Дунё олимларига ва барча тинчликсевар инсонятга мурожаат!
http://uzxalqharakati.com/archives/63615
Бу мурожатни ёзиш нияти менда ярим аср олдин туғилганди. Турли хил объектив ва субэктив шароитлар сабаб, буни қилиш имкони бўлмади. Энди, 70 дан ошиб, нариги дунё яқин бўлиб қолганида ҳам, ўз ҳаловатим(нафсим)ни ўйлаб, буни қилмасдан ўтиб кетсам, Аллоҳ ва инсоният олдида, бир олим ўлароқ, бурчимни бажармай қолмайин дедим.

Сурат-1. Профессор А.Хоразмий
Дунё цивилизацияси асосан олимлар тафаккури ва меҳнати эвазигадир, десам муболаға бўлмайди. Шу боис, барча тарихий ва сиёсий даврларда олимлар номи, асарлари, кашфиёт ва ихтиролари эъзозланиб келинган.
Шу билан бирга, инсоният ва цивилизацияни йўқ қилишга қаратилган, турли хил ядровий, кимёвий, биологик ва бошқа қуроллар ҳам айнан олимлар тафаккури ва меҳнати эканлиги ҳеч ким учун сир эмас.
Оммовий қирғин қуролларининг инсоният учун энг ҳалокатлиси бу ядро (атом ва водород) қуролидир. Ядро қуроли инсоният яратган энг шафқатсиз, энг қирғинбарот восита ҳисобланади. Ҳозирда ер шари аҳолисини бутунлай қириб ташлашга қодир бўлган бундай қуроллар заҳираси, ўзининг ёвуз имкониятини кутиб ётибди.
1939 йилда Франциялик физик олим Жолиёт-Кюри асосан илмий қизиқиши сабабидан, дунёда биринчи бўлиб, ядро қуролини ихтиро қилди ва патентлаштирди. Шу боис у атом бомбаси ихтирочиси ҳисобланади.
Қирғин қуроли сифатидаги атом бомбасининг расмий оталари сифатида Америкалик олим Роберт Оппенгеймер ва Совет олими Игорь Курчатовлар ҳисобланади. Японияга ташалган атом бомбасининг фожиасини кўрган Роберт Оппенгеймер қилган ишига афсус қилиб, бир умр ўзини «Дунё вайронагари» атаб, лаънатлаб ўтган.
Афсуски рус олими И.Курчатовга бундай иқрор ва фаросат насиб этмаган. Аксинча, улар оммавий қирғин қуроллари ясагани учун илмий унвонлар, қўша-қўша қаҳрамонлик юлдузларию, орденлар гаштини суриб юришган. Бу тоифа олимлар ҳозирда ҳам етарлича кўп.
Оз бўлсада, оламшумул жиноятга қўл урганини кеч бўлсада тушиниб, бу йўлдан қайтган олимлар ҳам бор. Бундай олимларнинг сардори, водород бомбасининг ихтирочиларидан бири, академик Андрей Сахаров ҳисобланади.
Сахаровнинг бу жасорати учун Коммунистлар ҳукумати унинг 3 карра қаҳрамонлик унвонини, Ленин ва Сталин мукофотларини ва барча орден ва медалларини қайтиб олди. Гал илмий унвони(академиклиги)га келганида Совет олимларининг қаттиқ туриб уни ҳимоя қилганлари учун, қудратли КПССнинг унга тиши ўтмади. Бу эса Совет олимларининг КПССга қарши иккинчи (биринчиси Н.Хрушевни академикликка ўтказишмагани) ғалабаси эди.
Лекин А.Сахаров ўз уйи(Москва)дан ёпиқ шаҳар ҳисобланган Горькийга сургун қилинди. У ерда Нобел мукофоти лауреати бўлган бу буюк олим, хоин тамғаси билан, хор-зорлиқда, 2 хонали диқнафас бир квартирада, узоқ йиллар яшади.
М.Горбачевнинг ошкоролик йиллари А.Сахаров СССР ҳалқ депутати сифатида қуролланишга қарши қизғин фаолият олиб борди (сурат-2). Афсуски, манашу оташин нутқидан кейин, оламдан кўз юмди. Аллоҳ уни қилган солиҳ амаллари билан ялқаган бўлсин!

