"Khorazmiy" илмий - адабий вебсайти


Кириш услуби

Бўлимлар

"Муаллиф (Хоразмий) ҳақида" [44]
Адабиёт [135]
Илму - фан [15]
Ўқув қўлланмалар [0]
Дин ва Тасаввуф [18]
Видеолар [13]
Хабарлар [26]
Ашулалар [0]

Изланг

МАҚОЛАЛАР

Главная » Статьи » Адабиёт

Олимнинг қисмати (Тарихий роман)
А х м а д    ҳ о ж и
Х  о  р  а  з  м  и  й


Олимнинг  қисмати

(Тарихий роман) 

IV-Бобнинг давоми


4.3. Илм машаққатлари

Университетни битирганидан  кейин, академик Ж.К.Саидовнинг
илтимосига  биноан, Муҳаммадни ЎзФА Ботаника институти(ҳозирги НПО "Ботаника”)га  илмий ходим қилиб ишга  (йўлланма бўйича) юборишди.  Табий  фитоценозлар агрохимиясини ўрганиш учун уни геоботаника  лабараторияси(бўлими)га  қабул қилишдди. 

Сурат-5. Муҳаммад Институт олдида

Бу лабаратория  1950 йилда  ташкил қилинган  бўлиб,  унга проф. В.П.Дробов, доц. А.Я.Бутков, Ғ.Ҳамидов, проф. Н.Акжикитовалар  раҳбарлик қилдилар. Шунингдек  бу лабораторияда Н.Темирбоев, Ш.Камолов, К.Толипов, Р.Мелъник, З.Майлин, У. Алланазарова, Х.Нурохунова, С.Гимадиева, И.Ким, Ф.Мухаммаджонова  каби олимлар тадқиқот олиб борардилар 
  Очиғини  айтиш  керакки, лабаратория мудири  А.Бутков уни жуда  совуқ қабул қилади. Маълум бўлишича,  бу ўринга ўзининг бир танишини мўлжаллаб  қўйган экан. Шу сабаб уни қийин-қийин ишларга юборар, ҳар  бир минут вақтини  назорат қиларди. Штат қисқартириш  келганда  биринчи  навбатда Муҳаммадни ёзиб берар, йўлланма билан келгани учун қадрлар бўлими уни қисқартира олмасди.
Эрталаб ёки тушликдан кейин,  бир минут кечиксада  тушинтириш хати оларди.  Ҳатто Муҳаммад ҳожатхонага чиққанида, унинг ўтирадиган хонасига кириб, иш вақтида ўз ўрнида йўқ деб, бунинг учун ҳам тушинтириш ҳати ёздириб олган вақтлари  бўлган.  Шу заилда, икки йил ичида  лабаратория мудири ундан 22 марта тушинтириш хати олган бўлса-да, бир марта ҳам бўшаш тўғрисида  ариза олаолмаган.
  Муҳаммаднинг аспирантурага кириш имтихонида бахтга қарши А.Я.Бутков ботаникадан имтихон комиссияси раиси бўлиб қолди. Бунинг устига битта ўринга  4-та талабгор бўлиб қолишди. Шунинг учун ҳам  имтихонга таёргарликни ғоятда пухта  қилишга тўғри келди.  Имтихон  жуда қаттаиқ талабчанлик асосида ўтди.
  Бутков кўп  йиллар: "Ўзи агрохмик-тупроқшунос бўлган  бу йигит, ботаникани  унча-бунча ботаник олимдан  яхшироқ билади” деб юрди.
Ж.К.Саидовнинг  тавсияси билан Муҳаммаднинг  табий ўсимликлар (фитоценозлар) агрохимиясига бағишланган тадқиқотларига  академик Сергей Николаевич Рижов  илмий раҳбар бўлишга розилик берган.  
Муҳаммад бўлса шу кундан  бошлаб, тупроқшунослик ва агрохимия  сохасидаги СССРдаги энг йирик олимлардан бири, ВАСХНИЛ мухбир аъзоси, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг  биринчи вице-президенти, академик С.Н Рижовнинг (сурат-6)  энг охири  (кенжа)  аспиранти-шогирди (сурат-8) бўлиш  бахтига муяссар бўлди.
Ўрни келганида С.Рижовга тааллуқли нооддий бир ҳолатни очиқласак. Рижов Ўзбекистондаги фаолияти давомида асосан маҳаллий (ўзбек, қозоқ, туркман, тожик, татар) миллатга мансуб одамларни аспирантликка олар экан. Рус миллатига мансуб талабгорларни бир баҳона қилиб аспирантликка олмас экан. 
 Бу масалада уни ҳатто Москва(ЦК КПСС)га чақириб танбех ҳам беришган. Ва, бу жуда ўзбеклашиб кетди, деб Москвадаги Докучаев номидаги Тупроқшунослик институтига директор қилиб қўйишганида ҳам аспирантурага (шогирдликка) руслардан олмай фақат мусулмонлардан олган. 
Натижада уни Москвадан жўнатиб юборишган ва у яна Ўзбекистонда фаолиятини давом қилдирган. С.Рижовнинг айнан шу одати учун уни Ш.Рашидов хурмат қилар экан.
Муҳаммад Ботаника институтида фаолиятини бошлаганидан кейин, бу ерда ишлайдиган Х.Нурохунова, С.Гимадиевага ўхшаган тадқиқотчиларга "Булар зўр бўлганларида шунча йилдан буён ҳимоя қилаолишмасмиди”, деб кўнгли етмайди. Булар эса: "Бу йигит илмда зўр бўлгани билан русчани қойил қила олмайди-ку, қанақа қилиб ҳимоя қилар экан” деб юришади.
         Ўша пайтларнинг удуми бўйича, катта (айниқса рус) олимлар томонидан ёш тадқиқотчиларнинг ҳисоботлари, уларни пишитиш мақсадида бўлса керак, жуда қаттиқ талабчанлик асосида ўтарди.  Ҳатто камчиликларини тузатиш мақсадида бир-икки марта қайтаришарди ҳам. Албатта, ҳисобот ва ҳимоялар фақaт рус тилида бўларди.
          1972 йил декабрида бўлим Советида Холида Нурахунованинг аспирант-тадқиқотчи сифатидаги бир йиллик илмий ҳисоботи тингланди. Бечора Холидани обориб-обкелишди, ҳисоботини шартли равишда қабул қилишди. Муҳаммад бундай мажлисда биринчи марта қатнашиши эди. Унинг назарида Холида илмий ходим сифатида жуда бўш кўринди. Ўз қўли билан қилган ишларинида тушинтира олмай роса терлади. 
           Муҳаммад келиб ишга киришгандан кейин: "Худо ҳоҳласа 3-4 йилда номзодликни ҳимоя қиламан”, деганида бўлимдаги олимлар: "Соня ва Холидалар 5-6 йилдан буён ишлашапти, лекин бу яқин йилларда уларнинг ҳимоя қилишидан дарак йўқ, сенга йўл бўлсин”, дейишганди. 
