«Хоразм ҳангомалари» туркумидан
Ўзбекистон ўлмас Кощейи
Шарқий словян мифологиясида ёвуз сеҳргар ўлмас Кощей ҳақида ҳикоя қилинади. Ҳатто А.С.Пушкин шеърларида Кощей ҳақида: «там царь Кащей над златом чахнет» каби мисралар ҳам учрайди.
Ўлмас Кошей
Ўлмас Кощейнинг жони (ўлими) қайсибир океандаги қайсибир оролда, қайсибир дуб ёғочининг тагидаги сандиқ ичидаги қуёнда, ва қуён ичидаги ўрдакнинг тухумининг ичидаги игнада... Бу энди мифология.
Хоразмда ҳам ўлмас Кощей бор десам, албатта ишонмайсиз. Қуйида Ўзбекистон ўлмас Кощей ҳақида, ҳужжатлар асосида баён қилмоқчиман, эшитинг (ўқинг) бўлмаса.
Ўлмас Кощей деб танилган одам, Хоразм Олтин мерос жамғармаси ходими Комил Нуржоновдир. Комил Нуржонни Хоразмликлар КГБ (СНБ) нинг агенти сифатида яхши билишади.
Тўғрисини айтганда, менинг муҳожирга айланишимда, Хоразмдаги менга аталган рамзий қабрнинг бузиб ташланишида ҳам унинг роли катта бўлган.
Хоразм ёшуллилари ундан ҳайиққанидан унинг барча шаллақиликларига чидашган. Махтанган бўлмасн-у, қанча азият чексам-да, фақат мен унга қарши турганман ва кирдикорларини фош қилганман.
“Ўлган” К. Нуржон телевизорда
Мен Ўзбекистонга бориб келиш учун кўп ҳаракат қилдим. К.Нуржон айрим жойларда; «Мен тирик эканман, Хоразмий Ўзбекистонга кираолмайди», - деб махтанган. Шу боис, бундан 4-5 йил олдин «Озодлик» билан бўлган бир суҳбатда: «Ким Комил Нуржон ўлди деб суюнчиласа, 100 доллар суюнчи бераман», деб эълон қилганман.
Комил Нуржонга атаб: Суюнчимни беринг албат,
Комил Нуржон ўлди деса.
Ул агентнинг бўҳтонидан,
Тарки ватан қилганимни билиб қўйинг.
Деган қасидалар ёзганман ва бу шеърлар, Ютубда, (https://www.youtube.com/watch?v=buJPawpgB0Y) телевизорда ва тўйларда ашула қилиб айтилаяпти. Буни куйлаган айрим (Қутлимурот Кўчаков) хофизларни СНБ роса ишлов берган, ва ижодини таъқиқлаб қўйган дейишади.
Комил Авазнинг китоби дастхати билан
Шундан 1 йил ўтиб, Хоразмдаги укам: «Суючини беринг, Комил Нуржоннинг ўлганини мана, телевизорда айтди» деб, 100 доллар суюнчини олган.
Шундан 7-8 ой ўтиб, Хоразмдан бир қариндошимиз: «Комил Нуржон тирилиб телевизорга чиқди. Агар 100 доллар берсангиз, телевизорда чиққан суратини юбораман» деди ва унинг суратини юборди (сурат-2).
Ўлган Комил Нуржон эмас, Комил Аваз экан, дейишди. Комил Аваз олим, шоир, ёзувчи эди ва менга китобини ҳам совға қилганди (сурат-3). Мен унинг рухи покларига дуои хайрлар қилдим. Кўп ўтмай К.Аваз ҳам «тирилди», мен бундан хурсанд бўлдим.
Яна бир йил ўтиб, 2016 йил август ойининг бошларида «Озодлик»нинг мухбирлари Хоразмлик Бобожоновлар (сурат-4) менга Прагадан телефон қилиб: «Суюнчини чўзинг. Комил Нуржон ўлди, гарантияси 100%. Урганчда яшайдиган укам Ғайрат жанозасигада борган. Хоразмда мурдани ернинг устига қўйиб, устига ғиштдан мозор солишади. Лекин Комил Нуржоннинг мурдасини 1,5 -2 метр чуқурга кўмиб, устинида бетонлаб, унинг устигада мозор қуришибди. Энди у бошқа тирилмайди, тирилсада, у ердан чиқаолмайди. Агар тирилиб чиқса, берган суюнчингизни 2 баравар қилиб қайтарамиз», деб суюнчилашди.
Хоразмлик Бобожоновлар
Қаттиқ суюнганимдан мен уларга Вестерн Юнион орқали салкам 150 доллар (93,64 фунт стерлинг ёки 2700 коруна) суюнчи юбордим (сурат-5).
Шундан кейин, ростдан ҳам, Комил Нуржон бирнеча йил кўринмай кетди. Лекин Ўзбекистонга бориш учунги аризаларим Ўзбекистон ҳукумати томонидан яна асоссиз рад қилинаверди.
Мен Хоразмдаги танишларимга телефон қилиб: «Менинг Ўзбекистонга боришимга тўсқинлик қилаётган Комил Нуржоннинг ўлганига 2 йилдан ошди. Нимагадир менинг аризаларим яна рад қилинаяпти», - дедим.
Шунда ўша танишим: «Комил Нуржон ўлмас Кощей-ку. У аллақачон тирилиб чиққан. Менгада 100 доллар берсангиз, унинг тириклигини исбот қилиб бераман», деди. Мен ҳеч ишонмадим, лекин: «Мана 100 доллар, тирилганига мени ишонтира олмасанг, 10 баравар қилиб қайтарасан пулимни, деб унга 100 доллар юбордим.
Эртасигаёқ, Комил Нуржон билан бўлган суҳбатининг аудиосини юборди. Уни эшитиб, қулоқларимга ишонмадим. У одамга телефон қилиб: «Мен ишонмайман, балки ўлмасидан олдин ёзиб олинган аудио бўлса керак» дедим. Кейин менга Комил Нуржоннинг қўл телефони(0099 894 316 4679)ни ни бериб, ўзингиз гаплашиб кўринг бўлмаса, деди.
Кейин ўзим телефон қилдим унга ва «Комил ака ўзингизмисиз, қаердасиз?» деб сўрадим, гапираётган арвохи, ўзи эса нариги дунёда бўлса керак, деган фикрда.
К.Бобожоновга юборилган суюнчи пули
«Ҳа, ўзимман. Ҳозир Хивада Огоҳий буванинг юбилиейини ўтказиш масалалари билан шуғулланиб юрибмиз. Кечга яқин ишхонага бораман. Овозингиз танишдай, кимсиз, қаердан телефон қилаяпсиз?» - деди. Буни эшитиб эсим оғишига сал қолди...
Комил Нуржон ўлди, деб суючи бердим, тирилди деб яна бердим. Шу тариқа, Комил Нуржоннинг «ўлгани» ва «тирилгани» менга қиммат(салкам минг доллар)га тушди. Энди ким айтсада Комил Нуржоннинг ўлганигада, Ўзбекистонга боришимгада ишонмайман. У ростан ҳам ўлмас Кощей экан!
А.Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри, 2019.
|