Ахмад ҳожи Хоразмий
Қуръони каримдан мухтасар сабоқлар
(Давоми, боши ўтган сонларда)
90. Балад (шаҳар) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 20 оятдан ташкил топган. Сурада Аллоҳ хусусан сўнги пайғамбарининг она маскани бўлган улуғ шаҳар – Маккаи мукаррама ҳақида ва инсон зоти бу дуёга мехнат-машаққат чекиш учун келганлиги баён қилинади.
Қўлларидаги мол-мулкини фақат иймон ва эътиқод билан Аллоҳ буюрган жойларга сарф-ҳаражат қилиш лозимлиги уқтирилади.
91. Ваш-шамс (қуёшга қасам) сураси – Маккада нозил бўлиб 15 оятдан иборат. Бу сура ўзининг илк ояти билан номланган.
Сурада Аллоҳ ўзи яратган бир қанча мавжудотга ва ўз зотига қасам билан ўз жонини иймон билан пок тутган киши нажот топиши, уни куфр билан хор қилган киши эса номурод бўлиши ҳақида хабар беради. Ана шундай ҳалокатга учраган қавимлардан Самуд қабиласи мисол қилиб келтирилади.
92. Вал-лайл (кечага қасам) сураси - Маккада нозил бўлган ва 21 оятдан иборат. У ўзининг илк ояти номи билан аталган.
Сурада инсонларнинг туриш-турмушлари ҳам, саъйу-ҳаракатлари ҳам турли-туман эканлиги хусусида оятлар келтирилиб тақво эгаларининг топажак ажрлари таъкидланади.
93. Ваз-зуҳа (чошгох вақтига қасам) сураси - Маккада нозил бўлган ва 11 оятдан иборат. Бу сура пайғамбар алейҳиссалом шахсиятларига хос сура бўлиб унда Аллоҳ таоло ўзининг сўнги пайғамбарига нисбатан бўлган меҳр-муҳаббати ва раҳм-шафқати ҳақида хабар беради ва унга илоҳий йўл-йўриқлар кўрсатади.
94. Шарх (очмоқ, кенг қилмоқ) сураси - Маккада нозил қилинган бўлиб 8 оятдан иборат. Сура бошидан охиригача пайғамбар алейҳиссаломга хитоб бўлиб, Аллоҳ томонидан унга берилган фазл-марҳаматлар зикр қилинади.
У зотнинг машаққатларга сабр-тоқат қилишга, ҳамда Аллоҳнинг ибодатига мудом рағбат кўрсатишга даъват этилади.
95. Ват-тийн (анжир мевасига қасам) сураси - Маккада нозил бўлган ва 8 оятдан иборат. Сура ўзининг илк ояти билан номланган. Сурада Аллоҳ яратган энг гўзал ва мукаммал ҳилқат инсон эканлиги, лекин айрим кимсалар куфру-исён ботқоғига ботиб пасткашлашиб қолишлари бу дунёдан эзгу амаллар билан яшаб ўтган инсонлар эса ажр-мукофотга эга бўлишлари баён қилинади.
96. Алақ (лахта қон) сураси - Маккада нозил бўлган ва 19 оятдан иборат. Бу сурада инсон қуюқ (лахта) қондан яратилганлиги тўғрисида илк бор айтилгани сабаб бу сура шундай номланган. Сурада инсон табиатидаги бир қуср, ўзини бой-беҳожат кўриши билан туғёнга тушиши тўғрисида сўз юритилиб, ундай кимсалар Аллоҳ ҳузурида ҳисоб бериши борлиги таъкидланади.
Бу сура Хиро тоғида биринчи нозил бўлган сура бўлиб у сажда ояти билан якунланади. Пайғамбаримиз: "Банда Аллоҳга энг яқин бўлган пайти – сажда пайтидир, у пайтда дуони кўп қилинглар” –деганлар.
97. Қадр сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 5 оятдан иборат. Сурада сўз инсоният тарихида мисли кўрилмаган бир кеча хақида инсонларга бу дунёда эзгу ишлар қилиб ўтадиган, йўл-йўриқларни кўрсатиб берадиган Қуръони карим нозил бўла бошлаган кадирли бир кеча ва унинг фазилатлари ҳақида боради.
98. Баййина (аниқ ҳужжат) сураси – Мадинада нозил қилинган бўлиб 8 оятдан иборат. Бу сурада сўз ёлғиз Аллоҳ таолонинг ўзигагина ихлос билан ибодат қилиш лозимлиги тўғрисида ва охиратда кофирлар дучор бўладиган азоб ҳамда иймон ва яхши амаллар билан ўтган зотларга муяассар қилинадиган мангу бахт хусусида боради.
