"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

ХХ-аср Хоразм афсоналари ҳақида мухтасар

                                            Искандар Досов таваллудининг 100 йиллигига
                 ХХ-аср Хоразм афсоналари ҳақида мухтасар
ХХ-асрнинг ўрталаридан кейин: “Бу (20-чи) асрда Досов каби раис, Комилжон каби ҳофиз ва Сапо каби полвон туғилмайди” деган нақл (афсона) пайдо бўлди Хоразмда. Қарангки, бу афсона ҳақиқтга айланди, мана бир асрдирки, Досовдай раис, Комилжон каби хофиз ва Сапо каби полвон туғилмади, нафақат Хоразмда, борингки бутун бошли Ўзбекистонда. 
Шу ўринда бу (2017) йилни “Хоразм афсоналари таваллудининг 100 йиллиги” деб номласа ҳам жоиз эди. Бундан ташқари, буларнинг учаласи ҳам бир вақт(1917)да туғилиб, бир вақт(1975)да вафот қилганида ҳам бир ҳикмат бор эмасмикан?!
Бу афсоналарнинг сардори шубҳасиз Боғотлик атоқли раис, СССР Олий Совети депутати ва Меҳнат қаҳрамони, Искандар ака Досов бўлади. Искандар ака Шароф Рашидовнинг яқин дўстларидан бири бўлиб, уни Сталин, Хрушчев ва Брежневлар ҳам таниган ва ҳурмат қилган. 

                                                         

                                                                               Афсонавий раис Искандар Досов
Искандар ака Ш.Рашидовлар билан Улуғ ватан урушида фаол қатнашган ва ярадор бўлиб қайтган. Ва алал оқибат танасидаги осколкалар жароҳатидан 60 га ҳам етмасдан навқирон ёшида Тошкентда касалхонада вафот этди, раҳматлик.
Урушдан ярадор бўлиб қайтган И.Досовга қолоқ ва кичик колхозлардан бирини топширишади. Қисқа вақт ичида бу колхозни илғорлар қаторига олиб чиқади. Кейин атрофидаги кичик-кичик ва бошқа қолоқ колхозларини ҳам бирин-кетин унга қўшиб беришади ва Хоразм вилоятидаги энг катта хўжаликка айланган бу колхозга Нариманов деб ном беришади. Бу хўжаликни қисқа вақт ичида кўп тармоқли ва СССРда танилган хўжаликка айлантиради. 
1971 йилга келиб И.Досов сайъи ҳаракати асосида, Боғот қишлоғи Боғот районига айлантирилади. Райком (ҳокимият) биноси эса қишлоқ Советининг кичкина биносига жойлаштирилади. Хона етишмаслиги сабаб райкомнинг умумий бўлими коридорда ўз фаолиятини бошлайди. 
Кадрлар ҳам И.Досовнинг кўрсатмаси асосида асосан Боғот районидан танланади.  Ҳатто юристга ўхшаган айрим мутахасислар бўлмагани сабабли 3-4 курсда ўқиётган студентларни сиртқига ўтказиб, ишга қўйишган. 
Истиқболга эга деб кўрилган ёш кадрлар, ҳатто талабалар ҳам Искандар Досовнинг назоратидан бўлган. Менинг Университет(САГУ)га киришим ҳам Хоразмда ўзига хос шов-шувга сабаб бўлгани сабаб, И.Досовнинг мен ҳам алоҳида назоратида турганман. 
Ҳар каникулни тугатиб ўқишга кетишимда, мени Досовнинг дўсти ва шогирдиларидан бўлган Раззоқ ака Бобожонов (Хоразм вилояти ҳокими П.Бобожоновнинг отаси ва менинг бўлғувси муовиним) “Раисбуванинг фотиҳасини олиб кетгин”, деб И.Досовнинг олдига олиб борарди.  Искандар ака  ҳар гал менга фотаҳа билан қўшиб, бир чангал пул ҳам берарди.
 Искандар ака ҳар гал: “босмачи уста жоллими?” деб отамни ҳам сўрарди. Чунки отам раҳматлик “Ҳасан босмачи” сифатида бутун бошли Хоразм воҳасида таниғлиқ эди. 1920 йилларнинг ўрталаригача Хоразмнинг амалдаги хони Жунаидхоннинг ишонган одамларидан бири сифатида, Боғот атрофи босмачиларининг сардори (қўрбоши) сифатида атеистларга қарши кураш олиб борган.

                                                                 

