"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Шатранж (шахмат) ҳақида мухтасар
Ахмад ҳожи Хоразмий
 
Шатранж (шахмат) ҳақида мухтасар
 
          Шахмат (шатранж) – ўйинлар шохи (ёки Шохлар ўйини) бўлиб, шахмат тахтасидаги кураш – ақиллилар (ёки ақллар) кураши ҳисобланади. Шахмат – фикрлашни, ақлни ривожлантирувчи (ўткирловчи) ўйин. Бироқ бу ўйин – мўъжизакор ва ўзига хос бир илм, ижод ва санъатдир.
          Шахмат (шатранж) биринчи бор Ҳиндистонда пайдо бўлиб, Перцияга, ундан бутун ислом оламига кириб борган. Шахмат сал кам 1400 йилдан буён изчил ўйналади. Бироқ у эрамиздан олдинги минг йилликларда ҳам бўлгани маълум.
           Шахмат Ҳиндистонда пайдо бўлган бўлсада, унинг ривожи ва камолати ислом оламида юзага чиққан. 8 – асрнинг буюк шахматчилари Муҳаммад бин Сирин, Саид бин Жудаир, Хишом бин Урвалар бўлиб, улар кўзи боғланган ҳолда, ўнлаган кучли шахматчилар билан бир пайтнинг ўзида ўйнаб (сеанс бериб) ғолиб бўлганлар ва мўъжиза деб тан олинганлар. Хишом бин Урванинг набиралари – Сафия, Айша, Убаидалар ҳам ўз замонасининг етук шахматчиларидан бўлишган.
         Шахмат тарихидаги биринчи катта мусобақа (чемпионат) 847 йилда, халифа ал-Мутаваккил иштирогида, буюк шахматчилар: ал-Адли ва ар-Розий ўртасида бўлиб ўтган. Буларнинг ҳар бири шахмат ҳақида китоб ёзиб қолдирганлар. Бу даврдаги шахмат доскаси ва доналари ҳозиргидан фарқ қилмаган. Бироқ айрим дона (фигура)ларнинг ҳаракат тарзи ва имконияти ҳозиргидан озроқ фарқ қилган.
Сурат-1. Шатранж - Шахмат
8-9 асрларда, ислом оламида шахмат шу даражада оммалашганки, ҳатто халифаларнинг ўзлари ҳам яхши шахматчилар бўлишган. Сарой мулозимларини, ўлка ҳокимларини ишга тайинлашда ҳам уларнинг шахмат ўйнаш қобилияти ҳисобга олинган.
       Мавзудан лирик чекиниб. Бу даврдан минг йилдан купроқ ўтиб, (ХХ-аср охирида) теннесни хуш кўрадиган Ўзбекистон ҳукмдори ҳам ўз мулозимларига теннес ўйнашни шарт қилиб қўяди. Бечора вазиру-ҳокимлар турсичан, қоринларини осилтиришиб: "Бунгада шукур, агар футбол ўйнайсанлар деса, ҳолимиз нима кечарди”, деганларича ўлиб-пишиб теннес ўйнадилар. Теннесни эплай олмаганлар, ўрнини теннесчиларга бўшатиб беришди. Лекин: "Ҳукмдоримиз ҳам қизиқ-да. Агар халифаларга ўхшагиси келган бўлса, бизга шахмат, ҳеч бўлмаса шашка ўйнатмайдими. Буларнида эплай олмасак "Козёл!”, деб дамино ўйнашнику эплардик”, деб нолиб юришади.
       8-асрда, машҳур Аббосий халифалардан бўлмиш Хорун ар-Рашид, ҳар галгидай, ўзининг гўзал ва шаддод рафиқаси билан шатранж ўйнайди. Ўйин шарти бўйича, ғолиб мағлубга ўз шартини қўяди. Мағлуб буни сўзсиз бажариши лозим. Бу гал, халифа ютади ва рафиқасининг энг ёқтирмайдиган нарсаси – қуёш жазирамасида бир соат туришни шарт қилади.