99. Залзала (зилзила) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 8 оятдан иборат. Бу сура дастлаб қиёмат қойим бўлганда замин зилзилага тушиб, титраб-ёрилиб тилга кириши ҳақида қикоя қилади.
Сўнгра у кунда бу фоний дунёда қилиб ўтилган зарра мисоли яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам оқибатсиз қолмаслиги баён қилинади. Шу боис пайғамбаримиз бу сурани Қуръоннинг ярмига тенг келади деганлар.
100. Вал-одиёт (чопқир отларга қасам) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 11 оятдан иборат. Сурада динсиз, эътиқодсиз инсонлар албатта Аллоҳ ато этган неъматларга ношукурлик қилувчи ашаддий дунёпарастлар бўлишлари таъкидланади. Булар эса жазосиз қолмаслиги уқтирилган.
101. Ал-қориа (қалбларни қаттиқ қоқувчи) сураси – Мадинада нозил қилинган бўлиб 11 оятдан иборат. Суранинг номи бўлмиш ал-қориа калимаси қалбларни қаттиқ қоқувчи – қиёмат деган номни англатади.
Сурада қиёмат даҳшатлари тасвирланиб у кунда ҳар бир инсон ўз қилмишига қараб мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлиши ҳақида хабар берилади.
102. Такосур (тўплаб кўпайтиришга берилмоқ) сураси – Маккада нозил бўлиб 8 оятдан ташкил топган. Сурада кўп одамларнинг то қабрларга киргунча мол-дунё тўплашига ва ўша арзимас матолар билан мақтанишга машғул бўлишиб Аллоҳ буюрган ҳақ йўлдан юришдан юз ўгирганлари баён этилиб уларга бу қилмишларининг оқибати ёмон эканлиги уқтирилади.
Шу боис пайғамбаримиз бу суранинг минг оятга бробар эканлигига ишорат қилганлар.
103. Вал-асри (аср намозининг вақтига қасам) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 3 оятдан иборат. Сурада Аллоҳ таоло аср намозининг вақтига қасам билан инсоният ҳақиқий бахт-саодатга эришиш учун 4 нарсага: иймонга, эзгу амалга, ҳақ йўлга ва шу йўлда чекиладиган машаққатларга сабр-тоқат қилишга мухтож эканлигини таъкидлайди.
Бу сура мусулмонларнинг сифатини, ҳақиқатини, вазифасини баён қилади. Шу боис Имом Шоъфий р.а.: "Агар шу сурадан бошқа сура тушмаганида ҳам одамларга кифоя қиларди”, деганлар.
104. Хумаза (бўхтончи) сураси – Маккада нозил бўлган ва 9 оятдан иборат. Сурада тўплаган мол-дунёлари билан қувонишиб, ўша моллари ўзларини ҳарқандай бало-офатдан сақлайди деб ўйлаб бировларнинг обрўларини тўкиб юрадиган ғийбатчи-бўҳтончи кишилар албатта дўзах азобига грифтор бўлиши таъкидланади.
105. Фил сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 5 оятдан иборат. Сурада Кабатуллоҳни вайрон қилиш ғаразида келганлари сабабли Аллоҳнинг ғазабига учраб ҳалок бўлган асҳоби фил – фил минган лашкарлар ҳақида оятлар келтирилган.
Аллоҳнинг уйи – Каъбани бузиш учун келган Яман ҳокими Абраха бошчилигида бостириб келган кофирларни Аллоҳ ўзининг махлуқлари бўлмиш қушлар тумшуқларида келтирган майда тошлар билан ҳалок қилгани баён қилинади.
Расулуллоҳ фил воқеасидан 50 кун кейин дунёга келганлар.
106. Қурайш сураси – Маккада нозил бўлиб 4 оятдан иборат. Бу сурада пайғамбар алейҳиссаломнинг қабилалари бўлмиш Қурайш қабиласига Аллоҳ томонидан ато этилган улуғ неъмат – тинчлик-омнлик, тўқлик-фаровонлик зикр қилиниб Қурайшликларни бу неъмат учун Байтуллоҳнинг Парвардигорига ибодат қилишга даъват этилади.
107. Моъувн (рўзғор буюмлари) сураси – Маккада нозил бўлган ва 8 оятдан иборатдир. Сурада диннинг моҳияти ҳақида сўз юритилиб, ўзларини диндор ҳисоблайдиган айрим кимсаларнинг мискинларни озорлайдиган, бечоралар ҳолидан хабар олмайдиган кимсаларни эса динни инкор қилувчилар дейилади.
