Олимнинг Африкага сафари
Африканинг кейинги (1970-1980 йиллардаги) тарихига назар солсангиз, ундаги қатор давлатлар Европа давлатлари колониялигидан озодликка чиқиб, ҳар қайси мустақил бир давлатга айландилар.
Албатта, уларда ўзларини ўзлари бошқариб кетиш салоҳияти ва имконияти йўқ эди. Шу боис улар кимнингдир ёрдамига муҳтож эдилар. Ривожланган капиталистик давлатлар уларга текинга ёки арзонга ёрдам беришга хуши йўқ эди. СССР эса пайдо бўлган бу янги давлатларни ўзига оғдириб, социалистик давлатларни кўпайтириш учун уларга дўстона (текин) ёрдам қўлини чўзди. Бундай давлатлар "Социалистик йўналиш(фикр)даги давлатлар” деб атала бошланди.
Сурат-1. Мозамбик Республикаси Президенти Самора Машель рафиқаси - Граса Машель билан
Шундай мамлакатлардан бири 1975 йилда Португалиянинг колониясидан озодликка чиққан Мозамбик ҳалқ республикаси эди. СССРнинг бўлғувчи дўстларидан бири сифатида Мозамбик президенти Самора Моизес Машель (сурат-1) 1980 йилда Москвага – Л.Брежневнинг олдига келди. Унга керак ёрдамларнинг биттаси издан чиққан пахтачиликни тиклаш бўлган.
Шу боис Брежнев уни Ўзбекистонга – Ш.Рашидовнинг олдига йўллайди. Буларга "Комиссар Жю” (Фантомас филмидаги қаҳрамонлардан бири) деб танилган, ўша даврдаги Ўзбекистон мелеорация ва сув хўжалиги вазири Исмоил Жўрабеков ҳамроҳлик қилган.
Самора Машелни Янгийул районидаги пахта экадиган совхозларга оборганда у пахтани ва дехқончилик маданияти кўриб қойил қолган. Кейин унга шу ғўза ва агротехниканинг ижодкори бўлган СоюзНИХИ (ҳозирги Ўзбекистон пахтачилик институти)ни кўрсатишган. Бу ерда унинг таъсуроти янада кўчайган ва Рашидовдан унинг мамлакатида ҳам пахтага ихтисослашган бирнеча гос(сов)хоз ва пахтачилик бўйича илмий марказ ташкил қилишга кўмак сўраб контракт тузишган.
Бу иш И.Жўрабековга топширилади. Шу тариқа Мозамбикда пахтачилик институтини ва пахтачилик хўжаликларини ташкил қилиш ва унда ишлаш учун мутахасислар танлана бошланади.
Чет элда (айниқса социалистик бўлмаган мамлакатларда) ишлаши керак бўлган мутахасислар асосан 2 та критерия бўйича: 1-Мутахасис сифатидаги салоҳияти ва, 2-КГБ талабига жавоб берадиган сифатлари бўйича танланар экан.
Пахтачилик институти учун танланаётган олимлар ичида Муҳаммаднинг ҳам номзоди бор эди. Вазирликнинг кадрлар бўлими бошлиғи отставкадаги КГБ подполковниги эканини КГБда ишлайдиган битта танишидан билган.
Бир суҳбатга борганида Муҳаммаднинг номзодлар рўйхатига кўзи тушиб қолди. Битта агрохимик ўрнига 5-6 та киши бор экан. Улардан кўпи пахтачилик соҳаси олимлари бўлиб ёши ва салоҳияти жиҳатидан ундан анча устун олимлар эди.
"Булар бор жойда менга йўл бўлсин”, деб Муҳаммад Мозамбикга кетишдан умидимни узганди. Уларнинг ҳаммаси қолиб, айнан Муҳаммад кетди чет эл(Мозамбик)да ишлашга. Кейин маълум бўлишича улар кучли мутахасис бўлгани билан КГБ элагидан ўта олмай қолишган экан.
Шундай қилиб, Муҳаммад (сурат-2) инжинер-агрохимик сифатида , Зохид ака Одилов ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича, Славик Жўраев инженар-механик, Йўлдош ака Икромов селекция ва уруғчилик бўйича, Йўлдош ака Хусанбоев агротехник, Георгий Хўжаев тилмоч сифатида Мозамбекнинг Нампула вилоятида пахтачилик илмий марказини ташкил қилиш учун, 1981 йил, 9-сентаябрь куни, ТУ154’’Б’’ самолётида Тошкент-Москова-Одесса-Қоҳира-Аден-Жбути-Дарэссалом-Мапуто-Бейра-Нампула маршрути бўйича учиб, манзил(Нампула)га 27 соатда етиб боришади.
Бу самолёт ҳалқаро рейс экани сабаб, Москвадан, Одессадан Африка давлатларига борадиган талаба ва ишбилармон негрлар ҳам минишди. Уларнинг барчаси рус тилида яхши гапирар эдилар. Буларнинг олимлар эканларидан, Мозамбикда пахтачиликни ривожлантиришнинг илмий асосларини яратиш (африкаликларга йўл кўрсатиш) учун бораётганларидан хабар топишгач, буларга роса ҳавас қилишарди.
Самолёт ҳар 3-4 соат учиб, бир шаҳар (давлат)га қўнганида ўша давлатнинг овқати ва меваларини беришар экан. Самолёт Қохирадан кўтарилганидан кейин, овқат билан бирга биттадан банан ҳам беришди. Самолётдаги Ўзбекистонлик олимларнинг кўпчилиги чет элга биринчи бор чиқаётганлиги, Ўзбекистонда эса банан деган нарсани умуман кўрмаганлиги сабаб, уни қанақа ейишни билмай, гаранг бўлиб ўтиришарди.