         Малика қуёш жазирамасида турганича, дақиқалар санай бошлайди... Шартдаги белгиланган вақтнинг ярми ҳам ўтмай, маликанинг ахволига халифанинг рахми келиб, шартдаги қолган муддатидан воз кечади ва маликани ичкарига таклиф қилади. Шаддод малика халифанинг ялинганигада қарамай, халифанинг мурувватидан воз кечиб, катта чидам билан шартдаги белгиланган муддатни туриб беради.
          Навбатдаги ўйин бошланади ва ниҳоят бу гал омад маликага кулиб боқади. Халифа (Султон) бўлса қўл қовуштирганича, маликанинг шарти(жазоси)ни кутади. 
       Ошхонада идиш-товоқ юваётган ва ошхона иссиғидан бўрсиқдай бўлиб кетган, кўримсиз хизматкор (оқсоч)ни, халифанинг ёқтирмаслигини яхши биладиган малика уни чақириб, халифага унга ҳозироқ уйланишни амр қилади. Халифа қанча ялиниб-ёлвармасин, шаддод малика ўз сўзидан қайтмайди. Ва ниҳоят халифа бу хизматкорга уйланади.
      Шундан бир йил ўтар-ўтмас, малика ўғил кўради, унга ал-Амин дея исм қўйишади. Кўп ўтмай халифа, ошхона хизматкори бўлган хотинидан ҳам ўғил кўради ва унга ал-Маъмун, деб исм қўйишади. Ал-Амин онаси - маликанинг олдида, тўкин-сочин ҳаётда, меҳнатсиз ўсади. Ал-Маъмун ҳам хизматкор онасининг одида – меҳнатда, хизматкор ва ҳарбийлар ичида улғаяди.
        Шахзодалар балоғат ёшларига етишганида, меҳнатсеварликда, ақиллиликда, ботирликда, ишбилармонликда ва раҳбарлик қобилиятида ҳам ал-Маъмун ал-Аминдан устун эканлиги кўзга ташланади. Шу боис халифа тахтга ворис қилиб ал-Маъмунни танлайди.
          Бироқ шаддод малика ал-Маъмунни халифаликнинг узоқ бир вилояти – Мерв (ҳозирги Туркманистон республикасининг Мари шаҳри)га ҳоким қилиб юборилишига, ўз ўғли, ал-Аминни эса тахт вориси, деб эълон қилинишига эришади.
         Ал-Маъмун Мервга келганидан кейин, бу ўлкада турли хил низоларга чек қўйилади. Қурилиш, илм-фан гуркираб ривожланади. Мервга Хоразм(Хива)дан ал-Хоразмий ва унинг шогирдларини, Фарғона водийсидан Ахмад ал-Фарғоний бошлиқ олимларни, қўйингки, ўзи ҳукмрон бўлган ўлка(Мавораннаҳр ва Хуросон)даги барча кўзга кўринган илм соҳибларини тўплайди. Бу ерда жаҳонга машҳур тадқиқот, кашфиёт ва ихтиролар қилинади. Шу тариқа, Мерв ал-Маъмун ҳомийлигида жаҳон илм-фан бешикларидан бирига айланади.
         Хорун ар-Рашид тахтига ворислик қилган ал-Амин, қисқа вақт ичида халифаликни парокандаликка олиб келади. Натижада ал-Маъмун Бағдодга чақиртирилади ва тахтни эгаллайди. Бағдод халифаси ал-Маъмун Мервдан ал-Хоразмий бошлиқ кўпгина олимлар (Аҳмад Фағоний, Хабаш Хасиб Марвазий, Абул Аббос Жавхарий ва бошқалар)ни Бағдодга таклиф қилади. Ва шунингдек халифалик ҳудуди (ислом олами)даги кўпчилик олимларни ҳам Бағдодга тўплайди.
Сурат-2. Буюк энциклопедист-олим, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмий
       Бағдодда, ал-Хоразмий бошчилигида, шарқнинг биринчи Академияси – Байт ул-Ҳикма (донолар уйи) ташкил қилиниб, илм-фан ва инсоният цвилизациясига катта туртки бўлган тадқиқотлар амалга оширилади.
        Ўзи шахмат сабаб дунёга келгани учунми, ал-Маъмун ислом оламида шахмат ривожига катта эътибор берган ва ўзи ҳам отаси Хорун ар-Рашидга ўхшаб кучли шахматчилардан бири бўлган. Ал-Хоразмий ва Байт ул-Ҳикманинг бошқа олимлари ҳам шахмат мусобақаларида иштирок этиб туришган.     