         Холиданинг ҳисоботидан кейин: "Ҳимоя дегани шунга ўхшаш бўлади. Энди 3-4 йилда ҳимоя қиламан, деган фикрингни ўзгартирарсан”, дейишди кесатиб. Муҳаммад  эса  ҳазил аралаш:  "Ҳимоя Холиданинг ҳисобатидай бўлса 3-4 йилда эмас, 1,5 – 2 йилда ҳимоя қилсамда бўлар экан”, дейди. Бу уларнинг озроқ ғашига тегди шекилли: "Сен ҳисобот берганда кўрамиз, нимага қодирлигингни”, дейишди. 
          1973 йил январь ойининг ўрталарида Муҳаммаднинг бир йиллик илмий ҳисоботи тингланадиган бўлди. Турли хил жадвал ва диограммаларни осиб, куйиб-пишиб  ҳисобот берди. Бундай катта олимлар одида, бунинг устига рус тилида, ҳисобот қилиш ҳазил эмасди. Шу боис ўз соҳасини яхши билсада анча ҳаяжонлангани, натижада русчадаги айрим сўзларни жойига қўя олмай, тарвуз туширганлари ҳам бўлган гап.
          Ҳисобот бўйича унинг маърузаси тугагандан кейин мажлис раиси А.Бутков: "Марҳамат, 2 йилда ҳимоя қилмоқчи бўлиб юрган тадқиқотчига савол беринглар”, деб мажлис аҳлини унга қайраб юборди. Мажлис аҳлининг барчаси ботаниклар бўлганлиги ва унинг ҳисоботи фитоценозлар агрохимияси бўйича эканлиги сабаб, арзигулик савол топа олмай, ҳаммаси жим ўтирарди.
          А.Бутков Р.Мельникга қараб: "Савол бермайсизми?”, деди қатъий ва маъноли оҳангда. Розалида Давидовна Мельник яҳудий миллатига мансуб бўлиб, кучли геоботаниклардан ҳисобланарди ва инглиз тилинида озроқ биларди. Шу боис бўлса керак, ўзини бошқалардан бир пахса юқори тутар, ҳатто унақа-бунақа фан докторларинида назарига илмасди.
           Розалида Мельник виқор билан ўрнидан турдида,  жадвалга ишора қилиб: "Азотли ўғит таъсирида ўсимлик таркибидаги протеин миқдорининг ошишини илмий жиҳатдан қандай изохламоқчисиз?”, деди кинояли оҳангда.  Барча мажлис аҳли: "Зўр бўлсанг саволга жавоб берчи, кўрайлик”, деган маънода унга кинояли қараб ўтиришарди. 
       Бечора Муҳаммад: "Бу жўн савол-ку”, демоқчи бўлиб: "Это-же глупый вопрос” (Бу ахмақона савол-ку), деб юборди. Мажлис аҳли худдий ток ургандай карахт бўлиб қолишди. Р.Мельникнинг эса +12 линзали кўзойнаги орқасидаги шундоқ ҳам кичик бўлмаган кўзлари, кичигроқ пиёладай бўлиб кетди. Лаблари бир нималар деб қимирларди, лекин дами ичига тушиб кетганидан овози чиқмасди.
         Муҳаммад тўхтамасдан жадвалга ишора қилиб давом қилди:  "Ўсимликларнинг кимиёвий таркибига эътибор берсангиз, протеиннинг миқдори бошқа элемент (модда)ларга қараганда анча кўп. Протеиннинг таркибида эса азотнинг миқдори  70-75 %ни ташкил қилади. Шу боис азотли ўғитлар таъсирида ўсимлик таркибидаги протеин миқдори ошишининг ҳеч ажабланадиган жойи йўқ. Буни ҳатто Университет талабаларида билади. Олимлардан бунақа савол чиқиши, энди бу – настояший  глупость (ҳақиқий ахмоқлик)”, деб тугатди жавобини. 
          Мажлис аҳли унинг бу иборани атайлаб эмас, ҳаяжонланганидан айтганини биларди. Бироқ Р.Мельник тўсрайганича эшикни тарақлатиб ёпиб мажлисни тарк этди. Бутков эса: "Бориб Мельникдан кечирим сўра, акс ҳолда бу ерда ишламайсан”, деди кулгисини зўрға яшириб. Муҳаммад Р.Мельникнинг олдига кириб кечирим сўрашга энди оғиз жуфтлаганди у: "Йўқол, кўзимга кўринма”, деб ҳайдаб юборди уни. 
        Шу-шу Розалида Мельник икки йилча у билан гаплашмади. Шу билан бирга бу даргохда Муҳаммад ўн йилдан ошиқ ишлаган бўлса,  биронта одам на ҳисоботда, нада ҳимояда унга савол беришмади. 
         "Глупый вопрос” ҳақидаги бу тафсилот Ўзбекистон Фанлар Академиясига қарашли тадқиқот институтларига тез тарқалиб кетади. Барча илмий ҳисоботларда, номзодлик ва докторлик ҳимояларида кенгаш раислари: "Саволлар бўлса марҳамат. Саволлар қисқа ва лўнда бўлсин. Муҳаммад айтганидай, "Глупый вопрос” бўлмасин. Чунки барча савол-жавоблар стенограмма (протоколллар)да қайд қилинади”, дер экан. Бундан ҳамманинг кайфияти кўтарилар, шу билан бирга саволни ҳам ўйлаб беришар экан. 
          Шу тариқа "Глупый вопрос” қанотли сўз(крилатий слов)га айланиб, ҳамма жойларда, ҳатто Ҳукумат мажлисларида ҳам айтиладиган бўлади. Ҳатто мамлакат Президенти Олий Мажлис (Парламент) сессиясида депутатларга қараб: Сизларнинг савол-жавобларингизни  ойнаи жаҳон орқали бутун дунё кўраяпти. Шу боис Муҳаммад айтганидай, "Глупый вопрос”лардан бўлмасин, деганида депутатлар кулиб қарсак чалиб юборишган.  Президент бундан ўзида таъсирланиб: "Хоразмлик олим зап айтган экан-да, шу гапни”, деган экан.
        Диққатга сазавор жойи шундаки, бундан 40 йил олдин, билмасликдан айтилган "Глупый вопрос”, деган гапининг бутун Ўзбекистон бўйлаб тарқалишини ва бу сўзнинг савол берувчиларни доим огох қилиб туриши, кимнинг ҳам ҳаёлига келибди, дейсиз.
  Шуни айтиш керакки, кўпгина олимлар фаннинг Муҳаммад  шуғилланаётган йўналишга кўнгли етмасди.  Шунинг учун ҳам илмий  кенгашларда, конфериенцаяларда: "Жуда меҳнаткаш  ва иқтидорли бу йигитга берилган темани (табий ўсимликлар агрохимияси) қаранг. Бундай йигитга жиддийроқ  илмий тема (пахта агрохимияси) бирилса бўларди”, деганга ўхшаш гаплар тез-тез эшитиларди. 

