А х м а д ҳ о ж и
Х о р а з м и й
Олимнинг қисмати
(Тарихий роман)
Л о н д о н – 2013
К и р и ш
А.Х.Хоразмий
Қўлингиздаги тарихий романни (агар уни шундай аташ жоиз бўлса) ёзишда ҳозирги Ўзбекистон ва Туркманистон ҳақидаги кейинги 300-400 йилги тарихий-илмий манбалар, ўз қаламимга мансуб: "Илмга бахшида умр” (2001), "Қисмат” (2002) номли китоблар, ва мен ҳақимда турли мамлакат ва тилларда нашр қилинган: "Туман ортида қуёш бор” (1979), "Хоразм фахри” (1994), "Ал-Хоразмий изидан” (1994), "Хоразм деҳқонларининг елкадоши” (1998), "Энциклопедист (устоз) олим – 60 ёшда” (2008), "Профессор А.Х.Хоразмийнинг ижодий йўли, ёхуд адабий ижодга оқ йўл” (2009), "Ўзбекистон Солженицыни ва унинг китоби (Вакил) ҳақида” (2009), "Профессор Ахмад ҳожи Хоразмий – Пайғамбар (63) ёшда, ёхуд Исломдаги 60 йил” (2011), "Ахмад ҳожи Хоразмий ҳақида” (2013), "Мухожир олим – 65 ёшда” (2013), каби илмий ва публицистик мақолалар асос қилиб олинди.
Ҳамда Хива музейидаги қўлёзма материаллардан, Дорғон ота ва Ос (Хоразм)даги узоқ (1 асрдан ошиқ) умр кўрган Сўна момо каби тиниқ фикрли қариндошлар ва раҳматлик отамнинг ҳикояларидан фойдаланилди.
Китобда барча географик ва тарихий жойларнинг номлари, дунёдан ўтган қаҳрамон (персонаж)ларнинг суратлари ва исми шарифлари қандай бўлса шундайлигича келтирилган.
Аввало ўзимнинг адиб эмаслигим, қолаверса романдай жиддий жанрга биринчи бор қўл уришим сабаб, бу китоб бошқа адибларнинг бу жанрдаги ишига тенглаша олмаслиги мумкин.
Қолаверса, мухожиротдалигим сабаб, Ўзбекистон ва Туркманистонда мавжуд бўлган кўп манбалардан фойдаланиш имконим бўлмади, афсус. Албатта, бу омиллар китобнинг тарихий ва бадий савясига таъсир қилмай қолмайди.
Нима бўлгандаям, менинг узоқ йиллик меҳнатим маҳсули бўлмиш қўлингиздаги "Олимнинг қисмати” номли китоб дунёга келди. Уни баҳолаш Сиз мухтарам ўқувчилар ҳукмига ҳавола.
Китоб сифатини яхшилашни мақсад қилган Сиз мухтарам ўқувчилар томонидан билдирилган фикр-мулохазалар ва тавсиялар мамнуният ва эҳтиром билан қабул қилинади.
Ахмад ҳожи Хоразмий
Буюк Британия, Стокпорт шаҳри. 2013.
I – Б О Б
Олимнинг аждодлари тарихидан
Дунёга не-не алломалару, фотихларни етказиб берган буюк Хоразм 13-асрдаги Чингиз босқини ва 14-аср охиридаги Темур қирғинлари натижасида вайронага айланди.
Хоразм пойтахти Гурганж (Кўҳна Урганч) мутлоқа хонавайрон қилинди. Абулғози Баҳодурхон даврига келиб Гурганж аҳолиси ҳозирда Хоразм вилояти маркази бўлган ва янги Урганч деб номланаётган ҳудудга кўчирилди. Хоразм пойтахти эса Хивага кўчирилди. Шундан кейин Хоразм мамлакати "Хива хонлиги” номи остида аста-секин ривожланишга киради.
18-асрнинг иккинчи ярми. Хивадаги Шерғозихон мадрасаси шухрати Мавораннаҳр ва Хуросоннинг барча жойларига етиб борган. Шу боис мадраса илми толиблари ичида Хива хонлиги худудидан ташқари Мавораннаҳр ва Хуросоннинг ҳам кўпчилик жойларидан турли соҳалар бўйича илми толиблар таҳсил олмоқда.
Мадраса фаолияти Хива хонининг доимий назоратида. Хон ҳазратлари мадрасанинг иқтидорли талабалари билан тез-тез учрашувлар ўтказар ва уларга ҳадиялар улашиб туради.
Шерғозихон мадрасаси иқтидорли илми толиблари билан бугунги учрашувда Атрак воҳасидан келган толиб, туркманнинг Геркез тираси ва Гўкланг уруғига мансуб бўлган – Махтимқули-Фироғий (сурат-1), фаолияти ва ижоди хон ҳазратларида катта таъсурот қолдирди.
Сурат-1. Шоир ва мутаффакир Махтимқули-Фироғий 1733-1797
Махтимқулининг авлод аждодлари, айниқса унинг отаси – Давлатмаманд (Озодий) тўғрисида эшитгач хон ҳазратлари ўз мулозимларига бир назар ташлаб: "Хабашдан султон чиқмас, наслида бир хон ўтмаса”, деган нақл бекор эмас. Бу илми толибнинг насли тоза ва улуғлардан экани кўриниб турибди. Хонлик раҳбариятини шундай одамлар ҳисобига тўлдириш ва мустаҳкамлаш лозим, дейди. Хоннинг бу гапи Махтимқулининг Атракдаги қариндошларини хон ҳузурига бошлаб келишига туртки бўлди.
Махтимқули Хива хони томонидан айтилган бу таклифни отасига етказади ва унинг маслаҳати асосида отасининг авлодига мансуб уч оға-иниларни ўзи билан Хивага олиб келади.
Худойберди Хоразмда қолади. Қолган иккитаси маълум муддатдан кейин Афғонистондаги туркман сардорларининг таклифига биноан Афғонистонга кўчиб кетишади. Улардан бири Афғонистоннинг бадавлат кишиларидан бирига айланади. Қолган биттаси Ироқ (Бағдод) туркманлари илтисмосига биноан Ироққа кўчиб боради ва у ерда қайси бир (Қодирия бўлса керак) тариқатда кўзга кўринган сўфий бўлади.
Махтимқули билан деярли тенгқур бўлган Худойберди баланд бўйли, оқ юзли, кенг елкали йигит бўлиб юз тузилиши Махтимқулига жуда ўхшаган. Шу боис бўлса керак, у хон ҳазратларида дастлабки дақиқалардаёқ яхши таъсурот қолдирди.
Худойберди ва хон ҳазратлари ўртасидаги суҳбат анчага чўзилди. Унинг билими, ақл-заковати ва жасурлигидан хон қониқиш ҳосил қилади ва уни Хивадан Дорғон отагача бўлган ҳудуднинг Қорақум билан туташган жанубий минтақасида яшаётган барча туркманларга хон томонидан қўйилган ноиб (раҳбар) этиб тайинлайди. Шу боис бўлса керак, Махтимқулининг амакиваччаси Худойберди бу ҳудуддаги туркманлар томонидан Худойбердихон, деб аталабошланади.
Атракдан келган Худойбердихон, бир муддат Хивада, Махтимқули билан бирга яшайди. Чунки у раҳбар бўлган ҳудуддаги 20 дан ортиқ туркман элатлари уни ўз ўбасида яшаб қолишини истаб, бу борада бир тутамга келиша олмаётган эдилар.