         Айрим маълумотлар бўйича, ал-Хоразмий шахматга программа (математик модель) ҳам ёзган. Афсуски, унинг кўпгина асарлари каби, у рисола ҳам бизгача етиб келмаган.
        Эътибор берган бўлсангиз, аввало Аллоҳнинг иродаси, қолаверса шатранж (шахмат) ҳам сабаб, ал-Маъмуннинг дунёга келиб, унинг ҳомийлигида ва ал-Хоразмий раҳбарлигида илм-фан ривожланиб, жаҳон цвилизациясининг тезлашиши, шахматнинг мўъжизаси эмасмикан?!
            Шахмат даҳолари ҳақида
        Қадим замонлардан шу бугунгача, бизга маълум бўлган буюк шахматчилардан: Муҳаммад бин Сирин, Саид бин Жудаир, Хишом бин Урва, Александр Алёхин, Бобби Фишер, Гарри Каспаров, Нигел Шортлар шахмат даҳолари сифатида эътироф этилган.
        Александр Алехин ва унгача бўлган, юқорида номлари зикр қилинган араб (ислом) шахматчилари ўнлаган кучли шахматчилар билан бир вақтнинг ўзида, кўзларини боғлаб ўйнай билганлар ва шахмат генийлари, деб тан олинганлар.
Сурат-3. Биринчи жахон чемпиони, Вильгелм Стаиниц
     Замонавий шахмат бўйича жаҳоннинг дастлабки чемпионлари: Вильгелм Стаиниц (1886-1894), Эмануел Ласкер (1894-1921), Лозе Раул Капабланка (1921-1927), Александр Алехин (1927-1935 ва 1937-1946) лар бўлишган.
        Замонавий шахмат тарихида А.Алехиннинг ўрни алохидадир. У 1892 йил, Москвада, аристократлар оиласида дунёга келади ва 1946 йили, чемпионликни бермай оламдан ўтади. У ичимликни хуш кўрган. Ароқнинг касофати туфайли 1935 йилда чемпионликдан ажралган (ютқазган). Кўп ўтмай (1937 йилда) жаҳон чемпионлигини қайта қўлга киритиб, шахмат тарихида, ҳали ҳеч ким қилаолмаган ишни қилади (Сурат-4).
         Шахмат бўйича (ичувчилик бўйичада) А.Алехиндан кейин турадиган гений, жаҳоннинг 11-чемпиони Бобби Фишердир (Сурат-5). У 1943 йилда Американинг Чикаго штатида туғилади ва 2008 йилда Европада вафот этади. У ўзининг хурмача қилиқлари билан ҳам танилган.
         1985 йилги жаҳон чемпионатида, Анатолий Карповга қарши ўйнаши (ўз чемпионлик титулини ҳимоя қилиши) учун шахмат федерацисининг олдига 16 пунктдан иборат хурмача (ахмақона) шартларни қўяди. Федерация ва А.Карпов унинг 15 та шартига рози бўлишади ва фақат ҳеч бир чегарага сиғмайдиган биргина шартини қубул қилиша олмайди. Бу эса Б.Фишернинг мусобақани рад этишига сабаб бўлади. Шу боис шахмат федерацияси чемпионликни Фишердан Карповга олиб беради.
           А.Алехин ва Б.Фишернинг шахматдаги ва шахсий ҳаётидаги фаолияти улар тўғрисидаги: "А.Алехин – тўла маънодаги гений ва ярим маънодаги алкаш, Б.Фишер – ярим маънодаги гений ва тўла маънодаги жинни (хурмача қилиқли)”, деган мақолсифат сўз (баҳо)нинг пайдо бўлишига сабаб бўлган.
Сурат-4. 4-Жахон чемпиони Александр Алехин
       Шахмат даҳолари, деб эътироф этилган буюк шахматчилардан иккитаси: Жаҳоннинг 13-чемпиони Г.Каспаров ва бирнеча бор буюк Британия ва Европа чемпионлари Н.Шортлар бизнинг замондошларимиз ҳисобланади.
