Ахмад ҳожи Хоразмий
Cопо полвон ҳақида
ХХ-асрда Хоразмда яшаб ўтган, Ўзбекистон булбули, деб танилган буюк хофиз Комилжон Отаниёзов, елкаси ерга тегмаган машхур полвон Сапо Давлатов, мехнат қахрамони, атоқли раис Искандар Досовларнинг фаолияти: "Хоразмликларнинг онаси бу (ХХ) асрда Комилжон каби хофизни, Сапо каби полвонни, Досов каби раисни бошқа туғмайди”, деган мақолсифат сўзнинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
ХХ1- асрга келиб бу мақолсифат сўз қанчалик ҳаётий эканлигини исботлади – ҳақиқатдан ҳам шулар каби хофиз, полвон ва раис туғилмади Хоразмда. Энг қизиғи шундаки, буларнинг учаласи ҳам 1917 йилда туғилди ва 1975 йилда вафот топди. Тўғри, Сапо полвон ХХ1-асргача ҳаёт эди, бироқ у 1975 йилда полвон сифатида "ўлган” эди. Хоразмда, ҳозиргачада булар тўғрисида, бўлган-бўлмаган, турли хил ривоятлар юради. К.Отаниёзов ва И.Досов ҳақида мақолалар, курсатувлар ҳатто китоблар ёзилган. Бироқ Сапо полвон ҳақида, ҳатто у ҳақдаги ривоятлар ҳақида ҳам бирон нарса ёзилмаган. Бу ҳол давр сиёсати ва Сапо полвоннинг носоғлом ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ менимча. Мен Сапо полвон билан бир давр ва давранинг одами бўлмаганим боис, қуйида у ҳақда ўз кўрган-билганларим ва эшитганларимни тилга олмоқчиман. Сапо полвон – Хоразмнинг Хонқа ва Боғот районларининг ҳозирги чегарасида туғилган ва шу ерда яшаган. Уруш(1941-1945)дан олдин ҳам тўйларда унча-мунча кураш тушган, бироқ бош полвон сифатида танилган эмас. Сапо полвон урушда оёғидан яраланади ва оёғи ногирон(оқсоқ)лигича қолади. Шундай бўлсада ўқ теккан оёғини боғлаб тўйларда кураш тушабошлайди. Менинг ўзим ҳам 1960 йилларда унинг оёғини боғлаб кураш тушганларини кўрганман. У 1950-1960 йилларда полвон сифатида катта шуҳрат қозонган. Хоразм воҳаси(Қорақалпоғистон, Дошўғиз, Хоразм вилоятлари)да унинг олдига тушадиган полвон бўлмаган. У кезларда кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатларида ҳам уни ҳеч ким йиқита олмаган. Полвонликдан ўзимнинг ҳам озми-кўпми хабарим борлиги, Сапо полвон билан кураш тушган полвонлар билан ва унинг ўзи билан ҳам бирнеча бор суҳбатлашганим, унинг курашларини кузатганим асосида, шундай хулосага келдимки, Сапо полвон бошқа кўпчилик полвонларга ўхшаб чапдаст ва чаққон эмасди. Курашдаги унинг асосий қуроли жисмоний бақувватлиги эди. Сапо полвон кураш тушганда ўқ теккан ногирон оёғини авайлаб-асрашга ҳаракат қиларди. Айрим рақиблари уни мағлуб қилиш учун боғланган ногирон оёғига тепишга тушганлар. Айрим шундай ғирром рақибларини ўз чекмонлари билан бўғиб, жағларини синдириб, майиб қилганларининг ҳам гувохи бўлган одамлар. У кураш тушганида оёғини кам ишлатар, чилиш, ётиб отиш, каби усулларни умуман ишлата олмас эди. Унинг курашдаги қуроли - икки қўли бўлган. Унинг белидан юқори қисми, айниқса қўллари фавқулотда кучли эди. Гавдаси ўзидан анча оғир ва катта бўлган рақиблари ҳам ёқасидан тутиб сиққанида бардош бераолмай осонгина мағлуб бўлганлар. Кейинги йиллар катта тўйларда унга рақиб чиқа олмагани учун, бош байроқни курашсиз оларди. Натижада полвонсевар Хоразмликлар ичида унинг обрўйи ниҳоятда баланд эди. Машҳур полвон, хонанда, спортчи, рассом, ёзувчи, шоир ва шулар кабиларнинг айримларида ичувчилик, безорилик, бангилик иллатлари ҳам бўлган. Шахматда гений, деб тан олинган Александр Алёхин, Роберт Фишер, академик шоир Ғоқур Ғулом, машҳур хофиз Отажон Худашукуров, донгдор раҳбар Ахмаджон Одиловлар ичишни хуш кўришган. А.