                  Босмачи раис - Хасамирот Абаев
1960 йилларнинг ўрталарида Ўзбекистон Олий Совети Президуми раиси Ёдгора Насритдинова Хоразмга келганида, босмачидан чиққан раис – отамни ўз кўзи билан кўришга Боғотга келган. Чунки бутун бошли Ўзбекистонда отам, Хамроқул Турсунқулов каби босмачидан чиққан раислар саноқли бўлишган.  Шунда И.Досов отамни “Боғот райони раисларининг устози” деб таништирган. 
Раҳматлик отам, юбка кийиб келган Ё.Насритдинованинг оёқларига бошини сарак-сарак қилганича, тикилиб-тикилиб қарайверган. Насритдинова: “Нимага ҳайрон бўлаяпсиз, ота?” деб сўраган.  Юбкасининг ичида иштони борлигини тушинмаган, иштон деганда фақат узун лозимни тушинадиган отам бўлса: “бу имонсиз ўрис, ўзларига ўхшатиб, иштонсиз юрадиган қилибди сизларни ҳам, кураш(босмачилик)ни тўхтатмаслик керак экан”, дебди. Шунда Насритдинова: “Бу одам ҳалиям босмачи экан, бунга кўз-қулоқ бўлиб юринглар” деган экан. 
И.Досовнинг отамни “Уста” (Устоз) дейишига сабаб эса, отам Боғот районида(1930)ги биринчи раис ҳисобланади. Шу боис кўп раислар уни “Уста” деб иззат қилишар,  раис бўлиб сайланишганида чопон кийдириб, фотаҳасини олишарди.
Мен ҳали университетни битирмай туриб, И.Досов кўрсатмаси билан район қишлоқ хўжалик химияси ташкилотига раҳбар қилиш режалаштирилган экан. Мени йўлланма бўйича Фанлар Академиясига юборишганидан кейин И.Досов: “Майли илм билан шуғулланаётган бўлса тегманг, олим бўлганидан кейин олиб келамиз”, деган ва худдий шундай бўлди ҳам. 
                                                                      *       *
Илм аҳлидан Искандар аканинг дўстлари кўп бўлган. СССР Фанлар академияси мухбир аъзоси, машҳур химик Собир Юнусов ҳам Досовнинг дўстларидан бўлишган. Айнан шу ҳолат асосида И.Досов катта ўғли Саъдулла Искандаровни С.Юнусовга шогирдликка берган дейишади. 

                                                                    

      Академик Садулла Искандаров
Академик Саъдулла Искандаровнинг Ўзбекистон илм-фани ва таълими учун қилган ишларини санаб адоғига етиш қийин. Ш.Мирзиёев, С.Рашидова ва шулар қатори мен ҳам уни устозларимдан ҳисоблайман.
Сабаб шуки, 1991 йилнинг охирида 20 йилдан ортиқ тадқиқотларим асосида “Турли хил тупроқ-иқлим ва агротехник шароитларида чорва озуқаси (фитоценозлар)  ва ғўза самарадорлигига ўғитларнинг таъсири” мавзусида илмий доклад формасидаги докторлик диссертациямни ЎзФА ва Ўз қ-х ФА академиги Саъдулла Искандаровнинг олдига олиб борганман. 
Саъдулла ака уни бир варақлаб чиқиб: “Яхшиси бунга Абдували Имомалиевни раҳбар (илмий консултант) қилганимиз мақулроқ”, деди-да унга телефон қилиб бу ишга раҳбар бўлишини сўради. Шунда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик Фанлар Академияси Президенти, ВАСХНИЛ академиги  А.Имомалиев: “Ўзингиз бир кўриб чиқдингизми? Менинг фамилиям туришга арзийдими? Нимага ўзингиз раҳбар бўлақолмайсиз? Арзийдиган янгилиги бор эканми?, деб сўради.
Саъдулла ака: “Кўриб чиқдим, ўзим жон деб консултант бўлардим-у лекин иш агрохимия мутахасислиги бўйича экан. Мен ўсимликлар химияси (органик химия) бўйича мутахасисман. ВАК менинг раҳбар бўлишимга рухсат қилмас экан. Диссертант бу иши билан Ўзбекистон фанига “Фитоценозлар агрохимияси” деб номланадиган янги йўналиш олиб кирган”, деди. Шу тариқа менинг докторлик ҳимоямга оқ йўл тиланган эди.
Яқинда Президент Мирзиёевнинг телевидения орқали, академик Садулла Искандаровни кўрсататуриб: “Манашу олимлар менинг устозим ҳисобланади. Шулар туфайли мен шу мартабаларга эришдим” деб таъкидлади. Президент Ш.Мирзиёевнинг фақат шугина иқрори Саъдулла аканинг фаолиятига мухтасар, лекин юқори баҳо десак ҳам бўлади. 
                                                                     *          *
Садулла аканинг укаси Рахимбой Искандаров билан яқин дўст эдик, оилавий борди-келдимиз бўлган. Ўрни келганида айтсам, тағдир тақозаси билан иккинчи марта уйланганимда Райимбой ака бу тадбирнинг бошида турган. Қайнатам: “Искандар Досовнинг ўғли совчи бўлиб келган, шу сабаб биринчи келганларидаёқ розилик берганман”, деб юрарди.

                                                                 