Сурат-2. Инженер-агрохимик, Сеньёр Муҳаммад
Кутилмаганда, Йўлдош ака Икромов атрофида ўтирган негр йўловчилар, Йўлдош аканинг банан ейишига ишора қилганларича: "Манаву олимларни қаранглар, бананни қандай ейишнида билишмас экан. Ҳатто Африкадаги маймунлар ҳам бананни пўстлоғи билан емайди. Буларнинг Африкаликларга ақл ўргатгани бораётганига ўласизми”, дейишиб, ер тепиб кулабошлашди Қарашсаки, Йўлдош ака бананни пўстлоғи билан бирга еяётган экан.
10 сентабрь куни Мозамбикнинг пойтахти бўлмиш Мапуто (аввалги Лоренсу-Маркиш) шаҳрига бориб қўндилар. Бу шаҳарда ҳалқоро "Фасим” (ярмарка) бўлаётгани учун буларга меҳмонхона етишмайди ва буларни Мапутодан 72 км жанубга, ЮАРнинг шундоқгина ёнгинасида жойлашган кичкина бир шахарчадаги Либомбош меҳмонхонасига жойлаштиришди.
Бу ерга келганлардан биронтаси португал ёки испан тилини билишмайди. Тилмоч бўлиб келган Георгий бўлса бундан 8 йил олдин испан тилини сиртдан бир амаллаб битиргану, шу кунгача ресторанда ашуланчи бўлиб ишлаган. Бир кун ҳам тил соҳаси бўйича ишламаган. Тил бўйича бошқа мутахасис бўлмаганидан (португал тили бўйича мутахасис таёрлайдиган ўқув юрти жуда кам бўлган) унинг ҳужжати (дипломи)га қараб ноилож жўнатаверишган. Чунки Испан ва Португал тиллари рус ва беларус тилларига ўхшаб бир-бирига яқин.
Ўзбек олимлари бу ерда Фасим тамом бўлгунча (сал кам бир хафта) туришди. Ҳар куни эрталаб нонушта қилганларидан кейин бирон томонга сайр қилишга кетишади, тушдан кейин эса бошқа тарафни сайр қилишади.
Шу аснода, бир куни эрталаб, ҳарбий кийимдаги 4-5 қуролли одамлар қўриқлаб турган "КОНТРОЛ” деб ёзилган жойга бориб қолишади. Шу жойдан 300-400 метр нарироқда бир кичкина, лекин чиройли шаҳарча кўриниб турар, булар эса уни сайр қилиш иштиёқида, ҳалиги ҳарбий йигитлардан имо-ишора билан рухсат сўрашади.
Анча бақт бир-бирларини тушунмай қийналишади. Ва ниҳоят, чегарачи йигитлар биттларининг соатини, бошқа битталарининг фотоапаратларини гаровга олиб ( чунки ҳеч биттасининг ёнида биронта хужжат йўқ эди) имо-ишора билан бир соатга қўйиб юборди.
Совет олимлари бу чиройли шаҳарчанинг у кўчасидан бу кўчасига ўтиб, бирнеча соат ўтиб кетганини ҳам билмай қолишди. Орқага қайтиб кетай дейишса адашиб қолишди. Йўл сўрашга ҳеч биттаси тил билмайди. Шу аснода, иккита полициячига учрашиб, биз СССРдан(Sovetiko)миз деб имо ишора билан тушунтиришган ҳам эдики, полициячиларнинг кўзлари ола-кула бўлиб кетди.
Дарҳол рацияларида машина чақириб, уларга қамақхонанинг машинасига чиқишни ишора қилишди. Булар имо ишора билан: "Бизни қаерга олиб кетмоқчисизлар?” деб сўрашди. Улар бўлса қўлларини панжара қилиб "Қамоққа!”, деб тушинтиришди. Булар эса машинага чиқишдан бош тортиб, биз буюк СССРдан келган коммунистлармиз. Аввал партиядан ўчирмасдан туриб қамашга ҳақларингиз йўқ, қамоққа эса сизларга ўҳшаган капиталистларни тиқиш керак, дейишди.
Шу ерда йиғилиб қолган одамларнинг башараси бирданига жиддийлашиб, уларга бармоғини ўқталганлаича бир-бирига қараб "коммунист!, коммунист!” дейишарди. Ҳалиги полициячи эса худдий хафли душманни кўргандай, қуролини чиқарганича машинага чиқишни ишора қилиб, бир дўқ қилган эди, Абдуманноп ака (у табиатан қўрқоқ одам эди) машинага югириб чиқди. Худдий шу пайтда, ҳарбийларнинг машинасида, ҳалиги буларни ўтказиб юборган иккита ҳарбий ва ва учта рус кишилар келиб қолди. Улар полициячилар билан алланарсалар деб бақириб-чақириб тортишидиларда уларни машинага ўтқазиб тўппа-тўғрии Мапутога олиб келишди.
Уларни элчихонага обориб роса сўкишди, орқасига қайтариб юборишларига сал қолди. Кейин билсалар, улар Жанубий Африка Республикаси (ЮАР)га ўтиб кетишган экан. Ўша давр сиёсий аҳволига назар солсангиз, Исроил, ЮАР каби далтлар наздида СССР, коммунист деган гаплар ниҳоятда жирканч ҳисобланарди.