Хива хонининг дин ишлар бўйича пешвоси – Сайидмурот охун (сурат-2) хон ҳазратларини Худайбердихонни Зайналэшон (ҳозирги Боғот тумани)да яшашига кўндиради. Бунинг ўзига яраша сабаблари бор эди:
-Бу қишлоқда турли тоипа ва тираларга мансуб бўлган туркманларнинг катта жамоаси узоқ йиллардан буён яшарди.
-Йўмид туркманлари кўпинча шу қишлоққа ҳужум уюштириб турардилар.
-Ва ниҳоят бу қишлоқ Сайидмурот охуннинг она қишлоғи ҳам эди.
Худайбердихон тасарруфидаги минтақада туркманларнинг арсори, чўвдир, қиниқ, гиррик, баёт, сариқ, гўкланг каби тойипа ва тираларига мансуб туркманлар яшарди.
Бироқ улар орасида тез-тез низолар чиқиб турар, бу низоларнинг айримлари кўп асрлардан буён давом қиларди. Бундай низолар натижасида у ёки бу қишлоқнинг ҳеч нарсада айби йўқ йигитлари ҳалок бўлар, қиз-жувонларининг номуси топталарди. Бу эса ўзаро низоларнинг янада кучайишига ва чуқурлашишига сабаб бўларди.
Худайбердихон ишни турли туркман қабилалари орасидаги, айниқса, узоқ ўтмишдан келаётган низоларни бартараф қилишдан бошлашни ният қилади. Шу мақсадда бу ҳудуддаги қабилалар сардорларини маслаҳатга таклиф қилади.
Худайбердихон ва Сайидмурот охуннинг таклифига ва хон ҳазратларининг буйруғига биноан Дошўғиздаги йўмид туркманларининг сардори Аннамирот қиниқ ҳам бу маслаҳат йиғинига ташриф буюрди.
Бу қишлоқларда узоқ йиллардан буён қон тўкилишига сабаб бўлган йўмитлар сардорининг ташрифини қишлоқ аҳли қўрқинч ва ғазаб билан қарши олади. Аннамирот қиниқнинг Худайбердихон томонидан алоҳида бир эҳтиром билан кутиб олиниши, нафақат қишлоқ аҳлида, бу ерда ҳозир бўлган бошқа туркман сардорларида ҳам таажжуб уйғотган бўлсада, улар ҳам йўмид сардорига ҳурмат изҳор этдилар.
Шу тариқа, пайшанба куни, Худайбердихон бошлиқ Зайналэшон қишлоғи аҳли маслаҳат кенгашига келган меҳмонларни кутиб олиш ва улар шарофати билан уюштирилган зиёфатни ташкил қилиш билан шуғулландилар.
Маслаҳат йиғилишига келганлар, Жума куни Сайидмирот охун имомлигида бомдод намозини ўқиганларидан кейин маслаҳат йиғинини бошлайдилар. Худайбердихон маслаҳат йиғинини: "Бисмиллаҳир-Роҳманир-Роҳийм”, деб очар экан, маърузасини шундай давом қилди.
-Муҳтарам миллатдошлар, аввало бизнинг таклифимизни ерда қолдирмай ҳалқимиз ва миллатимиз келажаги ва равнақи учун биргалашиб қилишимиз керак бўлган бугунги маслаҳат кенгашимизда якдил иштирок этаётганингиз учун рахмат сизларга.
Хабарингиз бор, мен сизнинг юртингиз (Хоразм)га қариндошим Махтимқули Давлатмаманд ўғлининг маслаҳати ва Хон ҳазратларининг таклифи асосида келдим ва Хон ҳазратларининг буйруғи билан Хивадан Дорғон отагача ҳудуддаги туркманларга раҳбар – Хоннинг ноиби этиб тайинландим.
Шу икки ой ичида менга топширилган ҳудудни, кеча-кундуз тинмай ўргандим. Бизнинг туркманларимиз, бу ҳудуднинг асосан Қорақум билан туташган сарҳадларида истиқомат қилишар экан. Бу уларнинг чорвага кўпроқ қизиқишидан бўлса керак.
Миллатдошларимиз ичида таниқли ҳунармандлар, усталар, деҳқонлар, савдагорлар, ҳаттотлар, табиблар, шоирлар ва олимлар ҳам оз эмас экан. Ислом бўйича уламоларнинг кўплиги янада эътиборлидир.
Шу билан бирга, деҳқончилик қилишга яроқли кўплаган ерлар сув йўқлигидан яйлов сифатида фойдаланилаётгани, кўп ерлар зовурлар йўқлиги натижасида шўрланиб ва ботқоқлашиб кетгани ҳам бор гап.
Канал қазиб сув келтириш, зовур қазиб тупроқ шўрланишини камайтириш каби ишларни бир икки қишлоқ аҳолисининг кучи билан қилиб бўлмайди. Бундай ишларни қилиш учун кўпчилик ўбалар, қишлоқлар бирлашиб, бир ёқадан бош чиқаришлари керак.
Бундай бирликни ҳосил қилиш учун аввало узоқ йиллардан буён давом қилаётган қон ва хун низоларига барҳам бериш керак. Бунинг учун эса бағри кенг ва кечиримли бўлиш лозим.
Бу борада мен қуйидагиларни таклиф қиламан:
-Узоқ йиллардан буён қон ва хун даъвосида бўлган жамоалар Аллоҳ ризоси учун бир бирига бўлган даъволаридан воз кечиб, бир бирларига дўстлик қўлини чўзиши, ҳатто қариндошлик ришталарини қуришга киришиши лозим.
-Бир-бирига қарама-қарши бўлган элат ва қишлоқлар, қиз олиб, қиз бериш йўли билан қариндош бўлсинлар. Бу борадаги биринчи қадамни шу элат ва қишлоқлар сардорлари бошлаб намуна кўрсатсинлар.
-Узоқ йиллардан бери бир бири билан қон даъвосида бўлган йўмид туркманлари сардори Аннамирот оға ўзининг балоғатга етган Товус номли қизини, йўмидлардан энг кўп жабр кўрган Зайналэшон қишлоғи имоми Аннадурди эшоннинг ўғли(Мерет)га бериб улар қуда бўлсинлар.
Бу йўл билан бир бирига душман бўлган ўбалар қариндош бўлиб, дўстлик ва тинчлик ўрнатилса, узоқ авлод (тойипа ва тира)ларнинг қўшилишидан соғлом, ботир, хушсурат ва ақилли авлод(фарзанд)лар дунёга келиб, туркман миллатини ирсий жиҳатдан янада мустаҳкамланишига замин яратилар Иншааллоҳ.
Мен шу 2 ой давомида, туркманлар яшаётган барча қишлоқ ва элатларни ўрганиб шунга амин бўлдимки, савдо-сотиқ ишларида Отажон оға бошлиқ Хазорасплик туркманлар, деҳқончилик ишларида Зайналэшон қишлоғи туркманлари, гилам тўқишда Дошўғиз туркман аёллари, канал ва заҳкаш қазишларда Давлатмирот оға бошлиқ Найман туркманлари, ҳунармандлик ва устачилик ишларида Дорғон ота туркманлари анча олдинга кетишган экан.
