуфузли ўринларни ҳам олиб, шашка бўйича 1- разряд соҳиби бўлганман.
Шахмат мураккаб ва узоқ давом этгани учунми, районимизда шахматчилар йўқ даражада эди. Вилоятда эса, бир-иккита корейс шахматчилар бўларди, холос.
Талабалик йилларим (1967-1972)да пахта терими ва ўқув практикаларига чиққанимизда, озроқ шахмат ҳам ўйнаб турардик.
1972 йилдан, Ботаника институтида илмий ходим бўлиб иш бошлаганман. Бу ердаги олимлар ичида шахмат ўйнайдиганлари кўп эди. Илмий экспедицияларга чиққанда, айниқса пахтада, ярим кечасигача шахмат ўйнардик. Булар ичида энг ёмон ўйнайдигани мен эдим. Ким ютқазиб кайфияти тушган бўлса, келиб мени ютиб, кайфиятини кўтариб оларди. "Қўрқоқни ураверсанг, ботир бўлар”, деганидай 2-3 йил ичида, институт шахматчилари ичида зўрларидан бирига айландим.
Ҳатто директоримиз, академик Жўра Камолович Саидов ҳам (ўзи ўйнамасада) шахматга қизиқарди. Шунинг учун бўлса керак, 1976 йилда, Ўзбекистоннинг биринчи гроссмейстери Мухитдиновнинг шогирдларидан бирини ўзига хўжалик ишлари бўйича ўринбосар қилиб ишга олганди.
Сурат-8. ФИДЕ бўйича 2004 йилги жахон чемпиони, Рустам Қосимжонов
1976 йилда институтимиз ходимлари Сирдарё вилоятининг "Боёвут” совхозида пахта теришди. Мен илмий экспедициядалигим боис, пахтага икки ҳафтача кейинроқ бордим.
Мен келгунча шахмат бўйича роса кўп ўйинлар бўлган. Мухитдиновнинг шогирди бўлмиш директор ўринбосари – Мирза ака, шахмат бўйича СССР спорт мастери бўлиб, шахматни текинга ўйнамас экан.
Ҳар ўйинга рақиби 25 сўм тикса, ўзи 50 сўм тикиб, сал кучсизроқ шахматчилар билан эса, битта фигурасинида олиб қўйиб ўйнар экан. Бир неча бор сеанс (бир варакайига 20-25 одам билан ўйнаш) ҳам ўтказган экан. Бундай номдор шахматчи билан ўйнашнинг ўзи шараф бўлганлигиданми, ҳатто Сирдарёлик кўп маҳаллий шахматчилар ҳам пул тўлаб у билан шахмат ўйнашган. Лекин бирон одам уни юта олмаган.
Мен пахтага борган захоти, институт ходимлари Мирза ака билан беллашиб кўришни даъват қилишди. Мен эса: "25 сўм пулим қичиб (ортиқча бўлиб) тургани йўқ”, деб у билан у билан ўйнашга рози бўлмадим. Менинг Мирза ака билан ўйнашим учун 4-5 сўмдан пул йиғишиб, 25 сўмни тўплашди. Ўйин бошланди, тепамизда ўнлаб одамлар мухлислик қилишарди. Қизиғи шунда эдики, кўпчилик менга мухлислик қилишарди.
Маълумки, яхши шахматчиларнинг барчаси ўйинни (оқ билан ўйнаганда) d7 даги пиёдани d5 га, ёки (қора билан ўйнаганда) d2 даги пиёдани d4 га суриш билан бошлайди. Мен эса кўпинча (оқ билан ўйнаганда) b7 даги пиёданиа b6 га, ёки ( қора билан ўйнаганда) b2 даги пиёдани b3 га суриш билан бошлайман. Шу боис шахматчиларнинг кўпи мени: «Детский ход қилади», деб устимдан кулишарди ва кўпинча ютқазишарди.
Мирза ака билан ҳам ўйинни шу тариқа бошладим. У менинг юришимга ишора қилиб: «Бу йигитча юришнида тузукроқ билмайди-ку», дея мухлисларга юзланди. Мухлислар эса: «Унинг юришини нима қиласиз, ютиб пулингизни олавермайсизми», дейишди.
Сурат-9. Профессор ва талаба ўртасидаги бахо учунги мусобақа
Мирза ака мен билан мутлоқа беписанд ўйнади. Бу ҳам етмаганидай: «Бобби Фишер манашунақа ўйнайди», дея чекаётган беломорканалининг тутунини атайлаб менинг юзимга пуфларди. (Б.Фишер ўзининг хурмача қилиқлари билан рақибини мазах қилиб, уларнинг асабига тегар экан).
Кўп ҳам ўтмай, эътиборсизлиги натижасида, битта фигура (фил)ни бой берди. Мухлисларга жон кириб қолди, мен эса дадиллашдим. Мирза ака кучсизроқ шахматчиларга ишора қилиб: «Манабулар билан ўйнаганимдаги битта фигурани олиб ташлаганимдай гап-да», деганича папиросининг тутунини юзимга қаттиғроқ пуфлаб юборди.
Яна бироздан кейин, битта пиёдасини бой берди. Мухлислар чапак чалиб юборишди. Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ғоффор Рахимов директор ётган хонага қараб чопди. Бу пайтда директоримиз академик Ж.Саидов шамоллаб қолганлиги боис ва Мирза барибир ҳаммани ютади, деб шахмат ўйинига мухлислик қилмаётган эди.
Ғоффор ака борасолиб: «Домла юринг, Хоразмий Мирза аканинг думини гажак қилаяпти», деган. Ўтган йилги пахтада, шахмат ўйнаётганимизда, домла (диретор) тепамизга келиб: «Ахмаджон, ютқазаяпсизми?» деб қолди. Шунда мен: «Ютқазиш қаерда, бунинг думини гажак қиламан ҳозир», деб юборибман. Шу-шу, домла мени қаерда кўрса: «Қани, думини гажак қилаяпсизми?», деб ҳазиллашарди.
Домла ҳам келиб: «Бўш келманг!», дея менга мухлислик қилабошлади. Бундан менинг кайфиятим янада кўтарилди, Мирза ака бўлса асабийлаша бошлади. Натижада яна битта пиёдасини бой берди. Мухлислар чапак чалиб, қийқириб юборишди. Мирза ака: «Жим бўлинг, галварслар!», деб уларга бақириб берди.
Сурат-10. Тошкент Агро-тижорат коллежидаги мусобақалар жараёни
Мирза ака доналар орасидаги фарқни камайтириш (пиёда ёки фигура ютиш) мақсадида турли томондан ҳужумга ўтиб, шохнинг ҳимоясини сусайтириб юборди. Мен бундан фойдаланиб от билан шох эълон қилдим. Менинг бу юришимдан у мот бўлмасада, отим шох билан ферзисига вилка бўлиб тушганди. Спорт мастери бўлиш тугул, гроссмейстер бўлганида ҳам, отга ферзи алмашганидан кейин, унинг юқазиши аниқ эди.