               А.Хоразмий ва Р.Искандаров. Хоразм-1990 
Гдлян тегровлари сабаб 1986 йилдан бошлаб Досовлар сулоласи осмонида ҳам қора булутлар пайдо бўлабошлади. Рахимбой Искандаровни “Обод” узумчилик совхози директорлигидан бўшатишди. Бу совхозни Боғот совхозига қўшиб юборишди. Совхоз директори(Р.Искандаров)нинг хизмат машинаси(14-10 Газ-24)ни Боғот совхози директорига иккинчи хизмат машинаси қилиб берилди. Собиқ директор Р.Искандаров эса бўлим бошлиғи сифатида қолдирилди.
Аввал ҳамманинг эҳтиромида бўлган И.Досовнинг иккинчи ўғли – Р.Искандаровни энди турли тоифадаги раҳбарлар сўқалайбошладилар. Унинг аввалги дўстлари, ҳатто айрим яқин қариндошлари ҳам ундан қочиброқ юрадиган бўлди. Уни танқидлайдиганлар сони кун сайин ошар, танқидчилар эса раҳбарият томонидан олқишланар эди. Бечора Р.Искандаров кун сайин эзилиб борарди...
Худдий шундай пайтлар(1988йилнинг охири)да мен Боғот совхозининг директори этиб сайландим.  Район  раҳбарияти, ҳатто, совхознинг айрим фаоллари ҳам Р.Искандаровни умуман ишдан ҳайдашни, шунда обрўйим янада ошишини маслаҳат берабошлашди. Р.Искандаров эса: “Ёшулли мен учун гап эшитишингизни ҳоҳламайман” деганича ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини олдимга қўйди. 
Мен Р.Искандаров ва у раҳбарлик қилаётган бўлим фаолиятини шахсан ўзим ўрганабошладим. Бўлимнинг айрим фаоллари кимнингдир кўрсатмаси билан уни саботаж қилаётганларининг-да гувоҳи бўлдим. Раҳматлик Искандар аканинг менга берган фотахалари кўз олдимдан кетмас эди. Куну-тун Р.Искандаровни бу ботқоқдан олиб чиқиш йўлларини излардим.
Ва ниҳоят, чўлнинг қоқ ўртасида, баланд қум барханининг устида теплица қуриб, бодринг, памидор етиштириш қарорига келдик. Албатта, бунга катта миқдордаги маблағ кетди. Лекин бу маблағ Боғот совхози каби бадавлат хўжалик учун ҳеч нарса эмасди. Февраль ойининг охирига келиб бу теплица маҳсулот берабошлади. Бўлимнинг кўплаган одамлари қишда ҳам иш билан таъминланишди. 
Журналистлар билан аввалдан яқин бўлганим учун, бу теплица ва унинг фаолияти ҳақида газетада суратлар билан “Чўлдаги жаннат” номли катта мақола эълон қилдирдик. Бу ишларни кўрик-семинар сифатида районнинг барча раҳбару-мутахасисларига кўрсатдик. Райком бюроси қарори билан бўлим бошлиғи Р.Искандаровга бу муваффақиятлари учун “Нива” машинаси берилди. 
Р.Искандаровни ишдан ҳайдаш бўйича маслаҳат берганларнинг айримлари, айниқса унинг юқори мансабда ишлаётган яқин қариндоши менинг бу ҳаракатларимни уларга қарши саботаж, деб қабул қилишди ва менга “душман” ҳам бўлиб қолишди. 
Ҳали юқорида айтганим, менда иккита хизмат машинаси: 14-09 УАЗ-469 ва 14-10 Газ-24 бор эди. Кейинги машина 1980 йилларгача 11-62 номерли қора рангда Искандар Досовнинг хизмат машинаси бўлган. Кейин бу машина оқ ранга бўялиб “Обод” совхози директори(Р.Искандаров)нинг хизмат машинасига айлантирилган. 
1990 йилдан ортиқча машиналарни одамларга сотиш бўйича қарор чиқди. Мен Р.Искандаровни чақириб: “Манашу  14-10 Газ-24 машина раҳматлик Искандар аканинг машинаси эди. Шу машинани сизга бермоқчиман, лекин шарти шуки, буни қора ранга бўятиб, унга 11-62 номерини оласиз ва машинага момонгиз – Искандар аканинг онасини мингазиб, фотаҳа оласиз ва шундан кейингина ҳайдайсиз”, деганман.
Р.Искандаров мен айтган ишни қилди: машинани қора ранга бўятиб, 11-62 номерини ҳам тақиб, момосининг олдига олиб борди. Момоси кутилмаганда ўғлининг бу машинасини кўриб: “Вой, ўғлим (Искандар) ҳам келдими?!” деганича ўзидан кетиб қолди. Яхшиямки бу ерда И.Досовнинг жияни, таниқли хирург Нурилла Бекчонов ҳам бор эди, у момони хушига келтирди.
Менинг бу ҳаракатларимга Искандар Досовнинг кўплаган қариндошлари ва шогирдлари, айниқса, Садулла ака ва Искандар аканинг 90 ёшдан ошган онаси: “Досовнинг рухи покларини қувонтириб, ундан олган фотаҳаларингни оқладинг”, деб жуда хурсанд эдилар. 
                                                                            *      *
Раҳматлик Искандар аканинг кейинги ўғли – Абдулла Искандаров мутахасислиги бўйича врач бўлсада, 27 ёшида отасининг ўрнига СССРда таниқли бўлган хўжаликлардан бири бўлмиш - Нариманов колхозига шахсан Шароф Рашидовнинг кўрсатмаси билан раис этиб сайланди.
Абдулла Искандаров доим Ш.Рашидовнинг қаноти остида бўлди. Отасининг Кремлгачаги бўлган алоқаларини янада мустаҳкамлади. Райком бюроси ва ЎзКП МК аъзоси, СССР ҳалқ депутати сифатида ҳам шуҳрат қозонди. Уни Ш.Рашидовдан кейинги раҳбарлар ҳам Кремлнинг тавсияси асосида қўллаб-қувватлашди.