Сурат-6. Академик С.Н.Рыжов

 Кези келганда бу ҳақда Муҳаммад устози С.Н.Рижовга бир икки бор айтди, устози бўлса: "Уларга эътибор берма, ғайрат қилиб программа бўйича ишингни давом қилдиравер”, дерди. 
1975 йил қишда, Ботаника инстутида, биринчи Республика илмий  конфериенцияси  бўлди. Унда  республиканинг кўзга кўринган олимлари қаторида Муҳаммад ҳам  маъруза қилди.
 Савол-жавоблар ва тақризчилар фикри кескин, ҳатто қўпол хам бўлиб кетарди.  Унинг қилган  марузаси бўйича сўзга чиққан  йирик (шу билан бирга анча миллатчи ҳам) олим, Беруний  мукофати лауреати С.Г.Головченко: "Бу йигитнинг қилган иши, олган илмий  малумотлари ҳам яхши. Бироқ ўғитлар қўллаш масаласини табий ўсимликларга  эмас, янтоқ, терескан, чогон каби ўсимликларда  ўрганиш керак эди.  Бунақа йўналишни  белгилашда, албатта,  бу  аспирантнинг  айби йўқ. Бу хатоликка  илмий кенгаш, аввало унинг илмий раҳбари йўл қўйган. Эндиям бўлса, унинг  йўналишини  (темасини) ўзгартириш  керак”, деди. 
Бу олим  уруш қатнашчиси, бунинг устига  жаҳлдорроқ  бўлгани  учун, унинг  бу фикрига  ҳатто академик Ж.Саидов, Қ.Зокиров, проф.  О.Хасонов, Р. Верник каби шу йўланишини  унча-бунча  тушунадиган олимлар  ҳам қарши  чиқиша олишмади.
  Кеча-кундуз тинмай,  йиллаб  чўлу–тоғларда  юриб  қилган ишларига  шундай муносабатларни  эшитганидан кейин  унинг (ёшгина  аспирантнинг) аҳволини  бир кўз  олдингизга келтиринг! 
Конференциядан  чиқиб тўғри  домласи С.Н.Рижовнинг  олдига борди. Кайфиятининг  ниҳоятда ёмонлигини кўрган домласи: "Скажи по порядке, ещё что  случилось?” деди. Муҳаммад бўлса  конферецияда бўлган гапларни айтиб,  диссертация темасини (йўналишни)  ўзгартириб беринг, деди.
  Шунда С.Рижов: "Биласан-а,  мен иш вазифам  бўйича Ўзбекистондаги барча  (асосан табий) илмий тадқиқот йўналишларига вице-презединт сифатида  раҳбарлик  қиламан. Хозир  сен ишлаётган  йўналиш республикамиз   илми учун  янги  йўналиш  ҳисобланади.
 Бу йўналиш  учун  эса молиялаш  масалаларини Масквадан Ш.Р.Рашидов  билан  бирга  ҳал қилганмиз. Шунинг учун ҳам бу йўналишдаги  тадқиқотлар Марказий Комитетнинг  эътиборида турибди. Головченкога  ўхшаган айрим олимларниинг фикрига  келсак,  улар узоқни кўра олмаяпти. Яқин йиллар ичида улар бунга тан беришади.  Сен эса, шу кундан бошлаб  ишни номзодлик эмас, докторлик программасида  давом қилдир. Агар тўғри келса номзодлик ишинг  докторликка тасдиқланиши ҳам ҳеч гап эмас”, деди. 
 Муҳаммад домласидан  қатьиятсизлиги   учун узр сўраб,  тадқиқотларини устози  айтгандай программада давом қилдирди. 
    Бу диссертация  агрохимия ва ботаника  фанлари ўртасида  бўлганлиги учун  иккинчи (қўшимча) илмий раҳбар  сифатида геоботаника лабораторияси  катта илмий ходими, биология фанлари номзоди Нурмон Темирбоев  тасдиқланган эди. 
 Илмий экспедицияларда Муҳаммадга ўз иши қолиб  бошқаларнинг ишини қилдирар, қишлоқ(Тўйтепа)даги уйида қурилиш ишларида ишлатар, илмий мақола ва ҳисоботлар  ёзиб борса асоссиз равишда: бўлмайди, бўш ёзилган, ва хакозалар, деб қайтарар эди.  Агрохимиявий  лабараторияда шахсан ўзи  бажарган анализлар натижаларини Сония Гимадиевага  кўрсатиб унга маъқуллатишни  талаб қиларди.

