Чингиз (Туркий) Айтматов таваллудининг 90 йиллигига
Туркийлар бирлиги жонкуяри
Чингиз оғанинг муборак 90 йиллигини Ўзбекистонда кенг нишонлаш борасидаги Президент Ш.Мирзиёевнинг фармонини ўқиб ғоят шодландим. Шунингдек, фармонда Чингиз оғанинг 90 йиллиги билан боғлиқ тафсилотларни оммавий ахборат воситаларида ёритиш тавсия қилинган.

Тарихдан маълумки, тириклигида “Буюк” деб тан олинган (Раҳматлик С.Ниёзовга ўхшаб ўзига ўзи буюк деб ном берганларни ҳисобга олмаганда) инсонлар камдан-кам бўлган ва раҳматлик Чингиз оға Айтматов (ёки Чингиз Туркий) шундай инсонлардан бири эди.
Мен унинг адабиёт, сиёсат ва ташкилотчилик борасидаги том маънодаги буюк хизматларини санаб ўтмоқчи эмасман, токи унинг бу хизматларини кўпчилик яхши билади.
Мен унинг туркий ҳалқлар бошини бирлаштириш йўлидаги сайъи ҳаракати, шу баҳона, унинг билан учрашувим ва “Чингиз Туркий” дейилишининг боиси ҳақида ёзмоқчиман. Чингиз оға қирғиз миллатига мансуб бўлсада, уни барча туркий ҳалқлар (қозоқ, туркман, ўзбек, тожик, турк, азарбейжон ва бошқалар) ўзиники ҳисоблайди.
Чингиз Айтматовнинг саъйи ҳаракатлари билан, туркий ҳалқларнинг бошини бирлаштириш мақсадида, 1995 йили Тошкентда “Туркистон умумий уйимиз” деб номланадиган нодавлат, носиёсий ҳалқаро ташкилот ўз ишини бошлади.
Форум бошланиши олдидан ўша даврдаги ўзбекистон республикаси президентининг Давлат маслаҳатчиси, Ҳозирда “Ҳалқ сўзи”, “Народное слово” газеталари бош муҳаррири Ўткир Раҳмат мени Чингиз оға билан учраштириб:
-Туркманистон раҳбариятининг қаршилигига қарамасдан, Туркманлар делегациясини олиб келди, - деб таништирди.
Шунда Чингиз оға менинг қўлимни қисатуриб: -Сиздайлар туркман, сиздайлар ҳалқ дейилади. Ман-ман ва диктаторлар узоқ яшамайди, миллат ва ҳалқ эса абадий қолади, - деб ўз китобига: “Ахмад туркман Хоразмийга”, деб ёзиб, менга совға қилди.
Мен ҳам 1994 йилда “Фан” нашриётида чоп қилинган ва яқиндагина ал-Хоразмий мукофатига сазавор бўлган ўқув қўлланма китобига: “Муҳтарам Чингиз оға Туркийга”, деб ёзиб унга совға қилдим. У менинг ёзганимни ўқиб кулди-да: -Ўзим ҳам шундай (Чингиз Туркий) деб ҳисоблайман - деб менинг елкамни қоқиб қўйди.
Форум бир овоздан “Туркистон умумий уйимиз” ҳалқаро ташкилотига Чингиз оғани раҳбар этиб сайлади. Ташкилотнинг “Туркистон” деб номланадиган газетаси ҳам чиқабошлади. Бир сўз билан айтганда, бу ташкилот мисолида бутун бир туркий ҳалқларнинг бирлашиш ҳақидаги абадий орзуси ушалаётган эди.