Мапуто шаҳрида улар 2 кун "Кардоза” меҳмонахонасида туришди. Кейин уларни "Боинг 707” самолиётида Нампула шаҳрига жўнатишди. Бу ерда эса уларни "Партидо” меҳмонхонасига (социалиистик мамлакатдан келганлари учун бўлса керак) жойлаштиришди. Бу меҳмонхонада Куба, Хитой, Чехословакияга ўхшаш давлатдан келган мутахасислар ҳам турарди. Бу меҳмонхонада ҳам ўн кунча турганларидан кейин, ҳар битталарини битта уйга жойлаштиришди.
Муҳаммад Макомбе кўчасидаги 9-уйда жойлашди. Биринчи қаватда турган қўшниси Абдурахмон, 50 ёшларидаги маҳаллий қора танли киши бўлиб, 60 йилларнинг бошларида Портагулия терма командасида (Эйсабио билан) футбол ўйнаган машхур футболчи эди. Бу қўшни хозирда бир Емпреза (Давлат кархонаси)да ишларди.
2-3 ойлардан кейин Муҳаммаднинг рафиқаси ва 3 ёшли қизи Нодира ҳам келишди Мозамбикга. Уларнинг фарзанлари қўшниларининг фарзандлари билан бирга ўйнашарди.
Нодира 2 ҳафта ичида португал тилида бемалол гаплашадиган бўлди. Натижада Ўзбекистондан келган мутахасислар ва уларнинг рафиқалари бозорга ёки магазинга боришадиган бўлса 3 ёшли Нодирани таржимон сифатида қўлларида кўтариб кетишарди. Айрим кунлари "таржимон” учун навбатда ҳам туришарди. Шу тариқа бу 3 ёшли таржимон ҳақида бутун шаҳар биладиган бўлди.
Нодира бу ердаги маҳаллий болалар билан ўйнаши натижасида ерли аҳолининг маҳаллий тили бўлмиш Макуа тилинида ўрганиб олибди. Унинг Макуа тилидаги суҳбатилари Мозамбик радиосидан тез-тез берилабошланди.
Нампула вилояти Губернатори йўлдан ўтаётган пайтлари машинасини секинлаштириб, Макуа тилида: "Сайҳали, Нодира!” (Қалайсан, Нодира) деб сўрашар, Нодира ҳам соф Макуа тилида: "Салама, Сеньёр Губернатор!” (Саломат бўлинг жаноб Губернатор) деб унинг билан сўрашарди.
Мозамбик маданият министри Граса Машел (Мозамбик президенти Самора Машелнинг рафиқаси) бирнеча марта Муҳаммаднинг Мозамбикда яшаётган уйига келган ва 3 ёшли Нодира билан Макуа тилида суҳбатлашган. Уларнинг суҳбати Мозамбик радиосидан кунда-кунаро бериларди.
Шу тариқа, 3 яшар Нодира, Мозамбикка келганидан кўп ўтмай одамларнинг ақлини лол қолдирадиган ҳаракатлари билан Мозамбик радио ва газеталаридан тушмай қолди. Унинг орқасидан "Нодиранинг отаси”, деб Муҳаммаднида катта-кичик танийдиган бўлди.
Унинг фавқулотда кучли қобилияти Италиядан келган католик миссионерлани ҳам қизиқтириб қолган. Улар Муҳаммаднинг уйига келиб: "Нодиранинг бу қобилиятини тарбиялаш керак. Ундан машҳур одам чиқиши мумкин. Бизга бирнеча йилга беринг уни, Италияга олиб кетиб тарбилаймиз”, деган. Муҳаммад бунга рози бўлди, бироқ онаси рози бўлмади.
Ундаги қобилят 5 ёшидан кейин сўнабошлади. Мактабни синифидаги энг паст ўқувчилар қаторида битирди. Натижада биронта ўқишга кираолмади. Шунда онаси, уни Италияга бирнеча йилга берсак бўларкан, деб афсус қилиб юрди.
Сурат-3. Муҳаммад Мозамбикдаги полвонлик чиқишларида-1983
Муҳаммад Нампулада жойлашганидан бир ҳафта ўтар-ўтмас, эски полвонлик касали тутиб, турли хил темир-терсаклар билан полвонлик машқларини қилабошлади. Маҳаллий ёшлардан унга шогирдлар келабошлади. Бир йил ҳам ўтмай айрим тадбирларда полвонлик чиқишларини қилиб (сурат-3), олқишлар олабошлади ва уларнинг бу фаолияти Мозамбик матбуотида ҳам ёритиб турилди.
* *
*
1981 йил, 19-сентабрь куни, Напула шаҳрининг шарқида жойлашган агрономик станция (Posto agronomika) базасида пахтачилик илмий марказини ташкил қилиш ниятида, биринчи марта ташриф буюришди. Бу станцияда 40 гектар ер, кичкина метеостанция, битта тўрт ғилдиракли чопиқ трактори, кичкина идора ва 2-3 та бир қаватли уйлар бор экан.
Ерлари ҳам ҳар хил катталик(0,01-2,5 га)даги ва шаклдаги далалардан иборат. Идораси ва уйларининг олди деарли ташландиқ аҳволда эди. Қисқа фурсат ичида Й.Хусанбоев ташаббуси билан буларнинг олдиларини гулзор қилдилар.
Булар ташкил қилаётган пахтачилик илмий марказида Муҳаммад агрохимия ва ўғитлар бўлимига раҳбарлик қиларди. Бу бўлимда, СССР, Буюк Британия, Ҳиндистон, Мозамбик каби 8 та мамлакатдан давлат ва хусусий контракт билан келган 11 та тадқиқотчи ўғитлар қўллаш билан боғлиқ барча ўсимликлар (пахта, маккажўхори, табий фитоценозлар, мандёка, ер ёнғоқ ва бошқалар) билан тадқиқотлар олиб бордилар. Кўп ўтмай тадқиқот методикасидаги келишмовчиликларт боис хусусий контракт билан келган Филип Вудхауз, Жайн Рендли каби олимлар бўлимни тарк қилдилар.