Сурат-7. ЎзФА Ботаника Институти, Геоботаника лабороторияси (бўлими) илмий ходимлари.

  Соня Гимадиева ҳам мутахасислиги  бўйича агрохимик бўлиб,  ундан 4-5 йил олдин битирганди.  Н.Темирбоев раҳбарлигида бир неча йиллардан буён иш олиб борарди. Лекин  шу пайтгача  қилган ишида аниқ  маъно ва мазмун йўқ  эди. Бунинг устига аналитик–химик сифатида ҳам "ана холос” эмас эди. Ҳар ҳалай у Н.Темирбоевнинг арзандаси эди. 
Н.Темирбоев доимо , аввал Соняхон ҳимия қилиши керак, чунки у аввал келган, деб таъкидлар эди.   Шунинг учун ҳам иложи борича Муҳамаднинг ишларини орқага тортишга ҳаракат қиларди. Сониянинг иш бошлаганига  сал кам ўн йил бўлган бўлсада  бу яқин йиллар  ичида  унинг  диссертатция ёзишига умид йўқ эди. 
  Шунинг учун ҳам Гимадиевани  кутмасданоқ Муҳаммад ўзи диссертациясини  ёзишга киришди ва 1977 йили ёзиб тугатди. Темирбоевнинг рухсатисиз диссертациясини ёзгани учун иккинчи домласи бўлмиш Н.Темирбоев диссертацияни  кўриб чиқишдан, унга тақриз ёзишдан ва ҳимояга  рухсат қилишдан бош тортди.  
Муҳаммад бу аҳволни биринчи домласи, С.Н.Рижовга айтса у: лабаратория (кафедра)дан  ўтишда илмий раҳбарнинг тақризи ва  рухсати  расман шарт эмас, деб уни тинчитиб юборди. 
  Шундай қилиб, диссертациянининг ҳимояси(экспертизаси)ни лаборотриянинг кенгайтирилган  йиғилишига  қўйишди.  Йиғилишга нафақат  Ботаника институти  олимлари , ҳатто бошқа  кўпгина илмий тадқиқот  институти олимлари ҳам таклиф қилинди. 
 Бу ишнинг иккинчи  илмий раҳбари бўлмиш Н.Темирбоев бу "ўзбошимча” аспирантнинг эсини киритиб қўйиш учун  ўзининг дўстлари ва танишларини ҳам бу ишга қарши таёрлаган. Токи бошқа аспирантларга ҳам мактаб бўлсин учун.
 Шундай кескин аҳвол бўлсада Муҳаммад анча хотиржам эди. Бунинг боиси, биринчидан, у ўзи(диссертацияси)га  ишонарди, иккинчидан унга қарши  бўлаётганларнинг илмий салохияти ҳам кучли эмас эди. 
  Йиғилиш раиси диссертант(Муҳаммад)га энди сўз берган ҳам эдики, иккинчи домланинг  дўстларидан бири ўрнидан туриб:  Илмий  раҳбар диссертацияни    кўриб, ҳимояга рухсат қилганми?  деб сўраб қолди. 
Ўртага жимлик  чўкди. Шу пайт Темирбоевнинг  яна бир ўртоғи туриб: ишни  раҳбар кўрмаган бўлса,  унинг ҳимояга  лойиқлиги номалъум, шунинг учун  уни  илмий  раҳбари кўриб  ҳимояга тавсия қилгунга  қадар  тўхтатиш  керак,  деган  таклиф билан чиқди. Бундан Муҳаммаднинг кўз олди қоронғилашиб кетди.
Институт илмий кенгаши котибаси Л.Шевчукининг, ВАК инструкцияси бўйича  ҳимоянинг   бу поғонасида  раҳбарнинг тақризи  расман  талаб  қилинмайди, деганидай  кейингина Муҳаммад ўзига келди ва маърузани давом  қилдирди. 
   Жуда  кўп саволлар тушди, булар ичида анча-мунча "глупый вопрос”лар ҳам  бўлди. Маърузачи барчасига босиқлик ва атрофлича жавоб қайтарди.  Айримлари  ишга тааллуқли бўлмаган нарсаларни  ҳам сўрар, тўғри берилган жавобга ҳам гўёки қониқишмас эди. 
 Маруза  бўйича сўзга чиққанлар  маърузачи қолиб, ўзаро  жанжаллашиб ҳам кетар эдилар.  Ниҳоят, иккинчи илмий раҳбар бўлмиш Н.Темирбоев  сўзга чиқиб, ўринли ўринсиз турли хил  "камчиликлар”ни гапиракетди. Яхшиямки,  у диссертацияни  лоақал бирон марта ҳам кўрмаган, бу эса бугун  айниқса  қўл келди.  
Темирбоевнинг  тутуриқсиз гапларидан кўпларининг энсаси қота бошлади ва  ниҳоят проф. О.Хасанов  ўрнидан туриб: "Уят-э, Нурмон, ўзингни бунча одамнинг олдида расво қилдинг-ку, бас қил”, деди. Н.Темирбоевнинг гапларидан энсаси қотиб ўтирганлар чапак чалиб юборишди. Ва шундай қилиб, Муҳаммад биринчи ҳимоя(экспертиза)дан  мураккаб ва  қийин аҳволда  бўлсада  муваффақият билан ўтди.