                                                                

           А.Искандаров (ўнгда) Ш.Рашидов ва М.Худайбергановлар билан
1990 йилда СССР Министрлар Совети Раиси Павловнинг  Хоразмга ташрифи чоғида (у пайтда А.Искандаров Облисполком раиси эди) И.Каримов Павловга А.Искандаровни: “Келажаги порлоқ раҳбар” деб таништирди. Павлов эса Каримовга маъноли қараб: “Биз буни биламиз” деди. Каримов ўшанда ўз тахти ворисини кўрганди. Бу эса А.Искандаровнинг бошига кўп балоларни солди...
Абдулла Искандаров раислик вақтларидан юқори раҳбарлик лавозимларига таёрлаб келинган. КПСС МК умумий бўлими бошлиғи Болдиннинг назоратида бўлган. Ҳатто Гдлян ҳам, қанча ҳаракат қилсада унга даҳл қилаолмади.
1989 йилда А.Искандаров махфий равишда Москвага бориб келган куни, яқин дўстларига: “ёзинглар, мен палон ойда Райкомга 1-секретарь, 3 ойдан кейин Облисполкомга раис, бир йилдан кейин Обкомга секретарь, 2 йилга етмасдан Уз КП МК 1-секретари бўламан”, деган экан.
Айтганидай, колхоз раислигидан айтган пайтида Боғот Райкоми 1-секректари бўлди. 4 ойга ҳам етмасдан Облисполкомнинг раиси бўлди ва шу кундан Хоразмда қўшҳокимятчилик вужудга келди. Унинг кейинги (Обком секретари) поғонага кўтарила олмаганига, СССРнинг тарқалиб, Компартиянинг йўқолиши сабаб бўлди.
Каримов А.Искандаровга президентлик сайлови ўтган заҳоти Хоразм ҳокимлигини, кейинроқ янада юқори лавозимларни ваъда қилган. Натижада А.Искандаров телевидения орқали: “Биз қуруқ сафсатачи шоирга эмас, ҳалқнинг қорнини тўйғизадиган иқтисодчига овоз берамиз!” деб эълон қилди. Акс ҳолда М.Солиҳ Хоразмда салкам 100 % овоз олган бўларди.
И.Каримов Президент бўлиб олганидан кейин телевидения орқали А.Искандаровни “Чақимчилик қилгани-қилган бўлди. Шу сабаб унисини у ёққа ва бунисини буёққа итариб, М.Жуманиёзовни ҳоким қилдим” деб ёмонлаб юрди.
Хоразмга М.Жуманиёзовни ҳоким қилиш сессиясида Вилоят Совети депутати сифатида мен ҳам қатнашганман. Сессиядан кейин И.Каримов М.Жуманиёзовга: “Р.Худайберганова(Обком секретари)га истаган вилоят миқёсидаги ишни беринг. А.Искандаров(Облисполком раиси)ни вилоятга яқинлаштирманг, вилоятда унинг таъсири катта, мувозанатни издан чиқариши муимкин. Бунинг устига унинг Москвада ҳам одамлари кўп” деган экан. 
А.Искандаров таъсири сабаб ишдан урилганларни яна қайтадан лавозимга қўйиш жараёни бошланди. Шулар қатори менга ҳам Вилоят ҳокимлигидан маъсул вазифа беришди.  Бир умр А.Искандаровнинг қўлловида бўлган унинг айрим шогирдлари КПССнинг ХДПга айланганига ўхшаб, бир думалаб, жабридийдага айланишди.
И.Каримовнинг шахсан кўрсатмаси билан А.Искандаровни бадном қилиш жараёни бошланди. Ундан жабр кўрганларга (шулар қатори менга ҳам) уни бадном қилиш кампаниясида қатнашишни таклиф қилишди. Мен бу таклифни қабул қилмадим ва ҳеч қачон у ҳақда ёмон гапирмадим. 
Аксинча, бошимни этагимга солиб, ўша пайтда 100 ёшга яқинлашган, Хон замонидаги қориларнинг энг охиргиси ҳисобланган, вилоят ҳокими ҳам унинг олдида қўл қовштириб турадиган, қувваи нафаси кучли бўлган Нурилло қорининг уйига, ярим кечаси, (биров кўрмасин учун) бировларнинг молхоналари орқали обориб, А.Искандаровга “бало-қазолардан Ўзи асрасин!”, деб дуо ўқитиб,  дам солдирганим ҳам бўлган гап. 
Энг қизиғи шундаки, уни бадном қилиш кампаниясининг фаол иштирокчиларининг кўписи ундан жабр кўрганлар эмас, ундан яхшилик кўрганлар бўлди. Ҳатто А.Искандаров тарбиялаб юқори мансабларга кўтарган айрим мулозимлар М.Жуманиёзовга кириб: “Мени депутат қилмасангиз А.Искандаров мени йўқ қилади”, дейишгачада борди.
Шу тариқа уни депутатликдан мосува қилиш тадбири бошланди. Нафақат А.Искандаровдан, ҳатто унинг отаси И.Досовдан ҳам яхшиликлар кўрган газета муҳаррири сўзга чиқиб: “А.Искандаровнинг нафақат 7 синф маълумотгагина эга бўлган отаси, иккита институтни номигагина битирган ўзи ҳам ғирт саводсиз эди. Улар гапирадиган гапларни бир умр мен ёзиб берганман”, деди.
 А.Искандаров депутатликдан мосува қилинган захоти қамаларди. Каримовчиларнинг мақсади ҳам шу эди. Бу борадаги биринчи асосий тадбир Ғалаба колхозида бўладиган бўлди. Бу хўжалик раиси мутахасислиги бўйича қурувчи-инженер бўлган Райимбой А.Искандаровнинг қўллови билан раис бўлганди.
А.Искандаровнинг ўша пайтдаги шогирдлари – бу тадбир ташкилотчилари Райимбойга: “Сайловчилар ва фаолларни таёрлайсан. А.Искандаров депутатликдан мосува қилинсин, деган овоз 95 %дан кам бўлмаслиги керак. Акс ҳолда Искандаровнинг ўрнига унинг ҳамтовоғи сифатида сен қамаласан”, деб шарт қўйишади.
Колхоз раисининг виждони ўзига яхшилик қилган одам(Искандаров)га ёмонлик қилишга йўл бермайди ва ўз жонига қасд қилади (ўзини осади). Бу ҳодиса яшин тезлигида тарқалади ва А.Искандаровни депутатликдан мосува қилиш кампанияси тўхтатилади.
А.Искандаров бир ўтиришда: “Мен буларни тарбиялаб раҳбар қилдим, булар эса менинг юзимга оёқ қўйишди”, деганида акаси: “Сен кадрларни танлаганда уларнинг “ажаб бўлади ёшулли!”, деб қўл қовуштириб туришини хуш кўрардинг. Мақолда одамларнинг авлоди ҳам рол ўйнаши ҳақида айтилган: “Онасини кўриб қизини, отасини кўриб ўғлини ол”, ўгитга амал қилмадинг, дегани ҳам бўлган гап.
                                                                     *      *
Хоразм афсоналаридан яна бири Ўзбекистон булбули деб танилган буюк санъаткор Комилжон Отаниёзовдир. У Искандар Досовга ўхшаб Ўзбекистон ва СССР раҳбарияти эҳтиромида бўлмаган эсада, у миллионлаган санъатсеварларнинг юрагидан чуқур жой олган эди. 
Комилжон Отаниёзов ҳақида кўп ва хўп ёзилди, унинг юбилейи Президент қарори бўйича, Ўзбекистон бўйлаб нишонланди. 

