"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Шатранж (шахмат) ҳақида мухтасар
  (Давоми, боши ўтган саҳифада)
 
Гройсместерлар биланги беллашув
 
           Тўғрисини айтсам, аввал гройсместерларнинг нафақат ўйинини, ҳатто ўзларинида кўрмаганман. А.Алёхин, Р.Фишер, Н.Шорт каби гройсместерлар ҳақида ўқиб, уларни шахмат борасидаги Худонинг бир мўъжизаси, деб билардим. Гройсместер бўлмаган одамларнинг сеансларда уларга қарши дона суришга юраклари қандай бетлаганини ҳеч ҳаёлимга сиғдира олмасдим.
          Мен яшайдиган шаҳарда, ҳар шанба куни соат 12 дан 2 гача, дунёнинг турли мамлакатларидан келган мухожирлар учрашиб, овқат еб, суҳбатлашиб, турли ўйинлар ўйнайдиган клуб (марказ) бўлиб, мен ҳам у ерга тез-тез бориб турардим.
         2007 йил ноябрь ойида, бу клубга бир соатча кечроқ бордим. Залда 40 ёшларидан ошган битта негр олдига шахматни қўйиб олиб: «Яна талабгор борми?», деганича рақиб кутарди. Мен кўпдан биладиган ва шахмат ўйнаб юрадиганларга: «Ўйнамайсизларми?», десам улар: «Биз ўйнадик, ҳаммамизни бир пастда ютди у. Балки сиз ютарсиз, ҳар қалай, сиз бизга қараганда анча кучлисизку», дейишди.
Сурат-16. Африкалик гройсместер Л. Ндҳлову (L. Ndhlovu) биланги мусобақа
      Ўйин бошланди. Мен шахматчилага хос бўлмаган юришни қилган захоти у менга тикилиб турди-да: «Аввал ҳам шахмат ўйнармидинг?», деди ва от бунақа юради, фил бунақа юради, деб тушинтира кетди. Бундан менинг бироз жаҳлим чиққан бўлсада, ўзимни босиб, индамадим.
        У мен билан мутлоқа беписанд ўйнарди. Фақат юриш гали келганидагина шахмат доскасига қарарди, бошқа пайтда газета ўқиб ўтирарди. Натижада кўп ҳам ўтмай, битта тўрасини бой берди. Бироқ бу йўқотишга у жидий эътибор бермади. Бироз ўтганидан кейин отини битта пиёда билан алмашишга мажбур бўлди.
      Барча одамлар келиб менга мухлислик қилабошлашди. Энди у газета ўқишни йиғиштириб, нигохини шахмат доскасидан узмайдиган бўлди. Энди у жуда кучли ўйнай бошлади. Шу боис,  мен позиция зарарига бўлсада, тўхтовсиз доналарни алмаштира бошладим. Шахмат доскасидаги доналар сийраклашган сари менинг ғалабам ойдинлашаборди ва ўйин тугамасданоқ у ютқазганини тан олди.
        Ҳамма мени табрикларди. Лекин рақибим шоша-пиша ўзининг ҳам менинг ҳам доналаримни доскага териб: «Мана, мен юрдим, гал сизники, юринг», деди. Мен ҳам унинг ўзига ўхшаб: «Шахмат деган нарсани аввал ҳам ўйнаб кўрганмидинг?», демоқчи бўлдим-у, андиша қилдим.
         Мен шошиб турганимни айтиб кетишга шайландим. У бўлса, ҳеч бўлмаса шу партияни ўйнайлик, деб ялиниб-ёлваришга тушди. Мен унга соат 2 да урашувим борлиги ҳақидаги қоғозимни кўрсатиб ва келаси шанба куни албатта ўйнашга ваъда қилиб, хайрлашдим.
Сурат-17. Ўспирин гройсместер (Н.Шорт) чемпионлик (халқаро) мусобоқаларида   
        Эртаси тушдан кейин эшик тақиллади. Қўшнилардир, деган ҳаёлда эшикни очсам остонада, кеча мен билан шахмат ўйнаган одам турибди. Мен бу одамни биринчи марта фақат кеча кўргандим. Менинг уй адресимни қаердан олиб, уйимни қандай топиб келганига жуда ажабланган бўлсамда, уни уйга таклиф қилиб: «Қандай шамол учирди?», дедим.