Шунингдек бу бўлим мамлакат (асосан Нампула вилояти)нинг асосий тупроқ типлари, уларнинг морфологик тузилиши ва агрохимиявий хоссаларини ўрганиш билан ҳам шуғулланарди.
Авваллари (булар келгунча) бу ерларда пахтадан ўртача гектарига 5-7 центнер ҳосил олганлар, барча агротехника қўл кучига асосланган бўлган. Чунки бу ерда инсон меҳнати энг арзон ишчи кучи ҳисобланади. Булар Ўзбекистон фани ва агротехникасини қўллаб ҳосилдорликни ўртача 26-27 центнергача етказдилар.
Шуни таъкидлаш керакки, Муҳаммад контрактда белгиланган ишларидан ташқари ўзининг ташаббуси бўйича Мозамбикдаги табий ўтлоқ ва яйлов(фитоценоз)лар билан ҳам тадқиқот ишларини олиб борди. Бу ердаги ҳар бир провинцияда бир неча чорвачилик комплекслари бўлиб, уларнинг ҳар қайсисига 500-700 гектар яйлов беркитилган экан.
Бу яйловларнинг бир қисмига ўғит ҳам солишар экан. Лекин бу ўғитлаш биронта кўрсатма ёки тавсияга асосан ўтказилмаганлиги сабабли, далаларда чорва учун зарур бўлган дуккакли ўсимликлар йўқолиш арафасига келиб қолган.
Умуман, бу ерда табий фитоценозга ўғитлар қўллаш бўйича биронта тадқиқот қилинмаган. Шу боис ҳам тадқиқот ва тавсиялар катта аҳамият касб эта бошлади.
Бу ерда ишлаётган ҳар битта олимга 2-3 маҳалий йигитларни беркитиб беришди. Улар малумоти бўйича 4-5 синфга эга бўлиб, ўқиш-ёзишни билар, тадқиқот бўйича берилган топшириқлар(ўлчаш, санаш каби)ни бажаришни ўрганар эдилар. Шундай ёрдамчилардан Муҳаммадда ҳам Кардоза Жозе, Юсуф Аврелью, Жуаунг Мутете каби ёрдамчи(шогирд)лар бор эди.
Марказ директори Филомена Майоре илтимосига биноан, Муҳаммад ғўза селекцияси бўйича ҳам бешта нав, бешта комбинация бўйича селекция ишларини ҳам олиб борди ва F2, F3 авлод гибридлар олишга муффақ бўлди.
Сурат-4. Ғўза селексияси борасидаги тадқиқотларда
Олиб борилаётган ҳар бир тажриба бўйича илмий маказ идораси яқинида кичкина майдонда (бир қайтарилишда) ишлаб чиқариш ва давлат раҳбарларига тушунарли бўлиши учун кўргазмали тажрибалар ҳам қўйилди (сурат-4).
Бунда Ўзбекистоннинг Тошкент-1, 108-Ф, 149-Ф, Мозамбикнинг REMU-40, А-637-319, А-89FM каби ғўза навлари ва уларни чатиштириб олинган F1 авлод дурагайлар намойиш қилинган. Бу дурагайларнинг айримларида жуда кучли гетрозислар намаён бўлган. Яъни у дурагайнинг ҳосили унинг отаси (108-Ф), ва онаси (REMU-40) ҳосилидан ҳам жуда юқори бўлди. Албатта шундай бўлиши табий ҳол эди.
Чунки ғўзанинг узоқ авлодларини чатиштиришдан ҳосил бўлган дурагайлар айниқса F1 авлодида кучли гетрозисликни намаён қилиши мумкин.
Ўзбек олимларининг тадқиқотларини кўриш учун мамлакатанинг сиёсий ва давлат раҳбарлари, олимлар ва ишлаб чиқариш вакиллари, ҳатто чет эл (кўшни) давлат раҳбарлари ҳам тез – тез ташриф буюриб турардилар.
1983 йил 8-май куни ўзбек олимларининг тажрибалари билан танишиш учун мамлакат президенти С.М.Машель ташриф буюрди. Кўргазмали тажрибаларни кўздан кечириб келаётиб Муҳаммаднинг селекция бўйича ўтказаётган тажрибалари олдида тўхтади ва бунинг эгаси ким деб сўради. Мен деб жавоб берди Муҳаммад ва бу тажрибанинг мохиятини тушунтира бошлади.
Президент шартта тўхтатди Муҳаммадни ва гетрозислиги кучли намаён бўлган F1 авлод бир туп пахтани қўпориб олдида, уни баланд кўтариб, ундаги пахта чаноқларини санади. Ҳар бир чаноқдаги пахтанинг оғирлигини ўртача 3 грамм деб ҳисоблаб, уни бир гектардаги туп сонига кўпайтириб, 72 центнер чиқарди ва оммавий ахборат воситалари вакилларига юзланиб: "Ёзинглар, Совет олими доктор Муҳаммад, Мозамбикда пахтачилик муамосини ҳал қилди”, деди.
Муҳаммад жон ҳолатда унга бу ҳали нав эмас, дурагий холос, унинг гетрозислик хусусияти F2, F3 ва кейинги авлодларда камайиб кетиши мумкинлигини куйиниб тушинтиришга харакат қилди.