Сурат-2. Академик А.Сахаров Сеъзда: Йўқолсин, оммавий қирғин қуроллари!
Оммавий қирғин қуролларининг янабири химиявий қурол бўлиб, бу қурол турли хил заҳарли химиявий бирикмалардан иборат ва ҳарқандай тирик организмни қисқа муддатда яксон қилади.
Россия президенти В.Путин айтган маълумотларга қараганда, ҳозирдаги дунёда йиғилган химиявий қуролларнинг миқдори ер юзидаги барча тирик организмни бирнеча марта йўқ қилишга етиб ортар экан. Шундай бўлсада, бундай қуролларни яратиш ва кўпайтириш йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Эътиқоди учун сазойи қилинган олимларнинг янабири “Новичок” деб аталмиш кимёвий қурол муаллифларидан бири, йирик химик олим, профессор Владимир Углев эди. ВВСнинг маълумотларига қараганда, бу таниқли олим, химиявий қурол яратиш борасидаги тадқиқотларни танқид қилгани боис, Россия ҳукумати томондан қувғин ва босимга учраган.
Оммавий қирғин (химиявий) қуролининг янада даҳшатлироқ ва янги турларини яратишдан воз кечгани сабаб, бу йирик олим 1990 йилларда сақич (живачка) сотиб кун кўрган. Бу ҳам етмагандай, уни “педофил”, “ўғри” деб листовка чиқариб, обрўсизлантириш кампаниясининг ташкилотчиси ҳам айнан ҳукумат (ФСБ) бўлган.
Янабир оммавий қирғин қуроли бу биологик қурол бўлиб, улар асосан турли хил касалликлар келтириб чиқарувчи микроблар, бактериялар, вируслар, токсинлар, турли хил ҳайвонлардан иборат бўлиб, барча тирик организмлар(инсон, ҳайвон, ўсимлик)га қирон келтиради.
Булардан ташқари, катта-кичик, барча ўқотар қуроллари ҳам инсониятнинг душманидир. Шундай бўлсада, жангарилик тимсоли бўлган бундай қуролларнинг Мозамбик ҳалқ Республикасига ўхшаган айрим давлатларнинг байроғида (Калачников автомати) бўлиши ва Арабистон байроғидаги қиличнинг рамзи ажабланарли ҳолатдир.
Жаҳондаги оммавий қирғин қуролларининг асосий қисмига эгалик қиладиган Америка Қўшма Штатлари ва Россия Федерацияси раҳбарларининг: “Қуролланиш пойгасини тўхтатиш эмас, бу қуроллар баланси(тенглиги)ни сақлаш муҳим”,- деганини жиддий қабул қилиб бўлмайди (сурат-3).
Россия раҳбарининг: “НАТО ва Варшава шартномаси иштирокчилари (ёхуд АҚШ ва СССР) ўртасида қуроллар баланси тенг бўлганлиги, тинчликни кафолатлаганди. Мана биз қуроллар балансини таъминлаб, дунёда тинчлик бўлишини яна кафолатладик”,- дейиши мантиққа тўғри келмаслиги қуйидаги мисол билан собитдир.

Сурат-3. Россия-АҚШ: Тинчлик гарови – қуролланиш ва улар балансидир, келишдикми?
СССР парчаланиб кетганидан кейин то Путин ҳокимияти давригача Россия сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ночор аҳволга тушиб қолди. Аввалги баланс (тенглик) йўқолиб, АҚШ якка ҳоким (гегемон) бўлиб қолди. Дунёдаги тинчлик ҳам йўқолмади, Россия ҳам босиб олинмади.
Ер юзидаги барча тирик организмни бирнеча марта йўқотиш қудратига эга бўлган бу қуроллар нафақат инсоният ва цивилизация учун, ҳатто ер курраси учун ҳам потенциал хаф бўлиб турса-ю, яна тинчлик тўғрисида гап бўлиши мумкинми?!
