"ЯНГИ ДУНЁ"дан олинди
Улуғбек Хоразмий
Ушбу арзимас ҳикоям адабиётнинг мўътабар остонасига қўйилган илк қадам, деб ҳисобланса агар, адабиётдаги илк устозим - падари бузрукворим - профессор Ахмад ҳожи Хоразмийга чексиз миннатдорчилигимни билдираман. Муаллиф
Спортнинг шарофати
(Саргузашт – ҳикоя)
Адам ва онам 3-4 ёшлигимдаёқ илмнинг, спортнинг, меҳнатнинг хосиятлари ҳақида ҳикоялар айтиб берар эдилар.
Раҳматлик бобом - Хасан Аба ўғли (1891-1988), ёшлигида кураш тушадиган полвон бўлган эканлар. Жисмоний бақувватлиги боис Хиванинг амалдаги хони Жунаидхон қўшинлари таркибида Ватан ва дин озодлиги учун қизиллар(Худосизлар)га қарши курашиб "Хасан босмачи” номи билан танилган эканлар. Кейинчалик ҳалқнинг талаби билан "Майда миллат” (ҳозирги "Хўжалик” қишлоғи) колхозининг биринчи раиси сифатида 6 йилдан кўпроқ фаолият кўрсатиб хўжаликнинг социал-иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшган эканлар.
Бобом раҳматлик салкам бир аср (97 йил) яшаганлар ва бу даврда бирон марта касал бўлмаган эканлар. Бунинг сирини сўрашса: "Узоқ ва соғлом умр кўришнинг калити спорт ва ҳалол меҳнатда”, дер эканлар.
Бобомнинг тарбиясини олган адам (Ахмад ҳожи Хоразмий)нинг илм, спорт ва меҳнатдаги фаолияти ҳозиргача ҳам тиллардан тушмай келаяпти. Илм олишни 3 ёшида Қуръони карим оятларини ёдлаш билан бошлаган адам, Хоразм воҳаси тарихидаги (аграр соҳада) биринчи фан доктори, профессор бўлганлар. Илм ва адабиётнинг турли йўналишлари бўйича 30 га яқин китоб ёзиб Хоразм воҳаси олимлари ва қалам соҳиблари орасида ўзига хос рекорд ўрнатганлар.
Меҳнат фаолиятини 13 ёшидан бошлаган адам, аллақачон 60 ёшдан ошган бўлсаларда меҳнатда ва ижодда тинимсиз бардавомлар, кўз тегмасин. Адам спорт билан жиддий шуғулланишни 13 ёшидан бошлаганлар. 15 ёшга етганда 2 пуд (32 кг)лик тошни бир қўлида 4-5 марта кўтарар эканлар. Тўйларда кураш тушганида нафақат ўз тенгқурлари, ҳатто катталар ҳам унинг билан беллашишга юраги дов бераолмас экан. Талабалик ва аспирантлик йилларида Ўзбекистонлик машҳур паҳлавон Тўланбой Қурбонов раҳбарлигида тўй ва тадбирларда полвонлик чиқишлари қилганлар. Ҳатто Мозамбик(Африка) ва буюк Британияда ҳам полвонлик чиқишларини қилиб мамлакатимиз шарафини улуғлаганлар.
Адам (Ахмад ҳожи Хоразмий) полвонлик чиқишларида
Ўзининг "Илмга бахшида умр” китобида келтирилишича спорт орқали йиғган кучи, зарурат бўлганда безориларнинг додини беришга, оғир жисмоний меҳнатларни қилишга асқотган. Адам сабаб акам Ойбек ҳам спортга қизиқардилар. Тошкентдаги сайлгоҳда жойлашган куч синайдиган қурулмаларда ўз кучини кўрсатиб ҳаммани қойил қолдирганининг гувохи бўлганман неча марталаб. Нодира опамнинг айтишича Волгоград(Россия)да ишлаган пайтларида ўзидан анча гавдали йигитларнида курашда ағдариб ташлар экан. Шу боис барчадан доля (ўлпон) йиғадиган маҳаллий (рус) рэкэтлар Ойбек оғамдан доля (пул) олаолмас экан.
