II – Боб
Олимнинг туғилиши ва ёшлиги
Большевиклар(И.Сталин)нинг синфий душмани сифатида кўриладиган Хасанмирот Абамирот ўғли (сурат-9) ва Тозагул Абдукарим қизи (сурат-10), доимо ҳадик билан яшашади.
Чунки 1940 йилларгача давом қилган "ҳалқ душманлари”ни овлаш бутунлай йўқолмаган эди. Тракторга сўкди, самолётга сўкди, кабилар билан қишлоқдан анча-мунча одамларнинг қамалганига кўпам бўлмаган эди.
Сурат-9. Хасанмирот Абамирот
ўғли
Хасанмиротни оддий бир қора ишга зўрға олишади. Тозагулни эса колхоз(большевик)нинг синфий душмани бўлган бойнинг қизи бўлгани учун колхозга қора ишгада олишмайди.
Булар НКВДнинг назоратида бўлганлари учун ибодат (намоз, рўза)нида яширин қилишади.
1948 йилнинг баҳорида Хасанмирот ва Тозагул ўғил кўришади ва унга катта умидлар билан, она томонидан узоқ бобоси – Муҳаммад ал-Хоразмийнинг номини қўйишни ният қилишади.
Лекин "Муҳаммад” деб ном қўйишга турли фикрлар билдирилади:
Қишлоқ бригадири Худойберди Авазов, 2-жаҳон уруш ногирони, колхозда бош ҳисобчи бўлиб ишлаётган Тўра Ўдаковлар: "Бу ном диний ном сифатида аввало сизларга, кейинчалик ўзигада катта зиён келтириши мумкин. Яхшиси унга Маркс, Вилен (Владимир Ильич Ленин), Октябрь, Мэлс (Маркс, Эенгельс, Ленин, Сталин) Мир (тинчлик) каби номлар қўйинглар”, деб маслаҳат беришади.
Олдинроққа кетиб айтиладиган бўлса, уларнинг гапида жон бор эди. Шундай ном билан аталган одамларга бундай номларнинг фойдаси теккан. Масалан, Советлар даврида район ва вилоят даражасидаги раҳбар, истиқлол даврида Хоразм ҳокими ва мамлакат қишлоқ ва сув хўжалиги вазири бўлиб ишлаган Маркс Жуманиёзов, 1990 йилда Москвадаги меҳмонхонада маст ҳолда, маиший муаммо чиқариб КПСС МК секретарлари Горбачев ва Лигачевларнинг ғазабли назарига тушган бўлсада, номи Маркс бўлганлиги учун, унга партиявий чора кўрилмайди.
Қишлоқда "Махсим бобо”, деб танилган (сурат-11), Хоразмдаги таниқли уламолардан бири бўлган Абдулла қори: "Сизлар айтган атеист(Худосиз)лар номини қўйманглар. Аввало атеистларнинг умри кўпга бормағай иншаАллоҳ. Қолаверса Пайғамбаримиз номимни фарзандларингизга қўйинглар, бунда баракотлар бор, деганлар.
Кейинчалик зарурат бўлса уни "Ахмад” деб чақираверасизлар. "Муҳаммад”, "Ахмад” бир ўзакдан чиққан бўлиб, Аллоҳга кўп ва хўб ҳамду сано (зикр) айтгувчи, деган маънога эга. Пайғамбаримиз ҳам Ахмад, Муҳаммад, Амин, Тоха каби номлар билан аталган.
Келинг, ота-онасининг муродини қилиб "Муҳаммад”, деб ном берайлик. Расулиллоҳнинг ва бобокалони Муҳаммад Хоразмийнинг рухи поклари қўллар буни иншаАллоҳ”, деб таклиф қилади Махсим бобо.
Бу таклиф кўпчиликка маъқул бўлади ва Махсим бобо Муҳаммаднинг қулоғига азон айтади ва "Муҳаммад (САВ) алейҳиссалом унинг шафоатчиси бўлғай. Бобокалони Муҳаммад Хоразмийнинг рухи қўллағай”, деб дуо қилади.
Муҳаммадга Махсим бобонинг меҳри "Бу бизнинг маънавий ўғлимиз”, деб айрича бўлади. Онаси бўлса уни доимо: "Бобомжон” деб чақиради.
Муҳаммаднинг отаси Хасанмирот, эрта тонгдан кеч қоронғигача далада, энг оғир ишларда тер тўкиб меҳнат қилгани билан на пул, нада озиқ овқат учун ғалла олиб келади. Чунки колхоз асаосан пахта етиштиради ва пахта хом ашёси тўлалигича давлатга топширилади.
Урушдан кейинги очарчилик йилларининг охирги даврлари бўлган 1950 йилнинг бошларида қишлоқ аҳли колхозда фақат "Меҳнат куни” деб аталмиш кўзга кўринмас нарса учун ишлайди.
Бу даврда қишлоқ аҳли ўз томорқасида етиштирган ғалла, тухум, ёғ, сабзавот ва мева кабилар ҳисобига кун кўради. Хасанмиротлар оиласи янги ва камбағал эканлиги боис буларда мол, товуқ, қўй каби маҳсулот берадиган ҳайвонлар йўқ.
Озгина томорқасида эса ғалла, сабзавот, полиз каби маҳсулотлар етиштиришади. Томорқа кичкина эканлиги боис, бу ерда етиштирилган нарсалар ҳам бирнеча ойга зўрға етади.
Бу оиланинг бошқа пайтдаги асосий овқати пиёва (пиёз, сабзи, қуритилган ўрикдан таёрланган шўрва), буламоқ (кепак ва жўхори унининг сувда қайнатилгани), патрак (кепак ва пиёз аралашмасидан таёрланган ва нон ўрнида ейиладиган нарса), зоғора (жўхори унидан қилинган диаметри 7-10 см, қалинлиги 4-5 см, нон каби тандирга ёпиладиган нарса) кабилардан иборат.