Одилов ва Сапо полвонлар ўзарига хос безори ҳам бўлишган. Сапо полвон кечки ўтириш(зиёфат)ларга келган одамларнинг эшакларини ип билан тортиб бировларнинг 6-8 метр баландликдаги томига чиқариб қўяр экан ва ҳеч нарса кўрмагандай уйига кетиб уйқуни урар экан. Бу иш кимдан чиққанини яхши биладиган эшак эгалари уни ялиниб уйидан олиб келишар ва эшакларини томдан тушириб беришини илтимос қилишар экан. Сапо полвон ҳар биттасидан хизмат ҳақига пул олганидан кейингина томдаги эшакларни пастга тушириб берар экан. Ўзи миниб келаётган, кичигроқ отдай келадиган эшагини каналдаги паяпул (1 дона узун думалоқ ёғоч)дан елкасига кўтариб ўтар экан-да, яна миниб кетаверар экан. Боши берк (тупик)йўлга кириб қолган ЗИМ машинасининг олдидан кўтариб, орқаси (180 градус)га айлантириб ҳайдаб кетаверар экан. Сапо полвон, айрим полвонларга ўхшаб, ниҳоятда гавдали (девқомат) эмасди. Бўйи 2 метр атрофида, оғирлиги 120 кг атрофида бўлган. Ҳозирги (асосан 1950 йиллардан кейинги) полвонларнинг кўпчилигининг гавда тузилиши, кучи, чапдастлиги уларнинг йиллаб қилган махсус машқлари натижасида шаклланган. Шу боис ҳам уларнинг гавдаси Гераклга ўхшасада, табий (Худо берган) кучга ва гавда тузилишига эга бўлган полвонларга тенг келаолишмаган. 1950-60 йилларгача бутун бошли районда 2-3 тагина кўзга кўринган полвон бўлган. Ҳозирлар эса ҳар бир қишлоқда 10-15 талаб полвон топиш мумкин. Сапо полвон Ўзбекистон чемпиони сифатида, СССР чемпионатида иштирок қилмоқчи бўлади. Бироқ унинг оёғи ногирон бўлганлиги боис, тиббий комиссия уни мусобоқага қўймайди. Бу ишга Ўзбекистон раҳбарлари аралашиб уни мусобоқага қўйдиришади. Москвадаги бу мусобоқани томоша қилишга, Сапо полвоннинг ўша даврлардаги Хоразм раҳбари, Шамсутдинов каби юқори мартабали мухлислари ҳам ташриф буюради. Мусобоқа олдидан журналистларга интервью берган Сапо полвон: "Гавда туяда ҳам бор. Бироқ уни шер бир ҳамладаёқ яксон қилади”, деб рақиб (рус) полвонларини ерга уради. Шу боис бўлса керак, мусобоқа ташкилотчилари Сапо полвонга рақиб сифатида, унга нисбатан анча оғир ва девқомат, бирнеча бор СССР чемпиони, жаҳон чемпионатининг кумуш совриндори бўлган машҳур полвон – Николай Калеткинни ўртага туширишади. Кураш бошланмасданоқ (полвонлар қўл беришиб саломлашмасданоқ) Калеткин (ғирромлик қилиб), Сапо полвоннинг ногирон оёғига қаттиқ тепади. Бундан дарғазаб бўлган Сапо полвон, унинг бўйнидан тутганича, шиддат билан бураб, бўйнини синдириб юборади. Шу тариқа Сапо полвон мусобоқалардан четлаштирилган бўлсада, Ўзбекистонга қаҳрамон сифатида қайтади. "Семизликни қўй кўтаради”, деганларидай, бунчалар шухрат, бойлик ва эътиборни айримларига ўхшаб, Сапо полвон ҳам кўтараолмайди. У ичкиликка ва безориликка ружу қўябошлайди. Катта ариқнинг бўйидаги йўлдан маст ҳолда, ЗИМ машинасини миниб келаётганида, йўлда эри билан келаётган чиройли аёлга дуч келади ва уни зўрлаб машинага солади. Унинг эри хотинини қутқариш учун жон ҳолатда Сапо полвонга ташланади. Ҳалиги одамни бир қўли ва бир оёғидан тутиб, боши узра гир айлантиради-да, эни 7-8 метр, чуқурлиги 2-2,5 метр келадиган ариқнинг нариёғига отиб юборади. Агар йўлда ГАИ ходимлари учраб қолса, уларни ушлаб олиб, йўлнинг четидаги ариққами, зовургами улоқтиравераркан. Унинг бундай безорилиги учун жабрланганлар талаби асосида прократура ва милиция бирнеча бор қамаб юборишга ҳаракат қилишган. Бироқ ўша даврдаги Хоразм вилояти Обком секретари (Ҳокими) Шамсутдинов доим уни ҳимоя қилган.