108. Қавсар сураси – Маккада нозил бўлган ва 3 оятдан иборат. Сурада Муҳаммад алейҳиссаломга Қуръон ва пайғамбарлик ато этилгани таъкидланиб, бундай илоҳий марҳаматнинг шукронаси учун намоз ўқишга ва қурбонлик қилишга даъват этилади.
Кимда-ким пайғамбар алейҳиссаломни ёмон кўриб, душманлик қилса ана ўша кимса беному-нишон йўқ бўлиб (думи қирқилиб) "абтар” бўлиб кетиши таъкидланади.
109. Кофирун (кофирлар) сураси – Маккада нозил бўлиб 8 оятдан иборат. Бу сура кофирлар пайғамбаримиз олдига келиб –"Бизлар сизларнинг Худойингизга ибодат қилайлик, сизлар ҳам бизларнинг бутларимизга ибодат қилинглар” – деганларида нозил қилинган.
Пайғамбарни ва унинг умматларини кофирларнинг (ва ғайри динларнинг ҳам) бундай таклифларига учмасликка, ёлғиз Аллоҳга ибодат қилишга даъват этилади. Пайғамбаримиз бу сурани Қуръоннинг тўртдан бирига тенг келади деганлар ва бомдот намозининг икки ракат суннатларида кофирун ва ихлос сурасини ўқиганлар.
110. Наср (ёрдам) сураси – Мадинада нозил бўлган ва 3 оятдан иборат. Сурада пайғамбаримизга ва барча мусулмонларга Аллоҳ ўз динини барча динлардан ғолиб қилган кунга гувоҳ бўлганларида берган мадад ва ғалабаси учун махфират сўраш, тавба-тазаррулар қилиш лозимлиги баён қилинади. Имом Насафий ривоятларида бу сура Қуръони каримниг тўртдан бирига тенглиги ҳақида хабар бор.
111. Масад (пишиқ тўла) сураси – Маккада нозил бўлган ва 5 оятдан иборат. Сурада гарчи ўзи пайғамбар алейҳиссаломга амаки бўлса ҳам, пайғамбаримизга ҳаддан ташқари азиятлар етказган "Абу-Лаҳаб – дўзах ўтининг отаси” –деган лақабга эга бўлган ашаддий кофр ва куфрда ундан қолишмайдиган хотини ҳақида сўз юритилади.
112. Ихлос сураси – Маккада нозил бўлган ва 4 оятдан иборат.Бу сура бир гурух Макка мушруклари пайғамбаримиз олдиларига келишиб Аллоҳнинг таъриф-тафсифини қилиб беришни сўрашганда, ўшаларга жавобан нозил бўлган.
Бу буюк сура мўминларга Аллоҳни қандай танишни ва унга қандай ихлос – эътиқод қилишни ўргатади. Пайғамбаримиз бу сурани Қуръоннинг учдан бирига тўғри келади, деганлар ва ихлос, фалак, нос сураларини ўқиб дам солар эканлар.
113. Фалак (тонг) сураси – Маккада нозил қилинган бўлиб 5 оятдан иборат. Бу сура ўзининг илк ояти номи билан аталган.
Сурада Аллоҳ таоло пайғамбар алейҳиссаломга ва барча мўминларга еру-осмондаги барча ёмон нарса ва ҳодисалардан ёлғиз ўзига паноҳ сўрашларини таълим беради.
114. Ан-нос (инсонлар) сураси - Маккада нозил бўлган ва 6 оятдан иборат. Сура ўзининг илк ояти билан аталган.
Бу сура ўзидан олдинги суранинг узвий давоми бўлиб жинлар ва инсонлардан бўлган кишиларни вас-васага солиб, йўлдан урадиган шайтонларнинг ёмонлигидан ёлғиз Аллоҳга сиғиниб панох сўраш лозимлиги уқдирилади.
IV Боб.
Қуръони каримнинг асосий оятлари
2. 125 – Эсланг, Байтуллоҳни одамлар учун зиёратгоҳ ва тинч жой қилиб қўйдик.
2. 144 - ... Юзингизни масжид ал-Ҳаром (Макка) томонига буринг.
2. 149- ...У шубҳасиз Парвардигорингиз буюрган ҳақ қибладир.
2. 173 – У сизларга фақатгина ўлакса, қонни, тўнғиз гўштини ва Аллоҳдан ўзгага аталиб сўйилган нарсаларни ҳаром қилди. ... Кимки ночор аҳволда (булардан озроқ еса) гуноҳкор бўлмайди.
