Нафиса Хоразмий
Адам ёзган китобларни қариндошлар, қўшнилар ва бошқалар, талашиб-тортишиб ўқир эдилар. Кейин улар китобдаги мавзулар ва ҳикоялар ҳақида айрим пайтда ҳаяжон билан, арим пайтлари қах-қаха - кулги билан бир-бирига айтиб беришарди.
Биз ҳам, ҳали ўқишни билмасакда, адам ва ойим ёзган китобларни варақлашни яхши кўрардик. Мактабга бориб, ўқиш-ёзишни ўрганганимиздан кейин, адамнинг: "Илмга бахшида умр”, "Қисмат”, "Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар”, "Ҳадиси шариф ўгитлари” номли китобларни ўқий бошладик.
Адамнинг ўтган йили Лондонда нашр қилинган "Хоразм ҳангомалари” китоби жуда қизиқ экан. Ҳар бир ҳикоясини ўқиган одам қотиб-қотиб кулади. Бундан илҳомланиб, мен ҳам ёшлигимда бошимдан кечирган айрим ҳикояларни ёзишга ҳаракат қилдим.
Қуйидаги арзимас ҳикояларим, адабиётнинг мўътабар остонасига қўйилган биринчи қадам, деб ҳисобланса агар, адабиётдаги илк устозим – Адажоним – профессор Ахмад ҳожи Хоразмийга чексиз миннатдорчилигимни билдираман.
Муаллиф – Адажонимнинг Меҳрибони.
Уч оёқли одам
("Хоразм ҳангомалари” туркумидан)
2002 йилдан 2007 йилгача Тошкент шаҳрининг "Олмазор” маҳалласида яшаганмиз. Маҳалламизда бир оёғи йўқ, ногирон амаки бўлиб, иккита қўлтиқтаёқда юрарди. Мен унинг уч оёқлаб юришини томоша қилишга эшигининг тўғрисида пойлаб ўтирардим. Кейин уйга бориб: "Ойижон, мен уч оёқли одамни кўрдим”, десам, уч оёқли одам бўлар эканми, деб менинг устимдан кулишарди.
2004 йил ёзидан (4 ёшлигимда) ойим мени тез-тез маҳалладаги магазиндан нон олиб келишга жўнатарди. Бир буханка нонни сумкага солиб, орқамга отганимча ит, мушук, уч оёқли одам, каламушларни томоша қилиб, бир соатда уйга келардим.
Магазинда турли хил конфетлар, хўрозқандлар, писталар, ўйинчоқлар ҳам бўларди. Мен уларни сотиб олгим келардию, лекин ойимнинг бериб юборган пули нондан бошқасига етмасди.
Адам ҳар гал маош олиб келганида пулларни бизнинг устимизга сочарди. Биз қий-чувлашиб пулларни теришга тушардик. Ойим бўлса пулларни бизнинг қўлимиздан олиб, яшириб қўярди.
Бир куни ойим пулларни қаерга беркитганини билиб қолдик ва Нафосат икаламиз барча пулларни олиб, этакларимизни тўлдириб, магазинга равона бўлдик. Магазинга боргунча анча-мунча пулларни йўлларга туширибмиз. Кўчадаги болалар қий-чувлашиб, бизнинг туширган пулларимизни теришарди.
Магазинга бориб кўзга кўринган нарсаларни харид қилабошладик. Икки қучоқ нарса олган бўлсакда пулимиз тамом бўлмасди. Кейин магазиндаги тарвузми, қовоқми, картошками, қўйингки, магазинда нима бўлса ҳаммасидан сотиб олдик. Сотиб олган нарсаларимиз бир арава юк бўлибди. Уларни қандай олиб кетишга ҳайрон эдик.
Магазинчи ойимга телефон қилиб, биз харид қиган нарсаларимизни олиб кетишини айтди. Ойим магазинга келиб фиғони осмонга чиқиб кетди. Биз харид қилган кўп нарсаларни магазинга қайтариб топширди. Қолганларини ўзимиз билан олиб қайтдик.
Шундан кейин ойим пулларни биз топа олмайдиган жойга беркитадиган бўлган. Бир куни синглим Нафосат билан икаламиз магазиндан нон олиб қайтишимизда қўлтиқтаёқда келаётган, бир оёғи йўқ одамни учратиб қолдик.