        Гарри Каспаров (Сурат-6), 1953 йилда, аввалги СССРнинг Боку шаҳрида туғилган. Онаси армани (Каспарян), отаси – яҳудий (Вайнштейн) бўлган. У 12 ёшгача Гарри Вайнштейн бўлиб яшаган. Отаси ўлганидан кейин, онаси уни ўз фамилияси (Каспарян)га, яна кейинроқ эса, ўғлининг шахматдаги каръерасини ўйлаб, унинг фамилиясини Каспаров (русча) қилиб ўзгартиради. Гарри Каспаров шахмат тарихидаги энг ёш (22 ёшда) жаҳон чемпиони бўлган.
         Кейинчалик сиёсий (мухолифатчи) фаолият билан шуғилланган. Шахмат тарихидаги саноқли (Г.Каспаров, Н.Шорт, Ш.Ананд) кишиларгина ўспиринлик ёшидаёқ гройсместер бўла олганлар. Г.Каспаров бир вақтнинг ўзида ҳам ФИДЕ ҳам ПША (Жахон Профессионал Шахматчилар Ассоциасияси) чемпиони бўлган.
          Замонамизнинг яна бир буюк шахматчиларидан бири - Нигел Шорт (Nigel Short) ҳисобланади. У 1965 йили Буюк Британиянинг Ланкашир (Lancashire) графлиги, Лей (Leigh ) шаҳрида дунёга келади.
          Жуда ёшлигидаёқ шахмат ўйнашни бошлайди. Ҳали 10-11 ёшлигидаёқ кўзга кўринган шахмат усталарини ютиб одамларни лол қолдиради. Ўспирин пайтида Виктор Корчной сингари дунёнинг энг кучли шахматчиларини ютиб гройсместер унвонига эга бўлади (Сурат-17).
         Н.Шорт бирнеча бор буюк Британия ва Европа чемпионлигини қўлга киритади. Шахмат каръераси давомида 1500 яқин ўйин ўйнаб, мутлоқ кўпчилигида ғалабага эришган. Шахмат назарияси, стратегияси ва тактикаси бўйича қатор китоблар муаллифи.
Сурат-5. 11-Жахон чемпиони Бобби Фишер
         Н.Шортнинг ташаббуси билан 1993 йилда, ФИДЕ (Жахон шахмат федерацияси)га мухолиф бўлган янги бир ташкилот - ПША (жахон профеционал шахматчилар ассоциацияси)га асос солинади. Бу ташкилотга Г.Каспаров, Н.Шорт, Ш.Ананд, А.Карпов, Я.Тимман, А.Белявский, М.Адамс, В.Корчной, В.Иванчук, А.Широв, Крамник, Топалов, Апонян, Леко каби жаҳоннинг энг кучли профнционал шахматчилари киритилади.
        1993 йилда ПША бўйича дунё чемпионати ўтказилади. Жахоннинг ўнлаган шахматчилари иштирок қилаётган бу чемпионатда Н.Шорт, Я.Тиманни, собиқ жахон чемпиони А.Карповни, бўлғуси жахон чемпиони Ш.Анадни ютиб финалда, ўша пайтдаги жахон чемпиони Г.Каспаров билан учрашади (Сурат-18).
        Вильгелм Стаиниц, Акиба Рубенштейн, Раул Капабланка, Арон Нимсович, Тигран Пертосян, Анотолий Карпов, Нигел Шортлар жахоннинг энг кучли шахмат стратеглари, деб эътироф этилган.
          Буларнинг таълимоти бўйича шахматчида чидамли(сабрли)лик, вақтинчалик муваффвқиятлардан эсанкирамаслик, муваффақиятсизлик олдида довдирааслик, рақибга пеписанд қарамаслик, каби ҳислатлар юқори бўлиши лозим.
         Шахмат ўйинида статик (доимий) ва динамик (тактик) имкониятни ва шохни яхши ҳимоялашни таъминлаш лозим. Шахмат доналари ҳаракати ва бир-бирининг ҳимоясига эътибор қаратиш керак.