                                                                       

                      Комилжон Отаниёзов 
Ўз қаламимизга доҳил “Комилжон Отаниёзов дуосига муяссар бўлганим ҳақида”, Комилжон Отаниёзов таваллуди 100 йиллиги муносабати билан: “Буюк санъаткор Комилжон Отаниёзов ҳақида эсимда қолган  х о т и р а л а р” дохил қатор мақолалар ҳам яқиндагина эълон қилингани боис у ҳақда яна такрор ёзмоқни эп кўрмадик.
                                                                           *     *
Энди, Хоразм афсоналаридан яна бири – Сопо полвоп Давлатов ҳақида мухтасар баён қилсак. Сопо полвон ҳам 1917 йилда Хоразмда туғилган. Лекин у И. Досов ва К.Отаниёзовлар каби 1975 йилда жисмонан вафот қилмаган бўлсада, полвон сифатида “ўлган” эди.
Сапо полвон Давлатов – Хоразмнинг Хонқа ва Боғот районларининг ҳозирги чегарасида, И.Досов ва К.Отаниёзовлар каби 1917 йилда туғилган ва шу ерда яшаган.  Уруш(1941-1945)дан олдин ҳам тўйларда унча-мунча кураш тушган, бироқ бош полвон сифатида танилган эмас. 
Сапо полвон урушда оёғидан яраланади ва оёғи ногирон(оқсоқ)лигича қолади. Шундай бўлсада ўқ теккан оёғини боғлаб тўйларда кураш тушабошлайди. Менинг ўзим ҳам 1960 йилларда унинг оёғини боғлаб кураш тушганларини кўрганман.
 У 1950-1960 йилларда полвон сифатида катта шуҳрат қозонган. Хоразм воҳаси(Қорақалпоғистон, Дошўғиз, Хоразм вилоятлари)да унинг олдига тушадиган полвон бўлмаган. У кезларда кураш бўйича Ўзбекистон чемпионатларида ҳам уни ҳеч ким йиқита олмаган.
Полвонликдан ўзимнинг ҳам озми-кўпми хабарим борлиги, Сапо полвон билан кураш тушган полвонлар билан ва унинг ўзи билан ҳам бирнеча бор суҳбатлашганим, унинг курашларини кузатганим асосида, шундай хулосага келдимки, Сапо полвон бошқа кўпчилик полвонларга ўхшаб чапдаст ва чаққон эмасди. Курашдаги унинг асосий қуроли жисмоний бақувватлиги эди.
Сапо полвон кураш тушганда ўқ теккан ногирон оёғини авайлаб-асрашга ҳаракат қиларди. Айрим рақиблари уни мағлуб қилиш учун боғланган ногирон оёғига тепишга тушганлар. Айрим шундай ғирром рақибларини ўз чекмонлари билан бўғиб, жағларини синдириб, майиб қилганларининг ҳам гувоҳи бўлган одамлар.
У кураш тушганида оёғини кам ишлатар, чилиш, ётиб отиш, каби усулларни умуман ишлата олмас эди. Унинг курашдаги қуроли - икки қўли бўлган. Унинг белидан юқори қисми, айниқса қўллари фавқулотда кучли эди. Гавдаси ўзидан анча оғир ва катта бўлган рақиблари ҳам ёқасидан тутиб сиққанида бардош бераолмай осонгина мағлуб бўлганлар.

