Ахмад ҳожи Хоразмий
Таълим тизимидаги муаммолар ҳақида (давоми)
"Жалли, чиқмайсанми, бирга-бир”, деди босс ўртоғи. У ҳамон ер чизиб ўтираверди. Босс Миржалолга қараб: "Сўтак!” деди-да менга ўгирилиб: "Домла, сиз ҳам ўзимизга ўхшаган эркаклардан экансиз. Жалли бизнинг укалардан бўлади, биз эса Ғофур аканинг укаларидан бўламиз. Эркакчасига айтинг шартингизни, нима қилсак бунга баҳосини қўйиб берасиз”, дийишди.
-Менинг иккита шартим бор, дедим мен. Биринчиси домлаларга қиладиган бунака олифтагарчилигини ташлайди. "Домла (Устоз) отангдай улуғ”, деб бекорга айтмаган. Иккинчиси яхшилаб ўқиб келади, дедим. Майли, шартларингизни қилади, қачон келсин имтихон топширишга, деди босс. Бугун, эртага яхшилаб ўқиб индинга келсин, дедим мен. Улар мендан узр сўраб хайрлашиб чиқиб кетишди.
Индинига Миржалол келди олдимга. Аввалги олифтагарчилигидан асар ҳам йўқ эди. "Ўқиб келдим, домла”, деди ерга қараб. Мен унга 5 та савол ёзиб бердим. 2 тасига озми-кўпми жавоб бергандай бўлди, қолган 3 тасига жавоб бераолмади. Ҳар қалай астойдил ўқигани сезилиб турарди.
-Бу жавобларинг ижобий баҳога етмайди. Яна кўпроқ ўқиб келган, имтихон ведомостини топширмай тураман, дедим. Эртасига келиб: "Кечаси билан ухламай ўқидим, домла”, деди Миржалол. Билиминга – 3, олифтагарчиликни ташлаганингада бир балл қўшаман, мана "4”, дедим-да, зачеткасини олдига улоқтирдим.
Талаба ўзида йўқ шод эди. Қўлини кўксига қўйганича чиқиб кетаётиб: "Ҳа, айтгандай, ойим сизга салом айтдилар. Домланинг нима хизмати бўлса, бош устига, дедилар”, деди.
Домла порани фақатгина маоши оз бўлгани учун ёки "Оқ қарға” бўлиб қолмаслик учунгина олади, десак унча тўғри бўлмайди. Айрим "туғма виждонсиз” домлалар ўзари бадавлат бўлсаларда, пора олгани учун бир неча марта шарманда бўлган бўлсаларда бу қилиғини ташламайдилар.
Урганч Давлат университетида ишлаганимда талабалар билан Янгибозор районида пахта теримида эдик. Талабаларнинг ишини кўздан кечираётиб тўй бўлаётган бир хонадонга тўғри келиб қолдик. Хонадон соҳиблари бизни таниб: "Э, домлалар келиб колибди, чақиринг куёвни, домлаларини кутиб олсин”, дейишди.
Ичкаридан башанг кийинган, 100 гр ҳам отиб олган куёв чиқди-да: "Қадамингизга ҳасанот, домла”, деганича мени қучоқлаб даст кўтарди. Бироқ ёнимдаги уни химиядан ўқитган доцентга қарамади ҳам.
Мен уни кўрмади шекилли, деган фикрда: "Яна битта домланг келган мен билан”, дедим ёнимдаги домлага ишора қилиб. Собиқ талаба химик домлага бармоғини бигиз қилиб: "Бу домла (устоз) эмас, порахўр! Ўқиган-ўқимаганинга қарамай, дарс ҳам ўтмасдан нуқул пул оларди, бу аблаҳ!”, деганича домлага мушт тортиб юборишга сал қолди. Одамлар: "Қўй-ҳо-қўй”, қилишиб куёвни судраб уйга киритиб кетишди.
Шу воқеадан кейин мен бу домла икки дунёда энди талабалардан пул олмаса керак, деб ўйлагандим. Афсуски унга ўша кунги шарманда бўлгани мактаб бўлмаган эди...
Ректорнинг ихтироси. Тошкент Давлат аграр университети ректори Х.Ч.Бўриев ҳар йили университетни битираётган (давлат имтихонлари ва диплом ҳимояларини тугатган) талабаларни ҳузурига таклиф қилиб улар билан очиқчасига ва эринмай суҳбатлашарди.
Бу суҳбатда талабалар ва ректордан бўлак ҳеч ким бўлмас, бунинг устига университетдаги биронта домлага боғлиқлиги қолмаган талабалар кўнглидаги борини тўкиб соларди.