Юқоридаги ҳолатлар менинг ҳам спортга қизиқишимга сабаб бўлган. Спортни ўз мактабимдаги кураш кружогига қатнаш ва ўз тенгқурларим билан тинмай кураш тушишдан бошлаганман. Лекин спортнинг каратэ турига қизиқишим айрича эди. Шу боис тўғри келган жойда спортнинг бу тури билан ўзимча шуғулланиб юрдим. Мактабимизнинг янги директори Гўзал Рахимованинг ташаббуси билан каратэ тўгараги Феруз номли мактабимизда фаолият бошлаганидан кейин ўз мактабимизда шуғуллана бошладим.
Тез орада каратэнинг район ва вилоят босқичи мусобоқаларига номзодлар танлана бошланди. Номзодлар ичида қиз болалар ҳам бор эди, бироқ мен йўқ эдим.
Мен тренеримиз, каратэ бўйича қора белбоғ соҳиби Санжар акадан мусобоқаларга менида қўшишни илтимос қилдим. У бўлса: "Сенинг таёргарлик даражанг ҳали вилоят босқичи мусобоқалар талабига жавоб бера олмайди”, деб рухсат қилмади. Мен бундан ранжидим, ва қизиққонлик қилиб: "Мусобақада қатнашадиган спортчиларингизнинг истаган бири билан мени олиштириб кўринг, уларни енгаман”, дедим. Тренерим менга "наҳотки”, дегандай тикилиб турдида: "Майли, ўзингдан ҳам ёшроқ, туркман миллатига мансуб, манашу Райхона билан олишиб кўр. Агар уни енгсанг расмий мусобақага қўяман”, деди. Тренернинг бу таклифи менга ҳақоратдай туюлди ва унга юзланиб: "Сенсе (тренер, устоз), бир ҳамладаёқ бу қизни ўлдириб ёки майиб қилиб қўяман-ку”, дедим. Тренеримиз: "Буни спорт ва мусобоқа дейдилар, ҳар нарсага рози бўлган спортчигина тушади майдон(тўшак)га”, деди ва бизни тўшакка таклиф қилди.
Майдон (тўшак) атрофи спортчиларга ва томошобинларга тўлиб кетди. Рингдаги рақибим Райхона ўзини баймалахотир тутиши менинг ғашимни келтирарди. Бу ҳам етмаганидек тренеримиз Санжар ака Райхонага: "Рақибинга қарши дарров ҳужумга ўтма ва қаттиқ зарба бермагин”, дегани менинг иззат нафсимга тегиб кетди. Ва: "Бу Райхонангизни бир неча дақиқа ичида майдондан кўтариб олиб кетасиз”, деганимни билмай қолдим.
Тренеримиз ишораси билан мусабоқа бошланди. Биринчи бўлиб ҳужумга мен ўтдим. Рақибим иккита ҳужумимгада чапдастлик билан чап берди. Кейинги ҳужумларимдан ҳимояланатуриб, беписандлик билан: "Зарбалари анча бўш-ку”, деди тренерга юзланиб. Тренеримиз Райхонага: "Ҳужумга ўтавер”, деб ишора қиган заҳоти мен шиддат билан яна ҳужумга ўтдим ва Райхонанинг оёғи билан жағимга берган биринчи зарбасидаёқ қулаб тушдим. Жон ҳолатда томошобинларга ёпишиб ўрнимдан турган бўлсамда ўзимга келаолмагандим… Жағимга берилган зарба натижасида икки ҳафта овқат ва нон ея олмадим, фақат манная каша (бўтқа) ичиб яшадим. Биринчи марта устознинг гапига қулоқ солиш лозим эканлигини ҳам жисмонан, ҳам рухан ҳис қилдим.