Авваллари бундай уч оёқли одамни кўрмаган Нафосат бор овози билан: "Нафи, Нафи қара, анаву одам 3 оёқли итга ўхшаб, уч оёқлаб юрар экан”, деди. Ҳалиги одам бизга бир хўмрайиб, йўлида давом қилди.
Ўша пайтда ёнимиздаги ариқчада, ўша одамнинг оёғидаги туфлисига ўхшаш, бир пой эски туфлини кўриб қолдик. Ва бутун кўчани бошимизга кўтариб: "Мана, мана анву уч оёқли одамнинг бир оёғи манабу ерга тушиб қолибди”, деб бақира бошладик.
Бизнинг шовқинимизга ҳалиги қўлтиқтаёқли одам бизнинг олдимизга келиб: "Қанақа оёқ, қаерда у?”, деб сўради. Шунда биз ариқчадаги ахлатларнинг ичидан тумшуғи чиқиб турган бир бир пой қора туфлига ишора қилиб: "Амаки, мана битта оёғингиз, манабуерга тушиб қолибди”, дедик унинг яна бир оёғини топганимизга қувонишиб.
Шунда уч оёқли амаки бизга қараб кулди-да: "Э қизларим-э, менинг бир оёғим Афғанистонда қолган”, дея йўлида давом қилди.
Биз уйга келиб адамизга: "Адажон, уч оёқлаб юрадиган амакининг бир оёғи Афғанистонда қолиб кетган экан. Сиз чет элларга тез-тез сафарларга бориб турасиз. Афғонистонга борганингизда Амакининг оёғинида олакелинг. Шунда у ҳам ёғоч оёқларини ташлаб, бизга ўхшаб икки оёқлаб юрарди”, дедик.
Адам доим бизни эркалар, биз билан ўйнарди. Улуғбек акамни биз босиб турардик, адам бўлса уни роса ўпарди. "Олмазор” маҳалласидаги ҳовлимизда сичқон кўп бўларди. Биз ва адам сичқонларни қувлаб тутардик.
Ҳозир эсласам, адамнинг чаққонлигига ҳайратдан ёқа ушлайман. Унақа-бунақа мушуклар ҳам тутаолмайдиган сичқонларни қўлига пайпоқ кийиб, қочиб юрган сичқонни тутиб оларди. Бир сўз билан айтганда адам уйда бўлса шодлик, байрам эди.
Ҳаммадан кўра адамни мен кўпроқ яхши кўрардим. У ҳам мени яхши кўрганидан "Меҳрибоним”, деб чақирарди. Адам қаёққа кетмасин мен унга эргашишни яхши кўрардим. Шу боис ойим мени: "Адасининг думи”, дерди.
Бир куни адам мени ойимнинг олдига қолдириб ўзи "Бешёғоч” бозорига бориб келишга кетди. Мен ойимга: "Ҳожатхонага бориб келаман”, деб чиқдим-да адамнинг орқасидан чопдим. Мениг эргашишимни яхши биладиган адам, ҳар замонда орқасига қараб-қараб кетарди.
Адам ҳар орқасига қараётганида мен тротуар четидаги дарахтлар орқасига яширинардим. Адам машиналар жуда гавжум бўладиган Ҳалқлар дўстлиги кўчасидан кесиб ўтган захоти мен ҳам унинг орқасидан чопдим.
Бу пайт пиёдаларга қизил, машиналарга эса кўк чироқ ёнган эди. Тезлик билан келаётган машиналар: "Қийиқ-вийиқ”, қилишиб тўхтаб қолишди. Мени машиналар уриб кетишига сал қолди. Адам мени кўтарганича уйга қайтди. Мен қаттиқ қўрққанимдан адамнинг бўйнидан қаттиқ қучоқлаб ўтирардим. Ўшанда адам: "Болага қараб ўтирмайсанми?”, деб ойимни койиган, ойим эса мени койиганди.
2005 йил октябрнинг охирларида адам тарових намозини ўқишга масжидга кетаётиб ойимга: "Манабу думимга эҳтиёт бўлгин”, деб тайинлади. Мен ойимнинг кўзини шамғалат қилиб, секин чиқдим-да адамнинг орқасидан чопдим.
