"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Талабаликачаги машаққатлар
Ахмад ҳожи Хоразмий
 
Талабаликкачаги машаккатлар
 
1960 йилларда талабалик биз(камбағал)лар учун етиб бўлмас чўққидай кўринарди. Институтни битирганлар бизнинг қишлоғимизда умуман йўқ эди.
 Бу пайтлар бизнинг қишлоқда яшовчи Юсупбой Омонов Хива қишлоқ хўжалик техникумини ветернари мутахасислиги бўйича битказиб келиб ветернар-фелдшер бўлиб ишлай бошлади. Тез орада Ю.Омонов молларнинг "Луқмони ҳакими” эмиш, деб ҳалқ оғзига тушиб кетди.
 Бир куни у бизнинг уйга сигирларни кўришга келиб, касал сигирга аллақандай дориларни бериб, қайси тур ўтларни бермасликни тушинтириб: "Бу сигир бир ҳафтада тузалади”, деди. Бўғоз сигирни кўриб эса: "Ўн кунга туғади”, деди.
 -Э, буни Парвардигор билади, у айтди-кетди-да, деб қўйди отам. Бу сигирларни мен боқардим, шунинг учун ҳам "Луқмони ҳаким” башоратига эътибор бериб юрдим.
 Бир ҳафтада ҳалиги касал сигир тузалиб кетди, роппа-роса 10 кун деганда ҳалиги иккинчи сигир туғди. Мен ёқа ушлаб қолдим ва Юсуп аканинг уйига чопдим. Кандай қилса унга ўхшаш дўхтир бўлиш мумкинлиги ҳақида маслаҳат сўрадим. У бўлса: "Сенинг бу билиминг билан мен ўқиган даргохга кира олмайсан. "Ҳамза”даги ўқишинг бўлса бошқа гап эди. Яхшиси ўша тошларингдан ва кетмонингдан ажрамагин”, деб кулди устимдан.
Менга бу қаттиқ тегди ва: "Керак бўлса институтга, ҳатто университетга кираман”, деганимни билмай қолдим. Юсуп ака бўлса: "Ҳой-ҳой, пастроққа туш”, деб баттар кулди менинг устимдан ва мени қаерда кўрса: "Йўл беринглар, бўлғиси доктор келаяпти”, деб мазах қиларди. Бундан (Университетга кирмоқчилигимдан) хабар топган математика ўқитувчим Самандар Сайитниёзов ҳам ҳар дарсда: "Агар сен ўз билиминг билан Университетга кира олсанг мен сенга қул бўламан” деб мени мазах қиларди. Қишлоғимиздаги тўлиқсиз олий маълумотли математика ўқитувчиси Иброҳим Ражабов бўлса: "Порасиз ўқишга кираолсанг, шапкамни итнинг кўтига тиқаман”, дерди.
Айнан шундай одамларнинг мени мазах қилишлари менинг ўқишга кириш учун астойдил бел боғлаганимга сабаб бўлган, десам хато бўлмас. 11-чи синфнинг ўрталарига келиб химия, физика, биология фанларидан менинг билимимни шу фанлар ўқитувчилари: "Ҳали мактаб тарихида бу даражадаги билимли ўқувчи бўлмаган”, деб тан олганлари хам бўлган гап.
1966 йил ноябрда колхоз идорасидаги коммутаторда партком секретари Отаниёз Матниёзов, бош ҳисобчи Тўра Ўдаков, идора қоравули Райм Жуманиёзов, тарих фани ўқитувчиси Абдулла Собиров ва яна аллақанча одамлар йиғилиб қолдганда телефончи Хайитбой Нурматов: "Бизнинг шогирд Ахмаджон, Менделеев даврий системасини ёддан билади”, деб қолди.
Бу ердагилар бунга ишонмадилар ва бир қоп қанд ва битта қўйдан гаров боғлашди. Мактабдан Менделеев даврий системасини ва доскани кўтариб келишди. Партком секретари ўз машинасида район марказидаги химик ўқитувчини олдирди. Имтихон бошланди. Мен аввалор даврий системани унга қарамасдан бошдан-оёқ овоз чиқариб айтиб бердим. Кейин исталган (ҳар) бир химиявий элементнинг тартиб номери, атом оғирлиги, даври, группаси, ундаги электронлар, протонлар, нейтронлар сони ҳамда уларнинг жойлашуви, валентлиги ва бошқа қатор хоссаларини ҳеч тутилмасдан айтиб бердим.