2. 187 – Ва тонгдан, оқ ип қора ипдан ажраладиган пайтгача еб-ичаверинглар (саҳарлик қилаверинглар).
2. 208 – Эй мўъминлар, тўла ҳолдаги (исломнинг баъзи хукумлариги итоат қилиб, баъзилариги итоат қилмай эмас) исломга кирингиз.
2. 215 - ... Қандай яхшилик қилсангиз ота-онага, қариндош-уруғга, етим-мискинларга ва йўловчи-мусофирларга қилинглар.
2. 219-220 - ...Булар(ароқ ва қимор)да катта гуноҳ ва одамлар учун фойдалар бор. Буларнинг гунохи фойдасидан каттадир. Ва сиздан (эй Муҳаммад) нималарни эҳсон қилишни сўрайдилар, ўзингиздан ортганини, деб жавоб беринг.
2. 238 - Барча намозларни, хусусан ўрта (аср) намозни сақланглар – ўз вақтида адо этинглар.
2. 251 – Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини, айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз ер фасодга дучор бўлади.
2. 253 – Ўша пайғамбарларнинг айримларини айримларидан афзал қилдик.
2. 275 - ... Холбкуи Аллоҳ бай (олди-сотди, савдолашиш)ни ҳалол, судхўрликни харом қилган.
3. 3-4 - ...Сизга ўзидан аввалги тушган китобларни тасдиқловчи бўлган бу китоб (Қуръон)ни ҳақ билан нозил қилдик.
3. 14 – Одамларга аёллар, болалар, бойликларга кўнгил қўйиш чиройли қилинди.
3. 19 – Албатта Аллоҳ наздида мақбул бўладиган дин фақат Ислом динидир.
3. 67 – Иброҳим алейҳиссалом яҳудий ҳам, насроний ҳам, мушрик ҳам эмас.
3. 80 – Аллоҳ барча пайғамбарлардан: "...кейин сизларнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ этгувчи бир пайғамбар (Муҳаммад САВ) келгач албатта унга иймон келтирурсиз ва ёрдам берурсиз”, деб аҳду паймон олгач уларга: "Манашу аҳду-паймонни иқрор бўлиб қабул қилдингизларми?”, деди. У пайғамбарлар "Иқрормиз”, деб жавоб қилишгач Аллоҳ айтди: "Гувох бўлингиз! Мен ҳам сизлар билан гувоҳ бўлгувчиларданман”.
4. 31 – Агар сизлар манъ этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил – жаннатга киритурмиз.
4. 34 – Эркаклар хотинлари устидан раҳбардирлар:
... Ибодатли-итоатли ва эрлари йўқлигида (эрларининг мол- мулкини ва ўз иффатларини) сақлагувчи хотинлар яхши хотинлардир.
... Хотинларингизнинг итоатсизлигидан қўрқсангиз аввало уларга панд-насиҳат қилинг (у кор қилмаса) уларни ётоқларида тарк қилингиз (бирга ётмангиз), у ҳам кор қилмаса уринглар.
4. 43 – Эй мўъминлар, токи гапираётган гапларингризни билишингиз учун маст ҳолди намозга яқинлашманглар.
4. 136 – Эй мўъминлар, Аллоҳга, унинг пайғамбарларига ва шу пайғамбарларга нозил бўлган китобларга, ... иймонингиз комил бўлсин.
4. 148 – Аллоҳ ёмон сўзларнинг (дуоибатнинг) ошкора айтилишини суймайди. Магар мазлум томонидан бўлса (жоиздир).
5. 3 - ...Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон-тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим...(Бу Мелодий ҳисобда 632 йилда Арофатда, охирги нозил бўлган оятдир. А.Х.).
5. 48 - ...Сизлардан ҳар бир миллат (яъни дин) учун алоҳида шариат ва йўл қилиб қўйдик.
5. 90 - ...Эй мўъминлар, ароқ, қимор, бутлар ва чўплар шайтон амалларидан бўлган харом ишлардир.
5. 93 - ...Сўнгра ўзларини (у ҳаром нарсалардан) сақлаб иймон келтирсалар (илгари) еб-ичган нарсаларидан гуноҳ йўқдир.
6. 92 - ...Бу китоб Макка аҳлини ва унинг атрофидаги кишиларни (охират) азобидан огохлантиришингиз учун ўзимиз нозил қилган китобдир.
