Нигора Хоразмий (Худайбердиева)
Ҳали Университетда талабалик давримдан бошлаб, мутахасислигим бошқа бўлсада, адам олиб бораётган илмий тадқиқотларда иштирок қилардим. Буларнинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистоннинг нуфузли илмий нашрларида қатор илмий-услубий мақолаларим ҳам нашр қилинган.
Адам ёзган китобларни, мақолаларни ҳамма қатори мен ўқиб бораман. Охирги йиллар адам томонидан «Хоразм ҳангомалари» туркумидан эълон қилинаётган ҳикоялар қўлма-қўл бўлиб кетди.
Қатор ижодкорлар (ҳатто адиб бўлмаганлар ҳам), адамни ўзларига устоз ҳисоблаб, унинг йўлидан бориб, турли хил хангомалар ёзишаяпти ва улар ҳам ўз ўқувчи(мухлис)ларига эга бўлишаяпти. Мен ҳам ёшлигимда ўз бошимдан кечирган воқеаларим асосида «Шодликка айланган мусибат» номли қуйидаги ҳикояни ёздим.
Ушбу арзимас ҳикоям адабиётнинг мўътабар остонасига қўйилган илк қадам, деб ҳисобланса агар, нафақат илмдаги ва шунингдек адабиётдаги ҳам илк устозим – падари бузрикворим – профессор Ахмад ҳожи Хоразмийга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Муаллиф – адамнинг Бурибойи.
Шодликка айланган мусибат ҳақида
(«Хоразм ҳангомалари» туркумидан)
Кичиклигимда йиқилиб, бирон жойим оғириб, йиғласам онам: "Қўй-қўй йиғлама, ҳеч зарари йўқ, тузалиб кетади”, деб мени овутарди. Йиғлашдан тўхтасам: "Манабу бошқа гап, энди тез тузалиб кетади”, дерди. Мен эса бунга астойдил ишонардим.
1975 йил декабрда, Онамнинг отаси (менинг бобом) Эламон бобо вафот қилди. Табийки, Тошкентдан 3 ёшли қизи - мени кўтариб, отасининг жанозасига, онам ҳам келди. Рахматлик бобомнинг жасади катта уйнинг ўртасида қўйилган бўлиб, барча аёллар марҳумнинг атрофида йиғлаб ўтиришарди.
Отаси ўлиб, етим қолган бечора онам, жасаднинг устида уввос солиб йиғлашга тушди, бу ердаги барча аёллар ҳам унга жўр бўлишади.
Шунда мен баланд овозда онамга қараб: "Қўй-қўй йиғламанг, ҳеч зарари йўқ, у тузалиб кетади”, дедим жасадни кўрсатиб. Шунда йиғлаётган аёлларнинг барчаси (онам ҳам) кулиб юборишган. Ҳатто айрим кулгисини тўхтата олмаётган аёллар, оғзини қўли билан тутганларича ташқарига чиқиб кетишди.
Ўша пайтда марҳумнинг яқинлари бўлмиш эркаклар (Адам ҳам) долонда туришган эди. Нима бўлди экан, деб жасад ётган жойга югириб киришди барчаси. Бу пайтда мен: "Манабу бошқа гап, энди у (марҳум) дарров тузалиб кетади”, деб онамни овутишда давом қилаётган эдим. Буни кўриб эркаклар ҳам ўзларини тўхтата олмай кулиб юборишди.
Ташқаридаги жанозага келган одамлар: "Ичкарида кулгу-шодликку. Эламон бобо ўлди, деб ҳаммани кулдириш учун масхаравозлик қилишаяпти экан шекилли”, деб айримлари кулиб, айримларининг эса жахли чиқиб тарқалабошлашган.
Шундан кейин, кўп йиллар (ҳозиргача ҳам) одамлар мени кўриб қолишса: "Манашу қиз, бобосининг жанозаси(мусибат)ини томоша (шодлик)га айлантирган”, деб юришади.
Туркманистон Республикаси, Мари шахри.
Октябрь, 2010
|