 "Имтихон” 2,5 соат давом қилди ва уни колхоз раиси Абдулла Худайбеганов ва райком секретари (ҳокими) Мадамин Ражабовларнинг келиб қолиши тўхтатди. Уларга масалани партком секретари тушинтирди. Райком секретари раисга юзланиб: "Буни албатта ўқишга юборинглар”, деди. Ушбу ҳодисанинг гувохларидан айримлари яқингача ҳаёт бўлиб, бу ҳолни тез-тез эслашарди.
Ўрни келганида айтиб ўтсам; Университетга кириш учунги биринчи имтихон химиядан эди. Таёргарлигим жуда яхши, мақсад фақат "5” олиш. Билетдаги саволларга таёргарликсиз жавоб бердим, ҳатто масалани ҳам домланинг одида ечиб бердим. Берилган барча қўшимча саволларгада жавоб берганимдан кейин "Яшанг ука, "4” қўямиз”, дейишди. Мен рози бўлмадим. Ука рози бўлаверинг, бугунгача топширган 600 га яқин кишидан фақат 12-13 тасигина "4” олган. Иккинчидан беш баҳо имтихон комиссия маъсул котибининг рухсати билан ва шу предмет (фан) раиси иштирогида қўйилади холос”, дейишди.
 Ва ниҳоят химия предмети раиси Қудрат Ахмедовни бошлаб келишди. У киши: "Менделеев даврий системасидан иккита қўшимча савол берамиз, агар билсангиз "5”, билмасангиз "3” қўямиз”, дейишди. "Агар бутун бошли даврий системани бошдан-оёқ ёддан айтиб берсам-чи!?”, дедим (ўпкамни қўлтиқлаб).
 Бу мумкин бўлмаган нарса, ўпкангизни босиб олсангиз бўларди, йигитча. Қани, шундай бўлсада бир текшириб кўрайликчи, дейишди. Фақат Менделеев даврий системасидан берилган саволларнинг ўзигагина 47 минут вақт кетди. Химия факултети декани – Қозоғистон Фанлар академияси мухбир аъзоси Шукур Толипов бўлса мени зўр бериб химия факултетида ўқишга даъват этарди. Лекин бу имтихон кўп йиллар турли хил ривоятларга айланиб оғиздан-оғизга кўчиб юрди.
12-декабрь 1966 йили, эрталаб соат 9 да ТошДУнинг пуллик таёрлов курсига ҳужжатларни топшириш учун кириб бордим. Ҳужжат топшираётган ёшлар жуда кўп эди. Таёрлов курсидаги ўқиш кечқурун бўлиб, кундузи Тошкент шаҳрининг биронта (асосан қурилиш) ташкилотида ишлаш керак экан. Шунинг учун ҳам асосий ҳужжатлардан биттаси Тошкент шаҳрида ишлаётгани ҳақидаги маълумотнома эди. Худди шу маълумотнома йўқлиги учун ҳам менинг ҳужжатларимни қабул қилишмади.
 Лекин ёшларни қурилиш билан боғлиқ бўлган ишларга таклиф қиладиган жуда кўп эълонлар осиғлик турарди. Бу эълонлар асосида бирнеча қурилиш ташкилотларига бордим, ҳамма ерда бир хил, ўрисчасига айтганда "замкнутий круг” бўйича жавоб: "Тошкент шаҳрида прописка бўлиши керак. Прописка қилиш учун эса Тошкент шаҳрида ишлаётганинг ҳақида маълумотнома керак. Ишлаш учун эса прописка керак”. Шу зайилда отанга бор – онанга бор билан салкам икки ҳафта ўтиб кетди. Ҳужжат топширишнинг тугашига эса саноқли кунлар қолди.
Мен комсомол аъзоси эдим, шунинг учун ҳам университет комсомол ташкилоти котиби – Шуҳрат Жалиловдан (У киши 2000 йилларда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари ҳам бўлиб ишлаганди) ёрдам сўрадим. У бўлса: "Ука, қонунни Олий Совет чиқарган, уни фақат улар ўзгартираолади. Сиз уларга мурожат қилинг, улар бир энлик қоғоз ёзиб беришсин, ҳужжатларингизни дарров қабул қиламиз”, деб осонгина қутилиб қўяқолди.
 Кўпни кўрган одамлар бу масалада Олий Совет Президуми раиси (Ёдгора Насриддинова)га киришни маслаҳат беришиб, Опанинг ўзига учрашмасангиз ишингиз битмайди, деб тушинтиришди. Бироқ раис қабулхонасида одам жуда кўп экан. Бирнеча ҳафтада ҳам раис қабулига кириш имкони йўқлиги аниқ эди.