Мухлислар қий-чувлашиб мени қутлашарди. Домла эса: «Э, Мирзанинг думи гажак бўптию!», деб қарсак чалиб юборди. Нима қилишини билмай қолган Мирза акага: «Мен, шох дедим», деб эслатдим. Мирза ака юриш ўрнига, шиддат билан ўзининг шохи ва ферзисини қўлига олдида: «Мана, сенга шох!», деганича менинг оғзимга туширди. Лабларим ёрилиб, оғзимдан қон оқа бошлади. Ва бу менинг ХХ-асрдаги охирги шахмат ўйиним бўлиб қолди...
Сурат-11. Коллеж ва Стокпорт шаҳри чемпиони, чемпионлик соврини (компютер) билан, 2006
Тағдир тақозаси билан Мозамбик (Африка)да ва Хоразмда ишлаган кезларим (чорак асрдан кўпроқ вақт мабойни)да шахмат ўйнашга шароит ва имкон бўлмаган.
Тошкнт Давлат Аграр Университетида ишлаган даврларим (2002-2004)да, яна шахмат ўйнаш насиб этган. Университет биринчилигида ҳам иштирок қилганман.
Спортчи-талабалар ҳар йили ёзда Республика спорт-олимпиада ўйинларига кетар эдилар. Шу муносабат билан имтихон сессияси бошланмай спортчи-талабалар имтихон топширишга рухсатнома кўтариб келар эдилар. Бундай талабалар кўпинча тегишли таёргарликсиз келишарди. Ректоратдан бўлса: «Илтимос, шуларга ижобий баҳо қўйиб беринглар. Шунда Университетимиз шарафини яхши кайфият билан ҳимоя қилишади», деб илтимос қилишарди. Буларга кўпчилик домлалар сўкиниб-қарғаниб «3» қўйиб беришарди. Ўзим ҳам спортчи бўлганим учунми, мен уларга «4» қўйиб берардим.
Шундай кунларнинг бирида битта ушоққина қиз имтихон топшириш учун олдимга келди. Мен унга тикилиб: «Сен ҳам спортчимисан?», дедим. У шахматчи эканлигини айтди. Мен унга: «Мен билан шахмат ўйнайсанми? Мени ютаолсанг «5», агар ютқазсанг «3» қўйиб бераман», дедим. Агар дуранг бўлсачи, деди талаба. Агар дуранг қилаолсангда «5» қўяман, дедим. У қиз дарров рози бўлди. «Ўзи муштдай бўлсада, довюрак экан бу қиз», деган фикр ўтди миямдан.
Сурат-12. Стокпорт мухожирлар маркази (клуби)даги шахмат мусобоқаларида
Ўйиннинг ярмига борганда унинг кучли шахматчи эканлигини сезабошладим ва кўпроқ доналарни алмаштириб шахмат доскасини сийраклашга тушдим. Ўйиннинг охирига бориб сон ва сифатда тенг бўлсакда, унинг позицияси анча яхши эди. Шу боис охиригача ўйнаш мен учун нохушлик келтиришида мумкин эди.
Мен унга: «Сон ва сифат бўйича теппа-тенгмиз, майли, дуранга розиман», дедим, худдий ўзимни унга мурувват кўрсатаётгандай кўрсатиб. Рақибим муғомбирона илжайиб: «Домла, охиригача ўйнайверайлик», деди. Мен «шошаётганим»ни рўкач қилганимдан кейин дуранга келишдик (Сурат-9) ва у «5»ини олиб кетди.
Кейин эшитсам у қизча Университетнинг олд шахматчиларидан бири бўлган ректор (Х.Ч.Бўриев)нида ютиб, ундан ҳам бир нарсалар ундирган экан. Аёллар ичида Республикада танилган шахматчилардан бири ҳам экан.
2005 йилда Тошкент Агро-иқтиодиёт коллежида декан бўлиб ишлаганман. Қисқа вақт ичида коллежда шахматга қизиқувчилар сони 3 марта кўпайди. Бир сўз билан айтганда коллеж раҳбариятидан қоравулигача, барчаси шахматчи бўлиб кетишди. Тонг саҳаргача шахмат ўйнаб қолган вақтларимиз ҳам кўп бўларди (Сурат- 10).
Тағдир тақозаси билан 2005 йил ноябридан буюк Британиянинг Стокпорт шаҳрида яшай бошладим. Инглиз тилини ўрганиш учун бу шаҳардаги энг катта ўқув даргохи бўлмиш, Стокпорт коллежида ўқийбошладим.
2006 йилнинг охирда, шахмат бўйича, коллеж ва шаҳар биринчилиги учун мусобақа ўтказилди. Бунга мен ҳам қатнашдим ва финалга етиб бордим. Финалда коллеж ва Стокпорт шаҳрининг кўп йиллик чемпиони, шу коллеж директорининг ўринбосари, (John Wilkinson) Жон Вилкинсон билан беллашадиган бўлдик.
Финал учрашувини бутун коллеж аҳли томоша қиларди. Мухлисларнинг деярли барчаси рақибимга болет қилишарди. Менга эса, фақат мен билан бирга ўқийдиган курсдошларим ва ESOL курсининг айрим ўқитувчилари (15-20 тача одам) мухлислик қилишарди. Шунда биринчи бор мухлислар қўллови рақибимга катта далда бўлганини сезганман.
Сурат-13. Шахмат бўйичаги оилавий чемпионат
Бироқ Аллоҳнинг қўллови устун келиб, финал учрашувида мен ғолиб бўлдим. Коллеж директори Петер Робертс (Peter Roberts) менга чемпионлик призи – шахмат программаси киритилган бутун бошли копутерни қарсаклар остида топширган (Сурат-11). Коллеж ва шаҳар газетасида: «Коллеж ва Стокпортнинг янги чемпиони», сарлавҳали мақола ҳам босилганди.
2008 йил 21-мартда, туркийларнинг Навроз байрами тантаналарида иштирок қилиш учун, автобусда Лондонга отландим. Ҳамрохим 25-26 ёшлардаги Мартин Поп исмли инглиз йигити эди. Унингда шахматга қизиқиши, рус тилида ҳам бинойидай гаплаши, унинг билан янада яқинроқ бўлиб қолишимизга сабаб бўлди.
Лондондан қайтгандан кейин кўп ўтмай Мартин бизникига меҳмон бўлиб келди. Тонг отгунча шахмат ўйнаб чиқдик. Шу тариқа у бизникига тез-тез келадиган бўлди. Бизнинг асосий машғулотимиз шахмат ўйнаш эди (Сурат-14). Тўғрисини айтсам, у шахматда мендан анча устунроқ эди.