Сурат-10. Тозагул Абдукарим қизи
Муҳаммаднинг онаси бадавлат ва диндор одамнинг фарзанди эканлиги боис, уни колхозга олишмайди. Буниг устига ўғли Мухаммадни қарайдиган одам ҳам йўқ. Уйнинг ойна-эшиклари ночор эканлиги ва уйнинг захлиги сабаб Мухаммад тез-тез шамоллар, томоғи оғриб иситмаси кўтариларди. Бундай пайтларда онаси Мухаммадни узоғроқ қўшниси бўлмиш Абдулла қори (Махсим бобо)никига обориб унга дам солдириб келади.
* *
*
Абдулла қори (сурат-11) 1871 йилда ҳозирги Хоразм вилояти "Хўжалик” қишлоғининг "Туркманлик” маҳалласида, тақвадор одамлар оиласида таваллуд топган. Қишлоқ аҳли уни кўпинча "Махсим бобо” деб аташади. Унинг отаси Оташ (Отамирот)қори ниҳоятда илмли одам бўлганлиги учун Хива хонлигида шариат пешвоси (қози) бўлган.
Абдулла қори Хивадаги Полвон пир мадрасасида таҳсил олган. Ўша давр қорилари – Сапо қори, Мулла Юсуф махсим, Нурилла қори, Мулла Оташ (Отаниёз) охун (Комилжон Отаниёзовнинг отаси)ларнинг тан олишича, Абдулла қори Хива хонлиги худудида энг кучли қорилардан бири экан.
Ҳатто ҳаётининг охирги йиллари ҳам ниҳоятда кекса ва касалманд бўлишига қарамай Қуръони каримни ҳар ҳафтада хатм қиларди. Ривоятларга қараганда у киши Қуръони каримни бирнеча минг марта хатм қилган.
Айтишларига қараганда Абдулла қорининг тасаввуф (сўфийлик) илмидан ҳам хабари бўлган. Шу боис бўлса керак унинг кароматлари ҳам зоҳир бўлар экан.
Сталин қатағони йилларида большевиклар ҳамма ердаги каби, бу қишлоқдаги эшон, мулла, қориларни қамар, отиб ташлар эдилар.
1938 йилнинг қишида, НКВД ходимлари келиб Абдулла қори (Махсим бобо)ни ҳам олиб кетишадиган бўлишади. У бир дуони ўқиган экан, улар нимага келишганини эсидан чиқаришиб қайтиб кетишади.
Орадан бирнеча ой ўтганидан кейин (бу пайтда қишлоқда Абдулла қоридан бошқа Ислом бўйича биронта ҳам зиёли одам қолмаган) НКВД ходимлари яна келишади ва Абдулла қори намоз ўқиб ўтирган пайтида, уни ҳақоратлаганларича судраб олиб чиқишади. Қори бобони судраб олиб чиқишганларида у тўнининг бир енгини кийиб ҳам улгурмаган бўлади. Лабларида аллақандай дуони шошганича ўқиётгани билиниб туради.
Барзангидай 2-3 НКВД большовойлари унинг икки қўлини орқасига қайириб сўкиб итариб боришади. Қори бобо дуони ўқиб тугатган захоти улар бобони қўйиб юборишиб, бир нарсадан қаттиқ қўрқанндай, йиқила-тура қочабошлашади.
Бу ердаги ҳозир бўлган ҳалойиқ – Худойберди Авазов, Азиза Кенжаева, Қоқожон Сопоровлар ҳайратдан ёқа ушлашади. Қори бобо бўлса тўнининг иккинчи енгини ҳам кияётиб: "ИншаАллоҳ булар бошқа келаолмаслар”, деб ҳалойиқни тинчлантиради.
1944 йили Махсим бобонинг куёви – Барди акани ҳам армия (уруш)га чақиришади. Бу даврда, ҳамма эркаклар урушга кетган бўлиб, бутун бошли қишлоқда маҳалла корига ярайдиган фақат Барди ака қолган бўлади. Шу боис бу хабар қишлоқ аҳлини хафа қилади ва улар бу масалада Махсим бободан ёрдам сўрашади.
Қори бобо ҳамманинг кўз олдида қайси бир дуони ўқиб Барди аканинг кўзига дам солади ва: "Военкоминга боравер, сени армияга юбораолмайди”, дейди. Армияга юбориш учун иккита қизилтаёқ (дружиначи) Барди акани Хонқа военкомига оборишади.
Барди акани кўрган военком: "Ие, бу кўр-ку! Буни етаклаб юришга ҳам бир одам керак”, деб уни оборган дружиначиларни жеркиб беради. Шу тариқа Барди ака армияга кетмасдан қишлоққа қайтиб келади.
Хасанмиротларнинг уйида эшак қўшиладиган хороз ёки қўл тегирмони бўлмагани боис, томорқасида етиштирилган озроқ буғдойни ун қилиш учун унинг рафиқаси - Тозагул 4-5 кг буғдойни ва 3 яшар Муҳаммадни кўтариб, узоқроқ қўшниси Абдулла қориларникига боради. Бу хонадонда Абдулла қори, унинг қизлари - Уллижон ва Ўғилжон опалар ва куёви Барди ака Хўжабоевлар истиқомат қилишади.
Муҳаммаднинг онаси нафақат ўз буғдойини, ва шунингдек қишлоқдаги бошқа қарияларнинг ҳам буғдойини тегирмонда чиқариб беради. Улар эса унга бир-икки ховуч ун беришиб, ўғлинга ҳа деб патрак беравермасдан, нон ҳам ёпиб бер, дейишади.