6. 119 - ...Магар музтар (мажбур) бўлиб қолган ҳолингиздагина (у ҳаром нарсалардан истемол қилишингиз мумкин).
6. 128 - ...Шунда у жинларнинг инсонлардан бўлган дўстлари (фолбинлар): "Парвардигор, бизлар бир-биримиз (бизлар жиндан, жинлар биздан А.Х.)дан фойдаландик... деганларида "Жойингиз дўзахдир!” дер.
6. 152 - ...Биз ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмаймиз.
7. 11 – Аниқи биз сизларни (ердаги халифаларимни) яратдик. ...фаришталарга амр қилганимиз заҳотиёоқ улар сизларга сажда қилдилар. Магар иблис сажда қилмади.
7. 12 – Аллоҳ сабабини сўраганда : "Мени оловдан, одамни эса лойдан яратгансан, шунинг учун мен ундан яхшироқман” –деди шайтон. Бу кибру ҳавоси учун у жаннатдан қувилди.
7. 18 – Қасамки, улардан кимда-ким сенга ергашса албатта дўзахни сизларнинг барчангиз билан тўлдирурман.
7. 24 – Аллоҳ айтди: "Бир-бирнгизга (шайтон инсонга, инсон шайтонга) душман бўлган ҳолингизда жаннатдан тушинглар...”
7. 172 – Бу оятда Аллоҳ инсон зурриётидан мусулмон бўлишга ваъда (ал-мисоқ) олганлиги баён қилинади (А.Х.).
7. 187 – ...У (қиёмат)сизларга фақат тўсатдан, кутилмаганда келур.
7. 204 – Қачон Қуръон тиловат қилинса унга қулоқ тутингиз ва жим турингиз – шояд (Аллоҳ тарафидан) рахматга сазовор бўлсангизлар.
9. 60 – Албатта садақалар (яъни закотлар) Аллоҳ томонидан фарз бўлган ҳолда фақат фақирларга, бўйин(қул)ларни озод қилишга, қарздор кишиларга ва Аллоҳ йўлида (жиҳодга ёки ҳажга кетаётганларга) ҳамда йўловчи мусилмонларга берилур.
11. 40 – Ғарқ бўладиганлар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Қанъон эди.
11. 114 – Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бир бўлагида намозни тўкис адо этинг.
13. 37 - Шунингдек (яъни илгари ўтган пайғамбаримизга ўз тилларида ваҳий юборганимиз каби)биз уни (Қуръонни) арабий ҳукум ҳолида нозил қилдик.
15. 18 – Магар (у жинлардан) биронтаси (осмондаги маликларнинг сўзларини)ўғиринча эшитиб олса, бас (уни ердаги фолбинларга етказмоқчи бўладилар).
16. 67 – Сизлар маст қилувчи(ароқ)ни ҳам гўзал халол ризқни ҳам хурмо ва узумларнинг меваларидан олурсизлар.
16. 74 – Бас Аллоҳнинг ўхшашини қидирманглар (Унинг ўхшаши йўқдир).
16. 98 – Ҳар қачон Қуръон қироат қилсанг албатта қувилган –маълун шайтон (вас-васаси)дан Аллоҳ панох беришини сўрагин.
17. 1 – Меърож кечасида (ҳижратдан бир йил олдин) Аллоҳ Муҳаммад умматлари учун 5 вақт намоз фарз қилди.
17. 78 – Қуёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонги ўқиш(бомдод намози)ни ҳам (тўкис адо этинг). Зеро тонги ўқиш (кеча ва кундиз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир. (Ушбу оят 5 вақт намоз фарз эканлигига ҳужжатдир).
17. 106 – Сиз Қуръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун биз уни бўлакларга бўлдик ва бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
18. 23-24 – Ва бирон нарса ҳақида: "Мен албатта эртага келгувчиман” деякўрманг. Магар Ишаоллоҳ , Аллоҳ ҳоҳласа (денг).
19. 64-65 - Оятлар Жаброил алейҳиссалом сўзлари (А,Х,).
21. 35 - ...Биз сизларни (сабир тоқатингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам (шукур қилишингизни билиш учун) яҳшилик билан ҳам "алдаб”имтиҳон қилурмиз...
22. 78 – Оталарингиз Иброҳимнинг динини (яъни исломни) ушлангиз.
23. 52 – Шак шубҳасиз (барчангизнинг) миллатингиз (яъни динингиз) бир миллат(дин)дир (яъни исдомдир). 23. 53 – Сўнг (одамлар) ишларини (динларини) бўлакларга бўлиб юбордилар.