Кейинги йиллар катта тўйларда унга рақиб чиқа олмагани учун, бош байроқни курашсиз оларди. Натижада полвонсевар Хоразмликлар ичида унинг обрўйи ниҳоятда баланд эди.
Машҳур полвон, хонанда, спортчи, рассом, ёзувчи, шоир ва шулар кабиларнинг айримларида ичувчилик, безорилик, бангилик  иллатлари  ҳам бўлган. Шахматда гений, деб тан олинган Александр Алёхин, Роберт Фишер, академик шоир Ғофур Ғулом, машҳур хофиз Отажон Худашукуров, донгдор раҳбар Ахмаджон Одиловлар ичишни хуш кўришган. А.Одилов ва Сапо полвонлар ўзарига хос безори ҳам бўлишган. 
Сапо полвон ўзи миниб келаётган,  кичигроқ отдай келадиган эшагини каналдаги паяпул(1 дона узун думалоқ ёғоч)дан елкасига кўтариб ўтар экан-да, яна миниб кетаверар экан.  Боши берк (тупик) йўлга кириб қолган  ЗИМ машинасининг олдидан кўтариб, орқаси(180 градус)га айлантириб ҳайдаб кетаверар экан.  
Сапо полвон,  айрим полвонларга ўхшаб, ниҳоятда гавдали (девқомат)  эмасди. Бўйи 2 метр атрофида, оғирлиги 120-130 кг атрофида бўлган. Ҳозирги (асосан 1950 йиллардан кейинги) полвонларнинг кўпчилигининг  гавда тузилиши, кучи, чапдастлиги уларнинг йиллаб қилган махсус машқлари натижасида шаклланган. Шу боис ҳам уларнинг гавдаси Гераклга ўхшасада, табий (Худо берган) кучга ва гавда тузилишига эга бўлган полвонларга тенг келаолишмаган. 1950-60 йилларгача бутун бошли районда 2-3 тагина кўзга кўринган полвон бўлган. Ҳозирлар эса ҳар бир қишлоқда 10-15 талаб хашаки полвон топиш мумкин.  Сапо полвон Ўзбекистон чемпиони сифатида, СССР чемпионатида иштирок қилмоқчи бўлади. Бироқ унинг оёғи ногирон бўлганлиги боис, тиббий комиссия уни мусобоқага қўймайди. Бу ишга Ўзбекистон раҳбарлари аралашиб уни мусобоқага қўйдиришади. Москвадаги бу мусобоқани томоша қилишга, Сапо полвоннинг ўша даврлардаги Хоразм раҳбари, Шамсутдинов каби юқори мартабали мухлислари ҳам ташриф буюради. 
Мусобоқа олдидан  журналистларга интервью берган Сапо полвон: “Гавда туяда ҳам бор. Бироқ уни шер бир ҳамладаёқ яксон қилади”, деб рақиб (рус) полвонларини ерга уради. Шу боис бўлса керак, мусобоқа ташкилотчилари Сапо полвонга  рақиб сифатида, унга нисбатан анча оғир ва девқомат, бирнеча бор СССР чемпиони, жаҳон чемпионатининг кумуш совриндори бўлган машҳур полвон – Николай Калеткинни ўртага туширишади. 
 Кураш бошланмасданоқ (полвонлар қўл беришиб саломлашмасданоқ) Калеткин (ғирромлик қилиб), Сапо полвоннинг ногирон оёғига қаттиқ тепади. Бундан дарғазаб бўлган Сапо полвон, унинг бўйнидан тутганича, шиддат билан бураб, бўйнини синдириб юборади. Шу тариқа Сапо полвон мусобоқалардан четлаштирилган бўлсада, Ўзбекистонга қаҳрамон сифатида қайтади. 
 “Семизликни қўй кўтаради”, деганларидай, бунчалар шуҳрат, бойлик  ва эътиборни айримларига ўхшаб, Сапо полвон ҳам кўтараолмайди. У ичимликка ва безориликка ружу қўябошлайди. 
Катта ариқнинг бўйидаги йўлдан маст ҳолда, ЗИМ машинасини миниб келаётганида, йўлда эри билан келаётган чиройли аёлга дуч келади ва уни зўрлаб машинага солади. Унинг эри хотинини қутқариш учун жон ҳолатда Сапо полвонга ташланади. Ҳалиги одамни бир қўли ва бир оёғидан тутиб, боши узра гир айлантиради-да, эни 7-8 метр, чуқурлиги 2-2,5 метр келадиган ариқнинг нариёғига отиб юборади. 
 Агар йўлда ГАИ ходимлари учраб қолса, уларни ушлаб олиб, йўлнинг четидаги ариққами, зовургами улоқтиравераркан. Унинг бундай безорилиги учун жабрланганлар талаби асосида прократура ва милиция бирнеча бор қамаб юборишга ҳаракат қилишган. Бироқ ўша даврдаги Хоразм вилояти Обком секретари (Ҳокими) ўзи ҳам полвонсифат бўлган, асли Сурхондарёлик, Шамсутдинов доим уни ҳимоя қилган. 
 Сапо полвоннинг мухлиси ва ҳимоячиси бўлган Шамсутдинов Сурхондарёга Обком (Ҳоким) бўлиб кетган зохатиёқ уни безорилиги учун тутиб қамашга бақувват милиционерлардан юборишади. Бироқ Сапо полвон буларнинг ҳар бирини ҳар томонган отиб юборади ва уларнинг кўплари майиб бўлиб қолади. Кейин уни тутишга бутун бошли махсус  рота (30-40 милиционер) жалб қилинади ва ҳар томонидан арқон ташлаб зўрға босишади. 