Хоразмий (ўртадаги оқ телпакли) бошлиқ туркманлар делегацияси “Туркистон умумий уйимиз” форумида-1995
Бироқ ўша пайтдаги айрим республика раҳбарлари(С.Ниёзов)нинг “бетарафлик”ни рўкач қилиб бу ташкилотга бош қўшмагани, айрим раҳбарлар(И.Каримов)нинг эса “Туркистон” деб номланадиган бу 5 республикани ўзида бирлаштирган ташкилотга ва келажакда бутун Марказий Осиё давлатларига хўжайин бўлиш истаги кабилар, Чингиз оғанинг на орзу умидлар билан ташкил қилган бу ташкилот фаолиятининг қисқа ва самарасиз бўлишига сабаб бўлди.
Бу анжуманда мухбирлар ҳар бир делегация раҳбаридан интервьюлар олишар, улар билан суҳбат қуришарди. Шу анжумандаги менинг мухбирлар билан бўлган суҳбатимни айнан келтиришни лозим топдик.
Мухбир: -Ахмаджон ака, сиз туркман миллатига мансуб экансиз, сизнинг ота-оналарингиз қачон келиб қолган Ўзбекистоннинг Хоразм вилоятига?
Хоразмий: -Саволингизнинг ўзи сизнинг тарихни яхши билмаслигингизни кўрсатиб турибди. Биринчидан, бизнинг ота-оналаримиз Хоразмга “келиб қолган” эмас, улар шу ерда туғилганлар, авлодлари ҳам шу ерда яшаганлар.
Отамнинг авлодлари ҳозирги Боғот районидаги Хўжалик қишлоғининг “Туркманлик” маҳалласида яшаганлар. Онамнинг авлодлари эса ҳозирги Хазорасп туманининг “Мухомон” қишлоғида яшаганлар. Раҳматлик отамнинг таъкидлашича Хива(Хоразм)да 1714-1726 йилларда хонлик қилган Шерғозихон ҳам бизнинг боболаримизнинг ёрдамида хон бўлган экан. Темурғозихон даври(1757-1762)да менинг бобом Худойбердихон, Хива хонининг ноиби бўлиб Янгиариқдан то Дарған отагача бўлган ҳудуднинг раҳбари (ноиби) бўлган.
Тарихдан маълумки, ўзбек миллатига мансуб бўлган одамлар билан бир қаторда қозоқ, туркман миллатидан ҳам Хива(Хоразм)га хон бўлишган. Энг сўнги Хоразмшох Жалолиддин Мангуберди ҳам аслида Ануштегинларга мансуб. Ануштегинлар эса Селжуқийлардан ҳисобланади. Селжуқийлар эса туркманлардир.
У даврларда нафақат ўзбек деган миллат, умуман ўзбек сўзининг ўзи бўлмаган. Ҳозирги Ўрта Осиё Туркистон деб номланган. Бу ердаги ҳалқларни эса туркийлар дейилган.
Иккинчидан, шуни эсдан чиқарманг, Ўзбекистон ҳудудида яшовчи туркманларнинг, Туркманистонда яшовчи ўзбекларнинг асосий қисми минг йиллардан буён шу ерда яшаётган ерли ҳалқ ҳисобланади. Ўзбекистондаги туркманлар, Туркманистондаги ўзбеклар бўлиб қолишига, ҳатто бир қишлоқнинг иккига бўлиниб қолишига Советларнинг 1924 йилдаги сунъий чегара ўтказишлари сабаб бўлган.
Авваллари барча туркий миллатлар (ўзбек, қозоқ, туркман, тожик, қирғиз, қарақолпоқ) Туркистон деб аталмиш бир ўлкада яшаганлар. Шунинг учун ҳам туркий миллатнинг номаёндаси бўлган Ч.Айтматов раҳбарлигидаги бугунги ташкил бўлган “Туркистон умумий уйумиз” деб номланган ташкилот илм, фан маданият ва бошқа соҳаларда туркий миллатларни бирлаштиришга хизмат қилади.
Шундан кейин мухбир менга бошқа савол бермади.
1995 йил 20 ноябрда Тошкентнинг “Туркистон” саройида ўтган “Туркистон умумий уйимиз” номидаги халқаро анжуман ҳақидаги янги таъсис қилинган “Туркистон” газетасида ҳамда бу анжумандаги Хоразм делегатсиясининг фаолияти ҳақида Халқ сўзи (сурат-1) газетасининг тотувлик кафолати ҳақида рубрикаси остида “Хоразм вилояти” сарлавҳаси билан берилган материалларда батафсилроқ ёзилган.
Кези келганида айтиш лозимки, Чингиз оға бошлаган бу хайрли иш 2007 йили “Марказий Осиё Давлатлари Иттифоқи” номи билан туркий ҳалқларнинг яна бир таниқли сиёсатчи намаёндаси - Нурсултон Назарбоев томонидан олдинга сурилди.
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг кўпчилиги, туркий ҳалқларнинг эса барчаси буни қўллаб-қувватладилар ва бунга умид кўзларини тикиб ўтиришибди. Бироқ бу хайрли иш ҳам 1995 йилда Марказий Осиё (Туркистон) давлатлари устидан хўжайин бўлишни орзу қилган ва бугунга келиб, бу орзусининг ушалишига кўзи етмаган айрим республика раҳбарлари(И.Каримов)нинг “хизматлари” боис боши берк кўчага кириб қолди.
2008 йил, 13-июнь, Жума куни Буюк Британиянинг Стокпорт шаҳридаги Марказий масжидда менинг яқиндагина хатм қилиб тугатган “Хатми Қуръон” савоби самарасини Чингиз оғанинг руҳи покларига бахшида қилдик ва унинг Туркий ҳалқларни бирлаштириш орзусининг тезроқ рўёбга чиқишини буюк Аллоҳдан сўраб дуою-илтижолар қилдик.

Ч.Айтматов номида ҳалқора мукофат таъсис қилиш ҳақидаги таклифли мақола Лондондаги “Хабар” газетасида.
Ўшанда мен: -Ўз асарлари билан туркий ва жаҳон адабиётига катта ҳисса қўшган адибларга, туркий ҳалқларни бирлаштириш йўлида катта хизматлар қилган сиёсатчиларга бериладиган ҳалқаро Чингиз Айтматов (ёхуд Чингиз Туркий) мукофати таъсис қилинса, Чингиз оғанинг ҳам руҳи поклари шод бўларди - деган таклифни ўртага ташлагандим.
Менинг бу таклифим бирнеча мамлакатларда ва тилларда (сурат-2), турли нашрларда чоп қилинди ва бу борада амалий ишлар давом қилмоқда. Ажабмас, Чингиз оғанинг 90 йиллик юбилейи муносабати билан бу таклифимиз (дуоларимиз) ҳам мустажаб бўлса.
А.Хоразмий - олим ва адиб.
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.
Шарҳлар
- Ёзувчи
04/05/2018 at 9:44 AM
Яхши таклифли, яхши мақола бўлибди. Чингиз аканинг дастхат ёзиб берган китобини оқлабсиз домла.
Мен “Чингиз Туркий” деган иборани раҳматлик Одил акадан ҳам бирнеча бор эшитгандим. Ўшанда тушинмагандим бунинг маъносини.
Менимча бу борада 1995 йилги Ҳалқ сўзи газетасида ҳам бирнарсалар ёзилганди.
Нима бўлганидаям биз ҳам қўллаймиз “Чингиз Туркий” номли ҳалқаро мукофот таъсис қилинишини.
Сапар Ниёз
04/06/2018 at 9:43 AM
Хоразмийнинг журналист билан мулоқати диққатга сазавор экан.
Диққатга сазавор жойи шуки, бу мулоқатда Хоразм воҳаси тарихи ҳеч бир сиёсатсиз кўрсатилган. Бундан чиқади муаллиф бинойидей тарихчи ҳам экан.
|