Сурат-14. Шахмат устаси Мартин Поп (Martin Pope) биланги мусобоқалар
Кейин билсам Мартин салкам профессионал шахматчи экан. Бирнеча бор ўз шаҳри(Пендал)нинг чемпиони ҳам бўлган экан. Шахматнинг назариясини ва стратегиясини яхши билар экан. 13-чи жахон чемпиони Гарри Каспаров ўз китоббига, Мартинга шахматда муваффақият тилаб, ўз қўли билан дастхат ҳам ёзиб берган экан.
Унинг айтишича, менинг шахматдаги асосий камчилигим, шахмат назариясини яхши билмаслигим, ситуацияларни таҳлил қилишда сабрсизлигим, кичкина йўқотиш олдида ҳам умидсизликка тушишим кабилар экан. Шундай бўлсада Мартинни 2:0, ҳатто 3:0 ҳисобида ютган кунларим ҳам оз бўлмаган. Шу боис бўлса керак, Мартин мени: «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматист», деб атарди.
6.1.3. Гроссмейстерлар биланги беллашув
Тўғрисини айтсам, аввал гроссмейстерларнинг нафақат ўйинини, ҳатто ўзларинида кўрмаганман. А.Алёхин, Р.Фишер, Н.Шорт каби гроссмейстерлар ҳақида ўқиб, уларни шахмат борасидаги Худонинг бир мўъжизаси, деб билардим. Гроссмейстер бўлмаган одамларнинг сеансларда уларга қарши дона суришга юраклари қандай бетлаганини ҳеч ҳаёлимга сиғдира олмасдим.
Мен яшайдиган шаҳарда, ҳар шанба куни соат 12 дан 2 гача, дунёнинг турли мамлакатларидан келган мухожирлар учрашиб, овқат еб, суҳбатлашиб, турли ўйинлар ўйнайдиган клуб (марказ) бўлиб, мен ҳам у ерга тез-тез бориб турардим.
Сурат-15. Африкалик гроссмейстер Л. Ндҳлову (L. Ndhlovu) биланги мусобақа
2007 йил ноябрь ойида, бу клубга бир соатча кечроқ бордим. Залда 40 ёшларидан ошган битта негр олдига шахматни қўйиб олиб: «Яна талабгор борми?», деганича рақиб кутарди. Мен кўпдан биладиган ва шахмат ўйнаб юрадиганларга: «Ўйнамайсизларми?», десам улар: «Биз ўйнадик, ҳаммамизни бир пастда ютди у. Балки сиз ютарсиз, ҳар қалай, сиз бизга қараганда анча кучлисизку», дейишди.
Ўйин бошланди. Мен шахматчиларга хос бўлмаган юришни қилган захоти у менга тикилиб турди-да: «Аввал ҳам шахмат ўйнармидинг?», деди ва от бунақа юради, фил бунақа юради, деб тушинтира кетди. Бундан менинг бироз жаҳлим чиққан бўлсада, ўзимни босиб, индамадим.
У мен билан мутлоқа беписанд ўйнарди. Фақат юриш гали келганидагина шахмат доскасига қарарди, бошқа пайтда газета ўқиб ўтирарди. Натижада кўп ҳам ўтмай, битта тўрасини бой берди. Бироқ бу йўқотишга у жидий эътибор бермади. Бироз ўтганидан кейин отини битта пиёда билан алмашишга мажбур бўлди.
Барча одамлар келиб менга мухлислик қилабошлашди. Энди у газета ўқишни йиғиштириб, нигохини шахмат доскасидан узмайдиган бўлди. Мен позиция зарарига бўлсада, тўхтовсиз доналарни алмаштира бошладим. Шахмат доскасидаги доналар сийраклашган сари менинг ғалабам ойдинлашаборди ва ўйин тугамасданоқ у ютқазганини тан олди.
Сурат-16. Ўспирин гройсместер (Н.Шорт) чемпионлик (халқаро) мусобоқаларида
Ҳамма мени табрикларди. Лекин рақибим шоша-пиша ўзининг ҳам менинг ҳам доналаримни доскага териб: «Мана, мен юрдим, гал сизники, юринг», деди. Мен ҳам унинг ўзига ўхшаб: «Шахмат деган нарсани аввал ҳам ўйнаб кўрганмидинг?», демоқчи бўлдим-у, андиша қилдим.
Мен шошиб турганимни айтиб кетишга шайландим. У бўлса, ҳеч бўлмаса шу партияни ўйнайлик, деб ялиниб-ёлворишга тушди. Мен унга соат 2 да урашувим борлиги ҳақидаги қоғозимни кўрсатиб ва келаси шанба куни албатта ўйнашга ваъда қилиб, хайрлашдим.
Эртаси тушдан кейин эшик тақиллади. Қўшнилардир, деган ҳаёлда эшикни очсам остонада, кеча мен билан шахмат ўйнаган одам турибди. Мен бу одамни биринчи марта фақат кеча кўргандим. Менинг уй адресимни қаердан олиб, уйимни қандай топиб келганига жуда ажабланган бўлсамда, уни уйга таклиф қилиб: «Қандай шамол учирди?», дедим.
У, кечаси билан ухлай олмай чиққанини, менинг адресимни ҳалқаро муҳожирлар марказидан олганини, уйимни қидиравериб, зўрға топиб келганини айтиб, шахмат ўйнашимни ўтиниб илтимос қилди.
Мен унинг шахматга бунчалар шинаванда эканига ҳавасим ҳам келди ва: «Э биродар, кўнглингиз тўқ бўлсин. Керак бўлса эртагача шахмат ўйнаймиз сиз билан. Бемалол ёзилиб ўтиринг», деб дастурхон ёздим. Овқатланиб олганимиздан кейин, унинг илтимоси бўйича, шахмат ўйнайдиган столни расмий ҳолатга келтирдик. Кечаги ғолиб сифатида, биринчи ўйинни мен оқ доналарда ўйнадим. Ҳар галдагидай, b7 катакдаги пиёдани b6 катакка суриб, ўйинни бошладим.
Сурат-17. Профессионал шахматчилар ассоциацияси (PCA) бўйича жахон чемпионлиги учунги мусобақанинг финал учрашуви
У менинг юришимга ва менга қайта-қайта тикилабошлади. Мен унга: «Ҳа, доналарнинг қанақа юришини ўргатмоқчимисиз?», дедим кулиб. У бўлса: «Йўқ, манашу юришингиз кеча менинг бошимга етганди», деди ва биринчи (жавоб) юришни қилиш учун 10 минутдан кўпроқ ўйлаб ўтирди.
Гапнинг қисқаси, тушдан бошлаб, эртаси кун чиққунча шахмат ўйнадик (Сурат-15). Очиғини айтсам, мутлоқ кўпчилик ўйинда у ғолиб бўлди. Мен шунча йил, турли даражадаги шахматчилар билан ўйнаган бўлсам, бундай кучли шахматчини кўрмагандим.