Афсуски, Президент Муҳаммаднинг гапига қулоқ ҳам солмади. Эртасига Мозамбик радиосида ва барча газеталарида, шунингдек, Танзания, Лесота, Свазеленд каби қўшни давлатлар газеталарида ҳам "Совет олими яратган пахта – Мозамбикда пахтачилик муамосини ҳал қилди” деган шов-шувлар билан тўлиб кетди.
Муҳаммад СССРнинг Мозамбикдаги фавқулотда ва мухтор элчиси, Юрий Цепелёвнинг олдига бориб, энди нима бўлади ахир, буни эшитган (айниқса Ўзбекистонлик олимлар), И.Жўрабеков, Т.Камалов каби раҳбарлар нима дейишаркин деб хавотир олаётганини айтди.
Элчи бўлса, хижолат бўлманг, биринчидан сиз газетада ёзилган нарсаларни айтганингиз йўқ, бунда биз ҳам бор эдик. Иккинчидан бу мамлакат президенти бизнинг Хрушёвга, Кубанинг Кастросига ўхшаган ҳовлиқмароқ эканлигини билишади, деб Муҳаммадни тинчитди.
Сурат-5. Нельсон Мандела ва Граса Машель
Шундан кейин бу ерга, давлат раҳбарлари, чет эл делегациялари тез-тез келиб тажрибаларни кўрадиган бўлишди. Энг кўп келадиган, Мозамбик маданият министри, Самора Машелнинг рафиқаси – Граса Машель эди. У ҳар келганида Муҳаммаднинг уйигада борар, Хоразмча паловни, 3 ёшли қизи – Нодира билан суҳбатлашишни хуш кўрарди.
Самора Машель ўз самолёти(Ту-134)да бахтсиз ҳодиса сабаб, оламдан ўтганидан кейин, бева қолган Граса Машель, Жанубий Африка Республикаси Президенти Нельсон Манделага турмушга чиқди ва улар ҳозирда ҳам умргузонлик қилишмоқда (сурат-5).
* *
*
Аввал айтганимиздей, 720210500 контракти бўйича Нампулада пахтачилик илмий маркази ташкил қилиш билан бирга, Нампула вилоятининг Намяло районида (Нампула шаҳридан 110 км шимолий шарқда) Тўйтепалик Муҳаммадолим Убайдуллаев агроном бўлган Мезерепани, Фарғоналик Абдусамад Жакпаров агроном бўлган Метошерия давлат хўжаликларида ҳам ишлар яхши йўлга қўйилган эди.
1981 йил 12 ноябрда, КПСС МК сиёсий бюроси аъзолигига номзод, Ўзбекистон Компартияси МК биринчи котиби Ш.Р.Рашидов бошлиқ СССР хукумат делегацияси Мозамбикка келди. Делегацияга аъзоси бўлмиш, Ўзбекистон сув хўжалиги вазири И.Жўрабеков кўрсатмасига асосан Мезерепани давлат хўжалигида пахтани Ўзбекистон технологиясида (механизация билан) экиш бўйича семинар–кўрик қилиш учун 50 гектар ерни тайёрладилар.
Мезерепанига кираверишда, йўлнинг устига эни 80 см, бўйи 10 метр бўлган қизил алвонга "Хуш келибсизлар” деб ёзиб, йўлнинг четидаги иккита дарахтга илиб қўйдилар. Маҳаллий негрлар йиртиб олмасин учун, қоравул ҳам тайинладилар. Бир сўз билан айтганда, дабдабалар 80-йилларнинг талабига тўла жавоб берарди.
Делегаци Мезерепанига яқин келганда ЧП содир бўлди. Не кўз билан кўрарсизки, ҳалиги "Хуш келибсиз” деган алвонни қўйилган қоравулларнинг бўшлигидан фойдаланиб, маҳаллий негрлар йиритиб олиб, ҳар биттаси 1-1.5 м дан юбкага ўхшатиб тақиб олишибди. Кўпларининг ҳар биттасига битта харф ёзилган бўлаги тўғри келган. Улар йўлнинг икки четида, делегацияни кутиб олувчилар орасида чопиб юришарди.
Буни кўрган Исмоил Жўрабеков буларни қойий бошлади:- Нимага буларни йўлнинг бир четига тартиб билан тизиб қўймадингизлар. Жонли шиор дегани шунақа бўладими. Жўрабеков биз бу алвонни бўлак-бўлак қилиб, ҳар биттасига битта ҳарф ёзиб, уларни бу маҳаллий аҳолига кийдириб қўйган, деб ўйлаган.
Рашидов бошлиқ делегация келишдан 2-3 соат олдин тайёргарликнинг аҳволини кўриш учун келган И.Жўрабеков далага келиб фиғони осмонга чиқиб кетди:
-Сизлар қанақа олиму-мутахасиссизлар, қайси деҳқон пахта(чигит)ни сифат моласиз экади? Сизларнинг бу ишингизни делегация (айниқса Ш.Рашидов) кўрса шарманда бўласизку!
Булар эса унга, бу ер Африка, унинг тупроғи, иқлими, шунга боғлиқ равишда агротехникаси ҳам биздан кескин фарқ қилади. Агар шу шароитда мола босилса тупроқ усти зичлашиб қолади. Бу тупроқларда темир моддаси кўп бўлганлиги учун ёмғирдан кейин, бу тупроқ қотиб, футбол майдонига ўхшаб қолади.
Қуёш радияцияси таъсирида тупроқ ости харорати 70-80 градусидан ҳам ошиб кетади. Ҳаво алмашиниши эса йўқ даражага тушиб қолади. Натижада чигит чириб қолади, ёки кўкараётган куртаги ҳам куйиб кетади, деб тушинтиришлари фойда бермади.
