"Хоразм ҳангомалари” туркумидан
М у а л л и ф д а н
Гулистон Хоразмий
Мен "Хоразм ҳангомалари”нинг асосчиси, профессор Ахмад ҳожи Хоразмийни яқиндан биламан. Мен бу олим раҳбарлигида тадқиқотлар ўтказиб, ихтиролар қилганман, диссертация ёзиб, китоблар нашр этганман. У киши менинг нафақат устозим ва шунингдек суюкли рафиқам ҳам. Ҳа, у ўзининг ҳангомалари билан қисқа вақт ичида минглаган ҳажвсеварларнинг қалбидан жой олабилди. Тўғрисини айтсам, унинг сатирик адабиётда машҳур бўлаётгани, менинг бироз ғашимга тегаётган эди.
Ғашимга тегишининг боиси шу эдики, мамлакатимиз агрохимия соҳаси олимлари сардорларидан бири бўлган, бу соҳадаги тадқиқотлари-ю қатор китоблари билан кўплаган мамлакатларда ҳам танилган, Ўзбекистон агрохимия илмида "Табий ўсимликлар агрохимияси”, деб аталмиш, янги бир илмий йўналишга асос солган бу йирик олим, ҳангома (ҳажвия) ёзиб, одамларни кулдириб юрса.
Бу ҳам етмаганидай, ҳали мактабда ўқиётган қизимиз, Нафиса, адасининг таъсирида: "Уч оёқли одам”, номли ҳангома (ҳикоя) ёзиб, мактабида машҳур бўлиб кетибди. Тўғрисини айтсам, қизимнинг ҳикоясини ўқиб, ўзим ҳам роса кулдим.
Кейин, диққат билан ўйлаб қарасам, уларнинг адабиётда ҳам ижод қилаётганига ғашим келиб, хато қилаётган эканман. Ахир олим ҳам, адиб ҳам, бастакор ҳам, муҳандис ҳам, мусаввир ҳам, ҳатто қурувчи-ю – деҳқон ҳам ижодкорлар эмасми?! Инсоният цивилизацияси айнан улар ижоди ва меҳнатининг маҳсули эмасми?!
Ва ниҳоят, мен ҳам ўзим эшитган бир тафсилотни, ҳангома шаклида ҳикоя қилишга жазм қилдим. Агар, шу арзимас ҳикоям, адабиётнинг мўътабар остонасига қўйилган илк қадам, деб ҳисобланса агар, нафақат илмдаги ва шунингдек адабиётдаги ҳам илк устозим – профессор Ахмад ҳожи Хоразмийга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Муаллиф.
Содда туркман
(Р. Рўзибоев ҳикоясига Г. Хоразмий мухаммаси)
Хазорасп райони, "Янгибозор” қишлоғида яшовчи Рашид Рўзибоев (менинг поччам), 1992 йилда Тошкент темир йўллар институтини битирганидан кейин, Туркманистоннинг "Газ ўжақ” корхонасида 1998 йилгача прораб, участка бошлиғи бўлиб ишлайди. Уйига эса ҳар 2 ҳафтада келиб туради.
Уйига қайтишда чой пули ишлаш мақсадида машинасида Маридан, Чоржўйдан Хоразмга келадиган 3-4 йўловчиларнида олакелади.
Бир куни Чоржўйдан Хоразмга йўловчи олиш мақсадида автобус бекатига борса, унинг кўзига 50-55 ёшларидаги, қоп орқалаган бир одам соддароқ кўринади. У билан сухбат асносида Мерет исмли бу одам чўпон эканлиги, анча-мунча қўйларини сотиб, бозор қилгани ва Урганчнинг "Ғайву” қишлоғидаги қариндошлариникига бормоқчилиги маълум бўлади.
Машинасининг баллонлари анча эскиргани учун, кўпроқ йўловчи олишдан хавотир олаётган Рашидбек Мерет оғага: "Ҳар гал 3-4 та йўловчи олардим. Қопингиз ҳам орриқроқ 2 та одамнинг ўрнини олади. Фақат ўзингизни олиб кетсам, қисилмай яйраб борардингиз. Бироқ, 5 та йўловчининг (Рашид ўзинида қўшиб ҳисоблаган) пулини тўлашингиз лозим бўлади. Ҳа, энди 1000 қўйли сиздай одамга 3-4 та қўйнинг пули нима бўпти”, деб таклиф қилади.
Шунда Мерет оға: "Жигим, баринг боқ, пулнинг гапини қиладиган бўлсанг машинанга минмайман”, дейди. Рашид эса, пулни писанд қилмайдиган бу бадавлат ва анқов чўпонни Худо етказди менга, деган ҳаёлда пулнинг гапини қилмаслик борасида эркакчасига қўл беришиб келишишади.
Бир соатлар ўтар-ўтмас йўлда овқатланиш учун тўхташади. Мерет оғага бемалол ёзилиб ўтиришни тайинлаб, ўзи эса турли-туман қимматбаҳо овқатларни ҳар олиб келганда содда туркмандан кўпроқ пул ундириш мақсадида овқатнинг баҳосини 2-3 марта ошириб айтади. Мерет оға бўлса: "Жигим шу келишув, пулнинг гапини қиладиган бўлсанг овқатингни емайман”, деб гапни кесади.