Мен уни кузатаётиб: «Шахматда СССР спорт мастеридан кам эмас экансиз», дедим. У эса кулиб: «Мастер эмас, гроссмейстерман”, деди. Кейин билсам, бу йигит бирнеча бор ўз мамлакати ва Африка чемпиони сифатида, жахон чемпионатида Анотолий Карпов билан ҳам дона сурган, халқаро гроссмейстер экан.
2010 йил, ноябрда шахмат даҳоларидан ҳисобланмиш, ҳалқаро гроссмейстер Нигел Шорт, ўзи туғилиб ўсган Лей шаҳрида шахмат сеанси (бир варакайига бирнеча одамлар билан ўйнаш) ўтказиши ҳақидаги эълонни Мартин кўтариб келиб қолди.
Мен Мартинга аввал (2007 йилда) ҳам битта гроссмейстер билан ўйнаб, роса ютқазганман, деб унинг таклифини рад қилдим. Мартин эса: "Н.Шортдай одам билан ўйнаш имкониятини одамлар бир умр кутишади. Легендага айланган бундай одам билан ўйнаб ютқазишнинг ўзи шараф эмасми?!”, деб мени рози қилди. Сиз башорат қилиб бўлмайдиган шахматчисиз-ку, дея менинг кўнглимнида кўтариб қўйди.
Белгиланган куни, Лей шаҳридаги марказий клубга етиб бордик. Ҳар бир иштирокчи 25 фунт стерлинг тўлаб, барча (30 дан ошиқ шахматчилар) ўз жойини эгаллади. Менинг жойим 8-доскада экан. Томошобинларнинг эса сон-саноғи йўқ эди. Теле ва фотожурналистлар ҳам тўла эди.
Сурат-18. Мусобақанинг ўрталаридаги ҳолат
Бугунги иштирокчилар буюк Британиянинг шимолий қисмидаги Чешир, Манчестер, Ланкашир, Ливерпул, Йокша каби графликлар (вилоятлар)дан келган шаҳар ва вилоят чемпионлари, таниқли шахматчилар экан. Бу учрашувга Мартин Пендал шаҳри, мен эса Стокпорт шаҳри чемпиони сифатида иштирок қилаётган эдик.
А.Алёхин, Б.Фишер, Н Шортларнинг номинигина эшитганда хаяжондан 2 кун ухлай олмай чиқадиган – мен, бугун нимагадир мутлоқа хотиржам эдим. Бироқ катта кўпчилик шахматчиларнинг Н.Шортни кўришганидаёқ асабийлашаётганлари сезилиб турарди. Ҳатто айримлари ўйин давомида, асабийлашиб, ўзларини тутаолмай, қалтирай бошлаганларининг ҳам гувохи бўлдик.
Барча доскалардаги биринчи юришни, d7 катакдаги пиёдани d5 катакка суриб, оқ доналар сохиби сифатида Н.Шорт қилди. Бунга жавобан, қора доналар билан ўйнаётган барча иштирокчилар d2 катакдаги пиёдани d4 катакка суришди. Фақат биргина мен b2 катакдаги пиёдани b3 катакка сурдим.
Иккинчи юришни қилиш учун менинг олдимга келган Шорт бир шахмат доскасига, бир мусобақа ташкилотчиларига, бир менга тикилиб, анча туриб қолди. Бунга мусобақа ташкилотчилари, судьялару, барча томошобинлар ҳайрон эди. Мен эса Н.Шорт бугунги мусобақа ташкилотчиларига: «Тузукроқ юришнида билмайдиган бу одамни мусобақага ким киритди», деб мени ҳайдаб юборишадими, деб хавотирда эдим. Ҳар қалай Н.Шорт нафақат буюк шахматчи ва шунингдек юксак маданиятли ва фаросатли инсон ҳам экан. Бир оғиз ҳам гапирмай, ўз юришини қилди-да, ўтиб кетди.
Сурат-19. Гройсместер Н.Шорт (чапда) ва мастер М.Поп (ўнгда) мусобақада. Ангилия, 2010
Кейинги сафар Н.Шорт менинг олдимга келмасиданоқ, мусобақа ташкилотчилари, судьялар, журналистлар менинг олдимга келиб туришди. Залдаги барча томошабинларнинг диққати бизга қаратилган эди.
Мен иккинчи юришда g2 катакдаги пиёдани g3 катакка сурдим. Н Шорт бир менинг шахмат доскасидаги юришимга, бир менинг юзимга қарадида, эссизгига бу одамга шахматчи деган ном, дегандай бошини сарак-сарак қилиб, ўз юришини қилди-да, ўтиб кетди.
Шу тариқа, Н.Шорт менинг олдимга келганида вазиятга эътибор ҳам бермай, ўз юришини қилиб, ўтиб кетаверарди. Ўйин ярмидан ошганида, 10 дан ортиқ одам ютқазганларини тан олиб, мусобақани тарк қилишди. Қолган барча шахмат доскаларида доналар сони ва сифати бўйичада, вазият бўйичада, Шортнинг қўли баланд экани кўриниб турарди. Фақат бизда доналар ҳам, вазият ҳам теппа-тенг эди (Сурат-18).
Энди, Шорт мен биланги ўйинига эътибор қилабошлади. Бу эса айниқса журналистларнинг ва томошобинларнинг диққатини ўзига тортарди. Ҳарчанд ҳаракат қилсада, на доналар сони ва сифатида, нада вазиятда устунликка эга бўлаолмаётганига Н.Шорт озроқ асабийлаша бошлади. Натижада кичигроқ хатоларга ҳам йўл қўйди.
Мен унинг йўл қўйган хатоларини журналистларга ишора билан кўрсатардим. Теле ва фотожурналистлар бўлса тинмай бизнинг ўйинимизни тасвирга олиб, суратга туширишарди.
Сурат-20. Ўйиннинг охиридаги ҳолат
Ўйиннинг охирига қараб, битта-яримта доскада дона сураётганлар қолганди. Буларнинг ҳам ютқазишаётгани кўриниб турарди. Бизда доналар сони теппа-тенг эди. Вазият бўйича менинг қўлим сал баландроқдай эди. Барчанинг диққат-эътибори фақат бизнинг ўйинимизга қаратилган эди.
Юриш гали менга келганида, шохни с2 катакдан d2 катакка сурдим (Сурат-20). Кўпчилик енгил чапак чалиб юборишди. Н.Шорт эса галдаги юришини қилмай: «Дуранга розиман», деб менга қўлини чўзди. Мен эса бунга хурсанд бўлиб, унинг таклифини дарҳол қабул қилдим. Шу тариқа ўйин тугади. Кўпчилик мени табриклаётиб: «Дуранга бекор рози бўлдингиз, сизнинг қўлингиз баланд эди», дейишарди.
