Ахмад ҳожи
Х о р а з м и й
Қуръони каримдан
м у х т а с а р
сабоқлар
(Қайта ишланган ва тўлдирилган
иккинчи нашри)
Л о н д о н - 2010
М у қ а д д и м а
Аузу биллаҳи самиал алиманаш-шайтонир-рожийм. Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Биз бандалари учун муқаддас ва илоҳий китоб – Қуръони каримни нозил қилган буюк илм ва қудрат соҳиби – улуғ Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!
Унинг ҳабиби ва охирги пайғамбари, Қуръони каримни биз умматларига етказган Муҳаммад алейҳиссаломга дуруду саловотлар бўлсин!
Истиқлолнинг берган энг улуғ неъмати эътиқодимиз ва динимиз асоси бўлмиш Қуръони каримнинг қайтиши бўлди. Даҳрийлар тузуми давридаги 70 йилдан ортиқ вақт мабойнида Қуръони каримни ўрганиш ва ўқиш жуда озгина эътиқодли кишиларга (катта хаф остида) насиб этган. Шу боис кўпчилик унинг нузули, ёзилиш тарихини билишда ва уни тушинишда қийинчилик сезадилар.
Ушбу китобда Қуръони каримнинг нузули, ёзилиши, тафсири ва ҳар бир сурасининг маъносини қисқа ва тушинарли қилиб баён қилишга ҳаракат қилинди. Ва шунингдек, истимолда кўпроқ учрайдиган, ҳамда намоз(ибодат)ларда кўпроқ ўқиладиган сура, оят ва дуоларнинг қисқача маъноси ҳам берилди.
Китоб Ислом ва Қуръони карим ихлосмандларига мўлжалланган.
I-Боб
ҚУРОЪНИ КАРИМ, УНИНГ НУЗУЛИ ВА ЁЗИЛИШИ
Қуръони карим Аллоҳнинг сўзи бўлиб балоғат ва фасоҳатнинг юқори услубида айтилган. У ўқиб, уқиб амал қилмоқ китобидар. Қуръон сўзи "қироат”, яъни ўқиш маъносига эга бўлиб унинг тиловати ибодат ҳисобланади.
Қуръони каримнинг асосий мақсади 3 га бўлинади:
1. Аллоҳнинг тавҳиди, ягоналигининг исботи ва ақидани тузати;.
2. Ислоҳ қилиш ва ибрат олиш учун келтирилган қиссала;.
3. Шариат ҳукмлари.
Қуръони карим 114 та сура, 6666 та оятдан иборат бўлиб – "Уни фақат таҳоратли – пок кишиларгина ушларлар” (56-сура, 79-оят), деб таъкидланади Қуръонда.
Қуръони карим суралари икки қисмга бўлинади:
1. Маккада 610-622 йилларда нозил бўлган (90 сура) сурала;
2. Мадинада 622-632 йилларда нозил бўлган (24 сура) суралар.
Маккий оятлар Аллоҳнинг ягоналиги ва сифатлари, Қуръон ва Пайғамбарнинг ҳақлиги, мушруклар танқиди, ўтган умматлар қиссаси, мусулмонларнинг аҳлоқи қандай бўлиши, қиёмат куни, Одам ота ва шайтон қиссаси, эътиқод масаласи каби мавзуларни баён қилади. Маккий оятлар одатда қисқа бўлади, ичида "Калла” лафзи, "Яаа аюҳаннасу” жумласи кўпроқ учрайди.
Мадиний оятларда эса шаръий ҳукмлар, ибодатлар, жиноятчиларни жазолаш, мунофиқлар ҳақида, жиҳод ва урушлар ҳақида сўз юритилади. Мадина суралари кўпинча узун-узун, кўп оятлардан иборат бўлади.
Қуръони карим икки босқичда нозил бўлган. Биринчи босқичда у Pамозон ойининг Лайлат-ул-қадр кечасида Лавҳи маҳфуз (юқори осмон)дан тўлиғи билан дунё осмонига нозил бўлган (97-сура, 1-оят). Иккинчи босқичда 610-622 йиллар (23 йил) мабойнида пайғамбаримизнинг ҳожатларига қараб Жаброил фаришта воситасида нозил бўлган.
Қуръони карим араб тилининг Қурайш лаҳжасида 23 йил мабоинида ҳали у сурадан уч оят, ҳали бу сурадан икки оят, олдинма –кейин, паст-баланд, аралаш–қуралаш бўлиб тушган. Пайғамбаримизнинг ўзлари қайси оят қайси оятдан сўнг қўйилишига ишорат қилиб, оят ва сураларнинг тартибини ҳам тайинлаб берганлар.
Қуръони каримдаги ҳар бир сура ва оятнинг нозил бўлиши бирор тарихий воқеага боғлиқ бўлиб унга ёки бир диний, ёки ижтимоий масала сабаб бўлган. Шунинг учун ҳам унинг айрим сура ва ояатларни тушунишида (тафсир қилишда) унинг нозил бўлиши сабабларини билиш зарур.