ХХ-аср бошларидаги Хоразм полвонлари
Ўнгда – Хоразм бош полвони – Қаландар полвон.
Сапо полвоннинг мухлиси ва ҳимоячиси бўлган Шамсутдинов Сурхондарёга Обком (Ҳоким) бўлиб кетган зохатиёқ уни безорилиги учун тутиб қамашга бақувват милиционерлардан юборишади. Бироқ буларнинг ҳар бирини ҳар томонган отиб юборади ва уларнинг кўплари майиб бўлиб қолади. Кейин уни тутишга бутун бошли махсус рота (30-40 милиционер) жалб қилинади ва ҳар томонидан арқон ташлаб зўрға босишади уни. Ўша замонларда колония (турма)ларнинг норасмий (ички) хўжайинлари вор закон(Босс)лар бўлиб, махбуслар колония бошлиғига бўйсунмасаларда ўша Боссдан қаттиқ қўрқишган. Чунки Босснинг биргина ишораси билан, унинг одамлари истаган бир махбусни (ҳатто турма ходимларини ҳам) майиб қилиб ташлашлари, ҳатто ўлдириб юборишлари ҳеч нарса бўлмаган. Колония бошлиғи Боссдан Сапо полвонни "синдириб” (қўрқитиб) беришни илтимос қилади. Натижада Сапо полвон карантиндан чиқар-чиқмас, жуссаси кичигроқ вор закон (Босс) ўзининг 30-40 ёрдамчилари билан уни ўраб олишади ва "синдириш” учун турли томонидан тепиб, урабошлашади. Қорнига тепаётган Босснинг икки оёғидан тутади-да, у билан ўзини ураётган Босснинг ёрдамчиларини уракетади. Шу тариқа босс билан нафақат унинг отрядини, ҳатто уларни ажратишга (тўғрироғи Босснинг отрядига ёрдам беришга) келган 5-6 турма офицерларинида уриб қулатади. Улардан айримлари мажрух бўлиб қолади, калтак сифатида ишлатилган Босс эса аллақачон ўлган бўлади. Турмадаги бу тўполони учун Сапо полвонни зонада яна суд қилишади. Судга олиб борганда унинг икки қўлини олдинга қилиб, пўлат кишан (наручник) солишади. Суд залида соқчилардан кимдир унинг жиғига тегади. Шунда Сапо полвон қаттқ асабийлашиб, қўлларига солинган кишанни узиб юборади. Буни кўрган соқчилар эса 4 томонга қараб қочишади. Натижада Сапо полвонга яна бирнеча йил қўшиб беришади ва жисмоний ҳолсизлантирадиган ҳамда қўрқинч ҳосил қиладиган махсус уколлар қилишади. Ўрни келганда айтай, қўлига солинган кишанни узиш ҳолати 2000 йилларда Боғот милициясида ҳам рўй берган. Боғотнинг Боссларидан бири ҳисобланмиш (Немми қора) Неъмат Жуманиёзовни безорилиги учун тутиб милицияга оборишади ва қўлини олдинга қилиб кишанлашади. Унинг қўли кишанли эканидан фойдаланиб жиноят қидирув ходимлари уни урабошлашади. Шунда Немми қора наъра тортганича қўлидаги кишанни узиб юборади. Сапо полвон турмадан қўлтиқтаёқ билан юрадиган ҳолатда келади. Аввалги маишат ва эҳтиромлар йўқ. Ҳатто иқтисодий жиҳатдан ҳам кўп қийналади. Ўз вақтида қўшнилари ва бошқа кўпчиликка озор бергани учун у ҳалқ назаридан қолган бўлсада, полвон (спорт)севарларнинг