Шундан келиб чиқиб, қобилиятли қиз-келинларимизни гилам тўқиш сирларини ўрганиш учун Дошўғизлик аёллар олдига, бошқа қишлоқлардаги деҳқончилик сир асрорларини ўрганишга қизиққан йигитларни Зайналэшон қишлоғи деҳқонлари олдига, устачиликка қизиқувчиларни Дорғон ота усталари олдига юборишни таклиф қиламан.
Шундай қилинса, усоз-шогирдлик ришталари кучайиб, бир томондан меҳр ва ҳурмат кучайса, иккинчи томондан ҳар бир қишлоқ барча соҳаларда гуркираб ривожланади.
Бугунги маслаҳат кенгашимизда яна бир муҳим нарса – у ёки бу қишлоқ ёки ўбага сардор(раҳбар)лик масаласини ҳам сизларнинг ҳукмингизга ташламоқчиман. Мен ҳар бир қишлоқда бўлганимда шу қишлоқ аҳли билан ҳам гаплашиб чиқдим. Одамларнинг фикрига қараганда, айрим қишлоқ сардорларининг салоҳияти ўз иши ва мансабига тўғри келмаётган экан.
Сизларга маълумки, сардор кичик бир ўба(маҳалла)ники бўладими ёки катта бир қишлоқники бўладими, бутун бошли мамлакатники ёки миллатники бўладими, ўзининг ташкилотчилик, меҳнаткашлик, жасурлик сифатлари билан ўз жамоасига намуна бўлиб уларнинг ҳурматига ва эътиборига сазавор бўлиши лозим. Шундагина ҳалқ унга эргашади.
Афсуски, Мухомон туркманлари сардори Қоқожон, Қораянтоқ ширшоли туркманлари ўбаси сардори Сапармиротлар ўз ҳалқининг ҳурмат ва эътиборига сазавор эмас эканлар.
Қоқожонда ташкилотчилик қобилияти йўқ. Унинг отаси Барди оға узоқ йиллар шу ўба(маҳалла)нинг сардори бўлиб, катта обрўга эга бўлганлиги учун Мухомон ҳалқи: "От ўрнини той босар”, деб унинг ўғли Қоқожонни сардор қилишган экан. Лекин у ўз ҳалқи талабига жавоб бера олмаган.
Сапармирот бўлса, одамларнинг молини ўғирлайдиган ўғриларни жазолаш ўрнига, улардан пора олиб, ўғриларни қўйиб юборган. Натижада Қораянтоқ ширшоли туркманларининг кўписи: "Сапармирот ўғрилар билан шерик”, деб ундан юз ўгирганлар.
Карвак туркманлари сардори Гурбонмирот оғанинг ёши ўтиб қолган. Бунинг устига, бирнеча йилдан буён касалванд. Нафақат ўз қишлоғи муаммоларини ечишга, ҳатто, тўй-маъракаларгада боришга қурби етмайди. Шундай бўлсада ўрнини бировга бўшатиб бермаётир.
Маъсулятсизликлари сабаб бу учаласи бугунги маслаҳат кенгашига ҳам келмадилар.
Бу қишлоқлар аҳолиси билан кенгашиб ҳозирги сардорларниг ўрнига, ўз ичларидан обрўли, ўз ҳалқи ва қишлоғи учун куйиб-пишиб ишлайдиган одамни сайлаш керак.
Менинг бу таклифларимнинг маъқул бўлмаган жойлари бўлса айтинглар, биргалашиб барчага маъқул бўладиган йўлини қилайлик.
Худайбердихоннинг маърузаси йиғилиш иштирокчилари томонидан диққат билан тингланди ва унинг таклифи ҳаммага маъқул келди.
Фақат Йўмит туркманлари сардори Аннамирот оға сўз олиб: "Зайналиэшон туркманлари бизга қиз бериб қуда бўлса яхшироқ бўларди”, деб юзланди Худайбердихонга.
Худайбердихоннинг ўрнига Сайидмирот охун унга жавоб бериб: "Зайналиэшон қишлоғидан ҳоҳлаган қизингизни тутинг келинликка. Мана, менинг набирам Ўғилдурди ҳам балоғат ёшига етган. Сизнинг ўғлингиз ҳали ёш, лекин оғангизнинг ўғлига олинг келинни. Бироқ Худайберди айтган таклиф – қизингизни Аннадурди эшонга келин қилиб бериш масаласи ўз кучида қолади”, деб атрофидагиларга разм солди. Улар бош ирғиб маъқуллашди.
Аннамирот қўлини кўксига қўйиб: "Ҳалқ ҳоҳласа отингни сўй”, деганлар. Маъқул, охун оға, қизимни бердим, шу қишлоққа”, деди бошини ғоз кўтариб. Мард туркманнинг гапи бўлди, деб олқишлади кенгаш иштирокчилари.
Бу пайтга келиб тушлик овқат таёр бўлиб қолганди. Ҳаммалари қўй гўшти билан пиширилган дўғрамани катта иштаҳа билан ейишди ва Қуръон тиловат қилиб бугунги маслаҳат кенгашида мақсад қилинган тинчлик ва оғзибирликни Худодан сўраб дуолар қилишди.
Жума намози вақти ҳам яқинлашаётгани ҳақида огоҳлантирди Зайналиэшон қишлоғи имоми Аннадурди эшон. Ҳаммалари таҳорат олиб масжидга, Жума намозига тўпландилар.
Сайитмирот охун масжидда тинчлик, дўстлик, оғзибирликнинг баракотлари ҳақида Қуръон оятлари, ҳадис ва суннатдан мисоллар келтириб амри-маъриф қилиб берди. Жума хутбаси ўқилиб, олдинги сафларда маслаҳат кенгашига келган меҳмонлар, кейинги сафларда Зайналэшон қишлоғи намозхонлари туриб жума намозини адо қилишди.
Худайбердихон аввало бугунги маслаҳат кенгашига келган мехмонларга ва барча намозхонларга юзланиб:
-Маълумки Жума ва Ҳайит намозларини адо қилгандан кейин намозхонлар бу буюк ибодатга етказгани ва уни чуқур ихлос ва эътиқод билан адо этишни насиб қилгани учун буюк Аллоҳга шукроналар қилиб, бир-бирини қучоқлаб қутлашади.
Бир бирига нисбатан узоқ йиллардан буён қон ва хун даъвосида бўлган ўба ва қишлоқ сардорлари, бир бири билан у ёки бу сабаб аразлашиб юрган барча намозхонлар манабу улуғ кун ва даргоҳда бир бири билан қучоқлашиб бир бирини қутласинлар, деб мурожат қилди.
Кутилмаган бундай даъватдан одамлар орасида ажиб бир ҳолат юзага келди. Ҳеч ким биринчи бўлиб қучоқ очишга шошмасди. Сайитмирот охун Аннамирот оға ва Аннадурди эшонга юзланиб: "Қани, бир бирига нисбатан энг қондор ва ёғи (душман) бўлган Йўмитлар сардори Аннамирот билан Аннадурди эшон, сизлар қучоқлашиб бир бирингизни кечирганингизни кўрсатинг”, деди.
Барчанинг назари буларга қаратилган эди. Аннадурди эшон қучоғини очиб: "Туркманда катта кўпир (кечиримли) бўлади, деган мақол бор. Биз кечирдик Йўмитлардан чеккан азиятларимизни”, деди. "Аллоҳ рози бўлсин сизлардан эшон оғо”, дея унинг қучоғига отди ўзини Аннамирот қиниқ.