         Шахмат стратегиясининг роли қуйидаги бирнеча статик имкониятни ҳосил қилишдан иборат:
- Кўпроқ материал (куч) имкониятни ҳосил қилиш,
- Доналарнинг қулай ҳаракатини таъминлаш,
- Пиёдаларнинг оптимал жойланишини ҳосил қилиш,
- Доналар ҳаракати билан кўпроқ майдонни банд қилиш,
 - Шохнинг (айниқса лакировкадан кейин) позициясини ҳимоя қилиш.
Мен шахматчи эмасман, лекин...
        Мен шахматчи эмасман, лекин ман-ман, деган шахматчиларни ютиб доғда қолдирганимга, ўзимнинг ҳам ишонгим келмайди. Майли, бу ҳақда кейинроқ, ҳозир эса бир бошдан:
        Ёшлигимда спортнинг кўп соҳаларига қизиққанман ва айрим пайтлар яхши натижаларгада эришганман. Ўрта мактабда ўқиган кезларимда 5,4 м узоқликка, 1,7 м баландликка сакраб рекорд қўйганман. Футболда "Темир дарвозобон”, курашда "Ахмад паҳловон” дейилардим (Сурат-10).
Сурат-6. Жахоннинг FIDE (13-чи) ва PCA бўйичаги чемиони Гарри Каспаров
          Эсимда йўқ, кимнингдир таъсирида, 1960 йиллардан кейин, Хоразмда шашка ўйини ривожланиб кетди. 1965-1970 йилларда районимизда математика ўқитувчиси Фарход Жобборов, Тўра сартарош, синфдошим Отаназар Аминов, Азим сартарош каби, кучли шашкачилар пайдо бўлди.
Мен шашка бўйича район чемпиони сифатида вилоят мусобоқаларида нуфузли ўринларни ҳам олиб, шашка бўйича 1- разряд соҳиби бўлганман.
       Шахмат мураккаб ва узоқ давом этгани учунми, районимизда шахматчилар йўқ даражада эди. Вилоятда эса, бир-иккита корейс шахматчилар бўларди, холос.
       Талабалик йилларим (1967-1972)да пахта терими ва ўқув практикаларига чиққанимизда, озроқ шахмат ҳам ўйнаб турардик.
Сурат-7. 14-Жахон чемпиони Вишваназан Ананд
         1972 йилдан, Ботаника институтида илмий ходим бўлиб иш бошлаганман. Бу ердаги олимлар ичида шахмат ўйнайдиганлари кўп эди. Илмий экспедицияларга чиққанда, айниқса пахтада, ярим кечасигача шахмат ўйнардик. Булар ичида энг ёмон ўйнайдигани мен эдим. Ким ютқазиб кайфияти тушган бўлса, келиб мени ютиб, кайфиятини кўтариб оларди. "Қўрқоқни ураверсанг, ботир бўлар”, деганидай 2-3 йил ичида, институт шахматчилари ичида зўрларидан бирига айландим.
         Ҳатто директоримиз, академик Жўра Камолович Саидов ҳам (ўзи ўйнамасада) шахматга қизиқарди. Шунинг учун бўлса керак, 1976 йилда, Ўзбекистоннинг биринчи гройсместери Мухитдиновнинг шогирдларидан бирини ўзига хўжалик ишлари бўйича ўринбосар қилиб ишга олганди.
         1976 йилда институтимиз ходимлари Сирдарё вилоятининг "Боёвут” совхозида пахта теришди. Мен илмий экспедициядалигим боис, пахтага икки ҳафтача кейинроқ бордим. Мен келгунча шахмат бўйича роса кўп ўйинлар бўлган. Мухитдиновнинг шогирди бўлмиш директор ўринбосари – Мирза ака, шахмат бўйича СССР спорт мастери бўлиб, шахматни текинга ўйнамас экан.
Сурат-8. ФИДЕ бўйича 2004 йилги жахон чемпиони, Рустам Қосимжонов
        Ҳар ўйинга рақиби 25 сўм тикса, ўзи 50 сўм тикиб, сал кучсизроқ шахматчилар билан эса, битта фигурасинида олиб қўйиб ўйнар экан. Бир неча бор сеанс (бир варакайига 20-25 одам билан ўйнаш) ҳам ўтказган экан. Бундай номдор шахматчи билан ўйнашнинг ўзи шараф бўлганлигиданми, ҳатто Сирдарёлик кўп маҳаллий шахматчилар ҳам пул тўлаб у билан шахмат ўйнашган. Лекин бирон одам уни юта олмаган.