*
Қишлоқ хўжалик экинларидан олинадиган маҳсулотнинг ярмидан кўпроғи агрохимикатлар қўллаш эвазига олинади. Фан-техника, айниқса, химия саноати гуркираб ривожланаётган 21-асрга келиб, агрохимикатлар дунёни экологик кризисга олиб келиши мумкин бўлган асосий омиллардан бири эканлиги ҳечкимга сир бўлмай қолди.
ХХ-асрда Меркаптофос, ДДТ, ва бошқалар каби агрохимикатлар химиявий қурол сифатида ҳам ишлатилган. Ҳозирда улар ҳалқаро конвенция қарори билан ишлатиш қатъиян маън қилинган. Жорий вақтда ишлатилаётган агрохимикатларни маълум даражада секин таъсир қилувчи химиявий қуролларга тенглаштириш мумкин.
Совет замонида (айниқса Хоразм воҳасида) “План любой ценой!” шиори остида узоқ йиллар давомида олимлар тавсиясига нисбатан 2-3 баравар кўп агрохимикатлар ишлатилди. Натижада биосфера экологияси ёмонлашиб, тупроқ унумдорлиги пасайди.
1995-2002 йиллар давомиди Хоразм воҳасида олиб борган чуқур илмий тадқиқотларимизнинг кўрсатишича, агрохимикатларнинг (айниқса юқори меъёрларда) қўлланилиши натижасида, тупроқ таркибидаги биосфера (тупроқ) экологиясига салбий таъсир қилувчи Cd, Ni, Cr каби оғир (заҳарли) металлар миқдори 2-2,5 бараварга, пестицидлар қолдиқлари миқдори 3-3,2 бараварга ошган.
Натижада тупроқ таркибидаги фойдали макро ва микро организмлар миқдори 2 – 3 марта камайган. Тупроқ унумдорлигининг асосий кўрсаткичи бўлмиш гумус (чиринди) 12 – 17 % га, ўғитлар самарадорлиги 30 – 40 % га пасайган. Фақат агрохимикатлар сабаб, Хоразм воҳаси аҳолисининг саломатлиги эса 17–21% га ёмонлашган.
Тадқиқотлардан олинган маълумотлар асосида ўсимликларни ўғитлашнинг экологик ва иқтисодий мақбул бўлган услубини яратганмиз. Бу услубимиз “Пахта экилган тупроқни ўғитлаш услуби” номи билан ихтиро (патент-№ IDP 04369) сифатида тан олинган (сурат-4). Бу ишларимиз Ал-Хоразмий мукофотига сазавор бўлди.

Сурат-4. Ихтиро патенти
Агрохимикатлар қўллаш билан юзага келаётган муаммолар ва уларни бартараф қилиш борасидаги таклифлар билан, мамлакат президенти И.Каримовга қайта-қайта мурожат қилдим. Афсуски, менинг мурожатларим эътиборсиз қолдирилаверди.
Ва ниҳоят, мен мамлакат президентига интернет сайтлари орқали мурожат қилишга мажбур бўлдим:
Менинг президентга биринчи мурожатим Centrasia (13.01.2005) сайтида: “Ўзбек ҳалқини қандай қилиб экологик тоза маҳсулотлар билан таъминлаш борасида профессор А.Хоразмийнинг академик (президент) И.Каримовга мурожати” номи билан эълон қилинди.
Бу мурожатимга ҳеч қандай жавоб бўлмагач, шу сайт орқали 23.02.2005 да: “Профессор Хоразмийнинг академик Каримовга очиқ хати. Ўзбекистон тупроқларини Орол денгизининг тағдири кутаяпти” номли кейинги мурожатим эълон қилинди. Бу мурожатда муаммонинг долзарблиги ва уни ҳал қилиш йўллари кўрсатилганди.
Бу борадаги президентга қилган барча хилдаги мурожатларим эътиборсиз қолаверганидан кейин “Агрохимикатлар билан биосфера экологиясини булғашни бас қилинг!” ва “Президент бобо. Бизга бузилмаган ва булғанмаган замин қолдиринг!” деган ёзувлар билан оилавий пикет қилдик (сурат-5).