Масжиддаги бир бирига душман бўлганлар, бир бири билан аразлашганларнинг барчаси бир бири билан қучоқлашиб кетишди. Нафақат қучоқлашаётганларнинг, Худайбердихон ва Сайидмурот охуннинг ҳам кўзлари ёш эди. Бу ёш, қувонч кўз ёшлари эди...
Бўлиб ўтган барча тафсилотларни Сайитмирот охун хонга унинг барча аёнлари олдида сўзлаб берди. Хон ўз ноиби(вакили)нинг бундай ташкилотчилик қобилиятини эшитиб боши осмонга етди ва Худайбердихон ташаббусини хонликнинг барча ҳудудларида кенг ёйиш учунги фармони олийга имзо чекди.
Сурат-2. Сайидмирот охун
Хон Сайитмирот охунни ва Шерхозихон мадрасаси толиби Махтимқулини олдига чорлаб Худайбердихонга насл насабли хонадондан келин излашни топширади. Сайтмирот охун Зайналэшон қишлоғи имоми, Аннадурди эшоннинг катта қизи – Ойжамолни Худайбердихонга лойиқ эканлигини таъкидлайди:
Аннадурди эшоннинг насли имом Ҳасан ва биби Фотима орқали Пайғамбаримиз (САВ)га бориб тақалади. Улар саййидлар авлодидан. Уларнинг авлодлари ҳақида бизнинг ота-боболаримиз ҳам яхши билардилар.
Аннадурди эшоннинг аёли Оннажамол бибининг авлодлари эса Абу Бакр Сиддиқ розиаллоҳу анҳуга бирлашади. Уларнинг қизи нафақат Қуръони каримни яхши билади, гилам тўқишда ва кашта тикишда ҳам оғизга тушган қизлардан. Пазандалиги-ю, одоб-икромига гап йўқ, деб Шерғозихонни кўндиради.
-Хон ҳазратлари, Охун оғамнинг таклифи менгада жуда маъқул. Бироқ Худайбердихоннинг отаси ўз укасининг қизини: "Катта бўлса шуни келин қиламан”, деб юрганини эшитганмиз ёшлигимизда. Энди бу ёшликдаги гап. Бунинг устига кўп йиллардан буён мен ўқишларда бўлиб Атракдаги гаплардан хабарим йўқ. Бу масалада Худойбердининг ўзи билан бир гаплашиб кўришга имконият беринг менга, дейди Махтимқули.
Маълум бўлишича Худайбердихоннинг амакисининг қизи аллақачон амакисининг хотинининг синглисига келин бўлиб кетган экан. Бунинг устига Худайбердихон Ойжамолни 2-3 марта кўриб: "Шундай ёринг бўлса-да, одамнинг”, деб кўнглидан ўтказган эди.
Шерғозихон Худайбердихон ва Ойжамолнинг тўйларини Хивада ўтказишни таклиф қилади. Бироқ Сайитмирот охун бу тўйни Зайналэшон қишлоғида ўтказган мақсадга мувофиқ, деб хонни ишонтиради.
Хоннинг буйруғи асосида Худайбердихоннинг қариндошларини тўйга таклиф қилиш учун Атракка махсус чопар (тўйга айтдирувчи) юборилади. Чопар билан бирга Атракдан Худайбердихон ва Махтимқулининг кўплаган қариндошлари келади.
Худайбердихоннинг отасининг ёши ўтиб қолганлиги сабаб: "Узоқ йўлга чидай олмасман”, деб келаолмайди. Атракдан тўйга қайтадиган жамоа Махтимқулининг отаси Давлатмаманд оға раҳбарлигида йўлга чиқишади.
Шерғозихон Давлатмаманд оғани меҳмон қилади. Бу зиёфатда хон аёнларидан ташқари Сайитмирот охун, Махтимқули ва Худайбердихон ҳам иштирок қилишади. Давлатмаманд оға ўғли Махтимқули ва қариндоши Худайбердига қилаётган ёрдам ва илтифотлари учун хонга Худайбердихоннинг отасининг ва шахсан ўзининг миннатдорчилигини айтади.
Зайналэшон қишлоғида Худайбердихон ва Ойжамолнинг тўйлари катта тантана билан ўтади. Тўй даврасининг бир ёнида Атракдан келган санъаткорлар Махтимқули шеърлари билан ашула куйласалар, давранинг иккинчи томонида Шерғозихон юборган санъаткорлар Хоразмча ашулалар билан ҳалқни хушнуд қилишади. Бу тўй ўзбек ва туркман санъаткорларининг айтишуви шаклида ўтади.
Ҳалқнинг талабига биноан Махтимқули ўзининг янги ёзган шеърларидан намуналар ўқиб беради. У ўқиган шеърлар ичида:
Фироғийнинг икки эли бор,
Бири Атрак бўлса, бири Хоразм.
Фироғийнинг икки кўзи бор,
Бири туркман бўлса, бири ўзбегим.
Деган шеъри тўй аҳлида катта таъсурот қолдиради. Тўйнинг эртасиёқ, бу шеъри учун Шерғозихон Махтимқулини сарпо билан сийлаб, сарой шоирларини: "Ҳа деб севги, муҳаббат, ўлдим-куйдим деган ва мени мадҳ қилувчи шеърлар ёзавермай, Махтимқулига ўхшаб элатларни, миллатларни яқинлаштирадиган, манашундай шеърлар ёзсангизлар бўлмайдими”, деб койиди. Бу эса Махтимқулининг шундоғ ҳам юқори бўлган обрўсини яна бир поғона кўтариб юборади.
Худайбердихон ва Ойжамоллар ўғил кўришади. Бу фарзандга ном қўйишда анчагина тортишувлар юзага келади. Худайберди ўғлига Махтимқули каби шоир бўлсин деб Махтимқули, деб қўймоқчи бўлади. Ойжамол эса: "Энг катта бобомизнинг номини (Абу Бакр деб) қўямиз”, деб хархаша қилади.
Аннадурди эшон эса: "Набирам туғилган куни тушимда Муҳаммад алейҳиссаломнинг нурини кўрдим. Шу боис набирамга Муҳаммаднур” деб исм қўямиз, деб таклиф қилади. Ва ҳамма бунга рози бўлиб чақалоқнинг қулоғига: "Муҳаммаднур”, дея азон айтишади.
Аннадурди эшон набираси Муҳаммаднурни айрича бир меҳр билан тарбиялай бошлайди. Муҳаммауднур 7 ёшига кирганида Қуръони каримнинг кўплаган сура ва оятларини ёддан билар, Қуръон оятларини тажвид билан тиловат қилганида эса унинг қиръоатига қоил қолишарди. Ҳатто Шерғозихон унинг қиръоатидан таъсирланиб, унинг устига бир чангал тилла тангаларни сочиб юборади.
Муҳаммаднур 2 ёшга тўлганида буларнинг иккинчи ўғли туғилади. "Бу ўғлимга отамнинг номи(Карим)ни қўяман”, деб Худайбердихон қаттиқ туриб олади. Карим ёшлигидан деҳқончилик ва боғдорчиликка қизиқиб бу соҳада катта шуҳрат қозонади ҳалқ ичида "Карим деҳқон”, деб танилади (лақаб олади). Унинг бу соҳадаги муваффақиятлари Хива хонигача етиб боради ва хонлик сийлов(совға)ларига лойиқ кўрилади.