Сурат-8. Муҳаммад- аспирант

  Ботаника инстути илмий кенгаши  эса диссертацияни тегишли ихтисослашган  кенгашга  ҳимояга  тавсия  ҳам қилди. Худди шу пайтда "камбағални туянинг устида ҳам ит қопар” деганларидей илм фанда  ҳам   Горбачевча қайтта қуриш мақсадида  СССР ВАКнинг  раиси  Кириллов-Угрюмов ташаббуси билан,  диссертация ва ихтисослашган  кенгашлар  тўғрисидаги  низомлар  ўзгарди ва шу  муносабат билан  ҳимоялар тўхтатиб ташланди.
  Диссертацияни икки йилдан кейин,  янги низом асосида  қайтадан ёзишга  тўғри келди. Ва ниҳоят, ҳимоя  1979 йилнинг  24-октабр куни Тупроқшунослик  ва агрохимия  институти қошидаги  ихтисослашган  кенгашда  "Ўзбекистон ярим чўл  яйловлари  самарадорлигига  минераль ўғитларнинг таъсири”  мавсузида  (рус тилида) 06.01.04-"Агрохимия” мутахасислиги  бўйича бўладиган бўлди ва  авторефератлар ҳам тарқатилди.
  Муҳаммаднинг биринчи домласи - С.Н.Рижов, ихтисослашган кенгаш раисидан ушбу диссертацияни жуда қаттиқ, танқидий нуқтаи  назаридан  баҳолашни, агар зарур бўлса, янада пишитиш учун бир икки йилга орқага  суриш ҳам лозимлигини сўраган.
 Натижада диссертациянининг расмий оппонентлари қилиб профессор Е.К.Круглова ва Ўзбекистонда  хизмат кўрсатган  агроном, доц А.В Киселёв  тайинландилар. Булар ниҳоятда  инжиқ ва бир сўзлик  олимлар бўлиб  илм учун, ҳаққиқат  учун ҳеч кимни аямасликлари билан ном чиқаришган эди.
  Ҳатто Круглова  ВАКнинг  махфий (чёрний)  оппоненти бўлиб, бир неча  диссертацияларнинг  бошига етганлиги ҳам маълум  эди.  Етакчи ташкилот  ҳисобланган (проф Л.Н.Морозов) Ўзбекистон чорвачилик илмий  тадқиқот  институти  ҳам  юқоридагилардан  қолишмасди. 
  Бундан  Муҳаммад жуда  хафа бўлиб, эй Аллоҳ, қай гуноҳларим учун устозларим менга бирин кетин исён қилишияпти, деб нола қиларди.  Бунга кўп чидай олмади ва ниҳоят домласи С.Рижовга учрашиб: "Агар диссертацияга  кўнглингиз  тўлмаётган бўлса уни тўхтата қолайлик”, деди. 
 У бўлса: "нимага?” деди.  Муҳаммад унинг  ихтисослашган кенгаш раисига  айтган  гапини эслатди. У бўлса: "Вот где собака зарыта” деб кулди ва эсингда борми,  сенга  раҳбар бўлган кунимдан  келишган эдик. Сени фан номзоди ёки доктори эмас, аввало олим қиламиз деб. Том  маънодаги олим бўла олсанг,  номзод ёки  доктор бўлиш "пара  пустяк”. Шунинг учун  кенгаш раисидан  талабчанликни  сўраганман. Сен  эса  белингни маҳкам боғла,  ҳимоя дегани шундай бўлади”, деди
  Диссертациянинг тити-питини чиқариб юборган бу оппонентлар: -Бу диссертация иши Ўзбекистон  фанида янги йўналишга  асос солгани,  унда фан учун зарур бўлган  назарий ва амалий хулосалар ва кашфиётлар  борлигини  ва шунинг учун ҳам бу иш ҳақли равишда  Ўзбекистон Фанлар Академияси  мукофотига  сазавор  бўлганлигини таъкидлаб уни бирўтала докторликка  тавсия қилса бўлар экан, деб фикр  билдирганлар. 
Лекин  домласи: "Шундайлигини  ўзим ҳам билардим, бироқ  буни сизларнинг  оғзингиздан эшитмоқчи эдим.  Бу иш  номзодлик  сифатида   ўтаверсин. Ҳимоядан кейин уни доктарантурага юборамиз. Икки  йил  кейинроқ  доктор бўлсин. Шундай  бўлса ёмон  кўзлардан ва ҳасадлардан узоқроқ  бўлади”, дебди. 
  Ҳимоя  кутилмаганда  мураккаб тус олди, берилаётган саволларга эътибор қилинса, уни  йиқитишмоқчи  эканлари сезилиб турарди. Бу ерда унинг иккинчи  раҳбарининг "хизматлари” ҳам кўриниб турарди.  Бунинг  устига  биринчи домласининг унча-бунча душманлари борлиги ҳам маълум бўлди.
  Улар бир вақтлари С.Н Рижов  томонидан  ўзларига ёки  шогирдларига қилинган ҳужум учун,  Муҳаммад орқали ундан  ўч олаётган эдилар. Бу "хужумчи”ларнинг  кўплари  четдан махсус (илмий кенгаш аъзолари эмас) келган одамлар эди. Ҳимоя кутилганига қараганда 2,5 баравар  кўп давом  этди. Ва ниҳоят овоз бериш  натижалари-100 фоиз!
  Диссертациянинг кириш қисмида табий  фитоценоз (ўтлоқ)лар  ҳосилдорлигини  ўғитлар   қўллаб ошириш  муаммосинининг долзарблиги  ва унинг  ўрганилиш  даражаси баён қилиниб,  тадқиқотнинг  мақсад ва вазифалари  устида тўхталган.
  Диссертациянининг  (аналитик қисми) биринчи  боби адабиётлар шархига, Ўзбекистон ярим чўл  минтақасининг  табий-иқлим  шароитига,  ҳамда татқиқотнинг  услубига  бағишланган.
 Диссертациянинг  иккинчи  бобида миераль  ўғитларнинг тупроқ озиқ  элементлар  миқдорига  ва унинг  ҳаракат  динамикасига  таъсири, ярим чўл зўнасидаги асосий  тупроқлар ва уларнинг агрохимиявий  хоссалари  ўрганилган. 
Учинчи  бобида Ўзбекистон  ярим чўл (тоғ олди) минтақасининг  асосий яйлови  бўлган  шувоқ-эфемероидли фитоценознинг  ботаник состави, табий  ҳосилдорлиги,  ўғитлар  таъсиридаги  ўзгариши баён қилиган.
  Тадқиқотлар натижасида табий  ўсимликлар  ҳосилдорлиги билан баҳор ойларининг  метеорологик  кўрсатгичлари  орасида корреляцион  боғланиш  борлиги кашф қилинди. 