Н.Шорт бошқа доскадаги ўйинларинида тугатиб, менинг олдимга келди ва: "Балли, сиз кучли шахматчи, муносиб рақиб экансиз. Бугунги мусобақада, битта сиз дуранг қилаолдингиз, табриклайман!”, дея менинг қўлимни қисиб қутлади (Сурат-21).
Журналистлар, шахматчилар, томошобинлар бизни ўраб олишди ва савол-жавоб бошланди:
- Сизнинг бу қилган дурангингиз ғалабадан кам эмас, сиз бунга қандай эришдингиз?
- Мен бу натижага кучли шахматчи бўлганим учун эмас, рақибимнинг йўл қўйган хатолари эвазига эришдим.
- Дунёнинг энг буюк шахматчиларидан бири бўлган Н.Шорт қандай хато қилдики, сиз ундан фойдаланган бўлинг?
- Жаноб Шортнинг биринчи ва асосий қилган хатоси рақиби(мен)га нисбатан менсимаслик қилгани бўлди. Иккинчи хатоси эса, асабийлашгани боис хатоларга йўл қўйди.
- Шунда Шорт гапга аралашиб: «Жаноблар, у тўғри айтди. Менинг бу хатойим нафақат ўзимга, менинг шогирдларимгада сабоқ бўлиши керак», деди.
- Н.Шорт менга юзланиб: «Мен сизни ҳеч эслай олмаётирман, қайси мамлакатдан бўласиз?», деб сўради. Мен Ўзбекистонлик эканимни айтгач: «Ноҳатки сиз Рустам Қосимжонов бўлсангиз. У ёшроқ эди чамамда. Мен дунё бўйича 2-ўриндаги ўйинчи пайтим, ФИДЕ бўйича (2004) жахон чемпиони Рустам Қосимжонов шахматдаги рейтинги бўйича 25-ўриндаги ўйинчи эди», деди уни камситгандай қилиб.
- Йўқ, мен Р.Қосимжонов эмас, Ахмад ҳожи Хоразмийман, дедим. Шунда бирнечалари бир варакайига қўл телефон-компутерига менинг исми-шарифимни киритиб: «Дунёдаги бирон мамлакат чемпиони йўқ, бу исм-шарифда», дейишди. Яна бирлари: «Бунақа исм-шарифли гройсместер ҳам йўқ дунёнинг бирон жойида», дейишди.
- Шунда журналистлар: «Қандай унвондаги шахматчисиз, ўзи? Ҳалқаро мусобоқалардаги зафарларингиз ҳақида гапириб беринг», дейишди.
- Халқаро мусобоқалар тугул, район мусобақаларигада қатнашмаганман. Шахмат бўйича энг паст разряд ҳам йўқ менда. Тўғрисини айтсам, мен умуман шахматчи эмасман, шахматсеварман холос, дедим.
- Шунда Мартин олдинроққа чиқиб: «У тўғри айтаяпти. У, Шорт ва бизга ўхшаган расмий шахматчи эмас. У норасмий ва башорат қилиб бўлмайдиган шахматчи», деди кулиб.
Сурат-21. Халқаро гройсместер Н.Шорт (чапда) ўз рақиби (А.Хоразмий)ни табрикламоқда. Ангилия - 2010
Эртасига қатор нашрларда: «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсеварнинг зафари», сарлавхаси билан мақолалар босилди. Қизиғи шундаки, «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсевар», дегани бирон унвон деган ҳаёлга боришганми, бу мақолаларда: «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсевар унвонидаги шахматчи (А.Хоразмий), халқаро гроссмейстер унвонидаги шахматчи (Н.Шорт)ни ютишига сал қолди», деган жумлалар ҳам бор эди.
Ўзим шахматчи бўлмасамда, шахмат билан боғлиқ бўлган ҳаётимга назар солсам, нималари биландир саргузашт ва ҳангома (сатирик) ҳикояларга ўхшаб кетадигандай туюлади. Шахмат билан боғлиқ ҳаётим асосида, шундай хулосага келдимки, шахмат фақат гўзал ва қизиқарли ўйингина эмас, шахмат – спорт, саргузашт, ижод, илм, тирикчилик (ҳаёт) ва санъат ҳам экан.
6.2. Полвонликка қизиқиш
Курашга, айниқса оғир атлетикага қизиқишим ниҳоятда кучли эди. Бу қизиқишим 1962 йилдан кейин кескин ошди. Бунга сабаб 1962 йили ёзда колхоз клубига Тошкентдан циркчи полвон, Элбурс полвоннинг шогирди – Тўланбой Қурбонов келди. Полвонликка қизиқишим сабабли клубда олдинги қатордан жой олдим.
Икки пуд(32кг)лик тошларни худдий коптокдай қилиб ўйнаши, диаметри 3-4 см келадиган темир арматураларни тишида букиши, устидан енгил машиналарни ўтказиши мен учун бир мўъжиза бўлиб кўринди.
Cурат-21а . Ахмад паҳлавон телевизордаги чиқишларида
Полвоннинг чиқишлари тугаганидан кейин Тўланбой Қурбоновнинг олдига бориб қандай қилиб унга шогирд тушиш мумкинлигини сўрадим. Тўланбой ака менга "Полвон бўлиш сирлари” номли ўзи ёзган китобчасини берди ва: "икки-уч йил шунга қараб машқ қилиб юргин, кейин менинг олдимга борасан”, деб Тошкентдаги адресини берди. Мен шу кундан бошлаб полвон бўлиш кўйига тушдим. Турли-туман темир терсаклар, ҳар хил гантелу-тошлар ва бошқа кўпгина спорт анжомларини топиб кеча-кундуз машқ қилишга ўтдим.
Эрталаб мактабга кетар, тушдан кейин мактабдан келиб, апил-тапил чой ичиб далага ишга кетар, ишдан кеч қоронғуда келиб ярим кечасигача машқ қилардим. Мактабда берилган уй вазифаларини чала-чулпа таёрлар, натижада ўқишларим аввалгидай "аъло” эмас, "яхши”га тушган, ҳатто математика, тарихга ўхшаган фанлардан "ўрта”га тушиб қолганди.
Бундан ташвишга тушган мактаб директори Нурмат Нуриллаев отамнинг олдига келиб, Ахмаджоннинг ўқишлари ташвишли эканлиги, аввалги "беш”лар фақат физкультура, меҳнат талим ва ҳулқидагина қолганини, ташвиш билан тушинтиради. Улар кейин мени чақириб, аввал икки шапалоқ тортиб, кейин тошлар билан машқ қилишни маън қилишди.
Энди мен ҳамма ухлаганидан кейин спорт анжомларини боғнинг орқасига чиқариб тонг саҳаргача машқ қилар, натижада эрталаб ухлаб қолиб мактабга кеч кетардим. Бу чеклашлар натижа бермагач онам менинг "Полвон бўлиш сирлари” китобимни яшириб қўяр, отам эса темирларни яширарди, лекин мен уларни тез топиб олардим.