         Мен пахтага борган захоти, институт ходимлари Мирза ака билан беллашиб кўришни даъват қилишди. Мен эса: "25 сўм пулим қичиб (ортиқча бўлиб) тургани йўқ”, деб у билан у билан ўйнашга рози бўлмадим. Менинг Мирза ака билан ўйнашим учун 4-5 сўмдан пул йиғишиб, 25 сўмни тўплашди. Ўйин бошланди, тепамизда ўнлаб одамлар мухлислик қилишарди. Қизиғи шунда эдики, кўпчилик менга мухлислик қилишарди.
Сурат-9. Профессор ва талаба ўртасидаги бахо учунги мусобақа 
        Маълумки, яхши шахматчиларнинг барчаси ўйинни (оқ билан ўйнаганда) d7 даги пиёдани d5 га, ёки (қора билан ўйнаганда) d2 даги пиёдани d4 га суриш билан бошлайди. Мен эса кўпинча (оқ билан ўйнаганда) b7 даги пиёданиа b6 га, ёки ( қора билан ўйнаганда) b2 даги пиёдани b3 га суриш билан бошлайман. Шу боис шахматчиларнинг кўпи мени: «Детский ход қилади», деб устимдан кулишарди ва кўпинча ютқазишарди.
         Мирза ака билан ҳам ўйинни шу тариқа бошладим. У менинг юришимга ишора қилиб: «Бу йигитча юришнида тузукроқ билмайди-ку», дея мухлисларга юзланди. Мухлислар эса: «Унинг юришини нима қиласиз, ютиб пулингизни олавермайсизми», дейишди.
 
Сурат-10. Ахмад пахлавон спорт чиқишларида
         Мирза ака мен билан мутлоқа беписанд ўйнади. Бу ҳам етмаганидай: «Бобби Фишер манашунақа ўйнайди», дея чекаётган беломорканалининг тутунини атайлаб менинг юзимга пуфларди. (Б.Фишер ўзининг хурмача қилиқлари билан рақибини мазах қилиб, уларнинг асабига тегар экан).
          Кўп ҳам ўтмай, эътиборсизлиги натижасида, битта фигура (фил)ни бой берди. Мухлисларга жон кириб қолди, мен эса дадиллашдим. Мирза ака кучсизроқ шахматчиларга ишора қилиб: «Манабулар билан ўйнаганимдаги битта фигурани олиб ташлаганимдай гап-да», деганича папиросининг тутунини юзимга қаттиғроқ пуфлаб юборди.
         Яна бироздан кейин, битта пиёдасини бой берди. Мухлислар чапак чалиб юборишди. Директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари, Ғоффор Рахимов директор ётган хонага қараб чопди. Бу пайтда директоримиз академик Ж.Саидов шамоллаб қолганлиги боис ва Мирза барибир ҳаммани ютади, деб шахмат ўйинига мухлислик қилмаётган эди.
          Ғоффор ака борасолиб: «Домла юринг, Хоразмий Мирза аканинг думини гажак қилаяпти», деган. Ўтган йилги пахтада, шахмат ўйнаётганимизда, домла (диретор) тепамизга келиб: «Ахмаджон, ютқазаяпсизми?» деб қолди. Шунда мен: «Ютқазиш қаерда, бунинг думини гажак қиламан ҳозир», деб юборибман. Шу-шу, домла мени қаерда кўрса: «Қани, думини гажак қилаяпсизми?», деб ҳазиллашарди.
          Домла ҳам келиб: «Бўш келманг!», дея менга мухлислик қилабошлади. Бундан менинг кайфиятим янада кўтарилди, Мирза ака бўлса асабийлаша бошлади. Натижада яна битта пиёдасини бой берди. Мухлислар чапак чалиб, қийқириб юборишди. Мирза ака: «Жим бўлинг, галварслар!», деб уларга бақириб берди.