Сурат-9. Кашфиёт диограммаси

Кашфиёт(9-сурат)нинг кўсатишича, табий фитоценозлар ҳосилдорлиги, йилнинг серёғин келишига, ё-да ҳаво ҳароратининг юқори ёки паст бўлишига эмас, баҳор фаслидаги ёғингарчилик билан ҳаво ҳароратининг оптимал сочетаниясига боғлиқ бўлар экан. 
 Шунингдек, баҳор фасли  ёғингарчилик  миқдори  билан, табий  ўсимликлар  ҳосилдорлиги ўртасида ижобий, ҳаво ҳарорати билан эса салбий корреляцион боғланиш борлиги аён бўлди. Баҳор фаслидаги ёғингарчиликнинг  миқдори ўртача кўп йилликдан  10 миллиметрга кўпайиши, ўсимликлар  ҳосилининг  ўртача, гектарига  4,2 килограммга ошишини, ҳаво ҳароратининг ўртача  кўп йилликдан  10 градусга  кўтарилиши  ёки  камайиши, ҳосилдорликнинг  ўртача 7,6 килограммага камайишига сабаб бўлар экан. 
  Ва шунингдек, азотлар ўғитлар  таъсирида  фитоценоздаги  қиёқдошлар оиласига кирувчи, фосфорли ўғитлар таъсирида эса дуккаклилар оиласига кирувчи  ўсимликлар  миқдорининг  ошиши маълум бўлди. Чуқур илмий тадқиқотлар асосида  бундай ўзгаришларнинг сабаби  назарий жиҳатдан асосланди.
  Диссертациянинг тўртинчи боби табий ўсимликлар  химиявий составининг  ўғитлар таъсирида  ўзгаришига  бағишланган  бўлиб, бунда  ўсимликлар таркибидаги  асосий озиқ элементларнинг  ўзгариши ва уларнинг  ялпи ҳосил билан  чиқиши, солинаётган ўғит тури ва  дозасига боғлик эканлиги  исбот қилинди. Ўғитларнинг  тўғри  қўлланилиши,  ўсимликларнинг  ейимлилик  ва тўйимлилик сифатини ошириши  аниқланди.
  Бешинчи  боб  шувоқли-эфемероид яйловларнинг  ҳосилдорлигига  минераль  ўғитларнинг  кейинги таъсирини  ўрганишга  бағишланган. Бу борадаги  тадқиқотларнинг  кўрсатишича,  ўғитлар кейинга  таъсиридан  олинадиган самаранинг  катталиги, аввалги  солинган ўғит дозасига ва баҳор  даврининг метеорологик  шароитига боғлиқ бўлар экан. Шунингдек, ўғитлар кейинги таъсирида  тупроқ ва ўсимликлар химявий  состави ҳам  бирмунча ўзгаришга учрар экан.
  Олтинчи бобда (суюқ мураккаб ва оддий қаттиқ)  минераль ўғитларни Ўзбекистон  ярим чўл  минтақасидаги яйловларга  қўллашнинг  иқтисодий  самарадорлиги борасида  материаллар келтирилган.
 Шуни таъкидлаш керакки, ҳар қандай агротехник тадбир биронта  иқтисодий фойда  берсагина  хўжалик томонидан  қўлланилади. Шунинг учун ҳам  илмий  тадқиқотлар асосида тавсия  қиладиган ўғит нормалари  иқтисодий жихатдан  биринчи марта асосланган.
  Тадқиқотлар  асосида  қўйидагича янги назарий  хулосаларга  келинди:
 Турли хил ва  нормадаги ўғитлар  таъсирида ярим чўл  (тоғи олди)  минтақаси табий  ўсимликлари  остидаги  тупроқларнинг  потенциал  ва  самарали унумдорлиги бирмунча  ошади. Ярим чўл зонаси  ўсимликлари ҳосилдорлиги йиллар  бўйича  турлича бўлади. Энг  юқори  ҳосил,  ёғин миқдори  ёки ҳаво  ҳароратининг  паст  ёки баландлигига эмас, балки метеорологик  кўрсатгичларнинг  оптимал сочетаниясига  боғлиқ  бўлади (сурат-9).  
Табий ўсимликлар  томонидан, солинган  ўғитлардан  фойдаланиш коэффициентининг катталиги, йилнинг   шароитига,  ўғитларнинг формаси, дозаси ва ундаги  озиқ  элементлар  нисбатига боғлиқ эканлиги аниқланди. 
Бу диссертация  асосида ишлаб чиқаришга  қуйидагича  тавсиялар  берилган:
 Ярим чўл минтақаси табий ўсимликлари   ҳосилдорлигини  ошириш учун, эрта  баҳорда (март ойининг  биринчи ярмида) эфемерлар  ривожнинг  кучайишидан  олдин, гектарига 40-60 кг (соф таъсир қилувчи) азотли ўғиитлар, 20-45 кг миқдорида фосфорли ўғитлар солинади.  Фосфорнинг азотга нисбати, фитоценознинг ботаник таркибига боғлиқ равишда 1:0,5 дан 1:1 гача қилиб белгиланади. Шароитга қараб, ўғитлар самолёт, вертолёт, ерда юрадиган механизмлар ва қўлда солинади.
Бу тавсия асосида  1979 йилдан бошлаб Ўзбекистон  қишлоқ  хўжалиги  вазирлиги  томонидан республикамиз  тоғ олди  минтақаларида  минглаган гектар яйловлар  АН-2 самалаётлари ва Трактор(НРУ)лар  ёрдамида озиқлантириб келинмоқда. 
Ҳамма қатори Институт ходимлари ҳам, ўз ишларидан ташқари мева, сабзавот, пахта терими каби қишлоқ хўжалик ишларига ихтиёрий-мажбурий тарзда жалб қилинади (сурат-10). 