Ўша замонларда колония(турма)ларнинг норасмий (ички) хўжайинлари вор закон(Босс)лар бўлиб, махбуслар колония бошлиғига бўйсунмасаларда ўша Боссдан қаттиқ қўрқишган. Чунки Босснинг биргина ишораси билан, унинг одамлари истаган бир махбусни (ҳатто турма ходимларини ҳам) майиб қилиб ташлашлари, ҳатто ўлдириб юборишлари ҳеч нарса бўлмаган.
Колония бошлиғи Боссдан Сапо полвонни “синдириб” (қўрқитиб) беришни илтимос қилади. Натижада Сапо полвон карантиндан чиқар-чиқмас, жуссаси кичигроқ вор закон (Босс) ўзининг 30-40 ёрдамчилари билан уни ўраб олишади ва “синдириш” учун турли томонидан тепиб, урабошлашади. 
 Қорнига тепаётган Босснинг икки оёғидан тутади-да, у билан ўзини ураётган Босснинг ёрдамчиларини уракетади. Шу тариқа босс билан нафақат унинг отрядини, ҳатто уларни ажратишга (тўғрироғи Босснинг отрядига ёрдам беришга) келган 5-6 турма офицерларинида уриб қулатади. Улардан айримлари мажрух бўлиб қолади, калтак сифатида ишлатилган Босс эса, аллақачон ўлган бўлади. 
Турмадаги бу тўполони учун Сапо полвонни зонада яна суд қилишади. Судга олиб борганда унинг икки қўлини олдинга қилиб, пўлат кишан (наручник) солишади. Суд залида соқчилардан кимдир унинг жиғига тегади. Шунда Сапо полвон қаттқ асабийлашиб, қўлларига солинган кишанни узиб юборади. Буни кўрган соқчилар эса 4 томонга қараб қочишади. Натижада Сапо полвонга яна бирнеча йил қўшиб беришади ва жисмоний ҳолсизлантирадиган ҳамда қўрқинч ҳосил қиладиган махсус уколлар қилишади.
Ўрни келганда айтай, қўлига солинган кишанни узиш ҳолати 2000 йилларда Боғот милициясида ҳам рўй берган. Боғотнинг Боссларидан бири ҳисобланмиш (Немми қора) Неъмат Жуманиёзовни безорилиги учун тутиб милицияга оборишади ва қўлини олдинга қилиб кишанлашади. Унинг қўли кишанли эканидан фойдаланиб жиноят қидирув ходимлари уни урабошлашади. Шунда Немми қора наъра тортганича қўлидаги кишанни узиб юборади. 
Сапо полвон турмадан қўлтиқтаёқ билан юрадиган ҳолатда келади. Аввалги маишат ва эҳтиромлар йўқ. Ҳатто иқтисодий жиҳатдан ҳам кўп қийналади. Ўз вақтида қўшнилари ва бошқа кўпчиликка озор бергани учун у ҳалқ назаридан қолган бўлсада, полвон(спорт)севарларнинг кўпчилиги унга ҳайрхох сифатида қолади.  
Шундай хайрхохлардан бири мен ҳам эдим. Менинг полвонларга нисбатан эътиборли эканимдан хабар топган Сапо полвон, мен Боғот совхозида директор бўлиб ишлаганда менинг олдимга кўп келган. Ҳар келганида қуруқ қайтармасдим – гуруч, мева, пул бериб юборардим.
Қамоқда рухий ва жисмоний ҳолсизлантирадиган уколлар урилгани, зонадаги шароитининг эса абгорлиги сабаб, қўлтиқтаёқда юрадиган ногирон бўлиб келган бўлсада, лекин қўлларнинг ҳалиям кучли эканлиги билиниб турарди.
Бир куни: “Сапо ака, эшитган экансиз, мен ҳам кичигроқ полвон эдим ёшлигимда. Менинг қўлимни қисинг кўрай-чи, кучингиз қанча қолган экан”, дедим. Шунда у: “Ёшулли, яхшиси биронта темир келтиринг, шуни қисиб кўрсатай”, деди. Мен совхоз спорт клубидан қўлнинг қисиш кучини ўлчайдиган пўлат   усканани олдириб: “Полвон ака, мана шуни охирги шкаласигача қиса олсангиз битта қўй бериб юбораман”, деб унинг қўлига бердим куч ўлчагични.
Уни забардаст кафтига жойлади-да: “Ё Полвон пир!”, деб шундай қисдики, ҳалиги куч ўлчагич синиб кетиб, унинг қўлини кесиб юборди. Яхшиям қўлимни қисмаган экан. Шунда мен унга 1 та қўй ва бир қоп “Лазурний” навли гуруч бериб юборгандим. 
1990 йил августа, катта ўғлим Ойбекнинг хатна тўйи муносабати билан катта тўй бергандим.   Озроқ полвонсифат, кўпроқ полвонпараст (полвонлар хомийси) бўлганим боис, бу тўйга Хоразм воҳаси(Хоразм, Қорақолпоғистон, Туркманистон)да танилган 62 та полвон келган. Ўшанда бош байроққа катта ҳўкиз қўйилганди ва уни ўша даврдаги Хоразм воҳаси бош полвони – Роззоқ полвон ютганди. 