Сурат-11. Тошкент Агро-иқтисодиёт коллежидаги мусобақалар жараёни
           Мирза ака доналар орасидаги фарқни камайтириш (пиёда ёки фигура ютиш) мақсадида турли томондан ҳужумга ўтиб, шохнинг ҳимоясини сусайтириб юборди. Мен бундан фойдаланиб от билан шох эълон қилдим. Менинг бу юришимдан у мот бўлмасада, отим шох билан ферзисига вилка бўлиб тушганди.
          Спорт мастери бўлиш тугул, гройсместер бўлганида ҳам, отга ферзи алмашганидан кейин, унинг юқазиши аниқ эди. Мухлислар қий-чувлашиб мени қутлашарди. Домла эса: «Э, Мирзанинг думи гажак бўптию!», деб қарсак чалиб юборди.
          Нима қилишини билмай қолган Мирза акага: «Мен, шох дедим», деб эслатдим. Мирза ака юриш ўрнига, шиддат билан ўзининг шохи ва ферзисини қўлига олдида: «Мана, сенга шох!», деганича менинг оғзимга туширди. Лабларим ёрилиб, оғзимдан қон оқа бошлади. Ва бу менинг ХХ-асрдаги охирги шахмат ўйиним бўлиб қолди...
         Тағдир тақозаси билан Мозамбик (Африка)да ва Хоразмда ишлаган кезларим (чорак асрдан кўпроқ вақт мабойни)да шахмат ўйнашга шароит ва имкон бўлмаган.
        Тошкнт Давлат Аграр Университетида ишлаган даврларим (2002-2004)да, яна шахмат ўйнаш насиб этган. Университет биринчилигида ҳам иштирок қилганман.
         Спортчи-талабалар ҳар йили ёзда Республика спорт-олимпиада ўйинларига кетар эдилар. Шу муносабат билан имтихон сессияси бошланмай спортчи-талабалар имтихон топширишга рухсатнома кўтариб келар эдилар. Бундай талабалар кўпинча тегишли таёргарликсиз келишарди. Ректоратдан бўлса: «Илтимос, шуларга ижобий баҳо қўйиб беринглар. Шунда Университетимиз шарафини яхши кайфият билан ҳимоя қилишади», деб илтимос қилишарди. Буларга кўпчилик домлалар сўкиниб-қарғаниб «3» қўйиб беришарди. Ўзим ҳам спортчи бўлганим учунми, мен уларга «4» қўйиб берардим.
 Сурат-12. Коллеж ва Стокпорт шаҳри чемпиони, А.Хоразмий чемпионлик соврини (компутер)билан, 2006
         Шундай кунларнинг бирида битта ушоққина қиз имтихон топшириш учун олдимга келди. Мен унга тикилиб: «Сен ҳам спортчимисан?», дедим. У шахматчи эканлигини айтди. Мен унга: «Мен билан шахмат ўйнайсанми? Мени ютаолсанг «5», агар ютқазсанг «3» қўйиб бераман», дедим. Агар дуранг бўлсачи, деди талаба. Агар дуранг қилаолсангда «5» қўяман, дедим. У қиз дарров рози бўлди. «Ўзи муштдай бўлсада, довюрак экан бу қиз», деган фикр ўтди миямдан.
          Ўйиннинг ярмига борганда унинг кучли шахматчи эканлигини сезабошладим ва кўпроқ доналарни алмаштириб шахмат доскасини сийраклашга тушдим. Ўйиннинг охирига бориб сон ва сифатда тенг бўлсакда, унинг позицияси анча яхши эди. Шу боис охиригача ўйнаш мен учун нохушлик келтиришида мумкин эди.
         Мен унга: «Сон ва сифат бўйича теппа-тенгмиз, майли, дуранга розиман», дедим, худдий ўзимни унга мурувват кўрсатаётгандай кўрсатиб. Рақибим муғомбирона илжайиб: «Домла, охиригача ўйнайверайлик», деди. Мен «шошаётганим»ни рўкач қилганимдан кейин дуранга келишдик ва у «5»ини олиб кетди.
Сурат-13. Стокпорт мухожирлар маркази (клуби)даги шахмат мусобоқаларида
       Кейин эшитсам у қизча Университетнинг олд шахматчиларидан бири бўлган ректор (Х.Ч.Бўриев)нида ютиб, ундан ҳам бир нарсалар ундирган экан. Аёллар ичида Республикада танилган шахматчилардан бири ҳам экан.