Қуръон оятларини Пайғамбаримиз фариштадан эшитиб ёдлаб олиб, саҳобаларга айтиб берганлар, улардан эса бошқалар ёдлаб олганлар. Шу билан бирга Убай ибн Каъб, Маоз ибн Жабал, Зайд ибн Собит, Абу Зайд каби саводли Саҳоба(котиб)лар нозил бўлган сура ва оятларни ёзиб ҳам борганлар.
Қуръони каримнинг ёзиб олинганлари ва ёд олинганлари асосида ҳазрати Умар маслаҳати билан Абу Бакр Сиддиқ ҳазратларининг халифалик даври(632-634)да Зайд ибн Собит ва Умар ибн Ҳаттоб томонидан Қуръон жамланиб кийик терисидан бўлган саҳифаларга ёзилиб мусхаб шаклига келтирилган ва у Абу Бакр нусхаси, деб юритилган. Бу нусха аввал Абу Бакр Сиддиқда, кейин Умар ибн Ҳаттобда, ундан кейин эса унинг қизи – пайғамбаримизнинг хотинлари бўлмиш Хафса онамиз қўлида қолган. Уммавийлар ҳалифалиги даврида бу нусха куйдириб юборилган.
Ҳазрати Усмон даври(644-656)га келиб мусулмон давлатларининг чегараси кенгайди, ажам (арабмас) ҳалқлари ҳам мусулмон бўлдилар. Натижада Қуръони карим оятларини ўқишда ихтилофлар чиқабошлади. Шу муносабат билан уни кўпайтириш зарурати туғилди. Ҳазрати Усмон раҳбарлигида Зайд ибн Собит ва бошқа Қуръон билимдонлари иштирогида Абу бакр нусхасини асос қилиб олган ҳолда Қуръони каримнинг (24 ҳижрий йилда) 6 та нусхаси таёрланди ва уни ўқиш фақат шу нусхалари асосида бўлиб бошқа барча манба ва ашёлар ёндириб йўқ қилинган.
Абу Бакр ва Усмон нусхалари қадимий Куфий хатида, ҳеч қандай ишора (зеру-забар) ва аломатларсиз бўлган. Ҳазрати Усмон томонидан ёздирилган бу 6 та нусха Макка, Дамашқ, Басра, Кўфа, Мадина умумий ва Мадина хос (Халифа) нусхалари деб аталган ва юқоридаги шаҳарларга юборилган.
Замона зайли билан бу мусхаблар шаҳардан-шаҳарга, давлатдан-давлатга кўчиб юрган. Ҳозирги кунда жаҳонда 4 дона Усмон мусхаби бўлиб улар қуйидаги жойларда сақланмоқда:
-Тошкентда - Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли "Мўйи муборак” кутубхонасидa;
-Қоҳирад - имом Ҳусайн макқбарасидa; -Истанбулда - ислом ёдгорликлари музейида;
-Истанбулда - Топи-Капу музейида.
Усмон мусхаби Тошкент нусхасининг Мавораннаҳр (Ўзбекистон)га келиб қолишида қуйидаги фикрлар мавжуд:
-Миср подшоси Зохир Байбарс мўнғуллардан исломни биринчи бўлиб қабул қилган Баракатхонга тортиқ қилган.
-Мисрни забт этган Амир Темур ўзи билан Қоҳирадаги нусхасини олиб келган.
-Кўп йиллар Ироқда истиқомат қилиб илм ўрганган ва кўплаган шогирдлар таёрлаган имом Абу Бакр Каффол аш-Шоший ва унинг шогирди - Хожа Ахрор Валийнинг катта бобоси - Хожа Муҳаммад Номий(Хоразмий)лар келтирган.
Бу нусха Хожа Ахрор Валий ихтиёрида бўлган ва 1869 йилгача Самарқанддаги масжиду-мадрасаларда сақланган. 1869 йил 30 майда Туркистон генерал губернатори, Фон Кауфман уни Петербургга юборган. 1917 йилда мусхаб Россия мусулмонларига берилган. 1924 йилда у Уфадан Тошкентга келтирилган.
75-ҳижрий йилга келиб халифалик чегараси кенгайиб шимолий Африка, Эрон ва Ўрта Осиёга кириб борди. Бошқа миллатлар томонидан Қуръонни тўғри ўқий олмасилик ва бошқа сабаблар Қуръони каримга аломатлар қўйиш ва унинг нусхаларини кўпайтиришга эҳтиёж туғдирди.
Биринчи марта чўзиб ўқиладиган ҳарфлар устига кичкина "Алиф” қўйилди. Ҳижратнинг 3-асрига келиб Абул Асвад ад-Дуалий томонидан ҳарфлар остига ва устига ҳаракатлар қўйилди ва бу 3-аср охирига келиб Қуръони карим ҳарфларига зеру-забар қўйиш камолатга етиб тугади.
4-ҳижрий асрнинг охирига келиб Кўфа хати ўрнига насх хати пайдо бўлди ва Қуръони карим нусхалари тез суратлар билан кўпайиб кетди. 1640 йилда Қуръони карим биринчи марта Венецияда чоп қилинди. 1694 йили Гамбургда иккинчи марта чоп қилинди. 1787 йилда Россияда, кейинроқ Қозонда, Эронда, Истанбулда, Ҳиндистонда ва бошқа ерларда чоп қилинган.