Ректор гапни шундай бошлар экан: –Мана, сизлар битириб кетаяпсизлар. Университет (бошқа талабалар ва домлалар) ва муаммолар қолаяпти. Бизнинг суҳбатимиз норасмий бўлади ва бу асосда биронта домла расмий жазога тортилмайди. Сизларнинг бугунги фикр-мулоҳазаларингиз университетдаги муаммоларни бартараф қилишда асқотади, дер эканда, қуйидаги саволларга жавоб беришларини сўрар экан.
-Дарсини чала ўтадиган домлалар,
-Ўз дарсини яхши ўтадиган ва ёмон ўтадиган домлалар, -Пул оладиган ва пул олмайдиган домлалар,
-Талабалар учун энг маъқул ва энг номаъқул домлалар. Суҳбат асносида қайси домлалар дарсини чала ўтиши, қайсилари яхши ўтиши, қайсилари ўз предметини яхши билмаслиги, қайси домла қанча пора олиши маълум бўлар экан.
Талабалар учун энг маъқул домла бу – дарсини яхши ўтиб, қолдирган дарсларини обработка қилдирмай, тегишли пулини оладиган, яхши ўқимаган талабалардан пулини олиб баҳо қўядиган, лекин пулни инсоф билан оладиган домлалар экан.
Талабалар учун энг ёқимсиз домлалар бу пора олишда инсофсизлик қиладиган, дарсга келган-келмаганига, ўқиган-ўқимаганига қарамай ҳаммадан бир текис пул йиғадиган домлалар экан.
Булар асосида ректор ҳар катта мажлисларда дарсларни яхши ўтадиган ва пора олмайдиган домлаларни (булар ичида мен ҳам бўлганман) ўртага чиқариб ташаккур айтар, уларни турли имтиёзлар билан сийлар эди.
Юлғич домлаларни ўрнидан турғизиб қўйиб қайсининг чаласавод эканлиги, қайси бирлари қанчадан пора олишини ҳамманинг ичида айтар эди. Бундай домлаларни байрамларда бериладиган мукофотлардан ва турли имтиёзлардан маҳрум қилар, математика кафедраси ўқитувчиси Арслонова каби ашаддий порахўрларни университетдан қувиб соларди.
Ректорнинг бу ихтироси яхши самара берабошлади. Порахўр домлаларнинг сони камаяборди. Чаласавод (дарсни яхши ўтаолмайдиган) домлалар тадқиқот ва ташкилий ишларга жалб қилинар, айримлари бўшаб ҳам кетарди.
Таълим системасидаги коррупцияда талабалар ва сиёсий системанинг ҳиссаси ҳақида. Домлаларнинг юлғуч бўлишида талабаларнинг ҳам ҳиссаси бор албатта. Ҳиссаси шуки, талабаларнинг кўпчилиги дарсларга яхши қатнашмас, имтихонларга яхши таёрланишмас, қолдирган дарсларини отработка қилиш ва имтихонга таёрланиш ўрнига домлаларга пул таклиф қилар эдилар.
Талабаларнинг дарсга кам қатнашларининг сабаби уларнинг иқтисодий аҳволи билан ҳам боғлиқ. Кундузи ўқийдиган талабаларнинг кўпчилиги яшаш ва контракт пулларини тўлаш учун расмий ва норасмий (мардикорлик) ишлашга мажбурлар.
Талабаларнинг ўқишга қизиқмаслигига эса жамиятдаги сиёсий муҳит сабаб. Сиёсий муҳит шунинг учун сабабки, ишга киришда кўпинча битирган (ёш мутахасис)ларнинг назарий ва амалий билимларига эмас, фақат дипломига, таниш-билишига ва берадиган порасига боғлиқ бўлади.
Кўп ҳолларда университетга у ёки бу соҳа бўйича мутахасис бўлиш учун эмас, унинг маълумот (мутахасислик эмас асло) ҳақидаги дипломи ва берадиган ҳарбий унвони учун киришади. Юқоридаги омиллар илми толибларимизнинг илмга, мутахасислик фанларига қизиқмаслигининг асосий сабаби ҳисобланади.
Энг ачинарлиси шуки, бу ҳолатни талаба ва домлалардан тортиб таълим системаси раҳбарлари-ю мамлакат Президентигача барчаси яхши билади.
Мамлакат раҳбарияти, менинг айрим муҳтарам ҳамкасбларим: "Шунча йиллар таълим системаси нонини ебсиз. Таълим соҳаси сири (айби)ни очиб, юртимизни, ҳамкасбларингизни дунёга шарманда қилиш лозиммиди?”, деб эътироз билдиришлари мумкин.