           У, кечаси билан ухлай олмай чиққанини, менинг адресимни ҳалқаро муҳожирлар марказидан олганини, уйимни қидиравериб, зўрға топиб келганини айтиб, шахмат ўйнашимни ўтиниб илтимос қилди. Мен унинг шахматга бунчалар шинаванда эканига ҳавасим ҳам келди ва: «Э биродар, кўнглингиз тўқ бўлсин. Керак бўлса эртагача шахмат ўйнаймиз сиз билан. Бемалол ёзилиб ўтиринг», деб дастурхон ёздим.
             Овқатланиб олганимиздан кейин, унинг илтимоси бўйича, шахмат ўйнайдиган столни расмий ҳолатга келтирдик. Кечаги ғолиб сифатида, биринчи ўйинни мен оқ доналарда ўйнадим. Ҳар галдагидай, b7 катакдаги пиёдани b6 катакка суриб, ўйинни бошладим.
          У менинг юришимга ва менга қайта-қайта тикилабошлади. Мен унга: «Ҳа, доналарнинг қанақа юришини ўргатмоқчимисиз?», дедим кулиб. У бўлса: «Йўқ, манашу юришингиз кеча менинг бошимга етганди», деди ва биринчи (жавоб) юришни қилиш учун 10 минутдан кўпроқ ўйлаб ўтирди.
          Гапнинг қисқаси, тушдан бошлаб, эртаси кун чиққунча шахмат ўйнадик (Сурат-16). Очиғини айтсам, мутлоқ кўпчилик ўйинда у ғолиб бўлди. Мен шунча йил, турли даражадаги шахматчилар билан ўйнаган бўлсам, бундай кучли шахматчини кўрмагандим.
          Мен уни кузатаётиб: «Шахматда СССР спорт мастеридан кам эмас экансиз», дедим. У эса кулиб: «Мастер эмас, гройсместерман”, деди. Кейин билсам, бу йигит бирнеча бор ўз мамлакати ва Африка чемпиони сифатида, жахон чемпионатида Анотолий Карпов билан ҳам дона сурган, халқаро гройсместер экан.
Сурат-18. Профессионал шахматчилар ассоциацияси (PCA) бўйича жахон чемпионлиги учунги мусобақанинг финал учрашуви
        2010 йил, ноябрда шахмат даҳоларидан ҳисобланмиш, ҳалқаро гройсместер Нигел Шорт, ўзи туғилиб ўсган Лей шаҳрида шахмат сеанси (бир варакайига бирнеча одамлар билан ўйнаш) ўтказиши ҳақидаги эълонни Мартин кўтариб келиб қолди.
         Мен Мартинга аввал (2007 йилда) ҳам битта гройсместер билан ўйнаб, роса ютқазганман, деб унинг таклифини рад қилдим. Мартин эса: "Н.Шортдай одам билан ўйнаш имкониятини одамлар бир умр кутишади. Легендага айланган бундай одам билан ўйнаб ютқазишнинг ўзи шараф эмасми?!”, деб мени рози қилди. Сиз башорат қилиб бўлмайдиган шахматчисиз-ку, дея менинг кўнглимнида кўтариб қўйди.
           Белгиланган куни, Лей шаҳридаги марказий клубга етиб бордик. Ҳар бир иштирокчи 25 фунт стерлинг тўлаб, барча (30 дан ошиқ шахматчилар) ўз жойини эгаллади. Менинг жойим 8-доскада экан. Томошобинларнинг эса сон-саноғи йўқ эди. Теле ва фотожурналистлар ҳам тўла эди.
          Бугунги иштирокчилар буюк Британиянинг шимолий қисмидаги Чешир, Манчестер, Ланкашир, Ливерпул, Йокша каби графликлар (вилоятлар)дан келган шаҳар ва вилоят чемпионлари, таниқли шахматчилар экан. Бу учрашувга Мартин Пендал шаҳри, мен эса Стокпорт шаҳри чемпиони сифатида иштирок қилаётган эдик.
           А.Алёхин, Б.Фишер, Н Шортларнинг номинигина эшитганда хаяжондан 2 кун ухлай олмай чиқадиган – мен, бугун нимагадир мутлоқа хотиржам эдим. Бироқ катта кўпчилик шахматчиларнинг Н.Шортни кўришганидаёқ асабийлашаётганлари сезилиб турарди. Ҳатто айримлари ўйин давомида, асабийлашиб, ўзларини тутаолмай, қалтирай бошлаганларининг ҳам гувохи бўлдик.