Бу томонидан ҳам хотиржам бўлган Рашид, қорним тўқ дейишига қарамай уни ҳар учраган реострану-ошхонада тўхтаб овқатлантираверади.
Мерет оғанинг кунига 5 вақт намоз ўқиши Рашидга янада қўл келади. У ҳар намоз ўқиганда Рашид ўзининг палтосини, плашини, костюмини қумга солиб бераётиб ва уларнингда пулини ундириш мақсадида: "Булар жуда қимматбаҳо, палон сўм туради”, деб эслатиб ҳам туради. Чўпон бўлса: "Жигим, келишув эсдан чиқмасин, пулнинг гапини қилакўрма”, деб буни эслатади.
Рашид эса, умри чўлда қўй боқиб юрган бу содда туркман пулнинг нима эканлигинида унча яхши билмаса керак. Шу боис, пулни назарига илмай ҳа деб: "Пулнинг гапини қилма”, деяяпти, деб хурсанд бўлиб боради.
Шу тариқа Урганчга кириб келишади. Мерет оғанинг, манзилга етиб келдик, деганига қарамай: "Мехмонга борсанг тўйиб бор” деган мақол бор, деб чўпонни Худди разборнинг чойхонасида яхшилаб меҳмон ҳам қилади.
Ёнидаги қолган бор-йўқ пулларига: "Бири беш, ўн бўлиб қайтади ҳозир” деган хаёлда Шарқ гастрономидан "Қорақум”, "Сникерс” каби ширинликлару-печеньелардан 2 пакет тўлдириб: "Қариндошларингизга совға, қимматроқ бўлсада сифатли, бу сизга обрў бўлади”, деб чўпоннинг қопига солади. Бироқ чўпоннинг, пулнинг гапини қилакўрма, дегани эсига тушиб бу гал ширинликларнинг баҳоси тўғрисида гапирмайди. Ғайвудаги манзилга етишгач Мерет оға машинадан тушиб: "Сен хон ўғил экансан, энди қаёққа борадиган бўлсам фақат сенга хабар қиламан”, деб қопини орқалаганича кетабошлайди.
Рашидбек, пул бериш эсидан чиқди шекилли деган хаёлда: "Мерет оға, йўл кираю, йўлдаги харажатларни ҳисоблашмайсизми?”, дейди. Шунда Мерет оға орқасига қайрилиб: "Жигим, пулнинг гапини қилмаслик тўғрисида эркакчасига қўл беришиб келишганмиз. Сарт (ўзбек) эркак бўлмагани билан, туркман эркак бўлишини эсдан чиқарма!”, деганича йўлига равона бўлади.
Рашидбек эса, туркманнинг чўлда қўй боқадиган соддаси шунақа бўлса, бошқаларидан Худо асрасин. Бир сури қўй ундираман деб, яхшиямки манабу машинамнида бериб юбормадим. Бироқ Санни шалақи (хотини)га қандай отчёт(ҳисобот) берарканмиз, деган хаёлда уйига етиб боради.
Ҳар галгидай уни остонада, белини ушлаганича, хотини Санобар кутиб олади ва салом-алейкдан олдин ойлик маоши-ю, йўловчилардан олган йўл кирани қуртдай санашини талаб қилади.
Шундоғ ҳам кайфиятсиз келган Рашид қалтираб-қахшаб бўлган воқеани айтиб беради ва: "Мана, бир чақада қолмади”, дея чўнтакларини ағдариб кўрсатади.
Санобар эса: "Сен тинни тухумни мен яхши биламан. Иккинчи этажда туриб пастдаги намозхонларнинг устига сиядиган манабу тинни ўғлинг Обеназер Досе ҳам сенга ўхшаган бўлиши ҳозирдан маълум.
Чапдагиси Обеназер Досе
Сенинг бу чўпчагинга ишонадиган ахмоқ бор эканми. Аслида сен, барча пулларни кадичиликга сарфлагансан. Аввал қабристонга бориб қасам ичасан, акс ҳолда яшамайман сен билан”, деб шовқин кўтаради.
Ва икаласи югиришиб қасам ичишга қабристонга боришади. Қабристондаги барча Бузриклару уруғ-аймоқларининг қабрларини қучоқлаб: "Гапим хато бўлса шу қабр ва унинг соҳиби урсин мени”, деб Рашид қасам ичса: "Унинг гапи тўғри бўлса мени урсин шу қабр”, деб Санобар қасам ичармиш.
Биронта қабр буларни урмагач: "Ҳа, энди қариндошларнинг қабри раҳми келганидан урмас экан”, дейишиб бегона ва эски қабрларни қучоқлаб қасам ичишга киришишган. Кўп замонлар бурун кесак ва лойдан солинган ва нураб зўрға турган бу қабрлар булар қучоқлаган заҳоти ўпирилиб туша бошлаган.
Буларни кузатиб турган қабристон қоравули: "Астоғфируллоҳ, булар қабрларни бузишаяпти. Демак улар ёки ақлдан озишган, ё-да булар Ваҳобий (Ваҳобийлар 18-асрда Бузрукларнинг мақбарасию, қабристонлани бузишган) бўлишган”, деганича қўлидаги ўроғинида ташлаб қишлоқга қочган.
Гулистон Хоразмий, агрохимик олима.
Тошкент шаҳри.
|