Вақт ҳам кеч (қоронғи) бўлиб қолганди. Қабулга келганларнинг кетганига анча бўлган. Шамол кучайганидан ердаги қорларни тўзғитар, натижада совуқнинг кучи янада зўраярди. Бу пайтда дунё кўзимга тор кўринар, Хоразмга қай юз билан қайтиб боришни, отамнинг, айниқса мени: "Сен ўқишга кира олсанг мен сенга қул бўламан”, деб мени мазах қилганларнинг кўзига қандай қарашни ўйлаб, қабулхона эшиги олдидаги дарахтга суянганимча кўзларимдан дув-дув ёш оқарди.
 Буни зимдан кузатиб турган шу бино қоровули келиб: "Болам нимага йиғлаяпсан, қани юрчи бу ёққа”, деб қўлимдан тутиб ичкарига (қоровулхонасига) олиб кирди ва бир пиёла чой ҳам қўйиб берди. Масалани тушинган қоровул: "Мендан эшитганингни ҳеч ким билмасин, эрталаб барвақт келгин, асосий кириш эшигига яқин жойда турасан. Опа(раис)нинг машинаси келиб тўхтаган заҳоти бир илтимосим бор эди дейсан”, деб тушинтирди.
 Эртаси эрталаб Қизил майдонда жойлашган Олий Совет Президиуми биноси олдига келиб қоровул тушинтирганидей асосий кириш эшигидан нарироқда пойлаб турдим. Иш вақти бошланишидан деярли бир соат олдин қора машина келиб тўхтар-тўхтамас машинага қараб юрдим.
 Ўша пайтда қайердандир битта милиционер пайдо бўлиб менга шитоб билан яқинлашаётиб: "Тўхта, қайт орқанга” деб қичқирди. Мен жон ҳолатда машинадан тушаётган опа (Ёдгора Пасриддинова)га қараб югурдим, милиционер эса менга қараб югурди. Опа милиционерга: "Тегманг” дегандай ишора қилиб, ўғлим тинчликми? дея менга юзланди. Менинг эса ҳам қўрқувдан, ҳам хаяжондан тилим калимага келмасди ва ўзимни тутаолмай йиғлаб юбордим.
 Опа мени қўлимдан ушлаб ўзининг хонасига бошлаб кирди ва қани ўғлим тортинмасдан гапиринг барини, деди. Мен бир оғиз ҳам гапираолмай қўлимдаги хужжатларни опанинг олдида қўйдим. У ҳужжатларимга бир назар солиб хўш нима қилиш керак буларни деди. Мен бўлсам ҳамон гапира олмасдим.
Опа: "Ёшгина йигит лол эканда” дея олдимга бир варақ қоғоз билан қалам қўйиб: "Керак нарсангизни шу қоғозга ёзақолинг”, деди-да ҳозргина котиба олиб кирган қайноқ чойдан бир пиёла қуйиб менга узатди. Ҳаяжондан қалтироғим ҳали босилмагани учун довдираб, чойнинг хаммасини бир хўплаб ичиб юбордим.
Оғзим ва ичим куйганидан икки кўзимдан гув этиб ёш қуйилди ва ҳайрон бўлиб турган опага қараб: "Иссиқ экан”, дедим. Опа бўлса қаҳ-қаҳ уриб кулиб юборди ва ўғлим чойни пуфлаб ичади-да деди ва менинг олдимдаги когоз билан қаламни бир четга олиб қўйди-да, гапирар экансизку, қани айтинг бор бошдан деди.
 Опа ҳаммасини эшитгач сиз бораверинг мен ректорга қўнғирок қилиб айтиб қўяман деди. Мен эса қоғозга ёзиб берилмаса улар қабул қилишмайди, деб туриб олдим. Опа кулдида Олий Совет Президиуми биланкасига: "Ўртоқ С.Х.Сирожиддиновга, ҳужжатларни зудлик билан қабул қилинг”деб ёздида имзо чекиб, мана оборинг, деди.
 Боғот қишлоғида бу гап: "Ахмаджонни пул (пора) бермагани учун кириш имтихонидан йиқитишмақчи бўлганларида у имтиҳонни Ё. Насриддинованинг олдида топшириб ўқишга кирган эмиш”, деганга ўхшаш турли-туман ривоятлар кўп йиллар оғиздан – оғизга кўчиб юрди.
 Салкам ярим аср олдин, арзимаган 6 ойлик пуллик таёрлов курсига хужжат топшириш учун мамлакат раҳбари олдига кирганимни бугун ўзим эслаб ҳайрон қолаётганим учун ҳам бу тафсилотларни мухтарам ўқувчилар ҳукмига ҳавола қилишни лозим топдим.
Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2010-09-24)
Просмотров: 1183 | Рейтинг: 1.0/1
Всего комментариев: 0
dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0