Сурат-10. Институт ходимлари пахта даласидаги тушликда. Боёвут-1976 Олдинги қатор чапда - Муҳаммад, олдинги қатор ўнгда,  Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг  биринчи  рафиқаси- Наталя Кучми

Пахта теримида кечқурун олимлар асосан шахмат ўйнаб ҳордиқ чиқарадилар. Ҳатто Институт директори, академик Жўра Камолович Саидов ҳам (ўзи ўйнамасада) шахматга қизиқарди. Шунинг учун бўлса керак, 1976 йилда, Ўзбекистоннинг биринчи  гроссмейстери Мухитдиновнинг шогирдларидан бирини ўзига хўжалик ишлари бўйича ўринбосар қилиб ишга олганди.
           1976 йилда институт ходимлари Сирдарё вилоятининг "Боёвут” совхозида пахта теришди. Муҳаммад илмий экспедициядалиги боис, пахтага икки ҳафтача кейинроқ борди.
            У келгунча шахмат бўйича роса кўп ўйинлар бўлган. Мухитдиновнинг шогирди бўлмиш директор ўринбосари – Мирза ака, шахмат бўйича СССР спорт мастери бўлиб, шахматни текинга ўйнамас экан. Муҳаммаднинг шахмат бўйичаги саргузаштли фаолияти 3-(Олимнинг спорт ва санъатдаги фаолияти) бобда баён қилинган.
                                                                    *       *
                                                                        *
  1978 йил Ўзбекистон Фанлар Академиясига  мукофоти  учун танлов  эълон  қилинди. Танлов талаблари  жуда қаттиқ бўлсада  Ботаника институти  илмий кенгаши  қарори билан Муҳаммаднинг  ҳам  диссертация  асосида  таёрланган иши  тавия қилинди. 
Ҳар бир фан йўналиши  (қишлоқ хўжалиги, биология, медицина, математика ва  ҳакоза) бўйича танловга бирнеча энг  яхши тадқиқотлар  топширилди. Бу ишлар  бирнеча босқичда  кўриб чиқилди.  Энг охирги  босқичга  етиб борган ишлар   газеталарда   (Ёш ленинчи, Комсомолец Узбекистана 27.03.1979) эълон қилинди.
 Ўнланган  ишлардан, охирги  босқичга учта: Муҳаммадники – (табий  ўсимликлар агрохимияси, Ботаника институтидан), Ю.Қодировники – (пахта микроэлементлари, ТашФАРМИдан), Э,Қулмаматовники - (Нематодлар биологияси, Термиз пед институтидан) иш етиб келган. Мукофат эса  шу ишлар  ичидан энг яхши деб  тан  олинганига насиб этади. 
  Ва ниҳоят,   ўзининг назарий ва амалий  аҳамияти, юқори даражадаги илмий-услубий бажарилиши, мамалакатимиз ҳалқ хўжалиги учун зарурлиги ва бу борада  қатор илмий  янгилик  (кашфётлар) қилинганлиги  муносабати  билан  бу олий  мукофат Муҳаммаднинг татқиқотлари учун унга  насиб этди.
   Ўзбекистон Фанлар Академияси президиумининг катта  залида,  республикамизнинг барча  катта  олиимлари  иштирогидаги йиллик  ҳисобот йиғилишида, Муҳаммадга  Академия мукофоти лауреатининг дипломи ва нишонини топшираётиб, Социалистик меҳнат қаҳромони, СССР Фанлар Академиясининг академиги Обид Содиқов: "Ҳали ўттизга  ҳам кирмаган бу ёш олимнинг фанда қилган  ва қилаётган  салмоқли  ишлари, унинг катта  истеъдодидан, келажакда  улуғ боболари  Ал-Хоразмий , Беруний  каби алламолар издоши  бўлишидан  далолат беради” деб уни  мукофот билан қутлади.  Муҳаммад кўзида  қувонч ёшлари  билан  устози  С.Н.Рижовни, у эса шогирдини бу юксак  зафар билан табриклади. 
   Бу йиғилишда қатнашган журналист-ёзувчи Маҳкам Рахмон  булар асосида  газеталар(Ёш ленинчи 23.11.79)да "Изланиш  ва  ихтиро”  рубрикаси  остида  "Туман  ортида қуёш бор”  сарлавхаси  билан катта очерк эълон қилди.
Бу очерк республика  радиосида  ўзбек, қозоқ, рус тилларида ҳам (Тошкентдан гапирамиз ва кўрсатамиз 10-16 март,1980) берилди ва бу борада  радиотингловчилар, газетахонлар  хат ёзиб  ўзларининг муносабатларини билдирганлар.
Муҳаммаднинг обруйи Институтида, илмий   жамоатчилик  олдида  кундан кунга  ошиб борарди. 1978 йил институт ёш олимлар Советининг раиси, Институт илмий  кенгаши аъзоси  сифатида фоалият  кўрсатабошлади (ЎзФА Ботаника  институтига 30 йил. Тошкен-1982). 
Муҳаммад институт Илмий Кенгаш аъзолари ичида (орқадаги қаторда, чапдан биринчи) энг ёши эди. Шу боис Илмий Кенгашнинг кўпчилик топшириқларини унга буюришарди. 
1980 йилда Ботаника Институти илмий кенгаш аъзоси Александр Бутков Илмий кенгаш бўладиган куни ишга келмай қолди. Илмий кенгашнинг энг ёш аъзоси бўлганлиги учун Кенгаш раиси, Институт директори, академик Жўра Саидов (биринчи қаторда, чапдан учинчи) Муҳаммадни Бутковнинг уйига, уни олиб келиш учун юборди.
        Бутков "Детский мир”нинг орқасидаги уйларда яшар экан. Муҳаммад директорнинг буйруғини етказди унга. Шунда Бутков геморой касали билан оғираётганини, орқасидан тинмай қон оқаётганини айтиб Институтга бораолмаслигинини айтди. 
       Муҳаммад зудлик билан қайтиб келди Институтга. Эшикнинг олдида директор бошлиқ Илмий кенгаш аъзолари кутиб туришган экан. "Қани Бутков?”, деди директор зарда билан. "Бутковнинг орқасидан тинмай қон келаётган экан, шу боис Кенгашга келаолмас экан”, деди Муҳаммад жовдираб. Нимага унинг орқасидан қон оқаётган экан, сабабини билиб келмадингми, деди директор. 