3 яшар Мухаммад эса тегирмоннинг тагида ўралашиб онасига ҳалақит берабошлайди. Улли момо Мухаммадни Махсим бобонинг олдига обориб: "Мана сизга дастёр, хассангизни, калишингизни топиб беради”, деб унинг олдида қолдиради. Кўзи ожиз бўлиб қолган Махсим бобога бу жуда маъқул келади.
Шу тариқа Мухаммаднинг онаси куни бўйи қўл тегирмонда қишлоқ аҳлининг буғдойини, жўхорисини чиқариб, уларнинг дуоси билан бирга 3-4 ховуч ун ва кепак ҳам олиб кетади уйига.
Муҳаммад эса Махсим бобонинг олдида унинг калишини, хассасини чойнак-пиёласини топиб бериш каби хизматларини қилиш билан бирга Қори бобонинг Қуръон тиловатини эшитади ва тиловат узоқ чўзилган пайтлари ўтирган жойида ухлаб ҳам қолади. Махсим бобонинг кўзи кўрмаганлигидан, аҳён-аҳёнда: "Ўғлим тинглаяпсанми”, деб қўядилар. Бундай пайтда Мухаммад сесканиб кўзини очар ва: "Ҳа бобо, тинглаяпман”, деб сергак тортади.
Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмас, Мухаммад нафақат Махсим бобо қайта-қайта такрорлайдиган Қурони карим сура ва оятларини ёд олиб улгурган, ҳатто Махсим бобо пешин ва аср намозларини ўқиса Мухаммад ҳам орқада туриб Махсим бобо қиёмга турса у ҳам қиёмга турар, руку қилса руку қилар, саждага борса саждага борарди.
Махсим бобонинг кўзи ожизлиги сабаб Мухаммаднинг "ўқиётган намозларини” кўрмасди. Бир куни булар намоз ўқиётганларида ярим очиқ қолган эшикдан буларнинг ўқиётган намозини Улли момо кўриб қолади ва Муҳаммаднинг иштонсиз намоз ўқиётганини отаси (Махсим бобо)га кулиб-кулиб айтиб беради.
Махсим бобо: "Зарари йўқ, авратини иштон кийдириб ёки куртанинг этагини узайтириб бекитамиз. Шунда намознинг ташқаридаги 6 шарти ҳам бажарилиб намоз фасод бўлмайди”, деб кулиб қўяди.
Шундан кейин Махсим бобо таҳорат олаётган пайтида Муҳаммадни ҳам ўзи билан олиб бориб, унгада таҳорат олишни ўргатабошлайди. Мухаммад қўлини, юзини, оёғини ювишни дарров ўрганди. Лекин бурнига сув кирита олмай қийналади.
Сувни оғзига олиб ғар-ғара қилишда сувни ерга ташлай олмай ичиб юборади. Бундан эса Махсим бобо завқланиб кулади. Агар оғзини 3 марта чайса Мухаммаднинг қорни сувга тўлиб қолиши учун унга оғзини бир марта чайишга рухсат беради.
Махсим бобони ҳайратда қолдирган нарса шу бўлдики, Муҳаммад бир ҳафта ичида азон, такбир, фотиха сураси, қатор зам суралар, қўйингки, намозда овоз чиқариб ўқиладиган барча сураю-оятларни ёдлаб улгурган.
Сурат-11. Абдулла қори (Махсим бобо)
Шундан кейин Махсим бобо Муҳаммад ўрганиши учун, намоздаги бошқа дуою-сўзларни ҳам овоз чиқариб ўқийбошлайди. Кўп ҳам ўтмай устоз ва мурид намозларни бирга ўқийдиган бўлишади.
Муҳаммаднинг онаси тегирмон тортиб бўлгач, кечқурун Муҳаммадни уйига олиб кетишда Махсим бобо аллақандай дуоларни ўқиб Мухаммадга дам солар ва: "Қизим Мухаммадни эртага ҳам ўзинг билан бирга олиб келгин, у бизга мурид бўлган” деб тайинларди.
Шу йўсинда, Муҳаммад онаси билан Махсим бобонинг олдига деярли ҳар куни келар, Қори бобо билан пешин, аср яна аллақандай (нафл - тариқат намозлари бўлса керак) намозларни бирга ўқир, Махсим бобо Қуръон тиловат қилганида Мухаммад миқ этмай ўтириб тинглар ва ёд оларди.
Муҳаммад уйига келганидан кейин отасига қандай таҳорат олишни, азон ва такбир айтишни кўрсатар, ота-онаси бундан завқланиб кулар, уни махтаб эркалар эди.
Хасанмирот кўнгли ва қўли очиқ – дастурхонли одам бўлганлиги учун уларнинг уйи меҳмонсиз бўлмайди. Уйларига нечта меҳмон келса отасининг кўрсатмаси асосида Муҳаммад уларга намоз ўқишни кўрсатар, улар эса: "Туф-туф!” дейишиб, Муҳаммадни ўпиб унга қойил қолишар ва совғалар беришади. Ҳатто айрим пайтларда узоқдан келган қариндошларнинг илтимоси бўйича отаси Муҳаммадни ярим кечада ҳам ўйғотиб намоз ўқитишарди.
Махсим бобо Мухаммаддаги фавқулотда кам учрайдиган қобилиятни кўриб унга Қуръони каримни ёдлашни ўргатабошлади. Махсим бобо Қуръон оятларини овоз чиқариб ўқир, Мухаммад уни такрорлар эди ва 1951 йилнинг охирларига келиб Мухаммад (3 ёшли мурид) намозлардан ташқари, Қуръони каримнинг анчагина сура ва оятларини ёдлаб улгурди.