Ва ниҳоят, сифат мола босиб, 50 гектар ерга механизмлар билан пахтани экиб, кўрик-семинар қилишди. Бундан делегация аъзолари хурсанд бўлишган бўлса, маҳаллий дехқонлар ҳайрон бўлишди. Журналистлар бўлса гоҳ Мухаммадолимдан гох, маҳаллий мутахасислардан интервью олишарди.
Пахтани экиб бўлар-бўлмас кучли ёмғир ёғиб ўтди. Ҳалиги минстирнинг мажбурий кўрсатмасига биноан экилган 50 гектар майдонда бир туп ғўза ҳам кўкармади. Буни қанча харажат сарфлаб бузиб экишга тўғри келди. Ҳар қалай олимлар ҳақ чиқди.
Икки хафтадан кейин бу кўрик семинар ҳақида португалия, ЮАР каби давлатларнинг газеталарида "Совет министирининг тавсияси ва натижа” сарлавҳаси остида танқидий материаллар босилди. Шундан кейин юқоридан келган турли ҳил ёшуллилар томонидан бу ерда ишлаётган мутахасисларнинг ишига билар билмас аралашишга чек қўйилди.
Мозамбикдаги Ўзбек Совет мутахасисларининг ишини кўриш учун 1983 йил май ойида Ўзбекистон Компаряси МКнинг қишлоқ хўжалик бўйича секретари Эрежеп Айтмуратов бошчилигида ҳукумат делегетцияси ташриф буюрди.
Делегецияни кузатув (хайрлашув) мажлисида, Э.Айтмуратовнинг кўрсатмасига биноан қўшимча мажбурият оламиз, деб ҳам "тарвуз тушириб” қўйдилар. Яъни Иттифоқдаги "эски касаллари” тутиб барча маҳаллий раҳбарлар ва журналистлар иштирогида: "Бу мўътабар делегециянинг ташрифи муносабати билан пахта ҳосилдорлигини яна 4 центерга оширамиз” (яъни хосилдирликни контрактда белгиланган 17 центдан 21 центнерга еткизамиз) деб қўшимча мажбурият ҳам олдилар.
Шуниси қизиқки, бу пайтда пахталар очила бошлаган бўлиб, пахта ҳосилдорлигини ошириш учун бирон-бир агротехник тадбир ўтказишга кеч бўлган эди. Бунинг устига бу йил ёмғир камроқ бўлиб, ҳосилнинг чўғи режа (17 центнер)дан ҳам камроқ эканлигини билардилар. "Жўжани кузда санайдилар” дегандай, ҳосилни териб ғалвирни сувдай кўтарганда хосидорлик 13 центерга тушиб, олинган қўшимча мажбуриятни тескарисига бажарганлари маълум бўлди.
Бу ҳақда чет эл газетлари: "Ҳосилдорликни оширишнинг янги - қўшимча мажбурият усули” номли сарлавҳаси билан ёзилган материаллар ичида "яхшиямки Ўзбекистон Компартияси МК сектари келди, агар КПСС МК секретари келганда улар шарофатига ҳосилдорликни 8 центерга оширишга қўшимча мажбурият қабул қилишиб, кузда ҳосилдорликни 17 центеридан 9 центерга туширишлари ҳеч гап эмас экан” деган гаплар ҳам бор эди.
1983 йил сентябрдан Мозамбикда сиёсий ва ҳарбий аҳвол кескинлаша бошлади. Ҳукуматга қарши бўлган ҳарбий кучларнинг фоалияти кучайди. Кўп район марказларида, қишлоқларда, ҳатто Нампула шаҳри чеккаларида ҳам босмачи тўдалар тинч аҳолини, давлат хизматчиларини кўплаб ўлдира бошладилар. Кўчаларда, йўлларда юриш ҳам нотинч бўлиб қолди. 28 та Совет геологларини ўғирлаб кетишди, улар 8 ой тутқинликда юриб бир қанчаси нобуд ҳам бўлдилар. Булар ҳақида ўша даврда "Известия” газетаси ҳам ёзган эди.
Шу муносабат билан аёллар ва болаларни, кўпчилик мутахасисларни ҳам Ватан (Ўзбекистон)га қайтариб юбордилар. Напула шаҳрида қолган барча мутахасисларни 12 қаватли (оқ уй деб номланган) катта бир бинога тўплашди. Бу бино қуролли ҳарбийлар билан қўриқлана бошланди.
Мамлакатда шундай нотинчлик кучайган бир пайт(1984 йил июнь)да Ўзбекистон Компартияси МК идеология (мафкура) бўйича секретари, Раъно Абдуллаева бошчилигида ҳукумат делегацияси ташриф буюрди. Делегация аъзолари тушган машиналар ҳарбий бронотранспортёрлар ва кўп сонли ҳарбийлар билан қўриқлаб юрилди. Ҳарбийларнинг катта клубида, Нампулада яшаётган барча социалистик мамлакатлар мутахасислари ишторигида, делегация келишига бағишланган катта йиғилиш бўлди.
Бу йиғилишда Р. Абдуллаева рус тилида, бир ярим соатча маъзура қилди. Маъруза шунчалик таъсирчан ва кучли бўлдики, ҳатто СССРнинг бу ердаги элчиси Ю.Цепелёв: "Руслар, ўзбеклардан ўрганинглар рус тилида маъзура қилишини” деганини ўзи ҳам билмай қолди.