Худайбердихон ва Ойжамолдан бирнеча қизлар ҳам дунёга келади. Уларнинг кўплари шу қишлоқда оила қуриб, бола-чақалик бўлиб кетишади. Лекин Худайбердихоннинг тўнғич қизини Махтимқули Атракдаги ўз қариндошига келин қилиб олиб кетади.
Муҳаммаднур 12 ёшигача бобоси Аннадурди эшондан Қуръон ва Ҳадис илмидан сабоқ олади. 12 ёшига кирганида эса Хуросон ва Мавораннаҳрда танилган Полвон пир мадрасасига ўқишга боради.
Муҳаммаднур мадрасада Қуръон, Ҳадис, Фикх каби қатор диний илмлар билан биргаликда Сайитмирот охун ва унинг мадрасадаги мударрис-шогирдларидан дунёвий илмларидан ҳам сабоқ олади.
Муҳаммаднур мадрасани имтиёзли тугатганидан сўнг уни мадрасада мударрис бўлиб қолишга таклиф қилишади. Зайналэшон қишлоғи аҳлининг талабига биноан, ҳамда, қишлоқ имоми – унинг севимли бобоси ва устози Аннадурди эшон қариб қолганлиги учун унинг ишини давом қилдириш мақсадида ўз қишлоғига келиб имом сифатида фаолият бошлайди.
Муҳаммаднурга келин танлашда ҳам анча тортишувлар юзага келади. Худайбердихон келинни Атракдан келтирмоқни истайди, токи ўртадаги қариндошлик узилиб қолмасин учун. Аннадурди эшон бўлса: "Келин эшонлар авлодидан бўлмоғи керак”, деб укасининг катта қизи – Гулжамолни келин қиламиз, деб қаттиқ туриб олади. Гулжамол Муҳаммаднурга ҳам маъқул эканлиги боис ҳамма шу тутамга рози бўлади.
Муҳаммаднур ва Гулжамолдан бирнеча қиз ва 4 та ўғил: Гурбонмирот, Мурот, Хондурди, Сайид исмли фарзандлар дунёга келади. Худайбердихоннинг таклифига биноан Каримга келинни Атракдан келтиришади, токи Атрак билан қариндошлик янада мустаҳкамланиб давом қилсин учун. Карим деҳқон ўз ҳаёти давомида Ортиқ, Қоқожон, Бова, Новбот намли фарзандларни дунёга келтириб уларни тарбиялайди.
* *
*
Худайбердихон қариганидан кейин Қурултой йиғиб маслаҳат кенгаши аъзоларига ва улар орқали Хивадан кунчиқар томонда истиқомат қилаётган барча туркманларга мурожат қилиб, ўзининг қариб қолганини, энди бу лавозимга Хива хони томонидан бошқа бир одам тайинланиши кераклигини, номзодни эса хон ҳазратларига тавсия қилиш маслаҳат кенгашининг бугунги вазифаси эканлигини тушинтиради.
Маслаҳат кенгаши аъзолари эса бир овоздан:
-Сиз раҳбарлик қилган даврда, асарлар давомида давом қилаётган қон ва хун даъвосига, Йўмитлар босқинига барҳам берилди. Элатлар, қишлоқлар қон-қариндош бўлдилар. Сиз кимни тавсия қилсангиз биз уни ўзимизга сардор сайлаймиз, дейишди.
-Ҳар бир элат ва қишлоқ сардори менинг ўрнимга лойиқ. Бу лойиқлар ичидан ҳам 3 та энг лойиқ бўлган кишини силарнинг ҳукмингизга ҳавола қиламан, сизлар танланглар қайси бири маъқул эканини. Ўша одамни хоннинг тасдиғига олиб борамиз. Кўпчиликка маъқул бўлгани хонга ҳам маъқул бўлишига ишонаман, дейди Худайбердихон.
Ва, Янгиариқ туркманлари сардори – Жуматни, Ос (Боғот) туркманлари сардори Чори гиррикни, Дорғон ота туркманлари сардори Байрамдурдини маслаҳат кенгаши аъзолари ҳукмига ҳавола қилиб: "Буларнинг учаласи ҳам лойиқлар ичидаги лойиқлари. Энди сизлар (маслаҳат кенгаши аъзолари) танланглар, ўзингизга маъқул бўлганини”, дейди Худайбердихон.
Ос (Боғот) туркманлари сардори Чори гиррик кўпчиликка маъқул келди ва у хон томонидан Хивадан кунчиқар тарафдаги туркманлар сардори – шу ҳудуддаги хоннинг ноиби бўлиб фаолият бошлайди.
Худайбердихон Хивадан Дорғон отагача бўлган ҳудуддаги кунчиқар туркманларига, Аннамирот оға Йўмит (кунботар) туркманларига сардорлик қилган йиллар давомида бирон марта ҳам бу ҳудудда Йўмитлар ҳужум уюштирмайди. Бироқ улардан даврон ўтганидан кейин Йўмитлар яна бош кўтаришиб, тартибсизликлар келтириб чиқарабошлайдилар. Хива хони уларни қанчалик тартибга чақириб жазоламасин, фойдаси узоққа бормайди.
19-асрга келиб Сайитмирот охун дунёдан ўтиб, ўрнига Зайналэшон қишлоғида туғилган Отамирот (Оташ) қори Хива хонлигида шариат пешвоси (қози) бўлиб фаолият олиб бораётган эди.
Оташ қори билан бу даврдаги хоннинг ноиби Қутлимирот геркез хоннинг олдига кириб йилдан йилга авж олаётган йўмитлар босқинига барҳам бериш йўлини шундай тушинтирдилар:
-Маълумингизким, туркманларнинг Исломга, саййид, хўжа, эшонларга эътиқодлари кучли. Шу боис Йўмитлар эшонлар бор жойда тўполон қилишга журъат қилиша олмайди. Мерв(Мари)да истиқомат қилаётган ботин ва зохирда кароматли Арали эшон ҳазратларини Зайналэшон қишлоғида яшашга таклиф қилсак, Йўмитлар босқинига ҳам чек қўйиларди, қишлоқнинг социал ва иқтисодий ривожланиши ҳам янада ривожланарди.
Хонга бу таклиф маъқул келади ва Арали эшонни олиб келиш учун Муҳаммаднур бошлиқ карвон жўнатилади. Ҳали 20 ёшигада кирмаган Арали эшонни Хиванинг кунчиқар (Хазорасп) давозасида хон барча аёнлари билан тантанали равишда қарши олади ва уни келтирган Муҳаммаднур бошлиқ карвонга сарполар улаштирилади.
Хон Арали эшон ҳазратларига уни таклиф қилиш сабабларини айтади. Хоннинг таклифига биноан Арали эшонга йўмитлар истиқомат қиладиган ҳозирги Дошўғиз вилоятидаги Хон қалъасини ва йўмиитларнинг кўпроқ ҳужум уюштирадиган, ҳозирги Хоразм вилояти, Боғот туманининг жанубида жойлашган Зайналэшон қишлоғини вақф (мулк) қилиб беради.
Оташ қорининг ташаббуси билан Арали эшонни уйлантириш тараддуди бошланади. Кўпчиликнинг маслаҳати билан, Мухаммаднурнинг катта қизи Оннажамол, қишлоқнинг энг насл-насабли, ибодатли ва иболи қизи сифатида Арали эшонга келин сифатида танланади. Арали эшон ҳазратлари Боғотнинг жанубида – ҳозирги "Туркманлик” маҳалласидан уйланиб шу қишлоқда ўлтиримли бўлиб қолади.