Агар пири (Махсим бобо) олдига бирон сабаб 3-4 кун борилмай қолса, Муҳаммад йиғлаб хархаша қилар, онаси бўлмаса бошқа бир одам билан бўлсада Қори бобонинг олдига борарди.
Агар Муҳаммад бир ҳафта-ўн кун бирон жиддий сабаб (Муҳаммаднинг тез-тез томоғи оғириб турарди) Қори бобонинг олдига бормаса, Махсим бобонинг ўзи уни излай бошларди.
Муҳаммад Махсим бобонинг олдига бораолмаган кунлари, уйида иккита (чой ва қозон) ўчоқ орасида ўтириб, кўзларини юмганича, намознинг оят ва дуоларини ва яқинда ёдлаган Қуръон оятларини, (уйига ким киргани ва ким чиққанигада, отасининг чаккаларидан ўпишигада эътибор бермай) баланд овозда тиловат қилиб ўтирар ва шу ерда ухлаб ҳам қоларди.
Шу тариқа, Пир (Махсим бобо) ва мурид (Муҳаммад) икки йилдан ортиғроқ тез-тез учрашадиган, намоз ўқиб, Қуръон тиловат қиладиган бўлишди. 1952 йилга келиб устоз ва шогирд Қуръони каримни бирнеча марта (бошдан охиригача ўқиб) хатм қилишди. Бу даврга келиб Муҳаммад Қуръони каримнинг кўпгина сура ва оятларини ёд билар, тили ҳам араб талафузига келиб қолган бўлади.
Малумки, 1942 йилгача айниқса, Ислом динига қаттиқ таъзийқ бўлган. 1943 йилда эса бу таъзийқ қуйидаги ҳодиса сабаб анча юмшайди.
Гитлерчи фашистлар 1942 йили Москва остонасига келиб қолишади. Ҳатто Сталинга яқин бўлган айрим ҳарбий қўмондон ва сиёсий раҳбарлар Москвани тарк қилишга маслаҳат беришади.
Уларнинг маслаҳати Сталинга жуда оғир ботиб, кечаси узоқ вақт ухлай олмай ётади ва: Эй Худойим Ийсо масих, ўзинг йўл кўрсат”, деб такрорлаганича кўзи уйқуга кетади.
Ўша кечаси тушига битта рухоний кириб: "Матвей-7:7” деган ёзувга ишора қилади ва ғойиб бўлади. Сталин ёшлигида Тибилиси диний гимназияда ўқигани боис бунинг маъносини тушинади ва Инжилнинг ўша оятини очиб ўқиса: "Аллохдан сўрашда (дуоада) давом қилинг – оласиз”, деб ёзилган бўлади.
Эртасига Сталин махфий равишда ўша даврда кўзга кўринган хрестиан ва яхудий уломаларни олдига чақириб: "Худоларингиз Ийсо масих ва Мусога дуо қилиб сўранглар, Москвани фашистлар балосидан сақлаб қолишни", деб илтимос қилади.
Улар эса: "Биз ҳам дуо қиламиз албатта. Лекин Ислом уламолари, айниқса Бобхон эшон ҳазратлари дуо қилса самаралироқ бўларди. Чунки Ислом Аллоҳнинг кейинги ва ривождаги дини”, дейишади.
Бу пайтда Бобохон эшон ибн Абдулмажидхон (12-сурат) ва унинг ўғли Зиёвуддинхон (13-сурат) Сталин қатоғони асосида НКВД терговчиси полковник Мусин буйруғи бўйича қамоқда сақланаётган бўлади. Бобохон эшонни махсус поезд ва қўриқчилар билан махфий равишда Сталиннинг олдига жўнатишади. Сталин Бобохон эшонни очиқ чехра билан кутиб олади ва фашизм балосини даф қилиш учун дуо қилишларини илтимос қилади.
Бобохон эшон, ҳозирда қамоқда бўлган бирнеча ислом уломоларини қамоқдан чиқаришни, шунда ҳаммалари бирлашиб, Қуръоннинг тегишли сураю оятларини ўқиб дуо қилишларини айтади. Барча уломалар зудлик билан қамоқлардан чиқарилиб Тошкентга етказилади.
Бобохон эшон бошлиқ Ислом уламолари Қуръоннинг тегишли сура-ю оятларини ўқиб дуо қилабошлайдилар. Кўп ўтмай фашистлар армияси инқирозга юз тутади. Сталинградда, Москва останаларида немислар бирин-кетин катта талофат кўриб чекинабошлайдилар.
Кўп ўтмай Сталин махфий равишда Бобохон эшон бошлиқ уломаларни Кремлга чақиртириб: "Мен сизларнинг дуоларингиз ижобат бўлишига ишондим. Тиланг тилакларингизни. Бироқ дуо қилишда давом қилинглар, токи фашистлар узил-кесил тор мор бўлсин”, деб илтимос қилади.
Шунда Бобохон эшон, Исломга йўл берилишини ва Ўрта Осиё мусулмонлари учун бир диний ташкилот тузишга рухсат олади. Сталин рухсати билан 1943 йилда Тошкентда Ўрта Осиё мусулмонлари дин идораси ташкил қилинади ва унга раис (муфтий) қилиб Бобохон эшон, маъсул котиб қилиб – Зиёвуддинхон тайинланади.
Советлар даврида, биринчи марта, 1945 йили Бобохон эшон бошлиқ СССР мусулмонларининг биринчи гурухи ҳажга боришган ва уларни Саудия Арабистони подшоси Абдулазиз ибн Сауд Маккада қарши олган.
Сурат-13. Зиёвуддинхон эшон
1950 йилларга келиб Исломга бўлган таъзийқ анча юмшайди. Бироқ Сталин қатағони сабаб Ислом бўйича саводли одамлар деярли қолмаган бўлади. Битта-яримта борлари ҳам большевиклардан қўрққанларидан бўй кўрсатишмайди.