Қуръони каримнинг ҳамма талабларига жавоб берадиган, Хафснинг ривояти бўйича, Осим қироати асосида босмадан чиққан нашри 1923 йилда Қохирада амалга оширилган. Ҳозирда ҳам Қуръони каримни чоп қилиш ва кўпайтириш шу нашрга асосланади.
II – Боб
ҚУРЪОНИ КАРИМ ТАФСИРИ
Қуръони карим Аллоҳнинг балоғат ва фасоҳатнинг юқори услубида айтган сўзи бўлганлиги учун унинг маъноларига тушиниб етиш шарх ва тафмирга мухтождир. Тафсир сўзи тушинтириб бериш, маъносини очиш, шархлаш маъноларини касб этади. Қуръони каримнинг биринчи муфассири Пайғамбаримизнинг ўзлари бўлганлар. Саҳобалар ичида эса Абдуллоҳ ибн Аббос кучли муфассир бўлган. Биринчи мустақил тафсирни 140-ҳижрий йилларда Ибн Журайди ёзган.
Қуръони карим оятдларини шархлашда асосан 3 хил йўналишда борилган:
1. Тафсир бил маъсур - йўналишдаги тафсирда саҳиҳ ҳадислар ва саҳобаларнинг қавллари асосида тафсир қилинган. Бу йўналишдаги тафсирларнинг асосийлари, Имом Муҳаммад Табарийнинг "Жамоил-ул баён фи тафсирил Қуръон”, Имомаддин ибн Касирнинг "Тафсир –ул Қуръон-ул азийм”, Жалолиддин Суютийнинг "Аддирул мансур фи тафсир бил мансур” китоблари.
2. Ат- тафсиру бир-рай – йўналишдаги тафсирда муфассир ўз илми ва ижтиҳоди асосида тафсир қилади. Бу йўналишдаги қилинган асосий ишлар Имом Маҳмуд Заҳмашарининг "Кашшоф” деб танилган китоби, Фаҳрутдин Розийнинг "Мафотихул ғайб”, Насафийнинг " Мадорикут танзил ва ҳақоиқут таъвил” китобларидир.
3. Тафсир-ул ишора – йўналишдаги тафсирда Қуръони карим оятлариннинг зохирий маъносига қарамай ундаги яширинган маънолар шархланади. Бу услуб фақат тасаввуф арбобларининг йўли бўлиб ҳар кимга ҳам муяссар бўлавермаган. Бу йўналишдаги асосий тафсирлар Низомутдин Хурсонийнинг " Ғаройиб – ул Қуръон ва рағоиб- ул Фурқон” ва Имом Шерозийнинг "Ароис-ул баёон фи ҳақоиҳ-ул Қуръон” китобларидир.
Ўрта Осиёдан ҳам тафсир илмида катта олимлар етишиб чиққанлар: -Имом Муҳаммад Бухорий "Тафсир-ул-кабир” номли китоб ёзганлар, лекин у бизгача етиб келмаган.
-Имом Абу Мансур Мотрудий ўзларининг "Таъвилоту аҳли сунна” тафсирларида Қуръони карим оятларини ақидада, аҳли сунна вал жамоа мазҳабини қўллаб тафсир қилганлар.
-Имом Абу Лайс Самарқандийнинг "Баҳрул улум” номли киобида Қуръон оятларини саҳиҳ ҳадислар асосида тафсир қилган.
-Имом Махмуд Замахшарий "Ал-Кашшоф ан ҳақоиқ ит-танзил ва уйун ил-ақовийл фи вужуҳ ит-таъвийл” (Қуръон ҳақиқатлари ва уни шарҳлаш орқали сўзлар кўзларини очиш) китоби Тафсир-ул-Кашшоф номи билан машҳур бўлиб дарслик сифатида ўқилади. Ўз ижтиҳоди бўйича ёзилган бу китобда муфассир Қуръони карим оятларини асосан фасоҳат (тил) ва балоғат қоидалари асосида тафсир қилган.
-Имом Фахрутдин ар-Розий "Мафотих-ул Ғайб” китобида Қуръони каримни унинг оятлари орасидаги муносабатларни ва суралар ўртасидаги боғланишларни ҳисобга олиб тафсир қилган.
-Имом Насафий "Модарик танзил” китобида аз-Замахшарий йўлидан бориб, унинг Кашшофидан фойдаланган.
-Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф "Тафсири ҳилол” китобида Қуръони карим оятларини шархлашда нафақат ўзидан олдинги муфассирлар китобидан ва шунингдек ҳозирги замон фан-техника ютуқларидан ҳам кенг фойдаланган.
-Булардан ташқари Ўрта Осиёда "Итқон”, "Тафсири Нўъмони”, "Тафсири Тибён”, "Тафсири Мавлона Чархий”, каби маҳаллий (татар, тожик, ўзбек) луғатларида ёзилган тафсирлар ҳам мавжуд.
(Боши, давоми кейинги сахифаларда)
|