Бир йил ўтар-ўтмас Арали эшон ва Оннажамоллар ўғил кўришади. -Менга бобом Аннадурди эшон ном қўйган экан, кам бўлмадик шу ном билан шукур. Шу набирамга номни Муҳаммадберди деб қўйсак, деб таклиф қилади имом Муҳаммаднур. Бу таклиф барчага маъқул тушади.
Арали эшон ҳазратлари Маридан Хоразмга келганидан кейинги, биринчи иши Хива хонлиги ҳудудида яшовчи туркман қишлоқ ва ўбаларининг катта кўпчилигида масжидлар қуриш бўлган. Шу боис Хоразмнинг кўпчилик (асосан туркманлар яшайдиган) жойларда "Арали эшон масжиди”, деб аталадиган масжидларни мана, 2 асрдан кейин ҳам кўплаб учратиш мумкин.
Арали эшон Хоразмга келганидан кейин биринчи масжидни Зайналэшон қишлоғида қурган. Бу масжид қурилишининг фаол иштирокчиларидан бири, шу қишлоқ имомининг катта ўғли, Арали эшоннинг қайин укаси ва биринчи муриди Гурбон сўфи бўлган.
Аввал бу масжид қурилиши сустлик билан бошланган. Бунинг сабаби хон саройидаги уламолар ичида ҳам, қишлоқ аҳли ичида ҳам: "Арали эшон деганингиз ёшгина йигит бўлса, "Эшон” дейишга арзирли бирон каромат кўрсатган жойи бўлмаса, ёки бошқа уломоларга ўхшаб ёзган бирон китоби бўлмаса...”, каби гаплар урчий бошлайди.
Ўрни келганида айтиш жоизки, одамлар уларга ишониши ва эргашиши учун Аллоҳ ўз Набий (Пайғамбар) ва Валий (Авлиё)ларига мўъжиза ва кароматлар кўрсатиш қобилиётини ҳам берар экан.
20-асрнинг иккинчи ярмида ҳам ҳаёт бўлган одамларнинг Гурбон сўфидан ривоят қилишларича ушбу масжид қурилиши пайтида, масжидлар қуриш борасида номдор бўлган уста ҳам айримларига ўхшаб, ёш йигит бўлган Арали эшонга кўнгли етмай юраркан. Шу боисдан (ўзи билсада) бўлса керак, Арали эшонга масжидни қандай бичганда (қурганда) қибла(Каъбага)га тўғри бўлади, деб юзланган.
Устанинг мақсади (уни имтиҳон қилмоқчи эканлиги) пирга аён бўлиб ичидан: "Э, хом сут эмган банда”, деганича устага тикилади. Уста бўлса: "Менинг саволимга жавоб беришга ожизлик қилди”, деган фикрда атрофдагиларга бир намойишкорона назар солиб: "Пир, қандай бичишни билмасангиз ўз билганимча бичавераман”, дейди виқор билан.
Барчанинг нигохи пир ва устага қадалган. Шу онда Арали эшон ўнг қўлининг икки бармоғини лотинча V (v-victory - ғалаба) шаклида қиблага қараб кўтаради-да: "Уста, бармоқларим орасидан қаранг ва масжидни шунга қараб бичинг!”, дейди.
Уста ва бошқалар пир бармоқлари орасидан қарашса Маккадаги Каъба яққол кўриниб турган. Уста ва буни кўрган барчалари кўзларида ёш билан иймон келтирадилар ва масжидни унга тўғирлаб қурабошлайдилар.
Бу масжиднинг ўрни ҳозирги Хоразм вилояти, Боғот тумани, "Туркманлик” маҳалласининг жанубий ҳудудида, Хўжалик ариғининг шарқий қирғоғида ҳозир ҳам бор. Шундан сал қиблароқда эса 1994 йилда Хоразмий ташаббуси билан Арали эшон номидаги жомеъ масжид қурилди ва фаолият кўрсатмоқда.
Арали эшон ҳазратларининг бу кўрсатган каромати қисқа вақт ичида бутун Хоразмга овоза бўлиб кетади. У ҳазратнинг ташаббуси билан Хоразмдаги нафақат туркманлар яшаётган ҳудудларда балки барча жойларда янги-янги масжидлар қурилабошланади.
Масжидлар қурилишида нафақат туркманлар, шунингдек ўзбеклар, қорақолпақлар, қозоқлар, тожиклар ва бошқалар ҳам фаол иштирок қиладилар. Бу қурилган барча масжидлар "Арали эшон масжиди” деб ном олган ва уларни Хоразмда ҳозир хам учратиш мумкин.
Турли хил миллатлардан ташкил топган маҳаллий аҳоли ичидан энг эътиқодлилари Арали эшон хизматига мурид сифатида оқиб келабошлайди.
Зайналэшон қишлоғининг имоми, Қуръон ва Фикх илми бўйича таниқли уламолардан ҳисобланган Муҳаммаднур ўзининг катта ўғли – Гурбонмиротни Арали эшон пирга муридликка (сўфийликка) беради. У кўп йиллар пир тарбиясида бўлиб, пирга энг яқин ва иқтидорли муридлардан ҳисобланади ва ҳалққа Гурбон сўфи, сифатида танилади.
Гурбон сўфи ва унинг замондошларидан ривоят қилинишича Арали эшон пир, одатдагидай, тонг саҳарда муридлари билан таҳорат олгани чиқишади. Пир бирданига ўнг қўлидаги қумғон(обдаста)ни олдинга кўтариб: "Аллоҳ ўзинг мадад бергин унга” деганича олдинга бирнеча қадам босади.
Қумғонга урилган қорамилтиқнинг ҳали совиб ҳам улгурмаган ўқи ерга тушади. Пирнинг: "Аллоҳ сақлади, сал бўлмаса севимли муридимиздан жудо бўлаёздик”, деганида муридлари ҳеч нарсага тушинмасдан ҳайрон бўлиб қоладилар. Пир бўлса: "ИншаАллоҳ муридимиз келганидан кейин биларсизлар”, дейди.
Масала бундай бўлган экан. Пир икки ҳафта олдин ўз муриди ва қайин укаси Гурбон сўфини Марига бир зарур иш билан юборади. Мурид қайтиб келишда Хивага келаётган бир кичик карвон билан бирга қайтади.
Карвон Қорақумдаги 4-чи қудуққа келганида (Боғотдан 125-130 км) эрта тонгда қароқчиларнинг қўлига тушади. Қароқчилар буларни бирма бир отабошлайди. Отилиш навбати Гурбон сўфига келганида у: "Ё пирим Арали эшон, ўзинг мадад қил”, деб нола қилади. Милтиқ отилади, лекин унга (6-7 метрдан) ўқ тегмайди ва у қочади.
Қишлоққа етиб келганидан кейин бўлган воқеани айтиб беради. Ана шундан кейин муридлар пирнинг қумғонига теккан ўқнинг қаердан пайдо бўлганини, Гурбон сўфи эса ўзига ўқнинг нима сабабдан тегманига тушинади.
Бу ҳодиса шархга муҳтож, акс ҳолда шариат ва тариқатда саводли бўлган Гурбон сўфининг мададни Аллаҳдан эмас, ўз пири (шайхи)дан сўрагани ширк сифатида кўрилиши мумкин.