Шу ҳам сабаб, ҳамда Муҳаммад жуда ёш эканлиги учун коммунистлар уни жазога торта олмасликларини ҳисобга олиб, қишлоқ аҳлининг Исломга, айниқса намоз ўқишга бўлган талабини қондириш учун Абдулла қори ўз муриди – Муҳаммадни мударрис бўлишга даъват этади.
Шу тариқа 4 ёшли Муҳаммад ҳафтасига 3-4 кун намоз ўқиш қоидалари, намозларда ўқиладиган сура, оят ва дуолар бўйича Анажон опа, Ойша опа, Жумагул опа каби 10-15 та "Туркманлик” қишлоғи аёлларига дарс ўта бошлайди.
Мударрис (устоз) сифатида уйнинг тўрида ўтирган, атига 4 ёшли, курта кийган болакай, онаси ва момоси тенги келадиган 40 – 50 ёшли аёл(мурид)ларга сабоқ бераётганини бир кўз олдингизга келтиринг!
Бу 40-50 ёшли мурид(аёл)лар биров сўрамасада ҳар дарсга келганида, қуруқ келишмас, айримлари 1-2 та тухум, айримлари 1-2 зоғора, айримлари эса 1-2 ховуч мош ёки гуруч кўтариб келишади.
Шу тариқа, оиланинг 3 та аъзоси ҳам: отаси – колхозда, онаси – тегирмон тортиб, Муҳаммад – мударрис (ўқитувчи) сифатида оила тирикчилигига ўз ҳиссаларини қўшиб туришади. Бироқ 4 ёшли Муҳаммаднинг топгани отаси ва онасиникидан ҳам бирнеча баравар ошиқ бўлади. Шу боис отаси Хасанмирот: "Менинг ўғлим, аввало Худо қолаверса Махсим бобо шарофати билан 3-4 ёшлигидан оила боқишни бошлаган. Шу ўғлимдан умидимиз катта”, деб юради.
1953 йилнинг қишида Махсим бобо оғир бетоб бўлиб қолади. Муҳаммадни чақиртириб: "Ўғлим Аллоҳни бир, Исломни ҳақ деб, Қуръони карим(унинг оятлари)ни ёдингдан қўймасанг иншаАллоҳ комил инсон бўларсан” деб унга оқ фотиҳа бериб пешонасидан ўпади ва паст овозда: "Рози бўл ўғлим” дейди.
Маҳсим бобо умрининг охирги кунлари қариндошларини олдига чақириб: -Мен оламдан ўтсам, жанозамни ўқиш (Янгиариқда) Ших ёпдан ўзимнинг шогирдим Мулла Юсуп маҳсимга насиб қилади, шунинг учун бошқаларга ўқитамиз деб овора бўлмагнлар, дейди. Улар ўзича: -Бобо айтган мулланинг уйи бир кунлик йўл бўлса, бунинг устига бобо оламдан ўтган пайтда подачи Маҳсим Худо билсин қаерларда мол боқиб юради, деб бобониг гапига унча эътибор қилишмайди.
Жанозага Боғотнинг бутун қори ва уломалари тўпланишиб, жанозани энг илимли охун ўқийдиган бўлади. Шу пайт мол боқар кийимидаги бир киши: -Мени афу этиинглар, жанозани ўқишни устозимнинг рух поклари менга топширган дейди. Бу Маҳсим бобо башорат (каромат) қилган мол боқар мулла Юсуп маҳсим эди . .
Маҳсим бобо вафотидан кейин Муҳаммад қаттиқ касил бўлиб бир неча кун ўзини билмай алаҳсираб ётди. Хатто Анна дўхтир: "Энди ундан умид кам, таёргаликларингизни кўраверинглар” дейди. Бир фолбин Муҳаммад тўғрисидаги тафсилотларни эшитиб, кейин пол қарайди ва: "Бу илми(устози)ни йўқотиб, илимсираб қолган, унга Қуръон ўқитиб туринглар, бироз ўзига келгандан кейин эса уни эшонларга нарз қилинглар”, деб маслаҳат беради.
Бир неча кундан кейин Муҳаммадни онаси "Иморат бобо”даги эшонларга олиб борди. Бу ердаги эшонлар жамоасининг каттаси бўлмиш Ҳайдар хўжа: "Фолбиннинг гапида жон бор. Унинг устози вафот қилиб илмсираб қолган. Бизнинг ичимизда Қуръон илмида раҳматлик Абдулла қорига тенг келадиганимиз йўқ. Отамиз Усмон эшон бўлганида ҳам бошқа гап эди. Муҳаммадни дунёвий илм – мактабга қизиқтиринглар”, деб маслаҳат беради.
Лекин Муҳаммад, бу улуғ инсон – биринчи устози, Маҳсим бобони қалбида, юрагида доим эъзозлаб юради. 20-чи асрнинг охирларига келиб (Махсим бобо вафотидан салкам ярим аср ўтиб), унинг қиёфасини, яхши ишларию одатларини яхши биладиган одамларнинг кўпчилиги оламдан ўтиб, қолганлари ҳам кексайиб боради. Бунинг устига ундан биронта сурат қолмаган. Шу боис келажак авлодга унинг сиймосини қолдириш мақсадида, 1998 йилда, унинг суратини ясатишга киришади. Бу хайрли ишни иқтидорли мусаввир Ибодулла Абдуллаев ўз зиммасига олди.
Рамазон ойида, тарових номозига қишлоқнинг барча катта-кичига йиғилишидан фойдаланиб, Маҳсим бобониг барча набираларини келтириб, буларнинг қайси бири бобосига кўпроқ ўхшаши, яна қайси бирларининг қайси шакли унга ўхшашроғи масалалари асосида, Муҳаммад - меъмор, Ибодулла – мусаввир бўлиб, икаласи Махсим бобонинг суратини яратишга киришадилар.