1963 йилга келиб тинмай қилинган машқлар ўз самарасини берабошлади. Мен жисмоний жиҳатдан тенқурларимдан анча илгарилаб кетдим. Қишлоқнинг тўйларида кураш тушиб ўзимдан бирнеча ёш катта йигитларни ҳам йиқар, Тўланбой Қурбонов кўрсатган айрим номерларни кўрсатиб одамлардан олқиш олардим.
Сурат-22. А.Хоразмий Ўзбекистон(1971)даги полвонлик чиқишларида
Икки пуд(32 кг)лик тошни бир (ўнг) қўлимда 4-5 мартагача ерга қўймай кўтариш албатта 15 ёшли йигитча учун катта кўрсаткич эди. Айниқса отам: "Полвонликда шу ўғлим ўрнимни босса ажаб эмас”, деб қувонарди. Унинг қувончи узоққа чўзилмади, 1963 йил 18 сентябр куни далада ишлаётиб йиқилиб тушдим ва ўнг қўлимнинг суяги чатнади.
Аввал туман касалхонасида, кейинчалик вилоят касалхонасида бирнеча ой ётдим. Қўлимда "остеомелит” бошланган экан, уни операция қилишди. Қўлим энди тузалай деганида касалхонада ўша операция қилинган қўлим билан велосепед кўтариб яна синдирдим. Бу гал операцияни вилоят бош хирурги, тиббиёт фанлари номзоди Султон Рахимов қилди ва кейинги даволаш ишларини унинг ўзи назорат қилиб турди.
Бирярим ой деганда қўлимнинг сингани тузалди. С.Рахимов мендан бир йил давомида оғир атлетика билан шуғулланмаслик тўғрисида "эркакча” ваъда олди. Мен ваъдани бузмадим (тош кўтармадим) лекин тўйда кураш тушиб худдий ўша қўлимни яна синдирдим.
Бу пайтда С.Рахимов отпускада эди, операцияни Тошкентлик доцент Файзуллаев қилди. Қўлим тузалиб қишлоғимга кетдим. Орадан кўп ўтмай Урганч шаҳрида, 2-3 безори-киссавурлар билан муштлашиш пайтидан бир зарбада улардан бирининг жағини синдирдим, унинг жағи эса менинг қўлимни худдий ўша ердан яна синдирди. Бу энди 1963-1966 йиллар ичида ўнг қўлимни олтинчи синдиришим ва олтинчи марта операция қилиниб 3-гурух ногиронликка чиқаришди.
Лекин шунчалик жабру-озорлар менга "мактаб” бўлмади. Мен бир кун ҳам (Пайғамбар (63) ёшдан ошган бўлсамда) машқ қилишни тўхтатмадим. Қўл бечора синавериб жонига тегди шекилли, энди синишдан тўхтади. 1967 йилда ўша ўнг қўлимда 3 пудгача тош кўтариб машқ қилабошладим.
Тошкентга бориб "Чақар” маҳалласидан Тўланбой Қурбоновни топдим ва икки йилча унинг уйига бориб полвонлик сирларини ўрганиб юрдим. Кўплаб чиқишларида, томошоларида иштирок этдим, 2-3 номерлар кўрсатишга изн ҳам берар эдилар.
Т.Қурбонов оғир бетоб бўлиб қолдилар ва бирнеча шогирдларини (шулар қатори мени ҳам) чақириб оқ фотаха берди ва бир ойга ҳам бормасдан (1969 йили) оламдан ўтди. Мен энди полвонликни Университетнинг оғир атлетика (штанга) бўлимида давом қилдирдим.
Қаерда бўлсамда оғир атлетика билан боғлиқ анжомлар (гантеллар, пружиналар, ҳар хил оғирликдаги тошлар, турли хил темирлар)ни ёнимдан қўймасдим. Деярли ҳар куни улар билан шуғулланишга вақт топардим.
Сурат-23. А. Хоразмий 40 йил (1971-2010) давомида Мозамбикдаги, Ўзбекистондаги ва Англиядаги полвонлик чиқишларида.
Тошкентда биринчи яшаш даврим (1966-1985)да кўплаб ёшларни спортнинг бу турига қизиқтиришга муваффақ бўлганман. Хоразмдан Шермат Нурметов, Борис Жуманазаров, Бухородан Нормурод Жўраев, Тошкентдан Абдунаби Боиров каби шогирдларим бу соҳада яхшигина кўрсаткичларга эришганлар. Нормурод жўраев ўз оғирлигига тенг келадиган тошларни кўтараоларди. Шермат Нурметов эса ўз оғирлигига нисбатан салкам икки баробар юк(тош)ни тишида кўтарарди.
Менинг полвонлик фаолиятим ҳақида кўплаган СМИларда мақолалар босилган. Қуйида шундай мақолалардан биттаси айнан келтирилади.
6.2.1. Ахмад паҳлавон қиссаси
(Тойир Учқун)
Паҳлавонларга ҳалқимизнинг қизиқиши ва эътиқоди айрича эканлиги мозийдан маълум. Пахлавон сўзини эшитган ҳар қандай одамнинг кўз ўнгида етти мучаси соғ, кучи танасига сиғмаётган, девқомат бир сиймо гавдаланади. Кавказлик Элбрус паҳлавон, Қозрғистонлик Ҳожимуқон, Ўзбекистонлик Тўланбой Қурбонов каби паҳлавонлар ҳали ҳам ҳалқимиз ёдида.
Лекин ҳикоямиз қаҳрамони юқори ўрта бўйли (девқомат эмас), етти мучаси соғ бўлмаган (балки ногирон), бироқ ўз даврида тўйю-тадбирларда (Сурат-22), ҳатто телевизорларда ҳам полвонлик чиқишлари қилган (Сурат-21а) ва "Ахмад паҳлавон” деб ҳам танилган ва бу билан тиббиёт илми ва аҳлини лол қолдирган, ҳозирда истидодли ижодкор ва йирик олим профессор Ахмад ҳожи Хоразмий эканлиги кўпчиликни таажжубга солиши турган гап.
Сурат-24. А.Хоразмий 7 марта операция қилинган ногирон қўли билан
Сурат-24. А.Хоразмий 7 марта операция қилинган ногирон қўли билан
Унинг спортга қизиқиши ирсият билан боғлиқ бўлиб, отасидан ўтган бўлса ажаб эмас. Отаси Хасан бобо номдор полвон бўлмаган бўлсада Хоразмда, Қарақалпоғистонда, Туркманистонда ва Тожикистонда кўп йиллар катта тўйу-тадбирларда кураш тушиб байроқ (қўй) ҳам олиб юрган. Ахмаджоннинг ўзи, акаси Ўринбой, укаси Шокиржон ўғиллари Ойбек ва Улуғбеклар ҳам кураш тушганда ўз тенгқурларидан бирон марта йиқилмаган.