Ҳолиқ ўз махлуқларини тегишли инсинкт билан яратган. Инсон айниқса ёшроқ даврларида, кутилмаганда бирон нарсадан қаттиқ қўрқса, Она, Ота ёки бошқа бировнинг номини айтиб мадад сўрайди. Албатта, бу инсинкт орқали юзага келади.
Дин пешволарининг кўп асрлик сай-ҳаракатларига қарамай, ҳазрати Султон Увайс Қарани, шайх Юсуф Ҳамадоний, Аҳмад Яссавий, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд каби азиз авлиёлар орам топган жойларида ёки уларнинг қадамжоларида эътиқодли мусулмонларимизнинг кўпчилиги Аллоҳдан ўз ҳожатларини сўраганида беихтиёр азиз авлиёлар орқали (яни уларнинг номини айтиб) сўрайдилар. Шариат пешволари инсондаги бу инсктинтни ширк деб тушинмасликлари керак, менимча.
Бир ишни бошлаганда ёки бир мураккаблик сезганида, айниқса эски (бундан 50-60 йил олдинги) дурадгорлар: "Ё пирим Нух!”, қурувчи усталар: "Ё пирим Иброхим ҳалилуллоҳ!”, темирчи усталар: "Ё, пирим Довуд!”, деганларини кўпчилик билади.
Ҳозирги кунда ҳам бирон хаф-хатар юзага келганида эътиқодли мусулмонларимизнинг кўпчилиги беихтиёр: "Ё пирим Баҳоуддин Балогардон”, дейдилар.
Абдурахмон Жомийнинг” "Нафоат-ул-унс” асарида келтирилишича 18 ёшли Баҳуддин Нақшбанд ўз устози – шайх Бобои Самосий суҳбатидан файзиёб (сархуш) бўлиб Оллоҳга: "Ё Раб, бало юкини тортишга қувват бер, балогардонликни эҳсон қил менга”, деб дуо қилган эканлар.
Унинг бу дуоси пири Муҳаммад Бобои Самосийга аён бўлган экан. Ва унинг пири: "Эй Оллоҳим, унга (муридига) сўраганини бергин”, дея дуо қилган экан. Шу тариқа Баҳоуддин Нақшбандга балогардонлик имконияти (каромати) берилган экан.
Юқоридагилар Қуръони каримнинг 53-Ван-Нажм сураси, 26-ояти (...Магар Аллоҳ ўзи ҳоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун шафоатга, мададга изн берганидан кейингина у шафоат ёки мададнинг фойдаси тегур) ва қатор ҳадислар билан собитдир, десак хато бўлмас деб ишонамиз.
Айрим манбаларда Аллоҳ ўз бандаларининг дуосини шарофатли жой (Макка, Мадина, Қуддус ва бошқа жойларда ва азиз авлиёлар орам топган жой)ларда ва ҳабиб(анбиё ва авлиё)лари орқали тезроқ эшитиши ҳақида ҳам ривоятлар келтирилган.
Қиссадан ҳисса шуки, Гурбон сўфи "Эй пирим, мадад қил”, деб ёрдамни ўз пири (шайхи) орқали сўрагани, Аллоҳ эса унга мададни пири орқали кўрсатгани ширк эмас, демоқчимиз.
Яна асосий мавзу – Арали эшон ҳазратларининг кароматларига қайтсак.
Яна бир ривоятлар бўйича шу ерлик Баки Хорозмон (Бобоев Юсуф човдурнинг боболари) Қорақумдан саксавулни отаравага ортиб қайтаётганида (Қишлоққа 10-12 км қолганида) араванинг чап томони чуқурчага тушиб ўтади ва кўчар (арава ғилдирагининг ўқи) қарсиллаб синади. У бўлса: "Ё пирим Арали эшон, ўзинг ёрдам қил. Омон-эсон қишлоққа етиб борсам ушбу ўтиннинг ярмини масжидга садақа қиламан”, деб нола қилади.
Синган кўчар мутлоқа узилиб тушмай, ўнқир-чўнқир йўллардан ҳам ўтиб қишлоққа кириб келади. Вақт пешиндан ошганда ўтинли арава масжид тўғрисидан ҳам ўтабошлайди.
Шайтон вас-васасига кирган Баки Хорозмонга ўтиннинг ярмини масжидга садақа қилиш ёқмай қолади ва: "Ўтинни мен терсам, арава кўтарса, от тортиб келса, нимага масжидга берарканман”, деб кўнглидан ўтказади.
Масжиддан етти қадам ҳам ўтиб улгурмасдан, теп-текис йўлда араванинг ўқи синган жойидан узилиб тушади. Арава ўтин билан бирга ёнидаги ариққа ағнайди ва араванинг бошқа жойлари ҳам бўлак-бўлак бўлиб синиб кетади. Отнинг бўйни ва оёғи ҳам синади. Ўзи зўрға омон қолади.
Ўша пайт Арали эшон пир масжиддан чиқиб: "Мана, ўн чақирим(км)дан бери араванинг чап гупчаги (ўқи)дан кўтариб келаяпман. Қўлимни қара (пирнинг ўнг билаги кўкариб кетган бўлади). Сен бўлсанг, ваъдангда турмай номардлик қилдинг”, деб ичкарига кириб кетади.
Баки Хорозмон сидқидилдан Аллоҳга тавба қилиб, отини сўйиб масжидга ҳадя қилади. Ўтиннинг ҳаммасини, араванинг синиқларини ҳам қўшиб, масжидга топширади ва пирнинг оёғига йиқилиб узр сўрайди. Пир уни кечирганидан кейин, ўтин боғлаган ипини белига боғлаганича уйига равона бўлади. Пирнинг кўрсатмаси билан от гўштининг ва ўтиннинг бир қисми бошқа камбағаллар каби Баки Хорозмоннинг ҳам уйига етказилади.
Арали эшон ҳазратлари масжид атрофига полиз (қовун, тарвиз, қовоқ), сабзавот, мева, узум, жийда, ўрик, тут экдириб қўяр экан. Бева-бечора, етим-есир, ва зарурлар улардан еб дуолар қилиб кетар эканлар.
Ногохон, бир кун ўтаётган бир йўловчи полизга кириб битта қовунни сўйиб ейди ва у ёқ бу ёғига қараб ҳеч ким кўринмаганидан кейин, ҳар қўлтиғига битта қовунни олиб (ўғирлаб) йўлга равона бўлади.
Муридлар бу ҳақда пирга айтиб, ўғридан қовунларни олиб қолишга изн сўрашади. Пир эса: "Тегманглар, қовунларни ўзи келтириб беради, иншаАллоҳ”, деб муридларини қайтаради.
Ҳалиги йўловчи нариги қишлоққа етганида қовунларни сотмоқчи бўлади. Лекин қовунлар қўлтиғидан ҳеч тушмасмиш. Атрофига йиғилган одамлардан роса изза бўлибди ва бор воқеани айтиб беришга (ўғирлаганини бўйнига олишга) мажбур бўлади. Бу одамларнинг тавсияси билан қовунларни пирнинг олдига қайтариб олиб келади ва тавба қилиб кечирим сўрайди. Шундан кейингина қовунлар унинг қўлтиғидан тушган.