Махсим бобони кўрган-билан одамларга бу суратни кўрсатиб, кам-кўстини тўғирлаб боришади. Ниҳоят бу сурат 18 марта қайта ишлангандан кейин барча бир овоздан: "Худди ўзи бўлибди” дейишди. Шу тариқа, муҳтарам Абдулла қори (Махсим бобо)нинг шакли-шамоили акс этган (11-сурат) сурат дунё юзини кўради.
Муҳаммад ҳар жума куни пиру-устоз, авлод-аждодлри ҳаққига Қуръон тиловат қилиш учун қабристонни зиёрат қилишга одатланган (сурат-14). Муҳаммад бунда устози - раҳматлик Абдулла қори қабрини ҳам зиёрат қилади. Унинг қабри йилдан-йилга эскириб бузилиб борарди. Маҳсим бобонинг қариндошлари ва набираларига уни қайтатдан қуриш кераклиги тўғрисидаги Муҳаммаднинг йиллаб берган
маслаҳатлари эътиборсиз қоларди.
Сурат-14. "Ширвали бобо” қабристонида ўтганлар рухига дуо қилиб - Хоразм-2002.
1988 йилнинг хотира кунида Маҳсим бобо қабри устида Қуръон тиловат қилоятганида Махсим бобонинг эвараси, Солияжон Ҳасонова дуога қўшилиб ўтириб, беихтиёр йиғлаб юборади ва: "Ноҳатки бобомизнинг қабри яқин йилларда бузилиб (эскириб) йўқ бўлиб кетса” деб нола қилади.
Шу куниёқ Муҳаммад "Туркманлик” маҳалласида элатком бўлиб юрган Маҳсим бобонинг яна бир набираси - Дурди Хўжабоев, шу маҳалланинг эътиборли кишиларидан Қоқажон ака Сапоров, Сапорбой Бектурдиевларни йиғиб Маҳсим бобонинг қабрини янгидан солиш ғоясини ўргата ташлайди.
Уларнинг айримлари ҳозирда унинг учун зарур бўлган қурилиш матеарлари йўқлингани баҳона қилган бўлса, айримлари ундай улуғ одамлар қабрини таъмирлаш гунох деб баҳона кўрсатишади.
Бу қабрни янгидан қуриш учун кетадиган пишган ғишт ва цеметни Муҳаммад ўз уйидан обориб, ундан келадиган гунохини ҳам бўйнига олиб, Сапорбой Бектурдиев билан ишни бошлаб юборади. Шундан кейин Дурди, Жуманазар каби маҳалланинг фоаллари ҳам ёрдамга келабошлайдилар. Қисқа вақт ичида Маҳсим бобо (Абдулла қори)нинг қабри "Ширвали бобо” қабристонидаги энг маҳобатли қабрга айланади (сурат-14). Муҳаммад ўзининг бу саҳоватини, Ҳазрати Навоийнинг:
Кимки сенга бир ҳарф ўргатса ранж ила,
Ҳаққин адо эта олмассан юз минг ганж ила
деганини назарда тутсак, Ислом (шариат) ибодатларини ва Қуръони каримдаги муборак 144 сура, 6666 оят ва 330300 ҳарфни ўргатган бу (Абдулла қори) устозга бу қилаолган ишларим дарёдан томчи холос”, деб тушинтиради.
* *
*
Эшонлар: "Муҳаммадни дунёвий илмларга қизиқтирнглар”, деганидан кейин Муҳаммаднинг отаси унга бошланғич синфнинг барча китобларини келтириб беради. Муҳаммад "Алифбо”ни 2 ойга ҳам қолмай ўзлаштириб олади ва мактабга бормай туриб равон ўқиб ёзадиган бўлади.
Улуғ ватан урушидан кейинги йилларнинг удуми бўйича бошланғич синф ўқитувчилари қишлоқма-қишлоқ юриб мактабга бориши керак бўлган ёшларнинг уйига бориб, қайси бирини нечанчи синфга ёзиш бўйича синаб кўрарди.
1955 йил ёзда "Ҳамза” номидаги бошланғич мактаб мудири, Хўжабой Яхшимуратов (сурат-15) Муҳаммаднинг хонадонига ҳам ташриф буюради. Мактабга бориши керак бола - Муҳаммад билан ҳам суҳбатлашиб унинг равон ўқишим ва ёзишини, ҳатто ўқиш китоби ва букварни ёд билишига ёқа ушлаб қолади.
Ўғлингизни 3-чи синфга ёзаман, у бемалол 3-чи синф ўқиб кетади дейди Яхшимуратов. Отаси: "Ўзидан катта болалар билан ўқимагани маъқул, ҳар қалай ўз тенгқурлари билан ўқигани яхши”, деб эътироз билдиради.
1955 йил 1-сентабирда Муҳаммад "Туркманлик маҳалласида жойлашган "Ҳамза” номли 4 йиллик мактабнинг ўқувчиси бўлади. Биринчи синфда ўтадиган дарсларлар (ҳарф ўрганиш, бўғинлаб ўқиш) Муҳаммад учун нихоятда зерикарли эди. Буни тушинган ўқитувчиси Хўжабой Яхшимуратов Муҳаммад билан якка ишлар, 3-синф қаторида ўтириб ўқишга рухсат берар эди.