Р. Абдуллаева эртаси куни бу ердаги Ўзбекистонлик (бу пайтда 10-12 та мутахасис қолганди) мутахасислар билан яккама-якка, батафсил суҳбатлашди. Шуниси ҳайрон қоларли бўлдикки, ҳар биттасининг уйидан бирон хабар (хатто кичигроқ совға ҳам) олиб келган эди.
Шундай нотинч ва оғир шароита, юртимиз обрўси учун қилаётган ишларига ЎзКП МК ва Ҳукумати номидан миннатдорчилик билдирди. Қўлини дуога очиб Қуръон оятларидан тиловат қилиб: "Аллоҳ сизларни ўз паноҳида асраб, омон-эсон она ватанларингизга боришни насиб айласин, омин, Оллоҳу акбар” деб дуо қилди.
КПСС МКдан унга ҳамрох бўлиб келган маъсул партия ходимлари, Мозамбик ФРЕЛИМО партиясининг секретари, провинция губернатори (улар ислом динида бўлмасалар ҳам ) беихтиёр, булар билан дуога қўл кўтариб "омин” дейишди. Улар дуога қўшилишга қўшилишдию, бир-бирларига қараб "сеҳирланиб қолдикми” дея ҳайрон бўлишди. Балки, бу ҳам Қуръони карим оятлари сеҳирли кучининг исботи бўлса ажаб эмас.
* *
*
Муҳаммад Африкада айрим саргузаштларнида бошидан кечиришга, кўришга, эшитишга муваффақ бўлди. Шундан айримларини келтириш фойдадан ҳоли бўлмас деб ўйладик:
Илмий марказда иш бошлаганларига ҳали бир ҳафта ҳам бўлмаган эди. Тилни ҳали яхши билмагани учун маҳаллий аҳоли билан гаплашоалмайди, оила ва Ватан соғинчи. Муҳаммад диққат бўлиб ручкани столга қўйди-да ташқарида бир пас айланди.
Сурат-6. Кобра билан юзма-юз
Иккала қўлини шимининг чўнтагига тиқиб, ҳаёл билан ерга қараганча қайтиб хонага кириаётиб, остонага энди яқинлашган эди, қаттиқ вишшиллаган товуш ҳаёлини бузиб юборди. Шундоққина остонада бўйи сал кам 3 метрлик кобра ердан бошини ғоз кўтариб, унга ғазаб билан қараб турарди (сурат-6).
Илонлардан қўрқмаслиги, уларни қўлида тутиб юрган бўлсада, унинг важоҳатидан тарашадей қотиб қолди. Салгина қимирлаш ўлим билан баробар эканлигини билгани учун, қўлларини чўнтагидан ҳам чиқармай ён томонда ўсиб турган сизалларнинг устига ўзини отди, ва у ердан турасолиб қочди.
Сал узоқроқда юрган маҳаллий одамлар югуришиб келиб, Сенёрь нима бўлди, деб унга ёрдамга шошилдилар. Чунки усти-боши қора қонга беланган эди. Сизаль япроқларининг учи жуда ўткир ва қаттиқ бўлиб улардан бирнечалари баданларига кириб кетган экан.
Малум бўлишича Муҳаммад хонадан чиқиб кетгач, ҳалиги баҳайбат кобра хонага кириб, қайтиб чиқиб кетаётган экан. Шундай кейин хоналарнининг деразаю эшикларини ёпиб юрадиган бўлдилар.
Муҳаммад тез-тез иш юзасидан, бошқа хўжаликларга бориб юрарди. Бир куни дарёнинг бўйидан ўтиб келаётиб, дариёнинг ичида оғзини катта очиб турган гипопотомга кўзи тушди. Унинг оғзига қушлар кириб тишларини тозалаб чиқишарди.
Машинадан тушди-да, дарё бўйига бориб, сувдан қўлини ювганича ҳалиги ҳайвонни томоша қилиб ўтирарди. Бирданига шофёри Хасаний ҳаяжон билан: "Сеньёр!” деб бақириб, қўли билан сувга ишора қилди. Қараса, жуда катта бир тимсоқ секингина у томонга сузиб келаятган экан. Баҳайбат тимсохнинг икки кўзидан бошқа ери кўринмасди. Муҳаммад жон ҳолатда юқорига қараб югурди. Тимсоқ эса ўзини унга қараб отган. Шофёрнинг айтишига қараганда, унинг Муҳаммадни ушлаб олишига атига ярим метр қолган экан.
Сурат-7. Муҳаммад ваҳший илон (питон) териси ва шу илонни ўлдиришда ишлатилган, (қора дархтдан ясалган) қилич билан
Тажриба даласидаги пахталар ғунчалай бошлаган эди. Ёрдамчилари Кардозо Жозе ва Жуаунг Мутетелар билан тадқиқот ишларини олиб борарди. Тажриба даласининг шундоққина ёнгинасида қишлоқ хонадонлари жойлашган эди. 8-10 ёшларидаги 4-5 та болалар чангалакзор ичидаги сўқмоқдан ховлиқиб чиқиб, битта уйнинг қаршисига бориб ўз маҳаллий (макуа) тилларида алланарсалар деб қичқиришди. Шу уйдан битта аёл чиқиб ярим минутча ох-вох деди-да, хеч қиси йўқ деганича уйига кириб кетди. 6 дақиқа ўтар-ўтмас бировлар билан кулишганча қаёққадир жўнаворишди.
Маълум бўлишича, бу болалар бошқа қишлоқдан чангалакзордаги сўқмоқлар орқали уйларига қайтаётишганида шу аёлнинг ўғлини катта бир питон (илон) ютиб юборган. Бошқалар қочиб келишиб воқеани у боланинг онасига айтиб беришса у фарзанди учун бор-йўғи ярим минутча куюнди холос. Мозамбикли ҳалқлар орасида қон босими, юрак касалликлари, асаб касалликлари каби хасталиклар кам бўлишининг сабабини тушунгандай бўлдик.