Менинг бу ҳолатимга онам жуда ачинарди ва: "Болам бас қил, спортнинг бу турини, майиб бўлиб қолишинг ҳеч гап эмас”, деб ялинарди. Қиз боладан енгилганимдан кейин: "Мендан каратэчи чиқмас экан-да”, деб ўзимнинг ҳам кўнглим совиди спортдан. Адам телефон қилиб: "Манашу мағлубиятинг сенга мактаб бўлсин. Эркак эканингни унутма, орқага чекинма!”, дедилар.
Шундан кейин кўрпа-тўшагимни кўтариб тренеримнинг уйига кўчиб бордим ва мусобақада қатнашадиганлар билан қўшилиб кучайтирилган режимда машқлар қилабошладим. Машқлар жараёнида мусобақада қатнашадиганларга етишимга ҳали анча борлигини англадим ва икки йилдан буён машқ қилаётган Райхонадан енгилганимнинг сабабини тушиндим. Дўстларим бундай кучайтирилган режимдаги машқларни фақат мусобоқа олдидан қилсалар мен эса доимо, ойлар давомида қилардим. Натижада дўстларимни бирин-кетин енгабошладим. Навбатдаги расмий мусабоқада мен ҳам иштироқ қилдим ва нуфузли ўринни эгаллаб мамлакат миқёсида, Тошкетда ўтказиладиган ҳалқаро мусабоқага қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритдим. Кучайтирилган режимдаги тинимсиз машқларимни кўрган онам раҳми келиб: "Қўй болам ўзингни бунча қийнама”, деса адам Ангилиядан: "Машқларни сусайтирма, мусобоқадан медалсиз келсанг ота ўғли эмассан”, деб қўнғироқ қиларди.
Хоразмдан борган турли хил вазнлар ва турли хил белбоғ соҳиби бўлган қаратэчилар Тошкентдаги мусабоқаларда иштирок қилдик. Курашлар жуда муросасиз ўтди. Мусобоқа иштиркчиларининг бирнечталари кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишди.
Олтин медаль фақат иккита иштирокчига насиб қилди, буларнинг бириси мен эдим. Бизни Хоразмда тантана ва гуллар билан кутиб олишди. Мен Ангилияга – адамга телефон қилиб: "Адажон, сизнинг дуоларингиз ва тинимсиз қилинган машқлар сабаб олтин медал олдим”, дедим. Адамнинг қувонганидан кўзларидан ёш чиқиб кетганини кўрмасамда сезиб турардим. Ва адамни қувонтирганимдан ғоятда бахтиёр эдим.
2009 йил 18-декабрда, бирга яшаш учун адамнинг олдига – буюк Британияга келдик. Насиба опам инглиз тилини ўрганиш бўйича коллежга кирди. Мен эса мактабда 9-синфдан ўқишни давом қилдирдим. Манчестер вилояти, Стокпорт шаҳридаги St. Anne’s номли мактабга адам ўқишга оборганида мактаб директори M. Kelly хоним мактабда турли миллатга мансуб, дунёнинг турли мамлакатларидан келган ёшлар ўқиши, булар ичида безори ўқувчилар ҳам борлиги шу боис эҳтиёт бўлиш лозимлигини, танаффусларда синфдан чиқмаслик кераклигини тайинлади.
Дастлабки пайтлари мактабга адамнинг ўзи олиб келиб, ўзи олиб кетарди. Синфда мен бўйи энг пастларидан бири эдим. Ёши мен тенги англичанларнинг бўйи мендан 5-10 см узун эди. Бир-икки ҳафта ичида синфдошларим билан бемалол гаплашадиган бўлдим ва аста-секин танаффусларда мен ҳам ташқарига чиқадиган бўлдим.
Катта танаффусда мактаб плошадкасида ўқувчилар қий-чувлашиб ҳар хил ўйинларни ўйнашарди. Мен ҳам синфдошларим – англичан Жак ва Тайландлик Канписэк билан ўйинларни томоша қилаётгандик. Кутилмаганда синфдошларим чеҳрасида қўрқинч пайдо бўлди ва мени туртиб: "Bully(безори)лар биз томон келишаяпти”, деди.