          2005 йилда Тошкент Агро-иқтиодиёт коллежида декан бўлиб ишлаганман. Қисқа вақт ичида коллежда шахматга қизиқувчилар сони 3 марта кўпайди. Бир сўз билан айтганда коллеж раҳбариятидан қоравулигача, барчаси шахматчи бўлиб кетишди. Тонг саҳаргача шахмат ўйнаб қолган вақтларимиз ҳам кўп бўларди (Сурат- 11).
        Тағдир тақозаси билан 2005 йил ноябридан буюк Британиянинг Стокпорт шаҳрида яшай бошладим. Инглиз тилини ўрганиш учун бу шаҳардаги энг катта ўқув даргохи бўлмиш, Стокпорт коллежида ўқийбошладим.
 Сурат-14. Шахмат бўйичаги оилавий чемпионат
          2006 йилнинг охирда, шахмат бўйича, коллеж ва шаҳар биринчилиги учун мусобақа ўтказилди. Бунга мен ҳам қатнашдим ва финалга етиб бордим. Финалда коллеж ва Стокпорт шаҳрининг кўп йиллик чемпиони, шу коллеж директорининг ўринбосари, (John Wilkinson) Жон Вилкинсон билан беллашадиган бўлдик.
           Финал учрашувини бутун коллеж аҳли томоша қиларди. Мухлисларнинг деярли барчаси рақибимга болет қилишарди. Менга эса, фақат мен билан бирга ўқийдиган курсдошларим ва ESOL курсининг айрим ўқитувчилари (15-20 тача одам) мухлислик қилишарди. Шунда биринчи бор мухлислар қўллови рақибимга катта далда бўлганини сезганман. Бироқ Аллоҳнинг қўллови устун келиб, финал учрашувида мен ғолиб бўлдим.
          Коллеж директори Петер Робертс (Peter Roberts) менга чемпионлик призи – шахмат программаси киритилган бутун бошли компутерни қарсаклар остида топширган (Сурат-12). Коллеж ва шаҳар газетасида: «Коллеж ва Стокпортнинг янги чемпиони», сарлавҳали мақола ҳам босилганди.
             2008 йил 21-мартда, туркийларнинг Навроз байрами тантаналарида иштирок қилиш учун, автобусда Лондонга отландим. Ҳамрохим 25-26 ёшлардаги Мартин Поп исмли инглиз йигити эди. Унингда шахматга қизиқиши, рус тилида ҳам бинойидай гаплаши, унинг билан янада яқинроқ бўлиб қолишимизга сабаб бўлди.
           Лондондан қайтгандан кейин кўп ўтмай Мартин бизникига меҳмон бўлиб келди. Тонг отгунча шахмат ўйнаб чиқдик. Шу тариқа у бизникига тез-тез келадиган бўлди. Бизнинг асосий машғулотимиз шахмат ўйнаш эди (Сурат-15). Тўғрисини айтсам, у шахматда мендан анча устунроқ эди.
 Сурат-15. Шахмат устаси Мартин Поп (Martin Pope) биланги мусобоқалар
        Кейин билсам Мартин салкам профессионал шахматчи экан. Бирнеча бор ўз шаҳри(Пендал)нинг чемпиони ҳам бўлган экан. Шахматнинг назариясини ва стратегиясини яхши билар экан. 13-чи жахон чемпиони Гарри Каспаров ўз китоббига, Мартинга шахматда муваффақият тилаб, ўз қўли билан дастхат ҳам ёзиб берган экан.
        Унинг айтишича, менинг шахматдаги асосий камчилигим, шахмат назариясини яхши билмаслигим, ситуацияларни таҳлил қилишда сабрсизлигим, кичкина йўқотиш олдида ҳам умидсизликка тушишим кабилар экан. Шундай бўлсада Мартинни 2:0 ҳатто 3:0 ҳисобида ютган кунларим ҳам оз бўлмаган. Шу боис бўлса керак, Мартин мени: «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматист», деб атарди.
 
  (Давоми кейинги саҳифада)
Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2011-01-05)
Просмотров: 3943 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 2.0/4
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 2
    Гостей: 2
    Пользователей: 0