Ахмад ҳожи Хоразмий
Бюро аъзоси бўлганим ҳақида
("Хоразм ҳангомалари” туркумидан)
1985 йилдан Хоразм вилояти Агрохимлабороториясида бўлим бошлиғи бўлиб ишлардим. 1986 сентябрдан мени Обком бюроси қарори билан Боғот райкоми(ҳокимлиги)га қишлоқ хўжалик бўлими мудири лавозимига тайинлашди.
Бу даврда (райкомда) Фарход Жобборов – агитация ва пропоганда бўлими мудири бўлиб, Эргаш Хўжақов – умумий бўлим мудири бўлиб, Қадамбой Рўзметов – парткомиссия раиси бўлиб, Юсуфжон Матёқубов – ташкилий бўлим мудири бўлиб ишларканлар.
Мен ҳеч қачон партия апаратида ишлаб кўрмагандим. Мен ишга келган кунининг эртасига райком бюросининг йиғилиши бўлди. Бюро кун тартибидаги иккинчи масала – мажлис(район) аҳлига мени таништириш эди.
Президиумдаги стуллар бюро аъзолари сонига қараб қўйилган экан. Мажлислар залининг олдинги қаторида (бюро бошлангунича) бюро аъзолари, райком бўлим мудирлари (мен ҳам) ўтиришарди.
Бюро ўз ишини бошлашдан олдин Райкомнинг биринчи секретари (Район ҳокими) Рустам Қутлимуратов: "Бюро аъзолари, президиумдан ўз жойини эгалласинлар”, деб эълон қилди.
Бюро аъзолари бирин-кетин президиумдан ўз жойларини эгаллай бошлашди. Ташкилий бўлим мудири Ю.Матёқубов ва Парткомиссия раиси Қ.Рўзметовлар ҳам (Бу иккита бўлим мудирлари номенклатура бўюнча бюро аъзолари бўлишар экан)президиумга йўл олишаётиб менга: "Домла, қани юринг, сиз ҳам”, деб (булар ҳазиллашишган экан) қолишди.
Мен: "Ҳа энди, райком бўлим мудирлари ҳам бюро аъзолари бўлишар экан-да”, деган ҳаёл билан, президиумга чиқиб бюро аъзолари қаторидан жой олдим. Атоқли раис, СССР ҳалқ депутати, Ўзбекистон КП МК аъзоси Абдулла Искандаров (Машҳур раис, меҳнат қахрамони, Искандар Досовнинг ўғли) ҳам бюро аъзоси экан. У ҳам президиумга чиқди-да ўтиришга жой топа олмай (унинг ўрнида мен ўтирган эканман), қайтиб пастга тушиб, одамларнинг ичида ўтирди.
Бюро мажлиси раиси буни кўрмади ва бюро мажлисини бошлаб юборди. Бюро аъзолари-ю, залда ўтирганлар янги бюро аъзоси(мен)нинг ким эканлигини билмай ҳайрон бўлсалар, Абдулла Искандаровнинг бюро аъзолигидан "туширилган”лигига: "Бечора бу ҳам Гдляннинг навбатдаги қурбонига айланибди-да”, деб ачинишарди.
Абдулла Искандаровнинг соясига салом бериб юрадиган айрим иккиюзламачилар мажлисда бюро аъзолигидан "туширилган” Абдулла Искандаровни танқидлашга тушиб кетдилар. Ўз ўрнига даъвагор деб билгани учун, Абдулла Искандаровни ёқтирмайдиган райком секретари, танқидчиларни: "Мард коммунистнинг гапи, яшанг!”, деб қўллаб-қувватлаб турарди.
"Ёв қочса, ботир кўпаяр”, деганларидай, "Ленин йўли” газетасининг редактори, Р.Раззоқов каби айрим бюро аъзолари ҳам имконият бўлганида райком секретарига яхши кўриниб қолиш учун, Абдулла Искандаровни ҳақ-ноҳақ ёмонлай бошладилар.
Шундан кейин бюро аъзолигидан "туширилиб”, Гдлянга ем бўлганлигига Абдулла Искандаровнинг ўзи ҳам ишонди шекилли, ўтирган жойида юраги ёмон бўлиб қолди.
Кун тартибидаги иккинчи масала бўйича мажлис аҳлига мени таништириш учун райком секретари пастдаги, олдинги қатордан кўзи билан мени қидириб топа олмаганидан кейин, бу масалани навбатдаги бюрога қолдириб, кун тартибидаги бошқа масалаларга ўтиб кетди.
Ҳамма масалалар кўрилиб, бюро мажлиси тугай деб қолганида, бюро аъзолари қаторида менга кўзи тушган райком секретари орг отдел мудирига секингина: "Бу нима қилиб ўтирибди, бюро аъзоларининг ичида?”, деб сўради. У бўлса: "Билмадим”, дея елкасини қисиб қўяқолди.
Мажлис тугар-тугамас: "Нима қилиб ўтирибсиз, бюро аъзолари ичида?”, дея ўшқирди, райком секретари менга. Мен эса, президиумга орг отдел мудири ва парткомиссия раисининг таклифи билан чиққанимни айтдим.
Бу ЧП учун райком апарати партбюросида менга ҳайфсан, парткомиссия раисига учёт карточкасига ёзиш шарти билан қаттиқ ҳайфсан беришди. Орг отдел мудирини бюро аъзолигидан ва мудирликдан бўшатишиб, узоқдаги хўжалик(Боғот совхози)га партком секретари қилиб жўнатишди.
Шундан озгина йил ўтиб, Абдулла Искандаров райком секретари, Облисполком раиси бўлиб кетди. Ўша бюрода уни танқид қилганларга сичқоннинг ини минг тилло бўлиб қолди.
А Хоразмийни бир кунлдик бюро аъзоси қилиб, менга ким дўсту-ким душманлигини билдирдингиз, деб ўша ЧП учун қаттиқ хайфсан олган Қ Рўзметовни райкомга 2-чи секретарь қилди. Райкомдан ҳайдаб юборилган Ю.Матёқубовни эса Райисполкомга раис қилди.
Бюрода менинг ўрнимни олган, деб мени ёмон кўриб қолди ва ҳеч сабабсиз "Ўз аризамга биноан” ишдан бўшатиб юборди. Бу ҳақда юқорига арз қилиш фойдасиз эди. Чунки у даврларда Абдулла Искандаров Президентнинг И.Хушевдан кейин турадиган эркаларидан бири эди.
Муҳаммад Солиҳнинг: "Режим вафо қилмагай”, деган башорати асосида кўп ҳам ўтмай (1991 йилда), Ислом акаси яхшилаб ўрнашиб (Президент бўлиб) олган захоти Абдулла Искандаровнинг думини тугди. Ва унинг думини қандай (ечилмайдиган қилиб) туггани ҳақида Президент телевизорда бирнеча марта, тўлиб-тошиб гапирди ҳам.
Шу тариқа, менинг атига биргина кун бюро аъзоси бўлганим анча-мунча одамларнинг ҳаётида ўчмас из қолдирди: Кимлардир (шулар қатори мен ҳам) жазо олиб, ишдан бўшаб кетишди. Яна кимлардир катта-катта лавозимга эга бўлишди.
|