Мен юқорида келтирган факт ва мулоҳазалар ҳақида нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кўпчилик билади. Шундай экан буни сир тутишнинг ўзи кулгили бўларди, демоқчиман. Ҳақиқатнинг юзига тик қараш керак. Ҳақиқат кўпинча аччиқ бўлсада унинг меваси ширин бўлади.
Мен ушбу материалда келтирган факт ва мулоҳазалар таълим системасидаги коррупциянинг озгина бўлсада камайишига ҳисса қўшса, нафақат бу йўлда чеккан озорларимга розиман ва шунингдек бахтиёрман ҳам.
Қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотлари лауреати, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри
Август, 2010.
Bu maqola 28556 marotaba 4885 ziyoratchi tarafidan o`qilgan
Posted in Ахмад ҳожи Хоразмий
3 Responses to "Таълим тизимидаги муаммолар ҳақида”
Тошпўлат ака says: August 18, 2010 at 5:38 am
Яшанг домла! Таълим тизимидаги коррупция муаммосини далиллар асосида шундай ёзибсиз-ки, сизни профессор эмас, хеч иккиланмай АКАДЕМИК деса хато бўлмайди. Академиклар лаганбардорлик қилиб юрмай, сиздан ўрганишсин муаммони кандай кутариб чикишни.
Домла, сизнинг мақолангизни ўқиб энди ташвишга тушдим: маориф тизими шу даражада инқирозга учраган экан, жамиятимиз, келажак авлодлар тақдири не кечади? Биздан қолажак мерос – ўта оғир вазиятни фарзандларимиз ўнглаб ололармикин? Жамиятимизни ҳалокатдан қандай қутқарамиз? Ким жавоб беради келажагимиз бўлмиш талабалар тагдирига.
Reply
Afandi says: August 16, 2010 at 2:29 pm
Qoyilman domla! Ming afsuski o’zbekistonda @pora@ olmaydigan odamlarni boshqalar unchalik yoqtirishmaydi.(ta’lim sohasidan tashqari) Universitetda o’qib yurgan paytim Bir fandan imtihon arafasida hammadan starosta pul yig’ib oldi. Admin, domlaning e-mailini berolmaysizmi, iltimos.
Reply
Толиб Ёқубов says: August 16, 2010 at 7:53 am
Яшанг, домла! Мақолангизни мароқ билан ўқиб чиқдим. Сермазмун ва ҳаққоний мақолангиз учун Сизга минг раҳмат. Ўзбекистонда маориф ва фаннинг ҳозирги ахволи учун сўзсиз "академик” Ислом Каримов жавоб бериши лозим. Фаннинг инқирозида атоқли академикларнинг ҳам ҳиссаси бор эди. Шулардан бири ФА Кибернетика институти директори академик Восил Қобилов эди. У киши 80-чи йилларда (йили аниқ эсимда йўқ) университет ва техник институтлар автоматик бошқарув системалари (АСУ) соҳасини ўрганувчи студентлари учун "Рақамли автоматлар ва алгоритмлар” номли китоб чоп этди ("Ўқитувчи” нашриёти). Менинг бу соҳадан бироз хабарим бор эди.
Китобни сотиб олиб, уйда ўқийбошладим ва у бошдан охиригача плагиат эканини кўрдим. В.Қобиловнинг китоби академик А.Мальцевнинг "Алгоритмы и рекурсивные функции”, академик Глушковнинг "Конечные автоматы”, профессорлар Кобринский ва Трахтенбротнинг "Теория конечных автоматов” ва профессор Яблонскийнинг "Дискретная математика” номли китобларидан кўчирма экан. Бу китобларнинг ҳаммаси менда бор эди ва мен В.Қобилов китобининг ҳар бир саҳифасига матн қайси китобнинг қайси жойидан олинганини ёзиб чиқдим. Шундан сўнг мен ФА президенти П.Ҳабибуллаев номига хат ёздим. ФА Президиумидан менинг хатимни Кибернетика институтига юборишибди. Балога қолиб кетдим. Кафедра мудиримиз, декан ва проректор навбатма-навбат мени "сўроққа” тутишди ва хатни қайтиб олишни талаб қилишди, бироқ мен кўнмадим. Бир ойдан кейин менга (доцентга) иккита фан доктори (физ-мат фанлари доктори Бўриев ва техника фанлари доктори Пайзиев) ёзган жавоб хати келди. Бу икки олим В.Қобиловни тўлиқ оқлаган. Шундан кейин мен ҳеч нарса қилиб бўлмаслигини тушундим. Афсус, мамлакатимизда маориф ва фан ахволи шундай.
|