Сурат-19. Мусобақанинг ўрталаридаги ҳолат
           Барча доскалардаги биринчи юришни, d7 катакдаги пиёдани d5 катакка суриб, оқ доналар сохиби сифатида Н.Шорт қилди. Бунга жавобан, қора доналар билан ўйнаётган барча иштирокчилар d2 катакдаги пиёдани d4 катакка суришди. Фақат биргина мен b2 катакдаги пиёдани b3 катакка сурдим.
           Иккинчи юришни қилиш учун менинг олдимга келган Шорт бир шахмат доскасига, бир мусобақа ташкилотчиларига, бир менга тикилиб, анча туриб қолди. Бунга мусобақа ташкилотчилари, судьялару, барча томошобинлар ҳайрон эди. Мен эса Н.Шорт бугунги мусобақа ташкилотчиларига: «Тузукроқ юришнида билмайдиган бу одамни мусобақага ким киритди», деб мени ҳайдаб юборишадими, деб хавотирда эдим.
         Ҳар қалай Н.Шорт нафақат буюк шахматчи ва шунингдек юксак маданиятли ва фаросатли инсон ҳам экан. Бир оғиз ҳам гапирмай, ўз юришини қилди-да, ўтиб кетди.
        Кейинги сафар Н.Шорт менинг олдимга келмасиданоқ, мусобақа ташкилотчилари, судьялар, журналистлар менинг олдимга келиб туришди. Залдаги барча томошабинларнинг диққати бизга қаратилган эди.
        Мен иккинчи юришда g2 катакдаги пиёдани g3 катакка сурдим. Н Шорт бир менинг шахмат доскасидаги юришимга, бир менинг юзимга қарадида, эссизгига бу одамга шахматчи деган ном, дегандай бошини сарак-сарак қилиб, ўз юришини қилди-да, ўтиб кетди.
       Шу тариқа, Н.Шорт менинг олдимга келганида вазиятга эътибор ҳам бермай, ўз юришини қилиб, ўтиб кетаверарди. Ўйин ярмидан ошганида, 10 дан ортиқ одам ютқазганларини тан олиб, мусобақани тарк қилишди. Қолган барча шахмат доскаларида доналар сони ва сифати бўйичада, вазият бўйичада, Шортнинг қўли баланд экани кўриниб турарди. Фақат бизда доналар ҳам, вазият ҳам теппа-тенг эди (Сурат-19 ).
Сурат-20. Гройсместер Н.Шорт (чапда) ва мастер М.Поп (ўнгда) мусобақада. Ангилия, 2010
        Энди, Шорт мен биланги ўйинига эътибор қилабошлади. Бу эса айниқса журналистларнинг ва томошобинларнинг диққатини ўзига тортарди. Ҳарчанд ҳаракат қилсада, на доналар сони ва сифатида, нада вазиятда устунликка эга бўлаолмаётганига Н.Шорт озроқ асабийлаша бошлади. Натижада кичигроқ хатоларга ҳам йўл қўйди. Мен унинг йўл қўйган хатоларини журналистларга ишора билан кўрсатардим. Теле ва фотожурналистлар бўлса тинмай бизнинг ўйинимизни тасвирга олиб, суратга туширишарди.
          Ўйиннинг охирига қараб, битта-яримта доскада дона сураётганлар қолганди. Буларнинг ҳам ютқазишаётгани кўриниб турарди. Бизда доналар сони теппа-тенг эди. Вазият бўйича менинг қўлим сал баландроқдай эди.
         Барчанинг диққат-эътибори фақат бизнинг ўйинимизга қаратилган эди. Юриш гали менга келганида, шохни с2 катакдан d2 катакка сурдим (Сурат-21). Кўпчилик енгил чапак чалиб юборишди. Н.Шорт эса галдаги юришини қилмай: «Дуранга розиман», деб менга қўлини чўзди. Мен эса бунга хурсанд бўлиб, унинг таклифини дарҳол қабул қилдим. Шу тариқа ўйин тугади.
           Кўпчилик мени табриклаётиб: «Дуранга бекор рози бўлдингиз, сизнинг қўлингиз баланд эди», дейишарди. Н.Шорт бошқа доскадаги ўйинларинида тугатиб, менинг олдимга келди ва: "Балли, сиз кучли шахматчи, муносиб рақиб экансиз. Бугунги мусобақада, битта сиз дуранг қилаолдингиз, табриклайман!”, дея менинг қўлимни қисиб қутлади (Сурат-22).