23. 102 – Энди кимнинг (савоби) мезонлари (гуноҳларидан) оғир келса, бас ана ўшалар нажот топгувчилардир.
24. 26 – Нопок аёллар нопок эрлар учундир (яъни лойиқдир), нопок эрлар нопок аёллар учундир. Покиза аёллар покиза эрлар учундир, покиза эрлар покиза аёллар учундир.
24. 27 – Эй мўминлар, ўз уйларингиздан бошқа уйларга то изн сўрамагунингизча (берилмагунча) ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз.
25. 59 – У осмонлар ва ерни ҳамда уларнинг орасидаги барча нарсаларни олти кунда яратиб сўнгра ўз аршига ўрнашган зотдир.
26. 196 – Албатта (Қуръон ҳақидаги хабарлар) ўтганларининг китобларида ҳам бор.
– Улар (жинлар) барча гуноҳга ботган товламачиларга тушиб, эшитиб олганларини улар(фолбинлар)га ташларлар. Улар(жинлар)нинг кўплари ёлғончидир. (фолбинларнинг башоратномаларини фақат маълумот учун эшитиш мумкин халос А.Х).
29. 7 – Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг ёмонликларини (яъни аввал қилган гуноҳларини) шак-шубхасиз ўчирурмиз ва албатта уларни қилиб ўтган чиройли амаллари билан мукофотлармиз.
29. 46 - ... Ва айтинглар: - Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам иймон келтирганмиз. Бизларнинг Илоҳимиз ҳам, сизларнинг Илохингиз ҳам бир Илохдир ва бизлар унгагина бўйсингувчимиз.
35. 28 – Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларигина қўрқур.
42. 14 - ... Албатта улар (Мусо ва Ийсо А.Х.)дан кейин китоб (Таврот ва Инжил)га ворис қилинган кимсалар (яҳудий ва насронийлар) ҳам унда (ўз китобларидан) шак-шубҳададирлар.
42. 40 – Ёмонликнинг жазоси ҳуддий ўзига ўхшаган ёмонликдир.
43. 4 – Дарҳақиқат у Қуръон бизнинг даргоҳимиздаги асл китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да юксак (мартабали) ва ҳикматли (китобдир).
46. 12 - ... Бу (Қуръон) арабий лисондаги (ўзидан аввал нозил бўлган барча илоҳий китобларни) тасдиқловчи бир китобдир. У золим-кофир бўлган кимсаларни (оҳират азобидан) огохлантириши учун ва чиройли амал қилгувчиларга (жаннат ҳақида) хушхабар бўлиши учун (нозил қилингандир).
49. 6 – Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавимга мусибат етказиб қўйиб қилган ишларингизга афсус надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб, тешкириб кўринглар.
49. 12 – Эй мўминлар, кўп гумонлардан четланинглар, чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир ...айримларингиз айримларини ғийбат қилманг.
50. 17 – Зотан ўнг ва чап(томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши ва ёмон сўз ва амалларини) қабул қилиб ёзиб турурлар.
51. 56 – Мен жин ва инсонни фақат ўзимга ибодат қилиш учунгина яратдим.
53. 26 – ... Магар Аллоҳ ўзи ҳоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) изн бергандан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур).
55. 14-15 – У зот инсонни (Одам алейҳиссаломни) сопол каби қуриган қора лойдан яратди. Жин-иблисни эса аланга-оловдан яратди.
57. 3 – Аввал ҳам, охир ҳам, зохир ҳам, ботин ҳам унинг ўзидир.
57. 18 - ...Аллоҳга қарзи-ҳасана берганлар учун (Аллоҳ йўлида берган хайру-садақалари) бир неча ҳисса қилиб қайтарилур ва улар учун улуғ ажр-мукофот бордир.
57. 23 - ...Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кишиларни севмас.
58. 8 – Ассалому алейкум – сизларга тинчлик омонлик бўлсин.
61. 6 – Эсланг, Ийсо бинни Марям: "Мен ўзимдан олдинги Тавротни тасдиқлагувчи ва ўзимдан кейин келадиган Аҳмад исмли бир пайғамбар ҳақида хушхабар бергувчи бўлган ҳолда (юборилдим)”, деган эди.
62. 3 – (Аллоҳ бу пайғамбарни) яна улардан бошқаларга – уларга ета олмаган (энди дунёга келадиган барча инсонларга ҳам юборгандир)...
64. 14 – Жуфтларингиздан ва фарзандларингиздан сизлар учун душман бўлганлари ҳам бордир, улардан эҳтиёт бўлинг.