Бу даврда бир хонада икки қатор парта ва икки доска бўлиб биринчи қатор биринчи ёки иккинчи синф, иккинчи қатор учинчи ёки тўртинчи синф ҳисобланиб, ҳар иккаласига бир ўқитувчи дарс ўтарди. Муҳаммад ҳам иккинчи устози Яхшимуратовга ўрганиб қолган эди. "Ҳамза” мактабини фақат "аълога” битирди. Бу даврда Муҳаммад райондаги барча кўриклар ва олимпиадаларнинг доимий ғолиби бўлиб бутун районга танилди.
Муаммад 1959 йилдан 5-чи синфни "Янги қадам” номли 7 йиллик мактабда давом қилдирди. Бу мактаб унинг уйидан эгри-бугри, ўнқир-чўнқир, чанг-лой бўлган йўл бўйлаб 7-8 км. лик масофада эди. Бу ерда унинг "шухрати” йилдан – йилга пасайиб борди.
Бунга асосан учта сабаб бор эди: Биринчиси Муҳаммадни бу ерда юрагидан тушинадиган ва севадиган Хўжабой Яхшимуратов каби ўқитувчилар етишмаслиги бўлса, иккинчиси яшаш учун қураш - ёки оғир меҳнат фаолиятининг бошланиши бўлди. Учинчидан эса "полвонлик” фаолиятининг кучайиши эди.
Албатта, Муҳаммаднинг "Янги қадам” мактабидаги ўқиши давомида С.Эшниёзов, Ш.Сапаев, Ғ. Раззоқов, Р.Полёзов, Й.Қўчқоров, О.Машарипов, С.Давлиқонова, Р. Ахмедов, М.Олланазаров каби ўқитувчи-устозларнинг ҳам роли бениҳоя бўлди.
Лекин, биринчи ўқитувчиси Х.Яхшимуратовнинг унинг қалбидаги ўрни доим бошқача эди. У киши "Маданият” қишлоғидаги "Ших Қосим” қабристонида орам топганлар. Муҳаммад унинг қабрини ҳар гал зиёрат қилганида, устозининг қилган хизматлари бир-бир кўз олдидан ўтади ва: "Мен каби камхизмат шогирдларингиздан рози бўлинг”, деб унинг руҳи покларига Қуръон тиловат қилиб дуо қилади.
* *
*
1961 йил июнда, Муҳаммад 6-чи синфни битирган заҳоти, отаси уни олдига чақириб: -Ўғлим, мана мен бу ойда 70 га тўлдим. Барча колхозчилар 60 ёшда нафақага чиқадилар. Сизлар жуда ёш бўлганларингиз учун, мен қариб қолган бўлсамда, оилани тебратиш учун ишлаб келаяпман. Энди оиламиз тўнғичи сенсан, 13 ёшга кирдинг, энди ёш ҳам эмассан, от ўрнини той босади дегандей, менинг ўрнимни босадиган вақтнинг келди, деди.
Эрталаб Муҳаммаднинг отаси уйига, бригадир Дурди (Эшон) Саидниёзов, табелчи Қаландар Жуманиёзов, колхозчилардан Бектурди Ўттанов, Сапар Бакиев, Отажон Худаковларни таклиф қилиб шу кундан эътиборан ўзининг расман нафақага чиқишини, ўрнига эса ўғлининг колхозга аъзо бўлиш тўғрисидаги аризасини қабул қилишларини сўради.
Муҳаммаднинг аризасини қабул қилаётиб бригадир, Хасан бобонинг бу колхозда раисликдан то ҳозиргача босиб ўтган меҳнат йўлини,- бу хўжаликни ривожлантириш борасидаги энг қийин вақтларда кеча-кундуз қилган ҳалол меҳнатларни ва унинг эвазига ортдирган обрўси ҳақида батафсил гапирди.
Муҳаммад ҳам бу борада отасига муносиб ўғил бўлиб, хўжалик, бригада учун ҳалол ҳизмат қиламан, деб ваъда берди. Бригада аъзолари ҳам буни мақуллаб иш жараёнида унга ёрдам ва фойдали маслаҳатлар беришларини билдирдилар.
Отаси ўзининг катта белкурагини Муҳаммадга топшириб оқ фотиҳо берди, ҳаммалари "Омин” деб қўшилдилар. Олдинда бригадир, орқада колхозчилар, энг орқада 13 ёшли янги колхозчи, ўзидан каттароқ белкуракни кўтариб дала томон борардилар.
Орқаларидан қараб қолган отасининг юрагидан, онаизорининг эса кўзларидан ёш селдай оқиб турарди. Бу кўз ёшлар тўнғич ўғлининг ота-онани, оилани боқиш учун қўйган биринчи қадами учунги қувонч кўз ёшларими, ёки 6-синфда ўқийдиган, ўз тенгқурарлари каби кўча чангитиб ўйнаб юриши керак бўлган норастанинг ўзидан катта белкурак кўтариб, 30-40 яшар колхозчи (эркаклар) билан тонг саҳардан кеч қоронғичага далада меҳнат килишга мажбур қилаётган оила тирикчилиги учунги аламли изтироб кўз ёшларими, буни фақат Парвардигор биларди. . .
1962 йилнинг март ойида (Муҳаммад 7-синф ўқувчиси эди), "Олошо” даласида тушдан кейин ҳаммадан эртароқ келиб, ғайрат билан бошқа колхозчилар билан бирга ишлаётган эди. Рўзигул опа (Олломберди ва Олланазарларнинг онаси) 10-15 минутларча кечикиб келиб унинг ёнида ишлай бошлади.
Шу пайт бригадир Дурди эшон келиб: "Колхознинг иши сенга ўйинчоқми?”, деди-да Муҳаммаднинг юзига шапалоқ тортиб юборди. У эса ҳеч нарсага тушинмай: "Тўхтамасдан ишлаяпман-ку”, деди ҳайрон бўлиб. Бригадир, нимага кеч келасан бўлмаса, деб юзига яна бир шапалоқ туширди. У калтак зарбидан қонаб кетган оғзидаги қонни артаётиб: "Мен ишга ҳаммадан эрта келдим-ку”, деди зорланиб.