          Журналистлар, шахматчилар, томошобинлар бизни ўраб олишди ва савол-жавоб бошланди: - Сизнинг бу қилган дурангингиз ғалабадан кам эмас, сиз бунга қандай эришдингиз?
 Сурат-21. Ўйиннинг охиридаги ҳолат 
- Мен бу натижага кучли шахматчи бўлганим учун эмас, рақибимнинг йўл қўйган хатолари эвазига эришдим.
- Дунёнинг энг буюк шахматчиларидан бири бўлган Н.Шорт қандай хато қилдики, сиз ундан фойдаланган бўлинг?
- Жаноб Шортнинг биринчи ва асосий қилган хатоси рақиби(мен)га нисбатан менсимаслик қилгани бўлди. Иккинчи хатоси эса, асабийлашгани боис хатоларга йўл қўйди.
- Шунда Шорт гапга аралашиб: «Жаноблар, у тўғри айтди. Менинг бу хатойим нафақат ўзимга, менинг шогирдларимгада сабоқ бўлиши керак», деди.
- Н.Шорт менга юзланиб: «Мен сизни ҳеч эслай олмаётирман, қайси мамлакатдан бўласиз?», деб сўради. Мен Ўзбекистонлик эканимни айтгач: «Ноҳатки сиз Рустам Қосимжонов бўлсангиз. У ёшроқ эди чамамда. Мен дунё бўйича 2-ўриндаги ўйинчи пайтим, ФИДЕ бўйича (2004) жахон чемпиони Рустам Қосимжонов шахматдаги рейтинги бўйича 25-ўриндаги ўйинчи эди», деди уни камситгандай қилиб.
- Йўқ, мен Р.Қосимжонов эмас, Ахмад ҳожи Хоразмийман, дедим. Шунда бирнечалари бир варакайига қўл телефон-компутерига менинг исми-шарифимни киритиб: «Дунёдаги бирон мамлакат чемпиони йўқ, бу исм-шарифда», дейишди. Яна бирлари: «Бунақа исм-шарифли гройсместер ҳам йўқ дунёнинг бирон жойида», дейишди.
- Шунда журналистлар: «Қандай унвондаги шахматчисиз, ўзи? Ҳалқаро мусобоқалардаги зафарларингиз ҳақида гапириб беринг», дейишди.
Сурат-22. Халқаро гройсместер Н.Шорт (чапда) ўз рақиби (А.Хоразмий)ни табрикламоқда. Ангилия - 2010
- Халқаро мусобоқалар тугул, район мусобақаларигада қатнашмаганман. Шахмат бўйича энг паст (3-чи) разряд ҳам йўқ менда. Тўғрисини айтсам, мен умуман шахматчи эмасман, шахматсеварман холос, дедим.
- Шунда Мартин олдинроққа чиқиб: «У тўғри айтаяпти. У, Шорт ва бизга ўхшаган расмий шахматчи эмас. У норасмий ва башорат қилиб бўлмайдиган шахматчи», деди кулиб.
        Эртасига қатор нашрларда: «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсеварнинг зафари», сарлавхаси билан мақолалар босилди. Қизиғи шундаки, «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсевар», дегани бирон унвон деган ҳаёлга боришганми, бу мақолаларда: «Башорат қилиб бўлмайдиган шахматсевар унвонидаги шахматчи (А.Хоразмий), халқаро гройсместер унвонидаги шахматчи (Н.Шорт)ни ютишига сал қолди», деган жумлалар ҳам бор эди.
          Ўзим шахматчи бўлмасамда, шахмат билан боғлиқ бўлган ҳаётимга назар солсам, нималари биландир саргузашт ва ҳангома (сатирик) ҳикояларга ўхшаб кетадигандай туюлади. Шахмат билан боғлиқ ҳаётим асосида, шундай хулосага келдимки, шахмат фақат гўзал ва қизиқарли ўйингина эмас, шахмат – спорт, саргузашт, ижод, илм, тирикчилик (ҳаёт) ва санъат ҳам экан.
 
Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Бритаия, Стокпорт шаҳри.
Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2011-01-06)
Просмотров: 1785 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 2
    Гостей: 2
    Пользователей: 0