Сурат- 11.Ўзбекистон Фанлар Академияси Ботаника Институти  (НПО "Ботаника") Илмий кенгаш аъзолари

          Сабабини билдим, деди у ва "Геморой” сўзини эсидан чиқариб дудуқланиб қолди. "Гапирсангчи тезроқ, Кенгаш йиғилишини бошлашимиз керак, шундоқ ҳам кеч қолаяпмиз”, деди ўдағайлаб директор. Муҳаммад ҳовлиққанидан: "Бутков менструация бўлибди”, деди.
        Барчаси қоринларини тутиб думалаб қолишди. Анча вақтдан кейин кулгидан ўзларини тутишиб олишди ва: "Бутков менструация бўлаётган бўлса аниқки, ҳомиладор ҳам бўлади у”, деди профессор В.Буригин (биринчи қаторда, чапдан иккинчи), кулги яна давом қилди. 
         Сал тинчишганидан кейин Кенгаш аъзоси Раиса Верник (иккинчи қаторда, ўнгдан иккинчи): "60 ёшдан кейин ҳам менструация бўлар эканми?”, деди. Яна бошланиб кетди кулги... Ўша кунги Илмий кенгаш Бутковсиз, бироқ тўхтовсиз кулги билан ўтди.
1979 йилнинг кузидаёк устози С.Н.Рижовнинг  ташаббуси ва қистови билан "Ўзбекистонинг  табий пичанзор ва яйловларини  ўғитлашнинг илмий асослари” мавзуси  бўйича Муҳаммаднинг докторлик  диссертациясининг  программаси  тасдиқланди (Қишлоқ хақиқати.1.04.1994). Тасдиқланган  программа  бўйича  ҳимоя  1981  йилга  белгиланди.
Муҳаммад бўлса  кеча кундуз тинмай, катта иштиёқ ва кайфият  билан ишларди. Программада  белгиланган  вазифаларни  муддатидан илгари ҳам бажарди. Бечора домласи касалхонада, анча оғир аҳволда  ётган  бўлсада,  диссертациянинг  кўпчилик бобларини ўқиб ўз  маслаҳатларини берган.
   Минг  афсуслари  бўлсинки, кўп ўтмай устози С.Н.Рижов оламдан ўтди. Бу фақат Муҳамад учунгина  эмас, бутун  Иттифоқ (СССР) фани учун ҳам катта йўқотиш  бўлди. Муҳаммад эса диссертацияни ҳимояга тезроқ таёрлаб,  устозининг  рухини шод қилиш   ҳаракати билан банд бўлди.  Ва ниҳоят докторлик диссертациясини ёзиб  тегишли  олим (мутахасисларга)ларга  тақриз учун берди. Ана шундан бошлаб домла унга  нафақат устоз, каттагина суянчиқ ҳам эканлиги ҳис қила бошлади.
  Диссертацияни кўриб  чиққан олим (такризчи)лар бирон-бир арзирли камчилик  кўрсатаолмай, янада  кенгайтирилса, айрим нарсалар қўшимча  ўрганилса  яхши бўларди. Яна икки–уч йиллик қўшимча маълумотлар  бўлса яна ҳам яхши  бўларди, каби сўзлар  билан пайсалга  солабошладилар. 
Муҳаммад бўлса домласининг  дўстлари ва сафдошлари олдига бориб, икки йил олдинги тасдиқланган программа бўйича барча нарсалар ошиғи билан бажарилганлиги, диссертация тайёр эканлигини  айтиб ёрдам сўради.
 Биронтаси  йўқ дейишмади-ю, лекин ёрдамдан ҳам дарак бўлмади.  Яъни " ўзи йўқнинг кўзи йўқ” деган  мақолдагидей бўлди. Кўпчиликлари эса, ука энди 33 ёшга  кирибсан, бу ёшда ҳали номзодликни ҳам ёқлашаолмайди-ку, шошиб нима қиласан. Одамлар докторликни  50-60 ёшда зўрға ёқлашади-ю, дейишарди.
  Айрим ҳасадгўйироқлари эса,  очиқдан-очиқ, суянадигани  кетди (нариги дунёга), энди ёқлаб кўрсинчи,  дейишдан ҳам  тойишмасди. Шундай  қилиб   ғаразгўйлик, домласининг  йўқлиги, ва Муҳаммаднинг ёшлиги  сабаб бўлиб, тайёр диссертация ҳимоясиз қолди.  Диссертацияни 10 босма  табоқ ҳажмдаги рисола  сифатида  "Фан” нашириётида  чоп қилишга  муяссар  бўлди холос.
  Бундай ҳақсизликлардан  Муҳаммаднинг кўнгли чўкиб  қолгандай  эди. Бундай ғаразгўй одамлар билан  бир ҳавода  нафас олиш, уларнинг айримлари  билан ҳар куни рўбарў келиш, буларнинг барчаси унга  оғирлик қиларди. Лекин на чора. . . 

Категория: Адабиёт | Добавил: Horazmiy (2013-11-16)
Просмотров: 1344 | Комментарии: 1 | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 1
0  
1 Horazmiy   (2013-11-16 10:03 PM) [Материал]
Бекорга ИЛМ МАШАҚҚАТЛАРИ дейилмаган экан. 
Ҳақиқатдан ҳам йиғлаб, ҳам кулиб ўқиладиган роман экан.
Роман қахрамонлари, ундаги суратлар ҳаммаси бор гап.
Яшанг муаллиф, қўлингиз дард кўрмасин!
 Хоразмдан Қуромбой Машарипов

dth="100%" cellspacing="1" cellpadding="2" class="commTable">
Исм *:
Email:
Код *:

Сайтлар

  • Мувозанат
  • Янги дунё
  • Озодлик
  • ЭРК сайти
  • ББС сайти
  • Туронзамин

  • Онлайн всего: 1
    Гостей: 1
    Пользователей: 0