Натижада, Ўзбекистонда агрохимия соҳасидаги нафақа ёшига етмаган, ягона профессор бўлсамда, ишдан ҳайдалиб, узоқ йиллар катта оиламни мардикорлик билан боқдим.

Сурат- 5. Хоразмийлар оилавий пикетда
Ўзбекистонда коррупция танқид қилинган “Вакил” номли китобим нашр қилинганидан кейин, ҳаётим хаф остида қолди. Бу ҳам етмаганидай, Ўзбекистондан бадарға қилиниб, муҳожирга айландим.
Муҳожирот(Буюк Британия)да ҳам коррупция билан муроса қилмадим ва бу йўлда ногиронга айландим. Бу ҳақда “Аянчли кунлар тарихи, ёхуд, коррупцияга қарши беаёв кураш” номли китоб (Танланган асарлар, 17-том) ёздим. Бу китобимда: “Коррупцияга қарши курашларим йўлида вафот қилсам, мени Шаҳид деб кўминг”, - деб васият қилдим.
Оммавий қирғин қуроллари яратишга, агрохимикатларни асоссиз ишлатишга қарши бўлган кўплаган олимлар, ими-жимида йўқ қилиб юборилди, айримлари муҳожиротда жон сақлади. А.Сахаров, В.Углев, А.Хоразмий каби олимлар хоин сифатида босим остида қолиб, хор-зорлиққа юз тутишди. Бироқ, уларнинг инсоният олдида виждони тоза, Аллоҳнинг даргоҳига ёруғ юз билан бораоладилар ин-ша-Аллоҳ.
* *
Юқорида баён қилинган фактлар асосида қуйидагича (баёнот) мурожат қилмоқчиман:
Дунё олимлари, муҳтарам ҳамкаслар!
Нафақат оммавий қирғин қуролларини, ва шунингдек, инсониятга қарши қаратилган ҳарқандай қуролларни яратишга ва такомиллаштиришга бош қўшманг. Бу йўлга кирганларингиз, жуда кеч бўлмасдан, юқорида зикр қилинган олимлар каби, бу йўлдан воз кечинг.
Аксинча, ўз илмий ва ақлий салоҳиятингизни қуролсизланишга, тинчликка, экологик мусаффоликка, цвилизацияга қаратинг. “Қуроллар баланси (тенглиги) тинчлик кафолатидир” деган чўпчакка ишонманг. Тинчлик кафолати – қуролсизлик, диалог ва келишувдир.
Нафақат инсониятни, ҳатто ер куррасидаги барча тирик мавжудотни ва инсониятнинг минглаб йиллик цвилизациясини қисқа муддатда йўқ қилаоладиган қуролларни яратган заковат, бунинг аксини қилишга ҳам қодир. Аллоҳ берган илм ва заковатни ёвузликка эмас, эзгу ишга сарфланг.
Муҳтарам журналистлар ва адиблар!
Сизларнинг қўлингизда жуда катта ахборот, тарғибот ва ташвиқот (сўз) қудрати бор. Инсониятга қарши ҳарқандай қуролларни яратувчи олим ва инженерларни, ишлабчиқарувчи ишчи ва ходимларни тарғиб эмас, танқид қилинг. Аксинча, юқорида зикр қилинган каби, қурол ва қуролланишга, агрохимикатлар ишлатилишига қарши бўлган олим ва фаолларни тарғиб қилиб, қўллаб қувватланг.
Муҳтарам сайловчилар!
Сиёсатчилар ва раҳбарларни сайлашда ватан ҳарбий қудратини мустаҳкамлаб, ҳарбий жиҳатдан буюк қиламан дейдиган жангарисифатларга овоз берманг.
Муҳтарам сиёсатчи ва раҳбарлар!
Ўзингиз ҳам ишонмайдиган “Қуролланиш ва қуроллар баланси тинчлик кафолати” - деган шиордан воз кечинг. Ихтиёрингиздаги инсониятга қарши ишлатиладиган ҳарқандай қуроллар захирасини тезроқ йўқотиш чорасини кўринг. Қурол ишлаб чиқариш, уларни сотиш ва сотиб олишни тўхтатинг. Ҳозирда қуролланиш(инсониятни қириш)га сарфланаётган маблағни ҳалқ хўжалигига йўналтирсангизлар, мамлакат гуллаб-яшнаб кетади. Ҳарбий жиҳатдан эмас, иқтисодий, маънавий ва экологик жиҳатдан мамлакатингизни ва ҳалқингизни буюк қилинг.