                                                           

                                                                                                                          Сапо полвон
 Ўша тўйга  70 ёшдан ошган Сапо полвон ҳам қўлтиқтаёқда ташриф буюрган. Полвонлар мусобоқаси охирига яқинлашганда, кутилмаганда Сапо полвон: “Курашга мен ҳам тушаман”, деб тўполон қилиб қолди (суратда айнан ўша дақиқалар муҳирланган).  Қўлтиқтаёқда юрадиган одам қандай курашга тушар экан, деб барча ҳайрон.   
 Сапо полвон қўлтиқтаёқда шиддат билан кураш майдонининг қоқ ўртасига бориб, таёқларини ҳар томонга улоқтирганича чўккалаб ўтирди-да: “Истаган полвон келсин, чўккалаб кураш тушишга, мен билан”, деб ҳайқирди. 
  Полвонлар мусобоқасини бошқараётган ҳакам – Хоразмнинг собиқ бош полвони -  Садулла полвон: “Иккинчи давра бош байроғи учун, Сапо полвон билан чўккалаб ўтирга ҳолда, кураш тушадиган талабгор, кураш майдонига чиқсин!”, деб эълон қилди.
 Мингдан ортиқ тўй иштирокчиларинг нигохи “Ким чиқа олар экан?”, деган ҳаёлда майдонга қадалган эди. Сапо полвоннинг довруғи, айниқса, қўлларининг ғоятда кучли эканлиги сабаб биронта полвоннинг юраги бетламади, майдонга тушишга. Шу тариқа қўлтиқтаёқда юрадиган (ногирон),  73 ёшли Сапо полвон, 1990 йилнинг бош полвони сифатида байроқдор бўлган эди ўшанда.  
Хулосамизда Зардўшт Спитама, Султон Увайс Қараний, Муҳаммад Ал-Хоразмий, Муҳаммад ал-Беруний, Жалоладдин Мангуберди, Нажмиддин Кубро, Махмуд Замахшарий, Полвон пир, Муҳаммад Ризо Огохий, Комил Хоразмийлар каби афсонавий алломалар ватани бўлган буюк Хоразмдан Искандар ака, Комилжон ака ва Сапо полвон каби афсонага айланган шахсларнинг чиқиши мантиқли ҳолат эканлигини таъкидламоқчимиз.

Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стиокпорт шаҳри, 2017

                                                                                       Шарҳлар
Muxlis
08/21/2017 at 11:15 PM
Katta raxmat sizga Ismat aka, ajoyib hujjatli tarixni nashr qilibsiz. I.Dosov, k.Otaniyozov haqida eshitganmiz, lekin Sapo polvonni eshitmagandim.
Sovet zamonida bosmachidan ham rais quyishgan ekan-a, aql bovar qilmaydi! Demak haqiqiy demokratiya Stalin zamonida bulgan ekan.


Ozod Tangiyor Turaev
08/22/2017 at 1:40 AM
Совет Иттифоқида яхши ишлар кўп эди. Энди эса фақат диндорлар, мардикорлар, фоҳишалар ва террорчилар. Аввал руслар бўлса энди араблар. Аввал канал қазиб сув олиб келган йигит энди эса одамларни ўлдириб шаҳид бўлишни кўзлаяпти.


Самандар
08/22/2017 at 6:55 AM
Ҳа, бу учаласи ростдан ҳам 20-аср Хоразм афсоналари экан.
Бироқ, 20-асрнинг 1980 йиллардан кейинги Хоразм афсоналари – Эркин Самандар, Муҳаммад Солиҳ ва Ахмад ҳожи Хоразмий эканлигига шубҳа йўқ.


Капитан
08/23/2017 at 4:05 AM
Қаранг, яхшилик ҳам ёмонлик ҳам бир кун чиқар экан.
А.Искандаров, ғалаба колхози раиси Райимбой Каримовнинг қурбонлари эканлиги мана 27 йилдан кейин чиқди. Бунақа қурбонлар ҳали кўп чиқади.
Тўғриси дуо-иримга ишонаман. Чунки дуо ўқиб дам солиш динимизда ҳам бор Агар ўша пайтда Хоразмий А.Искандаровга дуо ўқитиб дам солдирмаганида у бечора қамалар экан


Қадам Сапоев
08/23/2017 at 5:32 AM
Досовлар ҳақида ёзилган фактларнинг барчаси тўғри, булардан бизнинг ҳам хабаримиз бор.
А.Искандаров Хоразмийни райкомда ишлаган пайтларидан бу Райкомнинг одами, деб унча хушламасди. Хоразмий совхозга директор бўлганидан кейин эса А.Искандаров уни очиқ ёмон кўрабошлади. Асосий сабаби шуки, аввал фақат Нариманов колхози мақталарди районда. Хоразмий директор бўлганидан кейин Боғот совхози мақталадиган бўлди.
1991 йилда Хоразмийни совхоздан бўшатганларнинг бошида ҳам А.Искандаров турган.
Шундай бир пайтда, бошини этагига солиб Хоразмий унга дуо ўқитиб дам солдириб юрибди. Шуни айтади-да “Тош билан урганни, ош билан ур”, деб.

                 
          
               
               


              
            
 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2017-09-21)
Просмотров: 1371 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
0  
1 Самандар Сапо   (2017-10-07 5:45 AM) [Материал]
Ажойиб материаллар!
Манабуни публисистик мақола деса бўлади.
Бунда Хоразм тарихига кирадиган кўп фактлар бор экан.

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0