Унинг тўнғич ўғли Ойбек талабалик даврида Тошкентдаги сайлгоҳда жойлашган куч синайдиган қурулмаларда ўз кучини кўрсатиб ҳаммани қойил қолдирганининг гувохи бўлишган кўпчилик. Ойбек билан Россияда мардикорлик қилганларнинг айтишича Волгоградда ишлаган пайтларида ўзидан анча гавдали йигитларнида курашда ағдариб ташлар экан. Шу боис барчадан доля (ўлпон) йиғадиган маҳаллий (рус) рэкэтлар Ойбекдан доля (пул) олаолмас экан.
Кенжа ўғли Улуғбек ёшлигида каратэга қизиққан ва ҳалқаро мусобоқада чемпион бўлиб олтин медал олган (сурат-28). Ангиляда юқори синфда ўқиётганда безорилар билан муштлашиб, бирнеча дақиқа ичида 3-4 безорини ер тишлатган ва бу ҳақда "Стокпорт янгиликлари”, газетасида ҳам ёзишган. Хозирда Улуғбек оғир атлетика клубида шуғулланиб отасининг ўрнини босиш арафасида (сурат-29).
Сурат-25. Хоразмийнинг қорнига мушт туширилаётган пайт - 2012
Ахмад ҳожи Хоразмийнинг паҳлавонликка қизиқиши уларнинг қишлоғига машҳур ўзбек паҳлавони Тўланбой Қурбоновнинг келиб чиқишлар қилганидан бошланади. Ўшанда (1962 йилда) 14 ёшли Ахмаджон Тўланбой паҳлавонга шогирд тушиш истагини билдиради. Ундаги паҳлавонликга бўлган иштиёқ ва қобилиятни кўрган Тўланбой Қурбонов унга ўзи ёзган "Паҳлавон бўлиш сирлари” номли китобчасини бериб, шу китоб асосида машқлар қилишни ва мактабни битиргандан кейин менинг олдимга Тошкентга боргин, деб адресинида беради.
У 1962 йил ёзидан паҳлавонликдаги устозининг тавсияси асосида тинимсиз машқлар қилабошлайди. 1963 йилнинг кузига келиб 15 ёшли Ахмаджон 2 пуд(32 кг)лик тошни бир қўлида 4-5 марта кўтарадиган бўлади. Тўйлардаги курашларда нафақат тенқурлари, ҳатто катталар ҳам у билан беллаша олмай қолишади. Афсуски унинг бу борадаги муваффақиатлари узоққа чўзилмайди, 1963 йил 18 сентябрда унинг ўнг қўлининг суяги қаттиқ жарохатланади...
Касалхонадан чиққан куниёқ оғир тошларни кўтариб машқ қилишга киришади ва ҳали тўла тузалмаган ўша қўли яна синади. Кўп ўтмай ўша қўлида суяк остемелити (емирилиши) бошланади. Шу тариқа бу қўли 3 йилда 6 марта операция қилинади, лекин тузалмайди.
Қизиғи шундаки, у касалхонада ётганда ҳам жисмоний машқ қилишдан тўхтамайди. Врачлар ўша қўлида 5 кг дан ортиқ юк кўтармаслигини тайинлаб уни 3-чи гурух ногиронлик нафақасига чиқаришади. Шундай бўлсада у оғир тошлар билан машқ қилишдан тўхтамайди. Бечора ногирон қўлининг эса унинг темир иродасига бўйсунишдан бошқа чораси қолмайди. 1967 йилга келиб ўша ногирон ўнг қўлида 2 эмас, 3 пуд(48 кг)лик тошни кўтарадиган бўлади.
1967 йили ёзда тупроқшунослик ва агрохимия мутахассислиги бўйича Ўрта Осиё Давлат Университетига ўқишга кириш учун ҳужжат топширади. Лекин Университет тиббиёт комиссияси унинг 6 марта операция қилинавериб дабдалага ўхшаб кетган ўнг қўлини кўрган захотиёқ "Бу ногирон” деб уни комиссиядан ўтказишмайди.
Тиббиёт комиссияси қароридан норози бўлган Ахмаджон қабул комиссияси раиси, Университет ректори академик Саъди Сирожиддиновга ариза билан мурожат қилади. Ректор буйруғи асосида Университет тиббиёт комиссияси Университет қабул комиссияси маъсул котиби иштирогида уни қайтадан кўрикдан ўтказишга қарор қилади.
Сурат-26. А.Хоразмийнинг қорнига қадалган кичигроқ пичоқ синиб кетгани ва каттароқ пичоқнинг синиш арафасига келган пайти. 2012.
Тиббиёт комиссияси аъзоси, жаррох-травмотолог Галина Васильевна сўз олиб: "Унинг танлаган мутахассислигида тупроқ билан боғлиқ дала ишлари бор. Унинг ногирон ўнг қўли ундай ишларни қилишга ярамайди” деб унинг 6 марта операция қилинавериб тешилмаган ва кесилмаган жойи қолмаган ўнг қўлини ялонғачлаб барчага кўрсатади. Комиссия аъзолари бир овоздан "Вой бўй!” деганларича врачнинг гапини маъқуллашади.
Шундоғ ҳам умидсизланиб қолган Ахмаджон сўз олиб: "Мен доктор опанинг фикрига рози эмасман, бу қўлим ногирон эмас, аксинча бу қўлим 3 пудлик тошнида кўтара олади” деб ҳамманинг кинояли кулгисига қолади. Ва: "Майли охирги илтимосим, доктор опа қўлини берсин, мен шу сизлар ногирон деган қўлим билан унинг қўлини қисай. Агар доктор менинг қисишимга чидаб берса мен сизларнинг қарорингизга розиман”, дейди.
Шунда Галина Васильевна беписандлик билан: "Фуф, пожалуйста” деб қўлини беради. У докторнинг нозикгина қўлини ногирон қўлининг кафтига жойлаштириб, комиссия аъзоларига "Қисаверайми,” деган ишора билан юзланади. Комиссия аъзолари "Бошланг” деган ишорани беришади ва барча нафасини ютганича бу иккита қисадиган ва қисиладиган қўлларга тикилишади.
Бу дақиқаларда Ахмаджоннинг ҳаёт-мамоти ҳал бўлаётганидан бўлса керакки, унинг юрак уриши тезлашади, кўзлари хиёл каттайиб, чуқур нафас олаётиб: "Ё Полвон Пир!” (13-асрда Хоразмда яшаган афсонавий паҳлавон ва жувонмардия тариқати сўфийси) деганича докторнинг қўлини шундай қисадики, Галина Васильевна: "Мама а а!!!” деб чинқириб юборади ва тик турганича оғриққа чидай олмай сийиб юборади. Кўришсаки докторнинг кўрсаткич бармоғи жойидан чиқиб қийшайиб қолган, кичкина бармоғи эса икки жойидан синиб кетган. Бу ҳақда Университет газетасида "Майиб (ногирон) қўлнинг қудрати” сарлавҳаси остида каттагина мақола ҳам босилади.