Бу ҳолатга бу ердаги барча колхозчилар ҳайрон эди. Шу пайт, ёнида ишлаётган Рўзигул опа, бригадирга юзланиб: "Уйда нон тамом бўлган экан, тушлик ҳам қилмасдан ишдан кейин ёпиш учун хамр қилган эдим. Узр, бошқа кечикмайман”, деди.
Бригадир унга эътибор ҳам қилмасдан Муҳаммадга юзланиб: "Шу узрингни аввалроқ айтсанг ўлармидинг”, деб юзига яна бир мушт туширди. Оғиз-бурнидан оқаётган қон уст-бошини қип-қизил қилиб юборди, ва Муҳаммад йиғлаганича уйига кетди.
Ота-онасига бўлган воқеани айтиб берди. Онаси бечора кўзларида ёш билан: "Сенинг бу ҳолатда ишлаб топаётган нонингни егандан кўра ўлсак афзал эди”, деганича қонга беланган уст-бошини ечиб ювишга шайланди. Кийиб туришга бошқа кийими бўлмаганидан кийимлари қуригунича кўрпага бурканиб ўтирди. Чунки у даврларда (тўғрироғи камбағаллик сабаб) ўша битта кийим билан мактабгада борар, даладаги ишгада борилар, ётганда ҳам шу кийимда ётилар эди.
Калтак зарбидан юзлари шишиб кетиб 2 кун на мактабга, нада ишга бораолди. 3-чи куни бригадирнинг ўзи уйига келди ва: "Нимага ишга бормаяпсан?”, деб дағ-даға қилди. Отаси унга пешвоз чиқиб: "Кеч қолган бошқа бўлса-ю нимага буни урасан?”, деб сўради зарда билан.
Буни уришдан мақсад бошқаларни мендан қўрқитиш эди. Чунки кеч қолган аёл бегона (бошқа маҳалладан), уни урсам мени қаматиб юбориши турган гап. Бу эса ўзимиз(шу маҳалла)ники, уни қанча урсамда мени қаматмайсизлар, тўғрими Ҳасан дойи. Ўзингиз ҳам шу колхозга раис бўлиб ишлаганда, шунга ўхшаган услубларни қўллагансиз-ку, деди тиржайиб.
Бригадирнинг шумлигига тан берган отаси бошини чайқаганича ўғлига юзланиб: "Ишинга боравер ўғлим, ҳаёт шу экан-да”, деди. Бригадирнинг шама қилган воқеаси қуйидагича бўлган экан.
Сурат-15. Хўжабой Яхшимуратов
1930 йилда "Зайнал эшон” қишлоғи аҳолисининг талабига кўра, ташкил бўлаётган "Майда миллат” (Ҳозирги "Хўжалик” қишлоғининг жанубий қисми) колхозига Муҳаммаднинг отаси биринчи раис этиб сайланган. Камбағал одамлар ейишга нарсаси бўлмаганидан кунжара еб шишиб ўлабошлаган.
Раис (отаси) уйдаги бор-будини, ҳатто ўзи миниб юрган отини ҳам одамларга сўйиб едирган ва уларнинг умрини бир-икки ойга чўзган холос. Лекин колхоз буғдойининг пишишига ҳали анча вақт керак, унгача кўп одамлар очликдан ўлиб кетиши муқаррар бўлган.
Ўзига тўқ, ғалласи кўп одамлар эса эҳсон қилмаганику майли, колхоз раиси (отаси) колхоз даласидаги ҳосил пишгунга қадар (камбағалларга бериш учун), пенияси билан қайтариб беришга ваъда қилиб, қанча ялинсада ғалласидан беришмаган.
Шундай зиқна бойлардан бири (Pайим пўтагачи) ғалласининг устида ётар экан. Ярим кечадан кейин раис(отаси)нинг битта ўзи бориб ғалласининг устида ухлаётган бойни ўзи ётган кўрпа-тўшак ва пашшахонасига ўраб, устидан пашшахона иплари билан чандиб боғлаган.
Бу ишни қилгунича анча чарчаган шекилли, боғлоғлиқ бойга суяниб нос ҳам чекиб олган. Бу пайтда ғалла эгаси уни босмачи бўлса керак деб ўйлаб: "Ғалланинг ҳаммасини олинг, илтимос мени тирик қолдиринг, ҳеч кимга чурқ этмайман”, деб ялинармиш. Раис унга етарли ғаллани қолдириб, бошқасини аравага ортиб колхозга олиб кетган ва оч ва камбағалларга бўлиб берган.
Эртасига ғалласини олдирган бой (тирик қолдирсанг ҳеч кимга чурқ этмайман, деган бўлсада) раиснинг олдига бориб шикоят қилган. Ғаллани олган босмачини, боши аралаш ётган кўрпасига ўрагани боис кўра олмагани, ғаллани олган одам бир оғиз ҳам гапирмагани сабаб, овозинида эшитмагинини айтиб, унинг тушириб қолдирган носқавоғини кўрсатиб, шу асосда ўғрини топиб жазолашни сўраган.
Ўз нос қовоғини унинг қўлидан олаётиб раис унга: "Бу носқавоқни ҳеч кимга кўрсатмаганингиз яхши бўлибди (чунки раиснинг хашаматли носқавоғини кўпчилик танирди), бу тўғрида ҳеч кимга гапирма ҳам. Акс ҳолда унинг эгаси қочиб қолади. Уни (носқавоқ эгасини) ўзим топиб, ғаллангни қайтариб обераман, ўзини эса қаттиқ жазолайман”, деб уни хотиржам қилиб қайтариб юборган.
* *
*