65. 7 – Аллоҳ танглик ва камбағалликдан кейин енгиллик ва бойликни ҳам (пайдо) қилур.
66. 2 – Дарвоқе, Аллоҳ сизлар учун (маълум миқдорда каффорат – эваз) тўлаб қасамларингиздан қутилиб чиқишни буюрган-ку.
70. 19-20-21-22 – Дарҳақиқат инсон бетоқат қилиб яратилгандир, қачон унга ёмонлик(камбағаллик, кулфат) келса у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса у ўта манъ қилгувчи – бахилдир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар(яъни мусулмонлар)гина ундоқ эмасдир.
72. 6 – Албатта инс(инсон)дан бўлган айрим кимсалар, жиндан бўлган кимсалардан паноҳ тилашиб, уларга янада ҳаддидан ошишини, муттаҳамлигини зиёда қилар эдилар.
73. 5 – Зеро биз сизга оғир сўзни – Қуръонни туширажакмиз.
73. 20 - ...Бас, (ўзларингизни қинамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар...
87. 8 – Бас, сизни осон (динга) муваффақ қилдурмиз.
87. 9 – Бас, агар панд-насиҳат пайдо берса (кишиларга) панд-насиҳат қилинг. (Яъни насиҳат кор қилмайдиган кимсаларга сўзингизни исроф қилманг).
90. 4 – Дарҳақиқат биз инсонни меҳнат, машаққатга яратдик.
96. 1 – (Эй Муҳаммад барча мавжудотни) яратган зот бўлмиш Парвардигорингизнинг номи билан (бошлаб) ўқинг! 2. У инсонни лахта қондан яратган (зотдир). 3-4.Ўқинг! Сизнинг Парвардигорингиз (инсониятга) қаламни (яъни ёзувни, хатни) ўргатган ўта карамли зотдир. 5. У зот инсонга унинг билмаган нарсаларини ўргатди. (Булар Хиро тоғида биринчи нозил бўлган оятлардир).
97. 1 – Албатта биз у(Қуръон)ни қадр кечасида нозил (юқори осмондан паст осмонга) қилдик. (кўпчилик уламоларнинг фикрича қадр кечаси рамозон ойининг 26 дан 27-га ўтар кечасидир. А.Х)
V Боб.
НАМОЗЛАРДА ЎҚИЛАДИГА, САНО, САЛОВОТ, СУРА, ОЯТ ВА ДУОЛАРНИНГ МУХТАСАР МАЗМУНИ
Қуръони карим ва у нозил бўлган араб (Қурайш лаҳжаси) тилини билиш ҳар бир мусулмон учун суннат ҳисобланади. Шаръий китобларда ўқиётган намознинг (ундаги сура, оят ва дуоларнинг) маъносини билмай ибодат қилиш намоз(ибодат)нинг фасод бўлишига олиб келиши таъкидланади.
Афсуски кўпгина эътиқодли намозхонларимиз намоздаги араб тилида ўқиётган ояту-дуоларининг нафақат таржимасини, ҳатто маъносини ҳам билишмайди. Албатта, қария ва энди ибодатга киришган намозхонларимиз намозда ўқиладиган сура, оят ва дуоларнинг тўлиқ таржимасини билишга қийналадилар.
Шу боис улар ўзлари намозда ўқиётган сура, оят ва дуоларини ҳеч бўлмаса (таржимасини ўргангунча)маъносини билишлари лозим. Қуйида намозларда ўқиладиган сано, саловат, сура, оят ва дуоларининг мухтасар мазмуни берилган:
Сано – Аллоҳнинг ягона ва улуғ эканлиги таъкидланиб унга ҳамду-сано (мақтов) айтилади.
Азоннинг дуоси – ушбу дуо ва намоз эгаси(Аллоҳ)дан Пайғам баримизга баланд даражани ва қиёматда унинг шафоатини насиб этиш сўралади.
Саловот – Аллоҳдан Пайғамбаримиз ва унинг оиласини раҳмат ва муборак қилиш сўралади.
Оллаҳумма инни ... дуоси – Аллоҳдан яхшиликлар сўралиб, ёмонликлардан паноҳ тиланади.
Раббино атино... – Аллоҳдан икки дунё неъматини ва дўзах азобидан сақлаш сўралади.
Салом бериш – Ўнг ва чап томондаги барча одаму-фаришталарга саломатлик ва раҳмат тиланади.
...Залжалали вал икром – аллоҳ балолардан сақлагувчи буюклик ва раҳмат эгаси эканлиги таъкидланади.