Шундай қилиб Ахмаджон Хоразмий Университет талабаси бўлади ва Тўланбой Қурбоновни Тошкентнинг "Чақар” махалласидан топиб олади. Ўзида шу маҳалладан уй (квартира) олиб устози раҳбарлигида машқларни давом қилдиради. Тўланбой Қурбоновнинг тўй ва тадбирлардаги чиқишларида иштирок қилади ва ўзи ҳам 2-3 та номерлар кўрсатиб ҳалқнинг олқишинида олабошлайди.
Қорнининг пресси (мускули) ниҳоятда қаттиқ эканлиги боис устози Тўланбой Қурбонов тавсияси билан қорнида бирнеча одамни кўтариш, қорнига мушт билан урдириш, ҳатто қорнига турли хил катта-кичик пичоқлар қадатиш каби номерларни ҳам кўрсатган.
Ахмаджоннинг қорнига урилган пичоқларнинг қийшайиб қолган, ҳатто синиб кетган ҳолатларида томошобинлар қўрқувдан додлаб юборган вақитлари ҳам кўп бўлган. Тошкентнинг "Чақар” маҳалласидаги бир тўйда Ахмаджоннинг қорнига зарб билан қадалган пўлат пичоқ "шарақ!” қилиб синиб кетганида унга яқин ўтирган ҳомиладор битта аёл туғиб юборган.
Сурат-26а. А.Хоразмий оғир (деҳқончилик) меҳнатда.
Тўйда туғулган у чақолоққа Тўланбой Қурбонов бошлиқ полвонларнинг чиқишлари таъсирида туғулгани боис "Полвон” деб ном қўйишган. Бу ҳолатларни Тошкентнинг "Чақар” ва "Олмазор” маҳалласи аҳли ҳозиргачада яхши эслашади.
Томошобинлар ҳам анойи эмас, полвоннинг қорнига қадаладиган пичоқларни обдон текширишади. Ҳар бир спортда бўлгани каби қоринга пичоқ қадатишнинг ҳам ўз сир асрорлари бор. Булардан воқиф бўлмаган одам бундай номерни кўрсатадиган бўлса қорни қанчалик пресс бўлсада пичоқ қорнига кириб кетиши турган гап.
Томошобинлар кўригидан ўтган пичоқни тўй ёки тадбирнинг истаган бир иштирокчиси полвоннинг қорнига қадайди. Полвон эса у одамнинг пичоқли қўли устидан икки қўли билан тутганича пичоқ қадаётган одам билан биргалашиб ўз қорнига пичоқни зарб билан тортади.
Анашу пайтда (пичоқни қорнига тортиш жараёнида) қорнига 90 градус бурчакда қадалган пичоқни полвон сал пастроққа босиб, пичоқнинг қадалиш бурчагини 100-110 градусга ўзгартиради. Натижада пичоқ қийшайиб ёки синиб кетади.
Бундай геометрик сирни билмаган айрим шухратпараст ёшлар, полвоннинг бундай чиқишини такрорлайман деб, қорнига пичоқ кириб кетиб оламдан кўз юмганлари ҳам бўлган. Шу боис ҳам полвоннинг бундай чиқишида: "Қўрқоқ ва юраги ожиз одамлар қарамасин. Бундай номерларни устоз (тренер) рухсатисиз, ўзбошимчалик билан қилиш маън этилади”, деган эълонлар такрор-такрор айтилади.
Шуниси қизиқки, унинг айрим фарзандлари ва мухлислари, Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақидаги турли хил вақтда нашр қилинган спортдаги фаолиятини ўқиб: "Ноҳатки, шу тўғри бўлса?!” деган пайтларида, Пайғамбар (63) ёшдан ошган бўлсада ёшлигида (бундан 40-50 йил олдин) қилган спорт чиқишларини амалда айнан такрорлаб бериши (Сурат-25,26) одамни ҳайрон қолдиради.
1969 йили Тўланбой Қурбонов вафот қилганидан кейин Ахмад паҳлавон ўз фаолиятини Университетнинг оғир атлетика клубида давом қилдиради. 1971 йили Университет полвонлари терма командаси таркибида, разрядли спортчи сифатида Харков шахридаги мусобоқаларда иштирок қилиб фахрли ўринларнида олади.
Ўнг қўлида 5 кг дан ортиқ юкни кўтариш мумкин эмас, акс ҳолда қўлини ампутация қилиш (кесиб ташлаш) керак бўлади, деб уни ногиронга чиқарган врачларга, шу қўлида 5 эмас, 60-70 кг юкни кўтараётганига нима дейсизлар?! деган саволлар кўп бўлган. Шунда врачлар: "Бирнеча марта синган ва 6 марта операция қилинган, суяк остемелити(емирилиши) давом қилаётган қўли билан оғир атлетика бўйича разрядли спортчи, таниқли паҳлавон бўлиш тиббиёт илмида назарий жиҳатдан мумкин бўлмаган нарса. Лекин буни профессор Хоразмийнинг темир иродаси ва тинимсиз меҳнати яратган ва фавқулотда кам учрайдиган мўъжиза дейишдан бошқа жавоб йўқ, дейишади.
Ахмад ҳожи Хоразмий катта олим, турли хил даражадаги раҳбар бўлиб, бола-чақали бўлганда ҳам машқ қилишдан тўхтамайди. Чет эл (Мозамбик ва Англия)да хизмат сафарида бўлган йилларида ҳам турли-туман полвонлик номерларини кўрсатиб (Сурат-23) маҳаллий ҳалқларнингда олқишини кўп марта олган. Ўзбекистон ва Мозамбик (Африка)да кўплаган шогирд (полвон)лар етиштирган. У 60 ёшдан ошган бўлсада спортни, жисмоний меҳнатни (Сурат-26а) канда қилмаётгани диққатга сазавордир.
"Спортдан ортдирган куч ва қувватим жисмоний оғир меҳнатларни қилишга, кези келганда безориларнинг додини беришга ҳам қўл келган”, дейди унинг ўзи.
Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий (ёки Ахмад паҳлавон)нинг темир иродаси ва бу борадаги фаолияти спортчилар ва ёшлар учун ўрнак бўлади, деб ишонамиз.
"Қуш уясида кўрганини қилади” деган мақол бекорга айтилмаган. Спортга қизиқиш менга отамдан ўтган бўлса, фарзандларимга мендан ўтган бўлса керак. Қуйида ўғлим Улуғбек Хоразмий қаламига мансуб "Спортнинг шарофати” номли мақолани ҳам айнан келтирдик, мухтарам ўқувчи фарзандларнинг спортдаги фаолиятидан ҳам хабардор бўлсинлар.