1984 йил январь ойининг охирлари эди. Кундуз соат ўн яримлар чамаси Муҳаммадлар тадқиқот ўтказаётган даладан сал 100-150 м нарироқда, бирданига қий-чув бўлиб қолди. Воқеа бундай бўлган экан:
Иккита аёл ўзларининг энди ўтирадиган болаларини чангалакзор(жунгли)нинг ичидаги даланинг четига ўтқазишиб, ўзлари мандёка кетмонлаб юраверишган. Бу иккита болакай, ҳар галгидай ўйнаб ўтиришган. Бирданига ҳалиги болаларнинг бириси қаттиқ чинқириб йиғлаган, қайрилиб қарашса 4,5 -5 метр чамаси келадиган бир илон (питон) болаларниг биттасининг боши томонидан энди ютган экан. Муҳаммадлар етиб боргунча илон болалардан бирининг ярмидан кўпини ютиб бўлган экан.
Лекин илоннинг ёнида чирқираб йиғлаётган иккинчи болани қутқаришга ҳеч ким, ҳатто онасида бораолмасдан, ўзини ҳар томонга уриб, фарёд қиларди. Муҳаммад югурабориб болани олиб қочди. Илон болани олиб қочаётган Муҳаммадга эътибор ҳам бермай, ўралиб олганича оғзидаги болани ютиш билан овора эди. Болани томоғидан ўтирар-ўтирмас ваҳший илон чангалакзорга кириб кетди.
Муҳаммад шу ерда йиғилганларга, ким одамхўр илонни тутиб келса, катта мукофот беражагини айтди. Улар илонларни тутадиган 2 та овчи топиб ишга киришдилар. Эртасига ишга боришса илонни ўлдириб олиб келишибди. Лекин унинг қорнидаги бола эзилиб кетган экан.
Овчиларнинг айтишича, бўғма илонлар ўз ўлжасини ютгандан кейин биронта нарсага ўралиб ютган нарсасини эзиб юборарканда уйқуга кетар экан. Худди ўша пайтда овчилар уни овлашар экан.
Овлаш қуроли эса, қора дарахтдан ясалган қилич бўлиб, бу қиличнинг қаттиқлиги ва кескирлиги металлдан ясалган қиличдан ҳеч қолишмас экан.
Муҳаммад уларга ваъда этган мукофотини берди-да бу вахший илонинг терисини шилдириб олди ва бу питонни ўлдиришда ишлатилган қиличнида қиммат бўлсада сотиб олди. Шу қонли воқеанинг гувохи сифтида ўша одамхўр илоннинг териси ва қилич, Муҳаммадда ҳозир ҳам сақланмоқда (сурат-7).
Шуни таъкидлаш керакки, Африка тош питонлари очофатликда ва ёвузикда барча тур бўғма илонларга намуна бўлаолади. Тош питонлар девқомат одамларни, ҳатто, унақа-бунақа молларнида ютиб юбориш ҳолатлари тез-тез кузатилади (сурат-8).
Булар ишлаётган марказдан сал кам бир км жануброқда, баландлиги 600-700 метрча келадиган тоғлар бўлиб, унинг нариги томонида маҳаллий овчилар ов қилар эдилар. Айрим кунлари уларнинг ов қилишларини томоша қилишга Муҳаммад ҳам ўз ёрдамчилари билан ўша тоғга бориб турардилар.
Бу овчилар найза отишга шу даражада устаки, пастроқ учаётган қушларни, 20-30 м узоқликда бошини кўтариб турган кобрани бехато ура олишади.
Бир куни иккита овчи қўлларида калтароқ пайза билан гоҳ у бута, гоҳ бу бутанинг орасидан нимадир излаётган эдилар. Ногахон каттароқ бир бутанинг ичидан бир арслон чиқдию, уларни қувлай кетди. Овчилар бўлса найзаларини ҳам ташлаб шунақа қочишдики, чопағонликда арслондан қолишмас эканлар.
Олдидаги овчи ўнг томонга, орқадаги овчи чап томонга қараб қоча бошладилар. Арслон бўлса орқадагини қувлаб кетди. Овчи ҳарчанд чопоғон бўлмасин, арслон унга соня сайин яқинлашиб борарди. Овчи ерда қандай тезлик билан чопиб кетаётган бўлса, худдий шу тезликда қаршисидаги палма дарахтига, худдий мушук каби тирмашиб чиқиб кетди.
Бу дарахтнинг бўйи 15-20 метрча бўлиб биронта шохи ёки навдаси йўқ, энг тепасида 7-8 та узун-узун баргию, 10-12 кокос ёнғоғи бор эди холос. Арслон овчи дарахтга чиқиб бораятганда бик-икки сакрадию ета олмади.
Сурат-8. Африка тош питони девқомат одамни ютиб юборган
Ҳалиги арслон 10-12 дақиқа палманинг атрофида ўралашиб юрди-да нарироқларга кетиб буталар орасида ҳалиги овчини пойлаб ўтирди. Овчи пастроқ туша бошласа арслон палмага яқинроқ жойдаги буталар орасига ўтар эди. Буни эса овчи пайқаб қолар экан. Овчилар арслоннинг шу орада бор йўқлигини шу усулда текширар эканлар. Кейин палма устидаги овчи ҳалиги шериги 5-6 овчилар билан бирга келгунча (1,5- 2 соат) палманинг юқорисида уни қучоқлаганча ўтирди.
(Давоми кейинги сонида)