Ўртада ўскин сочларини турли рангларга бўяган, кийиб олган мактаб формаси ўта бетартиб, афти-башараси чандиққа тўлиб кетган гавдали Woolf (қашқир) лақабли англичан, ўнг томонида тасқариликда ундан қолишмайдиган бадбашара ва новча негр, чап томонида 9 г синфда ўқийдиган яна битта безори ҳамтовоғи, келишиб бизнинг қаршимизда тўхташди.
"Бу ёққа кел, Осиёлик латта”, деб чақиришди мени зарда билан. Мен салом бериб олдларига бордим. Мактаб плошадкасидаги юзлаган ўқувчилар ўйинларини тарк қилишиб бизни ўраб олишди. Калхатлар қуршовида қолган мусичадай менинг ахволимга кўпчилик аянч билан қараб турарди. Айримлари бизни қўл телефонларидаги видеокамераларга туширишарди.
"Чўнтагингдаги бор-будинг (қўл телефоним ва пулларим)ни чиқар дарҳол, ҳаётинг керак бўлса!”, дейишди безорилар. Узр, мен уларни бераолмайман сизларга, дедим мулойимлик билан. Ўртадаги қашқир лақабли босс безори ўнг ва чап томонидагиларга бир ишора қилганди, биттаси бўйнимга чанг солиб галстугимни юлиб ташлади. Ўнг томонидаги негр қорнимга зарб билан тепганида қорнимни қўлим билан ҳимоя қилгандим, тепки зарбидан бош бармоғим қаттиқ жароҳатланди. Ҳали ўзимни ўнгламай туриб катта безори оғзимга мушт туширди, лабларим ёрилиб оғзимдан қон оқа бошлади.
Мен безориларга: "Илтимос бас қилинглар, акс ҳолда мен ҳам қараб турмайман”, дедим. "Ахволини қаранглар-у, қараб турмасмиш”, деб менинг устимдан кулди безорилар. Ва қашқир лақабли безори менга яна ташланиб қолди. Мен унинг зарбасига чап бердим-да оғзига қарата зарб билан тепдим. Қашқир 4-5 метр орқасига учиб кетди ва оғзидан қон оққанича хушидан кетиб қолди.
Унинг негр ҳамтовоғи чўнтагидан аллақандай темир буюм чиқарди-да "Ўлдираман!”, деганича менга ташланди. Мен унинг қўлига тепиб, қўлидаги темирни учириб юбордим-да, қорнига бир мушт туширгандим, нафаси қайтиб кетиб ерда типирчилаб қолди. Учинчи безори бир менга, бир йиқилиб ётган шерикларига қараб турдида, қочиб қолди.
Бу ердаги йиғилганларнинг барчаси чапак чалиб мени олқишлашарди. Айримлари ўз дастрўмоллари билан менинг оғзимдан оқаётган қонларни артишарди. Шу пайт бирнеча ўқитувчилар югиришиб келиб қолишди. Кўп ўтмай полиция ва тез ёрдам машинасида докторлар ҳам етиб келишди.
Менинг жароҳатланган лабларимга дорилар суртишди. Ҳалигача ўзига келаолмай ётган катта безорини ва зўрға нафас олаётган негр безорини тез ёрдам машинасида касалхонага олиб кетишди.
Ўқитувчиларимга ва полиция ходимларига ўқувчилар бўлган воқеани айтиб беришди. Турли хил томондан телефондаги видеокамераларга туширилган лавҳаларни кўрсатишди. Полициячилар менинг елкамга қоқиб: "Мактабни битиргандан кейин албатта полиция офицери бўлиб безориларнинг додини бергин”, дейишди.
Лабларимнинг шиши аста-секин қайтаётган бўлсада тепки теккан қўлимнинг бош бармоғи кўкариб шиша бошлади. Ўқитувчиларим: "Бармоғинг синган кўринади”, деб хавотир олганидан адамга хабар қилишди. Мактабга адам билан Насиба опам етиб келишди.