Бу эзгу йўлдаги сайи-ҳаракатларингизга қудратли Аллоҳдан баракотлар тилаб,
Сизлар(дунё олимлари)нинг ҳамкасбингиз, тупроқшунос-агрохимик, қишлоқ хўжалик фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофатлари лауреати, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри, 2019
Ушбу хабарга қолдирилган изоҳлар
Мақолада баён қилинган бу учта мазлум ва жасоратли олимнинг ҳаёт ва фаолияти бизни қуйидаги фалсафий мушоҳидага ундади.
Академик А.Сахаров –яҳудий миллати ва энг қадимий бўлган яҳудий дини вакили.
Профессор В.Углев – рус миллати ва дунёдаги энг катта Насроний дини вакили.
Профессор А.Хоразмий – ўзбек миллати ва ривождаги Ислом дини вакили.
Дунёдаги энг таниқли учта миллат ва динни тамсил қиладиган бу олимларнинг дуоси (мурожати) Аллоҳга етиб, ижобат бўлишига ҳар бир имонли одам каби, биз ҳам ишонамиз.
Мирза ;
Мен Аматжон ака Хоразмий домлани ёшлигимдан танийман. Қизиғи шундаки, ўзи агрохимик, Районлараро агрохимия идораси раиси бўлсада, агрохимикатларга қарши курашди.
Депутат сифатида, Ҳукумат билан уришавериб, Хоразмдаги барча агрохимикатларни Тупроққаладаги қабристон(могильник)га кўчиртирган.
Унинг бу хизматлари учун, И.Каримовнинг Хоразмдаги арзандаси, ҳоким Шакаржон Хўжаниёзова уни ишдан бўшатган. “Гужумлар ҳам экологияни яхшилайди”, деб кўп ерларга гужум экиб, профессор бўлсада, ғалтак билан сув қатнаб, уларни сувғорарди.
Бунгада, мана, салкам 20 йил бўлди. Аввалги экилган гужумлар аллақачон қуруб қолди. Хоразмий эккан гужумлар кааатта бўлиб, яшнаб турибди. Салкам 20 йилдан буён Аматжон акнинг ўзи йўқ, лекин у бунёд қилган боғлар, қуйилар, масжидлар, маҳалла марказлари, китоблар, йўллар ва бошқалар, ундан бир хотира сифатида ҳалқ хизматида.
Ман Хоразмнанман, инфекционист врачман. Ҳожи домла дори(агрохимикат)лар Хоразм ҳалқининг 17-21% ини касал қилди, деб бу кўрсаткични камайтириб айтган.
Аслида бу лаънати дорилар натижасида Хоразм ҳалқининг 25-30 фоизи касал топди. 1980-90 йиллардаги пестицид ва Бутифос таъсирида бутун бошли қишлоқлар касалхонада ётди.
Жой етмаганидан касалларни каридорларда, ҳатто эшикда ётирдик. Қанча-қанчасини сақлаб қолаолмадик. Қанчалари инвалид бўлиб қолишди.
Бу лаънати дори(агрохимикат)ларга қарши кураш йўлида Хоразмий домлага узоқ умр, куч-қувват тилимиз.
Мухожирга.
“Эссиз-а шундай олим сўқиркўз Хушевга “Исматжон ака” деб, эвазига ҳақорат эшитиб ўтирибди”, – демоқчи бўлсангиз, мен ҳам сизга қўшиламан.
Яшанг профессор, олим сифатида бурчингизни бажарибсиз. Лекин бу билан тўхтаб қолманг, бу йўлдаги курашда давом қилинг. Яратганнинг ўзи ажрингизни беради ин-ша-Аллоҳ.
- Исмат Хушев сукиркуз экан. Эссиз шундай олима. Мухожир ;
![]()
|