...Ла шарика ... – Аллоҳ ягона бўлиб барча мулк, ҳамд ва қодирлик уники эканлиги таъкидланади.
Қунут дуоси – Фақат Аллоҳга сажда, тавба ва шукур қилиш ва ундан ёрдам сўраш, унинг азобидан қўрқиш ва раҳматидан умид қилиш сўралади.
Дуо – Аллоҳдан шу қилган ибодату-илтижоларини, ўқиган намозларини савҳ-хатоларини кечириб ўз даргоҳида қабул қилиш сўралади.
Тиловат-ул Қуръон – Қуръон оятлари тиловқат қилинади. Ундан ҳосил бўлган савобу самарасини Пайғамбаримиз ва бошқа (Сиз ихтиёр қилган)лар руҳи покларига бахшида қилинади.
Дуо – Аллоҳдан хусусан қандай тилакларингиз бўлса сўралади ва Омин! Аллоҳу акбар! деб якунланади.
Фатҳ сураси 10-ояти – Тасаввуф аҳли учун ҳужжат, деб кўриладиган бу оятда Аллоҳга байъат қилиш ва бунинг учун бериладиган улкн ажр ҳақида баён қилинади.
Оят-ул курси – Қуръонннинг қўрғони, деб эътироф этиладиган бу оятда Аллоҳнинг тирик ва кузатувчи эканлиги, унинг буюк илм ва қудрат соҳиби эканлиги таъкидланади.
Моида сурасининг 3-ояти – Охирги нозил бўлган бу оятда инсонлар учун фақат Ислом дини танлангани, бу дин бенуқсон ва комил қилиб берилгани уқтирилади.
Субҳони робби...деб бошланадиган 37-суранинг 180, 181, 182- оятларида Аллоҳнинг нуқсонсиз (пок) эканлиги, Пайғамбарларга унинг саломи, барча ҳамду-сано ёлғиз Аллоҳ учун эканлиги баён қилинади.
Қуръони каримнинг биронта сура ёки оятларини ўқиб дуо қилишдан олдин бу суралар албатта ўқилади.
Объектив ёки субъектив сабабларга кўра ҳеч бўлмаса бомдод намозини ҳам ўқимаётган (имконият бўлганда ибодат қилишни ният қилиб юрган) эътиқодли мусулмонларга қуйидагиларни тавсия қилган бўлардик:
Эрталаб юз-қўлини ювиб нонушта қилишдан олдин пок (жойнамоз бўлса яна яхши) жойда қиблага юзланиб қаъдада (чўккалаб) ўтириб сидқидилдан ихлос билан 1 марта фотиҳа сурасини ва 3 марта ихлос сурасини, кейин 37-сурадаги 180, 181, 182-оятларни ўқиб дуо қилса ҳам катта савобга эришади.
Ваҳолангки, ҳадиси шарифда фотиҳа сураси Қуръонни очувчи (калити), ихлос сураси эса Қуръоннинг учдан бирига (уни 3 марта ўқиш эса Қуръонни хатм қилишга баробар) тенг эканлиги бежиз таъкидланмаган.
Буюк Аллоҳ барчамизни иймон ва исломда собит қадам қилиб қалбимизни Қуръони карим нури билан мунаввар қилсин. Омин, Аллоҳу акбар!
М у н д а р и ж а
М у қ а д и м а ................................................ 3
I. Боб. Қуръони карим, унинг нузули ва ёзилиши....... 4
II. Боб. Қуръони карим тафсири ....................... 8
III. Боб. Қуръони карим сураларининг мухтасар баёни...................................................................10
IV. Боб. Қуръони каримнинг айрим асосий оятлари...............................................................33
V. Боб. Намоз(ибодат)ларда ўқиладиган сано, саловот, сура, оят ва дуоларнинг мухтасар мазмуни............40
Ноширдан ....................................................45
Муаллиф (Ахмад ҳожи Хоразмий) энг қадимий Қуръони карим – Усмон мусхаби мутоаласида
Бу китобда Хоразмлик таниқли ижодкор, Нақшбандия тариқати сўфийси, Ўзбекистон Фанлар Академияси ва Ал-Хоразмий мукофотлари лауреати, профессор Ахмад ҳожи Хоразмий томонидан Қуръони каримнинг нозил бўлиши, ёзилиш тарихи, тафсири, Қуръон сураларининг маънолари қисқа ва жуда тушинарли тарзда баён қилинган.
Китоб Ислом ва Қуръони карим ихлосмандларига мўлжалланган.
Н о ш и р
Буюк Британия. Лондон, 2010
|