Шундан бирнеча асрлар ўтган бўлсада Арали эшон ҳазратларининг юқорида баён қилинган кароматлари ҳалқ ёдидан кўтарилмаган. 1990 йиллардан кейин бирнеча масжидлардан масжидга садақа сифатида келтирилган гилам, картошка, пиёз, идиш-тавоқлар ўғирланди. Бироқ Арали эшон номидаги масжиддан бирон нарса ўғирланмади.
2000 йилларда Арали эшон жомеъ масжидига Абдулла қори (Махсим бобо)нинг эвараси (човлиғи) Ҳасанбой имом эди. Қишлоқ фермери Қурбондурди Матёқубов ишлари ривожланганлиги шарофати билан ўз чорвасидан катта битта ҳўкизини сўйиб арали эшон масжидида садақа қилиб беради. Бу хайрия садақага "Туркманлик” маҳалласининг катта кўпчилик одамлари гуручми, товуқми, полизми каби ўз садақалари билан қўшилишади.
Садақа сифатида келтирилган нарсалар пишириб одамларга едирилади. Қолганлари эса бева-бечораларга тарқатилади. Бу ишларнинг бошида Абдулла қорининг набираси, "Туркманлик” қишлоғининг кайваниси (маслаҳатгўйи) бўлган Азиза момо туради.
Тадбир (садақа)нинг охирига қараб, садақа сифатида келтирилган ва шу ерда сўйиб артилган товуқлардан 2 таси ғойиб бўлади. Бу ҳақда Азиза момо ўз жияни – имом Ҳасанбойга маълум қилади. Ҳасанбой бўлса: "Ҳеч кимнинг сумкасини титманглар. Фақат бундан бирнеча аср аввал Арали эшон масжидидан қовун ўғирлаган одам ҳақидаги тафсилотни сўзлаб беринглар”, деб маслаҳат беради.
Имом маслаҳати бўйича қовун ўғриси ҳақидаги ривоятни айтиб беришади. Бироқ биронта одам, мен олгандим, демайди. Садақа тугаб ҳаммалар сумкаларини кўтарганларича бир-бир кетабошлашади. "Янги қадам” маҳалласидан келган, ўғри ва муттаҳамликда танилган "Ж.....” исмли бир аёл кетаётиб қўлига сумкасини олса қўли қалтираб сумкаси ҳа деб ерга тушиб кетаверармиш. Натижада ҳамманинг нигохи унга тикилган. "Ж” исмли аёл бўлса уялганидан: ”Бу менинг сумкам эмас экан. Менинг сумкамни бошқа биров олиб кетганга ўхшайди”, деб сумкасини қолдириб ўзи кетади.
У кетганидан кейин сумкасини очиб қарашса йўқолган товуқлар унинг сумкасида экан. Шундан сал кам 15 йил ўтган бўлса, "Ж” исмли аёл, таклиф қилинсада Арали эшон масжидига бораолмас экан. Сабабини сўрашса: "Арали эшон масжидига боришни ният қилган захотим оёқларимнинг жони қочиб, қўлим қалтирай бошлайди”, дер экан.
Арали эшон шарофати билан Зайналэшон (ҳозирги "Туркманлик) маҳалласи гуркираб ривожланади. Йўмитлар босқини тўхтайди. Бироқ Йўмитларнинг бошқа ҳудудларга ҳужуми давом қилади. Шу боис Хива хони илтимосига биноан Арали эшон оиласи билан Йўмитларнинг асосий қисми яшаётган Дошўғизнинг "Хон қалъаси” деб аталадиган қишлоғига, эндигина хатна қилинган ўғли – Муҳаммадберди ва рафиқасини олиб кўчиб кетади.
Аввалги Зайналэшон, ҳозирги "Туркманлик” маҳалласи аҳлининг катта кўпчилиги Махтимқули наслидан бўлмиш Худайбердихон, кароматлари зохир бўлувчи авлиё – Арали эшон ва шунингдек Аваз хўжа ва Абдулла қори (Махсим бобо) каби улуғ зотларнинг набиралари, жиянлари ва яқинлари ҳисобланади.
Дошўғизда Арали эшоннинг яна 4 ўғли ва бир қизи туғилади. Унинг катта ўғли Муҳаммадберди эшонга Арали эшоннинг биринчи муриди ва қайин укаси, Гурбон сўфининг катта қизи – Гулжамолни келин қилишади. Бу жараёнда Арали эшоннинг рафиқаси Оннажамол: "Ўзимнинг жияним турганда бошқани келин қилмайман”, деб қаттиқ туради.
Дошўғизнинг Хон қалъасида Муҳамадбарди эшон ва Гулжамолдан, Али эшон ва бошқалар, Али эшондан – Имомаддин эшон ва бошқалар дунёга келади. Имомаддин эшондан Нажмиддин эшон (1948 йилда туғилган) ва унинг авлодлари ҳозир ҳам ҳаёт ва Туркманистоннинг Дошўғиз вилоятида умргузонлик қилмоқдалар.
Арали эшон ва унинг авлодларига Хива хонлари алоҳида илтифот кўрсатганлар. Диний ва давлат ишларида улардан маслаҳат сўраганлар. Даҳрий(Совет)лар ҳукмронлиги даврида хўжа ва эшонлар расмийлар эътиборидан четроқда қолган бўлсаларда, ҳалқнинг ҳурмат эътиборида бўлганлар.
Даҳрийлар тузуми йиқилиб (1991) Туркманистон ҳам ҳурриятни қўлга киритганидан кейин Арали эшон авлодига эътибор кескин яхшиланади. Туркманистон раҳбарияти – Сапармирот Туркманбоши (Ниёзов) ва Гурбонгули Бердимухаммедовлар Арали эшон авлодлари (Нажмиддин эшон ва бошқалар)ни Туркманистон оқсоқоллар кенгашига аъзо қилиб, улар маслаҳатига қулоқ тутишади.
Арали эшон оиласи билан Дошўғизга кўчиб кетганидан кейин унинг Боғотдаги ишини унинг иқтидорли муриди ва қайин укаси Гурбон сўфи давом этдиради. Гурбон сўфидан битта қиз (Гулжамол-1838-1911), ва иккита ўғил: Абамирот (1840-1909), ва Сахатмирот (1843-1919) дунёга келади.
Абамирот асосан деҳқончилик билан шуғулланади. Деҳқончилик илмини амакиси Карим дейхондан олади.
Абамирот нафақат уста деҳқон, ва шунингдек жасур ва полвон сифатида ҳам ном чиқаради. Қишлоқлар ва ўбалар орасида тез-тез бўлиб турадиган жанжал (таёқлашма)ларда ҳам олдинги сафларда юради. Жанжални сотиб олиши, кураш тушганида елкаси ерга тушмаслиги учун у "Аба пишик (мушук)”, деган лақаб олади.
У амакиватчаси(Ортиқ)нинг тўнғич қизи(Эжагиз)га уйланади. Булардан икки фарзанд: Аманмирот (1889-1921) ва Хасанмирот (1891-1988)лар дунёга келади.
Аманмирот баланд бўйли, хушсурат ва илмли одам бўлган. Қон даъвосида бўлган Оғавойлар уни зиёфатда, Қуръон ўқиб бераётганида болтача билан бошига уриб шаҳид қилишган. Аманмиротнинг қўлидаги қонга беланган Қуръони карим 1940 йилларгача укаси(Хасанмирот)да авайлаб сақланган.
* *
*
(Давоми кейинги сонида)