Ўқитувчиларимнинг маслаҳати асосида ва адам ҳалиги безориларни кейинчалик бўлсада жаҳл устида бир нарса қилиб қўймасин, деган андишада: "Жисмоний тарбия дарсида қўлимга коптак тегиб, юз тубан йиқилдим”, дедим. Адам мени зудлик билан касалхонага олиб кетди. Қўлимни рентгенга тушириб кўришса хайриятки суяклари бутун экан, бир ҳафтада тузалиб кетди қўлим. Кейинги ҳафта ҳалиги безорилар ҳам касалхонадан чиқиб мактабга келишди. Биз билан боғлиқ бир ҳафта олдин бўлиб ўтган воқеаларга бағишланган катта мажлис бўлди мактабда. Бу мажлисда маҳаллий ҳокимият вакиллари, журналистлар, полиция ходимлари, безориларнинг ота-оналари иштирок этишди.
Безорилар ва уларнинг ота-оналари биздан расман кечирим сўрашди. Мен эса (адамнинг маслаҳати асосида) уларни безорилик одатидан воз кечиб, ўқишда ва спортда ўзларини кўрсатишсагина кечиришимни айтдим. Менинг бу шартимга барча карсак чалиб юборишди. Улар безорилик қилиш одатини ташлаб мен билан спортга қатнайбошлашди. Ўқишларида, юриш-туришларида жиддий ижобий ўзгаришлар кузатилабошланди.
Мен ўрганган спортнинг шарофати билан бу мактабда узоқ йиллардан буён ҳукм суриб келган дедовшина (безорилик)га барҳам берилди. Юқоридагилар ҳақида Stockport News (Стокпорт янгиликлари) газетасида "Спортнинг шарофати” номли каттагина мақола ҳам нашр қилинди. Бу мақолада туркий миллат вакилларининг хосияти, ватаним Ўзбекистон, Феруз номли мактабим ва устозларим ҳақида ҳам илиқ сўзлар ёзилди. Мен Ўзбекистонлик, Туркий миллат вакили эканлигимдан ғурур туйдим.
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри.
Bu maqola 10138 marotaba 1630 ziyoratchi tarafidan o`qilgan This entry was posted on Monday, April 12th, 2010 at 4:42 pm and is filed under Ахмад ҳожи Хоразмий. You can follow any responses to this entry through the RSS 2.0 feed. You can skip to the end and leave a response. Pinging is currently not allowed.
One Response to "Спортнинг шарофати”
Umida opa Says: April 13th, 2010 at 2:31 pm
Rahmat uglim. Kelajaging porlok inshaAllox, kuproq yozib tur.Tengdoshlaringga yahshi urnaksan.
Shams Says: April 14th, 2010 at 5:12 pm
Balli uglim. Uzbekligingni esdanchiqarma. Omad senga yor bulsin. Alloh seni umringn uzoq qilsin. Ota onangni bahtiga doimo sog bulgin. Rahmat senga
kunfu Says: April 16th, 2010 at 3:03 am barakalla yigitcha ota-ona duosini olgan odam kam bolmaydi,ota-onangizga rahmat olib beradigan solih farzand boling.
Yozuvchi Says:
May 12 th, 2010 at 10:34 pm
Аввало адабиётга куйган илк кадаминг кутлуг булсин!
Янглишмасам икки йил олдин отанг рахбарлигида, Таълим технологиялари журналида (2007-6) "Тупрок (ер) бонитетининг агротехник омиллар таъсирида узгаришини хисоблаш услуби", номли илмий-услубий маколанг хам чикканди. Демак, 12 ёшингда илмга кириб келдинг.
Мана 14 ёшингда яна шу отанг рахбар(устоз)лигида адабиётга кириб келдинг. Ёмон кузлардан сакласин сени Илохим.
Отанг (Ахмад хожи Хоразмий) энциклопедист олим ва таникли калам сохиби сифатида дунёнинг куп жойларида танилган. Илм ва ижодда отанг(устозинг) этагини махкам тутсанг парвозинг сарбаланд булгай ИншаОллох.
|