Вақт ярим кеча, ҳамма ёқ қоп-қоронғи эди. Адам эгри-бугри кўчалардан ўтиб, масжид томон борарди. Мен ҳам адамнинг орқасидан қорама-қора борардим. Адам масжидга кириб кетди. Масжидда одам жуда кўп эди. Буларнинг ичидан мен адамни топа олмадим. Намоз ўқиётган одамлар: "Намоз ўқиётган одамларнинг одидан ўтма”, деб ҳайдашиб мени масжиддан чиқариб юборишди.
Уйга кетай десам ҳаммаёқ қоронғи, адашиб қолишдан қўрқиб, масжидга кираверишдаги тиламчи болалар ва аёлларнинг олдига бориб адамнинг чиқишини кутиб ўтирдим.
Улар мени ҳам тиламчи, деб ўйлаб, мендан қизғанишиб, мени бу ердан ҳам ҳайдашди. Нима қилишни билмай йиғлаб турган пайтимда мени излаб ойим келиб қолди. Уйда мен кўринмай қолганимдан кейин, ойим дарров билган менинг адамга эргашганимни ва бош яланг, оёқ яланг масжид томонга чопган экан.
Адам 2005 йил 1- ноябрь, саҳардан олдин Лондонга хизмат сафарига жўнаганида, менинг эргашишимдан қўрқиб бизни уйғотмаган. Кейин мен роса ҳаракат қилдим, адамнинг орқасидан кетишга. Бироқ Лондонга фақат самолётда борилар экан...
Пишмай қолган илон ҳақида 2002 йил ёзда, 2 ёшдалигимда, Хоразмдаги уйимиз боғидаги ариқдан сал кам бир метр келадиган илонни тутиб олдим. Мен авваллари илонни ҳеч кўрмагандим. Шу боис ундан қўрқиш кераклигини ҳам билмаганман.
Илон икки марта қўлимдан чиқиб қочди. Кейин уни зўрға тутиб, икки буклаб ушладим, шундан кейин у қоча олмади.
Ойим ўша пайтда қўшни(хўжа)ларнинг тандирида нон ёпаётган эди. Мен илонни кўтариб ойимнинг олдига обордим ва: "Ойи, манабунида тандирда нонга қўшиб, пишириб беринг”, дедим. Ойим қўлимдагига эътибор қилмай: "Майли, хамирларнинг олдида қўйиб кетавер, охирида тандирда ёпиб, пишириб бераман”, деди.
Мен эса: "Ойижон, уни бу ерга қўйсам қочиб кетади”, дедим куйиниб. Ойим: ”Нима экан у, қочадиган?”, дея қўлимдаги балодай, тилини чиқариб, вишшиллаб турган илонни кўрган зохати ўтакаси ёрилганидан, қўлидаги хамирли рапиданида тандирнинг ичига ташлаб, додлаганича қочиб бораётиб, қўшнининг боғли турган итининг ипига ўралашиб, итнинг устига йиқилди.
Қизиғи шундаки, бу итдан Ойим қаттиқ қўрқарди. Лекин илоннинг қўрқичи олдида итнинг қўрқичи ҳеч нарсача кўринмади. "Қўрқмагандан қўрқ”, дегандай кичигроқ эшакдай келадиган ит, Ойимдан қўрққанидан ипинида узиб қочди.
Бу тўполонга барча қўшнилар: "Нималар бўлаяпти?”, деб уйларидан кўчага чиқишди. Мен бўлсам: "Мана-мана, тилини чиқариб вишшиллар экан”, деганимча илонни кўтариб қўшнилар томон чопдим.
Қўшнилар аввало англаб етмади, қўлимдаги илон эканлигини. Яқинроқ борганимда қўлимдаги тирик илонни кўрган қўшнилар додлаганларича йиқила-тура қоча бошлашди. Шу тариқа илонни хич ким пишириб бермади ва у қочиб кетди.
Тошкент шаҳар, Юнусобод туманидаги 259-ўрта таълим мактаби ўқувчиси Нафиса Хоразмий
|