кўпчилиги унга ҳайрхох сифатида қолади. Шундай хайрхохлардан бири мен ҳам эдим. Менинг полвонларга нисбатан эътиборли эканимдан хабар топган Сапо полвон, мен Боғот совхозида директор бўлиб ишлаганда менинг олдимга кўп келган. Ҳар келганида қуруқ қайтармасдим – гуруч, мева, пул бериб юборардим. Қамоқда рухий ва жисмоний ҳолсизлантирадига уколлар урилгани, зонадаги шароитининг эса абгорлиги сабаб, қўлтиқтаёқда юрадиган ногирон бўлиб келган бўлсада, лекин қўлларнинг ҳалиям кучли эканлиги билиниб турарди. Бир куни: "Сапо ака, эшитган экансиз, мен ҳам кичигроқ полвон эдим ёшлигимда. Менинг қўлимни қисинг кўрай-чи”, дедим. Шунда у: "Ёшулли, биронта темир келтиринг, шуни қисиб кўрсатай”, деди.
Мен совхоз спорт клубидан қўлнинг қисиш кучини ўлчайдиган пўлат усканани олдириб: "Полвон ака, мана шуни охирги шкаласигача қиса олсангиз битта қўй бериб юбораман”, деб унинг қўлига бердим куч ўлчагични. Уни забардаст кафтига жойлади-да: "Ё Полвон пир!”, деб шундай қисдики, ҳалиги куч ўлчагич синиб кетиб, унинг қўлини кесиб юборди. Шунда мен унга 2 та қўй бериб юборгандим.
Сапо полвон. 1990, Хоразм 1990 йил августа, катта ўғлим Ойбекнинг хатна тўйи муносабати билан, элга катта тўй бергандим. Озроқ полвонсифат, кўпроқ полвонпараст (полвонлар хомийси) бўлганим боис, бу тўйга Хоразм воҳаси (Хоразм, Қорақолпоғистон, Туркманистон)да танилган 62 та полвон келган. Ўшанда бош байроққа катта ҳўкиз қўйилганди ва уни ўша даврдаги Хоразм воҳаси бош полвони – Роззоқ полвон ютганди. Ўша тўйга 70 ёшдан ошган Сапо полвон ҳам қўлтиқтаёқда ташриф буюрган. Полвонлар мусобоқаси охирига яқинлашганда, кутилмаганда Сапо полвон: "Курашга мен ҳам тушаман”, деб тўполон қилиб қолди (Суратда айнан ўша дақиқалар муҳирланган). Қўлтиқтаёқда юрадиган одам қандай курашга тушар экан, деб барча ҳайрон. Сапо полвон қўлтиқтаёқда шиддат билан кураш майдонининг қоқ ўртасига бориб, таёқларини ҳар томонга улоқтирганича чўккалаб ўтирди-да: "Истаган полвон келсин, чўккалаб кураш тушишга, мен билан”, деб ҳайқирди. Полвонлар мусобоқасини бошқараётган ҳакам – Хоразмнинг собиқ бош полвони - Садулла полвон: "Иккинчи давра бош байроғи учун, Сапо полвон билан чўккалаб ўтирга ҳолда, кураш тушадиган талабгор, кураш майдонига чиқсин!”, деб эълон қилди. Мингдан ортиқ тўй иштирокчиларинг нигохи "Ким чиқа олар экан?”, деган ҳаёлда майдонга қадалган эди. Сапо полвоннинг довруғи, айниқса қўлларининг ғоятда кучли эканлиги сабаб биронта полвоннинг юраги бетламади, майдонга тушишга.
Шу тариқа қўлтиқтаёқда юрадиган (ногирон), 73 ёшли Сапо полвон, 1990 йилнинг бош полвони сифатида байроқдор бўлган эди, ўшанда.
|